Xolmuhammad Karimiy. Buni hayot deydilar

033
Холмуҳаммад Каримий. Буни ҳаёт дейдилар / Х.Каримий. — Тошкент: Аkademnashr, 2014. — 128 б. / Xolmuhammad Karimiy. Buni hayot deydilar / X.Karimiy. — Toshkent: Akademnashr, 2014. — 128 b.

   Холмуҳаммад Каримийнинг бу тўпламида оддий одамларнинг тўю азаси, ғам-ташвишлари, орзу-умидлари, тирикчилик кўйида елиб-югуришлари – барча-барчаси самимият билан қаламга олинади. Содда ва самимий суҳбатдош топасиз бу китобда. Айрим ҳикояларда қўшнингизни, бошқасида узоқ (ёки яқин) қариндошингизни ва, эҳтимолки, қаердадир ўзингизни таниб қолиб, топиб олишингиз ҳам мумкин.

011
Баҳодир Каримов
ОДАМЛАРНИ ТАНИШ ЙЎЛИДА
01

Холмуҳаммад Каримий тўғрисўз, чўрткесар одам. Бор гапини юзинг-кўзинг демайди, табиий бир тарзда айтади қўяди. Ўзининг кимлигини ҳам яхши билади. Ўйлашимча, у мақтовдан кўпириб, талтайиб кетмайди. Танқид сабабли қалам-дафтарини йиғиштириб қўядиган тоифадан ҳам эмас. Аммо сезиб-билиб юраман, ҳар қандай адибда бўлганидек, унга ҳам барибир ўз ёзганлари хусусида адабиётчиларнинг, биз каби яқинларининг фикр-мулоҳазаси керак.

Мен Холмуҳаммад Каримийнинг «Ҳурайро», «Ҳурлиқо» номли аввал босилган китобларидаги ҳикоялари билан танишман. Уларда оддийлик билан ғалатилик, табиийлик билан ғайритабиий ҳолатлар уйғунлашганди. Яхши таассуротларни бир-икки оғзаки айтдим.

Ёзган асаридан муаллифнинг овози эшитилиб турса, одам ўша ижодкор билан ғойибона мулоқотга киришади. Кўнгли яйрайди. Саҳифадан саҳифага кўчганини сезмай қолади. Зеро, ёзувчи айтмоқчи: «Одамнинг ич-ичидан топиб айтилган қизиқ гурунг лаззатли»…

Бир палла Холмуҳаммад Каримий пойтахтда кўринмай қолди. Кишлоғига кетибди деб эшитдик. Тирикчилик билан андармон бўлгандир. Яқинда марказга келиб ҳолди. Гурунглашдик. Тенгдошмиз. Бироқ университетда ўқиган йиллари бир-икки соат маърузалар ўқиган жойим ҳам бор. Шунинг ҳурматими, баҳарнав, кўрганида «домла» деб мурожаат этади. Биз ноқулай ҳолатга тушамиз. Гурунг маҳали, табиийки, гап мавзуси айланиб ижодга тақалади. Ўйлаганимдек, Холмуҳаммад қишлоҳда бекор юрмабди. Яна ҳикоялар ёзибди. Уларни бир сидра бош кўтармай ўқий туриб «Холмуҳаммад одам танибди, Холмуҳаммад одамлар орасига кирибди. Ҳақиқий ижод манбаига учрабди» каби гаплар хаёлимга келди. Сабаби ёзган ҳикояларининг кўпчилигида ОДАМ бор.

«Карқулоқ»да ямоқчини, унинг ишлаётганини шу даражада аниқ тасвирлайдики, ҳатто устанинг иш жараёнидаги чарм ва ё елим ҳиди димоққа урилгандек бўлади. Табиийки, бундай образ хаёлга муҳрланади.
Ёзувчи зоти учун воқелик муҳим. Ижодкорга илҳом манбаи зарур. Кўрилган, англанган ё эшитилган ҳодисотни ижодкор бадиий тафаккури элагидан ўтказади. Режалар тузади: ёзади-ўчиради, ўчиради-ёзади. Ёзиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган нуқталарини чамалайди. Авжига диққат қаратади, бошланмаси билан туганчини ўйлаб кўради. Воқеаларни теграсини қиртишлаб силлиқлайди, нимадир ўзидан қўшади ёки олиб ташлайди. Тасаввуримизча, натижада санъат намунаси пайдо бўлади…

Ёзувчи учун қўлига беихтиёр қалам тутқазадиган биргина сўз импульси — биргина гап, оригинал биргина ҳикмат зарур. Бу туртки оқибатида сўздан муҳташам бинолар, гўзал санъат саройлари, мўъжизавий қасрлар бунёд бўлади. Битта сўз одамни минг хаёлга буради. Айниқса, бадиий матн таркибидаги биргина шоҳиста сўз бошқа бир одамни, ўзга бир оламни, ажиб бир муҳитни, тоза бир кўнгилни англашга ёрдам беради ёки аксинча. Сўзнинг кучи, қудрати шундай. Дарвоқе сўз таърифида юнонистонлик Аристотелдан бошлаб чегараси бугун сурхонлик Холмуҳаммад Каримийнинг ўзигача етиб келган улкан жаҳоний алломалардан махсус кўчирмалар ёзиб ўтирмайлик-да, масаланинг нақ ўзига қарайлик…

Янги китобга ўндан ортиқ ҳикоялар жамланибди. Буларда Холмуҳаммад Каримийнинг бошқаларга ўхшамаган ўзига хос ифода, баён усули кўзга ташланади. Баъзан ҳикоянинг биринчи жумласида тасвирни ҳаддан ташқари сиқиқ ҳолатда беради. «Қирда иторқа лой том эски ҳалқадек қаққайиб турибди» («Қонда бор»). Шу зайлда кам сўз билан кўп фикр айтишга уринади. Бундай ички манера ўзини оқлайди ва, табиийки, ёзувчи қаламининг фазилати палласига юк босади. Иккинчи бир муҳим хусусияти — Холмуҳаммад Каримий ҳикояларида ҳикоячи-ровий билан образларининг нутқи аралашиб, ўзаро қоришиб кетади. Ёзувчи муаллиф билан қаҳрамонлар орасига улкан тўсиқ қўймайди, улардан бири иккинчисининг «мулки»га бемалол ўтиб, кўчиб юраверади. Ҳикоянавис имкон топди дегунча воқеликни рамзлар тилига кўчиришга интилади, туганчида деталларни ишга солади. «Усмонқул занжирга қараб ўйланиб ҳолди» («Занжир»).

Ора-орада деярли барча ҳикояларида табиат тасвири келади. Дарахт баргларининг шитирлаши, даштнинг кенглиги, Катман об-ҳавоси, ўт-ўланлар тасвири одамга завқ беради. Уларда «Қизғалдоҳ қоплаган қирлар қонга беланиб йиқилган баҳодирлар каби ер билан битта бўлиб кўринади қояда турган одамга» («Тош қоя») каби ўхшатишлар билан безатилган эпизодлар анча.

Шуни алоҳида таъкилаш керакки, Холмуҳаммад Каримий ўзининг «адабий мамлакати»га — Катманга эгалик қилибди. Зотан, унинг ҳикояларидаги деярли барча ҳодисалар ўша Катман деган бир «адабий мамлакат»да содир бўлади. Назаримда, бу ҳам ёзувчи ижодидаги жуда муҳим адабий унсурлардан бири саналади. Дунё адабиётида ҳам, ўзбек насри тарихида ҳам бундай тажрибалар мавжуд ва, албатта, ўзини оқлаб келмоқда.

Ҳикояларнинг тили ҳам ўзига хос. Адабий тилимиз хазинасидан ўрин олиши лозим бўлган кўплаб шевага хос сўзларни Холмуҳаммад атай қўллайди. Эҳтимол, уларнинг айримлари сингишмаслиги ҳам мумкин. Аммо ижодкорнинг нияти — эзгулик.

Хуллас, Холмуҳаммад Каримийнинг бу тўпламида катманлик оддий одамларнинг тўю азаси, ғам-ташвишлари, орзу-умидлари, тирикчилик кўйида елиб-югуришлари — барча-барчаси самимият билан қаламга олинади. Ёзувчи ўта қийин вазиятга тушган айрим қаҳрамонлари қалбига умид уруғини сочади, ҳаётдан завқланиб яшаш гаштини уларга ёрдамчи бадиий образлари воситасида эслатиб туради. Аслида, чинакам ижодкор учун муҳими ҳам шу.

011
Холмуҳаммад Каримий
«БУНИ ҲАЁТ ДЕЙДИЛАР» КИТОБИДАН ИККИ ҲИКОЯ
01

КАРҚУЛОҚ

Лой супада уюлиб турган эски-туски пойабзаллардан бирини уста чарм фартугининг этагига солди-да, мум суртилган шордозни жуволдизга ўтказа бошлади. Супага соя бериб турган зардоли баргларининг шабадада секингина шитирлаши гўёки шивирлаб гурунг бераётгандек, уста эса бошини эгиб уни тингламоқда. Гоҳо унинг диққатини бўлиб пишиб етилган мева ҳар-ҳар замон ерга «тап» этиб тушгач янги қабрга ўхшаб дўппайиб қолади. Супа четидаги олачалпоқ сояда мушук олд оёқлари билан чарм қийтиғини турткилаб сичқон билан ўйнаётгандек ирғишлаб умбалоқ ошади.

