Maxtumquli. She’rlar. Maqsud Asror tarjimalari

002     Атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули — Фироғий 1733 йилда Туркманистоннинг жануби-ғарб томонида, Атрек дарёсига яқин Ҳожиговшон деган жойда ўз даврининг таниқли шоирларидан бўлган Давлатмамад оиласида туғилган. Давлатмамат «Озодий» тахаллуси билан қўшиқ ва ғазаллар ёзган. Махтумқули дастлаб овул мактабида, сўнг Хивадаги Шерғози ва Бухородаги Кўкалдош мадрасаларида олган.  Бизгача «мардлик куйчиси» деб ном олган Махтумқулининг лирик, фалсафий ва насиҳат характеридаги 20 минг мисрага яқин шеърлари етиб келган.

044
МАХТУMҚУЛИ
ШЕЪРЛАР
Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди
03

077
Муҳтож айлама

Қодир Жаббор, сендан тилагим кўпдир,
Сен мени номардга муҳтож айлама.
Хазинангдан бергил, менинг ризқимни,
Бандангни бандангга муҳтож айлама.

Адаштирма, тўғри йўлим эгрига,
Эгрини тенглама, ҳаргиз тўғрига,
Киши моли насиб этмас ўғрига,
Ҳалолни ҳаромга муҳтож айлама.

Номард кўпригидан ўлсам, ўтмасман,
Карвон бўлсам, ҳалол ишдан қайтмасман,
Қўлидан бир коса шароб ичмасман,
Ўнг қўлни чап қўлга муҳтож айлама.

Яхши ният, сендан тилагим кўпдир,
Аччиқ сўзлар тилдан чиққан бир ўқдир,
Туққаннинг туққанга баҳоси йўқдир,
Оғани, инига муҳтож айлама.

Махтумқули, Ҳақдан тила, борини,
Тилар бўлсанг, тила, ўз имонингни,
Обод айла, икки кўзим нурини,
Ўнг кўзим чап кўзга муҳтож айлама.

Ёғийдир, ёғий

Дунё, душман турар, ғофил одамзод,
Мол билан овлади, ёғийдир, ёғий.
Ўн саккиз минг дерлар, кулли оламни,
Гуноҳи, фасоди ёғийдир, ёғий.

Қул, қорабош молинг, отинг, эшагинг,
От, яроғ-асбобинг, тўнинг, тўшагинг,
Севгили хотининг, ўғлинг-ушоғинг,
Дунёнинг бор зоти ёғийдир, ёғий.

Дунё бир саройдир – соз билан суҳбат,
Сипоҳига – дасгоҳ , шоҳларга шавкат,
Шоҳлардан айланса аркони-давлат,
Бариси айланди, ёғийдир, ёғий.

От қариса қолар, тўйдан, байроқдан,
Бўри тишдан қолар, бургут тирноқдан,
Бойлар паст кўринар қулдан, қирноқдан,
Бандиси, озоди, ёғийдир, ёғий.

Қабрда ёрилар бағринг пудаги,
Жонингга балодир ҳассоси-соғи.
Йигитлик мавсуми етишган чоғи,
Тегса хазон боди, ёғийдир, ёғий.

Махтумкули, ҳақиқатдан суз сўзинг,
“Ўнг кўзимсан” десанг, тирнар чап кўзинг,
Мосувони ташлаб, қўйгил мижозинг,
Бир Ҳақдан ўзгаси ёғийдир, ёғий.

Дунёдир

Эй ёронлар, мусулмонлар,
Келиб-кетмали дунёдир.
Қурби етган мард йигитлар,
Тўкиб-сочмали дунёдир.

Ҳеч ким бунда тутмас ўрин,
Соғликда, тўкиб-соч барин,
Бунча йиғнаб, нетди Қорун,
Тўкиб-сочмали дунёдир.

Бу дунёнинг ғамин ерсан,
Одам ўғли, бил, ўларсан,
Пар тўшакни қаттиқ, дерсан,
Ерни қучмали дунёдир.

Зулм ёғар бошларингга,
Оғу қотар ошларингга,
Бунда этган ишларингга,
Ҳисоб бермали дунёдир.

Махтумқули, ўқиб Қуръон,
Худодан тилагин иймон,
Ҳар йигит ўлса, бенишон,
Ўрни ўчмали дунёдир.

Ҳолимга менинг

Карам айла, ё Раб, қудратли Субҳон,
Ғариб, ғамгин кечган ҳолимга менинг.
Ақлим ҳайрондадир, дилда пушаймон,
Билмасликда кечган солимга менинг.

Маҳшарда бўлмасанг Сен менга далда,
Ё Раб, нечук бўлар ишим шу ҳолда,
Имоним юкини етказган йўлда,
Йўлтўсар қўймагил, йўлимга менинг.

Дин қиличин урсам, танда зўрим йўқ,
Муҳтожга нон берар, қўлда зарим йўқ,
Фақирманам, сендан ўзга ёрим йўқ,
Бир тасалли бергин, кўнглимга менинг.

Истаса, тенг тўшлар бошга олтин тож,
Фақирлик мулкидан менга бергин бож,
Ё Яратган, номардга этма муҳтож,
Тилагим, дуч этма, золимга мени(нг).

Ожизманам, сендан ўзга кимим бор,
Ўз берган жонингга жабр этма, Жаббор,
Махтумқули айтар, карамли Ғаффор,
Боқма, қилганимга, феълимга менинг.

Одамзод

Ётса-турса хаёлидан чиқармас,
Қай бир ишга мойил бўлса одамзод;
Ғарибликнинг ғами кўнглин чўктирмас,
Аёл истаб, сайил қилса одамзод.

Гуноҳдан қўрқмаган юзи қорадир,
Бунинг аниқ куни рўзи жазодир,
Бу дунё мулкида султондир, шоҳдир,
Қисматига қойил бўлса одамзод.

Ҳар киши ҳам сўз маъносин тушмандир,
Бу бир дарддир, анга дармон душмандир,
Қиёматда топгани пушаймондир,
Ҳақ ишига коҳил бўлса одамзод.

