Shuhrat Sirojiddinov. Alisher Navoiy. Manbalarning qiyosiy-tipologik,tekstologik tahlili.

088

Сирожиддинов Шуҳрат
Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили – Т.Akademnashr, 2011.–326 б.

Даҳо шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бошланиб, бугунги кунгача сўнмай келаётир. Аёнки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади. Бу қарашлар, аввало, ҳар бир даврда пайдо бўлган ғоявий-эстетик йўналишлар негизида туғилади. Тарихий шахслар фаолияти талқини ана шу ғоявий-бадиий ҳодисанинг мураккаб тафаккур мевасидир. Алишер Навоий сиймоси ҳам беш асрдан зиёд муддат мобайнида тадқиқотчилар томонидан турлича талқин этиб келинган. Монографияда Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти манбалар асосида қайта ўрганиб чиқилган, мавжуд талқинлар таҳлил қилинган. Китоб илмий ходимлар, олий ўқув юртлари филология ва тарих факультетлари талабалари, барча Навоий мухлисларига мўлжалланган.

09

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Фармони

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФАН ВА ТЕХНИКА, АДАБИЁТ, САНЪАТ ВА МЕЪМОРЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИНИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА

«Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 июлда қабул қилинган ПФ-3781-сонли фармони ва Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари кенгашининг 2013 йилги Давлат мукофотлари бўйича таклифига биноан мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, замон талабларига жавоб берадиган юксак, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун адабиёт соҳаси бўйича:

– Сирожиддинов Шуҳрат Самариддиновичга – «Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили» фундаментал тадқиқоти учун.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом КАРИМОВ.

Тошкент шаҳри,
2013 йил 22 август.

099

АЛИШЕР НАВОИЙ: МАНБАЛАРНИНГ ҚИЁСИЙ-ТИПОЛОГИК, ТЕКСТОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
Шуҳрат Сирожиддинов

МУҚАДДИМАДАН

1. Алишер Навоий феномени

Амир Низомиддин Алишер Навоий (844 — 906/1441-1501) фақат ўзбек халқи эмас, балки бутун турк оламининг буюк шоири, мутафаккири сифатида жаҳон бадиий тафаккури тарихида ўз ўрни ва мақомига эга ижодкордир. Унинг жаҳон бадиияти хазинасига қўшилган шоҳ асарлари, XV асрнинг иккинчи ярми темурийлар салтанати даври илм-фани ва санъатини ривожлантиришга қўшган бениҳоя катта ҳиссаси аллақачон эътироф этилган. У ҳаётини тўлалигича мамлакат равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаронинг уни “мамлакат устуни, дину-давлат низоми, мулку-миллат асҳоблари зубдаси, хайрли бинолар муассиси, хоқон давлати таянчи”, деб атаганлиги бежиз бўлмаган, албатта.
Алишер Навоий бутун дунё қаршисида туркий (ўзбек) тилнинг бой имкониятларини кўрсатиб бера олган, араб, форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал тил эканлигини исботлаб берган буюк олимдир. Ўша даврларда форс тили поэзия тили, араб тили эса илмий тил сифатида қабул қилинган эди. Расмий ёзишмалар ҳар иккала тил омихтасидан иборат эди. Туркий тилга эса авом тили сифатида қараш устувор эди. туркий халқларнинг кўп мингйиллик давлатчилик тажрибаси ва бой маънавий-адабий мероси мўғул босқини оқибатида йўқ қилинганлиги туфайли темурийлар даврида туркий халқларнинг шонли тарихи, тили ва қадриятларини тиклаш жуда қийин кечган. Ҳатто Темур саройида туркий тилни давлат тили даражасига олиб чиқиш ишлари охирига етказилмай қолган. Шундай бир шароитда Алишер Навоий ўз олдига ўзбек тили мақомини тиклаш мақсадини қўйди. У бежиз ушбу сатрларни ёзмаган:

Турк назмида чу тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.

021
022

КИТОБНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ

Манба: Самарқанд давлат чет тиллар институти веб-саҳифаси (сайти)

(Tashriflar: umumiy 1 238, bugungi 1)

Izoh qoldiring