Ahmad A’zam. Yangi voqeliklar yaratayotgan adib.

001

   Назар Эшонқул, ижодкорларни қилган камтарона хизматига қараб ўрин-ўрнига қўйиб гапириш гапириш ҳақиқат талабига айланганини назарда тутиб айтадиган бўлсак, ҳеч муболағасиз бадиий тафаккур ўзанларини янгилаб, аллақачон талай қисса ва ҳикоялари билан эътибор топиб, адабий жамоатчилик эътироф етилган, ёшига қарамай кўпларимиздан олдинга ўтган, шу олдинги қаторларда етакчи оқим дарғаларидан бири.

 

Аҳмад Аъзам
ЯНГИ ВОҚЕЛИКЛАР ЯРАТАЁТГАН АДИБ
002

Назар билан бирга Қамашининг Лангар отасига борганмиз. Ўнқир-чўнқир тош йўлдан сой сувига интилиб тушган қишлоқлар оралаб баландлаб кетавердик, машина юриши энди мушкул бир манзилда – тоғнинг белида тўхтадик, у ёғи яна ҳам баланд қоялар эди; бағри кўкка бурканган, осмони тоза. ниҳоятда гўзал кўринишлар, табиийки, шаҳардан димиқиб юрган одамнинг қараб кўкраги кўтарилиб кетади, қийқириб юборгиси келади. “Нарёқлари бундан чиройли. Йигирма чақиримлардан кейин бизнинг Терсота келади”, деди болалиги шу овлоқ тоғлар қўйнида ўтган ёзувчи. Кейин уларнинг оиласи тоғдан кўчиб тушиб, бўлажак адибимиз мактабни Музработ даштларида битириб, Тошкентга қараб симёғоч санашга тушган. Тақдирни қаранг! Қамаши тоғлари билан Музрабод даштлари қаёқдаю замонавий ўзбек адабиётию дунёнинг илғор бадиий тафаккур тарзи қаёқда. Оллоҳ истеъдодни бераман деса, бандасининг тоғдами, чўлдами қандай шароитда ўсганига қараб ўтирмас экан.

Одамнинг туғилган, униб-ўсган жойлари унинг руҳияти, фикрлаши, феъл-атворига бир умрлик таъсир ўтказиши бор гап, лекин тоғда қанча юксаклик, далаю даштда қанча кенглик бўлмасин, бу ерларда бола учун эмин-эркин билим олиш, маданият масканларидан нарсалардан баҳраманд бўлишга, турган гап, шароит йўқ. Тоғлик чўпон бола шу мусаффо ҳаволар қўйнида отасига қарашиб молини боқиш, шамоллар ўйнаган даштларда тўзон ютиб, сомон ташишдан бўшамайди. Дарсини тайёрлаб, китоб ўқишга ҳам фақат кечалари вақт топган овлоқнинг боласи куни келиб, дунё адабиётини чуқур ўзлаштирган, ўзи ҳам шу адабиётларнинг сара намуналари билан беллашгулик асарлар яратган улкан ёзувчи бўлиб етишишида ибратли бир ҳикмат бор. Бу ҳикматда халқимизнинг азалдан азал салоҳиятли экани, бу салоҳият қаерда, қанақа шароитда ўсган бўлсин, фарзандларида истеъдод бўлиб очилиб боравериши мужассам.

Энди баланд тоғлар, эркин даштларга қайтсак, уларнинг эпкинлари адиб асарларида эсиб туради. Унинг илк қиссасиёқ одамларининг хос феъл-атвори, фикрлаш тарзида ҳам ўхшаш, ҳам ўхшамаслиги билан ярқ этиб эътиборга тушган эди. “Уруш одамлари”даги бу манзиллар кейинги асарларида кўнгил кенгликларига айланди Гап шундаки, адиб аввалбошда босиқ-вазмин, кенг қамровли услубда бошлаган бўлса, кўп ҳам ўтмай ёзувчиларимиздан ҳеч кимникига ўхшамайдиган янгича бир йиғноқ бадиий тафаккур тарзи – тамсилий ифодаларга ўтди. Шу тамсилий мушоҳада – метафора йўналиши, замонавий дунё адабиётининг айни бугунги тамойиллари адиб асарларининг мазмун моҳиятига айланди. Назарнинг ҳақиқий ижодкор сифатида алоҳида ажралиб турадиган сифатларидан бири ҳам шунда.

