Mash’al Хushvaqt. She’rlar & Ozod Sharafiddinov. Eski haqiqatning yangi talqini

Ashampoo_Snap_2017.01.11_22h57m59s_003_.png    Мен Машъал Хушвақтнинг шеърларини 20 йилча аввал «Ёшлик» журналида ўқиган эдим. Ўшанда ёш шоирнинг ўзига хос овози намоён бўлган шеърлари маъқул бўлгани боис унинг номи хотирамда муҳрланиб қолди. Ўша йиллардан бошлаб дуч келганда шоир шеърларини албатта ўқиб бордим. Бироқ,кейинчалик анча вақтгача унинг номини бирон бир нашрда учратмадим. Куни-кеча эса фейсбук боис яна уни топиб олиб, хурсанд бўлдим. Энг аввало, Машъалбекнинг қаламини синдирмаганидан, ижоди давом этаётганидан, унинг адабиётда борлигидан хурсанд бўлдим. Ижодкор дўстимга салом ва эзгу тилакларимни йўллаб, ундан янги асарлар кутаётган инсонлар қаторида борлигимни изҳор этаман. Қолаверса, мен назарда тутган инсонлар сони анчайин эканига ишонаман.

Бугун Машъал Хушвақтнинг бир туркум шеърларини ва роппа-роса 14 йил аввал устоз Озод Шарафиддиновнинг шоир ҳақида ёзган мухтасар сўзини сизга тақдим этмоқдаман.

Хуршид Даврон

Озод Шарафиддинов
ЭСКИ ҲАҚИҚАТНИНГ ЯНГИ ТАЛҚИНИ
01

02 Машъал шу кунгача биронта шеърий тўплам чоп эттирмапти. Нима учун? Билмадим. Унинг шеърлари билан танишиб чиқиб,бунга афсуландим, холос, Машъалбек ҳар нима ёзган бўлса, буни чуқур масъулят билан ёзган, ўз олдига жуда катта талаблар қўйган. Афтидан,у шеърларини эълон қилса, уларнинг шеърият уммони тубига чўкиб, изсиз йўқолиб кетишини истамаган кўринади.Агар шундай бўлган бўлса, уни мақсадига етган деб қарашимиз мумкин – унинг шеърлари ҳароратли, фикрлари теран, ҳис-туйғулари оҳорли.Уларда фалсафийлик ҳам, юмор ҳам, киноя-ю писандалар ҳам,чуқур дардлар ҳам бор. Албатта, Машъалбек ҳам бошқа шоирлар каби инсон ва ватан, севги ва садоқат, инсон умрининг маъноси тўғрисида ёзади, лекин бу таниш мавзулар ҳақида ўз сўзлари, ўз туйғулари билан ёзади. Мен шоир шеърларининг ўзига хослиги, янгичалигини далиллайдиган кўпгина мисоллар келтиришим мумкин эди, лекин ўйлайманки, бунга ҳожат бўлмаса керак:  эътиборингизга ҳавола қилинаётган шеърларни ўқисангиз, гапимни чинлигига амин бўласиз.

Машъалбек шеърлари билан танишганимда, мен яна бир эски ҳақиқатнинг чинлигига тан бердим – Шеърият инсон билан бирга мангу яшайдиган, ўлмайдиган ҳодиса ва униг имкониятлари ҳам чексиз, битмас-тугалмасдир, чунки у чинакам истеъдодга эга бўлган ҳар бир одам учун сахийлик билан ўзининг янги-янги тилсимларини очиб бераверади.

Буюк татар шоири Абдулла Тўқайнинг”Муҳаббат ул эски нарса, аммо ҳар бир юракни янгарта” деган чиройли гапи бор.Шуни бир оз ўзгартириб “Шеърият ул эски нарса,аммо ҳар бир шоир ани янгарта” деса ҳам бўлар экан. Машъалбекнинг ижоди бунга яна бир далилдир.

Машъал Хушвақт
ШЕЪРЛАР
01

ҲАЗРАТ НАВОИЙГА

Оғзимда тил эмас, асрабман чаён,
Дил деб сақлаганим муштдек тош экан.
Ҳали ҳам билмабман не экан иймон,
Алъамон*, ҳазратим, алъамон!

Бандадан кўрибман бор мусибатни,
Кўнгил мазраига экибман ёлғон.
Боламдек боқибман кек-хусуматни,
Алъамон, ҳазратим, алъамон!

Майса сўлий бошлар тушса кўз қирим,
Сўзларимдан нечун пўст ташлар илон.
Нечун кўзларимдан оққан ёш ширин,
Алъамон, ҳазратим, алъамон?!.

Нечун тавба билан ўтсада куним,
Очилмас мағфират эшиги ҳамон.
Бир синиқ калитдай айланар тилим,
Алъамон, ҳазратим, алъамон!

Ёлғондан сўзимни халос этайин,
Ҳаромдан бўғзимни халос этайин.
Ўзимдан ўзимни халос этайин,
Алъамон, ҳазратим, алъамон!

алъамон – кўмак, ёрдам мадад сўраш

МАШРАБГА ЎКИНЧ

Бу диёр сизнинг-ла жуда пок эди,
Сиз билан табаррук эди бу ватан.
Бандалари солик ҳам бебок эди,
Сиз билан, девонам, сиз билан.

Қушлар ҳам зикрни сиздан-да билди,
Ихлос билан сизга мурид бўлди тоғ.
Сиз боққан гиёҳки нолалар қилди:
“Аналҳақ!”,”Аналҳақ!”,”Аналҳақ!”

Девонам, Ватандан нечук кетдингиз –
Бир сиқим тупроқни Балхга элтингиз?..
Наҳот, қадрингизга етмади биров,
Азиз қўлингиздан тутмади биров?

“Сиз бизга кераксиз, ҳазратим” деган
Садо чиқмаса ҳам бирор кимсадан,
Қушлар сизни қол деб қистамадиму,
Сувлар қолишингиз истамадиму?!

Кетар чоғингизда Ватандан мангу,
Ётиб олмадиму тоғ йўлингизга?!
Пешингизга тикан ёпишмадиму,
Қумлар тўлмадиму ковушингизга?!.

АНГЛАШ

Дилимга ишқ тўлди,
Муҳаббат тўлди,
Энди ўтли оҳлар содиқ йўлдошим.
Жисми вайронимга бойқушлар қўнди,
Қайғу ортган карвон бўлди кўз ёшим.

Билдим, энг чиройли жонзот – қурбақа,
Энг ювош мавжудот экан чаёнлар.
Ҳеч ким ўргатмади нодонлардақа,
Асил устоз экан менга нодонлар.

Ғам-андуҳга ватан эканман, билдим,
Чивиндан-да тубан эканман, билдим.
Билдим, билган сарим билгандан куйдим,
Куйдим, куйган сарим куйгандан кулдим…

Аёнлашиб борди буду нобудим,
Ғуборимни кўрдим ниш урган донда.
Кўрдим, бир ниҳолда ўсар тобутим,
Бир гиёҳнинг ҳаққи бор экан менда.

Кўрдим, дову дарахт мени олқишлар,
Қутлар мўру малаҳ, қутлар ўт-ўлан.
Елкамга қуш қўнар, капалак қўнар,
Табриклашар одам бўлганим билан…

* * *

Бўйларим чўзилар, тўлар билагим,
Полвон, норғўл бўлдим йил ўтган сайин,
Кичик келиб қолар яна кўйлагим,
Ота, бундан шодсан, бахтлисан тағин.

Ота, яна дўкон томон чопасан,
Тақдир сени шундай бахтиёр қилган.
Тағин жилмаясан, бўласан хурсанд,
Сени тақдир қандай майин тўқиган.

