Abdurahmon Vodiliy: Dunyoni izladim bormu deb imonga yo’l… & Rauf Parfi. Vodiliy haqida

08

    Аллоҳсиз умр – умр эмас. Бу аён ҳақиқат, аммо ерда ўтаётган ҳаётимизни санъатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Санъатсиз умр – сувсиз қақраган саҳродир. Ҳатто сувсизликдан қувраб ётган саҳро ҳам санъат ҳаёти билан боғланган чоғда кўз ўнгимизда чексиз гўзаллик очади, ёлғизлик ҳиссини, билгисиз изтироблар ўрнини юксак шуур қамраб олади ( Абдураҳмон Водилийнинг фарзандларига ёзган ўгитларидан).

06

   Водилий (тахаллуси; асл исми Сўфиев Абдураҳмон) (1893, Фарғона, Водил қишлоғи — 1965, Тошкент) — ўзбек шоири. Эркин фикрлиликда айбланиб қувғин ва таъқибларда яшаган. Водилийнинг «Девон»и (1963), фарзандларига ёзган ўгитлари бор. Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуфга оид китоби, Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр», Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонларининг қиёсий, насрий баёнлари ҳамда Муҳаммад Ҳодийнинг «Алвоҳи интибоҳ» асарларииинг ўзбекча табдили Водилий қаламига мансуб. Шеърларида озодлик йўлида курашган эрксевар ватан- дошларининг фикри, ниятлари акс эттирилган. 1999 йили  шоирнинг «Шеърлар» номли китоби нашр этилган.

06

У  вақтлар Водилийнинг шеърларини мен бошқа дунёнинг шеърлари деб қабул қилардим. Ақлим етмасди. Водилий умрининг охирларида Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуфга оид рисоласини форсчадан, Муҳаммад Ҳодийнинг “Алвоҳи интибоҳ” (“Уйғониш лавҳалари”) асарини озарбайжончадан, Абдураҳмон ал-Кавокибийнинг “Зулм” деб аталган китобини арабчадан ўзбекчага ўгирдилар. Бу ўткир ақлнинг ижодий жасорати эди…

Мен бу китобни ёқамни ушлаб ўқирдим ва буни устозим Абдураҳмон Водилий ўзбекчага ўгирганлиги билан фахрланардим. У вақтлар мен Евгений Евтушенко, Андрей Вознесенский, Александр Солженицин, Андрей Сахаров, Виктор Соснора, Абдураҳмон Авторхон ва бошқаларнинг асарларини кўчаларда изғгиб, излаб топиб ўқирдим. Новочеркасскдаги ва бошқа жойлардаги қонли, машьум воқеалардан хабардор эдим. Устоз Абдураҳмон Водилий билан ҳасратлашардим. У менга тушунтирар, мен тушунишни истамас эдим. Бу қадар ваҳшийликларни юрагимга сиғдира олмасдим (Рауф Парфи хотираларидан).

РАУФ ПАРФИ ВОДИЛИЙ ҲАҚИДА
Рауф Парфи билан суҳбатлашган
Раҳимжон Раҳмат ёзувларидан иқтибос

06

Абдураҳмон Водилий менинг биринчи устозим. Тўрт ёшимда… дадамнинг дўсти бўлган. Кучли шоир, сўфий. Тўрт ёшимдан тарбиялаган мени. Етти ёшимизга етиб олганимиздан кейин бошқача бўлиб кетганмиз. Совет мактабига кирганимдан кейин домлани иккинчи даражали домла деб қараганман. Лекин кучли таъсир қилган одам Абдураҳмон Водилий. 63-йилда ўтдилар у киши. Университетда ўқиб юрардик. Маҳмуд Абдуллаев деган фарғоналик йигит. Ўзининг ўғлиям Абдурауф… Бизга Туркистон нималигини, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар ҳақида бизга адабиётда ўқилмайдиган нарсаларни гапириб берадилар. Биз ҳар шанба, якшанба у кишининг олдига борамизда, кейин Университетга қайтиб келамиз. Жудаям улуғ, билимли, кучли одам. Афсуски, ўша кишининг тайёрланган девонини сақлаб қололмаганмиз. Мен ўз кўзим билан кўрганман, қўл билан девон қилган.

— Менимча кейин бир китоб чиқарилди.

— Битта китобини қоралама қўлёзмалар асосида тикладик. У киши 48-йилларда Навоийнинг кунларида қатнашган. Қўлёзмаларни олиш керак-да. Ўша учун у кишиниям чақиришган. Лекин тез у кишини у ерга яқинлаштиришмаган. Мен 63-64-йилларда менимча, учинчи курс бўлса керак. Уйғуннинг газетада бир мақоласи чиқди. Пастернакнинг “Доктор Живаго” деган романи нақадар зарарли эканлиги ҳақида. Уйғунники. Совет Ўзбекистони ёки Қизил Ўзбекистон бўлса керак. Чиқди. Ўҳ, дедим. Мен ўйладим. Ҳеч кимга айтмадим. Биламан, домла таниш у билан. Демак, бу ҳақда мақола ёзди, бу асар Уйғунда бор, деб ўйладим. Кейин домлага бориб айтдим. Уям эринмасдан мен билан келди уйига. Уйғун бизга айтдики, ҳеч қандай қўлёзмасиниям ўқиганим йўқ, китобни кўрганимам йўқ, деди Уйғун домла. Менга буюришди, ёзиб бердим, деди. Сен бунақа нарсаларни билмайсан, деди. Саал кўзлари ёшланди лекин.

— Билмаган нарсаси ҳақида қандай ёзган бўлиши мумкин?

