Risolat Haydarova. Uch hikoya.

021

    Оқшомги осойишталик руҳи аста-секин тунга сингиб кетарди. Тун ўзига “юққан” шу атворни тонгга узатарди. Келинчак кўз очиб теваракдаги сокинликка қулоқ тутаркан, дили ёришиб келаётган осмон билан уйғунлашиб, тиниқлашиб кетарди. Кейин у енгил тортиб айвончага чиқарди-да, ўрик ғунчаларининг гулга айланишини кузатарди. Ёришиб келаётган осмоннинг ранги қандай ўзгариши, уфқдаги булутларнинг туси тиниқлашиб бораётгани, ер усти кўкараётгани кун сайин яққолроқ кўринарди. Деразани очиб, юзини саҳарги салқинликка тутганда шабаданинг вазни ҳам енгиллашгандек туюларди.

01
Рисолат Ҳайдарова
УЧ ҲИКОЯ

ЁНАЁТГАН ОДАМ
06

У сўнгги пайтларда тез-тез рангли тушлар кўрадиган бўлиб қолган эди. Деярли ҳар куни тун оққач, ўзининг совуқ тўшагига чўзилар, ёлғизлик гирдобининг қора тўлқинлари уни хаёлий тушлар тубига ғарқ этар эди. Тонг отгач, кўрган тушини кўпинча эслай олмас, тушининг тафсилотларини ёдига олишга уриниб анчагача ётиб қолар, сўнг имиллаб ювинар, тошойна қаршисида маъюслик билан кийинар ва албатта, ишига кеч қолар эди.

Йўлакда дуч келувчи ҳамкасблари билан йўл-йўлакай сўрашар экан, Асрора Юнусованинг Тамилланинг ранжиб гапиргувчи шикоятларининг эшикдан учиб чиқаётган узуқ–юлуқ жумлалари қулоғига илиниб қолар эди.
Дилида қандайдир қувончнинг келишига умид боғлаб хонасига кирар, тўрдаги бағбақалари осилган бўлим бошлиғи ҳар доимгидай унинг саломига алик олиб, қоғозларга мук тушиб ўтираверар эди.

Улар бўлимда олти киши эдилар. Қўл остидагиларнинг иши билан кўп ҳам қизиқавермайдиган, шу сабабли ҳамманинг ҳурматини қозонган бўлим бошлиғи, яқинда уйлангани сабабли қизларнинг телефон қўнғироқлари камайганидан афсусланадиган Ғайрат, телефон орқали эри билан эзмаланиб жанжаллашишдан чарчамайдиган Ойбиби, бахти чопган (ҳар ҳолда ҳамма уни шундай деб ҳисобларди) Флора ва бир хил тусдаги бўйинбоғу кўкимтир кўйлаклар кийиб келадиган Носир.

Деярли ҳар куни Флора бўлимдагиларнинг диққат марказида бўлар, ўзининг Баҳриддин Каримови ҳақидаги жўшқин ҳикоялари билан кунни ўтказар эди. Бахти чопган Флоранинг айтишича, унинг Баҳриддин Каримовидек йигит икки дунёда йўқ экан. Йигирма етти ёшида фан номзоди, иккита китоб муаллифи, эътиборли газеталар мақолаларини босиб туради, худонинг берган куни “ойнаи жаҳон”да кўринади. Баланд бўйли, келишган. Хуллас, бекаму кўст. Бахти чопган Флора ўз фахриясини шу тарзда адо этар эдики, ўзи тугул, бошқалар ҳам Баҳриддин Каримовнинг зўр йигит эканлигига ишониб кетишарди.

Ойбиби бўлса Флорага турмушда омади чопмаганидан нолир, нима учун мана шу “ландавур” эрига текканига ҳеч тушунолмасди.

Ғайрат бахти чопган Флоранинг вижирлашларига аллақандай тамшаниш билан қулоқ солар, ора–сира қўнғироқ қилувчилар билан муомала қилаётган бўлим бошлиғининг оғзидан: “Ғайратми? Ҳа, шу ерда”, – деган сўзларни эшитиш умидида ўтирар эди. Бўлим бошлиғи эса бағбақаларини осилтирганча тирсакларини столга тираб, Флоранинг чуғурлашларига меҳри ийиб қулоқ тутарди. У бўлса бахти чопган Флоранинг ҳикояларини ҳавас билан ўкинч оралиғидаги ғалати бир ҳис билан тингларди. Ёлғиз Носиргина бахти чопган Флоранинг сўзларига бефарқ кириб-чиқиб юрарди.

Ва шу алфозда кунлар ўтиб ҳафталарга айланар, унинг кетидан ойлар кечар эди. Ҳар ҳафтанинг сўнгги иш куни азобга айланарди. У ҳаммадан кейин кетар, уйигача бўлган ярим соатли йўлни бир соатда босиб ўтар, остона ҳатлаб отасининг солиқ қовоғи–ю, онасининг жонсарак нигоҳларига дуч келар эди. Кечки овқат отаси ва онаси даврасидаги оғир сукунат тагида эзилиб ўтарди. Идиш-товоқларни йиғиштиргач, кундалик ташвишлари тугагандек бўлар, лекин энг катта ва энг даҳшатли ташвиш – тунни қандай ўтказиш ғами қад ростларди.

