Ulug’bek Hamdam. Rauf Parfi bilan besh uchrashuv va yana bittasi.

012
Шоирнинг соч-соқоли нақ елкасига тушарди десам, бироз муболаға бўлар-у, лекин улар жуда ўсиб, бир бурда юзини янаям кичрайтириб қўйгани рост эди. Яна бу соч-соқолнинг денг қорасидан оқи кўпроқ эди. Эгнига ҳам, адашмасам, оқишга мойил плаш кийиб олганидан бутун қиёфаси худди оққушни ёдга соларди. Биз қадамларимизни беихтиёр секинлатдик. Ёш ва ғайратли эдик, бир ҳаракат билан улардан ўтиб кетардик, одатда шундай шиддат билан юрардик ҳам. Лекин ҳозир… ҳозир бундай қилиб бўлмасди, бу мумкин эмасди ўша пайтдаги бизга ўхшаган ёшлар учун. Рауф Парфи сингари шоир билан битта йўлакдан бир вақтнинг ўзида одим олиш шахсан мен учун унутилмас лаҳзалар, керак бўлса, ўзига хос бир омад, ҳатто бахту саодат бўлиб туюларди…

006
Улуғбек Ҳамдам
РАУФ ПАРФИ БИЛАН БЕШ УЧРАШУВ ВА ЯНА БИТТАСИ

БИРИНЧИ УЧРАШУВ
( Бунда фақат мен шоирни кўрганман, у эса йўқ…)

097 80-йилларнинг адоғи, 90-йилларнинг бошлари — Рауф Парфи каби шоирларга ҳавас қилиб, бир кўриш орзусида юрган орзуманд талабалик вақтимиз. Кунлардан бир кун “талабалар шаҳарчасида наврўзга бағишланган йиғин бўлармиш” деб қолишди. Курсдошлардан тўрт-беш киши бўлиб ўша ёққа отландик. Университет биносидан чиқиб, йўл ёқасидаги узун йўлакка тушишимиз ҳамона биздан йигирма-ўттиз одим илдамроқда бир эркагу бир аёлнинг суҳбатлашган кўйи оҳиста кетиб боришаётганига кўзимиз тушди. Ким биринчи бўлиб эътибор берди — ҳозир эсимда йўқ, аммо эркак кишининг машҳур шоир Рауф Парфи эканлигини таниб қолгандик. Назаримда, унинг зоҳирий кўриниши (жуссасининг кичик бўлишига қарамай) худди шеърияти, яъни ботиний олами янглиғ олис-олислардан ҳам кўзга “манаман” деб ташланиб турар эди. Йўқса, биз уни ҳаётда илк бора кўриб турар эдик.
Шоирнинг соч-соқоли нақ елкасига тушарди десам, бироз муболаға бўлар-у, лекин улар жуда ўсиб, бир бурда юзини янаям кичрайтириб қўйгани рост эди. Яна бу соч-соқолнинг денг қорасидан оқи кўпроқ эди. Эгнига ҳам, адашмасам, оқишга мойил плаш кийиб олганидан бутун қиёфаси худди оққушни ёдга соларди. Биз қадамларимизни беихтиёр секинлатдик. Ёш ва ғайратли эдик, бир ҳаракат билан улардан ўтиб кетардик, одатда шундай шиддат билан юрардик ҳам. Лекин ҳозир… ҳозир бундай қилиб бўлмасди, бу мумкин эмасди ўша пайтдаги бизга ўхшаган ёшлар учун. Рауф Парфи сингари шоир билан битта йўлакдан бир вақтнинг ўзида одим олиш шахсан мен учун унутилмас лаҳзалар, керак бўлса, ўзига хос бир омад, ҳатто бахту саодат бўлиб туюларди…
…ҳозир замонамизнинг яна бир улуғ шоири Абдулла Орипов билан битта бинода, бўлиб ҳам бир қавату ёнма-ён хоналарда ишлаймиз. Устоз шоир балки сезар, балки сезмас, мен учун шунинг ўзи бир олам қувонч бағишлайди. Ҳатто лифтда битта қаватга кўтарилиб-тушиш ҳам бир мўъжизадек туюлади. Нега? Чунки болалигимиздан Ойбеку Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидову Абдулла Орипов, Рауф Парфию Ҳалима Худойбердиева каби шоирларнинг олтиндек шеърларини ўқиб, ёд олиб ўсганмиз. Бу шеърлар бизга осмондан тушган санъат асарлари янглиғ таъсир қилган, мурғак тасаввур ва тахайюлимизни бойитган, руҳимизни парвозларга чорлаган. Биз у пайтлар ўзимиз севган ижодкорларга пастдан тепага қарагандек қарар, уларга зимдан ҳавас қилар, китобларини қўйнимиз ё қўнжимизда (ахир, қишлоқ болаларимиз!) олиб юрар, ўзларини яқин қариндошимиздек яхши кўрар эдик. Аслида фақат у пайтлар эмас, балки ҳозир ҳам дунёдаги жамики зўр шоиру ёзувчининг, драматургу бастакорнинг санъат асарлари қаршисида худди ўшандай, қаҳрамон ҳайкали қошида жим қотган ватандош янглиғ ажиб ўйларга толишда давом этаётганимиз чин гап…
…энди ўзингиз ўйланг, мана шундай муҳаббат билан ўсган йигитча учун ўша кун Рауф Парфидек бир шоир билан, майли, ёнма-ён эмас, майли, унинг изидан бўлсин, барибир, битта йўлакдан олдинма-кетин юриб боришнинг ўзи эртакдек ширин, афсонадек сеҳрли бўлмаслиги мумкинми!?..

