Ёшликда ёзилган ушбу достон ўша йиллардаги тажрибалар, изланишлар натижаси сифатида баҳоланиши керак .Энг муҳими, достон тоталитар давлатдаги ижтимоий муҳитга қарши ва жамиятда инсоний ҳис-туйғулар барқарор бўлиши истагида пайдо бўлган эди.
Хуршид Даврон
УЙҒОҚ ТОШЛАР
Драматик достон
Қатнашувчилар:
Шаҳар боғи директори
Фаррош хотин
Икки дам олувчи
Эркак ва аёл ҳайкали
Тош кўтариш секциясининг йигитлари
БИРИНЧИ ЛАВҲА
Тун. Қоронғилик ва жимликда эркак ва аёл овози.
Э р к а к:
Сен кимсан, жавоб бер менга, эй аёл?
Нафасинг бамисли сабуҳий шамол,
Кўзларинг саратон юлдузидек шан,
Сочларинг бамисли тўлғанган гулшан.
А ё л:
Сўйласам бағримни эзар хотира,
Сўйласам, кўнглимни бузар хотира.
Сўйласам кўзимни тўсар изтироб,
Кечган умрим худди хира бир сароб.
Онам ўлгач отам тилиб сийнамни,
Уйга бошлаб кирди ўгай онамни,
Мен тенги бақалоқ ўғлонини ҳам.
У келиб тотганим бўлди ғам, алам,
У келиб бошимда сўнди қуёшим,
Тунларни ёритди кўздаги ёшим.
Заҳар-заққум ютиб, бош тегиб тошга,
Кун келиб мен кирдим ўн етти ёшга.
Ўгай онам зўрлаб, зуғумлаб мени:
«Ўғлимга тегасан», — деди бир куни.
Мен эса муҳаббат қувонч эканин,
Муҳаббатга дилим муҳтож эканин
Англардим, кутардим ўша оқ нурни,
Дилимга қувончлар солар сурурни…
Бир куни тонг маҳал, оқармай осмон
Уйдан чиқиб қочдим тоғу тош томон.
Ўгай онам итдек изимдан қувди,
Ўгай акам итдек изимдан қувди,
Ўзимнинг отам ҳам изимдан қувди.
Мен бўлсам ялиндим бир улкан тошга:
Ёрилгин, тош ёрилгин,
Бағрингга олгин мени.
Ўгай онам зулмидан,
Ўгай акам қаҳридан,
Ўз отамнинг макридан
Қутқариб қолгин мени.
Қалдираб ёрилди шунда бирдан тош,
Отилдим қўйнига, кўзларимда ёш.
Ўшандан тош ичра кечди ҳаётим,
Йиғласам, фақат тош тинглади додим.
Кулганда, у бирга кула олмади,
Кўнглимда не кечар била олмади.
Эй, йигит, танитгин сен ҳам ўзингни,
Нега ғам тўлдирган сенинг кўзингни?
Э р к а к:
Кенжа ботир эрур, эй, аёл, номим,
Жангларда, курашда тобланган қоним.
Ўн саккиз ёшимда тушимда дилдор
Бир қизни кўрдим мен, дил бўлди ғамдор.
Ўша қиз: «Тош ичра қолдим, қутқар», деб,
«Бу ёруғ дунёга мени чиқар», деб
Ялинди тош ичра бўлиб намоён,
Мен терлаб уйғондим, юрак бўлди қон!
Иккинчи тун эса тушимда яна
Кирди оёқяланг бир чол – девона.
«Дардингни биламан, йигит», — деди у,
«Айтай сенга қисқа ўгит, — деди у, —
Сен, ботир, ишқ аро Мажнун бўлибсан,
Муҳаббат сеҳрига тутқун бўлибсан.
Изла топ, дунёни кезгин бир бошдан,
Ўша тутқин қизни олиб чиқ тошдан.
Ўша қиз сенинг чин ёринг, дилдоринг,
Изла, топ, тинмасин учқур тулпоринг.
Топмасанг, зўр савдо тушади бошга:
Сен ўзинг айланиб қоласан тошга».
Тонг отмай «ҳайт», дея йўлга тушдим мен,
Тоғларнинг устидан қушдек учдим мен.
Изладим, топмадим, кўз тўлди ёшга,
Бир куни мен ўзим айландим тошга.
Бугун сўзинг тингалаб англадим, шаксиз
Ўша қиз сендирсан, сансан ўша қиз!
О, юрак типирлар бамисоли қуш!
Қўлингни бер, менга, қани, ерга туш,
Қара, баҳор кезар ҳар ён гул,
Ана, ҳув овлоқда сайради булбул.
А ё л:
Тинглагин қайдадир жилдирар ариқ,
Қара, ой осмонда, ранги сап-сариқ!
Э р к а к:
Булбул сайрар ҳамон!
А ё л:
У бизни қутлар!
Э р к а к:
Дарахт бунча шодмон!
А ё л:
У бизни қутлар!
Э р к а к:
Қани юр, кетайлик гулзорлар сари,
Кезайлик ишқдан маст бўлиб сарсари.
Чўмилиб ой сепган шуълалар аро
Юракда янграсин ишқ чалган наво.
ИККИНЧИ ЛАВҲА
Шаҳар боғи.Йўлкада икки киши нима ҳақдадир қизғин суҳбатлашиб келишмоқда.
Б и р и н ч и к и ш и:
Йўқ, дўстим, роботлар тарафдориман,
Эртанги кенгашда роботлар учун
Сира иккиланмай овоз бераман.
Биродар, ахир, сиз мени тушунинг,
Асримиз атому электрон асри,
Роботлар мактабда талабаларга
Сабоқ берса, бу фақат ютуғимиз-ку!
Ортиқча дахмаза, қуруқ гаплардан
Фариғ этар робот бола қалбини.
Керакли, энг зарур нарсаларгина
Бутун қилар бола хотирасини.
И к к и н ч и к и ш и:
Албатта, бу яхши!
Бироқ сиз ўйланг:
Сиз ҳали ортиқча дахмаза деган
Туйғулар – муҳаббат, Ватан, она халқ
Қадрини белгилаб турган бокира,
Муқаддас, мукаррам туйғулармасми?!
Уларни роботлар қайси йўл билан
Болалар қалбига етказа олар.
Сизнингча, эртага чақалоқларга
Аллани роботлар айтар экан-да!
Б и р и н ч и к и ш и:
Албатта!
И к к и н ч и к и ш и:
Тушунинг, дўстгинам, оналаримизнинг
Алласида бордир буюк бир қудрат:
У бизни ўргатар юртни севишга…
Б и р и н ч и к и ш и:
Роса кўп тортишдик…
Нақ уч соат-а?
Тушунмадик аммо бир-биримизни…
Баҳсни бас қилайлик,
Келинг ўтиринг…
Иккаласи бориб ёғоч ўриндиққа ўтиришади. Биринчи киши дам ўтмай ўрнидан туриб атрофга ҳайрон бўлиб боқади.
Б и р и н ч и к и ш и:
Ие, ие, қаранг, ахир бу ерда
Турмасмиди гўзал аёл ҳайкали?
И к к и н ч и к и ш и:
Эркакнинг ҳайкали турарди яна,
Иккисин ҳам олиб ташлашдимикан?
Б и р и н ч и к и ш и:
Уларни яратган ҳайкалтарошни
Мен яхши билан –
Ғалати йигит.
Роса олти йилча қийналиб юрди
Худди мана шу тош ҳайкалларни деб.
Иккала тошниям Боботоғдаги
Дарадан топганда хўб қувонганди.
Олти ймл уринди, роса олти йил,
Бу орада унинг тенгқур ҳамкасблари
Бир эмас, ўнталаб ҳайкал тарошлаб,
Даромад устига қилди даромад.
У бўлса «тайёрмас» деб юриб-юриб,
Ниҳоят тугатди,
Кенгашга қўйди:
Ҳеч кимга ёқмади, афсус ишлари.
Жуда арзон баҳо белгилашсаям
Харидор топилмай, кейин шу боққа
Қўйишди ўтган йил эрта баҳорда.
Ўша ҳайкалтарош йигитни сиз ҳам
Кўргансиз: соқолли, ориқ бир йигит.
Баъзан ҳайкаллари олдида туриб,
Соатлаб ўй сурар бошини эгиб…
И к к и н ч и к и ш и:
Ҳа,ҳа, кўргандайман,
Эсимга тушди…
Лекин ҳайкалларни нега бу ердан
Олишган экан-а? Шуниси қизиқ!
Менга жуда-жуда ёқарди улар…
Б и р и н ч и к и ш и:
Эщ, дўстим, билмайсиз,
Мен сизга айтсам,
Боғнинг директори ғалати одам:
Ёқмаган нарсасин то йўқотмаса
Егани бўғзидан ўтиб кетмасу
Ичгани томоқда турар тош бўлиб.
Ана, ўзи… Келинг, сўраймиз, балки
Ҳайкалларни ўзи олиб қўйгандир.
Ҳой, директор ака.
Саволимиз бор…
Д и р е к т о р:
Тез бўлинг, Ишим кўп. Вақтим жуда зиқ.