Зеро, ёзувчининг истеъдоди унинг қанча ёшга кирганию қанча қиссаю романлар яратилгани билангина эмас, балки бадиий тафаккурга нима ўзгаришлар олиб кириб, адабий жараёнга қандай таъсир ўтказиши билан белгиланади.

Назар, ҳеч шубҳасиз, шундай, янги жараён яратаётган адиб. Адабиётимизнинг кейинги авлодлари орасида тубдан ўсиб келаётган пойдор чўққиларидан бири. Бу адиб мисолида адабиётимизнинг бир жойда турғун эмаслиги, ундоқ бўлди, бундоқ бўп кетяпти деган илмона башоратларга зид ўлароқ унинг ўз қонунияти бўйича ўсиб, тараққий топиб, янги кенгликларга чиқаётганини урғулаш мумкин. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки янгиланиш — адабиётнинг мазмун-моҳиятидаги замон ва шахс ўзгариши инъикоси бўлмиш ички ҳаракат ва бу ўтмиш адабиётини ёки адибларини инкор қилмайди, яратилганга суянган, ундан чиқиб келган ҳолда ўзгача йўлларни очаверади, айни ўзигача яратилганнинг ҳам мартабасини кўтариб берадигап оқим. Унинг ҳаракатланиши адабиётнинг ички қонуниятларидан келиб чиқади ва у қандайдир ҳамма ижодкорга ёппасига тегишли интилиш эмас, бу оқимнинг қўзғатиб, ҳаракатга бурган етакчилари бўлади, шулар таъсирида адабий жараёнда ўзгаришлар рўй беради, бадиий тафаккур миқёслари кенгаяди.

Назар Эшонқул, ижодкорларни қилган камтарона хизматига қараб ўрин-ўрнига қўйиб гапириш гапириш ҳақиқат талабига айланганини назарда тутиб айтадиган бўлсак, ҳеч муболағасиз бадиий тафаккур ўзанларини янгилаб, аллақачон талай қисса ва ҳикоялари билан эътибор топиб, адабий жамоатчилик эътироф етилган, ёшига қарамай кўпларимиздан олдинга ўтган, шу олдинги қаторларда етакчи оқим дарғаларидан бири.

Бошланишини эслайман, саксонинчи йиллар ўрталарида “Уруш одамлари”ни ўқиб, қўлига олган қаламини энди кўрсатган ёш, ҳали тажриба тўплаб улгурмаган йигитнинг вазмин фикрлаши ва аниқ тасвирларида қандайдир эпик кенгликларни туйиб, жуда таъсирланган, муаллифининг келажагига ҳавасим келган эди Шундан бери Назарнинг ижодини кузатиб келаман, у билан дўстлашдик, анча йиллар бирга кўплаб телекўрсатувлар қилдик, “Дунё адабиёти» рукнида эфирга берган кўрсатувларини хўп томоша қилганман, лекин уни билган, асарларини мунтазам ўқиб келган ҳолимда ҳам навбатдагисини мутолаа қилганда бир янгилик кашф қиламан, Назарда бошқа бир Назарни кўргандек бўламан. Бунинг сабаби у нафақат асарда янгилик кашф қилади, балки ўзи ҳам янгиланади, мушоҳада тарзида фикрнинг ўзгача бир кенгликларига чиқаётган бўлади. Худди шундай, бўлмаганнни худди бўлгандек тасвирлаш, фикрни уқтирмаган, таъкидламаган ҳолда ўқиган одамнинг ўзида уйғотиш, билганини билмаганликка солиш орқали ўқувчини билишга ундаш, ифода этилаётган маънога мувозий бошқа маъно кўчимларини юклаш, таассуротга ўзи уйғонадиган фикрларни сингдиришга асосланган тамсил йўналиши Назарнинг “Маймун етаклаган одам”, “Шамолни етаклаб бўлмайди”, Тобут”, “Хароба шаҳар сурати” каби ҳикоялари, “”Ялпиз ҳиди” туркумида ойдинлашди. Бу асарлар ихчам шаклда кенг қамровли мазмун- моҳиятни сиғдириш, ўқиган одамнинг фикрини фаолллаштириб, таассуротида кенглик яратиши билан янги бир китобхон қатламини яратишга ҳам улги бўлди.

