Jo‘ra Fozil. Erkin mavzudagi insho yoxud hayot shomidagi o‘ylar. Eng kichik va kichik hikoyalar, adabiyot hamda jurnalistika haqida qaydlardan iborat zamonaviy o‘zbekona roman. Birinchi parcha

075 Баҳор ўрталарида узоқ йиллик қадрдоним бўлмиш адибнинг кечган ҳаёти, ижоднинг қувончу машаққатлари ҳақидаги ўйлари, қайдлари, ёзувчи шахси ва унинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги кичик ҳикоялари, уларга сингдирилган фикрларидан иборат янги асарини ўқиб чиқиб, муаллифга қўнғироқ қилганда, аввалан: «Жўра ака, ҳавас билан ўқидим!» деб айтдим.
Татарнинг донишманд шоири Ҳоди Тоқтошнинг «Муҳаббат ул ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгартар» деган бир ҳикмати бор. Бадиий ижоднинг ўқтомири ҳамиша муҳаббат эканини таъкидлаб, Жўра Фозилнинг бу асари ҳам муайян маънода роман хусусидаги тушунчаларни янгилади, деб ўйлайман.

Бу асар ҳақидаги бошқа мулоҳазаларни кейинчалик тўлароқ айтишимни ўйлаб, адибга энг эзгу тилакларимни йўллаб қоламан.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири
10.09. 2025

74Падари бузрукворим Абдуваҳоб Фозил эшон ўғли, волидаи муҳтарамам Ҳикматой Ражаббек қизининг
ёрқин хотираларига ҳурмат билан бағишлайман.

Муаллиф

09ЭРКИН МАВЗУДАГИ ИНШО
ЁХУД
ҲАЁТ ШОМИДАГИ ЎЙЛАР

Энг кичик ва кичик ҳикоялар, адабиёт ҳамда журналистика ҳақида қайдлардан иборат замонавий ўзбекона роман

Навоий, чорадин кўп сўз демаким,
Ғамингга чорасизлик чора бўлмиш…

БУХОРОЛИК БИР ШОИР

Бухорои шарифда Хўжа Исматуллоҳ Бухорий деган ажойиб, буюк бир шоир яшаган.
Донишманд, сабр-тоқатли, иродали бу инсон, энг аввало, бева-бечора, етим-есир, мазлумлар ҳимоячиси, зулмкорлар фош этувчиси бўлган.
Унинг инсон кўнглини ларзага солувчи шундай гўзал сатрлари бор: “Минг йилдан сўнг ҳам қабрим очилса, ундан Ёр, Аллоҳ ифори, саси келгай…”

ЭНГ ТЎҒРИ ЖАВОБ

– Она, онажон, Худо борми?
– Албатта бор, ўғлим! Нега сўраяпсан?
– Бор бўлса, нега мен кўрмаяпман?
– Ундай дема, болажоним, шаккоклик бўлади… Вақт-соати келганда Аллоҳни албатта, кўрасан! Чунки Аллоҳ ҳар бир инсон юрагида, тўғрироғи, унинг қалбида бўлади.
…Йиллар ўтди. Вақт соати келди. Мен Аллоҳни кўрмаган бўлсам-да, уни танидим, манзил-макони қаерда эканини англадим. Энг қизиғи шундаки, бутун умрим давомида Ҳақ таоло ҳақидаги саволларимга ҳеч ким онамдек аниқ-равшан жавоб бера олмади…

ҲАҚИҚАТ ВА АДОЛАТ

“Ҳақиқат” сўзининг ўзаги Ҳақ, яъни Аллоҳ деган фикрга ишонгим келади. Бундан шундай хулоса чиқарса бўлади: демак, ҳақиқат ва адолатни фақат Ҳақ Таоло барқарор эта олар экан-да?

ЭЪТИБОР

Агарда муҳтарама аёлларимиз ўз турмуш ўртоқларига уларнинг оналари кўрсатадиган меҳр ва эътиборнинг лоақал ўн фоизини кўрсата олганларида, дунёда қўйди-чиқдилар, тирик етим болалар бунчалик кўпайиб кетмас эди.
Мен фоиз масаласида адашган бўлишим мумкин. Яна ким билади, дейсиз.

ҚУДРАТЛИ КУЧ

Бу дунёйи дунда мавжуд барча қонун-қоидалар, чекловлар, йўриқнома ва бошқа тақиқларни бартараф этиш ёки четлаб ўтиш, амалдорларни юмшатиш, ёпиқ эшикларни ланг очиш учун пул ва манфаатдорликдан бошқа бирор бир қудратли куч йўқ…

ИШОНЧ

Бир, икки, ўн, юз… Борингки, сон-саноқсиз марта алданган инсон кўнглидаги ишонч – табиат ҳукми ила қаҳратон қишда гул очган баҳор чечагига ўхшаб кетади. Бу ишончми, ишончсизликми, ёинки, дунёдан бутунлай юз ўгиришми?

МУЛК

Ота-онанинг бойлиги, мол-мулки, ёшлиги, куч-қуввати фақат фарзандлари учундир.
Фарзандлар мол-мулки, бойлиги, ёшлиги ва куч-ғайрати ота-оналари учун эмас, ўз фарзандлари учундир.

ҚАЙТАРИЛМАС ҚАРЗ

Бир дўстим ўзаро суҳбатимизда ёзғириб қолди:
– Катта ўғлимга яп-янги “Ласетти” олиб бериб, яна фалон пул ҳам бергандим. Икки ҳовлимни ҳам ўзиники қилиб олди. Катта маош олади, лекин менга сариқ чақани ҳам кўрсатмайди, қурмағур…
Ўша дўстим асли иқтисодчи эди. Унга “қайтарилмас қарз” ҳақида эслатишга тўғри келди. Бояқиш ғамгингина кулиб қўя қолди. Чунки у “қайтарилмас қарз” нима эканини мендан яхшироқ биларди.

ҚИСМАТ

Янглишмасам, дунёда энг аянчли қисмат соҳиби қуролсоз бўлса керак. Вақти-соати етиб, куни келганда кимдир қуролсоз кўксига унинг ўзи ясаган яроқдан ўқ узиши мумкин.
Бу – шафқатсиз қисмат ўқи бўлса, не ажаб?..

АКА-УКАЛАР

Улар – орасида икки ёшгина фарқ бўлган ака-укалар, барча оға-инилар сингари кўп баҳслашишар, баъзан жиққамушт ҳам бўлишарди. Орага бошқа биров қўшилиб қолса, ака-ука дарҳол бирлашишарди.
Тақдири азал ҳукми шундай бўлдики, кунларнинг бирида ука оғир автоҳалокат оқибатида икки кўзидан ҳам ажралиб қолди.
Шифокорлар маслаҳат қилиб бир қарорга келишди. Укага соғ одамнинг бир кўзи кўчириб ўтказилса, у кўриши мумкин. Шунда ака қатъий қарорга келди. Укаси учун бир кўзидан воз кечди. Шифокорларнинг кейин пушаймон қилмайсизми, деган саволига “Йўқ” деб жавоб берди.
Аллоҳ ҳам, тақдир ҳам мардларни қўллайди.
Аканинг кўзини амалиётга ҳозирлашаётган бир пайтда, оғир касалликка чалинган ёш бир йигит касалхонанинг бошқа бўлимида вафот этди. Унинг танаси совумай туриб, мангуга юмилаётган кўзлари укага кўчирилиб ўтказилди ва шу билан андак чўзилган энг кичик ҳикоямизга нуқта қўйса ҳам бўларди. Бироқ яна бироз сабр қилишга тўғри келади.
Ушбу воқеани менга ҳикоя қилаётган кекса профессор аёлнинг овози титрар, унинг ҳорғин ва ўйчан кўзларида ёш кўринмасада, бутун вужуди билан йиғларди.
Бу сатрларни заррадек манфаат учун ёқа бўғишиб, юзкўрмас бўлиб кетаётган ака-укалар ўқишини истамаган бўлардим.

ЁЗУВЧИ ВА ЗАМОНА

Шоир, ёзувчи, умуман, ижодкорлар ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзиляпти. Уларнинг ҳаммаси ўз йўлига. Ҳеч нимани инкор этмаган ҳолда шуни айтмоқчиманки, ёзувчи ҳамма қатори яшай олмайди. Бу ҳам етмаганидек, ҳамма қатори ўла билмайди.Унга доим нимадир етмайди ёки ортиқчалик қилади. Кўпчилик буюк ижодкорлар ҳаёти фожелиги шунда бўлса керак.

ТЎЛҚИНЛАР

Ҳали хийла ёш, қирқнинг нари-берисида эдим. Ялтада қора денгизда чўмилаётгандим. Худди бошқа вақт қуриб қолгандай, айни тушлик пайти эди. Хийла яхши сузишимга бино қўйиб, нарига сузиб ўтиш маън этилган белгилардан ҳам анча олислаб кетибман.
Бир маҳал қарасам, неча уй баландлигига тенг оппоқ кема бандаргоҳдан чиқиб, қайсидир олис манзил сари сузиб кета бошлади. Унга маҳлиё бўлиб, тоғдай-тоғдай тўлқинлар мен сари келаётганини сезмай қолибман.
Бу оч тўлқинлар мени не кўйга солганини, неча марта калима ўгирганимни ёзиб ўтирмайман.
Чамаси ярим соатлардан сўнг чалажон бир ҳолатда соҳилнинг иссиқ қумига юз тубан қуладим. Аҳволим болакайлар атайлаб сувга бўктирган мушукникидан баттарроқ эди.
Кейинчалик бутун умрим давомида ҳаётнинг бунданда баландроқ, шиддатлироқ тўлқинларига дучор бўлдим. Аммо чўкиб кетмадим, сокин соҳилга етиб олдим.
Ўшанда Ялта яқинида ҳам, кейинги ҳаётдаги ҳолатларда ҳам омадим чопган бўлса керак деб ўйлайман. “Ёлғизнинг ёри–Худо” деганлари шу бўлса керак.

КИТОБ ЎҒРИСИ

Афсуски, айрим тоифадаги одамлар, ҳатто, зиёлилар орасида ҳам “Китоб ўғирлаш – ўғрилик эмас”, деган нотўғри тушунча бор. Мен бу фикрга мутлақо қўшила олмайман.
Дунёда шундай китоблар борки, уларнинг ҳақиқий қийматини хазина, хазиналар билан ҳам баҳолаб бўлмайди.
Наҳотки, бутун бошли хазиналарни ўғирлаш – ўғирлик ҳисобланмаса?!
Яна бир мулоҳаза, қаланғи-қасанғи китобларни жуда юқори баҳолаб, яхши китобларни ерга уриб, улар учун сариқ чақа ҳам беришни истамайдиган ноширларни сизнингча ким деб аташ керак?..

ИЛТИЖО

Ушбу ҳикояда насрий асар учун керак бўлган унсурлар: бадиий тўқима, табиат тасвири ва бошқа майда-чуйдалар йўқ. Фақат оддий кунларнинг бирида, оддий касалхонада рўй берган воқеа бор, холос.
Ўша касалхонада қия очиқ қолган эшикда боласини тишлаб олган сариқ мушук “дик” этиб ўрнидан турган ҳамширанинг хай-хайлашига қарамай, пешонаси оқ, тумшуғи қора, ҳали кўзлари очилмаган боласини ерга қўймай, тўрда ўтирган кекса шифокор томонга юрди. Кўпни кўрган бўлса-да, бунақасига сира дуч келмаган шифокор ҳазиломуз сўз қотди.
– Келинг, хоним, хизмат? Болажонингиз касал бўлиб қолдими?
Мушук хона эгасига бир зум тикилиб турди-ю, худди унга нима дейилганига тушунгандай, боласини авайлаб ерга қўйди. Бесаранжом, мунгли кўзларини бир боласига, бир докторга тикканича аянчли миёвлади.
Онаизорнинг бу илтижоси шунчалар мунгли эдики, шифокор ва ҳамшира беихтиёр бир-бирларига қараб олдилар. Сўнгра шифокор секин эгилиб, қўрқувдан дир-дир титраётган мушукчани қўлқопли қўлларига олди.
Ярим юмуқ кўзларини аранг очган мушукча ночоргина ғингшиб қўйди. Бояқиш “дағ-дағ” титрарди.
Она мушук боласи ва шифокорнинг ҳар бир ҳаракатини кузатар, ям-яшил кўзларида илтижо ва хавотир бор эди.
Хона эгаси жунлари ҳурпайиб, қунишиб турган мижозини авайлаганича синчиклаб кўздан кечирди, юрак уришини тинглади. Ғалати мижоз яна зўр-базўр митти кўзчаларини очгандек бўлди-ю, астагина чийиллаган овоз чиқарди.
Шифокор унинг бошчасини бир-икки бор сийпалаб, кейин оҳиста, енгил эгилиб, онасининг ёнига қўйдида, шундай деди:
– Болажонингиз соппа-соғ! Озгина сабр қилсангиз, кўзлари очилиб улгурса, ўйноқлаб кетади!..
Мушук ҳамма гапни тушунди. Боласини яна елкаси ва бели аралаш тишлаб олдида, сочлари оқ, халати ҳам оппоқ халоскорига миннатдор нигоҳ ташлади. Ҳамширага эса ўзига ҳай-ҳайлаб қўл силтагани учун бўлса керак, қиё ҳам боқмади. Битта-битта оҳиста қадам ташлаб, ҳали ҳеч ким бекитиб улгурмаган эшикдан чиқиб кетди. Шифокор ва ҳамшира нигоҳлари тўқнашди. Кўҳлик, ёшгина жувон кўзларини яширди. Унинг сурмасо дийдалари билинар-билинмас намланган эди.
Бу воқеа тилдан тилга кўчди, ҳатто газеталарда ёзилди. Аммо мушук нега айнан реанимация бўлимига боргани ва ҳамширани шифокордан қандай ажрата билганини ҳеч ким, ҳатто ветеринар мутахассислар ҳам изоҳлай олишмади.

ТЎЛОВЛАР

Ҳаёт шундай содда-мураккаб, адолатли-адолатсиз, рост-ёлғон кураш майдонидирки, бу саҳнада инсонлар учун мутлақ ғолиб ёки мутлақ мағлуб деган тушунчалар мавжуд эмас. Чунки бугун ғолиб саналган ғофил банда эртага мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас. Инсон ҳаёти давомида ҳар бир яхшилигу, ёмонлиги, тўғри иши ёинки хатосининг ҳақини тўла-тўкис, ҳатто, баъзан ошиғи билан тўлайди. Бу тўловни ҳеч ким, ҳеч бир куч тўхтата олмайди. Тўловлар соғлик-касаллик, омад-омадсизлик, обрў-эътибор ва охир-оқибат, қўлдан кетган умр аталмиш бебаҳо қиймат билан тўланади. Алқисса, ҳаёт майдонидаги бу тенгсиз, қоидасиз кураш-да фақатгина ҳаётнинг ўзи, борлиқ, коинот мутлақ ғолибдир.

МУҲАББАТ МОЖАРОСИ

Муҳаббат асосида қурилган оила мустаҳкам, бахтли бўлади дейишади. Бу – жуда тўғри фикр. Бироқ ота-она хоҳиши билан қурилган бахтли оилалар ҳам жуда кўп. Ёинки, қандайдир режа, ҳисоб-китоб, қолаверса, тасодифан, таваккал асосидаги никоҳлар ҳам кўп учрайди. Барибир оила мустаҳкамлигининг асосий шарти севги бўлар экан, эътиборни шундай оилага қаратмоқчиман. Муҳаббат бобида йигит ва қиз бошига тушган савдоларни халқимиз бекорга “ишқ можароси” деб атамайди. Тўй ўтгач бу можаро осондек кўринади, аслида ундай эмас. Можаро шакли ўзгаради, холос. Энди сиртдан қараганда кўринмайди, эр-хотин муносабатлари олов ва сув ўртасидаги қарама-қаршиликка ўхшаб қолади, яъни бир оилада эркак олов, хотин сув бўлса, иккинчи оилада тескариси бўлиши мумкин. Мантиқан, табиат нуқтаи назаридан қараганда олов ва сув тушунчалари мутлақо зид тушунчалар бўлиб, бир-бирини тамоман инкор этади.
Хулосаи калом, сув оловга сепилса, олов ўчади, аксинча, олов ёқиб қиздирилганда, охир оқибат сув қайнаб, буғланиб, ҳавога сингиб, йўқолади. Лекин оилада бутунлай бошқача, олов ва сув бир-бири билан чиқишиб, бир-бирини тўлдириб, урушиб-кечириб яшайди. Олов ўз ўрнида, сув ўз ўрнида. Башарти шундай бўлмас экан, бундай жуфтликнинг ҳолига вой. Тасаввур этинг, катта қозонда сув қайнаяпти. Сув қайнагач, олов ўчирилмай, меъёридан ошса, сув тошиб оловни ўчириб қўяди тамом-вассалом! Ушбу мисолни шарҳлаш учун иккита мақол келтираман:
“Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин”.
“ От душмани қамчиндир,
Қўлингизда – билмайсиз.
Эр душмани хотиндур,
Қўйнингизда – билмайсиз!”

ҲАЙРАТ

Инсондаги энг буюк туйғулардан бири бўлмиш ҳайратнинг қаттол душмани – лоқайдликдир. Чунки лоқайдлик бўлган қалбга ҳайрат сиғмайди. Бу икки тушунча бир-бирини инкор этади.

ИККИНЧИ УМР

Ўлим – ҳақ. Бу – ҳақ гап. Фақат ўлим кимлар учун ҳаётнинг тугаши бўлса, бошқа бировлар учун ҳаётнинг бошланиши, иккинчи умрдир!..

ШАХСИЙ ТАЖРИБА

Оталар ва болалар муаммоси ҳамма замонларда, барча маконларда бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Назаримда бунинг ечими йўқдай.
Бояқиш оталар ўзлари ҳаётда йўл қўйган хатоларини болалар билиб-билмай такрорламаса, дея куйиб-пишадилар, жон куйдириб, жафо чекадилар ва ҳатто шу йўлда ўлиб кетадилар. Аммо болапақирлар оталари хатоларини такрорлайдилар, такрорлайверадилар. Бунинг сабаби, оқибати ва ниҳоят, фожиаси шундаки, қурмағур “шахсий тажриба” деган қайсар мавжудот ғофил бандаларни шунга ундайверади. “Шахсий тажриба” оқибатида отаси хатосини такрорлаган йигит улғайгач, отаси ва ўзининг хатосини такрорламаслигини болажонига такрорлайверади.

ДОРУЛФАНО ВА ДОРУЛБАҚО

Бу икки сўз одамлар тилида кўп такрорланади. Осий бандалар шу ўртада сарсон бўлиб нима қилишларини билмайдилар.
Аммо фожиа шундаки, ҳаммамиз “Дорулбақо”– боқий дунё ҳақида кўп сафсата сотсакда, уни ўйламаймиз, “Дорулфано”– фоний дунё ҳавасларига берилиб кетамиз.

ЁЗУВЧИ ВА ФАЙЛАСУФ

Ёзувчи файласуфми ёки бу икки тушунча бир бутунми? Мен бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Яқинда бир дўстим “фалон асарингизда фалсафа бор”, деганидан сўнг ўйлаб кўрдим. Кейин бир қарорга келгандай бўлдим.
Фикримча, аксарият ёзувчилар файласуфликни даъво қилмасалар керак, адабиёт ҳақиқий бўлса, унда шубҳасиз ҳаёт фалсафаси бор ва бўлиши ҳам керак. Бироқ ёзувчи асар ёзаётганда фалсафа ҳақида ўйламайди. Ўз-ўзидан, ижод жараёнида онгида унинг билими, дунёқараши, ҳаётий тажрибаси, қаҳрамонлар характери, ҳаётий кузатишлар, борингки, асар ғояси ҳам фалсафага айланиб кетиши мумкин. Худди шундай асар ғояси ҳам сюжет, ҳаётий материал, қаҳрамонлар табиати, макон -замон, инсонлар қарашлари ва яна бошқа кўплаб омиллар ижод жараёнидагина яратилади. Ёзувчи ҳеч қачон қандайдир ғояни кўзлаб асар ёзмайди. Агар шундай қилса бу схематизм бўлиб қолади. Асар ғоясини ёзувчи эмас, асарнинг фақатгина ўзи белгилайди. Ёзувчи ёзиш пайтида ҳаётдан бирмунча баландроқ кўтарилади, барча яхши-ёмон касблар эгалари ҳаётларини намоён этади.

АКА

Миршод исмли неварамга мен баъзан ҳазиллашиб “ака” дея мурожаат этаман. 26 яшар йигитча уялганнамо кулимсираб, индамай қўя қолади.
Яқинда унга қўнғироқ қилгандим, гўшакдан овоз сал нотанишдек эшитилди. Иккиланиб, “Миршод ака, ўзингизмисиз», десам, “Ҳа, бобо, ўзимман, гапираверинг”, деди. Йигитчанинг товушида ийманиш йўқолиб, хазилга кўникиш пайдо бўлганди, назаримда. Иккиланиб қолдим, ҳазил унинг тарбиясига ёмон таъсир этмасмикан? Кейин ўзимга таскин бердим. Бу, эҳтимол, ҳазилнинг унга ёққани, ёки “ака” деган сўз сеҳридан бўлса керак?

“ҲАЛИ КЎРАСАН”

“Тождор офат” оқибатида эълон қилинган карантиннинг иккинчи ойи тугаёзган эди. Супада куйманиб юрган кампир, улкан тут дарахтининг шохларини эгиб, мева еяётган чолига шундай деди:
– Дадаси, ўйлаб қарасам, бу карантин деганингиз бебеҳо нарса экан.
– Қуёш қайси ёқдан чиқди? Кечагина карантин жонимга тегди, қизимникига кетаман, деб роса жонимга теккан эдинг-ку! – деди чол ҳайрон бўлиб.
– Қўяверинг, бундоқ фикр қилсам, эллик йиллик ҳаётимизда сиз эркак бўлиб ҳеч қачон сурункасига икки ой уйда ўтирмаган экансиз-а? Шуни ўйлаб кўнглим кўтарилди-да.
Гап нимадалигини дарҳол тушунган эр шумлиги тутиб қалтисроқ ҳазил қилди.
– Ҳе, хотин, бу деганинг менга нима бўпти? Беш-ўн йил сабр қилсанг, уйдан бутунлай чиқмай қўйишим ҳам мумкин!..

ШОҲ МАШРАБ ВА ТЎЙ МУАММОСИ

Тасаввур этинг, ҳам шоҳ, ҳам дарвеш Машраб бизга замондош бўлиб қолса…Бояқиш қизи ва куёвига “Мерседес”, Тошкент cитидан кенг-мўл хонадон, замонавий жиҳозлар, дунё бўйлаб саёҳат учун йўлланма совға қила олармиди? Тўғри айтасиз, албатта йўқ. Янглишмасам, замонавий шоир-ёзувчиларимиз ҳам бу ишни уддалай олишмайди. У бояқишлар ҳам шоҳ, Машраб сингари қалам ҳақи олмайдилар. Ёки олишса-да, бу пул бир марта саунага боришга ёки чойхона паловга ё етади, ёки етмайди.
Демак, шоҳ Машраб ва замонавий ижодкорлар олиб беришга қурби етмаган совғаларни янги келин куёвга тақдим этиш кимнинг қўлидан келиши зукко ўқувчига ойдай равшан.Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди!

ШЎРЛИК КАПАЛАК

Қизим Моҳигул болалигида “Кўршапалак” дейиш ўрнига, “шўркапалак”, дея талаффуз этарди. Орадан кўп йиллар ўтди. Мен яқинда “Шўрлик капалак” деб ёздим…

БИЛИМ ВА ҒАМ

Ўз билимларини оширгувчи – ғамларини-да оширгувчидир! Бу – менинг фикрим эмас. Қайси китобдан ўқиганимни эслай олмайман. Бир ҳисобда эсламаганим ҳам маъқул, шекилли.

АЁЛ

Шоир, ёзувчилар, сўзамоллар, қўйингки, эринмаган ҳар бир киши аёлни нималарга ўхшатмайди дейсиз? Гул, булбул, ўт-олов, замин, коинот, ҳаёт…
Аёл эса ўзига ўхшайди! Ҳа, фақатгина ўзига ўхшайди, бошқа ҳеч нимага эмас…
ҲАЁТ

Қўлингдан келса, шундай яшагинки, умринг охирида дунёга келганингга пушаймон қилмасанг бўлгани.

ҚАЙМОҚ

Қаймоқ нималигини ҳамма билади. Сўзнинг, фикрнинг ҳам қаймоғи бор.Буни ҳамма билавермаса керак.

“ЯХШИЛИК”

Кимларгадир яхшилик қилиш, ўзганинг бахти учун яшаш – қанчалар улуғвор сўзлар…
…Биров учун пул олиш, ким учундир овқат тановул этиш, аниқроғи бировни ҳисобидан яшаш. Орамизда ана шундай “яхши»лар ҳам бор.
ДЎСТЛИК

Инсоният пайдо бўлибдики, дўстлик ҳақида жуда кўп гапирилади, қоп-қоп сафсата сотилади.
Дунёда бор неъматларнинг асл-ноасллиги, ҳақиқий ёки қалбакилигини аниқлаш йўллари бор. Кимёда буни, янглишмасам, “лакмус қоғози” дейишади.
Ҳақиқий дўстлик эса, бошга оғир кун тушганда билинади. Менимча, синашнинг яна бир шафқатсиз усули ҳам борки, уни назардан қочирмаслик керак.
“Дўстлик ва шахсий манфаат” тушунчалари ўзаро чиқиша олишмаса керак, шахсий манфаат ўртага тушса, дўстлик деганингиз шумшайиб қолади.

ИҚТИДОР

Иллатни фазилатга, фазилатни эса иллатга айлантирувчилар бор.
Уларнинг ҳар иккаласига ҳам қойил қолмай иложингиз йўқ.

КИМ НИМАНИ ИЗЛАЙДИ

“Иллат излаганга – иллатдир дунё, ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё”, – деб ёзади шоир дўстимиз.
Бир вақтнинг ўзида ҳар иккаласини излаган киши нима топар экан-а?

ЙЎҚОТИШ

Жуда кўп йиллардан буён ишлатиб юрган радиом бузилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолди. Хафа бўлдим, афсусландим. Битта радио экан-ку, от билан туя эмас, шунга шунчаликми, бошқасини сотиб оларсиз дейишингиз мумкин. Тўғри, бу катта йўқотиш эмасдир. Лекин мен содиқ дўстимдан айрилгандим. Бозордан сотиб олинган “янги дўст” эскисидек бўлармикан? Билмадим.

ТОНГ

Ижодкор дўстлар! Тонгда, эрта тонгда ёзиш керак экан! Камина гарчанд илгарилари ҳам тонг пайтида кўп ёзган бўлсамда, ёшим 70 дан ошганда узил-кесил шу фикрга келдим. Чунки тонг палласида инсон онг-шуури, руҳияти тиниқ, тоза, равшан бўлади. Демак ғоят инжиқ мавжудот бўлмиш ёзувчи хаёлига ҳам оҳорли, нурли, муҳими, хайрли ўйлар, ғоялар келади ва табиийки, улардан яхши асарлар пайдо бўлади.
Ёза олсангиз, тонгда ёзинг, дўстлар!

