Гениал инсонларнинг қолдирган изларини асрлар оша ўзида сақлаб келаётган фан, адабиёт ва санъатнинг буюк дурдоналари бор-ки, улар барча халқлар учун ҳам умумбашарий хазинадир. Бу маданий мерос инсоният учун битмас-туганмас манба ҳисобланади ва унинг олдида умуминсоний келишув ва ҳамкорлик истиқболларини очиб беради. Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-идрок талабларига асосланган эди…
Дунё тамаддунида машҳур ном қозонган, беназир аллома Абу Али ибн Сино ( 980 – 1037; Авиценна)нинг тўлиқ исми Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Синодир. Абу Али – арабчадан таржима қилинганда Алининг отаси маъносини англатади. Арабларда шундай удум бор: кишини унинг тўнғич ўғлининг исми билан атайдилар. Бунга куния (лақаб) дейилади. Куния мусулмон Шарқида кишининг ўз исмидан олдин қўйиб айтилган. Агар исм халифа Алининг ўғилларидан бири каби – Ҳусайн ёки Ҳасан – бўлса, унинг кунияси Абу Али бўлган. Гарчанд, Ибн Синонинг на ўз оиласи ва на болалари бўлмаган бўлсада, уни бўлажак Алининг отаси деб аташган. Ҳусайн эса – алломанинг ўз исми. Ибн Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг ўғли (Ҳусайннинг отаси Абдуллоҳ эди). Ибн Али (Алининг ўғли) – бобосининг исми; ибн Ҳасан (Ҳасаннинг ўғли) – катта бобосининг исми.
Ибн Сино – тахаллуси (Сино дорий тилида гавҳарларни тешувчи маъносини англатади). Қадимги яҳудийлар тилида Ибн Синони Абен Сина деб атаганлар, кейинчалик эса бу ном Оврупода жуда кенг тарқалиб, Авеценна сифатида оммалашиб кетган (лотинча — Avicenna).
Ибн Синонинг оқил давлат арбоби, истеъдодли шоир ва адабиётшунос, нафис мусиқашунос ва физик, ўткир математик ва астроном, кучли химик ва географ, моҳир руҳшунос ва файласуф бўлганлиги унинг яратган илмий-адабий меросидан маълумдир. Ибн Сино мутолаасининг бойлиги, илмнинг машаққат ва заҳматига чидамлилиги ва ғайрати билан ўтмишдошларини лол қолдирган. Унинг нодир ва ўлмас асарлари нафақат Шарқда балки Ғарбда ҳам машҳурдир.
(Абу Али ибн Сино (Авиценна) – замондош олимлар томонидан “Шайх ар-Раис” (олимлар йўлбошчиси, устози), ғарбда – “Файласуфлар султони” ва “Шифокорлар подшоҳи” номи билан шуҳрат қозонган, X-XI асрда мусулмон Шарқида етишиб чиққан буюк қомусий олим, ҳақим ва файласуфдир. Унинг номи барча даврларнинг энг кўзга кўринган, маълум ва машҳур олимлари, файласуфлари ва маърифатпарварлари ичида ҳам энг ёрқинидир. Ибн Синонинг ижоди бир неча асрлар мобайнида Шарқ ва Оврўпо фани ҳамда маданиятига салмоқли таъсир кўрсатган.
Ўрта асрларга оид миниатюраларда Ибн Синони ҳақли равишда Аристотел, Платон, Птолемей, Гиппократ, Гален, Евклид каби фаннинг буюк намоёндалари билан бир қаторда тасвирлаганлар.
Жаҳон Тинчлик Конгресси алломани шундай тавсифлайди: “Гениал инсонларнинг қолдирган изларини асрлар оша ўзида сақлаб келаётган фан, адабиёт ва санъатнинг буюк дурдоналари бор-ки, улар барча халқлар учун ҳам умумбашарий хазинадир. Бу маданий мерос инсоният учун битмас-туганмас манба ҳисобланади ва унинг олдида умуминсоний келишув ва ҳамкорлик истиқболларини очиб беради. Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-идрок талабларига асосланган эди”.
Ибн Сино ўзининг бутун ҳаёти давомида тинмасдан изланди, меҳнат қилди. “Мен меҳнат билангина тирикман, — деб таъкидлар эди у, — қолганлари эса фақат кун кечиришгина холос”. Илму-фан Ибн Синонинг бутун борлиғини қамраб олган, аллома унга ўзини бутунлай бахшида этган эди.
Олимнинг илмий, фалсафий, ижтимоий-сиёсий ва табиий қарашлари жуда серқиррадир. Қайси фан соҳасига қалам урмасин, унда ўз зикрини қолдира олган. Мутафаккир ўз асарларида илм ва одоб-ахлоқ уйғунлиги, баркамол авлод камолоти ва бахт-саодати, адолат ва диёнат, инсонларнинг ўзаро дўстлиги ҳамкорлиги, раҳбарнинг бурчи ва масъулияти тўғрисида қизиқарли ғояларни илгари сурган.
Республика Президенти И.А.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар” тўғрисида фикр юритиб дунёда ном қолдирган олимларни эслатиб, буюк олим Ибн Сино ҳақида қуйидагиларни таъкидлайди: “Ноёб фазилатлар соҳиби бўлмиш машҳур аллома Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари неча асрлар давомида Европанинг энг нуфузли олий ўқув юртларида асосий тиббиёт дарсликларидан бири сифатида ўқитиб келингани, дунё миқёсида “Медицина”, “Соғлом турмуш тарзи” деган тушунчаларнинг фундаментал асоси бўлиб хизмат қилгани, албатта, чуқур ҳаётий ва илмий заминга эга. Аниқроқ қилиб айтганда, бу беназир алломанинг бутун илмий фаолияти дунё тараққиётини инсонпарварлик руҳида, яъни, маънавий негизда ривожлантиришга улкан таъсир ўтказди, деб айтишга барча асослар бор”.
Падуан университетининг профессори Феррарининг дарслигида (1471) Ибн Синонинг номидан 3000 маротаба цитата келтирилган бўлса, Розий ва Галендан – 500 марта, Гиппократдан эса – 140 марта келтирилган. Шунинг ўзи Ибн Синонинг Оврўпода нақадар машҳур эканлигининг далили бўла олади.
Уйғониш даврининг буюк даҳоси Леонардо да Винчи ҳам Ибн Синонинг асарлари билан таниш бўлган ва уларни ўрганган. Унинг машҳур замондоши Микеланжело эса: “Бошқаларга эргашиб ҳақ бўлгандан кўра, ноҳақ бўлса ҳам Гален ва Авиценнага эргашган маъқулроқдир”, — деган эди.
Тарихчи Ж.Сартон ўз завқини яшира олмасдан: “Авиценна барча давр ва халқларнинг энг машҳур кишиларидан бири ҳамда энг таниқли мусулмон олимидир”, — деб хитоб қилган.
Кўзга кўринган шарқшунос Е.Э.Бертельснинг таъкидлашича, ғарбий Оврўпо фанининг кўпгина ютуқлари Синонинг асарларига боғлиқ бўлган.
Етакчи ибнсиношунослардан бири, академик В.Н.Терновский ёзади: “Ҳозирда Ибн Сино инсоният олдида толмас ва қизғин тадқиқотчи, порлоқ шифокор, илҳомбахш мутафаккир сиймосида намоён бўлади. Унинг номи ва ишлари буюк гуманизм рамзи сифатида инсонлар қалбида мангу яшайди. Унинг асрлар зулмати оша инсонларнинг соғлиғи учун олиб борган буюк курашини бизнинг замонамизнинг шифокорлари давом эттирмоқдалар”.
Халқаро тиббиёт тарихи Академиясининг ҳақиқий аъзоси, Россия тиббиёт фанлари академиясининг академиги Б.Д.Петровнинг ёзишича: “Оврўпода ўрта асрларда билимларининг кенг қамровлиги, истеъдоди, меҳнатсеварлиги ва буюк ижодий самаралари жиҳатидан ҳеч кимни унга тенглаштириб бўлмайди”.
Абу Али ибн Синонинг хижрий сана (мусулмон календари) бўйича 1000 йиллик юбилейи 1954 йили Теҳронда (Эрон) ва Жаҳон тинчлик Конгрессида ўтказилган. Шу вақтда алломанинг ҳоки эски мақбарадан янгиси (Ҳамадон)га кўчириб ўтказилган.
Ибн Сино табиий фанлар, минералогия, кимё, ботаника, астрономия, математика, тиббиёт, адабиёт, мусиқа ривожига беқиёс ҳисса қўшгани боис унинг яратган асарлари дунё тилларига – немис, инглиз, рус, араб, испан, итальян, француз каби тилларга таржима қилинган.
Мустақиллигимиз туфайли юртимизда ва хорижда махсус илмий йўналиш – синошунослик вужудга келди. Жаҳоннинг турли кутубхоналарида Ибн Сино асарларининг қўлёзмалари сақланади, жумладан, Ўзбекистон ФАШИ да аллома қаламига мансуб 50 асарнинг 60 та қўлёзмаси мавжуд.
Европа олимларидан Е.Бишманн, Ю.Русска Карра дево, Х.Корбин, Круз Хермандез, Л.Гарде, А.Гуашон, Ж.Салиба, араб, эрон, турк олимларидан М.У.Нажотий, А.Н.Нодир, Яҳё Маҳдавий, Умар Фарруҳ, Ф.Раҳмон, М.Мусо, М.Шохвардий маълум ҳисса қўшганлар.
Рус олимларидан Е.Э.Бертельс, А.Я.Борисов, С.И.Григорял, Б.А.Петров, В.Н.Терновекий, А.В.Сагадеев, тожик олимларидан С.Айний, М.Диноршоев, Т.Мардонов, Ю.Нуралиевлар бу йўналишнинг ривожланишига хизмат қилганлар.
Юртимизда Ибн Сино асарларини таржима ва тадқиқ этишда шарқшунос олимлар С.Мирзаев, А.Муродов, У.И.Каримов, А.Семёнов, Ш.Шоисломов, Ҳ.Ҳикматуллаевлар улкан ишларни амалга оширдилар.
Т.Н. Қори-Ниёзий, И.Мўминов, М.М.Хайруллаев, М.Н.Болтаев, Б.Ахмедов, А.Расулов, У.Каримов, А.Ирисов, А.Ахмедов, Н.Мажидов, В.К. Жумаев, М.Баротовнинг монография ва мақолаларида Ибн Сино ижодининг турли қирралари тадқиқ этилган.
“Биз мустақилликка эришганимиздан сўнг Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд сингари азиз авлиёларимиз, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек сингари алломаларимиз асарларини том маънода қайтадан кашф этдик. Лекин бу улуғ аждодларимизнинг жаҳон маданияти ва цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини ёшларимиз биладими? Албатта, билади. Аммо, афсуски, аксарият ҳолларда умумий, юзаки тарзда билади”.
Дарҳақиқат, буюк сиймоларимиз томонидан яратилган ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, унинг маъно-моҳиятини ёшларимизга етказиш масаласи барчамизнинг, айниқса зиёлиларимизнинг асосий ва муқаддас вазифаларидан биридир.
Буюк аждодларимизнинг бағрикенглиги, улар дунёқарашида дунёвий ва диний илмларнинг муштараклиги, диёнат ва адолатпешалиги, сабр-қаноатлилиги барчамиз учун намуна-ибратдир.
Абу Али Ибн Сино
ИШҚ ҲАҚИДА РИСОЛА
Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан!
Сен, Абдуллоҳ ал-фақиҳ ал-Маъсумий, мендан ишқ ҳақида қисқача бир рисола ёзиб беришни сўраган эдинг. Қуйида сенинг истагингни бажо келтириш ва сенга манзур бўладиган бир рисола битишга ҳаракат қилдим ва барча имкониятларимни ишга солдим.
Рисола етти фаслдан иборат: Ҳар бир жонзотнинг жавҳаридан келиб чиқадиган ишқ тўғрисида; Оддий жонсиз мавжудотлар (маъданлар)га хос севги ҳақида; Ўзларига хос миқдордаги озиқланиш қувватига эга бўлган мавжудотлар (ўсимликлар) севгиси ҳақида; Ўзига хос тириклик меъёрига эга бўлган ҳайвоний руҳ, жавҳар эгалари севгиси ҳақида; Ёш, ёрқин, гўзал хилқатларнинг ишқи ҳақида; Аҳли диллар ишқи ҳақида; Хулосалар.
