Akutagava Ryunoske. G’alati voqia

41

Бир куни… Ҳа, айтганча, Кигэнцэцу байрами куни эди, ҳаво совуқ, эрталабдан ёмғир қуйган, лекин Тиэко Камакурага бораман, кўп бўлди бормаганимга, деб туриб олди. Камакурада унинг ишбилармон аллакимга тегиб кетган мактаб дугонаси турарди. Тиэко уникига меҳмонга бормоқчи эди, лекин шундай ёмғирда Камакурага меҳмонга албатта бориш шарт эмас эди, мен ўзим, турган гап, хотиним ҳам, эртага борганинг яхши, деб неча марта айтдик. Лекин Тиэко бугуноқ кетаман деб, гапида туриб олди. Охир-оқибат, қони қайнади-да, апил-тапил йиғиниб, йўлга чиқди. 

05
Акутагава Рюноске
FАЛАТИ ВОҚЕА
Аҳмад Аъзам таржимаси
06

099Акутагава Рюноскэ (1892.1.3 — Токио — 1927.24.7) — ўз асарлари билан япон адабиётини жаҳон миқёсига чиқишини бошлаб берган адиб сифатида тан олинади. У ижодида ғарб ва япон адабиети анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, япон анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган. Инсон онгининг «жумбоқ»лиги, олдиндан айтиб бўлмаслик хусусияти ифодаланган ҳикоялари — «Расёмон дарвозаси» (1915), «Бурун» (1916) унга шуҳрат келтиради. «Куз» (1920), «Совуқ» (1924) каби психологик ҳикояларида эса ижтимоий ёвузлик дунёсида эзгуликнинг фожиавий қисмати акс этган. «Сув алвастилари мамлакатида» (1927) ижтимоий-фантастик мажозий асардир. Инсоннинг ёлғизлиги, унинг вакт, тарих олдида ожизлиги панд-насиҳатдан иборат «Телбанинг ҳаёти» (1927) номли сўнгги асарининг мавзуидир. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун «Акутагава» миллий мукофоти таъсис этилган.

