Ibrohim Haqqul. She’riyat — dard va umid demak.

667

Атоқли шоир Жамол Камолни муборак 75 ёши билан табриклаймиз!

Жамол Камол (Камолов Жамол; 1938.26.4, Шофиркон тумани) — Ўзбекистан халқ шоири (1992). Бухоро педагогика ин-тининг филология ф-тини тугатган (1959). Ўзбекистан Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлимида масъул котиб (1970—72), Ўзбекистан ФА Тил ва адабиёт ин-тида аспирант ва илмий ходим (1972—86). Лирик шеър тузилиши бўйича илмий тадқиқот олиб борган. Faфур Ғулом номидаги Жамол Камолнинг илк шеърий тўплами «Олам кирар юрагимга» 1968 й.да нашр этилган. «Чўққиларга ёғилди ёғду» (1970), «Тош туғёни» (1972), «Ҳасан ва ой» (1974), «Қуёш чашмаси» (1975), «Қадаҳ» (1978), «Достонлар» (1980), «Сувайдо» (1982), «Умидли дунё» (1988) каби шеърий тўпламларига кирган шеърларида мумтоз шеърий анъаналар б-н замонавий шеърий жараён ўзаро уйғунлаштирилган. Жамол Камол француз мумтоз адабиётининг намояндаси Буалонинт «Шеърий санъат» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги «Шабиҳижрон» достонини, Шекспир, А. С. Пушкин, Я. Райнис асарларини, Жалолиддин Румий, Сотим Улуғзода сингари адибларнинг сара асарларини узбек тилига таржима қилган.

123

Иброҳим Ҳаққул
ШЕЪРИЯТ – ДАРД ВА УМИД ДЕМАК

Кўнгил хун бўлди, кўнгилга не дерман,
Кўнгилни билмаган элга не дерман?..

Шайх Фаридиддин Аттор

Туғилган жойи, ўсиб-улғайган муҳити шоир ва адибнинг фақат тақдирига эмас, балки унинг ижодига ҳам таъсир ўтказади. Шунингдек, у ёки бу ижодкор шахсиятининг шаклланиши, ижодиётидаги ўзига хос хусусият ва фазилатлар ҳам таваллуд топган жонажон диёр билан мустаҳкам боғлиқдир. Халқимизнинг фидойи ва улкан шоири Жамол Камол Бухоро фарзанди. У 1938 йил Бухоро вилоятининг Читракон қишлоғида дунёга келган.
Бу ёғини айтиш… Бўлажак шоир уч ойлик чақалоқ экан, отасини қамашади. «Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов халқ душмани эмас, дўстлари эди» деган гап – мана шу бир жумла учун уни отувга ҳукм қилишган. Бу мусибат ва айрилиқ мурғак қалбга кейин қандоқ таъсир ўтказиб, чилпарчин айлашини тасаввур қилмоқ қийин эмас.

Ўттиз беш ёшида отам отилди,
Уч ойлик чақалоқ эдим ўшанда.
Ўша тун ошимга заҳар қотилди,
Тақдир зарбасини едим ўшанда.

Йўқ, деб қичқираман умрим борича,
Лекин қисмат деган турмайди аяб.
Ўттиз беш йилдирки, ҳар ярим кеча
Мени отишади деворга суяб…

Ҳайриятки, Оллоҳ таоло инсонга сабр ва бардош ато этган. Лекин кўнгил тош ё темир эмас – уни ғам-андуҳ барибир емиради. Камол Ҳусанхўжа ҳажрида шоирнинг онаси Ҳожалбегим ҳам ўттиз беш ёшда вафот қилади.

