Halima Ahmad. Osmonnnig ko’ngli & Iqbol Mirzo. She’rlar

09Жон хаёлнинг зурриётларига беланчак ясайди, қуёш ишқи тушган фано дарвозасининг занжирларидан. Тўзғиган соч каби аломат бир ҳид жоннинг думоғини ёради. Занжирлар зикрга тушади. Йиғлоқи хаёл зурриётлари овунмайди. Бу соғинч ҳиди — ўзингни ўзингга соғинчинг.

09
Ҳалима АҲМАД
ОСМОННИНГ КЎНГЛИ
(Иқболни ўқиб)
07

Дераза ортидаги осмон бир пайтлар менинг севгилим эди. Унинг ёмғир-ёмғир сочлари бўйнимга ўралар, думоғимни ернинг тубидаги ёруғ ғамларнинг мушки ила хушбахт этарди. Ўшанда…

Дилимни биларди мажнунтол барги,
Кифтимда йўқ эди зиғирдек гуноҳ.
Йўқ эди кафтимнинг заррадек гарди,
Ўшанда мен сени яхши кўрардим.

Бир соғинч, майсанинг тушидай маъсум бир соғинч етмиш икки томир ичинда тўлғонади. Қийналаман. Сени соғинаман, осмон…

… Ёдим додларида мени бахтдан мунаввар туйғуга бадарға қилган овозингни кўраман. Унинг мовий жонини куйдиргувчи рангларда чўмиламан. Кошки, ғарқ бўлсаму яна сенга қайтсам, «Кумуш балиқларнинг иссиқ нафаси»дан қайта тирилсам. Тирилсаму «сочларинг зулматида» бахтиёр яшасам…

Кўнгил, ойларга айландинг, Кўнгил. Сен мени кўп бора алдадинг. Ахир биз эгиз эдик-ку, Кўнгил. Мен тун эдим-ку, кўксида милён йиллик ишқини сир тутган, сен тўккан шуъла қорайган тун эдим-ку, Кўнгил. На илож:

Нурафшон хаёлдан айланди бошим,
Бошимда айланди нурафшон хаёл.
Дудоғида гулнор,
Кафтда кўз ёши,
Ўтрумга ўлтирди кумуштан аёл:

«Ҳой бола, гул оласанму, дур»…
Дурга маҳзан бўлди кўзим гавҳари
Кўксимда очилди муштдайин лола…

Кўксимдаги муштдайин лола ҳайқирди: кетма, жоним чиғаноғида дур бераман… Кўксимдаги муштдайин лола  ҳайқирди: кетма… қоним чарбоғидан сенга кўшк ясайман… Кетдинг… Ортингдан йул каби эргашдим, қарамадинг ҳам.

Кимлар ўтмади бу йўлдан, фақат сен ўтмадинг, Кунгил…

Энди кун кўришим қийиндан қийин,
Энди ҳаволар ҳам оғирдан оғир.
Аччиқ-аччиқ йиғлаб йўл юрган сайин,
Узун-узун бўлиб судралар хотир.

Қисмат умримни най қилиб чалади. Бир бўғиз куйга айланаман. Уфққа сиғмайман. Қочаман, ўша одам Ато, Момо Ҳаволарнинг гуноҳи — ёлғиз оламнинг тушларига қочаман. Най инграйди. Бўғиз қонайди. Гуноҳкор тушлар бир Тунда қовжираб, тўкилган наргисдай сочилиб кетади.Ўзимни излайман:

Туманли очунда туман йил ўтди,
Ўтди муножотга айланган ғани
Илтижо гадони тўрва гўр ютти
Акси садо қолди:
«Иқбол қани?»

Кўксим ёрилади, ҳувиллаган кўксим. Мен йўқман. Ғаразлар кулади, таъналар пичирлайди, ҳимоясиз ўлимдай фақат бир соғинч жон ҳовучлайди. Мен сени қўмсадим, Ўзлигим.

Жонхўрак шамоллар сенсиз вужудни қайгадир кўмиб келади. Йиғлаетган қушлар юрагини кўтаролмай чўкаёгган осмондай бир тунда соғинчга чўкиб кетаман. Мен яна…

Тансиқ хавотирман,
Тансиқ сувдирман;
Ялангбош парига туш бўлган ботир,
Азизлар манглайин теккизган енгман,
Мени сўраб тонглар эланаётир…
Ялинаётир.

… Бир куни қайтаман ўзимга… Ўша кун жасаднинг вайрона майхонасида, сен тутган тўла паймонани ичаман, Кўнгил. Ичаману яна сени қўмсайман. Ахир сен борсан-ку, ахир сен ўзим-ку…

Чархга илиниб қолган умринг кўйлагини шамолларга туҳфа этсанг. Бу кўйлакни кийиб шодлик жазавасига тушган шамоллар базмини тамоша қилсанг.
Аммо сен нечун жимсан, Кўнгил? Ҳеч бўлмаса сув бўл…

Қўлимдан сўзламоқ келади рости,
Томоқ қақраб кетди, бергил қултум сув…
Нега дубулғани юзингга босдинг?
Мен сендан намакоб сўрамовдим-ку?!

Мен сенсиз яшашдан қўрқиб, сенсиз яшашга интилдим. Ўша фарёдлар, азоблар изида гиеҳдай ундим, сени қўмсадим, Кўнгил…

Сен бешафқат эса мени унутдинг. Жоннинг чил-чил синган кўзгусида қонли, қировли муҳр қолди. Бу сенинг табассуминг, бу сенинг олис йиллар ортидан келаетган таъқибинг…

Унутмаслик оғир,унутиш куфр,
Кўкарган найсоним, сарғайган кузим…
Умр кўзгусида қировли муҳр —
Мени таъқиб этар синиқ табассум.