Энди бу асарлар мисолида Назарнинг тасвирдаги ўзига хос дунёбинлиги, фикрлашидаги теранликлар ҳақида истаганча гапириш мумкин эди, лекин бу борадаги мушоҳадаларни лўнда қиладиган, тафаккур кенгликларини бадиий йиғноқ шаклга жо қилган романи босилиб чиқиб, муаллифни бор бўйи билан қайтадан очиқлади.

“Гўрўғли” алоҳида тадқиқотлар манбаси, уни бир чиқишда тавсифлаш мушкул масала, лекин таассуротларни айтмаса ҳам бўлмайди. Бу роман адибнинг шунгача ва шу орада яратган асарларининг қиёми, унга қараб бошқа асарларидаги фикр тадрижини таҳлил қилиш мумкин. Унга бутун бошли бир давр, кишилик жамиятининг муқим бир босқичи, юқорида айтганимиздек, китобхон хаёлини эркинлик ва унинг қиёсларига етаклаб кетадиган бир шаклда жо бўлган. Бутун бошли бир давр, жамият ҳаётининг ботиний кечинмаларигача Н деган бир қаҳрамоннинг одамларга муносабати, одамларнинг унга муносабати акс этган кўз қарашларида ғайриоддий содда кўз қарашлари орқали очиб берилади. Нореал муҳит қаҳрамоннинг сокин изтиробларида ойдинлашади.

Н — исмини жамият машинаси ўчирган, лекин ўзлигини йўқотмасликка уринаётган, сукунатда жимжит курашаётган одам. Атрофидаги дунё мавҳум, гўё қаҳрамонимизнинг ўзи тушунмаётгандек, лекин аччиқ тажрибада кўрганимиз учун биз англаймиз: товушларни ўчирган, бу ҳолатга ҳатто ҳайронлик ҳам қолдирмаган даражада кўниктирган тузум, Ўлдирилган Н ҳали тириклигини ҳис қилиб ўзини ахтаради. Уни ўлганига ишонтирмоқчи бўлганлар ўзларининг ўликлигдан бехабар, балки кўникиб кетганлар, шундай ўнғай яшаш йўлини танлаганлар, агар шуни ҳам ҳаёт десак. Қаранг, кўпларининг номи йўқ, шакли шамойили бўлса ҳам ўзлари йўқ. Фақат оғишмай бажарадиган касб-вазифалари бор, холос. Механизмнинг жойига маҳкам қотирилган ва бекаму кўст ишлайдиган исмсизларнинг бир тимсоли – Т. Унинг ҳатто ҳаёти ҳам йўқ. Яшамайди, фақат бурчини ўтайди. Унинг ҳатто бу бурчни бажаришга масъулият туйғуси ҳам йўқ, вазифаси шуми, шуни бажариши керак, вассалом! У ёқ, бу ёққа бурилиш йўқ, янглиш бўлса, уни тузатиш ҳам мамну, у фақат тўғрига юришни билади, шу йўлдан оғишмайди.

Тузум маишнаси ҳар бир мурватини жой-жойига қатъий ўрнатиб, ўзини қурбон бўлганини ўйламаётган ички мустабидларга айлантирган. Тузум бир одамни тасодифан ўлдига чиқардими, балки тасодифан эмасдир, ўзига халақит берадагн шахсдан қутулмоқчидир, энди янглиш очилганда унинг машинаси тўхтамайди тўхтаб хатосини тузатмайди, унинг иши ўз мантиқи бўйича тўғри олдинга юравериши керак. Н – янглиш бир хатонинг қурбони эмас. Тизим машинаси ҳаракатининг муқаррар маҳкуми. Бунда гап воқеликнинг реаллигига қаралмайди, реал бўлмаган, бўлишининг иложи йўқ воқеа ўқиган одам кўнглида реал воқелик, ўтиб кетган тузум ҳақида, кечаги тузум деб қарайдиган бўлсак, бугуннинг реаллигини яратади кўнгилда.

