Ko’z yumib ko’rganlarim ( Shoir Eshqobil Shukur bilan suhbat).

014
«Кўз юмиб кўрганларим» болаликдан ҳозиргача яшалган умрнинг бир муддат кўз юмиб қилинган сарҳисоби. Аслида бу ҳаёт инсоннинг кўз очиб кўргани. Унда муюлишлар, довонлар, ютуқлар ва ютқизиқлар бор. Булар кўз юмиб ўйланганда теранроқ гавдаланади. Китобимда бола тилидан айтилган шеър бор. «Ўзим қалдирғоч бўлсам, Сўзим бўлса суюнчи» деб бошланади. Бу мурғак қалбнинг Ватан ҳақида ўйлари, деганлари. Дунёни ўз қаричида ўлчаб, ўз кўзларида кўрганлари. Аммо улғайиш ҳар бир бошда бор. Ўшанда ўтган йиллар ва йўлларни қалб чиғириғидан ўтказиш, юрак тарозусида тортиб кўриш керак бўлади. Кўз юмиб кўриш аслида шу меъзонларга асосланган.

007
КЎЗ ЮМИБ КЎРГАНЛАРИМ
Шоир,»Эътироф» мукофотининг соҳиби Эшқобил Шукур билан суҳбат
Бобур Элмуродов суҳбатлашди

Ёзувчи О.Генрининг «Вақт қиймати» ҳикоя­сида 5 яшар болакай доим ишдан кеч қайтувчи отасини кутиб, мижжа қоқмайди. Бир куни у отасидан бир соатда қанча пул ­топишини сўрайди.

— Тузукроқ савол тополмадингми, жуда чарчаганман, бошимни қотирма, — дейди ота.

— Мен шунчаки билмоқчи эдим, бир соатда қанча пул топасиз? — оёқ тираб олади бола.

— Бир соатда 20 доллар топаман, қўзичоғим.

Бола жавобдан хурсанд бў­либ, отасидан 10 доллар қарз бериб туришини илтимос қилади. Отанинг ғазаби келиб, ўғ­лига кераксиз ўйинчоқлар учун сариқ чақа ҳам бермаслигини уқтиради. Болакайнинг кўзлари ёшланиб, хонасига кириб кетади.

Шу кеча отанинг уйқуси келмайди. Фарзанди нега пул сў­ради экан? Кейин 10 долларни олиб, ўғлининг хонасига киради. Бола ҳамон уйғоқ эди.

— Мени кечир, эркатойим, — дейди ота қилган ишидан уялиб. — Мана сенга 10 доллар, олақол.

Болакай ёстиғининг остидан ғижимланган пулларини олиб, отасига тутқазади.

— Мана, энди пулингиз 20 дол­лар бўл­ди. Мен бир соат вақтин­гизни сотиб олмоқчиман. Илти­мос, эртага уйга вақтлироқ келинг, бирга тушлик қилмоқчи эдим, — дейди…

— Турмуш ташвишлари билан бўлиб, болаларга камроқ вақт ажратамиз. Бу ота-онанинг тарбиячи мақомига шикаст етказмайдими?

— Аввало, ким масъулиятни қай даражада бўйнига олади, мана шуниси муҳим. Мен буни «оммавий маданият» ҳақидаги мақолаларимда ҳам ёздим. Ота-онанинг тарбиячилиги бу — доимий мақом. Чунки ота-она боланинг илк кўз очиб кўр­гани, таъсирчиси. Кейинчалик қўшнилар, маҳалла, мактаб бу жараёнларнинг давомчиларига айланади. Жаҳон саҳнасида оила аталмиш қўрғоннинг йў­қолиш хавфи бор. Ур­ғуни бир жиҳатга беришни истардим: ота-она ҳам, бола ҳам ўз танасини, қалбини, руҳиятини омон сақлай олсин. Зеро, тан беморлиги руҳиятнинг илк синдирувчиси. Агар бола шу икки уйғунлик билан улғайса, улуғларимиз айтганидек, уни ҳеч ким енга олмайди. Агар улардан бири оқсаса ҳам инсон ҳар қадамида тушкунликка тушади, мағлубиятга учрайди. Болалик — тана ва руҳ энг таъсирчан бўл­ган давр. Ёш вужуд ташқи таъсирларни ҳеч бир тўсиқларсиз қабул қилади. Арзимас бўлиб туюлган ҳолат ҳам унинг мўрт туйғуларини синдириб қўйиши мумкин.

