Гётенинг Исломга ва унинг асосчиси Муҳаммадга муносабатининг шунчалик эътибор тортар қирралари борки, уларни алоҳида, атрофлича тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Гётенинг Исломга нисбатан ғайриоддий ички бир кучли талпиниш билан муносабатда бўлганлиги насороликдан ташқари бирор бир бошқа динга нисбатан сезилмайди. 23 ёшидаёқ навқирон шоир Муҳаммад пайғамбарга атаб ажойиб қасида битди, 70 ёшида эса буюк шоир жамоатчилик олдида тан олиб ёздики, унда «Қуръон тўлалигича пайғамбарга тушириб тугатилган муқаддас кечани бори эҳтиром ила байрам қилиб нишонлаш нияти бор». Гёте умрининг бу икки нуқтаси орасида узоқ ҳаёт йўли мавжуд ва бу вақт давомида шоир Исломга нисбатан ўз эҳтиромини турли тарзда изҳор этиб борди.
ТАРЖИМОНЛАРДАН
Қадим-қадимдан курраи заминда турли-туман қабила, элат ва халқлар ўз тилларида эркин мулоқотда бўлиб яшаб келаётгани барчамиз учун аён. Бундай ранг-баранглик аввалию охири биз учун сирли, мўжизакор бўлган бу дунёни идрок этиб тафаккурлашда ўзига хос йўлчи юлдуз вазифасини бажариши ҳам кундай равшан. Шу боисдан ҳам ўзга халқ намояндаларининг нафақат дурдона асарларини ва буюк кашфиётларини, балки уларнинг фалсафий, диний дунёқарашлари ва турмуш тарзини ўрганиш ҳамда бошқа халқлар тилларига таржима қилиш билан халқларнинг муштарак тараққий этишига хизмат қилмоғи исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Сўнгги уч аср мобайнида Европа халқларининг руҳий-ғоявий йўлчи юлдузига айланган буюк олмон мутафаккири, серқирра олими, бетакрор шоири Гёте қолдирган бебаҳо, бадиий мероси, 83 йиллик ҳаёт йўли ва турмуш тарзи, фалсафий, диний ва илмий қарашлари кўплаб олиму фозилларнинг диққатини ўзига жалб этиб келмоқда[1]. Унинг шоҳ асари «Фауст» билан бир қаторда дурдона асарларидан бўлмиш «Ғарбу Шарқ девони» барча ғарб ва шарқ тилларига таржима қилинган.
Ўзбек китобхонларига эса «Фауст» асари бетакрор шоиримиз Эркин Воҳидов томонидан илк бора таржима қилинган бўлса, атоқли олмоншунос-таржимон Пошали Усмон томонидан «Фауст»нинг янги таржимаси туҳфа этилди. Ушбу саъйи ҳаракатларнинг ўзиёқ Гётенинг шахсига муносабатни нечоғлик долзарб эканлигини кўрсатиб турибди. Диққатингизга ҳавола этилаётган ушбу «Гёте ва Ислом» мавзусидаги рисола машҳур олмон олимаси, фан доктори, профессор Катарина Моммсен қаламига мансуб бўлиб, 1964 йил 30 апрельда Штутгарт ҳудудий илмий жамияти йиғилишида, сўнгра Берлин, Қоҳира ва Искандария шаҳарларида маъруза қилинган.
Гётенинг нафақат маҳоратли шоирлигини, балки унинг кенг бағирли инсонлигини, холис мутафаккир, жасоратли ва инсонпарвар шахс эканлигини тўлалигича намоён этган ушбу рисолани олмон тилидан сиз муҳтарам мухлисларга биз, олмоншунос мутахассислар Мухторхон Умархўжаев ва Иброҳимжон Жабборовлар тўғридан-тўғри олмон тилидан таржима қилишга азму қарор қилдик.
Маълумингизки, бир тилдан иккинчи тилга бирор асарни таржима қилиш ўзига хос қийинчиликлар билан боғлиқ. Айниқса, халқлар ўртасидаги географик масофа узоқ бўлса, миллий, диний дунёқарашлар, турмуш тарзлари ўзгача бўлса, ўртада тўсиқлар бўлиши табиий саналади, лекин ушбу асарни таржима қилишда нимагадир биз ўта қийинчиликларга дучор бўлмадик (албатта, шеърий парчаларни инобатга олинмаган ҳолда). Олмон тили шеърий қонуниятлари билан ўзбекча шеър ўлчамлари уйқашлигини топиш анча мушкул бўлди. Шу боисдан ҳам баъзи шеърий парчаларнинг мазмунини сўзма-сўз беришга тўғри келди. Ўқувчилардан шоирлик бобидаги нўноқлигимиз учун олдиндан узримизни қабул қилишларини сўраймиз.