Отам дийдорини кўролмадим мен,
Онасиз ўссам-да, бўлмадим етим…

Бу тасаллининг ортида ўркач-ўркач қайгу ва алам бекиниб ётибди. Шулар қатра-қатра, тўлқин-тўлқин бўлиб Жамол Камол шеърлари таркибига сингиб кетган. Унинг сўз ва ифодаларида дард, ҳасрат, армоннинг оловланиши шундан. Хуллас, етим бола она бувиси Маҳтоббибининг қўлида қолиб, унинг тарбиясида ўсади. Аввал у она қишлоғидаги бошланғич мактабни битириб, сўнг Чандирдаги Абу Али ибн Сино номли ўрта мактабда таҳсил олади. Шоир ўша йилларни хотирлаб бундай дейди:
– Учқун бўлмаса, ўт чиқмайди. Ҳар нечук қобилият инсоннинг табиатида булиши лозим. Адабиётга муҳаббат менинг қонимда бўлган шекилли. Мактаб ва китоб пуфлаб ўт олдирди, ёндирди уни… Навоий ҳикматлари, рубоий, ғазалларини илк дафъа ўша йилларда юрагимга жо қилдим. Улар воситасида арузий оҳанглар руҳимга сингди. Кейин Муқимий, Фурқат ғазалларини севиб ўқидим ва ёд олдим. Ўша даврда Гоголнинг «Миргород», Пушкиннинг «Капитан қизи», Ойбекнинг «Қутлуғ қон», Марк Твеннинг «Том Сойернинг бошидан кечирганлари», Жюль Верннинг «Ўн беш ёшли капитан» китобларини ўқиганим ёдимда… Бир оқшом Шекспирнинг «Ҳамлет» асарини ўқишга киришдим. Уйда ёлғиз эдим. Фожианинг «Арвоҳ кирди…» деган жойига етганда қўрқиб кетиб, китобни бир четга ташлаб, бориб қўшни уйда хотинлар билан чақчақлашиб ўтирган бувимнинг пинжига тиқилганим ҳали-ҳамон кўз ўнгимда турибди…».
Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир – булар ёш Жамолнинг яхши кўрган шоирлари эди. У Ойбекка алоҳида меҳр пайдо қилган ва бир умр унинг ижодига боғланиб қолганди. Бироқ ҳаммадан ҳам юксак, ҳаммадан ҳам ёрқин порлаган машъала – Навоий эди. У бошқа шоирларни устоз ҳисоблаган бўлса, Навоийни пир деб билганди. Тиниқ ва ёниқ сўз завқи, бадиий тафаккур сеҳри шу йўсинда ёш шоир руҳига кириб борарди. «Адабиёт номли оқ кабутар болалигимда мени кўтариб учди. Шу сабабли бўлса керак, етим бола бўлишимга қарамай, ҳамиша умидларга, завқу шавққа тўлиб юрардим…» – дейди у.
Ҳа, умид нурли туйғу. Умидсизлик даҳшат. Ҳамма орзу ва олий ниятнинг кушандаси умидсизлик. Ноумидлик фақат алоҳида бир инсоннинг эмас, ҳатто бутун миллат руҳини сўндириб, қадр-қиммати, шону шавкати, ғурур ва шижоатини ер билан яксон этиб ташлайди. Бундай аҳволдаги халққа душманнинг кераги йўқ, у – ўзига ўзига ғаним, у – ўзига ўзи гўрков…
Менимча, «Умидли дунё» номли китобни ўқиган шеърхон умидсизликдан – ношудлик, ношудликдан – ожизу нотавонлик, нотавонликдан – қуллик, қулликдан – хиёнат, риёкорлик туғилишини Жамол Камол нақадар эрта англаганини осон фаҳмлайди. Албатта, ўқиб-ўрганиш, фикран ўсиш, руҳни чиниқтириш, ҳаёт қийинчилиги ва азобларини енгиб ўта билиш ҳаракатига эришилмаса, умидни мақташдан фойда чиқмайди.
Зеро:

Кимга қатра, кимга денгиз,
Кимга бир дунё қадар,
Ким учун оғриқли тандин
Чиқмаган жондир умид…