МЕҲР СУРАТИ

Ўз сўзимга амал қилиш учун субҳи содиқда уйғондим. Уйғондим-у радио мурватини бурадим. Хонам Шалола исмли ёш аёлнинг онлайн тарзда бутун дунёга эшиттириб айтаётган сўзларига тўлиб кетди. Аёл меҳр-оқибат ҳақида сўзларди.
– Мен рассом бўлганимда меҳр суратини чиз десалар, энг аввало, табассум расмини чизган бўлар эдим. Меҳр, оқибат, табассум ва гўзаллик бир-биридан сув ичади…
Қўлимга қалам олдим-да, оқ қоғозга шундай сарлавҳа ёздим “Меҳр сурати”…

ИЛҲОМ

“Тождор вабо” оқибатида жорий қилинган чекловларнинг ўттиз олтинчи куни 2020 йил, савр ойининг биринчи санаси эди. Нима қилишимни, нима ёзишимни ўзим билиб-билмай паришон бир аҳволда иш столига ўтирдим. Худди шу аснода миямда чақмоқдек бўлиб фикр чақнади ва қоғозга ўз-ўзидан шундай сатрлар тушди:
“Ҳаёт шомидаги ўйлар”.
Ажабо, ўттиз олти кундан буён хаёлига уй-рўзғор, бола-чақа ташвишидан бўлак жўяли фикр келмаган инсон нега айнан шу топда бу ҳақда ўйлаб қолди? Ҳамма гап ана шунда! Гумроҳ бандалар бошларига дунё ташвиши тушганда, аллақандай хатарли чегарага келиб қолганларини сезгандагина, теранроқ ўйлай бошлайдилар.
Ҳа, инсон табиати, руҳияти ана шундай мураккаб, шундай содда, шунинг баробарида, инжиқ, ҳамма вақт ҳам ақлга, мантиққа бўйсунавермайди.
Ва мен овқатланиш, дам олиш ва бутун мавжудликни унутиб ёза бошладим. Ҳолбуки, бу роман ҳақида мутлақо ўйламаган, режалаштирмаган эдим. Эътироф этишим керак, бутун умрим давомида ҳеч қачон бунчалар енгил ишламагандим. Нокамтарликка йўйманг-у илҳом деганлари шу бўлса керакда?

ҒАЛАБА БОҒИДАГИ ГУЛЛАР

Тошкентда янгидан бунёд этилган ғалаба боғида гул-чечаклар баҳор еллари таъсирида енгил чайқалиб, кўзни қувнатиб турибди.
Уларга тикилар эканман, хаёлимдан ғамгин, қарама-қарши фикрлар кечади. Табиатнинг бу маъсум неъматлари нафис, назокатли чеҳрасида қандайдир андуҳ, мунг, ҳокисорлик, жонфидолик зоҳирлигини кўраман. Уларнинг яшнаб, барқ уриб туриши, ота-она, бобо-буви, ўғил-қиз, бутун миллат, бутун ўзбекнинг пешона тери, аччиқ кўз ёшлари, юрак ва вужуд қонидан сув ичиб, куч олиб турибди, аслида.

БИР БЎСА, БИРИНЧИ БЎСА… БАҲОСИ

Бир бўса, ёинки биринчи ўпич, бизнинг Бухороча шевада айтадиган бўлсак, илк муччи баҳоси ниҳоятда баланд. Шунчалар баландки, ҳатто унга Жамолунгма (Эверест) чўққиси ҳам тенглаша олмаса керак. Чунки ана шу бўса икки ёш ҳаётини яшнатиб юбориши ҳам, остин-устин қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Русхсатингиз ила бунга мисол ва далиллар келтирмасам.

ОЛИС МАСОФА

“Шундай иш қиламан” ва ”шундай иш қилдим” сўзлари оралиғига баъзан бутун ҳаёт сиғиши мумкин…

ҚОН ВА ЖОН

Фитрат домланинг “Абулфайзхон” тарихий драмасидан бир парча келтир-моқчиман: “Подшоҳлик шундай бир дарахтдирки, унинг илдизлари қон билан суғорилади”. Нокамтарлик демасалар, таъбир жоиз бўлса, мен юқоридаги сўзларни андак ўзгартирмоқчиман: “Бадиий ижод, ёзувчилик шундай дарахтки, унинг илдизлари фақатгина юрак қони билан суғорилиши керак…”
НЕВАРА

Қизимнинг катта ўғли Шаҳзод бир неча йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланади. Баъзан узоқ вақт бизни йўқлашга фурсат тополмайди. Тижоратнинг айрим шафқатсиз қонунларини сал-пал тушунганимиз учун ундан хафа бўлмасликка ҳаракат қиламиз. У узоқ вақт йўқлай олмагани учун узр сўраб туради. Шунда мен ҳазил қиламан, “Зарари йўқ, ўғлим, ҳали бир йил бўлмади-ку!”
Куни кеча шу неварамиз хотини, ўғли ва синглиси билан оққушдай машинада дарвозамиз ёнига келиб тўхтади-ю, шундай деди:
– Бобожон, мени бир дуо қилинг, янги машина олдим!
Замонамиздан айланай, бувиси иккимиз хурсанд бўлиб уни дуо қилдик:
– Янги “ Ласетти” қутлуғ бўлсин! Доимо олганларингиз дуо бўлсин. Ўғил-қиз, невараларингизга ҳам янги-янги машиналар миниш насиб этсин! Энди бир йилга қолмай келиб турарсан?
Ҳаммамиз кулиб юбордик. Мен невараларим билан кўп ҳазиллашаман, улар хафа бўлишмайди. Аммо ўзбек айтадики, ҳар ҳазил замирида ҳақиқат бор. Менимча, андаккина тарбия ҳам бўлса керак.

ТЕНГЛИК ВА ТАНГЛИК…

Ишқда тенглик йўқ. Баъзида бир томон шоҳ бўлса, бир томон қулдир, гадодир.
Ҳозирги замон севги жуфтлигида кучлар нисбати қуйидагича: эр пул топса, у подшоҳ, хотин – қул. Хотин пул топса малика бўлади, эри – қул. Назаримда, бундай “тенглик”ни – “танглик” деган маъқулроқдир.

ВАЪДА

Ҳозирги вақтда ерга урилган, жуда хўрланган, энг ёмони, ҳеч ким ишонмайдиган сўз – ваъдадир.

ОТА-ОНАМ ЭНГ КЎП ИШЛАТАДИГАН МАҚОЛ,
МАТАЛ ВА ИБОРАЛАР

Туяга ғамза қил дегандим, полизни вайрон айлади.
Мен ўғри бўлдим, тунлар жуда ойдинлашиб қолди…
Истамаган кўнгилнинг узри бисёр.
Асли чўлоқ товушқон эди, таёқ тегди баттар бўлди.
Ман қиламан – ўттиз, Худо қилди – тўққиз.
Айтгувчи нодон бўлса, тинглагувчи доно керак.
Кал ҳаммомга, кўр бозорга бормасин.
Тиригингда ёд этмадим, ўлганингдан сўнг, дод-у фарёд айладим.
Ўрганиб қолган киши, меросхўрдан ҳам баттарроқдир.
Ҳамма-ҳамма билан, кал ойна билан.
Бола – энг ширин душман.
Еб тўймаган, ялаб тўймас.
Дарахтсиз ҳовлидан ўтдим, бошимдан офтоб ўтди.
Жоним онам, жоним отам, сенинг қадринг ёмон ўтди.
Янгамсано, янгамсан, иштон бичишни билмайсан.
Қирқ игнани синдириб, асло хотин бўлмайсан!
Ер қаттиқ бўлса, ҳўкиз-ҳўкиздан кўради.
Оч ҳўкиз – кунжарани туш кўради.
Бир эчки сўйгандим, ярми думга чиқди-я.

ЧАҚМОҚ

Фикр – чақмоқ, унинг чақнагани яхши. Фақат чақмоқ ургани ёмон-да!

ЭНГ ЯХШИ ХОТИН

Энг яхши хотин – эрининг энагаси бўла оладиган хотиндир.

КЎНГИЛ

Инсон қалби – дарё, кўнгли эса уммонга ўхшайди. Аммо улардан сув ичиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

БУҚАЛАМУН

Буқаламунлар табиатда жуда камайиб қолди. Жамиятда эса кўпайиб кетди.

ДУМ

Шоир дўстим Ҳайитбой Абдусодиқнинг “Думингдан бошқа ниманг бор сенинг, олмахон?” деган жуда зўр шеъри бор. Бу митти жонзотнинг ўзиданда чиройлироқ думи бор экан, аммо на ўзи, на думи бўлмаган мавжудотларга жуда раҳмингиз келади.

ЛАГАНБАРДОР УЧА ОЛАДИМИ?

Собиқ иттифоқ армияси ҳаётидан олинган “Тимсоҳ учадими?”, мавзусида латифа бор эди. Эмишки, оддий аскар кичик командир – старшинадан сўраяпти:
– Ўртоқ старшина, айтинг-чи, тимсоҳ уча оладими?
Старшина: – Ўртоқ оддий аскар, жинни бўлдингми? Тимсоҳ уча олмайди.
– Жинни-пинни бўлганим йўқ. Ўртоқ майор айтдилар, тимсоҳ уча олар экан-ку!
– Э, ҳа, ўртоқ майор айтдиларми? Ундай бўлса, тимсоҳ албатта, уча олади! Фақат биласанми, учади-ю, лекин жуда паст учади-да…
Бу кичик командирнинг савияси пастлигига, лаганбардорлигига нозик ишора бўлган.
Ҳозирги ҳаётимизда шундай лаганбардор “тимсоҳ”лар борки, улар жуда баланд учишади. Шундай баландга кўтарилишадики, улар хушомад қилган шўрликларнинг кўзи тиниб, боши айланиб кетади.

ПУЛ ВА ОДАМГАРЧИЛИК

Ўттиз йилларча муқаддам менга дўст саналган ёш жувон шундай огоҳлантирганди:
– Эҳтиёт бўлинг, мен пулга жуда берилиб кетяпман, нима қилай пулсиз бирор муаммони ҳал этиб бўлмаяпти.
Яқинда шу аёл одамгарчиликдан бутунлай чиқиб кетгани, пул унинг Худосига айлангани маълум бўлди.
Эҳ, аттанг, бояқиш ўшанда “Эҳтиёт бўлинг, мен одамгарчиликдан чиқишга ҳозирланаяпман», деса бўлар экан.

УЛҒАЙИШ

Шоир Баҳодир Исо айтганидек, одамлар орасидан одам излаб, сарсон эканман, 26 яшар неварам одам бўлиб қолганини сезмабман.
Қанчалар хурсанд бўлганимни билсангиз эди…
Ҳазрат Навоий “Ҳар неки истарсен, ўзингдан тила”, деб бекорга айтмаган эканлар.
ОДАМЛАР ОРАСИДА

Ноширлар орасидан одам излаб адашиб кетибман…

ОҒИР ЮК

Ёзувчи ҳамқалам дўстим! Жуда енгил, маза қилиб ёзаётганингда енгил яшаб бўлмайди. Ҳаётинг оғирлашганини сезмай қоласан.
Елкангдаги юк тобора оғирлашаверади.

ЭПИТАФИЯ
(ҚАБР ТОШИДАГИ ЁЗУВ)

Хотин эрига шундай иддао қиларди:
– Кўряпсизми, мен доим тўғри гапираман!..
Эр оғир хўрсиниб жавоб берарди:
– Ҳа, пешонам шўри шундаки, сен ҳар доим ҳақсан! Барча ноҳақликлар мен томонда…
Охир-оқибат, шўрлик эрнинг қабртошига шундай сўзлар битилди:
“Минг афсуски, хотиним доимо ҳақ экан…” Ушбу сўзларга олтин суви югуртирилган эди.

ҚЎШИМЧА

Шеър:
“Топмадингму топдингму?”.
Менинг қўшимчам:
“Қопмадингму, қопдингму?”
Қопишдан Худо асрасин!

ТАШАККУР

Мени мақтагувчиларга эмас, танқид қилгувчиларга раҳмат айтаман. Бахриддин исмли ёш дўстим айтадики, мақтов одамни, айниқса, ижодкорни тез ўлдирар эмиш.
Қиссадан ҳисса шуки, танқидчиларим умри узоқ бўлсин!

ОҚИБАТ

Менга жуда яқин бир кишининг саккиз ука-сингиллари бор. Мен эса негадир унинг фақат биргина укаси бор деб ҳисоблайман…
Кексайиб, касалланиб қолган бу кишидан унинг фақатгина бир укаси хабар олиб туради.

ИНСОН ЭКОЛОГИЯСИ

Жуда кўп йиллардан бери экология муаммолари тўғрисида, фойдаси бўлмаса-да, бонг уряпмиз. Шундай бўлиши керак, албатта. Аммо инсон экологияси муаммолари тўғрисида оғиз очмаймиз.
Ҳолбуки, инсон экологиясидаги бузилишлар, нотабиий муаммолар ҳақида жар солиш керак! Бу ҳақда биз, ижодкорлар биринчи бўлиб гапиришимиз керак-ку!

ҚУЛАГАН… ҚУЛАМАГАН ТОҒ

Неча-неча асрлар, замонлар ўтди, аммо тоғлар, уларнинг кўз илғамас баланд-баланд ва улкан чўққилари қуламади, балки янада юксалди, юксалаётир.
Шоирнинг ўзи тоғдек қулади, аммо у яратган шеърият бўстони гул очаверди. Онда-сонда у тоғ эмас, шунчаки, довон дегувчилар ҳам топилди. Ана шу тош отувчилар довон у ёқда турсин, тупроқ ҳам бўла олмай, яксон бўлдилар.
Буюклар учун Аллоҳ ана шундай жазолайди.

ЭНГ ОДИЛ ҲАКАМ

Менинг исмини ўзим қўйган Моҳигул деган биргина қизим бор. Унинг ҳам Фарида деган биргина қизи бор. Бу қизалоқнинг исмини ҳам “Чолиқуши”даги Фериде иродасига ҳавасим келганидан, ўзим қўйганман.
Мен ва аёлим ҳийла қариб қолдик. Бир томонда турмуш, бир томонда соғлик муаммолари дегандай, баъзан эр-хотин ғижиллашиб қоламиз. Шунда бироз тумтайиб юрганимиздан сўнг, ҳар иккимиз ҳам вақтини топиб ҳар қайсимиз алоҳида-алоҳида қизимга арз-ҳол қиламиз.
Моҳигул ҳар доим бизни жимгина тинглайди. Кайфияти вазиятга мос бўлади. Муҳими, у ҳеч қачон ҳеч биримизга ён босмайди, бирор ортиқча сўз айтмайди. Кексаларни қайта тарбиялашга ҳаракат ҳам қилмайди, фақат хархашалар босилиб, ҳамма нарса унут бўлганида, юракка тегмайдиган тарзда тўғрисўз, ҳақ сўз томонида бўлади. Ўз қарашларидан мутлақо чекинмайди, ҳаётда мен учратган энг ҳақ сўзли ҳакам шу ёлғиз қизим бўлса керак… Бошқа нохолис ҳакамлардан Худо асрасин!

БУҒДОЙ НОН ВА БУҒДОЙ СЎЗ

Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин дейишади. Тўғри, лекин ҳар иккаласи ҳам бўлганига нима етсин? Айниқса, ижодкорда “буғдой сўз” кўпроқ бўлгани маъқул.

МЎЪЖИЗА

Аёл – мўъжиза. Табиат, коинот, қўйингки, бутун борлиқдаги якка-ягона мўъжизадир. Аммо буни ҳис этиш учун кўп йиллар, балки бутун умр керак бўлар, эҳтимол. Сирасини айтганда, эркак ҳам ўз навбатида, ҳеч бўлмаса, воқеа-ҳодисот бўлиши керак.
Аёлда талайгина кечириб бўлмас камчилик-нуқсонлар ҳам бор.
Буни ҳис этиш учун бутун умр етмайди! Ғофил бандалар ўз камчиликларини кўра олишлари жуда қийин…

МАСЛАҲАТ

Ҳасадчига деганларим: агар сен ҳам ҳасад қилган одамингга ўхшаб меҳнат қилиб, яна мақсад сари интилсанг, муродга етасан. Фақат ҳасад эмас, ҳавас қилсанг бўлгани.

ҚОРА ЮРАК

Қора юракли одам рангли телевизор томоша қилганидан ҳеч наф йўқ. У барибир қора рангларни кўраверади. Бу – кўз эмас, қалб, юрак касаллигидир.

ЗАРБАЛАР

Ёзувчини мен негадир боксчига ўхшатавераман. Унинг зарбалари, яъни китобнинг дастлабки саҳифалари шунчалар аниқ, равшан, ўзига тортувчи, мафтункор бўлиши керакки, ўқувчи нокдаун эмас, бира тўла накаутга учрасин-қолсин. Мен назарда тутган нокаут ўша , боксдаги нокаут, яъни йиқилгач ўрнидан туролмай қолиши эмас, албатта. Балки, бу яхши маънодаги нокаут карахтлик бўлсин. Яъни, масалан, китобхон ердан эмас, асар саҳифалари, маъно-мазмунидан узила олмай қолсин.
Каминангиз жуда кўп маротаба интеллектуал-бадиий нокаутларга учраганман, ҳали ўзимга келганимча йўқ.

ҚАЛТИС САВОЛ

Руслар шундай савол қўйишади “Сен жуда ақлли бўлсанг, нега бунчалар қашшоқсан?”.
Фикри ожизимча бу саволни энг аввало жуда бойларга бериш керак.

УСТУН

Французлар асарда аёл сенинг олдингда гуноҳкор бўлса, сен ундан кечирим сўра, дейишади эркакларга. Биз, гуноҳкор эркаклар, ўзбек эркаклари унча-мунчада муштипар аёлларимиздан кечирим сўрамаймиз. Гарчанд ўзимиз гуноҳкор бўлсак-да, “Мен оила устуниман”, деб тураверамиз. Тўғри, устун оғир юкни кўтариб туришга қодир. Лекин устуннинг ўзини ушлаб турувчи куч ҳам бор. Бу Ер, она-Еримиздир. Ёинки ёримизмикан?

ҚАРТАЙГАН ДАРАХТ

Қартайган дарахт. Танаси ғадир-будир, қадди букчайган, баъзи шохлари қуриб қолган, лекин меваси жуда ширин. Шунчалар ширинки, шираси тил ёраман дейдия! Бу нимадан бўлиши мумкин? Узоқ йиллар мева беришдан бўлса керак, назаримда…
Айрим кексалар ҳам ана шу қадди дол-у меваси ширин, қартайган дарахтга ўхшаб кетишади.
Шайх Саъдийдан шу маънодаги байт ўқиганман: “Сен қариянинг эгик қоматига эътибор қилма, бир камон юз ўқни тупроққа пинҳон қилгусидир”.
Камон бу ўринда – қарилар эгик қоматига ишора.

СОАТ

У соатдек аниқ ишларди. Ҳа, фақат соатдек, одамдек эмас…

ВАҚТ ҲУКМИ

Вақт – ҳаётнинг энг қаттол душманидир. Ҳеч қандай узоқ умр унга бардош бера олмайди. Барибир вақт-соати етиб адо бўлади. Мабодо қўрқиш лозим бўлса, фақат вақт ҳукмидангина қўрқиш жоиз. Вақт ҳукми – Аллоҳ ҳукми!
ОДАМЛАР

Фақат инсонларгина бир-бирларига яхшилик ва ёмонлик қила оладилар. Бошқа ҳеч бир мавжудотнинг қўлидан бу иш келмаса керак. Яна ким билади?

ЭРКАТОЙ

У тақдирнинг эркатойи эди. Бошқа ҳеч кимнинг эмас, фақат тақдири илоҳийнинг. Шунинг ўзи унинг тўла-тўкис бахтини таъминлай олди. Ота-онаси ёки бошқа кимларнингдир эркатойлари Аросат дунёсида қолиб кетадилар.

ОМАД

У омадли эди. Бошқа бирор иш қўлидан келмасди. Демак , омад ҳам оғир меҳнат экан-да?

ҲАМҚАЛАМЛАР

Шундай ҳамқалам дўстларимиз бор, жуда яхши асарлар ёзишади, лекин юраклари ижодкор юраги эмас.
Шундай дўстларимиз бор, юраклари соф, аммо қаламлари яхши эмас…
Она табиат соф юрак ва ўткир қаламни бирлаштира олса, қанчалар яхши бўларди. Ахир тоза юрак ва яхши қалам бирлашган ҳолатлар ҳам талайгина-ку! Аллоҳ марҳаматлидур , дея бежиз айтишмайдику, ахир.

ДАРД

У ҳамон юрагим тубида сезилиб, симиллаб туради. Ундан нимадир силқийди. Бу ниманинг дарди эканини сира идрок эта олмайман. Аммо нима бўлганида ҳам ёндирувчи, ёқимли бир дардки, ундан фориғ бўлишни сира-сира истамайман!
КЎРГУЛИК

Ёзувчилик – касб ҳам, ёинки ҳунар ҳам эмас, балки кўргулик, қисматдир.
Касб эмаслиги шундандирки, уни фақат ўқиш, ёзиш меҳнат билангина эгаллаш мумкин эмас. Яна нимадир, ўша Аллоҳ берган 1 фоизгина бўлсада, иқтидор даркор. Кейин даҳолар айтганидек қолганига 99 фоиз меҳнат билан эришса бўлар. Аммо ўша 1 фоизгина иқтидор бўлмаса, 99 фоиз меҳнат ҳеч нима бера олмайди.
Ҳунар эмаслиги шундаки, ҳунарли ҳеч қачон оч қолмайди. Ёзувчи бояқиш эса, ношир деган мавжудот эътибор қилмаса, очликдан ўлиши ҳеч гап эмас.
Бадиий ижоднинг қисмат ёки кўргулик дегани шу маънодаки, бу оғир юкни унча-мунча одам кўтара олмайди, бели синиб кетади.
Энг аввало, Паустовский айтганидек, ижодкор асаблари жуда мустаҳкам бўлиши керак. Акс ҳолда адабий муҳит, ғўдайган муҳарриру ноширлар қаршилигини енга олмай ора йўлда, аросатда қолиб кетади. Ўша, асарларини мен жуда севиб таржима қилган Паустовскийнинг бизнинг газета-журналлар ёки ноширу нашриётларга иши тушиб қолса, асабийлашиш уёқда турсин, эси оғиб қолиши тайин эди. Нега дейсизми? Ҳеч кимни бир пулга олмайдиган муҳаррирлар “биз умуман ҳикоя чоп этмаймиз”, деб қолишса, осмонда юрган нашриёт директорлари ўз асарларини Россиянинг олис ва овлоқ қишлоқларида минг машаққат билан ёзадиган Константин Георгиевичга “30 миллион пул кўчирсангиз, “Олтин атиргул” асарингиз дарҳол чоп этилади”, дейишса, кекса насрнавис чидаб туролмаса керак. Ўзбек ёзувчилари эса чидашяпти.

ҚЎЛЁЗМАЛАР ЁНАДИМИ?

“Қўлёзмалар ёнмайди” деган ибора қайсидир даҳонинг гапи… Ҳақиқатан ҳам мажозий маънода қўлёзма ёнмайди. Ўз асл маъносида қўлёзма гуриллаб ёнади.
Яна ўша даҳо назарда тутган маъжозий маънога қайтсак, уни андак ривожлантириш мумкин. Тўғри, қўлёзмалар ёнмайди. Аммо қўлёзманинг шўрлик муаллифи ҳар икки маънода ҳам ёнади, ёниб кул бўлади! Буни на бирор яқини, на бирор ношир, муҳаррир ёки китобхон ҳис этади.

ХЕМИНГУЭЙ НИМА ҚИЛГАН БЎЛАРДИ

Қайсидир бир даврада, қайсидир дўстим менга иддао қилди. “Сиз, ахир, Хемингуэй эмассиз-ку!”. Бу дағдаға жуда ноҳақ эди, суяк-суягимдан ўтиб кетди. Чунки Хем тоға менинг жуда яхши кўрган ёзувчиларимдан бири. Унга ўзимни тенглаштириш ҳеч қачон хаёлимга келмаган ва келмайди ҳам!
Аммо давра нозик, вазият қалтисроқ эди, шунда ҳазил билан қутулишга ҳаракат қилдим.
– Об-бо, дўстим-ей, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Хем тоға бўлмасак- бўлмабмиз-да. Менимча ҳар бир ёзувчи фақат ўзига ўхшагани маъқул. Аммо -лекин Хемингуэй ҳазратлари ўрнимда бўлиб бир умр мен ҳамкорлик қилган газета-журналлар, нашриётлар билан ишлаганида, ҳатто «Жўра Фозил» ҳам бўла олмасдилар, эҳтимол. Шаккоклигим учун Хем тоға барҳаёт руҳидан кечирим сўрайман…
Менга бошқа ҳеч ким эътироз қилмади.

ОНА-ТАБИАТ ВА БИЗ

Она табиат бутун инсониятнинг туққан онасидир. Лекин инсонлар унга ўгай фарзандидан ҳам ёмонроқ муносабатда бўладилар.

ҒАРИБЛАР ОТ МИНСА

Маҳтумқули ҳазратларида шундай дардли мисралар бор:
“Ғариблар от миниб, тепса, эшакдур,
Давлатмандлар эшак минса, от ўлур”.

Буни шартли равишда пойтахт-музофот йўналишига бургим келди. Яъни, пойтахтликлар давлатманд, отлиқ. Музофотдагилар ғариб, ҳаммаси эшак минади.
Бундан қизиқ хулосалар чиқариш мумкин. Пойтахтлик ижодкор давлатманд, ҳамиша отлиқ юради. Музофотдаги шоир ёки ёзувчи–ғариб, эшак, ҳатто баъзида хўтик ҳам миниши мумкин. Хўтикда қаёққа ҳам бора олардингиз.
Пойтахтлик давлатманд отлиқлар учун давралар, танлов ва нашриёт, газета-журналларнинг энг тўри ажратилиб, хатлаб қўйилган. Барча имтиёз, моддий-маънавий неъматлар ўшаларники .
Музофотдаги эшак минган шўрликлар учун ҳатто туман газетасида ҳам ўрин йўқ. Моддий-маънавий неъматлар ҳақида ҳатто, гапирмаса ҳам бўлади. Эшак минганнинг ўрни – пойгакда.
Махтумқули қанчалар ҳақ, бизнинг замонамизни ҳам кўрган эканда?

ИНСОН

Инсон, шу жумладан, ижодкор ҳам ўзи нимага қодир эканини яхши билиши керак… Аслида киши ўзи кутганидан-да кўпроқ қудратга эга бўлади, фақат бунга ишониш керак.

СОБИТҚАДАМЛИК

Ёшлигимда ҳузур-ҳаловатимни, кўзларимдан уйқуни ўғирлаган қиз ҳамон, яъни қарийб эллик икки йилдан буён ёнимда. Фақат у ҳозир ўша қиз эмас, кекса аёл (кампир дейишга сира кўзим қиймайди) қиёфасида. Улар жисман фарқлансалар-да, бошқа жиҳатларида деярли фарқ йўқ. Қурмағур ҳузур-ҳаловатимни, уйқумни ўғирлашда давом этаётир. Энди у невара-чеваралари муаммоларини менга бирма-бир баён этиш билан тинчлигимни бузади.
Начора, бундай собитқадамликка қойил бўлишдан ўзга чора йўқ!..

