Тоғай Мурод таваллуд топган кунга 60 йил тўлди
Елкасига пахталик нимча ташлаган дотсент Обидович, ёниб бўлган ўт чўғида кўмилган картошкаларни учи қорайиб куйган косов билан кавлаб, тинмай сигарета чекади. Чўғ тафтидан юзлари қизариб кетган бу салобатли, катта одамнинг қаршисида ийманиб, ориқ қўлларини қовуштириб, йигирма ёшлардаги мўйловли йигит — Рахимжонов ўтирибди.
Тоғай Мурод
КУЗНИНГ БИР КУНИДА
Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999).Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1994). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1972). Биринчи йирик қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» (1976). «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалари нашр этилган. «Отамдан кюлган далалар» (1993, ушбу асар асосида бадиий филм яратилган, 2001), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Елкасига пахталик нимча ташлаган дотсент Обидович, ёниб бўлган ўт чўғида кўмилган картошкаларни учи қорайиб куйган косов билан кавлаб, тинмай сигарета чекади. Чўғ тафтидан юзлари қизариб кетган бу салобатли, катта одамнинг қаршисида ийманиб, ориқ қўлларини қовуштириб, йигирма ёшлардаги мўйловли йигит — Рахимжонов ўтирибди. Ҳамиша талабалар даврасида бўладиган Обидовичнинг бугун ёлғиз, мунис ўтириши Раҳимжоновни ажаблантирди. Пешонаси тиришиб, устма-уст сигарета чекаётганларини кўриб эса домланинг кайфияти ёмон, жуда ёмон, деган хулосага келди. У, Обидовичнинг олдида тортиниб, кўзларини пирпиратиб, қобиғи қорайиб куяётган картошкаларга тикилиб ўтирди. Обидович ҳар қанча чекмасин, бари-бир кечадан буён кийнаётган туйғулардан қутулолмади. Эҳ, ҳаёт бераҳмдир, бераҳм, деди ичида.. Ўзига, қолаверса, Раҳимжоновга завқ бағишлайдиган бирор қизиқ гап ўйлади, тополмади. Кечаги ёмғирдан ҳўл пахтазорга қаради. Хўрсиниб, бош ирғаб қўйди. Туриб, лабига янги сигарета қистирди-да, пахтазор оралаб кетди. Бир чангал пахта териб яна қайтиб кедди. Кафтидаги оппоқ толаларда йилтираётган ёмғирнинг охирги томчиларига, сўнг шийпон олдида ўсма қўйиб ўтирган қизларга қаради.
— Кўряпсанми қизларнинг ўсма қўйишини. Ўсмани ўзлари учун қўяди, деб ўйлайсанми? Йў-ўқ, сен
учун, ҳаммаси сен учун, йигитлар учун. Ҳаёт шунақа,
гўзал… — деди.
Раҳимжонов дотсент Обидовичнинг гапидан завқланиб кетди. Уялган боладай бошини чапга сал қийшайтириб, тобора қорайиб бораётган чўққа тикилганича жилмайди. Буни кўрган ва ҳис қилган Обидович унга биргина бўлсаям завқ бера олганидан қувониб, кулимсйради. Ҳали ювилмаган бир пақир картошка кўтариб ошхонага бораётган йигитга:
— Миркарим, болаларни кечаги жойга олиб бор, энди терса бўлади, — деди.
Йигит ҳўл қўлини олдига тутиб олган этакка артиб, хўп, деди-да, йўлида давом этди.
— Сен, Раҳимжонов ука, қолгин, иш бор.
Талабалар бир-бирларини қувлашиб оппоқ далаларга қараб кетдилар. Обидович шошмасдан картошкаларни арчиб, мис товоққа солди.
— Ҳў-ўш, қалай, зерикмаяпсанми, ишқилиб?
— Йўғ-э, домлажон, келганимизга бор-йўғи уч кун бўлди-ю.
— Қеча қанча тердинг?
— Ўн беш кило.
— Маза йўқ-ку. Болалар икки юз, юз килолаб терибди.
— Биза, энди, домлажон, пахта териб кўрмаганмиз-де…
— Ҳа, майли. Қўлдан келганича териш керак. Укаларинг кўпми? Опаларинг…
— Тўртта укам бор. Опамла ҳаммаси эрга чиқиб кетишган.
— Уйланганмисан? Йўқ? Ҳа, яхши, ҳали биринчи курссан. Анча оғир бўлади. Ма, картошкани е.
