Tavfiq Fikrat. She’rlar.

001

Саҳифа атоқли турк шоири Тавфиқ Фикрат таваллудининг 145 йиллигига бағишланади.

Турк адабиётининг йирик вакили Ризо Тавфиқ Фикрат (1869-1915)   Эдирнадаги Жисри Мустафопошо қасабасида туғилган. Отаси ўқитувчи Меҳмет афанди, онаси Кавказ черкасларидан Мунира хонимдир.
Талабаликдан ижтимоий ҳаётга фаол аралашган Ризо Тавфиқ 1907 йилдан яширин ҳаракатдаги «Иттиҳод ва тараққий» жамиятига киради. Иккинчи Машрутият (конститутция, 1908) эълони кунларида майдонлардаги нутқлари билан Истанбул халқига танилади, сайловда Эдирнадан миллат вакили этиб сайланади ва Миллат Мажлисида фаолият кўрсатади.

022  Тавфиқ Фикрат асосан донишманд, файласуф шоир сифатида танилган. Бунда унинг инглиз, француз, иброний (иврит), форс, араб, испан, рум-юнон, армани каби қатор тилларни чуқур билиши, кўп фанлардан теран хабардорлиги муҳим ўрин тутган. Шарқ ва Ғарб маданиятини бирдай кенг эгаллаган. У ўсмирлигидаёқ илк шеърларини арузда битган. Турк халқ адабиётини севиб ўрганган, фолклор мавзусида кўплаб тадқиқотлар яратган, шунинг учунми, бармоқ вазнидаги асарларида бахшиларча жўшқин оҳанглар бўртиб туради. У ижодининг бошланишида Тавфиқ Фикрат ва Абдулҳақ Ҳамид таъсирига берилади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Айниқса, Ҳамиднинг сеҳри таъсирига тутилдим. Баъзи асарларини шиддат-ла танқид этганим ҳолда шоир ўлароқ уни барчадан устун кўрардим».

088
Абдулҳамид Чўлпон
МАРҲУМ ТАВФИҚ ФИКРАТ
011

Усмонли адабиётини оз-моз ўқуганлар, унинг билан бир даража ошно бўлганлардан қайси бириси бу исмни билмайди, қайси бириси муни танимайди.

Усмонлиларнинг «адабиёти жадида» (янги адабиёт)чиларининг пир ва устози бўлган Тавфиқ Фикратбек бутун янги насл туркларнинг юракларина гўзал, нафис ва латиф шеър букетлари қадамишдир. Унинг кенг хаёли равон (тез) ва енгил ифодаси кимни, қайси бир шеър ва адабиёт муҳибини тасхир этмас? Хусусан унинг «Рубоби шикаста» (синиқ дутор)си, ундаги баланд ва латиф йўллар нақадар жозибали ва завқли нарсалардир!

Тавфиқ Фикрат «Рубоби шикаста»си ила қанча танилган бўлса, унинг ила қанча нафосат суювчиларни ўзига мафтун этган бўлса, «Тарихи қадим»и, у даҳшатли фарёди ила одамларнинг қалбинда буюк-буюк ўзгаришлар вужудга келтирмишдир. «Тарихи қадим» «Рубоби шикаста»дай эмасдир: «Рубоби шикаста» дунё кўрмишдир, матбаъда темирлар орасинда қисилмиш, қоғоз бетларинда неча минг нусха босилмишдир. Локин, «Тарихи қадим» маҳфийдир, қўлдан қўлга кўчирилуб, ёзилуб юргизиладурган нарсадир. У тарихнинг жиноятлари каби сирлидир, ҳар кимга «мана мен!» деб кўруна бермас. Уни босдириш мумкин бўлмади. У олий фикрлар бечора Шарқнинг кўҳна, чирик миясига сиғмади; забун, эзилган шарқлининг кенг қалбинда жой топа олмади; бир вақтлар. Умар Ҳайёмнинг энг аччиғ ва даҳшатли фикрларига майдон берган Шарқ муҳити, асорат ва қуллик остинда шу қадар эзилмишдирки, буни, бу қийматли асарни ўзига сиғдира олмади… Эҳтимол, энди Шарқнинг четлар султонидан қутулуб ҳақиқий инқилобга яқинлашуб келаётган вақтларида буюк шоирнинг улуғ фиклари дунё юзи(ни) кўрса…

Тавфиқ Фикратбек ўзининг бу буюк руҳи ила, у:

Дин шаҳид истар, осмон курбон,
Яна қон, ҳар тарафда қон, қон, қон! («Тарихи қадим»)

деган, қонга, зулмга, жиноятга қарши кўпурган жони ила — бу жиноят уяси бўлган «эски дунё»да зўрға-зўрға тоқат қилуб чидаб турди. Охирда, у неча милиўн гуноҳсиз жонларни ютуб, кўб мамлакатларни вайрон қилуб келган «маданият уруши» (Оврупо муҳорабаси)дан сўнг чидай олмади; одамлар у ваҳший «ҳайвон»лар ичиндан чиқди. Истанбулнинг бир чекасида, бир жаъра гўшада 1—2 йил ёлғиз бошига дарвешлардай умр ўтказди. Охирда Оврупо «ўлум машинаси»нинг энг тезлаган ваҳшат оташининг энг қизиғон бир вақтида кетди тинч, роҳат дунёга кетди.

Бу «ваҳшатобод»ни тарк этди.

Энди унинг қабри бутун усмонли ёшларнинг зиёратгоҳидир. Дунёнинг ваҳшатига ўч, лекин ўзи каби дарвешлардан бири, файласуф дўқтур Ризо Тавфиқ унинг қабрини зиёратига боруб қабри устинда айтадир: (босилмаган асарлардан).

ФИКРАТНИНГ ҚАБРИНДА

Дейдиларки, эссиз қолан тирбангда
Ваҳший гуллар очмиш, кўрмая келдим;
У боғ жаннатинг ҳокина банда,
Ҳасрат-ла юзимни сурмая келдим!

Дейдиларки, сенга амал боғлаян
Қабрингда диз чўкуб бир дам оғлаён
Бир мурод ўлурмиш, банда бир замон
Оғлаюб мурода эрмая келдим!

Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳоринда
Чолалар титраган чаманзоринда
Кун буғмазди банда мозорингда,
Мотам чечаклари дермая келдим!

Сени онгдим бутун ғам чеканлар-ла
Ишқ ҳақ ўғринда ёш дўканлар-ла
Сориғинча вайрон шу деганлар-ла
Тошингга бир чаланг урмая келдим!

Ёдинг ўлум каби бир сир мубҳам
Нашъа шу долли бу ҳис исм.
Руҳимда на фусун айладинг илҳом
Бу кун сенга кўнгул вермая келдим!

Шундай қилиб, улуғ бир шоир дунёдан кетди. Уни билганлар йиғлаб қолдилар, билмаганлар — яна илгаридай.

Дунёнинг ваҳшатлари бўлса яна ҳамон давом этмакда, мазлумлар инқилобигина ниҳоят бермаса бошқа мажот кўрилмайдир.

Роҳат, масъуд ёт қабрингда эй улуғ пир!..

________________

Марҳум Тавфиқ Фикрат. — «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 10 январь сонида босилган.
Мақолага изоҳлар:
Тавфиқ Фикрат (1867—1915) — турк шоири, журналист. Асарлари 1894 йилдан чоп этила бошлаган. Ўша вақтда адабнй марказ вазифасини ўтаган «Сарвати фунун» («Билимлар хазинаси») журнали унинг муҳаррирлигида чиқиб турган. 1908 йил инқилоби Тавфиқ Фикратнинг идеалига мос келмаган, журналистикадан йироқлашган.
«Рубоби шикаста» — шоирнинг 1899 йилда нашр қилинган шеърий тўплами.
«Тарихи қадим» — шоирнинг фалсафий-ижтимоий қарашларини ифодаловчи достони.
Тасҳир — сеҳрламоқ, бўйсундирмоқ.
«Маданият уруши» — биз Биринчи жаҳон уруши деб атайдиган уруш Туркистонда чиққан газеталарда «Европа муҳорабаси» деб юритилган. Чўлпон «маданият уруши» дея урушни қўзғаган «маданиятлилар»га аччиқ киноя қилади.
«Ўлим машинасининг энг тезлаган» вақти — Биринчи жаҳон уруши авж палласига кирган вақт, образли ифода. Тавфиқ Фикрат уруш айни қизиган 1915 йилда вафот этган.

088
Тавфиқ Фикрат
ШЕЪРЛАР
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржималари
011

УЧИНГ, ҚУШЛАР

Эй қушлар, учинг мен туғилган ерга –
Энди у тоғларда ғуж сунбул бордир.
Ўрмонлар қўйнида сап-салқин дара,
Тиканлар ичида сариқ гул бордир.

Сой оғир оқадир, тўлғунми, билмам,
Ой оғир хастами, сўлғунми, билмам,
Бахтсиз бир келиндай маҳзунми, билмам,
Тоғларин бошида қора тул* бордир.

У ерда энг гўзал чоғ ўтди, дейман,
Эслаб у кунларни бугун инглайман,
Умрим достонини ўқиб, тинглайман,
Ичимда у ерлик бир булбул бордир.

Учинг, қушлар, учинг! Бунда вафо йўқ!
Ундай оқар сувлар, ундай ҳаво йўқ!
Фарёдимга қарши акси садо йўқ,
Бу ёнғин еринда совуқ кул бордир.

Эй Ризо, дард-қайғинг бошингдан ошқин,
Айтсанг, туганмайдир алами ишқинг,
Сенда денгиз каби ҳар доим тошқин,
Ҳар чоғ тўлқин урган бир кўнгул бордир.

____________
* Т у л – парда.

АНАТЎЛУ

Анатўлу-Султон Усмон ўсган юрт,
Туғрулбекнинг қўноғидир у эллар.
Миллатимиз шунда униб, топди қут,
Бизга она қучоғидир у эллар.

Усмонлилар унутмасин сўйи*ни
Бу ўлкада ошдик ҳудуд бўйини,
Бунда бўлди урушлар-ўт ўйини,
Оталарнинг ўчоғидир у эллар.

Бу давлатга унда тамал отилди,
У майдонда жон олиниб-сотилди;
Милтиғу тўп отиб, йўллар ўтилди,
Қаҳрамонлар ўртоғидир у эллар.

Бир замонлар қироллардан тож олдик,
Учган қушдан, оққан сувдан бож олдик,
Қанча қирриқ, ёвуз ёвдан ўч олдик-
Бу куч-қувват булоғидир у эллар.

Қанча ғозий бунда келиб-кечдилар,
У сойлардан обдаст олиб**, ичдилар,
Мамлакатлар фатҳ этдилар, кўчдилар,
Эранларнинг туроғидир у эллар.

Ҳар вайрони узра бир эр-аскар бор,
Мақбаралар ичра неча сарвар бор;
Билмам, қайда бундай бахтли бир ер бор?
Улуғ Каъба тупроғидир у эллар.

Ўрмонида турли қушлар сайрайдир,
Яйлоғида қўй-қўчқорлар яйрайдир,
Далаларда олтин бошоқ қайнайдир,
Кўнгилларнинг овлоғидир у эллар.

У ерларда асл туркнинг аймоғи,
Жавоҳирдир бутун тоши-тупроғи,
Чечак исли кумуш оққан ирмоғи,
Бойлик кони – ётоғидир у эллар.

Юртсеварлик ҳар туркнинг ишқ савдоси,
Мамлакатдир кеча-кундуз рўёси,
Аскарларнинг келин-куёв сарпоси,
Севишганлар чорбоғидир у эллар.

Ризо! Бунда ҳар ким қурбон бўлгандир,
Тупроқ ичра ётган онанг, отангдир…
Анатўлу асил эски ватандир,
Онамизнинг қучоғидир у эллар.

_____________
* С ў й – ирқ, сулола.
** О б д а с т о л м о қ – таҳорат қилмоқ. (Тарж.)

ТАВФИҚ ФИКРАТ РУҲИГА

Эшитдим – қаровсиз мозоринг чўкиб,
Ўт-ўлан босибдир, кўргани келдим.
Бу жаннат боғида дуолар ўқиб,
Хокингга юзимни сургани келдим.

Эшитдим – сенга ким кўнгил боғласа,
Қабрингда тиз чўкиб, бир дам йиғласа,
Муродга етармиш… Мен ҳам бир лаҳза
Йиғлаб, муродимни сўргани келдим.

Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳорида,
Шудринглар титраркан чаманзорида,
Кун чиқмасдан олдин, дўст мозорида,
Мотам чечакларин тергани келдим…

Эслашдик сени ғам чекканлар билан,
Ишқу ҳақ учун ёш тўкканлар билан.
Шу сариқ ғунчали тиканлар билан
Тошдан бир гулчамбар қургани келдим.

Ёдинг ўлим каби бир сирри мубҳам!..
Севмоқ нашъасими бу ҳисси алам?..
Руҳимга не афсун айладинг, билмам…
Бу кун сенга кўнгил бергани келдим!..

ҚАЛАНДАРИЙ

Харобот аҳлимиз. Бу бир оламдир.
Шавқ ила унда дам сурганларданмиз.
Ҳисоб сўрма биздан, биз ҳайли дамдир,
Дафтари аъмоли турган*ларданмиз.

Юрак қонин ичдик базми сафода,
Жовидон завқини топдик ризода,
Аҳдга содиқ туриб вақти балода,
Кўксин қаҳр ўқиға керганларданмиз.

Тўймас нафсимизни осдик шу дорга,
Жилмайиб сар бердик Улуғ Сардорга,
Бир ғамза йўлида дийдори ёрга
Жону бош, кўнгилни берганларданмиз.

Дарс олиб жононнинг фаттон кўзундан,
Шеърлар машқ айладик ширин сўзундан,
Яширин бир йўлдан-ботин юзундан
Каъбаи мақсудга кирганларданмиз

Ишқ нури инаркан дили огоҳга,
Руҳ қушин учирдик ул қурбгоҳга!..
Ота ўчоғидир, биз у даргоҳга
Дастурсиз кирганча юрганларданмиз.

Таважжуҳ қилмадик боби ниёзга,
Ирфон-ла эришдик рутбаи нозга;
Биз ҳам ошиномиз шабадабозга,
Парданинг ортини кўрганларданмиз.

Ориф бўлсанг агар, комилга эгил,
Илминг-ла овунма! Сен ўзингни бил.
Маърифат боғидан нафақат бир гул,
Даста-даста чечак терганларданмиз.

Ҳей, Ризо! Орифмиз, дарвишниҳодмиз,
Барча боғловлардан узилдик, шодмиз!
Ўзида йўқ мастмиз, ғамдан озодмиз,
Бошни майхонага урганларданмиз!..

___________
* Т у р г а н – тўхтаган маъносида. (Тарж.)

ҒАРИБ ҲОЛАТ

Ҳасратинг алами кўнглимдан тошар,
Ҳижрон оғусига тўлган чоғимда.
Ситамдийда руҳим сенинг-ла яшар,
Йиғлаб, сукутларга толган чоғимда.

Гоҳ ёдинг тиғ каби зеҳнимни тилар,
Хоин ишқ қалбимга урар панжалар,
Руҳимда очилар оппоқ ғунчалар
Дудоғинг муштоғи бўлган чоғимда.

Сенга, эй, вафосиз, эрка севгилим,
Арзи ҳол этмоқдир тотли амалим,
Бироқ ҳузурингда тутилар тилим,
Кўзингга термулиб қолган чоғимда.

ТАНИШ ГЎЗАЛ

Отини билмасдим, фақат танирдим –
На нозли бир чечак тақиши борди!
Қизғиш сочларини оловми дердим,
Қуёш нури каби ёқиши борди.

Кунботар шафағи байроқ тикаркан,
Кўлларга кўлкалар кўркам чўкаркан,
Сочбоғини ечиб, ёйиб-тўкаркан,
Сочин тўлқин-тўлқин оқиши борди.

Ҳуснида бир адо борки, осийди,
Мени хароб этган у адосийди!..
У шоир кўнглимнинг ошиносийди –
Юзимга бир шеърдай боқиши борди…

ШОМИ ҒАРИБОН

Бир оқшом овора кезаркан қирда,
Бу ер парилар-ла маскун деб билдим;
Ҳайрат-ла боқаркан, бу ваҳшатзорда
Ҳуснининг асрори тўлғун деб билдим.

Юраркан, мен билан тоғ-тош юрарди,
Ҳар оғоч кўлкаси ёндош турарди,
Инондимки –мени ҳар не кўрарди,
Ҳузурим-ла олам мамнун деб билдим.

Азалдан беридир бу хилват ҳужра,
Аллалар айтилган бу салқин дара,
Сирини менга ҳам очди шажара-
Ёшлигим шу ерда мадфун деб билдим.

Арчалар – қанотин керган ҳумодай,
Ўтлоқлар –юлдузлар тўла самодай,
Чечаклар – ажойиб бир муаммодай!..
Не кўрсам, лол қолдим, афсун деб билдим.

Ошиқ булбул эрдим, дил сайрар эрди,
Сарвистон ичинда кимдир куларди,
Чечаклар қушлардан ўпич тиларди,
Коинот ишқ ичра мажнун деб билдим.

Йилнинг тугаётган куз фасли эрди,
Булут, япроқ-тупроқ нафасли эрди,
Сарвилар қорайган, қафасли эрди,
Ўйчан қояларни маҳзун деб билдим.

Мағрибий ёқмишдир фурқат оташин,
Боғлар фарёд уриб чорларкан қушин,
Тоғларга суянган даврон қуёшин
Ярадор бир хаста, ҳорғин деб билдим.

Ичдим ул қуёшнинг оққан рангини,
Руҳимни гулхандай ёққан рангини,
Уфқда кўраркан ол қон рангини,
Фалаклар мен каби дилхун деб билдим.

Тоғлар кўм-кўк эди, сувлар қирмизи,
Булоқлар бошида бир пари қизи…
Юзиндан ўпаркан оқшом юлдузи,
Мовий кўзларига мафтун деб билдим.

Чўлларда ёнган ўт-наъралар бордир,
Кўллар қирғоғида лолалар бордир,
Узоқдан келгувчи нолалар бордир,
Ярадор бир оҳу сургун деб билдим.

Куннинг жон талашган сўлғин лабидан
Гўзаллик рангини ичар Ой, чаман…
У кеча борлиқни жонда кўраркан,
У ернинг моҳтобин гулгун деб билдим…

КЕЛ, ДАРВЕШ

Кел, дарвеш, бери кел, ёбонга кетма,
Ҳар неки ахтарсанг, инон, сендадир.
Нафсингга беҳуда азият этма,
Мақсуд Каъба эрса, Раҳмон сендадир.

Чўлларда тентираб, саробга боқма,
Оллоҳ деб булутга – саҳобга боқма,
Толиби ҳақ эрсанг, китобга боқма,
Ўқишни билолсанг, Қуръон сендадир.

Илминг-ла бир қилни сен қирқ ёрарсан,
Кўрганинг ҳар тушда бир ўзинг борсан,
Атрофдан не излаб, кимга қарарсан?
Бу фоний қуббани қурғон сендадир.

Қилни қирқ ёришни илм-ирфон дема,
Униси яхшидир, бу ёмон дема,
Шуниси тўғридир, бу ёлғон дема,
Ҳеч бирин асли йўқ, ёлғон сендадир.

Айри маъно берма куфр ила динга,
Бориб-келаверма шакку яқинга,
Ҳар ориф огоҳдир сирри муъбинга,
Васвасанг куфурдир, имон сендадир.

Кир кўнгил шаҳрига, айлан бир карра,
Қиёс эт-не эрур қуёшу зарра,
Эзгулик, ёвузлик илкингда, қара,
Ёмонлик истасанг, шайтон сендадир.

Жилва этсин десанг камол ила ҳақ,
Манманликдан кечиб, бир ўзингга боқ,
“Аналҳақ” сўзини тилдан тут йироқ,
Лофга қулоқ тутма, ирфон сендадир.

Аввало нафсингни чиқар орадан,
Бир рангга бўянма оқу қорадан,
Кўнглингда яратган нури бор-нурлан!
Зулматда изғима, Яздон сендадир.

Эшитдим, отасиз бир ўғилмишсан,
Жаннатда туғилиб ҳам қувилмишсан,
Касрат-кўплик истаб, кўп бўғилмишсан,
Оллоҳнинг айби не? Исён сендадир.

Ғайридан изларсан дардингга чора,
Қурт-қушга бердингми дон-дун бир бора?
Жаннатдан чиқдингу кездинг овора,
Ҳаввони алдатган илон сендадир.

Шонинг кўп юксакдир, нетар паст бўлсанг?
Ҳар нега топингунг бутпараст бўлсанг.
Бодайи ишқ ила агар маст бўлсанг,
Ўзингга кел, ошиқ, жонон сендадир.

Жоҳил жозибага ҳақ дея боқар,
Қўрқиб ҳар инс-жинсга шамчироғ ёқар,
Бу сайли ҳаводис тўхтамай оқар,
Илалабад боқий қолғон сендадир.

Манбаи сендадир файзи ҳаётнинг,
Келиб-кетган жонлар у нафоҳатнинг,
Ҳайрон бўлаверма, бу коинотнинг
Бори бир қатрадир, уммон сендадир!..

Ҳар ненинг борлиғи сенинг ўзингдир,
Ўзингни бут кўрган ички кўзингдир,
Бу мулкка ҳукм этган сенинг сўзингдир,
Дилинг бир тахт эрур, султон сендадир.

Ҳей Ризо, тоқат йўқ ҳақ инкорига,
Сен маҳрам эмишсан ёр дийдорига,
Энди огоҳдирсан сир-асрорига:
Оламни яратган виждон сендадир.

011
012
011

Turk adabiyotining yirik vakili Rizo Tavfiq Fikrat (1869-1915) Edirnadagi Jisri Mustafoposho qasabasida tug’ilgan. Otasi o’qituvchi Mehmet afandi, onasi Kavkaz cherkaslaridan Munira xonimdir.Talabalikdan ijtimoiy hayotga faol aralashgan Rizo Tavfiq 1907 yildan yashirin harakatdagi «Ittihod va taraqqiy» jamiyatiga kiradi. Ikkinchi Mashrutiyat (konstituttsiya, 1908) e’loni kunlarida maydonlardagi nutqlari bilan Istanbul xalqiga taniladi, saylovda Edirnadan millat vakili etib saylanadi va Millat Majlisida faoliyat ko’rsatadi.
Tavfiq Fikrat asosan donishmand, faylasuf shoir sifatida tanilgan. Bunda uning ingliz, frantsuz, ibroniy (ivrit), fors, arab, ispan, rum-yunon, armani kabi qator tillarni chuqur bilishi, ko’p fanlardan teran xabardorligi muhim o’rin tutgan. Sharq va G’arb madaniyatini birday keng egallagan. U o’smirligidayoq ilk she’rlarini aruzda bitgan. Turk xalq adabiyotini sevib o’rgangan, folklor mavzusida ko’plab tadqiqotlar yaratgan, shuning uchunmi, barmoq vaznidagi asarlarida baxshilarcha jo’shqin ohanglar bo’rtib turadi. U ijodining boshlanishida Tavfiq Fikrat va Abdulhaq Hamid ta’siriga beriladi. Bu haqda uning o’zi shunday deydi: «Ayniqsa, Hamidning sehri ta’siriga tutildim. Ba’zi asarlarini shiddat-la tanqid etganim holda shoir o’laroq uni barchadan ustun ko’rardim».

088
Abdulhamid Cho’lpon
MARHUM TAVFIQ FIKRAT
011

Usmonli adabiyotini oz-moz o’quganlar, uning bilan bir daraja oshno bo’lganlardan qaysi birisi bu ismni bilmaydi, qaysi birisi muni tanimaydi.

Usmonlilarning «adabiyoti jadida» (yangi adabiyot)chilarining pir va ustozi bo’lgan Tavfiq Fikratbek butun yangi nasl turklarning yuraklarina go’zal, nafis va latif she’r buketlari qadamishdir. Uning keng xayoli ravon (tez) va yengil ifodasi kimni, qaysi bir she’r va adabiyot muhibini tasxir etmas? Xususan uning «Rubobi shikasta» (siniq dutor)si, undagi baland va latif yo’llar naqadar jozibali va zavqli narsalardir!

tfikretTavfiq Fikrat «Rubobi shikasta»si ila qancha tanilgan bo’lsa, uning ila qancha nafosat suyuvchilarni o’ziga maftun etgan bo’lsa, «Tarixi qadim»i, u dahshatli faryodi ila odamlarning qalbinda buyuk-buyuk o’zgarishlar vujudga keltirmishdir. «Tarixi qadim» «Rubobi shikasta»day emasdir: «Rubobi shikasta» dunyo ko’rmishdir, matba’da temirlar orasinda qisilmish, qog’oz betlarinda necha ming nusxa bosilmishdir. Lokin, «Tarixi qadim» mahfiydir, qo’ldan qo’lga ko’chirilub, yozilub yurgiziladurgan narsadir. U tarixning jinoyatlari kabi sirlidir, har kimga «mana men!» deb ko’runa bermas. Uni bosdirish mumkin bo’lmadi. U oliy fikrlar bechora Sharqning ko’hna, chirik miyasiga sig’madi; zabun, ezilgan sharqlining keng qalbinda joy topa olmadi; bir vaqtlar. Umar Hayyomning eng achchig’ va dahshatli fikrlariga maydon bergan Sharq muhiti, asorat va qullik ostinda shu qadar ezilmishdirki, buni, bu qiymatli asarni o’ziga sig’dira olmadi… Ehtimol, endi Sharqning chetlar sultonidan qutulub haqiqiy inqilobga yaqinlashub kelayotgan vaqtlarida buyuk shoirning ulug’ fiklari dunyo yuzi(ni) ko’rsa…

Tavfiq Fikratbek o’zining bu buyuk ruhi ila, u:

Din shahid istar, osmon kurbon,
Yana qon, har tarafda qon, qon, qon!

(«Tarixi qadim»)

degan, qonga, zulmga, jinoyatga qarshi ko’purgan joni ila — bu jinoyat uyasi bo’lgan «eski dunyo»da zo’rg’a-zo’rg’a toqat qilub chidab turdi. Oxirda, u necha milio’n gunohsiz jonlarni yutub, ko’b mamlakatlarni vayron qilub kelgan «madaniyat urushi» (Ovrupo muhorabasi)dan so’ng chiday olmadi; odamlar u vahshiy «hayvon»lar ichindan chiqdi. Istanbulning bir chekasida, bir ja’ra go’shada 1—2 yil yolg’iz boshiga darveshlarday umr o’tkazdi. Oxirda Ovrupo «o’lum mashinasi»ning eng tezlagan vahshat otashining eng qizig’on bir vaqtida ketdi tinch, rohat dunyoga ketdi.

Bu «vahshatobod»ni tark etdi.

Endi uning qabri butun usmonli yoshlarning ziyoratgohidir. Dunyoning vahshatiga o’ch, lekin o’zi kabi darveshlardan biri, faylasuf do’qtur Rizo Tavfiq uning qabrini ziyoratiga borub qabri ustinda aytadir: (bosilmagan asarlardan).

FIKRATNING QABRINDA

Deydilarki, essiz qolan tirbangda
Vahshiy gullar ochmish, ko’rmaya keldim;
U bog’ jannating hokina banda,
Hasrat-la yuzimni surmaya keldim!

Deydilarki, senga amal bog’layan
Qabringda diz cho’kub bir dam og’layon
Bir murod o’lurmish, banda bir zamon
Og’layub muroda ermaya keldim!

Shu hijron yilining so’ng bahorinda
Cholalar titragan chamanzorinda
Kun bug’mazdi banda mozoringda,
Motam chechaklari dermaya keldim!

Seni ongdim butun g’am chekanlar-la
Ishq haq o’g’rinda yosh do’kanlar-la
Sorig’incha vayron shu deganlar-la
Toshingga bir chalang urmaya keldim!

Yoding o’lum kabi bir sir mubham
Nash’a shu dolli bu his ism.
Ruhimda na fusun aylading ilhom
Bu kun senga ko’ngul vermaya keldim!

Shunday qilib, ulug’ bir shoir dunyodan ketdi. Uni bilganlar yig’lab qoldilar, bilmaganlar — yana ilgariday.

Dunyoning vahshatlari bo’lsa yana hamon davom etmakda, mazlumlar inqilobigina nihoyat bermasa boshqa majot ko’rilmaydir.

Rohat, mas’ud yot qabringda ey ulug’ pir!..

________________

Marhum Tavfiq Fikrat. — «Ishtirokiyun» gazetasining 1920 yil 10 yanvar` sonida bosilgan.
Maqolaga izohlar:
Tavfiq Fikrat (1867—1915) — turk shoiri, jurnalist. Asarlari 1894 yildan chop etila boshlagan. O’sha vaqtda adabny markaz vazifasini o’tagan «Sarvati funun» («Bilimlar xazinasi») jurnali uning muharrirligida chiqib turgan. 1908 yil inqilobi Tavfiq Fikratning idealiga mos kelmagan, jurnalistikadan yiroqlashgan.
«Rubobi shikasta» — shoirning 1899 yilda nashr qilingan she’riy to’plami.
«Tarixi qadim» — shoirning falsafiy-ijtimoiy qarashlarini ifodalovchi dostoni.
Tas’hir — sehrlamoq, bo’ysundirmoq.
«Madaniyat urushi» — biz Birinchi jahon urushi deb ataydigan urush Turkistonda chiqqan gazetalarda «Yevropa muhorabasi» deb yuritilgan. Cho’lpon «madaniyat urushi» deya urushni qo’zg’agan «madaniyatlilar»ga achchiq kinoya qiladi.
«O’lim mashinasining eng tezlagan» vaqti — Birinchi jahon urushi avj pallasiga kirgan vaqt, obrazli ifoda. Tavfiq Fikrat urush ayni qizigan 1915 yilda vafot etgan.

088
Tavfiq Fikrat
SHE’RLAR
Turkchadan Tohir Qahhor tarjimalari
011

UCHING, QUSHLAR

Ey qushlar, uching men tug’ilgan yerga –
Endi u tog’larda g’uj sunbul bordir.
O’rmonlar qo’ynida sap-salqin dara,
Tikanlar ichida sariq gul bordir.

Soy og’ir oqadir, to’lg’unmi, bilmam,
Oy og’ir xastami, so’lg’unmi, bilmam,
Baxtsiz bir kelinday mahzunmi, bilmam,
Tog’larin boshida qora tul* bordir.

U yerda eng go’zal chog’ o’tdi, deyman,
Eslab u kunlarni bugun inglayman,
Umrim dostonini o’qib, tinglayman,
Ichimda u yerlik bir bulbul bordir.

Uching, qushlar, uching! Bunda vafo yo’q!
Unday oqar suvlar, unday havo yo’q!
Faryodimga qarshi aksi sado yo’q,
Bu yong’in yerinda sovuq kul bordir.

Ey Rizo, dard-qayg’ing boshingdan oshqin,
Aytsang, tuganmaydir alami ishqing,
Senda dengiz kabi har doim toshqin,
Har chog’ to’lqin urgan bir ko’ngul bordir.

____________
* T u l – parda.

ANATO’LU

Anato’lu-Sulton Usmon o’sgan yurt,
Tug’rulbekning qo’nog’idir u ellar.
Millatimiz shunda unib, topdi qut,
Bizga ona quchog’idir u ellar.

Usmonlilar unutmasin so’yi*ni
Bu o’lkada oshdik hudud bo’yini,
Bunda bo’ldi urushlar-o’t o’yini,
Otalarning o’chog’idir u ellar.

Bu davlatga unda tamal otildi,
U maydonda jon olinib-sotildi;
Miltig’u to’p otib, yo’llar o’tildi,
Qahramonlar o’rtog’idir u ellar.

Bir zamonlar qirollardan toj oldik,
Uchgan qushdan, oqqan suvdan boj oldik,
Qancha qirriq, yovuz yovdan o’ch oldik-
Bu kuch-quvvat bulog’idir u ellar.

Qancha g’oziy bunda kelib-kechdilar,
U soylardan obdast olib**, ichdilar,
Mamlakatlar fath etdilar, ko’chdilar,
Eranlarning turog’idir u ellar.

Har vayroni uzra bir er-askar bor,
Maqbaralar ichra necha sarvar bor;
Bilmam, qayda bunday baxtli bir yer bor?
Ulug’ Ka’ba tuprog’idir u ellar.

O’rmonida turli qushlar sayraydir,
Yaylog’ida qo’y-qo’chqorlar yayraydir,
Dalalarda oltin boshoq qaynaydir,
Ko’ngillarning ovlog’idir u ellar.

U yerlarda asl turkning aymog’i,
Javohirdir butun toshi-tuprog’i,
Chechak isli kumush oqqan irmog’i,
Boylik koni – yotog’idir u ellar.

Yurtsevarlik har turkning ishq savdosi,
Mamlakatdir kecha-kunduz ro’yosi,
Askarlarning kelin-kuyov sarposi,
Sevishganlar chorbog’idir u ellar.

Rizo! Bunda har kim qurbon bo’lgandir,
Tuproq ichra yotgan onang, otangdir…
Anato’lu asil eski vatandir,
Onamizning quchog’idir u ellar.

_____________
* S o’ y – irq, sulola.
** O b d a s t o l m o q – tahorat qilmoq. (Tarj.)

TAVFIQ FIKRAT RUHIGA

Eshitdim – qarovsiz mozoring cho’kib,
O’t-o’lan bosibdir, ko’rgani keldim.
Bu jannat bog’ida duolar o’qib,
Xokingga yuzimni surgani keldim.

Eshitdim – senga kim ko’ngil bog’lasa,
Qabringda tiz cho’kib, bir dam yig’lasa,
Murodga yetarmish… Men ham bir lahza
Yig’lab, murodimni so’rgani keldim.

Shu hijron yilining so’ng bahorida,
Shudringlar titrarkan chamanzorida,
Kun chiqmasdan oldin, do’st mozorida,
Motam chechaklarin tergani keldim…

Eslashdik seni g’am chekkanlar bilan,
Ishqu haq uchun yosh to’kkanlar bilan.
Shu sariq g’unchali tikanlar bilan
Toshdan bir gulchambar qurgani keldim.

Yoding o’lim kabi bir sirri mubham!..
Sevmoq nash’asimi bu hissi alam?..
Ruhimga ne afsun aylading, bilmam…
Bu kun senga ko’ngil bergani keldim!..

QALANDARIY

Xarobot ahlimiz. Bu bir olamdir.
Shavq ila unda dam surganlardanmiz.
Hisob so’rma bizdan, biz hayli damdir,
Daftari a’moli turgan*lardanmiz.

Yurak qonin ichdik bazmi safoda,
Jovidon zavqini topdik rizoda,
Ahdga sodiq turib vaqti baloda,
Ko’ksin qahr o’qig’a kerganlardanmiz.

To’ymas nafsimizni osdik shu dorga,
Jilmayib sar berdik Ulug’ Sardorga,
Bir g’amza yo’lida diydori yorga
Jonu bosh, ko’ngilni berganlardanmiz.

Dars olib jononning fatton ko’zundan,
She’rlar mashq ayladik shirin so’zundan,
Yashirin bir yo’ldan-botin yuzundan
Ka’bai maqsudga kirganlardanmiz

Ishq nuri inarkan dili ogohga,
Ruh qushin uchirdik ul qurbgohga!..
Ota o’chog’idir, biz u dargohga
Dastursiz kirgancha yurganlardanmiz.

Tavajjuh qilmadik bobi niyozga,
Irfon-la erishdik rutbai nozga;
Biz ham oshinomiz shabadabozga,
Pardaning ortini ko’rganlardanmiz.

Orif bo’lsang agar, komilga egil,
Ilming-la ovunma! Sen o’zingni bil.
Ma’rifat bog’idan nafaqat bir gul,
Dasta-dasta chechak terganlardanmiz.

Hey, Rizo! Orifmiz, darvishnihodmiz,
Barcha bog’lovlardan uzildik, shodmiz!
O’zida yo’q mastmiz, g’amdan ozodmiz,
Boshni mayxonaga urganlardanmiz!..

___________
* T u r g a n – to’xtagan ma’nosida. (Tarj.)

G’ARIB HOLAT

Hasrating alami ko’nglimdan toshar,
Hijron og’usiga to’lgan chog’imda.
Sitamdiyda ruhim sening-la yashar,
Yig’lab, sukutlarga tolgan chog’imda.

Goh yoding tig’ kabi zehnimni tilar,
Xoin ishq qalbimga urar panjalar,
Ruhimda ochilar oppoq g’unchalar
Dudog’ing mushtog’i bo’lgan chog’imda.

Senga, ey, vafosiz, erka sevgilim,
Arzi hol etmoqdir totli amalim,
Biroq huzuringda tutilar tilim,
Ko’zingga termulib qolgan chog’imda.

TANISH GO’ZAL

Otini bilmasdim, faqat tanirdim –
Na nozli bir chechak taqishi bordi!
Qizg’ish sochlarini olovmi derdim,
Quyosh nuri kabi yoqishi bordi.

Kunbotar shafag’i bayroq tikarkan,
Ko’llarga ko’lkalar ko’rkam cho’karkan,
Sochbog’ini yechib, yoyib-to’karkan,
Sochin to’lqin-to’lqin oqishi bordi.

Husnida bir ado borki, osiydi,
Meni xarob etgan u adosiydi!..
U shoir ko’nglimning oshinosiydi –
Yuzimga bir she’rday boqishi bordi…

SHOMI G’ARIBON

Bir oqshom ovora kezarkan qirda,
Bu yer parilar-la maskun deb bildim;
Hayrat-la boqarkan, bu vahshatzorda
Husnining asrori to’lg’un deb bildim.

Yurarkan, men bilan tog’-tosh yurardi,
Har og’och ko’lkasi yondosh turardi,
Inondimki –meni har ne ko’rardi,
Huzurim-la olam mamnun deb bildim.

Azaldan beridir bu xilvat hujra,
Allalar aytilgan bu salqin dara,
Sirini menga ham ochdi shajara-
Yoshligim shu yerda madfun deb bildim.

Archalar – qanotin kergan humoday,
O’tloqlar –yulduzlar to’la samoday,
Chechaklar – ajoyib bir muammoday!..
Ne ko’rsam, lol qoldim, afsun deb bildim.

Oshiq bulbul erdim, dil sayrar erdi,
Sarviston ichinda kimdir kulardi,
Chechaklar qushlardan o’pich tilardi,
Koinot ishq ichra majnun deb bildim.

Yilning tugayotgan kuz fasli erdi,
Bulut, yaproq-tuproq nafasli erdi,
Sarvilar qoraygan, qafasli erdi,
O’ychan qoyalarni mahzun deb bildim.

Mag’ribiy yoqmishdir furqat otashin,
Bog’lar faryod urib chorlarkan qushin,
Tog’larga suyangan davron quyoshin
Yarador bir xasta, horg’in deb bildim.

Ichdim ul quyoshning oqqan rangini,
Ruhimni gulxanday yoqqan rangini,
Ufqda ko’rarkan ol qon rangini,
Falaklar men kabi dilxun deb bildim.

Tog’lar ko’m-ko’k edi, suvlar qirmizi,
Buloqlar boshida bir pari qizi…
Yuzindan o’parkan oqshom yulduzi,
Moviy ko’zlariga maftun deb bildim.

Cho’llarda yongan o’t-na’ralar bordir,
Ko’llar qirg’og’ida lolalar bordir,
Uzoqdan kelguvchi nolalar bordir,
Yarador bir ohu surgun deb bildim.

Kunning jon talashgan so’lg’in labidan
Go’zallik rangini ichar Oy, chaman…
U kecha borliqni jonda ko’rarkan,
U yerning mohtobin gulgun deb bildim…

KEL, DARVESH

Kel, darvesh, beri kel, yobonga ketma,
Har neki axtarsang, inon, sendadir.
Nafsingga behuda aziyat etma,
Maqsud Ka’ba ersa, Rahmon sendadir.

Cho’llarda tentirab, sarobga boqma,
Olloh deb bulutga – sahobga boqma,
Tolibi haq ersang, kitobga boqma,
O’qishni bilolsang, Qur’on sendadir.

Ilming-la bir qilni sen qirq yorarsan,
Ko’rganing har tushda bir o’zing borsan,
Atrofdan ne izlab, kimga qararsan?
Bu foniy qubbani qurg’on sendadir.

Qilni qirq yorishni ilm-irfon dema,
Unisi yaxshidir, bu yomon dema,
Shunisi to’g’ridir, bu yolg’on dema,
Hech birin asli yo’q, yolg’on sendadir.

Ayri ma’no berma kufr ila dinga,
Borib-kelaverma shakku yaqinga,
Har orif ogohdir sirri mu’binga,
Vasvasang kufurdir, imon sendadir.

Kir ko’ngil shahriga, aylan bir karra,
Qiyos et-ne erur quyoshu zarra,
Ezgulik, yovuzlik ilkingda, qara,
Yomonlik istasang, shayton sendadir.

Jilva etsin desang kamol ila haq,
Manmanlikdan kechib, bir o’zingga boq,
“Analhaq” so’zini tildan tut yiroq,
Lofga quloq tutma, irfon sendadir.

Avvalo nafsingni chiqar oradan,
Bir rangga bo’yanma oqu qoradan,
Ko’nglingda yaratgan nuri bor-nurlan!
Zulmatda izg’ima, Yazdon sendadir.

Eshitdim, otasiz bir o’g’ilmishsan,
Jannatda tug’ilib ham quvilmishsan,
Kasrat-ko’plik istab, ko’p bo’g’ilmishsan,
Ollohning aybi ne? Isyon sendadir.

G’ayridan izlarsan dardingga chora,
Qurt-qushga berdingmi don-dun bir bora?
Jannatdan chiqdingu kezding ovora,
Havvoni aldatgan ilon sendadir.

Shoning ko’p yuksakdir, netar past bo’lsang?
Har nega topingung butparast bo’lsang.
Bodayi ishq ila agar mast bo’lsang,
O’zingga kel, oshiq, jonon sendadir.

Johil jozibaga haq deya boqar,
Qo’rqib har ins-jinsga shamchirog’ yoqar,
Bu sayli havodis to’xtamay oqar,
Ilalabad boqiy qolg’on sendadir.

Manbai sendadir fayzi hayotning,
Kelib-ketgan jonlar u nafohatning,
Hayron bo’laverma, bu koinotning
Bori bir qatradir, ummon sendadir!..

Har nening borlig’i sening o’zingdir,
O’zingni but ko’rgan ichki ko’zingdir,
Bu mulkka hukm etgan sening so’zingdir,
Diling bir taxt erur, sulton sendadir.

Hey Rizo, toqat yo’q haq inkoriga,
Sen mahram emishsan yor diydoriga,
Endi ogohdirsan sir-asroriga:
Olamni yaratgan vijdon sendadir.

XDK

(Tashriflar: umumiy 1 234, bugungi 1)

Izoh qoldiring