Шуҳрат Шокир мурожаатида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бирига диққатимизни қаратишга уринган. Фейсбукдаги “Профессионал ва ҳаваскор” таржимонлар гуруҳи томонидан бошланган жараёндан хабарим бор. Улар бундай ҳаракат мустақиллик арафасида ҳам бўлгани ва охир-оқибат яхши натижага олиб келмаганидан хабарлари бормикан?
Энг аввало,айтишим лозимки, ўшандаям,худди бугун эътироф этилаётганидек, бу иш тилимизни бегона,ёт сўзлар билан тўлиб кетганидан ташвишга тушган ёшлар томонидан бошланган ва «ноҳия» («район» ўрнига), «тайёрагоҳ» («аэропорт» ўрнига), «олийгоҳ» («институт» ўрнига), «куллиёт» (факультет» ўрнига) каби сўзлар пайдо бўлган эди. Бор-йўғи икки-уч йил ўтар-ўтмай бу сўзлардан тилимизни тозалаш жараёни бошлангани ҳам эсимда турибди.
Менинг айтмоқчи бўлган гапим аниқ: Она тилимизни асраб-авайлаш — муқаддас иш. Аммо, бундай мураккаб ва масъулиятли ишни ҳаваскорлар эмас, тилимиз тарихи,унинг табиати, бошқа туркий тилларда шунга ўхшаш жараёнлардан яхши хабардор профессионал олимлар ва тажрибали мутахассислар (шу жумладан адиблар) томонидан амалга оширилиши керак. Чет тилидан кирган атама ўрнига ўзбек тили табиатига мос келадиган айни сўзни топиш,яратиш бекорчиликдан нима иш қилишини билмаган одамлар томонидан оширилиши охир-оқибат боши берк кўчага олиб боради,деб ўйлайман. Ундан кўра “Профессионал ва ҳаваскор” таржимонлар гуруҳи биринчи навбатда, эски луғатларни (Ғиёсул луғот»га ўхшаган манбаларни), иккинчидан, жаҳон адабиётининг ҳали ўзбек китобхонига етиб келмаган асарларини аслиятдан ўзбекчага таржима қилиш, қилинган таржималарни муҳокамадан ўтказиш билан шуғуллансалар фойдали иш қилган бўладилар.
Ёшлар билан узоқ вақтдан ишлаш жараёнида орттирган тажрибамдан келиб чиқиб,асосий гапимни яна бир такрорлайман: Бндай мураккаб ва масъулиятли ишни ҳаваскорлар эмас, тилимиз тарихи,унинг табиати, бошқа туркий тилларда шунга ўхшаш жараёнлардан яхши хабардор профессионал олимлар ва тажрибали мутахассислар (шу жумладан адиблар) томонидан амалга оширилиши керак.
Хуршид Даврон
Шуҳрат Шокир
ТИЛИМИЗНИ БАДБАШАРА СЎЗЛАР ҲИСОБИГА “БОЙИТМАЙЛИК!
Мен бўш қолган пайтларимда, ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини мутоала қилишни ёқтираман. Бу асар тили мени ўз жозибаси билан ҳайратга солади, завқлантиради, беихтиёр ўйлайман, агар ўзбек тилининг шу, яъни “Бобурнома” даги ҳолатини сақлаб қолиш мумкин бўлганда, қандай ажойиб бўларди. Аммо бунинг иложи йўқ, чунки тил тинимсиз равишда ривожланиб, ўзгариб боради. Ҳаммамизга маълумки, тиллар икки йўл билан, ўз ички имкониятлари ва бошқа тиллардан кириб келган сўзлар ҳисобига бойийди. Тиллар бир – бирига таъсир ўтказмай қолмайди. Бу гаплар аввал ҳам айтилган, мен эса тўтиқушдай такрорлашим шарт эмас, деб ўйлардим, аммо бугун кўриб турибмизки, ўзларини филолог, профессионал таржимон, ўзбек тилининг жонкуяри деб атаётган баъзи биродарларимиз, тилимизга кириб келган интернационал сўзларни ғалати ва тушунарсиз тарзда ўзбекчалаштириб, тилни учинчи бир йўл билан, яъни бадбашара сўзлар ҳисобига бойитмоқчи бўлишяпти. Бундай вазиятда, шу тилда сўзлашувчи киши сифатида, камина ҳам жим қараб туролмадим.