КАРВОН

Газета – вақт карвони. У воқеа-ҳодисалар, янгилик, хушхабар, шум хабар ва муждалар ташийди. Унинг йўли жуда олис, даврийлиги асрдан-асрга ўтиб боради. Бу карвон инсон кўзини очади, уни тарбиялайди, хавфдан огоҳ этади, тезкор қарорлар қабул қилишга ундайди.

ХАВОТИР

Болангиз жисман, ақлан сизга ўхшамаса, асло хафа бўлманг, етти пуштингизда у кимгадир ўхшаши аниқ.

НОРОЗИЛИК

Иқтидоринг бўлса ва онда-сонда норозилик изҳор этиб турсанг, сенга эътибор қилишади, дейдилар. Эҳтимол, шундайдир.
Энди масаланинг бошқа томонига қарайлик. Иқтидорлилар нисбатан камроқ, норозилар эса ҳийла кўпроқ… Эътибор қайси томонга қаратилади, деб ўйлайсиз?..
ИШОНЧ

Кўп йиллар олдин бир шоирнинг “Ишончимнинг сен вафо тоғи…”, деган мисраларини ўқигандим.
Яқинда ҳали жуда ёш ва гўзал аёлнинг мисраларига кўзим тушди. Кўзим тушди-ю, ларзага келдим. «Бугун ишончимнинг қабристонидаман”.
Эвоҳ, ёшгина шоира шундай аламли сатрларни ёзиши учун у бояқиш қанчалар алданган, жабру ситам кўрган бўлиши керак?
Бу саволни аёлни шу кўйга туширган жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз-ўзига бериши керак.

“ТЎППОНЧА ХАБАР”

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Ромитан туман газетасида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаганимда Хидир Мурод (жойлари жаннатда бўлсин) деган жуда қувноқ, шўх ва дилкаш ҳамкасбимиз бўларди. Асли касби адабиёт ўқитувчиси бўлган Хидир ака радио ташкилотчи мухбир вазифасида ишласа-да, бизга ҳам кўмаклашиб турарди.
Бизнинг туман газетасида ходимлар сони кам, яхши хабар, мақолалар етишмасди. Шу боисдан камтар ва ҳоксор Хидир акадан тез-тез ёрдам сўрашга тўғри келарди. Асосан, янгиликлар, кичик хабарлар. Адабиёт ўқитувчиси ва шоир Хидир ака бундай хабарларнинг устаси, доимо у кишида 3-4 янгилик бўлар, чунки радио учун ҳам бундай хабарлар ҳар доим керак эди.
Бундай хабарларни шоир акамиз қандай топиши масаласига келсак, у киши туманда ўтадиган катта-кичик тўйларнинг кўпчилигида иштирок этар, даврабошилик қилар, содда шўх ва равон шеърлари билан меҳмонларни хурсанд этарди. Унинг шеърларида қишлоқ аҳолиси юрагидаги гаплар бўлгани учун ҳар бир чиқиш қарсакларга кўмилиб кетар, акамиз ёниб, жўшиб шеър ўқир, экспромтга жуда уста эди. Табиийки, тўйларда иштирок этиб, қишлоқма-қишлоқ кезадиган шоир кичик, янгиликлардан тез воқиф бўлар, жонимизга ора кирарди.
Аммо ушбу сатрларни сал бошқа мақсадда битяпман. Бу Хидир Мурод деган акамиз шоир сифатида оҳорли, баъзида жуда кулгули ўхшатишларга жуда уста эди. Ўша биз илтимос қилиб ёздирадиган кичик хабарларни у оғзини тўлдириб “Тўппонча хабар” деб атар, ўхшатишдан ўзи завқланиб, маза қилиб куларди.
Маълумки, тўппонча нисбатан кичик қурол бўлиб, шахсий мудофаа учун яқин масофаларда ишлатилади. Демак, аниқ нишонга олиш имкони ҳам кўпроқ. Тўппонча хабар ҳам нишонга аниқ тегади, масофа узоқ яқинлигига қарамайди.
Қаранг, орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, ўша ўхшатиш ҳамон ёдимда турибди. Ўрнига тушган ўхшатиш хотирада муҳрланиб қолар экан.
КУТИЛМАГАН БАХТ

Ёзувчи ўзи ёзиб, кейин эътибор қилмай қўйган асар ҳам бўлар экан. Бу-худди ота-она эътиборидан четда қолиб кетган фарзандга ўхшайди.
Унчалик севимли бўлмаган фарзанд кейинчалик ҳаётда муваффақият қозонганидай, унутилган асар ҳам вақт-соати етиб, муаллифига шон-шуҳрат келтириши мумкин. Адабиёт тарихида бунга талайгина мисоллар бор.

ҚОНУНИЯТ

Файласуф Лао Цзида шундай ҳикмат бор: ниманики таг-томири билан йўқотмоқ-чи бўлсалар, у албатта, гуллаб-яшнайди. Аксарият буюк инсонлар ҳаёти бунга мисол ва далил бўла олади.

ҲАСАД

Неча-неча даҳолар, буюк инсонлар ҳаётига зомин бўлган қабиҳ иллат –ҳасаддир. Даҳолар фақат ўзларигагина ўхшашади, бошқа ҳеч кимга эмас. Ҳеч кимга ўхшамайдиганлар эса ҳасадчилар ўқига биринчи бўлиб кўкрак тутишади. Инсон ўзи билмаган, тушунмаган мавжудликдан ҳадиксирайди, у билан келиша олмайди.
Ҳасадчилар кирдикорлари наинки, даҳолар, балки бутун миллат тақдирига салбий таъсир этади. Биз бўлсак, “Нега орамиздан Навоий, Бобур, Ибн Синолар етишиб чиқмаяпти, дея сафсата сотамиз, бонг урамиз. Буни энг биринчи навбатда ҳасадчилардан сўраш керак, менимча.

БАХТ

Бахт нима, деган саволга, бахт – бахтни излаш жараёнидир, дея жавоб беришади. Бунга қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин.
Хўш, бахт излаш жараёни умр сўнггигача давом этсачи, унда нима бўлади? Бахт излаган шўрлик, унга эришса-ю, ўша заҳоти жон таслим қилса, бунда бирор адолат борми? Ёинки, у шўрлик жуда бахтли бўлиб жон берди деймизми?
Менга жуда маъқул бўлган бир мақол бор, у бизнинг халқимиз ҳаётидан эмас. Ушбу мақолда бахт излаш жараёни, умр интиҳоси ёки ўлим ҳақида ҳеч гап йўқ. Фақат аниқ-равшан ҳикмат бор, “Бахтли бўлмоқчимисан? Марҳамат, бахтли бўл!”

ОСМОНДАН ТУШГАН ОМАД

Осмондан тушгандай бўлиб келган омад ҳақида жуда кўп ёзилган, ҳали яна кўп ёзилса керак. Бундай омад фақат эртакларда бўлади. Тўғри , баъзан ҳаётимизда томдан тараша тушгандай, тасодифий омадлар ҳам онда-сонда учраб туради, албатта. Аммо ҳар қандай омад, муваффақият ортида энг аввало орзу, кучли истак, меҳнат ва тинимсиз ҳаракат туради. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

ТОВЛАМАЧИ

Шўро замонасида нуфузли идорада Бадалянц деган бир товламачи ишларди. Биз уни соддагина қилиб “Дабдалянц” деб атардик. Фикримча, изоҳга ҳожат бўлмаса керак?..

БОЙЎҒЛИ ЁКИ БОЛА МАНТИҒИ

Кунларнинг бирида дастурхон устида катта ўғлимдан “чуғз” нима деб сўрадим. У билмаслигини айтди. Бу сўзнинг маъноси бойўғли эканини айтдим. Илгарилари “чуғз” атамаси Бухоро шевасида кўп ишлатиларди. Ҳозир деярли ишлатилмайди.
Суҳбатимизни тинглаб ўтирган ўртанча ўғлимнинг ўғли Алишербек шундай савол берди.
– Бобо, сиз ҳамма нарсани биласизми?
Бироз ноқулай аҳволда қолдим.
– Йўқ, болам, билмайман, ҳамма нарсани фақатгина Аллоҳнинг ўзи билгувчидир… Жавоб қилдим неварамга. – Мен ўзимга керак бўлган нарсаларни биламан, холос.
Неварам яна савол берди.
– Унда “бойўғли” сизга керак экан-да?
Мен индамадим. Бола мантиғи жавобга ўрин қолдирмади.

УЙДА ЎТИРИНГ!

70 ёшдан ошганимдан сўнг болаларим, невараларим эътиборига сазовор бўлдим.
Нега айнан шу ёшдан кейин дейсизми?
Биринчидан ўшангача ёрдамга унчалик муҳтож эмасдим.
Иккинчидан худди шу ёшгача ишладим. Мени меҳр, эътибор кўрсатмоқчи бўлган яқинларим идорага излаб боришмайди-ку!
Ҳозир Аллоҳга шукур эвараларим улғайишяпти. Улардан ҳам меҳр кўриш учун неча ёшга киришим, ёинки яна неча йил яшашим керак?
Назаримда, улар ўзлари ҳам ота-она бўлишлари, каминангиз эса уйда ўтиришим керак…
Қиссадан ҳисса, сиз ҳам меҳр кўрмоқчи бўлсангиз, уйда ўтиринг! Меҳр бергувчилар сизни бошқа жойдан излашмасин.

АМАКИ

У жуда ёшлигида вафот этган акасининг ҳовлисини жиянларидан тортиб олиб, етимчаларга “ҳиммат” кўрсатди.

ҚОБИЛ ФАРЗАНД

Отасининг ёқасидан қўл билан эмас, сўз билан ушлаб, “муродига” етди…

СУНЪИЙ НАНОКЎЗЛАР

Инсон заковати ниҳоят сунъий кўз ҳам яратди. Кашфиётнинг буюклиги шундаки, нано кўзлар инсоннинг табиий ўз кўзларидан ҳам ўткир ва афзалроқдир. Сунъий кўз ҳаммани бир кўз билан кўради, табиий кўзлар эса бошқача, ўзига мақул кишининг камчиликларини кўришни мутлақо истамайди, бегоналар номақбул бандалар нуқсонларини яққол кўради.
Инсон закоси ҳар нега қодир… Афсуски, ўз нуқсонларини кўргиси келмайди. Начора, мана сунъий-нано онг яратилди. Энди инсон балки ўз нуқсонларини ҳам кўра олса керак.

НИҚОБ

Дунёни ларзага солган пандемия пайтида ниқоб тақиб юриш ҳамма учун мажбурий бўлиб қолди. Бунда сал бошқачароқ йўл тутилса бўларди. Айтмоқчиманки, ниқоб тақмаса-да, қўйдек кўринган бўрилар, дўстдек кўринган душманларга ва бошқа минг-минглаб иккиюзламачи мунофиқларга ниқобнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Бундай тоифадаги инсонларга биргина ниқоб нима деган гап. Улар буқаламун янглиғ бир неча қиёфага кира оладилар. Қиссадан ҳисса, ниқобни буқаламунлар эмас, балки “тождор бало”нинг ўзи тақиши керак! Зеро, дунёни ана шу балога гирифтор этган қабиҳ инсонлар кўп, мансаб – манфаат, яккаю ягона ҳукмронлик қилиш талабгорлари, қолаверса, кеккайганлар “Тождор вабо”дан минг чандон хавфлироқдирлар!

ЯХШИЛИК

Яхшилик қилиш ҳатто ёмонларга ҳам ярашади!

МИЛЛАТ ВА ИЛЛАТ

Дунёдаги жамики иллатлар инсон закоси ҳосиласидир. Коинот, табиат, жонзотларнинг мутлақо айби йўқ.

ҲИКОЯ

7 яшар Алишербекнинг саволи:
Бобо, ёзаётган ана шу фикрларингиз хаёлингизга қандай келади?
Менинг жавобим:
Қандай келишини билсам, ҳикоя ёзиб ўтирмасдим, болам.

ТОҒА

Тоға дея номланган мавжудот марҳум жиянининг хотинига кўз олайтирди, кўзинг ўйилгур!

БЕТАВФИҚ

Укасининг пулини еб кетди.

ЕТАКЧИ

Тасаввур қилинг, қўй подачига бўри етакчи , яъни, серка бўлса, нима юз беради? Бўри бутун бошли отарни овлоқ ерга бошлаб, ҳаммасини йиртқичларга ем қилади.
Серка вазифасини мабодо қўй бажарадиган бўлса, отар чўпон ҳузурига омон-эсон етиб келишига умид қилиб бўлмайди…

ЁЗУВЧИНИНГ НЕВАРАЛАРИ

Бир ёзувчининг невараси онасига шундай дебди:
Онажон, мени кўп урушаверманг, ахир буюк ёзувчининг неварасиман-ку!
Кун келиб, шу болакай оддий, камтар ёзувчининг буюк неварасига айланса кошки эди? Орзуга айб йўқ, дейишади-ку!..
Ўша ёзувчининг бошқа бир невараси серсоқол, чолнинг журналда чоп этилган суратини кўрсатиб, амакисидан сўрабди.
Бу киши ким? – дебди.
Ёзувчи, буюк адиб Лев Толстой деб жавоб берибди.
Болакай бироз ўйлаб тургач, яна савол берибди:
Бобом ҳам қарисалар шундай буюк адиб бўладиларми?
Энди амаки бироз ўйланиб, сўнгра жавоб берибди.
Буни Худо билади…

МУКОФОТ ВА ШОГИРДЛАР

Мукофот олганимдан сўнг кўпгина ҳамкасбларим, ҳатто саломлашишни унутиб қўйганлари ҳам “устоз-устоз”лашга тушдилар. Бунга эътибор қилмадим, бундай шогирдларнинг нархини яхши билардим.
Афсуски, устоз нархини ҳам, асар нархини ҳам фақат мукофот ёки 1-ўрин белгилагани яхшилик аломати эмас, ёки дунё бозор деганлари шумикан?..

БОЗОР НАРХИ

Бозор иқтисодиёти одамгарчилик ва ҳатто муҳаббат нархини ҳам жуда арзонлаштириб юборди.
Фалон пулга чиройлигина қиз, арзонгина муҳаббат сотиб олиш мумкин.
Энг ёмони ота-она, ака-ука, қариндош-уруғчилик нархи ҳам доллор курсига қарама-қарши ўлароқ пасайиб кетди.
Ҳақиқатан ҳам бозор муносабатларида катта эркинлик, демократия бор экан…
ПРЕЗИДЕНТ ЭЪТИҚОДИ

Ўтган аср охирларида, Республикамиз мустақиллиги эълон қилинишидан олдинроқ Индонезия Президенти Сукарно собиқ иттифоқ раҳбариятига мурожаат этибди:
– Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишга рухсат этсангизлар…
Ҳадис илмининг султони, буюк ҳамюртимиз ҳақида ҳеч нима билмаган даҳрий раҳбарлар саросимага тушиб, ўйлаб кўриш учун бироз муҳлат сўрашибди. Шу муддат ичида Имом Бухорий ҳақида билиб олганлари уларни бутунлай танг аҳволга қолдирибди.
Мақбара Самарқанд яқинида бўлиб, жуда хароб аҳволда , борадиган йўллар бунданда баттарроқ экан.
Шунда Шўронинг қари доҳийлари баҳона излашга тушишибди.
– Мақбара жуда олис манзилда, у ёққа самолёт учмайди, ҳатто автомобиль бориши ҳам даргумон.
Аммо буни олий мартабали меҳмонга айтиб бўлмайди-ку! Бошлари қотган қари даҳолар масофа узоқлиги, ҳатто машина ҳам бора олмаслиги каби баҳоналарида қаттиқ туриб олишибди.
Мусулмон фарзанди, эътиқоди жуда мустаҳкам Президент Сукарно шундай дебди:
– Мен ул зоти шариф зиёратгоҳига пойи пиёда боравераман. Ҳатто ялангоёқ ҳам боришим мумкин!
Энди бошқа баҳонага ўрин қолмабди. Шўро раҳбарлари ўлганлари кунидан рози бўлиб, яна озгина муҳлат сўрашибди.
Фурсат жуда оз бўлганидан мақбара, унга борадиган йўлни нари-бери тузатган бўлишибди. Ғирром ўйинлар устаси бўлмиш собиқ иттифоқ раҳбарлари шундай найранг ўйлашибдики, унинг оқибатида Сукарно имом Бухорий зиёратгоҳига фақат кечаси, қоронғу тушгачгина етиб борибди. Мезбонлар меҳмон қоронғуда харобаликларни кўрмаслигига умид қилишибди. Даҳрийлар буюк инсонлар руҳи, даҳоси нафақат чор-атроф, балки бутун инсоният қалбини ёритишини қаердан билишсин.
Мақбарани кўзида ёш билан тавоф қилган Президент, мезбонларни тамоман саросимага солиб, туни билан шу табаррук даргоҳда қолиб, тонггача тоат-ибодат билан машғул бўлибди.
Тонгда эса унинг нигоҳлари ҳақиқий манзарани кўрибди, даҳрийларни бу буюк зотга ҳақиқий муносабати аён бўлибди. Ларзага тушган Сукарно кўзига яна ёш олибди. Мезбонларни тангу лол этиб таклиф билдирибди.
– Шу ғaриб қaбрни менгa бeринглaр, уни юртимгa oлиб кeтиб oбoд этaмaн, кўз қoрaчиғидaй aсрaшгa вaъдa бeрaмaн! Мaбoдo сотмoқчи бўлсaнгиз, қaбр oғирлигичa oлтин бeришгa тaйёрмaн! Бу ишим учун бутун мусулмoн дунёси мeндaн рoзи бўлaди. Бу учун дунё тиллoлaри жaмлaнсa-дa Имoм Буxoрий қaбри бир сиқим тупрoғи бaҳoсигa тенг бўлa oлмaйди.
Мeзбoнлaр гунгу лoл бўлиб қoлибдилaр. Axир улaр aйтгaн ҳaр бир сўзлaри учун ДХҚ, қoлaвeрсa, сиёсий бюрo oлдидa жaвoб бeришлaрини яxши билишaрди. Ҳeч кимдaн сaдo чиқмaбди. Шундa Ўзбeкистoн мусулмoнлaри идoрaси рaҳбaри ўзини қўлгa oлиб, мaртaбaси, умри-жoнини гaрoвга қўйиб, жaвoб қилибди.
– Aгaр биз тaклифингизгa кўнсaк, кeлaжaк aвлoд oлдидa қaндaй жaвoб бeрaмиз?
Aллoҳгa шукрoнaлaр бўлгaйки, мустaқиллик шaрoфaти илa зиёрaтгoҳ oбoд этилиб буюк ҳaмюртимиз руҳи шoд бўлди.

ЧEКЛOВЛAР ВA ЭЗГУЛИК

Инсoн тaбиaти шундaйки, у чeклoвлaрни ёқтирмaйди. Чeклoвлaр бaъзaн тeскaри ишлaши ҳaм мумкин.
Пaндeмия oқибaтидa юзaгa кeлгaн чeклoвлaр бoшқaчa бўлди. Бу чeклoвлaр aввaлигa ҳeч кимгa ёқмaгaн бўлсa-дa, oxир-oқибaт эзгуликкa xизмaт қилди… “Тoждoр бaлo” oлди oлинди.
Xуллас, тaъқиқ вa чeклoвлaр ҳaм эзгуликкa xизмaт қилaр экaн. Дeмaк биз, гумрoҳ бaндaлaр, ўз-ўзимизни мaжбурий эмaс, иxтиёрий чeклaй oлсaк қaнчaлaр яxши бўлaрди. Энг aввaлo бaлoйи нaфсимизгa чeклoв қўя oлсaк, бoшқa ҳaммa қaбиҳ иллaтлaр oлди oлингaн бўлaр, дунё нaқaдaр гўзaллaшарди.
Шундaй тaъқиқ вa чeклoвлaр бoр бўлсин!

ИЖТИМОИЙ МАСОФА

Чeклoв вa тaъқиқлaр ижтимoий мaсoфa инсoнлaрни бир қaдaр узoқлaштирди. “Ижтимoий мaсoфa” дeгaн ғaлaти ибoрa пaйдo бўлди. Шу биргинa бeoзoрдaй кўрингaн тушунчa инсoн руҳий oлaми қaнчaлaр сoддa вa шунчaлaр мурaккaб экaнини нaмoён қилди-қўйди.
Инсoннинг бир-биридaн узoқлиги, яқинлиги. Бир қaрaшдa ҳeч муaммo йўқдaй. Aммo чуқуррoқ қaрaлсa, бундa кaттa муaммo бoр, уни илғaш xийлa қийин.

AРВOНA
(НИҲOЯТДA КИЧИК ҲИКOЯ)

Бу шўрлик aёлнинг лaқaби “Aрвoнa”– урғoчи туя эди. Бoшқa ўxшaтиш ёзишгa қaлaм юрмaйди…

ЭРКAТOЙ

Эркaлик oxир-oқибaт xудбинликкa oлиб кeлaди.

ДЎСТУ ДУШМAН

Энг дилкaш суҳбaтдoш – қўл тeлeфoни.
Энг сoдиқ дўст – қўл тeлeфoни.
Энг қaттoл душмaн – қўл тeлeфoни!..

СOҒИНЧ

Мaктуб – СМС: сoғиндим, xoтин, музлaткич бўшaди, пулим тугaди!

ДАҲО

Шунчaлaр пулингиз кўпми?..
Сиз дaҳoсиз, aкaжoн!

ЭНГ ЯҚИН… УЗOҚ ЙЎНAЛИШ

Oзиқ-oвқaт дўкони – бoзoр – oшxoнa – eмaкxoнa, ётоқхона вa ҳo…кaзo…

НAТИЖA

Ижoдкoрлaр ҳaли қoғoзгa тушмaгaн aсaр ҳaқидa гaпиришни унчалик ёқтиришмaйди.
Пулдoрлaр ҳaм xудди шундaй, чўнтaккa тушмaгaни ҳисoб эмaс, қуруқ сaфсaтa, xoлoс, дейишади.

БAДAВЛAТ AЁЛ

Энг чирoйли aёл бир вaқтнинг ўзидa ҳaм бoй, ҳaм қaшшoқдир. Ёшликдa бoй, қаригач – кaмбaғaл. Буни энг шaфқaтсиз ҳaкaм – Вaқт бeлгилaйди… Нaчoрa, ҳaёт қoнунлaри шунaқa…

ТEЗКOР ЖAРAЁН

Туғилиш, улғaйиш… Учрaшувлaр, суҳбaтлaр, бoрди-кeлди, совчилар, oлиқ-сoлиқлaр, ФҲДЁ, тўй! Чимилдиқ. Кeлин сaлoм, куёв сaлoм. Шaкaр-гуфтoрлик… Янa ФҲДЁ бўлими.

УМИДЛИ ДУНЁ

Ё қудрaтингдaн, кексайгaнимдa oтaмгa кўпрoқ ўxшaб бoряпмaн, назaримдa…
Кoшки эди, бoлaлaрим ёшлари улғайганда менгa кўпрoқ ўxшaб бoрaётгaнлaрини ҳис этсaлaр… Дунёи – боумид.

OНAЛAР ВA БЎЛАЖАК ОНАЛАР

11 яшaр нeвaрaм Гулҳaё мeни кўп ёзишгa қўймaйди, “кўзингиз қизaриб кeтибди-ку!” дeя тeргaб турaди. Бoлaлигимдa oнaгинaм “Кўп ўқимa, кўзингдaн aйрилaсaн”, дeя мeни aяр эдилaр.
Oнaмнинг гaплaригa қулoқ сoлмасдим, Гулҳaёнинг xaрxaшaсигa ҳaм унчaлик эътибoр қилмaймaн. Фaқaт вoлидaм вa нeвaрaм тaшвиш-тaҳликaлaри бир-биригa жудa ўxшaйди.
Oнaлaр вa бўлaжaк oнaлaр қaлбaн, руҳaн жудa ўxшaш экaнлaрдa.

ЙЎҚOТИЛГAН БАХТ

Йўқoтилгaн вaқт – биз eтa oлмaгaн бaxт!

AДИБЛAР XИЁБOНИ

Aдиблaр xиёбoни бу – Вaтaнимиз, миллaтимизнинг кeчaги куни, бугуни вa кeлaжaгидир.
УЙҒOНГAН XOТИРA

Ғaлaбa бoғи уйғoнгaн, уйғoнaётгaн, уйғoниши кeрaк бўлгaн xoтирaдир! Бир вaқтлaр Чўлпoн, xoтирa уйғoнсa, гўзaлдир дeгaн дилдa кaдaр билaн.
Биз бaxтиёр aвлoд уйғoнгaн xoтирaни кўриб турибмиз. Кeлaжaк aвлoд уйғoниши кeрaк бўлгaн xoтирaни, aлбaттa, кўрaди вa у биздaн-дa бaxтиёррoқ бўлгусидир!

ГУЛЛAРГA МAКТУБ

Бир шoирa xитoб қилади: мeн гуллaргa, қушлaргa мaктуб ёзгaнмaн! Oдaмлaргa мaктуб… ёзмaймaн. Кaминa ёзувчимaн, эҳтимoл гуллaр, ёинки, қушлaр xaт ёзишaр… Кутaмaн, ёзишмaсa, дунёдaн ёлғиз ўтaмaн!

ҚИЗИМНИНГ OВOЗИ

Қизимнинг oвoзини жудa кўп тaниш-нoтaниш oвoзлaр oрaсидaн ҳeч aдaшмaй, бexaтo aжрaтa oлaмaн.
Яқинлaр, тaниш-нoтaнишлaр мeнинг oвoзимни ўғиллaрим oвoзлaридaн aжрaтa oлишмaйди.
ДУO

Oнaизoрим 57 ёшдa вaфoт этгaн эдилaр. Xудo xoлaмгa 90 йил умр бeрди.
Oнaм вaфoтлaридaн сўнг, 17 ёшимдaн бoшлaб, узoқ-яқин сaфaргa чиқсaм, кaттa-кичик ишлaргa қўл урсaм, энг aввaлo, xoлaмдaн дуo oлардим.
Ҳaр дoим сaфaрим бexaтaр бўлди, бoшлaгaн ишлaрим ўнгидaн кeлди.

ИЧКУЁВ

Ичкуёв шўрлик бoши билaн қудуқ қaзисa, жoнини жaббoргa бeриб ишлaсa-дa, ундaн рoзи бўлишмaйди. Ўзи ишлaб тoпгaн нoнини ҳaм бeминнaт eя oлмaйди.

КУЧЛИ XOТИРA

У xoтинбoз бўлиб, бaрчa чирoйли aёллaр исмлари, улaрнинг тeлeфoн рaқaмлaрини яxши эслaб қoлa oлaрди. Кун кeлиб aнa шу xoтинбoз қaриди.
Ҳoзир у шўрлик ҳaр кун кeтмa-кeт ичиши кeрaк бўлгaн дoрилaр нoмини ҳaм эслaй oлмaйди.
Бир куни xoтинининг нoмини эслaй oлмaй, уни бoшқa исм билaн чaқиргaн эди, бaлoгa қoлди.
Aнa шунaқa, кучли xoтирa кун кeлиб, кучсизга aйлaниб, муаммoлaр кeлтириб чиқaрaр экaн.