Бўй-бастим чўзилди,
Бу йил ҳам, мана,
Юрагим эзилди биринчи марта:
Кичик келиб қолди кўйлагим яна,
Катта келиб қопти кўйлагинг, Ота!..

ШАВКАТ РАҲМОН

Руҳи тўлар кундан кунга улғайиб,
Бошин силаб ўстирар юрт шамоли.
Бино бўлар савқидан минг ғаройиб,
Хаёллари малойиклар хаёли.

Мана энди кўзсиз кўра бошлади,
Энди қўлсиз қаттиқ қуча олади.
Оёқларсиз илдам юра бошлади,
Қанотларсиз баланд уча олади.

Такаллумсиз мумкин экан сўзламоқ,
Мумкин экан идрок қилмай тушуниш.
Ўнгирларнинг қонимикин қизғалдоқ,
Қир-адирнинг иссиқ жони – каламуш?..

Тунаб қолар чигиртканинг уйида,
Қутлуғ маскан унга мўрнинг уяси.
Меҳмон бўлар бир илоннинг тўйида,
Бир чаённинг эди соҳиб азоси…

Дайдиб-дайдиб анғизларда юради,
Қоқиқизлар оёғига ёпишар.
Майсаларнинг тушларига киради,
Тушларида бинафшалар ўпишар.

Насиб қилса, ҳали дарров ўлмайди,
Ҳали ҳаққи бордир тунда, кундузда.
Қачон унинг сабри тўлар, билмади,
Қабри бўлар унинг қайси юлдузда?..

1994

*  *  *

Ёрғучоқ тошидай айланар фалак.
Аршдан макон излаб чиққан умрлар…

Эҳ, ана,
Бошқа бир оламга ўтар –
Мен ўттиз йил қидирган малак,
Сен ўттиз йил кутган баҳодир –
Бу дунёга келмаган қадар,*
Бу дунёга тушмаган тақдир…

Қадар – қисмат, умр.тақдир

*  *  *
Ш.га

Рухсорингиз мен тиланиб боргувчи даргоҳ эди,
Кулгучингиз менга атаб қазилган бир чоҳ эди.
Кипригингиз қатлим истаб шайланган сипоҳ эди,
Тошканнинг гўзал қизи,
Тошканнинг гўзал қизи.

Сизни кўрсам, нимагадир кўрмас бўлдим ўзимни,
Ҳаяжонлар тўсиб қўйди бўғзимдаги сўзимни.
Қишлоғимга олиб кетдим тирик қолган кўзимни,
Тошканнинг гўзал қизи,
Тошканнинг гўзал қизи.

Аттанг, сизга совчи қилиб юбормадим булбулни,
Шамолдан-да пинҳон тутдим сизга борар бу йўлни.
Минг афсуски, киролмадим кўчасига кўнгилнинг,
Тошканнинг гўзал қизи.
Тошканнинг гўзал қизи.

Жиндак журъат қилганимда ғам мени ютармиди,
Сизни севдим, деганимда Асакам кетармиди,
Харидорингиз бўлганимда Асакам етармиди?..
Тошканнинг гўзал қизи,
Тошканнинг гўзал қизи…

*  *  *

Ботинимга боқиб йиғладим, худо:
Дилимда чумоли кўзичалик гард.
Ин қўймиш бўғзимга тариқдек риё,
Қонимга қўшилмиш бир томчи ҳасад.

Айтдим, нега қаддим бунчалик эгик.
Ва маънисиз кечар яшаган умрим.
Кўзларим мурданинг кўзидек сўник,
Тоат- ибодатим лаззатдан маҳрум.

Айтдим,
Нега кўнглим тўлмаяпти деб,
Дуоим ижобат бўлмаяпти деб,
Қарғансам қарғишим тегмаяпти деб,
Айтдим-а, айтдим…

ЖОН ҲАҚИДА ИККИ ШЕЪР

1

Жонимда умидлар сузиб юрмаса,
Туйғулар ўсмаса қонимда агар,
Ҳақиқат тилимга ошён қурмаса,
Ва иймон дилимга бўлмаса падар,
Қаттиқ жазолайман мен сени, ҳаёт, –
Ташлаб кетаман!..

2

Жоним, нега келдинг бўғзимга?
Йўқ, йўқ, ҳеч қаерга кетмаймиз.
Қани, қайтгин дарров изингга,
Қайда жой бор бу жойдан-да соз?

Мен шунчаки тутақиб кетдим,
Мен шунчаки бўғилдим, халос…

*  *  *

У туфайли қанча аламлар ютдим,
Қанча ғамга тутдим у деб юракни.
Уни ойлаб кутдим, йиллаб кутдим,
Йиртдим неча-неча кўйлакни.

Не ёмғирлар ёғди, не қорлар ёғди,
Кўксимда яшади тоқат асирдай.
Шўрлик юрагимни умидлар боқди,
Ишонч етаклади уни басирдай.

Минг шукур, ҳали ҳам айланар тилим,
Ҳали ҳам ўлимни ўйлаганим йўқ.
Пешонам остида қорачиқларим
Йўллар елкасини куйдираётган чўғ.

Ҳали уни яна узоқ кутаман,
Аламлар ютаман минг бора яна.
Йиллар, шошманг, сиздан зор ўтинаман,
Йиртгани кўйлагим бор ҳали, мана!..

ИБТИДО ЮКИ

Руҳим, алмисоқда нима дегансан,
Не деб сўз бергансан, жону нафасим.?
Нафсим, не улушга рози бўлгансан,
Дил, қандай бўлишга қилгансан азм?

Нафсим, яна менда қолдими ризқинг,
Умримни ошалаб бўлдингми, ҳасрат?!
Ичимда ўлдингми, туғилмай, ишқим,
Қонимда чўмилиб бўлдингми, шаҳват?!

Кин, ҳасад юракни хардек миндилар,
Ҳаммоли маъсият – бўлди юмушим.
Нафсим хизматини қилиб синдилар,
Бир пайт пайғамбардан қизғанган тишим…

Бугун машрабимни этдим озода,
Ҳирсни чилвир билан боғладим маҳкам.
Билдим, бу дунёда Нажот – ғизода,
Билдим, Халоскорим – пок луқма экан.

Ўзимга ёт бўлдим,
Ит бўлдим минг бор,
Дами пок бўлгунча, одам бўлгунча.
Нафсим кўмак берди бу ишда бисёр,
Бунда жон куйдирди гуноҳим қанча…

Худойим,
Мен сени дўст билдим яқин,
Дилимдан, бир мўмин суйгандек суйдим,
Қўлимдан келганин қилдим мен тағин:
Қарагин, ўғлимга исмингни қўйдим!..

НОРОЗИЛИК

Ваҳима босганда,
Қўқув босганда,
Тўсатдан юрагинг қинидан чиқар…
Юрагинг чиққанда ҳар гал қинидан,
Ҳар гал юрак қиндан кўтарилса даст –
Нега унда Қўрқув тирик ҳали ҳам,
Нега Ваҳиманинг боши кесилмас?!

ҒАЗЗОЛИЙНИ ЎҚИБ

Дўстим, ҳали ичим тошимга хилоф,
Шошма, ҳали моҳтоб эмас сийратим.
Пўсти мағзимда олам иҳтилоф,
Адашма, одамга ўхшар суратим.

Дилим қулф,
Мифтоҳи* бўлса йўқолган,
Ғанимат саҳари, ғафлат маҳали.
Қурсоғим* зиллату ачиққа тўлган,
Булғанган балчиққа руҳим жавҳари.