Ухлаш олдидан қолган икки кунни қандай ўтказиш тўғрисида қийналиб ўйларди. Хаёлида эса ўн етти ёшлигидан қолган орзу: катта ҳовли. Ҳовли тўрида кичиккина бир уй билан айвон. У айвонда қалпоқча тикяпти. Ҳовли саҳнида мусичалар ку-кулашганча нонушта дастурхонидан қоқилган увоқларни чўқилашяпти. Юзларида шира юқи қотиб қолган болакай қўлига хивич олиб мусичаларни ҳайдашдан завқланиб қийқиради. Ишком тагидаги супадан кампирнинг эркаловчи овози эшитилади: “Мусичаларга тегиб бўлмайди-я, болам, ҳайдама уларни”. У болакайга, кейин кампирга қараб кулимсираб қўяди…

…Лекин у орзусининг ушалмагани, балки ушалмаслиги ҳам мумкинлигини ўйларди-ю, бошини кўрпасига буркаб йиғлар эди. Эрталаб эса қовоқларининг шишганини яшириш учун совуқ сувда узоқ ювинар эди.
…Унга кўпинча ҳамма ачиниб, тўғрироғи, ижирғаниб қараётгандай туюларди. Шунда юзидаги болаликдан қолган яра чандиқларини силаб ғамга ботарди. Гўё дунё иккига бўлингану, бир томонда барча гўзал ва бахтли одамлар, иккинчи томонда фақатгина у – хунук ва қари қиз қолгандай туюларди…
Шундай кунларнинг бирида ҳамкасблари орасида ҳусндан баҳс очилди. Аниқроғи, Ғайрат чиройли қизга уйланганидан афсусланди: “Кўчада хотиржам юролмайман. Ёнида эри кетаётганини кўриб ҳам бақрайиб қарашади. Қайтага хунуги тузук экан. Бехавотир…”

Носир эътироз билдирди: “Эрталаб уйғониб ёнингда битта таъвия ётганини кўрсанг, қай аҳволга тушасан–у…”
Бошидан бир челак сув ағдарилгандек бўлиб ташқарига чиқаркан, Флорага дуч келди: “Нима бўлди?” “Ҳеч гап…”

Шу куни у биринчи марта Носирга эътибор берди. Негадир Носирнинг кўзга ташланмаслиги сабабини ўйлаб кетди. Кейин тушундики, Носир доимо мотамда юргандай кўк–у қора кийиб юраркан.
Бахти чопган Флора эса Носирнинг хотини хунук эканлигини, Носир ноиложликдан уйланиб қўйиб, ҳозир аросатда яшашини ачиниш билан гапириб берди.

Балки шу сабаблидир, у биринчи марта шу йигитга ачиниб кетди ва унинг хунук хотинини ёмон кўриб қолди. Кўзгуга боқар экан, ўзининг ҳам таъвия эканлигини, Носир ундан ҳам ижирғаниши мумкинлигини ўйлаб қийналиб кетди. Шу куниёқ столини Носирнинг рўпарасидан Флоранинг ёнига сурдириб олди.
Кошки шу билан қийноқлар тугаган бўлса?

Ҳар куни рангли тушлар кўриш, кейин кун бўйи шу тушлар таъсирида юриш унга кундан–кунга оғир келаётган эди.

Бир куни у чидолмади. Кўрган тушини Ойбибига айтиб берди:
– Тушимда илонларнинг рақсларини кўрдим. Улар бутун дунёни босиб кетишибди. Офтобда терилари ярқираб рақс тушишармиш…
Ойбиби кулди:
– Бойиб кетсангиз биз фақирларни унутмассиз?

Носир қизга анграйиб қараб қолди.
У эса биринчи марта бировга юрагини очмоқчи бўлганига пушаймон еди.
Кунлар ҳамон ўтиб борарди. Қиз ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигини эзилиб ўйларкан, қайси гуноҳи учун хунук бўлиб яралганини ҳеч тушунолмасди.

…Унинг учун энди дунёда суянадиган ҳеч нарса қолмаган эди. Кундуз кунлари Носирнинг кўзига таъвия бўлиб кўринаётганидан изтироб чекар, тунлари афсонавий тушлар уни исканжага олар, тушдан кейинги тонг отгунча бўлган бедорлик тинкасини қуритар эди. У ўн беш кунда озиб кетди.
Назарида орзусидаги каттакон ҳовли, ҳовли тўридаги кичиккина уй, битмай қолган қалпоқча, ҳовли юзасида ку-кулашиб юрган мусичалар, юзида шира юқи қотиб қолган болакай, орзусида ҳатто бўй-бастини тасаввур ҳам қилолмаган йигит, болакайни эркалаб тергайдиган кампир – ҳаммаси саробнинг навбатдаги найрангидан ўзга нарса бўлмай қолди.
Йўқ, унинг барча қийноқлари ҳали олдинда экан.

Бир куни у тушида ёнаётган одамни кўрди. Ўт йигитнинг бутун борлиғини ямлар, олов устуни йигитнинг кўкка чўзилган қўллари узра осмонга сапчир, бутун дунёни босган сув ёнаётган одамнинг оёқлари тагида пишқирар, қиз эса йигитга хаёлан ёлворар эди:
– Ўзингизни сувга ташланг, тирик қоласиз, ташласангиз-чи!
Лекин йигит унинг сўзларини эшитмас, нажот истаб самога боқар эди…

…Қиз эрталаб бошида қаттиқ санчиқ билан ишга келди. Бутун хонани тутун иси босиб кетгандай бўғилиб деразаларни очиб ташлади.

