Abdulla Oripov. Iyul she’rlari

055     Узоқ йиллик ижодий тажрибамдан хулоса шулки, ижодкор истеъдодининг даражасидан қатъи назар иложи борича ўзини ёлғон-яшиқдан олиб қочсин. Иложи борича, катта ва кичик ҳақиқатларни бир-биридан фарқлай олсин. Яъни ҳар доим ҳам ўзининг шахсий кечинмаларини бутун бир халқнинг кечинмалари деб эълон қилишдан ўзини тийсин. Аксинча, халқ дардини ўзининг шахсияти филтридан ўтказа билсин. Ўзининг шахсий дардини халқники деб эмас, балки халқнинг дардини ўзиники деб билсин (Абдулла Ориповнинг «Ўз ҳақимда бир оғиз сўз« мақоласидан).

045
Абдулла ОРИПОВ,
ИЮЛЬ ШЕЪРЛАРИ
05

ОДАТ

Бир халқда ғалати одат бор экан:07
Ўлганлар азизу тирик хор экан.
Севган одамига тиларкан ажал,
Ўтгач, улуғлашга интизор экан.

01.07.2015

ҲАЁТ

Ҳаёт, сени улуғлай нечун?
Кўзим очиқ, эмасман гаранг.
Сенда шафқат йўқдир мен учун,
Ижарангда яшайман аранг.

Ҳаёт, сени улуғлай нечун?
Қалбга ниманг илҳом солгайдир.
Уйдан чиқсам, изимдан ҳар кун,
Тўртта ишсиз қараб қолгайдир.

Ҳаёт, сени улуғлай нечун?
Ерга урдинг очиқ, ошкора.
Энди лошим нимталаб бутун,
Ташламасанг итларга зора.

02.07.2015


ИМКОН

Бу гаплар бор эди Марксдан аввал,
Яъни, қорни очу ва қорни тўқлар.
Майли, юмшатайин ташбеҳни сал-пал,
Имкони борлару имкони йўқлар.

Искандар Мақдуний имкони сабаб,
Бориб етган эди Бадахшонга то.
Оддий одамни-чи, калтаклаб, ҳайдаб,
Уйдан чиқариш ҳам мушкул, муаммо.

Имкони бор экан, Темурдайин зот,
Жаҳоннинг ярмини олди рўйи рост.
Имкони йўқни-ку, сийламас ҳаёт,
Ўша эски ҳаммом, ўша эски тос.

Балхнинг саҳросида ҳазрат Беруний,
Ўтин йиғар эди йилда икки бор.
Мажбур қилар эди имкони шуни,
Қолган барча вақти илмга нисор.

Имконинг келибди, омад йўлиқиб,
Қошингда Ҳотам ҳам кўкрак керолмас.
Кимдир ҳайитда ҳам бозорга чиқиб,
Ўғлига хўрозқанд олиб беролмас.

Имкон деганлари улуғ куч ғоят,
Эплаган инсонга учрар у кўпроқ.
Унда тилсим мавжуд, бордир синоат,
Арслоннинг мўйига тегишма бироқ.

Худойим мени ҳам қўллаб бир замон,
Бенасиб қилмади илму зиёдан.
Имкон-чи бермади, йўқ бошқа нажот,
Ўтдим қўл-оёғим боғлиқ дунёдан.

04.07.2015

КЎПРИК

Чегарада,
Кўприк устида,
Турар эди мағрур бир инсон.
Гап уқтирар балки дўстига,
Набираси эса ёнма-ён.

У бир замон аждодлар топган
Худоларга ўхшаб кетарди.
Эгнига шер терисин ёпган
Паҳлавондек ўзин тутарди.

Кўзларида ёнарди нафрат,
Овозида қаҳр, қалдироқ.
Ғазаб билан сўзларди фақат,
Ёш оқарди кўзидан бироқ:

– Эллар аро қўймиш чегара,
Иблисларга қолмиш бу олам.
Шу кўприкнинг ортига қара,
Катта дунё бор эди, болам.

Улар бизни камситди ҳар вақт,
Улар учун йўқ эди Худо.
Саёҳатнинг ўзи-ку бир бахт,
Ўшандан ҳам қилдилар жудо.

Давринг келди энди болажон,
Ғолибларнинг сафига киргил.
Сеники ҳам ахир бу жаҳон,
Икки зотнинг биридек юргил.

Набира дер: – Ўзгарди дунё,
Кўринг, олам бўёқларини.
Бобо тирик турарди, аммо
Синдиришган оёқларини.

05.07.2015

ТАЯММУМ

Фасллар галма-гал алмашар секин,
Ёмғир ёққан жойга бир кун ёғар қор.
Ажойиб воқеа бўларди лекин,
Менинг наслимдан ҳам чиқса амалдор.

Аввал бошланарди менга хушомад,
Жаҳонда кам дея сиз каби зўрлар.
Сатрингиз Фирдавсий шеъридан баланд,
Асл шажарангиз Амир Темурлар.

Қараб ўтирмасдим менинг ўзим ҳам,
Майли, Барчин учун кўкда турсин ой.
Оғзаки ижодга кўрсатиб карам,
Қуёшнинг отини қўярдим Қултой.

Шаксиз маъқул бўлар мен неки дедим,
Кучим етажакдир ҳар қандай ишга.
Энг аввал, эринмай ўргатар эдим,
Казо-казоларни салом беришга.

