Mashhurlar kulgusi

08

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан нашр қилинган “Машҳурлар кулгуси” китобида (Тўпловчи ва таржимон Иззат Аҳмедов) дунёга машҳур ёзувчи, шоир, бастакор, рассом ва бошқа шахсларнинг ҳаёти давомида содир этилган қизиқарли ривоятлар ҳамда уларнинг ижодлари билан боғлиқ ҳангомалар жамланган.
Аслида ижод аҳлининг ҳаёти ўзи ниҳоятда қизиқ ва ғаройиб. Тўпламдан жой олган машҳур шахсларнинг ўқувчини ўзига жалб қила оладиган ижобий томонларига кўпроқ эътибор қаратилган. Бундан мақсад дунё таниган шахсларнинг ижоди жараёнида пайдо бўлган ўқувчиларга ҳали унчалик маълум бўлмаган жиҳатлари билан китобхонларни таништиришдан иборат. Бундан ташқари, китобхонлар тўпламни ўқиш жараёнида ўша машҳур шахсларнинг ижоди билан янада яқинроқ танишадилар. Қуйида ана шу ҳангомалардан айримлари билан танишасиз.

004
«МАШҲУРЛАР КУЛГУСИ» КИТОБИДАН
Таржимон Иззат Аҳмедов
07

ҲАЗИЛКАШ МАРК ТВЕН

011 Машҳур ёзувчи Марк Твен журнал муҳаррири бўлиб ишлаган пайтида бир мактуб олибди. Мактубда бир шеър илова қилинган экан: “Шеърим журналда босиладими-йўқми?”
Шеърга эса : “Мен нега тирик юрибман?” деб сарлавҳа қўйилган экан. “Тирик юрганингизнинг сабаби шуки, – деб жавоб ёзибди, Марк Твен. – Сиз бу шеърингизни таҳририятга ўз қўлингиз билан олиб келмагансиз”.

***

Уқувсиз шоир: Нима деб ўйлайсиз, шеърларимга яна озгина олов бағишласаммикин?
Марк Твен:  Кўпроқ оловга шеърларингизни бағишласангиз ақллироқ иш қилган бўлардингиз!

***

Журналист: 70 йил умр кўришингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
Марк Твен:  70 йил илгари туғилганим бўлса керак.

***

Бир куни Марк Твен номига “ҳайвон” сўзидан бошқа ҳеч нарса ёзилмаган мактуб келди. Эртаси куни газеталарда Марк Твеннинг мактуб эгасига қуйидагича жавоби хати босиб чиқарилди: “Менга доим имзосиз мактублар жўнатишарди. Аммо кеча илк бор имзоли мактубни қўлга киритдим”.

***

Бир бой киши ёзувчи Марк Твенга шундай деб қолди: “Менимча, дунёдаги энг аҳмоқ одам ҳам сизнинг устингиздан кулишга журъат эта олмайди. Шундай эмасми?”
Марк Твен: Қўйсангиз-чи, устимдан кулаяпсизми?

***

Журналист: Чекишни ташлаш ниҳоятда қийин ва у инсон иродасига боғлиқ дейишади. Шунга қандай қарайсиз?
Марк Твен: Тўғрисини айтсам, чекишни ташлашдан осони йўқ бу дунёда. Масалан, мен бу ишни ҳар куни 5-6 маротаба бажараман.

***

Бир куни Марк Твен ресторанга кириб, мол гўштидан қилинган кўк нўхатли овқат буюрибди. Официант олиб келган овқатни кўриб: – Овқатдаги кўк нўхатларни кўриб турибман, – дебди ёзувчи тақсимчага тикилиб, – аммо гўштлари қани?
– Мана улар, – деб кўрсатибди официант.
– Шуларми? Мен уларни тақсимчанинг дарз кетган чизиқлари деб ўйлабман.

