Budda hikmatlari

Ashampoo_Snap_2017.02.27_22h57m15s_009_.png    Шогирдларим! Айтинг-чи, сиз атрофдагиларга қандай наф келтирдингиз. Зеро, кавакдаги бойқуш ҳам вақтини сиздан кўра фойдалироқ нарсаларга сарфлайди! Сиз ё тер тўкиб, ерда меҳнат қилмоғингиз ёхуд ёлғизликда ердан юксакликка кўтарилишга ўзингизда руҳий қувват топмоғингиз даркор...

БУДДА ШАКЯ МУНИ
004

002Ҳимолай тоғининг этагида дунёга келган Будда дунёда энг кенг тарқалган динлардан бири — буддизмнинг асосчисидир. У Ҳиндистондаги Шакя қабиласи ҳукмдорининг ўғли бўлган. У милоддан аввалги 556-476 йилларда яшаган.

Унинг асл исми — Гаутама бўлган. Шакя Муни унинг лақаби бўлиб, «шакя қабиласининг зоҳиди» деган маънони билдиради.

Гаутама муҳташам саройда, гуллар ва дур-жавоҳирлар ичида, раққосалар, мусиқачилар қуршовида яшаган. Шунинг учун у ҳаёт ҳамма ерда гўзал ва завқли деган хулосага келган…

Бироқ бир куни оғзида битта ҳам тиши йўқ, қартайиб қолган қарияни учратгач, кексалик муқаррар эканлигини тушунади. Бемор одамни учратиб, саломатлик омонатлигини англади ва ўлим тўғрисида ўйлай бошлайди. Шу тариқа зоҳидликни ихтиёр қилади. Етти йил таркидунёчиликда, очлик ва саргардонликда яшайди. Кунлардан бир кун у катта дарахт остида чордона қуриб чуқур ўйга толганча ўтирганда мўъжиза юз бериб, онги тиниқлашади ва донишмандлик сари юз тутади. Шу пайтдан бошлаб уни Будда деб аташади. Будда — санскритча хотиржам, осойишта, деган маънони билдиради.

 

normal.jpgБУДДА ҲИКМАТЛАРИ
Саида Жўраева таржимаси
004

Будда Шакя Муни шундай деганди: «Инсон ҳаёти азоб-уқубатлардан иборатдир. Бироқ доимо тўғри сўзлаб, эзгуликка интилиш, ўзгаларнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ғазаб ва ҳасадни енгиш орқали уни енгиллатиш мумкин. Шунингдек, инсон беҳуда югур-югурлардан, мол-дунё орттириш ҳаваси ва ҳаддан зиёда ҳузур-ҳаловат истагидан озод бўлмоғи лозим. Ана шунда ҳар бир бой ва камбағал, шоҳ ва қул, руҳоний ва оддий кимсалар дунёга қайта-қайта келиш азобидан халос бўладилар».

* * *

Уч шогирд Буддадан унинг мўъжизаларини кўриш учун ижозат сўрадилар. Донишманд уларнинг ҳар бирини қоронғи хонага киритиб, устларидан қулфлаб қўйди. Орадан бир оз вақт ўтиб, уларни ҳузурига чақирди ва кўрганларини сўзлаб беришларини сўради. Талабалар бирин-кетин кўрганларини ҳикоя қилишди. Будда уларнинг ҳикояларини тинглаб бўлгач, деди:

— Энди сиз мўъжиза ўзингиз учун фойдасиз эканига ишонч ҳосил қилмоғингиз лозим. Негаки, сиз асосий мўъжизани сезишга ожизлик қилдингиз. Зеро, ботиний борлиқни ҳис эта олганингизда эди, бу туйғу сизни ўзга оламларга йўллаган бўларди. Аммо сиз ўзингизнинг ерда ўтирганингизни ҳис этишда давом этдингиз. Сизнинг фикрларингиз ерга турли кулфатлар ёғдирди. Сиз қояларни вайрон қилиб, тўфонда кемаларни парчалаб ташладингиз.

