Bahodir Abdurazzoq. Bir tun ertagi

067    Гулжамол ўзи қанчадан бери орзиқиб кутган худди шу куни чўлга кетаётганидан бўғиларди. Ахир, Носир акаси келишига уч ойдан бери интиқ. Москвада диссертациясини ёқлаб, ўзларининг ишхоналарига бош муҳандис қилиб тайинланган қаллиғини кутиб олиш учун қанчалар тайёргарлик кўрганди-я, эссиз……

Баҳодир Абдураззоқ
БИР ТУН ЭРТАГИ
045

Баҳодир Абдураззоқ 1974 йили Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Қорабоғ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1999). «У» (2012), «Римдаги қотиллик» (2009) қиссалари, «Умр тенгламаси» (2003), «Армонмисан муҳаббат» (1993) каби китоблари нашр этилган. Айни пайтда «Эл» газетаси масъул котиби лавозимида меҳнат қилмоқда.

045

Гулжамол ўзи қанчадан бери орзиқиб кутган худди шу куни чўлга кетаётганидан бўғиларди. Ахир, Носир акаси келишига уч ойдан бери интиқ. Москвада диссертациясини ёқлаб, ўзларининг ишхоналарига бош муҳандис қилиб тайинланган қаллиғини кутиб олиш учун қанчалар тайёргарлик кўрганди-я, эссиз…
Эрталаб Гулжамол катта лаборант бўлиб ишлай¬диган саноат кўламидаги илмий тадқиқотлар бўлими¬нинг бошлиғи Рустам ака унинг таклифи асосида ишлаб чиқилган технология синалаётган Ўртабулоқ конидаги 37-қудуқда нефт чиқиш суръатида сезиларли ўсиш бўлганлиги билан табриклаб, бу рационализаторлик таклифини патентлаштириш учун зарур ҳужжатларни зудлик билан тайёрлашни топширди. Бунинг учун эса ўша жойга бориб келмаса бўлмасди. Рустам ака гапни кўпайтирмасдан машина тайёр эканлигини, ишни тезроқ битириб, эрта-индинга ҳамма нарсани тахт қилишини буюрди ва ўзи зарур иш билан бошқа участкага чиқиб кетди. Гулжамол бугун боролмаслигини айтолмай қолаверди.
— Машина тайёр бўлса тушгача бориб келаман. Носир акам кечқурун келадилар, унгача бемалол улгураман, — ўзига тасалли берди киз ва шошилиб сумкасига керакли қоғозларни солиб, ташқарига йўналди.
Кўчага чиқиб йўл бўйида турган яккаю ягона «УАЗ»га кўзи тушгач, эрталабдан бузилган кайфияти баттар тушиб кетди. Рулда Нормурод ўтирарди. Бу Нормурод деганлари ўттизларга бориб қолган бўлса-да ҳали уйланмаган, соч қўйиб, бурнининг тагига муйлов ўстирган, аллақандай темир-тақалар илиб ташланган жинси шим, куртка киядиган олифта йигит. Эскироқ машинасини ҳам келинчакнинг уйидек ясатиб олган, унга мабодо кир поябзал билан чиққан, ёхуд писта чаққан киши бўлса Нормуроддан балога қоларди.
Гулжамол бир сафар унинг машинасида юрганида зерикиб чўнтагидан писта олиб бир-икки қирсиллатганди ҳамки, Нормуроднинг аёвсиз танбеҳига дуч келди:
— Бу яхши кўрган йигитингизнинг «Нексия»си эмас, ойимқиз, пистани ўша машинада чақасиз! Ҳозир эса уни чўнтакчангизга солиб қўйинг!
Йигитнинг қўпол гапидан Гулжамолнинг ранги ўчиб кетди. Эсини танибдики, йигитлардан бунақа гап эшитмаганди. У ҳам ҳақини қўйиб кетмайдиганлардан эмасми, дарров узиб олди:
— Тўғри айтасиз, ҳақиқатан ҳам бу «Нексия» эмас! Мен ахлат қутисими деб ўйлабман!
Агар бошқа пайт бўлганда Нормурод шартта тормозни босиб бу ойимчани йўлга тушириб кетган бўларди. Лекин у ишда. Хоҳлайдими-йўқми, қизни ўз манзилига етказиб қўйишга мажбур. Шу иложсизлик уни асабийлаштириб, то манзилга етгунча миқ этмай борди. Етиб келганларидан кейин қизнинг индамасдан эшикни тарақлатиб ёпганча тушиб кетгани уни баттар жунбушга келтирди.
— Эшикни урганча менинг бошимга урганинг яхшироқ эди! — деб хириллади Нормурод.
— Бошинг ҳам шу эшигингдек шалвираб қопти. Қаттиқроқ урса тўкилиб тушади!
Шу-шу улар орасидан қора мушук ўтди. Энди бир-бирини кўрарга кўзи, отгани ўқи топилмасди. Лекин хоҳлайдиларми йўқми, ҳафтасига бир-икки марта бир-бирларига дуч келардилар: чунки, Гулжамол тўқсон-юз чақирим узоқдаги нефт қудуқларига ҳафтасига бир марта бориб уларнинг ишлашини ўрганар, маҳсулотларидан намуналар олиб қайтар, уни эса Нормурод олиб бориб келарди. Ўша воқеадан кейин Нормурод диспетчерга илтимос қилиб бошқа бўлимга ўтказишни бир неча марта сўраган бўлса-да, аммо бўлим бошлиғи Нормуроддан бошқа ҳайдовчи чиққан куни дарҳол диспетчерга қўнғироқ қилиб жўнатган машинасини қайтарар, ўрнига эса Нормуродни зудлик билан юборишни талаб қиларди. Шу тариқа, хоҳласа-хоҳламаса Нормурод Гулжамол билан, Гулжамол эса Нормурод билан учрашишга мажбур эди.
Нормурод қизни ўлгудек ёмон кўрганидан унга «Эчки» деган лақабни ёпиштирган, кўзи тушиши билан ичида «шу шайтон эчкига яна кўзим тушди, бугун энди ишим юришмайди,» деб ижирғаниб қўйса, қиз эса «ўзинг аравакаш бўла туриб керилишингга ўлайми, қаерга ниқташса ўша ерга аравани судраб борадиган қирчан¬ғисан-ку» дерди.
Э, бўлди. Ҳар доимгидек ўтлаб кетиб, тафсилот¬ларни чўзиб юбордим.
Шундай қилиб…
Гулжамол хўмрайганча келиб машинага ўтирди. «Қирчанғи»нинг яна сасиб қолишидан қўрқиб, иложи борича эшикни астароқ ёпди. Нормурод маршрутни билади шекилли, эшик ёпилар-ёпилмас «Қаерга?» деб сўраб ҳам ўтирмасдан газни босди.
Негадир қиш бу йил қаттиқ келди. Кетма-кет ёққан қорнинг ортидан келган қорасовуқ йўлни ойнадек ялтиратиб музга айлантириб ташлаганди. Нормурод музлама йўлда машинани маҳорат билан бошқарар, аммо тезликни ошира олмас, имиллаганча олдинга зўрға судраларди. Йўлда машина кам, борлари ҳам тошбақа қадам билан юрганидан, худди олдинга силжимай бир нуқтада котиб қолгандек таассурот уйғотарди. Йигирма чақиримлар йўл босганларидан кейин, Гулжамолнинг сабр косаси тўла бошлади.
— Тезроқ юришнинг иложи йўқми? Кечикяпмиз!
Нормурод ортни кўрсатувчи ойнадан унга ўқрайиб қаради.
— Бировларнинг жудаям шошаётгани учун жонимга қасд қилиш ниятим йўқ! — совуқ тўнғиллаб қўйди ва кўзини йўлдан узмай, рулни маҳкам қучоқлаганча ўша маромда кетаверди.
“Ўл-а, тўнғилламай, қирчанғи! — ичидан барча қарғишларини бир-бир хаёлидан ўтказди қиз.—Қайси гуноҳим учун Худо сендек эшакмижозни менга рўпара қилди экан”.
Машина имиллаб юргани сари вақт тезликни оширарди. Белгиланган қудуққа тушдан ўтиб етиб бордилар. Рустам ака огоҳлантириб қўйган шекилли, кон инженери, геолог ва уста Гулжамолни кутиб ўтиришган экан. Улар таклиф қилган вагончага кириб тушлик қилиб олишни Гулжамол рад этиб, дарҳол қудуққа ўлчов асбобларини ўрнатди ва керакли ҳисоб-китобларни бажара бошлади. Икки соатларда ишни битказиб бўлди. Қоғозларни яна қайта сумкасига жойлаб улар билан хайрлашди.
— Эҳтиёт бўлиб кетинглар, Нор, йўллар сирпанчиқ. — деди уларни кузатаётган кекса геолог. —Ҳозир метеостанциядан хабар келди, қаттиқ бўрон туриши мумкин экан.
Нормурод унга эътибор бермай бош силкиб қўйди ва машинасини ўт олдирди. Улар ярим соатлар чамаси секин-асталик билан силжиганча Ўртабулоқ қиридан ошиб бир пайтлар кўлнинг туби бўлган чуқурликка энишди. Чуқурлик шамолдан пана бўлганлиги учун бу ерларда шамолнинг забти сезилмас, йўл ҳам камроқ музлаган эди. Ҳаммаси чуқурликдан чиқиб олганларидан кейин бошланди. Геолог айтган бўрон етиб келганди шекилли, ҳаво худди тумандек майда қор парчалари билан қопланган, шамол увуллаб машинанинг ойналарини қор билан савалай бошлади. Ойнатозалагич эса қорни тозалаб улгура олмаётганидан Нормурод машина тезлигини пасайтиришга мажбур бўлди. Яна йигирма чақиримларни босиб ўтишлари учун қарийб ярим кун овора бўлишгандек туюлди қизга. Йўлнинг ярмига ҳам етмаганларини ҳис қилиб Гулжамол безовталанди. Соат ҳам тўртдан ошган. Қиш куни бир тутам. Атрофни қоронғилик қоплаб ола бошлади. Нормурод машина чироғини ёкди. Лекин фаранинг ўткир нурлари икки қадам нарини ёрита олмасди
.
Бўрон қутурар, ерни ҳам, осмонни ҳам майда қор парчалари эгаллаб олганди. Йўқ, бу осмондан ёғаётган қор эмас, балки, гувиллаётган бўрон ерда ётган қор парчаларини совуриб ўйнар, машинага дўлдек келтириб урарди. Йўл мутлақо кўринмаётган бўлса-да, Нормурод эпчиллик билан машинани бошқариб, секин, аммо сабот билан олдинга силжирди. Қиз унинг тўнглигидан минг ижирғанса-да, шундай танг ҳолатда ҳам ўз ишини пухта бажариб, машинани эпчиллик билан бошқа¬раётганидан кўнглидаги хавотир бироз чекингандек бўлди. Бу йўл тор, икки четида эса ариқлар бор. Қор бўрони йўлни ҳам, ариқни ҳам бир хилда текислаб ташлаган. Агар ҳайдовчи бироз адашса борми, машина ариққа тушиб ағдарилиб кетиши ҳеч гап эмас. Лекин, Нормуроднинг бутун вужуди кўзга айланган, гўёки нигоҳлари билан пайпаслаб йўл топиб бораётгандек тасаввур пайдо бўларди.
— Яна озгина қолди. Салгина юрсак катта йўлга чиқиб оламиз. Кейин юришимиз осонлашади, — хаёлидан ўтди қизнинг.
Нормурод машинада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқдек, рул чамбарагини худди жангчи милтиғини ушлаган каби сиқимлаб ушлар, дам-бадам қор остида қолиб кетган йўлнинг ўнқир-чўнқирига тушиб қолган машина силтаниб қўйганида ёнида қиз боланинг борлигини ҳам унутиб беихтиёр сўкиниб қўярди.
Бу орада қоронғи тушиб, атрофни буткул зулмат қоплаб олди. Бўрон кучайиб совуқ забтига оларди. Машинанинг печкаси гуриллаганча ишлаётган бўлса-да, аммо аллақандай тирқишлардан кирган совуқ Гулжамолнинг юзларидан тишлаб ола бошлади. Оёғи тўнғиб қолгандек эди. Азалдан унинг оёқ панжалари совуққа бардошсиз. Қалин жун пайпоқ кийган бўлса ҳам, совуқ унинг нозик жойига зарба бераётган қитмир рақибга ўхшаб оёқларидан ола бошлади. У этиги ичидан бармоқларини ишлатиб кўрди. Сал иссиқ югургандек бўлди. Шарфини оғиз-бурнини ёпадиган қилиб ўради.
Бир пайт машина ўз-ўзидан чир айланганча чуқурга тушиб кетгандек бўлди. Гулжамол пешонасини уриб олди.
Йўл ўртасида дўппайиб турган қор уюмини айланиб ўтиш учун рулни сал чапроққа бурган Нормурод музлаган йўлда ғилдираклар тойғаниб, рул ўзига буйсунмаётганидан ижирғаниб тормозни ҳам босиб юборганди. Машина бир айланиб, йўл четидаги ариққа тумшуғи билан тиралиб қолди. Олд ғилдираклар шамол қор билан тўлдирган чуқурга тушиб, кузов қарийб бир ярим метрлик қор уюмига ботиб қолди.
— Жин урсин! — Нормурод ўз одатига кўра рул чамбарагига мушт туширди. Кейин моторни ўт олдиришга минг уринсин, бирон иш чиқаролмади. Чамаси бобинага қор кириб, свечаларга ток ажратмай қўйганди. Қўлини калитдан узиб бошини орқага ташлади. Шундагина ойнага кўз кирини ташлаб Гулжамолнинг ғурра бўлган пешонасини кўриб қолди.
“Ҳаммаси шу эчкини деб бўляпти. Ажаб бўлсин! — хаёлига шу фикр келди. Кейин унга ора-сира кўз қирини ташлаб негадир ачингандек бўлди. — Бу бечорага ҳам қийин. Шу совуқда ўзига қолса кимсасиз чўлларга ўла қолса ҳам келмасди. Иш-да. Келмаса бўлмайди”.
Йигит негадир мутлақо ҳушламаган қизга ачина¬ётганидан аввал ҳайрон бўлди, кейин аҳмоқлик қилиб тормозни босиб қўйгани учун ўзини ҳам қизга қўшиб ичида сўкди.
