Alisher Navoiy. Junun vodiysig’a…(«G’aroyib us-sig’ar» devonidan) & Erkin Vohidov. G’azalga sharh.

Ashampoo_Snap_2017.12.21_22h28m33s_002_.png    Навоий байтлари бизнинг ҳаётимизга болаликдан, дастлабки ўқиш китоблари билан кириб келади. Биз илк бор буюк шоирни донишманд муаллим сифатида таниймиз, «олим бўлсанг, олам сеники» деб айтган устоз сифатида ўрганамиз. Сўнг ўсмирлик, йигитлик фаслида бизга Навоий муҳаббат, вафо дарсини беради.
Ёниқ ишқий байтларни ён дафтаримизга кўчириб ёзамиз, илк севги мактубларига қўшиб битамиз. Вақт ўтиши билан буюк Алишер кўз олдимизда файласуф сифатида намоён бўлади, бизга ҳаёт дарсини ўргатади, унинг севинч ва андуҳлари, завқу жафоларини сўзлаб, дунё ҳақидаги тасаввур доирамизни кенгайтиради.

Алишер Навоий
ЖУНУН ВОДИЙСИҒА…
09

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузулған рўзгоримни.

Фалак бедодидин гарчи мени хокий ғубор ўлдум,
Тилармен топмағайлар тўтиёлиғқа ғуборимни.

Шак эрмас партаве тушкач уйи ҳам, рахти ҳам куймак,
Чу гўристон гадойи сермагай шамъи мазоримни.

Деманг қай сори азм эткунг, манга йўқ ихтиёр, охир
Қазо илгига бермишмен инони ихтиёримни.

Туганди ашки гулгун, эмди қолмиш заъфароний юз,
Фалак зулми бадал қилди хазон бирла баҳоримни.

Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,
Не тонг бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримнн.

Ёмон ҳолимға бағри оғриғай ҳар кимсаким, кўргай
Бағир парголасидин қонға булғанған узоримни.

Ҳаётим бодасидин саргаронмен асру, эй соқий,
Қадаҳқа заҳри қотил қуй, дағи дафъ эт хуморимни.

Жаҳон таркини қилмай, чунки тинмоқ мумкин эрмастур.
Навоий, қил мени озод ўртаб йўқу боримни.

Эркин Воҳидов
ҒАЗАЛГА ШАРҲ
09

09

Улуғ Навоийнинг ҳар бири бир жаҳон маъно, бир олам ҳис-туйғу ифода килувчи байтларини такрор-такрор ўкиб, ҳар сафар кўнглимиз сурур ва ҳаяжон билан тўлади, ҳар сафар бу олмос сатрларнинг янги қирраларини кашф киламиз, янги-янги маъно товланишларини кўриб ҳайратланамиз.

Навоий байтлари бизнинг ҳаётимизга болаликдан, дастлабки ўқиш китоблари билан кириб келади. Биз илк бор буюк шоирни донишманд муаллим сифатида таниймиз, «олим бўлсанг, олам сеники» деб айтган устоз сифатида ўрганамиз. Сўнг ўсмирлик, йигитлик фаслида бизга Навоий муҳаббат, вафо дарсини беради.

Ёниқ ишқий байтларни ён дафтаримизга кўчириб ёзамиз, илк севги мактубларига қўшиб битамиз. Вақт ўтиши билан буюк Алишер кўз олдимизда файласуф сифатида намоён бўлади, бизга ҳаёт дарсини ўргатади, унинг севинч ва андуҳлари, завқу жафоларини сўзлаб, дунё ҳақидаги тасаввур доирамизни кенгайтиради.

Жунун водийсиға мойил кўрармен, жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузилғон рўзғоримни.

Мана шу матлаъ билан бошланувчи ғазал ўзбекнинг хонадонида дам-бадам меҳмон бўлади. Уни машҳур ҳофизларимиз мақом йўлларида жуда таъсирли ижро этганлар.