Кўнглинг урса ҳар иш кўзга ўнг тушар,
Дунё юзи мол келганда танг тушар,
Жоҳилликда ўтган ишлар кенг тушар,
Қирқда нафсга мойил бўлса одамзод.

Олса ақлинг, бу дунё бир нозанин,
Дунё эмас, сенинг ўзинг душманинг,
Махтумқули, яхши кўрар қилмишин,
Қирқ ёшдан сўнг жоҳил бўлса одамзод.

Қилгин намозни

Одам ўғли, сенинг юрагинг дарддир,
Айланиб, ўргилиб қилгил намозни.
Бу дунё дегани – ҳанги эшакдир,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Намозинг ўқисанг, гўё пир каби,
Ўтириб-туришинг олғир шер каби,
Ёлғончининг моли ўтар сел каби,
Айланиб, ўргилиб, қилигил намозни.

Завқ дея, бўккунча емагил, ичма,
Бошингга тош ёғса, беш вақтдан кечма,
Олдингда тамуғ бор, ёлғонга учма,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Бу ерда тухумни сочаринг билгин,
Аллоҳга тан бериб, битарин билгин,
Ёлғончи беш кундир, ўтарин билгин,
Айланиб, ўргилиб, қилгин намозни.

Махтумқули, сендан жавоб сўралар,
Бунда берилганлар, унда олинар,
Қиёмат-маҳшар кун кўприк солинар,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Бу ишни

Банда, сен бад ишга ботирлик қилма,
Олдингга қўярлар ул кун бу ишни.
Нафсга уйма, шайтон йўлига кирма,
Хижолатга қўяр, билгил бу ишни.

Нафсинг айтар: “Ургин, ҳар иш ҳузурдир!”
Жонинг айтар: “Ҳай-ҳай, Тангри ҳозирдир,”
Сен кўрмассан, Ул-ҳо сенга нозирдир,
Уялгин, иймангин, қўйгил бу ишни.

Бир йўлда гуноҳ бор, бир йўлда савоб,
Аросатда сендан сўрарлар жавоб.
Ҳалолга – ҳисоб бир, ҳаромга – азоб,
Шаки йўқдир, ёдга солгил бу ишни.

Умрингнинг кечгани ёздир ҳар соат,
Не бўлар бу ёзда айласанг тоат?
Савобга шодлик бор, айбга – хижолат,
Бўйнингга олмагин, келгил, бу ишни.

Бошинг кўкка, кўксинг елга кўтарма,
Кўнглингнинг кўркига чўлни етирма,
Юракда йўқ сўзни тилга келтирма,
Ихлос қулоғига чалгил бу ишни.

Мусофирсан, муқим ишинг қурарсан,
Бебақо дунёда қанча турарсан,
Бунда не иш этсанг, анда кўрарсан –
Яхшидир, ёмондир, кўрар бу ишни.

Шайтон айтар: “Ширин ишдир азагўй!”
Раҳмон айтар: “Нафс умидин узагўй!”
Махтумқули: “Тур, қўлингни кўзга қўй,
Агар туза билсанг, қилгил бу ишни!”

“Тургил” дедилар
(Tуш)
033

Бир кеча ётардим, туннинг ярмида,
Тўртта отлиқ келиб: «Тургил» дедилар.
“Хабардор қиламиз фурсат жойида,
Шул жойда эрлар бор, кўргил!” дедилар.

Назарим етишгач шу тўрт мардона,
Кўнгил жўша келди, бошим гардона,
Орасидан шунда икки девона:
“Турмасингдан, анда боргил!” дедилар.

Шул икки девона тутди қўлимдан,
Етаклаб кетдилар ётган ўрнимдан,
Бир ишорат бўлди анинг биридан,
“Сайронда борибон тургил!” дедилар.

Ўлтирдик, келди икки пирзода,
Кўзидан ёш оқар, дили дуода,
“Ҳув, Ҳақ!” дебон чекди олти пиёда,
“Одам энди келар, кўргил!” дедилар.

Тўртта отлиқ келди, бари сабзабоз,
Асолари яшил, оти қирғий, боз,
“Мажлис ҳалқасини қурманг бўйла оз,
Одам кўпдир, кенгроқ олгил!” дедилар.

Нурдан инди олтмиш отли орифлар,
“Муҳаммад” деб, тамом қарши юрдилар,
Соғлик-саломатлик бир-бир сўрдилар,
“Турманг, улуғ жойга юргил!” дедилар.

Бир отнинг ортига мени бердилар,
Сайронда шул жойга бориб турдилар,
Тамом ўлтирдилар, мажлис қурдилар,
“Ўғлон, менга, ора киргил!” дедилар.

“Алидир!” дедилар, тутди дастимдан,
Бўйра тўшагимни олди остимдан.
Мен билмадим, нима қуйди устимдан,
“Учраган даврондир, сургил!” дедилар.

Ҳайдардан сўрадим барин отма-от,
“Ҳазрати пайғамбар улдир, бўлма ёт,
Ул Салим хожадир, Бобо зурриёд,
Ул Вайсил Қарондир, билгил!” дедилар.

“Ул Баҳоуддин, ул ҳам бир эрдир,
Бири Занги бобо, ул-да номдордир,
Суюнишиб турган тўрт чориёрдир,
Мақсадинг не бўлса, айтгил!” дедилар.

Икки шайх ҳалқадан балқиди офтоб,
“Ўғлонга фотиҳа беринг – деди, соф –
Юз йигирма тўрт минг анбиё, асҳоб,
Бариси шулардир, билгил!” дедилар.

Расулуллоҳ айтди: “Ё Шоҳимардон,
Аё, Салим хожа, ё бобо Салмон,
Абубакир Сиддиқ, ё Умар, Усмон,
Бу қулнинг мақсадин, бергил!” дедилар.

Салим, бобо Салмон буюрди мардга,
Пиёлани тутиб, солдилар дардга,
Кетди ақл-ҳушим, ётдим шу ерда,
“Аршда, фаршда не бор, кўргил!” дедилар.

Ел бўлдим, етишди ернинг томири,
Назарга тўқинди Аршнинг камари,
“Жабруд оламида Жалил сирини –
Келиб, ўзинг қараб, кўргил!” дедилар.