Нормурод қорга кўмилган эшикни жон-жаҳди билан суриб зўрға қия оча олди холос. Кейин аста қисилиб чиқиб, усти музлаб тарашадек қотиб ётган қорга секин оёқ қўйди. Қор уюми белигача етди. Амал-тақал қилиб йўлга чиқиб олди. Қорбўрон қутурганча увиллар, майда шиша парчаларига ўхшаган қор кўзни очиришга қўймасди. Совуқдан қунишганча йўлнинг ҳар иккала томонига кўз ташлади. «Милт» этган чироқ кўринмайди. Совуқдан тишлари такиллаб ўзини машина ичига урди. Қиз ҳамон пешонасини ушлаганча ўриндиққа сингиб кетгудек бўлиб қалтираб ўтирарди. Бир зумда машина совиб бўлганди.
— Энди нима қиламиз? — қўрқа-писа сўради қиз.
— Нима қилардик, музлаб ўламиз! — сўзлари ўзига ҳам совуқ туюлиб эти жунжикди. Кўзларини катта-катта очиб маъюс термулиб турган қизни баттар қўрқит¬маслик учун бироз илиқроқ сўз айтмоқчи бўлди, — биронта ўткинчи машина келиб қолишини кутамиз!
Чунки ўзи ҳам нима қилишга ҳайрон. Ўткинчи машина ўтиб қолишига унинг ўзи ҳам ишонмасди. Агар шундай ўтираверишса, ҳозир радиатордаги сув музлайди. Кейин машинани ўт олдиришга умид қилмаса ҳам бўлади. Тезроқ машинани қор уюмидан тозалаш керак.
Нормурод яна белигача қорга тушиб қўллари ва оёқлари билан қорни суриб машина тумшуғини тозалай бошлади. Музлаган қорнинг силжиши қийин кечарди. Ўн дақиқалардан кейин қўллари музлаб акашак бўлиб қолди. Каттакон панжаларини олифта чарм курткасининг тор чўнтакларига базўр жойлаб, совуқдан яширганча энди оёқлари билан қорни сураркан, тойиб кетиб қорга қулади. Бир ярим метрлик қор уюмига кўмилиб қолган йигит курткаси чўнтагидан ҳеч қўлларини чиқариб ололмас, устига-устак шамол худди курак билан ташлаётгандек устига уюм-уюм қор ташларди.
Қиз Нормуроднинг қандай йиқилганини кўрганди. Кўзларини йириб қоронғиликка тикилса ҳам унинг қайтиб турганини кўра олмади. Ташқарига чиқишга ҳарчанд уринмасин, музлаб қолган орқа эшик очилай демасди. Шунда у эмаклаб ҳайдовчи ўриндиғига ўтди ва ҳозиргина йигит очиб чиққан эшикни итарди. Ҳайтовур у киши сиғардек қия очилди. Гулжамол қорга ботганча ҳали шамол кўмиб улгурмаган излардан машина олдига зўрға сурилиб борди. Шунда қор остида типирчилаётган оёқларга кўзи тушиб, қорни сиқимлаб улоқтирганча йигитнинг юзини очди. Қўлтиғидан тортиб уни турғазиб олди. Қўлларини чўнтак маҳбуслигидан амаллаб озод қила олган Нормурод минбаъд бундай чўнтакли куртка киймасликка қасамлар ичиб қизнинг ортидан машинага кирди. Салоннинг хира чироғи ёруғида Гулжамол йигитнинг сочи ва мўйлови музлаб қолгани, юзи кўкариб кетганини кўриб, капалаги учиб кетди. Ҳозир иккаласи бир жону бир тан бўлмаса, бўроннинг чанга¬лидан омон чиқа олмасликларига ишонарди. Ҳаёт-мамоти шу о
ъзи ёқтирмайдиган йигитнинг топқирлигига боғлиқ. Шошилиб унинг акашак бармоқларини уқалай бошлади. Бошқа пайт бўлганда-ку унинг бармоғини уқалаш уёқда турсин, юзига қайрилиб қарашни ҳам ўзига эп кўрмаган бўлармиди. Нормурод бироз ўзига келди.
— Аптечкада спирт бор. Ўшани олиб беринг.
Қиз машина ғаладонини титкилаб, дориқутини топди. Кичкина шишачани олиб унга узатди. Нормурод ўзига буйсунмаётган бармоқлари билан қопқоқни очиб кафтига озроқ тўкиб олди ва жон-жаҳди билан қўл¬ларини бир-бирига ишқалай бошлади. Бироз ўтиб йигит ўзига келди.
Нимадир қилиш керак. Шундай қўл қовуштириб ўтираверсалар, ҳадемай машина каттакон музтепага айланиб қолади. Четдан ёрдам кутиш бефойда: шундай совуқда бирон машинанинг ўтиб қолишига умид қилиш, осмондан чалпак ёғишига ишонган лақма ҳолига тушиш билан баравар. Машина сирти бир энлик муз билан қопланди. Ташқарида бўрон қутурар, ойналарга келиб урилаётган қор парчалари энди йириклашган, худди дўлдек олатасир қарсилларди. Шу пайт унинг хаёлига олов келди. Агар гулхан ёқа олса, машинани босиб қолган қорни эритиб, моторни қизитиб оларди. Сўнгра амаллаб уни юргизиб олса бўлар…
— Гулхан ёқамиз, — деди йигит. — Нарироқда саксовул бор. Шохларини синдириб қайтаман.
Қиз йигит бир амаллаб ундан қутулиб ўзи ёлғиз қочиб қоладигандек туюлиб хавотирланди. Бўрон гувиллаётган, ваҳимали совуқ тунда, секин-аста музга айланаётган машинада ёлғиз ўзи ажал билан юзма-юз қолиб кетадигандек типирчилади.
— Шошманг, мен ҳам бирга бораман. — Гулжамол унга эргашмоқчи эди, йигит қўймади.
— Сиз машина радиаторини қордан тозалаб туринг, шу ерда олов ёқамиз.
Нормурод ўриндиғи остидан залворли чўкични олди. Саксовул шохлари мўрт бўлади. Қаттиқроқ нарса билан яхшилаб туширилса, қарсиллаб синиб кетаверади. У чўкичнинг муздек дастасини маҳкам ушлаб юз қадамлар нарида қорайиб турган саксовул томонга қор кечиб кета бошлади. У саксовулнинг пастга қараб осилиб қолган шохига чўкич билан бир-икки зарба бериб синдириб ола бошлаганида бўрининг хунук улигани эшитилиб эти жимирлаб кетди. Шамолда унинг овози гоҳ яқиндан, гоҳ узоқдан келарди.
—Тезроқ гулхан ёқиш керак, — хаёлидан ўтди йигитнинг. Жондор оловга яқинлаша олмайди, дерди умри чўпончилик билан ўтган бобоси.
У иккита тарвақайлаган шохни судраб ортига қайтганида йиртқичнинг овози шундоққина машина ёнидан келди. Йигитнинг қадами ўз-ўзидан илдамлади. Қизнинг қаттиқ қичқириғи эшитилганидан кейин Нормурод шохларни ташлаб чўкични маҳкам сиқимлаганча машина томонга чопди.
Гулжамол қўлқопчасини кийиб олиб, машина тумшуғини қордан тозалаётганда ёнгинасида бир нарсанинг хириллаганини эшитдию, аммо шамол қорни ғижирлатиб ураётган бўлса керак, деб эътибор бермасдан музлаган капотни тозалайверди. Бир пайт машина ортидан бўрининг улиган товуши келганида вужуди музлаб, дағ-дағ титраганича ортига ўгирилса, бир жуфт кўз ёниб турибди! У аввалига нима қилишни билмасдан жойида қотиб қолди. Кейин шартта ортига ўгирилиб эшик томонга чопди. Эшикка етар-этмас палтосини кимдир ушлаб олгандек жойидан жила олмади. Қаттиқроқ силтанганди, оёғи тойиб кетиб йиқилиб тушди. Шунда бўрининг гавдаси устига ташланганини сезиб жонҳолатда бақириб юборди.
Нормурод ҳаллослаганча чопиб келса, Гулжамол қорга юзтубан ётиб олган, баҳайбат арлони бўри унинг палтосидан тишлаганча силтар, бурдалаб ташлашга уринарди. Йигит қўлидаги чўкич билан жондорнинг нақ қулоқлари ўртасига бор кучи билан урди. Суякнинг кўнгилни айнитиб юборгувчи қисирлаб цинган товуши эшитилиб йиртқич бирдан бошини кўтарди. Аянчли ғингшиб икки қадам ташлади ва қорга қулади. Нормурод қизни суяб ўрнидан турғазди. Гулжамол тили калимага келмай ҳиқиллаб йиғларди. Уни машинага чиқариб шишачада қолган уч қултум спиртни мажбуран ичирганидан сўнг қиз бироз ўзига келди.
Бўри ўлди. Хавф бироз чекингандек бўлса ҳам, лекин совуқдан музлаб ўлиш даҳшати бир зум бўлса ҳам уларни тарк этмас, қайтага ҳаво янада совуқлашгандек, бўрон уларни тўнғитиб, муз парчасига айлантиришга жон- жаҳди билан киришган шекилли, энди машинага урилаётган қор тасирламас, қарсилламас, балки росмана гумбирларди. Нормурод гумбурлаш ёндан эмас, балки тепадан ҳам эшитилаётганига ҳайрон эди. Худди машина томига бир тўда бола чиқиб олиб, шўхлик қилаётгандаги қадам товушига ўхшаган сас келарди. Бир пайт тепадан бўрининг товуши эшитилиб барчасига ойдинлик киритди. Қизнинг назарида шафқатсиз бўрон мутлоқ ҳукмронлик қилаётган чеки-чегараси йўқ саҳрода минглаб бўрилар уларнинг ташқарига чиқишини пойлаб тургандек, агар шу ожизгина қўрғонларидан бошларини чиқаргудек бўлсалар, бир зумда тилкалаб ташлашга тайёрдек эди. Гулжамол бу кимсасиз ва ёвуз кенгликда суянса бўладиган битта киши шу қўрс ва тўнг Нормурод эканлигини ҳис қилиб, беихтиёр йигитнинг пинжиг
а суқулиб олди. Уларнинг иссиқ нафаси бир-бирини сал иситгандек бўлди. Энди ташқарида тиш қайраб турган қашқирлар ҳам, бутун қудрати билан уларни комига тортишга уринаётган бўрон ҳам уларнинг шу кичкинагина бошпаналарига кира олмаслигига негадир ишонч уйғонди. Секин-аста ҳар иккалаларини ҳам уйқу элита бошлади.
Агар суви музлаб қолган радиатор қарсиллаб ёрилиб кетмаганида уларнинг уйқуси то қиёматга қадар чўзилган бўлармиди… Қарсиллашдан кейин томдаги қадам товушлари тинди.
— Радиатор ёрилди, — деди йигит қизга қараб. —Яхшиям ёрилди. Яхшиям радиаторга антифриз сол¬маганим! Бўлмаса музлаб қолган бўлардик. Бу ерда ухлаш ўлим билан тенг! Олов ёқиш керак!
Агар ёлғиз ўзи бўлганида у машинадан чиқиб, қашқирлар изғиб юрган саҳрога қадам қўйишга журъат топа олмаган бўлармиди… Лекин ёнида ўзи ёқтириш- ёқтирмаслигидан қатъи назар қиз бола бор. Наҳотки, Нормуроддек ор-номуси учун ётиб қолгунча олишадиган жўмард йигит кўз олдида қизнинг музлаб ўлишига йўл қўя олса…
У қўлига яккаю ягона, аммо синовдан ўтган ишончли қуроли — чўкични олганча, музлаган эшикни кучаниб суриб ташқарига чиқди. Бўри ҳали узоққа кетмаган бўлса керак. Бундай совуқда унга емиш бўладиган жонзот саҳрода топилмайди. Оч йиртқич эса ўлжасидан умидини узиб кета олмайди. Эллик қадам нарида қолган шохларни олиб келишга юраги бетламади. Орқа юкхонадан заҳира ғилдирак билан ярим канистр бензинни кўтариб туширди. Ғилдиракни машинанинг панасига ўтказди ва устига бензин тўкди. Ҳайтовур бензин липиллаб ўт олди. Бироздан кейин резинага ҳам олов туташиб, энди шамол унга бас келолмаслигини билганидан кейин йигит эшикни очиб, Гулжамолни гулхан бошига етаклаб келди. Қизга гулхан худди тириклик манбаи бўлиб кўриниб кайфияти кўтарилди. Энди музлаб ўлмайдилар. Энди тирик қолса бўлади. Чунки уларда олов бор! Бу ерга қашқир ҳам яқинлаша олмайди. Йиртқичлар оловдан қўрқадилар! Қиз қорнининг очлигини ҳам, ҳозиргина бўри тимдалаган елкаларидаги оғриқни ҳам унутди.
— Соат неча бўлдийкин? — сўради йигит орқасини оловга тутиб тобларкан.
Гулжамол бир пайтлар Носир акаси Москвадан совға қилиб олиб келган жажжи тилла соатини гулхан ёруғига тутди: тунги бир!
— Ўҳ-ҳў, ҳали тонг отишига етти соат бор! Оловимиз эса бир соатга ё етади, ё йўқ!
Гулжамол соатга кўзи тушиши билан Носир акасини эслади. Қизиқ, шу ўтган олти-этти соатдан бери нақ ажалга рўпара бўлган пайтларида ҳам негадир Носирни хаёлига келтирмапти. Унинг бугун, аниқроғи кеча кечқурун келишини неча ойлаб сабрсизлик билан кутган эди. Бир пайтлар Носир акасини эсласа вужудига ширин титроқ тушарди. Ҳозир эса у шунчаки исмдан бошқа нарса эмас! Хаёлига эса гўзал талабалик паллаларида Носир акаси билан Тошкентдаги хиёбонда сайр этиб юрганлари келди. Ўшанда бир-иккита шилқим йигитлар унга гап отишганида Носир индамай унинг қўлтиғидан маҳкам ушлаганча четга олиб кетганди. Ўшанда Носирнинг ўрнида Нормурод бўлганида нима қиларди? Улар билан жиққамушт бўлиб кетармиди, балки. Агар ҳозирги ҳолатда Нормуроднинг ўрнида Носир акаси бўлганида унга ташланган йиртқичнинг бошига чўкич билан тушира олармиди?! Билмайди! Тўғри, Носир акаси уни севиши мумкиндир, лекин, у учун жонини хатарга ташлай олармиди? Буни ҳам билмайди. Тўғрироғи ишончи комил эмас…