Ўзбек тили шу кунга қадар араб, мўғул, хитой, форс – тожик, рус, инглиз ва бошқа тиллардан кириб келган сўзлар эвазига бойиб, ривожланиб келган. Аввало бирор бир сўзнинг тилга ўзлашиши учун зарурат туғилади, яъни ўша ғайри тилдаги сўз ифодалайдиган тушунчани ўзбек тилида бошқа сўз билан бериш иложсиз бўлса, шу сўзни шундайича қабул қилинади. Бугун тилимизда фаол қўлланаётган юзлаб сўзлар асли арабча сўзлар эканлиги хаёлимизга ҳам келмайди, ёки жозибасига мафтун бўлиб тез-тез такрорлаб турадиган кўпгина сўзларимиз форсча сўзлар эканини ҳам ўйламаймиз. Худди шунингдек, асосан ўтган ХХ асрда тилимизга қабул қилинган кўплаб русча сўзлар ҳам ўз сўзларимизга айланиб улгурган.
Энди юқорида айтганимиз, интернационал сўзларга қайтсак. Ҳозир тилимизда интернет, сайт, линк (ссылка), гаджет, смартфон каби бир қатор сўзлар фаол қўлланяпти. Бу сўзларнинг тилимизга кириб келиши учун ҳам, юқорида айтиб ўтганимиздек, зарурат юзага келган. Демак, бу сўзларнинг ўзбекча вариатлари мавжуд эмас. Баъзи акахонларимиз, фейсбук саҳифасида ташкил қилинган ” Профессионал ва ҳаваскор” таржимонлар гуруҳида бу каби сўзларни ўзбекчалаштиришга уринишмоқда. Кўзингиз тушган бўлса, масалан линк сўзини ” боғич”, “боғланма”, “ҳавола”, ” йўналтма”, шаклида, қолаверса, аллақачон ўзлашиб улгурган профессионал сўзини ” касбикомил”, мотивация сўзини ” чоғланиш”, компас сўзини ” қибланамо”, коттеж сўзини ” дала ҳовли” шаклида таржима қилишни таклиф этишмоқда. Афсуски, таклиф қилинаётган сўзларнинг баъзилари ўзининг буткул бошқа маъносига эга бўлса, баъзилари ўзбек тилида умуман мавжуд эмас. Миллийликка интилаётганимиз, интернационал ёки рус тилидан ўзлашган сўзларни ўз сўзларимиз билан алмаштиришга уринаётганимиз балки унчалик ёмон ҳодиса эмасдир, аммо бунинг натижасида ўз тилимизни хунук кўринишга келтиришимиз яхшимикан?..
Изоҳ: Менинг бу гапларим “Профессионал ва ҳаваскор” таржимонлар гуруҳига қарши ҳужум тарзида баҳоланмаслиги керак. Шу гуруҳнинг бир аъзоси сифатида, бироз хатоларимизни санаб ўтдим холос. Асли бу гуруҳнинг вазифаси, бошқа тилларда яратилган ижод маҳсулларини ўзбек тилига таржима қилиш сирларини бошқалар билан баҳам кўриш, қилинган таржималар юзасидан фикр алмашишга имкон яратиш деб ўйлагандим. Гуруҳимиз аъзолари эса таржима қилиниши шарт бўлмаган сўзларни ўзбекчалаштириш билан овора бўляптилар. Ҳаммангиздан узр сўраган ҳолда, фикрларимни яна шу гуруҳ саҳифасида эълон қилишга журъат этдим.
Манба: “Профессионал ва ҳаваскор” таржимонлар гуруҳи саҳифаси