Ғийбатлардан қўрқмайман, ҳасаддан қўрқаман, Кўнгил. Улар кўп, уларнинг умри узун…

Хиёнатдан қўрқаман, Кўнгил. Сен менга хиёнат қилмадинг, мен сенга хиёнат қилмадим. Ёстиғимни нурдан тўлдирган севги хиёнатчи экан, ёлғончи экан. Мен сенга зорман, Кўнгил, кимсасиз тунларда кўксимни тўлдир:

Ҳилол бешик каби чайқалди аста,
Гулчин дарбозага суяндим хаста.
Бугун йиғламасам эрта кулмасман,
Руҳимни ҳилолга белагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди…

Кенгликлар тўшига бош қўйган осмонлар остида мозорлар ёнади. Уларнинг бири ўзимники. Мен эса у ерга бормайман. Мен ўзимни кўмганимга анча бўлди. Хиёнатдан юлдузлар куйган ўша қаро тун ўзим ўлдим. Мен ўзимсиз яшаяпман ўзимни қўмсаб…

Энди фақат саболарни соғиниш бор,
Элас-элас наволарни соғиниш бор,
Олис-олис зиёларни соғиниш бор.
Акс ўзимман садоларга кетолмайман.

Жон хаёлнинг зурриётларига беланчак ясайди, қуёш ишқи тушган фано дарвозасининг занжирларидан. Тўзғиган соч каби аломат бир ҳид жоннинг думоғини ёради. Занжирлар зикрга тушади. Йиғлоқи хаёл зурриётлари овунмайди. Бу соғинч ҳиди — ўзингни ўзингга соғинчинг.

Сени соғинаман,
Менинг лабларим —
Иккига бўлинган қонталаш япроқ.
Титраб тўкилмоққа шайдир кун сари,
Пойиингга тушишни талашар бироқ…

Ғамимнинг шодлиги, шодлигимнинг ғами, эй Кўнгил! Менга афсоналар айт. Эртани, индинни тўлдиргувчи эртаклар айт…

Икки кўзим икки шам,
Тун адо бўлмас ҳечам.
Сен билан кечган кечам
У дунёда саҳарим.

Сенга қараб кетаяпман, Кўнгил. Сен шеърдан силқиган ёруғ қайғусан. Мен шу қайғунинг бемурод ошиғиман. Кечир она замин, мен сендан кетдим… Эй, шеърдан қон каби силқиган, Кўнгил… «Юракнинг шакли»да сенга қараб кетаяпман…

Манба: «Ватан» газетаси, 1996 йил, 14-сон

05
Иқбол МИРЗО
ШЕЪРЛАР
076

044Иқбол Мирзо (Иқболжон Мирзаалиев) 1967 йил, 1 майда Фарғона вилояти, Бағдод туманига қарашли Қўштегирмон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2005). Дастлабки шеърлар тўплами — «Юракнинг шакли» (1993). Шундан сўнг шоирнинг «Кўнгил», «Сени соғинаман» (1994), «Мени эслайсанми» (2000), «Танланган шеърлар» (2002), «Қўшиқларим» (2004), «Сени бугун кўрмасам бўлмас» ва бошқа бир қатор китоблари нашрдан чиққан.

08

СЕНГА БАРМОҒИМНИ ТЕГИЗМАЙМАН…

Сенга бармоғимни тегизмайман, Ой,
Сенга нафасимни етказмайман, Гул,
Лекин осмонимдан кетказмайман, Ой,
Исмингни бировга айтказмайман, Гул.

Ўзинг табибимсан, ўзинг шифойим,
Ўзинг оғриғимсан, ўзга дардим йўқ.
Ўзинг гуноҳимсан, ўзинг жазойим,
Фақат журъатим йўқ, фақат ҳаддим йўқ.

Сени ҳамма яхши кўрадими, Ой,
Тегрангда айланиб юрадими, Гул.
Термулиб, хўрсиниб турадими, Ой,
Сенга шаккар элаб берадими, Гул?

Ой, фалак тоқида ягона гулсан,
Гул, ерга сайр учун тушган ойдирсан.
Ой, қўлим синмасми бандингдан юлсам,
Гул, кўзим оқмасми сени қайирсам?

Айланиб, бўғзимдан кесмайсанми, Ой,
Қонимдан аршгача ўсмайсанми, Гул?
Тош бўлиб қабримни босмайсанми, Ой,
Гул, мендан илгари тўзмайсанми, Гул?

Сенга лабларимни тегизмайман, Ой,
Сенга зиёнимни етказмайман, Гул.
Бироқ осмонимдан кетказмайман, Ой,
Исмингни ҳеч кимга айткизмайман, Гул.

1997.

ОРЗУ

Ўйлардим:
гулларнинг гўзал юртида
Дилкаш чашмаларнинг бўйида,
Ёлғиз,
Хуш чизгилар ила дилу сиртида
Теран хаёлларга кўмилган бир қиз – бўлса…

Истардим:
Чашмадек чашмларида –
Кумуш ҳалқаларда айланиб турсам,
Гулхандек ўйнаган юрак қаърида
Йиғласаму кулсам…
Йиғласаму кулсам…

Хоҳлардим:
Бу айни ҳақиқат бўлса,
Ишқ оқса жамики томирларимда,
Лабимни гуллатса яримта бўса
Ва улкан дарахтга айлансам зумда.

Тилардим:
Юракдек олис бўлса ёр
Ки, мангу етмаса чўзиқ қўлларим,
Зулфидан ўпмасам,
ҳидлолмасам ё,
сочдек беҳад бўлса дунё йўллари.

Орзу қилар эдим:
Орзудек қолса –
Ўша қиз,
билмасам ҳатто исмини,
юракка қўшилиб суягим ёнса,
осмон кўмиб қўйса жисмимни…

1988

ТАЪҚИБ

Дудоғим куйдирар бўсалар ёди,
Бошимда соядек лопиллар Исм.
Кўксимни елпийди қузғун қаноти,
Мени таъқиб этар синиқ табассум.

Жонимни қақшатар сирқироқ йиғи,
Бардошим қирғоқдан тошади сим-сим.
Кўзларим томирин қирқар синиғи,
Мени таъқиб этар синиқ табассум.

Кўчиб тушаверар хотирот занги,
Ўлик роҳлар узра тирилар изим.
Қулоқ пардасини йиртар жаранги –
Мени таъқиб этар синиқ табассум.