Нени хаёл этсам, қўлга келтирдим,
Қайга боқсам, анга назар етирдим,
Бу ҳол ила мен фароғат ётардим,
Юзимга тупуриб: “Тургил!” дедилар.

Расуллулоҳ айтди: “Асҳоблар, юринг,
Ўғлонни кузатинг, фотиҳа беринг, –
Буюрди; тўрт от-ла, элтиб топширинг,
Уйғонган жойида қўйгил!” дедилар.

Уйғониб, Фироғий кўзин очибдир,
Бошига не кўйлар келиб, кечибдир,
Маст туядек оқ кўпиклар сочибдир,
“Ўғлон, Аллоҳ ёринг, боргил!” дедилар.

Карам истарам

Аввал бошда қодир Аллоҳ,
Сендан бир карам истарам.
Бодом қобоқ, олма ёноқ,
Бир зебо санам истарам.

Тангри бермаса, нетайлик,
Бош олиб қайга кетайлик,
Ўтириш-туриш қилайлик,
Қошлари қалам истарам.

Ҳурмат, иззатга эришган,
Қадр-қимматга талашган,
Шодлик-қувончга ўрашган,
Юзлари кулар истарам.

Йигирма ёш ўтди мендан,
Ҳузур топмадим дунё сендан,
Сўзи ширин, лаби хандон,
Бир боғу чаман истарам.

Фироғий, келдим жаҳона,
Бир ёр бергил, ақли доно,
Тушдим, им билмас нодона,
Бир қадрим билган истарам.

Садо бўлдим

Сандивочу сармастим, баргимдан жудо бўлдим,
Баргимни хазон чалди, қурқшаган садо бўлдим,
Бир гулчеҳра йўлида, беҳуда фидо бўлдим,
Бад ишларга бой бўлдим, хайр ишга гадо бўлдим,
Фурқат, васлат ҳар неки, аслини Рабдан билдим,
Барчани бедор кўрдим, ўзим уйқуда билдим,
Дунёни узоқ кўзлаб, туғилмай кетар билдим,
Еганим оғу санаб, кийганим ридо билдим,
Куйдим, пишдим ёр- дўстлар, ўртандим, адо бўлдим.

Ёронлар, йўлдош бўлдим, нафси ҳаво золимга,
Кийикдек қочар, бормас, насиҳатгўй олимга,
Саркашлигин Субҳонга – машҳур этди оламга,
Мен нетайин, ё дўстлар, ўғилсиз иқболимга,
Қўймади ўз ҳолимга, юрарга мажолимга,
На қозонган қувончим, на хушвақтлик молимга,
Арпа миқдоричамас бу жаҳон хаёлимга,
Билмам, олам не кўйда, мен ҳайрон ўз ҳолимга,
Куйдим, пишдим ёр-дўстлар, ўртандим, адо бўлдим,

Жаҳл ишига чобукман, Аллоҳ амрига сусттор,
Ғарқу залолат бўлдим, ҳидоят сендан Ғаффор,
На дарвешман, на мулло, на сўфи аҳли дастор,
Қардошлар қулоқ берса, айтсам сўзимни ростдор,
Фикр айланг, ким бордир, Эгамдан ўзга дўстдор,
Бандаликда бўлмасанг, бўлганинг яхши нестдор,
Кўрмадим кўк остинда ҳаргиз ўзимдан пастдор,
Оташга лойиқ бўлмас адо бўлган хокистор,
Куйдим, пишдим ёр-дўстлар, ўртандим, адо бўлдим.

Салтанатда, Сулаймон, гар сурса юз сиёсат,
Келса пари подшоси – Оқтемиру, Жонпўлот,
Юз минг девга бош бўлган дев тўраси Темирбод,
Магас шоҳи Тартарус ҳамроҳлик этса, ҳайҳот,
Мур малаги Мунзора келса беҳад, бағоят,
Мусо нурга қўл очиб, Исо ўқиб юз оят,
Хизр дуо айлабон, Илёс этса муножаат,
Бундоқ мурда жасадга маҳолдир топмоқ нажот,
Куйдим, пишдим ёр-дўстлар, ўртандим, адо бўлдим.

Махтумқули, мискинман, кўнглим уйи на маъмур,
Сўзга яқин бандаман, хайрим каму, шаррим зўр,
На ўзим халққа қобил, иқболим каж, бахтим шўр,
На шоҳиста аъмолим, гўё қадам урар кўр,
Магар айём истаса, бўлгай нури аъло нур,
Иллат ўқи айни дам тушгандир бўлиб маҳжур,
Ёмонлик бирла бўлдим жаҳон ичида машҳур,
Тегирмондек бонггирман, самандардек оташхўр,
Куйдим, пишдим ёр-дўстлар, ўртандим, адо бўлдим.

Бағрим тилгани

Дардли дилбар, тиллашарсан, кел бери!
Ишқ тароғи билан бағрим тилганим,
Аллоҳдан сўрадим, сендай бир ёрни,
Инон, иқроримда йўқдир ёлғони.

Агар кенгаш солсам ётга-танишга,
Деюрлар: «Ширин, асал ёғга келиша(р)»,
Саҳар язиғим-чун турсам нолишга,
Аввал бир Ёр бўлар ёдга солганим.

Сўнгра ўзингдирсан – қиммат турарсан,
Танимасга тушсанг, сен ҳайф бўларсан,
Қодир қисмат этса, менга борарсан,
Сенинг каби гулдир, ёр, тилаганим.

Ҳар дилбарким, кўнгил уйин ёридир,
Ётган бахтни уйғотгувчи зоридир,
Оҳ-зорим тошларни мумдек эритар,
Яйратар дилимни олқишлаганим.

Гўзал кўркинг кўкда кундан фарқланмас,
Гулу райҳонингдан олам тўйинмас,
Махтумқули, бош бермаса – бўйинмас,
Меҳримни индириб, назар солганим.

Кўрдингми?