Бу ғазал дунёнинг ғаму андуҳидан зардоб бўлган шоир қалбининг афғонидир. Инсон юраги ва тафаккури ҳаддан зиёд севинчни ҳам, ғамни ҳам қабул қилолмаслик хусусиятига эга. Туйғуларнинг офатли сели кишини телба қилади. Шоир ўз жонини жунун, яъни телбалик водийсига мойил кўради, бузулган ҳаёти-рўзғори уни ақлдан оздиргани, яъни телбаликни бўйинга олиб дашту саҳролар кезишдан ўзга иложи қолмаганини ва телбалик — бузиш, вайрон қилиш экан, демак бузилган ҳаётини бир йўла вайрон қилмоқ тилагини фарёд билан ифшо қилади:

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузилғон рўзғоримни.

Шоир дунёдан шунчалар кўнгли қолган, совуганки, оқибатсиз одамлардан шунчалар меҳри қайтганки, бу ҳаётдан ҳеч бир нишонсиз йўқ бўлиб кетишни тилайди. Инсон жисмику хоки ғубор бўлмоққа маҳкум, лекин шоир истаги:

Фалак бедодидин гарчи мани хокий ғубор ўлдум,
Тилармен, топмағайлар тўтиёликка ғуборимни.

Яъни, золим одамлар мени тириклигимда хўрладилар, қадримга етмадилар. Вақт келарки, менинг одамларга кўргузган меҳру садоқатим, фидойилигим аён бўлар. Кишилар менинг қадримга етарлар, мозорим хокини кўзларига тўтиё қиларлар. Лекин тириклигимда бедодлик қилганлар мен дунёдан ўтгач ўкинмоқлари бенаф, кўзларига тўтиё қилмоқ учун ғуборимни топмағайлар. Ўшанда, эй аҳли ғафлат, Навоий қайга азм этди деб сўраманг, мен тириклигимдаёқ ихтиёрим жиловини қазонинг қўлига бериб қўйганман:

Деманг, қай сори азт этгунг, манга йўқ ихтиёр, охир
Қазо илкига бермишмен инони ихтиёримни.

Ошиқ дунёнинг жабру жафосидан кўп қонли ёшлар тўкди. Оқибат кўзларида ўша қон ёшлар ҳам қуриб тамом бўлди, фақат заъфардек сарғайган юзи қолди. Шоир бу ҳолатни ҳайратомуз ташбеҳга боғлайди: Золим фалак менинг баҳоримни олиб унинг бадалига хазон фаслини берди. Бу лоладек қон ёшларим қуриб, хазондек сарғайган юзим қолганидан намоён бўлиб турибди.

Туганди ашки гулгун, эмди қолмиш заъфарони юз,
Фалак зулми бадал қилди хазон бирла баҳоримни.

Навоий даҳр зулмидан бошига ёғилган балоларни байтдан байтга кучлироқ фарёд билан баён қилади. Биринчи байт ошиқнинг «жунун водийсига мойил» бўлганини, иккинчи байт дунёдан тамом йўқ бўлиб кетиш тилагини ифода қилса, ғазал сўнгига яқин шоир буларнинг барчасидан ўта офатни қаламга олади — бу офат телба бўлишдан ҳам, дунёдан беному нишон кетишдан ҳам оғир бир офат. Бу — ёру диёрдан жудо бўлиш мусибати. Навоий шундай ёзади:

Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,
Не тонг, бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримни.

Яъни, агар мен ёру диёримни ташлаб бош олиб кетар бўлсам, бунинг боиси ёрим ва диёрим одамларидан бошимга минг балолар ёққанидир. Тақдир менинг бошимга солган бу савдо шундай оғир савдоким:

Ёмон ҳолимға бағри оғриғай ҳар кимсаким кўргай,
Бағир парголасидин қонға булғонғон узоримни.

Бағрим пора-пора бўлганидан қонга бўялдим, бу ҳолимни кўрган ҳар бир кимсанинг бағри оғримай иложи йўқ.