Романни ўқиб, мавжуд мезонларга таянган ҳолда ёзиш – самарасиз иш деган хулосага келасан киши. Бу асар дунё адабиёти арсеналидан ўзига биз учун янги мезонлар талаб қилади. Асар дунёдаги кўп асар билан бўйлашади, ва ўша мартабасида қаралганда бизга яқинлашади. Одамни сескантирадиган даражадаги тасвирлари тассуротимизга сон-минг мулоҳазаю муқоясалар бериб, фикримизни эркинлаштиради, эркинлик қадридан ибратли сабоқ беради.

Бизга – бугунги куннинг китобхонига айни шу тамсил усулларида ёзилган шундай асарлар керак эди, уларнинг бир каттасини адиб Назарнинг истеъдоди юзага чиқардики, бу адабиётимизнинг пойдорлиги, тубдан ўсиб чиқиб, янги  минтақаларни  кашф этаётганини кўрсатади.

Ҳа, дарвоқе, Назар ижодининг ўзи унча хушламайдиган, лекин маърифий ҳаётимизда  катта ўрин тутадиган бир жиҳатини – ТВдаги ижодий фаолияти ва у яратаётган телесерилларни гапирмадик, бу ҳаммага маълум ва машҳур, майли, бу кейинги суҳбатлар мавзуси…

Кўп йиллардан бери қоғоз устида тер тўкиб, дунёни ўрганиб, ўзгача фикрлаб, ёшига қарамай адабиётимизнинг олдинги қаторларида йўлбонлик қилаётган укамиз Назар, таъриф-эпитетни қайчиламай айтсак, бугунги кунга келиб улкан адибга айланди. Биз улкан адибимизга улкан ижодий ютуқлар тилаймиз.

Мақола матни Аҳмад Аъзам веб саҳифасидан олинди.

033

Ahmad A’zam
YANGI VOQELIKLAR YARATAYOTGAN ADIB
002

Nazar bilan birga Qamashining Langar otasiga borganmiz. O’nqir-cho’nqir tosh yo’ldan soy suviga intilib tushgan qishloqlar oralab balandlab ketaverdik, mashina yurishi endi mushkul bir manzilda – tog’ning belida to’xtadik, u yog’i yana ham baland qoyalar edi; bag’ri ko’kka burkangan, osmoni toza. nihoyatda go’zal ko’rinishlar, tabiiyki, shahardan dimiqib yurgan odamning qarab ko’kragi ko’tarilib ketadi, qiyqirib yuborgisi keladi. “Naryoqlari bundan chiroyli. Yigirma chaqirimlardan keyin bizning Tersota keladi”, dedi bolaligi shu ovloq tog’lar qo’ynida o’tgan yozuvchi. Keyin ularning oilasi tog’dan ko’chib tushib, bo’lajak adibimiz maktabni Muzrabot dashtlarida bitirib, Toshkentga qarab simyog’och sanashga tushgan. Taqdirni qarang! Qamashi tog’lari bilan Muzrabod dashtlari qayoqdayu zamonaviy o’zbek adabiyotiyu dunyoning ilg’or badiiy tafakkur tarzi qayoqda. Olloh iste’dodni beraman desa, bandasining tog’dami, cho’ldami qanday sharoitda o’sganiga qarab o’tirmas ekan.