— Ана шундай-да. Мен унда тушунмайман-да. Ўзларича бир балоларни гапиришди. Мен ярмини тушунмадим уларнинг гапларини. Сирлирооқ суҳбат қилишди-да. Лекин Уйғун домла қайсидир драмасидан парчалар ўқиб берди, домлага. Лекин қуруқ қайтиб кетдик. Мен “Доктор Живаго”ни олиб кетаман дегандим. Шунга ўхшаган қарашлар ўша пайтдаги. Водилий ҳеч нарса демади у ҳақда. Водилий билан боғлиқлигини айтяпман-да. Водилий билан жуда кўп нарса боғлиқ-да. Ҳар бир шеърни кўради.

— Демак, сиз ёзган нарсалар…

— Биринчи навбатда шу одамнинг қўлидан ўтади. У арузниям, ҳижониям жуда чуқур билган одам.

— 60-йиллардан кейинги шеърларингиз ҳам у кишининг қўлидан ўтганми ёки?..

— У киши билан кейин бошқача бўлиб қолдик-да. Мен университетда ўқиётганимда атеист эдим. Марксист. У одамга иккиланиб қарадим. Нариги дунёнинг одами ўтирибди, дедим (кулади). Ана шундай одам эди. Водилий билан бўлган яна бир воқеа. Тил ва адабиёт институти Ғафур Ғуломнинг беш томлигини чиқарди. Менга Блокнинг таржималари учунми беш томни мукофот беришди. Биринчи курс экан. 60-йил экан. Мен у китобни Водилийга совға қилдим. Водилий ўқиди. Бир неча кунлардан кейин Ғафур Ғулом шеърларига қалай қарайсиз, деб сўрасам: 200 та шеър боракан, дейди, иккиюзламачи шоир экан, дейди Водилий. Бир юзи қоронғу, бир юзи ёруғ, дейди. Энди ўзича билади нима дейишни, энди менга тушунтирмоқчи. Бу, дейди, бизнинг илгариги шоирларда иймон деган нарсалар бўларди. Эътиқодидан қайтмас эди, дейди. Уларнинг ҳаммасини йўқотворганидан кейин ҳаммаси коммунист бўлиб, шапка кийиб чиқиб кетди, дейди. Энди бу сўзларни қари одам гапиряпти-да, деб эшитиб қўя қолдик. Ана шундай бизга ўзи сездирмаган ҳолда жуда катта таъсир кўрсатган одам Абдураҳмон Водилий бўлади.

-Кейин қачон қайтдингиз яна Водилийга?

— Ҳа, Водилийга университетни битираётган пайтда. 62-йилдаги Новочеркасдаги одамларни ўлдириб, совет тузуми… Хурушчев ўлдириб, қонлар кўринмасин, деб текислаб ташлаганини эшитганимдан кейин тузумга қарши ичимда пайдо бўлди. Бу 63-йил, 62… Новочеркасда шундай қилинди. Маошини кўтариш ҳақида чиққан одамларни ҳаммасини отиб, ер билан яксон қилиб, тепасидан цемент қуйворди. Бу совет тузумининг энг жирканч… 22, 23 ёшли ёш одамга жуда ёмон таъсир қилади-да энди. Иккинчи курсда ўқиётган пайтимда. Ана шунда менда иккиланиш бўлди. Абдураҳмон Водилийнинг гаплари тўғрилигини сеза бошладим. Бўлмаса жудаям бахтли замонда яшаётувдим. Ҳамма нарса халқ учун, инсон учун, деб юрувдим.

— Университетга киришингиз қанақа бўлган?

— Ҳа, университетга топширдим… Домланинг таъсири билан мен араб бўлимига киришим керак-ку. Араб тилини, ёзувини ўрганишим керак, араб тилидан таржима қилишим керак. Дадам ва устозларнинг гапи бўйича. Француз тилидан имтиҳон топширолмадим. Шарқ факультетига ўқишга кириш учун биринчи имтиҳон чет тилидан бўлади. Энди биз 1-йил инглизча, 2-йил французча, 3-йил немисча… ҳеч қайси тилни билмайман. Шундаям бир уриниб кўрдим. Уч олдим-да. Ўтмадим. Шунинг учун 60-йил филология факультетига бемалол кириб кетдим. Шунақа бўлиб ўқидик-да.

“ДУНЁНИ ИЗЛАДИМ БОРМУ ДЕБ ИЙМОНГА ЙЎЛ”
Водилий ижодидан намуналар
06

Ўзбек маънавият дунёсининг тарихи – бу муҳандислар, буюк уламолар, улуғ шоирлар ижодиёти ва ҳаётларининг муборак тарихи. Бу тарих мақтуллар, хўрлаганлар, унутилганлар тарихидир.

Абдураҳмон Водилий (1893-1963) ҳаёти асримизнинг жаҳолат ва чиркин даври – заъфарон юзли, кир тирноқли, ёвуз-маккор ўргимчак тўрларига ўралган замонига тўғри келди.

Чин Шоир учун Руҳоний тириклик, оддий тирикчилик доимо машаққатли кечган. Аммо рус босқинидан кейин “машаққат” калимаси ҳеч нарса бўлмай қолди. У Илоҳий Руҳни, инсоннинг ўзлигини, Шахсни бўғди. Ичимиздаги Иймонни суғуриб олмоқчи бўлди. Бизни бурун остидан нарини кўрмайдиган Нафс бандаларига айлантирди; Аллоҳдан айирмак нияти-ла устимизга ташланди… “Бу дунёда Кечаги, Бугунги, Эртага бўладиган жиноятларнинг дояси – Аллоҳсизликдир”, дейди Абдураҳмон Водилий.