Дилим қулф,
Мифтоҳни излар дарранда,
Излайди шаётин, жину баҳойим.*
Баҳайбат бир ҳадик, қўрқув ичимда:
Топиб олса эди тезроқ Худойим…

мифтоҳ — калит
қурсоқ қорин
шаётин,жину баҳойим –шайтонлар,жинлар,ҳайвонлар

ҚАРЗДОРЛИК

Қарзимни биламан,
Тоғ суяк берган,
Юлдузлар кўз берган,
Яшин – кескир тил.
Тахайюлни эса олдим самодан,
Сабодан олганим – девона кўнгил…

Кундуз шодлик берди,
Ғуссани – кеча,
Шижоатни сўраб оловга бордим.
То унинг ўзига керак бўлгунча,
Шу азиз тупроқдан қонни қарз олдим…

ҚОРНИ СОҒИНИБ

Кўйлагини довдир шамоллар йиртган,
Очиқ танасидан хижолат тортган,
Қишнинг қучоғида ложарам ётган
боғ,боғ.

Дала тушларига киради тўрғай,
Елвизак ўтади судралиб зўрға,
Боғда дод солади бир қари қарға –
зор, зор.

Теварак юзида зоҳир мусибат,
Эзгин хўрсинади шўрлик рутубат,
Шамолга тилини берган сукунат
хор, хор

Қарға фарёд қилар янада баттар,
Дарахтлар яна ҳам тортар хижолат,
Даланинг тушлари бузилиб кетар,
Елвизак шол бўлиб қолар ниҳоят.

Осмондан қуйила бошлар даъфатан,
Дарахтлар ёлвориб тилаётган ор,
Қари қарға тинмай сўраган кафан –
қор, қор, қор…

ИЛТИЖО

Сен севишимни, жуда севишимни
Чақиб қўйди сенга кўзларим.
Қўлимдаги титроқ, мана шу титроқ,
Сенга бўлган муҳаббатимни,
Менга билдирмайин айтиб қўйди-ку.

Дарвоқе,
Тилимни нима қиламан,
Менга фойдаси тегмаган тилни.
Дунёда мен каби муҳаббатини
Изҳор этолмаган одам борми?
Мен унга бераман бу тилни!

1985

ИМОН ИБТИДОСИ

Бақо товонида топталган умрим,
Кеча-кундуз тинмай гардланган фалак.
Қаерлардан излай саодат тухмин,
Айтгин, алмисоқдан қолган юрак?
Эллик йил сўзларга ҳаммоллик қилдим,
Эллик йил яшадим сўзимни сизлаб…
Даҳр йўлларида саргардон бўлдим,
Ўзимга ўхшаган одамни излаб.

Қисматим тоқига бало қурди ин,
Ҳолимга ачиниб йиғлади очун.
Ҳар келган балодан сўнг юзим ажин,
Ҳар қилган оҳимдан оқ бўлди сочим…
Руҳи равонимни қарғади таним,
Рамақи жонимга чанг солди жабр.
Ажр билди мени ўзига ғаним,
Мен-чи, сабр қилдим,
Жимгина сабр.
Фақат сабр қилдим,
Сабрлар қилдим,
Балолар жаладек қуйилаверди.
Сабр қилган сарим сабр сўнгида
Тангри бордек… бордек туюлаверди.

ҚИШНИНГ СЎНГГИ ТУНИ

Кечагидек тун саросимали,
Нотинч яна кечагидек тун.
Тушига киради шўрлик қарғанинг,
Қор – ўғирланган оқ пўстин.

Яна тонгга қадар бу ойдин ғусса
Қолади қарғанинг бўғзида қотиб.
Ухлаёлмай чиқар қиш бўлса,
Елкасига майсалар ботиб…

КУТИШ

Гул билан кутаман сени мўлтираб,
Йўлакда қораси кўринмаганим.
Осмонга ёлвориб, осмондан тилаб,
Аммо ердан топиб олганим…

Кутаман, томоғим ҳадеб қақрар,
Овозсиз чақирар чеҳрангни дийдам.
Кўкрагимда тоқат бақирар,
Кўкрагимда дод солар чидам.

Ишончимни азоблар ғажир,
Ғамлар юрагимни тишлашар.
Кутиш – руҳим боғланган занжир,
Гул – қўлимга солинган кишан…

КУЗ ТАШБЕҲЛАРИ

Бунчалар дардмансан,
Бунчалар сўлғин,
Бунча ҳам муштипар, кимсасизсан-а!..
Мен сени жон-жон деб қиз қилиб олгум,
Мунисгинам менинг, кузгинам.

Қиёфангни кўриб эзилди жоним,
Бўлди мунгли-мунгли жисмимда борим.
Юзлари заъфарон, заиф беморим,
Маҳзунгинам менинг, кузгинам.

Сен арзи саробим, баҳри ҳубобим,
Ошиқлар рангидек ранги зардобим.
Парвона умридек умри нобопим,
Зардюзгинам менинг, кузгинам.

Тобора вужудинг совуб борар, воҳ,
Маъюс табассуминг сўниб борар, воҳ.
Метин юрагимни ҳасрат ёрар, воҳ,
Маъюсгинам менинг, кузгинам.

Жон қизим, қўрқитма, мени қўрқитма,
Сен ҳали яшайсан, яшайсан яна.
Отадан ҳам олдин ўлурми бола,
Менинг кенжа қизим, кузгина?..

ОДАМЛАР

Буюрсанг, зум ўтмай дунёга келар,
Тонгдан то шомгача ўзидан кечиб,
Бари билганича зироат қилар,
Деҳқончилик қилар охират учун.

Сўнг бари сен томон йўл олишар боз,
Сўнг бари сен томон шошилар, тангри.
Бироқ нега савоб кўтарганлар оз,
Нега кўпдир гуноҳ орқалагани?!

Нега бари ёзуқ кўтарган бирдай,
Нега бари қоп-қоп гуноҳ ортган, воҳ! –
Маҳшарар бозорида маъсият пулдай,
Маҳшар бозорида қимматдек гуноҳ?..

РОМЕН РОЛЛАН

“Мени кечир , бу – охиргиси,
Сўнгги маротаба кечира қол…”
Аёлнинг бу сўздан қистар кулгиси,
Йиғламоқни истар бу аёл.

Тинимсиз кечирим сўрайди эркак,
Аёл эса унга қараб ачинар.
Минг йилги бедаво ярадай,
Шўрлик лаб очилиб ёпилар…

СОАТ

Хонамда мен билан яшайди бир қуш,
Патлари забаржад, олмос тумшуғи.
Кечираётган оним – бу қушга емиш,
Яшаётган лаҳзам – унинг озиғи.

У тинмай чириқлар, ғизо кутади.
Қадаб вужудимга юҳо кўзини.
Олдига ташласам бир-бир ютади,
Бошимдан ўтказган ҳар бир лаҳзани.

Кунларимни бир-бир ютиб юборар,
Ойларимни бир-бир ютиб юборар.
Йилларимни бир-бир ютиб юборар,
Шу тахлит, шу тахлит, шу тахлит.

Наҳотки, дунёга шу қуш деб келсам,
Наҳот, шу очкўзни вазифам боқиш?
Кўтарар бошини қачон билмасам,
Ўзи қачон тўяр бу очофат қуш…

*  *  *

Ўлим, сенга қадар йўл узоқ,
Ҳали азоблар бор мен йўқлайдиган.
Чайнайдиган тошлар бор – қайноқ,
Оловлар бор мен ҳўплайдиган.
Йўлим олис,
Бу олис йўлда,
Ҳаёт турар сендан-да кучли.
Машаққатли сендан минг марта,
Минг мартаба сендан қўрқинчли…

УМИД

Шайтон, кет бу ердан,
Сен уни тинч қўй,
Ҳали бу одамнинг дили ўлмаган.
Ҳаром луқма ейиш ҳақидаги ўй,
Кўнглига келмаган, сира келмаган.