«Ўйлаб қарасам, – дейди Жамол Камол, – Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга киришим ҳаётимда бурилиш нуқтаси бўлган. Бошда тарихчи бўлишга шайландим. Йўқ, адабиёт мени бағридан бўшатмади…»
Шоир тўртинчи курсда ўқиётганида, Бухорога шоира Зулфия ташриф буюради ва институтда катта учрашув бўлади. Шеърларини унгача институт газетасида чиқариб юрган Жамол Камол кичик ҳажмли илк достони «Жамила»ни ўқиб беришни машҳур шоирадан илтимос қилади. Достон Зулфияга маъқул бўлади ва орадан кўп ўтмай у «Ёш ленинчи» газетасида босилиб чиқади. Шеърият майдонига энди-энди қадам босаётган шоир учун бу, албатта, ижодий ғалаба эди. Шундан сўнг «Шарқ юлдузи» журналида унинг шеърлари чоп этилади. Адабий жамотачиликка Жамол Камолни улар кенгроқ танитади.
Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло ёзади: «Назаримда, олтмишинчи йилларнинг боши бўлса керак, бухоролик шоир Жамол Камолнинг бир туркум шеърлари «Шарқ юлдузи»да босилди. Нотаниш ёш шоирнинг шеърларини ўқидим. Бу шеърлар мени шу қадар сеҳрлаб олдики, бир неча вақт хаёлим шу билан банд бўлиб қолди. Бу ўзбек шеъриятига катта истеъдод кириб келаётганининг дилимдаги қувончи эди. У вақтда албатта Жамол ёш эди, навқирон пайти эди. Лекин унинг шеърлари ўша вақтдаёқ ром қила олиш кучига эга эди.
Жамол Камол шеърлари мени шу қадар тўлқинлатган эдики, икки оғиз бўлса ҳам хат орқали ўз қувонч ва ниятларимни билдриб, қалбимни бўшатмагунча оромим бўлмай қолди».
1962 йилда ўтказилган Республика ёш ижодкорлар семинари Жамол Камолнинг биринчи шеърий тўпламини нашрга тавсия этади. Аммо у олти йилдан сўнг – 1968 йили босилиб чиқади. «Олам кирар юрагимга» кечикиброқ дунё юзини кўрган бўлса ҳам, шеърхонлар юрагидан тез ўрин топган эди.

* * *

Бир пайтлар – ўспиринлик чоғларида сиқинибми, зерикибми, Бухородан кетиб қолгим келаверарди. Чунки айтарли ҳамма нарса якранг, турғун, арзимасдай туюларди… Кўпчилик гўё келишиб олгандай бир хилда ўйлар ва бир хил гапларни такрорларди. Қаерга борманг, асосий мавзу дала, пахта, чорва, маърака. Менга бу ёқмасди. «Нечун катталар умуман китоб, адабиёт ҳақида гапиришмайди? Нега уларга илм, адабиёт, санъат деган нарсаларнинг бир чақалик ҳам қизиғи йўқ», деб ўйлар ва ички норозилигим кундан-кунга кучайиб борарди. Китоб ва ёлғизлик – шу икки нарсани ана ўша йиллардаёқ мен яхши кўрганман, то ҳануз иккисидан ҳам ажралолмайман. Аммо ўйлаб кўрсам, болалик, ёшлик, илк маҳаббат – буларни Тошкентга олиб келолмаган эканман – бари Бухорода қолиб кетган экан. Бизнинг адабиётга, китоб ва ижодкорга меҳр-муҳаббатимиз, ҳозирги навқирон авлодники билан таққосланса, тўғриси, эртакка ўхшайди. Бухоролик таниқли адиб, олим ва шоир борки, бошга кўтаргудай эдик. Жамол Камол ва Неъмат Аминнинг илк китобларини ўқиб, талабалар орасида нечоғлик фахр билан муҳокама қилганларимиз сира эсдан чиқмайди. Қизиғи шундаки, Жамол Камолнинг айрим шеърлари худди мен учун – менинг мавҳум ҳолат ва изтиробларимни акс эттириш учун ёзилганга ўхшарди.

Нега мен баъзида маъюс, безабон,
Сизга баён этсам, дўст-ҳамдамларим,
Мазмундорлигини пеш айлаб мудом,
Ортимдан юради дарду ғамларим…

Дарду ғам доим ҳам ортда юрмас, илгарига ўтиб, моҳитяга йўл очар экан. Шоирнинг мана бу саккизлигини ўқиганда қандай хаёллар кўнгилдан кечганини ҳозир ҳам тўлиқ шарҳлаб беролмайман.

Мен уни изладим, изладим дилхун,
Тубига етмоққа айладим ният.
Қанчалар бўғилдим, оқибат бир кун
Қаршимда очилди ўша моҳият.