Б и р и н ч и к и ш и:
Кечирасиз, бизга олдиндан маълум,
Шу ерда иккита ҳайкал бор эди:
Хаёлга ботганча турарди эркак,
Соҳибжамол аёл бор эди яна.
Д и р е к т о р (ҳ о в л и қ и б)
Ёпирай! Ўнгимми, ё тушимми бу?
Йўқолибди икки филдек-филдек тош.
Қачон йўқолибди? Айтинглар қачон?
Кимга керак экан бу тош ҳайкаллар ?..
Б и р и н ч и к и ш и:
Биз қайдан биламиз,сиз билмасангиз,
Суҳбатлашиб туриб бундоқ қарасак…
И к к и н ч и к и ш и:
Таъмиргами десак бус-бутун эди.
Жуда мос тушганди бо` чиройига…
Д и р е к т о р:
Мос тушмай… Ахир мен энди не қилай?
Тўла деб ёқамдан ушлаб олсалар,
Эплолмасанг жойни бўшат десалар,
Мен кимнинг олдига бориб ялинай?
Уйим куйди десам ким ҳам ишонар,
«Боғида иккита филдек ҳайкални
Гумдон қилишибди», десалар агар,
«Тегирмон тошидан бутун чиқасан»,
Деган улфатларга кулги бўламан.
Б и р и н ч и к и ш и :
Олдинроқ қаерда хизмат қилгансиз?
Д и р е к т о р:
Ҳаммомда… Мен мудир бўлганман, ука.
И к к и н ч и к и ш и:
Кўчиришса керак жиннихонага…
Д и р е к т о р:
Тилим бор деб… сал-пал… яна шу пайтда…
И к к и н ч и к и ш и:
Демоқчийдим энди жиннихонага
Тайинлашса керак директорликка.
Чунки ўтган куни мияси айниб,
Унинг директори жинни бўлибди.
Ҳозир бўш турганмиш директор ўрни,
Д и р е к т о р:
Шуни тушунтириб айтсанг бўлмасми?
Ҳатто ёнғинга ҳам шошмай сув сепгин.
(Фаррош хотин югуриб киради)
Ф а р р о ш х о т и н:
Вой, директор ука-е… Ҳув, ана ерда…
Худованди карим… ё худовандо…
Ўзинг сақлагин-ей бало-қазодан,
Нималар бўляпти ўзи дунёда?
Д и р е к т о р:
Нима демоқчисиз? Шошмасангиз-чи!
Кошки сўзингизни тушунган бўлсам.
Жанжал бошландими рақсхонада,
Ёки безорилар гул-пул уздими?
Ф а р р о ш х о т и н:
Ҳозир… Нафасимни сал ростлаб олай,
Худовандо, ўзинг асра… ё худо…
Биласиз, шу боғнинг ўнг бурчагини
Мана олти йилки… мен супураман.
Бугун шошмай супура бошлаган эдим…
Биласиз-ку мени… яхши ишлайман,
Йўлкани топ-тоза қилиб қўяман.
Д и р е к т о р:
Холажон, гапни сал калтароқ қилинг.
Ф а р р о ш х о т и н:
Хўп-хўп, укажон-ей…
Ўша, сиз менга
Ажратиб берган, ҳув, чекка йўлкага
Бордиму супура бошладим аста…
Биласиз-ку мени, яхши ишлайман,
Хору хас топмайсиз ишимдан кейин
(директор безовталанади)
Бир маҳал денг…
Гулзорда иккита шарпани сездим,
Гул узиб кезишар бамайлихотир.
Супурги кўтариб югуриб борсам…
Худовандин, кечир… Бирдан қарасам:
Шуъла таратарди улар бадани.
Қайдадир кўрганман… қандайдир таниш.
Тушимга кирган ё бу алвастилар,
Балки кўргандирман телевизўрда.
И к к и н ч и к и ш и:
Бу ерда турган тош ҳайкаллармасми,
Балки сиз уларни шунда кўргансиз?
Ф а р р о ш х о т и н:
Ё тавба… ё тавба… Мана қаерда
Кўрган эканман-да зормандаларни.
Уялмай- нетмай эркак аёлни
Ўпиб қучоқлади… Тўрт марта ўпди…
Ура қочдим, титраб қўлу оёғим,
Даҳшатдан сал қолди шол бўлмоғига.
Д и р е к т о р:
Нима гап бу, дўстлар? Ёрдам беринглар,
Нима дейишимни билмасдан қолдим.
И к к и н ч и к и ш и:
Мен-ку ҳазиллашиб «Бу ерда турган
Ҳайкаллар эмасми?» дея сўрадим.
Бўлмаган гап, хола, айтганларингиз!
Б и р и н ч и к и ш и:
Чўпчак бу!.. Ё холам бир оз телбароқ…
Ф а р р о ш х о т и н:
Сен ўзинг телбасан!.. Ўзинг жиннисан!..
Ҳозир бир урайми супурги билан.
Б и р и н ч и к и ш и:
Ана, айтмадимми?! Кўзига қаранг!
Телбанамо ваҳшат бордир кўзида.
Ф а р р о ш х о т и н:
Сен ўзинг уларни кўрганда, балки,
Менинг аҳволимга тушиб қолардинг.
Д и р е к т о р:
Вужудим қўрқувдан бормоқда музлаб,
Келиб қолса борми ҳозир бу ерга?!
Тезроқ бирон чора топайлик дўстлар,
Токи ваҳимадан озод бўлсин дил,
Сиз ҳам кўмаклашинг бизга, ўртоқлар!
Бунча қўрқасизлар? Мен қўрқсам, майли,
Чол бўлиб қолганман… Сизлар йигит-ку!
Б и р и н ч и к и ш и:
Лекин, рост чиқсами, зўр иш бўларди,
Сенсация бўларди жумла-жаҳонга
Ҳайкаллар тирилиб одамлар билан
Бирга яшамоқда деган гап зўр-да!
Д и р е к т о р:
Қанақа одамсиз?
Бирга яшармиш?!
Уларнинг ўрнига кимни қўяман?!
Сизними?! Бўлмаса жим ўтиринг-да
Б и р и н ч и к и ш и:
Мана иккаламиз мақола ёзиб,
Бостирардик бирон илмий журналга.
Сизнинг суратингиз ҳам босилармиди,
Хуллас, ҳамма оғзин очиб қоларди.
Сизгаям зўр мансаб беришармиди?!
Д и р е к т о р:
Шундаймикин?!.. Йўғ-е…
Бекор гап бари…
Уларни жойига қўймоқ- вазифам.
Сиз мени чалғитманг…
Катта мансабмиш…
Шу ишимдан ҳам айрилиб қолмай.
Ҳой, хола, ағрайманг, буёққа қаранг,
Агар айтганингиз, ҳар бир сўзингиз
Ёлғон чиқса борми, ишдан бўшайсиз!
Ф а р р о ш х о т и н:
Ўзим кўрдим, ахир директор ука,
Бири эркак, яна биттаси аёл.
Қиқир-қиқир кулиб уятсизларча
Ўпишиб туришди… Узоқ туришди.
Б и р и н ч и к и ш и:
Роса маза қилибсиз-да,а, хола,
Ф а р р о ш х о т и н:
Уялмайсанми-я? Онанг тенгиман.
Д и р е к т о р:
Холажон, тез топинг йигитчаларни,
Ҳали тош кўтариб турганди улар.
Хуллас калом, хола, бу маъсулиятли
Ишни эхтиёт-ла бажармақ лозим.
Йигитларга айтинг, ушлаб олсалар.
Зарар-парар бермай олиб келсинлар
(Фаррош хотин югуриб чиқиб кетади)
Қани,дўстлар, тезроқ менинг хонамга
Борайлик ва тезда топайлик чора…
(Фаррош х о т и н югуриб қайтиб киради)
Ф а р р о ш х о т и н:
Улар қип-ялонғоч, қиппа яланғоч,
Ахир, қандай қилиб халойиқ аро…
Уларни келтирмоқ ўзи можаро!
Д и р е к т о р:
Йигитларга айтиб бўлгандан кейин
Югуриб боринг-да худрук Ҳожига
Айтинг, икки либос бериб юборсин,
Уларни етказинг кейин гулзорга.
Шуни сал олдинроқ ўйлаб кўрмабмиз.
Яланғоч ҳайкаллар… боғда болалар…
Уларни яхшилаб кейинтириб… Сўнг
Яна ўз жойига қўйиб чиқамиз.
УЧИНЧИ ЛАВҲА
Шаҳар боғи директорининг хонаси. Ҳамма нарса тартибли, бироқ, бу тартиб буюмларнинг ҳаммаси бошқача туриши керак деган тасаввур уйғотади.
Икки киши, директор ва фаррош хотин.
Д и р е к т о р:
Хўш, хола бир бошдан гапириб беринг,
Шошмасдан, батафсил гапириб беринг.
Ахир, ортингиздан ёв қувмаяпти.
Ф а р р о ш х о т и н:
Шундай қилиб, бизлар уч-тўртта киши
Секин писиб бордик… Ўша ҳар кунги
Менга теккан йўлка… Яхши биласиз,
Бир ҳовуч аҳлат ҳам кўрмайсиз унда.
