Shohrux Najot. She’rlar

067 Шоҳрух туғилганидан бери ҳеч шоирман деб эркаланмаган. Эркалатмаган биров уни шоир деб. Доим орқа фонда юргани, ўзини кўз-кўз қилмаганидан дўсталри ҳам унга ўз сояларидай қарашган. Гўё у истеъдодлар югурдаги. Яъни тўртта нарсани эплаб ёзолмагану ўзини баланд ўйлагич жўжахўрозчалар эди кўпи. Аммо Шоҳрух хизмат қилган ҳар шоирдан баланд эди. Буни ўзи сезардими йўқми, билмадим, шеърлари айтиб қўярди. Маиший муаммолар емаса, бугун унинг уч китоби қўлимизда бўларди. Наср, Шеър, таржима.Бугун (8 сентабр) Шоҳрух туғилган кун. Ҳеч йўқ шеърларидан ўқинг, топганимча эълон қиляпман (Жонтемир Жондорнинг фейсбукдаги саҳифасидан).

12Шоҳрух НАЖОТ
ШЕЪРЛАР


***

Куз…..
Саккизинчи кун.
Кимнингдир эсидан чиққанлигим…
Кимнингдир ёдида қолганим.
Узуқ-юлуқ тилаклар…
Бағри ямоқ юраклар.
Дунёга етгулик жимлик…
Тўхтамай ўсаётган мен!
Куз…
Тўққизинчи кун.
Япроқлардан олдин сарғайдим!..

 

 

ДАЙДИ

Бир дайди бор қишлоғимизда,
Уни ҳамма яхши танийди.
Қироати мастлар қимиздай.
Ҳар нафасда калима ейди.

Бир дайди бор қишлоғимизда,
Парво қилмас ўтган кетганга.
Сўкинсалар табассум излар,
Қарсак чалар уни тепганга.

Бир дайди бор қишлоғимизда,
Дўст тутинган дарахтлар билан.
Ёғишларга дардини айтиб,
Қўшиқ куйлар томчи тилида.

Тунлар унинг оға-иниси,
Кундузларга марсия тўқир.
Тош йўлакни жойнамоз қилиб,
Азонгача тиловат ўқир.

Бир қўлида эски майкоса.
Қулоқларга сура илади.
Да(л)лилиги халққа овоза..
Ших* ҳам уни шайх деб билади!

Кўнглин очса унга парилар,
Чирт тупуриб қўяр ёнига.
кулиб-кулиб, тикилиб қарар,
Дайди итлар шерик нонига…

Юрагим, бор, дайдига айлан,
Ювиб ташла ичимдан ғашни.
Сен руҳимга эркни лутф айла,
Ўрганиб кел ундан яшашни!

Соғинчимни қитиқлайди Ших,
Мени тушда кўради дайди.
Руҳим учар воҳага қараб,
Кўзларимдан тўкилар айбим..

Дайди оға, дайдижон оға,
Майингдан қуй тўлсин ҳовучим.
Энди мен ҳам сендек девона,
Ишқ боғига айланди ичим…
Ишқ боғига айланди ичим…

*Ших – Хоразмдаги қишлоқ.

* * *

Эсингдами?
Антиқа гул,
Бир дона шоколад
Жим-млик…
Тун!
Сен ва мен.
Қоришиб кетгандик борлиққа
Эсингдами?

Келаётган одамлар.
Кетаётган одамлар.
Кутилаётган кунлар
ва кутаётган кунлар.
Иккимиздан ташқарида
ва иккимиздан ичкарида эди ҳаммаси.
Эсингдами?

Йўл.
Ёмғир.
Соябонли йигит.
Соябонин унутган қиз
ва гуноҳи ювилаётган шаҳар.
Эсингдами?

Қаҳвахона.
Аччиқ қаҳва
ва шундай тамли изҳор
ва шундай тамли жимлик.
Эсингдами?

Юз марта юборилган “севаман” сўзи.
Юз марта қайтиб келган “чексизлик”.
Эсингдами?

Кулаётган кўз ёшинг.
Йиғлаётган кулгум
ва устимиздан кулган одамлар.
Эсладингми?

Эслаган бўлсанг,
изоҳлаб бер энди нега?
Шоколадли тушлар кўриб,
Антиқа гул ҳидини соғиниб
уйғонаётганимни!