Нормурод қарс-қурс қилиб ёнаётган, омбор мудиридан ундирганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлмаган ғилдиракка маъюс қараб турарди.
“Ачинма, — дерди ўзича, — бу шунчаки бир матоҳ, эртага яна битта янгисини олиш мумкин. Лекин, музлаб қолишса-чи, эртага янги Нормурод билан янги Гулжамолни ҳеч қаердан топиб бўлмайди!”
У жимгина қўлини оловга тоблаб турган қизга қизиқсиниб боқди. Нега шу пайтгача уни ёқтирмай юрган экан. Туппа-тузук экан-ку! Қўллари чўнтакда, боши қор уюмига қозиқдек санчилган, оёқлари осмон бўлиб типирчилаганча, ноқулай аҳволда қорга кўмилиб қолганида қизнинг дадиллик билан уни турғазиб қўйганини эслаб ўзидан уялиб кетди. Қандай жасур қиз. Бунинг устига жудаям меҳрибон экан. Шу пайтгача бўйдоқ юрганидан аёл меҳрибонлиги шунчалар сирли ва гўзал бўлишини ҳис қилиб бошқача бўлиб кетди. Қизнинг палтосини бўри дабдала қилиб ташлаганлигини кўриб унга ачинди. Агар қизга радиаторни қордан тозалашни буюрмаганида у шундай аянчли аҳволга тушмасмиди. Ҳаммасига ўзи айбдор. Ўзининг калтабинлиги… Эсон-омон шу саҳродан чиқиб кета олса, албатта, маоши қўлига тегиши билан, унга энг чиройли палтони олиб беради! Хаёлидан ўтган шу фикрдан ўзи ҳам ажабланиб қўйди. Чунки, шу кунга қадар кимгадир нимадир совға қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Топганини ўзига сарфла
р, шу сафарги маошидан ўзига алламбало жинси шим ва чарм куртка олишни мўлжаллаб қўйганди.
У биринчи бор бўлиб ўтган ҳодисада ўзини айбдор деб топди. Шу пайтгача ҳеч қачон ўзини айбламас, хатти- ҳаракатини таҳлил ҳам қилмасди. Уни нима ўзгартирди? Кимсасиз саҳрода қиз билан ёлғиз қолишими, қизни ва ўзини муқаррар ўлимдан сақлаб колиш истагими, ёки ҳар дақиқаси асрга тенг, ялдо кечасидек туганмас адоқсизликда ўзининг ичида яшаётган бошқа бир ўзи билан юзма-юз келишими? Бунинг жавобини тополмади. Топа олишига ҳам кўзи етмасди. Агар тирик қолса ўзини бутунлай синдириб, кейин қайтадан ясаган шу тунни ҳеч қачон унутмаса керак. Шу пайт орқа ўриндиққа тўшаб қўйган адёл борлиги эсига тушиб машинага қайтди. Шарт-шурт уни ўриндиқдан суғуриб олиб қунишиб турган қизнинг елкасига ташлади. Қиз унга қараб маъюс ва масъум табассум қилди.
— Келинг ўзингиз ҳам. Совқотиб кетгандирсиз. Адёл ҳам кенг экан.
Негадир уларнинг ўртасидаги жинсий тафовут мутлақо хаёлларини тарк этган. Улар бир-бирига бегона йигит ва қиз эмас, балки офат олдидаги ожизликларини енгиш учун елкама-элкама курашаётган иккита инсон эдилар, холос.
Нормурод қизнинг ёнига боришни ҳарчанд истаса ҳам, у билан адёлга бурканиб, қалтираб туришга ғурури йўл қўймади.
— Сиз бемалол ўтираверинг, мен ўтинни олиб келай.
Совуқ борган сари забтига олар, ғилдирак ҳам ёниб тугай деб қолганди. Нормурод боягина ярим йўлда қолдирган саксовул шохларини олиб келишга ўзида журъат топа олди. Ахир у эркак киши. Шу ишонч билан ўзини тезлаб икки қадам ташлаганди ҳамки, худди шуни кутиб тургандек, яқинроқ жойдан қашқирнинг улигани эшитилди. Нормурод таққа тўхтади. Ишонч қалъаси яшин урган дарахтдек, куйиб тўкилиб тушди. Чамаси урғочи қашқир нар ҳамроҳини излаб, шу атрофда изғиб юрган кўринади. Назарида у қиздан икки қадам узоқлашиши билан қашқир унга ташланиб қоладигандек туюлиб ортига қайтди. Гулхан пасайиб борарди. Боягина унинг тафтидан эриган қор яна қайта музлай бошлади. Шу пайт машина капоти ичида яна бир нарса қарсиллади.
— Блок ёрилди, — деб қўйди Нормурод, бундан на хафа, на хурсанд бўлганлиги чеҳрасида акс этмади. Бўлмаса, бу моторни эпақага келтириш учун қанча вақти, қанча меҳнати-ю қанча маблағи совурилганди. Энди бир неча соат ичида барча ишлари чиппакка чиқяпти. Совуқнинг вайронкор қудрати машинани аста- секин бир уюм музлаган темирга айлантираётганди. Радиатор кетди. Блок кетди. Янги ғилдирак ёниб турибди.
“Барчаси арзимаган нарса. Ишқилиб бу саҳродан омон чиқиб олсак бўлди”. — Нормурод ўзига эски қадрдон бўлиб қолган машинасининг фожиасини кўрмаслик учун, тескари ўгирилиб олди.
Қашқир яна улиди. Гулхан писиллай бошлади. Нормурод барига қўл силкиб ўрнидан турди. Юкхонадан домкрат ва гайка калитини олиб орқа ғилдиракнинг остига ўрнатди. Машинани кўтариб ғилдиракни бураб чиқариб олди ва ўйланиб ўтирмасдан уни ҳам гулханга ташлаб устига бензин сепди. Олов тиллари яна бўрон билан ўйнаша бошлагач, бўри ҳам жимиб қолди.
— Соат неча бўлдийкин? — деб сўради у мудраб ўтирган қизни гапга тутиб чалғитиш учун. Ўз тажри¬басидан билади. Совуқнинг заҳри ёмон. Сал мудрадингми, бўлди. Бирон жойингни олдирасан. Агар ухлаб қолсанг, тошдек қотасан, вассалом.
— Уч, — деди қиз беҳол. Унинг кўзлари юмилиб-юмилиб борарди. — Мен бироз ухлаб олмоқчийдим…
— Э, йўқ. Бу кеча иккаламиз хам ухламаймиз. Келинг, мен сизга бир қизиқ воқеа айтиб бераман.
Қиз унга эътиборсизгина қаради. Гулхан тафтидан юзлари қизариб кетганди. Нормурод қўлига бир сиқим қор олиб унинг юзига босди. Гулжамол қичқириб юборди.
— Бу нима қилганингиз, Нормурод ака!
Гулжамол ўзининг овозидан уйқуси ўчиб кетганди. Бирдан ҳушёр тортиб уёқ-буёққа олазарак нигоҳ ташлади. Атроф бийдек саҳро. Бўрон гувиллаб ёпиниб турган адёлига қор парчаларини келтириб урмоқда. Рақс тушаётгандек тепиниб юрган Нормурод билан ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ. Бироз олдин йигит бу ерда ухламоқ ўлим билан тенг, дегани эсига тушиб, ўрнидан турди. Оёқлари ўзига бўйсунмай гандираклаб кетди. Панжалари совуқдан увушиб кетганми, ҳатто уларнинг бор-йўқлигини ҳам ҳис қилмади. Мажбурлаб бир қадам босди ва ерга қулади.
— Нормурод ака…
Йигит қизнинг “Нормурод ака” деганидан таъсир¬ланиб кетганди. Шунда унинг ёнидаги кишининг қиз бола эканлиги хаёлига келди. Шу пайтгача ҳеч қайси бўй етган бегона қиз унга Нормурод ака, деб мурожаат этмаган эди. Қизнинг ҳолсизгина ерга йиқилганини кўриб, ҳаммасини тушунди. Қиз оёқларини совуққа олдирган эди.
— Оёқларимни сезмаяпман… —инграрди Гулжамол. — Наҳотки энди шол бўлиб қолсам…
— Қайси оёғингиз?
— Иккаласининг ҳам панжалари йўқдек.
Нормурод қизнинг этигини зўрға суғуриб олди. Панжаси шишиб кетганидан қалин жун пайпоғини ечиб яланғоч оёғига қор ишқай бошлади. Ўн дақиқалар зўр бериб ҳаракат қилганидан кейин бармоқларга қон югуриб қизий бошлаганини ҳис қилиб енгил тортди.
— Қани энди сакранг. Бўлинг. Бир жойда ўтирсангиз яна оёғингиз тўнғиб қолади.
Гулжамол йигитга қўшилиб оёқларининг учида сакрай бошлади. Бироздан сўнг у ҳам қизиб, бўйсунмаётган оёқларига жон киргани сезилди.
Нормурод гулханнинг тагида қолиб кетган биринчи ғилдиракнинг қизиб турган темир дискини чўкичга илдириб тортиб олди ва қор сепиб совутди. Кейин ўриндиққа ёзиб қўйган кўрпачани олиб келиб унинг устига тўшади.
— Оёғингизни оловга яқинроқ суриб ўтиринг. Совуқ олдириш билан ҳазиллашиб бўлмайди.
Нормуроднинг қўлидан шунақа меҳрибончилик ҳам келиши мумкинлигини ўйлаб Гулжамолнинг кўнгли ийиб кетди. Беихтиёр уни Носир билан яна таққослай бошлади. Бир пайтлар янги олган, пошнаси ингичка туфлисини кийиб тош тўшалган йўлкада кетиб бораётганида, ҳали бунақа туфлига мослашиб улгур¬маганми, туртиб чиққан тошга депсиниб оёғини қайириб олгани эсига тушди. Ўшанда Носир унинг қўлтиғидан суяб олганди, аммо то ётоқхонага боргун¬ларича уни эҳтиётсизлик қилгани учун минғиллаганча койийвериб қонига ташна қилиб юборганди.
Бўрон аста-секин пасайиб, оддий шамолга айланди. Қор парчаларининг юзларига нина санчилгандек урилиши ҳам тўхтади. Булутлар тарқаб осмонда ой кўринди. Тонгги изғирин бошланди. Яна қашқир улиди. Нормурод товуш келган томонга ўгирилди. Уч юз қадамлар наридаги кичикрок бархан устида, тумшуғини осмонга кўтарганча, ойга қараб улиётган бўрининг шакли ойдинда қорайиб кўринарди.
— Мода қашқир, — деди Нормурод худди ўзига ўзи гапираётгандек паст товушда. —Жуфтини қидириб юрибди.
— Уни энди ҳеч қачон топа олмайди, бечора, —деди қиз ҳам аллақандай ҳазин товушда.
— Ҳа, топа олмайди. Уни жуфтидан биз айирдик. Балки у, то ўлгунича бизни қарғаб ўтар.
Нормурод хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам ажаб¬ланди. Унга нима бўляпти ўзи?! Йўқ, олдинлари у бунақа фикрлардан йироқ юрарди. Нега бирдан жуфтидан айрилган бўрига раҳми келиб кетяпти? Балки одамзод ўлим билан юзма-юз келганда шунақа мушоҳада қиладиган бўлиб қолармикан? Буни у ҳеч қачон тушунтириб бера олмайди. Бир тилсиз ҳайвоннинг қарғишидан нега қўрқаяпти — буни ҳам билмайди.
— Агар уни ўлдирмасангиз, у мени бурдалаб ташларди.
— Наҳотки ҳаётда бировни сақлаб қолиш учун кимнидир ўлдириш керак бўлса? Ғалати туюлмаяптими сизга?
Гулжамол оддий аравакаш деб менсимай юрган йигитнинг файласуфларча гапира бошлашидан ҳайрон қолди.
— Билмадим. Балки яшаш учун кураш деганлари шу бўлса керак-да…
Шу ерда суҳбат узилиб қолди. Гулхан яна пасая бошлаганди. Бўрон тўхтаган бўлса-да, совуқнинг заҳри пасаймаган, изғирин суякларини қақшата бошлади. Бир оёғидан ажраган чўлтоқ машина тумшуғини қорга тиққанча, улкан музқояга айланиб бораётган эди. Энди унинг иккинчи оёғини ҳам юлиб олиб ёқмаса бўлмасди.
Нормурод қўлига чиппа ёпишадиган темир домкратни энди иккинчи ғилдирак остига ўрната- ётганида музлаб қолган бўрининг жасадига тепиниб кетди. Агар ўшанда чўкични мўлжалга тўғри уролмаганида ҳозир ўзларининг жасади шундай тўнғиб ётган, ёхуд бўри ўз жуфтини мазали гўшт билан меҳмон қилаётган бўлармиди… Кимнингдир ўлими яна кимгадир яшаб қолиш учун имконият бўлса… Ҳа, яшаш учун кураш деганлари жудаям жумбоқли масала экан…
Ғилдиракни қийнала-қийнала ечиб олди. Гулхан бироз тутаб туриб яна алангаланиб кетди. Қизнинг қалтираётган вужудига яна иссиқ ўрлади.
— Нимани ўйлаяпсиз, Гулжамол?
Гулханга маъюс термулиб турган қизни суҳбатга тортмоқчи бўлди йигит.
— Бева қолган қашқирни ўйлаяпман. Ёлғизлик ёмон нарса. У энди қандай кун кечираркан-а…
— Нима қиларди, бошқа бир ҳайвонни топиб олади. Улар шунчаки бир йиртқич. Уларда садоқат, вафо деган тушунчалар бўлмайди.
— Билмадим. Аммо бир нарса эсимга тушиб кетди. Ўн беш йил бурун, мен тўртинчи синфда ўқиб юрган пайтимда катта опамнинг эри — Самад поччамни ўлдириб кетишганди. Нима учун ўлдиришганини билмайман. Лекин опамнинг хуни бийрон бўлиб йиғлагани ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда йигирма уч ёшли опам икки норасидаси билан тул қолганди. Орадан бир неча йил ўтиб уёқ-буёқдан унга оғиз солиб совчилар ҳам келиб туришди. Опам барчасини қайтарди. Яна бир неча йилдан сўнг мен мактабни тугатдим. Анча-мунчага ақлим етиб қолганди. Опамдан «Нега турмушга чиқмаяпсиз?» деб сўрасам, «Поччангдан уяламан», деганди. «Аллақачон кўкариб чиққан поччамнинг нимасидан уяласиз?» десам, опам бир ўқрайиб қўйди. Поччамнинг катталаштирилган суратига узоқ термулиб қолганидан кейин менинг гапим ўринсиз, бунинг устига жудаям қўпол чиққанини тушуниб тилимни тишлагандим…
Нормурод ҳам унинг эзгин ҳикоясидан таъсир¬ланиб, маъюс тортиб қолди.
— Бу қашқирнинг ойга тикилиб туриши опамнинг суратга термулиб сукутга толиб ўтиришини эслатиб юборди…
Қизиқ, ҳозиргина ажалга рўпара келган, бунинг устига ҳали ҳам совуқда музлаб ўлиш хавфи чекинмаган, борса гумон йўлда турган қизнинг ёввойи бир йиртқичга ачиниб шунақа гапларни гапириб ўтириши йигитни ҳайратга солди. Ҳа, инсон феъл-атвори шунақа тушуник¬сиз, ғалати бўларкан-да. Ёши ўттизга етиб, шунақа нарсалар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган экан…
Нормурод учинчи ғилдиракни ҳам гулханга келтириб ташлади. Шарқ уфқи аста-секинлик билан ёриша бошлади. Қашқирнинг овози энди бутунлай ўчди.
— Анавини қаранг, — деди қиз ёриша бошлаган барханга имо қилиб.
Нормурод бархан устида бир неча соат олдин қандай ойга термулиб улиган бўлса, ҳамон ўшандай қилт этмай турган бўрига ҳайрон қолди. Кейин барига тушунди: жуфтидан айрилган йиртқич ойга кўзларини тикканча муз қотган эди. Енгил шамолда унинг юнглари тебранмас, балки муз билан қопланганидан, тонгнинг заррин шафағини ўзида акслантириб, жилваланиб турарди.
— Музлаб қолибди, бечора… — деди йигит оғир хўрсиниб.
— У ўлмаслиги ҳам мумкинмиди? — сўради Гулжамол йигитнинг оғзига термулар экан.
— Қайдам, балки бархан устида қотиб турмасдан уясига кириб ётганида ўлмаслиги ҳам мумкин эди.
— Демак, у жуфтини ташлаб кета олмаган… — қизнинг товуши ҳазинликка шунчалик чулғангандики, Нормуроднинг юраги эзилиб кетди.
“Демак, — йигитнинг хаёлидан ўтди, — у бошқасини топиб олишни мутлақо истамаган. Ҳамроҳисиз яшашни ҳам…”
Улар ўз ўйларига ғарқ бўлиб туришаркан, ҳайвонларча садоқатга қўйилган ҳайкалга ўхшаб, осмонга ҳасратли термулганча тош қотган мода бўри жасадига қарашга ҳеч бирларининг юраги бетламасди.
Ягона ғилдиракда қолган машина бутунлай қорга сингиб кетганди. Нормурод ҳали тонг отиб, техникалар ҳаракатга келишига икки соатдан ортиқ вақт борлигини чамалаб, сўнгги ғилдиракни ҳам ечиб олиш тараддудини кўра бошлади. Қарийб бир суткадан бери туз тотмаганлиги, бунинг устига совуқ ва бедорликдан ҳам кўра миясини пармалаб ўтаётган фикрлар унинг силласини қуритиб ташлаганди. Буёғи тезлашиб кетди. Сўнгги ғилдиракни алангага айлантирганидан кейин бошлари айлана бошлади. Гулжамолнинг гаплари олисдан келаётгандек туюлди. Бир пайт қизариб чиқаётган қуёш фонида аллақандай юк машинасининг қораси кўринганида у енгил тортгандек бўлди. Ялдо кечасидек туганмас туюлган даҳшатли туннинг синовига бардош берган, муҳими, ўз ҳаётини унинг ихтиёрига топширган қизни ўлим чангалидан олиб қолганига ишониб маъюс жилмайиб қўйди. Юзма-юз жангда рақибидан устун келган паҳлавондек қониқиш ҳосил қилганди. Оёқларидан мадор кетаётганини ҳис қилиб, музлаган қорга шилқиллаб тушди. Гулжа
молнинг олисдаги машинани қаршилаб йиғлаганча чопиб кетаётгани худди тушдагидек ола-чалпоқ кўринди ва кўзлари юмилди.