06

Бир куни эски ошнам Мураками билан бирга сайр қилиб юрган эдим.
Мураками бирданига Сасебода яшайдиган синглисини аниқ тасодифан эслаб, гапириб қолди.
— Яқинда Тиэкодан хат келди. Сенга салом айтибди.
— Тиэко-сан соғ-саломатми?
— Ҳа, кейинги пайтлари анча яхши бўлиб кетди. Токиода яшаган вақтлари асаблари жуда ишдан чиққан эди – сен у билан ўшанда учрашган эдингми?
— Учрашганман. Лекин асаблари тўғрисида…
— Наҳотки билмаган бўлсанг? Ўша вақтлари у ақлдан озай деб қолган эди. Гоҳ йиғлайди, гоҳ кулади. Жуда ғалати воқеа…
— Fалати воқеа?
Мураками жавоб беришдан олдин қаҳвахонанинг ойнаванд эшигини итарди. Биз столга бир-биримизга юзма-юз ўтирдик, бу ердан кўча кўриниб турар эди.
— Ҳа, ғалати воқеа. Ҳали сенга айтмаган эканман-да, а? Ўзи менга Сасебога кетишидан олдин гапириб берган.
Ўзинг ҳам биласан, Тиэконинг эри Оврупо уруши пайти Ўрта Ер денгизига юборилган зирҳли кема командасининг зобити эди. Синглим эри кетганидан кейин меникига кўчиб ўтди, уруш охирлаган вақтларга келиб, бирдан асаблари ёмонлашиб қолди. Асосий сабаби — шу пайтгача эридан ҳар ҳафта келиб турган хат бирдан тўхтаб қолганида бўлдими дейман. Шу энди, Тиэко эридан тўйдан бор-йўғи олти ой ўтиб ажрашгани бўлса ҳам, ундан ҳар хат олганда қувонишларининг устидан кулиш ҳатто менга – бетакаллуфлиги етиб-ортадиган одамга ҳам бағритошлик бўлиб туюлар эди.
Ана шу пайтлари бу воқеа бўлиб қолди. Бир куни… Ҳа, айтганча, Кигэнцэцу байрами куни эди, ҳаво совуқ, эрталабдан ёмғир қуйган, лекин Тиэко Камакурага бораман, кўп бўлди бормаганимга, деб туриб олди. Камакурада унинг ишбилармон аллакимга тегиб кетган мактаб дугонаси турарди. Тиэко уникига меҳмонга бормоқчи эди, лекин шундай ёмғирда Камакурага меҳмонга албатта бориш шарт эмас эди, мен ўзим, турган гап, хотиним ҳам, эртага борганинг яхши, деб неча марта айтдик. Лекин Тиэко бугуноқ кетаман деб, гапида туриб олди. Охир-оқибат, қони қайнади-да, апил-тапил йиғиниб, йўлга чиқди.
«Балки шундай бўлар, ётиб қоларман, унда эртага эрталаб қайтаман» — У шундай деб кетди, лекин сал ўтмай – унга нима бўлди? – шалаббо пишиниб, ранги бўздек оқариб, кириб келди. Ҳа айтганча, Марказий вокзалдан Хорибата бекатигача шамсия тутмабди. Нимага? Воқеанинг ғалатилиги ҳам худди мана шунда.
Тиэко Марказий вокзалга борганда… Айтганча, йўқ, олдинроқ унга мана, нима бўлган. У чиққан трамвайда, афсуски, ҳамма ўриндиқ банд банд экан. У қайишни ушлаб олган пайти, тўппа-тўғри кўзининг ўнгида, ойна орқасида ғира-шира денгиз пайдо бўлган. Трамвай бу вақти Дзимбо-матидан ўтиб кетаётган, бу ерда, албатта, денгиз қаёқдан кўринади? Лекин бари бир, ойнадан кўча устида лопиллаб келаётган тўлқинлар кўриниб турган. Ойнага ёмғир томчилари урилган пайти эса туман аралаш билинар-билинмас уфқ чизиғи ҳам пайдо бўлган. Битта шундан келиб чиқиб ҳам айтиш мумкинки, унинг асаблари шу вақтлардаёқ ишдан чиққан.
У Марказий вокзалга келган вақти эшик олдида турган қизил қалпоқли ҳаммол бирдан таъзим қилиб, «Эрингиздан нима янгилик бор?», деб қолган. Бу, албатта. ғалати. Лекин яна ҳам ғалатилиги шундаки, бу савол Тиэкога ҳеч қандай ғалати туюлмаган! У ҳатто «Раҳмат сизга. Фақат кейинги пайтлари ундан ҳеч нарса олмаяпман», деб жавоб ҳам қайтарган. Шунда ҳаммол: «Ундай бўлса, ўзим у билан кўришаман», деб айтган. Кўришармиш! Ахир, эри узоқда, Ўрта Ер денгизида-ку!.. Тиэко фақат шунда бу нотаниш ҳаммолнинг қанақадир ғалати гапларни айтаётганига эътибор қилган. Лекин ундан яна сўраб олмоқчи бўлганда, ҳаммол