21 март — Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзо таваллуд топган куннинг 75 йиллиги
“Навбатдаги пулсизликларнинг бирида эрталаб оёқларимни базўр судраб Шуҳратнинг хонасига кириб келдим, — дейди Алишер. – Қарасак, қўшниларнинг ҳаммаси дарсга кетибди. Оч қоринга дарс кирадими қулоққа, деб хаёл суриб, бироз чўзилиб ётдик. Кейин Шуҳратнинг калласида навбатдаги ғоя туғилиб қолди. “Сиз иккинчи қаватни, мен эса учинчи қаватни оталиққа оламиз. Хоналарни айланиб, қарз сўраб чиқамиз. Дарсга кетмаган болалардан пул ундирамиз”, — деди. Бироздан кейин иккаламиз йиққан пул бир даста бўлди. Ҳамёнда пул бўлгач, қорин ҳам ўзидан-ўзи тўйиб қолди. Баданга куч кирди, қувват пайдо бўлди. Кейин ётиб, хаёл оғушига чўмдик. “Яхши кўрган қизларни Тошкентга бориб, йўқлаб бир кўриб келмаймизми”, деган фикр туғилди иккаламизда. Бўпти, кетдик деб 2 ноябр куни аэропортга бориб 6 ноябрга чипта олдик. Самолётда бўш жой бўлса, ўтириб кетамиз, деб фараз қилдик. Ўша куни бирорта рейсга ўтиролмадик. Чунки армиядан қайтаётганлар, мотам муносабати билан телеграмма олганлар биринчи навбатда бўш жойларга қўйилмоқда эди. Охирги энг сўнгги, кечки 0040 рейс қолди. Шунда Ботир Зокировни кўриб қолдик.
Абдували Эгамбердиев
ИККИ ДЎСТ:
ШУҲРАТ АБДУРАШИД БИЛАН АЛИШЕР МИРЗО
Шундай кишилар бўладики, улар гарчи болаликдан бирга ўсмаган, мактабда бирга таҳсил олмаган бўлсалар ҳам, тақдирнинг тақозоси билан учрашиб қолади. Кейинчалик улар Аллоҳ учун дўст тутиниб, бир-бирига шу қадар яқин бўлиб кетадики, ҳаётини бир-бирисиз тасаввур эта олмай қолади. Ҳам жисман, ҳам маънан дўстларни бир-бирига боғлаб турувчи илоҳий бир куч пайдо бўладики, у бир умрга йўлдош бўлиб қолади.
Шуҳрат Абдурашидов билан Алишер Мирзони ҳам тақдир бақамти келтирди ва ижодларини бир-бирига руҳан яқинлаштирди. Бу айниқса талабалик йилларида ҳам қайғу ва ҳам шодликни биргаликда баҳам кўрганларида, ижодда эса воқеаликни, борлиқни жарангли, рангдор қабул қилиш ва ифода этишда, мавзуларни талқин қилишда ва эркин композицион ечимда кўринади. Гўзаллик олами шайдоси бўлган икки ёш талабанинг Минас Аветисян ижоди билан қизиқиши, бежиз эмас эди. Негаки рассом асарларида ёрқин, беғубор, жилвагар ранглар жамолини ҳис қилиш, воқеликни кескин ранглар қарама-қаршилиги ҳисобига ифода этиш, жарангдор рангларни эмин-эркин ишлатиш, оламни шартли талқин қилиш хусусияти кучли эди. Ёш рассом дўстлар учун эса бу ўзлари интилаётган оний ҳиснинг айнан ўзи эди.
Талабалик йиллари бирга ўтган бу иккала ижодкор ўзлари ёқтирган рассомларни бирга ўрганишарди. Табиатан эмин-эркинликни, муайян қолипга тушмай ўз холича ижод қилиш, билим олишни ёқтирадиган икки дўст, ёнма-ён ўқишарди ва ўзаро ижодий баҳслар, мулоқотлар мунтазам давом этарди. Таълим тизими, устозлар муносабатидаги ўзаро уйғунлик, бир-бирини тушуниш икки ёш талабада ҳам ижод сирларини эгаллашда қўл келди. Композицион, колористик ечимни эгаллаш қобилиятини кучлилиги, айни пайтда одамийлик, кундалик турмуш воқеалари-ҳодисаларига баҳо беришдаги яқинлик, тўғрисўзлик икки ёш рассомни бир-бирига пайвасталаган эди. Улар ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, эркин муносабатларга асосланган гўзаллик оламини ўзларича кашф этишган эди.
Ҳозирда ўзининг ёрқин асарлари билан дунёдаги кўпчилик санъат ихлосмандларининг назарига тушиб қолган А.Мирзо талабалик йиллари ва қадрдон дўсти Шуҳратнинг хотирасини алоҳида энтикиш билан эслаб туради.
Шуҳрат ростгўй, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, 29 йиллик умрида кўпгина ёшларга устозлик қилиб улгурган, ўзининг ижодий салоҳияти, шахсий жасорати билан ҳам кўпчиликка ўрнак бўлган рассом эди. У П.Бенков номидаги Бадиий билим юртида ўқиб юрган кезларида Жаннат опанинг уйида ижарага турар эди. Шу масканда Алишер ва Шуҳрат кечалари билан мижжа қоқмай, хаёллар оламида кезиб, юксак ниятлар оғушида кечган онлар кўп бўлган. Москвага бориб ўқиш нияти, илмга чанқоқлик, тасвирий санъат сирларини эгаллашга иштиёқ кучли эди. Ўз эзгу-ниятларини амалга ошириш мақсадида, Москвада тасвирий санъат олий мактабида имтиҳон топширишди. Институтга кирганларнинг рўйхати ҳам эълон қилинди. Алишер чаққонлик билан оломонни “ёриб” ўтиб рўйхатга интилди. Алишер Шуҳратга сенинг фамилиянг бор, меники эса йўқ, деб қолади. Ўша онни эслаб Алишер “ичим узилиб кетди” дейди. “М” ҳарфи қоғозга тушмай, Ирзаев бўлиб қолган экан. Қувонганимиздан папкамизни 5 дақиқалар чамаси осмонга отдик, ўзимизда йўқ бахтиёр эканлигимиздан бутун институт ҳовлисини ҳайқириқларимиз босиб кетди” – дейди рассом.
“Институтга қабул қилинганлигимиз ҳақида ёру-дўстларга Шуҳрат 20 та, мен 15 та телеграмма жўнатдик, — деб суҳбатини давом эттиради Алишер. Барча сарф-харажатлардан кейин 3 сўм пулимиз қолибди. Мабодо институтга кирсак, Москвадан Тошкентга пиёда кетамиз, деб ҳар қандай қийинчилигу-тўсиқлардан ўзимизни юқори қўйгандик. Эртасига 5-6 буханка нон билан “қуён” бўлиб кетиш мақсадида кечқурун ҳужжатларимизни олиб соат 9 да Қозон вокзалига чиқдик. Йўл бекатида Москва-Волгоград поезди турган экан. Ўрта Осиё йўналиши томон кетади деган мақсадда шу поездга чиқиб олдик. 3 соат юргач, бизни чиптасиз, мумкин эмас, деб Рязан шаҳрида тушириб юборишди. У ерда бир соатдан кейин Москва-Тошкент поезди келиб тўхтади. Биз проводникларга аҳволимизни тушунтирдик. Улар устимиздан аския, майнавозчилик қилиб бизни олмай ташлаб кетишди. 1-2 соатлардан кейин яна Тошкентга борадиган поезд келди. Яна омад келмай қолиб кетдик. Ярим кеча ваҳимада турган эдик, аллақандай йўловчи поезд келиб тўхтади. Хуллас бизга умумий вагоннинг 3-қаватидан жой беришди. 4 кеча-кундуз тепада қимирлашга ҳам мажолсиз, оч наҳор кетишга тўғри келди. Пастдан пишган товуқ ҳиди димоққа урилади. Қисқаси не азобда Тошкентга етиб олдик. Вагондан эмаклаб чиқдик ҳисоб. Шу кундан бошлаб, Москвага фақат самолётда қатнашга аҳдлашдик.
Воқеанинг қизиғи кейин бўлди. Уйга борсак, сув жўмраги тагида битта яхна қовун, бир коса овқат туриби. Ойим жиддий аёл эди, айланай-пайланай демай, яхши келдингми деб елкамдан қоқиб қўя қолди. Проводникка паспортимизни қолдириб, эртасига Эски шаҳарнинг Калинин ҳайкали олдида 10 сўм олиб келиб, паспортни қайтариб олиш ҳақида ваъдалашгандик. Шуҳратдан қарз олувдим, деб ойимга йўлдаги саргузаштларни айтмай, ўн сўм олиб, Калинин майдонига келиб паспортимни қайтариб олдим. Шуҳратни проводник билан ўша ерда бирор соатлар кутдик. Ҳалиям келмади-ку деб турган эдик, шу пайт Спартак стадиони томондан бўшашиб келаётган Шуҳратга кўзим тушди. Келиб: — “Амаки, пул топа олмадим”, — деди. “Ол-э паспортингни!” – деб ерга улоқтирди жаҳл билан проводник”. – дея ҳикоя қилади Алишер ўша даврларни эслаб.
Талабалик йилларининг унутилмас саргузаштлари, юксаклик парвоз қилган дамлар, кундалик турмуш машмашалари, пул танқислиги, борида чора, йўғида начора деганларидек, 2-3 кунлаб оч юрган дамлар ҳам бўлган. Айниқса, уйдан, ватандан олисда таҳсил кўрган ёшлар ҳаётида бу дамлар бутун бир достон, ғаройиб воқеалар, ажаб саргузаштларга бой талабалик йиллари ҳаёт мактаби эди.
Алишер ўқиган йиллари ҳақида ҳикоя қиларкан, 2-3 кунлаб оч қолган онларида талабалардан ийманиб, уятчанлиги туфайли пул сўрай олмаслигини, Шуҳрат эса бир зумда ундан бундан пул сўраб олишга устомонлигини айтиб беради. Жавлон Умарбеков уларга ётоқхонада ҳар хил хонада ётишларини маслаҳат берар, бўлмаса уришиб қоласизлар, деб тушунтирар эди. “Навбатдаги пулсизликларнинг бирида эрталаб оёқларимни базўр судраб Шуҳратнинг хонасига кириб келдим, — дейди Алишер. – Қарасак, қўшниларнинг ҳаммаси дарсга кетибди. Оч қоринга дарс кирадими қулоққа, деб хаёл суриб, бироз чўзилиб ётдик. Кейин Шуҳратнинг калласида навбатдаги ғоя туғилиб қолди. “Сиз иккинчи қаватни, мен эса учинчи қаватни оталиққа оламиз. Хоналарни айланиб, қарз сўраб чиқамиз. Дарсга кетмаган болалардан пул ундирамиз”, — деди. Бироздан кейин иккаламиз йиққан пул бир даста бўлди. Ҳамёнда пул бўлгач, қорин ҳам ўзидан-ўзи тўйиб қолди. Баданга куч кирди, қувват пайдо бўлди. Кейин ётиб, хаёл оғушига чўмдик. “Яхши кўрган қизларни Тошкентга бориб, йўқлаб бир кўриб келмаймизми”, деган фикр туғилди иккаламизда. Бўпти, кетдик деб 2 ноябр куни аэропортга бориб 6 ноябрга чипта олдик.