Аввалги фасл
Ҳар бир жонзотнинг жавҳаридан келиб чиқадиган ишқ тўғрисида
Оллоҳ томонидан бошқариладиган ҳар бир мавжудот (жавҳар эгаси) ўзи учун хайрга ва камолотга интилади ва ўз табиатидаги шаър – ёмонлик деб аталувчи нуқсонлардан қутилишга ҳаракат қилади. Ўша ёмонлик, аслида, модданинг илк ҳолатида мавжуд эди. Зеро, ҳар қандай ёмонлик ва нуқсон модданинг илк ва номавжудлик ҳолатидан келиб чиқади. Юқоридан бошқариладиган барча мавжудотлар туғма ишқ ва табиий ҳирс (истак)га эга бўлади. Бундан: севги интилиши нарса (ашё)нинг мавжудлиги сабабчисидир, деган фикр келиб чиқади.
Барча мавжудотларни учта белгисига қараб тоифаларга бўлиш мумкин: Ўзига хос камолотга етишганлар; Охиригача нуқсонга ботганлар; Иккала ҳолат ўртасида иккиланувчи, табиатан оралиқ ҳолатда турувчилар.
“Нуқсонларга охиригача ботганлар”, деб таърифланувчилар мутлақ номавжудликка яқин ва мавжудликдан барча алоқалари узилган, шунга кўра, уларни “мутлақ номавжуд”, деб таърифлаш ва уларни номавжуд нарсалар қаторида ўрганиш мумкин. Булар бўлиниши бўйича ёки фикран мавжудот қаторига қўшиладиган бўлса-да, уларни моҳият (жавҳар)ли борлиққа қўшмаслик керак. Мавжудлик иборасини уларга нисбатан фақат мажозий маънода қўллаш лозим. Шундай қилиб, ҳақиқий мавжуд нарсаларни ё расолик, камолотга эришган ёки табиати бўйича фазилатлар ва нуқсонлар ўртасида иккиланиб турувчи, деб таърифлаш лозим бўлади. Муайян бир мукаммалликка интилиш сабабли умумийликка эга бўлган нарсалар туғма севги орқали кечади ва уни ўзининг такомиллашуви билан боғлаш мумкин.
Бу – сабаб жиҳатидан ва “нима учун?” деган савол қўйилиши жиҳатидан ҳам аниқ-равшандир. Чунки (1) бирорта олий тамойил асосида бошқариладиган якка (индивидуал) жавҳар ўзига яраша такомиллашувдан бебаҳра эмас; (2) Бундай жавҳарнинг ўз-ўзидан эришган малакаси такомиллашув учун етарли бўлмайди ёки юқоридан бошқариладиган жавҳар ўз-ўзидан баркамол бўлган илоҳий нур моҳияти ҳисобланади. Шунга кўра, (3) ҳар бир якка жавҳарда такомиллашувга олиб келадиган бу тамойилни айрим файласуфлар тушунганларидек, якка мавжудотларнинг ҳар бирига алоҳида хос бўлган такомиллашув, деб ўйламаслик керак. Шундай экан, Вожиб ул-вужуд барча мавжудотлар учун умумий бўлган ишқни бериши зарурий бўлади. Бу билан илоҳий нур тарқалиши (тажаллий) туфайли ҳосил қилинган умумий камолотни – умумий мукаммаллашувни сақлаб қолиш, бу дунёда оқилона тартиблар ўрнатилиши туфайли пайдо бўлган камолотни йўқотмаслик заруратидан келиб чиқади. Шундай қилиб, бундай севги – юқоридан бошқариладиган барча мавжуд нарсалар зарурият маҳсулидир ва ажралмас хусусиятдир. Акс ҳолда, бу умумий ишқни сақламоқ, уни номавжудликдан асрамоқ ҳамда йўқликка юз тутганда қадимги ҳолатга қайтармоқ учун бошқа бир севги (ишқ) керак бўлур эди. Бундай ҳолда ана шу икки севгининг бири фойдасиз ва ортиқча, деб ҳисобланган бўлур эди.
Табиатда эса илоҳий тартиб бўйича ортиқча ва фойдасиз нарсанинг ўзи йўқ (яъни табиат бекаму кўст яратилган). Аммо умумий ва мутлақ севгидан ташқари севги ҳам йўқ. Илоҳий бошқариладиган (юқори тамойил асосида бошқариладиган) ҳар бир нарсанинг мавжудлиги туғма ишқ (яшаш ишқи) билан боғлиқдир.
Шу далилдан келиб чиқиб, аввал айтганимиздек, бундан янада юқорироқ поғонага ўтамиз, яъни Олий Мавжудот томонидан бошқариладиган нарсаларнинг Худонинг қудрати билан яшаши жараёнларини қараб чиқамиз. Ва биз айтамизки, эзгулик (хайр, яхшилик, неъмат) ўз-ўзидан севимлидир. Агар шундай бўлмаганида, бирон юмушни бажарувчи, хоҳиш-ирода эгаси мақсадли ҳаракат қилмаган бўлур эди. Агар эзгулик шунчалик севимли бўлмаганида эди, унга эришмоқ йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат фойдасиз бўларди. Шунга кўра, яхшилар яхшиликни севади. Ёки ишқ ҳақиқатан ҳам мутаносибликни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бу севги, йўқолган севги сари интилишнинг ўзгинасидир. Агар бундай бўлмаса, у йўқликка кетиши мумкин эди. Барча мавжуд нарсалар ўзига тўғри келганларни қўллаб-қувватлайди ва йўқотилган нарсаларга қараб интилади. Асл яхшилик эса барча мавжудотларга хайрхоҳлик ва ҳақиқатга тўғри келадиган нарсани ният қилмоқдир. Сўнгра маъқуллаш ва интилиш ҳам, инкор қилиш ва жирканиш каби ҳаракатлар мавжуд нарсаларнинг яхшиликка мойиллиги ёки мойил эмаслиги билан боғлиқ ҳолда кечади. Зеро, нарса ўз-ўзидан фақат хайрлилиги учун маъқулланади. Тўғри маънодаги эзгулик нарсалар кўринишидаги моҳиятан соғломлик ва хайрлилик белгиларига қараб аниқланади. Яхшилик шунинг учун севимлики, у ўзича яхши ёки бошқа яхшиликларни келтиргани учун хайрлидир. Ишқ қандай турда бўлмасин, у ё нимагандир эриштирувчи ёки эришилиши зарур бўлган туйғудир. Шу нарса аниқки – у барча нарсадан севимлидир. Нарсаларнинг яхшилиги ошган сайин севги манбаининг қадри ҳам, шунингдек, яхшилик сари ишқий интилиш ҳам ортиб боради.
Демак, ўта қутлуғ ва энг яхшиларнинг ҳам энг яхшиси бўлган зот энг севимли зотдир. Зеро, Унинг Ўзи энг олий яхшиликдир. Энг яхши зотнинг ошиғи ҳам энг яхши зотнинг Ўзидир. (Бошқаларнинг Яратганга ишқи энг мукаммал ишқ даражасига етиши қийиндир.) Зеро, хайрли эзгуликни англаш, унга эришмоқ ва у билан бевосита қўшилиб кетмоқ орқалигина уни сева олади. Хайри Аввал (Мутлақ яхшилик) абадий давом этувчи яхшиликдир ва Унинг Ўзига бўлган ишқи тўла баркамол ишқдир. Шунга кўра, унинг борлиғи (Вожиб ул-вужуд) билан илоҳий сифатлари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Ишқ бу ерда мутлақ яхшилик, соф моҳият (жавҳар) ва борлиқдир.
Шундай қилиб, барча мавжуд бўлган нарсалар учун ишқ уларнинг борлиғи сабабчиси ёки ишқ ва борлиқ унда айнан ўхшашдир. Маълумки, биронта якка моҳият (жавҳар) ишқдан мосуво эмас. Биз тушунтирмоқчи бўлган нарсалар худди шулардан иборат эди.
Иккинчи фасл
Оддий жонсиз мавжудотлар (маъданлар)га хос севги ҳақида
Оддий жонсиз мавжудотлар уч тоифага бўлинади: Ҳақиқий ҳаюло (дастлабки модда); Ўз-ўзича мавжуд бўла олмайдиган шакллар; Иккинчи даражали (жузъий) нарсалар (акциденция). Ана шу шакллар билан жузъий нарсаларнинг фарқи шундан иборатки, модда шаклда моҳият касб этади. Шунинг учун ҳам қадимги илоҳиётчилар шаклни моҳият жинсининг бир турига киритиш керак, деб ҳисоблар эди. Чунки шакл мустақил равишда мавжуд бўлган моҳият (жавҳар)нинг узвий қисми ҳисобланади. У ўз-ўзича алоҳида мавжуд бўла олмайди. Чунки дастлабки модданинг табиати (ҳолати) шундай эди. Шунга қарамай, модда жавҳари моҳиятга тегишли эканлигини инкор қилиб бўлмайди. Чунки у табиатан ўзидан-ўзи мавжуд бўлувчи моҳиятларнинг бир бўлаги ҳисобланади. Бундан ташқари, илоҳиётчилар илк модда (ҳаюло)га нисбатан шаклда кўпроқ моҳиятга оид хусусиятлар мавжуд, деб билишади. Бунинг сабаби шундан иборатки, модда жавҳари шу жавҳарга шакл бўлгани учун ҳам мавжуддир: агар шакл мавжуд бўлса, жавҳар ҳам бил-феъл мавжуд бўлиши керак. Шунга кўра, бил-қувва шакл бил-феълнинг бир тури сифатида мавжуддир, дейилади.
Дастлабки ҳаюло (хом-ашё) ҳолатида яширин моҳият касб этувчи, салоҳий, бил-қувва ашёлар қаторига кирар эди. Аммо қайсидир бир моҳиятнинг бил-феъл мавжудлиги илк ҳаюло мавжудлигидан келиб чиқиши шарт эмас. Шунга кўра, у яширин моҳиятнинг (яширин куч-қувватнинг) бир тури ҳисобланади.
Шу тариқа шаклнинг ҳақиқий табиати аниқланади. Шаклнинг бундай ҳақиқий табиатини унча муҳим бўлмаган нарсалар (акциденция – оразлар) қаторига киритиш керак эмас, чунки ораз моҳият касб этувчи асос эмас ва уни ҳеч қандай нуқтаи назар билан ҳам моҳиятга тааллуқли, деб бўлмайди.
Шуни аниқлаб олгач, айтамизки, бу жонсиз оддий якка моҳиятларда ҳам туғма ишқ бўлади. У бу ишқдан ҳеч қачон ажрала олмайди ва ишқ уларнинг мавжудлиги сабабчисидир.
Энди илк модда – ҳаюлога келсак, у қандайдир бир шаклга эришмоғи, шу билан ҳар қандай шаклдан мосуво бўлмоғи ҳам мумкин. Илк материя (ҳаюло) йўқлик манзилидир. Шунга кўра, у (илк материя) бир шаклга эриша олмагач, мутлақ номавжудликдан қутилиши учун бошқа бир шаклга эга бўлиш сари шошилишини тушуниб оласан. Зеро, ҳақиқатан ҳам ҳар бир якка моҳият табиатан мутлақ йўқликдан қочади. У (илк материя) шаклга эга бўлганда унда фақат нисбий йўқлик ҳолати зоҳир бўлса, (умуман) бирон шаклга кирмаганда эса у мутлақ йўқликка дохил бўлади. Бунда нега бундай экан, дея фикрлашнинг ҳожати йўқ. Илк модда (ҳаюло) хунук бир аёлга ўхшайдики, хунуклиги кўриниб қолмаслиги учун у ҳар бир ярашиқсиз жойини енги билан яширишга уринади. Шундай қилиб, илк модда – ҳаюлода туғма ишқ мужассамлашгандир, десак бўлади.