Тинч қўй бу одамни,
Фосиқ ғаммози,
Келган бўлса келган бу ўй, эҳтимол.
Лекин бу луқмага тушмаган кўзи,
Кафтида тутмаган луқмани бир бор.

Эй малъун,
Ҳийлангга алданиб тағин,
Балким, тутса тутган кафтида озроқ.
Лабларига олиб келмаган яқин,
Оғзига солмаган луқмани бироқ.

Кет энди, лаънати,
Хомтама бўлма,
Солган бўлса солган оғзига ундан.
Ва лекин, шуни бил, ҳали ютмаган,
Ўтмаган бу луқма ҳануз бўғзидан.

ЎТМИШ

Шундай бўлган, ҳа, шундай бўлган,
Ҳар ким ўйлаб босган қадамни.
Кўзларини ўйган, тилини кесган,
Замон ҳақ гапирган одамнинг.

Шундай кечган дунёнинг куни,
Ўзгармаган ўлчов минг йиллаб:
Доим ёлғончидан ҳақиқатгўйни,
Одамлар айриган тилига қараб.

Кўзларига қараб таниган уни,
Кейин эса эргашган кейин –
Тили кесилганга тутиб қулоқни,
Кўзи ўйилганнинг ушлаб этагин…

КУТИШ

Ўчоқнинг пинжига суқилган ўтин,
Хонтахта устида бир коса овқат.
Жимгина эрини кутаётган хотин,
Жони таслим бўлаётган тоқат.

Соат “ку-ку”лайди – ярим бўлар тун,
Хонтахтада эса совуб борар ош.
Бахтиёр пичирлар, пичирлар секин,
Ўчоқнинг кўксига ўтин қўйиб бош…

Ҳавас билан боқар ўчоққа аёл,
Ҳавас билан боқар, танида титроқ.
Фақат тонгга яқин ош музлаб қолар,
Фақат тонгга яқин бўшайди қучоқ…

СЎФИЁНА

Кўнглимда сабрлардан қуриб олгумдир сарой,
Ёруғ-ёруғ хаёлим ҳадя этгум сенга, ой.

Эй анисим изтироб, эй мунисим қайғу-ғам,
Шу бир сиқим умримни сиз билан кўргум баҳам.

Шамоллар, кекирдагим мерос қилгумдир сизга,
Ундан мўъжаз, ажойиб ясаб олинг сибизға.

Хазин-хазин овозим сенга бўлсин, хазонак,
Қайноқ, оташин сўзим сеники, чақмоқ, бешак.

Қайга борсам аҳли хар, қайга борсам аҳли ғар,
Олов, сенга топширгум нафсимни кетар маҳал.

Руҳимни поклаб олсам, дилни қилсам муназзаҳ,
Бир боғлам суягимни сенга берсамми, дўзах?..

Қани, поклан, чиройли кўйлагингни кий, дилим,
Келади харидор бўлиб сенга ўзи Худойим..

Муназзаҳ –пок, тоза

ШИРИН ТУШЛАР

Ширин тушларини кеча ҳўплаган,
Юрагида нурли умид тўплаган,
Чеҳрасини ботил шамол ўпмаган –
Қиз ухлар…

Бир ажиб титроқдан вужуди толиб,
Мурғак муҳаббатин бағрига олиб,
Қотил қароғини зиндонга солиб,
Қиз ухлар…

Дераза ортида шамол сил бўлган,
Унинг сабри тўлган, жонидан тўйган,
Уйқулар ёстиққа гул экиб қўйган –
Қиз ухлар…

*  *  *

Эркак ташқарига аста йўл олди,
Оёғидан тутиб қолмади пойгак.
Уйда бахтга тўймай бир аёл қолди,
Меҳр кўрмай қолди бир гўдак.

Эркак кетар, бутунлай кетар,
Узоқ-узоқларга бошини ола.
Уйда пойгак қучиб бир аёл ётар,
Қўрқув ваҳимага ботар бир бола.

Эркак кетар,
Кетар қайгадир,
Нигоҳи паришон, юзлари сўлғин.
Қоқилади тез-тез негадир,
Ҳадеб тепасида айланар қузғун…

КЎНИКМА

Сендан жудо бўлиб ўлиб қолмадим,
Телба бўлганим йўқ, айрилиб сендан.
Ё ғамдан мамотни тортиб олмадим,
Ғам тортиб олмади ҳаётни мендан.

Осмон ўша-ўша,
Ер ҳам ўшадир,
Вужудимда ҳамон ғимирлар жоним,
Ўлимни бермади менга шум тақдир,
Ўтар томоғимдан тишлаган ноним.

Мен ҳамон кунларни кўраётирман,
Ҳаёт берган ялов – кўйлак устимда.
Мен ҳамон ўгирилиб қараётирман.
“Машъал!” деб чақирса биров ортимдан…

ШАҲРИХОНСОЙ

Шаҳрихонсой,
Шаҳрихонсой,
Каноранг хаёл каби.
Муштипарсан, мунглисан,
Мен севган аёл каби…

Сойгинам, уй қурганга,
Ковуш-ковуш тош бердинг.
Тўйиб-тўйиб йиғлаганга.
Ҳовуч-ҳовуч ёш бердинг.

Хизр иши тушган сойсан,
Муҳаббати тошган сойсан.
Осмонлардан фаришталар
Чўмилгани тушган дарё.

Ботин уйим хароб бўлиб,
Обод бўлса зоҳирим.
Ҳузурингга дарров бориб
Нажот топдим, соҳирим.

Гуноҳдан паноҳ топдим,
Густоҳдан бўлдим огоҳ.
Қадамда гумроҳ топдим,
Топдим фақат аҳли жоҳ.

Кўнглим арзи туроб ўлди,
Титроқ – гулу райҳоним.
Ашким дуру хушоб ўлди,
Ошкор ўлди ниҳоним.

Сойгинам,
Ҳой сойгина,
Сув ур қобуқ-пўстимга.
Чўмилтириб жимгина,
Элт мени Чин дўстимга…

ТЎРТЛИКЛАР

ҒАМ

Тийра қилдинг ичу тошимни,
Тийра қилдинг тун-кунимни ҳам.
Бўяяпсан оққа сочимни,
Қора рангинг тугадими, ҒАМ?!

ҒУССА

Сен менга ҳеч қачон етмасди кучинг,
Ичимда бир умр яшардинг, Ғусса:
Юзим бўлмаганда ажин тушгувчи,
Менинг оқаргувчи сочим бўлмаса…

ШОИРЛАР

Ғайби илоҳийдан доим маст-аласт,
Мояи маърифат – насиби азал.
Шу боис шоирлар ўлимдан қўрқмас,
Шу боис шоирга ўйинчоқ ажал…

ТУҒИЛГАН КУНДАГИ ЎЙЛАР

Ҳаётим, Вақт билан ошиқ ташладинг,
Бой бердинг ўша кун нақ эллик йилим…
Сен ҳам кимлар билан ўйин бошладинг,
Бошимни ютқазиб қўймагин, тилим…

“НЕГА?”  ТУРКУМИДАН

Нега одамликни қилишар зойил,
Бири тўнғиз, бири хар бўлиб яшар.
Нега одам туғмас хайли баҳойим,
Нега ҳайвон туғар аҳли башар?!.

МУШКУЛОТ

Одам бўлиш жуда қийин, оғир иш мудом,
Одам бўлиш ҳар кимсага қимматга тушар.
Тўнғизликни танлармиди бўлмаса одам,
Бўри бўлиб яшармиди бўлмаса башар?!