Odamning tug’ilgan, unib-o’sgan joylari uning ruhiyati, fikrlashi, fe’l-atvoriga bir umrlik ta’sir o’tkazishi bor gap, lekin tog’da qancha yuksaklik, dalayu dashtda qancha kenglik bo’lmasin, bu yerlarda bola uchun emin-erkin bilim olish, madaniyat maskanlaridan narsalardan bahramand bo’lishga, turgan gap, sharoit yo’q. Tog’lik cho’pon bola shu musaffo havolar qo’ynida otasiga qarashib molini boqish, shamollar o’ynagan dashtlarda to’zon yutib, somon tashishdan bo’shamaydi. Darsini tayyorlab, kitob o’qishga ham faqat kechalari vaqt topgan ovloqning bolasi kuni kelib, dunyo adabiyotini chuqur o’zlashtirgan, o’zi ham shu adabiyotlarning sara namunalari bilan bellashgulik asarlar yaratgan ulkan yozuvchi bo’lib yetishishida ibratli bir hikmat bor. Bu hikmatda xalqimizning azaldan azal salohiyatli ekani, bu salohiyat qaerda, qanaqa sharoitda o’sgan bo’lsin, farzandlarida iste’dod bo’lib ochilib boraverishi mujassam.

Endi baland tog’lar, erkin dashtlarga qaytsak, ularning epkinlari adib asarlarida esib turadi. Uning ilk qissasiyoq odamlarining xos fe’l-atvori, fikrlash tarzida ham o’xshash, ham o’xshamasligi bilan yarq etib e’tiborga tushgan edi. “Urush odamlari”dagi bu manzillar keyingi asarlarida ko’ngil kengliklariga aylandi Gap shundaki, adib avvalboshda bosiq-vazmin, keng qamrovli uslubda boshlagan bo’lsa, ko’p ham o’tmay yozuvchilarimizdan hech kimnikiga o’xshamaydigan yangicha bir yig’noq badiiy tafakkur tarzi – tamsiliy ifodalarga o’tdi. Shu tamsiliy mushohada – metafora yo’nalishi, zamonaviy dunyo adabiyotining ayni bugungi tamoyillari adib asarlarining mazmun mohiyatiga aylandi. Nazarning haqiqiy ijodkor sifatida alohida ajralib turadigan sifatlaridan biri ham shunda.

Zero, yozuvchining iste’dodi uning qancha yoshga kirganiyu qancha qissayu romanlar yaratilgani bilangina emas, balki badiiy tafakkurga nima o’zgarishlar olib kirib, adabiy jarayonga qanday ta’sir o’tkazishi bilan belgilanadi.

Nazar, hech shubhasiz, shunday, yangi jarayon yaratayotgan adib. Adabiyotimizning keyingi avlodlari orasida tubdan o’sib kelayotgan poydor cho’qqilaridan biri. Bu adib misolida adabiyotimizning bir joyda turg’un emasligi, undoq bo’ldi, bundoq bo’p ketyapti degan ilmona bashoratlarga zid o’laroq uning o’z qonuniyati bo’yicha o’sib, taraqqiy topib, yangi kengliklarga chiqayotganini urg’ulash mumkin. Boshqacha bo’lishi ham mumkin emas, chunki yangilanish — adabiyotning mazmun-mohiyatidagi zamon va shaxs o’zgarishi in’ikosi bo’lmish ichki harakat va bu o’tmish adabiyotini yoki adiblarini inkor qilmaydi, yaratilganga suyangan, undan chiqib kelgan holda o’zgacha yo’llarni ochaveradi, ayni o’zigacha yaratilganning ham martabasini ko’tarib beradigap oqim. Uning harakatlanishi adabiyotning ichki qonuniyatlaridan kelib chiqadi va u qandaydir hamma ijodkorga yoppasiga tegishli intilish emas, bu oqimning qo’zg’atib, harakatga burgan yetakchilari bo’ladi, shular ta’sirida adabiy jarayonda o’zgarishlar ro’y beradi, badiiy tafakkur miqyoslari kengayadi.

Nazar Eshonqul, ijodkorlarni qilgan kamtarona xizmatiga qarab o’rin-o’rniga qo’yib gapirish gapirish haqiqat talabiga aylanganini nazarda tutib aytadigan bo’lsak, hech mubolag’asiz badiiy tafakkur o’zanlarini yangilab, allaqachon talay qissa va hikoyalari bilan e’tibor topib, adabiy jamoatchilik e’tirof yetilgan, yoshiga qaramay ko’plarimizdan oldinga o’tgan, shu oldingi qatorlarda yetakchi oqim darg’alaridan biri.