ИККИНЧИ УЧРАШУВ
(Бир-биримизни кўрганмиз)

Ажойиб кунларнинг бирида Рауф Парфи ўзбек филологияси факультетига талабалар билан учрашувга келган эди. Ўшанда биз ёшлар ўзимизча максимал даражадаги миллатпарасту ҳақиқатпараст эдик. Давр ана шунақа қайноқ эди, эсланг… Шоир аудитория минбарига чиқиб, кичик бир нутқ ирод этди. Адашмасам, икки-учта шеър ҳам ўқиди. Ниҳоят, навбат одатдагидек, “Саволлар борми?”га етганда, мен ўрнимдан туриб “Нега сиздек шоир ҳам Ленин ҳақида шеър ёзгансиз? Унинг ким эканлигини наҳотки билмагансиз?..” деб бетга чопарлик қилганман. Рауф ака жавобининг бошланғич қисми ёдимда: “Тўғри, тан оламан, ёзганман. Энг яхши шогирдларимдан бири ҳам шу ҳақда гапириб, “Сиз Ленин ҳақида шеърлар ёзгансиз, менда эса биттаям йўқ” деб мақтанади…” Негадир жавобнинг қолганини эслай олмайман. Уйдиришни эса сира истамайман. Эҳтимол, умумий бир кўринишда бўлган чиқарки, хотирамда сақланмаган. Лекин бугунги ақлим бўлса, мен ўша ўринсиз саволни бериб, устоз шоирга — бутун онгли умри давомида “Турон –Туркистон — Ўзбекистон!” дея нола чекиб ўтган улуғ Ватанпарвар Зиёлига сира-сира азият етказмас эдим. Чунки бугун мен инсон нафақат ота-онасининг, балки ўз даврининг ҳам фарзанди эканини оз-моз англаб қолганман…

УЧИНЧИ УЧРАШУВ
(Яна бир-биримизни кўрганмиз)