Унутмаслик оғир, унутиш – куфр,
Сарғайган найсоним, кўкарган кузим…
Умр кўзгусида қировли муҳр –
Мени таъқиб этар синиқ табассум.

1988

ДАШТДА

Бу ердан оҳ уриб ўтган Гўрўғли,
Бу ердан от суриб ўтгандир Намоз,
Бу ерга қисматнинг учта зўр ўғли
Пиёз экяпмиз,
пиёз!

«Қарғиш теккан ер бу!» – деган Худоёр.
Фақат ой тунлари чодирин тиккан,
Фақат биз – уч оға-ини ҳар баҳор
Пиёз экканимиз
эккан.

Тирик-чилик…
Ўзингизга маълум буёғи.
Ризқи рўз дегани –
титилган тўрва.
Дўконда фалон пул пахта ёғи…
Пиёз бўлса,
қозонда шўрва.

Бу ерни сув ўгай сингил санайди
Шабада юрмайди –
тилади тикан.
Мен акамга,
болам қўлга қарайди…
Пиёз экканимиз
эккан.

Бу ердан от суриб ўтмайди Намоз…

1988

ТЕЛБА ХАЁЛ

Ҳилол бешик каби чайқалди аста,
Гулчин дарбозага суяндим хаста.
Бугун йиғламасам, эрта кулмасман,
Руҳимни ҳилолга белагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.

Сарпойчан дарахтлар дардим билмади,
Музлаган куртаклар бағрим тилади,
Кўнгил бир гуллаган фасл тилади,
Кўнгилни қуёшга боғлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.

Ўргимчак тўрини дарёга солдим,
Тилло балиқ тутиб, зиёга солдим,
Ўзимнинг жонимни балога солдим.
Шу ширин жонимни сақлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.

Деворлар оқланди кўзим ўнгида,
Чинорлар оқланди кўзим ўнгида,
Мозорлар оқланди кўзим ўнгида,
Бир лаҳза ўзимни оқлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.

Бармоқларинг нозик… сочим силама!
Ў, бу тентагона орзу, биламан.
Мен ҳозир боламан, ўксик боламан,
Кўз ёшдай мусаффо йилларим келди,
Оёғингни қучиб…
Оёғингни қучиб…
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.

1989

БУ ДУНЁГА КЕЛГАНИМ

Бу дунёга келганим –
У дунёга сафарим.
Бу дунёни енгганим –
У дунёда зафарим.

Қачонки пишти лойим,
Висолдир муддаойим.
Бу дунёда хатойим –
У дунёда зарарим.

Ишқ қадимий масалдир:
Ҳам заҳар, ҳам асалдир.
Иккисига коса бир,
Асалдайин заҳарим!

Гул ичиндан топганим,
Оёқларин ўпганим,
Ман санингман, сан маним,
Сочинг белга камарим.

Бердим неча талофат,
Дўстлар, қилманг маломат.
Бу дунёда ҳаловат –
У дунёда хатарим.

Адаштимми, толдимми,
Зулматларга қолдимми.
Тўғри йўлга сол энди,
Эй кўзлари ахтарим!

Эй гўзалим, ёлғизим,
Эй қуёшим, қамарим,
Эй яқиним, олисим,
Эй асалим, шаккарим!

Икки кўзим икки шам,
Тун адо бўлмас ҳечам.
Сен билан кечган кечам –
У дунёда саҳарим!

1989

ЎШАНДА

Ўшанда (оқ осмон, қўнғир ер гувоҳ…)
Исмимни биларди қайрағоч барги.
Юрагим томида ётган қизғалдоқ
Капалак ҳақида қўшиқ айтарди.

Ўшанда
ўзим ҳам олов эдим-да,
Тушовини узган тойга ўхшардим,
Акамнинг чопонин илиб эгнимга
Қирда
қуюн билан кураш тушардим.

Ўшанда
жилғалар чучук тил билан –
Эркалаб, тошларнинг бошин силарди.
Чиғаноқлар эса суюқ дил билан
Тошнинг ковагида аччиқ йиғларди.

Ўшанда (оқ осмон, қўнғир ер гувоҳ…)
Думоғим туярди лазиз мунгларни.
Ҳовузнинг тубинда ёлғиз гулимоҳ
Ўтли оҳлар урса, ёниб тинглардим.

Ўшанда
шамолни севарди оғоч,
Булутлар яшарди ғамли, ўксиниб.
Тутундан қорайиб кетган қалдирғоч
Сувларга урарди қизғиш кўксини…

Ўшанда (оқ осмон, қўнғир ер гувоҳ…)
Дилимни биларди мажнунтол барги.

Кафтимда йўқ эди зиғирдек гуноҳ,
Йўқ эди кафтимнинг заррадек гарди –
Ўшанда мен сени яхши кўрардим…

1989

ВАСЛ

Сочларинг зулматида адашиб қолдим, ё раб,
бу қандай ўрмон бўлди?
Сочларинг кулфатидан
кўз олдим бўлди қора –
бу не шабистон бўлди?

Ойдин қўшиқлар айтдим –
кокилларингдек узун,
энг узун достон бўлди.
Қўшиқ чақнаган пайти
қумрилар юмди кўзин,
булбуллар мастон бўлди.

Қўнғироқ зулфинг, эй, қиз,
Майин қўнғироқ чалди –
Сел бўлган – осмон бўлди.
Лабларим билан қирмиз
атиргул топиб олдим,
олам гулистон бўлди,
олам гулистон бўлди!

1990

КУЗ

Уч кунда куз келди. Дунё қариди.
Тераклар бош чайқаб қолдилар маъюс.
Тошлар ўрмалайди анҳор қаърида,
Анҳор қайларгадир шошади ҳануз.

Кўпириб боради қўнғир булутлар,
Ҳадемай ёмғирзор бўлади пайдо.
Ерга қулоқ босиб ётади ўтлар,
Ерданми келади бу мунгли наво?

Мана, устунларга ўралар шамол,
Мана, сув юзига тошади сепкил.
Зериккан, асабий қариқиз мисол
Кўйлакларин йиртиб ташлар атиргул.