Ўзингни камтарин тутмоқлик нечун,
Дўлана дардида чиқдинг-ку тоққа.
Ўша уруғингнинг ҳурмати учун,
Номингни қўйишар бирорта боққа.

Инсон фориғ эмас бундайин ҳисдан,
Атайлаб этмасман уни тараннум.
Ахир тониб бўлмас ушбу ҳадисдан:
Кимки сув топмаса қилгай таяммум.

7.07.2015

ЯНГИ АСР МАНЗАРАСИ

Еганнинг оғзига термулиб турмоқ,
Энг қабиҳ камситиш инсонга доим.
Тамшаниб ўтирган болани кўрмоқ,
Яхлит маломатдир, асра Худойим.

Ҳамма бир-бирига боқар шукуҳсиз,
Теграсин кўрмайди, юмуқдир кўзи.
Улкан яйловдаги қалбсиз ва руҳсиз
Тўдадан иборат гўё ер юзи.

Унутиб қўйгандир заминни само,
Балки инсон учун у ҳам абасдир.
Бировга яхшилик қилмаслар асло,
Ёмонлик қилмаса шу ўзи басдир.

Шамоллар елмайди на Шарқ, на Ғарбдан,
Уфурмас гулларнинг атри-нафаси.
Эллару элатлар чарчаган ҳарбдан,
Ҳар ёнда алам ва забунлик саси.

Черков қўнғироғи жаранги тинмас,
Ҳар тонг минорадан таралар азон,
Уларнинг борлиги лекин билинмас,
Бепоён яйловда кезади инсон.

09.07.2015

ҒАЛАТИ ОДАМЛАР

Нолойиқ кимсанинг суғориб отин
Бу ишни беҳуда савоб дегайсан.
У дарҳол эслатар кимлигин, зотин,
Мутлақо сабабсиз қамчи егайсан.

Бошқаси кўролмас, дейлик, буюмни,
Балки арзимайди бир пулга ҳатто.
Қайдан олгансан деб янги кийимни,
Ечинтириб қарар шиминггача то.

10.07.2015

ЎКИНЧ

Бир вақтлар туғилган жойим бор эди,
Учсам қўнадиган ишончли ошён.
Мен учун ҳамиша ифтихор эди,
Бугун бегонадир менга у макон.

Меҳр ила муҳаббат, ҳурмат, оқибат,
Билмадим, қайгадир бўлмишлар ғойиб.
Тепалик бағрида кўринар фақат,
Отам ва онамнинг қабри мунғайиб.

11.07.2015

АЖАБ

Томоша кўрмадим бундан ҳам ажаб,
Кундан ҳам ажабдир, тундан ҳам ажаб.
Интернет осмондир ҳавога тўлган,
Нафас олма дерлар шундан ҳам, ажаб.

12.07.2015

МЕЪЁР

Инсоннинг қалбида бор шундай туйғу,
Ўзгармас милён йил ўтса ҳам лекин.
Тупканнинг туби дер ўзга юртни у,
Чекка қишлоқлардир Деҳли ё Пекин.

Ўша хорижлик ҳам сени эслаб гоҳ,
Жилмайиб қўяди атайин, бот-бот.
Дейди: – Одамларни учратдик ногоҳ,
Ўша жойларда ҳам бор экан ҳаёт.

Оқиллар меъёрни билганлар ҳар чоқ,
Лоф гапни суймаган ҳаддан зиёда.
Унутма, биродар, сендан ортиқроқ
Мақтанчоқ каслар ҳам кўпдир дунёда.

13.07.2015

НУҲ КЕМАСИ

Уммонда кезади бир кема ҳануз,
Минг йилким, чарчамас, толмас эгаси.
Йироқ соҳиллардан узмайди ҳеч кўз,
У нажот тимсоли, Нуҳнинг кемаси.

Мен ҳам шу кемада сузарман борҳо,
Кўргайман, не бўлса пешонасида.
Бошқа ҳамроҳлардан фарқим йўқ асло,
Мен фақат кеманинг юкхонасида.

18.07.2015

ФЕЪЛ

– Бир умр тўсдинг-а менинг йўлимни,
Сира эринмадинг, қойилман, кўппак.
– Нега эринайин? Итлик феълимни
Ахир мен намоён этмоғим керак.

18.07.2015

ТУҒМА НОДОН

Баъзи суҳбатдошнинг ўй-фикри ғалат,
Яшириб ўтирмай, очиқ-ойдин дер:
– Бош вазир эканлар Навоий ҳазрат,
Нега шундай одам ёзиб юрган шеър?

Саволлар чулғайди уни галма-гал,
Мияси тўлади мубҳам тутунга:
– Бобур вазир эмас, шоҳ экан тугал,
Нима керак бўлган шеър ёзиш унга?

Бундай суҳбатдошдан асрасин Худо,
У туғма нодондир, аслини билсам.
Гар Ватан ҳақида сўз кетса ҳатто,
Қанча беради дер, ҳимоя қилсам.