БЕГОНА

Афсус, сен Ҳомерни ўқимагансан…
Нима учун кучлар бир-бирига терс?
Нима учун қалбинг бўлмас намоён?
Сендан менга қадар – ҳаммаси сирли,
Мендан сенга қадар – ҳаммаси аён.
Сочларинг рангидай қора туйғулар,
Рангин кунларимга қилар ибодат.

Соатни пуллайман сариқ чақага,
Ҳар бир чақа сен ва мендан иборат!
Қарашлар – жиноят, изҳорлар – гуноҳ,
Гуноҳга ботганман аввал бошидан.
Кўзларим қалбингда умрбод маҳкум,
Суғординг уларни кўзинг ёшида.
Энди бошимизга ёғмайди ёмғир,
Қуёш йўқламайди бизларни бирров.

Гарчи Медеянинг қарғиши урган,
Ишқимиз – Прометей келтирган олов.
Кипригинг – Апаллон ўлим найзаси,
Билки Афина хам бўлолмас рақиб.
Мен эса қўрқмасдан боравераман,
Олимп худолари қилсада таъқиб
Мен Аҳилл эмасман, руҳим жангчимас,
Исминг эса ўткир, йиртар бўғзимни.

Майдонга чақиргим келар ҳайқириб,
Соянга беркиниб олган ўзимни.
Айрилиқ уйдирма , видолар соҳта,
Иғволар юзини ёлғонга артган.
Бизларни мифлару эртаклар эмас,
Мухаббат лойидан осмон яратган.
Тақдир битигига пешонам кўнмас,
Сен – таъқиқ меваси, сен – сирли куйсан.
Барибир узаман, куйлайман сени,
Розиман тоабад дўзахда куйсам.

Лекин, сен Ҳомерни ўқимагансан…

29.10.2019

ЖАНГ

Туғилдинг жангчисан!
Кўзларингни оч.
Йиғлайсан чалинади бонг.
Куласан чалинади бонг.
Биринчи қадаминг — биринчи зарбанг,
Гўдаклик кўзларин очмайди шу тонг.

Йиқилиб қонаган бошингга,
Бойланар онангнинг рўмоли.
Отангнинг далдасин кўтариб,
енгмоқчи бўласан дунёни.
Йилларнинг бошига туширасан мушт,
Кунларнинг бўйнига иласан гуноҳ.

Ҳар куни ўзинга бўласан мағлуб,
Саволларинг мағлуб.
Савобларинг мағлуб.
Ҳаммаси ўзингнинг қурбонинг.
Ҳаётнинг муштлари тугамас,
Тугамас жанчиси дунёнинг.

Олдинда муҳим жанг,
Ишқ жанги — соғинч жанги.
Севганингнинг кўзига,
Ёмғирдай ёғиш жанги.
Ютолсанг висолга эгасан!..
Шамолга айланар нигоҳинг,
Оловдек ёнади ҳар панжанг.
Зарбалар!
Зарбалар!
Зарбалар!

Ҳар ёққа сочилар ҳисларинг.
Севи-и-б юмулади кўзларинг —
Севи-и-б очилади кўзларинг.
Муштлардан юрагинг синади,
тугайди оҳирги умидинг.
“Барибир мен сени севаман”,-
Шу сўзнинг устига қуладинг.
Ўртага айрилиқ тушади,
Бошланади тескари саноқ.

Ўн!
Тўққиз!
Саккиз!
Турсангчи-турақол осонми севмоқ.
Етти!
Олти!
Беш!
Севганинг кўзини юмади…
Тўрт!
Уч!
Икки!
Бир!
Ҳаммаси тугади…

Лекин сен жангчисан —
жанг қилишинг шарт.
Жанг қилиб уйландинг бошқа бир қизга,
Жанг қилибъумрини қаритдинг.
Қувонса — қувондинг жанг қилиб,
Йиғласа жанг қилиб ёшини артдинг.

Жанг қилиб ичишни ўргандинг!
Жанг қилиб кетишни ўргандинг!
Жанг қилиб кечишни ўргандинг!
Отангни кўмасан ютқазиб…
Онангни кўмасан ютқазиб…
(Жудолик!)
Рақибинг жўнатар қабрга,
Муштинга гулдаста тутқазиб!
Йиғлама..!

