Gulbahor Said G’ani. Uch kitobdan she’rlar & Jamol Kamol, No’mon Rahimjonov shoira haqida

Ashampoo_Snap_2017.10.23_21h15m43s_001_.png2 июль — шоира Гулбаҳор Саид Ғани таваллуд топган кун

   Гулбаҳор Саид Ғани – дилбар Қўқон шаҳрида яшаб ижод этаётган истеъдодли шоираларимиздан. Шеърият мухлислари шоиранинг эҳтиросли шеърларини, мумтоз адабиётимиз даҳолари ғазалларига мухаммасларини, маҳорат билан қилинган таржималарини яхши биладилар, севиб ўқийдилар.

Нўъмон Раҳимжонов
ДИЛГИР ТУЙҒУЛАР КУЙЧИСИ

02

gulbahor-saidgani.jpgГулбаҳор — исми-жисмига монанд шоира. У кўнглига кўчган ҳаёт меҳри, табиатнинг шавқи-сурури бадиий сўз шаклига кира бошлади. Шеърларида руҳоний ҳолати ва кайфиятини, гуллар қатимига беркинган ранглар жилвасию жозибасини турфа туйғу- кечинмалар тилига кўчира олади. «Ёввойи ушшоқ», «Барибир бахтлиман» номли шеърий мажмуалари шоира истеъдодиниёрқин намоён этганди.
«Қўшиғимни кутмоқда дунё» — шоиранинг учинчи китоби. Ҳар бир тўплам, одатда, истеъдодларнинг ҳаёт, тириклик, табиат ва жамият кўндаланг қўйган саволларига жавоблари силсиласидан иборат, дегинг келади. Шу маънода, Гулбаҳорнинг галдаги туйғулар гулдастаси ҳаёт билан, одамлар нигоҳи билан рўбарў келаётган нуқтаи назаридир. Унда шоира ижодининг асосий йўналишлари қатъийлашгани, мавзулари шакллангани тиниқ кўзга ташланади. Булар — ишқ-муҳаббат, она-юрт, шеъриятдир.

Гуллар мени унутиб бўлди,
Номларини унутдим мен ҳам.
Биргина гул кўнглимда ўлди,
Гуллаб кетди юрагимда ғам.

Ёки:

Тугади қаҳратон. Музлар эриди.
Мен бу маъволардан кетдим телбавор,
Дарз кетган кўнглимнинг синиқларидан
Аста юрагимга мўралар баҳор…

Шоира шеърлари дил-дилидан сизиб чиққан эътирофларидан,жунбушли кечинмалари таранг тортилган монологларидан иборат. Шу боисдан ҳам улар руҳий қуввати жўшқин, кескин ва шиддатнокдир. Хусусан, шоира шеърлари шан ва хандон нафасларга йўғрилган эмас, ботиний мазмуни ўйчан, ғамнок, қайғули.

Айни баҳор айёми бошга ёғган қор, қаҳратон қиш заҳри одамлар вужудини қанчалик дийдиратгани сингари шоира шеърларидаги туйғу- кечинмалари ҳам дилгир; кўзлари ёшли ва маъюс. Уларни тақдир зарбаларидан зада бўлган нолон туйғулар дейишга ботинмайсан.

Аслида, улар ҳаётни билишга, умрини қадрлашга, тириклик издиҳомида ўзини англашга, ўзлигини англатишга чийрилган солиҳ ирода азмойишларидир.

Кейинги пайтда Гулбаҳорнинг поэтик образлари рамзли маънодорлик касб этди. Уни, шоира изланишларидаги истиқболли йўналишлардан яна бири дейиш мумкин. «Шамоллар юртининг дарахтлари» шеъри, ва умуман, «Шамоллар, ёмғирлар ва дарахтлар» туркуми шу жиҳатдан эътиборли.

Хўқанди латифда тик ўсмас чинор,
Қуёшга тик боқмас бунда бирор гул.
Қисмат панжасидан дарахтлар синар,
Чинорлар дош бермас, ниҳоллар тугул.

Шамоллар айирар фароғатидан,
Бунда япроқларнинг гирдида хатар.
Ваҳший шамолларнинг важоҳатидан
Ерга эниб қолган мағрур дарахтлар.

