Тўқсон саккизинчи йилларда А.Аъзам “Ёзувчи” газетасида “Гўзаллик қирралари” номли ҳикоя эълон қилдириб, бутунлай бошқача одамга, яъни, БУЮК ЁЗУВЧИга айланди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, у наср дунёсида инқилоб қилди. Агарда бу ҳикоя ғарб тилларига ўгирилганида борми, жаҳон адабий жамоатчилиги нигоҳи ўзбек адабиётига қараган бўлур эди.
ҚАЙҒУЛИ КУН
Баҳром Рўзимуҳаммад
Биз яшаётган давр – туманли давр. Бинобарин, кимнинг кимлигини аниқ кўра олмайсан. Гоҳо кўкраклардаги нишонлар хаёлни чалғитиши мумкин, холос. Ҳали туманлар бир тарқасин – шунда гаплашса, фикрлашса бўлади. Аҳмад Аъзам сафимизда йўқ бугун… Ноанъанавий оқим дарғаларидан бири, сўзи адабий давраларда тош босадиган, аммо, буткул эътироф этилмайдиган мунаққид, насрнавис дунёсини тарк айлади.
Аҳмад Аъзам деганда кўз олдимга ўтган асрнинг саксонинчи йилларида адабий муҳитимиз қиёфасини белгилаб турган “Ёшлик” альманахи келади. Чиндан ҳам рост гапни шу оқ муқовалик альманах гапирарди; бу альманахда асар чиқариш адабиёт дунёсида эътироф қилиниш билан баробар эди. Ажабки, расмий доиралар шу “орол” га дахл қила олмас, сал дахл этишга интилсалар-да бир авлод шу восита орқали айтарини айтиб улгурганини тан олишга мажбур бўларди.
Мазкур альманах Аҳмад Аъзам муҳаррирлигида муҳитимизни тиниқлаштиришга эришди. Айнан ўша йилларда машқларимни қўлтиқлаб, “Ёшлар уйи” эшикларини тақиллатганман; Аҳмад ака, ёзганларингиз ўзингизга сийлов, дея папкамни қайтариб берган эди ўшанда…
Орадан йиллар кечди. “Мемуар ёзсангиз мени қора рангларда кўрсатасиз-да энди”, дерди у истеҳзо аралаш кулимсираб. Аммо, мен ўшанда заррача хафа бўлмаганман; Аҳмад Аъзам менга – умидвор бир қаламкашга – яхшилик қилган: алдамаган. Ҳозирги даражамга эришувимда унинг ҳиссаси беқиёс.
Тўқсон саккизинчи йилларда Аҳмад Аъзам “Ёзувчи” газетасида “Гўзаллик қирралари” номли ҳикоя эълон қилдириб, бутунлай бошқача одамга, яъни, БУЮК ЁЗУВЧИга айланди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, у наср дунёсида инқилоб қилди. Агарда бу ҳикоя ғарб тилларига ўгирилганида борми, жаҳон адабий жамоатчилиги нигоҳи ўзбек адабиётига қараган бўлур эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси назм ва наср бўлими мудири вазифасида ишлаётганимда Аҳмад аканинг “Нима қилиб қўйган эканман?” сарлавҳали новелласини муаллифнинг ўзидан сўраб олиб нашр қилдирганман. Ўша икки минг бир – икки минг учинчи йилларда таҳририятда ҳур фикрлилик ҳукм сурар, бугунги кундаги каби бўлим мудирларининг оёқ-қўллари жиловлаб қўйилмаган эди. Хуллас, маъно-мазмуни енгилгина туюлган, аммо, ўзбек менталитетининг кирли жиҳатларини фош этишга қаратилган бу новелла адабий даврамизда анча-мунча шов-шувларга сабабчи бўлгани ёдимда.
Дарвоқе, Аҳмад Аъзам Европанинг машҳур ёзувчиси Альбер Камю қаламига мансуб “Бегона”, “Вабо” асарларини ўзбекчага ўгириб нашр эттирган, бу таржима асарлари ҳам адабий даврамизни бир силкитиб қўйган эди.
Ноанъанавий усулда қалам тебратадиган шоирлар ур-калтак қилинаётган, уларнинг битикларига пешона тириштириб, бурун жийириб қаралаётган кунимизда Аҳмад Аъзам “Мени истаган шеърият” ( “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 21 сентябр) сарлавҳали мақоласи боис кўпларнинг нафасини кесиб қўйди. “Карвон қўнғироғи” газетасида ишлаётган кезларимда уйимга сим қоқар, адабиёт тўғрисида соатлаб гаплашардик; гоҳо мен унга телефон қилардим.
Газета учун суҳбат уюштиришга келишганимизда таҳририятдаги вазият ўзгарди. Уйига бормадим. Аҳмад ака бундан хафа бўлди шекилли, қўнғироқ қилмай қўйди; мен ҳам аҳволни шарҳлашга ўзимда куч топаолмадим. Аммо, қиёфаси унча аниқ-тиниқ кўринмайдиган, балки замон алғов-далғови шу кўйга солган авлоднинг бир вакили билан соатлаб суҳбатлашганим менга тасалли берарди.
Шахсиятидаги зиддиятларга қарамасдан Аҳмад Аъзам ҳаётдаги, адабиётдаги миссиясини тўла бажарди, деб ўйлайман. У айрим адибларимизга ўхшаб шоҳона ҳаёт кечиргани йўқ. Ўша оддийгина ҳовлисида камтарона яшаб ўтди. Гарчи истеҳзоли қиёфаларда кўриниб турса-да, бу алпози баъзиларга ёқмаса-да, Аҳмад Аъзам ботинан дилбар бир шахс, кўнгли тоза одам, ялтир-юлтурлардан, қўл қовуштириш амалларидан ўзини асраган буюк ёзувчи эди. Унинг “Рўё” романи ҳали англаб етилганича йўқ. Умуман, келажак авлодгина бу ижодкоримизни қайтадан кашф этади, деб ўйлайман.
Алвидо, Аҳмад ака. Сизни унутмаймиз.
2014 йил, 7 январ.
Манба: Фейсбукдаги «Адабиёт манзаралари» саҳифаси
Ahmad A’zamni Alloh rahmatiga olsin. O’zbek adabiyoti shaxsi ham ijodidek yuksak bir ijodkordan ayrildi. Uning asarlari kelajak avlod uchun yaxshi ma’naviy merosdir.