Бугун у одатига хилоф ҳолда ишга барвақт келган эди. Салдан сўнг ҳамкасблари кела бошлашди.
Ишга ярим соатча кечикиб келган Носирни Ғайрат қарши олди:
– Нима бўлди? Кўзларингиз киртайиб кетибди, тинчликми?
– Ухлолмадим, – руҳсиз жавоб берди йигит, – шу кунларда уйқумда ҳаловат қолмаяпти…
– Уй ичилар тинчми ишқилиб?
– Тинч… – Носир столи устида ётган гугурт қутисини олиб бурчакдаги ахлат саватига отди, – кўзимдан узоқроқ бўлсин… Тушимда ёниб кетибман…

САҲАР
06

Киши ўз толеидан тиниқиб уйғонган сари талвасага тушаркан. Айниқса, саҳарда…
Нега энди толе кишини бу қадар чўчитаркин? Бекаму кўстлиги учунми? Гули буни билмасди. Лекин у шу бугун, шу саҳар ҳис этдики, толе ҳам киши дилига қўрқинч соларкан.

…Саҳарга яқин туш кўрибди. Қандайдир аёл чорлармиш уни…

— Гули! Гули!
— Кимсиз?
— Танимадингми?
— Ё худойим-эй!
Ахир бу ўзи-ку! Гули-ку!

…Ташқарида эшик ғичирлади. Тонг отибди-да!
Юқори маҳалладан азон товуши кела бошлади. Келинчак рўмолини танғиб боғлаганча, айвон зинасига оёқ босди.

Сал ўтиб, ҳовлида одатдаги тонгги ғивирлаш бошланди. Қайнонаси қувурдан обдастага сув тўлатди, ювиниб-тараниб олган қизлар кичик уйнинг деворига осиғлиқ кўзгуга боққанча пичирлашиб, сочларини жингала қила бошлашди.

— Гули! Гули! – бир вақт деразадан эрининг пахмоқ сочлари кўринди. – Қаёққа кетдинг, Гули?
— Ҳой, уятсиз, аввал юзингни юв, кейин чақирасан! Юзингни юв, деяпман! – койинди кампир.
— Ҳозир… Ҳозир! – йигитнинг боши ғойиб бўди.
…Мана, яна ўша бир хилдаги ёруғ кунлари бошланди. Гули офтоб нури кўтарилган сайин кўрган тушини унута борди. Келинчакнинг кундалик ташвишлари бошланиб, у ўзининг доимий хаёлларини ҳам эсдан чиқарди. Одамзот ўзи шундай: ҳамма ўйлар, ҳатто доҳиёна фикрлар ҳам мияга фақат бекорчиликдан келади.
Кундалик ташвишлар эса ҳамма ўй-хаёлларни қувиб чиқаради. Шунда одамзот қўли ва оёғи ҳамда тилининг қулига айланади. Тил паловни қандай дамлаш яхши бўлишини уқтиради, қўл сабзи тўғрайди, оёқ доимгидай овозини ютганча гавданинг бутун оғирлигини устига олиб тураверади. Мия эса катакчаларига ош ҳақидаги янги маълумотларни жойлаш билан овора бўлади.

Ташвишлар – буюк ҳукмдор! Унинг ҳукми фақат уйқу маликасининг амри олдидагина ожиз. Уйқу маликаси эса хаёлот салтанатининг арзандаси.
Кеч кириб, ташвишлар салтанати зил кета бошлагач, Гули ҳам қуллик занжирининг ихтиёрий кишанларини ташлайди.

Ундан сўнг…
— Чарчадингми, гулим?
— Йўқ…
…Саҳар…
— Мени танидингми?
— Танидим… Дилимсан менинг… Нега келдинг?
— Сен билан дардлашгим келди.
— Ҳозир-а?
— Бошқа вақт мени хаёлингга ҳам келтирмайсан-ку!

Гулининг иккинчи саҳари шундай ўтди. Эрталаб эса яна ташвишлар…

…Келинчак ҳар саҳар ўзининг ёруғ кунлари ҳақидаги ўйлари қуюнига ўралиб уйғонар, уни бу ўйлар гирдобидан фақат ташвишларгина қутқарар эди. Гули кундалик ташвишларга боши билан шўнғир, гўё шу билан гирдобдан сузиб ўта оладигандек тасалли топарди. Тасалли эса алдов эди, ширин алдарди. Лекин алдовнинг кучи ожиз, саҳаргача етарди, холос. Сўнг у ўзининг жулдур этагини судраганча ғойиб бўлар, кейин янги либосда келарди. Чунки унинг либослари бир кунлик эди, холос…
…Саҳарларнинг бирида келинчакнинг хаёлига гўдак иси урилди. Кўнглини наҳор ёруғлиги билан шом қоронғулиги босди…
Нималар бўляпти ўзи? Нега уни тинч қўйишмайди? У ҳаммасидан чарчади. Саҳарнинг кескир хаёлларидан чўчиб қолди. Унинг учун энди саҳар қийноқ эди. Фақат тун… Йўқ, энди тун ҳам азобга айланганди.
— Гулим… Нега индамайсан? Бир нима дегин?
— Қўйинг, ҳеч нарса керакмас…
— Гулижон… Мен сенга нима ёмонлик қилдим?

Дарвоқе, эри унга нима ёмонлик қилди? Ҳеч нима. Фақат… хотинини жуда яхши кўради. Бор-йўғи шу!
Гули эса бу севгининг ширин тасаллиси – оғриғи билан яшашга маҳкум. Унга бу оғриқ саҳар билан келди. Саҳар билан кетармикин? Қачон? У энди кунларни санарди.

— … Қўрқаман…
Нимадан? Азобданми? Йўқ… Келинчак бу азобга кўнган эди.
Саҳарда эса…
— Ухлаяптими?
— Ҳа…
— Уйқуси қаттиқ… Нега кетгинг келмаяпти?
— У мени яхши кўради.
— Сен-чи?
— …
— Сен-чи?