сал таъзим бажолаган-да, одамлар ичига сингиб кетган. Тиэко қанча изланмасин, бу қизил қалпоқни бошқа кўрмаган. Йўқ, нафақат кўрмаган,- шунча уринса ҳам ҳатто ҳаммолнинг юзини ҳам, — жуда ғалати! – сира эслай олмас эмиш. Шунинг учун уни қайтиб тополмаган, айни пайтда ҳар бир қизил қалпоқ унга ўша ҳаммолнинг ўзи бўлиб кўринаверган. Яна унга негадир шундай туюлганки, худди бу сирли ҳаммол доим уни кузатиб тургандек бўлаверган. Бунда фақат Камакурага бориш эмас, шу ерда қолишнинг ўзи ҳам қанақадир мудҳиш бўлиб қолган унга. Охир-оқибат, худди туш кўраётгандек, шаррос ёмғир тагида, ҳатто шамсиясини ҳам очмай, қочиб қолган у ердан.
Албатта, бу воқеаларнинг ҳаммаси асаби бузилганидан шундай бўлган, лекин ўша тентирашда Тиэко шамоллаб қолди. Эртаси кундан бошлаб уч кеча-кундуз ҳарорати баланд, гўёки эри билан гаплашаётгандек гоҳ «мени кечиринг», деб, гоҳ «Нега қайтиб келмаяпсиз»», деб тинмай алаҳлаб ётди. Лекин Камакурага машъум саёҳат шу билан якун топмади. Тиэко тумови ўтиб кетгандан кейин ҳам «ҳаммол» деб эшитса бўлди, кун бўйи мазаси қочиб, гапиришга ҳоли бўлмай юрар эди. Бир куни ҳатто кулгили бир иш бўлди: бир нақлиёт компанияси ёрлиғида ҳаммолнинг расми солинган экан, Тиэко шуни кўриб қолиб, у ёғига юролмай, шартта орқага қайтиб, уйга келди.
Лекин бир ойлар ўтиб, унинг ҳаммолдан қўрқиши секин-аста қарийб йўқолди. «Синглим, Кёканинг бир ҳикоясида мушук қиёфали ҳаммол ҳақида гап кетади. Балки бу ғалати ҳазилга шу ҳикояни ўқиганим учун гирифтор бўлгандирман?» Лекин март ойларида уни яна ҳаммол қўрқитди. Шундан кейин Тиэко то эри қайтгунича, нима бўлмасин, ҳатто зарил пайти ҳам, вокзалга йўламай қўйди. Сени ҳам вокзалга ҳаммолдан қўрққанидан кузатиб чиқмаган.
Шу бир март куни Америкадан эрининг икки йил кўринмай кетган ошнаси келди. Тиэко эрталабдан уни кутиб олишга чиқди. Биласан, бу ҳудудда кунлуз кунлари ҳам одам сийрак. Ҳувиллаган кўча йўлагида худди эсдан чиқиб қолгандек кўчма ўйинчоқ тегирмон дўкони турган экан.Ҳаво берк бир кун, шамол, дўконарава устида рангли парракчалар пириллаб айланади. Бу манзарадан нимагадир Тиэконинг юраги сиқилиб кетади. Дўконарава ёнидан ўтаётганда, тасодифан қараса – бир қизил қалпоқли одам унга орқа ўгириб, чўққайиб ўтирган экан. Эҳтимол паррак сотувчи чекиш учун ўтиргандир, ё шунга ўхшаш бировдир. Лекин Тиэко унинг қалпоғи қизиллигини кўргандан кейин нима учундир кўнгли алланечик бежо бўлиб, ҳатто орқасига қайтмоқчи ҳам бўлади.
Лекин вокзалга келгандан то меҳмонни кутиб олгунича, бахтига, ҳеч нарса юз бермайди. Фақат кутиб олганлар эрининг ошнаси бошчилигида перрондан вокзалнинг нимқоронғи эшиги орқали чиқиб келаётган пайти орқадан кимдир Тиэкога мурожаат қилиб: «Турмуш ўртоғингизни, ўнг қўлидан яраланган, дейишяпти. Ёзмаётгани шундан», деб гапиради. Тиэко ялт этиб ўгирилади, лекин ҳеч қандай қизил қалпоқ кўринмайди. Тиэконинг ортидан келаётган денгиз зобити билан хотини унга яхши таниш эди. Турган гап, бу денгиз зобитининг йўқ ердан бунақа нарсани гапириши мумкин эмас, шунинг учун у эшитган гапни ғалати деб топишдан бошқа ҳеч қандай изоҳ йўқ. Бари бир, Тиэко қизил қалпоқ ҳеч қаерда кўринмаганидан хурсанд бўлади. Улар вокзал биносидан ўтиб, эрининг ошнасини автомобилгача кузатишга чиқиш жойига тушадилар. Шунда кимдир орқадан аниқ қилиб: «Хоним, турмуш ўртоғингиз бир ойдан кейин келиб қолса эҳтимол», дейди. Тиэко яна шарт ўгирилади, лекин орқасида фақат эрининг ошнасини кутиб олгани чиққан таниш-билишлари турар, ҳеч