Ўликлар ичинда тирик, тириклар ичинда унутилганлардан бири Абдураҳмон Водилийдир.

Бизга Абдураҳмон Водилийдан мерос бўлиб бир “Девон”, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисон-тайр” достонларининг қиёсий-насрий баёнлари, Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуфга оид бир асарининг ўзбекча баёни, Муҳаммад Ҳодийнинг “Алвоҳи интибоҳ” достонининг табдили, фарзандларига ўгитлари қолгани маълум. Бу асарлар изсиз йўқолиб кетмагандир, деб умид қиламиз. Иншооллоҳ, ўша асарлар топилгай!

Ҳозирча қўлимизда Абдураҳмон Водилийнинг фарзандлари Абдулборий, Абдурауф, Абдуллатиф, Абдулазизлар кўз қорачиғидай асраб, авайлаб келаётган қоралама асарлари, айрим пароканда парчалар бор, холос.

Тасаввуф шоири Абдураҳмон Водилий асарларини шоир тириклигида чоп этиш мумкин бўлмаган ва бу тўғрида тасаввуф этиб ҳам бўлмасди. Бугун мустақиллик шарофати билан бир эзгу имкониятга эга бўлганимиз учун Аллоҳга шукуроналар айтамиз ва Абдураҳмон Водилий ижодидан айрим намуналарни мамнуният ила ўқувчилар ҳукмига ҳавола этамиз.

Рауф ПАРФИ,
Ўзбекистон халқ шоири

06

Дўстлар сўрса мени ким бир гадо денглар мани,
Ақрабоға ёқмаган бахтиқаро денглар мани,
Оқибат ўз жойидан бўлган жудо денглар мани,
Сиғмаган қишлоғига бир бенаво денглар мани.

Дўстлар, ҳолинг на деб сўрсангиз – қондир юрак,
Ул ато йўллик акамни номеҳрибон қилди фалак,
Эмди мен итдек маконим топмай ўлсам керак,
Топмайин дардига юрган бедаво денглар мани.

Мен ажаб ёлғиз қолибмен ақрабодин айрилиб,
Барча аҳбобу биродар, ошинодин айрилиб,
Дунёда ёлғиз қанотим синди ул ҳам қайрилиб,
Барча қилган хизматимга бу жазо денглар мани.

Мен киби дунёда ҳеч ким бўлмасин бағри кабоб,
Такягоҳим деб сиғинган тоғидан кўрдим азоб,
Меҳрсизлик дастидан хаста юраклар бўлди об,
Охири ҳасрат билан бўлди фано денглар мани.

Дўстлар, ҳеч ким менингдек бўйла расво бўлмасун,
Ақрабо деб оқибат бошиға ғавғо тўлмасун,
Кулфату ғамдин ўзи мисли хазондек сўлмасун,
Ақрабо йўл бермайин қилди адо денглар мани.

Мен агар ўлсам вужудим ювмангиз, қилманг кафан,
Осийнинг аҳволи шул деб ит каби айланг дефан,
Бу ёмон гўр кимкини деса айтинг – бир беватан,
Водилий қабри, шаҳиди Карбало денглар мани.

* * *

Чок этуб қисдим садафни дурри ғалток ўлмадим,
Даҳр аносидин туғилдим, лек инсон ўлмадим.

Ул адам саҳросида дунёга келдим, Ла Илаҳ…
Бир Худонинг ишқида бағрим тўлиб қон ўлмадим.

Ушбу дунё бўлди бизга бир замир отлиғ замин,
Тухми тоатни экуб укбоға дидбон ўлмадим.

Доимо қилдим гуноҳ ёдимга келмай охират,
Келтуриб ёдимға исёним пушаймон ўлмадим.

Мисли мен сиймодек дунёни излаб доимо,
Бир йўла ондин кечиб ажива хандон ўлмадим.

Бизга берди барча неъматларни раҳм айлаб Раббано,
Биз қилиб инсоф неъматларга, шукрон ўлмадим.

Журми асҳоб иллати қилди вужудимни хароб,
Тавба деб ёшим тўкиб йўлларда гирён ўлмадим.

Водилий, дунёга келдим, қилмадим яхши амал,
Эл аро яхши сифатлик бирла достон ўлмадим.

***

Аё дўстлар, инонманг ушбу дунё бевафо бўлғай,
Кими ким бул саройдин кетмаги вовайло бўлғай,
Кими ким ҳирси дунё бўлса уқбода гадо бўлғай,
Агар адлиға олса аҳли дўзах деб нидо бўлғай.

Кўпайса кимни дунёси ким аввал дўстидан қочғай,
Чақиргай душманини, кел менга, деб бағрини очғай,
Кир ҳарна борин душманининг бошидин сочғай,
Кечар ким дўстларидин душман анга ошино бўлғай.

Кима давлат қуши қўнса бўлар-тортар олимдин
Кечар ким ақрабодин ўзи бўлғай балки золимдин,
Бахил бўлғай яна ул чиқмасун деб қўлда молимдин,
Чироғи дунёнинг касри охир иймондин жудо бўлғай.

Бу дунё ағниёларға эрурким жаннатул маъво,
Юрарлар қўл солиб ҳар ерда, ўзга бандалик даъво,
Нажас дунёнинг насли охиратда айламас парво,
Амални ер амалин бирла охирда фано бўлғай.

***

Хумо бошдин учди, йўқтур топмоқлиғ диёримни,
Амрим битди ажал, қилди хазон баҳоримни.

Дунёни изладим изғиб борму деб иймонға йўл,
Ғарқақон бўлуб эздим зору лолазоримни.

Сабрсизликдин оқарди бошимдин кўзу ёшим,
Сиймоб киби эрурмен топмайин қароримни.