Кейинги саҳар…
— Унинг олдига ҳар саҳар келишинг мумкин, туш бўлиб… Худди мен сенинг олдингга келгандек…
— Кет!
— Ўйлаб кўр!
— Ўйлаб бўлдим! Кет!
— Паймонанг тўлиб қолди сенинг!
— У мени яхши кўради, кам-кўстим йўқ у билан!
— Шунинг учун ҳам паймонанг тўлиқ-да!
Саҳар бемажол, саҳар беилож, саҳар беимкон…

Такрор тушлар такрор саҳарларда келарди. Уларнинг такроридан ҳориган келинчак энди кундузнинг ташвишларига ҳам ярамай қолди. Туннинг азоблари эса бениҳоя эди.

— Гули… Гулижон…
…Севилиш наҳот шунчалар азоб?
Бу азоблар бир кун келиб портлаши керак эди. Ниҳоят, ўша палла етиб келди…

Кеч кузнинг фавқулодда ёруғ саҳари. Келинчак чўчиб кўзини очди. Деразалар оппоқ, шифт оппоқ, боши устига эгилган эрининг юзлари оппоқ… Гули сезди. Юрагида оғриқ билан сезди. Эри уни яхши кўради. У билан кам-кўсти йўқ. У – бахтли! Демак, паймона тўла…

У қўлларини қорни устига қўйди. Кафтларига гўдагининг боши, елкалари уннади. Аста силай бошлади. Кейин бирдан оғриқ туйди. Севилишнинг оғриғини, азобини ҳис этди.

Бахтиёрликнинг азоби вужудига ўтганини сезганда, дийдорнинг даҳшат эмас, балки роҳат эканини англади. Унинг вужуди қийноқлар юкидан енгил тортган эди. Бу қийноқлар унинг танини бурдалар, юрагини эса жисмидан олиб, кўкка томон узатар экан, кўз олдини қоплаган туман оралаб эрининг овозини эшитди:
— Гулижон, мен сенга нима ёмонлик қилдим?

ДАРАХТ МЕВА ТУГГАНДА
06

Ўша куни Ҳамида баногоҳ баҳор кириб келганини пайқади. Чунки тўрт ойдан бери биринчи марта тонг чоғи уйғонганда совуқдан сесканмади.

Тунги кўйлагининг узун этакларини осилтириб, ойнабанд айвончага чиқди.
Осмон аста-секин зангор тусга кириб борарди. Дераза орти ёришаётганидан айвончаларининг рўпарасида шох ёйган ўрикнинг ғунчалари яққолроқ кўринди.

Нафасини ютиб тонгги сукунатга қулоқ тутди. Борлиқ эрталабки шовқин олдидан сўнгги бор ором олар, қувват тиклар эди. Кўп ўтмай, атроф бирин-сирин ғийқиллаган, чийиллаган, гувиллаган товушларга тўла бошлайди. Бунга одамларнинг ғовур-ғувури қўшилади. Шу билан тонг ўзининг ғалати, турли-туман шовқинлардан яралган мусиқасини бошлаб юборади. Бу мусиқанинг суръати жуда шошқин, кишини ўз домига тортиб юборар даражада кучли.

Ҳозирча атроф осойишта, қалдироқ олди сокинлиги каби жим. Ҳатто бешикдаги ўғилчаси ҳам тамшанмай қўйган, сўрғичини унутиб ухлар эди.

Ҳамида одатдаги юмушлари олдидан бир зум тин олиш истагида дераза олдидаги курсига чўкди. Тўр парда чеккасини кўтариб, ташқарига боқди. Уйидан бошлаб ўттизлаб одим жойгача чўзилган, пастаккина буталар билан иҳоталаниб, ўрик, беҳи, олма дарахтлари экилган майдончадан нарида катта текис йўл кўринади. Ундан у ёғида баланд тераклар сафи, саф ортида эса ҳайдалган ернинг узун-узун палахсалари қорайиб ётади. Ёз чоғи у ерлар ям-яшил экинларга айланади, ҳозирча у ёқларга уруғ қадалмаган, ҳали ернинг захи кетмаган. Қайнонаси “кўч кўтарар” куни ғурурланиб: “Бераётган уйимиз кўм-кўк дарахтлар ўртасида, нақ боғнинг ўзи”, деганди. Фақат Ҳамида ҳали бу боғнинг кўркини рўй-рост кўрганича йўқ, келганларида авжи қиш эди.

Бир вақт эрининг телефони ожизгина товуш чиқариб қўйди. Ҳамида шошиб ётоққа кирди-да, мусиқа овози баландлаб улгурмасдан тугмачани босди. “Бошланди, – ўйлади у, – уйғониш, иш, юмуш, югуриш…”
Бешик ғирчиллади, гаврапўш ичидан ўғилчасининг ғингшиган товуши чиқди. Она қўлини ичкарига суқиб, сўрғични топди, гўдагининг кўзлари юмуқ ҳолича оғзини катта очиб “овунчоғи”ни излашига бир зум кулиб қараб турди.

– Болани қийнамасанг-чи, – каравотдан эрининг овози келди. – Бер “шакалат”ини!
Ҳамида “пиқ” этиб кулди, сўрғични чақалоғининг оғзига тиқиб, ўзини кўрпага ташлади-да, эрининг бўйнидан маҳкам қучиб олди.

Мирсоат уйқусираган кўйи хотинининг эркалик қилишига бир пас йўл қўйиб берди. Кейин шивирлади:
– Бугун ишга эртароқ кетмасам бўлмайди, турақол энди.

Келинчак норозиланди:
– Нуқул иш, иш дейсиз-а….