Тириклик шоирнинг наздида — дард. Бу дарднинг давоси эса ёлғиз ўлим. Асли шаробдан келган бош оғриқнинг давоси шароб. Аммо шоир учун тириклик шаробининг дафъи хумори заҳри қотилдир.

Ҳаётим бодасидин саргаронмен асру, эй соқий,
Қадаҳқа заҳри қотил қуй, доғи дафъ эт хуморимни.

Яъни, ҳаёт бодасини ичиб бошим оғирдур, эй соқий, қадаҳга заҳар қуйиб бергин-да менинг бошим оғриғини дафъ эт. Чунки бу дунёда ўлмай туриб тинчимак мумкин эмас, шу боис мени дардлардан озод қилмоқчи бўлсангиз, бору йўғимни ёқинг:

Жаҳон таркини қилмай чунки тинмоқ мумкин эрмастур,
Навоий, қил мени озод ўртаб йўқу боримни.

Навоийнинг бу машҳур ғазали фалак бедодидан, бемеҳр одамлар жабридан шоирнинг чеккан ноласи бўлиб, неча асрлар оша девондан-девонга кўчирилиб, оғиздан-оғизга ўтиб, ҳам китоб вақарларида, ҳам қўшиқлар қанотида бизгача етиб кёлди. Бугун биз улуғ бобомизнинг олис набиралари беқиёс истеъдод қаламидан тўкилган мана шундай сатрларни ўқиб, эшитиб онгимиз ва юрагимиз билан баҳрамандлик топамиз, узоқ-узоқ замонларнинг садосини тинглагандай бўламиз:

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни…

1986

Navoiy  baytlari bizning hayotimizga bolalikdan, dastlabki o‘qish kitoblari bilan  kirib keladi. Biz ilk bor buyuk shoirni donishmand muallim sifatida taniymiz, «olim bo‘lsang, olam seniki» deb aytgan ustoz sifatida o‘rganamiz. So‘ng o‘smirlik, yigitlik faslida bizga Navoiy muhabbat, vafo darsini beradi. Yoniq ishqiy baytlarni yon daftarimizga ko‘chirib yozamiz, ilk sevgi maktublariga qo‘shib bitamiz. Vaqt o‘tishi bilan buyuk Alisher ko‘z oldimizda faylasuf sifatida namoyon bo‘ladi, bizga hayot darsini o‘rgatadi, uning sevinch va anduhlari, zavqu jafolarini so‘zlab, dunyo haqidagi tasavvur  doiramizni kengaytiradi.

Alisher Navoiy
JUNUN VODIYSIG‘A…
09

Junun vodiysig‘a moyil ko‘rarmen joni zorimni,
Tilarmen bir yo‘li buzmoq buzulg‘an ro‘zgorimni.

Falak bedodidin garchi meni xokiy g‘ubor o‘ldum,
Tilarmen topmag‘aylar to‘tiyolig‘qa g‘uborimni.

Shak ermas partave tushkach uyi ham, raxti ham kuymak,
Chu go‘riston gadoyi sermagay sham’i mazorimni.

Demang qay sori azm etkung, manga yo‘q ixtiyor, oxir
Qazo ilgiga bermishmen inoni ixtiyorimni.

Tugandi ashki gulgun, emdi qolmish za’faroniy yuz,
Falak zulmi badal qildi xazon birla bahorimni.

Diyorim ahli birla yordin boshimg‘a yuz mehnat,
Ne tong boshim olib ketsam qo‘yub yoru diyorimnn.

Yomon holimg‘a bag‘ri og‘rig‘ay har kimsakim, ko‘rgay
Bag‘ir pargolasidin qong‘a bulg‘ang‘an uzorimni.

Hayotim bodasidin sargaronmen asru, ey soqiy,
Qadahqa zahri qotil quy, dag‘i daf’ et xumorimni.

Jahon tarkini qilmay, chunki tinmoq mumkin ermastur.
Navoiy, qil meni ozod o‘rtab yo‘qu borimni.