19.07.2015

ИМТИҲОН

Сен Ватан ҳақида берма кўп савол,
Лоф урма Ватаннинг муҳаббати деб.
Уни мансаб каби айлама хаёл,
Ёхуд маърузангга эмасдир у зеб.
Ватан танангдаги жондир, қондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Бу улуғ севгида илоҳийлик бор,
Ватанни чин фарзанд фаромуш этмас.
Менга ўз туйғумни ўргатма зинҳор,
Инчунин, кибрнинг бозори ўтмас.
Рост гапни ёлғондан фарқлар ондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Асл қаҳрамон ким ёруғ дунёда?
Ғоясин таъмага алмашмаган зот.
Чуғурчуқ кўпайса ҳаддан зиёда,
Бургут бўлиб яшаш олий мукофот.
Қул ҳам юртин севса шоҳдир, хондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Гарчи кўҳна замин умум макондир,
Инсоннинг ҳар жойда ёнсин чироғи.
Мўъжаз бўлса ҳамки, кулбанг ошёндир,
Она даргоҳидек унинг қучоғи.
Сен учун поёнсиз каҳкашондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Азал мусофирдир дунёда одам,
Руҳим гарчи собит, муаллақ таним.
Бир умр қўйнингда муқим турсам ҳам,
Соғиниб яшадим сени, Ватаним.
Меҳр бир, нафрат ҳам бир томондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Майли суймасинлар мени ғанимлар,
Йўлимни тўссинлар рақиблар ҳатто.
Ватан ҳар қайда ҳам маёқдек имлар,
Ғурурим юксалар самогача то.
Ҳеч кимга бергувсиз довруғ, шондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

АҚШ, Хьюстон. 24.07. 2015 йил

БАХИЛЛИК

«Мен!» деб бонг урасан шому саҳарда, 
Гўё ҳаққонийдек айтар сўзларинг. 
Ҳаммани бир хилда кўрсанг агарда, 
Тешилиб қоларми сенинг кўзларинг.

Йўлнинг чеккасида мажруҳ бир инсон, 
Мадад сўраб турар сендан эҳтимол. 
Мабодо узатсанг унга парча нон, 
Қўлларинг майишиб, бўлармикан шол.

Қаршингда турибди ёш бир истеъдод, 
Балки оламшумул бўлажак даҳо. 
Бир оғиз сўз айтиб, берсанг гар имдод, 
Тилларинг кесилиб қолгаймикан ё?

Бир сиймо илмнинг бўлмиш сардори, 
Балли, эл-юртига олиб келмиш шон. 
Сен уни қутласанг кўплар қатори, 
Чиқиб кетармикан танангдаги жон.

Афсуски, яхшилар тортади кулфат, 
Ёмонлар ғолибдир, ётар қалашиб. 
Йўқдир бундайларда зарра фазилат, 
Инсон номин олган улар адашиб.

АҚШ, Хьюстон. 24.07. 2015 йил

 

АТЛАНТИКА

Қуш ҳам ўтолмайди Атлантикадан,
Ахир учолмайди муттасил бир ой.
Хабар тарқаса-чи, манов чеккадан,
Дақиқа етарли бунга, ҳойнаҳой.

Мен орзу қилардим, буткул жаҳонда
Тумандек тарқаса кўнгил ғашлари.
Садо бериб турса ҳар икки ёнда
Биллур қадаҳларнинг жаранглашлари.

Мен орзу қилардим, инсон нафасин
Ҳар қайда ҳис қилсанг юзга теккудак.
Бу ёнда айтилган она алласин
У ёнда эшитиб тин олса гўдак.

Мен орзу қилардим, бепоён уммон
Кўприкдек елкасин тутиб турса жим.
Олис Самарқандда янграгач азон
Саждага бош қўйса далласлик муслим.

Орзуни олмадим асло осмондан,
Бугун хаёл эмас қутлуғ сафарлар.
Қушлар учиб ўтсин майли уммондан,
Фақат тарқамасин нохуш хабарлар.

АҚШ. Хьюстон 25.07.15

ОСИЁЛИК

Осиёлик дўстим, борингга шукур,
Ажиб суҳбатдошсан, тенгги йўқ ҳамроҳ.
Содда феълинг кўриб, топаман ҳузур,
Ғалати ўйинлар кўрсатасан гоҳ.

Ўзига буюрсин ҳар кимнинг таъби,
Чорбозор эмас бу – амакинг қурган.
Ўзингни урасан шабкўр қуш каби,
Олдингда одам бор – навбатда турган.

Бунда тартиб мавжуд, бунда бор тенглик,
Хоҳлабсан, тўлқинда кўмиламан деб.
Уммон барча учун етарли кенглик,
Талашма, мен олдин чўмиламан деб.

Бироқ кўз ёш кўрсанг сақлайсан сукут,
Қўшилиб йиғлайсан, ўкинчга тўлиб.
Ногаҳон йўлингда учраса тобут,
Изидан кетасан азадор бўлиб.

Осиёлик дўстим, шарқлик биродар,
Ғоят самимийсан, мисли боласан.
Лекин дўхтирларни учратсанг агар
Навбатга қарамай, қочиб қоласан.

АҚШ. Хьюстон, 25.07.2015

ОСМОНДАГИ ЗИЛЗИЛА

Учардик олис юртга,
Булутлар кўп, ялтироқ.
Дафъатан самолётни
Тутиб қолди қалтироқ.

Безгакка ўхшаб кетар,
Ёхуд зилзила каби.
Биз дердик: — Субҳоноллох,
Ё Яратган, ё Наби.

Бир кампир учувчини
Қарғаб, гўё тиғларди.
Калима қайтаролмай,
Мен ҳам шу, — деб йиғларди.

Тинимсиз дерди бир чол:
-Гуноҳларга ботганман.
Ҳаж қилгани борганда,
Ул-бул нарса сотганман.

Учардик олис юртга,
Булутлар кўп, ялтирок.
То ҳануз самолётни
Қуйвормасди қалтироқ.

Бир олим ғўлдирарди:
-Худо, ҳолимга боққин.
Ҳай аттанг, кўп едим мен
Талабаларнинг хақин.