***

Кайфияти аъло Марк Твен кунлардан бирида бир аёлни дастурхонга таклиф қиларкан деди:
– Хоним, сиз бугун жуда-жуда гўзалсиз?
Ўринсиз мақтовдан меҳмон аёлнинг жаҳли чиқибди:
– Афсуски, мен сиз ҳақингизда бундай дея олмайман! Табиатан шўх ёзувчи хандон отиб куларкан деди:
– Ундай бўлса, хоним, каминадан ўрнак олинг, сиз ҳам менга ўхшаб ёлғон гапиринг!

***

Марк Твеннинг янги ҳикоялари билан танишиб чиққан ношир муаллифга деди:
– Шуни эслатиб қўяйки, бизда қалам ҳақи бир хил эмас. Ҳар бир асар учун сифатига қараб ҳақ тўлаймиз.
– О, мен бунчалик кўп пул олишни кутмагандим, – дея хитоб қилибди Марк Твен.

***

Твеннинг рафиқаси ёзувчининг чапани “фазилати”ни йўқотиш мақсадида ҳар бир сўкишдан сўнг оғзига майда тошча солиб қўйишни маслаҳат берибди. Бир куни Марк Твен уйига оғзи тўла тош билан келади. Шунда остонада учраган хотинига ғўлдираган овозда деди:
– Қолганини юк машинада олиб келишади!

***

Лондон меҳмонхоналаридан бирига тушган Марк Твен мусофирлар қайд қилинадиган дафтарда “Лорд Л. хизматлари билан” деган ёзувни ўқийди-да, “Марк Твен чемодани билан” деб ёзиб қўйибди.

***

Таниқли ёзувчи Марк Твен иштирок этаётган зиёфатда истеъфога чиққан бир генерал нутқ сўзлабди. Генерал шу қадар узоқ ва зерикарли гапирибдики, залда ўтирганларнинг кўпчилиги зиёфатни ташлаб чиқиб кетибди. Шу пайт Марк Твен ёнидаги шеригига дебди:
Ҳарбий вазирлигимиздаги жаноблар офицерларнинг қобилиятини ҳали ҳам яхши билишмас экан, мана бу генералнинг истеъфога чиққани чакки бўлибди. Ахир у ўз нутқи билан душманларни ҳам қочириб юбориши мумкин эди-ку.

***

Марк Твен ёшлик пайтида Америка президентига қуйидаги мазмунда мактуб йўллаган экан.
– Ҳурматли президент жаноблари, айтишларича, сиз жуда бадавлат одам экансиз. Мен сиз ҳақингизда ёзилган китобни сотиб олмоқчи эдим. У икки доллар туради. Худо хайрингизги берсин, менга китоб эмас, икки долларни юборсангиз.

***

Ёш ёзувчи ўз қўлёзмасини Марк Твенга юбориб ундан маслаҳат сўради.
Марк Твен унга шундай жавоб ёзди:
– Ҳурматли жаноб! Ҳакимларнинг айтишича, ёзувчилар кўпроқ балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиши керак экан. Балиқ гўштида фосфор кўп бўлиб, бу миянинг яхши ишлашига ёрдам берар экан. Асарингизни ўқиб чиқиб, камида иккита кит ейишингиз керак экан, деган хулосага келдим.

***

Бир куни Марк Твен бир шаҳарга маъруза ўқигани борибди. Ўзига бироз оро бериш учун сартарошхонага кирибди.
–Сиз шаҳримизга яқинда келганга ўхшайсиз, – дебди сартарош.
–Ҳа, шундай.
–Омадингиз бор экан. Бугун Марк Твен маъруза ўқийди. Борасизми?
–Ҳа, албатта.
–Лекин тик туришингизга тўғри келади – барча билетлар сотиб бўлинган экан.
– Зарари йўқ, у қачон маъруза ўқиса, доимо тик туришимга тўғри келади.

***

Бир йигит машҳур ёзувчи Марк Твенга мактуб ёзиб, ота-онасининг ҳеч нарсани тушунмаслигидан шикоят қилибди. Твен унга жавоб йўллабди: “Сабр қилинг, мен ўн тўртга кирганимда. Отам шунақа аҳмоқ эдики, бунга зўрға чидар эдим.
Аммо йигирма бир ёшга кирганимда қарасам, отам ўн етти йил мобайнида жуда-жуда ақлли бўлиб қолибди. Буни кўриб лол қолишдан бошқа иложим қолмади.