ШАДДОД КИЗГА

(ҳазил)

Сўзларингиз – оғу, тилингиз – заҳар,
Илон пўст ташлайди гапларингиздан.
Бир ҳадик тинч қўймас мени ҳар сафар:
Ўпсам, ўламанми лабларингиздан…

019  Men Mash’al Хushvaqtning she’rlarini 20 yilcha avval «Yoshlik» jurnalida o’qigan edim. O’shanda yosh shoirning o’ziga xos ovozi namoyon bo’lgan she’rlari ma’qul bo’lgani bois uning nomi xotiramda muhrlanib qoldi. O’sha yillardan boshlab duch kelganda shoir she’rlarini albatta o’qib bordim. Biroq,keyinchalik ancha vaqtgacha uning nomini biron bir nashrda uchratmadim. Kuni-kecha esa feysbuk bois yana uni topib olib, xursand bo’ldim. Eng avvalo, Mash’albekning qalamini sindirmaganidan, ijodi davom etayotganidan, uning adabiyotda borligidan xursand bo’ldim.  Ijodkor do’stimga salom va ezgu tilaklarimni yo’llab, undan yangi asarlar kutayotgan insonlar qatorida borligimni izhor etaman. Qolaversa, men nazarda tutgan insonlar soni anchayin ekaniga ishonaman.
Bugun Mash’al Хushvaqtning bir turkum she’rlarini va roppa-rosa 14 yil avval ustoz Ozod Sharafiddinovning shoir haqida yozgan muxtasar so’zini sizga taqdim etmoqdaman.

Xurshid Davron

Ozod Sharafiddinov
ESKI HAQIQATNING YANGI TALQINI
01

044Mash’al shu kungacha bironta she’riy to’plam chop ettirmapti. Nima uchun? Bilmadim. Uning she’rlari bilan tanishib chiqib,bunga afsulandim, xolos, Mash’albek har nima yozgan bo’lsa, buni chuqur mas’ulyat bilan yozgan, o’z oldiga juda katta talablar qo’ygan. Aftidan,u she’rlarini e’lon qilsa, ularning she’riyat ummoni tubiga cho’kib, izsiz yo’qolib ketishini istamagan ko’rinadi.Agar shunday bo’lgan bo’lsa, uni maqsadiga yetgan deb qarashimiz mumkin – uning she’rlari haroratli, fikrlari teran, his-tuyg’ulari ohorli.Ularda falsafiylik ham, yumor ham, kinoya-yu pisandalar ham,chuqur dardlar ham bor. Albatta, Mash’albek ham boshqa shoirlar kabi inson va vatan, sevgi va sadoqat, inson umrining ma’nosi to’g’risida yozadi, lekin bu tanish mavzular haqida o’z so’zlari, o’z tuyg’ulari bilan yozadi. Men shoir she’rlarining o’ziga xosligi, yangichaligini dalillaydigan ko’pgina misollar keltirishim mumkin edi, lekin o’ylaymanki, bunga hojat bo’lmasa kerak:
e’tiboringizga havola qilinayotgan she’rlarni o’qisangiz, gapimni chinligiga amin bo’lasiz.

Mash’albek she’rlari bilan tanishganimda, men yana bir eski haqiqatning chinligiga tan berdim – She’riyat inson bilan birga mangu yashaydigan, o’lmaydigan hodisa va unig imkoniyatlari ham cheksiz, bitmas-tugalmasdir, chunki u chinakam iste’dodga ega bo’lgan har bir odam uchun saxiylik bilan o’zining yangi-yangi tilsimlarini ochib beraveradi.

Buyuk tatar shoiri Abdulla To’qayning”Muhabbat ul eski narsa, ammo har bir yurakni yangarta” degan chiroyli gapi bor.Shuni bir oz o’zgartirib “She’riyat ul eski narsa,ammo har bir shoir ani yangarta” desa ham bo’lar ekan. Mash’albekning ijodi bunga yana bir dalildir.

Mash’al Хushvaqt
SHE’RLAR
01

HAZRAT NAVOIYGA

Og’zimda til emas, asrabman chayon,
Dil deb saqlaganim mushtdek tosh ekan.
Hali ham bilmabman ne ekan iymon,
Al’amon*, hazratim, al’amon!

Bandadan ko’ribman bor musibatni,
Ko’ngil mazraiga ekibman yolg’on.
Bolamdek boqibman kek-xusumatni,
Al’amon, hazratim, al’amon!

Maysa so’liy boshlar tushsa ko’z qirim,
So’zlarimdan nechun po’st tashlar ilon.
Nechun ko’zlarimdan oqqan yosh shirin,
Al’amon, hazratim, al’amon?!.

Nechun tavba bilan o’tsada kunim,
Ochilmas mag’firat eshigi hamon.
Bir siniq kalitday aylanar tilim,
Al’amon, hazratim, al’amon!

Yolg’ondan so’zimni xalos etayin,
Haromdan bo’g’zimni xalos etayin.
O’zimdan o’zimni xalos etayin,
Al’amon, hazratim, al’amon!

al’amon – ko’mak, yordam madad so’rash

MASHRABGA O’KINCH

Bu diyor sizning-la juda pok edi,
Siz bilan tabarruk edi bu vatan.
Bandalari solik ham bebok edi,
Siz bilan, devonam, siz bilan.

Qushlar ham zikrni sizdan-da bildi,
Ixlos bilan sizga murid bo’ldi tog’.
Siz boqqan giyohki nolalar qildi:
“Analhaq!”,”Analhaq!”,”Analhaq!”

Devonam, Vatandan nechuk ketdingiz –
Bir siqim tuproqni Balxga eltingiz?..
Nahot, qadringizga yetmadi birov,
Aziz qo’lingizdan tutmadi birov?

“Siz bizga keraksiz, hazratim” degan
Sado chiqmasa ham biror kimsadan,
Qushlar sizni qol deb qistamadimu,
Suvlar qolishingiz istamadimu?!

Ketar chog’ingizda Vatandan mangu,
Yotib olmadimu tog’ yo’lingizga?!
Peshingizga tikan yopishmadimu,
Qumlar to’lmadimu kovushingizga?!.

ANGLASH

Dilimga ishq to’ldi,
Muhabbat to’ldi,
Endi o’tli ohlar sodiq yo’ldoshim.
Jismi vayronimga boyqushlar qo’ndi,
Qayg’u ortgan karvon bo’ldi ko’z yoshim.

Bildim, eng chiroyli jonzot – qurbaqa,
Eng yuvosh mavjudot ekan chayonlar.
Hech kim o’rgatmadi nodonlardaqa,
Asil ustoz ekan menga nodonlar.

G’am-anduhga vatan ekanman, bildim,
Chivindan-da tuban ekanman, bildim.
Bildim, bilgan sarim bilgandan kuydim,
Kuydim, kuygan sarim kuygandan kuldim…

Ayonlashib bordi budu nobudim,
G’uborimni ko’rdim nish urgan donda.
Ko’rdim, bir niholda o’sar tobutim,
Bir giyohning haqqi bor ekan menda.

Ko’rdim, dovu daraxt meni olqishlar,
Qutlar mo’ru malah, qutlar o’t-o’lan.
Yelkamga qush qo’nar, kapalak qo’nar,
Tabriklashar odam bo’lganim bilan…

* * *

Bo’ylarim cho’zilar, to’lar bilagim,
Polvon, norg’o’l bo’ldim yil o’tgan sayin,
Kichik kelib qolar yana ko’ylagim,
Ota, bundan shodsan, baxtlisan tag’in.

Ota, yana do’kon tomon chopasan,
Taqdir seni shunday baxtiyor qilgan.
Tag’in jilmayasan, bo’lasan xursand,
Seni taqdir qanday mayin to’qigan.