— Айтинг-чи, соғломлик тушунчасида жисмоний етукликдан ташқари нималарни кўрасиз?

— Албатта, жисмоний етуклик соғломликнинг ташқи белгиси. Кейин унда онг шаклланади. Халқимиз топиб айтган: соғлом танда — соғ ақл. Ҳар бир ота-онанинг орзуси шу: болам соғлом бўлсин дейди. Жисмоний етуклик доимо маънавий етуклик билан мувозанатда бў­лиши керак. Демак, 2014 йилнинг Президентимиз томонидан «Соғлом бола йили» деб аталишининг ҳикмати ҳам шунда.

— «Эътироф — 2013» танловида «Кўз юмиб кўрган­ларим» китобингиз муко­фотга лойиқ топилди. Ушбу китоб бола тилидан сўзласа, уларга нима деган бў­ларди? (Китоб ҳақида мана бу саҳифада ўқинг)

— Бу ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. «Кўз юмиб кўрганларим» болаликдан ҳозиргача яшалган умрнинг бир муддат кўз юмиб қилинган сарҳисоби. Аслида бу ҳаёт инсоннинг кўз очиб кўргани. Унда муюлишлар, довонлар, ютуқлар ва ютқизиқлар бор. Булар кўз юмиб ўйланганда теранроқ гавдаланади. Китобимда бола тилидан айтилган шеър бор. «Ўзим қалдирғоч бўлсам, Сўзим бўлса суюнчи» деб бошланади. Бу мурғак қалбнинг Ватан ҳақида ўйлари, деганлари. Дунёни ўз қаричида ўлчаб, ўз кўзларида кўрганлари. Аммо улғайиш ҳар бир бошда бор. Ўшанда ўтган йиллар ва йўлларни қалб чиғириғидан ўтказиш, юрак тарозусида тортиб кўриш керак бўлади. Кўз юмиб кўриш аслида шу меъзонларга асосланган.

«Кўз юмиб кўрганларим» тилга кирса, болаларга ҳам, катталарга ҳам шундай дер эди: азалий одатларимизни, миллийлигимизни, руҳиятимизни асрайлик, жонлантирайлик…

— Фарзандларингизга Ватан туйғусини қандай сингдирасиз? Уларнинг саволларига қай мақомда жавоб берасиз, қаттиққўл ота ёки дўст?

— Мен уларга отам, онам, момом ва бобом ҳақида айтиб бераман. Чунки ўзимга ҳам шун­дай сабоқ беришган. Бу бола улғайгани сари кенгроқ тушунтириб бориладиган жараён. Кейин болаларимга Ўзбекистон манзараларини кўрсатаман. Чунки Ватанни, аввало, кенглик билан англаш керак. Тоғлар, далалар, яйловлар инсоннинг тасаввурини кенгайтиради. Аслида бу жойлар ҳар бир инсоннинг кўнглида яшаши керак бўлган манзаралар. Бизда яхши одат бор, қадрли нарсаларга муқаддас сўзларни қў­шиб айтамиз: Она ер деймиз, ота макон деймиз, бобо тоғ деймиз. Жанубий Корея сафарида корейс дўстларга мана шулар хусусида гапирган эдим. Бу тимсолларни қаердан олганимни сўрашди. Халқимдан олганман, дедим фахрланиб. Биз томонда дарёга ҳам она сўзини қўшиб айтишади, десам ишо­нишмади. Тоғни бобо дейи­шимизни, Боботоғ деган улкан тоғимиз ҳам борлигини айтдим. Аммо улар барибир таржимондан бу халқ ростдан ҳам тоғни бобо дейишадими, деб сўраб кўрди. Бунга ўзим гувоҳман.