Олдидаги пойабзал уюмини уста бозордан йиғиб келган. Катманда ҳар пайшанба бўладиган бозорнинг кириш йўлагига тоқа темир оёқни тескари ўрнатиб, пойабзалга мих қоқиб ўтиради. Эринмаган мижоз шу ернинг ўзида пойабзалига мих қоқтириб ёки енгил таъмирлатиб олса, кўпчилиги келаси ҳафта олиш шарти билан қолдириб кетади. Бозор ҳафтада бир кун бўлганидан уста, асосан, йиғиш билан машғул. Унга қишлоқ орадагини ҳам қўшса, ҳар куни устанинг қўлида бигиз-сўзон. Бундай арзон-гаров пойабзалнинг йиртилиши қанча осон бўлса, уни ямаб-тузатиш шунча қийин. Афсуски, эскини ямайман-эплайман деб, устанинг эси кетгани билан хизмат ҳақи арзимас: ипак шордозни мумлаб ишлатаман, ямоқ соламан, вақтим кетади, хизмат ҳақим «фалон» бўлади деса, мижознинг энсаси қотади; уста, ботинканинг хунини сўраяпсиз, сиз айтган пулга яна шунча қўшсам, биласизма, нақ янгисини беради-я дейишади улар. Ким кўп, бозорда ямоқчи кўп. Сал қалтисроқ гапириб юборса, мижоздан ажраб қолиши ҳеч гапмас. Шу боис тилни тияди-да, мижознинг берганига рози бўлиб қолаверади. Тирикчилик ҳаминқадар бўлганидан сўнг уйдаги минғир-синғирларга чидаш осонмас.

—  Ҳой отаси, чой совиб қолди. Нимага ўз вақтида ичмайсиз? — дея хотини ўдағайлаганча устанинг олдида пайдо бўлди бир оз олдин қўйиб кетган дастурхони ҳамон жойида турганидан жаҳли чиқиб. — Шу палакатни камирмасдан сиз ҳам одамларга ўхшаб бундай бошни кўтариб атрофга қаранг. Болаларимнинг эртаси нима бўлади деб ўйлаб кўрасизма ҳеч?

Оилага етарлича даромад келтирмайдиган иш билан устанинг ивирсиши хотинига ёқмайди, гоҳо эрига нисбатан одамлар нописанд муносабатда бўлаётганини сезиб ори келади, бор кучи тилига йиғилади, таъна-маломат ёғдиради: одамлар бирни бирга уриштириб икки қилади, қатор-қатор уй солиб, дабдабали тўй беради. Аввали, пешонам қурсин, тенгим шу тепса тебранмас бўлди дея манглайига шапатилайди.

— Манави тўкилган зардолиларни болалар билан териб олинглар, кейин қайнатасанми ёки ёйиб қуритасанми, ўзинг биласан, ишқилиб, увол бўлмасин, — деди уста гўёки хотинининг гапини эшитмагандек.

Эрининг одатдагидек талмовсирашидан унинг баттар алами келди. Шундай одамга садқаи гап, аслида, манави мушук ҳам ундан авло, бир тепса миёв дейди, бу эркакка гапирдинг нима-ю, тошга гапирдинг нима деб ўйлади-да, жаҳл билан мушукни тепиб юборди. Ҳақиқатан ҳам, мушук устадан авлороқ экан, бир думалаб тушиб «вағ» дея қочиб ҳолди. Шундан сўнг сал хумори босилгандек, ҳар қалай, ортиқ ғингшимасдан бир силтаниб кенг кўйлаги пириллаганча ошхона томон кетди. Мушукни тепаётганқда хотини устанинг кўзига алвастидек кўринди. Алвасти дегани ҳам шу хотинга ўхшаса керак дея уста мийиғида кулди-да, туфлига қадалиб турган бигизни суғуриб тешикка жуволдизни суқди. Яна бир-икки бор бигиз биқлан ямоқ устидан тешиб шордозни тугун қилгач билинмайдиган қилиб кесиб, ботинкани айлантириб текшириб кўриб, ўрнидан қўзғолди. Қўлини чайқаганидан сўнг совуқ чойни «ҳўр-ҳўр»латиб, нон кавшашга тушди. Бир оздан кейин заҳри-маҳрингга ют дегандек хотини бир коса зардолини «дўқ» этказиб қўйиб кетди. Бепарволик билан уста косани олдига суриб: «Ош бўлсин, ямоқчи», — дея ўз кўнглини ўзи хушлаб овқатланди. Бозоргача ишини тугатиб қўйиш мақсадида яна қайта жойига ўтирди. Навбатдаги ботинканинг йиртиғига чамалаб чармдан бир парча қирқди. Ямоқни текислаб жойлаштиргач бигиз билан сўзонни қўлга олиб астойдил ишга берилди. Бу орада қанча вақт ўтгани билан қизиққани ҳам йўқ. Бирини тугатиб, иккинчисини қўлга олиш билан андармон. Бироқ қадам товушидан хотинининг келаётганини сезиб ҳушёр тортди. Қани энди имкон бўлса-ю, қулоқни беркитиб олиб тинчгина ишингни битирсанг, ҳеч қандай товуш халал бермаса деб ўйлади.

— Болаларнинг ичи шилиниб кетди, эртаю кеч егани мева-чева. Шилдир шўрва баданга юқмаса, бозор куни қўй гўшти олинг, болаларга дармон бўлсин, — дея у дастурхонни йиғиштираркан, тепса тебранмас эр ҳамон миқ этмаганидан кейин бобиллаб берди. — Ҳў эркак, сиз ўзи мени эшитяпсизма?.. Гўдаккиналар мактабдан сумкасини зўрға судраб келишяпти. Бориб болаларнинг ҳолини кўринг, қоракўрдай ерга қараб сингаламанг-да.

Рўзғор деганлари эски тўрвадек гап экан, қай жойига бармоқ урсанг тешилади. Камбағалнинг хотини шу эски тўрвани тешиб ўйин қилишдан роҳатланадими, билмай қолди. Худойима, бу дунёда хотинни эркакнинг кўзини очирмаслик учун яратганмисан деб ўйлади-ю, миясига келган ўйдан қўрқиб кетиб астағфируллоҳ дея пичирлади.

— Нега мум тишлагандек гунг бўлиб олдингиз ёки гапим нотўғрима? — деди эрининг ҳамон ишдан бош кўтармаётганидан ғаши келиб.
Хотини тоза ошқинлайвергандан кейин ноилож уста ишидан тўхтаб, ажабланган кўйи унга қаради.
— Бозорга бориш учун ишимни тугатиб қўймасам, пулни қаердан оламан? Гўштни пулга беради, хоним, — деди. Яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, хотини ўгирила солиб шипиллаб қолди. Аччиқ устида кетаётиб жаҳл билан рўмолини бошидан юлиб олиб, қайта танғиганини кузатиб турган уста бошини сарак-сарак қилганча яна ишга киришди.

Бу хотин тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Рўзғор дегани ўз номи билан ғор бўлса. Нафс бер дейишдан чарчамагандан кейин қанча топмагин, ғорга тушиб йўқ бўлиб кетаверади. Дунё дунё бўлибдики, рўзғорнинг ғорини тўлдирдим деган инсон бўлган эмас. Шундай одамни топсам, оёғини тавоф қиламан. Ана шу ғорнинг тепасида турган одам менга ўхшаб топарман-тутарман бўлмаса, унинг адо бўлгани шу экан. Қизларнинг ҳам бўйи етиб қолди, уларни узатиш учун сарпо-суруқ ғамлаш керак. Йиққан-терганини хотинига тутқазяпти. Албатта, у бечора ҳам тежаб-тергаб латта-путта йиғади, тушуниш керак.

Ҳозирча устанинг билгани шу: орта-тоша топмагандан кейин кўзни чирт юмиб яшайверади. Аммо вақт ўтган сайин оила ташвиши катталашиб, хотинининг эгови ҳам ўткирлашмоқда. Қўлидан келганча темтиниб ётибди. Ҳолва деган билан оғиз чучимаса, бирор нарса бўлар деган умидда жони борича бигиз-сўзонга ёпишади. Бошқа нима ҳам қилсин? Болалар улғаяверсин-чи, худо пошшо, ризқини етказар дея овутади ўзини.

Тушдан кейин ҳаво дим бўлиб қолди. Энгашиб бораётган қуёш нурлари супага тўлиқ тушган, соя эса томорқа оралаб чўзилиб боряпти, уста исиб кетаётган бўлса ҳам, бугунга ажратган сўнгги пойабзални ҳафсала билан ямамоқда. Бира-тўла ишини якунлаб ўрнидан турганида ғарқ терга ботган эди. Кўз олди қоронғилашиб боши гир-гир айланганидан дарахтга суяниб анча вақт жойида турди. Кўз олдини қоплаган туман тарқаганидан кейин ҳўланса ҳид таратаётган фартугини ечиб шохга илди. Уст-бошини қоқиб, у ёқ-бу ёққа юриб оёқ чигилини ёзди. Қуёш тафти пасайганига қарамай, ҳамон мудроқ ҳолат ҳукмрон. Тек қотган дарахтлар худди ғамга ботган устадек қовоқ уйиб чуқур ўйга толган. Ғир этган шабада йўқ, аммо терак баргларининг қалтираганча девонадек ғинғиллаши, ҳашаротларнинг ҳорғин чириллаши кишини баттар ланж қилади. Уста ҳорғин ҳолда атрофга синиқ назар солиб, супа четида ётган кетмонни ушлаганча томорқа оралади. Шиғиллаб гулга ўтирган помидор пушталарида якка-дукка кўкарган бегона ўтларни чопиб, қотиб қолган мушакларини бўшаштиришга ҳаракат қилди. Тайинли бир иш қилмаса ҳам томорқада кечгача кетмон ушлаб вақт ўтказди.

Кечки дастурхон атрофида оила йиғилиб, шилдир шўрвани «дур-дур» ичиб бўлишганида рўзғорнинг яна бир ёриғи очилди.
— Ота, ота, — деб ўғли эркаланиб арзи ҳолга ўтди. — Дам олиш куни шаҳарга томошага борарканмиз. Ҳайвонот боғини, музейни кўрсатишар экан. Шунгача синфдошларим «зебра» майка олишмоқчи. Ўғил болалар бир хил кийинишга келишдик. Менга ҳам оберинг. Уларга мен ҳам оламан деб қўйдим, ота-а. Оберасиз-а?

