Ҳозир биламан, бу йўлимни ўша керосинчироқнинг хира ёруғида ўқиган китобларим ёриштириб турган. Ўқитувчимиз дарсликда ёзилганларни зўр гапириб бергани учун ўзи адабиётдек туюлар, кийинишию юриш-туришларигача ҳурмат уйғотар эди.
Aҳмад АЪЗАМ
КЕРОСИНЧИРОҚ ЁҒДУСИ
“Гапхона” туркумидан
Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
Аҳмад Аъзам узоқ давом этган хасталикдан кейин 2014 йил 4 январида вафот этган.
Билмайман, бошқаларнинг ҳам болалиги шундай ўтганми, йўқми, ҳар қалай, менинг болалигимда бувим эртак айтмаган, отам панду насиҳат қитоблардан ривоятлар ўқиб бермаган. Ҳамма иш билан банд, ойим тонг саҳардан қора оқшомгача тинмай, яна ярим тунда нимадир тикишми, қавишми билан банд бўлган, эшитганим оғир сўлиш олишлари, сўзсиз ҳасратли хиргойилари. Ўзим ҳам кун бўйи тинмай ишлаб, ўйнаб, кечқурун чойдан кейин таппа ташлаб ухлаб қолардим.
Қизиқ, битта бизникилар эмас, бутун қишлоқ ҳали тонг отмасидан меҳнатга овора, шу меҳнат билан яшар, болалар қандай ўқияпти, баҳолари неччи, ҳеч кимнинг иши йўқ, уларнинг қорни тўқми, усти бутми, оғир-оғир йўталиши йўқми — бўлди, ўзи думалаб-сумалаб катта бўлиб кетаверади деб қаралар эди. Ҳамманинг ташвиши ўзи билан, ҳамманинг дарди ўзига етиб ортар эди.
Лекин қизиқ, болалар ўртасида ўқишга эътибор зўр, ҳали ўқишга бормасдан мактабга қизиқар, яхши ўқийдиган ака-укалар, опа-сингилларга чандон ҳавас билан қарар эдик. Бор эди-да муштдайидан тошдайигача яхши ўқийдиган оилалар.
Тонг-саҳардан бошлаб подага мол ҳайдаш, уйдагиларини арқонлаб келиш, ўт ўриш, пичан қилиш, томорқада ер ағдариш, пахта чопиққа чиқиш, оғилларни тозалаб қўйиш, хомток қилиш, ғишт қуйиш, яна ўндан ошиқ боши кети-кўринмайдиган ишлардан бўшамай, дарс қилишга, бадиий аспр ўқишга қандай вақт топардик, одам ҳайрон, лекин қишлоғимиз ўқишда пешқадам, мактабимизни битирганлар университет-институтларга ўз кучи билан гуруҳ-гуруҳ кириб кетар эди…
Шунақа бир ажабтовур муҳитда ўсганман. Тўртинчи синфгача қандай ўқиганим эсимда йўқ, баҳо олиш нималигини билмаган ҳам бўлсам керак, лекин тўртинчи синфдан китобга ружу қўйганман. Яхши баҳолар олишим ҳам шу синфдан бошланган. Ишқилиб, кўп китоб ўқишим доимо “аъло”чилар сафида ушлаб турган.
Лекин бунинг ҳам ажабтовур томони бор: китоб танлашимга, ўқишимга, масалан, тил ва адабиёт ўқитувчимизнинг ҳеч бир таъсири бўлмаган. У киши яхши ўқитувчи эди, дарсликда нима ёзилган бўлса, шуни виқор билан айтиб берар, биздан ҳам шуни сўрарди, лекин нима ўқияпмиз, нима ёзяпмиз, мутлақо иши бўлмасди. Мен, масалан, олтинчи-еттинчи синфда ёзган машқларимни туман газетасига юборганман, аммо бу қадар салобатли ўқитувчимга кўрсатишга ҳаддим сиғмаган. Ўзимча аралаш-қуралаш ўқиб, ўзим билмаган ҳолда адабиётга йўл топиб келаверганман. Ҳозир биламан, бу йўлимни ўша керосинчироқнинг хира ёруғида ўқиган китобларим ёриштириб турган. Ўқитувчимиз дарсликда ёзилганларни зўр гапириб бергани учун ўзи адабиётдек туюлар, кийинишию юриш-туришларигача ҳурмат уйғотар эди.