Унга қарайману айланар бошим,
Яна чорасизлик йўлимни боғлар.
Қай тарафдан боқмай, оқизар ёшим,
Қай тарафдан боқмай, кўнглимни доғлар…

***

Умуман, моҳият оғир ва бешафқат эканини, унга қай тарафдан боқма, чорасизлик йўлни боғлаб, кўздан ёшлар оқизишини мен кечикиб тушундим. Инсон умри руҳоний оламдан борлиқ оламига, ундан яна охират дунёсига муборак бир сафардир. Бу моддий оламда у боқий қолмоқ учун эмас, балки ҳақиқий ватани бўлмиш малакут оламига қайтмоқ учун туғилади. Оралиғдаги йўл – синов йўли. Ўртадаги «Майдон» — қувонч ва қайғу, меҳнат ва машаққат, рост ва ёлғон, зафар ва мағулубият, бахт ва бахтсизлик майдони эрур. Хуллас, одамнинг тақдири ва ҳаёт йўли бир сафар, бир ҳижрат мазмунига эгадир. Ҳижрат деганда кўпчиликнинг хаёлида буюк жудолик, сўнгсиз ҳижрон, ғам-ғусса, кўз ёши, бир сўз билан айтганда, бахтсизлик гавдаланади. Тасаввуф тилида эса ҳижрат – ёмон ва тубан феъл-атвор, чиркин сифатларни тарк айлаб, гўзал ахлоқ ва латиф фазилатлар юртига бориш демак. Шоирнинг ичдаги юрти – аслида ана шу юрт. Кўзга кўринмас ана шу ботиний ўлкада чин шоир нафсдан қалбга, қалбдан латифликка, ундан руҳга, руҳдан Ҳаққа ҳижрат қилади. Ва бундай шоир тилнинг эмас – дилнинг, чекланиш ва торликнинг эмас – кенглик ва сўнгсизликнинг қули, шайдоси бўлиб яшайди. Мана шунда кўнгил – оламга, олам – кўнгилга эшик очади. Сўзни илҳом, туйғуни завқ, фикрни дард бошқаради. Дардли шеър ҳамиша сирли шеър. Буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий ёзади: «Билурменки, сен дардли яратилмишсан. Дард эса шоирликнинг сармоясидир. Шеър ёзиш учун завқ ва сафо лозимдир дема – дарддан сўзла. Чунки сўз мусобақасида ғалаба қозонадиган дарддир».
Жамол Камол ижодиётининг ҳам сармояси Ҳақиқат ва Ҳуррият дардидир. Мен унинг дил дардларига қарши боргани, энг улуғ армонларига хиёнат қилганини эслолмайман. Шунинг учун шоир шеъриятида кўпчилик қаламкашларга хос икки қиёфалилик офати кўзга ташланмайди. Хавф, яъни қўрқув тавбакорга, севги зоҳидга, яшаётган маънавий ҳоли муштоққа парда бўлгани каби, шеър ҳам шон-шуҳратга берилган шоир қалбига парда бўлади. Шунда у инсоф, диёнат дардидан йироқлашади ва ўзининг аҳвол-руҳиясини тўғри идрок қилолмай қолади.

Шоир сўз айтгани келар дунёга,
Индамай, жим туриш – шоирга ўлим.
Қайси тоққа борай, қайси дарёга
Товушларга тўлиб кетганда кўнглим?..

Ана шу ҳолат-ахтариш, изланиш ҳолати. Ана шу ҳолатдан ажралган шоирнинг фикр манзили турғунликдирки, ундан бирор янгилик кутиб бўлмайди. Жамол Камол бундай ҳолдан ўзини асрай билган, Ҳақиқат йўлида астойдил заҳмат чеккан шоир. Унинг «Файласуф билан суҳбат», «Сувайдо», «Қўғирчоқлар», «Клубатра», «Ҳамлет», «Хурофот», «Шоирга», «Отам» сингари ўнлаб шеърларида эрк ва ҳақиқат ишқи ёниб-ёлқинланади. Чунки у ҳақиқатни ҳақиқат ўлароқ севган. Юракни тасаввурдаги ҳақиқатларга эмас, ҳақиқатнинг ўзига бағишлаган.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
сени хор айласа миллат.
Қуюндек боши узра айланур
ҳар кун қабоҳатлар…

Ҳақиқат, мен сени севдим,
ўзинг Раббимсан, Оллоҳим,
Сени дерман, сени, гар келса
бошимга қиёматлар…