Йиқилсанг очидан ўлади боланг,
Йиқилсанг очидан ўлади боланг!
Энди сен жангларни сотасан,
Ютқазиб болангни боқасан!
Ютқазиб ўғлингни уйладинг,
Ютқазиб узатдинг қизингни!
Ҳар жангда ҳаммаси тугади,
Ҳар жангда ўлдирдинг ўзингни!

Бир куни бошланди ҳақиқий бир жанг,
Бу сафар ҳаётга осон енгилдинг.
Болангнинг қўлига йиқилдинг…

Бу жангда тескари санамас ҳеч ким,
Бу жангга тескари қарамас ҳеч ким.
Ҳаммаси бир гапни қайтариб айтар,
“Калима қайтар , калима қайтар!”
Тилингга жанг бўлиб келар калима,
Лабингдан жанг бўлиб чиқар калима…
Ўғлингни босади ваҳима…
Қизингни босади ваҳима…

Жанг қилиб жонингни қиласан таслим.
Сен тупроқ ҳидини туйган бир маҳал.
Қабрингнинг тошига суратинг илиб,
Давомчинг қўлини кўтарар ажал!

21.09.2018

* * *

Лойланади кўзларим оқи..
…лойқа сувда чўмилар киприк…
Ростларимнинг аниқ ўлмоғи,
Ёлғонларим ҳали ҳам тирик…

Телбаликнинг бошимикан шу,
Расоликнинг охирими ё ?
Минг йилларга етгулик қайғу,
Уйғондими жим ётган нидо?

Бир лаҳзага қотиб қолди тун,
Қора рангин олдим кўчириб.
Оқ ҳарфларда ёзилган бутун
Ўтмишимни чиқдим ўчириб.

Энди йўқлаб келмай қўйди ой,
Юз ўгирди мендан ҳақиқат,
Ёлғон бўлиб келдим ҳойнаҳой
Ёлғон бўлиб кетмайман фақат —

Лойланади қорачиғим ҳам,
Киприкларим қолди кўникиб.
Ростларимни ўлдирмай энди,
Юрагимга қўяман тўкиб…

91Shohrux tug‘ilganidan beri hech shoirman deb erkalanmagan. Erkalatmagan birov uni shoir deb. Doim orqa fonda yurgani, o‘zini ko‘z-ko‘z qilmaganidan do‘stalri ham unga o‘z soyalariday qarashgan. Go‘yo u iste’dodlar yugurdagi. Ya’ni to‘rtta narsani eplab yozolmaganu o‘zini baland o‘ylagich jo‘jaxo‘rozchalar edi ko‘pi. Ammo Shohrux xizmat qilgan har shoirdan baland edi. Buni o‘zi sezardimi yo‘qmi, bilmadim, she’rlari aytib qo‘yardi. Maishiy muammolar yemasa, bugun uning uch kitobi qo‘limizda bo‘lardi. Nasr, She’r, tarjima.
Bugun (8 sentabr) Shohrux tug‘ilgan kun. Hech yo‘q she’rlaridan o‘qing, topganimcha e’lon qilyapman (Jontemir Jondorning feysbukdagi sahifasidan).

Shohrux NAJOT
SHЕ’RLAR


***

Kuz…..
Sakkizinchi kun.
Kimningdir esidan chiqqanligim…
Kimningdir yodida qolganim.
Uzuq-yuluq tilaklar…
Bag‘ri yamoq yuraklar.
Dunyoga yetgulik jimlik…
To‘xtamay o‘sayotgan men!
Kuz…
To‘qqizinchi kun.
Yaproqlardan oldin sarg‘aydim!..

DAYDI

Bir daydi bor qishlog‘imizda,
Uni hamma yaxshi taniydi.
Qiroati mastlar qimizday.
Har nafasda kalima yeydi.

Bir daydi bor qishlog‘imizda,
Parvo qilmas o‘tgan ketganga.
So‘kinsalar tabassum izlar,
Qarsak chalar uni tepganga.

Bir daydi bor qishlog‘imizda,
Do‘st tutingan daraxtlar bilan.
Yog‘ishlarga dardini aytib,
Qo‘shiq kuylar tomchi tilida.

Tunlar uning og‘a-inisi,
Kunduzlarga marsiya to‘qir.
Tosh yo‘lakni joynamoz qilib,
Azongacha tilovat o‘qir.

