Faxriddin Nizom. O‘zbek ko‘cha madaniyati zarari haqida qachon gapiramiz?

044

Бир Интернет нашри шу йил март ойи бошида “Ҳарлем Шейк” клипи ҳаммаёқни босиб кетган, ўзимизнинг ёшлар ҳам қийшанглаб ҳар қадамда унга ўйинга тушиб кетган пайтда саволларга жавоб беришни сўраб мурожаат қилган эди. Негадир у чоп этилмай қолиб кетди. Унда кино саноатининг бугунги аҳволи ҳақида ҳам гаплар бўлгани учун Кино саройи сайтига қўйишга журъат қилдим. Кейин Хуршид ака саҳифасига юбордим.

035

ЎЗБЕК КЎЧА МАДАНИЯТИ ЗАРАРИ ҲАҚИДА ҚАЧОН ГАПИРАМИЗ?
Фахриддин Низом (Фахриёр) билан суҳбат

– Оммавий маданият дея Ғарб турмуш тарзи тарғиботи ўлароқ тарқатилаётган “Ҳарлем Шейк” сингари «вирус»лардан ким манфаатдор? Бундан мақсад нима?

– Мен буни оммавий эмас, оломон, янаям тўғрироғи, кўча маданияти деб атаган бўлар эдим. Албатта, сиз тилга олган ножўя, уят қилиқларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳатто Ғарб мамлакатларининг ўзида ҳам эс-ҳуши жойида бўлган одамлар “Ҳарлем Шейк” ёки ундан ҳам баттар ва бемаъни “Goat Edition” каби нақорат ўрнига эчки маъраб қўядиган клипларни оқлаётгани йўқ. Одобсизлик барча маданиятларда ҳам одобсизлик саналади.
Мен бундай тутуруқсиз клипларни Ғарбнинг “маданий диверсияси” деб қарашдан йироқман. Бу ҳам қизамиқ ёки қизилча сингари – бир “оғриш” билан ўтиб кетадиган ишқивозлик.
Бу билан кўча маданияти йўқ демоқчи эмасман. У албатта бор – глобаллашув жараёнида дини, қадриятлари, анъаналари бошқа миллатларга муайян дунёқарашу қадриятларни аста-секинлик ва энг муҳими, бизга ўхшаб, ҳар сафар кимгадир хушомад қилиб, “партия қарорлари”нинг узундан-узоқ номларини бирма-бир санаб, хиралик қилмасдан сингдириш йўлларини қидириб топмоқда. Аслида хавф бунда ҳам эмас. Энг катта таҳдид шунга яраша жавоб бера олмаётганимизда, сўзимизга қуруқ валдираш билан ишонтирмоқчи бўлаётганимизда, ишонтиришнинг энсани қотирмайдиган йўлларини топа олмаётганимизда, сўзнинг пулдан ҳам тезроқ қадрсизланиб бораётганида.

– Бундай клипларга тақлид қилаётганимиз сабаби нимада?

– Дўкон ва бошқа жамоат жойларда бундай шармандали клипларга беўхшов тақлид қилиниб, боз устига, видео тасвирга олиниб, Интернет орқали тарқатилаётгани уларнинг таъсири жуда кучли эканидан далолатдир. Ҳали онгида миллий қадриятларга эргашиш қатъияти ёки миллий идентитет шаклланмаган ёшлар нима янги ёки қизиқарли туюлса, ўшанга ияриб кетаверади. Бу – биринчидан. Иккинчидан эса, табиатан янгиликка ўч ёшларга арзийдиган нимани таклиф қила оляпмиз? “Уммон”, “Беном”, “Зарба” сингари гуруҳларнинг қўшиқлариними ёки “Энди дадам бўйдоқ”, ҳар хил келгинди келину қайноналар ҳақидаги фильмларними?

– Негадир сиз чет эл оммавий маданиятидан кўра ўзимизни кўпроқ айблаяпсиз…

– Назаримда, ўша гуруҳлар репертуарию “хонтахта” фильмлар прокатига рухсат бериб келган ҳар хил амалдорлар, уларни эфирга узатаётган теле-, радиоканаллар, ҳар хил ювуқсиз отарчиларнинг қўлтиғига сув пуркаётган сариғу яна аллақандай рангдаги матбуот санъат ва маданиятимизга ўша кўча маданиятидан кўра кўпроқ зарар келтирди ёки келтирмоқда. Лекин бу – масаланинг бир томони. Унинг бошқа тарафи ҳам бор – ўша отарчилар саводсиз қофиябозу композитору клипмейкерга тўлаётган пулини қаердан оляпти? Сизу бизнинг чўнтагимиздан! Ўзбекнинг тўйию қистир-қистири бор экан, улар кўчада қолмайди. Улар сизу биз хотамтойлик қилиб берган пулга ўзимизнинг фарзандларимиз дидини ўлдириб, маънан майиб қилиб беряпти.
Ўша “хонтахта” фильмларга ким пул беряпти? Ҳомийларми? Мактаб кўрмаган режиссёрми ёки продюсерми? Асло. Мен билан сиз беряпмиз. Улар сарфлаган ҳар бир сўми учун сизу менинг чўнтагимдан ўн сўм фойда олишни кўзлаб, таваккал қилиб, пул тикмоқда ва афсуски, кўпинча бунга эришмоқда ҳам. Тўшак, олди-қочди адабиёти-чи? Газету журналлар саҳифасида эълон қилинаётган минг-минглаб бемаъни, қуруқ қофиядан иборат шеърлар-чи?
Фарзандларимизнинг онгини ёнимиздан пул сарфлаб, заҳарлаяпмиз. Аниқ айтишим мумкин, экранга, саҳнага, оммавий тадбирларга пулнинг зўри билан йўл очаётган ўзимизнинг кўча маданияти чет элникидан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда. Сабабни ахтарганда ойнани ўз башарамизга тутсак, ёмон бўлмас эди.
Қачонгача айбимизни оммавий маданият экспансияси билан оқламоқчи бўламиз? Келинг, унинг зарарли экани ҳақида ҳар қадамда айюҳаннос солгандан кўра муқобил, ундан афзал, ишонтира ва эргаштира оладиган йўлни топиб берайлик, уларга қарши тура оладиган асар, фильм ва қўшиқлар яратайлик.

– Сизнингча, оммавий маданият фақат Ғарбга хос ҳодиса эмас экан-да?..

– Бугунги кунда жамият дуч келаётган кўча маданияти билан боғлиқ муаммонинг илдизи анча чуқур. Маданият ва санъатни шоу-бизнеснинг малайига айлантириб қўйиш, яъни тижоратлаштириш унисини ҳам, бунисини ҳам ғорат қилади.
Шунинг учун, такрор айтаман, оммавий маданиятни фақат Ғарбга хос ҳодиса деб қараш нотўғри. Уларни аввало ўз кўча маданиятимизнинг фожиали таъсиридан ҳимоя қилишимиз керак. Онги фақат томоша кўрсатиб, пул топишга асосланган қўшиқлару “хонтахта” фильмлар таъсирида шаклланган ёшлар яна нимага эргашиши мумкин? Бу – масаланинг бир жиҳати. Унинг бошқа тарафи ҳам бор. Бундай хатти-ҳаракатларни шоу-бизнеснинг сийқа томошалари жонига теккан ёшларнинг норозилик белгиси сифатида муқобил йўлларни қидираётгани деб ҳам қабул қилиши мумкин. Афсуски, улар шу маънода бекорчиликдан “Ҳарлем Шейк”дай бемаъни клипни тасвирга олиб, Интернет орқали тарқатаётган чет эллик тенгдошларидан унчалик фарқ қилмайди.

– Бу билан шоу-бизнесни тақиқлаш керак демоқчимисиз?

– Тақиқ ҳеч қачон кутилган натижани бермайди ва Интернетдан фойдаланувчилар сони соат сайин ўсиб бораётган шароитда бунинг имкони ҳам йўқ. Биз ёшлар онгига мактабдан бошлаб, кўча маданиятидан минг чандон афзал ва баланд турадиган ҳақиқий миллий санъат, маданият ва адабиётимиз ҳам борлигини сингдиришимиз, улар дидини тарбиялаб, оқу қорани ажратиб оладиган қилишимиз керак.
Шунингдек, телеэкрану саҳналарни дидсизу бадиият талабларидан мутлақо узоқ, хом-хатала нарсалар билан тўлдириш йўлига тўсиқ қўйилмаса бўлмайди. Бир қарасангиз, бундай тўсиқ ҳам бордек – теле- ва радиоканаллар, “Ўзбекнаво” қошида бадиий кенгашга ўхшаш тузилмалар бор, ишлаб ҳам тургандек. Лекин “Ойсара опанинг қизи Жумагул” қабилидаги қўшиқлар эфирга чиқиб кетаётгани ҳафсалангизни пир қилади. Эҳтимол, бизнес нуқтаи назаридан бу ўзини оқлар, бироқ масаланинг тарбия ва маънавият билан боғлиқ жиҳати ҳам бор. Бу масалада ҳамма нарсани пулга чақиш бюджетдан болалар таълим-тарбиясига сарфланаётган триллионлаб сўмлик харажатлару саъй-ҳаракатларни бир пул қилади.

Manba: kinopanorama.uz

022

Bir Internet nashri shu yil mart oyining boshida, “HarlemShake” klipi hammayoqni bosib ketgan, o‘zimizning yoshlar ham qiyshanglab har qadamda unga o‘yinga tushib ketgan paytda savollarga javob berishni so‘rab murojaat qilgan edi. Negadir u chop etilmay qolib ketdi. Unda kino sanoatining bugungi ahvoli haqida ham gaplar bo‘lgani uchun Kino saroyi saytiga qo‘yishga jur’at qildim. Keyin Xurshid aka sahifasiga yubordim.

035

O’ZBEK KO’CHA MADANIYATI ZARARI HAQIDA QACHON GAPIRAMIZ?
Faxriddin Nizom bilan suhbat

– Ommaviy madaniyat deya G‘arb turmush tarzi targ‘iboti o‘laroq tarqatilayotgan “HarlemShake” singari «virus»lardan kim manfaatdor? Bundan maqsad nima?

– Men buni ommaviy emas, olomon, yanayam to‘g‘rirog‘i, ko‘cha madaniyati deb atagan bo‘lar edim. Albatta, siz tilga olgan nojo‘ya, uyat qiliqlarni hech narsa bilan oqlab bo‘lmaydi. Hatto G‘arb mamlakatlarining o‘zida ham es-hushi joyida bo‘lgan odamlar “HarlemShake” yoki undan ham battar va bema’ni “Goat Edition” kabi naqorat o‘rniga echki ma’rab qo‘yadigan kliplarni oqlayotgani yo‘q. Odobsizlik barcha madaniyatlarda ham odobsizlik sanaladi.

Men bunday tuturuqsiz kliplarni G‘arbning “madaniy diversiyasi” deb qarashdan yiroqman. Bu ham qizamiq yoki qizilcha singari – bir “og‘rish” bilan o‘tib ketadigan ishqivozlik.

Bu bilan ko‘cha madaniyati yo‘q demoqchi emasman. U albatta bor – globallashuv jarayonida dini, qadriyatlari, an’analari boshqa millatlarga muayyan dunyoqarashu qadriyatlarni asta-sekinlik va eng muhimi, bizga o‘xshab, har safar kimgadir xushomad qilib, “partiya qarorlari”ning uzundan-uzoq nomlarini birma-bir sanab, xiralik qilmasdan singdirish yo‘llarini qidirib topmoqda. Aslida xavf bunda ham emas. Eng katta tahdid shunga yarasha javob bera olmayotganimizda, so‘zimizga quruq valdirash bilan ishontirmoqchi bo‘layotganimizda, ishontirishning ensani qotirmaydigan yo‘llarini topa olmayotganimizda, so‘zning puldan ham tezroq qadrsizlanib borayotganida.

– Bunday kliplarga taqlid qilayotganimiz sababi nimada?

– Do‘kon va boshqa jamoat joylarda bunday sharmandali kliplarga beo‘xshov taqlid qilinib, boz ustiga, video tasvirga olinib, Internet orqali tarqatilayotgani ularning ta’siri juda kuchli ekanidan dalolatdir. Hali ongida milliy qadriyatlarga ergashish qat’iyati yoki milliy identitet shakllanmagan yoshlar nima yangi yoki qiziqarli tuyulsa, o‘shanga iyarib ketaveradi. Bu – birinchidan. Ikkinchidan esa, tabiatan yangilikka o‘ch yoshlarga arziydigan nimani taklif qila olyapmiz? “Ummon”, “Benom”, “Zarba” singari guruhlarning qo‘shiqlarinimi yoki “Endi dadam bo‘ydoq”, har xil kelgindi kelinu qaynonalar haqidagi filmlarnimi?

– Negadir siz chet el ommaviy madaniyatidan ko‘ra o‘zimizni ko‘proq ayblayapsiz…

– Nazarimda, o‘sha guruhlar repertuariyu “xontaxta” filmlar prokatiga ruxsat berib kelgan har xil amaldorlar, ularni efirga uzatayotgan tele-, radiokanallar, har xil yuvuqsiz otarchilarning qo‘ltig‘iga suv purkayotgan sarig‘u yana allaqanday rangdagi matbuot san’at va madaniyatimizga o‘sha ko‘cha madaniyatidan ko‘ra ko‘proq zarar keltirdi yoki keltirmoqda. Lekin bu – masalaning bir tomoni. Uning boshqa tarafi ham bor – o‘sha otarchilar savodsiz qofiyabozu kompozitoru kilipmeykerga to‘layotgan pulini qaerdan olyapti? Sizu bizning cho‘ntagimizdan! O‘zbekning to‘yiyu qistir-qistiri bor ekan, ular ko‘chada qolmaydi. Ular sizu biz xotamtoylik qilib bergan pulga o‘zimizning farzandlarimiz didini o‘ldirib, ma’nan mayib qilib beryapti.

O‘sha “xontaxta” filmlarga kim pul beryapti? Homiylarmi? Maktab ko‘rmagan rejissyormi yoki prodyusermi? Aslo. Men bilan siz beryapmiz. Ular sarflagan har bir so‘mi uchun sizu mening cho‘ntagimdan o‘n so‘m foyda olishni ko‘zlab, tavakkal qilib, pul tikmoqda va afsuski, ko‘pincha bunga erishmoqda ham. To‘shak, oldi-qochdi adabiyoti-chi? Gazetu jurnallar sahifasida e’lon qilinayotgan ming-minglab bema’ni, quruq qofiyadan iborat she’rlar-chi?

Farzandlarimizning ongini yonimizdan pul sarflab, zaharlayapmiz. Aniq aytishim mumkin, ekranga, sahnaga, ommaviy tadbirlarga pulning zo‘ri bilan yo‘l ochayotgan o‘zimizning ko‘cha madaniyati chet elnikidan ko‘ra ko‘proq zarar keltirmoqda. Sababni axtarganda oynani o‘z basharamizga tutsak, yomon bo‘lmas edi.

Qachongacha aybimizni ommaviy madaniyat ekspansiyasi bilan oqlamoqchi bo‘lamiz? Keling, uning zararli ekani haqida har qadamda ayyuhannos solgandan ko‘ra muqobil, undan afzal, ishontira va ergashtira oladigan yo‘lni topib beraylik, ularga qarshi tura oladigan asar, film va qo‘shiqlar yarataylik.

– Sizningcha, ommaviy madaniyat faqat G‘arbga xos hodisa emas ekan-da?..

– Bugungi kunda jamiyat duch kelayotgan ko‘cha madaniyati bilan bog‘liq muammoning ildizi ancha chuqur. Madaniyat va san’atni shou-biznesning malayiga aylantirib qo‘yish, ya’ni tijoratlashtirish unisini ham, bunisini ham g‘orat qiladi.

Shuning uchun, takror aytaman, ommaviy madaniyatni faqat G‘arbga xos hodisa deb qarash noto‘g‘ri. Ularni avvalo o‘z ko‘cha madaniyatimizning fojiali ta’siridan himoya qilishimiz kerak. Ongi faqat tomosha ko‘rsatib, pul topishga asoslangan qo‘shiqlaru “xontaxta” filmlar ta’sirida shakllangan yoshlar yana nimaga ergashishi mumkin? Bu – masalaning bir jihati. Uning boshqa tarafi ham bor. Bunday xatti-harakatlarni shou-biznesning siyqa tomoshalari joniga tekkan yoshlarning norozilik belgisi sifatida muqobil yo‘llarni qidirayotgani deb ham qabul qilishi mumkin. Afsuski, ular shu ma’noda bekorchilikdan “HarlemShake”day bema’ni klipni tasvirga olib, Internet orqali tarqatayotgan chet ellik tengdoshlaridan unchalik farq qilmaydi.

– Bu bilan shou-biznesni taqiqlash kerak demoqchimisiz?

– Taqiq hech qachon kutilgan natijani bermaydi va Internetdan foydalanuvchilar soni soat sayin o‘sib borayotgan sharoitda buning imkoni ham yo‘q. Biz yoshlar ongiga maktabdan boshlab, ko‘cha madaniyatidan ming chandon afzal va baland turadigan haqiqiy milliy san’at, madaniyat va adabiyotimiz ham borligini singdirishimiz, ular didini tarbiyalab, oqu qorani ajratib oladigan qilishimiz kerak.

Shuningdek, teleekranu sahnalarni didsizu badiiyat talablaridan mutlaqo uzoq, xom-xatala narsalar bilan to‘ldirish yo‘liga to‘siq qo‘yilmasa bo‘lmaydi. Bir qarasangiz, bunday to‘siq ham bordek – tele- va radiokanallar, “O‘zbeknavo” qoshida badiiy kengashga o‘xshash tuzilmalar bor, ishlab ham turgandek. Lekin “Oysara opaning qizi Jumagul” qabilidagi qo‘shiqlar efirga chiqib ketayotgani hafsalangizni pir qiladi. Ehtimol, biznes nuqtai nazaridan bu o‘zini oqlar, biroq masalaning tarbiya va ma’naviyat bilan bog‘liq jihati ham bor. Bu masalada hamma narsani pulga chaqish byudjetdan bolalar ta’lim-tarbiyasiga sarflanayotgan trillionlab so‘mlik xarajatlaru sa’y-harakatlarni bir pul qiladi.

Manba: kinopanorama.uz

(Tashriflar: umumiy 489, bugungi 1)

4 izoh

  1. Фахриддин-ака! Менга Сизни ёзган маколангиз жуда макул булди.Менга узи нима керак,сизлар катори оддий фукаро булсам, турт йилдан кейин нафакага чикадиган одам, киномни олиб булган булсам, уйда корнимни силаб, ётишим мумкин эди. Лекин куни кеча НТТ каналидан ,,25 кадр,, курсатувини куриб, хайратда колдим,кейин интернетда Ёшлар саройидаги мажлисда гапирилган гапларни укиб, ёкамни тишлаб колдим. Шу боис сизлар билан фикрлашишга журъат этдим. Ишонсизми, йукми, барчангизга факат яхшилик тилаб шу гапларни айтишга журъат этяпман. Хеч ким билан бахслашишга хохишим йук. Ким билан айтишаман? ,,Кичкина табибда,, атайлаб ролни Мурод-ака Ражабовдай инсонга ёзганимними? Ёки Саид Мухторовгами, юз йиллик танишим. Ёки Саида Раметовагами-мени энг хурмат килган ва суръатга олган актрисамга? Лекин вазият жуда кескин, бундан на факат кино санъатига, ундан кенгрок нарсаларга путур етказилиши мумкин.
    Уша курсатувда ёш, энди филмга чиккан актриса галати гап гапирди: узбек киноси энди оёкка туряпти, хаммаси яхши булип кетади… Ие? Бир савол сизларга: нахотки 63 йил советлар пайтида ва 22 йил мустакиллик мобайнида узбек киносида юзлаб филмларни ичида беш-унтаси санъат даражасига кутарилмади? Бу хакда бир огиз гап булмади.
    Фестиваллардан мен кугирчок кутарип келмаганман. Аюб хам, Ёлкин хам. Уша совринларни энг катта киймати-бизни юртимиз хакида озгина булса хам позитив фикр ва туйгуларни чет элдаги одамларда уйготиш. Факат шу.
    Касса хакида. ,,Ватан,, уч кун кетди, ,,Кургошин,. бир кун. Ёшлар тушунишмади. Телевидениега рахмат, халкимиз курди. Рахматдан бошка хеч нарсани эшитмадим. Тугри, айнан УЗБЕККИНО маъсул номсиз ходими матуботда ,,Кургошинни,. чайналган мавзу бизга керакми деб коралаб чиккан. Фаросати, маданияти чайналган булса уша одамни, менда нима айб? Шуни учун хамма нарсани пулга улчаш ноурин булса керак. Обид Махкамович айтип берди, гапим нотугри булса,тугирларсиз: бир куни узок вилоятдан бир нечта навкирон чоллар бизга ,,Ватанни,.курсатинг деб келишган. Обид ака уларга чой-пой килип, курсатган. Мана бу бахт.
    Гохида хайрон коласан киши: мен бировга йигирма минг сум карз булсам, туни билан ухламай чикаман. Э йук, бе йук, бировдан энг камида йигирма минг доллар карз олишга кандай юраглари бардош беради? Хуп, олибсизлар,сценарийни хали узи йук, кейин филмни олиб, мени пулим куяпти деб УЗБЕККИНОдан ГРПУ талаб килишади. Пулинглар хам, карзларингиз хам –бу сизни проблемангиз. Ким сизларга айтди, пулим бор, кино олдим, халк куриши шарт деб? Кандайдир бир эпидемия-кино оламан деган орзу. Канча фожиа, бутун бошли одамлар улип кетди-ку ишчиларига пулни туламагани учун… Гап журъатда. Бировга панд — насихат килишга хакким йук, факат болларимга, невараларимга бор. Кандай килип бир-иккита анча саёз филмларни олган,узини режиссерман деган ёшлар экрандан соатлаб яхши филм кандай булиши керак деб акл ургатишади? Кейинги филмим канака булишини рост гап, билмайман-ку.
    ,.Узбекфилм,.га тош отишни бас килиш керак. Ун етти ёшимда шу даргохга биринчи кадам куйганман. Бир неча премьераларда очикдан очик Бахром Ёкубов ,.Узбекфилм,,нима беряпти,мана мен киламан деб важ килган. Ичган тузингларга тупириш инсофдан эмас. Нима учун куп шахсий студияилар ,.Узбекфилмни,.биносидан жойни ижарага олишади? Бошка жой йукми? Чунки одамларни дилида уша киностудияни номи ва савияси бор.
    Телевидениени таъсири жуда катта, хар бир суз-турган битгани сиёсат,бу-реал хакикат. Уша учрашувда аник курсатувларни аник кандай йул билан тузатиш масаласи кутарилди. Амалда нима? Мени юзим очик: аввалом бор уша Ахтамга хам, Феруза Нодировага хам, Феруза Хидоятова, Шоирага хам айтувдим: хой, нима киляпсизлар деб. ,,Суикасд,, филмида деярли хар куни келишарди, мана Аваз гувохи-Хой, одам уялади, куйсангларчи. Жавоби: ака, бу реклама, пиар, пули туланган. Мен прокурор эмас, гарчи ёш болга хам тушунарлику нимага сизларни айнан шахсий студияларга мухаббатингиз ошиб тошип кетгани. Лекин давлат томонидан яратилган филмларга 30 секунд реклама вакти берилади. Нима учун? Биронта киномутахассис кино курсатувларини олиб бормаса, хайронман… Саккиз йил мобайнида (12 ёшдаги бола бугун 20 ёшга тулди!) онгли равишда, погонама погона,систематик равишда уз халки устидан,ва айникса асосий томошабин — ёшларни дидини ва аклини бузиш, емириш эксперименти кетяпти. Бу нопок иш кенг фронт оркали ёпирилип келяпти. Бу харакатларда ТВ даги айрим курсатувлар ва ,.сарик,, матбуот хам кулидан келганча ёрдамлашяпти. Булар хеч нарсадан куркишмайдими? Курастувларни шакли хар хил булгани билан, ичидаги мазмуни деярли бир хил: номига давлат томонидан яратилган филмларга узоги билан 25 фоиз эфир вакти,кейин эса 50 фоизини навбатдаги шахсий студияга багишлайди.. Колган 25 фоизини Голливуд ва Болливуд махсулотига багишлашади. Мен АКШда ва Хиндистонда булганман,у ерда узбек киноси хакида умуман бирон марта ТВда курсатув курмаганман. Ёки Узбекистон телевидениеси Голливуд ва Болливудни филиалими? Кино маълумоти булмаган ва кино атрофида айланиб юрган саёз бошловчиларни гапи ун йилдан бери бир хил. Савия хакида гапиришни хожати йук. ,,Сарик матбуотда,, эса беш-олтита куш тирнок ичидаги ,,актерларни,, хар кадами,шахсий хаёти,ким ким билан ажрашди, ким кимни машукаси, канака машина олди ва хоказо, кандайдир бачкана ,,гламур,,(ялтирок) эстетика хукмронлик киляпти… Хамма нарсани,афсуски, пул хал этяпти. Бу сиёсат (кино бу сиёсатни энг эффектив воситаларидан бири), бир максадни кузлайди: ёшларимиз камрок саволлар беришсин,камрок уйлашсин, камрок бошликларни безовта килишсин,… Кайси давлат маошига ишлайдиган оилада ёшгина кизлар ,,Лацеттига,, эга? Мингдан турттаси. Кайси филмни олманг, ёшлар кимматдан киммат кафеда уритишади-битта одам у ерда камида 50 минг сум колдиради. Ёшларимизда муаммолар йукми? Уттизга кириб,туйга курби етмаган, уч хонали уйида учта синглиси бор йигитлар камми? Бутун дуньёга таркалган эпидемия: ишсизлик, коррупция бизда йукми? Натижада хеч нарса хакида чукур уйламайдиган,ва пул,бойлик оркасидан кувиб,кулидан хамма нарса келадиган ёвуз ва шавкатсиз ёш йигит ва кизлар,замонавий манкуртлар тимсоли вужудга келяпти.Фожиа шундаки,качонлардир айнан шунака ёшлар Хитойда ,,хунвейбинларга,, айланиб, 20 миллион бегунох одамларни ёстигини куритган… Мана хавф каерда. Буни хамма билади,лекин лом лим демайди.
    Уша курсатувда яна битта дезинформация кетди: сценарийлар йук деган гап. Ёлгон. Бор сценарийлар. Эксперимент сузини тугри манода ишлатсак,афсуски,янги йулларни кидириш ёшларимизни купчилигига кераги йук. Профессионал сценаристга нима килади тупширип,пул тулаб? Узи ёзади,узи олади… Шунча шахсий студяилар бор-у, нимага хаммасини махсулоти инкубатордан чиккан жужаларга ухшайди? Филмдан филмга учта-турта актер, деярли бир хил сюжет,бир хил шевачилик. Улардаги пулга учлик кайдан пайдо пулган? Ойида иккита ёки учта ёш ,,киночилар,, олдимга келишади.Уларни илтимоси бир хил: ака,сценарий ёзиб беринг, севги булсин,хинд кинофимларига ухшасин,эстрада хонандалари рол уйнаса, ва албатта Адис Ражабов, Улугбек Кодиров,Дилноза Куваева уйнаши шарт — унда биз кассани йигиб оламиз.Уларни цинизми мени хайратга солади. Дилнозани мен ,.Андишали келин,.деган ажойиб спектаклида курдим,Адисни ,,Афгонда,.курдим. Жуда иктидорли актерлар, афсуски, бошка филмларда эса бир хил… Нимага тушунмайсизлар,актерларни канотини синдирятганиларни?

  2. Kуюнчаклик билан ёзилган ушбу мақолаларни ўқиб жуда севиндим. Шоир ва таржимон Фахриддин Низомнинг ҳамма фикрига қўшиламан. Албатта айбни аввал ўзимиздан ахтаришимиз кераклигини тўғри таъкидлаган. Бу фикрларни қанийди ҳамма ўқиса… Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов бугунги ўзбек кино саноати ҳақида ва ундаги кемтикликлар ҳақида мулоҳаза билдирган. Мен бугунги кассабоп «кино»ларни ҳеч бир нимага арзимайдиган пуфакка ўхшатаман. Улар фақат шишганда чиройлию тезда умри учиб йўқ бўлиб кетаётган саробдек… Касалликни даволашдан уни олдини олган маъқулдек, кино ва қўшиқчиликдаги тутуриқсизликларни ҳам ана шундай танқидий чиқишлар билан олдини олиш муҳим. Яна айтаман қанийди шундай мақолаларни ўшалар (қўшиқ ва клипмейкир,ўзига яраша киночилар)ҳам ўқиса.уқиса…

  3. Фахриёрнинг суҳбати бир томон бўлса, унга Зулфиқор Мусоқовнинг шарҳи бир томон бўлибди

  4. Yuqorida bildirilgan fikrlarni o’qigach insonni ko’nglida qo’rqinch uyg’onadi, chunki buning bari haqiqat! Qayerga ketyapmiz? Nega hammamiz shoshib ketaveramiz, biroz to’xtamasak oldindagi jarlikni ko’rmay qolamiz-ku! Axir qayerga ketyapmiz o’zi? Jargami? Buyuk mutaffakir Suqrot insonlarni yaqindan bilgani sari itlarga hurmati osha boshlaganini aytgan edi. Insonni hayvondan ajratib turgan narsa bu nasl pokligi. Agar bugunimiz shunday davom etaversa ertaga tafovutni qanday baholar ekanmiz? To’xtash vaqti kelmadimi? O’zi qayerga ketyapmiz?

Izoh qoldiring