Frans Kafka. Muttaham

06

Ҳамроҳим эса, бир илжайди-да, ҳам ўзининг, ҳам менинг қиёфамни бирлаштириб, битта одамга айланди, — ўнг қўлини девор бўйлаб юқорига кўтарди ва кўзларини юмиб, деворга суянди. Унинг бундай қилиғини кўриб, уялиб кетдим. Чунки бу билан унинг бориб турган муттаҳам эканлиги шундоққина фош бўлди-қолди. Бир неча ойдан буён шаҳарда бунақанги фирибгарларни кўравериб, уларнинг кечалари ён кўчалардан чиқиб келиб, худди ресторан, меҳмонхона ёки бўлмасам қовоқхона хўжайинларига ўхшаб, мулозамат қилишларига кўникиб қолгандим.

ФРАНЦ КАФКА
МУТТАҲАМ
Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
09

003Франц Кафка 1883 йилнинг 3 июлида Прага шаҳрида туғилган. Отаси ўз меҳнати туфайли шаҳарда кичикроқ бир фабриканинг эгаси бўлган. У уч қизи ва ўғли Франснинг келажагини таъмин этмоқчи бўлди, лекин ўғли билан бир умр келишолмай ўтди. Францнинг онаси руҳонийлар оиласидан эди.

Кафка Прагадаги немис гимназиясини тугатиб, 1901 — 1905 йилларда Прага университетида ҳуқуқшуносликни ўрганди, санъат тарихи ва олмоншунослик бўйича маърузалар тинглади. 1906 — 1907 йилларда Прага шаҳар судининг адвокатлар идорасида амалиёт ўтади. 1907 йилнинг октябридан бошлаб хусусий суғурта жамиятига хизматга кирди. 1908 йилда Прага тижорат академиясида шу ихтисослик бўйича малакасини оширди. Шундан сўнг у турли кам иш тўланадиган ташкилотларда ишлаган. 1917 йилда Кафка сил касалига дучор бўлади, 1922 йилда нафақага чиқади. 1923 йили Берлинга кетади, лекин соғлигининг ёмонлашуви сабабли Прагага қайтишга мажбур бўлади. Франц Кафка 1924 йилнинг 3 июнида Вена шаҳри атрофидаги Кирлинг санаториясида вафот этади.

Асарлари: «Бир кураш тарихи» (1902-1903, биринчи асари), «Қурилиш» (1923, охирги асари), «Америка» (1911-1916, биринчи романи), «Жараён» (1915-1918, иккинчи романи), «Қўрғон» (1921-1922, охирги романи), «Эврилиш», «Ҳукм», «Жазо колониясида», «Очлик устаси», «Отамга хат» ва бошқ.

09

Ниҳоят, оқшом соат ўнга яқин ўзим таклиф этилган данғиллама уй олдига илгаритдан шунчаки таниш бўлган ва бугун кутилмаганда менга қўшилиб, икки соатдан бери кетимдан кўчама-кўча эргашиб юрган одам билан етиб келдим.

— Хўш! – дедим мен ва хайрлашишимиз зарурлигига ишора қилиб, чапак чалдим. Олдин ҳам бир неча марта шама қилгандим. Йўқ, жуда чарчаб кетдим.
— Ҳозироқ юқорига чиқасизми? – сўради у мендан, бир-бирига урилгандек, тишлари такиллаб.
— Ҳа.

Мен-ку, таклиф этилганман, буни унга аллақачон айтиб эдим. Албатта, ҳозир шу ерда пастда, дарвоза олдида рўпарамдаги манови кишининг қулоқларига тикилиб ва оғзимизга толқон солиб, узоқ қолиб кетгандан кўра, жон деб юқорига чиққан бўлардим. Шу тахлит индамай туришимизга ён-веримиздаги уйлардан тортиб, то улар узра чўккан шом ва юлдузларгача ҳамдардлик билдираётгандек эди гўё. Ҳозир қаёққа боришаётганининг унчалик ҳам аҳамияти бўлмаган кўзга кўринмас сайр қилувчиларнинг қадамлари, қарама-қарши томонда жойлашган кўчанинг пинжига суқилишга уринаётган шамолнинг увиллаши ҳамда аллақаёқдаги хонадон деразалари оша таралаётган граммофон овози, гўё азалдан ва бир умр бу уларнинг мулкидек, жимжитлик қаъридан эшитилиб турарди.