Bo’y-bastim cho’zildi,
Bu yil ham, mana,
Yuragim ezildi birinchi marta:
Kichik kelib qoldi ko’ylagim yana,
Katta kelib qopti ko’ylaging, Ota!..

SHAVKAT RAHMON

Ruhi to’lar kundan kunga ulg’ayib,
Boshin silab o’stirar yurt shamoli.
Bino bo’lar savqidan ming g’aroyib,
Xayollari maloyiklar xayoli.

Mana endi ko’zsiz ko’ra boshladi,
Endi qo’lsiz qattiq qucha oladi.
Oyoqlarsiz ildam yura boshladi,
Qanotlarsiz baland ucha oladi.

Takallumsiz mumkin ekan so’zlamoq,
Mumkin ekan idrok qilmay tushunish.
O’ngirlarning qonimikin qizg’aldoq,
Qir-adirning issiq joni – kalamush?..

Tunab qolar chigirtkaning uyida,
Qutlug’ maskan unga mo’rning uyasi.
Mehmon bo’lar bir ilonning to’yida,
Bir chayonning edi sohib azosi…

Daydib-daydib ang’izlarda yuradi,
Qoqiqizlar oyog’iga yopishar.
Maysalarning tushlariga kiradi,
Tushlarida binafshalar o’pishar.

Nasib qilsa, hali darrov o’lmaydi,
Hali haqqi bordir tunda, kunduzda.
Qachon uning sabri to’lar, bilmadi,
Qabri bo’lar uning qaysi yulduzda?..

1994

* * *

Yorg’uchoq toshiday aylanar falak.
Arshdan makon izlab chiqqan umrlar…

Eh, ana,
Boshqa bir olamga o’tar –
Men o’ttiz yil qidirgan malak,
Sen o’ttiz yil kutgan bahodir –
Bu dunyoga kelmagan qadar,*
Bu dunyoga tushmagan taqdir…

Qadar – qismat, umr.taqdir

* * *
SH.ga

Ruxsoringiz men tilanib borguvchi dargoh edi,
Kulguchingiz menga atab qazilgan bir choh edi.
Kiprigingiz qatlim istab shaylangan sipoh edi,
Toshkanning go’zal qizi,
Toshkanning go’zal qizi.

Sizni ko’rsam, nimagadir ko’rmas bo’ldim o’zimni,
Hayajonlar to’sib qo’ydi bo’g’zimdagi so’zimni.
Qishlog’imga olib ketdim tirik qolgan ko’zimni,
Toshkanning go’zal qizi,
Toshkanning go’zal qizi.

Attang, sizga sovchi qilib yubormadim bulbulni,
Shamoldan-da pinhon tutdim sizga borar bu yo’lni.
Ming afsuski, kirolmadim ko’chasiga ko’ngilning,
Toshkanning go’zal qizi.
Toshkanning go’zal qizi.

Jindak jur’at qilganimda g’am meni yutarmidi,
Sizni sevdim, deganimda Asakam ketarmidi,
Xaridoringiz bo’lganimda Asakam yetarmidi?..
Toshkanning go’zal qizi,
Toshkanning go’zal qizi…

* * *

Botinimga boqib yig’ladim, xudo:
Dilimda chumoli ko’zichalik gard.
In qo’ymish bo’g’zimga tariqdek riyo,
Qonimga qo’shilmish bir tomchi hasad.

Aytdim, nega qaddim bunchalik egik.
Va ma’nisiz kechar yashagan umrim.
Ko’zlarim murdaning ko’zidek so’nik,
Toat- ibodatim lazzatdan mahrum.

Aytdim,
Nega ko’nglim to’lmayapti deb,
Duoim ijobat bo’lmayapti deb,
Qarg’ansam qarg’ishim tegmayapti deb,
Aytdim-a, aytdim…

JON HAQIDA IKKI SHE’R

1

Jonimda umidlar suzib yurmasa,
Tuyg’ular o’smasa qonimda agar,
Haqiqat tilimga oshyon qurmasa,
Va iymon dilimga bo’lmasa padar,
Qattiq jazolayman men seni, hayot, –
Tashlab ketaman!..

2

Jonim, nega kelding bo’g’zimga?
Yo’q, yo’q, hech qaerga ketmaymiz.
Qani, qaytgin darrov izingga,
Qayda joy bor bu joydan-da soz?

Men shunchaki tutaqib ketdim,
Men shunchaki bo’g’ildim, xalos…

* * *

U tufayli qancha alamlar yutdim,
Qancha g’amga tutdim u deb yurakni.
Uni oylab kutdim, yillab kutdim,
Yirtdim necha-necha ko’ylakni.

Ne yomg’irlar yog’di, ne qorlar yog’di,
Ko’ksimda yashadi toqat asirday.
Sho’rlik yuragimni umidlar boqdi,
Ishonch yetakladi uni basirday.

Ming shukur, hali ham aylanar tilim,
Hali ham o’limni o’ylaganim yo’q.
Peshonam ostida qorachiqlarim
Yo’llar yelkasini kuydirayotgan cho’g’.

Hali uni yana uzoq kutaman,
Alamlar yutaman ming bora yana.
Yillar, shoshmang, sizdan zor o’tinaman,
Yirtgani ko’ylagim bor hali, mana!..

IBTIDO YUKI

Ruhim, almisoqda nima degansan,
Ne deb so’z bergansan, jonu nafasim.?
Nafsim, ne ulushga rozi bo’lgansan,
Dil, qanday bo’lishga qilgansan azm?

Nafsim, yana menda qoldimi rizqing,
Umrimni oshalab bo’ldingmi, hasrat?!
Ichimda o’ldingmi, tug’ilmay, ishqim,
Qonimda cho’milib bo’ldingmi, shahvat?!

Kin, hasad yurakni xardek mindilar,
Hammoli ma’siyat – bo’ldi yumushim.
Nafsim xizmatini qilib sindilar,
Bir payt payg’ambardan qizg’angan tishim…

Bugun mashrabimni etdim ozoda,
Hirsni chilvir bilan bog’ladim mahkam.
Bildim, bu dunyoda Najot – g’izoda,
Bildim, Xaloskorim – pok luqma ekan.

O’zimga yot bo’ldim,
It bo’ldim ming bor,
Dami pok bo’lguncha, odam bo’lguncha.
Nafsim ko’mak berdi bu ishda bisyor,
Bunda jon kuydirdi gunohim qancha…

Xudoyim,
Men seni do’st bildim yaqin,
Dilimdan, bir mo’min suygandek suydim,
Qo’limdan kelganin qildim men tag’in:
Qaragin, o’g’limga ismingni qo’ydim!..

NOROZILIK

Vahima bosganda,
Qo’quv bosganda,
To’satdan yuraging qinidan chiqar…
Yuraging chiqqanda har gal qinidan,
Har gal yurak qindan ko’tarilsa dast –
Nega unda Qo’rquv tirik hali ham,
Nega Vahimaning boshi kesilmas?!

G’AZZOLIYNI O’QIB

Do’stim, hali ichim toshimga xilof,
Shoshma, hali mohtob emas siyratim.
Po’sti mag’zimda olam ihtilof,
Adashma, odamga o’xshar suratim.

Dilim qulf,
Miftohi* bo’lsa yo’qolgan,
G’animat sahari, g’aflat mahali.
Qursog’im* zillatu achiqqa to’lgan,
Bulg’angan balchiqqa ruhim javhari.