Ўтган асарнинг олтмиш олтинчи йилида мактабни битирган бўлсам, ўзим мактаб кутубхонасида бор бўлган, янги келган китоблардан бошқасини билмас, табиий, адабиёт дарсликларидан олиб ўқитувчимиз айтганидан бошқа шоир-ёзувчилардан бехабар эдим. Мактаб кутубхонамиз каттагина, лекин унга ҳам китоблар расмий рўйхат бўйича келган бўлса керак, масалан, адабиётимизда олтмишинчи йиллар бошидан кечган кўтарилишларни эшитмаган ҳам эдим. Китобларни ўзим танлар, қизиқлигига қараб ўқийверар эдим. Ким билади, балки шу ҳам мустақил фикрлашга ўргатгандир.
Ҳозир ўйласам, бошланғич синфларда жуда меҳрибон бир кампир дарс берган, кейин физика, химия, алгебра (математика) ва албатта, она тили ва адабиёт фанларидан дарс берадиган ўқитувчиларимиз нафақат дарс беришлари, балки юриш-туришлари билан ҳам ўрнак, шундан пешқадамларнинг бу каби фанларга ҳам ҳурматимиз баланд, ўзаро баҳслашиб, басма-басига берилиб ўқир эдик.
Бугун, табиий, болаликдаги меҳнат азоблари унутилган. Болалик кўпроқ яхши жиҳатлари билан хотирада қолган, бизга электр қуввати мактабни битирганимда борган, унгача ҳамманикида керосинчироқ, керосин қишлоқ дўконида доим бор, лампашишалар шодаси билан осилган, шу хотираларнинг янада яхшиси – қиш қечалари сандалга оёқни тиқиб, чироқнинг пилигини бир неча марта кўтариб, китоб устида тонг оттириш эди.
Ҳа, ҳозир ҳам ажабланаман, нимага уйларимизда печ, печка деган нарсалар бўлмаган, ётадиган уйларимиз қаҳратонларда ҳам ташқаридан унча фарқ қилмайдиган музхона, чойнакдаги чой яхлаб қолади; ётишда устки кийимни ечиб, қалин кўрпага қириб кетамиз, бошни ҳам кўрпага ўраймиз, оғизга тўғрилаб туйнуқ қолдирамиз… Бошингиздан ўтган бўлса, ўзингиз ам биласиз – донг қотиб ухлаймиз. Эрталаб дилдираб турамиз, исиб олиш учун ўзимизни дарров ишга урамиз. Табиий, ётадиган уйда китоб ўқиб бўлмайди, совуқ қоқиб ташлайди. Қизиғ-эй, ҳовли тўла ўтин, уч-тўрт тиркама ғўзапоя ғарам қилиб босилган, одамлар печка ўрнатишни билмаганми, ёз бўйи йиғилиб. таги чириб ётадиган ўтинга ҳам қаттиқлик қилганми – бугун ақлга тўғри келмайди. Катталар ҳам, болалар ҳам чиниқиб кетган. Бир шаҳарлик ўқитувчимизнинг болалари замҳарир совуқда қорда ялангоёқ юрарди. Хайриятки, юқори синфларда ўқиётганимда кўмир ёқса ёнбошларидан ҳам қоп-қора қоп-қора тутун чиқиб кетадиган йиғма чўян печка пайдо бўлиб қаҳратонларларда дилдираб ўтирмайдиган бўлдик.Лекин китобга берилиб бошлаган пайтларим ҳали печка деган нарса йўқ, ҳаммасига балогардон сандал, унинг чўғи тонггача етмас, елкаларгача музлаб бошлагандан кейин совуқ хобхонага ўзимни уришдан бошқа чора қолмас эди.
Шу оғир, совуққа чидамай китобдан узилиш жуда ўқинч берар эди.
Китоб шунақа қадрли эди.
Умуман, китоб билан ўсган одам кам бўлмайди. Ҳаётимда нимага эришган бўлсам китоб туфайли деб биламан. Ҳозирлари ўша керосинчироқларнинг хира ёғдуси оламни ёритиб келаётгандек туюлади.
Ahmad A’ZAM
KEROSINCHIROQ YOG’DUSI
“Gapxona” turkumidan
Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G‘azira qishlog‘ida tug‘ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o‘zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O‘zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug‘ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo‘lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).