Шу сўзлардан сўнг Будда бир оз тин олиб талабаларнинг бирига сўз қотди:

— Мана, сен бошига алангадан тож кийган алвон тусли жониворни кўрдинг. Сен тубсизликдан олиб чиққан бу олов ҳимоясиз одамларнинг бошпаналарини ўз домига олиб, куйдириб юборди. Зудлик билан уларга ёрдам бер!

— Сен эса қиз қиёфасидаги калтакесакни кўрдинг, — деди иккинчи талабага. — Ва тўлқинларни балиқчиларнинг қирғоқдаги қайиқларини ювиб кетишга мажбур қилдинг. Сен ҳам ёрдамга шошил!

Учинчи шогирдига юзланди:
— Сен парвоз этаётган лочинни кўрдинг ва кучли довул деҳқонларнинг ҳосилини учириб кетди. Энди сен бориб, уларга товон тўламоғинг лозим!

Шогирдларим! Айтинг-чи, сиз атрофдагиларга қандай наф келтирдингиз. Зеро, кавакдаги бойқуш ҳам вақтини сиздан кўра фойдалироқ нарсаларга сарфлайди! Сиз ё тер тўкиб, ерда меҳнат қилмоғингиз ёхуд ёлғизликда ердан юксакликка кўтарилишга ўзингизда руҳий қувват топмоғингиз даркор. Донишманд одам бемаъни фикр тўлқинини қўзғатишдан доимо сақланмоғи зарур. Шу нарса ҳақиқатки, миттигина қушнинг қанотидан тушган патнинг зарбидан узоқларда момақалдироқ ҳосил бўлади. Инсон нафас олганда бутун олам билан қоришиб кетади.

Донишманд доимо юксаклик сари интилади. Зеро, одамлар доимо бир-бирига донолик сифатларини очгусидир.

* * *

Будда Қонун ғилдираги ҳақида шундай ривоят қилади:

Бир моҳир хаттот ҳузурига муҳтарам зот келиб, Тангрига мурожаатнома ёзиб беришни сўрайди ва а шунга лойиқ тери (қадим замонда қоғоз ўрнида тери ишлатилган) ташлаб кетади. У кетгач, яна бир одам келиб, таҳдид ва ғазабга тўла мактубини зудлик билан кўчириб беришни буюради. Хаттот унинг ҳожатини чиқариш мақсадида мактубни кўчиришга киришади ва шошилинчда адашиб, биринчи киши келтирган терини ишлатиб юборади. Жанжалкаш одам қувониб, мактубни олиб кетади. Сўнгра биринчи буюртмачи келади-да, терини кўриб:

— Мен ташлаб кетган тери қани? — деб сўрайди.

Хаттотдан юз берган англашилмовчиликни эшитиб, шундай деди:

— Эзгу тилаклар битиш учун сенга келтирилган терига оқ фотиҳа берилганди. Таҳдид ва иғво битилиши лозим бўлган тери эса ўз таъсир кучидан маҳрум этилганди.

Сен муддатлар қонунини инсофсизларча бузиб, бир беморга ёрдам берувчи дуонинг кучини йўқотдинг. Бунинг устига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ёвузликни, зуғумни ҳаракатга келтирдинг. Мен келтирган терига оқ фотиҳа берган авлиёнинг меҳнати бир пул бўлди. Ёвузликнинг кучини кесган авлиёнинг меҳнати зое кетди. Сен оламга ёвуз дуоибадни «чиқариб» юбординг ва у бир кун албатта ўзингга қайтиб келажак. Сен Қонун ғилдирагини издан чиқардинг. Энди сен унга чиқа олмайсан, у йўлингни кесиб ўтади.

Бу воқеадан хулоса шуки, қонунларни биринчи дуч келган ўғри олиб кетадиган ўлик терига ёзманг. Қонунларни қалбингизда сақланг. Ана шунда бахт-саодат сизга йўлингизни енгиллаштиргувчи Қонун ғилдирагини ҳадя этади.