Самолётда бўш жой бўлса, ўтириб кетамиз, деб фараз қилдик. Ўша куни бирорта рейсга ўтиролмадик. Чунки армиядан қайтаётганлар, мотам муносабати билан телеграмма олганлар биринчи навбатда бўш жойларга қўйилмоқда эди. Охирги энг сўнгги, кечки 0040 рейс қолди. Шунда Ботир Зокировни кўриб қолдик. Мен Рўзи Чориевнинг шогирдиман, Рўзи ака даврасида сиз билан бир-икки суҳбатларда бўлганмиз, деб ўзимни таништирдим. Рўйхатга Ботир Зокиров машҳур артист эмасми, ҳамма у билан сўрашиб кузатади. Ботир ака бизни созандаларимиз тезда Тошкентда бўлиши керак, деб танитди. Қайд қилувчи қизлар алоҳида иззат-икром билан 98 та жой тўлганлигини, ҳечам иложи йўқлигини тушунтиришди. Капитан билан гаплашилса, балки рухсат бериши мумкинлигини маслаҳат беришди. Шу пайт аэропорт радиоузелидан Ботир Зокировни 6-хонага чақириб қолишди. Шуҳратни юклар билан қолдириб, Алишер билан ўтиб келамиз, деди Ботир ака. Борсак, 20 тача стюардесса қизлар Ботир Зокировни кофе ичишга таклиф қилишган экан.
Мени ўзининг энг яхши гитаристи деб таништирди. Қарасам, Ботир ака дивонга оёғини чалиштириб ётиб олди. Мен ҳам шундай қилдим. Бизнинг рейс эълон қилинди. Ботир Зокировнинг йўлини тўсиб, қизлар бир ашула айтиб беришини илтимос қилишди. Мен 7 ноябрдаги “Голубой огонёк”га 2 та ашула ёздириб келаяпман, ўшани эшитасизлар деди. Бўлмаса гитаристингиз бироз хиргойи қилсин, дейишди қизлар бир овоздан. Мусиқа асбобимизни багажга жўнатганмиз, усиз ҳечам бўлмайди, деб ўзимизни бу аҳволдан олиб чиқдик.
Бизни самолётга ўтказиш учун Ботир ака ярим соат қон учқунлаётган, изғирин бир ҳолатда далада турди. Кейин капитанни чақириб, мени энг яхши гитарист, Шуҳратни эса зўр пианист, эртага ҳаммалари концертда бўлиши керак, деб тушунтирди. Жой йўқ бўлса ҳам, бир амаллаб йўлакка жой қилиб берамиз, дейишди. Ботир ака “булар музхонадаям кетаверади”, деб ҳазиллашди. Менга 1-қатордан бўш жой топилди. Шуҳрат йўлакка жойлашди. Катта учувчи мусиқага жуда қизиқаркан, мусиқа чалиб беришимни қўймагач, ҳожат баҳона қилиб, жуфтакни ростлаб қолдим. Ботир ака самолётдан тушгач, “тўғри пахтага, қизлар олдига борасизларми ёки уйгами”, деб сўраб олгач, такси тўхтатиб, автостанциягача олиб бориб, тушиб биз билан хайрлашиб, қайтиб кетди”,- дейди Алишер Ботир Зокиров ҳақидаги хотираларни эслаб.
Айтиш керакки, Алишер Мирзо учун халқимизнинг ардоқли санъаткори Ботир Зокиров томонидан кўрсатилган яхшилик масаланинг бир томони бўлса, у санъаткорнинг ҳақиқий ихлосманди сифатида унинг хотираси билан яшамоқда. Ботир Зокировни эслаганда, унинг ижросидаги қўшиқлар рассом хаёлидан кечади:
Ҳақиқий дўстни йўқотиш оғир жудолик эканлиги маълум. Шу билан бирга Алишер Мирзо ўзининг қалбидан жой олган кишиларни ёддан чиқаришга ўзини ҳақли деб ҳисобламайди.
Шуҳрат вафот этгандан кейин, Алишер 3 ой давомида Санъат музейида унинг кўргазмасини ташкил қилди. 29 ёшида Ўзбекистон тасвирий санъатида мумтоз санъаткор даражасига кўтарила олган бу ёрқин истеъдод соҳиби республика тасвирий санъатига миллийлик руҳини олиб кирган ижодкор эди. Миллийлик деганда, Р.Аҳмедовнинг “Сурхондарё” туркуми портретлари, Ў.Тансиқбоевнинг 30 йиллардаги ёрқин изланишлари, Н.Қорахоннинг дастлабки изланишларидан бошлаб, бирданига ижодидаги декоративизм, матони текис кўринишда ҳал қилиш, Чингиз Ахмаровдаги миниатюрани деворий расмларда татбиқ қилиш бўлса, Шуҳрат Абдурашидов дастгоҳли ранг тасвирда олис-яқинни икки ўлчамлиликда акс эттиришни ўзига хос талқин қилди, ўткир декоративизм, колоритнинг ёрқин, кескинлиги орқали миллий анъаналаримизни дастгоҳли тасвирга кўчириш йўлида катта куч сарфлади.
Попков, Жилинский, Андронов изланишларидан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, Шуҳрат ўша давр рангтасвир санъатида расмнинг ботиний тузилиши, оқимида юз берган хусусиятларни чуқур англади, шу рассомларнинг бевосита ёки билвосита таъсири остида оддий инсонни куйлади. Шуҳрат ўз изланишларида Ҳазрати инсонга бўлган муносабатини ижодининг асосий мезони, йўналиши қилиб олди. Чунки, 50 йиллардаги шахсга сиғиниш, социалистик реализм принциплари авжига чиққан пайтларда қаҳрамонларни сохта талқин қилиш, образларни юзаки ифодалаш, дабдабали ва тантанавор ҳолатдаги юксак кўтаринкилик кайфиятлар тасвири ҳукм сураётган бир пайтда, ижодга айниқса эркин ижодга ўзгача нуқтаи-назардан ёндошиш мумкин эмас эди. Рассом ўзи теран англаган хусусиятларни баралла ифода этиш имконияти 60 йиллардагина юзага келди.
Алишер ва Шуҳрат ижоди ҳам 60-йиллар шароити таъсирида ривожлана бошлади. Москва шароитида тасвирий санъат оламидаги турли-туман дунёвий миқёсдаги силжишлар ва турланишларни ўзида акс эттирган улкан санъаткорлар асарларининг намойиш қилиниши ёш ижодкорларнинг руҳиятига, ижодига кескин таъсир қилди. Ижодкорлар орасида ўзаро юз бераётган жўшқин мулоқотлар, биргаликда кечаётган ижодий жараёнлар ёш рассомлар қалбида битмас-туганмас мавзулар, образлар силсиласини туғилишига сабаб бўлди. Мана шунақа муҳитда, етук устозлар қўлида, бевосита уларнинг кўмаги ва таъсири остида Шуҳрат Абдурашидов ва Алишер Мирзоларнинг ижодий шаклланиш жараёнлари, тасвирий санъат сирларини ўрганиш, ўзлаштириш даври бошланди.
Машҳур Озарбайжон рассоми Тўғрул Наримонбеков изланишлари ҳам Алишер Мирзо ижоди, изланишларига руҳан яқин, ҳамоҳангдир. Т.Наримонбековдаги эксперессия масаласи, чизиқлар ўйини, чизгиларнинг мато юзасида композиция сатҳида йўналшишлари, илон изи ҳолатлар, жозибадорлик, катта ботиний жисмоний куч, ҳарорат Алишер ижодига ҳам ҳамоҳанг. Бундан ташқари, иккала рассом ҳам Ван Гог, Ренато Гуттузо каби машҳур мусаввирлар ижоди билан қизиқади, улардан руҳий мадад, маънавий озуқа олади. Чунки уларда ички шижоат, рангтасвир хусусияти, воқеликнинг, борлиқнинг рангин ҳолатини ўз ҳолича қабул қилиш ва ифода этиш хусусияти бор. Бу эса Алишер ижодида ҳам сезилади.
Рассом ижодида ранглар ҳарорати сезилади, уларда эркин жилваланиш, жимжимадор ва шижоатли товланиш бор, чизиқларнинг жонли, ўта кучли тўлқини гупириб туради, қаламтасвирнинг нозиклиги ранглар жозибасига омухталашиб кетади. Алишердаги бу хусусиятлар домласи Д.Д.Жилинский таъбири билан айтганда, “мўйқалам билан чизиш, мўйқаламни ўйната олиш хусусияти кучли”. Т.Наримонбеков ижодининг Алишерга мос томони шундан иборатки, у натюрмортни картина даражасига кўтара олганлигидадир. Айниқса, рассомнинг халқ созандаларига бағишлаган “Муғом” деган уч фигурали иши Алишер қалбида катта таассурот қолдирган, кўнглига яқин бўлганлигидан икки ижодкор туйғуларининг ҳамоҳанглиги ўзаро мос келган. Чунки Алишер ҳам табиатан мақом руҳига кира олган рассомдир, Юнус Ражабийнинг мақом соҳасидаги жасоратига қойил қолиб, унинг салобатини теран англаган. Классик мақомни қайта тиклаб, тадқиқ қилиш, халқ қалбидан отилиб чиққан оҳангларни тарашлаб, куйга солиб, ўлмас-туганмас халқ мусиқий хазинасини халққа қайтаришда катта жасорат кўрсатган инсон руҳига сажда қилади. Ўзи ҳам шу куйлар руҳидан мадад олиб, лаззатланди. Т.Наримонбеков ҳам ўз халқининг фарзанди сифатида, “муғом” руҳини теран ҳис қилади. Мақом ва муғом умуман бир-бирига яқин, битта илдиздан келиб чиққан, икки қардош халқ руҳининг туб моҳиятини, мазмунини ифода этувчи, ўзига хос санъат йўналиши ҳисобланади. Мақом санъати анъанавий классик санъатнинг негизига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам шарқона руҳ, умуман, туркий халқлар қалбини ўзида намоён этган бу йўналишлар, ҳолатлар икки рассом қалбини тўлқинлантирди.
Алишернинг ижодий изланишлари Т.Наримонбеков асарлари руҳи билан ҳамоҳангдир, дедик. Москвада, ижодий уйларда, декадаларда бўлган ўзаро учрашувлар, ижодий изланишлар, каталог ва альбомлар орқали бир-бирининг ижодини кузатиш рассомлардаги ўзаро ҳамоҳанглик хусусиятини янада кучайтирди.
Ўзбекистонда Озарбайжон декадаси бўлган кунлар ҳали ҳам кечагидек эсимда. Ўша пайтларда Озарбайжон халқининг маданият ва санъат соҳасидаги бор салоҳияти ўзбеклар кўз олдида тўла намоён бўлган, унинг кўзга кўринган санъаткорлари Тошкент театри ва концерт залларида, бутун Ўзбекистон бўйлаб ўз санъатлари билан довруғ таратган эди.