Қандайдир танқидчи ҳам
Бор эди бу салонда.
Ўлим-ку барҳақ, лекин
Ваҳимаси ёмон-да.

У дерди: — Кун кўрай деб,
Қорани ҳам оқладим.
Ўзимга ҳеч ёқмаган
Китобларни ёқладим.

Фақат битта болакай,
Қоракўз, озғин, нимжон.
Онасига биқиниб,
-Қўрқманг, — дерди, аяжон.

Талваса ўтиб кетди,
Тинчланди самолёт ҳам.
Худога минг шукур деб,
Ўтирар кампир хуррам.

Бозорчи ҳожи ҳамон
Қовриларди ҳисларда.
Дерди: — Тижорат мумкин,
Айтилган ҳадисларда.

Олимнинг-чи тинчи йўқ,
Аланглаб турар кўзи.
Дерди: -Нетай, талаба
Келтириб берар ўзи.

Танқидчи очиқ-ойдин
Талмовсирар, тушмай паст:
-Мақта, деб қўйишмайди,
Адиблар шуҳратпараст.

Самолёт учиб борар,
Босилганди ҳаяжон.
Фақат қоракўз бола
-Қўрқманг, — дерди, аяжон.

АҚШ. Хьюстон, 26.07.2015

БАЁТ

Қўлинг очиқ кетма дунёдан, жўра,
Бир ўтов, тўрт эчки майли бисотинг.
Ҳар кимга мингашиб юргандан кўра,
Қирчанғи эса-да бўлсин ўз отинг.

Балки тортинчоқдир фарзанд — аржуманд,
Дўстлар ҳам кўкдаги қушларга монанд.
Бири новвот бўлса,бирови-чи қанд,
Улар бор- шириндир тахир ҳаётинг.

Олис сафарларда ёлғиз қолсанг ҳам,
Умидсиз ўйларни дилга солсанг ҳам.
Мадорсиз йиқилиб, буткул толсанг ҳам,
Элу юрт бўлгайдир синмас қанотинг.

Ўкинма, лафзи йуқ номардни кўриб,
Муттасил алдайди ёнингда туриб.
Нодонлар юрсалар давронин суриб,
Чидайсан барига, бордир саботинг.

Сенинг бошқалардан фарқинг йўқ асло,
Ceн ҳам бандадирсан бандалар аро.
Бир кун орзуларинг чорласа аммо,
Бошлаб борғусидир шеъринг — баётинг.

АҚШ. Хьюстон, 27.07.2015

ЮК

Замин дер: – Инсонни атарлар буюк,
Лекин у мен учун эмасдир суюк.
Тириги бўйнимга миниб олгандир,
Ҳатто ўлгани ҳам елкамдаги юк.

АҚШ. Хьюстон, .28.07.2015.

АКТЁР

Эрига нозланиб дерди бир хоним:
– Билиб қўй, санъатинг менинг хам шоним.
Уйда кўп актёрлик қилаверма, бас,
Бир кун одам каби яшагин, жоним.

АҚШ. Хьюстон,  28.07.2015.

ТЎФОН

Неча бор айтдилар,бу дунё ўтар,
Пайт келиб, ўзга бир оламлар кутар.
Во ажаб, уфқда тўфон кўринди,
Шошил, душманликни орадан кўтар.

АҚШ. Хьюстон, .28.07.2015.

УММОН ҚОШИДА…

Йигитлик ёшида бўлсайдим агар,
Сен каби солардим балки ғалаён.
У кунлар  яшадим тутқиндан баттар,
Юртдан чиқармасди бизларни замон.

Энди мен учун ҳам очиқдир дунё,
То ҳануз қалбимда бордек журъатим.
Эй уммон, қошингда турибман, аммо
Ғалаён солишга етмас қудратим.

АҚШ. Хьюстон, . 31.07.2015.

ДИАЛОГ 

 – Отанг билан онанг ҳаётми, укам?
– Улар юрибдилар саломат, ўктам.

– Сенга қилмадими дўстлар хиёнат?
– Ҳозирча, ўртада бордир диёнат.

– Қийнаб қўймадими турмуш ва рўзғор?
– Оила қуришга ҳали вақтим бор.

– Айтгин, энг муҳими, соғмисан ахир?
– Шукур, нолимасман соғликдан тақcир.

– Омад ўзи сенга боққан экан заб,
Укам, энди менга ўргатмагин гап. 

АҚШ, Хьюстон. 31.07.2015  

УЗР

Ҳангома кўп учрар ҳаётга доир,
Кекса бир қаламкаш одам бор эди.
Сизга кўп ёмонлик қилганман, шоир,
Кечиринг, узримни сўрайман, деди.

Балки раҳмат дейсан шунисига ҳам,
Гуноҳин бўйнига олмиш-ку инсон.
Сен гугурт чаққанда ёнсаю олам,
Узрингдан не фойда, эй сўқир, нодон.

Аттангки, қайдадир ношуд шифокор
Кимнингдир дилбандин айлади нобуд.
Унга узрларнинг не кераги бор,
Қўлма-қўл кетмоқда кичкинтой тобут.

Сиз менинг умримни қилдингиз адо,
Турфа пучмоқлардан бўлган ҳужумлар.
У темир панжалар юракни борҳо
Анорни сиққандек, эзиб ғижимлар.