Нур таратар қора зулмат тунида –
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?
Баҳор айёмида – ҳайҳот кунида,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Анқосифат туриб: «Ҳув!» деб қалққан қуш,
Кечалар тирикдир, кундузи беҳуш,
Навоий – жандали – эгни хирқапўш,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Қон этибдир, фалак, бағрим фироқда,
Элмудом кезарман ёр деб сўроқда,
Каъба атрофида, Шомда, Ироқда,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Румда ё Қипчоқда, Чинда-Мочинда,
Замоил ўрнида, Аршнинг ичида,
Иқлим теграсида, фалак буржида,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Ошиқлар оҳида, Гулзум даврида,
Қуббатил исломда, Жайҳун баҳрида,
Сидро саҳросида, Исо шаҳрида,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Ҳазрат Али солди оламга дови,
Қофдан Каъба тушди ҳазратнинг чови,
Ё иқлим эгаси Аҳмад Яссави(й),
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Маскан тутмиш Қора денгиз бурнида,
Алининг мулкида, Исо ўрнида,
Ернинг орқасида, кўкнинг қорнида,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Махтумқули тортар ёрнинг ғамини,
Кезиб, топа билмас рўйи заминни,
Ё, оти Жаброил – Ҳақнинг амини,
Менинг соҳибжамолимни кўрдингми?!

Қоши ёй

Бир дилбара дуч келдим – ғамзаси ўқ, қоши ёй,
Қуёш ҳайрон кўркидан, хижолатда тўлин ой.

Жонинг берсанг, жоиздир, бўйла сифат маҳбуба,
Ҳеч кўрмадим анингдек оққуш бўйин, тўғри бўй.

Ғулғула тушди қобуз, ҳам тушди чангги чангга,
Чанг ноласидан нигор, не ҳолатга тушди най?

Не ишратдир ошиққа жаннат ичра жамоли,
Айрилиқнинг оташи тамуғ ичра вою, вой.

Ул дийдаю, дилдордан бўлмагайсан бехабар,
Қолмагайсан менингдай ақли озу кўркка бой.

Истаса, олимларни шайтон этар ул дилбар,
Хоҳлаганда Халилдек ўғлонига берар пой.

Махтумқули мудомо дуо қилар даргоҳга,
Сойилман, маҳрум этма, даргоҳингдан ё Худой!

Ҳар ёна

Ёрсизликдан ёмон иш йўқ,
Кўз солиб кезсам ҳар ёна,
Ё Яратган, бир ёр бергил,
Кўп машаққат тегди жона.

Бир ёр бергил, этли-қонли,
Кўнгли кенг, кўкси майдонли,
Дил билан ақлу камоли,
Юзи ҳам бўлсин кўркона.

Худо билмасга дуч этма,
Қадрсизга йўлдош этма,
Тил билмас, бало, жўш этма,
Садо, тил бўлсин – туркона.

Караминг кенг, банда ғофил,
Деярсан: «Дуо қил, қўл кергил»,
Не берсанг, тезроқ бергил,
Эътибор йўқдир бу жона.

Бўйи узун, паст бўлмасин,
Ҳатдан оша маст бўлмасин,
Ақлсиз, нокас бўлмасин,
Турк бўлсин, сўзлари дона.

Яхши мудом қўлга келмас,
Нодон хўпнинг қадрин билмас,
Сўққабошга миқдор бўлмас,
Дўнсанг ҳукму Сулаймона.

Дарвешларга йўлсизликни,
Йигитларга молсизликни,
Илоҳо, аёлсизликни,
Кўргизма ҳеч мусулмона.

Махтумқули, куйсам, пишсам,
Инонмаслар ўтга тушсам,
Ҳавасим бор, бир қиз қучсам,
Десам сўзимни аркона.

Намасан

Сени асло кўрмамишам, дилдорим,
Қумримисан, булбулмисан, намасан?!

Ғамгин кўнглим хаёлингда алдарман,
Боғ ичида гулгулмисан, намасан?!

Қорачами, ё сайидми, хўжами,
Ё соқийми, ё шаробми, ё жомми,

Ё йилмисан, ё кундузми, кечами,
Ё оймисан, ё кунмисан, намасан?!

Ё мушкмисан, ё кўкинор анбарми,
Айто билмам, ё чархмисан, чанбарми,

Ё дарёми, ё мавжмисан, лангарми,
Ё гирдобми, ё қуюнми, намасан?!

Олтинмисан, кумушмисан, зармисан,
Ё Аршмисан, курсимисан, ермисан,

Ё ёқутми, маржонмисан, дурмисан,
Ё чироқми, равшанмисан, намасан?!

Махтумқули, кеч номусдан, орингдан,
Қўл кўтаргил, бу вафосиз корингдан,

Жаҳон тўла, сен ғофилсан ёрингдан,
Май, мастмисан, ё шайдоми, намасан?!

Бу дардни

Гашт айладим, кездим ишқнинг тоғида,
Не балодир, кимса чекар бу дардни,

Ишқ тоғин оссалар кўкнинг бўйнидан,
Кўк титрайиб, чеко билмас бу дардни.

Ишқ асар этмаса, ёнмас чироқлар,
Ишққа тушса, қушлар инграр, қурт йиғлар,

Эгиллар ҳайбатли, қувватли тоғлар,
Тошлар эриб, чеко билмас бу дардни.

Кимдир ишқнинг юкин тортар мардона,
Фалак кўрди, қўрқув тушди гардона,

Замин келди жунбуш айлаб ларзона,
Чўллар, тузлар чеко билмас бу дардни.

Беҳишт қочиб чиқмиш Аршнинг уйина,
Тамуғ қўрқиб, инмиш ернинг тубина,

Қочди дарё, одам олди бўйина,
Тўрт юз йиллаб чеко билмас бу дардни.

Махтумқули, тортсанг дарднинг тубидан,
Осий бўлиб, шикоят этма бундан,

Бу ўлмоқ, айрилмоқ қолибдир ундан,
Падар бизга мерос қўймиш бу дардни.

