Bir hikoyaning ikki tarjimasi: A. P. Chexov. Chinovnikning o’limi

001      Атоқли рус адиби Антон Чеховнинг «Чиновникнинг ўлими» ҳикояси жаҳон ҳикоячилигида алоҳида ўрин тутади. Бугун мазкур ҳикоянинг ўзбекчадаги икки таржимасини тақдим этмоқдамиз. Уларни солиштириб ўқиш ҳам маълум маънода ўқувчига қизиқ бўлади деб ўйладик. Ёш ёзувчи ва таржимонларга эса сабоқ бўлиши айни ҳақиқатдир.

АНТОН ПАВЛОВИЧ ЧЕХОВ
«ЧИНОВНИКНИНГ ЎЛИМИ» ҲИКОЯСИНИНГ
ИККИ ТАРЖИМАСИ
045

ЧИНОВНИКНИНГ ЎЛИМИ)
Абдулла Қаҳҳор таржимаси

064Сўлим оқшомларнинг бирида худди шундай сўлим экзекутор Иван Дмитрич Червяков креслолаларнинг иккинчи қаторида ўтириб, дурбин орқали «Корневильские колокола» деган спектаклни тамоша қиларди. У саҳнага қараб, ўзини энг роҳатда ўтирган ҳис қиларди. Лекин бирданига… Ҳикояларда «лекин бирданига» сўзи тез-тез учраб туради. Авторлар шундай дейишга ҳақли, чунки ҳаётда тасодифий ҳодисалар жуда кўп! Лекин, бирданига унинг юзи буришди, кўзлари олайди, нафаси тўхтади… У кўзидан дурбинни олди, энгашди ва… апишу!!! Кўриб турибсизки, чучкурди, чучкуришпппг айби йўқ. Мужиклар ҳам чучкуради, полицмейстерлар, баъзан ҳатто тайний советниклар ҳам чучкуради. Ҳамма чучкуради. Червяков ҳечқанча ҳижолат бўлмади, рўмолчаси билан оғзи бурнини артди ва одобли одам бўлгани учун чучкурганим бировга малол келмадимикан деб атрофига қаради. Мана шунда ҳижолат бўлиб қолди. Қараса олдида ўтирган чол перчаткаси блан тепакал бошини, бўйнини артиб, дўнғиллаётипти. Червяков чолни таниди: бу чол статский генерал Бризжалов бўлиб, темир йўл маҳкамасида хизмат қиларди.

«Мен унга тупук сачратдим,— деб ўйлади Червяков. Менинг бошлиғим эмас, бегона, шундай бўлса ҳам яхши эмас, афв сўраш керак».

Червяков йўталди, бироз олдинга энгашиб генералнинг қулоғига пичирлади:

— Кечиринг, жаноби олийлари, беодобчилик бўлди… Мен билмасдан…
— Майли, майли…

— Худо ҳақи, кечиринг. Ахир мен… Қандоқ қилай…
— Худо ҳақи, кечиринг. Ахир мен… ўзимга қолса шундоқ бўлсин депманми!
— Оббо, тек ўтирсангизчи, азбаройи худо! Қўйинг, эшитайлик!

Червяков хижолат бўлди, илжайди ва саҳнага қаради. У саҳнага қараркан, энди роҳат қилолмай қолди. Унинг юраги ғаш бўла бошлади. Антракт вақтида Бризжаловга яқин келди, унинг олдида бироз юрди ва ўзини дадил тутиб ғўлдиради:

— Мен сизга билмасдан тупук сачратдим, жаноби олийлари… Кечиринг… Ахир мен… Наинки…
— Э, қўйсангиз-чи… Мен аллақачон эсимдан чиқариб юбордим-у, сиз ҳали ҳам ўша гапни гапириб юрибсиз! — деди генерал ва тажанг бўлиб пастки лабини қимирлатди.