Руҳимдин айрилибмен, йўл устинда қолибмен,
Билмонки эмди дўстлар, не ерга бороримни.

Ў Г И Т Л А Р
099

Фарзандларим, ҳали бошқа замонлар келадур, дунёлар ўзгарадир, сотқинларга, ўғриларга, юлғич-каззобларга, ватансиз рўсиёҳларға бижғиб оқаётган, бу дарё тингайдир. Эҳтимол, сизнинг болаларингизнинг болалари бу дунёда воҳид йўл – Ҳақ йўлига киргайлар. Иншооллоҳ!

***

Аллоҳсиз умр – умр эмас. Бу аён ҳақиқат, аммо ерда ўтаётган ҳаётимизни санъатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Санъатсиз умр – сувсиз қақраган саҳродир. Ҳатто сувсизликдан қувраб ётган саҳро ҳам санъат ҳаёти билан боғланган чоғда кўз ўнгимизда чексиз гўзаллик очади, ёлғизлик ҳиссини, билгисиз изтироблар ўрнини юксак шуур қамраб олади.

***

Йўлда кетаётган киши йиқилиши мумкин. Ўтирган одам эса ҳеч қачон йиқилмайди, йиқилса-да юмшоқ йиқилади.

***

Аллоҳ таоло Сизга бундай муаззам ақлу-заковатни кибрланиш, зулм қилиш, зўрлик билан мол-дунё орттириш учун бергани йўқ. Аллоҳнинг бирлигини таниш, инсонларга меҳр-оқибатли бўлиш, инсонга фидойи бўлиш учун берган. Унутмангки, босган ҳар бир қадамингиз, олган ҳар бир нафасингиз Аллоҳнинг назаридадир.

***

Таъзияга албатта боринг, лекин зиёфатга бориш шарт эмас. Агар бориш зарур деб ўйласангиз, унда тезроқ қайтишга одатланинг.

***

Инсон доим ўзининг тирикчилигига, кундалик икир-чикирларига ўралашиб яшай олмайди. У аҳён-аҳёнда тўйиб-тўйиб йиғлаш учун, илтижо учун, муножот учун бир меҳроб, бир тош излаб қолади. Бу Аллоҳ нуридир. Бу нарса санъатдир.

***

Илм олишни бир дам тўхтатманг. Тўғри, мен сизларни тўла таъминлаш учун куч-қувватим етмаслиги мумкин. Аммо ҳаракат сиздан бўлуви керак. Аллоҳ баракотини бергай. Илмсизлик жаҳолатдир. Илмсиз одам Худони танимайди, Худони танимаган одам ўғри бўлади, каззоб бўлади, кофир бўлади. Ҳай-ҳай, сизларни Аллоҳ ўз паноҳида асрасин!

***

Бўрон, тўфон, сел увиллаб ҳайқириб турганда инсоннинг аччиқ фарёди эшитилмай қолади.

***

Мен берган китоблардан ташқари мактабингиздаги китобларни ҳам чуқур ўрганинг, аммо қиёслаб ўқишга ўрганинг.

***

Ҳеч ким бировдан паст ёки баланд эмас, ҳеч ким бировдан бой ва қашшоқ эмас. Аллоҳ инсонни севиб, бир хил қилиб яратган. Охири борадиган еримизда ҳаммамиз бир хил бўлиб қоламиз. Шунга қараб фикр қилинг.

***

Ҳар қандай санъат асари санъаткорнинг юрагида, кўзларида, ақлида узоқ вақт юради. Тилининг учида олиб юрган ноёб гавҳар – санъат асари бўлади. У ноёб гавҳарга айлангунча узоқ вақт ўтади. Кейин узоқ вақтлар яшашга ҳақли.

***

Бировнинг нодонлиги учун сиз жавобгар эмассиз, аммо Аллоҳнинг буюк неъмати – Ақл олдида ҳар куни, ҳар соат, ҳар он жавобгарсиз.

***

Илм бор жойда ҳилм бор. Агар илмингиз Инсонга хизмат қилмас экан, ул илм эмас, шайтоннинг пуфай ўйинидир.

***

Адабиётни, санъатни, тарихни севинг. Акс ҳолда, ота-онангизни унутиб қўясиз. Яъни, қаердан келганингизни билмай қоласиз.

***

Ҳалол одам уйқусида босинқирамайди. Босириққан киши касал кишидир. Тушларингизни бир-бирингизга айтиб, таъбирини ўйланг. Уйқу инсонга кўп нарсалардан хабар беради.

***

Йўлингиз тўғри бўлса, ҳеч иккиланмай олдинга юраверинг. Аммо оёғингизни тошга, бурнингизни деворга уриб олманг.

***

Сизнинг аждодларингиз улуғ инсонлар бўлган, агар илмли бўлсангиз билиб оласиз.

***

Илмдан, илм олишдан қочган одам жаҳолатдан ўзига темир қафас ясаётган ғофилдир.

***

Аллоҳни танимаган кимса билан ҳамсуҳбат бўлсанг, унинг қулоқлари шувалган, қалб кўзлари ўйилгандир.

***

Соддалик, ҳақиқат ва табиийлик санъатнинг ҳамма турига ҳам бир хил зарур. Бироқ, теранроқ боқиш керак: соддалик остида жўнлик, ҳақиқат қиёфасида ёлғон, табиийлик либосида сохталик ётган бўлмасин тағин!

***

Бу дунёда Кечаги, Бугунги, Эртага бўладиган жами жиноятларнинг дояси Аллоҳсизликдир.