қандай қизил қалпоқ йўқ эди Лекин орқасида кўрмаса ҳам, у олдинда автомобилга юк жойлаётган иккита ҳаммолни кўради. Биттаси бир нафас ўгирилиб, қандайдир ғалати ишшайиб қўяди. Уни кўриб, Тиэко шунчалар оқариб кетадики, ҳатто атрофидагилар ҳам буни сезади. Тиэко бир амаллаб ўзига келиб, қарасаки, у иккита ҳаммолни кўрган жойида, юкни битта ҳаммол жойлаштиряпти. Бу ҳам ҳозир ишшайиб қўйгандан мутлақо бошқа. У ана энди ишшайган ҳаммолнинг юзини эслаб қолдим, деб ўйлайди. Лекин кейин билиндики, илгаригидек бунинг юзини ҳам тусмол эслайди. қанча уринмасин, эсига кўзи, бурунсиз юз, ҳам қизил қалпоқ қалқиб келади… Мана, Тиэко айтиб берган ғаройиб воқеа шу.
Кейин, бир ой ўтиб, ҳа, тахминан шу, сен Кореяга кетган пайтинг, — эри чиндан келиб қолди. Ва, ғаройиб иш, эри ўнг қўлидаги жароҳати туфайли бир неча муддат ёза олмаган. Менинг хотиним дарров Тиэконинг устидан; «Доим эрини ўйлаган. Табиийки, буни билган», деб кулишга тушди. Икки ҳафтадан кейин Тиэко эри билан бирга Сасэбога, унинг хизмат жойига кетди, лекин у ерга жойлашиб улгурмасларидан юборган хатида ёзилган учинчи ғаройиб воқеани ўқиб, ҳанг-манг бўлиб қолдик.
Марказий вокзалдан қўзғалаётиб, поезд энди жойидан жилганда уларнинг юкини элтган ҳаммол, оқ йўл тиламоқчи бўлганми, ойнадан қараган. Унинг юзини кўриб, эрининг ранги ўзгариб кетган-да, сал ўтгандан кейин Тиэкога хижолат билан қуйидагиларни айтиб берган. Марселда тўхтаб, оғайнилари билан қаҳвахонада ўтирган пайти уларнинг столига тўйқусдан япон ҳаммол келиб, бетакаллуф оҳангда ишлар қандайлигини сўраган. Албатта, Марсел кўчаларида япон ҳаммолларига бало борми! Лекин Тиэконинг эри ҳайрон бўлмай, ўнг қўлидан яралангани, яқинда уйига қайтишини айтган. Шу сонияда қайсидир маст одам коньяк қадаҳини ағдариб юборган. Шунда синглимнинг эри чўчиб алангласа, ҳеч ким сезмаган ҳаммол қаҳвахонада кўздан йўқолган. Нима бўляпти ўзи? Унинг кўзлари очиқ, лекин у туш кўрдими ё ростдан ҳам шундай бўлдими, тушуна олмаган. Устига устак, оғайнилари ҳам ўзларини худди унинг олдига ҳеч ким келмагандек тутган. Охир-оқибат, бу воқеани ҳеч кимга айтиб бермаслик фикрига келган. Лекин у Японияга келгандан кейин Тиэконинг икки марта қанақадир сирли ғаройиб ҳаммолни кўрганини билгандан кейин, у Марселда айни шунинг ўзини кўрганини ўйлаган, лекин энди бу арвоҳлар ҳақидаги ҳикояларга жуда ўхшаб кетади. Бундан ташқари у ғолибона сафарда ҳам хотинини ўйлаб юришидан кулгига қоладиганларнинг аҳволига тушишдан чўчиб, шу пайтгача лом-мим демаган. Лекин ҳозиргина ойнадан қараган ҳаммолни кўрганда, қараса, ўша Марселдаги қаҳвахонага кириб борган ҳаммолдан бир туки ўзгача эмас… Шу воқеани айтиб бериб, Тиэконинг эри жим бўлади, кейин хавотир билан овозини паст қилиб: «Fалати эмасми? Мен: «Бир туки ҳам ўзга эмас», дедим. Айни пайтда унинг юзини аниқ эслай олмайман. Фақат у ойнадан қараган лаҳзанинг ўзида «Худди ўзи!..» деб ўйладим», дейди.
Мураками шу жойга келганда, қаҳвахонага бир нечта одам кириб, унинг танишлари шекилли, шовқин билан саломлаша бошладилар. Мен турдим.
— Хўп, майли. хайр. Кореяга кетгунча сенга учрайман.
Қаҳвахонадан чиққандан кейин чуқур нафас олдим: уч йил олдин Тиэконинг Марказий вокзалда мен билан бекитиқча учрашишга берган ваъдасини нега икки марта бузиб, эрига мангу вафодор хотин бўлиб қолиши ҳақида мактуб йўллаганини энди тушундим.

1931 й.

Манбаъ:Акутагава. Новеллы.
Гос. Изд.-во худ. литературы.
Москва – 1959

012

(Tashriflar: umumiy 76, bugungi 1)

Izoh qoldiring