Орадан уч ой ўтиб апрелнинг ёмғирли кунларининг бирида Гулжамолнинг тўйи бўлди. Ҳамкасбларини ҳайратга солиб, саноат кўламидаги илмий тадқиқотлар бўлимининг лаборанти корхонанинг келажаги порлоқ, илмий даражали бош муҳандисига эмас, балки унинг ҳайдовчисига турмушга чиқиб кетди…

02

Bahodir Abdurazzoq
BIR TUN ERTAGI
045

067Bahodir Abdurazzoq 1974 yili Qashqadaryo viloyati Muborak tumanidagi Qorabog’ qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan (1999). «U» (2012), «Rimdagi qotillik» (2009) qissalari, «Umr tenglamasi» (2003), «Armonmisan muhabbat» (1993) kabi kitoblari nashr etilgan. Ayni paytda «El» gazetasi mas’ul kotibi lavozimida mehnat qilmoqda.

045

Guljamol o‘zi qanchadan beri orziqib kutgan xuddi shu kuni cho‘lga ketayotganidan bo‘g‘ilardi. Axir, Nosir akasi kelishiga uch oydan beri intiq. Moskvada dissertatsiyasini yoqlab, o‘zlarining ishxonalariga bosh muhandis qilib tayinlangan qallig‘ini kutib olish uchun qanchalar tayyorgarlik ko‘rgandi-ya, essiz…
Ertalab Guljamol katta laborant bo‘lib ishlay¬digan sanoat ko‘lamidagi ilmiy tadqiqotlar bo‘limi¬ning boshlig‘i Rustam aka uning taklifi asosida ishlab chiqilgan texnologiya sinalayotgan O‘rtabuloq konidagi 37-quduqda neft chiqish sur’atida sezilarli o‘sish bo‘lganligi bilan tabriklab, bu ratsionalizatorlik taklifini patentlashtirish uchun zarur hujjatlarni zudlik bilan tayyorlashni topshirdi. Buning uchun esa o‘sha joyga borib kelmasa bo‘lmasdi. Rustam aka gapni ko‘paytirmasdan mashina tayyor ekanligini, ishni tezroq bitirib, erta-indinga hamma narsani taxt qilishini buyurdi va o‘zi zarur ish bilan boshqa uchastkaga chiqib ketdi. Guljamol bugun borolmasligini aytolmay qolaverdi.
— Mashina tayyor bo‘lsa tushgacha borib kelaman. Nosir akam kechqurun keladilar, ungacha bemalol ulguraman, — o‘ziga tasalli berdi kiz va shoshilib sumkasiga kerakli qog‘ozlarni solib, tashqariga yo‘naldi.
Ko‘chaga chiqib yo‘l bo‘yida turgan yakkayu yagona «UAZ»ga ko‘zi tushgach, ertalabdan buzilgan kayfiyati battar tushib ketdi. Rulda Normurod o‘tirardi. Bu Normurod deganlari o‘ttizlarga borib qolgan bo‘lsa-da hali uylanmagan, soch qo‘yib, burnining tagiga muylov o‘stirgan, allaqanday temir-taqalar ilib tashlangan jinsi shim, kurtka kiyadigan olifta yigit. Eskiroq mashinasini ham kelinchakning uyidek yasatib olgan, unga mabodo kir poyabzal bilan chiqqan, yoxud pista chaqqan kishi bo‘lsa Normuroddan baloga qolardi.
Guljamol bir safar uning mashinasida yurganida zerikib cho‘ntagidan pista olib bir-ikki qirsillatgandi hamki, Normurodning ayovsiz tanbehiga duch keldi:
— Bu yaxshi ko‘rgan yigitingizning «Neksiya»si emas, oyimqiz, pistani o‘sha mashinada chaqasiz! Hozir esa uni cho‘ntakchangizga solib qo‘ying!
Yigitning qo‘pol gapidan Guljamolning rangi o‘chib ketdi. Esini tanibdiki, yigitlardan bunaqa gap eshitmagandi. U ham haqini qo‘yib ketmaydiganlardan emasmi, darrov uzib oldi:
— To‘g‘ri aytasiz, haqiqatan ham bu «Neksiya» emas! Men axlat qutisimi deb o‘ylabman!
Agar boshqa payt bo‘lganda Normurod shartta tormozni bosib bu oyimchani yo‘lga tushirib ketgan bo‘lardi. Lekin u ishda. Xohlaydimi-yo‘qmi, qizni o‘z manziliga yetkazib qo‘yishga majbur. Shu ilojsizlik uni asabiylashtirib, to manzilga yetguncha miq etmay bordi. Yetib kelganlaridan keyin qizning indamasdan eshikni taraqlatib yopgancha tushib ketgani uni battar junbushga keltirdi.
— Eshikni urgancha mening boshimga urganing yaxshiroq edi! — deb xirilladi Normurod.
— Boshing ham shu eshigingdek shalvirab qopti. Qattiqroq ursa to‘kilib tushadi!
Shu-shu ular orasidan qora mushuk o‘tdi. Endi bir-birini ko‘rarga ko‘zi, otgani o‘qi topilmasdi. Lekin xohlaydilarmi yo‘qmi, haftasiga bir-ikki marta bir-birlariga duch kelardilar: chunki, Guljamol to‘qson-yuz chaqirim uzoqdagi neft quduqlariga haftasiga bir marta borib ularning ishlashini o‘rganar, mahsulotlaridan namunalar olib qaytar, uni esa Normurod olib borib kelardi. O‘sha voqeadan keyin Normurod dispetcherga iltimos qilib boshqa bo‘limga o‘tkazishni bir necha marta so‘ragan bo‘lsa-da, ammo bo‘lim boshlig‘i Normuroddan boshqa haydovchi chiqqan kuni darhol dispetcherga qo‘ng‘iroq qilib jo‘natgan mashinasini qaytarar, o‘rniga esa Normurodni zudlik bilan yuborishni talab qilardi. Shu tariqa, xohlasa-xohlamasa Normurod Guljamol bilan, Guljamol esa Normurod bilan uchrashishga majbur edi.
Normurod qizni o‘lgudek yomon ko‘rganidan unga «Echki» degan laqabni yopishtirgan, ko‘zi tushishi bilan ichida «shu shayton echkiga yana ko‘zim tushdi, bugun endi ishim yurishmaydi,» deb ijirg‘anib qo‘ysa, qiz esa «o‘zing aravakash bo‘la turib kerilishingga o‘laymi, qaerga niqtashsa o‘sha yerga aravani sudrab boradigan qirchan¬g‘isan-ku» derdi.
E, bo‘ldi. Har doimgidek o‘tlab ketib, tafsilot¬larni cho‘zib yubordim.
Shunday qilib…
Guljamol xo‘mraygancha kelib mashinaga o‘tirdi. «Qirchang‘i»ning yana sasib qolishidan qo‘rqib, iloji boricha eshikni astaroq yopdi. Normurod marshrutni biladi shekilli, eshik yopilar-yopilmas «Qaerga?» deb so‘rab ham o‘tirmasdan gazni bosdi.
Negadir qish bu yil qattiq keldi. Ketma-ket yoqqan qorning ortidan kelgan qorasovuq yo‘lni oynadek yaltiratib muzga aylantirib tashlagandi. Normurod muzlama yo‘lda mashinani mahorat bilan boshqarar, ammo tezlikni oshira olmas, imillagancha oldinga zo‘rg‘a sudralardi. Yo‘lda mashina kam, borlari ham toshbaqa qadam bilan yurganidan, xuddi oldinga siljimay bir nuqtada kotib qolgandek taassurot uyg‘otardi. Yigirma chaqirimlar yo‘l bosganlaridan keyin, Guljamolning sabr kosasi to‘la boshladi.
— Tezroq yurishning iloji yo‘qmi? Kechikyapmiz!
Normurod ortni ko‘rsatuvchi oynadan unga o‘qrayib qaradi.
— Birovlarning judayam shoshayotgani uchun jonimga qasd qilish niyatim yo‘q! — sovuq to‘ng‘illab qo‘ydi va ko‘zini yo‘ldan uzmay, rulni mahkam quchoqlagancha o‘sha maromda ketaverdi.
“O‘l-a, to‘ng‘illamay, qirchang‘i! — ichidan barcha qarg‘ishlarini bir-bir xayolidan o‘tkazdi qiz.—Qaysi gunohim uchun Xudo sendek eshakmijozni menga ro‘para qildi ekan”.
Mashina imillab yurgani sari vaqt tezlikni oshirardi. Belgilangan quduqqa tushdan o‘tib yetib bordilar. Rustam aka ogohlantirib qo‘ygan shekilli, kon injeneri, geolog va usta Guljamolni kutib o‘tirishgan ekan. Ular taklif qilgan vagonchaga kirib tushlik qilib olishni Guljamol rad etib, darhol quduqqa o‘lchov asboblarini o‘rnatdi va kerakli hisob-kitoblarni bajara boshladi. Ikki soatlarda ishni bitkazib bo‘ldi. Qog‘ozlarni yana qayta sumkasiga joylab ular bilan xayrlashdi.
— Ehtiyot bo‘lib ketinglar, Nor, yo‘llar sirpanchiq. — dedi ularni kuzatayotgan keksa geolog. —Hozir meteostantsiyadan xabar keldi, qattiq bo‘ron turishi mumkin ekan.
Normurod unga e’tibor bermay bosh silkib qo‘ydi va mashinasini o‘t oldirdi. Ular yarim soatlar chamasi sekin-astalik bilan siljigancha O‘rtabuloq qiridan oshib bir paytlar ko‘lning tubi bo‘lgan chuqurlikka enishdi. Chuqurlik shamoldan pana bo‘lganligi uchun bu yerlarda shamolning zabti sezilmas, yo‘l ham kamroq muzlagan edi. Hammasi chuqurlikdan chiqib olganlaridan keyin boshlandi. Geolog aytgan bo‘ron yetib kelgandi shekilli, havo xuddi tumandek mayda qor parchalari bilan qoplangan, shamol uvullab mashinaning oynalarini qor bilan savalay boshladi. Oynatozalagich esa qorni tozalab ulgura olmayotganidan Normurod mashina tezligini pasaytirishga majbur bo‘ldi. Yana yigirma chaqirimlarni bosib o‘tishlari uchun qariyb yarim kun ovora bo‘lishgandek tuyuldi qizga. Yo‘lning yarmiga ham yetmaganlarini his qilib Guljamol bezovtalandi. Soat ham to‘rtdan oshgan. Qish kuni bir tutam. Atrofni qorong‘ilik qoplab ola boshladi. Normurod mashina chirog‘ini yokdi. Lekin faraning o‘tkir nurlari ikki qadam narini yorita olmasdi.
Bo‘ron quturar, yerni ham, osmonni ham mayda qor parchalari egallab olgandi. Yo‘q, bu osmondan yog‘ayotgan qor emas, balki, guvillayotgan bo‘ron yerda yotgan qor parchalarini sovurib o‘ynar, mashinaga do‘ldek keltirib urardi. Yo‘l mutlaqo ko‘rinmayotgan bo‘lsa-da, Normurod epchillik bilan mashinani boshqarib, sekin, ammo sabot bilan oldinga siljirdi. Qiz uning to‘ngligidan ming ijirg‘ansa-da, shunday tang holatda ham o‘z ishini puxta bajarib, mashinani epchillik bilan boshqa¬rayotganidan ko‘nglidagi xavotir biroz chekingandek bo‘ldi. Bu yo‘l tor, ikki chetida esa ariqlar bor. Qor bo‘roni yo‘lni ham, ariqni ham bir xilda tekislab tashlagan. Agar haydovchi biroz adashsa bormi, mashina ariqqa tushib ag‘darilib ketishi hech gap emas. Lekin, Normurodning butun vujudi ko‘zga aylangan, go‘yoki nigohlari bilan paypaslab yo‘l topib borayotgandek tasavvur paydo bo‘lardi.
— Yana ozgina qoldi. Salgina yursak katta yo‘lga chiqib olamiz. Keyin yurishimiz osonlashadi, — xayolidan o‘tdi qizning.
Normurod mashinada o‘zidan boshqa hech kim yo‘qdek, rul chambaragini xuddi jangchi miltig‘ini ushlagan kabi siqimlab ushlar, dam-badam qor ostida qolib ketgan yo‘lning o‘nqir-cho‘nqiriga tushib qolgan mashina siltanib qo‘yganida yonida qiz bolaning borligini ham unutib beixtiyor so‘kinib qo‘yardi.