Bir qo‘lida eski maykosa.
Quloqlarga sura iladi.
Da(l)liligi xalqqa ovoza..
Shix* ham uni shayx deb biladi!

Ko‘nglin ochsa unga parilar,
Chirt tupurib qo‘yar yoniga.
kulib-kulib, tikilib qarar,
Daydi itlar sherik noniga…

Yuragim, bor, daydiga aylan,
Yuvib tashla ichimdan g‘ashni.
Sen ruhimga erkni lutf ayla,
O‘rganib kel undan yashashni!

Sog‘inchimni qitiqlaydi Shix,
Meni tushda ko‘radi daydi.
Ruhim uchar vohaga qarab,
Ko‘zlarimdan to‘kilar aybim..

Daydi og‘a, daydijon og‘a,
Mayingdan quy to‘lsin hovuchim.
Endi men ham sendek devona,
Ishq bog‘iga aylandi ichim…
Ishq bog‘iga aylandi ichim…

*Shix – Xorazmdagi qishloq.

* * *

Esingdami?
Antiqa gul,
Bir dona shokolad
Jim-mlik…
Tun!
Sen va men.
Qorishib ketgandik borliqqa
Esingdami?

Kelayotgan odamlar.
Ketayotgan odamlar.
Kutilayotgan kunlar
va kutayotgan kunlar.
Ikkimizdan tashqarida
va ikkimizdan ichkarida edi hammasi.
Esingdami?

Yo‘l.
Yomg‘ir.
Soyabonli yigit.
Soyabonin unutgan qiz
va gunohi yuvilayotgan shahar.
Esingdami?

Qahvaxona.
Achchiq qahva
va shunday tamli izhor
va shunday tamli jimlik.
Esingdami?

Yuz marta yuborilgan “sevaman” so‘zi.
Yuz marta qaytib kelgan “cheksizlik”.
Esingdami?

Kulayotgan ko‘z yoshing.
Yig‘layotgan kulgum
va ustimizdan kulgan odamlar.
Esladingmi?

Eslagan bo‘lsang,
izohlab ber endi nega?
Shokoladli tushlar ko‘rib,
Antiqa gul hidini sog‘inib
uyg‘onayotganimni!

BЕGONA

Afsus, sen Homerni o‘qimagansan…
Nima uchun kuchlar bir-biriga ters?
Nima uchun qalbing bo‘lmas namoyon?
Sendan menga qadar – hammasi sirli,
Mendan senga qadar – hammasi ayon.
Sochlaring rangiday qora tuyg‘ular,
Rangin kunlarimga qilar ibodat.

Soatni pullayman sariq chaqaga,
Har bir chaqa sen va mendan iborat!
Qarashlar – jinoyat, izhorlar – gunoh,
Gunohga botganman avval boshidan.
Ko‘zlarim qalbingda umrbod mahkum,
Sug‘ording ularni ko‘zing yoshida.
Endi boshimizga yog‘maydi yomg‘ir,
Quyosh yo‘qlamaydi bizlarni birrov.

Garchi Medeyaning qarg‘ishi urgan,
Ishqimiz – Prometey keltirgan olov.
Kipriging – Apallon o‘lim nayzasi,
Bilki Afina xam bo‘lolmas raqib.
Men esa qo‘rqmasdan boraveraman,
Olimp xudolari qilsada ta’qib
Men Ahill emasman, ruhim jangchimas,
Isming esa o‘tkir, yirtar bo‘g‘zimni.

Maydonga chaqirgim kelar hayqirib,
Soyanga berkinib olgan o‘zimni.
Ayriliq uydirma , vidolar sohta,
Ig‘volar yuzini yolg‘onga artgan.
Bizlarni miflaru ertaklar emas,
Muxabbat loyidan osmon yaratgan.
Taqdir bitigiga peshonam ko‘nmas,
Sen – ta’qiq mevasi, sen – sirli kuysan.
Baribir uzaman, kuylayman seni,
Roziman toabad do‘zaxda kuysam.

Lekin, sen Homerni o‘qimagansan…

29.10.2019

JANG

Tug‘ilding jangchisan!
Ko‘zlaringni och.
Yig‘laysan chalinadi bong.
Kulasan chalinadi bong.
Birinchi qadaming — birinchi zarbang,
Go‘daklik ko‘zlarin ochmaydi shu tong.