Пешайвонда намли патларин тараб,
Зағчалар ўзига беради оро.
Булут келаётган томонга қараб
Дунё сузиб борар оҳиста, дунё…

1994

АЗОБЛАРИМ

Набижон акага

Ҳилол янглиғ очиқ қолди сўроқларим,
Еллар қувнаб-қувнаб титди вароқларим.
Ўйнаб-ўйнаб тўкилдилар япроқларим,
Япроқларим бирин-кетин кетаверди,
Кетган сари азобларим ортаверди.

Жилға бўлиб етолмадим дарёларга,
Турна бўлиб кетолмадим самоларга,
Карвон бўлиб кўмилмадим саҳроларда,
Карвонларим турнақатор ўтаверди,
Ўтган сари азобларим ортаверди.

Чанг тегмаган гул кўрмадим гулзорларда,
Бир покиза дил кўрмадим дилдорларда,
Бу дилдорлар қатор туриб бозорларда
Кўнгилларин матоҳ каби тутаверди,
Тутган сари азобларим ортаверди.

Ота уйим эшигида чим бўлмадим,
Сўритокни боғлаган бир сим бўлмадим,
Биродарлар, ким бўлдим мен, ким бўлмадим?
Онам юзим унутса-да кутаверди,
Кутган сари азобларим ортаверди.

Энди, айтинг, мен қарими, отам қари?
Мен отамдан кўра сўнгги йўлга қарийб.
Дилим ўлди фожеамдан шеър ахтариб,
Пешонамга ҳаёт шеърлар битаверди,
Битган сари азобларим ортаверди.

1995

ИҚБОЛ

Туманли очунда туман йил ўтди,
Ўтди муножотга айланган ғани.
Илтижо – гадони тўрва – гўр ютди,
Акс-садо қолди:
«Иқбол қани?!»

Сочини ой ювган малаклар ўтди,
Зийнатдан бўғилган билаклар ўтди,
Чимилдиқдан парқув тилаклар ўтди.
Ўтди…
Мўмиё – умиддан кўкраги дуркун,
Исмимни лабига муҳрлаб ҳамон
Жовдираб йўл қарар ҳар кун
Тутанхамон.

Танқис ҳаводирман, танқис сувдирман,
Ялангбо парига туш бўлган ботир,
Азизлар манглайин текизган ерман,
Мени сўраб тонглар эланаётир, Ялинаётир…
Мен яна…
Бир товон тегишига зор,
Кўчада сочилиб ётган тупроқман,
Оловмавж сочларга қўнолмаган қор,
Бир тўлқин зулфларга интиқ тароқман.

Биргина билакни боғлай олмаган,
Билакузукдирман, қучоғим бўм-бўш,
Фақатгина бир қиз ёдлай олмаган
Бир сўзман –
эгасиз ташландиқ товуш…
Анча бўлди бунга.

1995

ЁЛҒИЗ

Милён йилда мени яратди ҳаёт,
Мени сўраб, тоғлар қатор чўкди тиз.
Наҳот англамайсан, билмайсан наҳот,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.

Буғланиб, қайтадан тўкилади сув,
Қуёшдан ишорат – кўз ёрар илдиз.
Мен, ахир уларга ўхшамайман-ку,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.

Ҳар элат ўзича атар шамолни,
Мингта исм билан яшайди юлдуз.
Сен қайдан топасан бошқа Иқболни,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.

Нафасим – ғанимат, сўзим – ғанимат,
Фожиа – пойимдан узилган ҳар из.
Менинг нигоҳларим энг эзгу неъмат,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.

Яратганга бориб айтаман сени!
Ўзи ҳукм этсин одил ва холис.
Мен қатиб келмайман, тушуняпсанми?
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз…

1995

ИСТАЙСИЗМИ-ЙЎҚМИ

Истайсизми-йўқми, гардун айлана,
Истайсизми-йўқми, қайтиб келаман.
Соғинмаган кўзингиздан айланай,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Ой ботади – юлдузларнинг ҳабиби,
Тонг отади, таънаси йўқ самимий.
Табиатнинг қонунидек табиий –
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Қучоғига яширмайди хиёбон,
Ўртамизда удум отлиғ биёбон.
Сизга нима, куйсам ўзим куяман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Чақмоқ калит бўлди қулфи дилимга,
Тегмаган бир қизнинг зулфи дилимга.
Сиздан ўзга хон йўқ мулки дилимга,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман

Бошингизда япроқ бўлиб айтаман,
Пойингизда тупроқ бўлиб айтаман.
Тупроқдаям муштоқ бўлиб айтаман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

1998

ЁДИНГДА ҚОЛМОҚЧИ ЭДИМ

Фузулий лутф этиб кетган бир замон,
Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.
Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.

Негадир истардим қийналишингни,
Юрагингга каманд солмоқчи эдим.
Онангга айтолмай қолсанг тушингни…
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.

Дўстлар кечиб қўйган эди баҳримдан,
Кимлардандир қасос олмоқчи эдим.
Ҳайдаб чиқардилар ҳаётларидан,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.

Аламим, ҳасадим, гинам туфайли,
Эҳтимол устингдан кулмоқчи эдим.
Соғинсанг, ўртансанг, йиғласанг майли,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.

Кўзингни кўзимга бермадинг сира,
Ишондингми, йўқми, билмоқчи эдим.
Сени кўп ўйладим. Шеър ёздим қара,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.

1998

Иқбол Мирзонинг «Танланган шеърлар» китобини мутолаа қилинг
090

03

Halima AHMAD
OSMONNING KO’NGLI
(Iqbolni o’qib)
07

Deraza ortidagi osmon bir paytlar mening sevgilim edi. Uning yomg’ir-yomg’ir sochlari bo’ynimga o’ralar, dumog’imni yerning tubidagi yorug’ g’amlarning mushki ila xushbaxt etardi. O’shanda…

Dilimni bilardi majnuntol bargi,
Kiftimda yo’q edi zig’irdek gunoh.
Yo’q edi kaftimning zarradek gardi,
O’shanda men seni yaxshi ko’rardim.