Шаклга келганимизда, ундаги туғма ишқ икки тарафлама кўринишга эга:
1. Унинг (шаклнинг) ўз ашёсига яқинлиги содиқлигида мустаҳкам туриши ва ўз ашёсидан уни ажратадиган ҳар қандай нарсадан қочиши;
2. Ўз ҳаюлоси ва табиий ўрнига бўлган содиқлиги ва уларга эришган ҳамда ишқий интилган пайтда у беш оддий унсурдан иборат бўлиши. Шакл ушбу даража-ҳолатлардан ташқари бошқа ҳеч нарсага таянмайди.
Оразлар (акциденциялар)га келсак, уларнинг ишқи ўзлари интилган нарсаларга содиқлиги, навбатма-навбат алмашиниб туриши билан боғлиқ эканлигида намоён бўлади.
Шундай қилиб оддий (жавҳар) моҳиятлардан ҳеч бири ўз табиатига доир ишқдан мосуво эмас.
Учинчи фасл
Ўзларига хос миқдордаги озиқланиш қувватига эга бўлган мавжудотлар (ўсимликлар) севгиси
Ўсимлик руҳининг уч турли қуввати борлигини қисқача кўрсатиб ўтамиз: Озиқланиш қуввати; Ўсиш қуввати (кучи); Кўпайиш қуввати.
Шунингдек, ўсиш қувватига доир ишқнинг ҳам учта кўриниши бор:
1. Улардан бири, озиқланиш қуввати бўлиб, унинг модда эҳтиёжига мувофиқ зарур бўлган озиқа миқдорини билиши ва унинг табиатига айланган озиқланувчи танада сақланиши; 2. Севгининг иккинчи кўриниши ўсиш қувватига тегишли бўлиб, озиқланмиш тананинг муқобил равишда улғайиши манбаидир; 3. Севгининг учинчи кўриниши кўпайиш қувватига тегишли бўлиб, ўзи пайдо бўлган (нарса)га ўхшаш мавжудот пайдо бўлиши учун интилишидир.
Ўша қувватлар мавжуд бўлса, аниқки, ишқнинг ўша кўринишлари ҳам намоён бўлади.
Тўртинчи фасл
Жонли мавжудотлар – ҳайвоний (жавҳар) моҳият эгалари севгиси
Шубҳасиз, ҳар бир ҳайвоний руҳ ва қувват “туғма ишқ” таъсири билан ҳаракатга келади. Акс ҳолда, ҳайвонлардаги туғма хусусият – зарар келтирувчи нарсалардан табиий қочиш, ҳазарланиш ҳамда туғма ишқ пайдо қиладиган табиий хусусият бўлмаганида эди, ҳайвон танасида руҳ қуввати мавжудлиги қуруқ гапдан иборат бўлиб қоларди. Руҳ қуввати, ҳайвоний руҳ ўзининг барча бўлакларида намоён бўлади.
Ташқи сезги туфайли пайдо бўладиган ҳислар тана учун ё ёқимли ёки ёқимсиз бўлиши мумкин. Акс ҳолда, ҳайвон танаси учун ташқаридан бўладиган таассурот унинг учун фарқсиз бўлиб қолар, зарарли таъсирлардан ўзини ҳимоя қилмаган ва унинг табиатидаги ҳиссиёт кучлари ортиқча ва кераксиз нарса бўлиб қоларди.
Энди ички ҳиссиётларга келганимизда, улар хотиржамлик, ёқимли тасаввур ва шунга ўхшаш нарсалар туфайли пайдо бўлади ва йўқотилганда улар сари кучли интилиш сезилади.
Қаҳру ғазабгача келганимизда (унинг ҳаракати) ўч олиш истаги ва ҳукмронликка интилиш, камситилишдан, ожизликдан ва шунга ўхшаш нарсалардан қочишга интилишдир.
Моҳиятнинг ҳиссиётлар бўлимига келсак, аввалги фаслларда айтилган фикрлар янада тушунарлироқ бўлиши учун озроқ чекиниш қиламиз ва бу фойдадан холи бўлмайди, албатта.
Ишқ икки турли бўлади. Биринчиси – табиий севги. Уни юзага чиқарувчи куч мақсадига эришмагунча, (агар унга ташқи томондан қандайдир қаршилик қилувчи куч бўлмаса) кўнгли тўлмайди. Масалан, тош, уни мажбурлаб жойидан қўзғатувчи куч пайдо бўлмагунча, ўз ўрнида собит тураверади. Бу хусусият озиқа қуввати ва бошқа ўсувчи қувватларда ҳам бор. Табиий ишқ бирон ташқи куч таъсир этмагунча озиқланишда давом этаверади. Ишқнинг иккинчи турига ихтиёрий равишда танланадиган севги киради. Уни юзага чиқарувчи (куч) баъзан бу севгининг зарар келтириши аён бўлса, ўз муҳаббатини инкор қилиши ва ундан воз кечиши ҳам мумкин. Масалан, хўтик узоқдан бўри яқинлашиб келаётганини сезса, қанчалик оч бўлмасин, ўзи еётган арпани ташлаб, қочишга тушади. Хўтик учун бўридан келадиган зарар ем емоқдан келадиган лаззатдан устундир.
Баъзан иккита ошиқ битта маъшуққа эга бўлади. Тағин улардан бири табиий, иккинчиси эса эркин танлов хусусиятига моликдир. Масалан, кўпайиш (насл қолдириш) мақсадида пайдо бўладиган севгини олиб қарайлик: бунда севгини келтириб чиқарувчи куч ўсимликдаги кўпайиш, ҳайвонлардаги насл қолдириш қуввати туфайли содир бўлади.
Шунга таяниб айтамизки, ҳайвоний сезги қуввати оддий одамлар учун янада аниқроқдир. Уни тушунтириб ўтирмаймиз. Ақлсиз ҳайвон нимани севса, ўсимлик қувватлари ҳам ўша озиқага интилади. Тўғри, ўсимлик қуввати севгисидан шундай ҳаракатлар пайдо бўладики, буларни табиий, тубан (ҳатто) энг тубан турга ҳам киритиш мумкин: ҳайвоний қувватлар севгиси эса ихтиёрий ва юқори ҳамда мумтоз турга тааллуқли, шунчалик ёқимли ва ажиб манбалар асосида кечадики, айрим ҳайвонлар бунда туйғулар қувватидан фойдаланадилар. Шунга кўра, кўпчилик (одамлар) тасаввурида севгининг бундай тури фақат сезгиларга тааллуқлидек бўлиб кўринади, аммо аслида, у туйғулар қувватидан келиб чиқади. Бунда туйғу кучи қандайдир ўрталиқ восита сифатида иштирок этади. Ҳайвоннинг ҳиссий қуввати баъзан ўсимликлар қувватига табиийлиги билан ўхшаб кетади.
Шундай қилиб, бу қувватлар ҳаракати бир-биридан ихтиёрий ёки ихтиёрсизлигига қараб фарқ қилади. Ақлсиз ҳайвонлар Оллоҳ ато этган туғма табиий ишқ ва ирода, ихтиёр воситасида ўзига ўхшаш (зот) қолдириш учун ҳаракатга келсалар-да, бу ерда бевосита мақсад сари интилиш йўқ. Ёки бундай севгида икки хил билвосита мақсад кўзланган бўлади. Мен бунда қуйидагиларни кўзда тутаман: аввало, ўсимлик ва ҳайвонларнинг насл қолдириши Оллоҳ таоло инояти туфайли содир бўлади. Аммо пайдо бўлган наслнинг ҳаётий бардавомлигини хоҳлаган тарзда ўзгартириш мумкин эмас. Зеро, туғилиш ва ўлим – барҳақ.
Ҳар бир яратиқ махлуқ учун (қисмат) қазо ва қадар бор. Унда яратилган ҳар бир жон (нафс) белгиланганидан бир дақиқа ортиқ ёки кам умр кўрмайди. У борлиқ – мавжудлик давомида ўзига ўхшаш насл қолдириш истагида бўлади ва шу мақсадда уларда (Оллоҳ инояти билан) тегишли восита ва аъзолар пайдо бўлади. Яна шуни айтиш мумкинки, ақлсиз ҳайвон ҳар томонлама ҳақиқий табиатга эга бўлган ақл қуввати жиҳатидан юқори жонзотлар даражасидан пастда туради. Улар ҳар томонлама (куллий) ривожланган жон (нафс) эришган мақсадларга эриша олмайди. Шу сабабга кўра, унинг ҳиссий қуввати маълум мақсад сари интилиши жиҳатидан ўсимлик қувватини эслатади.
Мазкур фаслда биз аниқлаб олган нарсалар келгуси бобларни яхши тушунишимизга хизмат қилади. Биз Оллоҳ инояти ва Ул олий зотнинг мадади билан ушбу рисолада айтмоқчи бўлганларимизга албатта эришамиз, иншаоллоҳ.
Бешинчи фасл
Ёш ва ёрқин чирой билан ажралиб турадиганлар ишқи ҳақида
Мазкур фаслга киришдан аввал тўрт банддан иборат муқаддимани тақдим этамиз.
1. Бирор руҳий қувватга бошқа бир юқори даражадаги, мумтозроқ қувват қўшилса, у кейингиси билан алоқа натижасида ўзининг ёрқинлиги ва гўзаллигини тағин ҳам оширади. Чунки юқори даражадаги қувват паст қувватни қўллайди ва мустаҳкамлайди; ундаги хавфни бартараф этади ҳамда малака ва устунлигини оширишга мажбур қилади; ҳар хил усуллар билан унга гўзаллик ва эзгулик бахш этади. Ҳайвонларнинг ҳиссий қуввати уларнинг ўсиш қувватига ёрдам беради, қаҳр-ғазаб кучи эса ўзига катта зарар келтирувчи кучлардан ва барча бало-қазолардан ҳимоя қилади (то табиий ўлими етиб келгунча). (Яна бир мисол:) ақлий қувват ҳайвоний (қувват)га мақсадга эришмоғи учун унинг сифати ва ҳимматини ошира бориш йўли билан ёрдам беради. Буни ўз шахсий мақсадини кўзлаб амалга оширади. Худди шу сабаб билан кўпинча одамнинг сезиш ва интилиш қуввати ўз чегарасидан ўтиб, ақлий қувват даражасига кўтарилади. Шунга кўра, айрим ҳолатларда фақат ақл кучи билан етишадиган мақсадларнигина кўзлайдилар.
Тасаввур қуввати соҳасида ҳам аҳвол шундай: ақлий қувват (тасаввур кучидан) у ёки бу йўл билан ўз мақсадини амалга ошириш учун фойдаланади, тасаввур қуввати эса ақл кучи унга мурожаат қилаётганидан фойдаланиб, шундай даражада катта журъат пайдо қиладики, гўё мақсадга ўз кучи билан эришгандек сезади ўзини. Бундан ташқари, у ақлий қувватга қарама-қарши туриб, унинг сифатлари билан безаниб, ҳолатларини ўзлаштириб, бунинг устига, ақлий қувват ўзини нима деб ҳисобласа, у ҳам шуни даъво қила бошлайди ва ўз тасаввурида дил ва ақлга ҳаловат бахш этувчи ақлий тушунчалар моҳиятига тафаккур билан эмас, тасаввур билан етдим, деб ўйлайди. Бу ҳолат хожаси қулидан кўпроқ фойда тегадиган бир ишни бажаришда ёрдамлашиб юборишни илтимос қилган-у, мақсадга эришилгач, қул барчасини хожамсиз ўзим бажардим, бу ишни бажаришга хожамнинг қурби етмайди, деб ўйлайдиган ва ҳатто ўзини хожа ўрнида кўра бошлаган қулга ўхшайди. Аслида, бу қул ўша топшириқни умуман бажармаган, ҳеч қандай топшириқ ҳам олмаган эди. Худди шундай ҳол одамнинг интилиш, истак-хоҳиш қувватида ҳам баъзан учрайди ва унинг йўлдан озишига сабабчи бўлади. (Бу ишни ақлим билан эмас, истагим билан бажараман, дегандай.)