1995 yildan O‘zbekiston televideniyesida bosh muharrir, “O‘zbekiston” telekanali bosh direktori, “O‘zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O‘zbekiston televideniyesida yuzlab ko‘rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O‘zlik”, “Xalqning ko‘ngli”, To‘rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog‘ tomonlarda”, “Soyasini yo‘qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so‘z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to‘plamlari, “O‘zi uylanmagan sovchi”, “Ro‘yo yoxud G‘ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
Ahmad A’zam uzoq davom etgan xastalikdan keyin 2014 yil 4 yanvarida vafot etgan.
Bilmayman, boshqalarning ham bolaligi shunday o‘tganmi, yo‘qmi, har qalay, mening bolaligimda buvim ertak aytmagan, otam pandu nasihat qitoblardan rivoyatlar o‘qib bermagan. Hamma ish bilan band, oyim tong sahardan qora oqshomgacha tinmay, yana yarim tunda nimadir tikishmi, qavishmi bilan band bo‘lgan, eshitganim og‘ir so‘lish olishlari, so‘zsiz hasratli xirgoyilari. O‘zim ham kun bo‘yi tinmay ishlab, o‘ynab, kechqurun choydan keyin tappa tashlab uxlab qolardim.
Qiziq, bitta biznikilar emas, butun qishloq hali tong otmasidan mehnatga ovora, shu mehnat bilan yashar, bolalar qanday o‘qiyapti, baholari nechchi, hech kimning ishi yo‘q, ularning qorni to‘qmi, usti butmi, og‘ir-og‘ir yo‘talishi yo‘qmi — bo‘ldi, o‘zi dumalab-sumalab katta bo‘lib ketaveradi deb qaralar edi. Hammaning tashvishi o‘zi bilan, hammaning dardi o‘ziga yetib ortar edi.
Lekin qiziq, bolalar o‘rtasida o‘qishga e’tibor zo‘r, hali o‘qishga bormasdan maktabga qiziqar, yaxshi o‘qiydigan aka-ukalar, opa-singillarga chandon havas bilan qarar edik. Bor edi-da mushtdayidan toshdayigacha yaxshi o‘qiydigan oilalar.
Tong-sahardan boshlab podaga mol haydash, uydagilarini arqonlab kelish, o‘t o‘rish, pichan qilish, tomorqada yer ag‘darish, paxta chopiqqa chiqish, og‘illarni tozalab qo‘yish, xomtok qilish, g‘isht quyish, yana o‘ndan oshiq boshi keti-ko‘rinmaydigan ishlardan bo‘shamay, dars qilishga, badiiy aspr o‘qishga qanday vaqt topardik, odam hayron, lekin qishlog‘imiz o‘qishda peshqadam, maktabimizni bitirganlar universitet-institutlarga o‘z kuchi bilan guruh-guruh kirib ketar edi…
Shunaqa bir ajabtovur muhitda o‘sganman. To‘rtinchi sinfgacha qanday o‘qiganim esimda yo‘q, baho olish nimaligini bilmagan ham bo‘lsam kerak, lekin to‘rtinchi sinfdan kitobga ruju qo‘yganman. Yaxshi baholar olishim ham shu sinfdan boshlangan. Ishqilib, ko‘p kitob o‘qishim doimo “a’lo”chilar safida ushlab turgan.
Lekin buning ham ajabtovur tomoni bor: kitob tanlashimga, o‘qishimga, masalan, til va adabiyot o‘qituvchimizning hech bir ta’siri bo‘lmagan. U kishi yaxshi o‘qituvchi edi, darslikda nima yozilgan bo‘lsa, shuni viqor bilan aytib berar, bizdan ham shuni so‘rardi, lekin nima o‘qiyapmiz, nima yozyapmiz, mutlaqo ishi bo‘lmasdi. Men, masalan, oltinchi-yettinchi sinfda yozgan mashqlarimni tuman gazetasiga yuborganman, ammo bu qadar salobatli o‘qituvchimga ko‘rsatishga haddim sig‘magan. O‘zimcha aralash-quralash o‘qib, o‘zim bilmagan holda adabiyotga yo‘l topib kelaverganman. Hozir bilaman, bu yo‘limni o‘sha kerosinchiroqning xira yorug‘ida o‘qigan kitoblarim yorishtirib turgan. O‘qituvchimiz darslikda yozilganlarni zo‘r gapirib bergani uchun o‘zi adabiyotdek tuyular, kiyinishiyu yurish-turishlarigacha hurmat uyg‘otar edi.