Dilim qulf,
Miftohni izlar darranda,
Izlaydi shayotin, jinu bahoyim.*
Bahaybat bir hadik, qo’rquv ichimda:
Topib olsa edi tezroq Xudoyim…

miftoh — kalit
qursoq qorin
shayotin,jinu bahoyim –shaytonlar,jinlar,hayvonlar

QARZDORLIK

Qarzimni bilaman,
Tog’ suyak bergan,
Yulduzlar ko’z bergan,
Yashin – keskir til.
Taxayyulni esa oldim samodan,
Sabodan olganim – devona ko’ngil…

Kunduz shodlik berdi,
G’ussani – kecha,
Shijoatni so’rab olovga bordim.
To uning o’ziga kerak bo’lguncha,
Shu aziz tuproqdan qonni qarz oldim…

QORNI SOG’INIB

Ko’ylagini dovdir shamollar yirtgan,
Ochiq tanasidan xijolat tortgan,
Qishning quchog’ida lojaram yotgan
bog’,bog’.

Dala tushlariga kiradi to’rg’ay,
Yelvizak o’tadi sudralib zo’rg’a,
Bog’da dod soladi bir qari qarg’a –
zor, zor.

Tevarak yuzida zohir musibat,
Ezgin xo’rsinadi sho’rlik rutubat,
Shamolga tilini bergan sukunat
xor, xor

Qarg’a faryod qilar yanada battar,
Daraxtlar yana ham tortar xijolat,
Dalaning tushlari buzilib ketar,
Yelvizak shol bo’lib qolar nihoyat.

Osmondan quyila boshlar da’fatan,
Daraxtlar yolvorib tilayotgan or,
Qari qarg’a tinmay so’ragan kafan –
qor, qor, qor…

ILTIJO

Sen sevishimni, juda sevishimni
Chaqib qo’ydi senga ko’zlarim.
Qo’limdagi titroq, mana shu titroq,
Senga bo’lgan muhabbatimni,
Menga bildirmayin aytib qo’ydi-ku.

Darvoqe,
Tilimni nima qilaman,
Menga foydasi tegmagan tilni.
Dunyoda men kabi muhabbatini
Izhor etolmagan odam bormi?
Men unga beraman bu tilni!

1985

IMON IBTIDOSI

Baqo tovonida toptalgan umrim,
Kecha-kunduz tinmay gardlangan falak.
Qaerlardan izlay saodat tuxmin,
Aytgin, almisoqdan qolgan yurak?
Ellik yil so’zlarga hammollik qildim,
Ellik yil yashadim so’zimni sizlab…
Dahr yo’llarida sargardon bo’ldim,
O’zimga o’xshagan odamni izlab.

Qismatim toqiga balo qurdi in,
Holimga achinib yig’ladi ochun.
Har kelgan balodan so’ng yuzim ajin,
Har qilgan ohimdan oq bo’ldi sochim…
Ruhi ravonimni qarg’adi tanim,
Ramaqi jonimga chang soldi jabr.
Ajr bildi meni o’ziga g’anim,
Men-chi, sabr qildim,
Jimgina sabr.
Faqat sabr qildim,
Sabrlar qildim,
Balolar jaladek quyilaverdi.
Sabr qilgan sarim sabr so’ngida
Tangri bordek… bordek tuyulaverdi.

QISHNING SO’NGGI TUNI

Kechagidek tun sarosimali,
Notinch yana kechagidek tun.
Tushiga kiradi sho’rlik qarg’aning,
Qor – o’g’irlangan oq po’stin.

Yana tongga qadar bu oydin g’ussa
Qoladi qarg’aning bo’g’zida qotib.
Uxlayolmay chiqar qish bo’lsa,
Yelkasiga maysalar botib…

KUTISH

Gul bilan kutaman seni mo’ltirab,
Yo’lakda qorasi ko’rinmaganim.
Osmonga yolvorib, osmondan tilab,
Ammo yerdan topib olganim…

Kutaman, tomog’im hadeb qaqrar,
Ovozsiz chaqirar chehrangni diydam.
Ko’kragimda toqat baqirar,
Ko’kragimda dod solar chidam.

Ishonchimni azoblar g’ajir,
G’amlar yuragimni tishlashar.
Kutish – ruhim bog’langan zanjir,
Gul – qo’limga solingan kishan…

KUZ TASHBEHLARI

Bunchalar dardmansan,
Bunchalar so’lg’in,
Buncha ham mushtipar, kimsasizsan-a!..
Men seni jon-jon deb qiz qilib olgum,
Munisginam mening, kuzginam.

Qiyofangni ko’rib ezildi jonim,
Bo’ldi mungli-mungli jismimda borim.
Yuzlari za’faron, zaif bemorim,
Mahzunginam mening, kuzginam.

Sen arzi sarobim, bahri hubobim,
Oshiqlar rangidek rangi zardobim.
Parvona umridek umri nobopim,
Zardyuzginam mening, kuzginam.

Tobora vujuding sovub borar, voh,
Ma’yus tabassuming so’nib borar, voh.
Metin yuragimni hasrat yorar, voh,
Ma’yusginam mening, kuzginam.

Jon qizim, qo’rqitma, meni qo’rqitma,
Sen hali yashaysan, yashaysan yana.
Otadan ham oldin o’lurmi bola,
Mening kenja qizim, kuzgina?..

ODAMLAR

Buyursang, zum o’tmay dunyoga kelar,
Tongdan to shomgacha o’zidan kechib,
Bari bilganicha ziroat qilar,
Dehqonchilik qilar oxirat uchun.

So’ng bari sen tomon yo’l olishar boz,
So’ng bari sen tomon shoshilar, tangri.
Biroq nega savob ko’targanlar oz,
Nega ko’pdir gunoh orqalagani?!

Nega bari yozuq ko’targan birday,
Nega bari qop-qop gunoh ortgan, voh! –
Mahsharar bozorida ma’siyat pulday,
Mahshar bozorida qimmatdek gunoh?..

ROMEN ROLLAN

“Meni kechir , bu – oxirgisi,
So’nggi marotaba kechira qol…”
Ayolning bu so’zdan qistar kulgisi,
Yig’lamoqni istar bu ayol.

Tinimsiz kechirim so’raydi erkak,
Ayol esa unga qarab achinar.
Ming yilgi bedavo yaraday,
Sho’rlik lab ochilib yopilar…

SOAT

Xonamda men bilan yashaydi bir qush,
Patlari zabarjad, olmos tumshug’i.
Kechirayotgan onim – bu qushga yemish,
Yashayotgan lahzam – uning ozig’i.

U tinmay chiriqlar, g’izo kutadi.
Qadab vujudimga yuho ko’zini.
Oldiga tashlasam bir-bir yutadi,
Boshimdan o’tkazgan har bir lahzani.

Kunlarimni bir-bir yutib yuborar,
Oylarimni bir-bir yutib yuborar.
Yillarimni bir-bir yutib yuborar,
Shu taxlit, shu taxlit, shu taxlit.

Nahotki, dunyoga shu qush deb kelsam,
Nahot, shu ochko’zni vazifam boqish?
Ko’tarar boshini qachon bilmasam,
O’zi qachon to’yar bu ochofat qush…

* * *

O’lim, senga qadar yo’l uzoq,
Hali azoblar bor men yo’qlaydigan.
Chaynaydigan toshlar bor – qaynoq,
Olovlar bor men ho’playdigan.
Yo’lim olis,
Bu olis yo’lda,
Hayot turar sendan-da kuchli.
Mashaqqatli sendan ming marta,
Ming martaba sendan qo’rqinchli…

UMID

Shayton, ket bu yerdan,
Sen uni tinch qo’y,
Hali bu odamning dili o’lmagan.
Harom luqma yeyish haqidagi o’y,
Ko’ngliga kelmagan, sira kelmagan.