“Озарбайжон декадаси кунлари Т.Наримонбековга Тошкентни томоша қилдирдим. Меҳмонлар кетадиган куни мазам бўлмай, меҳмонни кузатиш учун аэропортга шогирдимни юбордим. Самолёт трапи қошида дабдурустдан, карнай-сурнай, ўйин қизиб турган пайтда Тўғрул “Алишер қани?” – деб сўраб қолибди. Мазам қочиб ётганимни эшитиши биланоқ, рейсни бир соатга кечиктириб, О.У.Салимовнинг машинасини олиб, Чилонзордаги уйга етиб келибди. Қучоқлашиб, кўришиб, ҳол-аҳвол сўраб қайтиб кетди. “Одамгарчиликнинг энг юксак чўққиси бу”, — деб эслайди мусаввир.
Тўғрул Наримонбеков мусиқага меҳр-муҳаббат қўйган инсон. Италия операларидан парчаларни зўр маҳорат билан ижро этади, халқ мусиқаларини жон дилдан яхши кўради. Аслида “Жангчи ҳақида қўшиқ” (1978) композицияси ўша Озарбайжон муғом руҳи билан қизиқиб, унга қалбан интилиш онларида яратилган. Алишер ҳам Озарбайжон анъанавий мусиқаси билан қизиқиб, унинг сермазмун қирраларини англашга интилди. Юқорида номи тилга олинган асар орқали Т.Наримонбеков ижоди билан қизиқиб, ундан руҳланди. Икки халқ орасидаги яқин, умумий хусусиятлар, хислатлардан илҳомланди.
Бу хусусиятлар, “Қовун қовунни кўриб ранг олади” деганларидек, иккала рассомни ҳам улкан изланишлар сари етаклагани бежиз эмас. Т.Наримонбеков деворий суратлари учун ўша даврларда Давлат мукофотига сазовор бўлган, халқ фольклор мусиқаси, этнографик қўшиқлар, афсоналарни яхши билган ҳолда бу деворий суратларда шу руҳни ифода этган. Энг муҳими рассом бу ички сезгиларини, қалб ва руҳ ҳаяжонини жуда катта кўламда илғаб олиб, шакл ўйинлари орқали юзага чиқарган. Рассомнинг ойиси фаранг аёли бўлиб, Бокунинг энг катта тикувчиси, мода борасида етакчилик қиларди. Бу хусусиятлар ўғлига ҳам айнан кўчиб ўтди. Асарлари асосида, образларининг ботиний оламида турли-туманлик мавжуд.
Алишер ўз ижодида янги олам, ҳиссий бепоёнликка интилади, ижодга янги олам, ҳиссий бепоёнликка интилади, ижодга чанқоқлиги туфайли доимо изланишда, ижод учун янги-янги манбалар, чанқоқ қалбини қондириш учун янги-янги булоқлар очиш учун талпинади, янги таассуротни кашф қилишни қўмсайди. У II курс талабалик онларида импрессионизм, постимпрессионизм йўналишлари билан қизиқди. Кейинчалик экспрессионизм айниқса, немис экспрессионизми, 50-60 йилларда эса ижоди гуллаб яшнаган италиялик мусаввир Ренато Гуттузо чизгиларидаги катта бир жозиба, эҳтиросларга тўлиб-тошган чизиқлар ўйини, ҳатти-ҳаракатлар мавжи, картинада композицион мукаммаллик Алишернинг эътиборини ўзига жалб этди.
Алишер ўз ижодий йўли давомида ҳаётни кузатишдан чарчамади. Унинг атрофида бўлиб ўтаётган ҳар бир воқеа-ҳодиса эътиборини тортарди ва руҳиятига ўрнашиб қоларди. “Янги уйланган кезларим, — деб ҳикоя қилади Алишер. – Келсам, келин саросимада. Тинчликми, деб сўрасам, деворнинг орқасида тинимсиз “войдод-войдод” деган товушлардан қўрқаётганлигини айтиб қолди. Кейин маълум бўлишича, ён қўшнимиз Абдуфаттоҳ ака Маъмуржон Узоқовнинг ашаддий мухлиси бўлиб, ҳофизнинг қўшиғи авжига чиққан пайтда “войдод” деб бақириб қўядиган инсон эди. Шундан чунонам роҳатланиб юрадиган қўшнимиз оддий ишчи эди. Маъмуржон ака вафот қилганларидан кейин ўртоқлари маслаҳатлашиб, Абдуфаттоҳ акага ҳофизнинг овози ёзилган пластинка билан патефон совға қилишди. У киши пластинкани қўйиб, “дод-войдод” қилиб, ички дардини бўшатиб оларди. Ренато Гуттузонинг “Калабриялик ишчининг дам олиш куни” асарини кузатганда, Алишернинг хаёлида ана шу бўлиб ўтган воқеа гавдаланаверади.
“Алишер Навоий” спектакли Ҳамза театри саҳнасига қўйилган йиллари Калонхонада, кишилар ана шу асар таассуроти билан яшар, “Бу дунёга бевақт келибмиз” каби хитоблар уларнинг онгига сингиб қолган эди. Спектаклни томоша қилган Алишер ҳам кейинчалик ўз ижодида юқоридаги асар билан боғлиқ ранглар жозибаси худди мақом куйлари каби дам пасайиб, дам зўрайиб рассом қалбига сингиб бораверди.
Мавжуд ҳаёт тўлқинида пишиб етилган рассом ижодида ҳаётий лавҳалар кенг ўрин олди. Бу жиҳатдан унинг ижоди Т.Наримонбеков ва Т.Салахов изланишларини тўлдириб боради. Уларнинг ижодларида бир-бирининг кемтик томонларини тўлдирувчи хусусиятлар мавжуд. Т.Салаховга раҳбарлик юмушини ижод билан қўшиб олиб бориш хусусияти хос. Фақат тасвирий ижод билан шуғулланиш Т.Наримонбеков ижодига хосдир. Икки рассом ижодини муқояса қилиб, Алишер кўпроқ Наримонбеков ижодини кўнглига яқин олди.
Яқин ўтмиш мафкураси тасвирий санъат соҳасига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ўзбек тасвирий санъати тарихига назар ташласак, 50-йилларда М.Саидовнинг “Нормани топширолмади”, М.Арининнинг “Хирмонда” асарларидан бошлаб, 70-80 йиллардаги пахта мавзусига бағишланган изланишларда, хирмон ва унинг атрофида бўлаётган воқеалар, қаҳрамонларнинг пахтани топшираётган пайти акс эттирилган ҳолати рассомлар изланишларнинг асосий негизига айланган эди. Рассомлар бундай маиший мавзуларни бир кўринишли лавҳа орқали кўрсатишга ҳаракат қиларди. Мавзуга бундай бир ёқлама ёндашув, унинг халқ ҳаётидаги, давлат миқёсидаги ўрни; моҳиятини ҳис қилмаслик айрим эпизодик кўринишлар орқали кўзга ташланиб қоларди.
Ўша даврда мамлакатимизда юз берган кўпгина салбий ҳолатлар, экологик фожеалар, Орол денгизини тобора қуриб каттагина ҳудуд табиатида кескин ўзгаришлар бўлаётганлиги, хотин-қизларнинг фожеали тақдири, пахта яккаҳокимлиги баъзи рассомларнинг ижодида ўз аксини топди.
80-йилларда бу мавзуга кескин ҳолатда янгича ёндошган рассомлардан бири Алишер Мирзодир. Ижодкорнинг “Қизил карвон” (1977) композицияси бунга мисол бўла олади. Кейинчалик яна бир қатор асарларида рассом пахта яккаҳокимлиги қандай оқибатларга олиб келаётганлигини тасвирлади ва бу билан одамларни яқинлашиб келаётган экологик аҳволдан огоҳ бўлишга чақирди.
Рассомларнинг шоирлар, ёзувчилар билан ўзаро учрашувлари шу йилларда анъанага айланиб кетди. Негаки Алишер Мирзо ҳам, Шуҳрат Абдурашидов ҳам институтда ўқиб юрган кезларидаёқ, Москвада ва юртга қайтганларида биринчилардан бўлиб рассомлар, шоирлар ва ёзувчилар орасида ўзига ҳос ижод кўприги ясашди. Шоирлар ва ёзувчилардан Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Нодир Нормат, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Азим Суюн билан ижодий мулоқотлар ўрнатишди, мушоираларда қатнашишди. Ижодкорлар билан алоқа боғлашда Шуҳрат зўр ғайрат қилди. У ўз саъй-ҳаракатлари билан истеъдодли шоирларни жамлаб, мушоира уюштирар ва бундай мушоиралар ўзаро қизғин ижодий баҳслар, мушоҳадаларга айланиб кетар, бу эса ўз навбатида тасвирий санъатга боғланар эди. “Шуҳрат Москвада ўқиган онлариям ёки дўстлар орасида мулоқотдаям ўз фикрини шеърий шаклда ифода этишни севардим”, — деб эслайди Алишер.
1968 йили Абдулла Орипов “Биринчи муҳаббатим” шеърини илк бор Алишерга ўқиб берганини эслайди. Шоирларнинг маънавий олами, сўз санъатининг таъсир кучи, салоҳияти рассомга озуқа, мадад беради. Абдулла Орипов иқтидорли шоир сифатида ўз бошидан кечирган ҳолатларни бўямай, хаспўшламай, ўткир сатрлар орқали ўқувчига етказади. Кескин фикрлар уммонининг тўлқинланиши, ҳиссий оламининг самимияти кучли ҳарорат билан қоғозга тушади. Бу ўткир ҳис-туйғулар, ташбеҳлар ўзгалар қалбига ҳам кучли таъсир қилади, кўнгил тубидаги ҳис-туйғуларни жунбушга келтиради. Рассом ва шоир оламининг сўз ва ранглар таъсирида томошабин қалбига чуқур ўрнашади.
Шоир ва ёзувчилар билан ижодий мулоқот, дўстона муносабатлар таъсирчан асарлар яратишга катта имкониятлар очиб берди. Алишер рус мактабида таълим олган, кейинчалик Бадиий билим юрти ва Москва бадиий институтида ҳам Ғарб ижодкорларидан кўп нарсани ўрганган, шу руҳда тарбияланган. Достоевский, Гоголь, Сальтиков-Шчедрин, Тургенев, Толстой каби XIX аср рус ёзувчилари асарларини ўқиб, фикрлаш доирасини янада кенгайтирди.
Рассом ижодий салоҳиятини ўсишида Ғарб санъати муҳим роль ўйнади. Рус рассомлари, ёзувчиларининг ижоди, улардаги ижодий нозикликларни тинимсиз ўрганди. Рассомнинг ҳаётни теран англаши турли сунъий тўсиқларни босиб ўтишига ёрдам берди, баъзи оғир кунларда фақат ижод билан шуғулланди, бир асар ўрнига икки-уч асар яратди. Шахс сифатида такомилга эришувида рассомга ана шундай ҳам қувончли, ҳам қайғули вазиятларнинг шубҳасиз таъсири бўлди. Рассом ўз асарларида ана шу вазиятларга муносабатини билдирди. “Ҳақ ва ноҳақликни шундан кейин фарқлайдиган бўлдим. Гапирган одам ноўрин гапига ўзи пушаймон қиларди”, — дейди рассом ўша даврни эслаб.