«Кўзлари қонга тўлиб турибди-ю, тағин эсидан чиққан эмиш, — деб ўйлади Червяков, генералга шубҳа билан қараб. — Гапиргиси ҳам келмайди. Унга тушунтиришим керак, ўзимга қолса… Бу табиат қонуни, ахир. Тушунтирмасам менга тупурди деб ўйлайди. Ҳозир ўйламаса, кейин ўйлайди!».

Червяков қилган адабсизлигини уйига келиб, хотинига гапириб берди. Червяковнинг фаҳмича хотини бу воқеага енгилтаклик билан қаради: у фақат қўрқиб кетди-ю, Бризжалов эрининг началниги эмаслигини билганидан кейин, кўнгли жойига туша қолди.

— Шундай бўлса ҳам бориб узр сўра, — деди у. — Бўлмаса халқ орасида ўзини тутолмас экан, деб ўйлайди!
— Мана шуниси бор-да! Мен узр сўрадим, лекин ҳайронман… Бир оғиз ҳам дуруст гап айтмади. Гаплашишга фурсат ҳам бўлгани йўқ.

Эртаси куни Червяков янги вицмундирини кийди, сочини олдирди ва изоҳ бергани Бризжаловнинг олдига кетди… Генералнинг қабулхонасида арзга келган бир мунча одам ўтирган экан. Генерал арз сўрамоқда эди. У бир неча кишидан арз сўраб бўлиб, Червяковга қаради.

— Кеча, жаноби олийлари, агар эсларида бўлса, — деб сўз бошлади экзекутор,— мен «Аркадия»да чучкурдим… Билмасдан жаноби олийларига тупук сачратдим… Кечира…
— Шу ҳам гап бўлди-ю… Тавба! Сизнинг нима арзингиз бор? — деди генерал навбатдаги кишига.

«Гапиргиси ҳам келмаяпти,—деб ўйлади Червяков ранги ўчиб, — хафа бўлибди… йўқ, кўнглидан чиқармасам бўлмайди… Тушунтираман…»

Генерал одамлардан арз сўраб булгандан кеини ичкари уйга кириб кетаётган эди. Червяков унинг кетидан эргашиб ғўлдиради:

— Жаноби олийлари! Агар жанобларини безовта қилишга ҳаддим сиғса, фақат пушаймонлигимни изҳор қилиш важидан деб биласиз!.. ўзларига маълум, жўрттага қилганим йўқ!

Генерал афтини буриштириб, қўл силтади ва ичкарига кириб кетар экан:
— Сиз мени калака қилаётибсиз, муҳтарам афанди, — деди.

«Калака нимаси! — деди ичида Червяков. — Менинг ҳеч бунақа ниятим йўқ! Генерал бўла туриб, шуни билмайди-я! Бунақа бўлса мен бу такаббурдан узр сўраб ўтирмайман! Минг лаънат! Хат ёза қоламан, энди келиб юрмайман. Худо урсин, келмайман!»

Червяков уйга кетаётиб шуни кўнглидан кечирди. У генералга хат ёзмади. Ўйлаб-ўйлаб нима деб ёзишни билмади. Эртасига яна генералнинг олдига боришга тўғри келди.

— Мен кеча келиб сизни безовта қилган эдим, жаноби олийлари, — деди у генерал бошини кўтариб унга қараганда. — Сиз айтмоқчи, мен калака қилганим йўқ. Сизга узр айтгани келган эдим. Калака қилиш хаёлимга ҳам келган эмас. Наҳот, калака қилгани ҳаддим сиғса? Агар биз калака қиладиган бўлсак у вақтда, демак, улуғларда ҳурмат қоладими.

— Йўқол! — деб бақирди бирданига генерал кўкариб, титраб-қақшаб.

— А? — деди анграйиб қолган Червяков секин.

— Йўқол!! — деб қичқирди генерал яна, ер тепиниб. Червяковнинг қорнида нимадир узилиб кетди. У ҳеч нимага қарамай, ҳеч нимани эшитмай, эшиккача тисарилиб борди, кўчага чиқиб, жўнаб қолди…

Уйига қандай борганини ҳам билмай, вицмундирини ҳам ечмай, диванга ётди-ю… ўлиб қолди.