Эҳтимол, янглишдим!
Эҳтимол, хато!
Буюк шоирларнинг хокидан обод,
Осмонга етгани учун дарахтлар
Ерга таъзимдадир балки умрбод!

Шоира шеърлари туйғу-кечинмаларга бой, фикрлари серқирра, маънодор. Хусусан, гулнинг ўзи ўткинчи, тезда хазон бўлиб заволга маҳкум эса-да, рангларию бетакрор таровати боқий. У ҳаётнинг азалий ва абадий ҳақиқатидир, деган маъно устувор. Маънавий- интеллектуал гўзалликлар яратиш умрлар нақши, тириклик ганжидир, деган бадиий-эстетик ғоя шоира шеърларининг ўзига хос файзини белгилайди.


Гулбаҳор Саид Ғани

УЧ КИТОБДАН ШЕЪРЛАР
02

* * *

Хайр дейсан, кетасан узоқ,0 gulbahor-said.jpg
Қадамларим етмас жойларга.
Мен осилиб қоламан титроқ,
Ортингдаги ҳафта, ойларга.

Кенгликларда кезасан менсиз,
Осмонда булутлар бўзарар.
Дарди пинҳон, армони сонсиз,
Булутлардан тўкилмайди зар.

Ёмғир мени эслатар осон.
Сен беркиниб оласан уйга.
Ўткир ханжар, йўқ, игна мисол
Ботиб борар хаёлим ўйга.

Бу ёмғирлар дилимда узоқ,
Узоқ куйлар ғамгин куйларни.
Қидирасан, топмайсан бироқ
Хаёлларим етмас кунларни.

ЁЛҒИЗ БОРАЁТГАН ҚИЗГА

Ортингга боқасан: ҳеч ким кузатмас,
Жунжикиб кетасан: сен – энди ёлғиз!
Ҳеч ким йўлларингни пойламас, кутмас,
Суронли шаҳарда ёлғизсан, эй қиз.

Осмонда на ой, на қуёш кўринмас,
Қушлар ҳам боғларда сайрайди рангсиз.
Илк бора кўрасан – лаҳзалар ёнмас,
Кунлар ўтаверар сокин, жарангсиз.

Ортингда ҳеч ким йўқ:
Кўзингда томчи –
Тўкасан кунларнинг маҳзунлигини.
Илк бора туясан уйга элтувчи
Йўлларнинг шунчалар узунлигини.

КУЗ – МАЪЮС АЁЛ

Куз – маъюс аёлдир, оғир хўрсиниб,
Изғириндан сўрар – бахт қайда?
Аммо изғириннинг овози синиқ,
Билмадим, билмадим, деб айтар.

Куз – маъюс аёлдир, оғир хўрсиниб,
Далалардан сўрар тинимни.
Жавоб беролмайди, айтиб кўрсин-а, —
У кесиб ташлаган тилини.

Куз – маъюс аёлдир, оғир хўрсиниб,
Сўрайди ишқ деган азобни.
“Ишқми, қайда дейсан, пахтадан тиниб,
Эрта ўйлашим шарт яхобни”.

Куз – маъюс аёлдир, кўнгли бузилиб,
Сўрайди: яшаш-чи, у нима?!
Шу ерда овозлар қолар бўғилиб:
“Сен бундан сўз очма, индама…”

Куз – маъюс аёлдир, кечар баридан,
Энди ҳеч сўрамас сўроқлар.
Тўкилиб тушади кузнинг бағридан
Сўнгги саволлари – япроқлар …

ВАТАН ҚЎШИҒИ

Зиндонбоннинг ўзи бўшатгандаям
Учиб кетмоқ учун етмас нафасим…
Ф. Фарруҳзода

Кўнгил, сен қушчасан, қанотинг – толғин,
Кўтариб учолмас фарёдларингни.
Маъсум кўзларингда тенги йўқ
Соғинч, Маъюс кўзларингда Ватаннинг ранги.

Яшиллик ичинда асрорсан, хайҳот,
Мурғаккинам маним, паноҳсиз қушчам.
Бу ёруғ дунёда эшитмас ҳеч зот
Фарёдинг ғорларни бузганида ҳам.

Кўзларингга боқсам – ўкинч ва озор,
Қўшиқлар тўкилар ҳорғин юракдан.
Дунёдай муаззам, қўшиқдай озод,
Зангори либосда кўринар Ватан.

