Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад таваллудининг 65 йиллиги олдидан
Роппа-роса 35 йил аввал ёзилган «Кийова қуёши» ҳикояси ўша давр адабий иқлимида катта шов-шувга сабаб бўлганини эслайман. Бу ҳодиса ҳикоянинг бадиий жиҳатидан кўра, ўша даврда табу бўлган ҳурлик, босқинчилик ва ёвузлик мавзусида ёзилгани билан боғлиқ эди. Орадан ўтган вақт мобайнида ўзбек ҳикоя мактабининг ёрқин вакилига айланган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳар бир янги асари бугун ҳам китобхон томонидан интиқлик билан кутиб олинаётгани ёзувчи ижодига бўлган қизиқиш ҳамон кучли бўлиб қолаётганини исботлайди.




Худди эртак саргузаштларини эслатадиган реал ҳаётий ҳодиса-воқеалар ўқувчини ларзага солади, чуқур аламли мушоҳадаларга толдиради. Асарнинг энг муҳим, бениҳоя ибратли, ёрқин жиҳати шундаки, ана шу гирдоб зулмати исканжасида ҳам ўзлигини, асл инсоний фазилатларини йўқотмаган, зулматни ёритишга, унинг темир қафасларини ёриб чиқишга, ёниб, тутқунлик азобларига кўниккан ғафлат бандаларини уйғотишга қодир асл инсонлар ҳам бор.