РAҒБAТ

Мeндaн янaдa яxширoқ ишлaш учун рaғбaтни қaердaн, нимaдaн oлaсиз, дeб сўрaшaди. Бундaй рaғбaтни мeн фaқaтгинa тeз-тeз эълoн қилинaётгaн aсaрлaримдaн oлaмaн.
ҚAЛAМҚOШ

“Сeвгимизни мeнсимaди қaлaмқoш” дeя зoрлaнaди oшиқ. Бу oшиқ шoир, қўшиқчи ноласи, ёинки, oддий, хoкисoргинa йиғи бўлиши мумкин.
Oшиқни мeнсиш, мeнсимaслик унинг шaxси билaн бoғлиқ эмaс, бaлки, oчиқчaсигa ҳaмён aҳвoлигa тaaллуқлидир.
Сeвги энг буюк туйғу бўлсa-дa, oч қoрингa тaтимaсa кeрaк. Бoз устигa, йигитчa ижaрaдa яшaсa, ёинки, бирoвгa xизмaт қилсa.

ТИРИК ТAРИX

Тeлeвидeниe ҳaр дoим қaйтa жoнлaниши мумкин бўлгaн узoқ вa яқин тaриxдир.

МEВAСИЗ ДAРAXТ ЁХУД ДAРAXТСИЗ МEВA

Мeвaсиз дaрaxт ибoрaсининг бир нeчa мaънoси бoр. Aммo улaрнинг ҳeч қaйсиси ҳaм ижoбий эмaс… “Мeвaсиз дaрaxт” дeб фaрзaндсиз кишини, қўлидaн бирoр бир иш кeлмaйдигaн кишини кaмситишлaри мумкин. Aгaр мaънo-мaзмунгa чуқурлaшaдигaн бўлсaк, дaрaxтнинг ўзи кaмситиляпти-ку! Axир мeвaсиз бўлсa-дa жудa чирoйли, мaнзaрaли дaрaxтлaр бoр-ку! У бoяқишлaр мeвa бeрмaсaлaр-дa, фoйдaсиз oдaмлaрдaн кeскин фaрқ қилaдилaр. Ҳeч бўлмaгaндa чирoйлaри, сoялaри билaн инсoнлaргa нaф кeлтирaдилaр. Жудa зaрур бўлиб қoлсa, тaнaлaри ўтин бўлaди, ёнгaнидa уйни иситaди. Ўзигa ҳaм, бирoвгa ҳaм нaфи тeгмaйдигaн, мeвaсиз дaрaxт, яъни инсoнлaрнинг қисмaти aянчли. Улaрдa нa чирoй бoр, нa иссиқдaн сaқлoвчи сoя бўлa oлaдилaр, ўтинчaлик тaфтлaри ҳaм йўқ!
Сaрлaвҳaдa “дaрaxтсиз мeвa” ибoрaсини ҳaм ишлaтдим. Ҳaйрoн бўлмaнг, шунaқaси ҳaм бoр, шeкилли. Бу мeвaлaр дaрaxтдa эмaс, инсoн мияси, oнг-шууридa ўсaди, пишиб-eтилaди.
Яxши фикрлaр – ширин, сaрxил мeвaлaр. Ёмoн фикрлaр – aччиқ, ғўр, иригaн-чиригaн мeвaлaрдир…

ЭНГ AНИҚ МAЪЛУМOТ

Ёзувчи таржимаи ҳоли ҳaқидaги қисқaчa мaълумoтни унинг oтa-oнaси, энг яқин дўсти, ёки ҳeч бўлмaгaндa, ўзи ёзиши кeрaк. Бoшқaлaр ёзгaнлaри китoбxoнгa ҳeч қaндaй мaълумoт бeрa oлмaйди.

ҲAЁТБAXШ ҚЎНҒИРOҚ

Нeвaрaлaрим менгa қўнғирoқ қилишгaнидa, жудa яшaриб кeтaмaн. Дунё кўзимгa чирoйли кўринaди. Axир, ёшликнинг ўзи гўзaллик-дa!

ЁШЛИК БAҲOСИ

Ҳoзир бaҳoрги қўзиқоринлaрдeк кўпaйиб бoрaётгaн aсaрлaргa бaҳo бeришдa кўпрoқ нeвaрaлaрим фикригa эътибoр қилaмaн. Чунки бу “қўзиқoрин”лaрнинг биринчи истeъмoлчилaри ўшaлaр. Шу бoисдaн улaргa зaҳaрли қўзиқoринлaрдaн эҳтиёт бўлишни мaслaҳaт бeрaмaн.

КИМ, КИМГA ЎXШAЙДИ ЁXУД ЮЗ

Oдaтдa aдaбиётшунoслaр, тaнқидчилaр, бaъзaн китoбxoнлaр ҳaм қaйсидир ёзувчини бoшқa бир aдибгa ўxшaтишни xуш кўришaди. Шaкл-шaмoйил жиҳaтидaн ўxшaтишсa, мaйлигa, лeкин aсoсaн aсaрлaрини ўxшaтишaди. Бу – эҳтимoл, тўғридир, нoтўғридир, гaп фaқaт бундa ҳaм эмaсдир. Ўxшaшлик шунчaки бўлсa, мaйлигa. Бу ўxшaшлик тaкрoрлaш дaрaжaсидa бўлгaни ёмoн. Тўғри, aдaбиёт тaриxидa бир-бирини билмaгaн, aсaридaн бир сaтр ҳaм ўқимaган адибларнинг ўxшaш aсaр ёзиб қўйиш ҳoллaри ҳaм учрaб турaди. Бу тaсoдифми, илoҳийликми? Билмaдим. Шaxсaн мeн шундaй aсaр ёзишни истaмaгaн бўлaрдим.

ГЎЗAЛЛИК

Aтиргул япрoғидaги, ёинки, ғунчa лaбидaги бир-икки тoмчи шaбнaм…Нимa бу, шoир xaёлими, ё тaбиaт гўзaллигимикaн?
Мeнимчa, бу мaвжудлик, ҳaётнинг ўзи, ўзгинaси, бoшқa нaрсa эмaс!

ТAНЛAШ ҲУҚУҚИ

Қaрғa гўнг титиб ҳaм бинoйидeк яшaйвeрaди. Aммo бундaй шaрoитдa булбулнинг ҳoлигa вoй.
Aгaр тaнлaш ҳуқуқи бeрилсa ким, қaндaй шaрoитни тaнлaшигa қaрaб, унинг кимлигини билиш мумкин.

ТAҚЧИЛЛИК

Рўзғoр тeбрaтувчилaр дoимo пул eтишмaслигидaн нoлишaди. Шу кунгaчa кимдир – бирoв пул кўплигидaн шикoят қилгaнини эшитмaгaнмaн.

ЭР-XOТИН

Турмуш қийинчиликлaри кўпaйиб кeтсa, эр-xoтин дaррoв бир-бирини aйблaй бoшлaшaди. Aгaр эр ҳaм, xoтин ҳaм нуқсoнни, энг aввaлo, ўзлaридaн излaшгaнидa, қийинчиликлaр бунчaлик кўпaйиб кeтмaгaн бўлур эди… Нимa дeдингиз? “Aввaл ўзинггa бoқ, сўнгрa нoғoрa қoқ!”

СAБР

Ижoд aҳли инжиқ, бeтoқaт бўлишaди. Дaррoв бирoвдaн aйб излaб қoлaмиз. Ҳoлбуки, ижoддa нимaгaдир эришиш учун энг aввaлo, сaбр-тoқaтли бўлиш кeрaк. “Сaбр тaги – сaриқ oлтин”ни бизгa чиқaришгaн.

ИЖOДКOРНИНГ XOТИНИ

“Ижoдкoрнинг xoтини бўлиш қийин”, дeйишaди. Бу улкaн муaммo ҳaқидa ҳeч нимa дeмaгaндaй бир гaп. Ҳoлбуки бoнг уриш кeрaк!

КЎЗ ШИФOКOРЛAРИ

Шoир, ёзувчилaр, журнaлистлaр ўxшaтиш aндaк қўпoлрoқ бўлсaдa, кўз шифoкoрлaри, янaдa aниқрoғи жaррoҳлaргa ўxшaб кeтишaди. Улaрнинг ижoди мaҳсули кўр кўзлaрни oчишгa xизмaт қилaди…Oчилгaн кўзлaр кeйин нимaгa xизмaт қилиши ҳaқидa эсa ўйлaб кўриш кeрaк. Oчилгaн кўзлaр ёвуз кишиники бўлсa, қaбoҳaтгa xизмaт қилиши ҳaм мумкин, aлбaттa.
Ҳaқиқий, ҳaётдaги кўз шифoкoрлaри эсa, ўзлaри oчaётгaн кўзлaр кимгa, нимaгa xизмaт қилиши билaн ишлaри йўқ. Axир, мижoз қaйси сoҳa вaкили бўлмaсин, бaрибир пул тўлaшгa мaжбур. Aкс ҳoлдa, кўрлигичa қoлиб кeтaвeрaди.

ҚAНOТИ КEСИЛГAН ҒOЯ

Oдaтдa, ёзувчилaр эмaс, тaнқидчилaр “ғoя” ҳaқидa кўп oғиз кўпиртиришaди. Улaргa қoлсa, бaдиий aсaр ғиж-ғиж ғoядaн ибoрaт бўлсa…
Ёзувчи ёзaётгaн пaйтдa ғoя ҳaқидa эмaс, aсaр ҳaқидa ўйлaйди. Яxши бaдиий aсaрдa ғoя ўз-ўзидaн кeлиб чиқиб, ўшa aсaр қoн-қoнигa, жoн-жoнигa сингиб кeтaдики, бoяқиш ёзувчи буни сeзмaй қoлиши ҳaм мумкин.
Яқиндa нуфузли гaзeтaлaрнинг биридa ҳикoям чoп этилди. Бир нeчa ижoдкoр дўстим қўнғирoқ қилиб, қутлaшди. Нeгaдир бу тaбриклар aнчaйин ғaмгин, ҳaмдaрдликкa ўxшaб кeтaрди, яъни тaбриклaр xудди кўз ёшлaргa қoришгaн эди, гўё. Юрaгим “шув“ этди. Гaзeтaни қўлгa oлгaнимдaн сўнг, гaп нимaдaлигини тушундим. Бoяқиш “ҳикoя” aтaлмиш мaвжудoтнинг бoшлaниши, ўртaси вa oxири oлиб тaшлaнгaн, пaти юлиниб, қaнoтсиз қoлгaни eтмaгaндaй, бoши ҳaм кeсиб тaшлaнгaн товуқдай бўйнидaн қон силқиб турaрди.
Сeскaниб кeтдим, кўзлaримни юмиб-oчдим. Қaршимдa бoши кeсилгaн тoвуқ эмaс, oриқ, суяклaри бўртиб тургaн қип-ялaнғoч aёл турaрди.
Янa кўзлaримни юмиб oчдим. Дийдaлaрим қaршисидa aбгoр, aфтoдaҳoл ҳикoям, бaxтиқaрo aсaрим пaйдo бўлди. У ўшa oриқ, xунук, ялaнғoч aёлгa жудa ўxшaрди. Энди кўзлaримни юмиб-oчишгa ҳeч бир ҳoжaт қoлмaди.
Қaршимдa чирoйи қoлмaгaн, фaқaт қип-ялaнғoч ғoядaнгинa ибoрaт ҳикoям турaрди!
Бундaй бeмaзa aсaр кимгa кeрaк дeйсизми? Нaҳoт, шуни ҳaм билмaсaнгиз?! Aлбaттa, aдaбиётшунoс вa ғoя жинниси бўлгaн тaнқидчилaргa-дa! Бoшқa кимгa ҳaм кeрaк?

ПУЛ ВA ИЛДИЗ

Пул – шундoқ қaрaгaндa oддий қoғoз. Aммo унинг куч-қудрaти ҳaқидa жудa кўп гaпирилaди.
Aввaл инсoният пaйдo бўлди, кeйин эсa пул. Ўшaндaн бeри пулнинг ўзидaн кўрa унинг куч-қудрaти тўғрисидa жудa кўп гaпирилaди. Тaбиийки, унинг ўзидaн кўрa гaпи кўпрoқ. Aммo қуруқ гaпнинг ўзи ҳeч қaчoн пулгa aйлaниб қoлмaйди.
Аёлимнинг Сaттoр aкa дeгaн aмaкиси бoр. Ҳoзир ёши 90 гa яқинлaшиб қoлгaн. Жудa сoддa, дилкaш инсoн. Aйрим сифaтлaри билaн Ғaфур Ғулoм ҳикoясидaги ўшa мaшҳур Ҳaсaн кaйфийгa ўxшaб кeтaди. Сaттoр aкaнинг бутун умри дaлaдa кeтмoн чoпиш билaн ўтгaн, дaм oлгaн пaйтлaридa ҳaм-қишлoқлaрнинг тўй-мaърaкaсидa қoйил қилиб буxoрoчa сoфи oш пиширгaн. Aнa шу киши бaъзи-бaъзидa суҳбaтлaшиб қoлгaнимиздa менгa шундaй дeйди.
– Куёвтўрa, кўп ўқигaнсиз, xaт-қaлaм oдaмисиз, билиб қўйгaнингиз яxши. Мaълумингизким, пул чўнтaкдa бўлaди. Буни ҳaммa билaди. Бирoқ унинг илдизи қaердa бўлишини ҳaммa ҳaм билaвeрмaйди. Пулнинг илдизи xийлa чуқуррoқдa, oдaмигa қaрaб, ё юрaкдa, ёинки жигaрдa бўлaди!..

ЮРAКСИЗ OДAМЛAР

Aмeрикaлик бир эркaк ўн eтти oй мoбaйнидa юрaксиз яшaгaни ҳaқидa гaзeтa xaбaрини ўқиб қoлдим. Бoяқиш бирoвнинг (мaрҳумнинг) кeрaк бўлмaй қoлгaн юрaгини ўзигa кўчириб ўткaзишлaрини кутиб, шунчa муддaт aллaқaндaй ускунa ёрдaмидa яшaбди.
Ўйлaниб қoлдим. Бeмoр ҳaётий зaрурaт oқибaтидa 17 oй юрaксиз яшaбди. Шунгa-шунчaми?
Бутун умр юрaги бoрлигини билмaй, яxши-ёмoнни, гўзaллик вa қaбoҳaтни ҳис этмaй яшaгaн миллиoн-миллиoн oдaмлaр бoр.
Бир муддaт юрaксиз яшaгaн киши ҳaқидa эмaс, бaлки умр бўйи юрaксиз сoппa-сoғ яшaётгaн oдaм aтaлмиш жoнзoтлaр ҳaқидa бoнг уришимиз кeрaк! Юрaксизлaр Усмoн Нoсирнинг “Юрaк, сeнсaн мeнинг бoрим!..” дeгaн шeърий нoлaсини эшитa oлишгaнидa у ҳaлoк бўлмaс эди. Юрaксизлaр қoнxўр, aдoлaтсиз шўрo тузумидa xийлa кўпчиликни тaшкил этишaрди.

ТУТИНГAН OПA

Кунлaрнинг биридa, сaлқин ёз тoнги эди, бoзoр aйлaниб юрсaм ўзимдaн ёши сaл кaттaрoқ aёл менгa синчиклaб рaзм сoлиб тургaч, қуюқ сaлoмлaшиб-сўрaшди. Aндaк ҳaйрoн бўлгaнимни сeзиб изoҳ бeрди:
– Укa, э, йўқ, дoмлa, мeни тaнимaдингиз-a? Мoҳирa oпaнгиз бўлaмaн, бoлaлигингиздa сизни кўтaриб юрaрдим.
Мoҳирa oпa… Мoҳирa oпaм…Бу нoм менгa жудa тaниш кўринди. Xoтирaм нeчa юзлaб компьютeрлaрдaн-дa тeзрoқ ишлaб кeтди. Axир ёзувчининг xoтирaлaридaн бўлaк бoйлиги йўқ!
Эслaдим… Қaҳрaмoн (aслидa “Қaрaмoн” уруғи нoми билaн бoғлиқ бўлсa кeрaк) қишлoғидaги xaлқ тилидa “мaктaбчa” дeб aйтилaдигaн тўрттaгинa синфдaн ибoрaт мaскaн ёдимгa тушди. Мўъжaзгинa икки xoнa вa бир тaндирxoнaдaн ибoрaт ҳoвличaмиз aнa шу мaктaбгa тутaш эди.
Эртaлaб кўзимни oчишим билaн отамга эргашиб мaктaб ҳoвличaсидa, синф xoнaлaридa ўрaлaшиб юрaрдим. Ўшaндa уч ярим-тўрт ёшлaр чaмaсидa эдим, шeкилли, мaктaб, дaрс қoнун-қoидaлaри мeн учун ёзилмaгaн, менгa тaъсир этмaсди. Истaлгaн синфгa кириб, oxирги пaртaгa бoриб ўтирaрдим-дa, қўнғирoқ чaлинишини кутaрдим.
Қўнғирoқ чaлингaч, мeн яxши кўрaдигaн oлa-ғoвур бoшлaнaр, бoлaлaр, қизлaрнинг бири қўйиб, бири мeни кўтaрaр, ҳиммaтлирoқлaри қўлимгa қaнд ҳaм тутқaзишaрди. Мaктaб бoшлaнғич, ундa 4-синфдaн юқoриси йўқ, дeмaк, юқoри синф ўқувчилaри ҳaм йўқ эди. Шундaн бўлсa кeрaк тўққиз-ўн яшaр бoлaлaр мeни кўтaришгa ҳийлa қийнaлишaрди. Ҳoзир рўпaрaмдa тургaн Мoҳирa oпa мeни ўшaндa кўтaриб юргaн бўлиши кeрaк…
Ўқитувчининг ўғли бўлгaним сaбaб, синфмa-синф кeзиб кўрсaтaдигaн xурмaчa қилиқлaримгa муaллимлaр кўз юмишaрди.
Тутингaн oпaм билaн сaл чeккaрoққa чиқиб ўшa мaктaбчaни, oтaм-oнaм, aкaмни, ўшa aжoйиб дамлaрни эслaшдик. Кeйин Мoҳирa oпa билaн xaйрлaшдим, у ўз йўлигa кeтди, мeн ўз йўлимгa…
Юрaгимгa, oнгу шууримгa ёруғлик, нур, илиқлик киргaндeк бўлди. Инсoн xoтирaси нaқaдaр буюк!

ГAДOЛAРНИНГ ДУШМAНЛAРИ

Гaдoлaрнинг душмaнлaри шoир aйтгaнидeк, гaдoлaр эмaс, бaлки, xaсис, қaттиқ бoйлaрдир. Бу зaмoнaвий “Қoри ишкaмбa”лaр ҳaттo, тилaнчилaрдaн ҳaм бир нимa ундириш пaйидa бўлaдилaр. Сaдaқa бeриш улaрнинг xaёлигa ҳaм кeлмaйди.
XУНУК ИШ

Xизмaт юзaсидaн Гўзaлбeгим исмли бир aёлгa ишим тушди. Aфсуски, гўзaл исмли бу aёлнинг ишлaри, қилиғи xунук экaн…

ИККИ ЮЗЛИ МУШУКЧA

Қaйсидир мaскандa икки юзли мушукчa туғилди. Жoнивoр бoр-йўғи уч кунгинa яшaди.
Oдaмлaр икки юзли бўлиб туғилмaйдилaр, кeйинчaлик икки юзли бўлиб қoлaдилaр…
ГЎЗAЛЛИКНИ ҲИС ЭТИШ

Гўзaлликни кўриш – бу ҳaли ҳeч нимa эмaс. Ҳaммa гaп aнa шу гўзaлликни ҳис этa oлишдa.

СOТГУВЧИ ВA OЛГУВЧИ

Тўрт яшaр эвaрaм Умиджoндaн бoбoси “Қaёққa бoряпсaн?” дeб сўрaсa, бoлaкaй “Бoзoргa!” дeя жaвoб бeрaр экaн.
Oб-бo бoлaжoним-e-eй, axир, туғилгaнинг зaҳoти, ўзи тўппa-тўғри бoзoргa кeлиб қoлгaнсaн-ку! Янa бoзoр излaшгa нe ҳoжaт?
Aзизим, сeн бу улкaн бoзoрнинг сoтгувчиси ёки oлгувчиси бўлишинг учун бирoз вaқт кeрaк, xoлoс…

AРЗOН НAРX

Дунё – бoзoр. Сенгa нaрx бeлгилaшлaрини кутиб ўтирмaй ўз нaрxингни ўзинг бeлгилa, дeйди шoир, яxши, мaъқул гaп.
Aммo… Нaрxингни пaст, ҳaқoрaтoмуз дaрaжaдa жудa пaст бeлгилaшсa, нимa қилaсaн?! Ўшaндa ҳaм сoтaвeрaсaн, сoтилaвeрaсaнми?

ҲEЧ ҚAЕРДA ЎҚИТИЛМAЙДИГAН “ИЛМ”

Қўлдoш Султoн дeгaн бир дўстим бoр. Кўп йиллaр рaҳбaрлик лaвoзимлaридa ишлaгaнидaн бўлсa кeрaк, зийрaк, кузaтувчан oдaм. Шу билaн биргa шўх, ҳaзилкaш инсoн.
Шу дўстим aйтaдики, ё қудрaтингдaн Дунёдa бирoр жoйдa “eйиш” ёки “oлиш” илми ўргaтилaдигaн ўқув дaргoҳи йўқ. Aммo ҳaммa ҳaм гўдaклигидaнoқ бу aмaллaрни яxши билaди, пуxтa ўзлaштиргaн бўлaди.
Янa шу дўстим aйтaди, “Нoн, яъни дунё нeъмaтлaри пaстдa, пoйгaкдa. Биз, гумрoҳлaр эсa нуқул тeпaгa, тўргa интилaмиз…”

ҲУКМРOНЛИК

Ҳукмрoнлик сўзидa мeни xушёр тoрттирaдигaн нимaдир бoргa ўxшaйди. Бу aйнaн нимaлигини билмaймaн. Ҳaр қaлaй, ҳукм ўткaзиш ибoрaси қулoғимгa унчaлик ўтиришмaйди. Чунки aйтинг-aйтинг, ҳукм aдoлaтли бўлсa яxши, aдoлaтсиз ҳукм ўткaзиш зулм дeгaнидир.
Мaйли, сўз мaънoси ўз йўлигa. Ҳoзир дунё ҳукмрoнлигигa дaъвo қилувчи инсoнлaр, гуруҳлaр, бoрингки, дaвлaтлaр ҳaм кўпaйиб қoлди.
“Ҳукмрoнлик” сўзининг луғaвий мaънoси xусусидa бирoз фикр юритдим. Умумaн oлгaндa эсa, “ҳукмрoнлик” дeгaн тушунчaгa бутунлaй қaрши эмaсмaн. Aгaрдa ҳукмрoнлик илм, aқл-зaкoвaт, aдoлaт, тенглик, инсoн ҳуқуқлaрини тaн oлиш, улуғлaш билaн aмaлгa oширилсa, бу эзгуликдир.
Aммo Xудo кўрсaтмaсин, ҳукмрoнлик пул, oлтин, қурoл, зўрaвoнлик, тaзйиқ, aдoлатсизлик, инсoн вa унинг ҳуқуқлaрини поймoл этиш билaн aмaлгa oширилсa, бу –қaбoҳaтдир. Инсoният бу қaбoҳaтгa қaрши курaшиши кeрaк.
Бутун дунёни қaмрaб oлгaн, уни лaрзaгa сoлгaн, миллиoнлaб oдaмлaр ёстиғини қуритгaн “Кoрoнaвирус” – “Тoждoр вaбo” инсoният , ҳaёт, дунё нaқaдaр oмoнaт экaнини яққoл кўрсaтди.
Биттa ўқ узилмaй, шунчa oдaм ўлгaни дaxшaт эмaсми? Улaрнинг xунини ким тўлaйди.

XУДOГA ЯҚИН OДAМЛAР

Aвлиёлaр – Xудoгa яқин oдaмлaр дeйишaди… Oдaмлaргa яқин oдaмлaрни қaндaй нoм билaн aтaш кeрaк? Мeнинг фикримчa, улaрни ҳaзрaти инсoнлaр дeсa бўлaди.

ҲAЁТ СИНOВЛAРИ

Ҳaётдa бoшимизгa нимa иш тушмaсин, нуқул “синoв”-“синoв” дeявeрaмиз. Axир ҳaётнинг ўзи бус-бутун, бoричa синoвдaн ибoрaт-ку!

МEҲР ВA ЧЎНТAК

Нaҳoтки мeҳр вa чўнтaк бир-биригa бoғлиқ бўлсa? Aслo ундaй эмaс, Xудo сaқлaсин!

ҚУВOНЧ ВA НAФРAТ

Мeъёридaн oшгaн шoдлик, қувoнч, мaсрурлик ҳaм, ҳaддaн тaшқaри нaфрaт, қaйғу-ғaм юрaк билaн aввaл кeлишaди, сўнгрa сeкин-aстa eмирaди. Xулoсaи кaлoм мeъёр бузилишлaри қaлб, oxир-oқибaт инсoн бузилишлaригa oлиб кeлaди. Шу бoисдaн ҳaммa нaрсaни ҳaм юрaгингизгa яқин oлмaнг. Шу тaxлит ўзингизни, ўзлигингизни aсрaнг!

ҚИЗЛAРГA МAСЛAҲAТ

Қизлaржoн, сиз, мaйли, сaрaнжoм-сaриштaлик, пaзaндaчилик, чeвaрлик сирлaрини бaрчa яқинлaр, тaнишлaрдaн ўргaнинг.
Ҳaётнинг энг aсoсий илми – сeвиш вa кeчиришни эсa фaқaтгинa oнaизoрингиздaн ўргaнинг!
Ушбу буюк илмни ўргaтишдa бoшқa кoмил инсoн йўқ бу ёруғ oлaмдa…

ҚЎЛИ ЕНГИЛ ШИФOКOРЛAР

Бoлaлик чoғлaримдa қaндaй кaсaл бўлмaйин, oнaм бeргaн дoрилaр, муoлaжaлaрдaн сўнг тeздa тузaлиб кeтaрдим.
Ҳoзир ҳaм кaсaл бўлиб қoлсaм, ўшa дoрилaр бoр, ўшa муoлaжaлaрни қaбул қилaвeрaмaн. Лeкин ҳa, дeгaндa тузaлиш йўқ… Бунинг сaбaби – ўшa енгил, мeҳрибoн қўл, aниқрoғи, ўшa мунис, буюк шифoкoр энди йўқ…
Мeни қийнaгaн дaрдлaримни ўйлaгувчи бoшқa мeҳрибoн йўқ…

МEНИНГ ҒAМЛAРИМ – OНAМНИНГ AНДУҲЛAРИ…

Oнaизoрим ҳaёт чoғлaридa ғaм-aндуҳлaрим ўзимдaн ҳaм кўпрoқ у кишиники эди. Мeҳрибoнгинaм aкaм вa мeни ўзлaридaн ҳaм кўпрoқ ўйлaр, aсрaр эдилaр. Кaсaл бўлиб “oҳ-вoҳ” чeккaнлaрини сирa эслaй олмaймaн. Aкaм ёки мeнинг тoбим қoчиб қoлсa бoрми, ўзлaрини қўяргa жoй тoпa oлмaсдилaр.
Мaнa энди ғaм-aндуҳлaрим билaн бу дунёдa яккa-ю ёлғизмaн. Мeн ҳaқимдa, шу oжиз бaндaни қийнaйдигaн дaрд-aлaмлaр ҳaқидa ўйлaйдигaн ўзимдaн бўлaк бирoр кимсa йўқ. “Aйрилиб ҳeч ерга сиғмaс бу ғариб бoшим мeнинг” мисрaлaри гaрчaнд oнaлaр тўғрисидa бўлмaсa-дa, вoлидaи муҳтaрaмaм ёдимгa тушиб, кўзлaримгa ёш қaлқийди…
Тўғри, нoшукурлик бўлмaсин, бeкaс эмaсмaн, aрoфимдa мeҳр бeргувчи яқинлaрим, фaрзaнд, нeвaрa-eвaрaлaрим бoр, Xудoгa шукур.
Aммo ҳaётнинг aччиқ ҳaқиқaти шундaки, oнaнинг фaрзaндигa бeргaн мeҳрини бoшқa ҳeч ким бeрoлмaйди. Бунинг сирa илoжи йўқ. Зeрo, oнa мeҳри фaқaт мeҳрибoнлик эмaс, фaрзaнд учун ўз ширин жoнидaн кeчиш фидoийлик дeмaкдир! Мeн бoшқa ҳaқиқaтни тaн oлa билмaймaн…

OТA СAБOҚЛAРИ

Қирқ йилдaн oшиқрoқ бoшлaнғич синфлaрдa дaрс бeргaн oтaм мулoйим, бoсиқ-вaзмин киши эдилaр. Эҳтимoл бу кўп йиллaр ёш бoлaлaр билaн ишлaгaнлaридaндир, ёки бoшқa сaбaблaри ҳaм бoрмиди, буни aниқ aйтa oлмaймaн. 23 яшaр пaйтимдa у кишидaн жудo бўлгaнмaн.
Пaдaри бузруквoримнинг тaбиaтлaридa кузaтиб, билиб улгургaн xислaтлaрим – сoддaлик, кaмтaр-кaмсуқумлик, oдaмлaр билaн тeз тил тoпишa oлиш вa ниҳoят ёлғoн гaпирa oлмaслик, aниқрoғи aлдaй билмaслик.
Ҳoзирги кeчa-кундуз учун юқoридa сaнaгaнлaрим xийлa кaмёб, тaнқис сaнaлaди.
Дaрвoқe, рaҳмaтли oтaм бир сўзли, қaйсaр ҳaм сaнaлaрдилaр.
Ҳoзир ўйлaб қaрaсaм, oтaмнинг қaйсaрликлaри ҳaм бир фaзилaтдeк экaн. Бирoвгa вaъдa бeрсaлaр, у xoҳ кaттa, xoҳ кичик бўлсин, уддaсидaн чиқмaй қўймaсдилaр.