Яхшилаб супуриш – менинг вазифам.
Д и р е к т о р:
Хўш, хўш, ундан кейин…
Ундан кейин-чи?
Ф а р р о ш х о т и н:
Унданкейинми? Ҳа… Мен супурадиган
Йўлкадан жимгина бордик… тўсатдан
Уларни учратдик… Ё худовандо…
+иппа яланғоч-а, аёл ўлмагур,
Уялиб эркакка қарамадим ҳам.
Б и р и н ч и к и ш и:
+арармай бўпсиз-а, қарамай бўпсиз!
Ф а р р о ш х о т и н:
Ўтлоқда истаниб ётишган экан
Таппа босишди денг клубимизда
Тош кўтаришни машқ қилган йигитлар.
Аёл эса ўзи йиғлаб югурди,
Уни кийинтирдим мен театурдан –
Олгане шоҳи, бўғма оқ кўйлак билан.
Д и р е к т о р :
Таппа босишди денг… Балли, йигитлар!
Ишқилиб, кори ҳол бўлмасдан туриб,
Уларни жойига қўйсакми, хола.
Яхши иш бўларди… Сизни, албатта,
Мақтов ёрлиғи-ла мукофотлаймиз,
Ёзамиз: «Ҳушёрлик кўрсатган», дея.
…Аёл йиғлади денг. Эҳ, қаранглар-а,
қулоқ эшитмаган ажиб воқеа —
Бировга айтиб берсам мабодо,
Жинни бўлибди деб қилишар мазах.
Ф а р р о ш х о т и н:
Йиғлади, укажон… Роса йиғлади,
Ялинди, ёлворди… Йигитларимиз
Сизнинг сўзингизни қулоққа тутиб,
Олиб келишмоқда хонангиз томон.
Д и р е к т о р:
Йигитларимиз яхши… Буйруқни билар…
Ўтган куни оқшом боғнинг четига
Ўтиб қолган эдим. Бундоқ қарасам,
Икки ўн олтига тўлмаган гўдак
Бир-бирини қучиб ўтирган экан.
Йигитларга секин шипшитиб қўйдим,
Роса уришибди бориб болани.
Боя кўрган эдим юз-кўзи кўм-кўк
Ўша қизча билан турибди яна.
Ф а р р о ш х о т и н:
Вой, ер ютгурлар-ей… Ёшлар айниган,
Ўзим ҳам ҳар куни кўраман буни.
Б и р и н ч и к и ш и:
Бу дейман, ёшларни эринмай пойлаб,
Маза қиласизми ҳар кун, холажон?
Ф а р р о ш х о т и н:
Ёмон экансан-а? Тилингда заҳар,
Ўзинг ҳам ўпишиб юрсанг керак-да…
Д и р е к т о р:
Ҳақ гапни айтдингиз, ёшлар айниган.
Муҳаббат-муҳаббат дейишар тинмай,
Севинг, деб ёзишар газеталарда,
Экрандан тинмасдан: Севинг, дейишар,
Қизим ҳам ўтган йил «севганим бор», деб
Машмаша бошловди никоҳ олдидан.
Шундайин урдимки… никоҳ кечаси
Роса упа суриб чиқди юзига.
Ф а р р о ш х о т и н:
Ана, келтиришди…
Д и р е к т о р:
Соғми, ишқилиб?
У ер-бу ерлари бутунми, бутми?
Яна тавон тўлаб юрмай банкага.
Ф а р р о ш х о т и н:
Бало ҳам урмаган… Ҳаммма ёғи бут.
Д и р е к т о р:
Ундай бўлса, яхши, ундай бўлса соз.
Тош кўтариш секциясининг икки йигити Эркакни қўлидан ушлаб олиб кирадилар. Уларнинг ортидан АЁЛ кириб келади.
Д и р е к т о р: (важоҳатли қиёфада)
Хўш, қани, гапиринг, сиз муҳтарам зот,
Ҳа, ҳа, сиз, йигитча, қани, гапиринг!
Нега ўрнингизни кетдингиз ташлаб?
Нега ўрнингизни кўрмасдан раво
Боғчани кезасиз, элни қўрқитиб?
Мана, фаррош хола, сал қолди эси –
Оғиб, жинни бўлиб қолишига ҳам.
Э р к а к:
Асрлар кутдим мен қайғуга тўлиб,
Офтоблар ёндирди, куйдирди совуқ.
Ёмғирлар қуйилди кўз ёшим бўлиб,
Тунлари силади ой сепган ёруғ.
Ўтган йил шу боққа олиб келишди,
Сўнг боғнинг четига қўйишди мени.
Келдиму кўксимга бирдан ўт тушди,
Мен кўриб қолгандим гўзал аёлни.
қиш бўйи қийналдим, қийнади алам:
Уни бўронлардан, қордан асролмай,
Даҳшатли шамоллар, ёмғирлардан ҳам…
А ё л:
Мен ҳам унга боқиб билмадим ким у,
Шундан кеча-кундуз мен чекдим қайғу.
Д и р е к т о р:
Сиздан, хоним, ҳали гап сўрамадик,
Ҳали бу қилғилик учун баробар –
Жавоб берасизлар… Ахир… Бу қилиқ…
Э р к а к:
Кўклам келди, кўкда қуёш гуллади,
Нур каби қўйилди илиқ шамоллар,
Гуллар ифоридан энтикиб кетдим,
Тушимга кирдилар марварид гуллар.
Мени ҳушдан улар айирди бугун,
Бирдан чидолмадим, қоним тирилди.
Аёлнинг муаттар сочларин ҳиди
Баҳор шамолидай келиб урилди.
А ё л:
Мен сени илк марта кўрган кунданоқ
Кундузларим қора, кечаларим оқ.
Мен сени асрлар кўрмадимми, ё
Асрлар кўксимда ухлади дунё?!
Бугун сен сеҳрли қўлингни тутдинг,
Илк бор шивирладинг: Салом, эй аёл!
Э р к а к:
Мен сени кутгандим балки бир умр,
қўрқиб ўйлар эдим: тушми бу, хаёл?
Энди мен васлингиз яшай олмайман,
Энди мен сенингсиз яшай олмайман…
Д и р е к т о р:
Нима бу? қанақа яна шеърхонлик?!
қаранг-а, буларга! Муҳаббат эмиш!
Сизларнинг ўрнингиз супа устида
Беш йилми, юз йилми, то хатга тушиб,
Эскирган буюмлар қатори бир кун
Олиб ташлагунча жим қотиб туриш
Севаман, дейди-я! Мен нима қилай?
Сиз унда яллаю мен бунда титраб,
Келиб қолмаса деб бирон бир раҳбар,
Тўлғониб юрайми ичгандай заҳар?!
Ҳозирнинг ўзида мен билан бориб,
Эгаллаб оласиз ўз ўрнингизни!
Ва бундан кейин ҳам билиб босасиз,
Ҳа, билиб босасизқадамингизни!
И к к и н ч и к и ш и:
Бунчалик қизишманг, директор ака,
Сал ўйлаб кўринг-да мундоқ бош билан.
Ахир қувонишга арзийдиган иш –
Севгининг қудрати тошга бермиш жон!
Б и р и н ч и к и ш и:
Албатта, жон ака, қувонсангиз-чи!
Шундай зўр воқеа, шунчалар буюк!
Ўйнашсин, ҳидлашсин атиргулларни,
қўйинг, яшайберсин бир-бирин суйиб!
Д и р е к т о р:
Нима деган гап бу?
Бирон бир раҳбар
Келиб қолса борми, ҳозир… шу пайтда…
Ёқамдан ушлару етаклаб борар,
Сўнг сўроқ айлайди: «Ҳайкаллар қани?»
Нима деб айтаман? Не бўлар жавоб?
(Овозини пасайтириб илтижо оҳангида гапиради)
«Акажон, қилай деб эзгу бир савоб…
Севиб қолган экан ҳайкал бир-бирин…
Ҳидлаб юришибди боғнинг гулларин,» —
Дейдиган бўлсамми, ўша заҳоти
«Жойни бўшатиб қўй», дейиши аниқ,
сўнг орқамга боплаб тепгандан кейин
мен бечора қайга… қаерга борай?
И к к и н ч и к и ш и:
Наҳотки болалик ҳисси йўқ сизда?
Д и р е к т о р:
Ҳа, ҳа! Болалик денг! Ўтган куни ҳам
Келганди соқолли ориқ бир рассом.
«Тўгарак тузайлик, мен болаларга
Болалик туйгуси мангу колсин деб
Расм чизмоқликни ўргатай», — деди.
«Йўқ, — дедим, — болада болалиги ҳеч
қолиб кетмаслиги керак, чунки у
Улғайиб боргани сари қўққисдан
Тўсиқлар зарбига келиб қолар дуч.
Агар у енголмай, қолса-чи?.. Унда
Ундан бешавқатроқ икккинчи одам
Учун бўлиб қолар у зинапоя.
Одамлар оёғин остида қолиб
қаддини тиклолмай ўтар бир умр.
Йўқ,-дедим, — қаршиман, бола қалбида
Болалик қолмасин мангу, абадий.