ҚЎРҚУВ (ЧИНОВНИКНИНГ ЎЛИМИ)
Саъдулла Сиёев таржимаси

Иван Червяков кичкина амалдор, бировга озор бермайдиган мулойим, кўнгли юмшоқ киши эди. Санъат деса, жонини берарди. Гоҳо-гоҳо театрга тушиб туришни канда қилмасди.

Ана шу Червяков бир куни яна театрга тушди. Саҳнага яқинроқ ўтирай деб, иккинчи қатордан жой олди. Томоша авжига чиқаяпти. Червяковнинг бутун диққати саҳнадаги артистларда. Бир вақт унинг бошараси қийшайди, жағи қаришдию шифтга қараб «А-а! А-а!» деганча қаттиқ чучкириб юборди. Дарров дастрўмолини олиб, оғзи-бурнини артди, ён-веримдагиларга малол келмадиммикан, дегандек аланглади. Қараса, ё худо, шундоққина олдинги қаторда ўтирган генералнинг тақир бошида тупук ялтираб турибди. Генерал рўмолчасини олиб, калласини обдон ишқалади, нимадир деб минғирлади. Червяковнинг нозик юраги бир қалқиб тушди. «Худо урди, – деди ичида, – келиб-келиб кимсан генералга тупук сачратаманми? Кечирим сўраш керак».

Червяков сал энгашди.
– Маъзур тутинг, жаноб генерал, – деди шивирлаб, – мен билмасдан… Бошингизни ҳўллаб қўйдим. Хафа бўлмайсиз…
– Майли, ҳечқиси йўқ, – деди генерал рўмолчасини чўнтагига солиб.

– Рост айтсам, олий ҳазрат, мен қасддан қилганим йўқ, шунчаки, бехосдан… Минг бор узр…
– Ҳа, бўпти, дедим-ку, бас энди, – ғаши келди генералнинг, – халақит берманг, томоша кўрайлик.

Червяков гуноҳкорона илжайди. Юрагини ҳадик босди. «Узримни қабул қилмади. Жеркиб берди-ку? Ёмон ранжиган шекилли. Нима қилсам экан-а?»

Энди Червяковга томошанинг қизиғи қолмади. У генералнинг кўнглини олишни ўйлай бошлади.

Танаффус чоғи одамлар орасидан излаб, генерални топди. Судралиб ёнига борди. Бош эгиб, тағин кечирим сўради:
– Жаноби олийлари, мен аҳмоқни кечириб қўйинг. Худо ҳаққи, қасддан қилмадим, мана бу лаънати бурун бехосдан қичишиб денг…

Бу сафар генералнинг аччиғи чиқди:
– Одамни тинч қўясизми, йўқми?! Мен аллақачон унутиб юбордим, боринг, йўлингиздан қолманг, биродар!

Червяков энди ростакамига қўрқди. «Унутиб юбордим, дедию, кўзлари бежо, ғазаби ичида».

У уйига қандай келганини билмайди. Кўксини мушук таталайди. Шилқ этиб диванга чўкди. Хотинини чақирди.
– Иш пачава, хотин, – деди Червяков ва бўлган воқеани айтиб берди.

– Генерал тўранинг идорангизга алоқаси йўқми ишқилиб?
– Йўқ. Темир йўлга қарашли вазирликдан экан. Барибир, ёмонликка оламан деса, таъзиримни бердириб қўйиши мумкин.
– Унақа бўлса, эртагаёқ ишхонасига бориб, астойдил узр сўраб келинг. Зора кўнгли эриб, кечириб юборса.