Bir sog’inch, maysaning tushiday ma’sum bir sog’inch yetmish ikki tomir ichinda to’lg’onadi. Qiynalaman. Seni sog’inaman, osmon…

… Yodim dodlarida meni baxtdan munavvar tuyg’uga badarg’a qilgan ovozingni ko’raman. Uning moviy jonini kuydirguvchi ranglarda cho’milaman. Koshki, g’arq bo’lsamu yana senga qaytsam, «Kumush baliqlarning issiq nafasi»dan qayta tirilsam. Tirilsamu «sochlaring zulmatida» baxtiyor yashasam…

Ko’ngil, oylarga aylanding, Ko’ngil. Sen meni ko’p bora aldading. Axir biz egiz edik-ku, Ko’ngil. Men tun edim-ku, ko’ksida milyon yillik ishqini sir tutgan, sen to’kkan shu’la qoraygan tun edim-ku, Ko’ngil. Na iloj:

Nurafshon xayoldan aylandi boshim,
Boshimda aylandi nurafshon xayol.
Dudog’ida gulnor,
Kaftda ko’z yoshi,
O’trumga o’ltirdi kumushtan ayol:

«Hoy bola, gul olasanmu, dur»…
Durga mahzan bo’ldi ko’zim gavhari
Ko’ksimda ochildi mushtdayin lola…

Ko’ksimdagi mushtdayin lola hayqirdi: ketma, jonim chig’anog’ida dur beraman… Ko’ksimdagi mushtdayin lola hayqirdi: ketma… qonim charbog’idan senga ko’shk yasayman… Ketding… Ortingdan yul kabi ergashdim, qaramading ham.

Kimlar o’tmadi bu yo’ldan, faqat sen o’tmading, Kungil…

Endi kun ko’rishim qiyindan qiyin,
Endi havolar ham og’irdan og’ir.
Achchiq-achchiq yig’lab yo’l yurgan sayin,
Uzun-uzun bo’lib sudralar xotir.

Qismat umrimni nay qilib chaladi. Bir bo’g’iz kuyga aylanaman. Ufqqa sig’mayman. Qochaman, o’sha odam Ato, Momo Havolarning gunohi — yolg’iz olamning tushlariga qochaman. Nay ingraydi. Bo’g’iz qonaydi. Gunohkor tushlar bir Tunda qovjirab, to’kilgan nargisday sochilib ketadi.O’zimni izlayman:

Tumanli ochunda tuman yil o’tdi,
O’tdi munojotga aylangan g’ani
Iltijo gadoni to’rva go’r yutti
Aksi sado qoldi:
«Iqbol qani?»

Ko’ksim yoriladi, huvillagan ko’ksim. Men yo’qman. G’arazlar kuladi, ta’nalar pichirlaydi, himoyasiz o’limday faqat bir sog’inch jon hovuchlaydi. Men seni qo’msadim, O’zligim.

Jonxo’rak shamollar sensiz vujudni qaygadir ko’mib keladi. Yig’laetgan qushlar yuragini ko’tarolmay cho’kayoggan osmonday bir tunda sog’inchga cho’kib ketaman. Men yana…

Tansiq xavotirman,
Tansiq suvdirman;
Yalangbosh pariga tush bo’lgan botir,
Azizlar manglayin tekkizgan yengman,
Meni so’rab tonglar elanayotir…
Yalinayotir.

… Bir kuni qaytaman o’zimga… O’sha kun jasadning vayrona mayxonasida, sen tutgan to’la paymonani ichaman, Ko’ngil. Ichamanu yana seni qo’msayman. Axir sen borsan-ku, axir sen o’zim-ku…

Charxga ilinib qolgan umring ko’ylagini shamollarga tuhfa etsang. Bu ko’ylakni kiyib shodlik jazavasiga tushgan shamollar bazmini tamosha qilsang.
Ammo sen nechun jimsan, Ko’ngil? Hech bo’lmasa suv bo’l…

Qo’limdan so’zlamoq keladi rosti,
Tomoq qaqrab ketdi, bergil qultum suv…
Nega dubulg’ani yuzingga bosding?
Men sendan namakob so’ramovdim-ku?!

Men sensiz yashashdan qo’rqib, sensiz yashashga intildim. O’sha faryodlar, azoblar izida giehday undim, seni qo’msadim, Ko’ngil…

Sen beshafqat esa meni unutding. Jonning chil-chil singan ko’zgusida qonli, qirovli muhr qoldi. Bu sening tabassuming, bu sening olis yillar ortidan kelaetgan ta’qibing…

Unutmaslik og’ir,unutish kufr,
Ko’kargan naysonim, sarg’aygan kuzim…
Umr ko’zgusida qirovli muhr —
Meni ta’qib etar siniq tabassum.

G’iybatlardan qo’rqmayman, hasaddan qo’rqaman, Ko’ngil. Ular ko’p, ularning umri uzun…

Xiyonatdan qo’rqaman, Ko’ngil. Sen menga xiyonat qilmading, men senga xiyonat qilmadim. Yostig’imni nurdan to’ldirgan sevgi xiyonatchi ekan, yolg’onchi ekan. Men senga zorman, Ko’ngil, kimsasiz tunlarda ko’ksimni to’ldir:

Hilol beshik kabi chayqaldi asta,
Gulchin darbozaga suyandim xasta.
Bugun yig’lamasam erta kulmasman,
Ruhimni hilolga belagim keldi,
Oyog’ingni quchib yig’lagim keldi…

Kengliklar to’shiga bosh qo’ygan osmonlar ostida mozorlar yonadi. Ularning biri o’zimniki. Men esa u yerga bormayman. Men o’zimni ko’mganimga ancha bo’ldi. Xiyonatdan yulduzlar kuygan o’sha qaro tun o’zim o’ldim. Men o’zimsiz yashayapman o’zimni qo’msab…

Endi faqat sabolarni sog’inish bor,
Elas-elas navolarni sog’inish bor,
Olis-olis ziyolarni sog’inish bor.
Aks o’zimman sadolarga ketolmayman.