Boshlanishini eslayman, saksoninchi yillar o’rtalarida “Urush odamlari”ni o’qib, qo’liga olgan qalamini endi ko’rsatgan yosh, hali tajriba to’plab ulgurmagan yigitning vazmin fikrlashi va aniq tasvirlarida qandaydir epik kengliklarni tuyib, juda ta’sirlangan, muallifining kelajagiga havasim kelgan edi Shundan beri Nazarning ijodini kuzatib kelaman, u bilan do’stlashdik, ancha yillar birga ko’plab teleko’rsatuvlar qildik, “Dunyo adabiyoti» ruknida efirga bergan ko’rsatuvlarini xo’p tomosha qilganman, lekin uni bilgan, asarlarini muntazam o’qib kelgan holimda ham navbatdagisini mutolaa qilganda bir yangilik kashf qilaman, Nazarda boshqa bir Nazarni ko’rgandek bo’laman. Buning sababi u nafaqat asarda yangilik kashf qiladi, balki o’zi ham yangilanadi, mushohada tarzida fikrning o’zgacha bir kengliklariga chiqayotgan bo’ladi. Xuddi shunday, bo’lmagannni xuddi bo’lgandek tasvirlash, fikrni uqtirmagan, ta’kidlamagan holda o’qigan odamning o’zida uyg’otish, bilganini bilmaganlikka solish orqali o’quvchini bilishga undash, ifoda etilayotgan ma’noga muvoziy boshqa ma’no ko’chimlarini yuklash, taassurotga o’zi uyg’onadigan fikrlarni singdirishga asoslangan tamsil yo’nalishi Nazarning “Maymun yetaklagan odam”, “Shamolni yetaklab bo’lmaydi”, Tobut”, “Xaroba shahar surati” kabi hikoyalari, “”Yalpiz hidi” turkumida oydinlashdi. Bu asarlar ixcham shaklda keng qamrovli mazmun- mohiyatni sig’dirish, o’qigan odamning fikrini faolllashtirib, taassurotida kenglik yaratishi bilan yangi bir kitobxon qatlamini yaratishga ham ulgi bo’ldi.

Endi bu asarlar misolida Nazarning tasvirdagi o’ziga xos dunyobinligi, fikrlashidagi teranliklar haqida istagancha gapirish mumkin edi, lekin bu boradagi mushohadalarni lo’nda qiladigan, tafakkur kengliklarini badiiy yig’noq shaklga jo qilgan romani bosilib chiqib, muallifni bor bo’yi bilan qaytadan ochiqladi.

“Go’ro’g’li” alohida tadqiqotlar manbasi, uni bir chiqishda tavsiflash mushkul masala, lekin taassurotlarni aytmasa ham bo’lmaydi. Bu roman adibning shungacha va shu orada yaratgan asarlarining qiyomi, unga qarab boshqa asarlaridagi fikr tadrijini tahlil qilish mumkin. Unga butun boshli bir davr, kishilik jamiyatining muqim bir bosqichi, yuqorida aytganimizdek, kitobxon xayolini erkinlik va uning qiyoslariga yetaklab ketadigan bir shaklda jo bo’lgan. Butun boshli bir davr, jamiyat hayotining botiniy kechinmalarigacha N degan bir qahramonning odamlarga munosabati, odamlarning unga munosabati aks etgan ko’z qarashlarida g’ayrioddiy sodda ko’z qarashlari orqali ochib beriladi. Noreal muhit qahramonning sokin iztiroblarida oydinlashadi.