Червяков саҳар уйғонди. Олифта бўлиб кийинди. Йўрғалаб, йўлга тушди. Генералнинг ишхонасига етиб борди. Қараса, қабулхонада одам қалин экан. Кутиб ўтирди. Генерал беш-олти арзгўй билан гаплашдию, «Хўш, хизмат?» дегандек Червяковга боқди. Червяков аста ўрнидан туриб, қуллуқ қилди:
– Менинг арзим йўқ… Шу десангиз кечаги беодоблигим учун узр сўрагани келувдим… Кеча театрда сизга қараб чучкириб юбордим. Маъзур тутинг, жаноби олийлари…

Генерал қўл силтади:
– Э, қўйинг-е, унутдим, дедим-ку, бас-да, энди. Бошқа гапингиз йўқми? Унда вақтимни олманг.

Червяков остонада туриб, қайта ёлбора бошлади:
– Жаноби олийлари, худо ҳаққи, рост сўзим, сизни кўрмай қолдим. Агар кўрганимда акса ураман деган бурнимни узиб олардим. Бир сафар кечира қолинг, ўтинаман…

Генералнинг юзи кўкарди. Червяковнинг афтига қаҳр билан тикилди.
– Нима, мени, калака қилаяпсизми? Кечадан бери, «узр, узр», деб бошимни қотирасиз. Бўлди-да энди!

Червяковнинг тиззалари қалтиради.
– Сиздек улуғ зотни калака қилиб жинни бўлибманми? Туни билан ухламай сизни ўйладим. Билмасдан азиз бошингизни ҳўл қилиб қўйдим-а, деб жуда хафа бўлдим. Бир оғиз кечирдим, денг, жаноби олийлари. Шунда кетаман, йўқса…

Энди генералнинг жағи қаришди. У дағ-дағ титраб, ер тепинди:
– Йўқол кўзимдан, ярамас!

Червяковнинг кўз олди қоронғилашиб кетди.
– А? Н-нима дедингиз, Жан…жаноб…
– Йўқол, деяпман иблис!

Червяков калтак еган итдек аранг судралиб уйига келди. Ўзини таппа диванга ташлади. Юраги қинидан чиққудек бўлиб ура бошлади. У тўлғаниб ётди-ётдию, қўрқувдан жон таслим қилди.

064

ANTON PAVLOVICH CHEXOV
«CHINOVNIKNING O’LIMI» HIKOYASINING
IKKI TARJIMASI
045

CHINOVNIKNING O’LIMI
Abdulla Qahhor tarjimasi

064So’lim oqshomlarning birida xuddi shunday so’lim ekzekutor Ivan Dmitrich Chervyakov kreslolalarning ikkinchi qatorida o’tirib, durbin orqali «Kornevil`skie kolokola» degan spektaklni tamosha qilardi. U sahnaga qarab, o’zini eng rohatda o’tirgan his qilardi. Lekin birdaniga… Hikoyalarda «lekin birdaniga» so’zi tez-tez uchrab turadi. Avtorlar shunday deyishga haqli, chunki hayotda tasodifiy hodisalar juda ko’p! Lekin, birdaniga uning yuzi burishdi, ko’zlari olaydi, nafasi to’xtadi… U ko’zidan durbinni oldi, engashdi va… apishu!!! Ko’rib turibsizki, chuchkurdi, chuchkurishpppg aybi yo’q. Mujiklar ham chuchkuradi, politsmeysterlar, ba’zan hatto tayniy sovetniklar ham chuchkuradi. Hamma chuchkuradi. Chervyakov hechqancha hijolat bo’lmadi, ro’molchasi bilan og’zi burnini artdi va odobli odam bo’lgani uchun chuchkurganim birovga malol kelmadimikan deb atrofiga qaradi. Mana shunda hijolat bo’lib qoldi. Qarasa oldida o’tirgan chol perchatkasi blan tepakal boshini, bo’ynini artib, do’ng’illayotipti. Chervyakov cholni tanidi: bu chol statskiy general Brizjalov bo’lib, temir yo’l mahkamasida xizmat qilardi.