* * *

Бир софдил одам Буддани кўрмоқлик ниятида атрофдаги турфа буюмларга бир-бир назар солди. Бироқ унинг қўллари доно тимсолларни тута олмади, кўзлари эса мўътабар буюмларни тешиб ўтишга ожизлик қилди — у Буддани кўролмади.

Ниҳоят, ибодат қилаётган чоғида пешонасига ўргимчак ини тегаётганини сезиб, уни қўли билан сидириб ташлади. Шунда ғойибдан дона-дона овоз келди:

— Нега менинг қўлимни итараяпсан? Менинг нурим сени қучишига ижозат бер.

Сўнг атроф бирдан ёришиб кетди. Ҳалиги одам ўзи сидириб ташлаган ўргимчак ипини қўлига олди. Ип ҳар бирида Будда сиймоси акс этган қирқта марварид донасига айланди. Марварид доналарининг ўртасида бир тош бўлиб, унга: «Жасорат, умидсизлик, шодлик», деган сўзлар битилганди. Будда муҳиби шодликни танлади. Негаки, у шодликка олиб борувчи йўлни топганди.

* * *

Будданинг ҳузурига бир талаба келиб:
— Мўъжиза кўрсатганингиздан кейингина сизга ишонишим мумкин, — деди.

Будда ғамгин жилмайди-да, унга ғаройиб мўъжиза кўрсатди. Талаба ўзини тутолмай ҳайқириб юборди:
— О, Будда! Энди мен сенинг раҳнамолигингда илм олишга розиман.

Бироқ Будда унга эшикни кўрсатиб, деди:
— Энди менга сенинг керагинг йўқ!

* * *

Будда шундай деганди: камчилик ва нуқсонларингни кўрсатиб, сени койиган донишманднинг этагидан маҳкам тут. Зеро, у зот хазинага элтаётган йўлбошчига ўхшайди ва сен сира кам бўлмайсан.

277_3.jpgBUDDA SHAKYA MUNI
004

i_006.pngHimolay tog‘ining etagida dunyoga kelgan Budda dunyoda eng keng tarqalgan dinlardan biri — buddizmning asoschisidir. U Hindistondagi Shakya qabilasi hukmdorining o‘g‘li bo‘lgan. U miloddan avvalgi 556-476 yillarda yashagan.

Uning asl ismi — Gautama bo‘lgan. Shakya Muni uning laqabi bo‘lib, «shakya qabilasining zohidi» degan ma’noni bildiradi.

Gautama muhtasham saroyda, gullar va dur-javohirlar ichida, raqqosalar, musiqachilar qurshovida yashagan. Shuning uchun u hayot hamma yerda go‘zal va zavqli degan xulosaga kelgan…

Biroq bir kuni og‘zida bitta ham tishi yo‘q, qartayib qolgan qariyani uchratgach, keksalik muqarrar ekanligini tushunadi. Bemor odamni uchratib, salomatlik omonatligini angladi va o‘lim to‘g‘risida o‘ylay boshlaydi. Shu tariqa zohidlikni ixtiyor qiladi. Yetti yil tarkidunyochilikda, ochlik va sargardonlikda yashaydi. Kunlardan bir kun u katta daraxt ostida chordona qurib chuqur o‘yga tolgancha o‘tirganda mo‘’jiza yuz berib, ongi tiniqlashadi va donishmandlik sari yuz tutadi. Shu paytdan boshlab uni Budda deb atashadi. Budda — sanskritcha xotirjam, osoyishta, degan ma’noni bildiradi.

normal.jpgBUDDA HIKMATLARI
Saida Jo‘rayeva tarjimasi
004

Budda Shakya Muni shunday degandi: «Inson hayoti azob-uqubatlardan iboratdir. Biroq doimo to‘g‘ri so‘zlab, ezgulikka intilish, o‘zgalarning haqiga xiyonat qilmaslik, g‘azab va hasadni yengish orqali uni yengillatish mumkin. Shuningdek, inson behuda yugur-yugurlardan, mol-dunyo orttirish havasi va haddan ziyoda huzur-halovat istagidan ozod bo‘lmog‘i lozim. Ana shunda har bir boy va kambag‘al, shoh va qul, ruhoniy va oddiy kimsalar dunyoga qayta-qayta kelish azobidan xalos bo‘ladilar».