Биласизки, ҳақиқат тоқдир, Ҳақдан яралгани боис якка-ю ягонадир. Ҳақиқат кўкда ҳам, ерда ҳам ҳоким. Фақат заминдаги ҳукмронлиги, кўкдагидан фарқланади. Негаки, заминда ёлғон ҳам ҳукм юритади. Самода ёлғоннинг қўлидан ҳеч иш келмайди. У ўз тангриси Шайтон амри фармойишларининг ердаги ижрочиси. Ёлғон кўкдан гувиллаб тўкилмайди, заминда гуркираб ўсади. Зеро, ёлғон ва риёнинг «тупроғи» инсон – у биргина мана шу жойда томир ёзади, улғаяди ва ҳосил беради. Бошқа кўкарадиган боғу чорбоғи йўқ унинг. Жонзотлар орасида ёлғиз инсонгина ёлғонни – ҳақиқат, ҳақиқатни эса ёлғон дея баён айлай олади. Аслида, ҳақиқат ва ёлғон ўйинлари деган ўйин ёхуд талашув йўқ. Ҳамма-ҳаммаси одам нафси ва манфаатидан туғилган зиддият, олишув ва қаҳру ғазабдир. Инсон Ҳаққа итоат этгандагина ҳаётни ҳақиқат кўзгусида кўриб, қаноат топади ёки ўзи экиб вояга етказган ёлғон зулм қурбони бўлади. Шўро давлати юрт, миллат ҳурриятига қарши тўқилган ҳар қандай ҳақиқат – ёлғон, ёлғон эса ҳалокатли бўлишини инобатга олишни истамаганди. Шу боисдан ҳам ҳақиқат ва ҳаёт орасидаги жарлик кенгайгандан кенгайиб борар, эркинлик, тенглик, бахт каби сўзлар хас-хашакка ўхшаб қолганди. Ҳаёт эса ҳурриятни – қуллик, бахтни – бахтсизлик, шодликни – ғам-ғусса мазмунида изоҳларди.
Орадан вақт ўтиб, замонлар кечиб, келажак авлодлар шоир, адиб, олиму уламоларнинг мустақилликдан кейин ёзган нарсаларини ўқишса дейлик. Шунча зиёли ва ижодкорнинг ичида шундай эътиқод, шу даражада эркинлик истаги қайнаб-тошиб ётган экан, миллат қандоқ қилиб бунча узоқ вақт қуллик ва тобеликка кўникди экан, деган савол туғилиши табиийдир. Лекин айни шу ижодкорларнинг миллий истиқлолдан аввал ёзилган асарларини кўздан кечиришса борми, «Во дариғ, ижодкорлик дегани ҳам – бу сўзбўямачилик ва кўзбўямачиликдай бир иш экан-ку», демаслигига ҳеч биров кафолат беролмайди. Эврилиш, турланиш шу қадар катта ва ҳайратланарли. Ана шу «жараён»га бундоқ назар ташланса, миллий руҳ, миллий маслакка содиқ жуда оз сонли шоирлар қатори Жамол Камол ҳам бир ғоявий «майдон»дан иккинчисига сакраб ўтмаганлигига тан бериш керак бўлади. У етмишинчи йилларнинг охирида ёзилган бир шеърида бежиз мана бундай демаган:

Шоирим, ўтасан сен ҳам муқаррар,
Гарчи ардоқлисан, гарчи суюксан:
Шижоат туйғуси билан мукаммал,
Шижоат туйғуси билан буюксан!
Лекин сен ҳам агар этиб номардлик,
Сен ҳам ўз-ўзингни ўйласанг фақат.
Демак, соб бўлибди оламда мардлик,
Демак, рўй берибди қора қабоҳат…

Қулни озодман деб сайратиш, бахтсизларни ҳамма бахтиёр деб куйлатиш, камбағал ва қашшоқ элни тўқмиз, бадавлатмиз дея бонг урдириш… Минг афсуски, адабиёт аҳли орасида ана шу қабоҳатга бош қўшганлар ҳам кам эмасди. «Чўққиларга ёғилди ёғду», «Тош туғён», «Тафаккур», «Қадаҳ», «Умидли дунё» деб номланган китобларни бугун бир варақлаб чиқинг, бошқа хаёл, ўзга ўйлар қуршаб олади дилни…