ҲОЗИРЖАВОБ ШОУ

090

Бир куни Шоу театрга спектакль бошлангандан кейин келибди. Билет текширадиган хотин унга ложанинг эшигини очибди-ю:

– Секингина кириб ўтира қолинг, – депти. Шоу эса билет текширувчидан: Нега? Томошабинлар даров ухлаб қолишдими? – деб сўрабди.

***

Бир куни Шоу от миниб сайрга чиқди. У йўлда учраган бир кишига мурожжаат қилди:

– Биродар шу отим жиловидан ушлаб турсангиз-чи, мен шундоққина почтахонага кириб чиқмоқчи эдим.

– Нима деяпсиз, жаноб, мен парламент аъзосиман-ку! – деди у жаҳл билан.

– Кўринишингиздан, соф виждонли одамга ўхшайсиз. Майли, мен таваккал қилиб, сизга ишонаман, – деди хотиржамлик билан.

***

Бир куни Бернард Шоу сартарошхонага кирди. Сартарош эзмалиги билан донг чиқарган эди. У Шоуни стулга ўтказиб улгурмай, жуда кўп гапларни гапириб ташлади. Кейин сўради:

– Сочингизни қандай олай?

– Иложи бўлса гапирмасдан, – деб жавоб берди.

***

Бернард Шоу кексайиб қолган пайтда танишларидан бири ундан:   Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? – деб сўрабди.

– Менинг ёшимда, – деб жавоб берибди Шоу, – одам ўзини ё яхши ҳис этади, ё бўлмаса умуман ҳеч нарса ҳис этмайди.

***

Бернард Шоу янги пеъсани кўришга таклиф этилди.

Спектаклдан сўнг ёш режиссёр ёзувчидан сўради:

– Комедия, драма ва трагедия ўртасида қандай фарқ бор?

– Йигитча, – жавоб берди. Бернард Шоу, – комедия, драма ва трагедия ўртасидаги фарқни билмаслигингиз шахсан мен учун – комедия, томошабин учун – драма ва ўзингиз учун – трагедия.

***

Машҳур инглиз драматурги Бернард Шоуни кўролмайдиганлар кўп эди. Даврада ўтирган бир одам унга деди:

– Сизнинг отангиз оддий тикувчи бўлган-а?

– Ҳа, – осойишталик билан жавоб берди ёзувчи.

– Унда нега у сизни тикувчи қилмади? – сўради у.

Бернард Шоу кулди ва сўради:

– Сизнинг отангиз ким бўлган?

– Менинг отам! Менинг отам, сэр, – деди у мағрурланиб, – менинг отам жентельмен бўлган.

– Нега у сизни желтельмен қилмади?

***

Бир тантанада америкалик сармоядор чуқур хаёл суриб ўтирган Бернард Шоу билан учрашиб қолди.

– Мистер Шоу мен нимани ўйлаб ўтирганингизни билиш учун бир доллар тўлашга розиман, – дея хитоб қилди у.

– Э, менинг ўйларим бир долларга ҳам арзимайди, – дебди машҳур драматург.

– Айта қолинг энди, – сармоядор қистаб қўймабди.

– Сиз ҳақингизда ўйлаётгандим, – бажонидил жавоб берибди Шоу.

***

Кунлардан бир куни донғи бутун мамлакатга кетган Бернард Шоу кўчада сайр қилиб юрарди. Сайр пайтида драматург бир велосипедчи билан тўқнашиб кетишига сал қолди. Хайриятки, ҳайдовчи вақтида велосипедни тўхтатиб қолишга улгуради. Шўрлик қўрқиб кетиб, адибдан узр сўрай бошлаган эди ҳамки, Шоу унинг сўзини бўлди:

— Омадингиз чопмади-да, жаноб! Яна озгина шижоат билан келганингизда эди менинг қотилим сифатида тарихда абадий қолиб кетардингиз.