O‘tgan asarning oltmish oltinchi yilida maktabni bitirgan bo‘lsam, o‘zim maktab kutubxonasida bor bo‘lgan, yangi kelgan kitoblardan boshqasini bilmas, tabiiy, adabiyot darsliklaridan olib o‘qituvchimiz aytganidan boshqa shoir-yozuvchilardan bexabar edim. Maktab kutubxonamiz kattagina, lekin unga ham kitoblar rasmiy ro‘yxat bo‘yicha kelgan bo‘lsa kerak, masalan, adabiyotimizda oltmishinchi yillar boshidan kechgan ko‘tarilishlarni eshitmagan ham edim. Kitoblarni o‘zim tanlar, qiziqligiga qarab o‘qiyverar edim. Kim biladi, balki shu ham mustaqil fikrlashga o‘rgatgandir.
Hozir o‘ylasam, boshlang‘ich sinflarda juda mehribon bir kampir dars bergan, keyin fizika, ximiya, algebra (matematika) va albatta, ona tili va adabiyot fanlaridan dars beradigan o‘qituvchilarimiz nafaqat dars berishlari, balki yurish-turishlari bilan ham o‘rnak, shundan peshqadamlarning bu kabi fanlarga ham hurmatimiz baland, o‘zaro bahslashib, basma-basiga berilib o‘qir edik.
Bugun, tabiiy, bolalikdagi mehnat azoblari unutilgan. Bolalik ko‘proq yaxshi jihatlari bilan xotirada qolgan, bizga elektr quvvati maktabni bitirganimda borgan, ungacha hammanikida kerosinchiroq, kerosin qishloq do‘konida doim bor, lampashishalar shodasi bilan osilgan, shu xotiralarning yanada yaxshisi – qish qechalari sandalga oyoqni tiqib, chiroqning piligini bir necha marta ko‘tarib, kitob ustida tong ottirish edi.
Ha, hozir ham ajablanaman, nimaga uylarimizda pech, pechka degan narsalar bo‘lmagan, yotadigan uylarimiz qahratonlarda ham tashqaridan uncha farq qilmaydigan muzxona, choynakdagi choy yaxlab qoladi; yotishda ustki kiyimni yechib, qalin ko‘rpaga qirib ketamiz, boshni ham ko‘rpaga o‘raymiz, og‘izga to‘g‘rilab tuynuq qoldiramiz… Boshingizdan o‘tgan bo‘lsa, o‘zingiz am bilasiz – dong qotib uxlaymiz. Ertalab dildirab turamiz, isib olish uchun o‘zimizni darrov ishga uramiz. Tabiiy, yotadigan uyda kitob o‘qib bo‘lmaydi, sovuq qoqib tashlaydi. Qizig‘-ey, hovli to‘la o‘tin, uch-to‘rt tirkama g‘o‘zapoya g‘aram qilib bosilgan, odamlar pechka o‘rnatishni bilmaganmi, yoz bo‘yi yig‘ilib. tagi chirib yotadigan o‘tinga ham qattiqlik qilganmi – bugun aqlga to‘g‘ri kelmaydi. Kattalar ham, bolalar ham chiniqib ketgan. Bir shaharlik o‘qituvchimizning bolalari zamharir sovuqda qorda yalangoyoq yurardi. Xayriyatki, yuqori sinflarda o‘qiyotganimda ko‘mir yoqsa yonboshlaridan ham qop-qora qop-qora tutun chiqib ketadigan yig‘ma cho‘yan pechka paydo bo‘lib qahratonlarlarda dildirab o‘tirmaydigan bo‘ldik.Lekin kitobga berilib boshlagan paytlarim hali pechka degan narsa yo‘q, hammasiga balogardon sandal, uning cho‘g‘i tonggacha yetmas, yelkalargacha muzlab boshlagandan keyin sovuq xobxonaga o‘zimni urishdan boshqa chora qolmas edi.
Shu og‘ir, sovuqqa chidamay kitobdan uzilish juda o‘qinch berar edi.
Kitob shunaqa qadrli edi.
Umuman, kitob bilan o‘sgan odam kam bo‘lmaydi. Hayotimda nimaga erishgan bo‘lsam kitob tufayli deb bilaman. Hozirlari o‘sha kerosinchiroqlarning xira yog‘dusi olamni yoritib kelayotgandek tuyuladi.
Ahmad aka katta adib edilar.alloh rahmatiga olsin!