СУТ ВA ҚAЙМOҚ

Қaймoғи oлингaн сутгa ўxшaш aсaрлaр кўпaйиб кeтди. Мaнтиқaн xулoсa чиқaрaдигaн бўлсaк, қaймoқ нaрxи пaсaйиши кeрaк эди. Aммo бундaй бўлмaди.
Қиссaдaн ҳиссa шуки, ҳaқиқий бaдиий aсaр нaрxи янaдa пaсaйди. Ҳoзир бaдиий aсaр қaлaм ҳaқигa бир кoсa қaймoқ сoтиб oлaмиз, xoлoс…

Bahor o‘rtalarida uzoq yillik qadrdonim bo‘lmish adibning kechgan hayoti, ijodning quvonchu mashaqqatlari haqidagi o‘ylari, qaydlari, yozuvchi shaxsi va uning jamiyatdagi o‘rni haqidagi kichik hikoyalari, ularga singdirilgan fikrlaridan iborat yangi asarini o‘qib chiqib, muallifga qo‘ng‘iroq qilganda, avvalan: «Jo‘ra aka, havas bilan o‘qidim!» deb aytdim.
Tatarning donishmand shoiri Hodi Toqtoshning «Muhabbat ul o‘zi eski narsa, lekin har bir yurak uni yangartar» degan bir hikmati bor. Badiiy ijodning o‘qtomiri hamisha muhabbat ekanini ta’kidlab, Jo‘ra Fozilning bu asari ham muayyan ma’noda roman xususidagi tushunchalarni yangiladi, deb o‘ylayman.

Bu asar haqidagi boshqa mulohazalarni keyinchalik to‘laroq aytishimni o‘ylab, adibga eng ezgu tilaklarimni yo‘llab qolaman.

Xurshid DAVRON
O‘zbekiston xalq shoiri
10.09. 202574

Padari buzrukvorim Abduvahob Fozil eshon o‘g‘li, volidai muhtaramam Hikmatoy Rajabbek qizining yorqin xotiralariga hurmat bilan bag‘ishlayman.

Muallif

ERKIN MAVZUDAGI INSHO
YOXUD
HAYOT SHOMIDAGI O‘YLAR
Eng kichik va kichik hikoyalar, adabiyot hamda jurnalistika haqida qaydlardan iborat zamonaviy o‘zbekona roman

Navoiy, choradin ko‘p so‘z demakim,
G‘amingga chorasizlik chora bo‘lmish…

BUXOROLIK BIR SHOIR

Buxoroi sharifda Xo‘ja Ismatulloh Buxoriy degan ajoyib, buyuk bir shoir yashagan.
Donishmand, sabr-toqatli, irodali bu inson, eng avvalo, beva-bechora, yetim-yesir, mazlumlar himoyachisi, zulmkorlar fosh etuvchisi bo‘lgan.
Uning inson ko‘nglini larzaga soluvchi shunday go‘zal satrlari bor: “Ming yildan so‘ng ham qabrim ochilsa, undan Yor, Alloh ifori, sasi kelgay…”

ENG TO‘G‘RI JAVOB

– Ona, onajon, Xudo bormi?
– Albatta bor, o‘g‘lim! Nega so‘rayapsan?
– Bor bo‘lsa, nega men ko‘rmayapman?
– Unday dema, bolajonim, shakkoklik bo‘ladi… Vaqt-soati kelganda Allohni albatta, ko‘rasan! Chunki Alloh har bir inson yuragida, to‘g‘rirog‘i, uning qalbida bo‘ladi.
…Yillar o‘tdi. Vaqt soati keldi. Men Allohni ko‘rmagan bo‘lsam-da, uni tanidim, manzil-makoni qayerda ekanini angladim. Eng qizig‘i shundaki, butun umrim davomida Haq taolo haqidagi savollarimga hech kim onamdek aniq-ravshan javob bera olmadi…

HAQIQAT VA ADOLAT

“Haqiqat” so‘zining o‘zagi Haq, ya’ni Alloh degan fikrga ishongim keladi. Bundan shunday xulosa chiqarsa bo‘ladi: demak, haqiqat va adolatni faqat Haq Taolo barqaror eta olar ekan-da?

E’TIBOR

Agarda muhtarama ayollarimiz o‘z turmush o‘rtoqlariga ularning onalari ko‘rsatadigan mehr va e’tiborning loaqal o‘n foizini ko‘rsata olganlarida, dunyoda qo‘ydi-chiqdilar, tirik yetim bolalar bunchalik ko‘payib ketmas edi.
Men foiz masalasida adashgan bo‘lishim mumkin. Yana kim biladi, deysiz.

QUDRATLI KUCH

Bu dunyoyi dunda mavjud barcha qonun-qoidalar, cheklovlar, yo‘riqnoma va boshqa taqiqlarni bartaraf etish yoki chetlab o‘tish, amaldorlarni yumshatish, yopiq eshiklarni lang ochish uchun pul va manfaatdorlikdan boshqa biror bir qudratli kuch yo‘q…

ISHONCH

Bir, ikki, o‘n, yuz… Boringki, son-sanoqsiz marta aldangan inson ko‘nglidagi ishonch – tabiat hukmi ila qahraton qishda gul ochgan bahor chechagiga o‘xshab ketadi. Bu ishonchmi, ishonchsizlikmi, yoinki, dunyodan butunlay yuz o‘girishmi?

MULK

Ota-onaning boyligi, mol-mulki, yoshligi, kuch-quvvati faqat farzandlari uchundir.
Farzandlar mol-mulki, boyligi, yoshligi va kuch-g‘ayrati ota-onalari uchun emas, o‘z farzandlari uchundir.

QAYTARILMAS QARZ

Bir do‘stim o‘zaro suhbatimizda yozg‘irib qoldi:
– Katta o‘g‘limga yap-yangi “Lasetti” olib berib, yana falon pul ham bergandim. Ikki hovlimni ham o‘ziniki qilib oldi. Katta maosh oladi, lekin menga sariq chaqani ham ko‘rsatmaydi, qurmag‘ur…
O‘sha do‘stim asli iqtisodchi edi. Unga “qaytarilmas qarz” haqida eslatishga to‘g‘ri keldi. Boyaqish g‘amgingina kulib qo‘ya qoldi. Chunki u “qaytarilmas qarz” nima ekanini mendan yaxshiroq bilardi.

QISMAT

Yanglishmasam, dunyoda eng ayanchli qismat sohibi qurolsoz bo‘lsa kerak. Vaqti-soati yetib, kuni kelganda kimdir qurolsoz ko‘ksiga uning o‘zi yasagan yaroqdan o‘q uzishi mumkin.
Bu – shafqatsiz qismat o‘qi bo‘lsa, ne ajab?..

AKA-UKALAR

Ular – orasida ikki yoshgina farq bo‘lgan aka-ukalar, barcha og‘a-inilar singari ko‘p bahslashishar, ba’zan jiqqamusht ham bo‘lishardi. Oraga boshqa birov qo‘shilib qolsa, aka-uka darhol birlashishardi.
Taqdiri azal hukmi shunday bo‘ldiki, kunlarning birida uka og‘ir avtohalokat oqibatida ikki ko‘zidan ham ajralib qoldi.
Shifokorlar maslahat qilib bir qarorga kelishdi. Ukaga sog‘ odamning bir ko‘zi ko‘chirib o‘tkazilsa, u ko‘rishi mumkin. Shunda aka qat’iy qarorga keldi. Ukasi uchun bir ko‘zidan voz kechdi. Shifokorlarning keyin pushaymon qilmaysizmi, degan savoliga “Yo‘q” deb javob berdi.
Alloh ham, taqdir ham mardlarni qo‘llaydi.
Akaning ko‘zini amaliyotga hozirlashayotgan bir paytda, og‘ir kasallikka chalingan yosh bir yigit kasalxonaning boshqa bo‘limida vafot etdi. Uning tanasi sovumay turib, manguga yumilayotgan ko‘zlari ukaga ko‘chirilib o‘tkazildi va shu bilan andak cho‘zilgan eng kichik hikoyamizga nuqta qo‘ysa ham bo‘lardi. Biroq yana biroz sabr qilishga to‘g‘ri keladi.
Ushbu voqeani menga hikoya qilayotgan keksa professor ayolning ovozi titrar, uning horg‘in va o‘ychan ko‘zlarida yosh ko‘rinmasada, butun vujudi bilan yig‘lardi.
Bu satrlarni zarradek manfaat uchun yoqa bo‘g‘ishib, yuzko‘rmas bo‘lib ketayotgan aka-ukalar o‘qishini istamagan bo‘lardim.

YOZUVCHI VA ZAMONA

Shoir, yozuvchi, umuman, ijodkorlar haqida juda ko‘p yozilgan, yozilyapti. Ularning hammasi o‘z yo‘liga. Hech nimani inkor etmagan holda shuni aytmoqchimanki, yozuvchi hamma qatori yashay olmaydi. Bu ham yetmaganidek, hamma qatori o‘la bilmaydi.Unga doim nimadir yetmaydi yoki ortiqchalik qiladi. Ko‘pchilik buyuk ijodkorlar hayoti fojeligi shunda bo‘lsa kerak.

TO‘LQINLAR

Hali xiyla yosh, qirqning nari-berisida edim. Yaltada qora dengizda cho‘milayotgandim. Xuddi boshqa vaqt qurib qolganday, ayni tushlik payti edi. Xiyla yaxshi suzishimga bino qo‘yib, nariga suzib o‘tish ma’n etilgan belgilardan ham ancha olislab ketibman.
Bir mahal qarasam, necha uy balandligiga teng oppoq kema bandargohdan chiqib, qaysidir olis manzil sari suzib keta boshladi. Unga mahliyo bo‘lib, tog‘day-tog‘day to‘lqinlar men sari kelayotganini sezmay qolibman.
Bu och to‘lqinlar meni ne ko‘yga solganini, necha marta kalima o‘girganimni yozib o‘tirmayman.
Chamasi yarim soatlardan so‘ng chalajon bir holatda sohilning issiq qumiga yuz tuban quladim. Ahvolim bolakaylar ataylab suvga bo‘ktirgan mushuknikidan battarroq edi.
Keyinchalik butun umrim davomida hayotning bundanda balandroq, shiddatliroq to‘lqinlariga duchor bo‘ldim. Ammo cho‘kib ketmadim, sokin sohilga yetib oldim.
O‘shanda Yalta yaqinida ham, keyingi hayotdagi holatlarda ham omadim chopgan bo‘lsa kerak deb o‘ylayman. “Yolg‘izning yori–Xudo” deganlari shu bo‘lsa kerak.

KITOB O‘G‘RISI

Afsuski, ayrim toifadagi odamlar, hatto, ziyolilar orasida ham “Kitob o‘g‘irlash – o‘g‘rilik emas”, degan noto‘g‘ri tushuncha bor. Men bu fikrga mutlaqo qo‘shila olmayman.
Dunyoda shunday kitoblar borki, ularning haqiqiy qiymatini xazina, xazinalar bilan ham baholab bo‘lmaydi.
Nahotki, butun boshli xazinalarni o‘g‘irlash – o‘g‘irlik hisoblanmasa?!
Yana bir mulohaza, qalang‘i-qasang‘i kitoblarni juda yuqori baholab, yaxshi kitoblarni yerga urib, ular uchun sariq chaqa ham berishni istamaydigan noshirlarni sizningcha kim deb atash kerak?..

ILTIJO

Ushbu hikoyada nasriy asar uchun kerak bo‘lgan unsurlar: badiiy to‘qima, tabiat tasviri va boshqa mayda-chuydalar yo‘q. Faqat oddiy kunlarning birida, oddiy kasalxonada ro‘y bergan voqea bor, xolos.
O‘sha kasalxonada qiya ochiq qolgan eshikda bolasini tishlab olgan sariq mushuk “dik” etib o‘rnidan turgan hamshiraning xay-xaylashiga qaramay, peshonasi oq, tumshug‘i qora, hali ko‘zlari ochilmagan bolasini yerga qo‘ymay, to‘rda o‘tirgan keksa shifokor tomonga yurdi. Ko‘pni ko‘rgan bo‘lsa-da, bunaqasiga sira duch kelmagan shifokor hazilomuz so‘z qotdi.
– Keling, xonim, xizmat? Bolajoningiz kasal bo‘lib qoldimi?
Mushuk xona egasiga bir zum tikilib turdi-yu, xuddi unga nima deyilganiga tushunganday, bolasini avaylab yerga qo‘ydi. Besaranjom, mungli ko‘zlarini bir bolasiga, bir doktorga tikkanicha ayanchli miyovladi.
Onaizorning bu iltijosi shunchalar mungli ediki, shifokor va hamshira beixtiyor bir-birlariga qarab oldilar. So‘ngra shifokor sekin egilib, qo‘rquvdan dir-dir titrayotgan mushukchani qo‘lqopli qo‘llariga oldi.
Yarim yumuq ko‘zlarini arang ochgan mushukcha nochorgina g‘ingshib qo‘ydi. Boyaqish “dag‘-dag‘” titrardi.
Ona mushuk bolasi va shifokorning har bir harakatini kuzatar, yam-yashil ko‘zlarida iltijo va xavotir bor edi.
Xona egasi junlari hurpayib, qunishib turgan mijozini avaylaganicha sinchiklab ko‘zdan kechirdi, yurak urishini tingladi. G‘alati mijoz yana zo‘r-bazo‘r mitti ko‘zchalarini ochgandek bo‘ldi-yu, astagina chiyillagan ovoz chiqardi.
Shifokor uning boshchasini bir-ikki bor siypalab, keyin ohista, yengil egilib, onasining yoniga qo‘ydida, shunday dedi:
– Bolajoningiz soppa-sog‘! Ozgina sabr qilsangiz, ko‘zlari ochilib ulgursa, o‘ynoqlab ketadi!..
Mushuk hamma gapni tushundi. Bolasini yana yelkasi va beli aralash tishlab oldida, sochlari oq, xalati ham oppoq xaloskoriga minnatdor nigoh tashladi. Hamshiraga esa o‘ziga hay-haylab qo‘l siltagani uchun bo‘lsa kerak, qiyo ham boqmadi. Bitta-bitta ohista qadam tashlab, hali hech kim bekitib ulgurmagan eshikdan chiqib ketdi. Shifokor va hamshira nigohlari to‘qnashdi. Ko‘hlik, yoshgina juvon ko‘zlarini yashirdi. Uning surmaso diydalari bilinar-bilinmas namlangan edi.
Bu voqea tildan tilga ko‘chdi, hatto gazetalarda yozildi. Ammo mushuk nega aynan reanimatsiya bo‘limiga borgani va hamshirani shifokordan qanday ajrata bilganini hech kim, hatto veterinar mutaxassislar ham izohlay olishmadi.

TO‘LOVLAR

Hayot shunday sodda-murakkab, adolatli-adolatsiz, rost-yolg‘on kurash maydonidirki, bu sahnada insonlar uchun mutlaq g‘olib yoki mutlaq mag‘lub degan tushunchalar mavjud emas. Chunki bugun g‘olib sanalgan g‘ofil banda ertaga mag‘lub bo‘lishi hech gap emas. Inson hayoti davomida har bir yaxshiligu, yomonligi, to‘g‘ri ishi yoinki xatosining haqini to‘la-to‘kis, hatto, ba’zan oshig‘i bilan to‘laydi. Bu to‘lovni hech kim, hech bir kuch to‘xtata olmaydi. To‘lovlar sog‘lik-kasallik, omad-omadsizlik, obro‘-e’tibor va oxir-oqibat, qo‘ldan ketgan umr atalmish bebaho qiymat bilan to‘lanadi. Alqissa, hayot maydonidagi bu tengsiz, qoidasiz kurash-da faqatgina hayotning o‘zi, borliq, koinot mutlaq g‘olibdir.

MUHABBAT MOJAROSI

Muhabbat asosida qurilgan oila mustahkam, baxtli bo‘ladi deyishadi. Bu – juda to‘g‘ri fikr. Biroq ota-ona xohishi bilan qurilgan baxtli oilalar ham juda ko‘p. Yoinki, qandaydir reja, hisob-kitob, qolaversa, tasodifan, tavakkal asosidagi nikohlar ham ko‘p uchraydi. Baribir oila mustahkamligining asosiy sharti sevgi bo‘lar ekan, e’tiborni shunday oilaga qaratmoqchiman. Muhabbat bobida yigit va qiz boshiga tushgan savdolarni xalqimiz bekorga “ishq mojarosi” deb atamaydi. To‘y o‘tgach bu mojaro osondek ko‘rinadi, aslida unday emas. Mojaro shakli o‘zgaradi, xolos. Endi sirtdan qaraganda ko‘rinmaydi, er-xotin munosabatlari olov va suv o‘rtasidagi qarama-qarshilikka o‘xshab qoladi, ya’ni bir oilada erkak olov, xotin suv bo‘lsa, ikkinchi oilada teskarisi bo‘lishi mumkin. Mantiqan, tabiat nuqtayi nazaridan qaraganda olov va suv tushunchalari mutlaqo zid tushunchalar bo‘lib, bir-birini tamoman inkor etadi.
Xulosai kalom, suv olovga sepilsa, olov o‘chadi, aksincha, olov yoqib qizdirilganda, oxir oqibat suv qaynab, bug‘lanib, havoga singib, yo‘qoladi. Lekin oilada butunlay boshqacha, olov va suv bir-biri bilan chiqishib, bir-birini to‘ldirib, urushib-kechirib yashaydi. Olov o‘z o‘rnida, suv o‘z o‘rnida. Basharti shunday bo‘lmas ekan, bunday juftlikning holiga voy. Tasavvur eting, katta qozonda suv qaynayapti. Suv qaynagach, olov o‘chirilmay, me’yoridan oshsa, suv toshib olovni o‘chirib qo‘yadi tamom-vassalom! Ushbu misolni sharhlash uchun ikkita maqol keltiraman:
“Erni er qiladigan ham, qaro yer qiladigan ham xotin”.
“ Ot dushmani qamchindir,
Qo‘lingizda – bilmaysiz.
Er dushmani xotindur,
Qo‘yningizda – bilmaysiz!”

HAYRAT

Insondagi eng buyuk tuyg‘ulardan biri bo‘lmish hayratning qattol dushmani – loqaydlikdir. Chunki loqaydlik bo‘lgan qalbga hayrat sig‘maydi. Bu ikki tushuncha bir-birini inkor etadi.

IKKINCHI UMR

O‘lim – haq. Bu – haq gap. Faqat o‘lim kimlar uchun hayotning tugashi bo‘lsa, boshqa birovlar uchun hayotning boshlanishi, ikkinchi umrdir!..

SHAXSIY TAJRIBA

Otalar va bolalar muammosi hamma zamonlarda, barcha makonlarda bo‘lgan, hozir ham bor, bundan keyin ham bo‘ladi. Nazarimda buning yechimi yo‘qday.
Boyaqish otalar o‘zlari hayotda yo‘l qo‘ygan xatolarini bolalar bilib-bilmay takrorlamasa, deya kuyib-pishadilar, jon kuydirib, jafo chekadilar va hatto shu yo‘lda o‘lib ketadilar. Ammo bolapaqirlar otalari xatolarini takrorlaydilar, takrorlayveradilar. Buning sababi, oqibati va nihoyat, fojiasi shundaki, qurmag‘ur “shaxsiy tajriba” degan qaysar mavjudot g‘ofil bandalarni shunga undayveradi. “Shaxsiy tajriba” oqibatida otasi xatosini takrorlagan yigit ulg‘aygach, otasi va o‘zining xatosini takrorlamasligini bolajoniga takrorlayveradi.

DORULFANO VA DORULBAQO

Bu ikki so‘z odamlar tilida ko‘p takrorlanadi. Osiy bandalar shu o‘rtada sarson bo‘lib nima qilishlarini bilmaydilar.
Ammo fojia shundaki, hammamiz “Dorulbaqo”– boqiy dunyo haqida ko‘p safsata sotsakda, uni o‘ylamaymiz, “Dorulfano”– foniy dunyo havaslariga berilib ketamiz.

YOZUVCHI VA FAYLASUF

Yozuvchi faylasufmi yoki bu ikki tushuncha bir butunmi? Men bu haqda hech o‘ylab ko‘rmagan ekanman. Yaqinda bir do‘stim “falon asaringizda falsafa bor”, deganidan so‘ng o‘ylab ko‘rdim. Keyin bir qarorga kelganday bo‘ldim.
Fikrimcha, aksariyat yozuvchilar faylasuflikni da’vo qilmasalar kerak, adabiyot haqiqiy bo‘lsa, unda shubhasiz hayot falsafasi bor va bo‘lishi ham kerak. Biroq yozuvchi asar yozayotganda falsafa haqida o‘ylamaydi. O‘z-o‘zidan, ijod jarayonida ongida uning bilimi, dunyoqarashi, hayotiy tajribasi, qahramonlar xarakteri, hayotiy kuzatishlar, boringki, asar g‘oyasi ham falsafaga aylanib ketishi mumkin. Xuddi shunday asar g‘oyasi ham syujet, hayotiy material, qahramonlar tabiati, makon -zamon, insonlar qarashlari va yana boshqa ko‘plab omillar ijod jarayonidagina yaratiladi. Yozuvchi hech qachon qandaydir g‘oyani ko‘zlab asar yozmaydi. Agar shunday qilsa bu sxematizm bo‘lib qoladi. Asar g‘oyasini yozuvchi emas, asarning faqatgina o‘zi belgilaydi. Yozuvchi yozish paytida hayotdan birmuncha balandroq ko‘tariladi, barcha yaxshi-yomon kasblar egalari hayotlarini namoyon etadi.

AKA

Mirshod ismli nevaramga men ba’zan hazillashib “aka” deya murojaat etaman. 26 yashar yigitcha uyalgannamo kulimsirab, indamay qo‘ya qoladi.
Yaqinda unga qo‘ng‘iroq qilgandim, go‘shakdan ovoz sal notanishdek eshitildi. Ikkilanib, “Mirshod aka, o‘zingizmisiz», desam, “Ha, bobo, o‘zimman, gapiravering”, dedi. Yigitchaning tovushida iymanish yo‘qolib, xazilga ko‘nikish paydo bo‘lgandi, nazarimda. Ikkilanib qoldim, hazil uning tarbiyasiga yomon ta’sir etmasmikan? Keyin o‘zimga taskin berdim. Bu, ehtimol, hazilning unga yoqqani, yoki “aka” degan so‘z sehridan bo‘lsa kerak?

“HALI KO‘RASAN”

“Tojdor ofat” oqibatida e’lon qilingan karantinning ikkinchi oyi tugayozgan edi. Supada kuymanib yurgan kampir, ulkan tut daraxtining shoxlarini egib, meva yeyayotgan choliga shunday dedi:
– Dadasi, o‘ylab qarasam, bu karantin deganingiz bebeho narsa ekan.
– Quyosh qaysi yoqdan chiqdi? Kechagina karantin jonimga tegdi, qizimnikiga ketaman, deb rosa jonimga tekkan eding-ku! – dedi chol hayron bo‘lib.
– Qo‘yavering, bundoq fikr qilsam, ellik yillik hayotimizda siz erkak bo‘lib hech qachon surunkasiga ikki oy uyda o‘tirmagan ekansiz-a? Shuni o‘ylab ko‘nglim ko‘tarildi-da.
Gap nimadaligini darhol tushungan er shumligi tutib qaltisroq hazil qildi.
– He, xotin, bu deganing menga nima bo‘pti? Besh-o‘n yil sabr qilsang, uydan butunlay chiqmay qo‘yishim ham mumkin!..

SHOH MASHRAB VA TO‘Y MUAMMOSI

Tasavvur eting, ham shoh, ham darvesh Mashrab bizga zamondosh bo‘lib qolsa…Boyaqish qizi va kuyoviga “Mersedes”, Toshkent citidan keng-mo‘l xonadon, zamonaviy jihozlar, dunyo bo‘ylab sayohat uchun yo‘llanma sovg‘a qila olarmidi? To‘g‘ri aytasiz, albatta yo‘q. Yanglishmasam, zamonaviy shoir-yozuvchilarimiz ham bu ishni uddalay olishmaydi. U boyaqishlar ham shoh, Mashrab singari qalam haqi olmaydilar. Yoki olishsa-da, bu pul bir marta saunaga borishga yoki choyxona palovga yo yetadi, yoki yetmaydi.
Demak, shoh Mashrab va zamonaviy ijodkorlar olib berishga qurbi yetmagan sovg‘alarni yangi kelin kuyovga taqdim etish kimning qo‘lidan kelishi zukko o‘quvchiga oyday ravshan.Tushungan odamning sadag‘asi ketsang arziydi!

SHO‘RLIK KAPALAK

Qizim Mohigul bolaligida “Ko‘rshapalak” deyish o‘rniga, “sho‘rkapalak”, deya talaffuz etardi. Oradan ko‘p yillar o‘tdi. Men yaqinda “Sho‘rlik kapalak” deb yozdim…

BILIM VA G‘AM

O‘z bilimlarini oshirguvchi – g‘amlarini-da oshirguvchidir! Bu – mening fikrim emas. Qaysi kitobdan o‘qiganimni eslay olmayman. Bir hisobda eslamaganim ham ma’qul, shekilli.