Рассом ижодини шаклланиб такомилга эришувида кутубхонанинг ўрни беқиёсдир. Алишер Калонхонадаги Турон кутубхонасида жуда кўп мутолаа қилди, у айниқса XIX аср рус адабиётини намуналари билан яқиндан танишиб чиққан эди. “Ёшим кичкина бўлса ҳам катта-катта кутубхоналарга аъзо эдим. У ердаги китоблар ҳиди димоғимга, бутун вужудимга ўрнашиб қолган. Ўша онлар энг бахтли онларим эди, — дейди Алишер ўша даврларни хотирлаб.
Кутубхонада юртимиз тарихининг билимдони, таниқли адиб Миркарим Осим билан танишди ва кўп маротаба ижодий суҳбатлар қурди, Ўзбекистон тарихи ҳақидаги билимларини янада чуқурлаштирди. Кейинчалик тарихий мавзуларда асарлар яратишида мазкур мулоқотнинг аҳамияти катта бўлди.
Кутубхонада ишлар экан, Шарқ адабиёти, хусусан ўзбек адабиётига бўлган қизиқиши ортди. А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини қайта-қайта ўқиб чиқди. Ёзувчи оламига кириб борган сайин унинг янги-янги қирраларини кашф қилаверди. А.Қодирий ижодининг миллатимиз учун аҳамиятини тобора чуқурроқ тушуниб борди. “Ўтган кунлар”ни қайта-қайта ўқиш асносида рассомнинг Абдулла Қодирий ҳаётига бўлган қизиқиши кучайиб кетди, унинг ўғли Ҳабибулла Қодирий билан яқиндан танишди. Ўз мақсадини ёзувчининг ўғлига баён қилиб, тўрт йил давомида у кишидан ва бошқа мавжуд манбалардан буюк ёзувчи ҳақида материал йиғди.
Қодирийнинг шийпонли боғ ҳовлисига борди. Дўрмондаги ёзувчилар уйида Ҳабибулла ака билан бир хонада яшаб ёзувчи ҳақида янгидан-янги маълумотлар олди. Ўз ижодий режасини амалга оширишда бу суҳбатларнинг фойдаси катта бўлди. Ана шунга ўхшаш барча уринишлардан сўнг рассом Дўрмондаги ижод уйида бир ой давомида Абдулла Қодирийга бағишланган туркум асарларини яратишга муваффақ бўлди.
“Романни ўқиб бир нарсага амин бўлдимки, — деб ҳикоя қилади Алишер, — рассом учун бу роман битмас-туганмас манба экан. Романнинг юзлаб жойига расм чизиш учун белгилар қўйиб чиқдим. Қизиғи шуки, бу сюжетли жойлардан келиб чиқиб чизилган сувратлар иллюстрация бўлиб қолмасдан, балки, тўлақонли тасвирий санъат асаридир. Масалан, сюжет бўйича орага ёвуз кучлар ўз таъсирини ўтказганидан бехабар Отабек Марғилонга кириб келади. Қайинотаси эшигига яқинлашиб, ўймакор эшикдан чиқиб келаётган Мирзакарим Қутидорни кўриб, отдан сакраб тушиб, у томон салом бериб кела бошлайди. Қутидор: “Уятсизга менинг уйимда ўрин йўқ”, — деб ичкарига кириб, эшикни беркитиб олади. Ёпиқ эшик олдида Отабек ҳайкалдек қотиб қолади. Ёпиқ эшик олдида турган инсон қиёфаси тасвирий санъат учун энг улуғ манба бўла олади”. Шундан кўриниб турибдики, рассом ҳар бир яратадиган асари манбасинисинчиклаб ўрганади, уни теран таҳлил қилади. Мавжуд манбалардан илҳомланиб, лавҳалар яратади. Бир вақтнинг ўзида тинимсиз изланди, янги манбаларни ўрганди. Ўз устида тинмай ишлади, ўқиш ўрганиш пайтида юзага келган фикрларини қоғозга туширди. Рассомнинг бу интилишлари зое кетмади. Натижада ижодий имкониятлар кенгайди, рассом маҳорати асардан-асарга мукаммаллашди.
Москвада ўқиб юрган кезлари ёзги таътилларнинг бирида Алишер Тошкентга келади. Худди шу пайтда Ҳамид Сулаймон раҳнамолигида адабиёт ва санъат музейи ташкил этилиши арафаси экан. Ҳамид Сулаймон Жавлон Умарбеков ва Алишер Мирзони ўз ҳузурига чақириб: “Ўғилларим, ўзбек халқига хизмат қилишга тайёрмисиз?” – дедилар тўсатдан, — деб ҳикоя қилади Алишер. “Тайёрмиз”, — дедик. “Бўлмаса, Алпомишдан тортиб, Абдулла Қодирийгача бўлган жараённи бажарсангиз, бошингиздан олтин ёғдириб юбораман”, — дедилар. Ҳамид ака сўзини устидан чиқди. Биз билан талабалигимизга қарамай, жуда катта маблағ эвазига шартнома туздилар. Шу билан ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам қилиб, бошимизни силади. Бундан ташқари қисқа вақтда бизга ишлаш учун етарли шароит яратиб берди. Директор муовини филология фанлари номзоди Эргаш Умаровни чақирди. Домлани олдига кирувчилар албатта қўлларида қалам ва ёндафтар билан киришарди. У киши ўринбосарига ёзинг деб айтдилар:
1. Бу икки келажаги порлоқ ўзбек мусаввири ижоди учун 30 хона, зал устахона учун бўшатиб берилсин.
2. Деразаларга фалонча рангли пардалар тутилсин.
3. 2 та стол, 2 дона кресло ажратилсин. 10 та стул берилсин. 2 та чойнак 10 та пиёла ажратилсин, пахта гуллик бўлсин. 2 та елпиғич – вентилятор ажратилсин. Бу икки мусаввир ўз халқи учун ижод қилишга тайёр, дедилар. Эртаси куни келиб, хонани очсам ҳамма нарса тайёр. Кечқурун берилган топшириқни эрталабгача бекаму-кўст ўрнилатиб кетишибди.
“Устахонага кириб анграйиб, ҳанг-манг бўлиб қолибман, — дейди Алишер, — шунда ёзувчи Тарас Шевченко, рассом Карл Брюлловнинг устахонасига ташриф буюрган ҳолатни ифода этган расм эсимга тушди. Брюллов Оврупога танилган “Помпеянинг сўнгги куни” асарини Италияда тугатиб, Россияга қайтганда, уни халқ худди Исо Масиҳ даражасида кутиб олган. Расмда Брюлловнинг катта устахонаси худди бизга берилган устахонага ўхшарди”.
Ҳамид Сулаймондай таниқли олимнинг ёш талабаларга эътибори, уларга бўлган ишончи санъатга бўлган ҳурмати бугунги кун зиёлилари учун ҳам ибрат намунасидир. Домла ёш рассомларга мавзулар белгилаб берарди. “Самарқанддаги Регистон майдонини чизиб бергин, — дейди Алишерга. – Бу майдондаги ҳар уч мадрасани бараварига ёритиб, айниқса ҳар бир нақшини алоҳида бўрттириб чизган. Зеро, четдан келганлар кўриб, ҳангу-манг бўлиб қолсин”. Жавлонга эса Бобораҳим Машрабнинг Балхда Маҳмуд Қатағон томонидан қатл этилишини тасвирлашни сўради ва худди ўз кўзи билан кўргандай оғзаки тасвирлаб беради. Кейин, Арофатхон исмли аспирант қизни чақиртиради. Қизим, Машраб шеърларидан ўқиб берингиз, деб айтади, кейин ўзи ҳам Машрабнинг
Номанган шаҳридан кетсам
Мени йўқлар кишим борму?
ғазалини жуда катта эҳтирос билан ўқидилар. Бу билан гўё домла ёш рассомларни ўша давр руҳигаолиб кириш, давр домига тортиш орқали мавзу йўналишини ойдинлаштириб берарди. Шубҳасиз, ўша даврни ҳис этиш учун ўша замон адабиёти ва санъатини, одамларининг дунёқарашларини билиш тақозо этиларди. Ёш рассомлар ана шу соҳа мутахассислари билан суҳбат қуришди, бу ишда Ҳамид Сулаймоннинг ўзи шахсий ибрат кўрсатган эди. Улуғ олим билан бўлган мулоқотлар том маънода ёш рассомлар учун катта мактаб вазифасини ўтади.
“Бир куни, — ҳикояни давом эттиради Алишер, — домланинг олдига бир иш билан кириш зарур бўлиб қолди. Котиба қиз у киши бандлар, музейга монтёрни ишга қабул қилаяптилар”, — деб айтди. Бир соатдан сўнг кўзлари чақнаб, халқига бутун умр хизмат қилишга шай, ватанпарвар бўлиб, монтёр чиқиб келди. Демак, ишчими, олим ё санъаткорми, домла Ҳамид Сулаймон суҳбатидан сўнг ўз ишига, юртига, тарихига ҳурмат билан қарайдиган одамга айланарди.
Музейга турли жойлардан нуфузли делегациялар келишарди. Уларга Ватан тарихи, санъат оламидан кичик маъруза қилган олим кейин ёш рассомлар ишлаётган устахонага бошларди. Ёш рассомларни уларга таърифлаб, “булар Ватанга хизмат қиляптилар”, деб суратларини кўрсатарди. У катта музей қошида кичик Бадиий Академия очишни орзу қилар, тасвирий санъат аҳлига ҳурмати баланд эди.
Алишер Мирзо рассомларнинг халқ олдидаги, жамият, давлат олдидаги ўрни, аҳамияти, вазифасини Ҳамид Сулаймон тимсолида яхши англади. Ундан қадим Шарқ мусаввирлар фаолияти адабиёт аҳли дунёси олимлар олиб борган изланишлари, тадқиқотлари ҳақида тушунчалар олди. Алишернинг буюк олим билан танишганлиги ҳам тасодиф эмас. Унинг амакиси, йирик шарқшунос олим Содиқ Мирзаев Ҳамид Сулаймонни ўз шогирдим деб яхши кўрган, дунёқарашларида ҳамоҳанглик бўлган.
Ҳамид Сулаймон Содиқ Мирзаев ҳақида жуда тўлқинланиб гапирарди: “Домла эски ўзбек зиёлиларининг энг сўнгги вакилларига мансуб. У киши фақат фанни ва халқни ўйлар эдилар”. Бундай таъриф ва ҳурмат Алишер учун гўё ўзига тааллуқлидек қувонч ва фахр туйғусини уйғотар эди.
Шуҳрат Абдурашидовнинг «Ёш ўзбек шоирлари ва рассомлари» картинасида (пастда) акс этганлар: Ўтирганлар: чапдан ўнга. Хуршид Даврон, Алишер Мирзо,Баҳодир Жалолов, Рауф Парпи ва Шуҳрат Абдурашидов. Турганлар: Усмон Азим, Нодир Норматов, Жавлон Умарбеков, Эркин Аъзам.
21 mart — O‘zbekiston xalq rassomi Alisher Mirzo tavallud topgan kunning 75 yilligi
Shuhrat Abdurashidovning “Yosh o‘zbek shoirlari va rassomlari” kartinasida aks etganlar: O‘tirganlar: chapdan o‘nga. Xurshid Davron, Alisher Mirzo,Bahodir Jalolov, Rauf Parpi va Shuhrat Abdurashidov. Turganlar: Usmon Azim, Nodir Normatov, Javlon Umarbekov, Erkin A’zam.