Jon xayolning zurriyotlariga belanchak yasaydi, quyosh ishqi tushgan fano darvozasining zanjirlaridan. To’zg’igan soch kabi alomat bir hid jonning dumog’ini yoradi. Zanjirlar zikrga tushadi. Yig’loqi xayol zurriyotlari ovunmaydi. Bu sog’inch hidi — o’zingni o’zingga sog’inching.

Seni sog’inaman,
Mening lablarim —
Ikkiga bo’lingan qontalash yaproq.
Titrab to’kilmoqqa shaydir kun sari,
Poyiingga tushishni talashar biroq…

G’amimning shodligi, shodligimning g’ami, ey Ko’ngil! Menga afsonalar ayt. Ertani, indinni to’ldirguvchi ertaklar ayt…

Ikki ko’zim ikki sham,
Tun ado bo’lmas hecham.
Sen bilan kechgan kecham
U dunyoda saharim.

Senga qarab ketayapman, Ko’ngil. Sen she’rdan silqigan yorug’ qayg’usan. Men shu qayg’uning bemurod oshig’iman. Kechir ona zamin, men sendan ketdim… Ey, she’rdan qon kabi silqigan, Ko’ngil… «Yurakning shakli»da senga qarab ketayapman…

Manba: «Vatan» gazetasi, 1996 yil, 14-son

05
Iqbol MIRZO
SHE’RLAR
076

  Iqbol Mirzo (Iqboljon Mirzaaliev) 1967 yil, 1 mayda Farg’ona viloyati, Bag’dod tumaniga qarashli Qo’shtegirmon qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (2005). Dastlabki she’rlar to’plami — «Yurakning shakli» (1993). Shundan so’ng shoirning «Ko’ngil», «Seni sog’inaman» (1994), «Meni eslaysanmi» (2000), «Tanlangan she’rlar» (2002), «Qo’shiqlarim» (2004), «Seni bugun ko’rmasam bo’lmas» va boshqa bir qator kitoblari nashrdan chiqqan.

08

SENGA BARMOG’IMNI TEGIZMAYMAN…

Senga barmog’imni tegizmayman, Oy,
Senga nafasimni yetkazmayman, Gul,
Lekin osmonimdan ketkazmayman, Oy,
Ismingni birovga aytkazmayman, Gul.

O’zing tabibimsan, o’zing shifoyim,
O’zing og’rig’imsan, o’zga dardim yo’q.
O’zing gunohimsan, o’zing jazoyim,
Faqat jur’atim yo’q, faqat haddim yo’q.

Seni hamma yaxshi ko’radimi, Oy,
Tegrangda aylanib yuradimi, Gul.
Termulib, xo’rsinib turadimi, Oy,
Senga shakkar elab beradimi, Gul?

Oy, falak toqida yagona gulsan,
Gul, yerga sayr uchun tushgan oydirsan.
Oy, qo’lim sinmasmi bandingdan yulsam,
Gul, ko’zim oqmasmi seni qayirsam?

Aylanib, bo’g’zimdan kesmaysanmi, Oy,
Qonimdan arshgacha o’smaysanmi, Gul?
Tosh bo’lib qabrimni bosmaysanmi, Oy,
Gul, mendan ilgari to’zmaysanmi, Gul?

Senga lablarimni tegizmayman, Oy,
Senga ziyonimni yetkazmayman, Gul.
Biroq osmonimdan ketkazmayman, Oy,
Ismingni hech kimga aytkizmayman, Gul.

1997.

ORZU

O’ylardim:
gullarning go’zal yurtida
Dilkash chashmalarning bo’yida,
Yolg’iz,
Xush chizgilar ila dilu sirtida
Teran xayollarga ko’milgan bir qiz – bo’lsa…

Istardim:
Chashmadek chashmlarida –
Kumush halqalarda aylanib tursam,
Gulxandek o’ynagan yurak qa’rida
Yig’lasamu kulsam…
Yig’lasamu kulsam…

Xohlardim:
Bu ayni haqiqat bo’lsa,
Ishq oqsa jamiki tomirlarimda,
Labimni gullatsa yarimta bo’sa
Va ulkan daraxtga aylansam zumda.

Tilardim:
Yurakdek olis bo’lsa yor
Ki, mangu yetmasa cho’ziq qo’llarim,
Zulfidan o’pmasam,
hidlolmasam yo,
sochdek behad bo’lsa dunyo yo’llari.

Orzu qilar edim:
Orzudek qolsa –
O’sha qiz,
bilmasam hatto ismini,
yurakka qo’shilib suyagim yonsa,
osmon ko’mib qo’ysa jismimni…

1988

TA’QIB

Dudog’im kuydirar bo’salar yodi,
Boshimda soyadek lopillar Ism.
Ko’ksimni yelpiydi quzg’un qanoti,
Meni ta’qib etar siniq tabassum.

Jonimni qaqshatar sirqiroq yig’i,
Bardoshim qirg’oqdan toshadi sim-sim.
Ko’zlarim tomirin qirqar sinig’i,
Meni ta’qib etar siniq tabassum.

Ko’chib tushaverar xotirot zangi,
O’lik rohlar uzra tirilar izim.
Quloq pardasini yirtar jarangi –
Meni ta’qib etar siniq tabassum.

Unutmaslik og’ir, unutish – kufr,
Sarg’aygan naysonim, ko’kargan kuzim…
Umr ko’zgusida qirovli muhr –
Meni ta’qib etar siniq tabassum.

1988

DASHTDA

Bu yerdan oh urib o’tgan Go’ro’g’li,
Bu yerdan ot surib o’tgandir Namoz,
Bu yerga qismatning uchta zo’r o’g’li
Piyoz ekyapmiz,
piyoz!

«Qarg’ish tekkan yer bu!» – degan Xudoyor.
Faqat oy tunlari chodirin tikkan,
Faqat biz – uch og’a-ini har bahor
Piyoz ekkanimiz
ekkan.

Tirik-chilik…
O’zingizga ma’lum buyog’i.
Rizqi ro’z degani –
titilgan to’rva.
Do’konda falon pul paxta yog’i…
Piyoz bo’lsa,
qozonda sho’rva.