* * *

Uch shogird Buddadan uning mo‘’jizalarini ko‘rish uchun ijozat so‘radilar. Donishmand ularning har birini qorong‘i xonaga kiritib, ustlaridan qulflab qo‘ydi. Oradan bir oz vaqt o‘tib, ularni huzuriga chaqirdi va ko‘rganlarini so‘zlab berishlarini so‘radi. Talabalar birin-ketin ko‘rganlarini hikoya qilishdi. Budda ularning hikoyalarini tinglab bo‘lgach, dedi:

— Endi siz mo‘’jiza o‘zingiz uchun foydasiz ekaniga ishonch hosil qilmog‘ingiz lozim. Negaki, siz asosiy mo‘’jizani sezishga ojizlik qildingiz. Zero, botiniy borliqni his eta olganingizda edi, bu tuyg‘u sizni o‘zga olamlarga yo‘llagan bo‘lardi. Ammo siz o‘zingizning yerda o‘tirganingizni his etishda davom etdingiz. Sizning fikrlaringiz yerga turli kulfatlar yog‘dirdi. Siz qoyalarni vayron qilib, to‘fonda kemalarni parchalab tashladingiz.

Shu so‘zlardan so‘ng Budda bir oz tin olib talabalarning biriga so‘z qotdi:

— Mana, sen boshiga alangadan toj kiygan alvon tusli jonivorni ko‘rding. Sen tubsizlikdan olib chiqqan bu olov himoyasiz odamlarning boshpanalarini o‘z domiga olib, kuydirib yubordi. Zudlik bilan ularga yordam ber!

— Sen esa qiz qiyofasidagi kaltakesakni ko‘rding, — dedi ikkinchi talabaga. — Va to‘lqinlarni baliqchilarning qirg‘oqdagi qayiqlarini yuvib ketishga majbur qilding. Sen ham yordamga shoshil!

Uchinchi shogirdiga yuzlandi:
— Sen parvoz etayotgan lochinni ko‘rding va kuchli dovul dehqonlarning hosilini uchirib ketdi. Endi sen borib, ularga tovon to‘lamog‘ing lozim!

Shogirdlarim! Ayting-chi, siz atrofdagilarga qanday naf keltirdingiz. Zero, kavakdagi boyqush ham vaqtini sizdan ko‘ra foydaliroq narsalarga sarflaydi! Siz yo ter to‘kib, yerda mehnat qilmog‘ingiz yoxud yolg‘izlikda yerdan yuksaklikka ko‘tarilishga o‘zingizda ruhiy quvvat topmog‘ingiz darkor. Donishmand odam bema’ni fikr to‘lqinini qo‘zg‘atishdan doimo saqlanmog‘i zarur. Shu narsa haqiqatki, mittigina qushning qanotidan tushgan patning zarbidan uzoqlarda momaqaldiroq hosil bo‘ladi. Inson nafas olganda butun olam bilan qorishib ketadi.

Donishmand doimo yuksaklik sari intiladi. Zero, odamlar doimo bir-biriga donolik sifatlarini ochgusidir.

* * *

Budda Qonun g‘ildiragi haqida shunday rivoyat qiladi:

Bir mohir xattot huzuriga muhtaram zot kelib, Tangriga murojaatnoma yozib berishni so‘raydi va a shunga loyiq teri (qadim zamonda qog‘oz o‘rnida teri ishlatilgan) tashlab ketadi. U ketgach, yana bir odam kelib, tahdid va g‘azabga to‘la maktubini zudlik bilan ko‘chirib berishni buyuradi. Xattot uning hojatini chiqarish maqsadida maktubni ko‘chirishga kirishadi va shoshilinchda adashib, birinchi kishi keltirgan terini ishlatib yuboradi. Janjalkash odam quvonib, maktubni olib ketadi. So‘ngra birinchi buyurtmachi keladi-da, terini ko‘rib:

— Men tashlab ketgan teri qani? — deb so‘raydi.