2. Одамдаги ҳайвоний руҳ сезги, хаёл-тасаввурда, жинсий алоқада, ҳужумкорлик ва жангариликда алоҳида-алоҳида ҳаракат қила олади ёки таъсирлана олади. Бироқ шунга қарамасдан (одамнинг ҳайвоний руҳи) ақлий қувватлар билан ҳамкорлик қилганида айрим хайрли хусусиятлар ҳам касб этади. У шундай ҳаракатларни бахайр ва аниқ бажарадики, шунга кўра, сезги, ҳис пайдо қилувчи ашёларда ҳайвонлар ҳеч қизиқмайдиган ва эътибор қилмайдиган, масалан: яхши табиий қоришма, тўғри ва мос шакллар унинг эътиборини тортади.
Одам, шунингдек, тасаввур қувватини ёрқин ва чиройли нарсаларни ҳис қилишга ҳам қаратди. Унинг тасаввур қуввати ва ҳаракати деярли ақл кучига ва ҳаракатига тенглашади. Ҳусн аҳли, камолот касб этган, мутаносиб ва мафтункор хилқатлар кўнглини овлаш учун барча жиҳатлардан фойдаланиб, қаҳр-ғазаб кучи туфайли пайдо бўлган ҳаракатлар билан ҳам устунлик ва ғалабага интилиш мумкин.
Баъзан (одам ҳаракати) ақлий ва ҳайвоний руҳ-нафснинг биргаликдаги иштироки билан бўлади. Ақлий қувват жузъий ашёлар ҳақидаги фикрлардан индукция (истиқроъ) йўли билан куллий – умумий хулосага келишда тасаввур кучидан фойдаланади. Ақлий қувват шу йўл билан ақлий тушунчаларни билишда тасаввурдан фойдаланиб ўз мақсадига эришади. Шунингдек, ақлий қувват фақат роҳатланишга интилувчи ҳиссий қувватни қазою қадар ҳукмига бўйсундириб, наслни сақлаш, шулардан энг муҳими – одам наслини сақлашга мажбур қилади. Озиқланишда тўғри келган нарсаларни емасдан, танлаб, фақат нафсни қондиришни кўзламай, наслнинг энг яхши кўринишларини, яъни энг яхши одам шахсини (индивидни) сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Ёки бор ғазаб ва нафрат кучини бошқа баҳодирлар билан бирга ўз жонажон шаҳри ва юрти тупроғидан босқинчиларни қувиб чиқаришга қаратади. Инсон ақлий қувватлари заминидан келиб чиқиб ақлий тушунчаларни фикр-мушоҳада қилиши, юксак мақсадларга, охират саодатини, Оллоҳга яқинлик каби мақсадларга интилиши мумкин.
3. Оллоҳ томонидан фарз қилинган ҳар бир амалда хайр бор ва унга интилмоқ зарур. Бироқ дунёвий истаклар орасида шундайлари ҳам борки, улар олий (илоҳий) мақсадларга ҳалақит қилиши мумкин. Шунингдек, дунёнинг майда-чуйдаларига берилиш, майда истакларни қондириш билан овора бўлиш одамни улкан ишлардан, олий мақсадлардан чалғитади. Майда-чуйдаларга берилиш катта ишларни йўққа чиқаради. Масалан, тиб илми бўйича, бурундан кўп миқдорда оқаётган қонни бир уқия кўкнори ейиш билан тўхтатиш мумкин. Аммо озгина миқдорда ичилган кўкнорининг одам ҳаётига ва келажакдаги соғлиғига тузатиб бўлмас таъсири ҳақида ўша пайтда ўйлаб кўрилмайди.
Шундай қилиб, ақлсиз ҳайвонлардаги ҳайвон руҳи (нафс)га тегишли нарсаларнинг кўплиги ҳайвон учун зарарли бўлмай, аксинча, нафс қувватининг бойишига ёрдам беради, бироқ ақл қуватига етказадиган зиён-заҳмат сифатида мен “Ат-Туҳфа” китобимда таъкидлаганимдек, одам учун айб саналади. Бундан юз ўгирмоқ ва қочмоқ зарур.
4. Ақлий руҳ ҳам, ҳайвоний руҳ ҳам нимаики текис ва мутаносиб бўлса, бамисоли ҳамоҳанг товушлар, мазали таомлар каби нарсаларни хуш кўради. Ана шу нарсалар ҳайвон руҳи учун табиий бўлса, ақлли жон эгалари учун илоҳий ғояларни мушоҳада қилишга сабабчи бўлади. Нимаики ишқнинг дастлабки мазҳари (Вожиб ул-вужуд)га яқин бўлса, у мукаммал ва мутаносиб, ундан бевосита кейин намоён бўладиган нарсалар ҳам мутаносиблик ва уйғунлик сифатларига эришади. Ундан (Вожиб ул-вужуддан) узоқлашиш эса кўп майда бўлакларга ажралиб кетишга (касрат), номувофиқлик (дисгармония), номутаносибликка олиб келади. Бу ҳақда метафизиклар яхши тушунча беришган. Қачонки, ақлли жон гўзалликка (жамол ва камолга) етишса, уни меҳр ва эҳтирос билан мушоҳада қилади.
Биз айтамизки, одамдаги ташқи чиройни (бу ёшлик ва нафислик ҳам дейилади) ҳар бир ақлли мавжудот хуш кўради. Бундай хусусият ё битта ҳайвоний қувватга тааллуқли ёки иккаласи (ақлий ва ҳайвоний қувват)нинг биргаликдаги иштироки натижаси, деб қараш мумкин. Агар бу фақат ҳайвоний қувватга тегишли бўлганида, оқил кишилар уни нафислик ва ёшликка йўймас эдилар. Одам (бирор нарса устига) ҳайвон каби ташланганида айб-нуқсонлар гирдобига тушиб, оқил нафсга катта зарар келтирган бўлади. Бу – оқил нафснинг иши эмас. Яккам-дуккам нарсаларни ҳис-туйғу орқали қабул қилиш эмас, балки абадий ақлий тушунчаларни идрок қилиш унинг доимий вазифасига киради. Севгининг бу турида икки томон (ошиқ ва маъшуқ) иштирок этади.
Буни бошқачароқ йўсинда тушунтириш ҳам мумкин: агар одам гўзал қиёфани ҳайвоний қониқиш учун севса, у бузуқилик қилганлиги учун гуноҳкор сифатида маломатга лойиқдир. Агар одам гўзал қиёфали (киши)ни мушоҳада асосида севса, биз юқорида тушунтирганимиздек, уни камолот воситаси ва эзгуликка яқинлашиш шодлиги сифатида қараш мумкин. Чунки у илк ва соф манба (Вожиб ул-вужуд)нинг ҳамда севгининг соф манбаи ва мазҳари бўлмиш Оллоҳга тобора яқинлашаётганлигини ҳис эта бошлайди. Бу эса уни янада кўркам ва нафис, ёшарган ҳолатларга муносиб бўлишини таъминлайди. Шунга кўра, чиройли қиёфа эгаларининг қалби ўткир ақл ва фалсафий мушоҳадаларга бой бўлмайди ҳамда ўзини очкўзлик ва тунд талабларини намоён қилувчи ва у ёки бу даражада гўзал қиёфага эга бўлмаган кишиларга эргашмайди. Зеро, одамнинг башариятга хос камолот касб этиши пинҳоний, жибиллий юрак қаъридаги яширин соф севгига лойиқдир. Пайғамбар (с.а.в.) дейди: “Ўз ҳожатингни чиройли, очиқ юзли кишилардан изла”. Чунки гўзал юз ва қадди-қомат фақат соф табиий таркибда бўлади ва соф мутаносиблик ва табиий таркиб кишига ёқимли хулқ ва нафис сифатлар ато этади. Аммо баъзан одам келишмаган қиёфага эга бўлса ҳам, ботиний сифатлар бўйича гўзал бўлиши мумкин. Буни икки жиҳат бўйича тушунтириш мумкин: Ё қиёфанинг хунуклиги илк (табиий) таркиб шаклланишидаги ички нуқсонлар туфайли келиб чиқмаган, балки ташқи тасодифий бузилишлар таъсирида пайдо бўлган ёки гўзаллик табиий бўлмаган, сунъий пайдо қилинган бўлиши мумкин. (“Одат кишининг иккинчи табиатидир” – дейди файласуфлар). Яна шундай ҳоллар ҳам учрайдики, баъзиларнинг ташқи қиёфаси гўзал бўлса-да, одатлари гўзал бўлмайди. Буни ҳам икки ёқлама тушунтириш мумкин: ё инсон хулқи ва характерларидаги хунуклик табиий таркиб шаклланиб бўлгандан кейин қандайдир ўткинчи бир қиёфага кириб қолиши ёки кучли одат туфайли пайдо бўлиши мумкин.
Гўзал қиёфага нисбатан пайдо бўлган севги уч хил хоҳиш-истак билан кечади: 1. Қучоқлашув; 2. Ўпишув; 3. Қўшилув, жимоъ.
Учинчи хоҳиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг пайдо бўлиши фақат ҳайвоний нафс (руҳ)га боғлиқ. Дарҳақиқат, бу жараёнда ҳайвоний руҳнинг ҳиссаси катта, бу ерда у восита сифатида эмас, иштирокчи сифатида қатнашади, уни (воситадан) фойдаланувчи (иштирокчи) деса ҳам бўлади. Бу, албатта, жирканч ҳолат. Бироқ ҳайвоний қувват ақлга тўлиқ бўйсунмагунча ақлли севги бўла олмайди. Шунга кўра, севувчи кишининг хоҳишига шубҳа билан қараш, у ўз севгилисининг кучли истаги учун “йўлдан уряптими” ёки мақсади ўзига ўхшаш насл қолдиришми? Бунинг эса (насл қолдириш) эркаклар учун иложи йўқ: аёллар учун эса (никоҳсиз эркак билан қўшилув) шариат томонидан ман қилинганлиги туфайли қабиҳлик ва ифлослик саналади. Севгининг бундай турини фақат эркакларга, у ҳам бўлса, ўз никоҳидаги аёли ёки канизаги (чўриси) билан жинсий алоқа қилганида рухсат этиш мумкин.
Қучоқлашиш ва ўпишиш масаласига келганда, уни муҳокама қилиб ўтирмаса ҳам бўлади. Агар севувчи одам ўз севгилиси билан яқинлик қилиш ўз истагида бўлганда нафс севгилини силаш ва кўриш сезгилари орқали ҳам истагини қондиришга ҳаракат қилади. Шунга кўра, у қучоқлашувдан лаззат олади. Нафс руҳий фаолиятнинг бошланишидир. Қалб икки томоннинг ҳамнафаслиги билан севги манбаига қуйилади. Шунинг учун ҳам ўпишни хоҳлайди.
Аммо қучоқлашиш ва ўпишиш жузъий равишда салбий эҳтиросларни уйғотиши мумкин, улардан сақланиш керак. Аммо ёш болаларни ўпиш, одамларнинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишлари бундан мустасно. Ўпишда, қучоқлашда шаҳвоний ҳирс иштирок этмаса, у гуноҳ ҳисобланмайди. Кимнинг қалби шундай ишқ билан лиммо-лим бўлса, у ёш ва гўзалдир. Зеро, ишқ гўзаллик ва ёшлик демакдир.