Bu yerni suv o’gay singil sanaydi
Shabada yurmaydi –
tiladi tikan.
Men akamga,
bolam qo’lga qaraydi…
Piyoz ekkanimiz
ekkan.

Bu yerdan ot surib o’tmaydi Namoz…

1988

TELBA XAYOL

Hilol beshik kabi chayqaldi asta,
Gulchin darbozaga suyandim xasta.
Bugun yig’lamasam, erta kulmasman,
Ruhimni hilolga belagim keldi,
Oyog’ingni quchib yig’lagim keldi.

Sarpoychan daraxtlar dardim bilmadi,
Muzlagan kurtaklar bag’rim tiladi,
Ko’ngil bir gullagan fasl tiladi,
Ko’ngilni quyoshga bog’lagim keldi,
Oyog’ingni quchib yig’lagim keldi.

O’rgimchak to’rini daryoga soldim,
Tillo baliq tutib, ziyoga soldim,
O’zimning jonimni baloga soldim.
Shu shirin jonimni saqlagim keldi,
Oyog’ingni quchib yig’lagim keldi.

Devorlar oqlandi ko’zim o’ngida,
Chinorlar oqlandi ko’zim o’ngida,
Mozorlar oqlandi ko’zim o’ngida,
Bir lahza o’zimni oqlagim keldi,
Oyog’ingni quchib yig’lagim keldi.

Barmoqlaring nozik… sochim silama!
O’, bu tentagona orzu, bilaman.
Men hozir bolaman, o’ksik bolaman,
Ko’z yoshday musaffo yillarim keldi,
Oyog’ingni quchib…
Oyog’ingni quchib…
Oyog’ingni quchib yig’lagim keldi.

1989

BU DUNYOGA KELGANIM

Bu dunyoga kelganim –
U dunyoga safarim.
Bu dunyoni yengganim –
U dunyoda zafarim.

Qachonki pishti loyim,
Visoldir muddaoyim.
Bu dunyoda xatoyim –
U dunyoda zararim.

Ishq qadimiy masaldir:
Ham zahar, ham asaldir.
Ikkisiga kosa bir,
Asaldayin zaharim!

Gul ichindan topganim,
Oyoqlarin o’pganim,
Man saningman, san manim,
Soching belga kamarim.

Berdim necha talofat,
Do’stlar, qilmang malomat.
Bu dunyoda halovat –
U dunyoda xatarim.

Adashtimmi, toldimmi,
Zulmatlarga qoldimmi.
To’g’ri yo’lga sol endi,
Ey ko’zlari axtarim!

Ey go’zalim, yolg’izim,
Ey quyoshim, qamarim,
Ey yaqinim, olisim,
Ey asalim, shakkarim!

Ikki ko’zim ikki sham,
Tun ado bo’lmas hecham.
Sen bilan kechgan kecham –
U dunyoda saharim!

1989

O’SHANDA

O’shanda (oq osmon, qo’ng’ir yer guvoh…)
Ismimni bilardi qayrag’och bargi.
Yuragim tomida yotgan qizg’aldoq
Kapalak haqida qo’shiq aytardi.

O’shanda
o’zim ham olov edim-da,
Tushovini uzgan toyga o’xshardim,
Akamning choponin ilib egnimga
Qirda
quyun bilan kurash tushardim.

O’shanda
jilg’alar chuchuk til bilan –
Erkalab, toshlarning boshin silardi.
Chig’anoqlar esa suyuq dil bilan
Toshning kovagida achchiq yig’lardi.

O’shanda (oq osmon, qo’ng’ir yer guvoh…)
Dumog’im tuyardi laziz munglarni.
Hovuzning tubinda yolg’iz gulimoh
O’tli ohlar ursa, yonib tinglardim.

O’shanda
shamolni sevardi og’och,
Bulutlar yashardi g’amli, o’ksinib.
Tutundan qorayib ketgan qaldirg’och
Suvlarga urardi qizg’ish ko’ksini…

O’shanda (oq osmon, qo’ng’ir yer guvoh…)
Dilimni bilardi majnuntol bargi.

Kaftimda yo’q edi zig’irdek gunoh,
Yo’q edi kaftimning zarradek gardi –
O’shanda men seni yaxshi ko’rardim…

1989

VASL

Sochlaring zulmatida adashib qoldim, yo rab,
bu qanday o’rmon bo’ldi?
Sochlaring kulfatidan
ko’z oldim bo’ldi qora –
bu ne shabiston bo’ldi?

Oydin qo’shiqlar aytdim –
kokillaringdek uzun,
eng uzun doston bo’ldi.
Qo’shiq chaqnagan payti
qumrilar yumdi ko’zin,
bulbullar maston bo’ldi.

Qo’ng’iroq zulfing, ey, qiz,
Mayin qo’ng’iroq chaldi –
Sel bo’lgan – osmon bo’ldi.
Lablarim bilan qirmiz
atirgul topib oldim,
olam guliston bo’ldi,
olam guliston bo’ldi!

1990

KUZ

Uch kunda kuz keldi. Dunyo qaridi.
Teraklar bosh chayqab qoldilar ma’yus.
Toshlar o’rmalaydi anhor qa’rida,
Anhor qaylargadir shoshadi hanuz.

Ko’pirib boradi qo’ng’ir bulutlar,
Hademay yomg’irzor bo’ladi paydo.
Yerga quloq bosib yotadi o’tlar,
Yerdanmi keladi bu mungli navo?

Mana, ustunlarga o’ralar shamol,
Mana, suv yuziga toshadi sepkil.
Zerikkan, asabiy qariqiz misol
Ko’ylaklarin yirtib tashlar atirgul.

Peshayvonda namli patlarin tarab,
Zag’chalar o’ziga beradi oro.
Bulut kelayotgan tomonga qarab
Dunyo suzib borar ohista, dunyo…

1994

AZOBLARIM

Nabijon akaga

Hilol yanglig’ ochiq qoldi so’roqlarim,
Yellar quvnab-quvnab titdi varoqlarim.
O’ynab-o’ynab to’kildilar yaproqlarim,
Yaproqlarim birin-ketin ketaverdi,
Ketgan sari azoblarim ortaverdi.