012

   Atoqli turkman shoiri va mutafakkiri Maxtumquli — Firog’iy 1733 yilda Turkmanistonning janubi-g’arb tomonida, Atrek daryosiga yaqin Hojigovshon degan joyda o’z davrining taniqli shoirlaridan bo’lgan Davlatmamad oilasida tug’ilgan. Davlatmamat «Ozodiy» taxallusi bilan qo’shiq va g’azallar yozgan. Maxtumquli dastlab ovul maktabida, so’ng Xivadagi Sherg’ozi va Buxorodagi Ko’kaldosh madrasalarida olgan. .Ozarbayjon, Eron, Afg’oniston, Hindistonga sayohat qilgan. Maxtumquli Sharq adabiyotini chuqur o’zlashtirgan. Shoir «San bo’lsam» she’rida Abusaid Abulxayr, Umar Xayyom, Abulqosim Firdavsiy, Nizomiy Ganjaviy, Hofiz Sheroziylarni katta hurmat bilan tilga oladi.Bizgacha «mardlik kuychisi» deb nom olgan Maxtumqulining lirik, falsafiy va nasihat xarakteridagi 20 ming misraga yaqin she’rlari yetib kelgan.

044
MAXTUMQULI
SHE’RLAR
Turkmanchadan Maqsud Asror o’zbekchalashtirdi
03

077
Muhtoj aylama

Qodir Jabbor, sendan tilagim ko’pdir,
Sen meni nomardga muhtoj aylama.
Xazinangdan bergil, mening rizqimni,
Bandangni bandangga muhtoj aylama.

Adashtirma, to’g’ri yo’lim egriga,
Egrini tenglama, hargiz to’g’riga,
Kishi moli nasib etmas o’g’riga,
Halolni haromga muhtoj aylama.

Nomard ko’prigidan o’lsam, o’tmasman,
Karvon bo’lsam, halol ishdan qaytmasman,
Qo’lidan bir kosa sharob ichmasman,
O’ng qo’lni chap qo’lga muhtoj aylama.

Yaxshi niyat, sendan tilagim ko’pdir,
Achchiq so’zlar tildan chiqqan bir o’qdir,
Tuqqanning tuqqanga bahosi yo’qdir,
Og’ani, iniga muhtoj aylama.

Maxtumquli, Haqdan tila, borini,
Tilar bo’lsang, tila, o’z imoningni,
Obod ayla, ikki ko’zim nurini,
O’ng ko’zim chap ko’zga muhtoj aylama.

Yog’iydir, yog’iy

Dunyo, dushman turar, g’ofil odamzod,
Mol bilan ovladi, yog’iydir, yog’iy.
O’n sakkiz ming derlar, kulli olamni,
Gunohi, fasodi yog’iydir, yog’iy.

Qul, qorabosh moling, oting, eshaging,
Ot, yarog’-asbobing, to’ning, to’shaging,
Sevgili xotining, o’g’ling-ushog’ing,
Dunyoning bor zoti yog’iydir, yog’iy.

Dunyo bir saroydir – soz bilan suhbat,
Sipohiga – dasgoh , shohlarga shavkat,
Shohlardan aylansa arkoni-davlat,
Barisi aylandi, yog’iydir, yog’iy.

Ot qarisa qolar, to’ydan, bayroqdan,
Bo’ri tishdan qolar, burgut tirnoqdan,
Boylar past ko’rinar quldan, qirnoqdan,
Bandisi, ozodi, yog’iydir, yog’iy.

Qabrda yorilar bag’ring pudagi,
Joningga balodir hassosi-sog’i.
Yigitlik mavsumi yetishgan chog’i,
Tegsa xazon bodi, yog’iydir, yog’iy.

Maxtumkuli, haqiqatdan suz so’zing,
“O’ng ko’zimsan” desang, tirnar chap ko’zing,
Mosuvoni tashlab, qo’ygil mijozing,
Bir Haqdan o’zgasi yog’iydir, yog’iy.

Dunyodir

Ey yoronlar, musulmonlar,
Kelib-ketmali dunyodir.
Qurbi yetgan mard yigitlar,
To’kib-sochmali dunyodir.

Hech kim bunda tutmas o’rin,
Sog’likda, to’kib-soch barin,
Buncha yig’nab, netdi Qorun,
To’kib-sochmali dunyodir.

Bu dunyoning g’amin yersan,
Odam o’g’li, bil, o’larsan,
Par to’shakni qattiq, dersan,
Yerni quchmali dunyodir.

Zulm yog’ar boshlaringga,
Og’u qotar oshlaringga,
Bunda etgan ishlaringga,
Hisob bermali dunyodir.

Maxtumquli, o’qib Qur’on,
Xudodan tilagin iymon,
Har yigit o’lsa, benishon,
O’rni o’chmali dunyodir.

Holimga mening

Karam ayla, yo Rab, qudratli Subhon,
G’arib, g’amgin kechgan holimga mening.
Aqlim hayrondadir, dilda pushaymon,
Bilmaslikda kechgan solimga mening.

Mahsharda bo’lmasang Sen menga dalda,
YO Rab, nechuk bo’lar ishim shu holda,
Imonim yukini yetkazgan yo’lda,
Yo’lto’sar qo’ymagil, yo’limga mening.

Din qilichin ursam, tanda zo’rim yo’q,
Muhtojga non berar, qo’lda zarim yo’q,
Faqirmanam, sendan o’zga yorim yo’q,
Bir tasalli bergin, ko’nglimga mening.

Istasa, teng to’shlar boshga oltin toj,
Faqirlik mulkidan menga bergin boj,
YO Yaratgan, nomardga etma muhtoj,
Tilagim, duch etma, zolimga meni(ng).

Ojizmanam, sendan o’zga kimim bor,
O’z bergan joningga jabr etma, Jabbor,
Maxtumquli aytar, karamli G’affor,
Boqma, qilganimga, fe’limga mening.

Odamzod

Yotsa-tursa xayolidan chiqarmas,
Qay bir ishga moyil bo’lsa odamzod;
G’ariblikning g’ami ko’nglin cho’ktirmas,
Ayol istab, sayil qilsa odamzod.

Gunohdan qo’rqmagan yuzi qoradir,
Buning aniq kuni ro’zi jazodir,
Bu dunyo mulkida sultondir, shohdir,
Qismatiga qoyil bo’lsa odamzod.

Har kishi ham so’z ma’nosin tushmandir,
Bu bir darddir, anga darmon dushmandir,
Qiyomatda topgani pushaymondir,
Haq ishiga kohil bo’lsa odamzod.