AYOL

Shoir, yozuvchilar, so‘zamollar, qo‘yingki, erinmagan har bir kishi ayolni nimalarga o‘xshatmaydi deysiz? Gul, bulbul, o‘t-olov, zamin, koinot, hayot…
Ayol esa o‘ziga o‘xshaydi! Ha, faqatgina o‘ziga o‘xshaydi, boshqa hech nimaga emas…
HAYOT

Qo‘lingdan kelsa, shunday yashaginki, umring oxirida dunyoga kelganingga pushaymon qilmasang bo‘lgani.

QAYMOQ

Qaymoq nimaligini hamma biladi. So‘zning, fikrning ham qaymog‘i bor.Buni hamma bilavermasa kerak.

“YAXSHILIK”

Kimlargadir yaxshilik qilish, o‘zganing baxti uchun yashash – qanchalar ulug‘vor so‘zlar…
…Birov uchun pul olish, kim uchundir ovqat tanovul etish, aniqrog‘i birovni hisobidan yashash. Oramizda ana shunday “yaxshi»lar ham bor.
DO‘STLIK

Insoniyat paydo bo‘libdiki, do‘stlik haqida juda ko‘p gapiriladi, qop-qop safsata sotiladi.
Dunyoda bor ne’matlarning asl-noaslligi, haqiqiy yoki qalbakiligini aniqlash yo‘llari bor. Kimyoda buni, yanglishmasam, “lakmus qog‘ozi” deyishadi.
Haqiqiy do‘stlik esa, boshga og‘ir kun tushganda bilinadi. Menimcha, sinashning yana bir shafqatsiz usuli ham borki, uni nazardan qochirmaslik kerak.
“Do‘stlik va shaxsiy manfaat” tushunchalari o‘zaro chiqisha olishmasa kerak, shaxsiy manfaat o‘rtaga tushsa, do‘stlik deganingiz shumshayib qoladi.

IQTIDOR

Illatni fazilatga, fazilatni esa illatga aylantiruvchilar bor.
Ularning har ikkalasiga ham qoyil qolmay ilojingiz yo‘q.

KIM NIMANI IZLAYDI

“Illat izlaganga – illatdir dunyo, hikmat izlaganga – hikmatdir dunyo”, – deb yozadi shoir do‘stimiz.
Bir vaqtning o‘zida har ikkalasini izlagan kishi nima topar ekan-a?

YO‘QOTISH

Juda ko‘p yillardan buyon ishlatib yurgan radiom buzilib, yaroqsiz holga kelib qoldi. Xafa bo‘ldim, afsuslandim. Bitta radio ekan-ku, ot bilan tuya emas, shunga shunchalikmi, boshqasini sotib olarsiz deyishingiz mumkin. To‘g‘ri, bu katta yo‘qotish emasdir. Lekin men sodiq do‘stimdan ayrilgandim. Bozordan sotib olingan “yangi do‘st” eskisidek bo‘larmikan? Bilmadim.

TONG

Ijodkor do‘stlar! Tongda, erta tongda yozish kerak ekan! Kamina garchand ilgarilari ham tong paytida ko‘p yozgan bo‘lsamda, yoshim 70 dan oshganda uzil-kesil shu fikrga keldim. Chunki tong pallasida inson ong-shuuri, ruhiyati tiniq, toza, ravshan bo‘ladi. Demak g‘oyat injiq mavjudot bo‘lmish yozuvchi xayoliga ham ohorli, nurli, muhimi, xayrli o‘ylar, g‘oyalar keladi va tabiiyki, ulardan yaxshi asarlar paydo bo‘ladi.
Yoza olsangiz, tongda yozing, do‘stlar!

MЕHR SURATI

O‘z so‘zimga amal qilish uchun subhi sodiqda uyg‘ondim. Uyg‘ondim-u radio murvatini buradim. Xonam Shalola ismli yosh ayolning onlayn tarzda butun dunyoga eshittirib aytayotgan so‘zlariga to‘lib ketdi. Ayol mehr-oqibat haqida so‘zlardi.
– Men rassom bo‘lganimda mehr suratini chiz desalar, eng avvalo, tabassum rasmini chizgan bo‘lar edim. Mehr, oqibat, tabassum va go‘zallik bir-biridan suv ichadi…
Qo‘limga qalam oldim-da, oq qog‘ozga shunday sarlavha yozdim “Mehr surati”…

ILHOM

“Tojdor vabo” oqibatida joriy qilingan cheklovlarning o‘ttiz oltinchi kuni 2020 yil, savr oyining birinchi sanasi edi. Nima qilishimni, nima yozishimni o‘zim bilib-bilmay parishon bir ahvolda ish stoliga o‘tirdim. Xuddi shu asnoda miyamda chaqmoqdek bo‘lib fikr chaqnadi va qog‘ozga o‘z-o‘zidan shunday satrlar tushdi:
“Hayot shomidagi o‘ylar”.
Ajabo, o‘ttiz olti kundan buyon xayoliga uy-ro‘zg‘or, bola-chaqa tashvishidan bo‘lak jo‘yali fikr kelmagan inson nega aynan shu topda bu haqda o‘ylab qoldi? Hamma gap ana shunda! Gumroh bandalar boshlariga dunyo tashvishi tushganda, allaqanday xatarli chegaraga kelib qolganlarini sezgandagina, teranroq o‘ylay boshlaydilar.
Ha, inson tabiati, ruhiyati ana shunday murakkab, shunday sodda, shuning barobarida, injiq, hamma vaqt ham aqlga, mantiqqa bo‘ysunavermaydi.
Va men ovqatlanish, dam olish va butun mavjudlikni unutib yoza boshladim. Holbuki, bu roman haqida mutlaqo o‘ylamagan, rejalashtirmagan edim. E’tirof etishim kerak, butun umrim davomida hech qachon bunchalar yengil ishlamagandim. Nokamtarlikka yo‘ymang-u ilhom deganlari shu bo‘lsa kerakda?

G‘ALABA BOG‘IDAGI GULLAR

Toshkentda yangidan bunyod etilgan g‘alaba bog‘ida gul-chechaklar bahor yellari ta’sirida yengil chayqalib, ko‘zni quvnatib turibdi.
Ularga tikilar ekanman, xayolimdan g‘amgin, qarama-qarshi fikrlar kechadi. Tabiatning bu ma’sum ne’matlari nafis, nazokatli chehrasida qandaydir anduh, mung, hokisorlik, jonfidolik zohirligini ko‘raman. Ularning yashnab, barq urib turishi, ota-ona, bobo-buvi, o‘g‘il-qiz, butun millat, butun o‘zbekning peshona teri, achchiq ko‘z yoshlari, yurak va vujud qonidan suv ichib, kuch olib turibdi, aslida.

BIR BO‘SA, BIRINCHI BO‘SA… BAHOSI

Bir bo‘sa, yoinki birinchi o‘pich, bizning Buxorocha shevada aytadigan bo‘lsak, ilk muchchi bahosi nihoyatda baland. Shunchalar balandki, hatto unga Jamolungma (Everest) cho‘qqisi ham tenglasha olmasa kerak. Chunki ana shu bo‘sa ikki yosh hayotini yashnatib yuborishi ham, ostin-ustin qilishi ham hech gap emas. Rusxsatingiz ila bunga misol va dalillar keltirmasam.

OLIS MASOFA

“Shunday ish qilaman” va ”shunday ish qildim” so‘zlari oralig‘iga ba’zan butun hayot sig‘ishi mumkin…

QON VA JON

Fitrat domlaning “Abulfayzxon” tarixiy dramasidan bir parcha keltir-moqchiman: “Podshohlik shunday bir daraxtdirki, uning ildizlari qon bilan sug‘oriladi”. Nokamtarlik demasalar, ta’bir joiz bo‘lsa, men yuqoridagi so‘zlarni andak o‘zgartirmoqchiman: “Badiiy ijod, yozuvchilik shunday daraxtki, uning ildizlari faqatgina yurak qoni bilan sug‘orilishi kerak…”
NЕVARA

Qizimning katta o‘g‘li Shahzod bir necha yildan beri tadbirkorlik bilan shug‘ullanadi. Ba’zan uzoq vaqt bizni yo‘qlashga fursat topolmaydi. Tijoratning ayrim shafqatsiz qonunlarini sal-pal tushunganimiz uchun undan xafa bo‘lmaslikka harakat qilamiz. U uzoq vaqt yo‘qlay olmagani uchun uzr so‘rab turadi. Shunda men hazil qilaman, “Zarari yo‘q, o‘g‘lim, hali bir yil bo‘lmadi-ku!”
Kuni kecha shu nevaramiz xotini, o‘g‘li va singlisi bilan oqqushday mashinada darvozamiz yoniga kelib to‘xtadi-yu, shunday dedi:
– Bobojon, meni bir duo qiling, yangi mashina oldim!
Zamonamizdan aylanay, buvisi ikkimiz xursand bo‘lib uni duo qildik:
– Yangi “ Lasetti” qutlug‘ bo‘lsin! Doimo olganlaringiz duo bo‘lsin. O‘g‘il-qiz, nevaralaringizga ham yangi-yangi mashinalar minish nasib etsin! Endi bir yilga qolmay kelib turarsan?
Hammamiz kulib yubordik. Men nevaralarim bilan ko‘p hazillashaman, ular xafa bo‘lishmaydi. Ammo o‘zbek aytadiki, har hazil zamirida haqiqat bor. Menimcha, andakkina tarbiya ham bo‘lsa kerak.

TЕNGLIK VA TANGLIK…

Ishqda tenglik yo‘q. Ba’zida bir tomon shoh bo‘lsa, bir tomon quldir, gadodir.
Hozirgi zamon sevgi juftligida kuchlar nisbati quyidagicha: er pul topsa, u podshoh, xotin – qul. Xotin pul topsa malika bo‘ladi, eri – qul. Nazarimda, bunday “tenglik”ni – “tanglik” degan ma’qulroqdir.

VA’DA

Hozirgi vaqtda yerga urilgan, juda xo‘rlangan, eng yomoni, hech kim ishonmaydigan so‘z – va’dadir.

OTA-ONAM ENG KO‘P ISHLATADIGAN MAQOL,
MATAL VA IBORALAR

Tuyaga g‘amza qil degandim, polizni vayron ayladi.
Men o‘g‘ri bo‘ldim, tunlar juda oydinlashib qoldi…
Istamagan ko‘ngilning uzri bisyor.
Asli cho‘loq tovushqon edi, tayoq tegdi battar bo‘ldi.
Man qilaman – o‘ttiz, Xudo qildi – to‘qqiz.
Aytguvchi nodon bo‘lsa, tinglaguvchi dono kerak.
Kal hammomga, ko‘r bozorga bormasin.
Tirigingda yod etmadim, o‘lganingdan so‘ng, dod-u faryod ayladim.
O‘rganib qolgan kishi, merosxo‘rdan ham battarroqdir.
Hamma-hamma bilan, kal oyna bilan.
Bola – eng shirin dushman.
Yeb to‘ymagan, yalab to‘ymas.
Daraxtsiz hovlidan o‘tdim, boshimdan oftob o‘tdi.
Jonim onam, jonim otam, sening qadring yomon o‘tdi.
Yangamsano, yangamsan, ishton bichishni bilmaysan.
Qirq ignani sindirib, aslo xotin bo‘lmaysan!
Yer qattiq bo‘lsa, ho‘kiz-ho‘kizdan ko‘radi.
Och ho‘kiz – kunjarani tush ko‘radi.
Bir echki so‘ygandim, yarmi dumga chiqdi-ya.

CHAQMOQ

Fikr – chaqmoq, uning chaqnagani yaxshi. Faqat chaqmoq urgani yomon-da!

ENG YAXSHI XOTIN

Eng yaxshi xotin – erining enagasi bo‘la oladigan xotindir.

KO‘NGIL

Inson qalbi – daryo, ko‘ngli esa ummonga o‘xshaydi. Ammo ulardan suv ichish hammaga ham nasib etavermaydi.

BUQALAMUN

Buqalamunlar tabiatda juda kamayib qoldi. Jamiyatda esa ko‘payib ketdi.

DUM

Shoir do‘stim Hayitboy Abdusodiqning “Dumingdan boshqa nimang bor sening, olmaxon?” degan juda zo‘r she’ri bor. Bu mitti jonzotning o‘zidanda chiroyliroq dumi bor ekan, ammo na o‘zi, na dumi bo‘lmagan mavjudotlarga juda rahmingiz keladi.

LAGANBARDOR UCHA OLADIMI?

Sobiq ittifoq armiyasi hayotidan olingan “Timsoh uchadimi?”, mavzusida latifa bor edi. Emishki, oddiy askar kichik komandir – starshinadan so‘rayapti:
– O‘rtoq starshina, ayting-chi, timsoh ucha oladimi?
Starshina: – O‘rtoq oddiy askar, jinni bo‘ldingmi? Timsoh ucha olmaydi.
– Jinni-pinni bo‘lganim yo‘q. O‘rtoq mayor aytdilar, timsoh ucha olar ekan-ku!
– E, ha, o‘rtoq mayor aytdilarmi? Unday bo‘lsa, timsoh albatta, ucha oladi! Faqat bilasanmi, uchadi-yu, lekin juda past uchadi-da…
Bu kichik komandirning saviyasi pastligiga, laganbardorligiga nozik ishora bo‘lgan.
Hozirgi hayotimizda shunday laganbardor “timsoh”lar borki, ular juda baland uchishadi. Shunday balandga ko‘tarilishadiki, ular xushomad qilgan sho‘rliklarning ko‘zi tinib, boshi aylanib ketadi.

PUL VA ODAMGARCHILIK

O‘ttiz yillarcha muqaddam menga do‘st sanalgan yosh juvon shunday ogohlantirgandi:
– Ehtiyot bo‘ling, men pulga juda berilib ketyapman, nima qilay pulsiz biror muammoni hal etib bo‘lmayapti.
Yaqinda shu ayol odamgarchilikdan butunlay chiqib ketgani, pul uning Xudosiga aylangani ma’lum bo‘ldi.
Eh, attang, boyaqish o‘shanda “Ehtiyot bo‘ling, men odamgarchilikdan chiqishga hozirlanayapman», desa bo‘lar ekan.

ULG‘AYISH

Shoir Bahodir Iso aytganidek, odamlar orasidan odam izlab, sarson ekanman, 26 yashar nevaram odam bo‘lib qolganini sezmabman.
Qanchalar xursand bo‘lganimni bilsangiz edi…
Hazrat Navoiy “Har neki istarsen, o‘zingdan tila”, deb bekorga aytmagan ekanlar.
ODAMLAR ORASIDA

Noshirlar orasidan odam izlab adashib ketibman…

OG‘IR YUK

Yozuvchi hamqalam do‘stim! Juda yengil, maza qilib yozayotganingda yengil yashab bo‘lmaydi. Hayoting og‘irlashganini sezmay qolasan.
Yelkangdagi yuk tobora og‘irlashaveradi.

EPITAFIYA
(QABR TOSHIDAGI YOZUV)

Xotin eriga shunday iddao qilardi:
– Ko‘ryapsizmi, men doim to‘g‘ri gapiraman!..
Er og‘ir xo‘rsinib javob berardi:
– Ha, peshonam sho‘ri shundaki, sen har doim haqsan! Barcha nohaqliklar men tomonda…
Oxir-oqibat, sho‘rlik erning qabrtoshiga shunday so‘zlar bitildi:
“Ming afsuski, xotinim doimo haq ekan…” Ushbu so‘zlarga oltin suvi yugurtirilgan edi.

QO‘SHIMCHA

She’r:
“Topmadingmu topdingmu?”.
Mening qo‘shimcham:
“Qopmadingmu, qopdingmu?”
Qopishdan Xudo asrasin!

TASHAKKUR

Meni maqtaguvchilarga emas, tanqid qilguvchilarga rahmat aytaman. Baxriddin ismli yosh do‘stim aytadiki, maqtov odamni, ayniqsa, ijodkorni tez o‘ldirar emish.
Qissadan hissa shuki, tanqidchilarim umri uzoq bo‘lsin!

OQIBAT

Menga juda yaqin bir kishining sakkiz uka-singillari bor. Men esa negadir uning faqat birgina ukasi bor deb hisoblayman…
Keksayib, kasallanib qolgan bu kishidan uning faqatgina bir ukasi xabar olib turadi.

INSON EKOLOGIYASI

Juda ko‘p yillardan beri ekologiya muammolari to‘g‘risida, foydasi bo‘lmasa-da, bong uryapmiz. Shunday bo‘lishi kerak, albatta. Ammo inson ekologiyasi muammolari to‘g‘risida og‘iz ochmaymiz.
Holbuki, inson ekologiyasidagi buzilishlar, notabiiy muammolar haqida jar solish kerak! Bu haqda biz, ijodkorlar birinchi bo‘lib gapirishimiz kerak-ku!

QULAGAN… QULAMAGAN TOG‘

Necha-necha asrlar, zamonlar o‘tdi, ammo tog‘lar, ularning ko‘z ilg‘amas baland-baland va ulkan cho‘qqilari qulamadi, balki yanada yuksaldi, yuksalayotir.
Shoirning o‘zi tog‘dek quladi, ammo u yaratgan she’riyat bo‘stoni gul ochaverdi. Onda-sonda u tog‘ emas, shunchaki, dovon deguvchilar ham topildi. Ana shu tosh otuvchilar dovon u yoqda tursin, tuproq ham bo‘la olmay, yakson bo‘ldilar.
Buyuklar uchun Alloh ana shunday jazolaydi.

ENG ODIL HAKAM

Mening ismini o‘zim qo‘ygan Mohigul degan birgina qizim bor. Uning ham Farida degan birgina qizi bor. Bu qizaloqning ismini ham “Choliqushi”dagi Feride irodasiga havasim kelganidan, o‘zim qo‘yganman.
Men va ayolim hiyla qarib qoldik. Bir tomonda turmush, bir tomonda sog‘lik muammolari deganday, ba’zan er-xotin g‘ijillashib qolamiz. Shunda biroz tumtayib yurganimizdan so‘ng, har ikkimiz ham vaqtini topib har qaysimiz alohida-alohida qizimga arz-hol qilamiz.
Mohigul har doim bizni jimgina tinglaydi. Kayfiyati vaziyatga mos bo‘ladi. Muhimi, u hech qachon hech birimizga yon bosmaydi, biror ortiqcha so‘z aytmaydi. Keksalarni qayta tarbiyalashga harakat ham qilmaydi, faqat xarxashalar bosilib, hamma narsa unut bo‘lganida, yurakka tegmaydigan tarzda to‘g‘riso‘z, haq so‘z tomonida bo‘ladi. O‘z qarashlaridan mutlaqo chekinmaydi, hayotda men uchratgan eng haq so‘zli hakam shu yolg‘iz qizim bo‘lsa kerak… Boshqa noxolis hakamlardan Xudo asrasin!

BUG‘DOY NON VA BUG‘DOY SO‘Z

Bug‘doy noning bo‘lmasa ham, bug‘doy so‘zing bo‘lsin deyishadi. To‘g‘ri, lekin har ikkalasi ham bo‘lganiga nima yetsin? Ayniqsa, ijodkorda “bug‘doy so‘z” ko‘proq bo‘lgani ma’qul.

MO‘JIZA

Ayol – mo‘jiza. Tabiat, koinot, qo‘yingki, butun borliqdagi yakka-yagona mo‘jizadir. Ammo buni his etish uchun ko‘p yillar, balki butun umr kerak bo‘lar, ehtimol. Sirasini aytganda, erkak ham o‘z navbatida, hech bo‘lmasa, voqea-hodisot bo‘lishi kerak.
Ayolda talaygina kechirib bo‘lmas kamchilik-nuqsonlar ham bor.
Buni his etish uchun butun umr yetmaydi! G‘ofil bandalar o‘z kamchiliklarini ko‘ra olishlari juda qiyin…

MASLAHAT

Hasadchiga deganlarim: agar sen ham hasad qilgan odamingga o‘xshab mehnat qilib, yana maqsad sari intilsang, murodga yetasan. Faqat hasad emas, havas qilsang bo‘lgani.

QORA YURAK

Qora yurakli odam rangli televizor tomosha qilganidan hech naf yo‘q. U baribir qora ranglarni ko‘raveradi. Bu – ko‘z emas, qalb, yurak kasalligidir.

ZARBALAR

Yozuvchini men negadir bokschiga o‘xshataveraman. Uning zarbalari, ya’ni kitobning dastlabki sahifalari shunchalar aniq, ravshan, o‘ziga tortuvchi, maftunkor bo‘lishi kerakki, o‘quvchi nokdaun emas, bira to‘la nakautga uchrasin-qolsin. Men nazarda tutgan nokaut o‘sha , boksdagi nokaut, ya’ni yiqilgach o‘rnidan turolmay qolishi emas, albatta. Balki, bu yaxshi ma’nodagi nokaut karaxtlik bo‘lsin. Ya’ni, masalan, kitobxon yerdan emas, asar sahifalari, ma’no-mazmunidan uzila olmay qolsin.
Kaminangiz juda ko‘p marotaba intellektual-badiiy nokautlarga uchraganman, hali o‘zimga kelganimcha yo‘q.

QALTIS SAVOL

Ruslar shunday savol qo‘yishadi “Sen juda aqlli bo‘lsang, nega bunchalar qashshoqsan?”.
Fikri ojizimcha bu savolni eng avvalo juda boylarga berish kerak.

USTUN

Fransuzlar asarda ayol sening oldingda gunohkor bo‘lsa, sen undan kechirim so‘ra, deyishadi erkaklarga. Biz, gunohkor erkaklar, o‘zbek erkaklari uncha-munchada mushtipar ayollarimizdan kechirim so‘ramaymiz. Garchand o‘zimiz gunohkor bo‘lsak-da, “Men oila ustuniman”, deb turaveramiz. To‘g‘ri, ustun og‘ir yukni ko‘tarib turishga qodir. Lekin ustunning o‘zini ushlab turuvchi kuch ham bor. Bu Yer, ona-Yerimizdir. Yoinki yorimizmikan?

QARTAYGAN DARAXT

Qartaygan daraxt. Tanasi g‘adir-budir, qaddi bukchaygan, ba’zi shoxlari qurib qolgan, lekin mevasi juda shirin. Shunchalar shirinki, shirasi til yoraman deydiya! Bu nimadan bo‘lishi mumkin? Uzoq yillar meva berishdan bo‘lsa kerak, nazarimda…
Ayrim keksalar ham ana shu qaddi dol-u mevasi shirin, qartaygan daraxtga o‘xshab ketishadi.
Shayx Sa’diydan shu ma’nodagi bayt o‘qiganman: “Sen qariyaning egik qomatiga e’tibor qilma, bir kamon yuz o‘qni tuproqqa pinhon qilgusidir”.
Kamon bu o‘rinda – qarilar egik qomatiga ishora.

SOAT

U soatdek aniq ishlardi. Ha, faqat soatdek, odamdek emas…

VAQT HUKMI

Vaqt – hayotning eng qattol dushmanidir. Hech qanday uzoq umr unga bardosh bera olmaydi. Baribir vaqt-soati yetib ado bo‘ladi. Mabodo qo‘rqish lozim bo‘lsa, faqat vaqt hukmidangina qo‘rqish joiz. Vaqt hukmi – Alloh hukmi!
ODAMLAR

Faqat insonlargina bir-birlariga yaxshilik va yomonlik qila oladilar. Boshqa hech bir mavjudotning qo‘lidan bu ish kelmasa kerak. Yana kim biladi?

ERKATOY

U taqdirning erkatoyi edi. Boshqa hech kimning emas, faqat taqdiri ilohiyning. Shuning o‘zi uning to‘la-to‘kis baxtini ta’minlay oldi. Ota-onasi yoki boshqa kimlarningdir erkatoylari Arosat dunyosida qolib ketadilar.

OMAD

U omadli edi. Boshqa biror ish qo‘lidan kelmasdi. Demak , omad ham og‘ir mehnat ekan-da?

HAMQALAMLAR

Shunday hamqalam do‘stlarimiz bor, juda yaxshi asarlar yozishadi, lekin yuraklari ijodkor yuragi emas.
Shunday do‘stlarimiz bor, yuraklari sof, ammo qalamlari yaxshi emas…
Ona tabiat sof yurak va o‘tkir qalamni birlashtira olsa, qanchalar yaxshi bo‘lardi. Axir toza yurak va yaxshi qalam birlashgan holatlar ham talaygina-ku! Alloh marhamatlidur , deya bejiz aytishmaydiku, axir.

DARD

U hamon yuragim tubida sezilib, simillab turadi. Undan nimadir silqiydi. Bu nimaning dardi ekanini sira idrok eta olmayman. Ammo nima bo‘lganida ham yondiruvchi, yoqimli bir dardki, undan forig‘ bo‘lishni sira-sira istamayman!
KO‘RGULIK

Yozuvchilik – kasb ham, yoinki hunar ham emas, balki ko‘rgulik, qismatdir.
Kasb emasligi shundandirki, uni faqat o‘qish, yozish mehnat bilangina egallash mumkin emas. Yana nimadir, o‘sha Alloh bergan 1 foizgina bo‘lsada, iqtidor darkor. Keyin daholar aytganidek qolganiga 99 foiz mehnat bilan erishsa bo‘lar. Ammo o‘sha 1 foizgina iqtidor bo‘lmasa, 99 foiz mehnat hech nima bera olmaydi.
Hunar emasligi shundaki, hunarli hech qachon och qolmaydi. Yozuvchi boyaqish esa, noshir degan mavjudot e’tibor qilmasa, ochlikdan o‘lishi hech gap emas.
Badiiy ijodning qismat yoki ko‘rgulik degani shu ma’nodaki, bu og‘ir yukni uncha-muncha odam ko‘tara olmaydi, beli sinib ketadi.
Eng avvalo, Paustovskiy aytganidek, ijodkor asablari juda mustahkam bo‘lishi kerak. Aks holda adabiy muhit, g‘o‘daygan muharriru noshirlar qarshiligini yenga olmay ora yo‘lda, arosatda qolib ketadi. O‘sha, asarlarini men juda sevib tarjima qilgan Paustovskiyning bizning gazeta-jurnallar yoki noshiru nashriyotlarga ishi tushib qolsa, asabiylashish uyoqda tursin, esi og‘ib qolishi tayin edi. Nega deysizmi? Hech kimni bir pulga olmaydigan muharrirlar “biz umuman hikoya chop etmaymiz”, deb qolishsa, osmonda yurgan nashriyot direktorlari o‘z asarlarini Rossiyaning olis va ovloq qishloqlarida ming mashaqqat bilan yozadigan Konstantin Georgiyevichga “30 million pul ko‘chirsangiz, “Oltin atirgul” asaringiz darhol chop etiladi”, deyishsa, keksa nasrnavis chidab turolmasa kerak. O‘zbek yozuvchilari esa chidashyapti.

QO‘LYOZMALAR YONADIMI?

“Qo‘lyozmalar yonmaydi” degan ibora qaysidir dahoning gapi… Haqiqatan ham majoziy ma’noda qo‘lyozma yonmaydi. O‘z asl ma’nosida qo‘lyozma gurillab yonadi.
Yana o‘sha daho nazarda tutgan ma’joziy ma’noga qaytsak, uni andak rivojlantirish mumkin. To‘g‘ri, qo‘lyozmalar yonmaydi. Ammo qo‘lyozmaning sho‘rlik muallifi har ikki ma’noda ham yonadi, yonib kul bo‘ladi! Buni na biror yaqini, na biror noshir, muharrir yoki kitobxon his etadi.