Ҳамроҳим эса, бир илжайди-да, ҳам ўзининг, ҳам менинг қиёфамни бирлаштириб, битта одамга айланди, — ўнг қўлини девор бўйлаб юқорига кўтарди ва кўзларини юмиб, деворга суянди. Унинг бундай қилиғини кўриб, уялиб кетдим. Чунки бу билан унинг бориб турган муттаҳам эканлиги шундоққина фош бўлди-қолди. Бир неча ойдан буён шаҳарда бунақанги фирибгарларни кўравериб, уларнинг кечалари ён кўчалардан чиқиб келиб, худди ресторан, меҳмонхона ёки бўлмасам қовоқхона хўжайинларига ўхшаб, мулозамат қилишларига кўникиб қолгандим. Афишалар ёпиштирилган устунлар олдида турган пайтимизда атрофда айланиб юриб, худди бекинмачоқ ўйнаётгандек, устун панасида туриб, ўғринча кўз қири билан бизни кузатиб, пойлашарди, қолаверса, кўча чорраҳаларидан ўтишимиз билан йўлка четида бирданига пайдо бўлиб қолишлари-чи!

Хуллас, мен уларни яхши билардим, ахир улар шаҳардаги мўъжазгина ресторан, майхона ва меҳмонхоналарда илк бор учратиб, таниганларим эди-да. Улар кўринишдан шунақанги гапга кўнмас одамлар бўлардики, ҳозир буни ҳис қилиб, қаерда турганлигимни ҳам билолмай қолдим. Ўзи улардан қочиб, тутқич бермай юрсанг-у, яна тағин олдингдан лоп этиб чиқиб туришини қаранг! Бирпас тин олишмайди, йиқилиб ҳам қолишмайди, одамга узоқдан бўлса-да, бир қарадими, измига солмай қўймайди! Топган усуллари ҳамиша бир хил: оёқларини кериб, олдингда “мана-ман” деб туриб олади; бирор ёққа бормоқчи бўлиб турсанг, йўлдан уради; эвазига эса сен учун дилида уй (хона) тайёрлаб қўяди, буларни кўргач, одамда ҳиссиёт пайдо бўлади, буни қучоқ очиш деб ўйлаб, сенга ташланишади.

Мана ҳозир бунақа эски ҳазилларни сезиб қолдим. Сир бой бермай, бармоқларим учларини бир-бирига ишқай бошладим.

Бу одам эса, суянганича миқ этмай, ўзини ҳамон фирибгардек тутарди. Ниҳоят, тақдирга тан бердими, бети бирдан қизариб, бўзариб кетди.

— Танидим! — дедим ўзимга ўзим ва унинг елкасига енгил туртиб қўйдим. Сўнгра зинадан тез юқорига чиқдим, қабулхонада турган хизматкорларнинг юз-кўзларидаги асоссиз садоқат ифодасидан кутилмаган совғадек, севиниб кетдим. Уларнинг барчасига бир-бир разм солиб чиқарканман, пальтомни ечиб, этигимнинг чангини ҳам артиб қўйишди. Сўнг енгил нафас олиб ва бўйим чўзилиб, ичкарига – залга кирдим.

004

FRANTS KAFKA
MUTTAHAM
Nemis tilidan Mirzaali Akbarov tarjimasi
09

Frans Kafka 1883 yilning 3 iyulida Praga shahrida tug’ilgan. Otasi o’z mehnati tufayli shaharda kichikroq bir fabrikaning egasi bo’lgan. U uch qizi va o’g’li Fransning kelajagini ta’min etmoqchi bo’ldi, lekin o’g’li bilan bir umr kelisholmay o’tdi. Fransning onasi ruhoniylar oilasidan edi.

Kafka Pragadagi nemis gimnaziyasini tugatib, 1901 — 1905 yillarda Praga universitetida huquqshunoslikni o’rgandi, san’at tarixi va olmonshunoslik bo’yicha ma’ruzalar tingladi. 1906 — 1907 yillarda Praga shahar sudining advokatlar idorasida amaliyot o’tadi. 1907 yilning oktyabridan boshlab xususiy sug’urta jamiyatiga xizmatga kirdi. 1908 yilda Praga tijorat akademiyasida shu ixtisoslik bo’yicha malakasini oshirdi. Shundan so’ng u turli kam ish to’lanadigan tashkilotlarda ishlagan. 1917 yilda Kafka sil kasaliga duchor bo’ladi, 1922 yilda nafaqaga chiqadi. 1923 yili Berlinga ketadi, lekin sog’ligining yomonlashuvi sababli Pragaga qaytishga majbur bo’ladi. Frans Kafka 1924 yilning 3 iyunida Vena shahri atrofidagi Kirling sanatoriyasida vafot etadi.

Asarlari: «Bir kurash tarixi» (1902-1903, birinchi asari), «Qurilish» (1923, oxirgi asari), «Amerika» (1911-1916, birinchi romani), «Jarayon» (1915-1918, ikkinchi romani), «Qo’rg’on» (1921-1922, oxirgi romani), «Evrilish», «Hukm», «Jazo koloniyasida», «Ochlik ustasi», «Otamga xat» va boshq.