Яна тушларингга кирар Ватанинг,
Толғин қанотингда яшарар Орзу.
Заифлик домида қолса-да танинг,
Толғин қанотингга ярашар Орзу.

Мунгликкинам маним, бўзлигим маним,
Бир сенми дунёда ватанга ошиқ.
Муқаддас эҳромим, буюк армоним
Сенинг кўзларингда яшаган қўшиқ.

Кўнгил, сен қушчасан, қанотинг – толғин…

* * *

Қалдирғоч, жонгинам, тезроқ кел учиб,
Уйимнинг шифтлари сени соғинди.
Устунлар ёрилар — қара — ичикиб,
Қалдирғоч, эрка қуш, кела қол, жоним.

Қанотингда бордир кутганим – баҳор,
Аёзда дайдиган руҳлар муваққат,
Мен сенга сиғинмай кимга сиғинай,
Баҳор келтирганга умрим садақа.

Ҳали бу юракнинг қат-қатлари қон,
Босиб келаётган азобим — булут.
Қалдирғоч, қувончим,эрка қушгинам,
Дарддошим қолмади бир сендан бўлак.

БАХТ – БАШАРИЯТНИНГ АЗАЛИЙ ОРЗУСИ
07

large.jpgЎзи бахт инсон учун нимага керак?
Бахт бўлмаса ҳам яшайверса бўлмайдими?
Бахтнинг формуласи борми?
Мен Гулбаҳор Саидғаниеванинг “Барибир бахтлиман” шеърий тўпламини ўқиб чиқиб шундай фикларни дилимдан ўтказдим. Албатта, бахт тушунчаси ҳақида кўп гапириш мумкин.
Масалан:

Бахт –таъмасиз ошиқлик,
Бахт – севиб-севилиш,
Бахт – севмасалар ҳам сева олиш.

Менимча, бахтли шахсгина бу ёруғ оламда инсонларга, тирикликка зарар етказмасдан яшашга қодирдир. Демак, бахтли инсонлар қанча кўп бўлса, ўзлари яшаб турган жамият ҳам гўзаллашиб бораверади. Қизиғи, бахтли инсонларнинг ахлоқи ҳам гўзал ва бир хил бўлишидадир.
Агар шоира Гулбаҳор Саидғаниева “Мен бахтлиман” деб шеър бошлаганида менинг кўнглимда ҳам: “Нима бўпти?” – деган ўй кечган бўлур эди.
Бироқ шоира “Барибир бахтлиман”нинг остида ҳаётнинг қанчалар азобли ва дардли кунлари ётганини ҳис қилдим. Ва айни шу ҳолатларда “барибир бахтли” инсонга ҳавасим келди ва омадлар тилаб қолдим.

Жамол КАМОЛ
Ўзбекистон халқ шоири

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Оразинг гулгун эрурким, кўзларимдир зор анга,
Бир чамандир хоки пойинг, оҳ, дилим гулнор анга,
Қанча йиғлаб бағрим ўйсам, қилча қилмас кор анга –
Неча кўнглум ёра бўлса, раҳм қилмас ёр анга,
Неча бағрим тўлса қон, боқмас даме дилдор анга.

Дилга равшанлиқ етурким шуълалар сочса қуёш,
Тушларимда меҳрсиз ёр айлагайдир меҳр фош.
Мен дегаймен ул қуёшим меҳрфишон бўлса кош,
Бир югурук тифл эрур кирпикларим ичинда ёш,
Ким, йиқилиб сончилибтур ҳар тарафдин хор анга.

Худдики бир туш агар мазмунин айтиб қилса шарҳ,
Гул бўлур ангуш агар мазмунин айтиб қилса шарҳ,
Эл йўқотур ҳуш агар мазмунин айтиб қилса шарҳ,
Номам элтур қуш агар мазмунин айтиб қилса шарҳ,
Сочқай ўт қақнус каби минг чок ўлуб минқор анга.

Кўзларимга чекмоғ истаб изладим мен хор изинг,
Не аламким, айри тушмиш юлдузимдин юлдузинг,
Таърифин айлай десам, ки бул қадар жозиб юзинг,
Лаълинг оллида чекар эл жонини олғач кўзинг,
Ваҳ, не шарбатдур лабингким, жон берур бемор анга.