N — ismini jamiyat mashinasi o’chirgan, lekin o’zligini yo’qotmaslikka urinayotgan, sukunatda jimjit kurashayotgan odam. Atrofidagi dunyo mavhum, go’yo qahramonimizning o’zi tushunmayotgandek, lekin achchiq tajribada ko’rganimiz uchun biz anglaymiz: tovushlarni o’chirgan, bu holatga hatto hayronlik ham qoldirmagan darajada ko’niktirgan tuzum, O’ldirilgan N hali tirikligini his qilib o’zini axtaradi. Uni o’lganiga ishontirmoqchi bo’lganlar o’zlarining o’likligdan bexabar, balki ko’nikib ketganlar, shunday o’ng’ay yashash yo’lini tanlaganlar, agar shuni ham hayot desak. Qarang, ko’plarining nomi yo’q, shakli shamoyili bo’lsa ham o’zlari yo’q. Faqat og’ishmay bajaradigan kasb-vazifalari bor, xolos. Mexanizmning joyiga mahkam qotirilgan va bekamu ko’st ishlaydigan ismsizlarning bir timsoli – T. Uning hatto hayoti ham yo’q. Yashamaydi, faqat burchini o’taydi. Uning hatto bu burchni bajarishga mas’uliyat tuyg’usi ham yo’q, vazifasi shumi, shuni bajarishi kerak, vassalom! U yoq, bu yoqqa burilish yo’q, yanglish bo’lsa, uni tuzatish ham mamnu, u faqat to’g’riga yurishni biladi, shu yo’ldan og’ishmaydi.

Tuzum maishnasi har bir murvatini joy-joyiga qat’iy o’rnatib, o’zini qurbon bo’lganini o’ylamayotgan ichki mustabidlarga aylantirgan. Tuzum bir odamni tasodifan o’ldiga chiqardimi, balki tasodifan emasdir, o’ziga xalaqit beradagn shaxsdan qutulmoqchidir, endi yanglish ochilganda uning mashinasi to’xtamaydi to’xtab xatosini tuzatmaydi, uning ishi o’z mantiqi bo’yicha to’g’ri oldinga yuraverishi kerak. N – yanglish bir xatoning qurboni emas. Tizim mashinasi harakatining muqarrar mahkumi. Bunda gap voqelikning realligiga qaralmaydi, real bo’lmagan, bo’lishining iloji yo’q voqea o’qigan odam ko’nglida real voqelik, o’tib ketgan tuzum haqida, kechagi tuzum deb qaraydigan bo’lsak, bugunning realligini yaratadi ko’ngilda.

Romanni o’qib, mavjud mezonlarga tayangan holda yozish – samarasiz ish degan xulosaga kelasan kishi. Bu asar dunyo adabiyoti arsenalidan o’ziga biz uchun yangi mezonlar talab qiladi. Asar dunyodagi ko’p asar bilan bo’ylashadi, va o’sha martabasida qaralganda bizga yaqinlashadi. Odamni seskantiradigan darajadagi tasvirlari tassurotimizga son-ming mulohazayu muqoyasalar berib, fikrimizni erkinlashtiradi, erkinlik qadridan ibratli saboq beradi.

Bizga – bugungi kunning kitobxoniga ayni shu tamsil usullarida yozilgan shunday asarlar kerak edi, ularning bir kattasini adib Nazarning iste’dodi yuzaga chiqardiki, bu adabiyotimizning poydorligi, tubdan o’sib chiqib, yangi mintaqalarni kashf etayotganini ko’rsatadi.

Ha, darvoqe, Nazar ijodining o’zi uncha xushlamaydigan, lekin ma’rifiy hayotimizda katta o’rin tutadigan bir jihatini – TVdagi ijodiy faoliyati va u yaratayotgan teleserillarni gapirmadik, bu hammaga ma’lum va mashhur, mayli, bu keyingi suhbatlar mavzusi…

Ko’p yillardan beri qog’oz ustida ter to’kib, dunyoni o’rganib, o’zgacha fikrlab, yoshiga qaramay adabiyotimizning oldingi qatorlarida yo’lbonlik qilayotgan ukamiz Nazar, ta’rif-epitetni qaychilamay aytsak, bugungi kunga kelib ulkan adibga aylandi. Biz ulkan adibimizga ulkan ijodiy yutuqlar tilaymiz.

Maqola matni Ahmad A’zam veb sahifasidan olindi.

033

(Tashriflar: umumiy 96, bugungi 1)

1 izoh

  1. Pingback: Muqum

Izoh qoldiring