Tinch qo’y bu odamni,
Fosiq g’ammozi,
Kelgan bo’lsa kelgan bu o’y, ehtimol.
Lekin bu luqmaga tushmagan ko’zi,
Kaftida tutmagan luqmani bir bor.

Ey mal’un,
Hiylangga aldanib tag’in,
Balkim, tutsa tutgan kaftida ozroq.
Lablariga olib kelmagan yaqin,
Og’ziga solmagan luqmani biroq.

Ket endi, la’nati,
Xomtama bo’lma,
Solgan bo’lsa solgan og’ziga undan.
Va lekin, shuni bil, hali yutmagan,
O’tmagan bu luqma hanuz bo’g’zidan.

O’TMISH

Shunday bo’lgan, ha, shunday bo’lgan,
Har kim o’ylab bosgan qadamni.
Ko’zlarini o’ygan, tilini kesgan,
Zamon haq gapirgan odamning.

Shunday kechgan dunyoning kuni,
O’zgarmagan o’lchov ming yillab:
Doim yolg’onchidan haqiqatgo’yni,
Odamlar ayrigan tiliga qarab.

Ko’zlariga qarab tanigan uni,
Keyin esa ergashgan keyin –
Tili kesilganga tutib quloqni,
Ko’zi o’yilganning ushlab etagin…

KUTISH

O’choqning pinjiga suqilgan o’tin,
Xontaxta ustida bir kosa ovqat.
Jimgina erini kutayotgan xotin,
Joni taslim bo’layotgan toqat.

Soat “ku-ku”laydi – yarim bo’lar tun,
Xontaxtada esa sovub borar osh.
Baxtiyor pichirlar, pichirlar sekin,
O’choqning ko’ksiga o’tin qo’yib bosh…

Havas bilan boqar o’choqqa ayol,
Havas bilan boqar, tanida titroq.
Faqat tongga yaqin osh muzlab qolar,
Faqat tongga yaqin bo’shaydi quchoq…

SO’FIYONA

Ko’nglimda sabrlardan qurib olgumdir saroy,
Yorug’-yorug’ xayolim hadya etgum senga, oy.

Ey anisim iztirob, ey munisim qayg’u-g’am,
Shu bir siqim umrimni siz bilan ko’rgum baham.

Shamollar, kekirdagim meros qilgumdir sizga,
Undan mo»jaz, ajoyib yasab oling sibizg’a.

Xazin-xazin ovozim senga bo’lsin, xazonak,
Qaynoq, otashin so’zim seniki, chaqmoq, beshak.

Qayga borsam ahli xar, qayga borsam ahli g’ar,
Olov, senga topshirgum nafsimni ketar mahal.

Ruhimni poklab olsam, dilni qilsam munazzah,
Bir bog’lam suyagimni senga bersammi, do’zax?..

Qani, poklan, chiroyli ko’ylagingni kiy, dilim,
Keladi xaridor bo’lib senga o’zi Xudoyim..

Munazzah –pok, toza

SHIRIN TUSHLAR

Shirin tushlarini kecha ho’plagan,
Yuragida nurli umid to’plagan,
Chehrasini botil shamol o’pmagan –
Qiz uxlar…

Bir ajib titroqdan vujudi tolib,
Murg’ak muhabbatin bag’riga olib,
Qotil qarog’ini zindonga solib,
Qiz uxlar…

Deraza ortida shamol sil bo’lgan,
Uning sabri to’lgan, jonidan to’ygan,
Uyqular yostiqqa gul ekib qo’ygan –
Qiz uxlar…

* * *

Erkak tashqariga asta yo’l oldi,
Oyog’idan tutib qolmadi poygak.
Uyda baxtga to’ymay bir ayol qoldi,
Mehr ko’rmay qoldi bir go’dak.

Erkak ketar, butunlay ketar,
Uzoq-uzoqlarga boshini ola.
Uyda poygak quchib bir ayol yotar,
Qo’rquv vahimaga botar bir bola.

Erkak ketar,
Ketar qaygadir,
Nigohi parishon, yuzlari so’lg’in.
Qoqiladi tez-tez negadir,
Hadeb tepasida aylanar quzg’un…

KO’NIKMA

Sendan judo bo’lib o’lib qolmadim,
Telba bo’lganim yo’q, ayrilib sendan.
YO g’amdan mamotni tortib olmadim,
G’am tortib olmadi hayotni mendan.

Osmon o’sha-o’sha,
Yer ham o’shadir,
Vujudimda hamon g’imirlar jonim,
O’limni bermadi menga shum taqdir,
O’tar tomog’imdan tishlagan nonim.

Men hamon kunlarni ko’rayotirman,
Hayot bergan yalov – ko’ylak ustimda.
Men hamon o’girilib qarayotirman.
“Mash’al!” deb chaqirsa birov ortimdan…

SHAHRIXONSOY

Shahrixonsoy,
Shahrixonsoy,
Kanorang xayol kabi.
Mushtiparsan, munglisan,
Men sevgan ayol kabi…

Soyginam, uy qurganga,
Kovush-kovush tosh berding.
To’yib-to’yib yig’laganga.
Hovuch-hovuch yosh berding.

Xizr ishi tushgan soysan,
Muhabbati toshgan soysan.
Osmonlardan farishtalar
Cho’milgani tushgan daryo.

Botin uyim xarob bo’lib,
Obod bo’lsa zohirim.
Huzuringga darrov borib
Najot topdim, sohirim.

Gunohdan panoh topdim,
Gustohdan bo’ldim ogoh.
Qadamda gumroh topdim,
Topdim faqat ahli joh.

Ko’nglim arzi turob o’ldi,
Titroq – gulu rayhonim.
Ashkim duru xushob o’ldi,
Oshkor o’ldi nihonim.

Soyginam,
Hoy soygina,
Suv ur qobuq-po’stimga.
Cho’miltirib jimgina,
Elt meni Chin do’stimga…

TO’RTLIKLAR

G’AM

Tiyra qilding ichu toshimni,
Tiyra qilding tun-kunimni ham.
Bo’yayapsan oqqa sochimni,
Qora ranging tugadimi, G’AM?!

G’USSA

Sen menga hech qachon yetmasdi kuching,
Ichimda bir umr yasharding, G’ussa:
Yuzim bo’lmaganda ajin tushguvchi,
Mening oqarguvchi sochim bo’lmasa…

SHOIRLAR

G’aybi ilohiydan doim mast-alast,
Moyai ma’rifat – nasibi azal.
Shu bois shoirlar o’limdan qo’rqmas,
Shu bois shoirga o’yinchoq ajal…

TUG’ILGAN KUNDAGI O’YLAR

Hayotim, Vaqt bilan oshiq tashlading,
Boy berding o’sha kun naq ellik yilim…
Sen ham kimlar bilan o’yin boshlading,
Boshimni yutqazib qo’ymagin, tilim…

“NEGA?” TURKUMIDAN

Nega odamlikni qilishar zoyil,
Biri to’ng’iz, biri xar bo’lib yashar.
Nega odam tug’mas xayli bahoyim,
Nega hayvon tug’ar ahli bashar?!.

MUSHKULOT

Odam bo’lish juda qiyin, og’ir ish mudom,
Odam bo’lish har kimsaga qimmatga tushar.
To’ng’izlikni tanlarmidi bo’lmasa odam,
Bo’ri bo’lib yasharmidi bo’lmasa bashar?!

SHADDOD KIZGA

(hazil)

So’zlaringiz – og’u, tilingiz – zahar,
Ilon po’st tashlaydi gaplaringizdan.
Bir hadik tinch qo’ymas meni har safar:
O’psam, o’lamanmi lablaringizdan…

07

(Tashriflar: umumiy 2 799, bugungi 1)

Izoh qoldiring