Bu orada qorong‘i tushib, atrofni butkul zulmat qoplab oldi. Bo‘ron kuchayib sovuq zabtiga olardi. Mashinaning pechkasi gurillagancha ishlayotgan bo‘lsa-da, ammo allaqanday tirqishlardan kirgan sovuq Guljamolning yuzlaridan tishlab ola boshladi. Oyog‘i to‘ng‘ib qolgandek edi. Azaldan uning oyoq panjalari sovuqqa bardoshsiz. Qalin jun paypoq kiygan bo‘lsa ham, sovuq uning nozik joyiga zarba berayotgan qitmir raqibga o‘xshab oyoqlaridan ola boshladi. U etigi ichidan barmoqlarini ishlatib ko‘rdi. Sal issiq yugurgandek bo‘ldi. Sharfini og‘iz-burnini yopadigan qilib o‘radi.
Bir payt mashina o‘z-o‘zidan chir aylangancha chuqurga tushib ketgandek bo‘ldi. Guljamol peshonasini urib oldi.
Yo‘l o‘rtasida do‘ppayib turgan qor uyumini aylanib o‘tish uchun rulni sal chaproqqa burgan Normurod muzlagan yo‘lda g‘ildiraklar toyg‘anib, rul o‘ziga buysunmayotganidan ijirg‘anib tormozni ham bosib yuborgandi. Mashina bir aylanib, yo‘l chetidagi ariqqa tumshug‘i bilan tiralib qoldi. Old g‘ildiraklar shamol qor bilan to‘ldirgan chuqurga tushib, kuzov qariyb bir yarim metrlik qor uyumiga botib qoldi.
— Jin ursin! — Normurod o‘z odatiga ko‘ra rul chambaragiga musht tushirdi. Keyin motorni o‘t oldirishga ming urinsin, biron ish chiqarolmadi. Chamasi bobinaga qor kirib, svechalarga tok ajratmay qo‘ygandi. Qo‘lini kalitdan uzib boshini orqaga tashladi. Shundagina oynaga ko‘z kirini tashlab Guljamolning g‘urra bo‘lgan peshonasini ko‘rib qoldi.
“Hammasi shu echkini deb bo‘lyapti. Ajab bo‘lsin! — xayoliga shu fikr keldi. Keyin unga ora-sira ko‘z qirini tashlab negadir achingandek bo‘ldi. — Bu bechoraga ham qiyin. Shu sovuqda o‘ziga qolsa kimsasiz cho‘llarga o‘la qolsa ham kelmasdi. Ish-da. Kelmasa bo‘lmaydi”.
Yigit negadir mutlaqo hushlamagan qizga achina¬yotganidan avval hayron bo‘ldi, keyin ahmoqlik qilib tormozni bosib qo‘ygani uchun o‘zini ham qizga qo‘shib ichida so‘kdi.
Normurod qorga ko‘milgan eshikni jon-jahdi bilan surib zo‘rg‘a qiya ocha oldi xolos. Keyin asta qisilib chiqib, usti muzlab tarashadek qotib yotgan qorga sekin oyoq qo‘ydi. Qor uyumi beligacha yetdi. Amal-taqal qilib yo‘lga chiqib oldi. Qorbo‘ron quturgancha uvillar, mayda shisha parchalariga o‘xshagan qor ko‘zni ochirishga qo‘ymasdi. Sovuqdan qunishgancha yo‘lning har ikkala tomoniga ko‘z tashladi. «Milt» etgan chiroq ko‘rinmaydi. Sovuqdan tishlari takillab o‘zini mashina ichiga urdi. Qiz hamon peshonasini ushlagancha o‘rindiqqa singib ketgudek bo‘lib qaltirab o‘tirardi. Bir zumda mashina sovib bo‘lgandi.
— Endi nima qilamiz? — qo‘rqa-pisa so‘radi qiz.
— Nima qilardik, muzlab o‘lamiz! — so‘zlari o‘ziga ham sovuq tuyulib eti junjikdi. Ko‘zlarini katta-katta ochib ma’yus termulib turgan qizni battar qo‘rqit¬maslik uchun biroz iliqroq so‘z aytmoqchi bo‘ldi, — bironta o‘tkinchi mashina kelib qolishini kutamiz!
Chunki o‘zi ham nima qilishga hayron. O‘tkinchi mashina o‘tib qolishiga uning o‘zi ham ishonmasdi. Agar shunday o‘tiraverishsa, hozir radiatordagi suv muzlaydi. Keyin mashinani o‘t oldirishga umid qilmasa ham bo‘ladi. Tezroq mashinani qor uyumidan tozalash kerak.
Normurod yana beligacha qorga tushib qo‘llari va oyoqlari bilan qorni surib mashina tumshug‘ini tozalay boshladi. Muzlagan qorning siljishi qiyin kechardi. O‘n daqiqalardan keyin qo‘llari muzlab akashak bo‘lib qoldi. Kattakon panjalarini olifta charm kurtkasining tor cho‘ntaklariga bazo‘r joylab, sovuqdan yashirgancha endi oyoqlari bilan qorni surarkan, toyib ketib qorga quladi. Bir yarim metrlik qor uyumiga ko‘milib qolgan yigit kurtkasi cho‘ntagidan hech qo‘llarini chiqarib ololmas, ustiga-ustak shamol xuddi kurak bilan tashlayotgandek ustiga uyum-uyum qor tashlardi.
Qiz Normurodning qanday yiqilganini ko‘rgandi. Ko‘zlarini yirib qorong‘ilikka tikilsa ham uning qaytib turganini ko‘ra olmadi. Tashqariga chiqishga harchand urinmasin, muzlab qolgan orqa eshik ochilay demasdi. Shunda u emaklab haydovchi o‘rindig‘iga o‘tdi va hozirgina yigit ochib chiqqan eshikni itardi. Haytovur u kishi sig‘ardek qiya ochildi. Guljamol qorga botgancha hali shamol ko‘mib ulgurmagan izlardan mashina oldiga zo‘rg‘a surilib bordi. Shunda qor ostida tipirchilayotgan oyoqlarga ko‘zi tushib, qorni siqimlab uloqtirgancha yigitning yuzini ochdi. Qo‘ltig‘idan tortib uni turg‘azib oldi. Qo‘llarini cho‘ntak mahbusligidan amallab ozod qila olgan Normurod minba’d bunday cho‘ntakli kurtka kiymaslikka qasamlar ichib qizning ortidan mashinaga kirdi. Salonning xira chirog‘i yorug‘ida Guljamol yigitning sochi va mo‘ylovi muzlab qolgani, yuzi ko‘karib ketganini ko‘rib, kapalagi uchib ketdi. Hozir ikkalasi bir jonu bir tan bo‘lmasa, bo‘ronning changa¬lidan omon chiqa olmasliklariga ishonardi. Hayot-mamoti shu o‘zi yoqtirmaydigan yigitning topqirligiga bog‘liq. Shoshilib uning akashak barmoqlarini uqalay boshladi. Boshqa payt bo‘lganda-ku uning barmog‘ini uqalash uyoqda tursin, yuziga qayrilib qarashni ham o‘ziga ep ko‘rmagan bo‘larmidi. Normurod biroz o‘ziga keldi.
— Aptechkada spirt bor. O‘shani olib bering.
Qiz mashina g‘aladonini titkilab, doriqutini topdi. Kichkina shishachani olib unga uzatdi. Normurod o‘ziga buysunmayotgan barmoqlari bilan qopqoqni ochib kaftiga ozroq to‘kib oldi va jon-jahdi bilan qo‘l¬larini bir-biriga ishqalay boshladi. Biroz o‘tib yigit o‘ziga keldi.
Nimadir qilish kerak. Shunday qo‘l qovushtirib o‘tiraversalar, hademay mashina kattakon muztepaga aylanib qoladi. Chetdan yordam kutish befoyda: shunday sovuqda biron mashinaning o‘tib qolishiga umid qilish, osmondan chalpak yog‘ishiga ishongan laqma holiga tushish bilan baravar. Mashina sirti bir enlik muz bilan qoplandi. Tashqarida bo‘ron quturar, oynalarga kelib urilayotgan qor parchalari endi yiriklashgan, xuddi do‘ldek olatasir qarsillardi. Shu payt uning xayoliga olov keldi. Agar gulxan yoqa olsa, mashinani bosib qolgan qorni eritib, motorni qizitib olardi. So‘ngra amallab uni yurgizib olsa bo‘lar…
— Gulxan yoqamiz, — dedi yigit. — Nariroqda saksovul bor. Shoxlarini sindirib qaytaman.
Qiz yigit bir amallab undan qutulib o‘zi yolg‘iz qochib qoladigandek tuyulib xavotirlandi. Bo‘ron guvillayotgan, vahimali sovuq tunda, sekin-asta muzga aylanayotgan mashinada yolg‘iz o‘zi ajal bilan yuzma-yuz qolib ketadigandek tipirchiladi.
— Shoshmang, men ham birga boraman. — Guljamol unga ergashmoqchi edi, yigit qo‘ymadi.
— Siz mashina radiatorini qordan tozalab turing, shu yerda olov yoqamiz.
Normurod o‘rindig‘i ostidan zalvorli cho‘kichni oldi. Saksovul shoxlari mo‘rt bo‘ladi. Qattiqroq narsa bilan yaxshilab tushirilsa, qarsillab sinib ketaveradi. U cho‘kichning muzdek dastasini mahkam ushlab yuz qadamlar narida qorayib turgan saksovul tomonga qor kechib keta boshladi. U saksovulning pastga qarab osilib qolgan shoxiga cho‘kich bilan bir-ikki zarba berib sindirib ola boshlaganida bo‘rining xunuk uligani eshitilib eti jimirlab ketdi. Shamolda uning ovozi goh yaqindan, goh uzoqdan kelardi.
—Tezroq gulxan yoqish kerak, — xayolidan o‘tdi yigitning. Jondor olovga yaqinlasha olmaydi, derdi umri cho‘ponchilik bilan o‘tgan bobosi.
U ikkita tarvaqaylagan shoxni sudrab ortiga qaytganida yirtqichning ovozi shundoqqina mashina yonidan keldi. Yigitning qadami o‘z-o‘zidan ildamladi. Qizning qattiq qichqirig‘i eshitilganidan keyin Normurod shoxlarni tashlab cho‘kichni mahkam siqimlagancha mashina tomonga chopdi.
Guljamol qo‘lqopchasini kiyib olib, mashina tumshug‘ini qordan tozalayotganda yonginasida bir narsaning xirillaganini eshitdiyu, ammo shamol qorni g‘ijirlatib urayotgan bo‘lsa kerak, deb e’tibor bermasdan muzlagan kapotni tozalayverdi. Bir payt mashina ortidan bo‘rining uligan tovushi kelganida vujudi muzlab, dag‘-dag‘ titraganicha ortiga o‘girilsa, bir juft ko‘z yonib turibdi! U avvaliga nima qilishni bilmasdan joyida qotib qoldi. Keyin shartta ortiga o‘girilib eshik tomonga chopdi. Eshikka yetar-etmas paltosini kimdir ushlab olgandek joyidan jila olmadi. Qattiqroq siltangandi, oyog‘i toyib ketib yiqilib tushdi. Shunda bo‘rining gavdasi ustiga tashlanganini sezib jonholatda baqirib yubordi.
Normurod halloslagancha chopib kelsa, Guljamol qorga yuztuban yotib olgan, bahaybat arloni bo‘ri uning paltosidan tishlagancha siltar, burdalab tashlashga urinardi. Yigit qo‘lidagi cho‘kich bilan jondorning naq quloqlari o‘rtasiga bor kuchi bilan urdi. Suyakning ko‘ngilni aynitib yuborguvchi qisirlab singan tovushi eshitilib yirtqich birdan boshini ko‘tardi. Ayanchli g‘ingshib ikki qadam tashladi va qorga quladi. Normurod qizni suyab o‘rnidan turg‘azdi. Guljamol tili kalimaga kelmay hiqillab yig‘lardi. Uni mashinaga chiqarib shishachada qolgan uch qultum spirtni majburan ichirganidan so‘ng qiz biroz o‘ziga keldi.