Йигит жиддий туриб:
– Агар ўша ҳисоботини эртароқ қилиб бермасам, иш ҳақим кам чиқади, – деди, – унда ўша сен мақтайдиган витаминли бўтқани нимамизга оламиз, а?

Бу саволга эътироз қилиб бўлмас эди. Ҳамида ўрнидан туриб, кундалик кўйлагини кийди-да, ошхонага чиқди. Айвончага дастурхон ёзаркан, дарахт учида илиниб турган оқ булут парчасига қараб: “Мунча момиқ бўлмаса, – дея шивирлади. – Ростдан ҳам баҳор келибди”.

Биргина шу сўзнинг ўзи унинг кайфиятини тамомила кўтариб юборди. Назарида қайнаётган чойгуми, товада вишиллаётган қуймоғи, ҳатто жаранглаганча қўлидан тушиб кетган қошиқчалари – бари келаётган куннинг руҳини ўзига сингдириб улгурган, шу боис шошқин, шовқинли эди.

Сариёғ суртилган нонни апил-тапил чайнаётган эрига қарар экан, кулгиси келди. Мирсоат оғзини тўлатиб олганидан иккала лунжи шишган, чайнаш зўридан ҳатто қулоқларигача қимирлар эди.
“Шошмасангиз-чи, — хаёлидан кечирди келин. – Нонуштанинг таъмини ҳам сезмайсиз-а…” Лекин индамади. Чунки эри унинг бу эътирозига ҳам бирон-бир мантиқли жавоб топиб беришига, шу билан мот қилишига ишонар эди. Йигит эса доимгидай, вақтдан ютиш ниятида пиёласидаги чойи илишини кутаётиб, телефонига келган SMS-хабарларга кўз югуртириб чиқди, сўнг телефонига яна бир нималарни қайд қилди. Охири илиб улгурган чойдан бир пиёла ичди-ю, фотиҳа ўқиб ўрнидан турди.

Эшик ёнида курткасини кияркан, хотинига кўз қисиб қўйди. Келинчак кулимсиради. Йигит илжайди-да, Ҳамиданинг бурнига бармоқ учини аста теккизиб қўйиб, ташқари чиқди, “Яхши бориб келинг”, – тилагига жавобан бош силкиди.

“Ана бўлди, – ўйлади Ҳамида, – ишга кузатдик. Энди қолган юмушларни бош-лай-ми-и-из…”
Ўғилчаси уйғонди, ташқарида кўз таниш бўлиб қолган сутчи хотиннинг “сут, қатиқ, қаймо-о-оқ” деган чақириғи эшитилди, сал ўтмай, ўзи эшик қўнғироғини жиринглатиб келди-да, доимий мижозларига пластик идишда сут ташлаб кетди. Шу билан навбатдаги кун бошланди.

Баҳор келгани, изғиринли кунлар ортда қолгани ҳақидаги ёруғ ўйлар келинчакнинг бугунги кунини ўзгача изга солиб юборди. Оҳ, кўклам келяпти! Ниҳоят, мана шу тўртта деворга тиқилиб ўтиришлар йўқ бўлади, энди ўғилчаси камроқ шамоллайди, болани қаватма-қават кийинтиришларга чек қўйилади, шу боис гўдагини кўтариб юришга қийналмайди, ўзи ҳам шу дардисар пальтони киймайди. Келинчак сарпо талабларидан келиб чиқиб танланган сувсар ёқали, оғир, узун пальтосини эгнида тасаввур қилди-ю, гўё юк тушгандек, елкаларида оғриқ туйди. Турасолиб, кўрпаларини ағдариб, сандиғини очди. Қор тушганда баҳорги кийимларини тахлаб, эҳтиётлик билан ўраб, жойлаб қўйган эди. Мана, қўшни келинчакларнинг ҳавасини келтирган, ёқа, ўмиз, енг ва этакларига олтин ранг нозик1 қадалган кўйлаги. Манави қаймоқранг костюмини ўзи ҳам севиб киярди. Э, бу қирмизи либос ҳозир унга мос келармикин? Ишқилиб, тўлишиб кетмаганмикин? Ахир уни устига илмаганига ҳам анча бўлди-да! Ўтган баҳор оғироёқ эди, эгнида тўкилиб турадиган тўғри бичим кўйлакларга куни қолганди. Каттакон қорни билан қайнотасига кўринишга уялгани учун онаси унга мана шунақа кўйлаклар тиктириб берганди.

Келинчак ўша пайтдаги аҳволини эслаб, ўзича кулиб қўйди. Соддалик қурсин, гўё кенг кўйлак кийса, қайнота-қайнукаси ҳеч нарсани сезмайдигандек… Уй ичида кийимларини ҳилпиратиб юраркан, эри “э, елканли кеманинг ўзи бўлибсан-ку, бўғирсоқ”, дея кулган, у эса чидолмай йиғлаб, қайнонасига шикоят қилган эди. Оҳ, қайнонаси ўшанда ўғлининг адабини боплаб бериб қўйди-я!

…Тушликдан кейин боласини бешикка белади-да, кўзлари юмила бошлаган гўдакка бир пас маҳлиё бўлиб ўтирди. Кейин гаврапўшни ёпиб, ўрнидан турди. Тошойна қаршисига келиб, тароғини қўлига олди. Вой-бўй, сартарошхонага бориши керак экан, упаси ҳам тугай деб қолибди.

