Boyazid Bistomiy debtur

092    Инсоният маданиятининг бешиги бўлмиш Шарқда ижтимоий тузумнинг қайси босқичдалигидан қатъий назар шахсни ҳар томонлама камол топтириш муаммоси ҳамиша етакчи масала ҳисобланиб келган. Исломнинг ўз олдига қўйган асосий мақсадларидан бири ҳам вужудга келган кундан бошлаб фикрловчи, комил, яратувчи, беозор инсонни тарбиялаш эди.
XIX асрда яшаган носир, шоир ва мутаржим, фан оламига ҳали маълум бўлмаган мутафаккир Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг «Тазкира ул-авлиёи туркий» китоби афсонавий қобилият, салоҳият ва каромат эгалари тўғрисида битилган улкан ёдгорликдир. Қўлёзманинг салмоқли қисмида шайх Боязид Бистомий ҳақидаги ҳикоят, ривоят ва хотиралар келтирилади.

Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббатмин шамойим ул-футувват» тазкирасида Боязид ҳақида айрим маълумотлар берилади. Унда айтилишича, шайхнинг тўлиқ исми-шарифи Абуязид ибни Исодир. У VIII асрнинг охирги чорагида Бистом шаҳрида зардўштий эътиқодли коҳин оиласида дунёга келган. Ҳижрий—261, мелодий—857 йили она шаҳрида вафот этган (Пастдаги суратда Боязид Бистомий мақбараси акс этган).

Макка, Ҳамадон шаҳарларида таълим олган. Абу Ҳафз, Яҳъё Мооз ҳамда Шақиқ Балхий каби замонасининг улуғлари суҳбатида бўлиб, тасаввуф фалсафасидаги тайфурия мазҳабини яратган, «фано» ва «бақо» таълимотига асос солган. У кўплаб илмий асарлар муаллифидир. Боязиднинг хислатларини Муҳаммад Сиддиқ зикрига асосланиб бир-бир санаб чиқсак, Шарқу Ғарбнинг буюк мутафаккирларига хос бўлган улуғ фазилатлар соҳиби кўз олдимизга келади.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, нақадар олижаноб, камтар бу тоифа оддий одамлар қила олмайдиган сеҳр-кароматларга ҳам эга бўлганлар. Бунга эса улар узоқ вақт билим олиш,машқ қилиш, мақсад йўлида ихтиёрий қийноқ-риёзат чекиш туфайли эришганлар. Жумладан, оз фурсатда узоқ жойга етиб олиш, кўрмаган ишини ҳис қилиб айтиб бериш, ҳайвонлар ва ўсимликлар тилини тушуниш, сув устида юриш, ҳавода сайр этмоқ, самоъ вақтида (рақсга тушиш), дарахтларни таг-томири билан қўпориш, деворни бармоқ ишорати билан ағдармоқ, қўл ишорати билан душман бошини учирмоқ, дарёларда чўкаётган кемаларни тутиб, қирғоққа чиқармоқ, хоҳласа ёмғир-сел ёғдирмоқ, шамол эсдирмоқ ва даф қилмоқ, биёбонларда йўлдан адашганларга йўл кўрсатмоқ уларнинг «ҳавориқи одат ва кароматлари»дан ҳисобланади.

«Орифлик — Худони танимакдир, Худони танимак—фикр қилмоқ, тўла кўнгилли бўлмоқдир»,— дейди Боязид. Бу аввало файласуфнинг ўзи ҳақидаги фикрдир.

Ҳа, Машриқзамин — ҳикмат бўстони, орифлар султони Боязид Бастомий эса ана шу бўстоннинг барҳаёт боғбонларидан биридир. У ҳикматларини ўқигач, бунга ўзингизнинг ҳам ишончингиз комил бўлгандир дея умид қиламиз.

БОЯЗИД БИСТОМИЙ ДЕБТУР
Рушдийнинг «Тазкира ул-авлиёи туркий» китобидан
Ҳ. Ҳомидий, И. Остонақулов табдил этган
05

Дебдур:— Ҳар киши Худони билса, Худонинг ёдидан ўзгага оғзи очилмас.

* * *

Дебдур:—Ориф*га вожиб ишнинг кичикгинаси улдурким, тамом мулк-молдин бир йўли безор бўлғай, аммо рости улки, Худонинг дўстлиқида агар икки жаҳондин кечса ҳануз оздур.

* * *

Дебдур:—Агар ҳамма халойиқнинг давлати сизларга юзланса мағрур бўлмангизлар ва агар ҳамма давлатларни сизлардин олсалар навмид*  бўлмангизларким Худои Таолонинг иши кунфаякундирким, хоҳласа ва қилғон ибодатини холис кўрса ва бўлгон кашфдин ҳам сафо кўрса, мунчалик бирла ўз нафсини забун ва ориғсиз*  билмаса ул киши ҳеч ҳисобда эрмасдур.

* * *

Дебдур:—Ҳар киши тўла нафснинг хоҳишига кириб, кўнглини ўлтурса, ул кишини лаънат кафанига йўргаб, надомат манзилига дафн қилурлар. Ва ҳар киши нафснинг хилофини қилмоқ била ўлтурса ани раҳмат кафанига йўргаб, саломатлик манзилида дафн қилурлар.

* * *

Дебдур:—Ҳар киши бу сўзларнинг маънисин изламак бирла топғони бўлмас, аммо толибдин ўзга киши тополмас.

* * *

Дебдур:—Вақтеки мурид наъра урса ва бонг қилса, кўл янглиғ бўлурким, ичида бир қуртлуғ сув, аммо тек ўлтурса ва хомуш бўлса, дарё мисолликдурким, бир марварид дебдур. Андоғ бўлғилким кўринурсан; андоғ кўрингил борсен, яъни ҳеч ҳолда ўзунгга таъсир бермагил. Ҳар кишининг Худо учун қилур ибодати тонглаға қолса, бугун ибодат қилмағон бўлур. Аҳли толибнинг ибодати ҳар нафасда ҳосил бўлур.

* * *

Дебдур:—Илм бевафо, маърифат макр-ҳийладур, мушоҳада, яъни кўнгилни ҳозир тутмоқ, ҳижоб пардадур, бас эрур мақсудингни қачон топқунгдур.

* * *

Дебдур:—Кўнгулнинг қабз бўлмоғи, яъни кўнгулнинг тўсулмоғи нафснинг кушода бўлмоғидиндур. Кўнгулнинг ечилмоғи нафснинг тутилғонидин бўлур.

* * *

Дебдур:—-Нафс андоғ сифатдурким ботилдин бўлакка юрмас ва салоҳ тарафига ҳаргиз майл қилмас.

* * *

Дебдур:—Тириклик илм бирла бўлур ва роҳат маърифатда бўлур ва лаззат Худонинг ёдида бўлур.

* * *

Дебдур:—Шавқ ва иштиёк ошиқларни ўлтурур, шаҳидлар пайдо бўлур. Ўшал шаҳид ошиқлар фироқ тахти узра ўлтурурлар ва ҳижрон қўрқунчидин қилич иликларида висол гулистонидин бир шох (навда) умид илкига олибдурлар. Ҳар нафасда юз минг бошни кесарлар, яна минг йил ўтубдур ҳануз ул висол гули тару тоза ва сабза- хуррам турубдурким, ҳеч умид илки анга тегмабдур.

* * *

Дебдур:—Таваккал улдурким, тирикликни бир кунга ва балки бир нафасга келтургайсан ва тонгланинг фикр ва андишасини ташлағайсан.

* * *

Дебдур:—Зикрни тўла айтинглар деб фармон бўлубдур, зикрни тўла айтмоқға, адад била етмоқға, адад била етмоқ мурод эрмасдур. Зикрини тўла айтқон улдурким, ҳузур била ғофил бўлмай айтқонни айтурлар.

* * *

Дебдур:—Муҳаббат улдурким, дунё ва охиратни дўст тутмағайсен. Муҳаббат, яъни ишқ улдурким, ўзиниким йўқ билгай ва Худони ғолиб ва бор билгай, уламоларнинг ихтилоф килғонлари раҳматдур, магар Худонинг бирлиги ва ягоналиғида ихтилоф қилсалар ул залолат гумроҳлиқдур.

* * *

Дебдур:—Гурусна, яъни очлиқни ўзига лозим тутмоқ ҳаводақи булутдурким, андин ҳикмат ва дониш ёмғури келур, чунончи, ҳадисда келибдурким, … Яъни қурсоқингларни* оч тутинглар ва жигарингларни ташна тутинглар, шоядким, Худони ошкор кўргайсизлар.

* * *

Дебдур:—Ҳаммадин ёмон семизлик ва тўқлуқдур.

* * *

Дебдур:—Халойиқлар орасида Худога йироқроқ банда улдурким, ҳамма қилмишини Худоға ишорат килур, яъни «мен қилмадим.Худо қилди» дер. Ва ҳаммадин Худоға ёвуқрок банда улдурким, халқнинг оғирини кўтарур ва хушхўй бўлур.

* * *

Дебдур:—Ўз нафсини фаромуш қилғон Худони ёд қилғон бўлур.

* * *

Дебдур:—Ҳар киши Худони Худо била тониса (билса) бўлур ва тириклик топар ва ҳар киши Худони ўзи бирла тониса фано мартабасини топар.

* * *

Дебдур:—Орифнинг кўнгли сузук*  шиша ичидаги сувға ўхшарким, осмон ва заминга равшанлик еткурур, олам қоронғулиқи бирла анинг на иши бордур!

* * *

Дебдур:—Халойиқ икки ишдин ҳалокатга етар, аввал улки, махлуқнинг ҳурматин сақламағондин бўлур, иккинчи, Худои Таолонинг берган неъматининг шукронасини билмаганидин.

* * *

Боязиддин сўрдиларким: —   Фарз недур, суннат қайсидур?
Дедиким: — Фарз* —Худо бирла бўлмоқ, суннат* — дунёдин айрилмоқ.

* * *

Нақлдурким, Боязиднинг бир муриди сафарга борур эрди. Шайхға дедиким:—Менга бир васият қилғилким, анга амал қилмоқдин менга фойда еткургай. Шайх деди:—Сенга ишни айтай, анга амал қилғил. Аввал улки, бадхўй* киши бирла ҳамроҳ бўлсанг,  (унинг)   ёмон хўйини  ўзунг(нинг) яхши хўйинға алиштиргил, то хушлук бирла кун ўткоргунгдур. Иккинчи улки, агар киши сенга бир нимарса инъом қилса аввал Худоға шукр қилғил. Ондин кейин ул кишига дуо қилғилким, Худои Таоло анинг қилғонини сенга меҳрибон қилур, учинчи, агар балои санга юз келтурса дарҳол ўзингнинг ожизлиқиға қойил бўлиб Худодин нажот тилагилким, сен анга сабр қилмассан. Худонинг анинг бирла иши бўлмас.

* * *

Боязиддин сўрдиларким:—Зуҳд надур?.. Боязид деди:— Онча қимматим йўқтурким, мен уч кун зоҳид бўлдум. Аввалки куни дунёдин кечтим, иккинчи куни охиратдин кечтим, учинчи куни Худодин ўзгадин кечтим. (Ўшанда) Ҳотибдин овоз келдиким, «Эй Боязид, сен менга тоқат кўролмассан.

Ман дедим:—Худовандо, менинг ҳам муродим ушбудурким, тоқат келтуролмагайман. Қулоғимға дедиларким, «Тондинг».

Яна сўрдиларким:—Банданинг ризоси Худодин нима иш бирла камол топар.

Дедиким:—Камолдин сўз айтолмасман. Аммо ўз ишимдин мужмал айтайинким, менинг ризом Худодин анчага етибдурким, агар бир бандасини аълои аллайинға* чиқарса ва мени асфалуссофилин*ға  солса ва ҳаргиз ондин чиқмайдурғон  бўлсам, мен ул бандадин розироқдурман.

* * *

Боязиддин сўрдиларким:— Толиб камол мартабасига қачон етадур?
Дедиким:—Ул вақт камол даражасига етарким, ўзининг айбини тониса, ҳамма халқдин ҳимматни улуғ тутса, ул вақтда Худои Таоло анинг ҳимматиға боқиб ўз нафсидин йироқ бўлғониға чоғлиғ*   Худои Таоло ўзига ёвуқ*  қилур.

* * *

Сўрдиларким:—Худони на нимарса бирла топкали (топса)  бўлур?
Дедиларким: —Қоруғулуқ ва соғруғулуқ ва тилсизлиқ билан топколи бўлурму?  Яъни ҳар нимарсаки гуноҳдур анга қулоқ солмағил, беҳуда сўздин тилингни йиғқил.

* * *

Сўрдиларким: — Тўла бузрукларнинг эшитук*  ҳеч сўзлари сизнинг сўзингиздек улуғ эрмастур.
Дедиким (у):—Улар муомалат дарёсининг сафо ва кудуратидин. Ва айтибдурлар: — …Мен миннат ва ситойиш дарёсининг сафосидин айтурман ва мен ихлос бирла айтурман ва улар «сен ва мен» дерлар ва мен  «сен-сен» дерман.

* * *

Бир киши Боязидга дедиким:—Эй, шайх менга бир васият қилғил.
Боязид деди:—Билурмусанким, осмонни ким яратибдур, ҳар ерда бўлсанг ул сенинг ҳолингдин огоҳдурким, анингдин ҳазар қилгил (эҳтиёт бўлгин. ХДК изоҳи) ва ўзингга ҳозир* бўлғил.

* * *

Бир киши Боязидга дедиким:—Бу толиблар йўл юрмакдин бир дам ором олмайдурлар?
Боязид деди:—Мақсуд ва матлуб муқимдур; мусофир эрмасдур. Муқимни сафарда изламак маҳол бўлур.

* * *

Сўрдиларким:—  Қайдоғ (қандоқ)  киши бирла суҳбат тутолинг?
Боязид дедиким:—Ул киши бирла ҳамсуҳбат бўлғилким; агар оғрисанг, келиб сени сўроғой ва агар гуноҳ қилсанг, сенга тавба бергай ва ҳар наким Худо сендан ҳозирдир, ҳаммани билгувчидир. Анингдин ҳам пўшида*  бўлмайсан.

* * *

Сўрдиларким:—Не учун кеча намоз ўтамайсиз?
Боязид дедиларким:—Кеча намоз ўтамакка фурсатим йўқдурким, намоз ўтагали бир ерда турмоқ лозим. Мен кеча бўлса малакут, яъни фаришталар бирла оламни кезарман ва ҳар ерда бир йиқилғон кишини топсам ани йўларман, яъни ишимни махфий тутарман.

Яна сўрдиларким: — Орифнинг улуғ нишонаси надур?
Дедиким:—Сенинг бирла таом егай сендин қочқай ва сендин олғай ва сенга сотқай ва кўнгли қудс манзилида, яъни поклик манзилида лутф-раҳмат ва анису* улфат такя*сига йўлангай.

* * *

Ва Боязид дедиким:— Ориф улдурким, уйқуласа Худодин бўлакни кўрмагай ва уйғонса Худодин бўлак ҳеч киши бирла мувофиқ бўлмағай ва Худодин ўзгага сирини ошкор қилмағай!

* * *

Дедиларким:— Амри маъруф, наҳй мункирдин (яъни яхшиликка  ундаш ва ёмонликлардан сақлашдан. ХДК изоҳи) бизга хабар бергил.
Дедиларким:— Ҳеч вилоят йўқдурким, анда амри маъруф, наҳй мункир бўлмағай. Бу ҳар иккаласи олам халқининг ишидур. Аммо ҳазрати ваҳдат, яъни бирлик оламида амри маъруф наҳй мункир бўлмас.

* * *

Сўрдиларким:— Киши Худоға қачон етар?
Дедиким:— Эй, бечора ким Худоға етибдур.

* * *

Сўрадиларким:— Ҳар наким топибдурсан на иш бирла топдинг?
Дедиларким:— Дунё асбобини жамъ қилиб, қаноат занжирида боғлаб, сидқу ихлос лангарига солиб, зоҳидлик дарёсиға ташладим.
Дедиларким:—Бу нечук бўлур?
Дедиким:—Етмиш йил дунёнинг пардаи ҳижоби ичра бўлибман, эмди, тўрт йилдур ани кўрарман, ҳижоб ва парда ичра кечирган кун умрдин эрмасдур.

* * *

Боязид айтур:— Эранлар* ўлуклардин илм ўргонурлар ва мен аввал тирикдин ўргандимким, ҳаргиз ўлмаги йўкдур. Бу ўликлардин муроди уламо ғофилдурлар ва ҳақиқати тириклик Худодин огоҳликдур.

ИЗОҲЛАР
«Хуршид Даврон кутубхонаси» томонидан тайёрланган

Ориф — маърифатли, билгувчи
Навмид — ноумид
Ориғсиз — нопок
Қурсоқингларни — қоринларингни
Чоғлиғ — яраша
Бадхўй — бадфеъл, ёмон қилиқли
Фарз — мажбурий.
Суннат — ихтиёрий бурч.
Асфалуссофилин — дўзахнинг еттинчи чуқури. Энг паст дўзах.
Сузук — тиниқ, соф
Эшитик — эшитадиган
Аллайинға — ҳузурига
Ёвуқ — яқин
Ҳозир бўл — ҳушёр бўл
Пўшида — Ёпинган, бекинган
Қудс — муқаддас, пок
Анис — дўст
Такя — дарвишларнинг махсус турар жойи
Эранлар — эрлар, мардлар

092 Insoniyat madaniyatining beshigi bo’lmish Sharqda ijtimoiy tuzumning qaysi bosqichdaligidan qat’iy nazar shaxsni har tomonlama kamol toptirish muammosi hamisha yetakchi masala hisoblanib kelgan. Islomning o’z oldiga qo’ygan asosiy maqsadlaridan biri ham vujudga kelgan kundan boshlab fikrlovchi, komil, yaratuvchi, beozor insonni tarbiyalash edi.

XIX asrda yashagan nosir, shoir va mutarjim, fan olamiga hali ma’lum bo’lmagan mutafakkir Muhammad Siddiq Rushdiyning «Tazkira ul-avliyoi turkiy» kitobi afsonaviy qobiliyat, salohiyat va karomat egalari to’g’risida bitilgan ulkan yodgorlikdir. Qo’lyozmaning salmoqli qismida shayx Boyazid Bistomiy haqidagi hikoyat, rivoyat va xotiralar keltiriladi.

Alisher Navoiyning «Nasoyim ul-muhabbatmin shamoyim ul-futuvvat» tazkirasida Boyazid haqida ayrim ma’lumotlar beriladi. Unda aytilishicha, shayxning to’liq ismi-sharifi Abuyazid ibni Isodir. U VIII asrning oxirgi choragida Bistom shahrida zardo’shtiy e’tiqodli kohin oilasida dunyoga kelgan. Hijriy—261, melodiy—857 yili ona shahrida vafot etgan (Yuqoridagi suratda Boyazid Bistomiy maqbarasi aks etgan).

Makka, Hamadon shaharlarida ta’lim olgan. Abu Hafz, Yah’yo Mooz hamda Shaqiq Balxiy kabi zamonasining ulug’lari suhbatida bo’lib, tasavvuf falsafasidagi tayfuriya mazhabini yaratgan, «fano» va «baqo» ta’limotiga asos solgan. U ko’plab ilmiy asarlar muallifidir. Boyazidning xislatlarini Muhammad Siddiq zikriga asoslanib bir-bir sanab chiqsak, Sharqu G’arbning buyuk mutafakkirlariga xos bo’lgan ulug’ fazilatlar sohibi ko’z oldimizga keladi.

O’rni kelganda shuni ham aytish kerakki, naqadar olijanob, kamtar bu toifa oddiy odamlar qila olmaydigan sehr-karomatlarga ham ega bo’lganlar. Bunga esa ular uzoq vaqt bilim olish,mashq qilish, maqsad yo’lida ixtiyoriy qiynoq-riyozat chekish tufayli erishganlar. Jumladan, oz fursatda uzoq joyga yetib olish, ko’rmagan ishini his qilib aytib berish, hayvonlar va o’simliklar tilini tushunish, suv ustida yurish, havoda sayr etmoq, samo’ vaqtida (raqsga tushish), daraxtlarni tag-tomiri bilan qo’porish, devorni barmoq ishorati bilan ag’darmoq, qo’l ishorati bilan dushman boshini uchirmoq, daryolarda cho’kayotgan kemalarni tutib, qirg’oqqa chiqarmoq, xohlasa yomg’ir-sel yog’dirmoq, shamol esdirmoq va daf qilmoq, biyobonlarda yo’ldan adashganlarga yo’l ko’rsatmoq ularning «havoriqi odat va karomatlari»dan hisoblanadi.

«Oriflik — Xudoni tanimakdir, Xudoni tanimak—fikr qilmoq, to’la ko’ngilli bo’lmoqdir»,— deydi Boyazid. Bu avvalo faylasufning o’zi haqidagi fikrdir.

Ha, Mashriqzamin — hikmat bo’stoni, oriflar sultoni Boyazid Bastomiy esa ana shu bo’stonning barhayot bog’bonlaridan biridir. U hikmatlarini o’qigach, bunga o’zingizning ham ishonchingiz komil bo’lgandir deya umid qilamiz.

BOYAZID BISTOMIY DEBTUR
Rushdiyning «Tazkira ul-avliyoi turkiy» kitobidan
H. Homidiy, I. Ostonaqulov tabdil etgan
05

Debdur:— Har kishi Xudoni bilsa, Xudoning yodidan o’zgaga og’zi ochilmas.

* * *

Debdur:—Orif*ga vojib ishning kichikginasi uldurkim, tamom mulk-moldin bir yo’li bezor bo’lg’ay, ammo rosti ulki, Xudoning do’stliqida agar ikki jahondin kechsa hanuz ozdur.

* * *

Debdur:—Agar hamma xaloyiqning davlati sizlarga yuzlansa mag’rur bo’lmangizlar va agar hamma davlatlarni sizlardin olsalar navmid* bo’lmangizlarkim Xudoi Taoloning ishi kunfayakundirkim, xohlasa va qilg’on ibodatini xolis ko’rsa va bo’lgon kashfdin ham safo ko’rsa, munchalik birla o’z nafsini zabun va orig’siz* bilmasa ul kishi hech hisobda ermasdur.

* * *

Debdur:—Har kishi to’la nafsning xohishiga kirib, ko’nglini o’ltursa, ul kishini la’nat kafaniga yo’rgab, nadomat manziliga dafn qilurlar. Va har kishi nafsning xilofini qilmoq bila o’ltursa ani rahmat kafaniga yo’rgab, salomatlik manzilida dafn qilurlar.

* * *

Debdur:—Har kishi bu so’zlarning ma’nisin izlamak birla topg’oni bo’lmas, ammo tolibdin o’zga kishi topolmas.

* * *

Debdur:—Vaqteki murid na’ra ursa va bong qilsa, ko’l yanglig’ bo’lurkim, ichida bir qurtlug’ suv, ammo tek o’ltursa va xomush bo’lsa, daryo misollikdurkim, bir marvarid debdur. Andog’ bo’lg’ilkim ko’rinursan; andog’ ko’ringil borsen, ya’ni hech holda o’zungga ta’sir bermagil. Har kishining Xudo uchun qilur ibodati tonglag’a qolsa, bugun ibodat qilmag’on bo’lur. Ahli tolibning ibodati har nafasda hosil bo’lur.

* * *

Debdur:—Ilm bevafo, ma’rifat makr-hiyladur, mushohada, ya’ni ko’ngilni hozir tutmoq, hijob pardadur, bas erur maqsudingni qachon topqungdur.

* * *

Debdur:—Ko’ngulning qabz bo’lmog’i, ya’ni ko’ngulning to’sulmog’i nafsning kushoda bo’lmog’idindur. Ko’ngulning yechilmog’i nafsning tutilg’onidin bo’lur.

* * *

Debdur:—-Nafs andog’ sifatdurkim botildin bo’lakka yurmas va saloh tarafiga hargiz mayl qilmas.

* * *

Debdur:—Tiriklik ilm birla bo’lur va rohat ma’rifatda bo’lur va lazzat Xudoning yodida bo’lur.

* * *

Debdur:—Shavq va ishtiyok oshiqlarni o’lturur, shahidlar paydo bo’lur. O’shal shahid oshiqlar firoq taxti uzra o’ltururlar va hijron qo’rqunchidin qilich iliklarida visol gulistonidin bir shox (navda) umid ilkiga olibdurlar. Har nafasda yuz ming boshni kesarlar, yana ming yil o’tubdur hanuz ul visol guli taru toza va sabza- xurram turubdurkim, hech umid ilki anga tegmabdur.

* * *

Debdur:—Tavakkal uldurkim, tiriklikni bir kunga va balki bir nafasga kelturgaysan va tonglaning fikr va andishasini tashlag’aysan.

* * *

Debdur:—Zikrni to’la aytinglar deb farmon bo’lubdur, zikrni to’la aytmoqg’a, adad bila yetmoqg’a, adad bila yetmoq murod ermasdur. Zikrini to’la aytqon uldurkim, huzur bila g’ofil bo’lmay aytqonni ayturlar.

* * *

Debdur:—Muhabbat uldurkim, dunyo va oxiratni do’st tutmag’aysen. Muhabbat, ya’ni ishq uldurkim, o’zinikim yo’q bilgay va Xudoni g’olib va bor bilgay, ulamolarning ixtilof kilg’onlari rahmatdur, magar Xudoning birligi va yagonalig’ida ixtilof qilsalar ul zalolat gumrohliqdur.

* * *

Debdur:—Gurusna, ya’ni ochliqni o’ziga lozim tutmoq havodaqi bulutdurkim, andin hikmat va donish yomg’uri kelur, chunonchi, hadisda kelibdurkim, … Ya’ni qursoqinglarni* och tutinglar va jigaringlarni tashna tutinglar, shoyadkim, Xudoni oshkor ko’rgaysizlar.

* * *

Debdur:—Hammadin yomon semizlik va to’qluqdur.

* * *

Debdur:—Xaloyiqlar orasida Xudoga yiroqroq banda uldurkim, hamma qilmishini Xudog’a ishorat kilur, ya’ni «men qilmadim.Xudo qildi» der. Va hammadin Xudog’a yovuqrok banda uldurkim, xalqning og’irini ko’tarur va xushxo’y bo’lur.

* * *

Debdur:—O’z nafsini faromush qilg’on Xudoni yod qilg’on bo’lur.

* * *

Debdur:—Har kishi Xudoni Xudo bila tonisa (bilsa) bo’lur va tiriklik topar va har kishi Xudoni o’zi birla tonisa fano martabasini topar.

* * *

Debdur:—Orifning ko’ngli suzuk* shisha ichidagi suvg’a o’xsharkim, osmon va zaminga ravshanlik yetkurur, olam qorong’uliqi birla aning na ishi bordur!

* * *

Debdur:—Xaloyiq ikki ishdin halokatga yetar, avval ulki, maxluqning hurmatin saqlamag’ondin bo’lur, ikkinchi, Xudoi Taoloning bergan ne’matining shukronasini bilmaganidin.

* * *

Boyaziddin so’rdilarkim: — Farz nedur, sunnat qaysidur?
Dedikim: — Farz* —Xudo birla bo’lmoq, sunnat* — dunyodin ayrilmoq.

* * *

Naqldurkim, Boyazidning bir muridi safarga borur erdi. Shayxg’a dedikim:—Menga bir vasiyat qilg’ilkim, anga amal qilmoqdin menga foyda yetkurgay. Shayx dedi:—Senga ishni aytay, anga amal qilg’il. Avval ulki, badxo’y* kishi birla hamroh bo’lsang, (uning) yomon xo’yini o’zung(ning) yaxshi xo’ying’a alishtirgil, to xushluk birla kun o’tkorgungdur. Ikkinchi ulki, agar kishi senga bir nimarsa in’om qilsa avval Xudog’a shukr qilg’il. Ondin keyin ul kishiga duo qilg’ilkim, Xudoi Taolo aning qilg’onini senga mehribon qilur, uchinchi, agar baloi sanga yuz keltursa darhol o’zingning ojizliqig’a qoyil bo’lib Xudodin najot tilagilkim, sen anga sabr qilmassan. Xudoning aning birla ishi bo’lmas.

* * *

Boyaziddin so’rdilarkim:—Zuhd nadur?.. Boyazid dedi:— Oncha qimmatim yo’qturkim, men uch kun zohid bo’ldum. Avvalki kuni dunyodin kechtim, ikkinchi kuni oxiratdin kechtim, uchinchi kuni Xudodin o’zgadin kechtim. (O’shanda) Hotibdin ovoz keldikim, «Ey Boyazid, sen menga toqat ko’rolmassan.

Man dedim:—Xudovando, mening ham murodim ushbudurkim, toqat kelturolmagayman. Qulog’img’a dedilarkim, «Tonding».

Yana so’rdilarkim:—Bandaning rizosi Xudodin nima ish birla kamol topar.

Dedikim:—Kamoldin so’z aytolmasman. Ammo o’z ishimdin mujmal aytayinkim, mening rizom Xudodin anchaga yetibdurkim, agar bir bandasini a’loi allaying’a* chiqarsa va meni asfalussofilin*g’a solsa va hargiz ondin chiqmaydurg’on bo’lsam, men ul bandadin roziroqdurman.

* * *

Boyaziddin so’rdilarkim:— Tolib kamol martabasiga qachon yetadur?
Dedikim:—Ul vaqt kamol darajasiga yetarkim, o’zining aybini tonisa, hamma xalqdin himmatni ulug’ tutsa, ul vaqtda Xudoi Taolo aning himmatig’a boqib o’z nafsidin yiroq bo’lg’onig’a chog’lig’* Xudoi Taolo o’ziga yovuq* qilur.

* * *

So’rdilarkim:—Xudoni na nimarsa birla topkali (topsa) bo’lur?
Dedilarkim: —Qorug’uluq va sog’rug’uluq va tilsizliq bilan topkoli bo’lurmu? Ya’ni har nimarsaki gunohdur anga quloq solmag’il, behuda so’zdin tilingni yig’qil.

* * *

So’rdilarkim: — To’la buzruklarning eshituk* hech so’zlari sizning so’zingizdek ulug’ ermastur.
Dedikim (u):—Ular muomalat daryosining safo va kuduratidin. Va aytibdurlar: — …Men minnat va sitoyish daryosining safosidin ayturman va men ixlos birla ayturman va ular «sen va men» derlar va men «sen-sen» derman.

* * *

Bir kishi Boyazidga dedikim:—Ey, shayx menga bir vasiyat qilg’il.
Boyazid dedi:—Bilurmusankim, osmonni kim yaratibdur, har yerda bo’lsang ul sening holingdin ogohdurkim, aningdin hazar qilgil (ehtiyot bo’lgin. XDK izohi) va o’zingga hozir* bo’lg’il.

* * *

Bir kishi Boyazidga dedikim:—Bu toliblar yo’l yurmakdin bir dam orom olmaydurlar?
Boyazid dedi:—Maqsud va matlub muqimdur; musofir ermasdur. Muqimni safarda izlamak mahol bo’lur.

* * *

So’rdilarkim:— Qaydog’ (qandoq) kishi birla suhbat tutoling?
Boyazid dedikim:—Ul kishi birla hamsuhbat bo’lg’ilkim; agar og’risang, kelib seni so’rog’oy va agar gunoh qilsang, senga tavba bergay va har nakim Xudo sendan hozirdir, hammani bilguvchidir. Aningdin ham po’shida* bo’lmaysan.

* * *

So’rdilarkim:—Ne uchun kecha namoz o’tamaysiz?
Boyazid dedilarkim:—Kecha namoz o’tamakka fursatim yo’qdurkim, namoz o’tagali bir yerda turmoq lozim. Men kecha bo’lsa malakut, ya’ni farishtalar birla olamni kezarman va har yerda bir yiqilg’on kishini topsam ani yo’larman, ya’ni ishimni maxfiy tutarman.

Yana so’rdilarkim: — Orifning ulug’ nishonasi nadur?
Dedikim:—Sening birla taom yegay sendin qochqay va sendin olg’ay va senga sotqay va ko’ngli quds manzilida, ya’ni poklik manzilida lutf-rahmat va anisu* ulfat takya*siga yo’langay.

* * *

Va Boyazid dedikim:— Orif uldurkim, uyqulasa Xudodin bo’lakni ko’rmagay va uyg’onsa Xudodin bo’lak hech kishi birla muvofiq bo’lmag’ay va Xudodin o’zgaga sirini oshkor qilmag’ay!

* * *

Dedilarkim:— Amri ma’ruf, nahy munkirdin (ya’ni yaxshilikka undash va yomonliklardan saqlashdan. XDK izohi) bizga xabar bergil.
Dedilarkim:— Hech viloyat yo’qdurkim, anda amri ma’ruf, nahy munkir bo’lmag’ay. Bu har ikkalasi olam xalqining ishidur. Ammo hazrati vahdat, ya’ni birlik olamida amri ma’ruf nahy munkir bo’lmas.

* * *

So’rdilarkim:— Kishi Xudog’a qachon yetar?
Dedikim:— Ey, bechora kim Xudog’a yetibdur.

* * *

So’radilarkim:— Har nakim topibdursan na ish birla topding?
Dedilarkim:— Dunyo asbobini jam’ qilib, qanoat zanjirida bog’lab, sidqu ixlos langariga solib, zohidlik daryosig’a tashladim.
Dedilarkim:—Bu nechuk bo’lur?
Dedikim:—Etmish yil dunyoning pardai hijobi ichra bo’libman, emdi, to’rt yildur ani ko’rarman, hijob va parda ichra kechirgan kun umrdin ermasdur.

* * *

Boyazid aytur:— Eranlar* o’luklardin ilm o’rgonurlar va men avval tirikdin o’rgandimkim, hargiz o’lmagi yo’kdur. Bu o’liklardin murodi ulamo g’ofildurlar va haqiqati tiriklik Xudodin ogohlikdur.

IZOHLAR
«Xurshid Davron kutubxonasi» tomonidan tayyorlangan

Orif — ma’rifatli, bilguvchi
Navmid — noumid
Orig’siz — nopok
Qursoqinglarni — qorinlaringni
Chog’lig’ — yarasha
Badxo’y — badfe’l, yomon qiliqli
Farz — majburiy.
Sunnat — ixtiyoriy burch.
Asfalussofilin — do’zaxning yettinchi chuquri. Eng past do’zax.
Suzuk — tiniq, sof
Eshitik — eshitadigan
Allaying’a — huzuriga
Yovuq — yaqin
Hozir bo’l — hushyor bo’l
Po’shida — Yopingan, bekingan
Quds — muqaddas, pok
Anis — do’st
Takya — darvishlarning maxsus turar joyi
Eranlar — erlar, mardlar

012

(Tashriflar: umumiy 782, bugungi 1)

Izoh qoldiring