Bo‘ri o‘ldi. Xavf biroz chekingandek bo‘lsa ham, lekin sovuqdan muzlab o‘lish dahshati bir zum bo‘lsa ham ularni tark etmas, qaytaga havo yanada sovuqlashgandek, bo‘ron ularni to‘ng‘itib, muz parchasiga aylantirishga jon- jahdi bilan kirishgan shekilli, endi mashinaga urilayotgan qor tasirlamas, qarsillamas, balki rosmana gumbirlardi. Normurod gumburlash yondan emas, balki tepadan ham eshitilayotganiga hayron edi. Xuddi mashina tomiga bir to‘da bola chiqib olib, sho‘xlik qilayotgandagi qadam tovushiga o‘xshagan sas kelardi. Bir payt tepadan bo‘rining tovushi eshitilib barchasiga oydinlik kiritdi. Qizning nazarida shafqatsiz bo‘ron mutloq hukmronlik qilayotgan cheki-chegarasi yo‘q sahroda minglab bo‘rilar ularning tashqariga chiqishini poylab turgandek, agar shu ojizgina qo‘rg‘onlaridan boshlarini chiqargudek bo‘lsalar, bir zumda tilkalab tashlashga tayyordek edi. Guljamol bu kimsasiz va yovuz kenglikda suyansa bo‘ladigan bitta kishi shu qo‘rs va to‘ng Normurod ekanligini his qilib, beixtiyor yigitning pinjiga suqulib oldi. Ularning issiq nafasi bir-birini sal isitgandek bo‘ldi. Endi tashqarida tish qayrab turgan qashqirlar ham, butun qudrati bilan ularni komiga tortishga urinayotgan bo‘ron ham ularning shu kichkinagina boshpanalariga kira olmasligiga negadir ishonch uyg‘ondi. Sekin-asta har ikkalalarini ham uyqu elita boshladi.
Agar suvi muzlab qolgan radiator qarsillab yorilib ketmaganida ularning uyqusi to qiyomatga qadar cho‘zilgan bo‘larmidi… Qarsillashdan keyin tomdagi qadam tovushlari tindi.
— Radiator yorildi, — dedi yigit qizga qarab. —Yaxshiyam yorildi. Yaxshiyam radiatorga antifriz sol¬maganim! Bo‘lmasa muzlab qolgan bo‘lardik. Bu yerda uxlash o‘lim bilan teng! Olov yoqish kerak!
Agar yolg‘iz o‘zi bo‘lganida u mashinadan chiqib, qashqirlar izg‘ib yurgan sahroga qadam qo‘yishga jur’at topa olmagan bo‘larmidi… Lekin yonida o‘zi yoqtirish- yoqtirmasligidan qat’i nazar qiz bola bor. Nahotki, Normuroddek or-nomusi uchun yotib qolguncha olishadigan jo‘mard yigit ko‘z oldida qizning muzlab o‘lishiga yo‘l qo‘ya olsa…
U qo‘liga yakkayu yagona, ammo sinovdan o‘tgan ishonchli quroli — cho‘kichni olgancha, muzlagan eshikni kuchanib surib tashqariga chiqdi. Bo‘ri hali uzoqqa ketmagan bo‘lsa kerak. Bunday sovuqda unga yemish bo‘ladigan jonzot sahroda topilmaydi. Och yirtqich esa o‘ljasidan umidini uzib keta olmaydi. Ellik qadam narida qolgan shoxlarni olib kelishga yuragi betlamadi. Orqa yukxonadan zahira g‘ildirak bilan yarim kanistr benzinni ko‘tarib tushirdi. G‘ildirakni mashinaning panasiga o‘tkazdi va ustiga benzin to‘kdi. Haytovur benzin lipillab o‘t oldi. Birozdan keyin rezinaga ham olov tutashib, endi shamol unga bas kelolmasligini bilganidan keyin yigit eshikni ochib, Guljamolni gulxan boshiga yetaklab keldi. Qizga gulxan xuddi tiriklik manbai bo‘lib ko‘rinib kayfiyati ko‘tarildi. Endi muzlab o‘lmaydilar. Endi tirik qolsa bo‘ladi. Chunki ularda olov bor! Bu yerga qashqir ham yaqinlasha olmaydi. Yirtqichlar olovdan qo‘rqadilar! Qiz qornining ochligini ham, hozirgina bo‘ri timdalagan yelkalaridagi og‘riqni ham unutdi.
— Soat necha bo‘ldiykin? — so‘radi yigit orqasini olovga tutib toblarkan.
Guljamol bir paytlar Nosir akasi Moskvadan sovg‘a qilib olib kelgan jajji tilla soatini gulxan yorug‘iga tutdi: tungi bir!
— O‘h-ho‘, hali tong otishiga yetti soat bor! Olovimiz esa bir soatga yo yetadi, yo yo‘q!
Guljamol soatga ko‘zi tushishi bilan Nosir akasini esladi. Qiziq, shu o‘tgan olti-etti soatdan beri naq ajalga ro‘para bo‘lgan paytlarida ham negadir Nosirni xayoliga keltirmapti. Uning bugun, aniqrog‘i kecha kechqurun kelishini necha oylab sabrsizlik bilan kutgan edi. Bir paytlar Nosir akasini eslasa vujudiga shirin titroq tushardi. Hozir esa u shunchaki ismdan boshqa narsa emas! Xayoliga esa go‘zal talabalik pallalarida Nosir akasi bilan Toshkentdagi xiyobonda sayr etib yurganlari keldi. O‘shanda bir-ikkita shilqim yigitlar unga gap otishganida Nosir indamay uning qo‘ltig‘idan mahkam ushlagancha chetga olib ketgandi. O‘shanda Nosirning o‘rnida Normurod bo‘lganida nima qilardi? Ular bilan jiqqamusht bo‘lib ketarmidi, balki. Agar hozirgi holatda Normurodning o‘rnida Nosir akasi bo‘lganida unga tashlangan yirtqichning boshiga cho‘kich bilan tushira olarmidi?! Bilmaydi! To‘g‘ri, Nosir akasi uni sevishi mumkindir, lekin, u uchun jonini xatarga tashlay olarmidi? Buni ham bilmaydi. To‘g‘rirog‘i ishonchi komil emas…
Normurod qars-qurs qilib yonayotgan, ombor mudiridan undirganiga hali bir hafta ham bo‘lmagan g‘ildirakka ma’yus qarab turardi.
“Achinma, — derdi o‘zicha, — bu shunchaki bir matoh, ertaga yana bitta yangisini olish mumkin. Lekin, muzlab qolishsa-chi, ertaga yangi Normurod bilan yangi Guljamolni hech qaerdan topib bo‘lmaydi!”
U jimgina qo‘lini olovga toblab turgan qizga qiziqsinib boqdi. Nega shu paytgacha uni yoqtirmay yurgan ekan. Tuppa-tuzuk ekan-ku! Qo‘llari cho‘ntakda, boshi qor uyumiga qoziqdek sanchilgan, oyoqlari osmon bo‘lib tipirchilagancha, noqulay ahvolda qorga ko‘milib qolganida qizning dadillik bilan uni turg‘azib qo‘yganini eslab o‘zidan uyalib ketdi. Qanday jasur qiz. Buning ustiga judayam mehribon ekan. Shu paytgacha bo‘ydoq yurganidan ayol mehribonligi shunchalar sirli va go‘zal bo‘lishini his qilib boshqacha bo‘lib ketdi. Qizning paltosini bo‘ri dabdala qilib tashlaganligini ko‘rib unga achindi. Agar qizga radiatorni qordan tozalashni buyurmaganida u shunday ayanchli ahvolga tushmasmidi. Hammasiga o‘zi aybdor. O‘zining kaltabinligi… Eson-omon shu sahrodan chiqib keta olsa, albatta, maoshi qo‘liga tegishi bilan, unga eng chiroyli paltoni olib beradi! Xayolidan o‘tgan shu fikrdan o‘zi ham ajablanib qo‘ydi. Chunki, shu kunga qadar kimgadir nimadir sovg‘a qilishni xayoliga ham keltirmasdi. Topganini o‘ziga sarflar, shu safargi maoshidan o‘ziga allambalo jinsi shim va charm kurtka olishni mo‘ljallab qo‘ygandi.
U birinchi bor bo‘lib o‘tgan hodisada o‘zini aybdor deb topdi. Shu paytgacha hech qachon o‘zini ayblamas, xatti- harakatini tahlil ham qilmasdi. Uni nima o‘zgartirdi? Kimsasiz sahroda qiz bilan yolg‘iz qolishimi, qizni va o‘zini muqarrar o‘limdan saqlab kolish istagimi, yoki har daqiqasi asrga teng, yaldo kechasidek tuganmas adoqsizlikda o‘zining ichida yashayotgan boshqa bir o‘zi bilan yuzma-yuz kelishimi? Buning javobini topolmadi. Topa olishiga ham ko‘zi yetmasdi. Agar tirik qolsa o‘zini butunlay sindirib, keyin qaytadan yasagan shu tunni hech qachon unutmasa kerak. Shu payt orqa o‘rindiqqa to‘shab qo‘ygan adyol borligi esiga tushib mashinaga qaytdi. Shart-shurt uni o‘rindiqdan sug‘urib olib qunishib turgan qizning yelkasiga tashladi. Qiz unga qarab ma’yus va mas’um tabassum qildi.
— Keling o‘zingiz ham. Sovqotib ketgandirsiz. Adyol ham keng ekan.
Negadir ularning o‘rtasidagi jinsiy tafovut mutlaqo xayollarini tark etgan. Ular bir-biriga begona yigit va qiz emas, balki ofat oldidagi ojizliklarini yengish uchun yelkama-elkama kurashayotgan ikkita inson edilar, xolos.
Normurod qizning yoniga borishni harchand istasa ham, u bilan adyolga burkanib, qaltirab turishga g‘ururi yo‘l qo‘ymadi.
— Siz bemalol o‘tiravering, men o‘tinni olib kelay.
Sovuq borgan sari zabtiga olar, g‘ildirak ham yonib tugay deb qolgandi. Normurod boyagina yarim yo‘lda qoldirgan saksovul shoxlarini olib kelishga o‘zida jur’at topa oldi. Axir u erkak kishi. Shu ishonch bilan o‘zini tezlab ikki qadam tashlagandi hamki, xuddi shuni kutib turgandek, yaqinroq joydan qashqirning uligani eshitildi. Normurod taqqa to‘xtadi. Ishonch qal’asi yashin urgan daraxtdek, kuyib to‘kilib tushdi. Chamasi urg‘ochi qashqir nar hamrohini izlab, shu atrofda izg‘ib yurgan ko‘rinadi. Nazarida u qizdan ikki qadam uzoqlashishi bilan qashqir unga tashlanib qoladigandek tuyulib ortiga qaytdi. Gulxan pasayib borardi. Boyagina uning taftidan erigan qor yana qayta muzlay boshladi. Shu payt mashina kapoti ichida yana bir narsa qarsilladi.
— Blok yorildi, — deb qo‘ydi Normurod, bundan na xafa, na xursand bo‘lganligi chehrasida aks etmadi. Bo‘lmasa, bu motorni epaqaga keltirish uchun qancha vaqti, qancha mehnati-yu qancha mablag‘i sovurilgandi. Endi bir necha soat ichida barcha ishlari chippakka chiqyapti. Sovuqning vayronkor qudrati mashinani asta- sekin bir uyum muzlagan temirga aylantirayotgandi. Radiator ketdi. Blok ketdi. Yangi g‘ildirak yonib turibdi.
“Barchasi arzimagan narsa. Ishqilib bu sahrodan omon chiqib olsak bo‘ldi”. — Normurod o‘ziga eski qadrdon bo‘lib qolgan mashinasining fojiasini ko‘rmaslik uchun, teskari o‘girilib oldi.
Qashqir yana ulidi. Gulxan pisillay boshladi. Normurod bariga qo‘l silkib o‘rnidan turdi. Yukxonadan domkrat va gayka kalitini olib orqa g‘ildirakning ostiga o‘rnatdi. Mashinani ko‘tarib g‘ildirakni burab chiqarib oldi va o‘ylanib o‘tirmasdan uni ham gulxanga tashlab ustiga benzin sepdi. Olov tillari yana bo‘ron bilan o‘ynasha boshlagach, bo‘ri ham jimib qoldi.
— Soat necha bo‘ldiykin? — deb so‘radi u mudrab o‘tirgan qizni gapga tutib chalg‘itish uchun. O‘z tajri¬basidan biladi. Sovuqning zahri yomon. Sal mudradingmi, bo‘ldi. Biron joyingni oldirasan. Agar uxlab qolsang, toshdek qotasan, vassalom.
— Uch, — dedi qiz behol. Uning ko‘zlari yumilib-yumilib borardi. — Men biroz uxlab olmoqchiydim…
— E, yo‘q. Bu kecha ikkalamiz xam uxlamaymiz. Keling, men sizga bir qiziq voqea aytib beraman.
Qiz unga e’tiborsizgina qaradi. Gulxan taftidan yuzlari qizarib ketgandi. Normurod qo‘liga bir siqim qor olib uning yuziga bosdi. Guljamol qichqirib yubordi.