Улғайсаю бола бўлиб қолса у,
Ёв келса, бизни ким қилар ҳимоя».
қизариб кетди у, дик этиб турди,
Зарб билани столга урди муштини.
Ойнага дарз кетди унинг зарбидан,
«Аҳмоқсиз, тўнкасиз, — деди ҳовлиқиб,-
Минг лаънат!» – дедию чиқмоқчи эди,
Мен секин қўнғироқ қилдим, шу заҳот
Милиционер ҳам тез етиб келди.
Раҳмим келди унга: «қамаманг, — дедим. –
Синган ойна учун пул тўласа, бас».
Ўттиз сўмни қуртдай санаб берди у –
Мен мағрур турардим,
Чунки ҳақ эдим.
Яна боз устига раҳм ҳам қилдим:
Ахир, безорилик қилгани учун
Ётарди ўн беш кун совуқда қотиб.
Етар, бунча эзма бўлманглар энди.
Инвентарь жойида турмоғи лозим.
Инсонлар қонунга бўйсуниши шарт,
қонун-чи? Инсонга асло бош эгмас…
А ё л:
Боғларни гул иси босган чоғлари
қисматим бўлдинг сен, юлдузим бўлдинг.
Э р к а к:
қўшиқлар куйлади гул япроқлари,
Ҳасратим бўлдинг сен, ялпизим бўлдинг.
А ё л:
Кўксингга бош қўйиб ухласам тунлар,
Аллалар айтарди бизга булбуллар.
Э р к а к:
Кўксимга бош қўйиб ухласанг агар,
Авайлаб чиқардим сени то саҳар.
Д и р е к т о р:
Йўқ, аврай олмайсиз ширин сўз билан,
Агар-да сизларни қўйиб юборсам,
Ўрнингизга мени чиқариб қўйиб,
Маза қилиб мазаҳ, майна қилишар.
Даъво ҳам қилолмай қоласан, ҳатто,
«Мен ахир одамман» деганинг бир пул…
Б и р и н ч и к и ш и:
Жон ака, тушунинг, бу-ку маъжиза,
Мўъжиза, акажон, тушунсангиз-чи!
Тирилган ҳайкални, ахир, ким кўрган?!
Ким кўрган севгидан тирилган тошни?!
Д и р е к т о р :
Муҳаббат, муҳаббат…
Яша ўша гап.
Сизга мўъжизадир, менга – инвентарь.
Мана, савод бўлса, ўқиб кўринглар
Мен учун муҳаббат — қонунмас ахир,
Ушбу инструкция – мен учун қонун.
Б и р и н ч и к и ш и:
(Ўқийди)
— «…Боғдаги ҳар битта инвентарь учун
Шаҳар боғи директори жавобгардир…»
Д и р е к т о р:
Гарчи ёзилмаган «боши билан» деб,
Аммо сиз бу сўзни қўшиб ўқинглар.
Сизга мўъжизадир – менга дафтарда
Хатланган маълум бир сонли инвентарь:
(Ўқийди)
И н в е н т а р ь № 11
— Эркак ҳайкали. Тошдан ясалган.
Бўйи 1-80 см. Оғирлиги 300 кг.
Баҳоси – 600 сўм.
И н в е н т а р ь № 12
— Аёл ҳайкали. Тошдан ясалган
Бўйи 1-80 см. Оғирлиги 300 кг.
Баҳоси – 600 сўм.
Буларга сиз эмас, мен жавобгарман,
Йўқолса чўнтакдан тўлашим керак.
Сиз эса муҳаббат, муҳаббт дейсиз,
Муҳаббат хотинни, болани боқмас.
Пул боқар
Бир мири бўлмаса чўнтагингизда,
Севган ёрингиз ҳам қилмас илтифот.
«Шўрим», деб йиғлашни бошлар, юз тилиб,
Чўнтак қаппайганда ишва-ноз қилар.
Ҳатто фарзанднинг ҳам севар пулни деб,
Югургилаб келар «Дада-дадалаб».
қани, пул бермасдан кўринг бир марта,
Бурдалаб ташлашга тайёр шу заҳот.
И к к и н ч и к и ш и:
Бола ҳам, хотин ҳам – ишқнинг зурёди.
Бола пулни эмас меҳрни севар.
Наҳот, онангизни пул деб севгансиз?
Наҳот, таҳқирланса онанинг ёди?
Д и р е к т о р:
Бўлди, бас, барчаси
Тегди жонимга,
қани, тушинг, тезроқ менинг ёнимга.
Йигитлар, бўш келманг, биз хизматдамиз!
Б и р и н ч и к и ш и:
Йўл бермаймиз асло бундайин ишга!
Д и р е к т о р:
Мен хизмат бурчимни ўтамоқдаман,
Ва талаб қиламан хонамни бўшатинг!
Йигитлар икки дам олувчини четга суриб, Эркак ва аёлни олиб кетадилар.
ТЎРТИНЧИ ЛАВҲА
Биринчи лавҳадаги саҳна. Фақат Эркак ва аёл ҳайкаллари қўйилган. Икки дам олувчи.
И к к и н ч и к и ш и:
Муҳаббат, ташрифинг сезамиз гоҳо
Аммо кетишингни сезмай қоламиз.
Худди қариб қолган онамиз каби
Биздан узоқлашиб борасан ҳар кун.
Биз эса сезмаймиз… Фақат яшаймиз
Мол-дунё ортидан итдек югуриб
Ташвишлар олдига қалбни ташлаймиз,
Ташвишлар еб қўяр юрагимизни,
Соғинмай қоламиз онамизни ҳам,
Эсламай яшаймиз илк севгимизни,
Сезмаймиз ёмғирни, гулни баҳорни.
Бизларни қийнайди на бир фожиа,
На бир ёмонлигу на бир эзгулик.
Ўйлаймиз: «Яхшими бурчакка қўйсак
Ва ёки айвонга қўйсак кўзгуни?»
Энг яқин туйғуни унутган юрак
қийналиб, ўртаниб турганда якка,
Ўйлаймиз: «Дўконга келибди гилам,
Сотиб олайми ё учай Сочига?»
Б и р и н ч и к и ш и:
Эсладим: ўшанда кеч кузак эди
Ва ёмғир шивирлаб шивалар эди.
Ёримни кутардим биринчи марта,
Юракда қандайдир оташ бор эди.
Бу оташ муҳаббат эдими, айтинг?
Бу оташни кейин йўқотиб қўйдим,
Рашк қилмай қолдим мен севган ёримни,
Балки шунинг учун севги йўқ — дедим.
Балки шунинг учун бутун боримни
Йўқотиб яшаган эканман, дўстим.
Тунлари туш кўриб, баъзан чўчийман,
Нимадир қийнайди, ўртайди ёмон.
Ногаҳон сезаман уни кўксимда –
Ўшани… оташни… ҳароратини…
Ва лекин у бирдан йўқолиб қолар,
Мен эса тунларни ҳаёлга толиб
Тонггача ухламай чиқаман кейин.
қумсайман оташни… ҳароратини…
(Кўзини юмади)
Ман, яна кезар кўксимда, эвоҳ,
Ўша нур йўғрилган, муқаддас оташ.
қанотлари бордир мисли парвона,
Менинг хотинимдай кўзлари қийиқ.
Кўзимни очганда ташлаб кетади,
Ўзгага меҳрини бориб тутади.
(Кўзини очади)
Йўқ, қолди… у қолди мен билан қолди…
Кўксимда оловдай кезмоқда бу он,
Ўрнида туриб ҳайкалларга мурожаат қилади.
Сизга ҳавас билан боқиб турибман,
Муҳаббат сизларга бағишлади жон.
Бироқ бу дунёда севишни билган
Билмоғи керакдир курашмоқни ҳам.
қиш қанча зуғумлаб, оёқ тираса,
Шунчалик шиддатдан кучаяр баҳор.
И к к и н ч и к и ш и:
Кутинглар, тун яқин – висол яқиндир
Шамоллар, ўйғонар боғлар кўксида.
Кутинглар, тун яқин – висол яқиндир,
Юлдузлар сайр бошлар қизғалдоқлардек,
Бизлар ҳам қайтамиз,
Бирга қайтамиз.
Ёр қўлини ушлаб қўшиқ айтамиз.
Чечаклар ифори маст қилар бизни,
Учамиз юлдузлар беланчагида.
«Мен сени севаман», деб шивирлаймиз,
Абадий навқирон осмон остида.
Шабнамни ҳовучлаб ёрга тутамиз,
Ёрнинг ҳовучидан шимирамиз нур.
Энтикиб-энтикиб кетамиз титраб,
«Мен сени севаман», деб шивирлаймиз.
Ойдин тун бизники. Осмонда ёнган
Юлдузлар бизники. Учайлик тўп-тўп.
Осмон ҳам, булут ҳам, ой ҳам бизники.
Учамиз қалби тош одамлар узра.
Кун келар, биз билан бўласиз бирга,
Ёнма-ён яшаймиз, ҳамдўст, ҳамнафас.
Сизнинг ўрнингизда эса тош қалбли –
Одамлар ҳайкалин ўрнатажакмиз.