Ko’ngling ursa har ish ko’zga o’ng tushar,
Dunyo yuzi mol kelganda tang tushar,
Johillikda o’tgan ishlar keng tushar,
Qirqda nafsga moyil bo’lsa odamzod.

Olsa aqling, bu dunyo bir nozanin,
Dunyo emas, sening o’zing dushmaning,
Maxtumquli, yaxshi ko’rar qilmishin,
Qirq yoshdan so’ng johil bo’lsa odamzod.

Qilgin namozni

Odam o’g’li, sening yuraging darddir,
Aylanib, o’rgilib qilgil namozni.
Bu dunyo degani – hangi eshakdir,
Aylanib, o’rgilib, qilgil namozni.

Namozing o’qisang, go’yo pir kabi,
O’tirib-turishing olg’ir sher kabi,
Yolg’onchining moli o’tar sel kabi,
Aylanib, o’rgilib, qiligil namozni.

Zavq deya, bo’kkuncha yemagil, ichma,
Boshingga tosh yog’sa, besh vaqtdan kechma,
Oldingda tamug’ bor, yolg’onga uchma,
Aylanib, o’rgilib, qilgil namozni.

Bu yerda tuxumni socharing bilgin,
Allohga tan berib, bitarin bilgin,
Yolg’onchi besh kundir, o’tarin bilgin,
Aylanib, o’rgilib, qilgin namozni.

Maxtumquli, sendan javob so’ralar,
Bunda berilganlar, unda olinar,
Qiyomat-mahshar kun ko’prik solinar,
Aylanib, o’rgilib, qilgil namozni.

Bu ishni

Banda, sen bad ishga botirlik qilma,
Oldingga qo’yarlar ul kun bu ishni.
Nafsga uyma, shayton yo’liga kirma,
Xijolatga qo’yar, bilgil bu ishni.

Nafsing aytar: “Urgin, har ish huzurdir!”
Joning aytar: “Hay-hay, Tangri hozirdir,”
Sen ko’rmassan, Ul-ho senga nozirdir,
Uyalgin, iymangin, qo’ygil bu ishni.

Bir yo’lda gunoh bor, bir yo’lda savob,
Arosatda sendan so’rarlar javob.
Halolga – hisob bir, haromga – azob,
Shaki yo’qdir, yodga solgil bu ishni.

Umringning kechgani yozdir har soat,
Ne bo’lar bu yozda aylasang toat?
Savobga shodlik bor, aybga – xijolat,
Bo’yningga olmagin, kelgil, bu ishni.

Boshing ko’kka, ko’ksing yelga ko’tarma,
Ko’nglingning ko’rkiga cho’lni yetirma,
Yurakda yo’q so’zni tilga keltirma,
Ixlos qulog’iga chalgil bu ishni.

Musofirsan, muqim ishing qurarsan,
Bebaqo dunyoda qancha turarsan,
Bunda ne ish etsang, anda ko’rarsan –
Yaxshidir, yomondir, ko’rar bu ishni.

Shayton aytar: “Shirin ishdir azago’y!”
Rahmon aytar: “Nafs umidin uzago’y!”
Maxtumquli: “Tur, qo’lingni ko’zga qo’y,
Agar tuza bilsang, qilgil bu ishni!”

“Turgil” dedilar
(Tush)
033

Bir kecha yotardim, tunning yarmida,
To’rtta otliq kelib: «Turgil» dedilar.
“Xabardor qilamiz fursat joyida,
Shul joyda erlar bor, ko’rgil!” dedilar.

Nazarim yetishgach shu to’rt mardona,
Ko’ngil jo’sha keldi, boshim gardona,
Orasidan shunda ikki devona:
“Turmasingdan, anda borgil!” dedilar.

Shul ikki devona tutdi qo’limdan,
Yetaklab ketdilar yotgan o’rnimdan,
Bir ishorat bo’ldi aning biridan,
“Sayronda boribon turgil!” dedilar.

O’ltirdik, keldi ikki pirzoda,
Ko’zidan yosh oqar, dili duoda,
“Huv, Haq!” debon chekdi olti piyoda,
“Odam endi kelar, ko’rgil!” dedilar.

To’rtta otliq keldi, bari sabzaboz,
Asolari yashil, oti qirg’iy, boz,
“Majlis halqasini qurmang bo’yla oz,
Odam ko’pdir, kengroq olgil!” dedilar.

Nurdan indi oltmish otli oriflar,
“Muhammad” deb, tamom qarshi yurdilar,
Sog’lik-salomatlik bir-bir so’rdilar,
“Turmang, ulug’ joyga yurgil!” dedilar.

Bir otning ortiga meni berdilar,
Sayronda shul joyga borib turdilar,
Tamom o’ltirdilar, majlis qurdilar,
“O’g’lon, menga, ora kirgil!” dedilar.

“Alidir!” dedilar, tutdi dastimdan,
Bo’yra to’shagimni oldi ostimdan.
Men bilmadim, nima quydi ustimdan,
“Uchragan davrondir, surgil!” dedilar.

Haydardan so’radim barin otma-ot,
“Hazrati payg’ambar uldir, bo’lma yot,
Ul Salim xojadir, Bobo zurriyod,
Ul Vaysil Qarondir, bilgil!” dedilar.

“Ul Bahouddin, ul ham bir erdir,
Biri Zangi bobo, ul-da nomdordir,
Suyunishib turgan to’rt choriyordir,
Maqsading ne bo’lsa, aytgil!” dedilar.

Ikki shayx halqadan balqidi oftob,
“O’g’longa fotiha bering – dedi, sof –
Yuz yigirma to’rt ming anbiyo, as’hob,
Barisi shulardir, bilgil!” dedilar.

Rasululloh aytdi: “YO Shohimardon,
Ayo, Salim xoja, yo bobo Salmon,
Abubakir Siddiq, yo Umar, Usmon,
Bu qulning maqsadin, bergil!” dedilar.

Salim, bobo Salmon buyurdi mardga,
Piyolani tutib, soldilar dardga,
Ketdi aql-hushim, yotdim shu yerda,
“Arshda, farshda ne bor, ko’rgil!” dedilar.

Yel bo’ldim, yetishdi yerning tomiri,
Nazarga to’qindi Arshning kamari,
“Jabrud olamida Jalil sirini –
Kelib, o’zing qarab, ko’rgil!” dedilar.

Neni xayol etsam, qo’lga keltirdim,
Qayga boqsam, anga nazar yetirdim,
Bu hol ila men farog’at yotardim,
Yuzimga tupurib: “Turgil!” dedilar.

Rasulluloh aytdi: “As’hoblar, yuring,
O’g’lonni kuzating, fotiha bering, –
Buyurdi; to’rt ot-la, eltib topshiring,
Uyg’ongan joyida qo’ygil!” dedilar.

Uyg’onib, Firog’iy ko’zin ochibdir,
Boshiga ne ko’ylar kelib, kechibdir,
Mast tuyadek oq ko’piklar sochibdir,
“O’g’lon, Alloh yoring, borgil!” dedilar.

Karam istaram

Avval boshda qodir Alloh,
Sendan bir karam istaram.
Bodom qoboq, olma yonoq,
Bir zebo sanam istaram.

Tangri bermasa, netaylik,
Bosh olib qayga ketaylik,
O’tirish-turish qilaylik,
Qoshlari qalam istaram.

Hurmat, izzatga erishgan,
Qadr-qimmatga talashgan,
Shodlik-quvonchga o’rashgan,
Yuzlari kular istaram.

Yigirma yosh o’tdi mendan,
Huzur topmadim dunyo sendan,
So’zi shirin, labi xandon,
Bir bog’u chaman istaram.

Firog’iy, keldim jahona,
Bir yor bergil, aqli dono,
Tushdim, im bilmas nodona,
Bir qadrim bilgan istaram.

Sado bo’ldim

Sandivochu sarmastim, bargimdan judo bo’ldim,
Bargimni xazon chaldi, qurqshagan sado bo’ldim,
Bir gulchehra yo’lida, behuda fido bo’ldim,
Bad ishlarga boy bo’ldim, xayr ishga gado bo’ldim,
Furqat, vaslat har neki, aslini Rabdan bildim,
Barchani bedor ko’rdim, o’zim uyquda bildim,
Dunyoni uzoq ko’zlab, tug’ilmay ketar bildim,
Yeganim og’u sanab, kiyganim rido bildim,
Kuydim, pishdim yor- do’stlar, o’rtandim, ado bo’ldim.

Yoronlar, yo’ldosh bo’ldim, nafsi havo zolimga,
Kiyikdek qochar, bormas, nasihatgo’y olimga,
Sarkashligin Subhonga – mashhur etdi olamga,
Men netayin, yo do’stlar, o’g’ilsiz iqbolimga,
Qo’ymadi o’z holimga, yurarga majolimga,
Na qozongan quvonchim, na xushvaqtlik molimga,
Arpa miqdorichamas bu jahon xayolimga,
Bilmam, olam ne ko’yda, men hayron o’z holimga,
Kuydim, pishdim yor-do’stlar, o’rtandim, ado bo’ldim,

Jahl ishiga chobukman, Alloh amriga susttor,
G’arqu zalolat bo’ldim, hidoyat sendan G’affor,
Na darveshman, na mullo, na so’fi ahli dastor,
Qardoshlar quloq bersa, aytsam so’zimni rostdor,
Fikr aylang, kim bordir, Egamdan o’zga do’stdor,
Bandalikda bo’lmasang, bo’lganing yaxshi nestdor,
Ko’rmadim ko’k ostinda hargiz o’zimdan pastdor,
Otashga loyiq bo’lmas ado bo’lgan xokistor,
Kuydim, pishdim yor-do’stlar, o’rtandim, ado bo’ldim.

Saltanatda, Sulaymon, gar sursa yuz siyosat,
Kelsa pari podshosi – Oqtemiru, Jonpo’lot,
Yuz ming devga bosh bo’lgan dev to’rasi Temirbod,
Magas shohi Tartarus hamrohlik etsa, hayhot,
Mur malagi Munzora kelsa behad, bag’oyat,
Muso nurga qo’l ochib, Iso o’qib yuz oyat,
Xizr duo aylabon, Ilyos etsa munojaat,
Bundoq murda jasadga maholdir topmoq najot,
Kuydim, pishdim yor-do’stlar, o’rtandim, ado bo’ldim.

Maxtumquli, miskinman, ko’nglim uyi na ma’mur,
So’zga yaqin bandaman, xayrim kamu, sharrim zo’r,
Na o’zim xalqqa qobil, iqbolim kaj, baxtim sho’r,
Na shohista a’molim, go’yo qadam urar ko’r,
Magar ayyom istasa, bo’lgay nuri a’lo nur,
Illat o’qi ayni dam tushgandir bo’lib mahjur,
Yomonlik birla bo’ldim jahon ichida mashhur,
Tegirmondek bonggirman, samandardek otashxo’r,
Kuydim, pishdim yor-do’stlar, o’rtandim, ado bo’ldim.

Bag’rim tilgani

Dardli dilbar, tillasharsan, kel beri!
Ishq tarog’i bilan bag’rim tilganim,
Allohdan so’radim, senday bir yorni,
Inon, iqrorimda yo’qdir yolg’oni.

Agar kengash solsam yotga-tanishga,
Deyurlar: «Shirin, asal yog’ga kelisha(r)»,
Sahar yazig’im-chun tursam nolishga,
Avval bir Yor bo’lar yodga solganim.

So’ngra o’zingdirsan – qimmat turarsan,
Tanimasga tushsang, sen hayf bo’larsan,
Qodir qismat etsa, menga borarsan,
Sening kabi guldir, yor, tilaganim.

Har dilbarkim, ko’ngil uyin yoridir,
Yotgan baxtni uyg’otguvchi zoridir,
Oh-zorim toshlarni mumdek eritar,
Yayratar dilimni olqishlaganim.

Go’zal ko’rking ko’kda kundan farqlanmas,
Gulu rayhoningdan olam to’yinmas,
Maxtumquli, bosh bermasa – bo’yinmas,
Mehrimni indirib, nazar solganim.

Ko’rdingmi?