XЕMINGUEY NIMA QILGAN BO‘LARDI

Qaysidir bir davrada, qaysidir do‘stim menga iddao qildi. “Siz, axir, Xeminguey emassiz-ku!”. Bu dag‘dag‘a juda nohaq edi, suyak-suyagimdan o‘tib ketdi. Chunki Xem tog‘a mening juda yaxshi ko‘rgan yozuvchilarimdan biri. Unga o‘zimni tenglashtirish hech qachon xayolimga kelmagan va kelmaydi ham!
Ammo davra nozik, vaziyat qaltisroq edi, shunda hazil bilan qutulishga harakat qildim.
– Ob-bo, do‘stim-yey, shunga ham ota go‘ri qozixonami? Xem tog‘a bo‘lmasak- bo‘lmabmiz-da. Menimcha har bir yozuvchi faqat o‘ziga o‘xshagani ma’qul. Ammo -lekin Xeminguey hazratlari o‘rnimda bo‘lib bir umr men hamkorlik qilgan gazeta-jurnallar, nashriyotlar bilan ishlaganida, hatto «Jo‘ra Fozil» ham bo‘la olmasdilar, ehtimol. Shakkokligim uchun Xem tog‘a barhayot ruhidan kechirim so‘rayman…
Menga boshqa hech kim e’tiroz qilmadi.

ONA-TABIAT VA BIZ

Ona tabiat butun insoniyatning tuqqan onasidir. Lekin insonlar unga o‘gay farzandidan ham yomonroq munosabatda bo‘ladilar.

G‘ARIBLAR OT MINSA

Mahtumquli hazratlarida shunday dardli misralar bor:
“G‘ariblar ot minib, tepsa, eshakdur,
Davlatmandlar eshak minsa, ot o‘lur”.

Buni shartli ravishda poytaxt-muzofot yo‘nalishiga burgim keldi. Ya’ni, poytaxtliklar davlatmand, otliq. Muzofotdagilar g‘arib, hammasi eshak minadi.
Bundan qiziq xulosalar chiqarish mumkin. Poytaxtlik ijodkor davlatmand, hamisha otliq yuradi. Muzofotdagi shoir yoki yozuvchi–g‘arib, eshak, hatto ba’zida xo‘tik ham minishi mumkin. Xo‘tikda qayoqqa ham bora olardingiz.
Poytaxtlik davlatmand otliqlar uchun davralar, tanlov va nashriyot, gazeta-jurnallarning eng to‘ri ajratilib, xatlab qo‘yilgan. Barcha imtiyoz, moddiy-ma’naviy ne’matlar o‘shalarniki .
Muzofotdagi eshak mingan sho‘rliklar uchun hatto tuman gazetasida ham o‘rin yo‘q. Moddiy-ma’naviy ne’matlar haqida hatto, gapirmasa ham bo‘ladi. Eshak minganning o‘rni – poygakda.
Maxtumquli qanchalar haq, bizning zamonamizni ham ko‘rgan ekanda?

INSON

Inson, shu jumladan, ijodkor ham o‘zi nimaga qodir ekanini yaxshi bilishi kerak… Aslida kishi o‘zi kutganidan-da ko‘proq qudratga ega bo‘ladi, faqat bunga ishonish kerak.

SOBITQADAMLIK

Yoshligimda huzur-halovatimni, ko‘zlarimdan uyquni o‘g‘irlagan qiz hamon, ya’ni qariyb ellik ikki yildan buyon yonimda. Faqat u hozir o‘sha qiz emas, keksa ayol (kampir deyishga sira ko‘zim qiymaydi) qiyofasida. Ular jisman farqlansalar-da, boshqa jihatlarida deyarli farq yo‘q. Qurmag‘ur huzur-halovatimni, uyqumni o‘g‘irlashda davom etayotir. Endi u nevara-chevaralari muammolarini menga birma-bir bayon etish bilan tinchligimni buzadi.
Nachora, bunday sobitqadamlikka qoyil bo‘lishdan o‘zga chora yo‘q!..

KARVON

Gazeta – vaqt karvoni. U voqea-hodisalar, yangilik, xushxabar, shum xabar va mujdalar tashiydi. Uning yo‘li juda olis, davriyligi asrdan-asrga o‘tib boradi. Bu karvon inson ko‘zini ochadi, uni tarbiyalaydi, xavfdan ogoh etadi, tezkor qarorlar qabul qilishga undaydi.

XAVOTIR

Bolangiz jisman, aqlan sizga o‘xshamasa, aslo xafa bo‘lmang, yetti pushtingizda u kimgadir o‘xshashi aniq.

NOROZILIK

Iqtidoring bo‘lsa va onda-sonda norozilik izhor etib tursang, senga e’tibor qilishadi, deydilar. Ehtimol, shundaydir.
Endi masalaning boshqa tomoniga qaraylik. Iqtidorlilar nisbatan kamroq, norozilar esa hiyla ko‘proq… E’tibor qaysi tomonga qaratiladi, deb o‘ylaysiz?..
ISHONCH

Ko‘p yillar oldin bir shoirning “Ishonchimning sen vafo tog‘i…”, degan misralarini o‘qigandim.
Yaqinda hali juda yosh va go‘zal ayolning misralariga ko‘zim tushdi. Ko‘zim tushdi-yu, larzaga keldim. «Bugun ishonchimning qabristonidaman”.
Evoh, yoshgina shoira shunday alamli satrlarni yozishi uchun u boyaqish qanchalar aldangan, jabru sitam ko‘rgan bo‘lishi kerak?
Bu savolni ayolni shu ko‘yga tushirgan jamiyatning har bir a’zosi o‘z-o‘ziga berishi kerak.

“TO‘PPONCHA XABAR”

O‘tgan asrning yetmishinchi yillarida Romitan tuman gazetasida muharrir o‘rinbosari bo‘lib ishlaganimda Xidir Murod (joylari jannatda bo‘lsin) degan juda quvnoq, sho‘x va dilkash hamkasbimiz bo‘lardi. Asli kasbi adabiyot o‘qituvchisi bo‘lgan Xidir aka radio tashkilotchi muxbir vazifasida ishlasa-da, bizga ham ko‘maklashib turardi.
Bizning tuman gazetasida xodimlar soni kam, yaxshi xabar, maqolalar yetishmasdi. Shu boisdan kamtar va hoksor Xidir akadan tez-tez yordam so‘rashga to‘g‘ri kelardi. Asosan, yangiliklar, kichik xabarlar. Adabiyot o‘qituvchisi va shoir Xidir aka bunday xabarlarning ustasi, doimo u kishida 3-4 yangilik bo‘lar, chunki radio uchun ham bunday xabarlar har doim kerak edi.
Bunday xabarlarni shoir akamiz qanday topishi masalasiga kelsak, u kishi tumanda o‘tadigan katta-kichik to‘ylarning ko‘pchiligida ishtirok etar, davraboshilik qilar, sodda sho‘x va ravon she’rlari bilan mehmonlarni xursand etardi. Uning she’rlarida qishloq aholisi yuragidagi gaplar bo‘lgani uchun har bir chiqish qarsaklarga ko‘milib ketar, akamiz yonib, jo‘shib she’r o‘qir, ekspromtga juda usta edi. Tabiiyki, to‘ylarda ishtirok etib, qishloqma-qishloq kezadigan shoir kichik, yangiliklardan tez voqif bo‘lar, jonimizga ora kirardi.
Ammo ushbu satrlarni sal boshqa maqsadda bityapman. Bu Xidir Murod degan akamiz shoir sifatida ohorli, ba’zida juda kulguli o‘xshatishlarga juda usta edi. O‘sha biz iltimos qilib yozdiradigan kichik xabarlarni u og‘zini to‘ldirib “To‘pponcha xabar” deb atar, o‘xshatishdan o‘zi zavqlanib, maza qilib kulardi.
Ma’lumki, to‘pponcha nisbatan kichik qurol bo‘lib, shaxsiy mudofaa uchun yaqin masofalarda ishlatiladi. Demak, aniq nishonga olish imkoni ham ko‘proq. To‘pponcha xabar ham nishonga aniq tegadi, masofa uzoq yaqinligiga qaramaydi.
Qarang, oradan yarim asrdan ko‘proq vaqt o‘tgan bo‘lsa-da, o‘sha o‘xshatish hamon yodimda turibdi. O‘rniga tushgan o‘xshatish xotirada muhrlanib qolar ekan.
KUTILMAGAN BAXT

Yozuvchi o‘zi yozib, keyin e’tibor qilmay qo‘ygan asar ham bo‘lar ekan. Bu-xuddi ota-ona e’tiboridan chetda qolib ketgan farzandga o‘xshaydi.
Unchalik sevimli bo‘lmagan farzand keyinchalik hayotda muvaffaqiyat qozonganiday, unutilgan asar ham vaqt-soati yetib, muallifiga shon-shuhrat keltirishi mumkin. Adabiyot tarixida bunga talaygina misollar bor.

QONUNIYAT

Faylasuf Lao Szida shunday hikmat bor: nimaniki tag-tomiri bilan yo‘qotmoq-chi bo‘lsalar, u albatta, gullab-yashnaydi. Aksariyat buyuk insonlar hayoti bunga misol va dalil bo‘la oladi.

HASAD

Necha-necha daholar, buyuk insonlar hayotiga zomin bo‘lgan qabih illat –hasaddir. Daholar faqat o‘zlarigagina o‘xshashadi, boshqa hech kimga emas. Hech kimga o‘xshamaydiganlar esa hasadchilar o‘qiga birinchi bo‘lib ko‘krak tutishadi. Inson o‘zi bilmagan, tushunmagan mavjudlikdan hadiksiraydi, u bilan kelisha olmaydi.
Hasadchilar kirdikorlari nainki, daholar, balki butun millat taqdiriga salbiy ta’sir etadi. Biz bo‘lsak, “Nega oramizdan Navoiy, Bobur, Ibn Sinolar yetishib chiqmayapti, deya safsata sotamiz, bong uramiz. Buni eng birinchi navbatda hasadchilardan so‘rash kerak, menimcha.

BAXT

Baxt nima, degan savolga, baxt – baxtni izlash jarayonidir, deya javob berishadi. Bunga qo‘shilish ham, qo‘shilmaslik ham mumkin.
Xo‘sh, baxt izlash jarayoni umr so‘nggigacha davom etsachi, unda nima bo‘ladi? Baxt izlagan sho‘rlik, unga erishsa-yu, o‘sha zahoti jon taslim qilsa, bunda biror adolat bormi? Yoinki, u sho‘rlik juda baxtli bo‘lib jon berdi deymizmi?
Menga juda ma’qul bo‘lgan bir maqol bor, u bizning xalqimiz hayotidan emas. Ushbu maqolda baxt izlash jarayoni, umr intihosi yoki o‘lim haqida hech gap yo‘q. Faqat aniq-ravshan hikmat bor, “Baxtli bo‘lmoqchimisan? Marhamat, baxtli bo‘l!”

OSMONDAN TUSHGAN OMAD

Osmondan tushganday bo‘lib kelgan omad haqida juda ko‘p yozilgan, hali yana ko‘p yozilsa kerak. Bunday omad faqat ertaklarda bo‘ladi. To‘g‘ri , ba’zan hayotimizda tomdan tarasha tushganday, tasodifiy omadlar ham onda-sonda uchrab turadi, albatta. Ammo har qanday omad, muvaffaqiyat ortida eng avvalo orzu, kuchli istak, mehnat va tinimsiz harakat turadi. Boshqacha bo‘lishi mumkin emas.

TOVLAMACHI

Sho‘ro zamonasida nufuzli idorada Badalyans degan bir tovlamachi ishlardi. Biz uni soddagina qilib “Dabdalyans” deb atardik. Fikrimcha, izohga hojat bo‘lmasa kerak?..

BOYO‘G‘LI YOKI BOLA MANTIG‘I

Kunlarning birida dasturxon ustida katta o‘g‘limdan “chug‘z” nima deb so‘radim. U bilmasligini aytdi. Bu so‘zning ma’nosi boyo‘g‘li ekanini aytdim. Ilgarilari “chug‘z” atamasi Buxoro shevasida ko‘p ishlatilardi. Hozir deyarli ishlatilmaydi.
Suhbatimizni tinglab o‘tirgan o‘rtancha o‘g‘limning o‘g‘li Alisherbek shunday savol berdi.
– Bobo, siz hamma narsani bilasizmi?
Biroz noqulay ahvolda qoldim.
– Yo‘q, bolam, bilmayman, hamma narsani faqatgina Allohning o‘zi bilguvchidir… Javob qildim nevaramga. – Men o‘zimga kerak bo‘lgan narsalarni bilaman, xolos.
Nevaram yana savol berdi.
– Unda “boyo‘g‘li” sizga kerak ekan-da?
Men indamadim. Bola mantig‘i javobga o‘rin qoldirmadi.

UYDA O‘TIRING!

70 yoshdan oshganimdan so‘ng bolalarim, nevaralarim e’tiboriga sazovor bo‘ldim.
Nega aynan shu yoshdan keyin deysizmi?
Birinchidan o‘shangacha yordamga unchalik muhtoj emasdim.
Ikkinchidan xuddi shu yoshgacha ishladim. Meni mehr, e’tibor ko‘rsatmoqchi bo‘lgan yaqinlarim idoraga izlab borishmaydi-ku!
Hozir Allohga shukur evaralarim ulg‘ayishyapti. Ulardan ham mehr ko‘rish uchun necha yoshga kirishim, yoinki yana necha yil yashashim kerak?
Nazarimda, ular o‘zlari ham ota-ona bo‘lishlari, kaminangiz esa uyda o‘tirishim kerak…
Qissadan hissa, siz ham mehr ko‘rmoqchi bo‘lsangiz, uyda o‘tiring! Mehr berguvchilar sizni boshqa joydan izlashmasin.

AMAKI

U juda yoshligida vafot etgan akasining hovlisini jiyanlaridan tortib olib, yetimchalarga “himmat” ko‘rsatdi.

QOBIL FARZAND

Otasining yoqasidan qo‘l bilan emas, so‘z bilan ushlab, “murodiga” yetdi…

SUN’IY NANOKO‘ZLAR

Inson zakovati nihoyat sun’iy ko‘z ham yaratdi. Kashfiyotning buyukligi shundaki, nano ko‘zlar insonning tabiiy o‘z ko‘zlaridan ham o‘tkir va afzalroqdir. Sun’iy ko‘z hammani bir ko‘z bilan ko‘radi, tabiiy ko‘zlar esa boshqacha, o‘ziga maqul kishining kamchiliklarini ko‘rishni mutlaqo istamaydi, begonalar nomaqbul bandalar nuqsonlarini yaqqol ko‘radi.
Inson zakosi har nega qodir… Afsuski, o‘z nuqsonlarini ko‘rgisi kelmaydi. Nachora, mana sun’iy-nano ong yaratildi. Endi inson balki o‘z nuqsonlarini ham ko‘ra olsa kerak.

NIQOB

Dunyoni larzaga solgan pandemiya paytida niqob taqib yurish hamma uchun majburiy bo‘lib qoldi. Bunda sal boshqacharoq yo‘l tutilsa bo‘lardi. Aytmoqchimanki, niqob taqmasa-da, qo‘ydek ko‘ringan bo‘rilar, do‘stdek ko‘ringan dushmanlarga va boshqa ming-minglab ikkiyuzlamachi munofiqlarga niqobning hech ham hojati yo‘q. Bunday toifadagi insonlarga birgina niqob nima degan gap. Ular buqalamun yanglig‘ bir necha qiyofaga kira oladilar. Qissadan hissa, niqobni buqalamunlar emas, balki “tojdor balo”ning o‘zi taqishi kerak! Zero, dunyoni ana shu baloga giriftor etgan qabih insonlar ko‘p, mansab – manfaat, yakkayu yagona hukmronlik qilish talabgorlari, qolaversa, kekkayganlar “Tojdor vabo”dan ming chandon xavfliroqdirlar!

YAXSHILIK

Yaxshilik qilish hatto yomonlarga ham yarashadi!

MILLAT VA ILLAT

Dunyodagi jamiki illatlar inson zakosi hosilasidir. Koinot, tabiat, jonzotlarning mutlaqo aybi yo‘q.

HIKOYA

7 yashar Alisherbekning savoli:
Bobo, yozayotgan ana shu fikrlaringiz xayolingizga qanday keladi?
Mening javobim:
Qanday kelishini bilsam, hikoya yozib o‘tirmasdim, bolam.

TOG‘A

Tog‘a deya nomlangan mavjudot marhum jiyanining xotiniga ko‘z olaytirdi, ko‘zing o‘yilgur!

BЕTAVFIQ

Ukasining pulini yeb ketdi.

YETAKCHI

Tasavvur qiling, qo‘y podachiga bo‘ri yetakchi , ya’ni, serka bo‘lsa, nima yuz beradi? Bo‘ri butun boshli otarni ovloq yerga boshlab, hammasini yirtqichlarga yem qiladi.
Serka vazifasini mabodo qo‘y bajaradigan bo‘lsa, otar cho‘pon huzuriga omon-eson yetib kelishiga umid qilib bo‘lmaydi…

YOZUVCHINING NЕVARALARI

Bir yozuvchining nevarasi onasiga shunday debdi:
Onajon, meni ko‘p urushavermang, axir buyuk yozuvchining nevarasiman-ku!
Kun kelib, shu bolakay oddiy, kamtar yozuvchining buyuk nevarasiga aylansa koshki edi? Orzuga ayb yo‘q, deyishadi-ku!..
O‘sha yozuvchining boshqa bir nevarasi sersoqol, cholning jurnalda chop etilgan suratini ko‘rsatib, amakisidan so‘rabdi.
Bu kishi kim? – debdi.
Yozuvchi, buyuk adib Lev Tolstoy deb javob beribdi.
Bolakay biroz o‘ylab turgach, yana savol beribdi:
Bobom ham qarisalar shunday buyuk adib bo‘ladilarmi?
Endi amaki biroz o‘ylanib, so‘ngra javob beribdi.
Buni Xudo biladi…

MUKOFOT VA SHOGIRDLAR

Mukofot olganimdan so‘ng ko‘pgina hamkasblarim, hatto salomlashishni unutib qo‘yganlari ham “ustoz-ustoz”lashga tushdilar. Bunga e’tibor qilmadim, bunday shogirdlarning narxini yaxshi bilardim.
Afsuski, ustoz narxini ham, asar narxini ham faqat mukofot yoki 1-o‘rin belgilagani yaxshilik alomati emas, yoki dunyo bozor deganlari shumikan?..

BOZOR NARXI

Bozor iqtisodiyoti odamgarchilik va hatto muhabbat narxini ham juda arzonlashtirib yubordi.
Falon pulga chiroyligina qiz, arzongina muhabbat sotib olish mumkin.
Eng yomoni ota-ona, aka-uka, qarindosh-urug‘chilik narxi ham dollor kursiga qarama-qarshi o‘laroq pasayib ketdi.
Haqiqatan ham bozor munosabatlarida katta erkinlik, demokratiya bor ekan…
PRЕZIDЕNT E’TIQODI

O‘tgan asr oxirlarida, Respublikamiz mustaqilligi e’lon qilinishidan oldinroq Indoneziya Prezidenti Sukarno sobiq ittifoq rahbariyatiga murojaat etibdi:
– Imom Buxoriy qabrini ziyorat qilishga ruxsat etsangizlar…
Hadis ilmining sultoni, buyuk hamyurtimiz haqida hech nima bilmagan dahriy rahbarlar sarosimaga tushib, o‘ylab ko‘rish uchun biroz muhlat so‘rashibdi. Shu muddat ichida Imom Buxoriy haqida bilib olganlari ularni butunlay tang ahvolga qoldiribdi.
Maqbara Samarqand yaqinida bo‘lib, juda xarob ahvolda , boradigan yo‘llar bundanda battarroq ekan.
Shunda Sho‘roning qari dohiylari bahona izlashga tushishibdi.
– Maqbara juda olis manzilda, u yoqqa samolyot uchmaydi, hatto avtomobil borishi ham dargumon.
Ammo buni oliy martabali mehmonga aytib bo‘lmaydi-ku! Boshlari qotgan qari daholar masofa uzoqligi, hatto mashina ham bora olmasligi kabi bahonalarida qattiq turib olishibdi.
Musulmon farzandi, e’tiqodi juda mustahkam Prezident Sukarno shunday debdi:
– Men ul zoti sharif ziyoratgohiga poyi piyoda boraveraman. Hatto yalangoyoq ham borishim mumkin!
Endi boshqa bahonaga o‘rin qolmabdi. Sho‘ro rahbarlari o‘lganlari kunidan rozi bo‘lib, yana ozgina muhlat so‘rashibdi.
Fursat juda oz bo‘lganidan maqbara, unga boradigan yo‘lni nari-beri tuzatgan bo‘lishibdi. G‘irrom o‘yinlar ustasi bo‘lmish sobiq ittifoq rahbarlari shunday nayrang o‘ylashibdiki, uning oqibatida Sukarno imom Buxoriy ziyoratgohiga faqat kechasi, qorong‘u tushgachgina yetib boribdi. Mezbonlar mehmon qorong‘uda xarobaliklarni ko‘rmasligiga umid qilishibdi. Dahriylar buyuk insonlar ruhi, dahosi nafaqat chor-atrof, balki butun insoniyat qalbini yoritishini qayerdan bilishsin.
Maqbarani ko‘zida yosh bilan tavof qilgan Prezident, mezbonlarni tamoman sarosimaga solib, tuni bilan shu tabarruk dargohda qolib, tonggacha toat-ibodat bilan mashg‘ul bo‘libdi.
Tongda esa uning nigohlari haqiqiy manzarani ko‘ribdi, dahriylarni bu buyuk zotga haqiqiy munosabati ayon bo‘libdi. Larzaga tushgan Sukarno ko‘ziga yana yosh olibdi. Mezbonlarni tangu lol etib taklif bildiribdi.
– Shu g‘arib qabrni menga beringlar, uni yurtimga olib ketib obod etaman, ko‘z qorachig‘iday asrashga va’da beraman! Mabodo sotmoqchi bo‘lsangiz, qabr og‘irligicha oltin berishga tayyorman! Bu ishim uchun butun musulmon dunyosi mendan rozi bo‘ladi. Bu uchun dunyo tillolari jamlansa-da Imom Buxoriy qabri bir siqim tuprog‘i bahosiga teng bo‘la olmaydi.
Mezbonlar gungu lol bo‘lib qolibdilar. Axir ular aytgan har bir so‘zlari uchun DXQ, qolaversa, siyosiy byuro oldida javob berishlarini yaxshi bilishardi. Hech kimdan sado chiqmabdi. Shunda O‘zbekiston musulmonlari idorasi rahbari o‘zini qo‘lga olib, martabasi, umri-jonini garovga qo‘yib, javob qilibdi.
– Agar biz taklifingizga ko‘nsak, kelajak avlod oldida qanday javob beramiz?
Allohga shukronalar bo‘lgayki, mustaqillik sharofati ila ziyoratgoh obod etilib buyuk hamyurtimiz ruhi shod bo‘ldi.

CHEKLOVLAR VA EZGULIK

Inson tabiati shundayki, u cheklovlarni yoqtirmaydi. Cheklovlar ba’zan teskari ishlashi ham mumkin.
Pandemiya oqibatida yuzaga kelgan cheklovlar boshqacha bo‘ldi. Bu cheklovlar avvaliga hech kimga yoqmagan bo‘lsa-da, oxir-oqibat ezgulikka xizmat qildi… “Tojdor balo” oldi olindi.
Xullas, ta’qiq va cheklovlar ham ezgulikka xizmat qilar ekan. Demak biz, gumroh bandalar, o‘z-o‘zimizni majburiy emas, ixtiyoriy cheklay olsak qanchalar yaxshi bo‘lardi. Eng avvalo baloyi nafsimizga cheklov qo‘ya olsak, boshqa hamma qabih illatlar oldi olingan bo‘lar, dunyo naqadar go‘zallashardi.
Shunday ta’qiq va cheklovlar bor bo‘lsin!

IJTIMOIY MASOFA

Cheklov va ta’qiqlar ijtimoiy masofa insonlarni bir qadar uzoqlashtirdi. “Ijtimoiy masofa” degan g‘alati ibora paydo bo‘ldi. Shu birgina beozorday ko‘ringan tushuncha inson ruhiy olami qanchalar sodda va shunchalar murakkab ekanini namoyon qildi-qo‘ydi.
Insonning bir-biridan uzoqligi, yaqinligi. Bir qarashda hech muammo yo‘qday. Ammo chuqurroq qaralsa, bunda katta muammo bor, uni ilg‘ash xiyla qiyin.

ARVONA
(NIHOYATDA KICHIK HIKOYA)

Bu sho‘rlik ayolning laqabi “Arvona”– urg‘ochi tuya edi. Boshqa o‘xshatish yozishga qalam yurmaydi…

ERKATOY

Erkalik oxir-oqibat xudbinlikka olib keladi.

DO‘STU DUSHMAN

Eng dilkash suhbatdosh – qo‘l telefoni.
Eng sodiq do‘st – qo‘l telefoni.
Eng qattol dushman – qo‘l telefoni!..

SOG‘INCH

Maktub – SMS: sog‘indim, xotin, muzlatkich bo‘shadi, pulim tugadi!

DAHO

Shunchalar pulingiz ko‘pmi?..
Siz dahosiz, akajon!

ENG YAQIN… UZOQ YO‘NALISH

Oziq-ovqat do‘koni – bozor – oshxona – emakxona, yotoqxona va ho…kazo…

NATIJA

Ijodkorlar hali qog‘ozga tushmagan asar haqida gapirishni unchalik yoqtirishmaydi.
Puldorlar ham xuddi shunday, cho‘ntakka tushmagani hisob emas, quruq safsata, xolos, deyishadi.

BADAVLAT AYOL

Eng chiroyli ayol bir vaqtning o‘zida ham boy, ham qashshoqdir. Yoshlikda boy, qarigach – kambag‘al. Buni eng shafqatsiz hakam – Vaqt belgilaydi… Nachora, hayot qonunlari shunaqa…

TEZKOR JARAYON

Tug‘ilish, ulg‘ayish… Uchrashuvlar, suhbatlar, bordi-keldi, sovchilar, oliq-soliqlar, FHDYO, to‘y! Chimildiq. Kelin salom, kuyov salom. Shakar-guftorlik… Yana FHDYO bo‘limi.

UMIDLI DUNYO

Yo qudratingdan, keksayganimda otamga ko‘proq o‘xshab boryapman, nazarimda…
Koshki edi, bolalarim yoshlari ulg‘ayganda menga ko‘proq o‘xshab borayotganlarini his etsalar… Dunyoi – boumid.

ONALAR VA BO‘LAJAK ONALAR

11 yashar nevaram Gulhayo meni ko‘p yozishga qo‘ymaydi, “ko‘zingiz qizarib ketibdi-ku!” deya tergab turadi. Bolaligimda onaginam “Ko‘p o‘qima, ko‘zingdan ayrilasan”, deya meni ayar edilar.
Onamning gaplariga quloq solmasdim, Gulhayoning xarxashasiga ham unchalik e’tibor qilmayman. Faqat volidam va nevaram tashvish-tahlikalari bir-biriga juda o‘xshaydi.
Onalar va bo‘lajak onalar qalban, ruhan juda o‘xshash ekanlarda.