***

Жамол Камол турли шеърий шакл ва жанрларда қалам тебратиб келаётган ижодкор. Унинг ғазалнависликдаги тажрибалари ҳам алоҳида диққатга молик.
Менинг билишимча, куйга, мусиқага тобе сўз – қўшиқ. Сўзга, фикрга тобе мусиқа эса шеър. Шунинг учун ҳам «Шеър – сўз билан ифодаланган мусиқа» деган таъриф менга жуда мақбулдир. Навоий, Бобур, Машраб шеърлари, энг аввало, мана шу фикрнинг тўғрилигини исботлайди. Ахир, ҳар бир шеър мисраси, ҳамма нарсадан олдин мавзун, мусиқий бир жумла эмасми? Шеърда ҳижонинг сони эмас, балки унинг саси, оҳанги муҳим-ку! Мусиқа шеърнинг «жавҳари»дан янграб юзага чиқади ва муваффақият воситасига айланади. Хоҳ аруз, хоҳ бармоқ вазнида бўлсин, қолган ҳамма иш, ҳамма нарса айни шу мусиқани таъминлашга хизмат қилмоғи зарур. Шунинг учун шеър ўқиш, шеърнинг руҳий оламига кириб мушоҳада қила билиш улуғ бир куйни сўз билан тингловчига етказа олишдек алоҳида салоҳиятдир. Хусусан, арузда битилган шеърларнинг «ноталари», ички ва ташқи оҳанг товланишлари бўладики, буни билиш учун «оҳангшунослик» зарур, деб ўйлайман.
Бизнинг танқидчи, адабиётшунос ва ижодкорлар орасида ғалати бир қитмирлик мавжуд: ўзи тушунмаган, ҳис қилмайдиган асарлардан ё айб ахтаришади ёки бефаросатларча уларни инкор қилишади. Аммо ўлса ҳам бунга тишим ўтмади, менинг қорайган кўнглим, тўнка табиатим бунақа латифлик, бунақа зарифлик ва гўзалликдан завқланмайди, демайди…
Эркин Воҳидовнинг арузий шеърлари атрофидаги баҳс-мунозаралар адабиёт аҳлининг ёдидан кўтарилмаган бўлиши керак. Ўшанда ўртага ташланган танқидий фикр, тўмтоқ талқинлардан, шеър ҳақида ёзиб юрганим учун мен ҳозиргача хижолат чекаман.
Шўро даврида Эркин Воҳидовгача ҳам арузда шеърлар ёзилган. Аммо Эркин Воҳидовнинг қасида ва ғазаллари улардан моҳиятда ва ифодада бутунлай фарқланади. Шу фарқланиш, яъни арузни янгилаш, очиқроқ айтганда, «замонавийлаштириш» тамойили Жамол Камол ғазаллари ва «Қуёш чашмаси» достонида ҳам ёрқин кўзга ташланади. Шоирнинг ошиқона ғазаллари хусусида, биров у дер, биров – бу. Бироқ унинг ижтимоий, фалсафий мазмундаги ғазалларига фикри очиқ ўқувчи сира-сира юзаки қаролмайди.

Мен-ку менман, элга элдек
Суврату сийрат қани,
Ўтса умри бир умр
Меҳнатланиб, заҳматланиб,
Бир тараф афғон чекарлар
Меҳнату заҳмат билан,
Бир тараф даврон сурарлар
Роҳатланиб, ишратланиб.

Бир тараф афтодаҳолдир,
Ҳоли кун-кундан ёмон,
Бир тараф довруқ солар
Шуҳратланиб, шавкатланиб.

Бу замонда аҳли давлат
Эл сотар, иймон сотар.
Ғайрилар бирлан мудом
Хилватланиб, улфатланиб…

Бу байтлар Машраб тилидан битилган бўлса-да, шўро зулмидан жони ҳалқумга келиб, эзилиб ётган эл ва найрангбоз замон аҳволини шарҳлайди. Ғазал шаклидаги мана бундай ҳасрат ифодасига мен ҳеч дуч келмаганман:

Талон бўлдинг, элим,
Занжирга тушдинг, нотавон бўлдинг,
Диёнатга тупурган
Шум даюслар озми тарихда?
Ўзингдан чиққанинг ҳам гоҳ
Ўзингга сирмади ханжар,
Мунофиқ тўтилар, зоғлар,
Товуслар озми тарихда?