Кун-бакун тараққий этмоқда дунё,
Ногоҳ одамкушни топмоқ ҳам қийин.
Ҳозирги маданий жаллодлар ҳатто
Аввал узр сўраб, сўйишар кейин

АҚШ. Хьюстон, . 31.07.2015.

 

054

Abdulla ORIPOV,
IYUL   SHE’RLARI
05

ODAT

Bir xalqda g’alati odat bor ekan:
O’lganlar azizu tirik xor ekan.
Sevgan odamiga tilarkan ajal,
O’tgach, ulug’lashga intizor ekan.

01.07.2015

HAYOT

Hayot, seni ulug’lay nechun?
Ko’zim ochiq, emasman garang.
Senda shafqat yo’qdir men uchun,
Ijarangda yashayman arang.

Hayot, seni ulug’lay nechun?
Qalbga nimang ilhom solgaydir.
Uydan chiqsam, izimdan har kun,
To’rtta ishsiz qarab qolgaydir.

Hayot, seni ulug’lay nechun?
Yerga urding ochiq, oshkora.
Endi loshim nimtalab butun,
Tashlamasang itlarga zora.

02.07.2015


IMKON

Bu gaplar bor edi Marksdan avval,
Ya’ni, qorni ochu va qorni to’qlar.
Mayli, yumshatayin tashbehni sal-pal,
Imkoni borlaru imkoni yo’qlar.

Iskandar Maqduniy imkoni sabab,
Borib yetgan edi Badaxshonga to.
Oddiy odamni-chi, kaltaklab, haydab,
Uydan chiqarish ham mushkul, muammo.

Imkoni bor ekan, Temurdayin zot,
Jahonning yarmini oldi ro’yi rost.
Imkoni yo’qni-ku, siylamas hayot,
O’sha eski hammom, o’sha eski tos.

Balxning sahrosida hazrat Beruniy,
O’tin yig’ar edi yilda ikki bor.
Majbur qilar edi imkoni shuni,
Qolgan barcha vaqti ilmga nisor.

Imkoning kelibdi, omad yo’liqib,
Qoshingda Hotam ham ko’krak kerolmas.
Kimdir hayitda ham bozorga chiqib,
O’g’liga xo’rozqand olib berolmas.

Imkon deganlari ulug’ kuch g’oyat,
Eplagan insonga uchrar u ko’proq.
Unda tilsim mavjud, bordir sinoat,
Arslonning mo’yiga tegishma biroq.

Xudoyim meni ham qo’llab bir zamon,
Benasib qilmadi ilmu ziyodan.
Imkon-chi bermadi, yo’q boshqa najot,
O’tdim qo’l-oyog’im bog’liq dunyodan.

04.07.2015

KO’PRIK

Chegarada,
Ko’prik ustida,
Turar edi mag’rur bir inson.
Gap uqtirar balki do’stiga,
Nabirasi esa yonma-yon.

U bir zamon ajdodlar topgan
Xudolarga o’xshab ketardi.
Egniga sher terisin yopgan
Pahlavondek o’zin tutardi.

Ko’zlarida yonardi nafrat,
Ovozida qahr, qaldiroq.
G’azab bilan so’zlardi faqat,
Yosh oqardi ko’zidan biroq:

– Ellar aro qo’ymish chegara,
Iblislarga qolmish bu olam.
Shu ko’prikning ortiga qara,
Katta dunyo bor edi, bolam.

Ular bizni kamsitdi har vaqt,
Ular uchun yo’q edi Xudo.
Sayohatning o’zi-ku bir baxt,
O’shandan ham qildilar judo.

Davring keldi endi bolajon,
G’oliblarning safiga kirgil.
Seniki ham axir bu jahon,
Ikki zotning biridek yurgil.

Nabira der: – O’zgardi dunyo,
Ko’ring, olam bo’yoqlarini.
Bobo tirik turardi, ammo
Sindirishgan oyoqlarini.

05.07.2015

TAYAMMUM

Fasllar galma-gal almashar sekin,
Yomg’ir yoqqan joyga bir kun yog’ar qor.
Ajoyib voqea bo’lardi lekin,
Mening naslimdan ham chiqsa amaldor.

Avval boshlanardi menga xushomad,
Jahonda kam deya siz kabi zo’rlar.
Satringiz Firdavsiy she’ridan baland,
Asl shajarangiz Amir Temurlar.

Qarab o’tirmasdim mening o’zim ham,
Mayli, Barchin uchun ko’kda tursin oy.
Og’zaki ijodga ko’rsatib karam,
Quyoshning otini qo’yardim Qultoy.

Shaksiz ma’qul bo’lar men neki dedim,
Kuchim yetajakdir har qanday ishga.
Eng avval, erinmay o’rgatar edim,
Kazo-kazolarni salom berishga.

O’zingni kamtarin tutmoqlik nechun,
Do’lana dardida chiqding-ku toqqa.
O’sha urug’ingning hurmati uchun,
Nomingni qo’yishar birorta boqqa.

Inson forig’ emas bundayin hisdan,
Ataylab etmasman uni tarannum.
Axir tonib bo’lmas ushbu hadisdan:
Kimki suv topmasa qilgay tayammum.

7.07.2015

YANGI ASR MANZARASI

Yeganning og’ziga termulib turmoq,
Eng qabih kamsitish insonga doim.
Tamshanib o’tirgan bolani ko’rmoq,
Yaxlit malomatdir, asra Xudoyim.

Hamma bir-biriga boqar shukuhsiz,
Tegrasin ko’rmaydi, yumuqdir ko’zi.
Ulkan yaylovdagi qalbsiz va ruhsiz
To’dadan iborat go’yo yer yuzi.