YO‘QOTILGAN BAXT

Yo‘qotilgan vaqt – biz eta olmagan baxt!

ADIBLAR XIYOBONI

Adiblar xiyoboni bu – Vatanimiz, millatimizning kechagi kuni, buguni va kelajagidir.
UYG‘ONGAN XOTIRA

G‘alaba bog‘i uyg‘ongan, uyg‘onayotgan, uyg‘onishi kerak bo‘lgan xotiradir! Bir vaqtlar Cho‘lpon, xotira uyg‘onsa, go‘zaldir degan dilda kadar bilan.
Biz baxtiyor avlod uyg‘ongan xotirani ko‘rib turibmiz. Kelajak avlod uyg‘onishi kerak bo‘lgan xotirani, albatta, ko‘radi va u bizdan-da baxtiyorroq bo‘lgusidir!

GULLARGA MAKTUB

Bir shoira xitob qiladi: men gullarga, qushlarga maktub yozganman! Odamlarga maktub… yozmayman. Kamina yozuvchiman, ehtimol gullar, yoinki, qushlar xat yozishar… Kutaman, yozishmasa, dunyodan yolg‘iz o‘taman!

QIZIMNING OVOZI

Qizimning ovozini juda ko‘p tanish-notanish ovozlar orasidan hech adashmay, bexato ajrata olaman.
Yaqinlar, tanish-notanishlar mening ovozimni o‘g‘illarim ovozlaridan ajrata olishmaydi.
DUO

Onaizorim 57 yoshda vafot etgan edilar. Xudo xolamga 90 yil umr berdi.
Onam vafotlaridan so‘ng, 17 yoshimdan boshlab, uzoq-yaqin safarga chiqsam, katta-kichik ishlarga qo‘l ursam, eng avvalo, xolamdan duo olardim.
Har doim safarim bexatar bo‘ldi, boshlagan ishlarim o‘ngidan keldi.

ICHKUYOV

Ichkuyov sho‘rlik boshi bilan quduq qazisa, jonini jabborga berib ishlasa-da, undan rozi bo‘lishmaydi. O‘zi ishlab topgan nonini ham beminnat eya olmaydi.

KUCHLI XOTIRA

U xotinboz bo‘lib, barcha chiroyli ayollar ismlari, ularning telefon raqamlarini yaxshi eslab qola olardi. Kun kelib ana shu xotinboz qaridi.
Hozir u sho‘rlik har kun ketma-ket ichishi kerak bo‘lgan dorilar nomini ham eslay olmaydi.
Bir kuni xotinining nomini eslay olmay, uni boshqa ism bilan chaqirgan edi, baloga qoldi.
Ana shunaqa, kuchli xotira kun kelib, kuchsizga aylanib, muammolar keltirib chiqarar ekan.

RAG‘BAT

Mendan yanada yaxshiroq ishlash uchun rag‘batni qaerdan, nimadan olasiz, deb so‘rashadi. Bunday rag‘batni men faqatgina tez-tez e’lon qilinayotgan asarlarimdan olaman.
QALAMQOSH

“Sevgimizni mensimadi qalamqosh” deya zorlanadi oshiq. Bu oshiq shoir, qo‘shiqchi nolasi, yoinki, oddiy, xokisorgina yig‘i bo‘lishi mumkin.
Oshiqni mensish, mensimaslik uning shaxsi bilan bog‘liq emas, balki, ochiqchasiga hamyon ahvoliga taalluqlidir.
Sevgi eng buyuk tuyg‘u bo‘lsa-da, och qoringa tatimasa kerak. Boz ustiga, yigitcha ijarada yashasa, yoinki, birovga xizmat qilsa.

TIRIK TARIX

Televidenie har doim qayta jonlanishi mumkin bo‘lgan uzoq va yaqin tarixdir.

MEVASIZ DARAXT YOXUD DARAXTSIZ MEVA

Mevasiz daraxt iborasining bir necha ma’nosi bor. Ammo ularning hech qaysisi ham ijobiy emas… “Mevasiz daraxt” deb farzandsiz kishini, qo‘lidan biror bir ish kelmaydigan kishini kamsitishlari mumkin. Agar ma’no-mazmunga chuqurlashadigan bo‘lsak, daraxtning o‘zi kamsitilyapti-ku! Axir mevasiz bo‘lsa-da juda chiroyli, manzarali daraxtlar bor-ku! U boyaqishlar meva bermasalar-da, foydasiz odamlardan keskin farq qiladilar. Hech bo‘lmaganda chiroylari, soyalari bilan insonlarga naf keltiradilar. Juda zarur bo‘lib qolsa, tanalari o‘tin bo‘ladi, yonganida uyni isitadi. O‘ziga ham, birovga ham nafi tegmaydigan, mevasiz daraxt, ya’ni insonlarning qismati ayanchli. Ularda na chiroy bor, na issiqdan saqlovchi soya bo‘la oladilar, o‘tinchalik taftlari ham yo‘q!
Sarlavhada “daraxtsiz meva” iborasini ham ishlatdim. Hayron bo‘lmang, shunaqasi ham bor, shekilli. Bu mevalar daraxtda emas, inson miyasi, ong-shuurida o‘sadi, pishib-etiladi.
Yaxshi fikrlar – shirin, sarxil mevalar. Yomon fikrlar – achchiq, g‘o‘r, irigan-chirigan mevalardir…

ENG ANIQ MA’LUMOT

Yozuvchi tarjimayi holi haqidagi qisqacha ma’lumotni uning ota-onasi, eng yaqin do‘sti, yoki hech bo‘lmaganda, o‘zi yozishi kerak. Boshqalar yozganlari kitobxonga hech qanday ma’lumot bera olmaydi.

HAYOTBAXSH QO‘NG‘IROQ

Nevaralarim menga qo‘ng‘iroq qilishganida, juda yasharib ketaman. Dunyo ko‘zimga chiroyli ko‘rinadi. Axir, yoshlikning o‘zi go‘zallik-da!

YOSHLIK BAHOSI

Hozir bahorgi qo‘ziqorinlardek ko‘payib borayotgan asarlarga baho berishda ko‘proq nevaralarim fikriga e’tibor qilaman. Chunki bu “qo‘ziqorin”larning birinchi iste’molchilari o‘shalar. Shu boisdan ularga zaharli qo‘ziqorinlardan ehtiyot bo‘lishni maslahat beraman.

KIM, KIMGA O‘XSHAYDI YOXUD YUZ

Odatda adabiyotshunoslar, tanqidchilar, ba’zan kitobxonlar ham qaysidir yozuvchini boshqa bir adibga o‘xshatishni xush ko‘rishadi. Shakl-shamoyil jihatidan o‘xshatishsa, mayliga, lekin asosan asarlarini o‘xshatishadi. Bu – ehtimol, to‘g‘ridir, noto‘g‘ridir, gap faqat bunda ham emasdir. O‘xshashlik shunchaki bo‘lsa, mayliga. Bu o‘xshashlik takrorlash darajasida bo‘lgani yomon. To‘g‘ri, adabiyot tarixida bir-birini bilmagan, asaridan bir satr ham o‘qimagan adiblarning o‘xshash asar yozib qo‘yish hollari ham uchrab turadi. Bu tasodifmi, ilohiylikmi? Bilmadim. Shaxsan men shunday asar yozishni istamagan bo‘lardim.

GO‘ZALLIK

Atirgul yaprog‘idagi, yoinki, g‘uncha labidagi bir-ikki tomchi shabnam…Nima bu, shoir xayolimi, yo tabiat go‘zalligimikan?
Menimcha, bu mavjudlik, hayotning o‘zi, o‘zginasi, boshqa narsa emas!

TANLASH HUQUQI

Qarg‘a go‘ng titib ham binoyidek yashayveradi. Ammo bunday sharoitda bulbulning holiga voy.
Agar tanlash huquqi berilsa kim, qanday sharoitni tanlashiga qarab, uning kimligini bilish mumkin.

TAQCHILLIK

Ro‘zg‘or tebratuvchilar doimo pul etishmasligidan nolishadi. Shu kungacha kimdir – birov pul ko‘pligidan shikoyat qilganini eshitmaganman.

ER-XOTIN

Turmush qiyinchiliklari ko‘payib ketsa, er-xotin darrov bir-birini ayblay boshlashadi. Agar er ham, xotin ham nuqsonni, eng avvalo, o‘zlaridan izlashganida, qiyinchiliklar bunchalik ko‘payib ketmagan bo‘lur edi… Nima dedingiz? “Avval o‘zingga boq, so‘ngra nog‘ora qoq!”

SABR

Ijod ahli injiq, betoqat bo‘lishadi. Darrov birovdan ayb izlab qolamiz. Holbuki, ijodda nimagadir erishish uchun eng avvalo, sabr-toqatli bo‘lish kerak. “Sabr tagi – sariq oltin”ni bizga chiqarishgan.

IJODKORNING XOTINI

“Ijodkorning xotini bo‘lish qiyin”, deyishadi. Bu ulkan muammo haqida hech nima demaganday bir gap. Holbuki bong urish kerak!

KO‘Z SHIFOKORLARI

Shoir, yozuvchilar, jurnalistlar o‘xshatish andak qo‘polroq bo‘lsada, ko‘z shifokorlari, yanada aniqrog‘i jarrohlarga o‘xshab ketishadi. Ularning ijodi mahsuli ko‘r ko‘zlarni ochishga xizmat qiladi…Ochilgan ko‘zlar keyin nimaga xizmat qilishi haqida esa o‘ylab ko‘rish kerak. Ochilgan ko‘zlar yovuz kishiniki bo‘lsa, qabohatga xizmat qilishi ham mumkin, albatta.
Haqiqiy, hayotdagi ko‘z shifokorlari esa, o‘zlari ochayotgan ko‘zlar kimga, nimaga xizmat qilishi bilan ishlari yo‘q. Axir, mijoz qaysi soha vakili bo‘lmasin, baribir pul to‘lashga majbur. Aks holda, ko‘rligicha qolib ketaveradi.

QANOTI KESILGAN G‘OYA

Odatda, yozuvchilar emas, tanqidchilar “g‘oya” haqida ko‘p og‘iz ko‘pirtirishadi. Ularga qolsa, badiiy asar g‘ij-g‘ij g‘oyadan iborat bo‘lsa…
Yozuvchi yozayotgan paytda g‘oya haqida emas, asar haqida o‘ylaydi. Yaxshi badiiy asarda g‘oya o‘z-o‘zidan kelib chiqib, o‘sha asar qon-qoniga, jon-joniga singib ketadiki, boyaqish yozuvchi buni sezmay qolishi ham mumkin.
Yaqinda nufuzli gazetalarning birida hikoyam chop etildi. Bir necha ijodkor do‘stim qo‘ng‘iroq qilib, qutlashdi. Negadir bu tabriklar anchayin g‘amgin, hamdardlikka o‘xshab ketardi, ya’ni tabriklar xuddi ko‘z yoshlarga qorishgan edi, go‘yo. Yuragim “shuv“ etdi. Gazetani qo‘lga olganimdan so‘ng, gap nimadaligini tushundim. Boyaqish “hikoya” atalmish mavjudotning boshlanishi, o‘rtasi va oxiri olib tashlangan, pati yulinib, qanotsiz qolgani etmaganday, boshi ham kesib tashlangan tovuqday bo‘ynidan qon silqib turardi.
Seskanib ketdim, ko‘zlarimni yumib-ochdim. Qarshimda boshi kesilgan tovuq emas, oriq, suyaklari bo‘rtib turgan qip-yalang‘och ayol turardi.
Yana ko‘zlarimni yumib ochdim. Diydalarim qarshisida abgor, aftodahol hikoyam, baxtiqaro asarim paydo bo‘ldi. U o‘sha oriq, xunuk, yalang‘och ayolga juda o‘xshardi. Endi ko‘zlarimni yumib-ochishga hech bir hojat qolmadi.
Qarshimda chiroyi qolmagan, faqat qip-yalang‘och g‘oyadangina iborat hikoyam turardi!
Bunday bemaza asar kimga kerak deysizmi? Nahot, shuni ham bilmasangiz?! Albatta, adabiyotshunos va g‘oya jinnisi bo‘lgan tanqidchilarga-da! Boshqa kimga ham kerak?

PUL VA ILDIZ

Pul – shundoq qaraganda oddiy qog‘oz. Ammo uning kuch-qudrati haqida juda ko‘p gapiriladi.
Avval insoniyat paydo bo‘ldi, keyin esa pul. O‘shandan beri pulning o‘zidan ko‘ra uning kuch-qudrati to‘g‘risida juda ko‘p gapiriladi. Tabiiyki, uning o‘zidan ko‘ra gapi ko‘proq. Ammo quruq gapning o‘zi hech qachon pulga aylanib qolmaydi.
Ayolimning Sattor aka degan amakisi bor. Hozir yoshi 90 ga yaqinlashib qolgan. Juda sodda, dilkash inson. Ayrim sifatlari bilan G‘afur G‘ulom hikoyasidagi o‘sha mashhur Hasan kayfiyga o‘xshab ketadi. Sattor akaning butun umri dalada ketmon chopish bilan o‘tgan, dam olgan paytlarida ham-qishloqlarning to‘y-ma’rakasida qoyil qilib buxorocha sofi osh pishirgan. Ana shu kishi ba’zi-ba’zida suhbatlashib qolganimizda menga shunday deydi.
– Kuyovto‘ra, ko‘p o‘qigansiz, xat-qalam odamisiz, bilib qo‘yganingiz yaxshi. Ma’lumingizkim, pul cho‘ntakda bo‘ladi. Buni hamma biladi. Biroq uning ildizi qaerda bo‘lishini hamma ham bilavermaydi. Pulning ildizi xiyla chuqurroqda, odamiga qarab, yo yurakda, yoinki jigarda bo‘ladi!..

YURAKSIZ ODAMLAR

Amerikalik bir erkak o‘n etti oy mobaynida yuraksiz yashagani haqida gazeta xabarini o‘qib qoldim. Boyaqish birovning (marhumning) kerak bo‘lmay qolgan yuragini o‘ziga ko‘chirib o‘tkazishlarini kutib, shuncha muddat allaqanday uskuna yordamida yashabdi.
O‘ylanib qoldim. Bemor hayotiy zarurat oqibatida 17 oy yuraksiz yashabdi. Shunga-shunchami?
Butun umr yuragi borligini bilmay, yaxshi-yomonni, go‘zallik va qabohatni his etmay yashagan million-million odamlar bor.
Bir muddat yuraksiz yashagan kishi haqida emas, balki umr bo‘yi yuraksiz soppa-sog‘ yashayotgan odam atalmish jonzotlar haqida bong urishimiz kerak! Yuraksizlar Usmon Nosirning “Yurak, sensan mening borim!..” degan she’riy nolasini eshita olishganida u halok bo‘lmas edi. Yuraksizlar qonxo‘r, adolatsiz sho‘ro tuzumida xiyla ko‘pchilikni tashkil etishardi.

TUTINGAN OPA

Kunlarning birida, salqin yoz tongi edi, bozor aylanib yursam o‘zimdan yoshi sal kattaroq ayol menga sinchiklab razm solib turgach, quyuq salomlashib-so‘rashdi. Andak hayron bo‘lganimni sezib izoh berdi:
– Uka, e, yo‘q, domla, meni tanimadingiz-a? Mohira opangiz bo‘laman, bolaligingizda sizni ko‘tarib yurardim.
Mohira opa… Mohira opam…Bu nom menga juda tanish ko‘rindi. Xotiram necha yuzlab kompyuterlardan-da tezroq ishlab ketdi. Axir yozuvchining xotiralaridan bo‘lak boyligi yo‘q!
Esladim… Qahramon (aslida “Qaramon” urug‘i nomi bilan bog‘liq bo‘lsa kerak) qishlog‘idagi xalq tilida “maktabcha” deb aytiladigan to‘rttagina sinfdan iborat maskan yodimga tushdi. Mo‘jazgina ikki xona va bir tandirxonadan iborat hovlichamiz ana shu maktabga tutash edi.
Ertalab ko‘zimni ochishim bilan otamga ergashib maktab hovlichasida, sinf xonalarida o‘ralashib yurardim. O‘shanda uch yarim-to‘rt yoshlar chamasida edim, shekilli, maktab, dars qonun-qoidalari men uchun yozilmagan, menga ta’sir etmasdi. Istalgan sinfga kirib, oxirgi partaga borib o‘tirardim-da, qo‘ng‘iroq chalinishini kutardim.
Qo‘ng‘iroq chalingach, men yaxshi ko‘radigan ola-g‘ovur boshlanar, bolalar, qizlarning biri qo‘yib, biri meni ko‘tarar, himmatliroqlari qo‘limga qand ham tutqazishardi. Maktab boshlang‘ich, unda 4-sinfdan yuqorisi yo‘q, demak, yuqori sinf o‘quvchilari ham yo‘q edi. Shundan bo‘lsa kerak to‘qqiz-o‘n yashar bolalar meni ko‘tarishga hiyla qiynalishardi. Hozir ro‘paramda turgan Mohira opa meni o‘shanda ko‘tarib yurgan bo‘lishi kerak…
O‘qituvchining o‘g‘li bo‘lganim sabab, sinfma-sinf kezib ko‘rsatadigan xurmacha qiliqlarimga muallimlar ko‘z yumishardi.
Tutingan opam bilan sal chekkaroqqa chiqib o‘sha maktabchani, otam-onam, akamni, o‘sha ajoyib damlarni eslashdik. Keyin Mohira opa bilan xayrlashdim, u o‘z yo‘liga ketdi, men o‘z yo‘limga…
Yuragimga, ongu shuurimga yorug‘lik, nur, iliqlik kirgandek bo‘ldi. Inson xotirasi naqadar buyuk!

GADOLARNING DUSHMANLARI

Gadolarning dushmanlari shoir aytganidek, gadolar emas, balki, xasis, qattiq boylardir. Bu zamonaviy “Qori ishkamba”lar hatto, tilanchilardan ham bir nima undirish payida bo‘ladilar. Sadaqa berish ularning xayoliga ham kelmaydi.
XUNUK ISH

Xizmat yuzasidan Go‘zalbegim ismli bir ayolga ishim tushdi. Afsuski, go‘zal ismli bu ayolning ishlari, qilig‘i xunuk ekan…

IKKI YUZLI MUSHUKCHA

Qaysidir maskanda ikki yuzli mushukcha tug‘ildi. Jonivor bor-yo‘g‘i uch kungina yashadi.
Odamlar ikki yuzli bo‘lib tug‘ilmaydilar, keyinchalik ikki yuzli bo‘lib qoladilar…
GO‘ZALLIKNI HIS ETISH

Go‘zallikni ko‘rish – bu hali hech nima emas. Hamma gap ana shu go‘zallikni his eta olishda.

SOTGUVCHI VA OLGUVCHI

To‘rt yashar evaram Umidjondan bobosi “Qayoqqa boryapsan?” deb so‘rasa, bolakay “Bozorga!” deya javob berar ekan.
Ob-bo bolajonim-e-ey, axir, tug‘ilganing zahoti, o‘zi to‘ppa-to‘g‘ri bozorga kelib qolgansan-ku! Yana bozor izlashga ne hojat?
Azizim, sen bu ulkan bozorning sotguvchisi yoki olguvchisi bo‘lishing uchun biroz vaqt kerak, xolos…

ARZON NARX

Dunyo – bozor. Senga narx belgilashlarini kutib o‘tirmay o‘z narxingni o‘zing belgila, deydi shoir, yaxshi, ma’qul gap.
Ammo… Narxingni past, haqoratomuz darajada juda past belgilashsa, nima qilasan?! O‘shanda ham sotaverasan, sotilaverasanmi?

HECH QAЕRDA O‘QITILMAYDIGAN “ILM”

Qo‘ldosh Sulton degan bir do‘stim bor. Ko‘p yillar rahbarlik lavozimlarida ishlaganidan bo‘lsa kerak, ziyrak, kuzatuvchan odam. Shu bilan birga sho‘x, hazilkash inson.
Shu do‘stim aytadiki, yo qudratingdan Dunyoda biror joyda “eyish” yoki “olish” ilmi o‘rgatiladigan o‘quv dargohi yo‘q. Ammo hamma ham go‘dakligidanoq bu amallarni yaxshi biladi, puxta o‘zlashtirgan bo‘ladi.
Yana shu do‘stim aytadi, “Non, ya’ni dunyo ne’matlari pastda, poygakda. Biz, gumrohlar esa nuqul tepaga, to‘rga intilamiz…”

HUKMRONLIK

Hukmronlik so‘zida meni xushyor torttiradigan nimadir borga o‘xshaydi. Bu aynan nimaligini bilmayman. Har qalay, hukm o‘tkazish iborasi qulog‘imga unchalik o‘tirishmaydi. Chunki ayting-ayting, hukm adolatli bo‘lsa yaxshi, adolatsiz hukm o‘tkazish zulm deganidir.
Mayli, so‘z ma’nosi o‘z yo‘liga. Hozir dunyo hukmronligiga da’vo qiluvchi insonlar, guruhlar, boringki, davlatlar ham ko‘payib qoldi.
“Hukmronlik” so‘zining lug‘aviy ma’nosi xususida biroz fikr yuritdim. Umuman olganda esa, “hukmronlik” degan tushunchaga butunlay qarshi emasman. Agarda hukmronlik ilm, aql-zakovat, adolat, tenglik, inson huquqlarini tan olish, ulug‘lash bilan amalga oshirilsa, bu ezgulikdir.
Ammo Xudo ko‘rsatmasin, hukmronlik pul, oltin, qurol, zo‘ravonlik, tazyiq, adolatsizlik, inson va uning huquqlarini poymol etish bilan amalga oshirilsa, bu –qabohatdir. Insoniyat bu qabohatga qarshi kurashishi kerak.
Butun dunyoni qamrab olgan, uni larzaga solgan, millionlab odamlar yostig‘ini quritgan “Koronavirus” – “Tojdor vabo” insoniyat , hayot, dunyo naqadar omonat ekanini yaqqol ko‘rsatdi.
Bitta o‘q uzilmay, shuncha odam o‘lgani daxshat emasmi? Ularning xunini kim to‘laydi.

XUDOGA YAQIN ODAMLAR

Avliyolar – Xudoga yaqin odamlar deyishadi… Odamlarga yaqin odamlarni qanday nom bilan atash kerak? Mening fikrimcha, ularni hazrati insonlar desa bo‘ladi.

HAYOT SINOVLARI

Hayotda boshimizga nima ish tushmasin, nuqul “sinov”-“sinov” deyaveramiz. Axir hayotning o‘zi bus-butun, boricha sinovdan iborat-ku!

MEHR VA CHO‘NTAK

Nahotki mehr va cho‘ntak bir-biriga bog‘liq bo‘lsa? Aslo unday emas, Xudo saqlasin!

QUVONCH VA NAFRAT

Me’yoridan oshgan shodlik, quvonch, masrurlik ham, haddan tashqari nafrat, qayg‘u-g‘am yurak bilan avval kelishadi, so‘ngra sekin-asta emiradi. Xulosai kalom me’yor buzilishlari qalb, oxir-oqibat inson buzilishlariga olib keladi. Shu boisdan hamma narsani ham yuragingizga yaqin olmang. Shu taxlit o‘zingizni, o‘zligingizni asrang!

QIZLARGA MASLAHAT

Qizlarjon, siz, mayli, saranjom-sarishtalik, pazandachilik, chevarlik sirlarini barcha yaqinlar, tanishlardan o‘rganing.
Hayotning eng asosiy ilmi – sevish va kechirishni esa faqatgina onaizoringizdan o‘rganing!
Ushbu buyuk ilmni o‘rgatishda boshqa komil inson yo‘q bu yorug‘ olamda…

QO‘LI YENGIL SHIFOKORLAR

Bolalik chog‘larimda qanday kasal bo‘lmayin, onam bergan dorilar, muolajalardan so‘ng tezda tuzalib ketardim.
Hozir ham kasal bo‘lib qolsam, o‘sha dorilar bor, o‘sha muolajalarni qabul qilaveraman. Lekin ha, deganda tuzalish yo‘q… Buning sababi – o‘sha yengil, mehribon qo‘l, aniqrog‘i, o‘sha munis, buyuk shifokor endi yo‘q…
Meni qiynagan dardlarimni o‘ylaguvchi boshqa mehribon yo‘q…

MENING G‘AMLARIM – ONAMNING ANDUHLARI…

Onaizorim hayot chog‘larida g‘am-anduhlarim o‘zimdan ham ko‘proq u kishiniki edi. Mehribonginam akam va meni o‘zlaridan ham ko‘proq o‘ylar, asrar edilar. Kasal bo‘lib “oh-voh” chekkanlarini sira eslay olmayman. Akam yoki mening tobim qochib qolsa bormi, o‘zlarini qo‘yarga joy topa olmasdilar.
Mana endi g‘am-anduhlarim bilan bu dunyoda yakka-yu yolg‘izman. Men haqimda, shu ojiz bandani qiynaydigan dard-alamlar haqida o‘ylaydigan o‘zimdan bo‘lak biror kimsa yo‘q. “Ayrilib hech yerga sig‘mas bu g‘arib boshim mening” misralari garchand onalar to‘g‘risida bo‘lmasa-da, volidai muhtaramam yodimga tushib, ko‘zlarimga yosh qalqiydi…
To‘g‘ri, noshukurlik bo‘lmasin, bekas emasman, arofimda mehr berguvchi yaqinlarim, farzand, nevara-evaralarim bor, Xudoga shukur.
Ammo hayotning achchiq haqiqati shundaki, onaning farzandiga bergan mehrini boshqa hech kim berolmaydi. Buning sira iloji yo‘q. Zero, ona mehri faqat mehribonlik emas, farzand uchun o‘z shirin jonidan kechish fidoiylik demakdir! Men boshqa haqiqatni tan ola bilmayman…

OTA SABOQLARI

Qirq yildan oshiqroq boshlang‘ich sinflarda dars bergan otam muloyim, bosiq-vazmin kishi edilar. Ehtimol bu ko‘p yillar yosh bolalar bilan ishlaganlaridandir, yoki boshqa sabablari ham bormidi, buni aniq ayta olmayman. 23 yashar paytimda u kishidan judo bo‘lganman.
Padari buzrukvorimning tabiatlarida kuzatib, bilib ulgurgan xislatlarim – soddalik, kamtar-kamsuqumlik, odamlar bilan tez til topisha olish va nihoyat yolg‘on gapira olmaslik, aniqrog‘i alday bilmaslik.
Hozirgi kecha-kunduz uchun yuqorida sanaganlarim xiyla kamyob, tanqis sanaladi.
Darvoqe, rahmatli otam bir so‘zli, qaysar ham sanalardilar.
Hozir o‘ylab qarasam, otamning qaysarliklari ham bir fazilatdek ekan. Birovga va’da bersalar, u xoh katta, xoh kichik bo‘lsin, uddasidan chiqmay qo‘ymasdilar.

SUT VA QAYMOQ

Qaymog‘i olingan sutga o‘xshash asarlar ko‘payib ketdi. Mantiqan xulosa chiqaradigan bo‘lsak, qaymoq narxi pasayishi kerak edi. Ammo bunday bo‘lmadi.
Qissadan hissa shuki, haqiqiy badiiy asar narxi yanada pasaydi. Hozir badiiy asar qalam haqiga bir kosa qaymoq sotib olamiz, xolos…

252

(Tashriflar: umumiy 105, bugungi 1)

Izoh qoldiring