Yiqilib qonagan boshingga,
Boylanar onangning ro‘moli.
Otangning daldasin ko‘tarib,
yengmoqchi bo‘lasan dunyoni.
Yillarning boshiga tushirasan musht,
Kunlarning bo‘yniga ilasan gunoh.

Har kuni o‘zinga bo‘lasan mag‘lub,
Savollaring mag‘lub.
Savoblaring mag‘lub.
Hammasi o‘zingning qurboning.
Hayotning mushtlari tugamas,
Tugamas janchisi dunyoning.

Oldinda muhim jang,
Ishq jangi — sog‘inch jangi.
Sevganingning ko‘ziga,
Yomg‘irday yog‘ish jangi.
Yutolsang visolga egasan!..
Shamolga aylanar nigohing,
Olovdek yonadi har panjang.
Zarbalar!
Zarbalar!
Zarbalar!

Har yoqqa sochilar hislaring.
Sevi-i-b yumuladi ko‘zlaring —
Sevi-i-b ochiladi ko‘zlaring.
Mushtlardan yuraging sinadi,
tugaydi ohirgi umiding.
“Baribir men seni sevaman”,-
Shu so‘zning ustiga qulading.
O‘rtaga ayriliq tushadi,
Boshlanadi teskari sanoq.

O‘n!
To‘qqiz!
Sakkiz!
Tursangchi-turaqol osonmi sevmoq.
Yetti!
Olti!
Besh!
Sevganing ko‘zini yumadi…
To‘rt!
Uch!
Ikki!
Bir!
Hammasi tugadi…

Lekin sen jangchisan —
jang qilishing shart.
Jang qilib uylanding boshqa bir qizga,
Jang qilib’umrini qaritding.
Quvonsa — quvonding jang qilib,
Yig‘lasa jang qilib yoshini artding.

Jang qilib ichishni o‘rganding!
Jang qilib ketishni o‘rganding!
Jang qilib kechishni o‘rganding!
Otangni ko‘masan yutqazib…
Onangni ko‘masan yutqazib…
(Judolik!)
Raqibing jo‘natar qabrga,
Mushtinga guldasta tutqazib!
Yig‘lama..!

Yiqilsang ochidan o‘ladi bolang,
Yiqilsang ochidan o‘ladi bolang!
Endi sen janglarni sotasan,
Yutqazib bolangni boqasan!
Yutqazib o‘g‘lingni uylading,
Yutqazib uzatding qizingni!
Har jangda hammasi tugadi,
Har jangda o‘ldirding o‘zingni!

Bir kuni boshlandi haqiqiy bir jang,
Bu safar hayotga oson yengilding.
Bolangning qo‘liga yiqilding…

Bu jangda teskari sanamas hech kim,
Bu jangga teskari qaramas hech kim.
Hammasi bir gapni qaytarib aytar,
“Kalima qaytar , kalima qaytar!”
Tilingga jang bo‘lib kelar kalima,
Labingdan jang bo‘lib chiqar kalima…
O‘g‘lingni bosadi vahima…
Qizingni bosadi vahima…

Jang qilib joningni qilasan taslim.
Sen tuproq hidini tuygan bir mahal.
Qabringning toshiga surating ilib,
Davomching qo‘lini ko‘tarar ajal!

21.09.2018

* * *

Loylanadi ko‘zlarim oqi..
…loyqa suvda cho‘milar kiprik…
Rostlarimning aniq o‘lmog‘i,
Yolg‘onlarim hali ham tirik…

Telbalikning boshimikan shu,
Rasolikning oxirimi yo ?
Ming yillarga yetgulik qayg‘u,
Uyg‘ondimi jim yotgan nido?

Bir lahzaga qotib qoldi tun,
Qora rangin oldim ko‘chirib.
Oq harflarda yozilgan butun
O‘tmishimni chiqdim o‘chirib.

Endi yo‘qlab kelmay qo‘ydi oy,
Yuz o‘girdi mendan haqiqat,
Yolg‘on bo‘lib keldim hoynahoy
Yolg‘on bo‘lib ketmayman faqat —

Loylanadi qorachig‘im ham,
Kipriklarim qoldi ko‘nikib.
Rostlarimni o‘ldirmay endi,
Yuragimga qo‘yaman to‘kib…

22

(Tashriflar: umumiy 99, bugungi 1)

Izoh qoldiring