Abduvali Egamberdiyev
IKKI DO‘ST:
SHUHRAT ABDURASHID BILAN ALISHЕR MIRZO
Shunday kishilar bo‘ladiki, ular garchi bolalikdan birga o‘smagan, maktabda birga tahsil olmagan bo‘lsalar ham, taqdirning taqozosi bilan uchrashib qoladi. Keyinchalik ular Alloh uchun do‘st tutinib, bir-biriga shu qadar yaqin bo‘lib ketadiki, hayotini bir-birisiz tasavvur eta olmay qoladi. Ham jisman, ham ma’nan do‘stlarni bir-biriga bog‘lab turuvchi ilohiy bir kuch paydo bo‘ladiki, u bir umrga yo‘ldosh bo‘lib qoladi.
Shuhrat Abdurashidov bilan Alisher Mirzoni ham taqdir baqamti keltirdi va ijodlarini bir-biriga ruhan yaqinlashtirdi. Bu ayniqsa talabalik yillarida ham qayg‘u va ham shodlikni birgalikda baham ko‘rganlarida, ijodda esa voqealikni, borliqni jarangli, rangdor qabul qilish va ifoda etishda, mavzularni talqin qilishda va erkin kompozitsion yechimda ko‘rinadi. Go‘zallik olami shaydosi bo‘lgan ikki yosh talabaning Minas Avetisyan ijodi bilan qiziqishi, bejiz emas edi. Negaki rassom asarlarida yorqin, beg‘ubor, jilvagar ranglar jamolini his qilish, voqelikni keskin ranglar qarama-qarshiligi hisobiga ifoda etish, jarangdor ranglarni emin-erkin ishlatish, olamni shartli talqin qilish xususiyati kuchli edi. Yosh rassom do‘stlar uchun esa bu o‘zlari intilayotgan oniy hisning aynan o‘zi edi.
Talabalik yillari birga o‘tgan bu ikkala ijodkor o‘zlari yoqtirgan rassomlarni birga o‘rganishardi. Tabiatan emin-erkinlikni, muayyan qolipga tushmay o‘z xolicha ijod qilish, bilim olishni yoqtiradigan ikki do‘st, yonma-yon o‘qishardi va o‘zaro ijodiy bahslar, muloqotlar muntazam davom etardi. Ta’lim tizimi, ustozlar munosabatidagi o‘zaro uyg‘unlik, bir-birini tushunish ikki yosh talabada ham ijod sirlarini egallashda qo‘l keldi. Kompozitsion, koloristik yechimni egallash qobiliyatini kuchliligi, ayni paytda odamiylik, kundalik turmush voqealari-hodisalariga baho berishdagi yaqinlik, to‘g‘riso‘zlik ikki yosh rassomni bir-biriga payvastalagan edi. Ular hayotda ham, ijodda ham, erkin munosabatlarga asoslangan go‘zallik olamini o‘zlaricha kashf etishgan edi.
Hozirda o‘zining yorqin asarlari bilan dunyodagi ko‘pchilik san’at ixlosmandlarining nazariga tushib qolgan A.Mirzo talabalik yillari va qadrdon do‘sti Shuhratning xotirasini alohida entikish bilan eslab turadi.
Shuhrat rostgo‘y, hech narsadan qo‘rqmaydigan, 29 yillik umrida ko‘pgina yoshlarga ustozlik qilib ulgurgan, o‘zining ijodiy salohiyati, shaxsiy jasorati bilan ham ko‘pchilikka o‘rnak bo‘lgan rassom edi. U P.Benkov nomidagi Badiiy bilim yurtida o‘qib yurgan kezlarida Jannat opaning uyida ijaraga turar edi. Shu maskanda Alisher va Shuhrat kechalari bilan mijja qoqmay, xayollar olamida kezib, yuksak niyatlar og‘ushida kechgan onlar ko‘p bo‘lgan. Moskvaga borib o‘qish niyati, ilmga chanqoqlik, tasviriy san’at sirlarini egallashga ishtiyoq kuchli edi. O‘z ezgu-niyatlarini amalga oshirish maqsadida, Moskvada tasviriy san’at oliy maktabida imtihon topshirishdi. Institutga kirganlarning ro‘yxati ham e’lon qilindi. Alisher chaqqonlik bilan olomonni “yorib” o‘tib ro‘yxatga intildi. Alisher Shuhratga sening familiyang bor, meniki esa yo‘q, deb qoladi. O‘sha onni eslab Alisher “ichim uzilib ketdi” deydi. “M” harfi qog‘ozga tushmay, Irzayev bo‘lib qolgan ekan. Quvonganimizdan papkamizni 5 daqiqalar chamasi osmonga otdik, o‘zimizda yo‘q baxtiyor ekanligimizdan butun institut hovlisini hayqiriqlarimiz bosib ketdi” – deydi rassom.
“Institutga qabul qilinganligimiz haqida yoru-do‘stlarga Shuhrat 20 ta, men 15 ta telegramma jo‘natdik, — deb suhbatini davom ettiradi Alisher. Barcha sarf-xarajatlardan keyin 3 so‘m pulimiz qolibdi. Mabodo institutga kirsak, Moskvadan Toshkentga piyoda ketamiz, deb har qanday qiyinchiligu-to‘siqlardan o‘zimizni yuqori qo‘ygandik. Ertasiga 5-6 buxanka non bilan “quyon” bo‘lib ketish maqsadida kechqurun hujjatlarimizni olib soat 9 da Qozon vokzaliga chiqdik. Yo‘l bekatida Moskva-Volgograd poyezdi turgan ekan. O‘rta Osiyo yo‘nalishi tomon ketadi degan maqsadda shu poyezdga chiqib oldik. 3 soat yurgach, bizni chiptasiz, mumkin emas, deb Ryazan shahrida tushirib yuborishdi. U yerda bir soatdan keyin Moskva-Toshkent poyezdi kelib to‘xtadi. Biz provodniklarga ahvolimizni tushuntirdik. Ular ustimizdan askiya, maynavozchilik qilib bizni olmay tashlab ketishdi. 1-2 soatlardan keyin yana Toshkentga boradigan poyezd keldi. Yana omad kelmay qolib ketdik. Yarim kecha vahimada turgan edik, allaqanday yo‘lovchi poyezd kelib to‘xtadi. Xullas bizga umumiy vagonning 3-qavatidan joy berishdi. 4 kecha-kunduz tepada qimirlashga ham majolsiz, och nahor ketishga to‘g‘ri keldi. Pastdan pishgan tovuq hidi dimoqqa uriladi. Qisqasi ne azobda Toshkentga yetib oldik. Vagondan emaklab chiqdik hisob. Shu kundan boshlab, Moskvaga faqat samolyotda qatnashga ahdlashdik.
Voqeaning qizig‘i keyin bo‘ldi. Uyga borsak, suv jo‘mragi tagida bitta yaxna qovun, bir kosa ovqat turibi. Oyim jiddiy ayol edi, aylanay-paylanay demay, yaxshi keldingmi deb yelkamdan qoqib qo‘ya qoldi. Provodnikka pasportimizni qoldirib, ertasiga Eski shaharning Kalinin haykali oldida 10 so‘m olib kelib, pasportni qaytarib olish haqida va’dalashgandik. Shuhratdan qarz oluvdim, deb oyimga yo‘ldagi sarguzashtlarni aytmay, o‘n so‘m olib, Kalinin maydoniga kelib pasportimni qaytarib oldim. Shuhratni provodnik bilan o‘sha yerda biror soatlar kutdik. Haliyam kelmadi-ku deb turgan edik, shu payt Spartak stadioni tomondan bo‘shashib kelayotgan Shuhratga ko‘zim tushdi. Kelib: — “Amaki, pul topa olmadim”, — dedi. “Ol-e pasportingni!” – deb yerga uloqtirdi jahl bilan provodnik”. – deya hikoya qiladi Alisher o‘sha davrlarni eslab.
Talabalik yillarining unutilmas sarguzashtlari, yuksaklik parvoz qilgan damlar, kundalik turmush mashmashalari, pul tanqisligi, borida chora, yo‘g‘ida nachora deganlaridek, 2-3 kunlab och yurgan damlar ham bo‘lgan. Ayniqsa, uydan, vatandan olisda tahsil ko‘rgan yoshlar hayotida bu damlar butun bir doston, g‘aroyib voqealar, ajab sarguzashtlarga boy talabalik yillari hayot maktabi edi.
Alisher o‘qigan yillari haqida hikoya qilarkan, 2-3 kunlab och qolgan onlarida talabalardan iymanib, uyatchanligi tufayli pul so‘ray olmasligini, Shuhrat esa bir zumda undan bundan pul so‘rab olishga ustomonligini aytib beradi. Javlon Umarbekov ularga yotoqxonada har xil xonada yotishlarini maslahat berar, bo‘lmasa urishib qolasizlar, deb tushuntirar edi. “Navbatdagi pulsizliklarning birida ertalab oyoqlarimni bazo‘r sudrab Shuhratning xonasiga kirib keldim, — deydi Alisher. – Qarasak, qo‘shnilarning hammasi darsga ketibdi. Och qoringa dars kiradimi quloqqa, deb xayol surib, biroz cho‘zilib yotdik. Keyin Shuhratning kallasida navbatdagi g‘oya tug‘ilib qoldi. “Siz ikkinchi qavatni, men esa uchinchi qavatni otaliqqa olamiz. Xonalarni aylanib, qarz so‘rab chiqamiz. Darsga ketmagan bolalardan pul undiramiz”, — dedi. Birozdan keyin ikkalamiz yiqqan pul bir dasta bo‘ldi. Hamyonda pul bo‘lgach, qorin ham o‘zidan-o‘zi to‘yib qoldi. Badanga kuch kirdi, quvvat paydo bo‘ldi. Keyin yotib, xayol og‘ushiga cho‘mdik. “Yaxshi ko‘rgan qizlarni Toshkentga borib, yo‘qlab bir ko‘rib kelmaymizmi”, degan fikr tug‘ildi ikkalamizda. Bo‘pti, ketdik deb 2 noyabr kuni aeroportga borib 6 noyabrga chipta oldik.
Samolyotda bo‘sh joy bo‘lsa, o‘tirib ketamiz, deb faraz qildik. O‘sha kuni birorta reysga o‘tirolmadik. Chunki armiyadan qaytayotganlar, motam munosabati bilan telegramma olganlar birinchi navbatda bo‘sh joylarga qo‘yilmoqda edi. Oxirgi eng so‘nggi, kechki 0040 reys qoldi. Shunda Botir Zokirovni ko‘rib qoldik. Men Ro‘zi Choriyevning shogirdiman, Ro‘zi aka davrasida siz bilan bir-ikki suhbatlarda bo‘lganmiz, deb o‘zimni tanishtirdim. Ro‘yxatga Botir Zokirov mashhur artist emasmi, hamma u bilan so‘rashib kuzatadi. Botir aka bizni sozandalarimiz tezda Toshkentda bo‘lishi kerak, deb tanitdi. Qayd qiluvchi qizlar alohida izzat-ikrom bilan 98 ta joy to‘lganligini, hecham iloji yo‘qligini tushuntirishdi. Kapitan bilan gaplashilsa, balki ruxsat berishi mumkinligini maslahat berishdi. Shu payt aeroport radiouzelidan Botir Zokirovni 6-xonaga chaqirib qolishdi. Shuhratni yuklar bilan qoldirib, Alisher bilan o‘tib kelamiz, dedi Botir aka. Borsak, 20 tacha styuardessa qizlar Botir Zokirovni kofe ichishga taklif qilishgan ekan.