Erkin Vohidov
G‘AZALGA SHARH
09

09

Ulug‘ Navoiyning har biri bir jahon ma’no, bir olam his-tuyg‘u ifoda kiluvchi baytlarini takror-takror o‘kib, har safar ko‘nglimiz surur va hayajon bilan to‘ladi, har safar bu olmos satrlarning yangi qirralarini kashf kilamiz, yangi-yangi ma’no tovlanishlarini ko‘rib hayratlanamiz.

Navoiy baytlari bizning hayotimizga bolalikdan, dastlabki o‘qish kitoblari bilan kirib keladi. Biz ilk bor buyuk shoirni donishmand muallim sifatida taniymiz, «olim bo‘lsang, olam seniki» deb aytgan ustoz sifatida o‘rganamiz. So‘ng o‘smirlik, yigitlik faslida bizga Navoiy muhabbat, vafo darsini beradi.

Yoniq ishqiy baytlarni yon daftarimizga ko‘chirib yozamiz, ilk sevgi maktublariga qo‘shib bitamiz. Vaqt o‘tishi bilan buyuk Alisher ko‘z oldimizda faylasuf sifatida namoyon bo‘ladi, bizga hayot darsini o‘rgatadi, uning sevinch va anduhlari, zavqu jafolarini so‘zlab, dunyo haqidagi tasavvur doiramizni kengaytiradi.

Junun vodiysig‘a moyil ko‘rarmen, joni zorimni,
Tilarmen bir yo‘li buzmoq buzilg‘on ro‘zg‘orimni.

Mana shu matla’ bilan boshlanuvchi g‘azal o‘zbekning xonadonida dam-badam mehmon bo‘ladi. Uni mashhur hofizlarimiz maqom yo‘llarida juda ta’sirli ijro etganlar.

Bu g‘azal dunyoning g‘amu anduhidan zardob bo‘lgan shoir qalbining afg‘onidir. Inson yuragi va tafakkuri haddan ziyod sevinchni ham, g‘amni ham qabul qilolmaslik xususiyatiga ega. Tuyg‘ularning ofatli seli kishini telba qiladi. Shoir o‘z jonini junun, ya’ni telbalik vodiysiga moyil ko‘radi, buzulgan hayoti-ro‘zg‘ori uni aqldan ozdirgani, ya’ni telbalikni bo‘yinga olib dashtu sahrolar kezishdan o‘zga iloji qolmaganini va telbalik — buzish, vayron qilish ekan, demak buzilgan hayotini bir yo‘la vayron qilmoq tilagini faryod bilan ifsho qiladi:

Junun vodiysig‘a moyil ko‘rarmen joni zorimni,
Tilarmen bir yo‘li buzmoq buzilg‘on ro‘zg‘orimni.

Shoir dunyodan shunchalar ko‘ngli qolgan, sovuganki, oqibatsiz odamlardan shunchalar mehri qaytganki, bu hayotdan hech bir nishonsiz yo‘q bo‘lib ketishni tilaydi. Inson jismiku xoki g‘ubor bo‘lmoqqa mahkum, lekin shoir istagi:

Falak bedodidin garchi mani xokiy g‘ubor o‘ldum,
Tilarmen, topmag‘aylar to‘tiyolikka g‘uborimni.

Ya’ni, zolim odamlar meni tirikligimda xo‘rladilar, qadrimga yetmadilar. Vaqt kelarki, mening odamlarga ko‘rguzgan mehru sadoqatim, fidoyiligim ayon bo‘lar. Kishilar mening qadrimga yetarlar, mozorim xokini ko‘zlariga to‘tiyo qilarlar. Lekin tirikligimda bedodlik qilganlar men dunyodan o‘tgach o‘kinmoqlari benaf, ko‘zlariga to‘tiyo qilmoq uchun g‘uborimni topmag‘aylar. O‘shanda, ey ahli g‘aflat, Navoiy qayga azm etdi deb so‘ramang, men tirikligimdayoq ixtiyorim jilovini qazoning qo‘liga berib qo‘yganman:

Demang, qay sori azt etgung, manga yo‘q ixtiyor, oxir
Qazo ilkiga bermishmen inoni ixtiyorimni.