Unutib qo’ygandir zaminni samo,
Balki inson uchun u ham abasdir.
Birovga yaxshilik qilmaslar aslo,
Yomonlik qilmasa shu o’zi basdir.

Shamollar yelmaydi na Sharq, na G’arbdan,
Ufurmas gullarning atri-nafasi.
Ellaru elatlar charchagan harbdan,
Har yonda alam va zabunlik sasi.

Cherkov qo’ng’irog’i jarangi tinmas,
Har tong minoradan taralar azon,
Ularning borligi lekin bilinmas,
Bepoyon yaylovda kezadi inson.

09.07.2015

G’ALATI ODAMLAR

Noloyiq kimsaning sug’orib otin
Bu ishni behuda savob degaysan.
U darhol eslatar kimligin, zotin,
Mutlaqo sababsiz qamchi yegaysan.

Boshqasi ko’rolmas, deylik, buyumni,
Balki arzimaydi bir pulga hatto.
Qaydan olgansan deb yangi kiyimni,
Yechintirib qarar shiminggacha to.

10.07.2015

O’KINCH

Bir vaqtlar tug’ilgan joyim bor edi,
Uchsam qo’nadigan ishonchli oshyon.
Men uchun hamisha iftixor edi,
Bugun begonadir menga u makon.

Mehr ila muhabbat, hurmat, oqibat,
Bilmadim, qaygadir bo’lmishlar g’oyib.
Tepalik bag’rida ko’rinar faqat,
Otam va onamning qabri mung’ayib.

11.07.2015

AJAB

Tomosha ko’rmadim bundan ham ajab,
Kundan ham ajabdir, tundan ham ajab.
Internet osmondir havoga to’lgan,
Nafas olma derlar shundan ham, ajab.

12.07.2015

ME’YOR

Insonning qalbida bor shunday tuyg’u,
O’zgarmas milyon yil o’tsa ham lekin.
Tupkanning tubi der o’zga yurtni u,
Chekka qishloqlardir Dehli yo Pekin.

O’sha xorijlik ham seni eslab goh,
Jilmayib qo’yadi atayin, bot-bot.
Deydi: – Odamlarni uchratdik nogoh,
O’sha joylarda ham bor ekan hayot.

Oqillar me’yorni bilganlar har choq,
Lof gapni suymagan haddan ziyoda.
Unutma, birodar, sendan ortiqroq
Maqtanchoq kaslar ham ko’pdir dunyoda.

13.07.2015

NUH KEMASI

Ummonda kezadi bir kema hanuz,
Ming yilkim, charchamas, tolmas egasi.
Yiroq sohillardan uzmaydi hech ko’z,
U najot timsoli, Nuhning kemasi.

Men ham shu kemada suzarman borho,
Ko’rgayman, ne bo’lsa peshonasida.
Boshqa hamrohlardan farqim yo’q aslo,
Men faqat kemaning yukxonasida.

18.07.2015

FE’L

– Bir umr to’sding-a mening yo’limni,
Sira erinmading, qoyilman, ko’ppak.
– Nega erinayin? Itlik fe’limni
Axir men namoyon etmog’im kerak.

18.07.2015

TUG’MA NODON

Ba’zi suhbatdoshning o’y-fikri g’alat,
Yashirib o’tirmay, ochiq-oydin der:
– Bosh vazir ekanlar Navoiy hazrat,
Nega shunday odam yozib yurgan she’r?

Savollar chulg’aydi uni galma-gal,
Miyasi to’ladi mubham tutunga:
– Bobur vazir emas, shoh ekan tugal,
Nima kerak bo’lgan she’r yozish unga?

Bunday suhbatdoshdan asrasin Xudo,
U tug’ma nodondir, aslini bilsam.
Gar Vatan haqida so’z ketsa hatto,
Qancha beradi der, himoya qilsam.

19.07.2015

07

IMTIHON

Sen Vatan haqida berma ko’p savol,
Lof urma Vatanning muhabbati deb.
Uni mansab kabi aylama xayol,
Yoxud ma’ruzangga emasdir u zeb.
Vatan tanangdagi jondir, qondir bu,
Vatanni sevmoqlik imtihondir bu.

Bu ulug’ sevgida ilohiylik bor,
Vatanni chin farzand faromush etmas.
Menga o’z tuyg’umni o’rgatma zinhor,
Inchunin, kibrning bozori o’tmas.
Rost gapni yolg’ondan farqlar ondir bu,
Vatanni sevmoqlik imtihondir bu.

Asl qahramon kim yorug’ dunyoda?
G’oyasin ta’maga almashmagan zot.
Chug’urchuq ko’paysa haddan ziyoda,
Burgut bo’lib yashash oliy mukofot.
Qul ham yurtin sevsa shohdir, xondir bu,
Vatanni sevmoqlik imtihondir bu.

Garchi ko’hna zamin umum makondir,
Insonning har joyda yonsin chirog’i.
Mo»jaz bo’lsa hamki, kulbang oshyondir,
Ona dargohidek uning quchog’i.
Sen uchun poyonsiz kahkashondir bu,
Vatanni sevmoqlik imtihondir bu.

Azal musofirdir dunyoda odam,
Ruhim garchi sobit, muallaq tanim.
Bir umr qo’yningda muqim tursam ham,
Sog’inib yashadim seni, Vatanim.
Mehr bir, nafrat ham bir tomondir bu,
Vatanni sevmoqlik imtihondir bu.