08

06

Vodiliy (taxallusi; asl ismi So’fiev Abdurahmon) (1893, Farg’ona, Vodil qishlog’i — 1965, Toshkent) — o’zbek shoiri. Erkin fikrlilikda ayblanib quvg’in va ta’qiblarda yashagan. Vodiliyning «Devon»i (1963), farzandlariga yozgan o’gitlari bor. Abdurahmon Jomiyning tasavvufga oid kitobi, Fariduddin Attorning «Mantiq ut-tayr», Alisher Navoiyning «Lison ut-tayr» dostonlarining qiyosiy, nasriy bayonlari hamda Muhammad Hodiyning «Alvohi intiboh» asarlariiing o’zbekcha tabdili Vodiliy qalamiga mansub. She’rlarida ozodlik yo’lida kurashgan erksevar vatan- doshlarining fikri, niyatlari aks ettirilgan. 1999 yili shoirning «She’rlar» nomli kitobi nashr etilgan.

06

U  vaqtlar Vodiliyning she’rlarini men boshqa dunyoning she’rlari deb qabul qilardim. Aqlim yetmasdi. Vodiliy umrining oxirlarida Abdurahmon Jomiyning tasavvufga oid risolasini forschadan, Muhammad Hodiyning “Alvohi intiboh” (“Uyg’onish lavhalari”) asarini ozarbayjonchadan, Abdurahmon al-Kavokibiyning “Zulm” deb atalgan kitobini arabchadan o’zbekchaga o’girdilar. Bu o’tkir aqlning ijodiy jasorati edi…
Men bu kitobni yoqamni ushlab o’qirdim va buni ustozim Abdurahmon Vodiliy o’zbekchaga o’girganligi bilan faxrlanardim. U vaqtlar men Yevgeniy Yevtushenko, Andrey Voznesenskiy, Aleksandr Soljenitsin, Andrey Saxarov, Viktor Sosnora, Abdurahmon Avtorxon va boshqalarning asarlarini ko’chalarda izg’gib, izlab topib o’qirdim. Novocherkasskdagi va boshqa joylardagi qonli, mash`um voqealardan xabardor edim. Ustoz Abdurahmon Vodiliy bilan hasratlashardim. U menga tushuntirar, men tushunishni istamas edim. Bu qadar vahshiyliklarni yuragimga sig’dira olmasdim (Rauf Parfi xotiralaridan).

RAUF PARFI VODILIY HAQIDA
Rauf Parfi bilan suhbatlashgan
Rahimjon Rahmat yozuvlaridan iqtibos

06

Abdurahmon Vodiliy mening birinchi ustozim. To’rt yoshimda… dadamning do’sti bo’lgan. Kuchli shoir, so’fiy. To’rt yoshimdan tarbiyalagan meni. Yetti yoshimizga yetib olganimizdan keyin boshqacha bo’lib ketganmiz. Sovet maktabiga kirganimdan keyin domlani ikkinchi darajali domla deb qaraganman. Lekin kuchli ta’sir qilgan odam Abdurahmon Vodiliy. 63-yilda o’tdilar u kishi. Universitetda o’qib yurardik. Mahmud Abdullaev degan farg’onalik yigit. O’zining o’g’liyam Abdurauf… Bizga Turkiston nimaligini, Abdurauf Fitrat, Cho’lpon, Qodiriylar haqida bizga adabiyotda o’qilmaydigan narsalarni gapirib beradilar. Biz har shanba, yakshanba u kishining oldiga boramizda, keyin Universitetga qaytib kelamiz. Judayam ulug’, bilimli, kuchli odam. Afsuski, o’sha kishining tayyorlangan devonini saqlab qololmaganmiz. Men o’z ko’zim bilan ko’rganman, qo’l bilan devon qilgan.

— Menimcha keyin bir kitob chiqarildi.

— Bitta kitobini qoralama qo’lyozmalar asosida tikladik. U kishi 48-yillarda Navoiyning kunlarida qatnashgan. Qo’lyozmalarni olish kerak-da. O’sha uchun u kishiniyam chaqirishgan. Lekin tez u kishini u yerga yaqinlashtirishmagan. Men 63-64-yillarda menimcha, uchinchi kurs bo’lsa kerak. Uyg’unning gazetada bir maqolasi chiqdi. Pasternakning “Doktor Jivago” degan romani naqadar zararli ekanligi haqida. Uyg’unniki. Sovet O’zbekistoni yoki Qizil O’zbekiston bo’lsa kerak. Chiqdi. O’h, dedim. Men o’yladim. Hech kimga aytmadim. Bilaman, domla tanish u bilan. Demak, bu haqda maqola yozdi, bu asar Uyg’unda bor, deb o’yladim. Keyin domlaga borib aytdim. Uyam erinmasdan men bilan keldi uyiga. Uyg’un bizga aytdiki, hech qanday qo’lyozmasiniyam o’qiganim yo’q, kitobni ko’rganimam yo’q, dedi Uyg’un domla. Menga buyurishdi, yozib berdim, dedi. Sen bunaqa narsalarni bilmaysan, dedi. Saal ko’zlari yoshlandi lekin.

— Bilmagan narsasi haqida qanday yozgan bo’lishi mumkin?

— Ana shunday-da. Men unda tushunmayman-da. O’zlaricha bir balolarni gapirishdi. Men yarmini tushunmadim ularning gaplarini. Sirlirooq suhbat qilishdi-da. Lekin Uyg’un domla qaysidir dramasidan parchalar o’qib berdi, domlaga. Lekin quruq qaytib ketdik. Men “Doktor Jivago”ni olib ketaman degandim. Shunga o’xshagan qarashlar o’sha paytdagi. Vodiliy hech narsa demadi u haqda. Vodiliy bilan bog’liqligini aytyapman-da. Vodiliy bilan juda ko’p narsa bog’liq-da. Har bir she’rni ko’radi.