Ва мангу яшаймиз орзулар билан
Аччиқ армонларга басма-басма туриб.
Тунлари энтикиб боғчалар аро:
И к к и н ч и к и ш и:
«Мен сени севаман!», деб шивирлаймиз,
Б и р и н ч и к и ш и қўшилади:
«Мен сени севаман!», деб шивирлаймиз!
«Мен сени севаман!», деб шивирлаймиз!
1977
Xurshid Davron
UYG’OQ TOSHLAR
Dramatik doston
Qatnashuvchilar:
Shahar bog’i direktori
Farrosh xotin
Ikki dam oluvchi
Erkak va ayol haykali
Tosh ko’tarish sektsiyasining yigitlari
BIRINCHI LAVHA
Tun. Qorong’ilik va jimlikda erkak va ayol ovozi.
E r k a k:
Sen kimsan, javob ber menga, ey ayol?
Nafasing bamisli sabuhiy shamol,
Ko’zlaring saraton yulduzidek shan,
Sochlaring bamisli to’lg’angan gulshan.
A yo l:
So’ylasam bag’rimni ezar xotira,
So’ylasam, ko’nglimni buzar xotira.
So’ylasam ko’zimni to’sar iztirob,
Kechgan umrim xuddi xira bir sarob.
Onam o’lgach otam tilib siynamni,
Uyga boshlab kirdi o’gay onamni,
Men tengi baqaloq o’g’lonini ham.
U kelib totganim bo’ldi g’am, alam,
U kelib boshimda so’ndi quyoshim,
Tunlarni yoritdi ko’zdagi yoshim.
Zahar-zaqqum yutib, bosh tegib toshga,
Kun kelib men kirdim o’n yetti yoshga.
O’gay onam zo’rlab, zug’umlab meni:
«O’g’limga tegasan», — dedi bir kuni.
Men esa muhabbat quvonch ekanin,
Muhabbatga dilim muhtoj ekanin
Anglardim, kutardim o’sha oq nurni,
Dilimga quvonchlar solar sururni…
Bir kuni tong mahal, oqarmay osmon
Uydan chiqib qochdim tog’u tosh tomon.
O’gay onam itdek izimdan quvdi,
O’gay akam itdek izimdan quvdi,
O’zimning otam ham izimdan quvdi.
Men bo’lsam yalindim bir ulkan toshga:
Yorilgin, tosh yorilgin,
Bag’ringga olgin meni.
O’gay onam zulmidan,
O’gay akam qahridan,
O’z otamning makridan
Qutqarib qolgin meni.
Qaldirab yorildi shunda birdan tosh,
Otildim qo’yniga, ko’zlarimda yosh.
O’shandan tosh ichra kechdi hayotim,
Yig’lasam, faqat tosh tingladi dodim.
Kulganda, u birga kula olmadi,
Ko’nglimda ne kechar bila olmadi.
Ey, yigit, tanitgin sen ham o’zingni,
Nega g’am to’ldirgan sening ko’zingni?
E r k a k:
Kenja botir erur, ey, ayol, nomim,
Janglarda, kurashda toblangan qonim.
O’n sakkiz yoshimda tushimda dildor
Bir qizni ko’rdim men, dil bo’ldi g’amdor.
O’sha qiz: «Tosh ichra qoldim, qutqar», deb,
«Bu yorug’ dunyoga meni chiqar», deb
Yalindi tosh ichra bo’lib namoyon,
Men terlab uyg’ondim, yurak bo’ldi qon!
Ikkinchi tun esa tushimda yana
Kirdi oyoqyalang bir chol – devona.
«Dardingni bilaman, yigit», — dedi u,
«Aytay senga qisqa o’git, — dedi u, —
Sen, botir, ishq aro Majnun bo’libsan,
Muhabbat sehriga tutqun bo’libsan.
Izla top, dunyoni kezgin bir boshdan,
O’sha tutqin qizni olib chiq toshdan.
O’sha qiz sening chin yoring, dildoring,
Izla, top, tinmasin uchqur tulporing.
Topmasang, zo’r savdo tushadi boshga:
Sen o’zing aylanib qolasan toshga».
Tong otmay «hayt», deya yo’lga tushdim men,
Tog’larning ustidan qushdek uchdim men.
Izladim, topmadim, ko’z to’ldi yoshga,
Bir kuni men o’zim aylandim toshga.
Bugun so’zing tingalab angladim, shaksiz
O’sha qiz sendirsan, sansan o’sha qiz!
O, yurak tipirlar bamisoli qush!
Qo’lingni ber, menga, qani, yerga tush,
Qara, bahor kezar har yon gul,
Ana, huv ovloqda sayradi bulbul.
A yo l:
Tinglagin qaydadir jildirar ariq,
Qara, oy osmonda, rangi sap-sariq!
E r k a k:
Bulbul sayrar hamon!
A yo l:
U bizni qutlar!
E r k a k:
Daraxt buncha shodmon!
A yo l:
U bizni qutlar!
E r k a k:
Qani yur, ketaylik gulzorlar sari,
Kezaylik ishqdan mast bo’lib sarsari.
Cho’milib oy sepgan shu’lalar aro
Yurakda yangrasin ishq chalgan navo.
IKKINCHI LAVHA
Shahar bog’i.Yo’lkada ikki kishi nima haqdadir qizg’in suhbatlashib kelishmoqda.
B i r i n ch i k i sh i:
Yo’q, do’stim, robotlar tarafdoriman,
Ertangi kengashda robotlar uchun
Sira ikkilanmay ovoz beraman.
Birodar, axir, siz meni tushuning,
Asrimiz atomu elektron asri,
Robotlar maktabda talabalarga
Saboq bersa, bu faqat yutug’imiz-ku!
Ortiqcha daxmaza, quruq gaplardan
Farig’ etar robot bola qalbini.
Kerakli, eng zarur narsalargina
Butun qilar bola xotirasini.
I k k i n ch i k i sh i:
Albatta, bu yaxshi!
Biroq siz o’ylang:
Siz hali ortiqcha daxmaza degan
Tuyg’ular – muhabbat, Vatan, ona xalq
Qadrini belgilab turgan bokira,
Muqaddas, mukarram tuyg’ularmasmi?!
Ularni robotlar qaysi yo’l bilan
Bolalar qalbiga yetkaza olar.
Sizningcha, ertaga chaqaloqlarga
Allani robotlar aytar ekan-da!
B i r i n ch i k i sh i:
Albatta!
I k k i n ch i k i sh i:
Tushuning, do’stginam, onalarimizning
Allasida bordir buyuk bir qudrat:
U bizni o’rgatar yurtni sevishga…
B i r i n ch i k i sh i:
Rosa ko’p tortishdik…
Naq uch soat-a?
Tushunmadik ammo bir-birimizni…
Bahsni bas qilaylik,
Keling o’tiring…
Ikkalasi borib yog’och o’rindiqqa o’tirishadi. Birinchi kishi dam o’tmay o’rnidan turib atrofga hayron bo’lib boqadi.
B i r i n ch i k i sh i:
Ie, ie, qarang, axir bu yerda
Turmasmidi go’zal ayol haykali?
I k k i n ch i k i sh i:
Erkakning haykali turardi yana,
Ikkisin ham olib tashlashdimikan?
B i r i n ch i k i sh i:
Ularni yaratgan haykaltaroshni
Men yaxshi bilan –
G’alati yigit.
Rosa olti yilcha qiynalib yurdi
Xuddi mana shu tosh haykallarni deb.
Ikkala toshniyam Bobotog’dagi
Daradan topganda xo’b quvongandi.
Olti yml urindi, rosa olti yil,
Bu orada uning tengqur hamkasblari
Bir emas, o’ntalab haykal taroshlab,
Daromad ustiga qildi daromad.
U bo’lsa «tayyormas» deb yurib-yurib,
Nihoyat tugatdi,
Kengashga qo’ydi:
Hech kimga yoqmadi, afsus ishlari.
Juda arzon baho belgilashsayam
Xaridor topilmay, keyin shu boqqa
Qo’yishdi o’tgan yil erta bahorda.
O’sha haykaltarosh yigitni siz ham
Ko’rgansiz: soqolli, oriq bir yigit.
Ba’zan haykallari oldida turib,
Soatlab o’y surar boshini egib…
I k k i n ch i k i sh i:
Ha,ha, ko’rgandayman,
Esimga tushdi…
Lekin haykallarni nega bu yerdan
Olishgan ekan-a? Shunisi qiziq!
Menga juda-juda yoqardi ular…
B i r i n ch i k i sh i:
Esh, do’stim, bilmaysiz,
Men sizga aytsam,
Bog’ning direktori g’alati odam:
Yoqmagan narsasin to yo’qotmasa
Yegani bo’g’zidan o’tib ketmasu
Ichgani tomoqda turar tosh bo’lib.
Ana, o’zi… Keling, so’raymiz, balki
Haykallarni o’zi olib qo’ygandir.
Hoy, direktor aka.
Savolimiz bor…
D i r ye k t o r:
Tez bo’ling, Ishim ko’p. Vaqtim juda ziq.