Ташвишли жаранглаган бу гапдан устанинг эти жимирлаб кетди. Унинг гўшт ва бозор-ўчарга мўлжаллаб турган харжи нима бўлади? Бу савил оти майка бўлган билан фалон пул туради. Ўғлига нима деб жавоб қайтаришни билмай қолди; гўшт пулига майка олиб берса, ҳафталик бозор-ўчар харжини йўл пулига беради. Шилдир шўрва яна суюқлашади-ю, минғир-минғир кўпаяди.

Икки ўт орасида қолди. Узун-калта, йўғон-ингичка қилиб ўйлаётган эди. Оғзига толқон солиб олган эрининг қилиғига хотин чидолмади. Бунинг устига, бола отасининг оғзига махтал мўлтираб ўтирибди, индамасни чақиб-ўйиб гапирди.
— Болам, сен ғам ема, ахир устанинг боласи бўлсанг, — деди онаси заҳарханда қилиб, — эски майкангни кун чалган бўлса ҳам бинойидек бутун. Отанг тери-пўстакларининг қийтиғидан қуроқлаб беради. Кийик зебранинг ўзи бўласан қоласан.

Уста хотинининг кесатиқларига мутлақо эътибор қилмади. Унга ярашиқли жавоб берганда ҳам, бир нарса ўзгариб ҳолмайди, шу боис одатдагидек ўзини эшитмаган ёки англамаганга солди.
— Ҳей полвоним-эй… бозор куни эрталабдан аввал сенга «зебра» оламиз, кейин менга ёрдамлашиб юборсанг, бирга-бирга қайтаверамиз. Маъқулма?

Укасининг хурсандлигини кўрган икки опаси ҳам шодланиб кетди. Чунки эрта-индин қизларнинг ҳам арзи ҳоли бор. Аммо беўйларча ваъда бераётган эридан нафратланган хотини кесакдай гезариб ўтирарди…

Орадан бозор ўтиб уста зардоли соясида бир уюм пойабзалларни саралаётганида хотинининг шарпасини сезиб афти бужмайиб кетди.

— Каттангизга кўйлак керакмиш, битирув кечасига, — ташвишли хабар билан хотини келиб супанинг бир четига омонат чўкди. — Мен емай-ичмай қизларнинг сепини бутлайман деб ўлиб-тирилсам, сиз ўйламай сочасиз. Ўғил бола бир томошадан қолса киндиги чиқмасди, бироқ қиз боланинг йўриғи бошқа, бу ёғи бўй етиб турган бўлса, тенг-тўшларидан ортда қолса, номус бўлади. Олдиндан айтганим шу бозор кун матосини олиши керак, чеварнинг ҳам одами кўпайиб ётибди экан, ўшангача зўрға тикиб берса ҳам. Бундан ташқари, туфли олиши бор, майда-чуйдасига ҳам пул керак.

— Пул ўзингнинг ҳўлингда-ку, бирга боринглар-да, болаларинг кўнглига ёққанини олсин.
— Болалар нима деса олавер дейишингизга қараганда, биз билмаган хазинангиз борга ўхшайди, уста. Бигиз-сўзонга ишониб катта гапирмаётгандирсиз?.. Сиз ўйлаб гапиряпсизма ҳеч, бунча пулни қаердан оламан ёки бир ҳафта тишнинг кирини сўриб ўтирамизма? Худди олам-жаҳон пул тутқазиб қўйгандек оғзини тўлдириб гапиришини ҳаранг-а. Мен шунча эпламасам, аллақачон оёғингиздан житиб кетардингиз, шуни биласизма? Оғзи-боши қийшаймай тағин пул бериб қўйдим дейишига ўлайма?

Уста жилмайди. Йўҳ деса ҳам балога қолади, хўп деса ҳам. Нима қилиш керак?
Хотини жавраб-жавраб кетганидан кейин устанинг қўли ишга бормай ҳолди. Асбобларини бир томонга қўйиб томорқа оралади. Шу ёшга киргунча анча-мунча жойга бош суқиб кўрди. Ачинарлиси, ҳеч биридан наф чиқаролмади. Пешонада бори шу экан деб, бигиз-сўзонни қайта қўлга олди. Ўзи ҳам худди бигиз-сўзондек турмушни ямаб-ясҳаш билан овора, гоҳида…

Гўё бутун борлиқ тўхтаб қолгандек, ўсимликлар тек қотган, аҳён-аҳёнда қора чигиртканинг чириллаши қулоҳҳа чалинади. Оғир юк остида қолган уста базўр оёғини судраб томорқада мақсадсиз сермалжийди. У айланиб юриб нафас олишга-да ҳоли йўқлигидан не қиларини билмай терак соясига келиб тўхтади. Терак барглари ўз-ўзидан қалтирар… Нимадан бунча безовта бу тераклар, ахир шамолнинг эпкини ҳам сезилгани йўқ-ку деб ўйланиб қолди. Ўйлаган сайин баттар юраги сиқилиб, қулоқлари чиппа битиб, мияси ачиган хамирдек кўпчигандек бўлди. Турган жойида чўккалаб рангсиз, ҳидсиз ва товушсиз оламга нурсиз кўзлари билан бақрайганча ўтирди. Бир дам ўтиб аста-секин қулоғида шанғиллаш пайдо бўлиб ўзига келди. Ҳаммаси ўз ўрнига қайта бошлади. Қулоғидаги шанғиллаш терак қалтирашига ўхшаш овозга алмашди, аммо бу товуш ташқаридан эмас, ўз кўксидан келарди. Юраги дук-дук этибмас, гўёки терак баргидек дир-дирларди. Нохуш сукунат қўйнида уста ўз қалбининг қалтираётганини тинглади. Жуда таниш, аммо шу пайтгача умуман эшитмаган бу овоздан ажабланди. Ажабланди-ю… ўрнидан ирғиб туриб, ўзини ҳам эшитмаслик учун минғирлаб хиргойи қилганча илдам юриб бориб жойига ўтирди-да, бигизни қўлига олди.

ЗАНЖИР

Усмонқул муаллим энди уйига кетмоқчи бўлиб турганди, директор чақираётган экан. Осмонга қараганча кўзларини юмиб афтини бужмайтди. Ҳаво тафти қиздирилган тандирдек юзга урилди. Ўқувчиларга таътил бошланган, мактабда кунлик ишни тугатгани учун яна нима ками бор экан деган хаёлда ортига қайтди. Мактаб директори Ўктам ака уни одатдагидан хушчақчақ қаршилади.

— Буни қаранг, Усмонқул укам, ёндираман дейди-ку. Темирни қизиғида бос дегандек, ажойиб бир хушхабар бор, — дея олдидаги уюм қоғозлардан бир даста олиб ўзини елпиди.
Ҳаёти бир меъёрда кечган Усмонқул кутилмаган илтифотдан ҳаяжонланиб кетди. Кўрсатилган стулга жойлашиб ўтириб олди. Тағин бахтдан эсим оғиб йиқилиб тушмай деган ижирғаниш лип этиб хаёлидан ўтди. Қирғичдек танасида шалвираб осилган енгсиз кўйлак, билак томирлари чилвирдек тортилган, ботиқ кўзлари нурсиз йилтирайди.

Бу одам айни ёрдамга муҳтож. Бу кетишда кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолса, ўзини ўнглаб олиши қийин бўлади деб ўйлаган директор меҳрибонлик билан гап бошлади.

— Усмонқул ошна, биологиядан кўргазмали қуролсиз ҳам дарс ўтаверсангиз бўларкан. Бу туриш нимаси, арвоҳга ўхшаб қолибсиз, — дея кулиб бош чайқади. — Ўша биринчи иш бошлаган даврингиздан буён сизни яхши биламан. У пайтлари мен ҳам сиз каби ўқитувчи эдим. Умр шамолдек ўтиб кетаркан. Афт-ангорингизга қараган маймунлар ҳам йиғлайди. Бу юришда эрта бир кун бутингиз кўтарилиб қолади-ку. Гапнинг индаллоси, бу йил дам олиш гали сизга. Бу дунёда Катмандан ҳам бошқа жойлар бор. Қишлоққа ёпишиб ҳолманг, кўкракка бир шамол тегсин. Зоминнинг баҳаво арчазорларида мазза ҳилиб бир дам олиб даволаниб келасиз. Бунинг устига, шерикнинг ҳам зўри тўғри келди. Қўзибойдан яхши йўлдош чиқади, ажойиб йигит, анчадан бери илтимос қилиб юрибди. У йигитнинг ҳам хизмати сингган. Икки ошна бир яйраса яйрабди-да.

Бу хушхабар Усмонҳул муаллимни кутилганидек қувонтирмади. Кўзлари ҳамон нурсиз йилтираб, куйдирилган калладек тиржайди.

— Ўктам ака, ҳолимни кўриб ҳиммат қилибсиз, бундан жуда хурсандман, очиғи, қувониб кетдим, — деди муаллим ясама кулги билан гарданини қашлаб. — Нима дейишга ҳам ҳайрон бўлиб ҳолдим.
— Бу одамнинг гапини ҳаранглар-а. Ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Сизнинг ўрнингизда бошқа бўлганда қандай ҳолатга тушарди? Сал кам текин йўлланма, билсангиз.
— Бу гапингиз тўғри. Аммо яқин кунларда тўй қилиш режам бор. Шуни ўйлаб… Таътил бошланиши билан тўнғичга келин туширамиз деб тургандик. Шароит ўзингизга маълум, тўй деганларининг ҳеч ками тўлмас экан. Ташвишдан эртароқ қутулсак. Ростини айтсам, ҳозир ортиқча чиқимни чўнтак кўтармайди.

Директор кифтини учирди. Ажабланиб қаради. Бу хабардан тўрва-халтасини тайёрлашга тушади деган хаёлда уни алоҳида чақириб ўтирибди-я.
— Бу ёғи қизиқ бўлди-ю, ошна. Яхши, яхши, тўй қилиш яхши. Аммо одам деган ўзини ҳам ўйлаши керак. Туришингизга бир қаранг, чўпга либос илгандек гап. Мана йўлланма десам, талабгор кам эмас. Текин бўлса михни ют дейдиганлар бор. Аммо… — директор ҳафсаласизлик билан қоғозларни ташлади-да, қўлига ручка олди. Бу қанаҳа одам-а… одамларга ҳеч тушуниб бўлмайди.
— Тўғри, шу туришимда аҳволимга шоқоллар ҳам йиғлайди. Таътил бошлансин, бир-иккита осма укол оламан деб тайёргарлик кўриб қўйдим. Дўхтир қувватингиз йўқ, бошқаси жойида деганди.

Директорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Менга нима, бу кунингдан баттар бўл дейишгача борди.

— Усмонқул иним, тўй қилиш қочмайди. Эзмаланманг, эркак бўлинг! Кузда ўтказасиз бир кунлик тўйни, кўпам ваҳима қилаверманг, йўл харажатидан ҳам ёрдам қиламиз, — директор қизишиб кетди.
Усмонқул типирчилаб ҳолди. Аммо, начора, топган-тўдалагани тежаб-тергаб келин олишга мўлжаллаб турганда курортга бало борми, шу ҳолатда дам олиш татирмиди? Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор деб ўйлади.

— Майлику-я, лекин бир чатоқ жойи бор. Биз қудалар билан тўй кунини мўлжаллаб ҳўйгандик. Орадан бу гап чиқса, ўртага совуқчилик тушиб қолишидан андишадаман. Қудачилик — минг йилчилик дейишади-ку.
— Майли, ихтиёрингиз, сизга рухсат, — директор хайрлашди-да, етаклаган ит овга ярамайди, менга деса ўлиб кетмайсанми деб ўйлади.

Директорнинг гапими ёки ўзининг ҳам ич-ичида чўкиб ётган дардлари бош кўтардими, нима бўлганда ҳам, ўзини тергашга тушди. Қалб тубида мудраб ётган дардлари қўзғалганди. Директорнинг олдидан чиққандан кейин Усмонқул қаттиқ афсусланди. Сўнгги пайтларда боши касалдан чиқмай қолди. Бу дунё ташвишларининг эса учи-қуйруғи йўҳ. Пичоқ бориб суякка қадалганда мияси ишлаб кетдими, ҳар қалай, афсуслана бошлади-ку.

Усмонқул йўл-йўлакай ўйлаб келди. Одам бўлиб бу дунёда нима иш қилдим ўзи? Одамларнинг боласига ўхшаб отамдан дакки эшитмадим. Бундай ўйлаб қараса, ота-онага маслаҳат солмасдан ўзига кўйлак ҳам олиб киймабди. Ўл бу кунингдан дейдиган одам йўқ. Аввалига ота- онанинг оғзига қаради, энди-чи, энди хотин, бола-чақадан ўтиб бир иш қилолмаса. Қандай лапашангман-а дея ўзидан ўзи ғижинди. Ваҳоланки, тўй куни ҳақида қудалар билан ҳеч қандай гап-сўз бўлгани йўқ. Бор-йўғи уйидагилар ёзда тўйни ўтказиб олайлик дейишди, холос.

Тўйни кузда қилса ҳам, осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳар доимгидек ўзидан бир фикр чиқариб гап айтолмади. Уйдагилар билан маслаҳатлашиб келайин дейишга эса тили бормай баҳона тўқиб қўя қолди. Уйдагилар билан бир маслаҳатлашиб олай деса ҳам бўлавераркан. Лекин шу гап ҳам ҳеч хаёлига келмабди. Эҳ, хомкалла… Умрим ўтибдики, бирор нарсани танлаш тўғри келиб қолса, албатта, уйга келиб аниқлаштираман. Ҳатто институтни битириш арафасида аспирантурага қол дейишди, уйга келиб маслаҳат солганди, бегона юртларда улқоиб юрасанми деган важ-карсонлар билан рухсат бўлмади. Синфдошининг синглисини ёқтириб қолганида-чи? Бунга онаси рози бўлмаганди, ошначиликка тўғри келмайди экан. Аммо бир гап шу кунгача ҳеч хаёлига келмаганига ҳайрон бўлди. Нима сабабдан отамнинг ошнасининг қизига уйландим? Тўғри келди-ку. Во ажаб…

Ҳатто томорқага маккажўхори экмоқчи бўлсам, хотиним буғдой экайлик дейди, оқибатда буғдой экилади. Қўй қилиб кўпайтирайлик деб ҳаракат қилиб кўрди. Хотини кўнмади; болаларни ўқишдан чалғитаркан, сигир бўлса арқонлаб қўяди. Сигир болалагач, қўй олдирди, болаларнинг ўқишига халақит қилишини гапирмади. Ҳаттоки: «Бугун бир палов қил, хотин», — деса, «Шўрва қилмоқчи бўлиб турибман, болалар гуруч овқатни унча хушламайди». Қарабсизки, отаси болаларига қўшилиб шўрвани хўриллатиб ўтиради.

Мактабга ишга келганидан буён таътил бошланди дегунча бировнинг пахсасини уради. Эшик-ром қўяди, том ёпади, бекор турмайди. Ёшликда куч-қувват бўлган экан, индамай ишлайверган. Энди қўли ишга бормай ҳолди.

Аввалига уйланиб уйдагиларга оғирим тушди дея ота ёнига кириб кичкиналарни уйлантириш учун кечани кундузга улаб ишлади. Кейин болали бўлди. Бирин-кетин фарзандлар улғая бошлади. Уларга суннат тўй қилиб бериш учун ишга шўнғиб кетди. Бир эмас, икки эмас, уч суннат тўй қилди. Бутун куч-қувватни элнинг олдидан ўтай деб бир кунлик тўйга сарфлайверибди. Энди қутулдимми деса, уйлантириш навбати етиб келибди. Томоғини қисди, оҳорсиз кийимлар кийишга ўтди. Уларга латта-путта йиғишни бошлаган хотини турса ҳам, ўтирса ҳам таъкидлайвериб фикри-хаёли шу нарсага боғланиб қолибди. Ҳў товуқмия, латта-путта нима зарур, ўзингнинг келинлик кўрпа-тўшагинг ҳали-ҳамон келган-кетганга кўрсатиш учун томнинг тўрида уч шум бўлиб турибди дейиш учун ҳам ақл керак…

Эсизгина отамнинг меҳнатлари, ҳамон уйимизнинг тўрида қат-қат бўлиб турибди-я. Нима бўларди, туриб-туриб бир кун сичҳонга ем бўлади. Меники ҳам худди шундай. Эҳ-ҳе, шунча ташвишни қандай калладор ўйлаб топган экан? Қойилман лекин. Шуларсиз ҳам яшаш мумкин эмасмикин?

Умрим вафо қилиб болаларни уйлантириб бўлгунимча нафақага ҳам чиқсам керак. Худо хоҳласа, нафақада ҳам бекор ўтирмай уларга уй-жой қилиб бериш керак бўлади…

Отам раҳматли ҳам дам олиш, сайру саёҳат деган нарсаларни билмай ўтди. Қўлим юпқа, элнинг олдида уятли бўлмай, болаларнинг қўлини ҳалоллатай дея беш марта суннат тўй ҳилиб берди. Эсимни таниб билганим отамнинг эгнидаги бир чопони икки бўлган эмас. Элнинг ошини еганмиз, қайтимча… юзи ёруғ бўлди.

Ёруғ юз билан бирин-кетин ўғилларини уйлантиришга тушди. Навбати келса қизларни узатди, узатаверди, уйлантирди, уйлантираверди. Ёшларнинг орзу-ҳавасига тўғаноҳ бўлмайлик дейишди.

Янги оилаларга уй-жой қуришга тушди. Энди ўзининг ёнига бизларни ҳам тортди. Ачинарлиси, тиним билмай меҳнат қилса ҳам, умри етмади. Кенжа укамни уйли-жойли қилолмаганидан ортига қарай-қарай ўлиб кетди. Отам диғ-диғлашини бизга мерос қолдирган экан. Худди отамдек қўлим юпқа бўлди. Бой бўлолмадим, бойнинг болаларидек айш-ишрат ҳам қилолмадим. Бирор базмга борсам уйдагиларни ўйладим. Улар ҳам шундай ширин таомлар еса бўларди дея томоғимдан таом ўтмай ҳолди. Мен ким бўлдим?

Усмонқул бир-бир босиб гўё минг йилдан бери юрган йўлидан хаёл суриб келади. Толтуш маҳали кўчада одам қораси кўринмади. Гўёки бемалол хаёл суравер дегандек.
Бутун ички дунёсини ағдар-тўнтар ҳилиб ташлаган бугунги гурунг эмас, ўша гап бўлмаганда ҳам, унинг ўзи бу нарсани ўйлаши аниқ эди.

Ички бир исён билан уйга етиб келди. Кийимларини алмаштириб дарахт соясидаги тўшамчига бориб ўтирди. Қуёш ҳамон олов пуркайди. Эрининг паришонлигини кўрган хотини бошингиздан иссиқ ўтганга ўхшайди деди-да, тарвузни косалаб унинг олдига сурди. Тарвуз муздеккина экан, тана роҳатланди. Секин шитирлаётган дарахтларга каради. Танаси ўзининг билакларидек ғадир-будир. Отамни кўрган дарахтларим…

Салқинлаб сал чиройи очилганидан кейин мактабдаги гурунгни айтиб берди. Фикрини билгиси келиб ҳизиқиш билан хотинига тикилди.

— Тўғри қилибсиз, отаси, дам олиш бўлса қочмас. Аввал келинни тушириб олайлик. Келин ҳовлимизни супуриб-сидириб кўриниш берса, эл олдида юзимиз ёруғ бўлади. Ҳали бунинг қанча каму кўсти бор, — деди хотини.

Усмонқул тиржайди. Танаси бошқа дард билмас деб пичирлади.
Хотини оғилхонадан икки қулоч занжирни Усмонҳул ўтирган супанинг олдига шарақлатиб ташлади.

— Ҳўкиз нўқтасини узиб кетган,қўрага қамаб ўтирибмиз, ушлаб боғланг, — деди.
Усмонқул занжирга қараб ўйланиб қолди.