Meni o‘zining eng yaxshi gitaristi deb tanishtirdi. Qarasam, Botir aka divonga oyog‘ini chalishtirib yotib oldi. Men ham shunday qildim. Bizning reys e’lon qilindi. Botir Zokirovning yo‘lini to‘sib, qizlar bir ashula aytib berishini iltimos qilishdi. Men 7 noyabrdagi “Goluboy ogonyok”ga 2 ta ashula yozdirib kelayapman, o‘shani eshitasizlar dedi. Bo‘lmasa gitaristingiz biroz xirgoyi qilsin, deyishdi qizlar bir ovozdan. Musiqa asbobimizni bagajga jo‘natganmiz, usiz hecham bo‘lmaydi, deb o‘zimizni bu ahvoldan olib chiqdik.
Bizni samolyotga o‘tkazish uchun Botir aka yarim soat qon uchqunlayotgan, izg‘irin bir holatda dalada turdi. Keyin kapitanni chaqirib, meni eng yaxshi gitarist, Shuhratni esa zo‘r pianist, ertaga hammalari konsertda bo‘lishi kerak, deb tushuntirdi. Joy yo‘q bo‘lsa ham, bir amallab yo‘lakka joy qilib beramiz, deyishdi. Botir aka “bular muzxonadayam ketaveradi”, deb hazillashdi. Menga 1-qatordan bo‘sh joy topildi. Shuhrat yo‘lakka joylashdi. Katta uchuvchi musiqaga juda qiziqarkan, musiqa chalib berishimni qo‘ymagach, hojat bahona qilib, juftakni rostlab qoldim. Botir aka samolyotdan tushgach, “to‘g‘ri paxtaga, qizlar oldiga borasizlarmi yoki uygami”, deb so‘rab olgach, taksi to‘xtatib, avtostansiyagacha olib borib, tushib biz bilan xayrlashib, qaytib ketdi”,- deydi Alisher Botir Zokirov haqidagi xotiralarni eslab.
Aytish kerakki, Alisher Mirzo uchun xalqimizning ardoqli san’atkori Botir Zokirov tomonidan ko‘rsatilgan yaxshilik masalaning bir tomoni bo‘lsa, u san’atkorning haqiqiy ixlosmandi sifatida uning xotirasi bilan yashamoqda. Botir Zokirovni eslaganda, uning ijrosidagi qo‘shiqlar rassom xayolidan kechadi:
Haqiqiy do‘stni yo‘qotish og‘ir judolik ekanligi ma’lum. Shu bilan birga Alisher Mirzo o‘zining qalbidan joy olgan kishilarni yoddan chiqarishga o‘zini haqli deb hisoblamaydi.
Shuhrat vafot etgandan keyin, Alisher 3 oy davomida San’at muzeyida uning ko‘rgazmasini tashkil qildi. 29 yoshida O‘zbekiston tasviriy san’atida mumtoz san’atkor darajasiga ko‘tarila olgan bu yorqin iste’dod sohibi respublika tasviriy san’atiga milliylik ruhini olib kirgan ijodkor edi. Milliylik deganda, R.Ahmedovning “Surxondaryo” turkumi portretlari, O‘.Tansiqboyevning 30 yillardagi yorqin izlanishlari, N.Qoraxonning dastlabki izlanishlaridan boshlab, birdaniga ijodidagi dekorativizm, matoni tekis ko‘rinishda hal qilish, Chingiz Axmarovdagi miniatyurani devoriy rasmlarda tatbiq qilish bo‘lsa, Shuhrat Abdurashidov dastgohli rang tasvirda olis-yaqinni ikki o‘lchamlilikda aks ettirishni o‘ziga xos talqin qildi, o‘tkir dekorativizm, koloritning yorqin, keskinligi orqali milliy an’analarimizni dastgohli tasvirga ko‘chirish yo‘lida katta kuch sarfladi.
Popkov, Jilinskiy, Andronov izlanishlaridan kelib chiqib, shuni aytish mumkinki, Shuhrat o‘sha davr rangtasvir san’atida rasmning botiniy tuzilishi, oqimida yuz bergan xususiyatlarni chuqur angladi, shu rassomlarning bevosita yoki bilvosita ta’siri ostida oddiy insonni kuyladi. Shuhrat o‘z izlanishlarida Hazrati insonga bo‘lgan munosabatini ijodining asosiy mezoni, yo‘nalishi qilib oldi. Chunki, 50 yillardagi shaxsga sig‘inish, sotsialistik realizm prinsiplari avjiga chiqqan paytlarda qahramonlarni soxta talqin qilish, obrazlarni yuzaki ifodalash, dabdabali va tantanavor holatdagi yuksak ko‘tarinkilik kayfiyatlar tasviri hukm surayotgan bir paytda, ijodga ayniqsa erkin ijodga o‘zgacha nuqtai-nazardan yondoshish mumkin emas edi. Rassom o‘zi teran anglagan xususiyatlarni baralla ifoda etish imkoniyati 60 yillardagina yuzaga keldi.
Alisher va Shuhrat ijodi ham 60-yillar sharoiti ta’sirida rivojlana boshladi. Moskva sharoitida tasviriy san’at olamidagi turli-tuman dunyoviy miqyosdagi siljishlar va turlanishlarni o‘zida aks ettirgan ulkan san’atkorlar asarlarining namoyish qilinishi yosh ijodkorlarning ruhiyatiga, ijodiga keskin ta’sir qildi. Ijodkorlar orasida o‘zaro yuz berayotgan jo‘shqin muloqotlar, birgalikda kechayotgan ijodiy jarayonlar yosh rassomlar qalbida bitmas-tuganmas mavzular, obrazlar silsilasini tug‘ilishiga sabab bo‘ldi. Mana shunaqa muhitda, yetuk ustozlar qo‘lida, bevosita ularning ko‘magi va ta’siri ostida Shuhrat Abdurashidov va Alisher Mirzolarning ijodiy shakllanish jarayonlari, tasviriy san’at sirlarini o‘rganish, o‘zlashtirish davri boshlandi.
Mashhur Ozarbayjon rassomi To‘g‘rul Narimonbekov izlanishlari ham Alisher Mirzo ijodi, izlanishlariga ruhan yaqin, hamohangdir. T.Narimonbekovdagi eksperessiya masalasi, chiziqlar o‘yini, chizgilarning mato yuzasida kompozitsiya sathida yo‘nalshishlari, ilon izi holatlar, jozibadorlik, katta botiniy jismoniy kuch, harorat Alisher ijodiga ham hamohang. Bundan tashqari, ikkala rassom ham Van Gog, Renato Guttuzo kabi mashhur musavvirlar ijodi bilan qiziqadi, ulardan ruhiy madad, ma’naviy ozuqa oladi. Chunki ularda ichki shijoat, rangtasvir xususiyati, voqelikning, borliqning rangin holatini o‘z holicha qabul qilish va ifoda etish xususiyati bor. Bu esa Alisher ijodida ham seziladi.
Rassom ijodida ranglar harorati seziladi, ularda erkin jilvalanish, jimjimador va shijoatli tovlanish bor, chiziqlarning jonli, o‘ta kuchli to‘lqini gupirib turadi, qalamtasvirning nozikligi ranglar jozibasiga omuxtalashib ketadi. Alisherdagi bu xususiyatlar domlasi D.D.Jilinskiy ta’biri bilan aytganda, “mo‘yqalam bilan chizish, mo‘yqalamni o‘ynata olish xususiyati kuchli”. T.Narimonbekov ijodining Alisherga mos tomoni shundan iboratki, u natyurmortni kartina darajasiga ko‘tara olganligidadir. Ayniqsa, rassomning xalq sozandalariga bag‘ishlagan “Mug‘om” degan uch figurali ishi Alisher qalbida katta taassurot qoldirgan, ko‘ngliga yaqin bo‘lganligidan ikki ijodkor tuyg‘ularining hamohangligi o‘zaro mos kelgan. Chunki Alisher ham tabiatan maqom ruhiga kira olgan rassomdir, Yunus Rajabiyning maqom sohasidagi jasoratiga qoyil qolib, uning salobatini teran anglagan. Klassik maqomni qayta tiklab, tadqiq qilish, xalq qalbidan otilib chiqqan ohanglarni tarashlab, kuyga solib, o‘lmas-tuganmas xalq musiqiy xazinasini xalqqa qaytarishda katta jasorat ko‘rsatgan inson ruhiga sajda qiladi. O‘zi ham shu kuylar ruhidan madad olib, lazzatlandi. T.Narimonbekov ham o‘z xalqining farzandi sifatida, “mug‘om” ruhini teran his qiladi. Maqom va mug‘om umuman bir-biriga yaqin, bitta ildizdan kelib chiqqan, ikki qardosh xalq ruhining tub mohiyatini, mazmunini ifoda etuvchi, o‘ziga xos san’at yo‘nalishi hisoblanadi. Maqom san’ati an’anaviy klassik san’atning negiziga borib taqaladi. Shuning uchun ham sharqona ruh, umuman, turkiy xalqlar qalbini o‘zida namoyon etgan bu yo‘nalishlar, holatlar ikki rassom qalbini to‘lqinlantirdi.
Alisherning ijodiy izlanishlari T.Narimonbekov asarlari ruhi bilan hamohangdir, dedik. Moskvada, ijodiy uylarda, dekadalarda bo‘lgan o‘zaro uchrashuvlar, ijodiy izlanishlar, katalog va albomlar orqali bir-birining ijodini kuzatish rassomlardagi o‘zaro hamohanglik xususiyatini yanada kuchaytirdi.
O‘zbekistonda Ozarbayjon dekadasi bo‘lgan kunlar hali ham kechagidek esimda. O‘sha paytlarda Ozarbayjon xalqining madaniyat va san’at sohasidagi bor salohiyati o‘zbeklar ko‘z oldida to‘la namoyon bo‘lgan, uning ko‘zga ko‘ringan san’atkorlari Toshkent teatri va konsert zallarida, butun O‘zbekiston bo‘ylab o‘z san’atlari bilan dovrug‘ taratgan edi.
“Ozarbayjon dekadasi kunlari T.Narimonbekovga Toshkentni tomosha qildirdim. Mehmonlar ketadigan kuni mazam bo‘lmay, mehmonni kuzatish uchun aeroportga shogirdimni yubordim. Samolyot trapi qoshida dabdurustdan, karnay-surnay, o‘yin qizib turgan paytda To‘g‘rul “Alisher qani?” – deb so‘rab qolibdi. Mazam qochib yotganimni eshitishi bilanoq, reysni bir soatga kechiktirib, O.U.Salimovning mashinasini olib, Chilonzordagi uyga yetib kelibdi. Quchoqlashib, ko‘rishib, hol-ahvol so‘rab qaytib ketdi. “Odamgarchilikning eng yuksak cho‘qqisi bu”, — deb eslaydi musavvir.