— Йўқ, раҳмат, домлажон. Жа-а, тўйиб турибман, ўзийиз енг, раҳмат.
— Олсанг-чи, ҳаммамиз ҳам тўйиб турибмиз. Бу ширин бўлади, ол.
Раҳимжонов бир қўлини кўксига қўйиб, Обидовичнинг қўлидан картошкани олди.
Обидович йигитга ачиниш билан қаради. Жуда раҳми келди унга. Картошкага туз сепаётиб, кўнглига: «Болалар… Укаларимга қарайман, деб бу ҳали ўқишни ташлаб кетмасайди», деган гап келди. Ҳозир бор гапни айтмоқчи, кеча штабдан олиб келган телеграммани кўрсатмоқчи бўлди. «Ҳозир айтсам. Бу ҳали бола бўлса. Бирдан миясига таъсир қилса… кейин нима бўлади?» У ўйлаб-ўйлаб, бу гапни ҳозир айтмасликка қарор қилди. Яна ўйлаб ўтириб, умуман, айтмайман, деган хулосага келди. Шунда Обидович онаси бечорани эслаб, кўнгли бузилиб кетди. Ўрнидан кескин туриб, сигарета чека бошлади. Кичкина кўк автобусга ишора килиб, бирор иш буюрилишини кутиб турган Раҳимжоновга:
— Этакларни қолдириб, машинага чиқ. Бир жойга бориб келасан, — деди.
Раҳимжонов, Обидович кутгандан ҳам эртароқ автобусга чиқди. Иккалови ёнма-ён ўртароқдаги ўриндиққа ўтирди. Обидович автобуснинг очиқ деразасига тирсагини қўйиб, йўл четидаги пахтазорга қараб кетди. Ўзини қанча бошқа фикрлар билан овутмасин, бари-бир онаси кўз олдидан кетмади… Обидовичнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди, қириниб йўталди, кўзларига ёш келганини билмай қолди.
Киссасидан рўмолчасини олиб, шунчаки юзларини артаётган кишидай кўз ёшларини артди.
Раён марказидаги автобус бекатига тушдилар. Раҳимжонов устма-уст сигарета чекаётган Обидовичга эргашиб кетаверди. Шаҳарга борадиган автобусни суриштирдилар: яна икки соатдан кейин келар экан. Улар бир четдаги узун ўтирғичга ўтирдилар. Обидович айтмасликнинг ҳеч иложини тополмади. Охири айтишга мажбур бўлди:
— Ука, бу дунё шунақа бевафо экан, — деди у хўрсиниб. Бироқ сўзини давом эттирмай, хотиржамлик билан ўчиб қолган сигаретасини яна ёндирди. Жуда сийраклаб қолган сочларини орқага силаб, гапини давом эттирди: — Ука, дунё бевафо экан. Онамиз бечорани эсласам, юрак-бағрим эзилиб кетади. Аммо одам бўлиш фақат онага боғлиқ эмас экан. Бир шоирнинг гапи борку, она бўла қолгин, менга табиат, дейди. Шундайин, мана, онасиз ўсдик. Замон, табиатнинг ўзи тарбиялади. Табиат бизга она бўлди. Кеча де, Раҳимжонов деган фамилияга бир телеграмма келди. Сенгами, бошқагами, аниқ эмас. Ҳар ҳолда сенга бўлмаса керак, чунки телеграммада исминг йўқ. Иккинчидан, мехматда ҳам шунақа бола бор экан. Чамаси, ўшанга бўлса керак телеграмма. У болани уйига юбордик. Ҳар ҳодда сен ҳам уйингга бир бориб кел-чи… Ишонаманки, сенга эмас бу телеграмма.
Обидович ён чўнтагидан телеграммани олиб унга узатдй. Сўнг, гўё осмонга қараб сигарета чекаётгандай, кўз остидан Раҳимжоновни кузатди. Раҳимжонов телеграммадаги, тез етиб кел… онанг вафот этди, деган -сўзларга анграйиб қараб турди. Кўзлари пирпираб, ерда тўнтарилиб, ўзини ўнглолмай, жажжи оёқларини қимирлатаётган чумолига тикилганича ўйлаб қолди. Шу ҳолича сўзсиз, узоқ ўтирди. Ҳалиям кузатиб ўтирган Обидович: «Шаҳарлик болалар енгилтабиат бўларди. Бу жуда иродали экан, кўзларидан ақалли бир томчи ёш чиқмади-я», деб ўйлади. Обидович, Раҳимжоновнинг сочларини силаб:
— Хўп, хайр, яхши етиб боргин… — деди.