«Men unga tupuk sachratdim,— deb o’yladi Chervyakov. Mening boshlig’im emas, begona, shunday bo’lsa ham yaxshi emas, afv so’rash kerak».

Chervyakov yo’taldi, biroz oldinga engashib generalning qulog’iga pichirladi:

— Kechiring, janobi oliylari, beodobchilik bo’ldi… Men bilmasdan…
— Mayli, mayli…

— Xudo haqi, kechiring. Axir men… Qandoq qilay…
— Xudo haqi, kechiring. Axir men… o’zimga qolsa shundoq bo’lsin depmanmi!
— Obbo, tek o’tirsangizchi, azbaroyi xudo! Qo’ying, eshitaylik!

Chervyakov xijolat bo’ldi, iljaydi va sahnaga qaradi. U sahnaga qararkan, endi rohat qilolmay qoldi. Uning yuragi g’ash bo’la boshladi. Antrakt vaqtida Brizjalovga yaqin keldi, uning oldida biroz yurdi va o’zini dadil tutib g’o’ldiradi:

— Men sizga bilmasdan tupuk sachratdim, janobi oliylari… Kechiring… Axir men… Nainki…
— E, qo’ysangiz-chi… Men allaqachon esimdan chiqarib yubordim-u, siz hali ham o’sha gapni gapirib yuribsiz! — dedi general va tajang bo’lib pastki labini qimirlatdi.

«Ko’zlari qonga to’lib turibdi-yu, tag’in esidan chiqqan emish, — deb o’yladi Chervyakov, generalga shubha bilan qarab. — Gapirgisi ham kelmaydi. Unga tushuntirishim kerak, o’zimga qolsa… Bu tabiat qonuni, axir. Tushuntirmasam menga tupurdi deb o’ylaydi. Hozir o’ylamasa, keyin o’ylaydi!».

Chervyakov qilgan adabsizligini uyiga kelib, xotiniga gapirib berdi. Chervyakovning fahmicha xotini bu voqeaga yengiltaklik bilan qaradi: u faqat qo’rqib ketdi-yu, Brizjalov erining nachalnigi emasligini bilganidan keyin, ko’ngli joyiga tusha qoldi.

— Shunday bo’lsa ham borib uzr so’ra, — dedi u. — Bo’lmasa xalq orasida o’zini tutolmas ekan, deb o’ylaydi!
— Mana shunisi bor-da! Men uzr so’radim, lekin hayronman… Bir og’iz ham durust gap aytmadi. Gaplashishga fursat ham bo’lgani yo’q.

Ertasi kuni Chervyakov yangi vitsmundirini kiydi, sochini oldirdi va izoh bergani Brizjalovning oldiga ketdi… Generalning qabulxonasida arzga kelgan bir muncha odam o’tirgan ekan. General arz so’ramoqda edi. U bir necha kishidan arz so’rab bo’lib, Chervyakovga qaradi.

— Kecha, janobi oliylari, agar eslarida bo’lsa, — deb so’z boshladi ekzekutor,— men «Arkadiya»da chuchkurdim… Bilmasdan janobi oliylariga tupuk sachratdim… Kechira…
— Shu ham gap bo’ldi-yu… Tavba! Sizning nima arzingiz bor? — dedi general navbatdagi kishiga.

«Gapirgisi ham kelmayapti,—deb o’yladi Chervyakov rangi o’chib, — xafa bo’libdi… yo’q, ko’nglidan chiqarmasam bo’lmaydi… Tushuntiraman…»

General odamlardan arz so’rab bulgandan keini ichkari uyga kirib ketayotgan edi. Chervyakov uning ketidan ergashib g’o’ldiradi:

— Janobi oliylari! Agar janoblarini bezovta qilishga haddim sig’sa, faqat pushaymonligimni izhor qilish vajidan deb bilasiz!.. o’zlariga ma’lum, jo’rttaga qilganim yo’q!

General aftini burishtirib, qo’l siltadi va ichkariga kirib ketar ekan:
— Siz meni kalaka qilayotibsiz, muhtaram afandi, — dedi.