08

011
Bahodir Karimov
ODAMLARNI TANISH YO’LIDA
01

Xolmuhammad Karimiy to’g’riso’z, cho’rtkesar odam. Bor gapini yuzing-ko’zing demaydi, tabiiy bir tarzda aytadi qo’yadi. O’zining kimligini ham yaxshi biladi. O’ylashimcha, u maqtovdan ko’pirib, taltayib ketmaydi. Tanqid sababli qalam-daftarini yig’ishtirib qo’yadigan toifadan ham emas. Ammo sezib-bilib yuraman, har qanday adibda bo’lganidek, unga ham baribir o’z yozganlari xususida adabiyotchilarning, biz kabi yaqinlarining fikr-mulohazasi kerak.

Men Xolmuhammad Karimiyning «Hurayro», «Hurliqo» nomli avval bosilgan kitoblaridagi hikoyalari bilan tanishman. Ularda oddiylik bilan g’alatilik, tabiiylik bilan g’ayritabiiy holatlar uyg’unlashgandi. Yaxshi taassurotlarni bir-ikki og’zaki aytdim.

Yozgan asaridan muallifning ovozi eshitilib tursa, odam o’sha ijodkor bilan g’oyibona muloqotga kirishadi. Ko’ngli yayraydi. Sahifadan sahifaga ko’chganini sezmay qoladi. Zero, yozuvchi aytmoqchi: «Odamning ich-ichidan topib aytilgan qiziq gurung lazzatli»…

Bir palla Xolmuhammad Karimiy poytaxtda ko’rinmay qoldi. Kishlog’iga ketibdi deb eshitdik. Tirikchilik bilan andarmon bo’lgandir. Yaqinda markazga kelib holdi. Gurunglashdik. Tengdoshmiz. Biroq universitetda o’qigan yillari bir-ikki soat ma’ruzalar o’qigan joyim ham bor. Shuning hurmatimi, baharnav, ko’rganida «domla» deb murojaat etadi. Biz noqulay holatga tushamiz. Gurung mahali, tabiiyki, gap mavzusi aylanib ijodga taqaladi. O’ylaganimdek, Xolmuhammad qishlohda bekor yurmabdi. Yana hikoyalar yozibdi. Ularni bir sidra bosh ko’tarmay o’qiy turib «Xolmuhammad odam tanibdi, Xolmuhammad odamlar orasiga kiribdi. Haqiqiy ijod manbaiga uchrabdi» kabi gaplar xayolimga keldi. Sababi yozgan hikoyalarining ko’pchiligida ODAM bor.

«Karquloq»da yamoqchini, uning ishlayotganini shu darajada aniq tasvirlaydiki, hatto ustaning ish jarayonidagi charm va yo yelim hidi dimoqqa urilgandek bo’ladi. Tabiiyki, bunday obraz xayolga muhrlanadi.

Yozuvchi zoti uchun voqelik muhim. Ijodkorga ilhom manbai zarur. Ko’rilgan, anglangan yo eshitilgan hodisotni ijodkor badiiy tafakkuri elagidan o’tkazadi. Rejalar tuzadi: yozadi-o’chiradi, o’chiradi-yozadi. Yozish mumkin bo’lgan va mumkin bo’lmagan nuqtalarini chamalaydi. Avjiga diqqat qaratadi, boshlanmasi bilan tuganchini o’ylab ko’radi. Voqealarni tegrasini qirtishlab silliqlaydi, nimadir o’zidan qo’shadi yoki olib tashlaydi. Tasavvurimizcha, natijada san’at namunasi paydo bo’ladi…

Yozuvchi uchun qo’liga beixtiyor qalam tutqazadigan birgina so’z impul`si — birgina gap, original birgina hikmat zarur. Bu turtki oqibatida so’zdan muhtasham binolar, go’zal san’at saroylari, mo»jizaviy qasrlar bunyod bo’ladi. Bitta so’z odamni ming xayolga buradi. Ayniqsa, badiiy matn tarkibidagi birgina shohista so’z boshqa bir odamni, o’zga bir olamni, ajib bir muhitni, toza bir ko’ngilni anglashga yordam beradi yoki aksincha. So’zning kuchi, qudrati shunday. Darvoqe so’z ta’rifida yunonistonlik Aristoteldan boshlab chegarasi bugun surxonlik Xolmuhammad Karimiyning o’zigacha yetib kelgan ulkan jahoniy allomalardan maxsus ko’chirmalar yozib o’tirmaylik-da, masalaning naq o’ziga qaraylik…

Yangi kitobga o’ndan ortiq hikoyalar jamlanibdi. Bularda Xolmuhammad Karimiyning boshqalarga o’xshamagan o’ziga xos ifoda, bayon usuli ko’zga tashlanadi. Ba’zan hikoyaning birinchi jumlasida tasvirni haddan tashqari siqiq holatda beradi. «Qirda itorqa loy tom eski halqadek qaqqayib turibdi» («Qonda bor»). Shu zaylda kam so’z bilan ko’p fikr aytishga urinadi. Bunday ichki manera o’zini oqlaydi va, tabiiyki, yozuvchi qalamining fazilati pallasiga yuk bosadi. Ikkinchi bir muhim xususiyati — Xolmuhammad Karimiy hikoyalarida hikoyachi-roviy bilan obrazlarining nutqi aralashib, o’zaro qorishib ketadi. Yozuvchi muallif bilan qahramonlar orasiga ulkan to’siq qo’ymaydi, ulardan biri ikkinchisining «mulki»ga bemalol o’tib, ko’chib yuraveradi. Hikoyanavis imkon topdi deguncha voqelikni ramzlar tiliga ko’chirishga intiladi, tuganchida detallarni ishga soladi. «Usmonqul zanjirga qarab o’ylanib holdi» («Zanjir»).

Ora-orada deyarli barcha hikoyalarida tabiat tasviri keladi. Daraxt barglarining shitirlashi, dashtning kengligi, Katman ob-havosi, o’t-o’lanlar tasviri odamga zavq beradi. Ularda «Qizg’aldoh qoplagan qirlar qonga belanib yiqilgan bahodirlar kabi yer bilan bitta bo’lib ko’rinadi qoyada turgan odamga» («Tosh qoya») kabi o’xshatishlar bilan bezatilgan epizodlar ancha.

Shuni alohida ta’kilash kerakki, Xolmuhammad Karimiy o’zining «adabiy mamlakati»ga — Katmanga egalik qilibdi. Zotan, uning hikoyalaridagi deyarli barcha hodisalar o’sha Katman degan bir «adabiy mamlakat»da sodir bo’ladi. Nazarimda, bu ham yozuvchi ijodidagi juda muhim adabiy unsurlardan biri sanaladi. Dunyo adabiyotida ham, o’zbek nasri tarixida ham bunday tajribalar mavjud va, albatta, o’zini oqlab kelmoqda.

Hikoyalarning tili ham o’ziga xos. Adabiy tilimiz xazinasidan o’rin olishi lozim bo’lgan ko’plab shevaga xos so’zlarni Xolmuhammad atay qo’llaydi. Ehtimol, ularning ayrimlari singishmasligi ham mumkin. Ammo ijodkorning niyati — ezgulik.

Xullas, Xolmuhammad Karimiyning bu to’plamida katmanlik oddiy odamlarning to’yu azasi, g’am-tashvishlari, orzu-umidlari, tirikchilik ko’yida yelib-yugurishlari — barcha-barchasi samimiyat bilan qalamga olinadi. Yozuvchi o’ta qiyin vaziyatga tushgan ayrim qahramonlari qalbiga umid urug’ini sochadi, hayotdan zavqlanib yashash gashtini ularga yordamchi badiiy obrazlari vositasida eslatib turadi. Aslida, chinakam ijodkor uchun muhimi ham shu.

011
Xolmuhammad Karimiy
«BUNI HAYOT DEYDILAR» KITOBIDAN IKKI HIKOYA
01

KARQULOQ

Loy supada uyulib turgan eski-tuski poyabzallardan birini usta charm fartugining etagiga soldi-da, mum surtilgan shordozni juvoldizga o’tkaza boshladi. Supaga soya berib turgan zardoli barglarining shabadada sekingina shitirlashi go’yoki shivirlab gurung berayotgandek, usta esa boshini egib uni tinglamoqda. Goho uning diqqatini bo’lib pishib yetilgan meva har-har zamon yerga «tap» etib tushgach yangi qabrga o’xshab do’ppayib qoladi. Supa chetidagi olachalpoq soyada mushuk old oyoqlari bilan charm qiytig’ini turtkilab sichqon bilan o’ynayotgandek irg’ishlab umbaloq oshadi.

Oldidagi poyabzal uyumini usta bozordan yig’ib kelgan. Katmanda har payshanba bo’ladigan bozorning kirish yo’lagiga toqa temir oyoqni teskari o’rnatib, poyabzalga mix qoqib o’tiradi. Erinmagan mijoz shu yerning o’zida poyabzaliga mix qoqtirib yoki yengil ta’mirlatib olsa, ko’pchiligi kelasi hafta olish sharti bilan qoldirib ketadi. Bozor haftada bir kun bo’lganidan usta, asosan, yig’ish bilan mashg’ul. Unga qishloq oradagini ham qo’shsa, har kuni ustaning qo’lida bigiz-so’zon. Bunday arzon-garov poyabzalning yirtilishi qancha oson bo’lsa, uni yamab-tuzatish shuncha qiyin. Afsuski, eskini yamayman-eplayman deb, ustaning esi ketgani bilan xizmat haqi arzimas: ipak shordozni mumlab ishlataman, yamoq solaman, vaqtim ketadi, xizmat haqim «falon» bo’ladi desa, mijozning ensasi qotadi; usta, botinkaning xunini so’rayapsiz, siz aytgan pulga yana shuncha qo’shsam, bilasizma, naq yangisini beradi-ya deyishadi ular. Kim ko’p, bozorda yamoqchi ko’p. Sal qaltisroq gapirib yuborsa, mijozdan ajrab qolishi hech gapmas. Shu bois tilni tiyadi-da, mijozning berganiga rozi bo’lib qolaveradi. Tirikchilik haminqadar bo’lganidan so’ng uydagi ming’ir-sing’irlarga chidash osonmas.