Автобус томонга кетаётиб, орқасига бир қайрилиб қаради-да, яна қайтиб келди.
— Нима, Раҳимжонов ука, буёқдаги нарсаларингдан ташвишланмасангам бўлади. Курсдошларингга тайинлаб қўяман, хўпми? — деди бошини ирғаб ва бутунлай кетди.
Автобус кетди. Раҳимжонов курсдошлари пахта тераётган олис далаларга кетаётган автобуснинг орқа ойнасидан унга ғамгин термилиб ўтирган Обидовичга қаради. Автобус кўринмай кетгандан кейин ўрнидан туриб, касса атрофини узун таёққа супурги боғлаб, чанг чиқармаслик учун авайлаб супураётган чолдан, шаҳарга қандай қилиб телефон қилишни сўради. Чол супуришдан тўхтаб, оғзидаги носни тўда-қўқим ичига туфлаб, шаҳар телеграфининг қаердалигини узоқ тушунтирди. Раҳимжонов чол айтган телеграфни излаб топди. Телеграммани кўрсатиб, отасининг иш жойидаги телефон рақамларини айтди. Икки қулоғига ҳам телефон трубкасини тутиб турган лаблари қип-қизил қизга нажот истаб, ёлворувчи оҳангда бош эгиб, қараб турди.
Қиз бу йигитнинг руҳиятига тушунди. Тезда унга айтган рақамларини олиб бериб, иккинчи хонага югуринг, деди. Раҳимжонов иккинчи хонага кириб, турбкани олди:
— Ада? Сизмисиз? Ман, Акромжонман. А? Ҳа, келди. Жа-а, ваҳима қилиб ёзибсиз, касал десайиз ҳам бўливурарди. А? Ҳа, машина юборинг. Самарқанд автостанцияси бор-ку, ўшатга келиб турсин. Хўп, хайр, хўп…
Раҳимжонов телеграфдан чиқиб буфетга қараб юрди. Буфетдан тамадди қилиб чиққанда оқшом туша бошлаган, жафокаш деҳқон кузининг олтин бир куни тугаётган эди…
1967
Tog’ay Murod
KUZNING BIR KUNIDA
Yelkasiga paxtalik nimcha tashlagan dotsent Obidovich, yonib bo‘lgan o‘t cho‘g‘ida ko‘milgan kartoshkalarni uchi qorayib kuygan kosov bilan kavlab, tinmay sigareta chekadi. Cho‘g‘ taftidan yuzlari qizarib ketgan bu salobatli, katta odamning qarshisida iymanib, oriq qo‘llarini qovushtirib, yigirma yoshlardagi mo‘ylovli yigit — Raximjonov o‘tiribdi. Hamisha talabalar davrasida bo‘ladigan Obidovichning bugun yolg‘iz, munis o‘tirishi Rahimjonovni ajablantirdi. Peshonasi tirishib, ustma-ust sigareta chekayotganlarini ko‘rib esa domlaning kayfiyati yomon, juda yomon, degan xulosaga keldi. U, Obidovichning oldida tortinib, ko‘zlarini pirpiratib, qobig‘i qorayib kuyayotgan kartoshkalarga tikilib o‘tirdi. Obidovich har qancha chekmasin, bari-bir kechadan buyon kiynayotgan tuyg‘ulardan qutulolmadi. Eh, hayot berahmdir, berahm, dedi ichida.. O’ziga, qolaversa, Rahimjonovga zavq bag‘ishlaydigan biror qiziq gap o‘yladi, topolmadi. Kechagi yomg‘irdan ho‘l paxtazorga qaradi. Xo‘rsinib, bosh irg‘ab qo‘ydi. Turib, labiga yangi sigareta qistirdi-da, paxtazor oralab ketdi. Bir changal paxta terib yana qaytib keddi. Kaftidagi oppoq tolalarda yiltirayotgan yomg‘irning oxirgi tomchilariga, so‘ng shiypon oldida o‘sma qo‘yib o‘tirgan qizlarga qaradi.
— Ko‘ryapsanmi qizlarning o‘sma qo‘yishini. O’smani o‘zlari uchun qo‘yadi, deb o‘ylaysanmi? Yo‘-o‘q, sen
uchun, hammasi sen uchun, yigitlar uchun. Hayot shunaqa,
go‘zal… — dedi.
