Xurshid Davron. Avval o’yla, keyin so’yla

kenguru

Мен Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Саломат Вафони ҳимоя қилиб ёзган мақоласини ўқиганимда бир сесканган эдим. Саломатни ҳимоя қилганидан эмас,балки уни ҳимоя қиламан деб ёзган иддаоларидан сесканган эдим. Хабарингиз бўлса,унинг айрим фикрларига жавоб ёзишимниям маълум қилган эдим.

033
Хуршид Даврон
АВВАЛ ЎЙЛА,КЕЙИН СЎЙЛА

    Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Хосият Рустамовани ҳимоя қилиб ёзган «Адабиёт манзаралари»нинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирган мақоласини ўқидим.
Аммо… Аммони айтишимдан олдин унинг мақоласидан келтирилган мана бу иқтибосни бир ўқиб кўринг:»Биз Саломат Вафо, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Рустамова, Гўзал Бегим, Ойдиннисо каби ёзувчи ва шоираларимизнинг қадрига етмаяпмиз. Буларга Давлат мукофотини бериш керак. Буларни халқаро Нобель мукофотига тавсия қилмоқ лозим. Европада шундай қилишади. Бир мисол. Хорват шоираси Марица Бодрожичнинг илк китоби 2002 йилда чиққан. У беш йил ичида жаҳон миқёсида танилди. 2007 йил эрта кўкламида Тошкентга келган. Танишганмиз. Ўндан зиёд мукофотлар билан тақдирланибди. Германияда! Немислар бутунлай бошқа миллатга мансуб ёзувчини ардоқлашган… Саломат, Ҳалима, Хосият, Гўзал, Ойдиннисо — булар топ-тоза ўзбеклар. Уларнинг қадрига етишимиз даркор.  Ҳозирги кунда Марица Австралияда ялло қилиб юрибди. Кенгуруларни томоша қиляпти…»
Қизларимизга мукофот бериш ҳақидаги гаплари фақат шу қизларга ёқишга уринишдек туюлди менга. Акси бўлганда,Баҳромга ким халақит беряпти уларни давлат мукофотига-ю Нобель мукофотига тавсия қилишга.
Мен Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Саломат Вафони ҳимоя қилиб ёзган мақоласини ўқиганимда бир сесканган эдим. Саломатни ҳимоя қилганидан эмас,балки уни ҳимоя қиламан деб ёзган иддаоларидан сесканган эдим. Хабарингиз бўлса,унинг айрим фикрларига жавоб ёзишимниям маълум қилган эдим. Аммо, нашриётга топширадиган янги китобим устидаги иш билан банд бўлганим учун ҳали-ҳануз деярли ёзиб қўйган мақоламни якунлаш чўзилиб кетяпти.
Мен мақоламда шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг ижоди,унинг шеърлари ҳақида ёки Саломат Вафонинг қандай ёзувчи эканлиги ҳақида ёзмоқчи эмасман.Фахриддин Низом қайд этганинидек: “Баҳром Рўзимуҳаммад танлаган сўқмоғидан изчил, ўзини у ёқ бу ёққа ташламасдан, бошқалар нима дер экан демасдан, ёзганларини уларга маъқул қилиш ташвишига вақт кеткизмасдан, бармоқ букиб, мухлис санамасдан бораётир.”. Саломат Вафо ҳам истеъдодли ёзувчи эканини бир қатор ҳикоялари билан исботлаган. Аммо,уларнинг айрим фикр ва мулоҳазалари мени ташвишга солади ва мен,албатта, бу ҳақда ёзишни жуда зарур деб ҳисоблайман.
Мана,сизга «Ўқиб кўринг» деб унинг мақоласидан келтирган иқтибосда ҳам Саломат Вафо ҳақидаги ҳимояномасидаги иддаони бир учи чиқиб турибди,яъни «Европада шундай қилишади». Яна ўша дунёни ҳам маънавий,ҳам иқтисодий жиҳатдан жар томон бошлаб бораётган,қанчадан-қанча мусулмон давлатлари бошига бало ёғдираётган,кеча-ю кундуз болалару аёллар қонини тўкаётган Ғарбдан ўрганишга даъват. Мен унинг мана шундай «фикр»ларига қарши  ёзмоқчиман  ўз мақоламни.
Баҳромнинг баъзан ўйламай,сўйлаши бу мақоласидаям «мана ман» деб кўзга ташланиб турибди. Рости гап, унинг Марица Бодрожич ҳақидаги гапларини ўқиб кулиб юбордим. Кулганимга унинг Марица Бодрожич билан танишман деб,шунча нотаниш гапларни  ёзгани сабаб бўлди.
    Энг аввало,Марица Бодрожич хорват шоираси эмас, у бор-йўғи Хорватияда туғилган (1973 йилда) холос. Марица Бодрожич — этник хорват бўлгани билан,у немис адибаси сифатида тан олинган.  Марица Бодрожич болалигидан (10 ёшидан) Германияда ҳаёт кечирган,немис мактабида  ўқиган ва немис тилида ижод қилади.Марица Бодрожич — немис шоираси ва у немис адабиётининг вакили,у жамоатчилик томонидан тан олинган китобларини хорват эмас,немис тилида яратган .Айни шу сабабдан,Баҳром ёзганидек,немислар бутунлай бошқа миллатга мансуб ёзувчини эмас,  ўзларининг  «deutsche Frau»ни  ардоқлашган. Бу табиий…
Шу сабабдан, Марицанинг немисзабонлар жуда кўп яшайдиган Австралияда ялло қилиб юриши,кенгуруларни қоринқопида болаларини солиб югуриб юришларини томоша қилиши ҳам табиий деб ўйлайман…Бизнинг қизларимиз Марица Бодрожич ялло қилиб юрган жойларда таралло қилиб юролмасликлари ҳам табиий…
Хуллас,боболаримиз айтганидек,аввал ўйла,кейин сўйла!

021

(Tashriflar: umumiy 584, bugungi 1)

Izoh qoldiring