B i r i n ch i k i sh i:
Kechirasiz, bizga oldindan ma’lum,
Shu yerda ikkita haykal bor edi:
Xayolga botgancha turardi erkak,
Sohibjamol ayol bor edi yana.
D i r ye k t o r (h o v l i q i b)
Yopiray! O’ngimmi, yo tushimmi bu?
Yo’qolibdi ikki fildek-fildek tosh.
Qachon yo’qolibdi? Aytinglar qachon?
Kimga kerak ekan bu tosh haykallar ?..
B i r i n ch i k i sh i:
Biz qaydan bilamiz,siz bilmasangiz,
Suhbatlashib turib bundoq qarasak…
I k k i n ch i k i sh i:
Ta’mirgami desak bus-butun edi.
Juda mos tushgandi bo` chiroyiga…
D i r ye k t o r:
Mos tushmay… Axir men endi ne qilay?
To’la deb yoqamdan ushlab olsalar,
Eplolmasang joyni bo’shat desalar,
Men kimning oldiga borib yalinay?
Uyim kuydi desam kim ham ishonar,
«Bog’ida ikkita fildek haykalni
Gumdon qilishibdi», desalar agar,
«Tegirmon toshidan butun chiqasan»,
Degan ulfatlarga kulgi bo’laman.
B i r i n ch i k i sh i :
Oldinroq qaerda xizmat qilgansiz?
D i r ye k t o r:
Hammomda… Men mudir bo’lganman, uka.
I k k i n ch i k i sh i:
Ko’chirishsa kerak jinnixonaga…
D i r ye k t o r:
Tilim bor deb… sal-pal… yana shu paytda…
I k k i n ch i k i sh i:
Demoqchiydim endi jinnixonaga
Tayinlashsa kerak direktorlikka.
Chunki o’tgan kuni miyasi aynib,
Uning direktori jinni bo’libdi.
Hozir bo’sh turganmish direktor o’rni,
D i r ye k t o r:
Shuni tushuntirib aytsang bo’lmasmi?
Hatto yong’inga ham shoshmay suv sepgin.
(Farrosh xotin yugurib kiradi)
F a r r o sh x o t i n:
Voy, direktor uka-ye… Huv, ana yerda…
Xudovandi karim… yo xudovando…
O’zing saqlagin-yey balo-qazodan,
Nimalar bo’lyapti o’zi dunyoda?
D i r ye k t o r:
Nima demoqchisiz? Shoshmasangiz-chi!
Koshki so’zingizni tushungan bo’lsam.
Janjal boshlandimi raqsxonada,
Yoki bezorilar gul-pul uzdimi?
F a r r o sh x o t i n:
Hozir… Nafasimni sal rostlab olay,
Xudovando, o’zing asra… yo xudo…
Bilasiz, shu bog’ning o’ng burchagini
Mana olti yilki… men supuraman.
Bugun shoshmay supura boshlagan edim…
Bilasiz-ku meni… yaxshi ishlayman,
Yo’lkani top-toza qilib qo’yaman.
D i r ye k t o r:
Xolajon, gapni sal kaltaroq qiling.
F a r r o sh x o t i n:
Xo’p-xo’p, ukajon-yey…
O’sha, siz menga
Ajratib bergan, huv, chekka yo’lkaga
Bordimu supura boshladim asta…
Bilasiz-ku meni, yaxshi ishlayman,
Xoru xas topmaysiz ishimdan keyin
(direktor bezovtalanadi)
Bir mahal deng…
Gulzorda ikkita sharpani sezdim,
Gul uzib kezishar bamaylixotir.
Supurgi ko’tarib yugurib borsam…
Xudovandin, kechir… Birdan qarasam:
Shu’la taratardi ular badani.
Qaydadir ko’rganman… qandaydir tanish.
Tushimga kirgan yo bu alvastilar,
Balki ko’rgandirman televizo’rda.
I k k i n ch i k i sh i:
Bu yerda turgan tosh haykallarmasmi,
Balki siz ularni shunda ko’rgansiz?
F a r r o sh x o t i n:
YO tavba… yo tavba… Mana qaerda
Ko’rgan ekanman-da zormandalarni.
Uyalmay- netmay erkak ayolni
O’pib quchoqladi… To’rt marta o’pdi…
Ura qochdim, titrab qo’lu oyog’im,
Dahshatdan sal qoldi shol bo’lmog’iga.
D i r ye k t o r:
Nima gap bu, do’stlar? Yordam beringlar,
Nima deyishimni bilmasdan qoldim.
I k k i n ch i k i sh i:
Men-ku hazillashib «Bu yerda turgan
Haykallar emasmi?» deya so’radim.
Bo’lmagan gap, xola, aytganlaringiz!
B i r i n ch i k i sh i:
Cho’pchak bu!.. YO xolam bir oz telbaroq…
F a r r o sh x o t i n:
Sen o’zing telbasan!.. O’zing jinnisan!..
Hozir bir uraymi supurgi bilan.
B i r i n ch i k i sh i:
Ana, aytmadimmi?! Ko’ziga qarang!
Telbanamo vahshat bordir ko’zida.
F a r r o sh x o t i n:
Sen o’zing ularni ko’rganda, balki,
Mening ahvolimga tushib qolarding.
D i r ye k t o r:
Vujudim qo’rquvdan bormoqda muzlab,
Kelib qolsa bormi hozir bu yerga?!
Tezroq biron chora topaylik do’stlar,
Toki vahimadan ozod bo’lsin dil,
Siz ham ko’maklashing bizga, o’rtoqlar!
Buncha qo’rqasizlar? Men qo’rqsam, mayli,
Chol bo’lib qolganman… Sizlar yigit-ku!
B i r i n ch i k i sh i:
Lekin, rost chiqsami, zo’r ish bo’lardi,
Sensatsiya bo’lardi jumla-jahonga
Haykallar tirilib odamlar bilan
Birga yashamoqda degan gap zo’r-da!
D i r ye k t o r:
Qanaqa odamsiz?
Birga yasharmish?!
Ularning o’rniga kimni qo’yaman?!
Siznimi?! Bo’lmasa jim o’tiring-da
B i r i n ch i k i sh i:
Mana ikkalamiz maqola yozib,
Bostirardik biron ilmiy jurnalga.
Sizning suratingiz ham bosilarmidi,
Xullas, hamma og’zin ochib qolardi.
Sizgayam zo’r mansab berisharmidi?!
D i r ye k t o r:
Shundaymikin?!.. Yo’g’-ye…
Bekor gap bari…
Ularni joyiga qo’ymoq- vazifam.
Siz meni chalg’itmang…
Katta mansabmish…
Shu ishimdan ham ayrilib qolmay.
Hoy, xola, ag’raymang, buyoqqa qarang,
Agar aytganingiz, har bir so’zingiz
Yolg’on chiqsa bormi, ishdan bo’shaysiz!
F a r r o sh x o t i n:
O’zim ko’rdim, axir direktor uka,
Biri erkak, yana bittasi ayol.
Qiqir-qiqir kulib uyatsizlarcha
O’pishib turishdi… Uzoq turishdi.
B i r i n ch i k i sh i:
Rosa maza qilibsiz-da,a, xola,
F a r r o sh x o t i n:
Uyalmaysanmi-ya? Onang tengiman.
D i r ye k t o r:
Xolajon, tez toping yigitchalarni,
Hali tosh ko’tarib turgandi ular.
Xullas kalom, xola, bu ma’suliyatli
Ishni extiyot-la bajarmaq lozim.
Yigitlarga ayting, ushlab olsalar.
Zarar-parar bermay olib kelsinlar
(Farrosh xotin yugurib chiqib ketadi)
Qani,do’stlar, tezroq mening xonamga
Boraylik va tezda topaylik chora…
(Farrosh x o t i n yugurib qaytib kiradi)
F a r r o sh x o t i n:
Ular qip-yalong’och, qippa yalang’och,
Axir, qanday qilib xaloyiq aro…
Ularni keltirmoq o’zi mojaro!
D i r ye k t o r:
Yigitlarga aytib bo’lgandan keyin
Yugurib boring-da xudruk Hojiga
Ayting, ikki libos berib yuborsin,
Ularni yetkazing keyin gulzorga.
Shuni sal oldinroq o’ylab ko’rmabmiz.
Yalang’och haykallar… bog’da bolalar…
Ularni yaxshilab keyintirib… So’ng
Yana o’z joyiga qo’yib chiqamiz.
UCHINCHI LAVHA
Shahar bog’i direktorining xonasi. Hamma narsa tartibli, biroq, bu tartib buyumlarning hammasi boshqacha turishi kerak degan tasavvur uyg’otadi.
Ikki kishi, direktor va farrosh xotin.
D i r ye k t o r:
Xo’sh, xola bir boshdan gapirib bering,
Shoshmasdan, batafsil gapirib bering.
Axir, ortingizdan yov quvmayapti.
F a r r o sh x o t i n:
Shunday qilib, bizlar uch-to’rtta kishi
Sekin pisib bordik… O’sha har kungi
Menga tekkan yo’lka… Yaxshi bilasiz,
Bir hovuch ahlat ham ko’rmaysiz unda.
Yaxshilab supurish – mening vazifam.
D i r ye k t o r:
Xo’sh, xo’sh, undan keyin…
Undan keyin-chi?