Mayli suymasinlar meni g’animlar,
Yo’limni to’ssinlar raqiblar hatto.
Vatan har qayda ham mayoqdek imlar,
G’ururim yuksalar samogacha to.
Hech kimga berguvsiz dovrug’, shondir bu,
Vatanni sevmoqlik imtihondir bu.

AQSH, Xyuston. 24.07. 2015 yil

BAXILLIK

«Men!» deb bong urasan shomu saharda,
Go’yo haqqoniydek aytar so’zlaring.
Hammani bir xilda ko’rsang agarda,
Teshilib qolarmi sening ko’zlaring.

Yo’lning chekkasida majruh bir inson,
Madad so’rab turar sendan ehtimol.
Mabodo uzatsang unga parcha non,
Qo’llaring mayishib, bo’larmikan shol.

Qarshingda turibdi yosh bir iste’dod,
Balki olamshumul bo’lajak daho.
Bir og’iz so’z aytib, bersang gar imdod,
Tillaring kesilib qolgaymikan yo?

Bir siymo ilmning bo’lmish sardori,
Balli, el-yurtiga olib kelmish shon.
Sen uni qutlasang ko’plar qatori,
Chiqib ketarmikan tanangdagi jon.

Afsuski, yaxshilar tortadi kulfat,
Yomonlar g’olibdir, yotar qalashib.
Yo’qdir bundaylarda zarra fazilat,
Inson nomin olgan ular adashib.

AQSH, Xyuston. 24.07. 2015 yil

 

ATLANTIKA

Qush ham o’tolmaydi Atlantikadan,
Axir ucholmaydi muttasil bir oy.
Xabar tarqasa-chi, manov chekkadan,
Daqiqa yetarli bunga, hoynahoy.

Men orzu qilardim, butkul jahonda
Tumandek tarqasa ko’ngil g’ashlari.
Sado berib tursa har ikki yonda
Billur qadahlarning jaranglashlari.

Men orzu qilardim, inson nafasin
Har qayda his qilsang yuzga tekkudak.
Bu yonda aytilgan ona allasin
U yonda eshitib tin olsa go’dak.

Men orzu qilardim, bepoyon ummon
Ko’prikdek yelkasin tutib tursa jim.
Olis Samarqandda yangragach azon
Sajdaga bosh qo’ysa dallaslik muslim.

Orzuni olmadim aslo osmondan,
Bugun xayol emas qutlug’ safarlar.
Qushlar uchib o’tsin mayli ummondan,
Faqat tarqamasin noxush xabarlar.

AQSH. Xyuston 25.07.15

OSIYOLIK

Osiyolik do’stim, boringga shukur,
Ajib suhbatdoshsan, tenggi yo’q hamroh.
Sodda fe’ling ko’rib, topaman huzur,
G’alati o’yinlar ko’rsatasan goh.

O’ziga buyursin har kimning ta’bi,
Chorbozor emas bu – amaking qurgan.
O’zingni urasan shabko’r qush kabi,
Oldingda odam bor – navbatda turgan.

Bunda tartib mavjud, bunda bor tenglik,
Xohlabsan, to’lqinda ko’milaman deb.
Ummon barcha uchun yetarli kenglik,
Talashma, men oldin cho’milaman deb.

Biroq ko’z yosh ko’rsang saqlaysan sukut,
Qo’shilib yig’laysan, o’kinchga to’lib.
Nogahon yo’lingda uchrasa tobut,
Izidan ketasan azador bo’lib.

Osiyolik do’stim, sharqlik birodar,
G’oyat samimiysan, misli bolasan.
Lekin do’xtirlarni uchratsang agar
Navbatga qaramay, qochib qolasan.

AQSH. Xyuston, 25.07.2015

OSMONDAGI ZILZILA

Uchardik olis yurtga,
Bulutlar ko’p, yaltiroq.
Daf’atan samolyotni
Tutib qoldi qaltiroq.

Bezgakka o’xshab ketar,
Yoxud zilzila kabi.
Biz derdik: — Subhonollox,
YO Yaratgan, yo Nabi.

Bir kampir uchuvchini
Qarg’ab, go’yo tig’lardi.
Kalima qaytarolmay,
Men ham shu, — deb yig’lardi.

Tinimsiz derdi bir chol:
-Gunohlarga botganman.
Haj qilgani borganda,
Ul-bul narsa sotganman.

Uchardik olis yurtga,
Bulutlar ko’p, yaltirok.
To hanuz samolyotni
Quyvormasdi qaltiroq.

Bir olim g’o’ldirardi:
-Xudo, holimga boqqin.
Hay attang, ko’p yedim men
Talabalarning xaqin.

Qandaydir tanqidchi ham
Bor edi bu salonda.
O’lim-ku barhaq, lekin
Vahimasi yomon-da.

U derdi: — Kun ko’ray deb,
Qorani ham oqladim.
O’zimga hech yoqmagan
Kitoblarni yoqladim.

Faqat bitta bolakay,
Qorako’z, ozg’in, nimjon.
Onasiga biqinib,
-Qo’rqmang, — derdi, ayajon.

Talvasa o’tib ketdi,
Tinchlandi samolyot ham.
Xudoga ming shukur deb,
O’tirar kampir xurram.

Bozorchi hoji hamon
Qovrilardi hislarda.
Derdi: — Tijorat mumkin,
Aytilgan hadislarda.

Olimning-chi tinchi yo’q,
Alanglab turar ko’zi.
Derdi: -Netay, talaba
Keltirib berar o’zi.