To‘g‘rul Narimonbekov musiqaga mehr-muhabbat qo‘ygan inson. Italiya operalaridan parchalarni zo‘r mahorat bilan ijro etadi, xalq musiqalarini jon dildan yaxshi ko‘radi. Aslida “Jangchi haqida qo‘shiq” (1978) kompozitsiyasi o‘sha Ozarbayjon mug‘om ruhi bilan qiziqib, unga qalban intilish onlarida yaratilgan. Alisher ham Ozarbayjon an’anaviy musiqasi bilan qiziqib, uning sermazmun qirralarini anglashga intildi. Yuqorida nomi tilga olingan asar orqali T.Narimonbekov ijodi bilan qiziqib, undan ruhlandi. Ikki xalq orasidagi yaqin, umumiy xususiyatlar, xislatlardan ilhomlandi.
Bu xususiyatlar, “Qovun qovunni ko‘rib rang oladi” deganlaridek, ikkala rassomni ham ulkan izlanishlar sari yetaklagani bejiz emas. T.Narimonbekov devoriy suratlari uchun o‘sha davrlarda Davlat mukofotiga sazovor bo‘lgan, xalq folklor musiqasi, etnografik qo‘shiqlar, afsonalarni yaxshi bilgan holda bu devoriy suratlarda shu ruhni ifoda etgan. Eng muhimi rassom bu ichki sezgilarini, qalb va ruh hayajonini juda katta ko‘lamda ilg‘ab olib, shakl o‘yinlari orqali yuzaga chiqargan. Rassomning oyisi farang ayoli bo‘lib, Bokuning eng katta tikuvchisi, moda borasida yetakchilik qilardi. Bu xususiyatlar o‘g‘liga ham aynan ko‘chib o‘tdi. Asarlari asosida, obrazlarining botiniy olamida turli-tumanlik mavjud.
Alisher o‘z ijodida yangi olam, hissiy bepoyonlikka intiladi, ijodga yangi olam, hissiy bepoyonlikka intiladi, ijodga chanqoqligi tufayli doimo izlanishda, ijod uchun yangi-yangi manbalar, chanqoq qalbini qondirish uchun yangi-yangi buloqlar ochish uchun talpinadi, yangi taassurotni kashf qilishni qo‘msaydi. U II kurs talabalik onlarida impressionizm, postimpressionizm yo‘nalishlari bilan qiziqdi. Keyinchalik ekspressionizm ayniqsa, nemis ekspressionizmi, 50-60 yillarda esa ijodi gullab yashnagan italiyalik musavvir Renato Guttuzo chizgilaridagi katta bir joziba, ehtiroslarga to‘lib-toshgan chiziqlar o‘yini, hatti-harakatlar mavji, kartinada kompozitsion mukammallik Alisherning e’tiborini o‘ziga jalb etdi.
Alisher o‘z ijodiy yo‘li davomida hayotni kuzatishdan charchamadi. Uning atrofida bo‘lib o‘tayotgan har bir voqea-hodisa e’tiborini tortardi va ruhiyatiga o‘rnashib qolardi. “Yangi uylangan kezlarim, — deb hikoya qiladi Alisher. – Kelsam, kelin sarosimada. Tinchlikmi, deb so‘rasam, devorning orqasida tinimsiz “voydod-voydod” degan tovushlardan qo‘rqayotganligini aytib qoldi. Keyin ma’lum bo‘lishicha, yon qo‘shnimiz Abdufattoh aka Ma’murjon Uzoqovning ashaddiy muxlisi bo‘lib, hofizning qo‘shig‘i avjiga chiqqan paytda “voydod” deb baqirib qo‘yadigan inson edi. Shundan chunonam rohatlanib yuradigan qo‘shnimiz oddiy ishchi edi. Ma’murjon aka vafot qilganlaridan keyin o‘rtoqlari maslahatlashib, Abdufattoh akaga hofizning ovozi yozilgan plastinka bilan patefon sovg‘a qilishdi. U kishi plastinkani qo‘yib, “dod-voydod” qilib, ichki dardini bo‘shatib olardi. Renato Guttuzoning “Kalabriyalik ishchining dam olish kuni” asarini kuzatganda, Alisherning xayolida ana shu bo‘lib o‘tgan voqea gavdalanaveradi.
“Alisher Navoiy” spektakli Hamza teatri sahnasiga qo‘yilgan yillari Kalonxonada, kishilar ana shu asar taassuroti bilan yashar, “Bu dunyoga bevaqt kelibmiz” kabi xitoblar ularning ongiga singib qolgan edi. Spektaklni tomosha qilgan Alisher ham keyinchalik o‘z ijodida yuqoridagi asar bilan bog‘liq ranglar jozibasi xuddi maqom kuylari kabi dam pasayib, dam zo‘rayib rassom qalbiga singib boraverdi.
Mavjud hayot to‘lqinida pishib yetilgan rassom ijodida hayotiy lavhalar keng o‘rin oldi. Bu jihatdan uning ijodi T.Narimonbekov va T.Salaxov izlanishlarini to‘ldirib boradi. Ularning ijodlarida bir-birining kemtik tomonlarini to‘ldiruvchi xususiyatlar mavjud. T.Salaxovga rahbarlik yumushini ijod bilan qo‘shib olib borish xususiyati xos. Faqat tasviriy ijod bilan shug‘ullanish T.Narimonbekov ijodiga xosdir. Ikki rassom ijodini muqoyasa qilib, Alisher ko‘proq Narimonbekov ijodini ko‘ngliga yaqin oldi.
Yaqin o‘tmish mafkurasi tasviriy san’at sohasiga ham o‘z ta’sirini o‘tkazmay qolmadi. O‘zbek tasviriy san’ati tarixiga nazar tashlasak, 50-yillarda M.Saidovning “Normani topshirolmadi”, M.Arininning “Xirmonda” asarlaridan boshlab, 70-80 yillardagi paxta mavzusiga bag‘ishlangan izlanishlarda, xirmon va uning atrofida bo‘layotgan voqealar, qahramonlarning paxtani topshirayotgan payti aks ettirilgan holati rassomlar izlanishlarning asosiy negiziga aylangan edi. Rassomlar bunday maishiy mavzularni bir ko‘rinishli lavha orqali ko‘rsatishga harakat qilardi. Mavzuga bunday bir yoqlama yondashuv, uning xalq hayotidagi, davlat miqyosidagi o‘rni; mohiyatini his qilmaslik ayrim epizodik ko‘rinishlar orqali ko‘zga tashlanib qolardi.
O‘sha davrda mamlakatimizda yuz bergan ko‘pgina salbiy holatlar, ekologik fojealar, Orol dengizini tobora qurib kattagina hudud tabiatida keskin o‘zgarishlar bo‘layotganligi, xotin-qizlarning fojeali taqdiri, paxta yakkahokimligi ba’zi rassomlarning ijodida o‘z aksini topdi.
80-yillarda bu mavzuga keskin holatda yangicha yondoshgan rassomlardan biri Alisher Mirzodir. Ijodkorning “Qizil karvon” (1977) kompozitsiyasi bunga misol bo‘la oladi. Keyinchalik yana bir qator asarlarida rassom paxta yakkahokimligi qanday oqibatlarga olib kelayotganligini tasvirladi va bu bilan odamlarni yaqinlashib kelayotgan ekologik ahvoldan ogoh bo‘lishga chaqirdi.
Rassomlarning shoirlar, yozuvchilar bilan o‘zaro uchrashuvlari shu yillarda an’anaga aylanib ketdi. Negaki Alisher Mirzo ham, Shuhrat Abdurashidov ham institutda o‘qib yurgan kezlaridayoq, Moskvada va yurtga qaytganlarida birinchilardan bo‘lib rassomlar, shoirlar va yozuvchilar orasida o‘ziga hos ijod ko‘prigi yasashdi. Shoirlar va yozuvchilardan Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Usmon Azim, Xurshid Davron, Nodir Normat, Erkin A’zam, Xayriddin Sulton, Azim Suyun bilan ijodiy muloqotlar o‘rnatishdi, mushoiralarda qatnashishdi. Ijodkorlar bilan aloqa bog‘lashda Shuhrat zo‘r g‘ayrat qildi. U o‘z sa’y-harakatlari bilan iste’dodli shoirlarni jamlab, mushoira uyushtirar va bunday mushoiralar o‘zaro qizg‘in ijodiy bahslar, mushohadalarga aylanib ketar, bu esa o‘z navbatida tasviriy san’atga bog‘lanar edi. “Shuhrat Moskvada o‘qigan onlariyam yoki do‘stlar orasida muloqotdayam o‘z fikrini she’riy shaklda ifoda etishni sevardim”, — deb eslaydi Alisher.
1968 yili Abdulla Oripov “Birinchi muhabbatim” she’rini ilk bor Alisherga o‘qib berganini eslaydi. Shoirlarning ma’naviy olami, so‘z san’atining ta’sir kuchi, salohiyati rassomga ozuqa, madad beradi. Abdulla Oripov iqtidorli shoir sifatida o‘z boshidan kechirgan holatlarni bo‘yamay, xaspo‘shlamay, o‘tkir satrlar orqali o‘quvchiga yetkazadi. Keskin fikrlar ummonining to‘lqinlanishi, hissiy olamining samimiyati kuchli harorat bilan qog‘ozga tushadi. Bu o‘tkir his-tuyg‘ular, tashbehlar o‘zgalar qalbiga ham kuchli ta’sir qiladi, ko‘ngil tubidagi his-tuyg‘ularni junbushga keltiradi. Rassom va shoir olamining so‘z va ranglar ta’sirida tomoshabin qalbiga chuqur o‘rnashadi.
Shoir va yozuvchilar bilan ijodiy muloqot, do‘stona munosabatlar ta’sirchan asarlar yaratishga katta imkoniyatlar ochib berdi. Alisher rus maktabida ta’lim olgan, keyinchalik Badiiy bilim yurti va Moskva badiiy institutida ham G‘arb ijodkorlaridan ko‘p narsani o‘rgangan, shu ruhda tarbiyalangan. Dostoyevskiy, Gogol, Saltikov-Shchedrin, Turgenev, Tolstoy kabi XIX asr rus yozuvchilari asarlarini o‘qib, fikrlash doirasini yanada kengaytirdi.
Rassom ijodiy salohiyatini o‘sishida G‘arb san’ati muhim rol o‘ynadi. Rus rassomlari, yozuvchilarining ijodi, ulardagi ijodiy nozikliklarni tinimsiz o‘rgandi. Rassomning hayotni teran anglashi turli sun’iy to‘siqlarni bosib o‘tishiga yordam berdi, ba’zi og‘ir kunlarda faqat ijod bilan shug‘ullandi, bir asar o‘rniga ikki-uch asar yaratdi. Shaxs sifatida takomilga erishuvida rassomga ana shunday ham quvonchli, ham qayg‘uli vaziyatlarning shubhasiz ta’siri bo‘ldi. Rassom o‘z asarlarida ana shu vaziyatlarga munosabatini bildirdi. “Haq va nohaqlikni shundan keyin farqlaydigan bo‘ldim. Gapirgan odam noo‘rin gapiga o‘zi pushaymon qilardi”, — deydi rassom o‘sha davrni eslab.