Мустамлакачилик истибдоди ва ҳийла-найрангларини мозий орқали фош этиш, замон муаммоларини тарих воситасида бадиий талқин қилиш олтмишинчи йиллар ва ундан кейинги давр адабиётимиз учун ўзига хос бир йўл ва усулга айланган эди. Бундан Жамол Камол ҳам моҳирлик билан фойдаланган. Шоирнинг араб босқинига бағишланган «Варахша» достонидаги қуйидаги сатрларни одамлар ёддан айтиб берганини мен кўп эшитганман:

Олам шоҳид, ҳар бир юртга босқинчи,
Эзгуликни шиор қилиб киради.
Бошлар узра ўйнар экан қиличи,
Шиорини такрор этиб туради.
Мана бу нур, дейди, пуркайди тутун,
Мана поклик, дейди, булғайди бутун.
Мана тенглик, дейди, лекин қул этар,
Тарихингга ўтлар қўйиб, кул этар…
Бечора эл қолиб бесару сомон,
Шу тариқа яксон бўлар бегумон!
Замин кетар, давлат кетар, дил кетар,
Ўзлик кетар, шавкат кетар, тил кетар…

Булар тарих «либос»ига бурканган ва маҳрумият азоблари ҳасратга, ночорликка айланган мазлум элнинг ички шарҳи ҳоли экани бугун кундай равшандир, албатта.
Жамол Камол достон жанридаги асарлари билан ҳам ўз сўзини айтган, шеъриятни янги тасвир ва образлар билан бойитган талант. Устоз Миртемир унинг «Армон» достонига уруш мавзусидаги энг яхши асарлардан бири, деб баҳо берган эди.
Оллоҳ одамга талант берса, шунга яраша илҳом ва интизом ато этса, унинг қўлидан кўп иш келади. Жамол Камол бугунгача рус, форс, инглиз тилларидан таржима қилган асарлар сони, адашмасам қирққа яқинлашди. Буларнинг асосий қисми жаҳон адабиётининг дурдоналари: Шекспирнинг ўн иккита драмаси, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» ва «Илоҳийнома»си, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти жилдлик «Маънавийи маснавий»сидир. Бу – айтишга осон. Аслида бағоят сермашаққат ва масъулиятли меҳнат. Шу сабабдан ҳам шоир «Маснавий” таржимаси учун Туркия жумҳурияти Маданият вазирлигининг Румий олтин медали ва Эрон ислом республикасининг давлат мукофоти билан тақдирланди. Зеро, Мавлононинг шоҳ китобини миллатга армуғон этиш ҳар қандай мукофот ва тақдирланишдан юксакдир. «Маснавий”нинг бош ғояси ва шиори ишқ. Одамийлик. Одам бўлсанг, одамийлик шарафига лойиқ бўл, доғ туширма. Гул агар хушбўй бўлмаса, у ўтиндур, дейди Мавлоно:

Одамийро одамият лозим аст,
Гул агар хушбў набошад, ҳезум аст…

Дарвоқе, Жамол Камолнинг рус олими ва адиби Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» романини ўзбекчалаштириши Мавлонони халқимизга яқиндан таништиришдаги илк хайрли қадам бўлган эди.
Нақлга кўра, Салжуқий султонларидан бири Румий Ҳазратларига беш халтача олтин ҳадя этибди. Талабаларидан бири олтинларни Мавлоно олдига олиб кирганида, «Мени ҳақиқатда яхши кўрсанг, бу олтинларни ташқаридаги ана у катта ботқоқликка элтиб ташлагил», дебди у. Устод фармойиши дарҳол бажарилибди. Ва тезда кўпчилик бундан хабар топибди. Бойликни, хусусан олтинни жону дилидан севгувчи кимсалар ўша олтинларни қўлга киритиш учун ўзларини балчиққа уришибди. Юзи, уст-бошлари балчиққа буланиб, қараб бўлмас ҳолга келибди. Уларнинг аҳволини Мавлоно талабаларига кўрсатиб, «Бу олтинлар кўриб турганингиздек, дунё аҳлининг уст-бошини булғаб кирлантиргани сингари қалбларини ҳам қорайтириб, чиркинликка чулғайди. Менинг сўзларимни ғалат англаманг. Мол-дунё учун уринманг, демайман. Аммо дунё мол-давлатига муҳаббатни қалбингизга йўлатманг, демоқчиман. Ҳақиқий сармоя мол, мулк, беҳисоб пул соҳиби бўлиш эмас, балкм маърифат, илм ва ҳунар, ихлос ва ҳур тафаккур соҳиби бўлмоқдир».
Жамол Камол инсоният қалби ва руҳини тадаввий айлаш, яъни даволаш, Ҳақ ва Ҳақиқат мақомларига юксалтиришга қодир Шарқ адабиётининг бир неча дурдоналарини таржима қилиб, халққа армуғон этдики, бунинг аҳамиятини сўз билан таърифлаш қийин.
Жамол Камол чиндан сермаҳсул шоир, моҳир таржимон, билими кенг, диди юксак шеършунос ва адабиётшунос ҳамдир. У шоирларнинг – олими, олимларнинг – шоири. Унинг илмий тадқиқот ва мақолалари ижодиётининг муҳим қисмини ташкил этади. Жамол Камол 1971 йили «Лирик шеъриятда композиция» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, академик Иззат Султоннинг таклифи билан Ўзбекистон Фанлр академияси Тил ва адабиёт институтига ишга келган. Иззат Султон раҳбар бўлган Адабиёт назарияси бўлимида ўн тўрт йил ишлаган. У икки томлик «Адабиёт назарияси», икки жилдлик «Ўзбек адабий танқиди тарихи» китобларининг мауаллифларидан бири. Унинг «Лирик шеърият» номли китоби шеършунос ва шеърият муҳиблари орасида қўлма-қўл бўлиб кетган бўлса, «Тарихий драма» деган рисоласи драма жанри сир-асрорларини ўрганувчиларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб эта олган эди. Гоҳо шеърдан ҳам у танқидий тафаккур учун фойдаланган.
Шоирнинг «Умидли дунё» китобида «Адабий танқид» деган ҳазил шеър бор. Шундай сўзлар билан бошланади:

Ҳамзага этмадинг аввал эътибор,
«Ўтган кунлар» бўлди қўлларингда хор…
Уриб, «Қутлуғ қон»нинг бошини ёрдинг,
Кейин «Навоий»ни тупроққа қординг…

Дарвоқе, адабиётимизда ҳодиса бўлган қайси асарни адабий танқид яхши қарши олиб, уни холис баҳолаган? «Сароб»ними ёки «Мирзо Улуғбек»ними?… Юрак қони билан ёзилган асарларнинг кўпчилигига у болта кўтарган ё милтиқ ўқталган. Нега шундай бўлган? Шеър давомида ўқиймиз:

Шунчалар қон тўкмиш қаламинг сенинг,
Айт-чи, нимадандир аламинг сенинг?
Қўлингда ҳамиша шайдир бешотар,
Магар бобонгмидир Муқбил тошотар?
Гарчи буюкларни таёқладинг сен,
Лекин пучакларни ардоқладинг сен…

Сиёсатнинг қули ва қўғирчоғига айланган танқидчилик ҳақиқий талантларнинг бошига кўп балолар ёғдирган. Адабиётга алоқаси йўқ талантсизларни эса оғишмай қўллаб-қувватлаган. Мана шу «ҳиммат» ва «илтифот» то ҳануз давом этиб келади. Жамол Камол адабий танқид тарихи ва унинг кейинги аҳволидан бохабар ижодкор сифатида буни шеърий шаклда талқин қилиб берадики, «ҳазилнинг таги зил»лигини шеърхоннинг ўзи осон англаб етади.
Бу ёруғ оламда шундоқ омад ва муваффақиятлар бордирки, одамни ич-ичидан кемириб, еб ташлайди. Бунинг акси: шундай омадсизлик ва муваффақиятсизликлар борки, инсонга куч-қувват, ҳаракат бағишлайди. Айниқса, ижод аҳли: ҳақиқий ёзувчи, шоир виждонни бузадиган омад, зоҳиран кўз қамаштирувчи зафарлардан қочмоғи керак. Донишманд бир шоир яхши айтган:

Кимки ақл истар, Мажнун бўлмайди,
Ҳар фалокат келса мамнун бўлмайди.

Келгуси йил муборак етмиш ёшини қаршилашга ҳозирланаётган ардоқли шоир, улкан таржимонимиз Жамол Камол ҳар қандоқ қийинчилик ва машаққат юзланса, мамнуният кўрсата олиш даражасидаги қудрат соҳибидир. Атторни, Румийни ва Ҳазрати Али шеърларини таржима қилган киши бошқача бўлиши мумкин эмас.

Мавлоно Румийнинг дил сўзларидан,
Ажаб сархуш бўлиб кечди тунларим.
«Маснавий”нинг ҳикмат юлдузларидан
Ёришди, чароғон бўлди тунларим…

Шундай сархушлик ва чароғонликда шоиримиз узоқ умр кечириб, янги ижодий ютуқларга эришишини биз Яратгандан тилаймиз.

Манба: Жамол Камол.Сайланма. I жилд. Тошкент: Фан, 2007.

(Tashriflar: umumiy 164, bugungi 1)

Izoh qoldiring