— Demak, siz yozgan narsalar…

— Birinchi navbatda shu odamning qo’lidan o’tadi. U aruzniyam, hijoniyam juda chuqur bilgan odam.

— 60-yillardan keyingi she’rlaringiz ham u kishining qo’lidan o’tganmi yoki?..

— U kishi bilan keyin boshqacha bo’lib qoldik-da. Men universitetda o’qiyotganimda ateist edim. Marksist. U odamga ikkilanib qaradim. Narigi dunyoning odami o’tiribdi, dedim (kuladi). Ana shunday odam edi. Vodiliy bilan bo’lgan yana bir voqea. Til va adabiyot instituti G’afur G’ulomning besh tomligini chiqardi. Menga Blokning tarjimalari uchunmi besh tomni mukofot berishdi. Birinchi kurs ekan. 60-yil ekan. Men u kitobni Vodiliyga sovg’a qildim. Vodiliy o’qidi. Bir necha kunlardan keyin G’afur G’ulom she’rlariga qalay qaraysiz, deb so’rasam: 200 ta she’r borakan, deydi, ikkiyuzlamachi shoir ekan, deydi Vodiliy. Bir yuzi qorong’u, bir yuzi yorug’, deydi. Endi o’zicha biladi nima deyishni, endi menga tushuntirmoqchi. Bu, deydi, bizning ilgarigi shoirlarda iymon degan narsalar bo’lardi. E’tiqodidan qaytmas edi, deydi. Ularning hammasini yo’qotvorganidan keyin hammasi kommunist bo’lib, shapka kiyib chiqib ketdi, deydi. Endi bu so’zlarni qari odam gapiryapti-da, deb eshitib qo’ya qoldik. Ana shunday bizga o’zi sezdirmagan holda juda katta ta’sir ko’rsatgan odam Abdurahmon Vodiliy bo’ladi.

-Keyin qachon qaytdingiz yana Vodiliyga?

— Ha, Vodiliyga universitetni bitirayotgan paytda. 62-yildagi Novocherkasdagi odamlarni o’ldirib, sovet tuzumi… Xurushchev o’ldirib, qonlar ko’rinmasin, deb tekislab tashlaganini eshitganimdan keyin tuzumga qarshi ichimda paydo bo’ldi. Bu 63-yil, 62… Novocherkasda shunday qilindi. Maoshini ko’tarish haqida chiqqan odamlarni hammasini otib, yer bilan yakson qilib, tepasidan sement quyvordi. Bu sovet tuzumining eng jirkanch… 22, 23 yoshli yosh odamga juda yomon ta’sir qiladi-da endi. Ikkinchi kursda o’qiyotgan paytimda. Ana shunda menda ikkilanish bo’ldi. Abdurahmon Vodiliyning gaplari to’g’riligini seza boshladim. Bo’lmasa judayam baxtli zamonda yashayotuvdim. Hamma narsa xalq uchun, inson uchun, deb yuruvdim.

— Universitetga kirishingiz qanaqa bo’lgan?

— Ha, universitetga topshirdim… Domlaning ta’siri bilan men arab bo’limiga kirishim kerak-ku. Arab tilini, yozuvini o’rganishim kerak, arab tilidan tarjima qilishim kerak. Dadam va ustozlarning gapi bo’yicha. Frantsuz tilidan imtihon topshirolmadim. Sharq fakul`tetiga o’qishga kirish uchun birinchi imtihon chet tilidan bo’ladi. Endi biz 1-yil inglizcha, 2-yil frantsuzcha, 3-yil nemischa… hech qaysi tilni bilmayman. Shundayam bir urinib ko’rdim. Uch oldim-da. O’tmadim. Shuning uchun 60-yil filologiya fakul`tetiga bemalol kirib ketdim. Shunaqa bo’lib o’qidik-da.

“DUNYONI IZLADIM BORMU DEB IYMONGA YO’L”
  Vodiliy ijodidan namunalar
06

O’zbek ma’naviyat dunyosining tarixi – bu muhandislar, buyuk ulamolar, ulug’ shoirlar ijodiyoti va hayotlarining muborak tarixi. Bu tarix maqtullar, xo’rlaganlar, unutilganlar tarixidir.

Abdurahmon Vodiliy (1893-1963) hayoti asrimizning jaholat va chirkin davri – za’faron yuzli, kir tirnoqli, yovuz-makkor o’rgimchak to’rlariga o’ralgan zamoniga to’g’ri keldi.

Chin Shoir uchun Ruhoniy tiriklik, oddiy tirikchilik doimo mashaqqatli kechgan. Ammo rus bosqinidan keyin “mashaqqat” kalimasi hech narsa bo’lmay qoldi. U Ilohiy Ruhni, insonning o’zligini, Shaxsni bo’g’di. Ichimizdagi Iymonni sug’urib olmoqchi bo’ldi. Bizni burun ostidan narini ko’rmaydigan Nafs bandalariga aylantirdi; Allohdan ayirmak niyati-la ustimizga tashlandi… “Bu dunyoda Kechagi, Bugungi, Ertaga bo’ladigan jinoyatlarning doyasi – Allohsizlikdir”, deydi Abdurahmon Vodiliy.

O’liklar ichinda tirik, tiriklar ichinda unutilganlardan biri Abdurahmon Vodiliydir.