Rahimjonov dotsent Obidovichning gapidan zavqlanib ketdi. Uyalgan boladay boshini chapga sal qiyshaytirib, tobora qorayib borayotgan cho‘qqa tikilganicha jilmaydi. Buni ko‘rgan va his qilgan Obidovich unga birgina bo‘lsayam zavq bera olganidan quvonib, kulimsyradi. Hali yuvilmagan bir paqir kartoshka ko‘tarib oshxonaga borayotgan yigitga:
— Mirkarim, bolalarni kechagi joyga olib bor, endi tersa bo‘ladi, — dedi.
Yigit ho‘l qo‘lini oldiga tutib olgan etakka artib, xo‘p, dedi-da, yo‘lida davom etdi.
— Sen, Rahimjonov uka, qolgin, ish bor.
Talabalar bir-birlarini quvlashib oppoq dalalarga
qarab ketdilar. Obidovich shoshmasdan kartoshkalarni archib, mis tovoqqa soldi.
— Ho‘-o‘sh, qalay, zerikmayapsanmi, ishqilib?
— Yo‘g‘-e, domlajon, kelganimizga bor-yo‘g‘i uch kun bo‘ldi-yu.
— Qecha qancha terding?
— O’n besh kilo.
— Maza yo‘q-ku. Bolalar ikki yuz, yuz kilolab teribdi.
— Biza, endi, domlajon, paxta terib ko‘rmaganmiz-de…
— Ha, mayli. Qo‘ldan kelganicha terish kerak. Ukalaring ko‘pmi? Opalaring…
— To‘rtta ukam bor. Opamla hammasi erga chiqib ketishgan.
— Uylanganmisan? Yo‘q? Ha, yaxshi, hali birinchi kurssan. Ancha og‘ir bo‘ladi. Ma, kartoshkani ye.
— Yo‘q, rahmat, domlajon. Ja-a, to‘yib turibman, o‘ziyiz yeng, rahmat.
— Olsang-chi, hammamiz ham to‘yib turibmiz. Bu shirin bo‘ladi, ol.
Rahimjonov bir qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, Obidovichning qo‘lidan kartoshkani oldi.
Obidovich yigitga achinish bilan qaradi. Juda rahmi keldi unga. Kartoshkaga tuz sepayotib, ko‘ngliga: «Bolalar… Ukalarimga qarayman, deb bu hali o‘qishni tashlab ketmasaydi», degan gap keldi. Hozir bor gapni aytmoqchi, kecha shtabdan olib kelgan telegrammani ko‘rsatmoqchi bo‘ldi. «Hozir aytsam. Bu hali bola bo‘lsa. Birdan miyasiga ta’sir qilsa… keyin nima bo‘ladi?» U o‘ylab-o‘ylab, bu gapni hozir aytmaslikka qaror qildi. Yana o‘ylab o‘tirib, umuman, aytmayman, degan xulosaga keldi. Shunda Obidovich onasi bechorani eslab, ko‘ngli buzilib ketdi. O’rnidan keskin turib, sigareta cheka boshladi. Kichkina ko‘k avtobusga ishora kilib, biror ish buyurilishini kutib turgan Rahimjonovga:
— Etaklarni qoldirib, mashinaga chiq. Bir joyga borib kelasan, — dedi.
Rahimjonov, Obidovich kutgandan ham ertaroq avtobusga chiqdi. Ikkalovi yonma-yon o‘rtaroqdagi o‘rindiqqa o‘tirdi. Obidovich avtobusning ochiq derazasiga tirsagini qo‘yib, yo‘l chetidagi paxtazorga qarab ketdi. O’zini qancha boshqa fikrlar bilan ovutmasin, bari-bir onasi ko‘z oldidan ketmadi… Obidovichning tomog‘iga bir narsa tiqilgandek bo‘ldi, qirinib yo‘taldi, ko‘zlariga yosh kelganini bilmay qoldi.
Kissasidan ro‘molchasini olib, shunchaki yuzlarini artayotgan kishiday ko‘z yoshlarini artdi.