— Hoy otasi, choy sovib qoldi. Nimaga o’z vaqtida ichmaysiz? — deya xotini o’dag’aylagancha ustaning oldida paydo bo’ldi bir oz oldin qo’yib ketgan dasturxoni hamon joyida turganidan jahli chiqib. — Shu palakatni kamirmasdan siz ham odamlarga o’xshab bunday boshni ko’tarib atrofga qarang. Bolalarimning ertasi nima bo’ladi deb o’ylab ko’rasizma hech?

Oilaga yetarlicha daromad keltirmaydigan ish bilan ustaning ivirsishi xotiniga yoqmaydi, goho eriga nisbatan odamlar nopisand munosabatda bo’layotganini sezib ori keladi, bor kuchi tiliga yig’iladi, ta’na-malomat yog’diradi: odamlar birni birga urishtirib ikki qiladi, qator-qator uy solib, dabdabali to’y beradi. Avvali, peshonam qursin, tengim shu tepsa tebranmas bo’ldi deya manglayiga shapatilaydi.

— Manavi to’kilgan zardolilarni bolalar bilan terib olinglar, keyin qaynatasanmi yoki yoyib quritasanmi, o’zing bilasan, ishqilib, uvol bo’lmasin, — dedi usta go’yoki xotinining gapini eshitmagandek.

Erining odatdagidek talmovsirashidan uning battar alami keldi. Shunday odamga sadqai gap, aslida, manavi mushuk ham undan avlo, bir tepsa miyov deydi, bu erkakka gapirding nima-yu, toshga gapirding nima deb o’yladi-da, jahl bilan mushukni tepib yubordi. Haqiqatan ham, mushuk ustadan avloroq ekan, bir dumalab tushib «vag’» deya qochib holdi. Shundan so’ng sal xumori bosilgandek, har qalay, ortiq g’ingshimasdan bir siltanib keng ko’ylagi pirillagancha oshxona tomon ketdi. Mushukni tepayotganqda xotini ustaning ko’ziga alvastidek ko’rindi. Alvasti degani ham shu xotinga o’xshasa kerak deya usta miyig’ida kuldi-da, tufliga qadalib turgan bigizni sug’urib teshikka juvoldizni suqdi. Yana bir-ikki bor bigiz biqlan yamoq ustidan teshib shordozni tugun qilgach bilinmaydigan qilib kesib, botinkani aylantirib tekshirib ko’rib, o’rnidan qo’zg’oldi. Qo’lini chayqaganidan so’ng sovuq choyni «ho’r-ho’r»latib, non kavshashga tushdi. Bir ozdan keyin zahri-mahringga yut degandek xotini bir kosa zardolini «do’q» etkazib qo’yib ketdi. Beparvolik  bilan usta kosani oldiga surib: «Osh bo’lsin, yamoqchi», — deya o’z ko’nglini o’zi xushlab ovqatlandi. Bozorgacha ishini tugatib qo’yish maqsadida yana qayta joyiga o’tirdi. Navbatdagi botinkaning yirtig’iga chamalab charmdan bir parcha qirqdi. Yamoqni tekislab joylashtirgach bigiz bilan so’zonni qo’lga olib astoydil ishga berildi. Bu orada qancha vaqt o’tgani bilan qiziqqani ham yo’q. Birini tugatib, ikkinchisini qo’lga olish bilan andarmon. Biroq qadam tovushidan xotinining kelayotganini sezib hushyor tortdi. Qani endi imkon bo’lsa-yu, quloqni berkitib olib tinchgina ishingni bitirsang, hech qanday tovush xalal bermasa deb o’yladi.

— Bolalarning ichi shilinib ketdi, ertayu kech yegani meva-cheva. Shildir sho’rva badanga yuqmasa, bozor kuni qo’y go’shti oling, bolalarga darmon bo’lsin, — deya u dasturxonni yig’ishtirarkan, tepsa tebranmas er hamon miq etmaganidan keyin bobillab berdi. — Ho’ erkak, siz o’zi meni eshityapsizma?.. Go’dakkinalar maktabdan sumkasini zo’rg’a sudrab kelishyapti. Borib bolalarning holini ko’ring, qorako’rday yerga qarab singalamang-da.

Ro’zg’or deganlari eski to’rvadek gap ekan, qay joyiga barmoq ursang teshiladi. Kambag’alning xotini shu eski to’rvani teshib o’yin qilishdan rohatlanadimi, bilmay qoldi. Xudoyima, bu dunyoda xotinni erkakning ko’zini ochirmaslik uchun yaratganmisan deb o’yladi-yu, miyasiga kelgan o’ydan qo’rqib ketib astag’firulloh deya pichirladi.

— Nega mum tishlagandek gung bo’lib oldingiz yoki gapim noto’g’rima? — dedi erining hamon ishdan bosh ko’tarmayotganidan g’ashi kelib.
Xotini toza oshqinlayvergandan keyin noiloj usta ishidan to’xtab, ajablangan ko’yi unga qaradi.
— Bozorga borish uchun ishimni tugatib qo’ymasam, pulni qaerdan olaman? Go’shtni pulga beradi, xonim, — dedi. Yana nimadir demoqchi bo’lib og’iz juftlagandi, xotini o’girila solib shipillab qoldi. Achchiq ustida ketayotib jahl bilan ro’molini boshidan yulib olib, qayta tang’iganini kuzatib turgan usta boshini sarak-sarak qilgancha yana ishga kirishdi.

Bu xotin tushunmaydi yoki tushunishni istamaydi. Ro’zg’or degani o’z nomi bilan g’or bo’lsa. Nafs ber deyishdan charchamagandan keyin qancha topmagin, g’orga tushib yo’q bo’lib ketaveradi. Dunyo dunyo bo’libdiki, ro’zg’orning g’orini to’ldirdim degan inson bo’lgan emas. Shunday odamni topsam, oyog’ini tavof qilaman. Ana shu g’orning tepasida turgan odam menga o’xshab toparman-tutarman bo’lmasa, uning ado bo’lgani shu ekan. Qizlarning ham bo’yi yetib qoldi, ularni uzatish uchun sarpo-suruq g’amlash kerak. Yiqqan-terganini xotiniga tutqazyapti. Albatta, u bechora ham tejab-tergab latta-putta yig’adi, tushunish kerak.

Hozircha ustaning bilgani shu: orta-tosha topmagandan keyin ko’zni chirt yumib yashayveradi. Ammo vaqt o’tgan sayin oila tashvishi kattalashib, xotinining egovi ham o’tkirlashmoqda. Qo’lidan kelgancha temtinib yotibdi. Holva degan bilan og’iz chuchimasa, biror narsa bo’lar degan umidda joni boricha bigiz-so’zonga yopishadi. Boshqa nima ham qilsin? Bolalar ulg’ayaversin-chi, xudo poshsho, rizqini yetkazar deya ovutadi o’zini.

Tushdan keyin havo dim bo’lib qoldi. Engashib borayotgan quyosh nurlari supaga to’liq tushgan, soya esa tomorqa oralab cho’zilib boryapti, usta isib ketayotgan bo’lsa ham, bugunga ajratgan so’nggi poyabzalni hafsala bilan yamamoqda. Bira-to’la ishini yakunlab o’rnidan turganida g’arq terga botgan edi. Ko’z oldi qorong’ilashib boshi gir-gir aylanganidan daraxtga suyanib ancha vaqt joyida turdi. Ko’z oldini qoplagan tuman tarqaganidan keyin ho’lansa hid taratayotgan fartugini yechib shoxga ildi. Ust-boshini qoqib, u yoq-bu yoqqa yurib oyoq chigilini yozdi. Quyosh tafti pasayganiga qaramay, hamon mudroq holat hukmron. Tek qotgan daraxtlar xuddi g’amga botgan ustadek qovoq uyib chuqur o’yga tolgan. G’ir etgan shabada yo’q, ammo terak barglarining qaltiragancha devonadek g’ing’illashi, hasharotlarning horg’in chirillashi kishini battar lanj qiladi. Usta horg’in holda atrofga siniq nazar solib, supa chetida yotgan ketmonni ushlagancha tomorqa oraladi. Shig’illab gulga o’tirgan pomidor pushtalarida yakka-dukka ko’kargan begona o’tlarni chopib, qotib qolgan mushaklarini bo’shashtirishga harakat qildi. Tayinli bir ish qilmasa ham tomorqada kechgacha ketmon ushlab vaqt o’tkazdi.

Kechki dasturxon atrofida oila yig’ilib, shildir sho’rvani «dur-dur» ichib bo’lishganida ro’zg’orning yana bir yorig’i ochildi.
— Ota, ota, — deb o’g’li erkalanib arzi holga o’tdi. — Dam olish kuni shaharga tomoshaga borarkanmiz. Hayvonot bog’ini, muzeyni ko’rsatishar ekan. Shungacha sinfdoshlarim «zebra» mayka olishmoqchi. O’g’il bolalar bir xil kiyinishga kelishdik. Menga ham obering. Ularga men ham olaman deb qo’ydim, ota-a. Oberasiz-a?

Tashvishli jaranglagan bu gapdan ustaning eti jimirlab ketdi. Uning go’sht va bozor-o’charga mo’ljallab turgan xarji nima bo’ladi? Bu savil oti mayka bo’lgan bilan falon pul turadi. O’g’liga nima deb javob qaytarishni bilmay qoldi; go’sht puliga mayka olib bersa, haftalik bozor-o’char xarjini yo’l puliga beradi. Shildir sho’rva yana suyuqlashadi-yu, ming’ir-ming’ir ko’payadi.