Либосларини бирма-бир кийиб кўра бошлади. Эҳ, қирмизи кўйлак баданида тортилиб қолди. Тўлишибди-да… Қаймоқранг костюм дуруст, манави мовий ранглиси ҳам ёмонмас, чидаса бўлади… фақат… шу… бўкса томони ғалатироқ турибди-да…

Охирги кийимни ечгач, толиқиб, гилам устига ўтириб қолди. Баҳор, умид билан қаршиланган баҳор келинчакнинг дилига қувонч билан биргаликда ғусса ҳам келтирган эди. Ҳамида аввалги нозик-ниҳол келинчак эмас экан!

Хўрсиниб, либосларини йиғиштирди-да, жавонга тиқиб юборди. Ваннахонага ўтиб, боласининг иштончаларини ювишга тутинди. “Ҳаммаси бекорчиликдан мияга келадиган хаёллар”, — ўйлади у ортиқ ўзини қийнамасликка аҳд қилиб.

Ҳамида шу билан яна ўзининг кундалик юмушларига шўнғиди. Гўё эндиги ҳаёти фақат шунгагина боғланиб қолгандай жидду жаҳд билан бир нималарни тозалар, ювар, тикиб-чатар, дазмоллар, пиширар эди.
Фақат қош қораяр маҳали тин олар, одатича, беихтиёр сурмасини қўлига олиб, тошойна қаршисига келаркан, тўлиша бошлаган қомати, осила бошлаган бағбақаларига назари тушиб юраги ачишар, ўз-ўзидан хўрсиниб қўярди.

Лекин Мирсоат хотинидаги кайфият ўзгаришларини сезмасди. Чунки зоҳиран ҳеч нарса ўзгармаган эди. Оқшом чоғи уйга келганда плита устида кечлик таом тайёр, эртага ишга киядиган кўйлаклари силлиқ дазмолланган, пайпоқлари текис тахланган, озода дастурхон устига чиройли ликопча, пиёлалар териб қўйилган бўларди. Мирсоат хурсандликдан иккала қўлини бир-бирига ишқаб, қозонга назар соларди, хотини эса худди ёш болани кўндирмоқчи бўлгандек: “Мана ҳозир, кийим алмаштириб чиққунингизча овқатингизни косага сузиб тураман, борақолинг”, — дея жилмаярди.

Телевизор қаршисига ёнбошлаганда эса Ҳамида унинг ёнига келиб чўккаларди. Шу онда телевизор икковининг ёдидан чиқиб, эътиборлари рўпараларида, кўрпачада ётган ўғилчаларига қаратилар, зўр бериб эмаклашга уринаётган болага қараб кулишар эди.

Оқшомги осойишталик руҳи аста-секин тунга сингиб кетарди. Тун ўзига “юққан” шу атворни тонгга узатарди. Келинчак кўз очиб теваракдаги сокинликка қулоқ тутаркан, дили ёришиб келаётган осмон билан уйғунлашиб, тиниқлашиб кетарди. Кейин у енгил тортиб айвончага чиқарди-да, ўрик ғунчаларининг гулга айланишини кузатарди. Ёришиб келаётган осмоннинг ранги қандай ўзгариши, уфқдаги булутларнинг туси тиниқлашиб бораётгани, ер усти кўкараётгани кун сайин яққолроқ кўринарди. Деразани очиб, юзини саҳарги салқинликка тутганда шабаданинг вазни ҳам енгиллашгандек туюларди.

Шундай кунларнинг бирида сутчи хотин иккита каттакон сумкани кўтариб келди.
– Уҳ, нафасим тиқилди-я, – хотин остона ёнига чўнқайди. – Бир пиёла сув беринг, ўргилай.
Ҳамида илиққина чойни ҳўплаётган хотинга биринчи бор кўраётгандек, қизиқсиниб разм солди. Қотма, офтоб ялаган юзлари гўё сингиб пишган кулча янглиғ, буриша бошлаган ёноқларида қорамтир қизиллик ўйнайди…

– Яқинда бу киши сигир ёнига иккита қўй ҳам қўшиб бердилар, – деди ишчанлик билан сутчи хотин. – Агар семиртириб олсак, сут-қатиқнинг пулидан ташқари, қўйни сотишдан келадиган тушум ҳам меники бўларкан. Анчагина камим бор эди, шуларни тўғрилаб оламан, девдим-да… Ҳозир қиз узатишга би-и-ир дунё нарса керак! Ўқиши битса, насиб қилса…

– Қаерда ўқийди қизингиз? – бепарвогина сўради келинчак.
– Бухгалтерликка ўқияпти, шу иш ёқар экан, ўқийман деб қўймади. Ҳозир анча нуфузли касб экан, билганлар шунақа дейишди. Майли-да, бу ҳам маҳаллада обрў… Ўқишининг пулини отаси тўлаяпти, сепини мен йиғяпман… – хотин ўз ишидан мамнун кишилар каби ғурурланиб кулиб қўйди. — Уйингиздан пўчоқ чиқса, бегона қилманг, ўзим кунора олиб кетаман. Ҳарна-да… Бўлса, ҳозир ҳам чиқариб бераверинг.
…Сутчи хотин кетгач, келинчакка уйи ичида шамол, дала иси қолгандек туюлди. Кираверишни супураркан, остонага тушиб қолган қуриган қоқи ўт баргини кўриб қолди. Қўлига олиб, гўё ноёб топилдиқдай томоша қилди. “Қатиқ идишлари жойланган сумкадан тушган шекилли, ёки опоқининг калишига ёпишиб қолганмикин?” – ўйлади у.

Бир вақт бу барг яшаган банднинг учида сап-сариқ гул очилган, кейин у момақаймоқ “бошчаси”га айланган, охири шамолларда тўкилиб, кузги хазонлар қатори қорлар тагига тушган… Чириб кетмагани ғалати…

Шу куни ўғилчасини кўтариб нон дўконидан қайтаётганда уйи ортидаги дарахтлар тагидан ўтган ингичка ариқ лабида ялпиз япроқчалари бўй кўрсатганини кўриб қолди. Нарироқда жағ-жағ, отқулоқ кўкарибди. Боласини бағрига маҳкам босди-да, энкайиб, кўкат беришга тутинди. Анчагина, елим халтачасининг оғзи баравар чиқди.

Оқшом дастурхон устига кўк чучвара, сомса қўйди.
– Шунақа пазандалигингни яхши кўраман-да, онаси, – илжайди Мирсоат.
– Ўзимни-чи? Мени ҳам яхши кўрасизми?
Йигит қошларини кериб хотинига қаради:
– Ие, бу қанақа гап бўлди энди? Яхши кўрмасам, уйланармидим?
– Ҳозир, уйланганингиздан кейин ҳам яхши кўрасизми мени?
Эри оғзини тўлдириб сомса чайнаётганидан гапиролмай, бошини силкиди:
– Ҳа.

Бу жавоб келинчакни қониқтирмади. Кўзларига ёш тўлди. Эри эса ҳайрон бўлди:
— Қизиқмисан, шунга ҳам йиғлайдими одам?
— Бу гапни… бу гапни мунақа айтмайди-да!
— Қанақа айтади?
— Авваллари… авваллари қанақа айтган бўлсангиз, шунақа!

Мирсоат ха-холаб юборди:
— Аввалгидек, дегин? Япон боғи, тош йўлка, сунъий булоқ… А?
Хотинининг хиқиллай бошлаганини кўриб, йигит хижолат аралаш:
— Қўй энди, — деди, — йиғламагин, кунлар исиб кетса, япон боғига яна олиб бораман сени…
— Керакмас…
— Жон… – Мирсоат хотинини юпатгиси келса, ҳамиша шундай дерди, — жон… қаролмаган бўлсам… ишим жуда кўпайиб кетди-да, ишга кўмилиб қолдим, жон! Лекин сени эсдан чиқарганим йўқ!

Барибир келинчакнинг дилидаги ўкинч тарқамади. Эрининг сўзлари замиридаги мазмун тўғри: энди у аввалги Ҳамида бўлмаганидек, Мирсоат ҳам бурунги ошиқ йигит эмас, бир вақтлар икковининг дил-дилига титроқ солиб юборувчи сўзлар энди оддий гапларга айланган. Чунки улар шундоқ ҳам ёнма-ён, бир-бирларини кўриш учун минг бир ҳаяжон, юз бир изтироб, хавотир чекиб, йўл босиб келишлари шарт эмас, шундоққина бошларини буриб ёнларига қарасалар бас! Шу боис ўрталарида хотиржамлик яшайди. Эртанги кун ҳам бир-бирларини кўришлари аниқ, айтадиган гаплари тайин, шундоқ экан, ташвиш чекиш на ҳожат?

Ҳамиданинг назарида эрининг бамайлихотирлигига сабаб шу эди. Айнан шу бамайлихотирлик ёш аёлни хавотирга соларди. Хотиржам яшай-яшай, ахийри анави сутчи хотин сингари бор ишчанлигини ташвишларини битиришга қаратиб қолса, эҳтимол. Ёки қайнонасига ўхшаб, бир фарзандининг орзу-ҳавасини битириб, иккинчисининг орзу-ҳавасига бел боғласа керак. Ахир келинлар бора-бора қайнонасига тортиб кетар экан-ку! Онаси шунақа деган эди.

У ҳолда аввалги туйғулари қаёққа кетади? Беиз, бенишон йўқоладими? Ёки келаётган қатор-қатор оддийгина кунларига, болаларининг орзу-ҳавасларига, рўзғор аталмиш мана шу иншоотнинг кам-кўстларини ямашга сарфланиб, парча-пурчаларга, балки зарраларга бўлиниб кетадими? Агар шундай бўлиб чиқса, туйғуларнинг уйғонишида нима маъни?

Келинчак юрагидан шуларни кечирди-ю, ваҳм ичра йиғлай бошлади. Мирсоат аввалига ҳайрон бўлди: “Хафа бўларлик гап ўтмади-ку?” Кейин хавотирланди: “Тинчликмикин? Нега тўсатдан сўраб қолди? Чакки юрмаган бўлсам…” Охири аччиқланди: “Жуда нозик бўпти-да!” Сўнг тескари ўгирилиб ётиб олди. Хотинининг хўрсинишларини эшитмаганга солди.

Эрталаб Ҳамиданинг қовоқлари қизариб шишганини кўриб, кўнгли хижилланди-ю, нонуштага қарамай ишига жўнади.

Кўча эшик секингина ёпилди. Аммо келинчакнинг назарида эшик қарсиллади-ю, уйнинг деворларини зириллатиб юборди. “Хафа бўлибди, — ўйлади у, — эркалик қилиб юборибман-да! Бояқиш бизни зориқмасин деб уриниб ётибди-ю, мен…”

Шу пайт қўнғироқ жиринглади. “Қайтиб келди!” – ховлиқиб эшикни очди. Остона ёнида биринчи қаватдаги қўшни аёл турарди, ёнида маҳалланинг онабошиси, икковининг қўлларида биттадан тоғора.
— Келинпошша, бугун қозонга сумалак соламиз, — шанғиллади онабоши, — ҳаммага ундирилган буғдой тарқатяпмиз, сизга ҳам олиб чиқдик, ниятингизни айтиб-айтиб майдаланг, зора рўёбга чиқса…
Гўшт қиймалагични ўрнатиб, идишларни тайёрлар экан, бирдан ўпкаси тўлиб кетди. Ниятлари… Ҳамиданинг рўёбга чиқадиган қандай ниятлари бор? Аввало тинч-тотув, бахтли яшашни, дилидаги ўша туйғулари сўнмаслигини истайди, ўғилчасининг эсли-ҳушли йигит бўлиб улғайишини ҳоҳлайди, кейин… кейин ширингина қизчаси бўлишини… Келинчак овсинининг қақажон қизини эслаб, юраги ҳавасдан энтикди. Унинг ҳам қизчаси бўлгандайди, қўғирчоқдек ясантирарди, қўлларида кўтариб сайрга чиқарди, гулларнинг, дарахтларнинг номларини айтишни ўргатарди… исми… майли, қайнонаси қандай исм берса, берақолсин!

Шу асно ташқаридан аёлларнинг шодон ғовур-ғувурлари, болаларнинг чувур-чувури эшитилди, кимдир гумбурлатиб ўтин ёрди. Ҳамида деразаларни очиб юборди. Шу заҳоти уй бурчагига ўрнашган новвойхонадан янги ёпилган нон иси келди, айвонча ўрик гулларининг сархуш қиларлик ҳидига тўлиб кетди.
Келинчак тоғорага уйилган буғдой танаворига2 қараб, бирдан ўйлаган ниятларининг ҳаммаси оиласи билан боғлиқ эканлигини тушуниб қолди. Ахир ёнида Мирсоат бўлмаса, у қандай қилиб бахтли яшайди? Ўғли ақлли йигит бўлиб улғайиши, ширингина қизчага она бўлиши, ҳатто қайнонасининг шу қизчага исм бериши учун ҳам ёнида Мирсоат бўлиши зарур-ку!

Келинчак тоғорани кўтара зиналардан пастга қараб чопди. Тўрт томони кўп қаватли уйлар билан ўралган майдон ўртасида қаққайган тўйхона ичи куймаланган аёлларга, нарироқдаги яланглик эса тўп тепаётган болаларга тўла эди. Ҳамма ёқда баҳор, серташвиш, серғалва, лекин севимли ҳаёт ҳукмрон!
Ҳамида яна зиналар оша юқорига югурди. Боласини апил-тапил кийинтирди, уйидан чиқар пайти йўлакчадаги катта кўзгуга қаради. Бошидаги дуррачаси тагидан мўралаган сочини четга қайирди, қошига яна бир бор қалам теккизиб, эгнидаги яшил камзулчасининг тугмаларини солди-да: “Мана, биз қанақа бўлибмиз”, — деб кулди.

Сумалак қайнаб чиққунга қадар қўшни келинлар билан кулишиб, ун қумоқ-қумоқ бўлиб қолмасин учун навбатма-навбат қозондаги аталасимон суюқликни човли билан аралаштириб турди.
Бир вақт юраги ўз-ўзидан сиқила бошлади. Секингина даврадан чиқди-да, ўғилчасини кўтариб уйига кирди. Бир нарсани йўқотган каби яна ташқари чиқди, ичкари кирди. Охири жавонни очиб, кўйлакларини ахтарди. Қўлига қайчи, нина-ип олди. Агар либоси қоматига мос келмай қолган бўлса, уни мослаштириб қайтадан тикиб олади! Шунга ҳам йиғлаб юрибдими?

…Мирсоат автобусдан тушаётиб, бекатда турган хотинини кўрди. “Қаёққа отланишди?” – ўйлади ҳайрон бўлиб.
– Сизни кутяпмиз, – жилмайди Ҳамида.
– Ясан-тусан жойида-ку! – кулди йигит.
– Ярашибдими?
– Ярашиш ҳам гапми?

Мирсоат майда-чуйдалар солинган халталарни бир қўлига, ўғилчасини иккинчи қўлига олиб, хотинига:
– Юр, уйга кетайлик, ҳаво айнияпти, — деди.
Ёмғир ярим тунгача ёғди. Ҳамида эртаси эрталаб лойга қоришган гул япроқчаларига кўзи тушгач:
– Гуллари тўкилиб кетибди, битта ҳам қолмабди-я! – дея хўрсинди.

Мирсоат ўғилчасини бағрига босганча деразага қаради.
– Дарахт мева тугибди, қара, довуччалари бўртиб турибди, – деди. – Ҳали пишганда кўрасан, шунақанги чиройли, ширин ўрикка айланадики, гулининг чиройи мевасининг олдида ҳеч гап бўлмай қолади!
————————————-
1. нозик – либосларга қадаладиган майда мунчоқчимон безак, яъни бисер
2. танавор – пишириш ёки шарбатини сиқиб олиш учун тайёрланган ярим маҳсулот

0_1  Муаллиф ҳақида

risolat_haydarova   Рисолат Ҳайдарова 1966 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
Республика матбуотида унинг тарихий ва замонавий мавзудаги ҳикоялари, шеърлари, адабий-танқидий мақолалари чоп этилган. Унинг «Кетган қишнинг дардлари» номли шеърий,«Ғурғуртепада саратон» ҳикоялар туркумлари, «Мағрура» номли қиссаси китоб ҳолида нашр этилган. «Жавзо» тарихий романи адибанинг навбатдаги изланишлари маҳсулидир.
Веб-саҳифамизда тақдим этилган адибанинг «Учинчи башорат» ҳикояси ва «Жавзо» тарихий романи билан мана бу саҳифада танишинг.

xdk

(Tashriflar: umumiy 156, bugungi 1)

Izoh qoldiring