Чеҳраи нурдан паришон хотирим қолғайму буд,
Чора эрмиш чорасиз кун дардима ёлғиз суруд,
Эй кўнгул, савдойидурсан, чеҳраси ёдин унуд,
Ақл эви сори инонин бошламоқ, носиҳ, не суд,
Телбаким, дашт узра маркабдур бузуқ девор анга.

Бебақо дунёда сен бас қил ружуъ роҳатғаким,
Баски, йўқмиш ҳеч илож манглайдаги ул хатғаким,
Найлай аммо баъзида бормиш адад тоқатғаким,
Тортасен исён юкин, хам қил қадинг тоатғаким,
Юк оғир бўлса рукуъ ул дам бўлур ночор анга.

Мен ўзим муслим гадою сен дағи кўнглимға шоҳ,
Тозарар бир гул каби кўнглимни тонглар ювса роҳ,
Одати ошиғниким бедорлиқ тун то сабоҳ,

Умр ғафлат уйқуси бирла тиларсен, кечса, оҳ,
Кўз юмуб очқунча кимнинг иътимоди бор анга.

Хотирим ғамнок эмасдур ишқи авранг кўйида,
Беҳаловат ўлди қалбим назм, оҳанг кўйида,
Чиқди руҳим, найлайин, фаттоҳи дилсанг кўйида,
Мен худ ўлдум, эй сабо, кўнглумни кўрсанг кўйида,
Чиқма андин, деб насиҳат қилғасен зинҳор анга.

Гулбаҳор айёмиким, гул қайтмагай ўз рангига,
Аҳли ошиқ, борму нисбат бергали ғам сангига,
Борму нисбат кўнглими қон бирла тутқан зангига,
Зор жисмим тушгали ҳажр ўтидин ғам чангига,
Эй Навоий, ўхшашур ҳам уд анга, ҳам тор анга.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Даҳр боғин гулларига бўлмон ортиқ пойбаст,
Ҳажри ўти кўнглум узра тийра кун солганда шаст,
Май ичарга майи лаългун дағи жоми ишқ ҳаст,
Субҳ эрур соқию мен махмурмен, сен – майпараст,
Тут қуёшдек жомни, мониъ недур бўлмоққа маст.

Бенавою бедавомен ишқ аро васлига зор,
Йўқ эрур жисмимда жону ихтиёру на қарор,
Май ичали, оҳимиздин ўрласин кўкка шарор,
Тийра шоми ҳажр аро, ваҳ, асру кўп чектук хумор,
Маст ўлали бу нафаским, васл субҳи берди даст.

Кун бийик чиққунча юлдуз кўзларин маст этмали,
Кун бийик чиққунча ҳижрон дастидин раст этмали,
Кун бийик чиққунча фони ўлмая қасд этмали,
Кун бийик чиққунча ҳўю нолани паст этмали,
Кун бийик чиққай бугунким, бўлғабиз биз ерга паст.

Ўн сакиз минг олам ичра келди оҳанг най била,
Бодага қўйдим ружуъ ман, бас деманг, ҳай-ҳай била,
Кечани равшан этармиз бул каби ишқ, рай била,
Анжуман аҳли юзин гулгул қилали май била,
Меҳрдин топқунча анжум гуллари бир-бир шикаст.

Кўкда ойу юлдуз аҳли ботқонча йиғлали,
Чок кўксин кўргузуб тонг отқонча йиғлали,
Қонли ёшлар оқди кўздин, дағи қонча йиғлали,
Чарх мотам еткурур биз дағи онча йиғлали,
Ким, кўҳан ғамхонаси ул сайлдин қилсун нишаст.

Маст кўнгул ёрасига бодани марҳам дебон,
Маҳрам ўлғай кечада бир ёнаётган шам дебон,
Нолаю афғон этарга барча бунда жамъ дебон,
Гар шафоатқа малоик келса номаҳрам дебон,
Меҳр шаклидин фалак йўлин қилали хорбаст.

Гулбаҳор, ғам чекмагил, ҳеч бўлмағай номи абад,
Кимки майдин тотди бул кеч – топди ул коми абад,
Нўш айлай ул шаробдин, келтуринг жоми абад,
Тонг эмас бўлса Навоий маст то шоми абад,
Ким, азал субҳида бўлмиш қисмати жоми аласт.