Ikki o’t orasida qoldi. Uzun-kalta, yo’g’on-ingichka qilib o’ylayotgan edi. Og’ziga tolqon solib olgan erining qilig’iga xotin chidolmadi. Buning ustiga, bola otasining og’ziga maxtal mo’ltirab o’tiribdi, indamasni chaqib-o’yib gapirdi.
— Bolam, sen g’am yema, axir ustaning bolasi bo’lsang, — dedi onasi zaharxanda qilib, — eski maykangni kun chalgan bo’lsa ham binoyidek butun. Otang teri-po’staklarining qiytig’idan quroqlab beradi. Kiyik zebraning o’zi bo’lasan qolasan.

Usta xotinining kesatiqlariga mutlaqo e’tibor qilmadi. Unga yarashiqli javob berganda ham, bir narsa o’zgarib holmaydi, shu bois odatdagidek o’zini eshitmagan yoki anglamaganga soldi.
— Hey polvonim-ey… bozor kuni ertalabdan avval senga «zebra» olamiz, keyin menga yordamlashib yuborsang, birga-birga qaytaveramiz. Ma’qulma?

Ukasining xursandligini ko’rgan ikki opasi ham shodlanib ketdi. Chunki erta-indin qizlarning ham arzi holi bor. Ammo beo’ylarcha va’da berayotgan eridan nafratlangan xotini kesakday gezarib o’tirardi…

Oradan bozor o’tib usta zardoli soyasida bir uyum poyabzallarni saralayotganida xotinining sharpasini sezib afti bujmayib ketdi.

— Kattangizga ko’ylak kerakmish, bitiruv kechasiga, — tashvishli xabar bilan xotini kelib supaning bir chetiga omonat cho’kdi. — Men yemay-ichmay qizlarning sepini butlayman deb o’lib-tirilsam, siz o’ylamay sochasiz. O’g’il bola bir tomoshadan qolsa kindigi chiqmasdi, biroq qiz bolaning yo’rig’i boshqa, bu yog’i bo’y yetib turgan bo’lsa, teng-to’shlaridan ortda qolsa, nomus bo’ladi. Oldindan aytganim shu bozor kun matosini olishi kerak, chevarning ham odami ko’payib yotibdi ekan, o’shangacha zo’rg’a tikib bersa ham. Bundan tashqari, tufli olishi bor, mayda-chuydasiga ham pul kerak.

— Pul o’zingning ho’lingda-ku, birga boringlar-da, bolalaring ko’ngliga yoqqanini olsin.
— Bolalar nima desa olaver deyishingizga qaraganda, biz bilmagan xazinangiz borga o’xshaydi, usta. Bigiz-so’zonga ishonib katta gapirmayotgandirsiz?.. Siz o’ylab gapiryapsizma hech, buncha pulni qaerdan olaman yoki bir hafta tishning kirini so’rib o’tiramizma? Xuddi olam-jahon pul tutqazib qo’ygandek og’zini to’ldirib gapirishini harang-a. Men shuncha eplamasam, allaqachon oyog’ingizdan jitib ketardingiz, shuni bilasizma? Og’zi-boshi qiyshaymay tag’in pul berib qo’ydim deyishiga o’layma?

Usta jilmaydi. Yo’h desa ham baloga qoladi, xo’p desa ham. Nima qilish kerak?
Xotini javrab-javrab ketganidan keyin ustaning qo’li ishga bormay holdi. Asboblarini bir tomonga qo’yib tomorqa oraladi. Shu yoshga kirguncha ancha-muncha joyga bosh suqib ko’rdi. Achinarlisi, hech biridan naf chiqarolmadi. Peshonada bori shu ekan deb, bigiz-so’zonni qayta qo’lga oldi. O’zi ham xuddi bigiz-so’zondek turmushni yamab-yas’hash bilan ovora, gohida…

Go’yo butun borliq to’xtab qolgandek, o’simliklar tek qotgan, ahyon-ahyonda qora chigirtkaning chirillashi qulohha chalinadi. Og’ir yuk  ostida qolgan usta bazo’r oyog’ini sudrab tomorqada maqsadsiz sermaljiydi. U aylanib yurib nafas olishga-da holi yo’qligidan ne qilarini bilmay terak soyasiga kelib to’xtadi. Terak barglari o’z-o’zidan qaltirar… Nimadan buncha bezovta bu teraklar, axir shamolning epkini ham sezilgani yo’q-ku deb o’ylanib qoldi. O’ylagan sayin battar yuragi siqilib, quloqlari chippa bitib, miyasi achigan xamirdek ko’pchigandek bo’ldi. Turgan joyida cho’kkalab rangsiz, hidsiz va tovushsiz olamga nursiz ko’zlari bilan baqraygancha o’tirdi. Bir dam o’tib asta-sekin qulog’ida shang’illash paydo bo’lib o’ziga keldi. Hammasi o’z o’rniga qayta boshladi. Qulog’idagi shang’illash terak qaltirashiga o’xshash ovozga almashdi, ammo bu tovush tashqaridan emas, o’z ko’ksidan kelardi. Yuragi duk-duk etibmas, go’yoki terak bargidek dir-dirlardi. Noxush sukunat qo’ynida usta o’z qalbining qaltirayotganini tingladi. Juda tanish, ammo shu paytgacha umuman eshitmagan bu ovozdan ajablandi. Ajablandi-yu… o’rnidan irg’ib turib, o’zini ham eshitmaslik uchun ming’irlab xirgoyi qilgancha ildam yurib borib joyiga o’tirdi-da, bigizni qo’liga oldi.

ZANJIR

Usmonqul muallim endi uyiga ketmoqchi bo’lib turgandi, direktor chaqirayotgan ekan. Osmonga qaragancha ko’zlarini yumib aftini bujmaytdi. Havo tafti qizdirilgan tandirdek yuzga urildi. O’quvchilarga ta’til boshlangan, maktabda kunlik ishni tugatgani uchun yana nima kami bor ekan degan xayolda ortiga qaytdi. Maktab direktori O’ktam aka uni odatdagidan xushchaqchaq qarshiladi.

— Buni qarang, Usmonqul ukam, yondiraman deydi-ku. Temirni qizig’ida bos degandek, ajoyib bir xushxabar bor, — deya oldidagi uyum qog’ozlardan bir dasta olib o’zini yelpidi.
Hayoti bir me’yorda kechgan Usmonqul kutilmagan iltifotdan hayajonlanib ketdi. Ko’rsatilgan stulga joylashib o’tirib oldi. Tag’in baxtdan esim og’ib yiqilib tushmay degan ijirg’anish lip etib xayolidan o’tdi. Qirg’ichdek tanasida shalvirab osilgan yengsiz ko’ylak, bilak tomirlari chilvirdek tortilgan, botiq ko’zlari nursiz yiltiraydi.

Bu odam ayni yordamga muhtoj. Bu ketishda ko’rpa-to’shak qilib yotib qolsa, o’zini o’nglab olishi qiyin bo’ladi deb o’ylagan direktor mehribonlik bilan gap boshladi.

— Usmonqul oshna, biologiyadan ko’rgazmali qurolsiz ham dars o’taversangiz bo’larkan. Bu turish nimasi, arvohga o’xshab qolibsiz, — deya kulib bosh chayqadi. — O’sha birinchi ish boshlagan davringizdan buyon sizni yaxshi bilaman. U paytlari men ham siz kabi o’qituvchi edim. Umr shamoldek o’tib ketarkan. Aft-angoringizga qaragan maymunlar ham yig’laydi. Bu yurishda erta bir kun butingiz ko’tarilib qoladi-ku. Gapning indallosi, bu yil dam olish gali sizga. Bu dunyoda Katmandan ham boshqa joylar bor. Qishloqqa yopishib holmang, ko’krakka bir shamol tegsin. Zominning bahavo archazorlarida mazza hilib bir dam olib davolanib kelasiz. Buning ustiga, sherikning ham zo’ri to’g’ri keldi. Qo’ziboydan yaxshi yo’ldosh chiqadi, ajoyib yigit, anchadan beri iltimos qilib yuribdi. U yigitning ham xizmati singgan. Ikki oshna bir yayrasa yayrabdi-da.

Bu xushxabar Usmonhul muallimni kutilganidek quvontirmadi. Ko’zlari hamon nursiz yiltirab, kuydirilgan kalladek tirjaydi.

— O’ktam aka, holimni ko’rib himmat qilibsiz, bundan juda xursandman, ochig’i, quvonib ketdim, — dedi muallim yasama kulgi bilan gardanini qashlab. — Nima deyishga ham hayron bo’lib holdim.
— Bu odamning gapini haranglar-a. Hayron bo’ladigan joyi yo’q. Sizning o’rningizda boshqa bo’lganda qanday holatga tushardi? Sal kam tekin yo’llanma, bilsangiz.
— Bu gapingiz to’g’ri. Ammo yaqin kunlarda to’y qilish rejam bor. Shuni o’ylab… Ta’til boshlanishi bilan to’ng’ichga kelin tushiramiz deb turgandik. Sharoit o’zingizga ma’lum, to’y deganlarining hech kami to’lmas ekan. Tashvishdan ertaroq qutulsak. Rostini aytsam, hozir ortiqcha chiqimni cho’ntak ko’tarmaydi.

Direktor kiftini uchirdi. Ajablanib qaradi. Bu xabardan to’rva-xaltasini tayyorlashga tushadi degan xayolda uni alohida chaqirib o’tiribdi-ya.
— Bu yog’i qiziq bo’ldi-yu, oshna. Yaxshi, yaxshi, to’y qilish yaxshi. Ammo odam degan o’zini ham o’ylashi kerak. Turishingizga bir qarang,
cho’pga libos ilgandek gap. Mana yo’llanma desam, talabgor kam emas. Tekin bo’lsa mixni yut deydiganlar bor. Ammo… — direktor hafsalasizlik bilan qog’ozlarni tashladi-da, qo’liga ruchka oldi. Bu qanaha odam-a… odamlarga hech tushunib bo’lmaydi.

— To’g’ri, shu turishimda ahvolimga shoqollar ham yig’laydi. Ta’til boshlansin, bir-ikkita osma ukol olaman deb tayyorgarlik ko’rib  qo’ydim. Do’xtir quvvatingiz yo’q, boshqasi joyida degandi.