Jilg’a bo’lib yetolmadim daryolarga,
Turna bo’lib ketolmadim samolarga,
Karvon bo’lib ko’milmadim sahrolarda,
Karvonlarim turnaqator o’taverdi,
O’tgan sari azoblarim ortaverdi.

Chang tegmagan gul ko’rmadim gulzorlarda,
Bir pokiza dil ko’rmadim dildorlarda,
Bu dildorlar qator turib bozorlarda
Ko’ngillarin matoh kabi tutaverdi,
Tutgan sari azoblarim ortaverdi.

Ota uyim eshigida chim bo’lmadim,
So’ritokni bog’lagan bir sim bo’lmadim,
Birodarlar, kim bo’ldim men, kim bo’lmadim?
Onam yuzim unutsa-da kutaverdi,
Kutgan sari azoblarim ortaverdi.

Endi, ayting, men qarimi, otam qari?
Men otamdan ko’ra so’nggi yo’lga qariyb.
Dilim o’ldi fojeamdan she’r axtarib,
Peshonamga hayot she’rlar bitaverdi,
Bitgan sari azoblarim ortaverdi.

1995

IQBOL

Tumanli ochunda tuman yil o’tdi,
O’tdi munojotga aylangan g’ani.
Iltijo – gadoni to’rva – go’r yutdi,
Aks-sado qoldi:
«Iqbol qani?!»

Sochini oy yuvgan malaklar o’tdi,
Ziynatdan bo’g’ilgan bilaklar o’tdi,
Chimildiqdan parquv tilaklar o’tdi.
O’tdi…
Mo’miyo – umiddan ko’kragi durkun,
Ismimni labiga muhrlab hamon
Jovdirab yo’l qarar har kun
Tutanxamon.

Tanqis havodirman, tanqis suvdirman,
Yalangbo pariga tush bo’lgan botir,
Azizlar manglayin tekizgan yerman,
Meni so’rab tonglar elanayotir, Yalinayotir…
Men yana…
Bir tovon tegishiga zor,
Ko’chada sochilib yotgan tuproqman,
Olovmavj sochlarga qo’nolmagan qor,
Bir to’lqin zulflarga intiq taroqman.

Birgina bilakni bog’lay olmagan,
Bilakuzukdirman, quchog’im bo’m-bo’sh,
Faqatgina bir qiz yodlay olmagan
Bir so’zman –
egasiz tashlandiq tovush…
Ancha bo’ldi bunga.

1995

YOLG’IZ

Milyon yilda meni yaratdi hayot,
Meni so’rab, tog’lar qator cho’kdi tiz.
Nahot anglamaysan, bilmaysan nahot,
Axir men bittaman, yagona, yolg’iz.

Bug’lanib, qaytadan to’kiladi suv,
Quyoshdan ishorat – ko’z yorar ildiz.
Men, axir ularga o’xshamayman-ku,
Axir men bittaman, yagona, yolg’iz.

Har elat o’zicha atar shamolni,
Mingta ism bilan yashaydi yulduz.
Sen qaydan topasan boshqa Iqbolni,
Axir men bittaman, yagona, yolg’iz.

Nafasim – g’animat, so’zim – g’animat,
Fojia – poyimdan uzilgan har iz.
Mening nigohlarim eng ezgu ne’mat,
Axir men bittaman, yagona, yolg’iz.

Yaratganga borib aytaman seni!
O’zi hukm etsin odil va xolis.
Men qatib kelmayman, tushunyapsanmi?
Axir men bittaman, yagona, yolg’iz…

1995

ISTAYSIZMI-YO’QMI

Istaysizmi-yo’qmi, gardun aylana,
Istaysizmi-yo’qmi, qaytib kelaman.
Sog’inmagan ko’zingizdan aylanay,
Istaysizmi-yo’qmi, sizni sevaman.

Oy botadi – yulduzlarning habibi,
Tong otadi, ta’nasi yo’q samimiy.
Tabiatning qonunidek tabiiy –
Istaysizmi-yo’qmi, sizni sevaman.

Quchog’iga yashirmaydi xiyobon,
O’rtamizda udum otlig’ biyobon.
Sizga nima, kuysam o’zim kuyaman,
Istaysizmi-yo’qmi, sizni sevaman.

Chaqmoq kalit bo’ldi qulfi dilimga,
Tegmagan bir qizning zulfi dilimga.
Sizdan o’zga xon yo’q mulki dilimga,
Istaysizmi-yo’qmi, sizni sevaman

Boshingizda yaproq bo’lib aytaman,
Poyingizda tuproq bo’lib aytaman.
Tuproqdayam mushtoq bo’lib aytaman,
Istaysizmi-yo’qmi, sizni sevaman.

1998

YODINGDA QOLMOQCHI EDIM

Fuzuliy lutf etib ketgan bir zamon,
Go’zallar vafosiz, aldoqchi dedim.
Yoningda qolishga yo’q edi imkon,
Men sening yodingda qolmoqchi edim.

Negadir istardim qiynalishingni,
Yuragingga kamand solmoqchi edim.
Onangga aytolmay qolsang tushingni…
Men sening yodingda qolmoqchi edim.

Do’stlar kechib qo’ygan edi bahrimdan,
Kimlardandir qasos olmoqchi edim.
Haydab chiqardilar hayotlaridan,
Men sening yodingda qolmoqchi edim.

Alamim, hasadim, ginam tufayli,
Ehtimol ustingdan kulmoqchi edim.
Sog’insang, o’rtansang, yig’lasang mayli,
Men sening yodingda qolmoqchi edim.

Ko’zingni ko’zimga bermading sira,
Ishondingmi, yo’qmi, bilmoqchi edim.
Seni ko’p o’yladim. She’r yozdim qara,
Men sening yodingda qolmoqchi edim.

1998

03

(Tashriflar: umumiy 1 577, bugungi 1)

Izoh qoldiring