Rassom ijodini shakllanib takomilga erishuvida kutubxonaning o‘rni beqiyosdir. Alisher Kalonxonadagi Turon kutubxonasida juda ko‘p mutolaa qildi, u ayniqsa XIX asr rus adabiyotini namunalari bilan yaqindan tanishib chiqqan edi. “Yoshim kichkina bo‘lsa ham katta-katta kutubxonalarga a’zo edim. U yerdagi kitoblar hidi dimog‘imga, butun vujudimga o‘rnashib qolgan. O‘sha onlar eng baxtli onlarim edi, — deydi Alisher o‘sha davrlarni xotirlab.
Kutubxonada yurtimiz tarixining bilimdoni, taniqli adib Mirkarim Osim bilan tanishdi va ko‘p marotaba ijodiy suhbatlar qurdi, O‘zbekiston tarixi haqidagi bilimlarini yanada chuqurlashtirdi. Keyinchalik tarixiy mavzularda asarlar yaratishida mazkur muloqotning ahamiyati katta bo‘ldi.
Kutubxonada ishlar ekan, Sharq adabiyoti, xususan o‘zbek adabiyotiga bo‘lgan qiziqishi ortdi. A.Qodiriyning “O‘tgan kunlar” romanini qayta-qayta o‘qib chiqdi. Yozuvchi olamiga kirib borgan sayin uning yangi-yangi qirralarini kashf qilaverdi. A.Qodiriy ijodining millatimiz uchun ahamiyatini tobora chuqurroq tushunib bordi. “O‘tgan kunlar”ni qayta-qayta o‘qish asnosida rassomning Abdulla Qodiriy hayotiga bo‘lgan qiziqishi kuchayib ketdi, uning o‘g‘li Habibulla Qodiriy bilan yaqindan tanishdi. O‘z maqsadini yozuvchining o‘g‘liga bayon qilib, to‘rt yil davomida u kishidan va boshqa mavjud manbalardan buyuk yozuvchi haqida material yig‘di.
Qodiriyning shiyponli bog‘ hovlisiga bordi. Do‘rmondagi yozuvchilar uyida Habibulla aka bilan bir xonada yashab yozuvchi haqida yangidan-yangi ma’lumotlar oldi. O‘z ijodiy rejasini amalga oshirishda bu suhbatlarning foydasi katta bo‘ldi. Ana shunga o‘xshash barcha urinishlardan so‘ng rassom Do‘rmondagi ijod uyida bir oy davomida Abdulla Qodiriyga bag‘ishlangan turkum asarlarini yaratishga muvaffaq bo‘ldi.
“Romanni o‘qib bir narsaga amin bo‘ldimki, — deb hikoya qiladi Alisher, — rassom uchun bu roman bitmas-tuganmas manba ekan. Romanning yuzlab joyiga rasm chizish uchun belgilar qo‘yib chiqdim. Qizig‘i shuki, bu syujetli joylardan kelib chiqib chizilgan suvratlar illyustratsiya bo‘lib qolmasdan, balki, to‘laqonli tasviriy san’at asaridir. Masalan, syujet bo‘yicha oraga yovuz kuchlar o‘z ta’sirini o‘tkazganidan bexabar Otabek Marg‘ilonga kirib keladi. Qayinotasi eshigiga yaqinlashib, o‘ymakor eshikdan chiqib kelayotgan Mirzakarim Qutidorni ko‘rib, otdan sakrab tushib, u tomon salom berib kela boshlaydi. Qutidor: “Uyatsizga mening uyimda o‘rin yo‘q”, — deb ichkariga kirib, eshikni berkitib oladi. Yopiq eshik oldida Otabek haykaldek qotib qoladi. Yopiq eshik oldida turgan inson qiyofasi tasviriy san’at uchun eng ulug‘ manba bo‘la oladi”. Shundan ko‘rinib turibdiki, rassom har bir yaratadigan asari manbasinisinchiklab o‘rganadi, uni teran tahlil qiladi. Mavjud manbalardan ilhomlanib, lavhalar yaratadi. Bir vaqtning o‘zida tinimsiz izlandi, yangi manbalarni o‘rgandi. O‘z ustida tinmay ishladi, o‘qish o‘rganish paytida yuzaga kelgan fikrlarini qog‘ozga tushirdi. Rassomning bu intilishlari zoye ketmadi. Natijada ijodiy imkoniyatlar kengaydi, rassom mahorati asardan-asarga mukammallashdi.
Moskvada o‘qib yurgan kezlari yozgi ta’tillarning birida Alisher Toshkentga keladi. Xuddi shu paytda Hamid Sulaymon rahnamoligida adabiyot va san’at muzeyi tashkil etilishi arafasi ekan. Hamid Sulaymon Javlon Umarbekov va Alisher Mirzoni o‘z huzuriga chaqirib: “O‘g‘illarim, o‘zbek xalqiga xizmat qilishga tayyormisiz?” – dedilar to‘satdan, — deb hikoya qiladi Alisher. “Tayyormiz”, — dedik. “Bo‘lmasa, Alpomishdan tortib, Abdulla Qodiriygacha bo‘lgan jarayonni bajarsangiz, boshingizdan oltin yog‘dirib yuboraman”, — dedilar. Hamid aka so‘zini ustidan chiqdi. Biz bilan talabaligimizga qaramay, juda katta mablag‘ evaziga shartnoma tuzdilar. Shu bilan ham moddiy, ham ma’naviy yordam qilib, boshimizni siladi. Bundan tashqari qisqa vaqtda bizga ishlash uchun yetarli sharoit yaratib berdi. Direktor muovini filologiya fanlari nomzodi Ergash Umarovni chaqirdi. Domlani oldiga kiruvchilar albatta qo‘llarida qalam va yondaftar bilan kirishardi. U kishi o‘rinbosariga yozing deb aytdilar:
1. Bu ikki kelajagi porloq o‘zbek musavviri ijodi uchun 30 xona, zal ustaxona uchun bo‘shatib berilsin.
2. Derazalarga faloncha rangli pardalar tutilsin.
3. 2 ta stol, 2 dona kreslo ajratilsin. 10 ta stul berilsin. 2 ta choynak 10 ta piyola ajratilsin, paxta gullik bo‘lsin. 2 ta yelpig‘ich – ventilyator ajratilsin. Bu ikki musavvir o‘z xalqi uchun ijod qilishga tayyor, dedilar. Ertasi kuni kelib, xonani ochsam hamma narsa tayyor. Kechqurun berilgan topshiriqni ertalabgacha bekamu-ko‘st o‘rnilatib ketishibdi.
“Ustaxonaga kirib angrayib, hang-mang bo‘lib qolibman, — deydi Alisher, — shunda yozuvchi Taras Shevchenko, rassom Karl Bryullovning ustaxonasiga tashrif buyurgan holatni ifoda etgan rasm esimga tushdi. Bryullov Ovrupoga tanilgan “Pompeyaning so‘nggi kuni” asarini Italiyada tugatib, Rossiyaga qaytganda, uni xalq xuddi Iso Masih darajasida kutib olgan. Rasmda Bryullovning katta ustaxonasi xuddi bizga berilgan ustaxonaga o‘xshardi”.
Hamid Sulaymonday taniqli olimning yosh talabalarga e’tibori, ularga bo‘lgan ishonchi san’atga bo‘lgan hurmati bugungi kun ziyolilari uchun ham ibrat namunasidir. Domla yosh rassomlarga mavzular belgilab berardi. “Samarqanddagi Registon maydonini chizib bergin, — deydi Alisherga. – Bu maydondagi har uch madrasani baravariga yoritib, ayniqsa har bir naqshini alohida bo‘rttirib chizgan. Zero, chetdan kelganlar ko‘rib, hangu-mang bo‘lib qolsin”. Javlonga esa Boborahim Mashrabning Balxda Mahmud Qatag‘on tomonidan qatl etilishini tasvirlashni so‘radi va xuddi o‘z ko‘zi bilan ko‘rganday og‘zaki tasvirlab beradi. Keyin, Arofatxon ismli aspirant qizni chaqirtiradi. Qizim, Mashrab she’rlaridan o‘qib beringiz, deb aytadi, keyin o‘zi ham Mashrabning
Nomangan shahridan ketsam
Meni yo‘qlar kishim bormu?
g‘azalini juda katta ehtiros bilan o‘qidilar. Bu bilan go‘yo domla yosh rassomlarni o‘sha davr ruhigaolib kirish, davr domiga tortish orqali mavzu yo‘nalishini oydinlashtirib berardi. Shubhasiz, o‘sha davrni his etish uchun o‘sha zamon adabiyoti va san’atini, odamlarining dunyoqarashlarini bilish taqozo etilardi. Yosh rassomlar ana shu soha mutaxassislari bilan suhbat qurishdi, bu ishda Hamid Sulaymonning o‘zi shaxsiy ibrat ko‘rsatgan edi. Ulug‘ olim bilan bo‘lgan muloqotlar tom ma’noda yosh rassomlar uchun katta maktab vazifasini o‘tadi.
“Bir kuni, — hikoyani davom ettiradi Alisher, — domlaning oldiga bir ish bilan kirish zarur bo‘lib qoldi. Kotiba qiz u kishi bandlar, muzeyga montyorni ishga qabul qilayaptilar”, — deb aytdi. Bir soatdan so‘ng ko‘zlari chaqnab, xalqiga butun umr xizmat qilishga shay, vatanparvar bo‘lib, montyor chiqib keldi. Demak, ishchimi, olim yo san’atkormi, domla Hamid Sulaymon suhbatidan so‘ng o‘z ishiga, yurtiga, tarixiga hurmat bilan qaraydigan odamga aylanardi.
Muzeyga turli joylardan nufuzli delegatsiyalar kelishardi. Ularga Vatan tarixi, san’at olamidan kichik ma’ruza qilgan olim keyin yosh rassomlar ishlayotgan ustaxonaga boshlardi. Yosh rassomlarni ularga ta’riflab, “bular Vatanga xizmat qilyaptilar”, deb suratlarini ko‘rsatardi. U katta muzey qoshida kichik Badiiy Akademiya ochishni orzu qilar, tasviriy san’at ahliga hurmati baland edi.
Alisher Mirzo rassomlarning xalq oldidagi, jamiyat, davlat oldidagi o‘rni, ahamiyati, vazifasini Hamid Sulaymon timsolida yaxshi angladi. Undan qadim Sharq musavvirlar faoliyati adabiyot ahli dunyosi olimlar olib borgan izlanishlari, tadqiqotlari haqida tushunchalar oldi. Alisherning buyuk olim bilan tanishganligi ham tasodif emas. Uning amakisi, yirik sharqshunos olim Sodiq Mirzayev Hamid Sulaymonni o‘z shogirdim deb yaxshi ko‘rgan, dunyoqarashlarida hamohanglik bo‘lgan.
Hamid Sulaymon Sodiq Mirzayev haqida juda to‘lqinlanib gapirardi: “Domla eski o‘zbek ziyolilarining eng so‘nggi vakillariga mansub. U kishi faqat fanni va xalqni o‘ylar edilar”. Bunday ta’rif va hurmat Alisher uchun go‘yo o‘ziga taalluqlidek quvonch va faxr tuyg‘usini uyg‘otar edi.