***

Бир куни Бернард Шоу хайр-садақа йўли билан уюштирилган кечада қатнашиб, кексароқ аёллардан бирини танцага таклиф этибди. Танца тамом бўлгач, ҳалиги аёл уялиб, қизариб атоқли ёзувчига миннатдорчилик билдирибди.   Бернард Шоу унга жавобан шундай дебди:

– Миннатдорчилик билдиришнинг ҳожати йўқ, хоним. Ахир, биз хайр-садақа кечасида иштирок этяпмиз-ку.

***

Зиёфат чоғида Шоу каттагина тўқимачилик фабрикаси раҳбарининг рафиқаси билан ёнма-ён ўтирарди.

– Жаноб Шоу, – деди хоним адибга юзланиб. – Сиздан маслаҳат сўрамоқчи эдим. Охирги пайтда негадир семириб кетяпман. Озиш учун нима қилсам экан?

Шоу бироз соқолини силаб, жиддий оҳангда деди:

– Озишнинг жуда ҳам самарали бир йўлини биламан-у, фақат уни сизга қандай тушунтириб беришни билмапяман… – ахир “меҳнат” сўзи сиз учун нотаниш-ку!

***

Янги асари премерасидан олдин Бернард Шоу бош вазир Уинстон Черчиллга мактуб жўнатди: “Мана Сизга иккита чипта. Бири ўзингизга, иккинчиси дўстингизга, агар бўлса, албатта”. “Афсуски, премерага боролмайман, – жавоб мактуби келди Черчиллдан, – бироқ кейингисига келишга ваъда бераман, агар бўлса, албатта”.

***

Шоу катта йиғилишларнинг бирида ҳар қандай аёлнинг ҳам ўз баҳоси бор, деган экан. Бу гап бора-бора қироличанинг ҳам қулоғига етиб келибди. Бир куни қиролича адиб билан суҳбатлашаётиб:

– Жаноб Шоу, сиз ҳар қандай аёлнинг ўз баҳоси бор, деб айтган экансизми?… – деб сўрабди.

– Ҳа, жаноби олиялари, айтганман.

– Хўш, ундай бўлса, менинг нархим қанча экан?

– Ўн минг фунт стерлинг, жаноби олиялари.

– Шунчалик арзонми? – хафа бўлиб сўради қиролича.

– Мана, айтмаганмидим, савдолашишни ҳам бошлаб юбордингиз…

***

Бернард Шоу дўсти билан бир ресторанга кириб, янги китоблар борасида суҳбатлашишга киришибди. Бироқ уларнинг суҳбатига баланд мусиқа халақит бераётган экан. Шоу оркестр томонга юзланди. Капелмейстер, машҳур адиб унга қараб турганини кўриб, тезда олдига келди.

– Сиз учун нимани ижро этишимни хоҳлар эдингиз?

– Мен учунми?… деди Шоу. – Очиғи, бир партия шахмат ўйнасангиз,

жуда хурсанд бўлардим…

***

Бернард Шоу бир куни жуда семиз одам билан учрашиб қолибди. Бояги бақалоқ озғингина Шоуга қараб, дебди:

Аҳволингизни кўриб, гўёки бутун Англия очликдан қирилиб кетяпти, деб ўйлаш мумкин.

– Сизнинг аҳволингизни кўриб эса, гўёки бу балога сиз сабабчи, деб ўйлаш мумкин, – дебди адиб жаҳл билан.

***

Бернард Шоу 60 ёшга тўлганида мухлисларидан бири унга:

– Сиз ҳозир олтмиш ёшга эмас, балки уч маротаба йигирма ёшга тўлдингиз, – дебди.

– Ҳа-да, – деди буюк адиб бунга жавобан. – Агар насиб этса, 80 ёшга кирганимда йигирма маротаба тўрт ёшга тўлган болакай бўламан.

***

Бернард Шоудан сўрашибди:

– Сиз қандай қилиб ҳозиржавоблик билан ақлли гапларни топасиз?

– Э, бундан осон нарса йўқ, – дея жавоб берибди машҳур ёзувчи, – бемаъни нарсаларни хаёлимдан ўтказаман-да, кейин тескарисини айтаман.