09

Nihoyat, oqshom soat o’nga yaqin o’zim taklif etilgan dang’illama uy oldiga ilgaritdan shunchaki tanish bo’lgan va bugun kutilmaganda menga qo’shilib, ikki soatdan beri ketimdan ko’chama-ko’cha ergashib yurgan odam bilan yetib keldim.

— Xo’sh! – dedim men va xayrlashishimiz zarurligiga ishora qilib, chapak chaldim. Oldin ham bir necha marta shama qilgandim. Yo’q, juda charchab ketdim.
— Hoziroq yuqoriga chiqasizmi? – so’radi u mendan, bir-biriga urilgandek, tishlari takillab.
— Ha.

Men-ku, taklif etilganman, buni unga allaqachon aytib edim. Albatta, hozir shu yerda pastda, darvoza oldida ro’paramdagi manovi kishining quloqlariga tikilib va og’zimizga tolqon solib, uzoq qolib ketgandan ko’ra, jon deb yuqoriga chiqqan bo’lardim. Shu taxlit indamay turishimizga yon-verimizdagi uylardan tortib, to ular uzra cho’kkan shom va yulduzlargacha hamdardlik bildirayotgandek edi go’yo. Hozir qayoqqa borishayotganining unchalik ham ahamiyati bo’lmagan ko’zga ko’rinmas sayr qiluvchilarning qadamlari, qarama-qarshi tomonda joylashgan ko’chaning pinjiga suqilishga urinayotgan shamolning uvillashi hamda allaqayoqdagi xonadon derazalari osha taralayotgan grammofon ovozi, go’yo azaldan va bir umr bu ularning mulkidek, jimjitlik qa’ridan eshitilib turardi.

Hamrohim esa, bir iljaydi-da, ham o’zining, ham mening qiyofamni birlashtirib, bitta odamga aylandi, — o’ng qo’lini devor bo’ylab yuqoriga ko’tardi va ko’zlarini yumib, devorga suyandi. Uning bunday qilig’ini ko’rib, uyalib ketdim. Chunki bu bilan uning borib turgan muttaham ekanligi shundoqqina fosh bo’ldi-qoldi. Bir necha oydan buyon shaharda bunaqangi firibgarlarni ko’raverib, ularning kechalari yon ko’chalardan chiqib kelib, xuddi restoran, mehmonxona yoki bo’lmasam qovoqxona xo’jayinlariga o’xshab, mulozamat qilishlariga ko’nikib qolgandim. Afishalar yopishtirilgan ustunlar oldida turgan paytimizda atrofda aylanib yurib, xuddi bekinmachoq o’ynayotgandek, ustun panasida turib, o’g’rincha ko’z qiri bilan bizni kuzatib, poylashardi, qolaversa, ko’cha chorrahalaridan o’tishimiz bilan yo’lka chetida birdaniga paydo bo’lib qolishlari-chi!

Xullas, men ularni yaxshi bilardim, axir ular shahardagi mo»jazgina restoran, mayxona va mehmonxonalarda ilk bor uchratib, taniganlarim edi-da. Ular ko’rinishdan shunaqangi gapga ko’nmas odamlar bo’lardiki, hozir buni his qilib, qaerda turganligimni ham bilolmay qoldim. O’zi ulardan qochib, tutqich bermay yursang-u, yana tag’in oldingdan lop etib chiqib turishini qarang! Birpas tin olishmaydi, yiqilib ham qolishmaydi, odamga uzoqdan bo’lsa-da, bir qaradimi, izmiga solmay qo’ymaydi! Topgan usullari hamisha bir xil: oyoqlarini kerib, oldingda “mana-man” deb turib oladi; biror yoqqa bormoqchi bo’lib tursang, yo’ldan uradi; evaziga esa sen uchun dilida uy (xona) tayyorlab qo’yadi, bularni ko’rgach, odamda hissiyot paydo bo’ladi, buni quchoq ochish deb o’ylab, senga tashlanishadi.

Mana hozir bunaqa eski hazillarni sezib qoldim. Sir boy bermay, barmoqlarim uchlarini bir-biriga ishqay boshladim.

Bu odam esa, suyanganicha miq etmay, o’zini hamon firibgardek tutardi. Nihoyat, taqdirga tan berdimi, beti birdan qizarib, bo’zarib ketdi.

— Tanidim! — dedim o’zimga o’zim va uning yelkasiga yengil turtib qo’ydim. So’ngra zinadan tez yuqoriga chiqdim, qabulxonada turgan xizmatkorlarning yuz-ko’zlaridagi asossiz sadoqat ifodasidan kutilmagan sovg’adek, sevinib ketdim. Ularning barchasiga bir-bir razm solib chiqarkanman, pal`tomni yechib, etigimning changini ham artib qo’yishdi. So’ng yengil nafas olib va bo’yim cho’zilib, ichkariga – zalga kirdim.

004

(Tashriflar: umumiy 734, bugungi 1)

Izoh qoldiring