— Bu nima qilganingiz, Normurod aka!
Guljamol o‘zining ovozidan uyqusi o‘chib ketgandi. Birdan hushyor tortib uyoq-buyoqqa olazarak nigoh tashladi. Atrof biydek sahro. Bo‘ron guvillab yopinib turgan adyoliga qor parchalarini keltirib urmoqda. Raqs tushayotgandek tepinib yurgan Normurod bilan o‘zidan boshqa hech kim yo‘q. Biroz oldin yigit bu yerda uxlamoq o‘lim bilan teng, degani esiga tushib, o‘rnidan turdi. Oyoqlari o‘ziga bo‘ysunmay gandiraklab ketdi. Panjalari sovuqdan uvushib ketganmi, hatto ularning bor-yo‘qligini ham his qilmadi. Majburlab bir qadam bosdi va yerga quladi.
— Normurod aka…
Yigit qizning “Normurod aka” deganidan ta’sir¬lanib ketgandi. Shunda uning yonidagi kishining qiz bola ekanligi xayoliga keldi. Shu paytgacha hech qaysi bo‘y yetgan begona qiz unga Normurod aka, deb murojaat etmagan edi. Qizning holsizgina yerga yiqilganini ko‘rib, hammasini tushundi. Qiz oyoqlarini sovuqqa oldirgan edi.
— Oyoqlarimni sezmayapman… —ingrardi Guljamol. — Nahotki endi shol bo‘lib qolsam…
— Qaysi oyog‘ingiz?
— Ikkalasining ham panjalari yo‘qdek.
Normurod qizning etigini zo‘rg‘a sug‘urib oldi. Panjasi shishib ketganidan qalin jun paypog‘ini yechib yalang‘och oyog‘iga qor ishqay boshladi. O‘n daqiqalar zo‘r berib harakat qilganidan keyin barmoqlarga qon yugurib qiziy boshlaganini his qilib yengil tortdi.
— Qani endi sakrang. Bo‘ling. Bir joyda o‘tirsangiz yana oyog‘ingiz to‘ng‘ib qoladi.
Guljamol yigitga qo‘shilib oyoqlarining uchida sakray boshladi. Birozdan so‘ng u ham qizib, bo‘ysunmayotgan oyoqlariga jon kirgani sezildi.
Normurod gulxanning tagida qolib ketgan birinchi g‘ildirakning qizib turgan temir diskini cho‘kichga ildirib tortib oldi va qor sepib sovutdi. Keyin o‘rindiqqa yozib qo‘ygan ko‘rpachani olib kelib uning ustiga to‘shadi.
— Oyog‘ingizni olovga yaqinroq surib o‘tiring. Sovuq oldirish bilan hazillashib bo‘lmaydi.
Normurodning qo‘lidan shunaqa mehribonchilik ham kelishi mumkinligini o‘ylab Guljamolning ko‘ngli iyib ketdi. Beixtiyor uni Nosir bilan yana taqqoslay boshladi. Bir paytlar yangi olgan, poshnasi ingichka tuflisini kiyib tosh to‘shalgan yo‘lkada ketib borayotganida, hali bunaqa tufliga moslashib ulgur¬maganmi, turtib chiqqan toshga depsinib oyog‘ini qayirib olgani esiga tushdi. O‘shanda Nosir uning qo‘ltig‘idan suyab olgandi, ammo to yotoqxonaga borgun¬laricha uni ehtiyotsizlik qilgani uchun ming‘illagancha koyiyverib qoniga tashna qilib yuborgandi.
Bo‘ron asta-sekin pasayib, oddiy shamolga aylandi. Qor parchalarining yuzlariga nina sanchilgandek urilishi ham to‘xtadi. Bulutlar tarqab osmonda oy ko‘rindi. Tonggi izg‘irin boshlandi. Yana qashqir ulidi. Normurod tovush kelgan tomonga o‘girildi. Uch yuz qadamlar naridagi kichikrok barxan ustida, tumshug‘ini osmonga ko‘targancha, oyga qarab uliyotgan bo‘rining shakli oydinda qorayib ko‘rinardi.
— Moda qashqir, — dedi Normurod xuddi o‘ziga o‘zi gapirayotgandek past tovushda. —Juftini qidirib yuribdi.
— Uni endi hech qachon topa olmaydi, bechora, —dedi qiz ham allaqanday hazin tovushda.
— Ha, topa olmaydi. Uni juftidan biz ayirdik. Balki u, to o‘lgunicha bizni qarg‘ab o‘tar.
Normurod xayoliga kelgan fikrdan o‘zi ham ajab¬landi. Unga nima bo‘lyapti o‘zi?! Yo‘q, oldinlari u bunaqa fikrlardan yiroq yurardi. Nega birdan juftidan ayrilgan bo‘riga rahmi kelib ketyapti? Balki odamzod o‘lim bilan yuzma-yuz kelganda shunaqa mushohada qiladigan bo‘lib qolarmikan? Buni u hech qachon tushuntirib bera olmaydi. Bir tilsiz hayvonning qarg‘ishidan nega qo‘rqayapti — buni ham bilmaydi.
— Agar uni o‘ldirmasangiz, u meni burdalab tashlardi.
— Nahotki hayotda birovni saqlab qolish uchun kimnidir o‘ldirish kerak bo‘lsa? G‘alati tuyulmayaptimi sizga?
Guljamol oddiy aravakash deb mensimay yurgan yigitning faylasuflarcha gapira boshlashidan hayron qoldi.
— Bilmadim. Balki yashash uchun kurash deganlari shu bo‘lsa kerak-da…
Shu yerda suhbat uzilib qoldi. Gulxan yana pasaya boshlagandi. Bo‘ron to‘xtagan bo‘lsa-da, sovuqning zahri pasaymagan, izg‘irin suyaklarini qaqshata boshladi. Bir oyog‘idan ajragan cho‘ltoq mashina tumshug‘ini qorga tiqqancha, ulkan muzqoyaga aylanib borayotgan edi. Endi uning ikkinchi oyog‘ini ham yulib olib yoqmasa bo‘lmasdi.
Normurod qo‘liga chippa yopishadigan temir domkratni endi ikkinchi g‘ildirak ostiga o‘rnata- yotganida muzlab qolgan bo‘rining jasadiga tepinib ketdi. Agar o‘shanda cho‘kichni mo‘ljalga to‘g‘ri urolmaganida hozir o‘zlarining jasadi shunday to‘ng‘ib yotgan, yoxud bo‘ri o‘z juftini mazali go‘sht bilan mehmon qilayotgan bo‘larmidi… Kimningdir o‘limi yana kimgadir yashab qolish uchun imkoniyat bo‘lsa… Ha, yashash uchun kurash deganlari judayam jumboqli masala ekan…
G‘ildirakni qiynala-qiynala yechib oldi. Gulxan biroz tutab turib yana alangalanib ketdi. Qizning qaltirayotgan vujudiga yana issiq o‘rladi.
— Nimani o‘ylayapsiz, Guljamol?
Gulxanga ma’yus termulib turgan qizni suhbatga tortmoqchi bo‘ldi yigit.
— Beva qolgan qashqirni o‘ylayapman. Yolg‘izlik yomon narsa. U endi qanday kun kechirarkan-a…
— Nima qilardi, boshqa bir hayvonni topib oladi. Ular shunchaki bir yirtqich. Ularda sadoqat, vafo degan tushunchalar bo‘lmaydi.
— Bilmadim. Ammo bir narsa esimga tushib ketdi. O‘n besh yil burun, men to‘rtinchi sinfda o‘qib yurgan paytimda katta opamning eri — Samad pochchamni o‘ldirib ketishgandi. Nima uchun o‘ldirishganini bilmayman. Lekin opamning xuni biyron bo‘lib yig‘lagani hech esimdan chiqmaydi. O‘shanda yigirma uch yoshli opam ikki norasidasi bilan tul qolgandi. Oradan bir necha yil o‘tib uyoq-buyoqdan unga og‘iz solib sovchilar ham kelib turishdi. Opam barchasini qaytardi. Yana bir necha yildan so‘ng men maktabni tugatdim. Ancha-munchaga aqlim yetib qolgandi. Opamdan «Nega turmushga chiqmayapsiz?» deb so‘rasam, «Pochchangdan uyalaman», degandi. «Allaqachon ko‘karib chiqqan pochchamning nimasidan uyalasiz?» desam, opam bir o‘qrayib qo‘ydi. Pochchamning kattalashtirilgan suratiga uzoq termulib qolganidan keyin mening gapim o‘rinsiz, buning ustiga judayam qo‘pol chiqqanini tushunib tilimni tishlagandim…
Normurod ham uning ezgin hikoyasidan ta’sir¬lanib, ma’yus tortib qoldi.
— Bu qashqirning oyga tikilib turishi opamning suratga termulib sukutga tolib o‘tirishini eslatib yubordi…
Qiziq, hozirgina ajalga ro‘para kelgan, buning ustiga hali ham sovuqda muzlab o‘lish xavfi chekinmagan, borsa gumon yo‘lda turgan qizning yovvoyi bir yirtqichga achinib shunaqa gaplarni gapirib o‘tirishi yigitni hayratga soldi. Ha, inson fe’l-atvori shunaqa tushunik¬siz, g‘alati bo‘larkan-da. Yoshi o‘ttizga yetib, shunaqa narsalar haqida hech o‘ylab ko‘rmagan ekan…
Normurod uchinchi g‘ildirakni ham gulxanga keltirib tashladi. Sharq ufqi asta-sekinlik bilan yorisha boshladi. Qashqirning ovozi endi butunlay o‘chdi.
— Anavini qarang, — dedi qiz yorisha boshlagan barxanga imo qilib.
Normurod barxan ustida bir necha soat oldin qanday oyga termulib uligan bo‘lsa, hamon o‘shanday qilt etmay turgan bo‘riga hayron qoldi. Keyin bariga tushundi: juftidan ayrilgan yirtqich oyga ko‘zlarini tikkancha muz qotgan edi. Yengil shamolda uning yunglari tebranmas, balki muz bilan qoplanganidan, tongning zarrin shafag‘ini o‘zida akslantirib, jilvalanib turardi.
— Muzlab qolibdi, bechora… — dedi yigit og‘ir xo‘rsinib.
— U o‘lmasligi ham mumkinmidi? — so‘radi Guljamol yigitning og‘ziga termular ekan.
— Qaydam, balki barxan ustida qotib turmasdan uyasiga kirib yotganida o‘lmasligi ham mumkin edi.
— Demak, u juftini tashlab keta olmagan… — qizning tovushi hazinlikka shunchalik chulg‘angandiki, Normurodning yuragi ezilib ketdi.
“Demak, — yigitning xayolidan o‘tdi, — u boshqasini topib olishni mutlaqo istamagan. Hamrohisiz yashashni ham…”
Ular o‘z o‘ylariga g‘arq bo‘lib turisharkan, hayvonlarcha sadoqatga qo‘yilgan haykalga o‘xshab, osmonga hasratli termulgancha tosh qotgan moda bo‘ri jasadiga qarashga hech birlarining yuragi betlamasdi.
Yagona g‘ildirakda qolgan mashina butunlay qorga singib ketgandi. Normurod hali tong otib, texnikalar harakatga kelishiga ikki soatdan ortiq vaqt borligini chamalab, so‘nggi g‘ildirakni ham yechib olish taraddudini ko‘ra boshladi. Qariyb bir sutkadan beri tuz totmaganligi, buning ustiga sovuq va bedorlikdan ham ko‘ra miyasini parmalab o‘tayotgan fikrlar uning sillasini quritib tashlagandi. Buyog‘i tezlashib ketdi. So‘nggi g‘ildirakni alangaga aylantirganidan keyin boshlari aylana boshladi. Guljamolning gaplari olisdan kelayotgandek tuyuldi. Bir payt qizarib chiqayotgan quyosh fonida allaqanday yuk mashinasining qorasi ko‘ringanida u yengil tortgandek bo‘ldi. Yaldo kechasidek tuganmas tuyulgan dahshatli tunning sinoviga bardosh bergan, muhimi, o‘z hayotini uning ixtiyoriga topshirgan qizni o‘lim changalidan olib qolganiga ishonib ma’yus jilmayib qo‘ydi. Yuzma-yuz jangda raqibidan ustun kelgan pahlavondek qoniqish hosil qilgandi. Oyoqlaridan mador ketayotganini his qilib, muzlagan qorga shilqillab tushdi. Guljamolning olisdagi mashinani qarshilab yig‘lagancha chopib ketayotgani xuddi tushdagidek ola-chalpoq ko‘rindi va ko‘zlari yumildi.