***

1925 йилда Бернард Шоу Нобель мукофоти совриндорига айланди. Ҳар қандай мукофотларга қарши бўлган адиб уни топшириш маросимида қатнашишдан бош тортди.

– Бу менинг бир йил давомида ҳеч нарса нашр эттирмай, дунёни бир ташвишдан халос этганим учун миннатдорчилик белгисидир, – ҳазил аралаш оҳангда деди адиб журналистларга берган интервьюсида.

“Нобель мукофоти – қирғоққа етиб келган ёзувчига ташланган қутқарув ҳалқасидир. Уни одамзоднинг душманлари ўйлаб топган”, деди адиб ва мукофотнинг маблағини ўзига олиб қолишдан бош тортиб, барчасини инглиз-швед таржимонлар жамғармасини ташкил этишга сарфлади.

***

Бернард Шоу бир куни эски китоблар сотадиган дўконидан ўз пеьсаларидан бирининг илк нашрини топиб олади. Китобда “Роберт Фуксга. Ҳурмат билан Бернард Шоудан” деган ёзув бор экан. Драматург китобни харид қилиб. Уни яна Роберт Фуксга юборади. Бу гал аввалги ёзувнинг тагига янгиси илова қилинган эди: “Сизга бўлган ҳурматимни яна бир бор тасдиқлайман. Шоу”.

***

Бир ўртамиёна актёр Шоудан тавсиянома сўрабди. Адиб ёзиб берибди: “ – Бу актёр Гамлет, Ромео, Фердинанд ролларида ҳамда бильярд ўйнайди.        Айниқса, охиргисини маҳорат билан ўйнайди”.

***

Бернард Шоудан сўрашибди:

– Ғам-аламларни кимга айтган маъқул: дўстгами ёки душмангами?

– Албатта, душманга-да! Улар суюнганидан охиригача эшитишади.

***

Драматург Бернард Шоу ўзининг машҳур бир пеьсаси кўригидан сўнг бош ролни ижро этган актрисага қуйидаги мазмунда хат жўнатади: “Қойилмақом, фавқулодда ҳодиса десаям бўлади, ҳаттоки илоҳий…”

Ҳаяжонланган актриса жавоб қайтаради:

“Ошириб юборибсиз”.

Шоу яна хат жўнатади: “Мен ижрони эмас, пеъсани назарда тутгандим”.

Актриса жавоб ёзади:

“Мен ҳам”.

***

Машҳур инглиз адиби Бернард Шоуни ёш скрипкачининг концертига таклиф қилишади.

Концертдан сўнг зиёфат бекаси ёзувчидан ёш ижрочининг концерти ҳақидаги фикрини сўрайди.

– Менга у Падеревскийни эслатиб юборди, – дея жавоб қилади Шоу.

– Ахир Падеревский скрипкачи эмас-ку?! – дейди хоним ҳайрон бўлиб.

– Худди шунинг учун ҳам эслатди-да!

 

ТАРЖИМОН ҲАҚИДА
075

Иззат Аҳмедов 1959 йил 25 сентябрда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. 1987 йил Тошкент Давлат университети филология факультетини тугатган. Матбуот соҳасида иш фаолиятини 1984 йилдан бошлаган. Бир қанча газета ва журналларда фаолият юритган. Жумладан, “Мулоқот” журналида бўлим муҳаррири, катта муҳаррир вазифаларида, “Хабар”, “Моҳият” газеталарида бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида бўлим муҳаррири вазифасида фаолият юритмоқда.
Иззат Аҳмедовнинг шу йиллар мобайнида “Буюклар муҳаббати” (2004 й.), “Илоҳий муҳаббат” (2005 й.), “Дунё маликалари” (2012 й.), “Монте Кристонинг сирли хазинаси” (2012 й.), “Харобадан чиққан машҳурлар” (2014 й. иккинчи нашри) каби бир қатор тўпламлари чоп этилган. Жумладан, инглиз ёзувчиси Агата Кристининг ўнта ҳикоясини таржима қилиб, “Ўғирланган миллион доллар”(2012 й.) номи билан нашр эттирган.  Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

03

(Tashriflar: umumiy 755, bugungi 1)

Izoh qoldiring