«Kalaka nimasi! — dedi ichida Chervyakov. — Mening hech bunaqa niyatim yo’q! General bo’la turib, shuni bilmaydi-ya! Bunaqa bo’lsa men bu takabburdan uzr so’rab o’tirmayman! Ming la’nat! Xat yoza qolaman, endi kelib yurmayman. Xudo ursin, kelmayman!»

Chervyakov uyga ketayotib shuni ko’nglidan kechirdi. U generalga xat yozmadi. O’ylab-o’ylab nima deb yozishni bilmadi. Ertasiga yana generalning oldiga borishga to’g’ri keldi.

— Men kecha kelib sizni bezovta qilgan edim, janobi oliylari, — dedi u general boshini ko’tarib unga qaraganda. — Siz aytmoqchi, men kalaka qilganim yo’q. Sizga uzr aytgani kelgan edim. Kalaka qilish xayolimga ham kelgan emas. Nahot, kalaka qilgani haddim sig’sa? Agar biz kalaka qiladigan bo’lsak u vaqtda, demak, ulug’larda hurmat qoladimi.

— Yo’qol! — deb baqirdi birdaniga general ko’karib, titrab-qaqshab.

— A? — dedi angrayib qolgan Chervyakov sekin.

— Yo’qol!! — deb qichqirdi general yana, yer tepinib. Chervyakovning qornida nimadir uzilib ketdi. U hech nimaga qaramay, hech nimani eshitmay, eshikkacha tisarilib bordi, ko’chaga chiqib, jo’nab qoldi…

Uyiga qanday borganini ham bilmay, vitsmundirini ham yechmay, divanga yotdi-yu… o’lib qoldi.

QO’RQUV (CHINOVNIKNING O’LIMI)
Sa’dulla Siyoyev tarjimasi

Ivan Chervyakov kichkina amaldor, birovga ozor bermaydigan muloyim, ko’ngli yumshoq kishi edi. San’at desa, jonini berardi. Goho-goho teatrga tushib turishni kanda qilmasdi.

Ana shu Chervyakov bir kuni yana teatrga tushdi. Sahnaga yaqinroq o’tiray deb, ikkinchi qatordan joy oldi. Tomosha avjiga chiqayapti. Chervyakovning butun diqqati sahnadagi artistlarda. Bir vaqt uning bosharasi qiyshaydi, jag’i qarishdiyu shiftga qarab «A-a! A-a!» degancha qattiq chuchkirib yubordi. Darrov dastro’molini olib, og’zi-burnini artdi, yon-verimdagilarga malol kelmadimmikan, degandek alangladi. Qarasa, yo xudo, shundoqqina oldingi qatorda o’tirgan generalning taqir boshida tupuk yaltirab turibdi. General ro’molchasini olib, kallasini obdon ishqaladi, nimadir deb ming’irladi. Chervyakovning nozik yuragi bir qalqib tushdi. «Xudo urdi, – dedi ichida, – kelib-kelib kimsan generalga tupuk sachratamanmi? Kechirim so’rash kerak».

Chervyakov sal engashdi.
– Ma’zur tuting, janob general, – dedi shivirlab, – men bilmasdan… Boshingizni ho’llab qo’ydim. Xafa bo’lmaysiz…
– Mayli, hechqisi yo’q, – dedi general ro’molchasini cho’ntagiga solib.

– Rost aytsam, oliy hazrat, men qasddan qilganim yo’q, shunchaki, bexosdan… Ming bor uzr…
– Ha, bo’pti, dedim-ku, bas endi, – g’ashi keldi generalning, – xalaqit bermang, tomosha ko’raylik.

Chervyakov gunohkorona iljaydi. Yuragini hadik bosdi. «Uzrimni qabul qilmadi. Jerkib berdi-ku? Yomon ranjigan shekilli. Nima qilsam ekan-a?»