Oradan uch oy o‘tib aprelning yomg‘irli kunlarining birida Guljamolning to‘yi bo‘ldi. Hamkasblarini hayratga solib, sanoat ko‘lamidagi ilmiy tadqiqotlar bo‘limining laboranti korxonaning kelajagi porloq, ilmiy darajali bosh muhandisiga emas, balki uning haydovchisiga turmushga chiqib ketdi…

«Yoshlik» jurnalining 2009-yil, 3-sonidan olindi.

023

(Tashriflar: umumiy 294, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ancha vaqt oldin Adibning «U» degan qissasini o’qigan edim. Ungacha bu Adib haqida bilmasdim. «U» qissasini o’qib o’zbek adabiyotida yangi bir yo’nalish paydo bo’libdi-ku dedim, adashmagan ekanman, «Bir tun ertagi» hikoyasi fikrimni tasdiqladi. Hikoya sarguzasht yo’nalishida yozilgan hikoylarning eng yaxshilaridan biri deb bemalol aytishim mumkin. Asar juda ham ajoyib yozilgan. Adibning asarlarini o’qib, adibning ijodiga qiziqish uyg’ondi. Adib haqida ma’lumotlar kam ekan. Asarlari ham ko’p emas. Agar imkoni bo’lsa adibning boshqa asarlarini ham saytingizga joylashtirsangiz. Yangilari bo’lsa undan ham yaxshi. «Qiron» «Rishta», «Qora kiyik ta’qibi» hikoyalari ham taxsinga sazovor. Adib bilan ijodiy intervyu uyushtirilsa nur ustiga a’lo nur bo’lur edi. Katta rahmat!

  2. Assalomualeykum ustoz menga kitobingiz yoqdi iltimos kitobingizdan bitta berimg

Izoh qoldiring