Direktorning hafsalasi pir bo’ldi. Menga nima, bu kuningdan battar bo’l deyishgacha bordi.

— Usmonqul inim, to’y qilish qochmaydi. Ezmalanmang, erkak bo’ling! Kuzda o’tkazasiz bir kunlik to’yni, ko’pam vahima qilavermang, yo’l xarajatidan ham yordam qilamiz, — direktor qizishib ketdi.
Usmonqul tipirchilab holdi. Ammo, nachora, topgan-to’dalagani tejab-tergab kelin olishga mo’ljallab turganda kurortga balo bormi, shu holatda dam olish tatirmidi? Har narsaning o’z o’rni bor deb o’yladi.

— Mayliku-ya, lekin bir chatoq joyi bor. Biz qudalar bilan to’y kunini mo’ljallab ho’ygandik. Oradan bu gap chiqsa, o’rtaga sovuqchilik tushib qolishidan andishadaman. Qudachilik — ming yilchilik deyishadi-ku.
— Mayli, ixtiyoringiz, sizga ruxsat, — direktor xayrlashdi-da, yetaklagan it ovga yaramaydi, menga desa o’lib ketmaysanmi deb o’yladi.

Direktorning gapimi yoki o’zining ham ich-ichida cho’kib yotgan dardlari bosh ko’tardimi, nima bo’lganda ham, o’zini tergashga tushdi. Qalb tubida mudrab yotgan dardlari qo’zg’algandi. Direktorning oldidan chiqqandan keyin Usmonqul qattiq afsuslandi. So’nggi paytlarda boshi kasaldan chiqmay qoldi. Bu dunyo tashvishlarining esa uchi-quyrug’i yo’h. Pichoq borib suyakka qadalganda miyasi ishlab ketdimi, har qalay, afsuslana boshladi-ku.

Usmonqul yo’l-yo’lakay o’ylab keldi. Odam bo’lib bu dunyoda nima ish qildim o’zi? Odamlarning bolasiga o’xshab otamdan dakki eshitmadim. Bunday o’ylab qarasa, ota-onaga maslahat solmasdan o’ziga ko’ylak ham olib kiymabdi. O’l bu kuningdan deydigan odam yo’q. Avvaliga ota- onaning og’ziga qaradi, endi-chi, endi xotin, bola-chaqadan o’tib bir ish qilolmasa. Qanday lapashangman-a deya o’zidan o’zi g’ijindi. Vaholanki, to’y kuni haqida qudalar bilan hech qanday gap-so’z bo’lgani yo’q. Bor-yo’g’i uyidagilar yozda to’yni o’tkazib olaylik deyishdi, xolos.

To’yni kuzda qilsa ham, osmon uzilib yerga tushmaydi. Har doimgidek o’zidan bir fikr chiqarib gap aytolmadi. Uydagilar bilan maslahatlashib kelayin deyishga esa tili bormay bahona to’qib qo’ya qoldi. Uydagilar bilan bir maslahatlashib olay desa ham bo’laverarkan. Lekin shu gap ham hech xayoliga kelmabdi. Eh, xomkalla… Umrim o’tibdiki, biror narsani tanlash to’g’ri kelib qolsa, albatta, uyga kelib aniqlashtiraman. Hatto institutni bitirish arafasida aspiranturaga qol deyishdi, uyga kelib maslahat solgandi, begona yurtlarda ulqoib yurasanmi degan vaj-karsonlar bilan ruxsat bo’lmadi. Sinfdoshining singlisini yoqtirib qolganida-chi? Bunga onasi rozi bo’lmagandi, oshnachilikka to’g’ri kelmaydi ekan. Ammo bir gap shu kungacha hech xayoliga kelmaganiga hayron bo’ldi. Nima sababdan otamning oshnasining qiziga uylandim? To’g’ri keldi-ku. Vo ajab…

Hatto tomorqaga makkajo’xori ekmoqchi bo’lsam, xotinim bug’doy ekaylik deydi, oqibatda bug’doy ekiladi. Qo’y qilib ko’paytiraylik deb harakat qilib ko’rdi. Xotini ko’nmadi; bolalarni o’qishdan chalg’itarkan, sigir bo’lsa arqonlab qo’yadi. Sigir bolalagach, qo’y oldirdi, bolalarning o’qishiga xalaqit qilishini gapirmadi. Hattoki: «Bugun bir palov qil, xotin», — desa, «Sho’rva qilmoqchi bo’lib turibman, bolalar guruch ovqatni uncha xushlamaydi». Qarabsizki, otasi bolalariga qo’shilib sho’rvani xo’rillatib o’tiradi.

Maktabga ishga kelganidan buyon ta’til boshlandi deguncha birovning paxsasini uradi. Eshik-rom qo’yadi, tom yopadi, bekor turmaydi. Yoshlikda kuch-quvvat bo’lgan ekan, indamay ishlayvergan. Endi qo’li ishga bormay holdi.

Avvaliga uylanib uydagilarga og’irim tushdi deya ota yoniga kirib kichkinalarni uylantirish uchun kechani kunduzga ulab ishladi. Keyin bolali bo’ldi. Birin-ketin farzandlar ulg’aya boshladi. Ularga sunnat to’y qilib berish uchun ishga sho’ng’ib ketdi. Bir emas, ikki emas, uch sunnat to’y qildi. Butun kuch-quvvatni elning oldidan o’tay deb bir kunlik to’yga sarflayveribdi. Endi qutuldimmi desa, uylantirish navbati yetib kelibdi. Tomog’ini qisdi, ohorsiz kiyimlar kiyishga o’tdi. Ularga latta-putta yig’ishni boshlagan xotini tursa ham, o’tirsa ham ta’kidlayverib fikri-xayoli shu narsaga bog’lanib qolibdi. Ho’ tovuqmiya, latta-putta nima zarur, o’zingning kelinlik ko’rpa-to’shaging hali-hamon kelgan-ketganga ko’rsatish uchun tomning to’rida uch shum bo’lib turibdi deyish uchun ham aql kerak…

Esizgina otamning mehnatlari, hamon uyimizning to’rida qat-qat bo’lib turibdi-ya. Nima bo’lardi, turib-turib bir kun sichhonga yem bo’ladi. Meniki ham xuddi shunday. Eh-he, shuncha tashvishni qanday kallador o’ylab topgan ekan? Qoyilman lekin. Shularsiz ham yashash mumkin emasmikin?

Umrim vafo qilib bolalarni uylantirib bo’lgunimcha nafaqaga ham chiqsam kerak. Xudo xohlasa, nafaqada ham bekor o’tirmay ularga uy-joy qilib berish kerak bo’ladi…

Otam rahmatli ham dam olish, sayru sayohat degan narsalarni bilmay o’tdi. Qo’lim yupqa, elning oldida uyatli bo’lmay, bolalarning qo’lini halollatay deya besh marta sunnat to’y hilib berdi. Esimni tanib bilganim otamning egnidagi bir choponi ikki bo’lgan emas. Elning oshini yeganmiz, qaytimcha… yuzi yorug’ bo’ldi.

Yorug’ yuz bilan birin-ketin o’g’illarini uylantirishga tushdi. Navbati kelsa qizlarni uzatdi, uzataverdi, uylantirdi, uylantiraverdi. Yoshlarning orzu-havasiga to’g’anoh bo’lmaylik deyishdi.

Yangi oilalarga uy-joy qurishga tushdi. Endi o’zining yoniga bizlarni ham tortdi. Achinarlisi, tinim bilmay mehnat qilsa ham, umri yetmadi. Kenja ukamni uyli-joyli qilolmaganidan ortiga qaray-qaray o’lib ketdi. Otam dig’-dig’lashini bizga meros qoldirgan ekan. Xuddi otamdek qo’lim yupqa bo’ldi. Boy bo’lolmadim, boyning bolalaridek aysh-ishrat ham qilolmadim. Biror bazmga borsam uydagilarni o’yladim. Ular ham shunday shirin taomlar yesa bo’lardi deya tomog’imdan taom o’tmay holdi. Men kim bo’ldim?

Usmonqul bir-bir bosib go’yo ming yildan beri yurgan yo’lidan xayol surib keladi. Toltush mahali ko’chada odam qorasi ko’rinmadi. Go’yoki bemalol xayol suraver degandek.
Butun ichki dunyosini ag’dar-to’ntar hilib tashlagan bugungi gurung emas, o’sha gap bo’lmaganda ham, uning o’zi bu narsani o’ylashi aniq edi.

Ichki bir isyon bilan uyga yetib keldi. Kiyimlarini almashtirib daraxt soyasidagi to’shamchiga borib o’tirdi. Quyosh hamon olov purkaydi. Erining parishonligini ko’rgan xotini boshingizdan issiq o’tganga o’xshaydi dedi-da, tarvuzni kosalab uning oldiga surdi. Tarvuz muzdekkina ekan, tana rohatlandi. Sekin shitirlayotgan daraxtlarga karadi. Tanasi o’zining bilaklaridek g’adir-budir. Otamni ko’rgan daraxtlarim…

Salqinlab sal chiroyi ochilganidan keyin maktabdagi gurungni aytib berdi. Fikrini bilgisi kelib hiziqish bilan xotiniga tikildi.

— To’g’ri qilibsiz, otasi, dam olish bo’lsa qochmas. Avval kelinni tushirib olaylik. Kelin hovlimizni supurib-sidirib ko’rinish bersa, el oldida yuzimiz yorug’ bo’ladi. Hali buning qancha kamu ko’sti bor, — dedi xotini.

Usmonqul tirjaydi. Tanasi boshqa dard bilmas deb pichirladi.
Xotini og’ilxonadan ikki quloch zanjirni Usmonhul o’tirgan supaning oldiga sharaqlatib tashladi.

— Ho’kiz no’qtasini uzib ketgan,qo’raga qamab o’tiribmiz, ushlab bog’lang, — dedi.
Usmonqul zanjirga qarab o’ylanib qoldi.

08

(Tashriflar: umumiy 836, bugungi 1)

Izoh qoldiring