Ғафур Ғулом нашриёти зиналарида шоирга рўбарў келиб қолдик, денг. Камина фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқул билан бирга эдим. Рауф ака мени яхши танимас эди назаримда. Ҳар ҳолда доимий салом-алигимиз бўлмаган. Жаббор акани бўлса, яхши танир экан. Буни ундан пул сўраганида билиб олдим. Жаббор ака киссасидан 200 сўмлик дастани чиқариб (у пайтда каттагина пул эди), Рауф ака ва мендан пана қилиб санай бошларкан, Рауф ака айланиб Жаббор аканинг қаршисига ўтди-да: “Шундай чиройли дастани бузиб нима қиласиз? Бутунича бериб қўйсангиз бўлмайдими?” дея қистовга олди. Жаббор ака мийиғида кулганча пулни яна шоирдан пана қилган кўйи санашда давом этди. Бу манзара менга жуда қизиқ туюлди. Ниҳоят, Жаббор ака дастанинг нақ ярмини санаб, “Уйда бола-чақа бор, Рауф ака. Мана, олинг, сиз билан тенг бўлишдик” дея шоирга бир даста пул узатди. Энг қизиғи шунда рўй берди, — Рауф ака пулни чўнтагига солар-солмас: “Йигитлар, қарасам, жуда очиққан кўринасизлар, юринглар, сизларга бир тушлик олиб берай” деса бўладими!.. Менга роса нашъа қилиб кетган эди бу гап. Мазза қилиб, овозимни қўйвориб, хохолаб кулгандим. Ахир, ақлнинг қувлигинию ҳимматнинг баландлигини қаранг! Эндигина ўзи бир мирига муҳтож эди, энди кўринг, оламга зиёфат бермоққа тайёр!.. Мана шу кичик эпизодда назаримда Шоирнинг моддий дунё билан боғлиқ зиддиятли ҳоли ёрқин акс этган эди. Бир томондан у — муҳтож, иккинчи ёқдан эса борини борлиққа сочишга ҳозиру нозир ҳотамтой…

ТЎРТИНЧИ УЧРАШУВ
(Бунда ҳам бир-биримизни кўрганмиз)

Яна Жаббор ака ва мен. Адашмасам, газета корпусига мақола олиб боргандик. Чиқишда катта модернчи шоирга дуч келдик. Гаплашиб тургандик, Рауф ака келиб қолди. Сўрашдик. Рауф ака гапни чўзмай кўнгил истагини дарҳол юзага чиқарди-қўйди: “Сизлар билан бир отамлашгим келяпти. Хориждан атай юборишибди” дея, худди “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмининг бир эпизодини ёдса солиб, эгнидаги костюми пешини очиб ёпти: Шиша! Лекин алланбалосидан. “Бошқачасидан-ку!” — хитоб қилиб юборди орамиздан “бу ишлар”ни яхши тушунадиган кимдир. “Ҳа, виски — бу, виски!” деди шоир ғурур билан.
Чиқаверишдаги ўша машҳур ошхонага бордик. Жаббор ака билан егулик, закуска буюрдик. Мен рулда, Жаббор ака зотан кам ичади, икки катта шоир бирга бир “ташлашди” денг. Аммо кўп ўтмай модернчи шоир “бўшашиб” қолди-да, боши-кети йўқ, бир-бирига боғланмаган хотираларга берилди. Жаббор ака билан мен одоб сақлаб, чурқ этмаймиз. Рауф ака гапнинг тугашини кутиб безовталанади, дам-бадам луқма ташлаб, модернчининг алжирашга ўхшаган монологини диалогга айлантирмоққа беҳуда уриниб кўради. Яна бироз шу зайлда кечгач эса, ниҳоят, тақдирга тан берди чоғи, Рауф ака нариги столда ўтирган бир танишига қўл кўтариб, бизга “ҳозир” деганча ўрнидан турди…
Ҳаммаси тушунарли эди: биз тездагина ҳисоб-китоб қилиб қўзғалдик. Катта вискининг ҳали учдан биридан мўлроғи ичилмай турган эди. Жаббор ака, адашмасам, газетгами-пакетга ўраб, шоирга элтиб берди-да, биз учун ҳам хайрлашди. Сўнг иккаламиз модернчи шоирни икки қўлтиғидан суяб ошхонадан базўр олиб чиқдик. Чамаси, энди унга йўл кўрсатиш керак эди…
Ёдимда қолгани – шоир феълининг битта қирраси бўлди. Назаримда Рауф ака одамларни яхши кўрар, уларни соғиниб яшар , мавридини топганда улар билан бирга бўлгиси, ёнида арзигулик нимасидир бўлса, ўшалар билан баҳам кўргиси келар ва бу унинг учун оддий ҳолга, айни дамда кучли эҳтиёжга айланганди. Виски қурғур ўша пайтда топилмас матоҳ эди. (Ана, ҳозир ҳам кўпайиб қолганига қарамай, отнинг калласидек нархи бор). Шоир уни бир ўзи уйида ўтириб олиб “майдаласа” ҳам бўларди. Йўқ, вискини ўзига яқин олган кимдир билан бўлишгиси келган. Бунга шубҳа йўқ. Тасодифни қарангки, рўпарасидан биз чиқиб қолдик. Борини борича баҳам кўрадиган, шундай қила оладиган танти табиатидан нишона эди — бу. Кимдир “қўйсангиз-чи, нималар деяпсиз ўзи? Битта вискини баҳам кўриш билан инсоннинг тантилиги намоён бўлиб қолармиди?” дея эътироз билдириши мумкин. Баҳслашиш ниятим йўқ, лекин шоир учун шундай вақтлар бўлганки, унинг ўша савил вискидан ўзга бойлиги ҳам, вискидан яқинроқ дўсти ҳам қолмаган. Шуни ҳисобга олсак, шоирнинг мен урғу бераётган сифатининг залвори тамомила бошқача маъно касб этади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлади… “Тағин билмадим…” дейдию Ғафур Ғуломнинг Шумболаси…