Endi Chervyakovga tomoshaning qizig’i qolmadi. U generalning ko’nglini olishni o’ylay boshladi.

Tanaffus chog’i odamlar orasidan izlab, generalni topdi. Sudralib yoniga bordi. Bosh egib, tag’in kechirim so’radi:
– Janobi oliylari, men ahmoqni kechirib qo’ying. Xudo haqqi, qasddan qilmadim, mana bu la’nati burun bexosdan qichishib deng…

Bu safar generalning achchig’i chiqdi:
– Odamni tinch qo’yasizmi, yo’qmi?! Men allaqachon unutib yubordim, boring, yo’lingizdan qolmang, birodar!

Chervyakov endi rostakamiga qo’rqdi. «Unutib yubordim, dediyu, ko’zlari bejo, g’azabi ichida».

U uyiga qanday kelganini bilmaydi. Ko’ksini mushuk tatalaydi. Shilq etib divanga cho’kdi. Xotinini chaqirdi.
– Ish pachava, xotin, – dedi Chervyakov va bo’lgan voqeani aytib berdi.

– General to’raning idorangizga aloqasi yo’qmi ishqilib?
– Yo’q. Temir yo’lga qarashli vazirlikdan ekan. Baribir, yomonlikka olaman desa, ta’zirimni berdirib qo’yishi mumkin.
– Unaqa bo’lsa, ertagayoq ishxonasiga borib, astoydil uzr so’rab keling. Zora ko’ngli erib, kechirib yuborsa.

Chervyakov sahar uyg’ondi. Olifta bo’lib kiyindi. Yo’rg’alab, yo’lga tushdi. Generalning ishxonasiga yetib bordi. Qarasa, qabulxonada odam qalin ekan. Kutib o’tirdi. General besh-olti arzgo’y bilan gaplashdiyu, «Xo’sh, xizmat?» degandek Chervyakovga boqdi. Cher`yakov asta o’rnidan turib, qulluq qildi:
– Mening arzim yo’q… Shu desangiz kechagi beodobligim uchun uzr so’ragani keluvdim… Kecha teatrda sizga qarab chuchkirib yubordim. Ma’zur tuting, janobi oliylari…

General qo’l siltadi:
– E, qo’ying-ye, unutdim, dedim-ku, bas-da, endi. Boshqa gapingiz yo’qmi? Unda vaqtimni olmang.

Chervyakov ostonada turib, qayta yolbora boshladi:
– Janobi oliylari, xudo haqqi, rost so’zim, sizni ko’rmay qoldim. Agar ko’rganimda aksa uraman degan burnimni uzib olardim. Bir safar kechira qoling, o’tinaman…

Generalning yuzi ko’kardi. Chervyakovning aftiga qahr bilan tikildi.
– Nima, meni, kalaka qilayapsizmi? Kechadan beri, «uzr, uzr», deb boshimni qotirasiz. Bo’ldi-da endi!

Chervyakovning tizzalari qaltiradi.
– Sizdek ulug’ zotni kalaka qilib jinni bo’libmanmi? Tuni bilan uxlamay sizni o’yladim. Bilmasdan aziz boshingizni ho’l qilib qo’ydim-a, deb juda xafa bo’ldim. Bir og’iz kechirdim, deng, janobi oliylari. Shunda ketaman, yo’qsa…

Endi generalning jag’i qarishdi. U dag’-dag’ titrab, yer tepindi:
– Yo’qol ko’zimdan, yaramas!

Chervyakovning ko’z oldi qorong’ilashib ketdi.
– A? N-nima dedingiz, Jan…janob…
– Yo’qol, deyapman iblis!

Chervyakov kaltak yegan itdek arang sudralib uyiga keldi. O’zini tappa divanga tashladi. Yuragi qinidan chiqqudek bo’lib ura boshladi. U to’lg’anib yotdi-yotdiyu, qo’rquvdan jon taslim qildi.

09

(Tashriflar: umumiy 2 015, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring