Фахриёр (Фахриддин Низомов) 50 ёшга тўлди. Чин дилдан қутлаймиз.
Фахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йилда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти, Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1988) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.
Фахриёр
ШЕЪРЛАР
САНГИЖУМОНДА ЁЗ МАНЗАРАЛАРИ
Саратон.
Дармондай қуриган сувлар.
Булоқларнинг кўзлари ўйиқ.
Сувсоқ сойлар илон каби биланглаб
кетиб борар
сувлоқ ерларга.
Бунда чанқамас қудуқлар фақат,
Ёзнинг чанқоғин кўриб,
хижолатдан ерга кириб кетган қудуқлар.
* * *
Келдигим, келмагинг бунчалар қийин?
Кулдигим, кулмагинг бунчалар қийин?
Билдигим, билмагинг бунчалар қийин?
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!
Бу кўнгил эмранди, азобим — билгич,
висолинг фалаждир, ҳижронинг — келгич,
табассум кўрмаган шикаста кулгич.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!
Бахтнинг дарвозаси занглаб ётади,
юрак очилмоғин ангниб ётади,
ортига ой ботар, юлдуз ботади.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!
Не найсон эдингки, абр келмади,
қошинг қаросидан қадр келмади,
на жаҳру на зикру садр келмади.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!
Кўнгил ойнасига кўз ёш тўкилди,
фалакдан ой билан қуёш тўкилди,
умид косасидан бардош тўкилди.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!
Дилдан юлиб олдим ҳар битта байтни,
кулиндим, тилиндим, алёрлар айтдим,
шояд тунларимга суйдигим қайтса.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!
* * *
Тийрамоҳ боғлари рутубатлидир,
кезинар, эзинар телба руҳунат.
Ёмғир бўлиб бўзлар сағир сукунат,
ичингда ўрмалар куйгин бир гидир.
Гулим, баҳорларда кетдинг сен қолиб,
орамизда тўқсон, бир қишлик йўл бор,
тароқдан ўрмону ойнадан кўл бор,
на оҳим етгайдир, на қийлу қолим.
Тушовин узолмас вақт — арғумоқ,
чилтаннинг қўллари қанотга дўнар.
Кетарман, бу ерда қолмоғим гумон.
Кетарман, изимдан хазонлар ҳайдаб,
шамоллар эргашар. Дарахтлар тўнар.
«Бор-ҳо, кел-ҳо, ҳамалам-ҳа, йўл қайди?.
* * *
Сен мени алдайсан туш каби,
баҳорлар келади, келмассан.
Жанублардан қайтган қуш каби
менинг кулбам қаён, билмассан.
Юлдуздан сўрайман — девона,
мен сени ойлардан сўрайман.
Куядирман шамсиз парвона,
самандардек кулдан тўрайман.
Сен мени алдайсан, гулгина,
кимнинг боғларига қайтарсан?
Кўнглим синар, муз бўлиб синар.
Сен мени алдама, алдама,
суйдим деб кимларга айтарман?
Умид соғинч идрокин ямар.
ГУЛИМ
Юракни тикаман, таваккал бу — мир,
Ютаман, ҳижронинг чиқади. Не сир?
Қароқда армонлар айланар гар-гар:
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.
Бошимда қузғундек чарх урар кунлар,
На дер бор, на шеър бор сенингсиз тунлар,
Кўксимдан Ой бўлиб отади мунглар,
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.
Не ростки, дунёнинг ёлғонлари мўл,
Бермоғи мушкулдир, олганлари мўл,
Не ғамки, кетгандан қолганлари мўл,
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.
Не баҳор, мен уни соғинмай қўйдим,
Не сабр косаси — ҳажр, май қуйдим,
Не орзу эдингки, армонга йўйдим.
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.
Гулларга қарайман, гулим йўқ менинг,
Йўлларга қарайман, йўлим йўқ менинг,
Ёндим-у, куйдим-у, кулим йўқ менинг,
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.
Не найки, бўғзида наволар куяр,
Қобиргам ўрнида ҳаволар куяр,
Оққушнинг бўйнида саволлар куяр,
Гулим,
рухсорингаи кўрурманми бир?
ТОНГГИ РЕГИСТОН
Азон айтар муаззин минорлар,
фалон йилки,
карвонсиз саройлар ва хонақоҳлар,
бари-бари бойқушнинг мулки.
Барча ухлар, йўқсил, хотиржам,
Тонг уйқуси руҳафзо.
Эгатларда чарчаган элга
ухламоқ афзал.
Кўрпаларга илдиз отади
унинг уйқуси.
Йўлбарс ҳайдаб кетар бир кеча
оҳуларин туйқусдан.
Ибодатга чиқмайди ҳеч ким.
Мустабид саҳар
кимсасиз шаҳарда
юлдузларга беради заҳар.
Кечани эса у
қудуққа ташлар.
Кейин ухлаётган раият устидан
ҳокимият юргиза бошлар…
Тонг отади Регистон узра,
гумбазларга чўкади осмон.
Яна дўст бўлади тунги душманлар,
гулга айланади яна ёсуман.
Яна бир кечани тонглар отади…
Қадрли Фахриддин акани мен ҳам чин дилдан табриклайман. Бундан зўр шеърлар, мақола ва таржималар кутиб қоламиз. Умрингиз узун ва янаям мазмунли бўлсин. «Менинг вазифамга кирмайди шеърга тиқилинч шаҳардан жой топиб бермоқ» мисрангиз доим эсимда.