F a r r o sh x o t i n:
Undankeyinmi? Ha… Men supuradigan
Yo’lkadan jimgina bordik… to’satdan
Ularni uchratdik… YO xudovando…
+ippa yalang’och-a, ayol o’lmagur,
Uyalib erkakka qaramadim ham.
B i r i n ch i k i sh i:
+ararmay bo’psiz-a, qaramay bo’psiz!
F a r r o sh x o t i n:
O’tloqda istanib yotishgan ekan
Tappa bosishdi deng klubimizda
Tosh ko’tarishni mashq qilgan yigitlar.
Ayol esa o’zi yig’lab yugurdi,
Uni kiyintirdim men teaturdan –
Olgane shohi, bo’g’ma oq ko’ylak bilan.
D i r ye k t o r :
Tappa bosishdi deng… Balli, yigitlar!
Ishqilib, kori hol bo’lmasdan turib,
Ularni joyiga qo’ysakmi, xola.
Yaxshi ish bo’lardi… Sizni, albatta,
Maqtov yorlig’i-la mukofotlaymiz,
Yozamiz: «Hushyorlik ko’rsatgan», deya.
…Ayol yig’ladi deng. Eh, qaranglar-a,
quloq eshitmagan ajib voqea —
Birovga aytib bersam mabodo,
Jinni bo’libdi deb qilishar mazax.
F a r r o sh x o t i n:
Yig’ladi, ukajon… Rosa yig’ladi,
Yalindi, yolvordi… Yigitlarimiz
Sizning so’zingizni quloqqa tutib,
Olib kelishmoqda xonangiz tomon.
D i r ye k t o r:
Yigitlarimiz yaxshi… Buyruqni bilar…
O’tgan kuni oqshom bog’ning chetiga
O’tib qolgan edim. Bundoq qarasam,
Ikki o’n oltiga to’lmagan go’dak
Bir-birini quchib o’tirgan ekan.
Yigitlarga sekin shipshitib qo’ydim,
Rosa urishibdi borib bolani.
Boya ko’rgan edim yuz-ko’zi ko’m-ko’k
O’sha qizcha bilan turibdi yana.
F a r r o sh x o t i n:
Voy, yer yutgurlar-yey… Yoshlar aynigan,
O’zim ham har kuni ko’raman buni.
B i r i n ch i k i sh i:
Bu deyman, yoshlarni erinmay poylab,
Maza qilasizmi har kun, xolajon?
F a r r o sh x o t i n:
Yomon ekansan-a? Tilingda zahar,
O’zing ham o’pishib yursang kerak-da…
D i r ye k t o r:
Haq gapni aytdingiz, yoshlar aynigan.
Muhabbat-muhabbat deyishar tinmay,
Seving, deb yozishar gazetalarda,
Ekrandan tinmasdan: Seving, deyishar,
Qizim ham o’tgan yil «sevganim bor», deb
Mashmasha boshlovdi nikoh oldidan.
Shundayin urdimki… nikoh kechasi
Rosa upa surib chiqdi yuziga.
F a r r o sh x o t i n:
Ana, keltirishdi…
D i r ye k t o r:
Sog’mi, ishqilib?
U yer-bu yerlari butunmi, butmi?
Yana tavon to’lab yurmay bankaga.
F a r r o sh x o t i n:
Balo ham urmagan… Hammma yog’i but.
D i r ye k t o r:
Unday bo’lsa, yaxshi, unday bo’lsa soz.
Tosh ko’tarish sektsiyasining ikki yigiti Erkakni qo’lidan ushlab olib kiradilar. Ularning ortidan AYOL kirib keladi.
D i r ye k t o r: (vajohatli qiyofada)
Xo’sh, qani, gapiring, siz muhtaram zot,
Ha, ha, siz, yigitcha, qani, gapiring!
Nega o’rningizni ketdingiz tashlab?
Nega o’rningizni ko’rmasdan ravo
Bog’chani kezasiz, elni qo’rqitib?
Mana, farrosh xola, sal qoldi esi –
Og’ib, jinni bo’lib qolishiga ham.
E r k a k:
Asrlar kutdim men qayg’uga to’lib,
Oftoblar yondirdi, kuydirdi sovuq.
Yomg’irlar quyildi ko’z yoshim bo’lib,
Tunlari siladi oy sepgan yorug’.
O’tgan yil shu boqqa olib kelishdi,
So’ng bog’ning chetiga qo’yishdi meni.
Keldimu ko’ksimga birdan o’t tushdi,
Men ko’rib qolgandim go’zal ayolni.
qish bo’yi qiynaldim, qiynadi alam:
Uni bo’ronlardan, qordan asrolmay,
Dahshatli shamollar, yomg’irlardan ham…
A yo l:
Men ham unga boqib bilmadim kim u,
Shundan kecha-kunduz men chekdim qayg’u.
D i r ye k t o r:
Sizdan, xonim, hali gap so’ramadik,
Hali bu qilg’ilik uchun barobar –
Javob berasizlar… Axir… Bu qiliq…
E r k a k:
Ko’klam keldi, ko’kda quyosh gulladi,
Nur kabi qo’yildi iliq shamollar,
Gullar iforidan entikib ketdim,
Tushimga kirdilar marvarid gullar.
Meni hushdan ular ayirdi bugun,
Birdan chidolmadim, qonim tirildi.
Ayolning muattar sochlarin hidi
Bahor shamoliday kelib urildi.
A yo l:
Men seni ilk marta ko’rgan kundanoq
Kunduzlarim qora, kechalarim oq.
Men seni asrlar ko’rmadimmi, yo
Asrlar ko’ksimda uxladi dunyo?!
Bugun sen sehrli qo’lingni tutding,
Ilk bor shivirlading: Salom, ey ayol!
E r k a k:
Men seni kutgandim balki bir umr,
qo’rqib o’ylar edim: tushmi bu, xayol?
Endi men vaslingiz yashay olmayman,
Endi men seningsiz yashay olmayman…
D i r ye k t o r:
Nima bu? qanaqa yana she’rxonlik?!
qarang-a, bularga! Muhabbat emish!
Sizlarning o’rningiz supa ustida
Besh yilmi, yuz yilmi, to xatga tushib,
Eskirgan buyumlar qatori bir kun
Olib tashlaguncha jim qotib turish
Sevaman, deydi-ya! Men nima qilay?
Siz unda yallayu men bunda titrab,
Kelib qolmasa deb biron bir rahbar,
To’lg’onib yuraymi ichganday zahar?!
Hozirning o’zida men bilan borib,
Egallab olasiz o’z o’rningizni!
Va bundan keyin ham bilib bosasiz,
Ha, bilib bosasizqadamingizni!
I k k i n ch i k i sh i:
Bunchalik qizishmang, direktor aka,
Sal o’ylab ko’ring-da mundoq bosh bilan.
Axir quvonishga arziydigan ish –
Sevgining qudrati toshga bermish jon!
B i r i n ch i k i sh i:
Albatta, jon aka, quvonsangiz-chi!
Shunday zo’r voqea, shunchalar buyuk!
O’ynashsin, hidlashsin atirgullarni,
qo’ying, yashaybersin bir-birin suyib!
D i r ye k t o r:
Nima degan gap bu?
Biron bir rahbar
Kelib qolsa bormi, hozir… shu paytda…
Yoqamdan ushlaru yetaklab borar,
So’ng so’roq aylaydi: «Haykallar qani?»
Nima deb aytaman? Ne bo’lar javob?
(Ovozini pasaytirib iltijo ohangida gapiradi)
«Akajon, qilay deb ezgu bir savob…
Sevib qolgan ekan haykal bir-birin…
Hidlab yurishibdi bog’ning gullarin,» —
Deydigan bo’lsammi, o’sha zahoti
«Joyni bo’shatib qo’y», deyishi aniq,
so’ng orqamga boplab tepgandan keyin
men bechora qayga… qaerga boray?
I k k i n ch i k i sh i:
Nahotki bolalik hissi yo’q sizda?
D i r ye k t o r:
Ha, ha! Bolalik deng! O’tgan kuni ham
Kelgandi soqolli oriq bir rassom.
«To’garak tuzaylik, men bolalarga
Bolalik tuygusi mangu kolsin deb
Rasm chizmoqlikni o’rgatay», — dedi.
«Yo’q, — dedim, — bolada bolaligi hech
qolib ketmasligi kerak, chunki u
Ulg’ayib borgani sari qo’qqisdan
To’siqlar zarbiga kelib qolar duch.
Agar u yengolmay, qolsa-chi?.. Unda
Undan beshavqatroq ikkkinchi odam
Uchun bo’lib qolar u zinapoya.
Odamlar oyog’in ostida qolib
qaddini tiklolmay o’tar bir umr.
Yo’q,-dedim, — qarshiman, bola qalbida
Bolalik qolmasin mangu, abadiy.
Ulg’aysayu bola bo’lib qolsa u,
Yov kelsa, bizni kim qilar himoya».
qizarib ketdi u, dik etib turdi,
Zarb bilani stolga urdi mushtini.
Oynaga darz ketdi uning zarbidan,
«Ahmoqsiz, to’nkasiz, — dedi hovliqib,-
Ming la’nat!» – dediyu chiqmoqchi edi,
Men sekin qo’ng’iroq qildim, shu zahot
Militsioner ham tez yetib keldi.
Rahmim keldi unga: «qamamang, — dedim. –
Singan oyna uchun pul to’lasa, bas».
O’ttiz so’mni qurtday sanab berdi u –
Men mag’rur turardim,
Chunki haq edim.
Yana boz ustiga rahm ham qildim:
Axir, bezorilik qilgani uchun
Yotardi o’n besh kun sovuqda qotib.
Yetar, buncha ezma bo’lmanglar endi.
Inventar` joyida turmog’i lozim.
Insonlar qonunga bo’ysunishi shart,
qonun-chi? Insonga aslo bosh egmas…
A yo l:
Bog’larni gul isi bosgan chog’lari
qismatim bo’lding sen, yulduzim bo’lding.
E r k a k:
qo’shiqlar kuyladi gul yaproqlari,
Hasratim bo’lding sen, yalpizim bo’lding.
A yo l:
Ko’ksingga bosh qo’yib uxlasam tunlar,
Allalar aytardi bizga bulbullar.
E r k a k:
Ko’ksimga bosh qo’yib uxlasang agar,
Avaylab chiqardim seni to sahar.
D i r ye k t o r:
Yo’q, avray olmaysiz shirin so’z bilan,
Agar-da sizlarni qo’yib yuborsam,
O’rningizga meni chiqarib qo’yib,
Maza qilib mazah, mayna qilishar.
Da’vo ham qilolmay qolasan, hatto,
«Men axir odamman» deganing bir pul…
B i r i n ch i k i sh i:
Jon aka, tushuning, bu-ku ma’jiza,
Mo»jiza, akajon, tushunsangiz-chi!
Tirilgan haykalni, axir, kim ko’rgan?!
Kim ko’rgan sevgidan tirilgan toshni?!
D i r ye k t o r :
Muhabbat, muhabbat…
Yasha o’sha gap.
Sizga mo»jizadir, menga – inventar`.
Mana, savod bo’lsa, o’qib ko’ringlar
Men uchun muhabbat — qonunmas axir,
Ushbu instruktsiya – men uchun qonun.
B i r i n ch i k i sh i:
(O’qiydi)
— «…Bog’dagi har bitta inventar` uchun
Shahar bog’i direktori javobgardir…»
D i r ye k t o r:
Garchi yozilmagan «boshi bilan» deb,
Ammo siz bu so’zni qo’shib o’qinglar.
Sizga mo»jizadir – menga daftarda
Xatlangan ma’lum bir sonli inventar`:
(O’qiydi)
I n v ye n t a r ` № 11
— Erkak haykali. Toshdan yasalgan.
Bo’yi 1-80 sm. Og’irligi 300 kg.
Bahosi – 600 so’m.
I n v ye n t a r ` № 12
— Ayol haykali. Toshdan yasalgan
Bo’yi 1-80 sm. Og’irligi 300 kg.
Bahosi – 600 so’m.
Bularga siz emas, men javobgarman,
Yo’qolsa cho’ntakdan to’lashim kerak.
Siz esa muhabbat, muhabbt deysiz,
Muhabbat xotinni, bolani boqmas.
Pul boqar
Bir miri bo’lmasa cho’ntagingizda,
Sevgan yoringiz ham qilmas iltifot.
«Sho’rim», deb yig’lashni boshlar, yuz tilib,
Cho’ntak qappayganda ishva-noz qilar.
Hatto farzandning ham sevar pulni deb,
Yugurgilab kelar «Dada-dadalab».
qani, pul bermasdan ko’ring bir marta,
Burdalab tashlashga tayyor shu zahot.
I k k i n ch i k i sh i:
Bola ham, xotin ham – ishqning zuryodi.
Bola pulni emas mehrni sevar.
Nahot, onangizni pul deb sevgansiz?
Nahot, tahqirlansa onaning yodi?
D i r ye k t o r:
Bo’ldi, bas, barchasi
Tegdi jonimga,
qani, tushing, tezroq mening yonimga.
Yigitlar, bo’sh kelmang, biz xizmatdamiz!
B i r i n ch i k i sh i:
Yo’l bermaymiz aslo bundayin ishga!
D i r ye k t o r:
Men xizmat burchimni o’tamoqdaman,
Va talab qilaman xonamni bo’shating!
Yigitlar ikki dam oluvchini chetga surib, Erkak va ayolni olib ketadilar.
TO’RTINCHI LAVHA
Birinchi lavhadagi sahna. Faqat Erkak va ayol haykallari qo’yilgan. Ikki dam oluvchi.
I k k i n ch i k i sh i:
Muhabbat, tashrifing sezamiz goho
Ammo ketishingni sezmay qolamiz.
Xuddi qarib qolgan onamiz kabi
Bizdan uzoqlashib borasan har kun.
Biz esa sezmaymiz… Faqat yashaymiz
Mol-dunyo ortidan itdek yugurib
Tashvishlar oldiga qalbni tashlaymiz,
Tashvishlar yeb qo’yar yuragimizni,
Sog’inmay qolamiz onamizni ham,
Eslamay yashaymiz ilk sevgimizni,
Sezmaymiz yomg’irni, gulni bahorni.
Bizlarni qiynaydi na bir fojia,
Na bir yomonligu na bir ezgulik.
O’ylaymiz: «Yaxshimi burchakka qo’ysak
Va yoki ayvonga qo’ysak ko’zguni?»
Eng yaqin tuyg’uni unutgan yurak
qiynalib, o’rtanib turganda yakka,
O’ylaymiz: «Do’konga kelibdi gilam,
Sotib olaymi yo uchay Sochiga?»
B i r i n ch i k i sh i:
Esladim: o’shanda kech kuzak edi
Va yomg’ir shivirlab shivalar edi.
Yorimni kutardim birinchi marta,
Yurakda qandaydir otash bor edi.
Bu otash muhabbat edimi, ayting?
Bu otashni keyin yo’qotib qo’ydim,
Rashk qilmay qoldim men sevgan yorimni,
Balki shuning uchun sevgi yo’q — dedim.
Balki shuning uchun butun borimni
Yo’qotib yashagan ekanman, do’stim.
Tunlari tush ko’rib, ba’zan cho’chiyman,
Nimadir qiynaydi, o’rtaydi yomon.
Nogahon sezaman uni ko’ksimda –
O’shani… otashni… haroratini…
Va lekin u birdan yo’qolib qolar,
Men esa tunlarni hayolga tolib
Tonggacha uxlamay chiqaman keyin.
qumsayman otashni… haroratini…
(Ko’zini yumadi)
Man, yana kezar ko’ksimda, evoh,
O’sha nur yo’g’rilgan, muqaddas otash.
qanotlari bordir misli parvona,
Mening xotinimday ko’zlari qiyiq.
Ko’zimni ochganda tashlab ketadi,
O’zgaga mehrini borib tutadi.
(Ko’zini ochadi)
Yo’q, qoldi… u qoldi men bilan qoldi…
Ko’ksimda olovday kezmoqda bu on,
O’rnida turib haykallarga murojaat qiladi.
Sizga havas bilan boqib turibman,
Muhabbat sizlarga bag’ishladi jon.
Biroq bu dunyoda sevishni bilgan
Bilmog’i kerakdir kurashmoqni ham.
qish qancha zug’umlab, oyoq tirasa,
Shunchalik shiddatdan kuchayar bahor.
I k k i n ch i k i sh i:
Kutinglar, tun yaqin – visol yaqindir
Shamollar, o’yg’onar bog’lar ko’ksida.
Kutinglar, tun yaqin – visol yaqindir,
Yulduzlar sayr boshlar qizg’aldoqlardek,
Bizlar ham qaytamiz,
Birga qaytamiz.
Yor qo’lini ushlab qo’shiq aytamiz.
Chechaklar ifori mast qilar bizni,
Uchamiz yulduzlar belanchagida.
«Men seni sevaman», deb shivirlaymiz,
Abadiy navqiron osmon ostida.
Shabnamni hovuchlab yorga tutamiz,
Yorning hovuchidan shimiramiz nur.
Entikib-entikib ketamiz titrab,
«Men seni sevaman», deb shivirlaymiz.
Oydin tun bizniki. Osmonda yongan
Yulduzlar bizniki. Uchaylik to’p-to’p.
Osmon ham, bulut ham, oy ham bizniki.
Uchamiz qalbi tosh odamlar uzra.
Kun kelar, biz bilan bo’lasiz birga,
Yonma-yon yashaymiz, hamdo’st, hamnafas.
Sizning o’rningizda esa tosh qalbli –
Odamlar haykalin o’rnatajakmiz.
Va mangu yashaymiz orzular bilan
Achchiq armonlarga basma-basma turib.
Tunlari entikib bog’chalar aro:
I k k i n ch i k i sh i:
«Men seni sevaman!», deb shivirlaymiz,
B i r i n ch i k i sh i qo’shiladi:
«Men seni sevaman!», deb shivirlaymiz!
«Men seni sevaman!», deb shivirlaymiz!
1977