Tanqidchi ochiq-oydin
Talmovsirar, tushmay past:
-Maqta, deb qo’yishmaydi,
Adiblar shuhratparast.

Samolyot uchib borar,
Bosilgandi hayajon.
Faqat qorako’z bola
-Qo’rqmang, — derdi, ayajon.

AQSH. Xyuston, 26.07.2015

BAYOT

Qo’ling ochiq ketma dunyodan, jo’ra,
Bir o’tov, to’rt echki mayli bisoting.
Har kimga mingashib yurgandan ko’ra,
Qirchang’i esa-da bo’lsin o’z oting.

Balki tortinchoqdir farzand — arjumand,
Do’stlar ham ko’kdagi qushlarga monand.
Biri novvot bo’lsa,birovi-chi qand,
Ular bor- shirindir taxir hayoting.

Olis safarlarda yolg’iz qolsang ham,
Umidsiz o’ylarni dilga solsang ham.
Madorsiz yiqilib, butkul tolsang ham,
Elu yurt bo’lgaydir sinmas qanoting.

O’kinma, lafzi yuq nomardni ko’rib,
Muttasil aldaydi yoningda turib.
Nodonlar yursalar davronin surib,
Chidaysan bariga, bordir saboting.

Sening boshqalardan farqing yo’q aslo,
Cen ham bandadirsan bandalar aro.
Bir kun orzularing chorlasa ammo,
Boshlab borg’usidir she’ring — bayoting.

AQSH. Xyuston, 27.07.2015

YUK

Zamin der: – Insonni atarlar buyuk,
Lekin u men uchun emasdir suyuk.
Tirigi bo’ynimga minib olgandir,
Hatto o’lgani ham yelkamdagi yuk.

AQSH. Xyuston, .28.07.2015.

AKTYOR

Eriga nozlanib derdi bir xonim:
– Bilib qo’y, san’ating mening xam shonim.
Uyda ko’p aktyorlik qilaverma, bas,
Bir kun odam kabi yashagin, jonim.

AQSH. Xyuston,  28.07.2015.

TO’FON

Necha bor aytdilar,bu dunyo o’tar,
Payt kelib, o’zga bir olamlar kutar.
Vo ajab, ufqda to’fon ko’rindi,
Shoshil, dushmanlikni oradan ko’tar.

AQSH. Xyuston, .28.07.2015.

UMMON QOSHIDA…

Yigitlik yoshida bo’lsaydim agar,
Sen kabi solardim balki g’alayon.
U kunlarda bo’ldim tutqindan battar,
Yurtdan chiqarmasdi bizlarni zamon.

Endi men uchun ham ochiqdir dunyo,
To hanuz qalbimda bordek jur’atim.
Mana men qoshingda turibman, ammo
G’alayon solishga yetmas qudratim.

AQSH. Xyuston, . 31.07.2015.

DIALOG

 – Otang bilan onang hayotmi, ukam?
– Ular yuribdilar salomat, o’ktam.

– Senga qilmadimi do’stlar xiyonat?
– Hozircha, o’rtada bordir diyonat.

– Qiynab qo’ymadimi turmush va ro’zg’or?
– Oila qurishga hali vaqtim bor.

– Aytgin, eng muhimi, sog’misan axir?
– Shukur, nolimasman sog’likdan taqcir.

– Omad o’zi senga boqqan ekan zab,
Ukam, endi menga o’rgatmagin gap.

AQSH, X`yuston. 31.07.2015 

UZR

Hangoma ko’p uchrar hayotga doir,
Keksa bir qalamkash odam bor edi.
Sizga ko’p yomonlik qilganman, shoir,
Kechiring, uzrimni so’rayman, dedi.

Balki rahmat deysan shunisiga ham,
Gunohin bo’yniga olmish-ku inson.
Sen gugurt chaqqanda yonsayu olam,
Uzringdan ne foyda, ey so’qir, nodon.

Attangki, qaydadir noshud shifokor
Kimningdir dilbandin ayladi nobud.
Unga uzrlarning ne keragi bor,
Qo’lma-qo’l ketmoqda kichkintoy tobut.

Siz mening umrimni qildingiz ado,
Turfa puchmoqlardan bo’lgan hujumlar.
U temir panjalar yurakni borho
Anorni siqqandek, ezib g’ijimlar.

Kun-bakun taraqqiy etmoqda dunyo,
Nogoh odamkushni topmoq ham qiyin.
Hozirgi madaniy jallodlar hatto
Avval uzr so’rab, so’yishar keyin.

AQSH. Xyuston, . 31.07.2015.

054

(Tashriflar: umumiy 8 432, bugungi 4)

2 izoh

  1. Ҳамма замонда даҳо даҳолигини, авом авомлигини қилади. Абдулла Орипов шеърларининг ижобий маънода «даҳшатли»лиги уларнинг ҳикматга йўғрилганида! Йигитлик чоғидаёқ Тилла балиқча ва Митти юлдуз ҳақидаги топилмалари билан миллатга ҳайрат улаша олган шоирдан ҳикмат фаслида бундан ҳам яхшироқ шеърлар кутишга ҳақлимиз, менимча…

  2. Абдулла Орипов… Уни танимайдиган, унинг шеърларидан хеч булмаса икки мисра ёд олмаган ватандошимиз булмаса керак. У жуда таникли шоир. Аммо негадир унинг бугунги ижодида хаётдан норозилик нафаси сезиляпти. Кайдам…

Izoh qoldiring