Oshiq dunyoning jabru jafosidan ko‘p qonli yoshlar to‘kdi. Oqibat ko‘zlarida o‘sha qon yoshlar ham qurib tamom bo‘ldi, faqat za’fardek sarg‘aygan yuzi qoldi. Shoir bu holatni hayratomuz tashbehga bog‘laydi: Zolim falak mening bahorimni olib uning badaliga xazon faslini berdi. Bu loladek qon yoshlarim qurib, xazondek sarg‘aygan yuzim qolganidan namoyon bo‘lib turibdi.

Tugandi ashki gulgun, emdi qolmish za’faroni yuz,
Falak zulmi badal qildi xazon birla bahorimni.

Navoiy dahr zulmidan boshiga yog‘ilgan balolarni baytdan baytga kuchliroq faryod bilan bayon qiladi. Birinchi bayt oshiqning «junun vodiysiga moyil» bo‘lganini, ikkinchi bayt dunyodan tamom yo‘q bo‘lib ketish tilagini ifoda qilsa, g‘azal so‘ngiga yaqin shoir bularning barchasidan o‘ta ofatni qalamga oladi — bu ofat telba bo‘lishdan ham, dunyodan benomu nishon ketishdan ham og‘ir bir ofat. Bu — yoru diyordan judo bo‘lish musibati. Navoiy shunday yozadi:

Diyorim ahli birla yordin boshimg‘a yuz mehnat,
Ne tong, boshim olib ketsam qo‘yub yoru diyorimni.

Ya’ni, agar men yoru diyorimni tashlab bosh olib ketar bo‘lsam, buning boisi yorim va diyorim odamlaridan boshimga ming balolar yoqqanidir. Taqdir mening boshimga solgan bu savdo shunday og‘ir savdokim:

Yomon holimg‘a bag‘ri og‘rig‘ay har kimsakim ko‘rgay,
Bag‘ir pargolasidin qong‘a bulg‘ong‘on uzorimni.

Bag‘rim pora-pora bo‘lganidan qonga bo‘yaldim, bu holimni ko‘rgan har bir kimsaning bag‘ri og‘rimay iloji yo‘q.

Tiriklik shoirning nazdida — dard. Bu dardning davosi esa yolg‘iz o‘lim. Asli sharobdan kelgan bosh og‘riqning davosi sharob. Ammo shoir uchun tiriklik sharobining daf’i xumori zahri qotildir.

Hayotim bodasidin sargaronmen asru, ey soqiy,
Qadahqa zahri qotil quy, dog‘i daf’ et xumorimni.

Ya’ni, hayot bodasini ichib boshim og‘irdur, ey soqiy, qadahga zahar quyib bergin-da mening boshim og‘rig‘ini daf’ et. Chunki bu dunyoda o‘lmay turib tinchimak mumkin emas, shu bois meni dardlardan ozod qilmoqchi bo‘lsangiz, boru yo‘g‘imni yoqing:

Jahon tarkini qilmay chunki tinmoq mumkin ermastur,
Navoiy, qil meni ozod o‘rtab yo‘qu borimni.

Navoiyning bu mashhur g‘azali falak bedodidan, bemehr odamlar jabridan shoirning chekkan nolasi bo‘lib, necha asrlar osha devondan-devonga ko‘chirilib, og‘izdan-og‘izga o‘tib, ham kitob vaqarlarida, ham qo‘shiqlar qanotida bizgacha yetib kyoldi. Bugun biz ulug‘ bobomizning olis nabiralari beqiyos iste’dod qalamidan to‘kilgan mana shunday satrlarni o‘qib, eshitib ongimiz va yuragimiz bilan bahramandlik topamiz, uzoq-uzoq zamonlarning sadosini tinglaganday bo‘lamiz:

Junun vodiysig‘a moyil ko‘rarmen joni zorimni…

1986

Alisher Navoiy. Qora ko’zim. G’azallar by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 5 053, bugungi 1)

Izoh qoldiring