Маҳкам Маҳмуд ва З. Баҳриддиновлар таржимаси
Давоми бор
Genial insonlarning qoldirgan izlarini asrlar osha o’zida saqlab kelayotgan fan, adabiyot va san’atning buyuk durdonalari bor-ki, ular barcha xalqlar uchun ham umumbashariy xazinadir. Bu madaniy meros insoniyat uchun bitmas-tuganmas manba hisoblanadi va uning oldida umuminsoniy kelishuv va hamkorlik istiqbollarini ochib beradi. Ibn Sino o’zining ijodi hamda yaratgan asarlarining ahamiyati jihatidan butun insoniyatga tegishlidir. Uning faoliyati haqiqat va aql-idrok talablariga asoslangan edi…
Dunyo tamaddunida mashhur nom qozongan, benazir alloma Abu Ali ibn Sino (Avitsenna)ning to’liq ismi Abu Ali al-Husayn ibn Abdulloh ibn al-Hasan ibn Ali ibn Sinodir. Abu Ali – arabchadan tarjima qilinganda Alining otasi ma’nosini anglatadi. Arablarda shunday udum bor: kishini uning to’ng’ich o’g’lining ismi bilan ataydilar. Bunga kuniya (laqab) deyiladi. Kuniya musulmon Sharqida kishining o’z ismidan oldin qo’yib aytilgan. Agar ism xalifa Alining o’g’illaridan biri kabi – Husayn yoki Hasan – bo’lsa, uning kuniyasi Abu Ali bo’lgan. Garchand, Ibn Sinoning na o’z oilasi va na bolalari bo’lmagan bo’lsada, uni bo’lajak Alining otasi deb atashgan. Husayn esa – allomaning o’z ismi. Ibn Abdulloh Abdullohning o’g’li (Husaynning otasi Abdulloh edi). Ibn Ali (Alining o’g’li) – bobosining ismi; ibn Hasan (Hasanning o’g’li) – katta bobosining ismi. Ibn Sino – taxallusi (Sino doriy tilida gavharlarni teshuvchi ma’nosini anglatadi). Qadimgi yahudiylar tilida Ibn Sinoni Aben Sina deb ataganlar, keyinchalik esa bu nom Ovrupoda juda keng tarqalib, Avetsenna sifatida ommalashib ketgan (lotincha — Avicenna).
Ibn Sinoning oqil davlat arbobi, iste’dodli shoir va adabiyotshunos, nafis musiqashunos va fizik, o’tkir matematik va astronom, kuchli ximik va geograf, mohir ruhshunos va faylasuf bo’lganligi uning yaratgan ilmiy-adabiy merosidan ma’lumdir. Ibn Sino mutolaasining boyligi, ilmning mashaqqat va zahmatiga chidamliligi va g’ayrati bilan o’tmishdoshlarini lol qoldirgan. Uning nodir va o’lmas asarlari nafaqat Sharqda balki G’arbda ham mashhurdir.
(Abu Ali ibn Sino (Avitsenna) – zamondosh olimlar tomonidan “Shayx ar-Rais” (olimlar yo’lboshchisi, ustozi), g’arbda – “Faylasuflar sultoni” va “Shifokorlar podshohi” nomi bilan shuhrat qozongan, X-XI asrda musulmon Sharqida yetishib chiqqan buyuk qomusiy olim, haqim va faylasufdir. Uning nomi barcha davrlarning eng ko’zga ko’ringan, ma’lum va mashhur olimlari, faylasuflari va ma’rifatparvarlari ichida ham eng yorqinidir. Ibn Sinoning ijodi bir necha asrlar mobaynida Sharq va Ovro’po fani hamda madaniyatiga salmoqli ta’sir ko’rsatgan.
O’rta asrlarga oid miniatyuralarda Ibn Sinoni haqli ravishda Aristotel, Platon, Ptolemey, Gippokrat, Galen, Yevklid kabi fanning buyuk namoyondalari bilan bir qatorda tasvirlaganlar.
Jahon Tinchlik Kongressi allomani shunday tavsiflaydi: “Genial insonlarning qoldirgan izlarini asrlar osha o’zida saqlab kelayotgan fan, adabiyot va san’atning buyuk durdonalari bor-ki, ular barcha xalqlar uchun ham umumbashariy xazinadir. Bu madaniy meros insoniyat uchun bitmas-tuganmas manba hisoblanadi va uning oldida umuminsoniy kelishuv va hamkorlik istiqbollarini ochib beradi. Ibn Sino o’zining ijodi hamda yaratgan asarlarining ahamiyati jihatidan butun insoniyatga tegishlidir. Uning faoliyati haqiqat va aql-idrok talablariga asoslangan edi”.
Ibn Sino o’zining butun hayoti davomida tinmasdan izlandi, mehnat qildi. “Men mehnat bilangina tirikman, — deb ta’kidlar edi u, — qolganlari esa faqat kun kechirishgina xolos”. Ilmu-fan Ibn Sinoning butun borlig’ini qamrab olgan, alloma unga o’zini butunlay baxshida etgan edi.
Olimning ilmiy, falsafiy, ijtimoiy-siyosiy va tabiiy qarashlari juda serqirradir. Qaysi fan sohasiga qalam urmasin, unda o’z zikrini qoldira olgan. Mutafakkir o’z asarlarida ilm va odob-axloq uyg’unligi, barkamol avlod kamoloti va baxt-saodati, adolat va diyonat, insonlarning o’zaro do’stligi hamkorligi, rahbarning burchi va mas’uliyati to’g’risida qiziqarli g’oyalarni ilgari surgan.
Respublika Prezidenti I.A.Karimov “Yuksak ma’naviyat – yengilmas kuch” asarida “Ma’naviyatni shakllantiradigan asosiy mezonlar” to’g’risida fikr yuritib dunyoda nom qoldirgan olimlarni eslatib, buyuk olim Ibn Sino haqida quyidagilarni ta’kidlaydi: “Noyob fazilatlar sohibi bo’lmish mashhur alloma Ibn Sinoning “Tib qonunlari” asari necha asrlar davomida Yevropaning eng nufuzli oliy o’quv yurtlarida asosiy tibbiyot darsliklaridan biri sifatida o’qitib kelingani, dunyo miqyosida “Meditsina”, “Sog’lom turmush tarzi” degan tushunchalarning fundamental asosi bo’lib xizmat qilgani, albatta, chuqur hayotiy va ilmiy zaminga ega. Aniqroq qilib aytganda, bu benazir allomaning butun ilmiy faoliyati dunyo taraqqiyotini insonparvarlik ruhida, ya’ni, ma’naviy negizda rivojlantirishga ulkan ta’sir o’tkazdi, deb aytishga barcha asoslar bor”.
Paduan universitetining professori Ferrarining darsligida (1471) Ibn Sinoning nomidan 3000 marotaba sitata keltirilgan bo’lsa, Roziy va Galendan – 500 marta, Gippokratdan esa – 140 marta keltirilgan. Shuning o’zi Ibn Sinoning Ovro’poda naqadar mashhur ekanligining dalili bo’la oladi.
Uyg’onish davrining buyuk dahosi Leonardo da Vinchi ham Ibn Sinoning asarlari bilan tanish bo’lgan va ularni o’rgangan. Uning mashhur zamondoshi Mikelanjelo esa: “Boshqalarga ergashib haq bo’lgandan ko’ra, nohaq bo’lsa ham Galen va Avitsennaga ergashgan ma’qulroqdir”, — degan edi.
Tarixchi J.Sarton o’z zavqini yashira olmasdan: “Avitsenna barcha davr va xalqlarning eng mashhur kishilaridan biri hamda eng taniqli musulmon olimidir”, — deb xitob qilgan. Ko’zga ko’ringan sharqshunos YE.E.Bertel`sning ta’kidlashicha, g’arbiy Ovro’po fanining ko’pgina yutuqlari Sinoning asarlariga bog’liq bo’lgan.
Yetakchi ibnsinoshunoslardan biri, akademik V.N.Ternovskiy yozadi: “Hozirda Ibn Sino insoniyat oldida tolmas va qizg’in tadqiqotchi, porloq shifokor, ilhombaxsh mutafakkir siymosida namoyon bo’ladi. Uning nomi va ishlari buyuk gumanizm ramzi sifatida insonlar qalbida mangu yashaydi. Uning asrlar zulmati osha insonlarning sog’lig’i uchun olib borgan buyuk kurashini bizning zamonamizning shifokorlari davom ettirmoqdalar”.
Xalqaro tibbiyot tarixi Akademiyasining haqiqiy a’zosi, Rossiya tibbiyot fanlari akademiyasining akademigi B.D.Petrovning yozishicha: “Ovro’poda o’rta asrlarda bilimlarining keng qamrovligi, iste’dodi, mehnatsevarligi va buyuk ijodiy samaralari jihatidan hech kimni unga tenglashtirib bo’lmaydi”.
Abu Ali ibn Sinoning xijriy sana (musulmon kalendari) bo’yicha 1000 yillik yubileyi 1954 yili Tehronda (Eron) va Jahon tinchlik Kongressida o’tkazilgan. Shu vaqtda allomaning hoki eski maqbaradan yangisi (Hamadon)ga ko’chirib o’tkazilgan.
Ibn Sino tabiiy fanlar, mineralogiya, kimyo, botanika, astronomiya, matematika, tibbiyot, adabiyot, musiqa rivojiga beqiyos hissa qo’shgani bois uning yaratgan asarlari dunyo tillariga – nemis, ingliz, rus, arab, ispan, ital`yan, frantsuz kabi tillarga tarjima qilingan.
Mustaqilligimiz tufayli yurtimizda va xorijda maxsus ilmiy yo’nalish – sinoshunoslik vujudga keldi. Jahonning turli kutubxonalarida Ibn Sino asarlarining qo’lyozmalari saqlanadi, jumladan, O’zbekiston FASHI da alloma qalamiga mansub 50 asarning 60 ta qo’lyozmasi mavjud.
Yevropa olimlaridan YE.Bishmann, YU.Russka Karra devo, X.Korbin, Kruz Xermandez, L.Garde, A.Guashon, J.Saliba, arab, eron, turk olimlaridan M.U.Najotiy, A.N.Nodir, Yahyo Mahdaviy, Umar Farruh, F.Rahmon, M.Muso, M.Shoxvardiy ma’lum hissa qo’shganlar. Rus olimlaridan YE.E.Bertel`s, A.YA.Borisov, S.I.Grigoryal, B.A.Petrov, V.N.Ternovekiy, A.V.Sagadeev, tojik olimlaridan S.Ayniy, M.Dinorshoev, T.Mardonov, YU.Nuralievlar bu yo’nalishning rivojlanishiga xizmat qilganlar.
Yurtimizda Ibn Sino asarlarini tarjima va tadqiq etishda sharqshunos olimlar S.Mirzaev, A.Murodov, U.I.Karimov, A.Semyonov, SH.Shoislomov, H.Hikmatullaevlar ulkan ishlarni amalga oshirdilar.
T.N. Qori-Niyoziy, I.Mo’minov, M.M.Xayrullaev, M.N.Boltaev, B.Axmedov, A.Rasulov, U.Karimov, A.Irisov, A.Axmedov, N.Majidov, V.K. Jumaev, M.Barotovning monografiya va maqolalarida Ibn Sino ijodining turli qirralari tadqiq etilgan.
“Biz mustaqillikka erishganimizdan so’ng Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Imom Moturidiy, Burhoniddin Marg’inoniy, Abduxoliq G’ijduvoniy, Bahouddin Naqshband singari aziz avliyolarimiz, Muhammad Muso Xorazmiy, Ahmad Farg’oniy, Abu Rayhon Beruniy, Ibn Sino, Mahmud Zamaxshariy, Mirzo Ulug’bek singari allomalarimiz asarlarini tom ma’noda qaytadan kashf etdik. Lekin bu ulug’ ajdodlarimizning jahon madaniyati va sivilizatsiyasiga qo’shgan buyuk hissasini yoshlarimiz biladimi? Albatta, biladi. Ammo, afsuski, aksariyat hollarda umumiy, yuzaki tarzda biladi”.
Darhaqiqat, buyuk siymolarimiz tomonidan yaratilgan noyob va bebaho boylikni har tomonlama chuqur o’rganib, uning ma’no-mohiyatini yoshlarimizga yetkazish masalasi barchamizning, ayniqsa ziyolilarimizning asosiy va muqaddas vazifalaridan biridir.
Buyuk ajdodlarimizning bag’rikengligi, ular dunyoqarashida dunyoviy va diniy ilmlarning mushtarakligi, diyonat va adolatpeshaligi, sabr-qanoatliligi barchamiz uchun namuna-ibratdir.
Abu Ali Ibn Sino
ISHQ HAQIDA RISOLA
Mehribon va rahmli Olloh nomi bilan!
Sen, Abdulloh al-faqih al-Ma’sumiy, mendan ishq haqida qisqacha bir risola yozib berishni so’ragan eding. Quyida sening istagingni bajo keltirish va senga manzur bo’ladigan bir risola bitishga harakat qildim va barcha imkoniyatlarimni ishga soldim.