— Дунё миқёсида ҳамма болалар ҳам тўқ, соғлом ва бахт­ли эмас. Бемор бола билан соғлом боланинг ҳаётий қа­рашларида қандай фарқни сезасиз?

— Бу жуда оғир савол. Ҳеч ким боласининг касал бўлишини истамайди. Бемор боланинг кўзига қарашдан оғири йўқ. Айниқса, ота-она учун. Агар беморлик боланинг руҳиятига ўтса, бу катта фожиа. У теварак-атрофни, дунёни хомуш ва бахтсиз тасаввур қила бошлайди. Фикрлаши, хатти-ҳаракатларида ҳам тушкунлик аломатлари сезилиб туради.

Соғлом боланинг кўзига бутун олам беғубор кўринади. У ҳа­лок бўлаётган ҳайвондан тортиб, қуриб бораётган дарахтни ҳам қувноқ кўриши мумкин. Негадир фарзандим чизган суратлар эсимга тушди. У нимани чизса, албатта унда кулиб тур­ган лаблар бўларди. Тоғ дейсиз­ми, дарахт дейсизми — ҳаммасида шу ҳолат. Бир куни ундан нега қуёшни кулиб турган ҳолатда чиздинг, деб сўрасам, қуёшнинг ўзи кулиб турибди-ку, дейди. Кўрдингизми, бола сўз­ларида қандай ҳарорат бор. Менимча, инсонни ҳаёт­да ушлаб турувчи куч муҳаббат ва қув­ноқлик бўлса керак.

— Тўрт яшар бола Абдулла Ориповнинг «Онажон» шеърини ёддан айта олишига гувоҳ бўлдим. Кимдир бу болага оғирлик қилади деса, баъзилар буни маъқуллашди.

— Инсон ҳаётида маълум бир фасллар бўлади. Менимча, у ўша фаслларга ҳамоҳанг яшаши керак. Яъни, болаликни болаларча, йигитликни йигитларча, кексаликни донишмандларча. Агар олтмиш ёшли одам ёш боланинг қилиғини қилса, кулгига қолади. Унга ўз даражасидаги феъл-атвор ярашади. Аммо боланинг болалиги қандай бўлиши ҳақида ҳам аниқ бир гап айтиш қийин. Чунки хо­тира, идрок ҳаммада бир хил эмас. Агар у катталар ҳам эсда сақлаши қийин бўлган шеърларни ёдлаган бўлса, бу унинг имконияти юқорилигидан да­лолат. Бундан фақат хурсанд бўлиш керак. Бизнинг улуғларимиз илмга жуда эрта киришишган. Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Мирзо Улуғбек каби боболаримиз бо­лалигиданоқ замонасини лол қолдирган. Масалан, Алишер Навоий беш ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» аса­рини ёд­дан билган. Агар шу мезон билан қаралса, ўша болага нисбатан илиқ фикрларни айтиш мумкин. Шахсан мен истеъдодни қорачиқдай асраш тарафдориман. Чунки иқтидорли болалар ўта нозик ва таъсир­чан бўлади. Кичкинагина рағбат ёки эътиборсизлик ҳам унинг дунё­сини остин-устун қи­лиши мумкин. Иқтидорли бола­нинг тарбияси одатдагидан ўн баравар қийин кечади. Уларнинг муваффақияти ҳам шунга яраша бў­лади.

Эшқобил Шукур ҳақида

eshqobil_shukurЭшқобил Шукур Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор. 2013 йил «Энг яхши бадиий асар муаллифи» сифатида «Эътироф» мукофоти билан тақдирланди.

009

(Tashriflar: umumiy 372, bugungi 1)

Izoh qoldiring