Bizga Abdurahmon Vodiliydan meros bo’lib bir “Devon”, Fariduddin Attorning “Mantiqut-tayr”, Alisher Navoiyning “Lison-tayr” dostonlarining qiyosiy-nasriy bayonlari, Abdurahmon Jomiyning tasavvufga oid bir asarining o’zbekcha bayoni, Muhammad Hodiyning “Alvohi intiboh” dostonining tabdili, farzandlariga o’gitlari qolgani ma’lum. Bu asarlar izsiz yo’qolib ketmagandir, deb umid qilamiz. Inshoolloh, o’sha asarlar topilgay!

Hozircha qo’limizda Abdurahmon Vodiliyning farzandlari Abdulboriy, Abdurauf, Abdullatif, Abdulazizlar ko’z qorachig’iday asrab, avaylab kelayotgan qoralama asarlari, ayrim parokanda parchalar bor, xolos.
Tasavvuf shoiri Abdurahmon Vodiliy asarlarini shoir tirikligida chop etish mumkin bo’lmagan va bu to’g’rida tasavvuf etib ham bo’lmasdi. Bugun mustaqillik sharofati bilan bir ezgu imkoniyatga ega bo’lganimiz uchun Allohga shukuronalar aytamiz va Abdurahmon Vodiliy ijodidan ayrim namunalarni mamnuniyat ila o’quvchilar hukmiga havola etamiz.

Rauf PARFI,
O’zbekiston xalq shoiri

06

Do’stlar so’rsa meni kim bir gado denglar mani,
Aqrabog’a yoqmagan baxtiqaro denglar mani,
Oqibat o’z joyidan bo’lgan judo denglar mani,
Sig’magan qishlog’iga bir benavo denglar mani.

Do’stlar, holing na deb so’rsangiz – qondir yurak,
Ul ato yo’llik akamni nomehribon qildi falak,
Emdi men itdek makonim topmay o’lsam kerak,
Topmayin dardiga yurgan bedavo denglar mani.

Men ajab yolg’iz qolibmen aqrabodin ayrilib,
Barcha ahbobu birodar, oshinodin ayrilib,
Dunyoda yolg’iz qanotim sindi ul ham qayrilib,
Barcha qilgan xizmatimga bu jazo denglar mani.

Men kibi dunyoda hech kim bo’lmasin bag’ri kabob,
Takyagohim deb sig’ingan tog’idan ko’rdim azob,
Mehrsizlik dastidan xasta yuraklar bo’ldi ob,
Oxiri hasrat bilan bo’ldi fano denglar mani.

Do’stlar, hech kim meningdek bo’yla rasvo bo’lmasun,
Aqrabo deb oqibat boshig’a g’avg’o to’lmasun,
Kulfatu g’amdin o’zi misli xazondek so’lmasun,
Aqrabo yo’l bermayin qildi ado denglar mani.

Men agar o’lsam vujudim yuvmangiz, qilmang kafan,
Osiyning ahvoli shul deb it kabi aylang defan,
Bu yomon go’r kimkini desa ayting – bir bevatan,
Vodiliy qabri, shahidi Karbalo denglar mani.

* * *

Chok etub qisdim sadafni durri g’altok o’lmadim,
Dahr anosidin tug’ildim, lek inson o’lmadim.

Ul adam sahrosida dunyoga keldim, La Ilah…
Bir Xudoning ishqida bag’rim to’lib qon o’lmadim.

Ushbu dunyo bo’ldi bizga bir zamir otlig’ zamin,
Tuxmi toatni ekub ukbog’a didbon o’lmadim.

Doimo qildim gunoh yodimga kelmay oxirat,
Kelturib yodimg’a isyonim pushaymon o’lmadim.

Misli men siymodek dunyoni izlab doimo,
Bir yo’la ondin kechib ajiva xandon o’lmadim.

Bizga berdi barcha ne’matlarni rahm aylab Rabbano,
Biz qilib insof ne’matlarga, shukron o’lmadim.

Jurmi as’hob illati qildi vujudimni xarob,
Tavba deb yoshim to’kib yo’llarda giryon o’lmadim.

Vodiliy, dunyoga keldim, qilmadim yaxshi amal,
El aro yaxshi sifatlik birla doston o’lmadim.

***

Ayo do’stlar, inonmang ushbu dunyo bevafo bo’lg’ay,
Kimi kim bul saroydin ketmagi vovaylo bo’lg’ay,
Kimi kim hirsi dunyo bo’lsa uqboda gado bo’lg’ay,
Agar adlig’a olsa ahli do’zax deb nido bo’lg’ay.

Ko’paysa kimni dunyosi kim avval do’stidan qochg’ay,
Chaqirgay dushmanini, kel menga, deb bag’rini ochg’ay,
Kir harna borin dushmanining boshidin sochg’ay,
Kechar kim do’stlaridin dushman anga oshino bo’lg’ay.

Kima davlat qushi qo’nsa bo’lar-tortar olimdin
Kechar kim aqrabodin o’zi bo’lg’ay balki zolimdin,
Baxil bo’lg’ay yana ul chiqmasun deb qo’lda molimdin,
Chirog’i dunyoning kasri oxir iymondin judo bo’lg’ay.

Bu dunyo ag’niyolarg’a erurkim jannatul ma’vo,
Yurarlar qo’l solib har yerda, o’zga bandalik da’vo,
Najas dunyoning nasli oxiratda aylamas parvo,
Amalni yer amalin birla oxirda fano bo’lg’ay.

***

Xumo boshdin uchdi, yo’qtur topmoqlig’ diyorimni,
Amrim bitdi ajal, qildi xazon bahorimni.

Dunyoni izladim izg’ib bormu deb iymong’a yo’l,
G’arqaqon bo’lub ezdim zoru lolazorimni.