НОДИРА ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ашк ила гуллар суғордим, кулди хандон оқибат,
Кўз тутай деб кўзларим ҳам ўлди гирён оқибат,
Кечалар ҳолимга юлдуз бўлди ҳайрон оқибат,
Васл уйин обод қилдим, бузди ҳижрон оқибат,
Сели ғамдин бу иморат бўлди вайрон оқибат.

Сайд эрурмен. Кўзлари ўқ ёғдирур – бул не шикор,
Бор демангким жисму жоним, тахлитим худди нигор,
Қонли бўлмиш лоладин ҳам сийнада қалби фигор,
Қилди чоки пийраҳан доғи дилимни ошкор,
Қолмади кўнглимда захми ишқ пинҳон оқибат.

Кўнглим ичра ишқ сиррин мен хафо қилғум дебон,
Тийра ўлса зор қалбингким сафо қилгум дебон,
Жонима сенсиз агарки минг жафо қилгум дебон,
Аҳди паймонлар қилиб эрди вафо қилгум дебон,
Айлади тарки вафо ул аҳди ёлғон оқибат.

Айлади номеҳрибоним фурқат ичра доғ мани,
Бизни ташлаб йўлларин кутгайми доғи ком ани,
Сон-саноқсиз ғамлара маҳкум яратдинг ё мани,
Орзу қилдим тутармен деб висоли доманин,
Пора бўлди ҳажр илгида гирибон оқибат.

Ишқ кўйин куйламакни эл аро манзур тут,
Бу жаҳон ичра кўнгул юртини сен масрур тут,
Уз умидки, ёр васлидин ўзинг маҳжур тут,
Зоҳидо, ишқу муҳаббат аҳлини маъзур тут,
Ёр кўйида на бўлди шайх Санъон оқибат.

Заҳри ортар ёрнинг бир сўзи жонбахш ўрниға,
Дол кўринмиш суратим ҳам бир париваш ўрниға,
Ҳеч киши бўлмас азиз сентек жафокаш ўрниға,
Баски қон бўлди юраким, гавҳари ашк ўрниға,
Қатра-қатра кўзларимдан томди маржон оқибат.

Кун кулиб боққайму асти мен каби афгора ҳам,
Бу фано дайрида кўрдим турфа дунё асли кам,
Кўзларимда сенсиз ўтган кунларим қайғуси жам,
Оҳким, бўлди яна субҳи нашотим шоми ғам,
Чеҳра пинҳон этти ул хуршиди тобон оқибат.

Лолаларму ўзни ёққон – қасди борму жонида,
Кунни кўрмак бор эмиш тонг гулларин армонида,
Боғбонким, саҳв айлар, не ажаб, гул сонида,
Гарчи бор эрди мусаҳҳар девлар фармонида,
Поймоли хайли мўр ўлди Сулаймон оқибат.

Бир хазонтек сарғаришни ёр учун шон айладим,
Ишқи ёр деб кундузимни Гулбаҳор шом айладим,
Ҳажрдан гуллар сочиб розимни ифшо айладим,
Нодира булбул каби то нола иншо айладим,
Навбаҳор ўтти, хазон ўлди гулистон оқибат.

* * *

Беҳиштларнинг бўйларидан олдим нафас!
Мен ишқнинг бодасидан бўлдим-ку маст.
Кўз ёшидек титраб турган шул бир нафас –
Сеникидир ва менингдир – бўлгай абас.

Беҳиштларнинг бўйларидан олдим нафас!
Бу оламга ўт туташса мендан эмас –
Кўзларимга кўзинг тушган шул бир нафас
Мажнун этган ўзингни ҳам, мени ҳам, бас!

Бир шам каби эриб битсам кимга увол,
Заъфарондек рангим сариқ, паришонҳол –
Қовжирагай бемеҳрлар ичра беҳол
Муҳаббатнинг чашмасидан ичган ниҳол.

Жовдираган икки кўзим бор бегуноҳ,
Шундан бошқа гуноҳим йўқ, кўргин, оллоҳ.
Тош юраклар маломатга қўяр, эй воҳ!
Беҳиштларнинг бўйларидан ичсам ногоҳ.