Risola yetti fasldan iborat: Har bir jonzotning javharidan kelib chiqadigan ishq to’g’risida; Oddiy jonsiz mavjudotlar (ma’danlar)ga xos sevgi haqida; O’zlariga xos miqdordagi oziqlanish quvvatiga ega bo’lgan mavjudotlar (o’simliklar) sevgisi haqida; O’ziga xos tiriklik me’yoriga ega bo’lgan hayvoniy ruh, javhar egalari sevgisi haqida; Yosh, yorqin, go’zal xilqatlarning ishqi haqida; Ahli dillar ishqi haqida; Xulosalar.
Avvalgi fasl
Har bir jonzotning javharidan kelib chiqadigan ishq to’g’risida
Olloh tomonidan boshqariladigan har bir mavjudot (javhar egasi) o’zi uchun xayrga va kamolotga intiladi va o’z tabiatidagi sha’r – yomonlik deb ataluvchi nuqsonlardan qutilishga harakat qiladi. O’sha yomonlik, aslida, moddaning ilk holatida mavjud edi. Zero, har qanday yomonlik va nuqson moddaning ilk va nomavjudlik holatidan kelib chiqadi. Yuqoridan boshqariladigan barcha mavjudotlar tug’ma ishq va tabiiy hirs (istak)ga ega bo’ladi. Bundan: sevgi intilishi narsa (ashyo)ning mavjudligi sababchisidir, degan fikr kelib chiqadi.
Barcha mavjudotlarni uchta belgisiga qarab toifalarga bo’lish mumkin: O’ziga xos kamolotga yetishganlar; Oxirigacha nuqsonga botganlar; Ikkala holat o’rtasida ikkilanuvchi, tabiatan oraliq holatda turuvchilar.
“Nuqsonlarga oxirigacha botganlar”, deb ta’riflanuvchilar mutlaq nomavjudlikka yaqin va mavjudlikdan barcha aloqalari uzilgan, shunga ko’ra, ularni “mutlaq nomavjud”, deb ta’riflash va ularni nomavjud narsalar qatorida o’rganish mumkin. Bular bo’linishi bo’yicha yoki fikran mavjudot qatoriga qo’shiladigan bo’lsa-da, ularni mohiyat (javhar)li borliqqa qo’shmaslik kerak. Mavjudlik iborasini ularga nisbatan faqat majoziy ma’noda qo’llash lozim. Shunday qilib, haqiqiy mavjud narsalarni yo rasolik, kamolotga erishgan yoki tabiati bo’yicha fazilatlar va nuqsonlar o’rtasida ikkilanib turuvchi, deb ta’riflash lozim bo’ladi. Muayyan bir mukammallikka intilish sababli umumiylikka ega bo’lgan narsalar tug’ma sevgi orqali kechadi va uni o’zining takomillashuvi bilan bog’lash mumkin.
Bu – sabab jihatidan va “nima uchun?” degan savol qo’yilishi jihatidan ham aniq-ravshandir. Chunki (1) birorta oliy tamoyil asosida boshqariladigan yakka (individual) javhar o’ziga yarasha takomillashuvdan bebahra emas; (2) Bunday javharning o’z-o’zidan erishgan malakasi takomillashuv uchun yetarli bo’lmaydi yoki yuqoridan boshqariladigan javhar o’z-o’zidan barkamol bo’lgan ilohiy nur mohiyati hisoblanadi. Shunga ko’ra, (3) har bir yakka javharda takomillashuvga olib keladigan bu tamoyilni ayrim faylasuflar tushunganlaridek, yakka mavjudotlarning har biriga alohida xos bo’lgan takomillashuv, deb o’ylamaslik kerak. Shunday ekan, Vojib ul-vujud barcha mavjudotlar uchun umumiy bo’lgan ishqni berishi zaruriy bo’ladi. Bu bilan ilohiy nur tarqalishi (tajalliy) tufayli hosil qilingan umumiy kamolotni – umumiy mukammallashuvni saqlab qolish, bu dunyoda oqilona tartiblar o’rnatilishi tufayli paydo bo’lgan kamolotni yo’qotmaslik zaruratidan kelib chiqadi. Shunday qilib, bunday sevgi – yuqoridan boshqariladigan barcha mavjud narsalar zaruriyat mahsulidir va ajralmas xususiyatdir. Aks holda, bu umumiy ishqni saqlamoq, uni nomavjudlikdan asramoq hamda yo’qlikka yuz tutganda qadimgi holatga qaytarmoq uchun boshqa bir sevgi (ishq) kerak bo’lur edi. Bunday holda ana shu ikki sevgining biri foydasiz va ortiqcha, deb hisoblangan bo’lur edi.
Tabiatda esa ilohiy tartib bo’yicha ortiqcha va foydasiz narsaning o’zi yo’q (ya’ni tabiat bekamu ko’st yaratilgan). Ammo umumiy va mutlaq sevgidan tashqari sevgi ham yo’q. Ilohiy boshqariladigan (yuqori tamoyil asosida boshqariladigan) har bir narsaning mavjudligi tug’ma ishq (yashash ishqi) bilan bog’liqdir.
Shu dalildan kelib chiqib, avval aytganimizdek, bundan yanada yuqoriroq pog’onaga o’tamiz, ya’ni Oliy Mavjudot tomonidan boshqariladigan narsalarning Xudoning qudrati bilan yashashi jarayonlarini qarab chiqamiz. Va biz aytamizki, ezgulik (xayr, yaxshilik, ne’mat) o’z-o’zidan sevimlidir. Agar shunday bo’lmaganida, biron yumushni bajaruvchi, xohish-iroda egasi maqsadli harakat qilmagan bo’lur edi. Agar ezgulik shunchalik sevimli bo’lmaganida edi, unga erishmoq yo’lida qilingan har bir harakat foydasiz bo’lardi. Shunga ko’ra, yaxshilar yaxshilikni sevadi. Yoki ishq haqiqatan ham mutanosiblikni qo’llab-quvvatlashdan iboratdir. Bu sevgi, yo’qolgan sevgi sari intilishning o’zginasidir. Agar bunday bo’lmasa, u yo’qlikka ketishi mumkin edi. Barcha mavjud narsalar o’ziga to’g’ri kelganlarni qo’llab-quvvatlaydi va yo’qotilgan narsalarga qarab intiladi. Asl yaxshilik esa barcha mavjudotlarga xayrxohlik va haqiqatga to’g’ri keladigan narsani niyat qilmoqdir. So’ngra ma’qullash va intilish ham, inkor qilish va jirkanish kabi harakatlar mavjud narsalarning yaxshilikka moyilligi yoki moyil emasligi bilan bog’liq holda kechadi. Zero, narsa o’z-o’zidan faqat xayrliligi uchun ma’qullanadi. To’g’ri ma’nodagi ezgulik narsalar ko’rinishidagi mohiyatan sog’lomlik va xayrlilik belgilariga qarab aniqlanadi. Yaxshilik shuning uchun sevimliki, u o’zicha yaxshi yoki boshqa yaxshiliklarni keltirgani uchun xayrlidir. Ishq qanday turda bo’lmasin, u yo nimagandir erishtiruvchi yoki erishilishi zarur bo’lgan tuyg’udir. Shu narsa aniqki – u barcha narsadan sevimlidir. Narsalarning yaxshiligi oshgan sayin sevgi manbaining qadri ham, shuningdek, yaxshilik sari ishqiy intilish ham ortib boradi.
Demak, o’ta qutlug’ va eng yaxshilarning ham eng yaxshisi bo’lgan zot eng sevimli zotdir. Zero, Uning O’zi eng oliy yaxshilikdir. Eng yaxshi zotning oshig’i ham eng yaxshi zotning O’zidir. (Boshqalarning Yaratganga ishqi eng mukammal ishq darajasiga yetishi qiyindir.) Zero, xayrli ezgulikni anglash, unga erishmoq va u bilan bevosita qo’shilib ketmoq orqaligina uni seva oladi. Xayri Avval (Mutlaq yaxshilik) abadiy davom etuvchi yaxshilikdir va Uning O’ziga bo’lgan ishqi to’la barkamol ishqdir. Shunga ko’ra, uning borlig’i (Vojib ul-vujud) bilan ilohiy sifatlari o’rtasida hech qanday farq yo’q. Ishq bu yerda mutlaq yaxshilik, sof mohiyat (javhar) va borliqdir.
Shunday qilib, barcha mavjud bo’lgan narsalar uchun ishq ularning borlig’i sababchisi yoki ishq va borliq unda aynan o’xshashdir. Ma’lumki, bironta yakka mohiyat (javhar) ishqdan mosuvo emas. Biz tushuntirmoqchi bo’lgan narsalar xuddi shulardan iborat edi.
Ikkinchi fasl
Oddiy jonsiz mavjudotlar (ma’danlar)ga xos sevgi haqida
Oddiy jonsiz mavjudotlar uch toifaga bo’linadi: Haqiqiy hayulo (dastlabki modda); O’z-o’zicha mavjud bo’la olmaydigan shakllar; Ikkinchi darajali (juz’iy) narsalar (aktsidentsiya). Ana shu shakllar bilan juz’iy narsalarning farqi shundan iboratki, modda shaklda mohiyat kasb etadi. Shuning uchun ham qadimgi ilohiyotchilar shaklni mohiyat jinsining bir turiga kiritish kerak, deb hisoblar edi. Chunki shakl mustaqil ravishda mavjud bo’lgan mohiyat (javhar)ning uzviy qismi hisoblanadi. U o’z-o’zicha alohida mavjud bo’la olmaydi. Chunki dastlabki moddaning tabiati (holati) shunday edi. Shunga qaramay, modda javhari mohiyatga tegishli ekanligini inkor qilib bo’lmaydi. Chunki u tabiatan o’zidan-o’zi mavjud bo’luvchi mohiyatlarning bir bo’lagi hisoblanadi. Bundan tashqari, ilohiyotchilar ilk modda (hayulo)ga nisbatan shaklda ko’proq mohiyatga oid xususiyatlar mavjud, deb bilishadi. Buning sababi shundan iboratki, modda javhari shu javharga shakl bo’lgani uchun ham mavjuddir: agar shakl mavjud bo’lsa, javhar ham bil-fe’l mavjud bo’lishi kerak. Shunga ko’ra, bil-quvva shakl bil-fe’lning bir turi sifatida mavjuddir, deyiladi.
Dastlabki hayulo (xom-ashyo) holatida yashirin mohiyat kasb etuvchi, salohiy, bil-quvva ashyolar qatoriga kirar edi. Ammo qaysidir bir mohiyatning bil-fe’l mavjudligi ilk hayulo mavjudligidan kelib chiqishi shart emas. Shunga ko’ra, u yashirin mohiyatning (yashirin kuch-quvvatning) bir turi hisoblanadi.
Shu tariqa shaklning haqiqiy tabiati aniqlanadi. Shaklning bunday haqiqiy tabiatini uncha muhim bo’lmagan narsalar (aktsidentsiya – orazlar) qatoriga kiritish kerak emas, chunki oraz mohiyat kasb etuvchi asos emas va uni hech qanday nuqtai nazar bilan ham mohiyatga taalluqli, deb bo’lmaydi.
Shuni aniqlab olgach, aytamizki, bu jonsiz oddiy yakka mohiyatlarda ham tug’ma ishq bo’ladi. U bu ishqdan hech qachon ajrala olmaydi va ishq ularning mavjudligi sababchisidir.
Endi ilk modda – hayuloga kelsak, u qandaydir bir shaklga erishmog’i, shu bilan har qanday shakldan mosuvo bo’lmog’i ham mumkin. Ilk materiya (hayulo) yo’qlik manzilidir. Shunga ko’ra, u (ilk materiya) bir shaklga erisha olmagach, mutlaq nomavjudlikdan qutilishi uchun boshqa bir shaklga ega bo’lish sari shoshilishini tushunib olasan. Zero, haqiqatan ham har bir yakka mohiyat tabiatan mutlaq yo’qlikdan qochadi. U (ilk materiya) shaklga ega bo’lganda unda faqat nisbiy yo’qlik holati zohir bo’lsa, (umuman) biron shaklga kirmaganda esa u mutlaq yo’qlikka doxil bo’ladi. Bunda nega bunday ekan, deya fikrlashning hojati yo’q. Ilk modda (hayulo) xunuk bir ayolga o’xshaydiki, xunukligi ko’rinib qolmasligi uchun u har bir yarashiqsiz joyini yengi bilan yashirishga urinadi. Shunday qilib, ilk modda – hayuloda tug’ma ishq mujassamlashgandir, desak bo’ladi.
Shaklga kelganimizda, undagi tug’ma ishq ikki taraflama ko’rinishga ega:
1. Uning (shaklning) o’z ashyosiga yaqinligi sodiqligida mustahkam turishi va o’z ashyosidan uni ajratadigan har qanday narsadan qochishi;
2. O’z hayulosi va tabiiy o’rniga bo’lgan sodiqligi va ularga erishgan hamda ishqiy intilgan paytda u besh oddiy unsurdan iborat bo’lishi. Shakl ushbu daraja-holatlardan tashqari boshqa hech narsaga tayanmaydi.
Orazlar (aktsidentsiyalar)ga kelsak, ularning ishqi o’zlari intilgan narsalarga sodiqligi, navbatma-navbat almashinib turishi bilan bog’liq ekanligida namoyon bo’ladi.
Shunday qilib oddiy (javhar) mohiyatlardan hech biri o’z tabiatiga doir ishqdan mosuvo emas.
Uchinchi fasl
O’zlariga xos miqdordagi oziqlanish quvvatiga ega bo’lgan mavjudotlar (o’simliklar) sevgisi
O’simlik ruhining uch turli quvvati borligini qisqacha ko’rsatib o’tamiz: Oziqlanish quvvati; O’sish quvvati (kuchi); Ko’payish quvvati.
Shuningdek, o’sish quvvatiga doir ishqning ham uchta ko’rinishi bor:
1. Ulardan biri, oziqlanish quvvati bo’lib, uning modda ehtiyojiga muvofiq zarur bo’lgan oziqa miqdorini bilishi va uning tabiatiga aylangan oziqlanuvchi tanada saqlanishi; 2. Sevgining ikkinchi ko’rinishi o’sish quvvatiga tegishli bo’lib, oziqlanmish tananing muqobil ravishda ulg’ayishi manbaidir; 3. Sevgining uchinchi ko’rinishi ko’payish quvvatiga tegishli bo’lib, o’zi paydo bo’lgan (narsa)ga o’xshash mavjudot paydo bo’lishi uchun intilishidir.
O’sha quvvatlar mavjud bo’lsa, aniqki, ishqning o’sha ko’rinishlari ham namoyon bo’ladi.
To’rtinchi fasl
Jonli mavjudotlar – hayvoniy (javhar) mohiyat egalari sevgisi
Shubhasiz, har bir hayvoniy ruh va quvvat “tug’ma ishq” ta’siri bilan harakatga keladi. Aks holda, hayvonlardagi tug’ma xususiyat – zarar keltiruvchi narsalardan tabiiy qochish, hazarlanish hamda tug’ma ishq paydo qiladigan tabiiy xususiyat bo’lmaganida edi, hayvon tanasida ruh quvvati mavjudligi quruq gapdan iborat bo’lib qolardi. Ruh quvvati, hayvoniy ruh o’zining barcha bo’laklarida namoyon bo’ladi.
Tashqi sezgi tufayli paydo bo’ladigan hislar tana uchun yo yoqimli yoki yoqimsiz bo’lishi mumkin. Aks holda, hayvon tanasi uchun tashqaridan bo’ladigan taassurot uning uchun farqsiz bo’lib qolar, zararli ta’sirlardan o’zini himoya qilmagan va uning tabiatidagi hissiyot kuchlari ortiqcha va keraksiz narsa bo’lib qolardi.
Endi ichki hissiyotlarga kelganimizda, ular xotirjamlik, yoqimli tasavvur va shunga o’xshash narsalar tufayli paydo bo’ladi va yo’qotilganda ular sari kuchli intilish seziladi. Qahru g’azabgacha kelganimizda (uning harakati) o’ch olish istagi va hukmronlikka intilish, kamsitilishdan, ojizlikdan va shunga o’xshash narsalardan qochishga intilishdir.
Mohiyatning hissiyotlar bo’limiga kelsak, avvalgi fasllarda aytilgan fikrlar yanada tushunarliroq bo’lishi uchun ozroq chekinish qilamiz va bu foydadan xoli bo’lmaydi, albatta.
Ishq ikki turli bo’ladi. Birinchisi – tabiiy sevgi. Uni yuzaga chiqaruvchi kuch maqsadiga erishmaguncha, (agar unga tashqi tomondan qandaydir qarshilik qiluvchi kuch bo’lmasa) ko’ngli to’lmaydi. Masalan, tosh, uni majburlab joyidan qo’zg’atuvchi kuch paydo bo’lmaguncha, o’z o’rnida sobit turaveradi. Bu xususiyat oziqa quvvati va boshqa o’suvchi quvvatlarda ham bor. Tabiiy ishq biron tashqi kuch ta’sir etmaguncha oziqlanishda davom etaveradi. Ishqning ikkinchi turiga ixtiyoriy ravishda tanlanadigan sevgi kiradi. Uni yuzaga chiqaruvchi (kuch) ba’zan bu sevgining zarar keltirishi ayon bo’lsa, o’z muhabbatini inkor qilishi va undan voz kechishi ham mumkin. Masalan, xo’tik uzoqdan bo’ri yaqinlashib kelayotganini sezsa, qanchalik och bo’lmasin, o’zi yeyotgan arpani tashlab, qochishga tushadi. Xo’tik uchun bo’ridan keladigan zarar yem yemoqdan keladigan lazzatdan ustundir.
Ba’zan ikkita oshiq bitta ma’shuqqa ega bo’ladi. Tag’in ulardan biri tabiiy, ikkinchisi esa erkin tanlov xususiyatiga molikdir. Masalan, ko’payish (nasl qoldirish) maqsadida paydo bo’ladigan sevgini olib qaraylik: bunda sevgini keltirib chiqaruvchi kuch o’simlikdagi ko’payish, hayvonlardagi nasl qoldirish quvvati tufayli sodir bo’ladi.
Shunga tayanib aytamizki, hayvoniy sezgi quvvati oddiy odamlar uchun yanada aniqroqdir. Uni tushuntirib o’tirmaymiz. Aqlsiz hayvon nimani sevsa, o’simlik quvvatlari ham o’sha oziqaga intiladi. To’g’ri, o’simlik quvvati sevgisidan shunday harakatlar paydo bo’ladiki, bularni tabiiy, tuban (hatto) eng tuban turga ham kiritish mumkin: hayvoniy quvvatlar sevgisi esa ixtiyoriy va yuqori hamda mumtoz turga taalluqli, shunchalik yoqimli va ajib manbalar asosida kechadiki, ayrim hayvonlar bunda tuyg’ular quvvatidan foydalanadilar. Shunga ko’ra, ko’pchilik (odamlar) tasavvurida sevgining bunday turi faqat sezgilarga taalluqlidek bo’lib ko’rinadi, ammo aslida, u tuyg’ular quvvatidan kelib chiqadi. Bunda tuyg’u kuchi qandaydir o’rtaliq vosita sifatida ishtirok etadi. Hayvonning hissiy quvvati ba’zan o’simliklar quvvatiga tabiiyligi bilan o’xshab ketadi.
Shunday qilib, bu quvvatlar harakati bir-biridan ixtiyoriy yoki ixtiyorsizligiga qarab farq qiladi. Aqlsiz hayvonlar Olloh ato etgan tug’ma tabiiy ishq va iroda, ixtiyor vositasida o’ziga o’xshash (zot) qoldirish uchun harakatga kelsalar-da, bu yerda bevosita maqsad sari intilish yo’q. Yoki bunday sevgida ikki xil bilvosita maqsad ko’zlangan bo’ladi. Men bunda quyidagilarni ko’zda tutaman: avvalo, o’simlik va hayvonlarning nasl qoldirishi Olloh taolo inoyati tufayli sodir bo’ladi. Ammo paydo bo’lgan naslning hayotiy bardavomligini xohlagan tarzda o’zgartirish mumkin emas. Zero, tug’ilish va o’lim – barhaq.
Har bir yaratiq maxluq uchun (qismat) qazo va qadar bor. Unda yaratilgan har bir jon (nafs) belgilanganidan bir daqiqa ortiq yoki kam umr ko’rmaydi. U borliq – mavjudlik davomida o’ziga o’xshash nasl qoldirish istagida bo’ladi va shu maqsadda ularda (Olloh inoyati bilan) tegishli vosita va a’zolar paydo bo’ladi. Yana shuni aytish mumkinki, aqlsiz hayvon har tomonlama haqiqiy tabiatga ega bo’lgan aql quvvati jihatidan yuqori jonzotlar darajasidan pastda turadi. Ular har tomonlama (kulliy) rivojlangan jon (nafs) erishgan maqsadlarga erisha olmaydi. Shu sababga ko’ra, uning hissiy quvvati ma’lum maqsad sari intilishi jihatidan o’simlik quvvatini eslatadi.
Mazkur faslda biz aniqlab olgan narsalar kelgusi boblarni yaxshi tushunishimizga xizmat qiladi. Biz Olloh inoyati va Ul oliy zotning madadi bilan ushbu risolada aytmoqchi bo’lganlarimizga albatta erishamiz, inshaolloh.
Beshinchi fasl
Yosh va yorqin chiroy bilan ajralib turadiganlar ishqi haqida
Mazkur faslga kirishdan avval to’rt banddan iborat muqaddimani taqdim etamiz.
1. Biror ruhiy quvvatga boshqa bir yuqori darajadagi, mumtozroq quvvat qo’shilsa, u keyingisi bilan aloqa natijasida o’zining yorqinligi va go’zalligini tag’in ham oshiradi. Chunki yuqori darajadagi quvvat past quvvatni qo’llaydi va mustahkamlaydi; undagi xavfni bartaraf etadi hamda malaka va ustunligini oshirishga majbur qiladi; har xil usullar bilan unga go’zallik va ezgulik baxsh etadi. Hayvonlarning hissiy quvvati ularning o’sish quvvatiga yordam beradi, qahr-g’azab kuchi esa o’ziga katta zarar keltiruvchi kuchlardan va barcha balo-qazolardan himoya qiladi (to tabiiy o’limi yetib kelguncha). (Yana bir misol:) aqliy quvvat hayvoniy (quvvat)ga maqsadga erishmog’i uchun uning sifati va himmatini oshira borish yo’li bilan yordam beradi. Buni o’z shaxsiy maqsadini ko’zlab amalga oshiradi. Xuddi shu sabab bilan ko’pincha odamning sezish va intilish quvvati o’z chegarasidan o’tib, aqliy quvvat darajasiga ko’tariladi. Shunga ko’ra, ayrim holatlarda faqat aql kuchi bilan yetishadigan maqsadlarnigina ko’zlaydilar.
Tasavvur quvvati sohasida ham ahvol shunday: aqliy quvvat (tasavvur kuchidan) u yoki bu yo’l bilan o’z maqsadini amalga oshirish uchun foydalanadi, tasavvur quvvati esa aql kuchi unga murojaat qilayotganidan foydalanib, shunday darajada katta jur’at paydo qiladiki, go’yo maqsadga o’z kuchi bilan erishgandek sezadi o’zini. Bundan tashqari, u aqliy quvvatga qarama-qarshi turib, uning sifatlari bilan bezanib, holatlarini o’zlashtirib, buning ustiga, aqliy quvvat o’zini nima deb hisoblasa, u ham shuni da’vo qila boshlaydi va o’z tasavvurida dil va aqlga halovat baxsh etuvchi aqliy tushunchalar mohiyatiga tafakkur bilan emas, tasavvur bilan yetdim, deb o’ylaydi. Bu holat xojasi qulidan ko’proq foyda tegadigan bir ishni bajarishda yordamlashib yuborishni iltimos qilgan-u, maqsadga erishilgach, qul barchasini xojamsiz o’zim bajardim, bu ishni bajarishga xojamning qurbi yetmaydi, deb o’ylaydigan va hatto o’zini xoja o’rnida ko’ra boshlagan qulga o’xshaydi. Aslida, bu qul o’sha topshiriqni umuman bajarmagan, hech qanday topshiriq ham olmagan edi. Xuddi shunday hol odamning intilish, istak-xohish quvvatida ham ba’zan uchraydi va uning yo’ldan ozishiga sababchi bo’ladi. (Bu ishni aqlim bilan emas, istagim bilan bajaraman, deganday.)