БЕШИНЧИ УЧРАШУВ
( Бунда улуғ шоирни мен кўрмаганман…)

Рауф ака дунё алмаштирганидан бир мунча вақт ўтиб, ўзини Рауф Парфининг яқин кишиси деб таништирган Сулҳида Ёлғиз Рауф ака умрининг сўнгги йилларида ёзган ва аксар чоп этилмай қолган бир қанча шеърларини негадир менга келтириб берди. Шулар ва олдин нашр қилинган айрим шеърлари асосида “Сўнгги видо” китобчаси дунё юзини кўрди. Улуғ шоир умрининг поёнида қисматлари туташ бўлган актриса ва шоира Сулҳида Ёлғизнинг айтишича, сўнгги пайтларда Рауф ака каминанинг “Мувозанат” романини қўлидан қўймай ўқиган экан. Демак, мен шоирни кўрмай қўйдим, деб юрган кезларим у билан ғойибона “учрашган” эканмиз, дейман ҳозир ўзимга ўзим. Ва бу учрашув мен учун юқоридаги ҳамма учрашувларимиздан-да аҳамиятлироқ, қадрлироқдир туюлади. Сулҳида Ёлғиз агар яна битта детални айтмаганида, мен ушбу — бешинчи учрашув ҳақида ёзмас эдим. Деталь шундан иборатки, Рауф ака асарни роман чоп этилган “Жаҳон адабиёти” журналидан ажратиб олиб, ўз қўллари билан ундан алоҳида китоб ясаган экан. Шоирнинг ёшлигида босмахоналарда ишлаб, китоб муқовалаш ҳадисини обдон эгаллагани ҳақида профессор Нўъмонжон Раҳимжоновдан кўп бор эшитгандим. У киши бу ҳақда ўз мақолаларида ёзган ҳам. Демак, актрисанинг айтганларида жон бор. Ҳатто қуйидагисида ҳам: Рауф ака ўзи ясаган китобни йўқлаб келган шогирдларидан бирига “Албатта, ўқинг!” дея ёстиғининг остидан чиқариб берган… Рауф аканинг табиатидан келиб чиқадиган бўлсак, дарҳақиқат, у, муқаддас ўгитларда айтилганидек, бериб ўрганган зот эди, олиб эмас…

…ЯНА БИТТАСИ
(Бир-биримизни кўргаймиз…)

Улуғ ўзбек шоири Рауф Парфи билан яна қайдадир учрашган бўлишим мумкин, масалан, у Ўзбекистон Фанлар Акедемиясининг Тил ва адабиёт институтига, Нўъмонжон ака каби дўстларининг ҳузурига ўқтин-ўқтин келиб турар, шунда узун коридорда тик оёқда салом-алик қилиб қолардик. Лекин ўйлаб кўрсам, энди булар жуда муҳим эмас экан. Энг муҳим учрашув ҳамиша мен билан бирга экан: бу — шоирнинг юксак санъат намунаси ўлароқ яратилган ўлмас шеърияти билан ҳар доим дийдорлашиб яшаш саодати! Яна шуки, ушбу саодат барча ҳассос юракли ўқувчида бор.Таскинимиз ҳам шу ерда, аслида!..

2013 йил, январь

077

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

Izoh qoldiring