Nur taratar qora zulmat tunida –
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?
Bahor ayyomida – hayhot kunida,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Anqosifat turib: «Huv!» deb qalqqan qush,
Kechalar tirikdir, kunduzi behush,
Navoiy – jandali – egni xirqapo’sh,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Qon etibdir, falak, bag’rim firoqda,
Elmudom kezarman yor deb so’roqda,
Ka’ba atrofida, Shomda, Iroqda,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Rumda yo Qipchoqda, Chinda-Mochinda,
Zamoil o’rnida, Arshning ichida,
Iqlim tegrasida, falak burjida,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Oshiqlar ohida, Gulzum davrida,
Qubbatil islomda, Jayhun bahrida,
Sidro sahrosida, Iso shahrida,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Hazrat Ali soldi olamga dovi,
Qofdan Ka’ba tushdi hazratning chovi,
YO iqlim egasi Ahmad Yassavi(y),
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Maskan tutmish Qora dengiz burnida,
Alining mulkida, Iso o’rnida,
Yerning orqasida, ko’kning qornida,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Maxtumquli tortar yorning g’amini,
Kezib, topa bilmas ro’yi zaminni,
YO, oti Jabroil – Haqning amini,
Mening sohibjamolimni ko’rdingmi?!

Qoshi yoy

Bir dilbara duch keldim – g’amzasi o’q, qoshi yoy,
Quyosh hayron ko’rkidan, xijolatda to’lin oy.

Joning bersang, joizdir, bo’yla sifat mahbuba,
Hech ko’rmadim aningdek oqqush bo’yin, to’g’ri bo’y.

G’ulg’ula tushdi qobuz, ham tushdi changgi changga,
Chang nolasidan nigor, ne holatga tushdi nay?

Ne ishratdir oshiqqa jannat ichra jamoli,
Ayriliqning otashi tamug’ ichra voyu, voy.

Ul diydayu, dildordan bo’lmagaysan bexabar,
Qolmagaysan meningday aqli ozu ko’rkka boy.

Istasa, olimlarni shayton etar ul dilbar,
Xohlaganda Xalildek o’g’loniga berar poy.

Maxtumquli mudomo duo qilar dargohga,
Soyilman, mahrum etma, dargohingdan yo Xudoy!

Har yona

Yorsizlikdan yomon ish yo’q,
Ko’z solib kezsam har yona,
YO Yaratgan, bir yor bergil,
Ko’p mashaqqat tegdi jona.

Bir yor bergil, etli-qonli,
Ko’ngli keng, ko’ksi maydonli,
Dil bilan aqlu kamoli,
Yuzi ham bo’lsin ko’rkona.

Xudo bilmasga duch etma,
Qadrsizga yo’ldosh etma,
Til bilmas, balo, jo’sh etma,
Sado, til bo’lsin – turkona.

Karaming keng, banda g’ofil,
Deyarsan: «Duo qil, qo’l kergil»,
Ne bersang, tezroq bergil,
E’tibor yo’qdir bu jona.

Bo’yi uzun, past bo’lmasin,
Hatdan osha mast bo’lmasin,
Aqlsiz, nokas bo’lmasin,
Turk bo’lsin, so’zlari dona.

Yaxshi mudom qo’lga kelmas,
Nodon xo’pning qadrin bilmas,
So’qqaboshga miqdor bo’lmas,
Do’nsang hukmu Sulaymona.

Darveshlarga yo’lsizlikni,
Yigitlarga molsizlikni,
Iloho, ayolsizlikni,
Ko’rgizma hech musulmona.

Maxtumquli, kuysam, pishsam,
Inonmaslar o’tga tushsam,
Havasim bor, bir qiz quchsam,
Desam so’zimni arkona.

Namasan

Seni aslo ko’rmamisham, dildorim,
Qumrimisan, bulbulmisan, namasan?!

G’amgin ko’nglim xayolingda aldarman,
Bog’ ichida gulgulmisan, namasan?!

Qorachami, yo sayidmi, xo’jami,
YO soqiymi, yo sharobmi, yo jommi,

YO yilmisan, yo kunduzmi, kechami,
YO oymisan, yo kunmisan, namasan?!

YO mushkmisan, yo ko’kinor anbarmi,
Ayto bilmam, yo charxmisan, chanbarmi,

YO daryomi, yo mavjmisan, langarmi,
YO girdobmi, yo quyunmi, namasan?!

Oltinmisan, kumushmisan, zarmisan,
YO Arshmisan, kursimisan, yermisan,

YO yoqutmi, marjonmisan, durmisan,
YO chiroqmi, ravshanmisan, namasan?!

Maxtumquli, kech nomusdan, oringdan,
Qo’l ko’targil, bu vafosiz koringdan,

Jahon to’la, sen g’ofilsan yoringdan,
May, mastmisan, yo shaydomi, namasan?!

Bu dardni

Gasht ayladim, kezdim ishqning tog’ida,
Ne balodir, kimsa chekar bu dardni,

Ishq tog’in ossalar ko’kning bo’ynidan,
Ko’k titrayib, cheko bilmas bu dardni.

Ishq asar etmasa, yonmas chiroqlar,
Ishqqa tushsa, qushlar ingrar, qurt yig’lar,

Egillar haybatli, quvvatli tog’lar,
Toshlar erib, cheko bilmas bu dardni.

Kimdir ishqning yukin tortar mardona,
Falak ko’rdi, qo’rquv tushdi gardona,

Zamin keldi junbush aylab larzona,
Cho’llar, tuzlar cheko bilmas bu dardni.

Behisht qochib chiqmish Arshning uyina,
Tamug’ qo’rqib, inmish yerning tubina,

Qochdi daryo, odam oldi bo’yina,
To’rt yuz yillab cheko bilmas bu dardni.

Maxtumquli, tortsang dardning tubidan,
Osiy bo’lib, shikoyat etma bundan,

Bu o’lmoq, ayrilmoq qolibdir undan,
Padar bizga meros qo’ymish bu dardni.

012

(Tashriflar: umumiy 63 349, bugungi 1)

3 izoh

  1. UstoImiz adabiyot fanidan Maqtimqulining sherlari bilib keling degani. Shuni BOLISH uchun bu saytga kirdim. Raxmat sizga.

Izoh qoldiring