2. Odamdagi hayvoniy ruh sezgi, xayol-tasavvurda, jinsiy aloqada, hujumkorlik va jangarilikda alohida-alohida harakat qila oladi yoki ta’sirlana oladi. Biroq shunga qaramasdan (odamning hayvoniy ruhi) aqliy quvvatlar bilan hamkorlik qilganida ayrim xayrli xususiyatlar ham kasb etadi. U shunday harakatlarni baxayr va aniq bajaradiki, shunga ko’ra, sezgi, his paydo qiluvchi ashyolarda hayvonlar hech qiziqmaydigan va e’tibor qilmaydigan, masalan: yaxshi tabiiy qorishma, to’g’ri va mos shakllar uning e’tiborini tortadi.
Odam, shuningdek, tasavvur quvvatini yorqin va chiroyli narsalarni his qilishga ham qaratdi. Uning tasavvur quvvati va harakati deyarli aql kuchiga va harakatiga tenglashadi. Husn ahli, kamolot kasb etgan, mutanosib va maftunkor xilqatlar ko’nglini ovlash uchun barcha jihatlardan foydalanib, qahr-g’azab kuchi tufayli paydo bo’lgan harakatlar bilan ham ustunlik va g’alabaga intilish mumkin.
Ba’zan (odam harakati) aqliy va hayvoniy ruh-nafsning birgalikdagi ishtiroki bilan bo’ladi. Aqliy quvvat juz’iy ashyolar haqidagi fikrlardan induktsiya (istiqro’) yo’li bilan kulliy – umumiy xulosaga kelishda tasavvur kuchidan foydalanadi. Aqliy quvvat shu yo’l bilan aqliy tushunchalarni bilishda tasavvurdan foydalanib o’z maqsadiga erishadi. Shuningdek, aqliy quvvat faqat rohatlanishga intiluvchi hissiy quvvatni qazoyu qadar hukmiga bo’ysundirib, naslni saqlash, shulardan eng muhimi – odam naslini saqlashga majbur qiladi. Oziqlanishda to’g’ri kelgan narsalarni yemasdan, tanlab, faqat nafsni qondirishni ko’zlamay, naslning eng yaxshi ko’rinishlarini, ya’ni eng yaxshi odam shaxsini (individni) saqlab qolishga harakat qiladi. Yoki bor g’azab va nafrat kuchini boshqa bahodirlar bilan birga o’z jonajon shahri va yurti tuprog’idan bosqinchilarni quvib chiqarishga qaratadi. Inson aqliy quvvatlari zaminidan kelib chiqib aqliy tushunchalarni fikr-mushohada qilishi, yuksak maqsadlarga, oxirat saodatini, Ollohga yaqinlik kabi maqsadlarga intilishi mumkin.
3. Olloh tomonidan farz qilingan har bir amalda xayr bor va unga intilmoq zarur. Biroq dunyoviy istaklar orasida shundaylari ham borki, ular oliy (ilohiy) maqsadlarga halaqit qilishi mumkin. Shuningdek, dunyoning mayda-chuydalariga berilish, mayda istaklarni qondirish bilan ovora bo’lish odamni ulkan ishlardan, oliy maqsadlardan chalg’itadi. Mayda-chuydalarga berilish katta ishlarni yo’qqa chiqaradi. Masalan, tib ilmi bo’yicha, burundan ko’p miqdorda oqayotgan qonni bir uqiya ko’knori yeyish bilan to’xtatish mumkin. Ammo ozgina miqdorda ichilgan ko’knorining odam hayotiga va kelajakdagi sog’lig’iga tuzatib bo’lmas ta’siri haqida o’sha paytda o’ylab ko’rilmaydi.
Shunday qilib, aqlsiz hayvonlardagi hayvon ruhi (nafs)ga tegishli narsalarning ko’pligi hayvon uchun zararli bo’lmay, aksincha, nafs quvvatining boyishiga yordam beradi, biroq aql quvatiga yetkazadigan ziyon-zahmat sifatida men “At-Tuhfa” kitobimda ta’kidlaganimdek, odam uchun ayb sanaladi. Bundan yuz o’girmoq va qochmoq zarur.
4. Aqliy ruh ham, hayvoniy ruh ham nimaiki tekis va mutanosib bo’lsa, bamisoli hamohang tovushlar, mazali taomlar kabi narsalarni xush ko’radi. Ana shu narsalar hayvon ruhi uchun tabiiy bo’lsa, aqlli jon egalari uchun ilohiy g’oyalarni mushohada qilishga sababchi bo’ladi. Nimaiki ishqning dastlabki mazhari (Vojib ul-vujud)ga yaqin bo’lsa, u mukammal va mutanosib, undan bevosita keyin namoyon bo’ladigan narsalar ham mutanosiblik va uyg’unlik sifatlariga erishadi. Undan (Vojib ul-vujuddan) uzoqlashish esa ko’p mayda bo’laklarga ajralib ketishga (kasrat), nomuvofiqlik (disgarmoniya), nomutanosiblikka olib keladi. Bu haqda metafiziklar yaxshi tushuncha berishgan. Qachonki, aqlli jon go’zallikka (jamol va kamolga) yetishsa, uni mehr va ehtiros bilan mushohada qiladi.
Biz aytamizki, odamdagi tashqi chiroyni (bu yoshlik va nafislik ham deyiladi) har bir aqlli mavjudot xush ko’radi. Bunday xususiyat yo bitta hayvoniy quvvatga taalluqli yoki ikkalasi (aqliy va hayvoniy quvvat)ning birgalikdagi ishtiroki natijasi, deb qarash mumkin. Agar bu faqat hayvoniy quvvatga tegishli bo’lganida, oqil kishilar uni nafislik va yoshlikka yo’ymas edilar. Odam (biror narsa ustiga) hayvon kabi tashlanganida ayb-nuqsonlar girdobiga tushib, oqil nafsga katta zarar keltirgan bo’ladi. Bu – oqil nafsning ishi emas. Yakkam-dukkam narsalarni his-tuyg’u orqali qabul qilish emas, balki abadiy aqliy tushunchalarni idrok qilish uning doimiy vazifasiga kiradi. Sevgining bu turida ikki tomon (oshiq va ma’shuq) ishtirok etadi.
Buni boshqacharoq yo’sinda tushuntirish ham mumkin: agar odam go’zal qiyofani hayvoniy qoniqish uchun sevsa, u buzuqilik qilganligi uchun gunohkor sifatida malomatga loyiqdir. Agar odam go’zal qiyofali (kishi)ni mushohada asosida sevsa, biz yuqorida tushuntirganimizdek, uni kamolot vositasi va ezgulikka yaqinlashish shodligi sifatida qarash mumkin. Chunki u ilk va sof manba (Vojib ul-vujud)ning hamda sevgining sof manbai va mazhari bo’lmish Ollohga tobora yaqinlashayotganligini his eta boshlaydi. Bu esa uni yanada ko’rkam va nafis, yoshargan holatlarga munosib bo’lishini ta’minlaydi. Shunga ko’ra, chiroyli qiyofa egalarining qalbi o’tkir aql va falsafiy mushohadalarga boy bo’lmaydi hamda o’zini ochko’zlik va tund talablarini namoyon qiluvchi va u yoki bu darajada go’zal qiyofaga ega bo’lmagan kishilarga ergashmaydi. Zero, odamning bashariyatga xos kamolot kasb etishi pinhoniy, jibilliy yurak qa’ridagi yashirin sof sevgiga loyiqdir. Payg’ambar (s.a.v.) deydi: “O’z hojatingni chiroyli, ochiq yuzli kishilardan izla”. Chunki go’zal yuz va qaddi-qomat faqat sof tabiiy tarkibda bo’ladi va sof mutanosiblik va tabiiy tarkib kishiga yoqimli xulq va nafis sifatlar ato etadi. Ammo ba’zan odam kelishmagan qiyofaga ega bo’lsa ham, botiniy sifatlar bo’yicha go’zal bo’lishi mumkin. Buni ikki jihat bo’yicha tushuntirish mumkin: YO qiyofaning xunukligi ilk (tabiiy) tarkib shakllanishidagi ichki nuqsonlar tufayli kelib chiqmagan, balki tashqi tasodifiy buzilishlar ta’sirida paydo bo’lgan yoki go’zallik tabiiy bo’lmagan, sun’iy paydo qilingan bo’lishi mumkin. (“Odat kishining ikkinchi tabiatidir” – deydi faylasuflar). Yana shunday hollar ham uchraydiki, ba’zilarning tashqi qiyofasi go’zal bo’lsa-da, odatlari go’zal bo’lmaydi. Buni ham ikki yoqlama tushuntirish mumkin: yo inson xulqi va xarakterlaridagi xunuklik tabiiy tarkib shakllanib bo’lgandan keyin qandaydir o’tkinchi bir qiyofaga kirib qolishi yoki kuchli odat tufayli paydo bo’lishi mumkin.
Go’zal qiyofaga nisbatan paydo bo’lgan sevgi uch xil xohish-istak bilan kechadi: 1. Quchoqlashuv; 2. O’pishuv; 3. Qo’shiluv, jimo’.
Uchinchi xohish haqida to’xtaladigan bo’lsak, uning paydo bo’lishi faqat hayvoniy nafs (ruh)ga bog’liq. Darhaqiqat, bu jarayonda hayvoniy ruhning hissasi katta, bu yerda u vosita sifatida emas, ishtirokchi sifatida qatnashadi, uni (vositadan) foydalanuvchi (ishtirokchi) desa ham bo’ladi. Bu, albatta, jirkanch holat. Biroq hayvoniy quvvat aqlga to’liq bo’ysunmaguncha aqlli sevgi bo’la olmaydi. Shunga ko’ra, sevuvchi kishining xohishiga shubha bilan qarash, u o’z sevgilisining kuchli istagi uchun “yo’ldan uryaptimi” yoki maqsadi o’ziga o’xshash nasl qoldirishmi? Buning esa (nasl qoldirish) erkaklar uchun iloji yo’q: ayollar uchun esa (nikohsiz erkak bilan qo’shiluv) shariat tomonidan man qilinganligi tufayli qabihlik va ifloslik sanaladi. Sevgining bunday turini faqat erkaklarga, u ham bo’lsa, o’z nikohidagi ayoli yoki kanizagi (cho’risi) bilan jinsiy aloqa qilganida ruxsat etish mumkin.
Quchoqlashish va o’pishish masalasiga kelganda, uni muhokama qilib o’tirmasa ham bo’ladi. Agar sevuvchi odam o’z sevgilisi bilan yaqinlik qilish o’z istagida bo’lganda nafs sevgilini silash va ko’rish sezgilari orqali ham istagini qondirishga harakat qiladi. Shunga ko’ra, u quchoqlashuvdan lazzat oladi. Nafs ruhiy faoliyatning boshlanishidir. Qalb ikki tomonning hamnafasligi bilan sevgi manbaiga quyiladi. Shuning uchun ham o’pishni xohlaydi.
Ammo quchoqlashish va o’pishish juz’iy ravishda salbiy ehtiroslarni uyg’otishi mumkin, ulardan saqlanish kerak. Ammo yosh bolalarni o’pish, odamlarning bir-birlari bilan o’pishib ko’rishishlari bundan mustasno. O’pishda, quchoqlashda shahvoniy hirs ishtirok etmasa, u gunoh hisoblanmaydi. Kimning qalbi shunday ishq bilan limmo-lim bo’lsa, u yosh va go’zaldir. Zero, ishq go’zallik va yoshlik demakdir.
Mahkam Mahmud va Z. Bahriddinovlar tarjimasi
«Sharq yulduzi» jurnalining veb-sahifasidan olindi
Davomi bor