Sabrsizlikdin oqardi boshimdin ko’zu yoshim,
Siymob kibi erurmen topmayin qarorimni.

Ruhimdin ayrilibmen, yo’l ustinda qolibmen,
Bilmonki emdi do’stlar, ne yerga bororimni.

O’ G I T L A R
099

Farzandlarim, hali boshqa zamonlar keladur, dunyolar o’zgaradir, sotqinlarga, o’g’rilarga, yulg’ich-kazzoblarga, vatansiz ro’siyohlarg’a bijg’ib oqayotgan, bu daryo tingaydir. Ehtimol, sizning bolalaringizning bolalari bu dunyoda vohid yo’l – Haq yo’liga kirgaylar. Inshoolloh!

***

Allohsiz umr – umr emas. Bu ayon haqiqat, ammo yerda o’tayotgan hayotimizni san’atsiz tasavvur qilib bo’lmaydi. San’atsiz umr – suvsiz qaqragan sahrodir. Hatto suvsizlikdan quvrab yotgan sahro ham san’at hayoti bilan bog’langan chog’da ko’z o’ngimizda cheksiz go’zallik ochadi, yolg’izlik hissini, bilgisiz iztiroblar o’rnini yuksak shuur qamrab oladi.

***

Yo’lda ketayotgan kishi yiqilishi mumkin. O’tirgan odam esa hech qachon yiqilmaydi, yiqilsa-da yumshoq yiqiladi.

***

Alloh taolo Sizga bunday muazzam aqlu-zakovatni kibrlanish, zulm qilish, zo’rlik bilan mol-dunyo orttirish uchun bergani yo’q. Allohning birligini tanish, insonlarga mehr-oqibatli bo’lish, insonga fidoyi bo’lish uchun bergan. Unutmangki, bosgan har bir qadamingiz, olgan har bir nafasingiz Allohning nazaridadir.

***

Ta’ziyaga albatta boring, lekin ziyofatga borish shart emas. Agar borish zarur deb o’ylasangiz, unda tezroq qaytishga odatlaning.

***

Inson doim o’zining tirikchiligiga, kundalik ikir-chikirlariga o’ralashib yashay olmaydi. U ahyon-ahyonda to’yib-to’yib yig’lash uchun, iltijo uchun, munojot uchun bir mehrob, bir tosh izlab qoladi. Bu Alloh nuridir. Bu narsa san’atdir.

***

Ilm olishni bir dam to’xtatmang. To’g’ri, men sizlarni to’la ta’minlash uchun kuch-quvvatim yetmasligi mumkin. Ammo harakat sizdan bo’luvi kerak. Alloh barakotini bergay. Ilmsizlik jaholatdir. Ilmsiz odam Xudoni tanimaydi, Xudoni tanimagan odam o’g’ri bo’ladi, kazzob bo’ladi, kofir bo’ladi. Hay-hay, sizlarni Alloh o’z panohida asrasin!

***

Bo’ron, to’fon, sel uvillab hayqirib turganda insonning achchiq faryodi eshitilmay qoladi.

***

Men bergan kitoblardan tashqari maktabingizdagi kitoblarni ham chuqur o’rganing, ammo qiyoslab o’qishga o’rganing.

***

Hech kim birovdan past yoki baland emas, hech kim birovdan boy va qashshoq emas. Alloh insonni sevib, bir xil qilib yaratgan. Oxiri boradigan yerimizda hammamiz bir xil bo’lib qolamiz. Shunga qarab fikr qiling.

***

Har qanday san’at asari san’atkorning yuragida, ko’zlarida, aqlida uzoq vaqt yuradi. Tilining uchida olib yurgan noyob gavhar – san’at asari bo’ladi. U noyob gavharga aylanguncha uzoq vaqt o’tadi. Keyin uzoq vaqtlar yashashga haqli.

***

Birovning nodonligi uchun siz javobgar emassiz, ammo Allohning buyuk ne’mati – Aql oldida har kuni, har soat, har on javobgarsiz.

***

Ilm bor joyda hilm bor. Agar ilmingiz Insonga xizmat qilmas ekan, ul ilm emas, shaytonning pufay o’yinidir.

***

Adabiyotni, san’atni, tarixni seving. Aks holda, ota-onangizni unutib qo’yasiz. Ya’ni, qaerdan kelganingizni bilmay qolasiz.

***

Halol odam uyqusida bosinqiramaydi. Bosiriqqan kishi kasal kishidir. Tushlaringizni bir-biringizga aytib, ta’birini o’ylang. Uyqu insonga ko’p narsalardan xabar beradi.

***

Yo’lingiz to’g’ri bo’lsa, hech ikkilanmay oldinga yuravering. Ammo oyog’ingizni toshga, burningizni devorga urib olmang.

***

Sizning ajdodlaringiz ulug’ insonlar bo’lgan, agar ilmli bo’lsangiz bilib olasiz.

***

Ilmdan, ilm olishdan qochgan odam jaholatdan o’ziga temir qafas yasayotgan g’ofildir.

***

Allohni tanimagan kimsa bilan hamsuhbat bo’lsang, uning quloqlari shuvalgan, qalb ko’zlari
o’yilgandir.

***

Soddalik, haqiqat va tabiiylik san’atning hamma turiga ham bir xil zarur. Biroq, teranroq boqish kerak: soddalik ostida jo’nlik, haqiqat qiyofasida yolg’on, tabiiylik libosida soxtalik yotgan bo’lmasin tag’in!

***

Bu dunyoda Kechagi, Bugungi, Ertaga bo’ladigan jami jinoyatlarning doyasi Allohsizlikdir.

08

(Tashriflar: umumiy 974, bugungi 1)

Izoh qoldiring