Xattotdan yuz bergan anglashilmovchilikni eshitib, shunday dedi:

— Ezgu tilaklar bitish uchun senga keltirilgan teriga oq fotiha berilgandi. Tahdid va ig‘vo bitilishi lozim bo‘lgan teri esa o‘z ta’sir kuchidan mahrum etilgandi.

Sen muddatlar qonunini insofsizlarcha buzib, bir bemorga yordam beruvchi duoning kuchini yo‘qotding. Buning ustiga ko‘z ko‘rib, quloq eshitmagan, og‘ir oqibatlarga olib kelishi mumkin bo‘lgan yovuzlikni, zug‘umni harakatga keltirding. Men keltirgan teriga oq fotiha bergan avliyoning mehnati bir pul bo‘ldi. Yovuzlikning kuchini kesgan avliyoning mehnati zoye ketdi. Sen olamga yovuz duoibadni «chiqarib» yubording va u bir kun albatta o‘zingga qaytib kelajak. Sen Qonun g‘ildiragini izdan chiqarding. Endi sen unga chiqa olmaysan, u yo‘lingni kesib o‘tadi.

Bu voqeadan xulosa shuki, qonunlarni birinchi duch kelgan o‘g‘ri olib ketadigan o‘lik teriga yozmang. Qonunlarni qalbingizda saqlang. Ana shunda baxt-saodat sizga yo‘lingizni yengillashtirguvchi Qonun g‘ildiragini hadya etadi.

* * *

Bir sofdil odam Buddani ko‘rmoqlik niyatida atrofdagi turfa buyumlarga bir-bir nazar soldi. Biroq uning qo‘llari dono timsollarni tuta olmadi, ko‘zlari esa mo‘’tabar buyumlarni teshib o‘tishga ojizlik qildi — u Buddani ko‘rolmadi.

Nihoyat, ibodat qilayotgan chog‘ida peshonasiga o‘rgimchak ini tegayotganini sezib, uni qo‘li bilan sidirib tashladi. Shunda g‘oyibdan dona-dona ovoz keldi:

— Nega mening qo‘limni itarayapsan? Mening nurim seni quchishiga ijozat ber.

So‘ng atrof birdan yorishib ketdi. Haligi odam o‘zi sidirib tashlagan o‘rgimchak ipini qo‘liga oldi. Ip har birida Budda siymosi aks etgan qirqta marvarid donasiga aylandi. Marvarid donalarining o‘rtasida bir tosh bo‘lib, unga: «Jasorat, umidsizlik, shodlik», degan so‘zlar bitilgandi. Budda muhibi shodlikni tanladi. Negaki, u shodlikka olib boruvchi yo‘lni topgandi.

* * *

Buddaning huzuriga bir talaba kelib:
— Mo‘’jiza ko‘rsatganingizdan keyingina sizga ishonishim mumkin, — dedi.

Budda g‘amgin jilmaydi-da, unga g‘aroyib mo‘’jiza ko‘rsatdi. Talaba o‘zini tutolmay hayqirib yubordi:
— O, Budda! Endi men sening rahnamoligingda ilm olishga roziman.

Biroq Budda unga eshikni ko‘rsatib, dedi:
— Endi menga sening keraging yo‘q!

* * *

Budda shunday degandi: kamchilik va nuqsonlaringni ko‘rsatib, seni koyigan donishmandning etagidan mahkam tut. Zero, u zot xazinaga eltayotgan yo‘lboshchiga o‘xshaydi va sen sira kam bo‘lmaysan.

05

(Tashriflar: umumiy 1 073, bugungi 1)

Izoh qoldiring