Беҳиштларнинг бўйларидан олдим нафас!
Мен гул очсам қизғалдоқлар қилгай ҳавас.
Ишқ бодасин ичай токи, шул бир нафас
Қизғалдоқдай тўкилмасдан, бўлмай абас!

 

МУҲАББАТИМ

Водийларда тиниб қолди қўшиғим –
Хотирангга тушмас энди ҳеч ёдим.
Шодликларнинг қўшиғига қўшиб ғам
Куйлаб юрган баётим –
Муҳаббатим.

Хаёлимни олиб учар ёшлигим,
Нурларидан қуёш берар бир қатим.
Юксакдаги оққуш кўзин ёшлаган,
Ўқлар теккан қанотим – Муҳаббатим.

Кундузларга айланади тонглар ҳам,
Гулда қолар томчигина нашотим.
Кипригимга келиб қўнган бир шабнам,
Ҳаётимми, мамотим?
Муҳаббатим…

 

ФИРОҚНОМАЛАР

А Й Р И Л И Қ

Чорвоқларга эрта келди куз,
Барги хазон қийнайди мени.
Хотирам-ла келиб юзма-юз
Ҳар бир оғоч тирнар ярамни.

Ёз – севгилим, севарман ҳануз,
Мен йиғлайман ерга босиб юз.
Остонамдан киролмай маҳзун
Чорвоқларда дилдирайди Куз.

Қумсоатнинг қўлида умрим,
Ўтар боши оёқдан, эссиз.
Бор умрини елга совуриб
Чорвоқларда куз йиғлайди, куз!

Мен баҳорга эмас муносиб,
Мен ёзлардан кечикдим, қолдим.
Висолингдан бўлдим бенасиб,
Оғоч янглиғ букилди қаддим …

 

* * *

Гуноҳимни билдик –
Бир мену бир сен.
Савобимни билдинг –
Фақатгина сен.

Ҳижрон оташида ёндим,
Ҳолимни билмади ағёр,
Ҳолимдан хабардор –
Бир мену бир сен.

Фақру фано водийсида
Мен йўғу –
Мен ила сенсен !

 

* * *

Ёз бўйи сарғайди тераклар,
Ёз бўйи сарғайди гул юзим.
Сеҳрини йўқотар эртаклар,
Шом қадар етмайди кундузим.

Ёз бўйи сарғайган тераклар.
Омонат баргларда илинжим.
Бормикан умиди тириклар,
Осойиш кунлардан ўтинчим.

Ёз бўйи сарғайди тераклар,
Ёз бўйи мен сени соғиндим.
Осмонга бўй чўзган тилаклар
Ерларга хазондай ёғилди …

 

* * *

Қийналади қароғимда тун,
Кун чўзилар уфққа аранг.
Тинчлик бермас дунёга бутун
Шаҳар тўла хотираларинг.

Кулиб турар битта хотиранг,
Изҳор этар менга муҳаббат.
Яна бири парвона, тажанг,
Дардларимга тилайди сиҳат.

Дарвозанинг титроқларида
Кутиб олар мени ҳар оқшом
Йўлларингга тикилган тоқат —
Хотиралар – ўйчан, паришон.

Ёдимни ва жонимни ўртар
Ҳар сатрингда яшар хотиранг.
Уй бурчида мунғайган дутор,
Рубобингда йиғлар хотиранг…

Осмон ва ер сендан хотира!
Орасида қора чизиқ ранг.
Сенсиз бўлмас, бўлмайди сира –
Дунё тўла хотираларинг!

 

* * *

Бағри қон эмиш атиргулларнинг.
Бекор гап!
Асли улар қилмоқда ханда.
Мен эса
Қабрингиз бошига
Ишқингиз-ла суғориб
Фироқда ўстирган
Дилимнинг гулларин келтирдим…

 

* * *

Жаннатларда эмишсиз гўё,
Сизга ёрмиш ҳури айнлар.
Бу дунёнинг борлиги рўё,
Бир лаҳзага арзимас йиллар.

Шараф сизга, шафоат сизга,
Худойимдан сўрарман раҳмат.
Фурқат менга, фароғат сизга,
Сизга бўлсин жамийки роҳат!

Сизга ёрмиш ҳури айнлар,
Сизга яна не тилак дейин?
Билмагайсиз – зору зор йиғлар
Юрагимда бир ҳури айн.

 

* * *

Назаримда баҳор кунлари
Ўтиб кетар саросимада.
Сездирмасдан анор гуллари
Кечалари гуллар чамамда.

Атиргул ғунчаси жонингга
Бир қасд ила тугилган муштдир.
Бу ҳилқатлар ром этмас нега,
Кўзлаганинг балки беҳиштдир?

Юзинг каби гуллар нопармон,
Ютиб борди сени кечалар.
Бир гул умри завол топару
Гуллар нега сонсиз чечаклар?

Назаримда баҳор кунлари
Ўтиб кетар саросимада.
Сездирмасдан анор гуллари
Кечалари гуллар чамамда…

 

* * *

Кўзларимдан юмалаган ёш
Залворидан эгилди киприк.
Юрагимга чўкканмикан тош,
Нигоҳимда қайғулар тирик.

Муҳаббатдан ўлмаганлар ҳеч,
Ўлмаганлар айрилиқдан ҳам!
Нечун унда кўзларим бу кеч
Севинчларга тутади мотам?

Арз айтаман, ўзинг бохабар,
Ўзинг билган шу кўнглим ярим,
Даргоҳингга дарёдай борар
Жойнамозга томган ёшларим.

 

* * *

Туйғуларнинг тили бўлмайди,
Фақатгина нолалари бор.
Гул кўйида хаста булбулдек
Қўшиғининг тинмоғи душвор…

Туйғуларнинг тили бўлмайди,
Нолалари эзар юракни.
Юрагимга кирган девона
Нима қилса қилар юракни.

Туйғуларнинг тили бўлмайди,
Фақатгина нолалари бор.
Туйғуларим сира ўлмайди,
Чунки унинг нолалари бор!

Ғ А З А Л Н О М А

* * *

Кўнглим уйи кошонадур,
Сенсиз магар вайронадур.

Бор бойлиги ишқим эрур,
Олам анга ҳайронадур.

Ишқ учқуни тушган қачон—
Маҳшар қадар ул ёнадур.

Савдои ишқ тушди анга,
Кулманг, қўйинг—девонадур.

Ишқсиз агар кўнглим маним
Ўздин ўзи бегонадур.

 

Ғ А З А Л Н А М О

Борму нафим бу дайр аро бир гулчалик –
Бахш айладинг манга ҳусну тароватинг.

Борму сабрим йўлда ётган бир тошчалик –
Бахш айладинг тоғча сабру қаноатинг.

Борму дардим кўнгилда бир тикан янглиғ –
Бахш айладинг ҳам дардингу табобатинг.

Борму эркан улусқа бир ширин сўзим –
Бахш айладинг манга меҳру шафоатинг.

Борму сидқим санга асли бир қулчалик –
Бахш айладинг ҳам вафоу садоқатинг.

Борму эркан тилимда бир каломи ишқ –
Бахш айладинг манга ишқу саодатинг.

Ҳам риндингу гадоингман, садоингман –
Бахш айларсан манга маҳшар ҳимоятинг.

 

* * *

Топмади кўнглим маним оромсиз жонин бу кун,
Топмади сармасту саркаш ул ширин онин бу кун.

Ою юлдуз хуррам эрди, иқди шабнам ёшларим,
Излагай кўнглим маним хуршиди рахшонин бу кун.

Мубталолиқ ҳасратида отмагай тонгим, не тонг,
Оҳким, бузгай қуёшим аҳду паймонин бу кун.

Қон дилимдин ғунча ранг олмоқ истабму экин,
Қон дилимга гўйиё санчди пайконин бу кун.

Васли ёрдин ўзга бир истаб малоҳат топмадим,
Истарам сероб этгай оби ҳайвонин бу кун.

Топди Гул фаслида ошиқ нола афғонин, вале
Топмади жоним маним тонг отса жононин бу кун.

 

* * *

Нединким чашми зоримни йўлингга интизор этдинг,
Нединким гулжамолимни хазонтек зарнигор этдинг.

Дилимни ошкор этдим – саболар ифтихор этгай,
Ажаб шайдо дилимни сен гул ичра бир ҳазор этдинг.

Нечук Лайли ва Қайс номин тилимда зикри ёд этсам,
Жунун водийсида номим алардек устивор этдинг.

Қарор топмай чаман ичра на ерда зоҳир ўлғайсен,
Фироғу фурқатинг бирла дилимни беқарор этдинг.

Қаро тунлар ғамин сўйлар қарочиққа назар этсанг,
Нечук кундуз жамолиға қаро тунни девор этдинг?

Бу янглиғ изтироб ичра, бу янглиғ ҳажру дард ичра
Ажабким, Гулбаҳорингни йўғ эрди, тилда бор этдинг.

 

* * *

Севинчу бахт, сафо қайда – алар мандин йироқ кетгай,
Санинг васлинг қачон етгай – шу боғлардин фироқ кетгай.

Кимам қодир овутмоққа жамолин истаган чоғда,
Неча кўз ёш тўкиб қолсанг, қадрдонлар бироқ кетгай.

Ахир дардим бирор вазну бирор бир шеърга сиққайму,
Азобим байтма-байт ўлғай, ки шеъримдин туроқ кетгай.

Ёқиб кетдинг жаҳонимни, кўзимга тор этиб кетдинг,
Кўришмак соатин билмай дилимда бир сўроқ кетгай.

“Сарахбор”у “Наво”лардин санга нома китоб этсам,
“Муножот” у яна “Ушшоқ”, яна “Чўли ироқ” кетгай.

Самандардек ёқиб жоним санга ишқим баён айлай,
Ани изҳор этмакка сабо мисли Буроқ кетгай.

Ҳажр шоми ё Гул фасли – самолардин ки моҳ кетгай,
На моҳ, балки мукаммал дил китобимдин вароқ кетгай.

 

* * *

Орзу эди борлиғим, армонни ўрганмишам,
Борму анга тоқатим – ҳижронни ўрганмишам.

Барбод бўлур оҳима дунёи дун қасри ҳам,
Ободмену бул замон вайронни ўрганмишам.

Таржимаи ҳолими ёзмоққа на эҳтиёж –
Мажнунмену ҳолима ҳайронни ўрганмишам.

Кўнглимни гул баргига қуш тилида шарҳ этай,
Бергай фириб жонима – инсонни ўрганмишам.

Эй Гулбаҳор жон ила жонон Ҳабибинг эди,
Ҳижрон туни жоними эҳсонни ўрганмишам.

 

* * *

Матлабим сандин аёну санга ман қайдин аён,
Ишқ водийсинда, сўйла, пири муршидим қаён?

Йўлида йўлсиз йўқолдим, кимга айлайким баён,
Манким эй, солики ишқу, пири муршидим қаён?

Кимга ишқ бахт келтирибдур, асли жонға ул зиён,
Қутқарурму бу балодин – пири муршидим қаён?

Ишқ агар этмакчи яғмо, зор жисмимдир бу ён,
Жон нақдин гар берурман, пири муршидим қаён?

Кўрсат эй жонға борур йўл, мақдамимни ушбу он
Гар фалак устина қўйсам – пири муршидим қаён?

Гулбаҳор чекканда нола, қора бахтимким, уён,
Йўқса водии фанода пири муршидим қаён?

 

ИЛТИЖО

Бандаман, мўмин қулингман, марҳамат қил, раббано!
Бир ўзингга, бир ўзингга, бир ўзингга илтижо!

Этма хору зор жисмим, роҳу расмим ростлиғ,
Балки элга ёддур исмим билфаною билбақо.

Куйди ашъорим манимким бир жигарсўз лафз ила,
Бир санга ошиқлиғим бил, бир санга ҳамду сано.

Биру борим санда кўнглум улфати жонимки йўқ,
Санга қаршу бир ўзимман, бир санга ёрман мано.

Сан мани мандин халос эт, қайда жонимда ҳузур,
Бир ўзимман ўзлигимга мубталою вал бало.

Бир назар қил, санда кўнглум, санда чорам, раббано,
Бир ўзингга, бир ўзингга, бир ўзингга илтижо!

09

(Tashriflar: umumiy 178, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum Xurshid aka! Ushbu sahifa tavallud ayyomimga ajoyib tuhfa bo’ldi. Sizdan Olloh rozi bo’lsin! Doimo elimiz ardog’ida bo’ling!

Izoh qoldiring