Rayon markazidagi avtobus bekatiga tushdilar. Rahimjonov ustma-ust sigareta chekayotgan Obidovichga ergashib ketaverdi. Shaharga boradigan avtobusni surishtirdilar: yana ikki soatdan keyin kelar ekan. Ular bir chetdagi uzun o‘tirg‘ichga o‘tirdilar. Obidovich aytmaslikning hech ilojini topolmadi. Oxiri aytishga majbur bo‘ldi:
— Uka, bu dunyo shunaqa bevafo ekan, — dedi u
xo‘rsinib. Biroq so‘zini davom ettirmay, xotirjamlik
bilan o‘chib qolgan sigaretasini yana yondirdi. Juda
siyraklab qolgan sochlarini orqaga silab, gapini davom ettirdi: — Uka, dunyo bevafo ekan. Onamiz bechorani eslasam, yurak-bag‘rim ezilib ketadi. Ammo odam bo‘lish faqat onaga bog‘liq emas ekan. Bir shoirning gapi borku, ona bo‘la qolgin, menga tabiat, deydi. Shundayin, mana, onasiz o‘sdik. Zamon, tabiatning o‘zi tarbiyaladi. Tabiat bizga ona bo‘ldi. Kecha de, Rahimjonov degan familiyaga bir telegramma keldi. Sengami, boshqagami, aniq emas. Har holda senga bo‘lmasa kerak, chunki telegrammada isming yo‘q. Ikkinchidan, mexmatda ham shunaqa bola bor ekan. Chamasi, o‘shanga bo‘lsa kerak telegramma. U bolani uyiga yubordik. Har hodda sen ham uyingga bir borib kel-chi… Ishonamanki, senga emas bu telegramma.
Obidovich yon cho‘ntagidan telegrammani olib unga uzatdy. So‘ng, go‘yo osmonga qarab sigareta chekayotganday, ko‘z ostidan Rahimjonovni kuzatdi. Rahimjonov telegrammadagi, tez yetib kel… onang vafot etdi, degan -so‘zlarga angrayib qarab turdi. Ko‘zlari pirpirab, yerda to‘ntarilib, o‘zini o‘nglolmay, jajji oyoqlarini qimirlatayotgan chumoliga tikilganicha o‘ylab qoldi. Shu holicha so‘zsiz, uzoq o‘tirdi. Haliyam kuzatib o‘tirgan Obidovich: «Shaharlik bolalar yengiltabiat bo‘lardi. Bu juda irodali ekan, ko‘zlaridan aqalli bir tomchi yosh chiqmadi-ya», deb o‘yladi. Obidovich, Rahimjonovning sochlarini silab:
— Xo‘p, xayr, yaxshi yetib borgin… — dedi.
Avtobus tomonga ketayotib, orqasiga bir qayrilib
qaradi-da, yana qaytib keldi.
— Nima, Rahimjonov uka, buyoqdagi narsalaringdan tashvishlanmasangam bo‘ladi. Kursdoshlaringga tayinlab qo‘yaman, xo‘pmi? — dedi boshini irg‘ab va butunlay ketdi.
Avtobus ketdi. Rahimjonov kursdoshlari paxta terayotgan olis dalalarga ketayotgan avtobusning orqa oynasidan unga g‘amgin termilib o‘tirgan Obidovichga qaradi. Avtobus ko‘rinmay ketgandan keyin o‘rnidan turib, kassa atrofini uzun tayoqqa supurgi bog‘lab, chang chiqarmaslik uchun avaylab supurayotgan choldan, shaharga qanday qilib telefon qilishni so‘radi. Chol supurishdan to‘xtab, og‘zidagi nosni to‘da-qo‘qim ichiga tuflab, shahar telegrafining qaerdaligini uzoq tushuntirdi. Rahimjonov chol aytgan telegrafni izlab topdi. Telegrammani ko‘rsatib, otasining ish joyidagi telefon raqamlarini aytdi. Ikki qulog‘iga ham telefon trubkasini tutib turgan lablari qip-qizil qizga najot istab, yolvoruvchi ohangda bosh egib, qarab turdi. Qiz bu yigitning ruhiyatiga tushundi. Tezda unga aytgan raqamlarini olib berib, ikkinchi xonaga yuguring, dedi. Rahimjonov ikkinchi xonaga kirib, turbkani oldi:
— Ada? Sizmisiz? Man, Akromjonman. A? Ha, keldi. Ja-a, vahima qilib yozibsiz, kasal desayiz ham bo‘livurardi. A? Ha, mashina yuboring. Samarqand avtostantsiyasi bor-ku, o‘shatga kelib tursin. Xo‘p, xayr, xo‘p…
Rahimjonov telegrafdan chiqib bufetga qarab yurdi. Bufetdan tamaddi qilib chiqqanda oqshom tusha boshlagan, jafokash dehqon kuzining oltin bir kuni tugayotgan edi…
1967 yil