Таржима жараёнида ўзбек китобхонлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, баъзи иқтибослар берилишини маъқул топдик, лекин имкон даражасида асл нусхада нима ва қандай ёзилган бўлса, шундайлигича ифодалашга ҳаракат қилдик. Гёте руҳияти шарқона руҳият билан ҳамоҳанг бўлганлиги учунми, унинг фикрларини баён этишда ўзимизда қандайдир енгиллик ҳис этдик. Ислом руҳияти билан ҳамоҳанглиги, рисоланинг мазмуни ҳақида ўзингиз хулоса чиқарасиз деган умидда бу ҳақда тўхталиб ўтмасликни лозим топдик.
Ушбу холисона таржимамиз сизга, оила-аъзоларингизга ва яқинларингизга ўзига хос қувонч бахш этади деб ишонамиз.
Таржимонлар: профессор Мухторхон Умархўжаев, катта ўқитувчи Иброҳимжон Жабборов
2011 йил 5 октябрь
КАТАРИНА МОММСЕН
Филология фанлари доктори,Берлин Эркин университети профессори
Штутгарт Гёте жамияти аъзоси
ГЁТЕ ВА ИСЛОМ
(олмон тилидан таржима)
Штутгарт — 1964
Гётенинг Исломга ва унинг асосчиси Муҳаммадга муносабатининг шунчалик эътибор тортар қирралари борки, уларни алоҳида, атрофлича тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Гётенинг Исломга нисбатан ғайриоддий ички бир кучли талпиниш билан муносабатда бўлганлиги насороликдан ташқари бирор бир бошқа динга нисбатан сезилмайди. 23 ёшидаёқ навқирон шоир Муҳаммад пайғамбарга атаб ажойиб қасида битди, 70 ёшида эса буюк шоир жамоатчилик олдида тан олиб ёздики, унда «Қуръон тўлалигича пайғамбарга тушириб тугатилган муқаддас кечани бори эҳтиром ила байрам қилиб нишонлаш нияти бор». Гёте умрининг бу икки нуқтаси орасида узоқ ҳаёт йўли мавжуд ва бу вақт давомида шоир Исломга нисбатан ўз эҳтиромини турли тарзда изҳор этиб борди.
Авваламбор, бундай эҳтиромнинг далили сифатида Гётенинг шоҳ асари — «Фауст» драмаси билан бир қаторда, шоирлик даҳосининг маҳсули бўлмиш «West-östlicher Divan» — «Ғарбу Шарқ девони»ни тилга олмоқ зарур. Мазкур асарнинг босилиб чиқиши хусусида муаллиф ўз қўли билан битган хабарномада қуйидагича ҳайратлантирувчи жумла бор: «Муаллиф ўзи мусулмон бўлса керак» деган шубҳаларни рад этиш ниятим йўқ».
Исломга нисбатан бундай ғайри одатий ижобий муносабатнинг сабабларини суриштирганимизда, даставвал Гётенинг барча диний ҳодисаларга катта эътибор билан қараганини ёдда тутмоқ жоиз. Гётенинг нафақат шоирлик ижоди, балки кенг қамровли илмий фаолияти ва табиатшунослик тадқиқотларида ҳам диний ибтидо ва эътиқод устун эди. Ислом ҳақида сўз юритилса, таъкидлаш лозимки, Гётенинг қизиқиш ва интилишлари ҳам замонаси билан ҳамоҳанг бўлган. Маърифатпарварлик ҳаракати, маълумки, диний бағрикенглик ғояларини ўзига сингдирган бўлиб, ўз олдига насоролик динидан бошқа динларнинг қадриятларини ҳам тан олишни тарғиб қилиш вазифасини қўйган. Маърифатчиларнинг назари дастлаб Ислом динига қаратилди. Бунинг сабаби оддийгина бўлиб, Ислом тўғрисида бошқа динларга қараганда кўпроқ маълумотлар бор эди. Ҳиндистон ва Узоқ Шарқда мавжуд динлар хусусида етарли тушунча ва маълумотлар йўқ ҳисобида эди.
Табиийки, Гётега аввалида маърифатпарварлик ҳаракатининг фикр ва қарашлари мақбул эди. Бироқ, унинг Исломга муносабатини ёлғиз шу билан изоҳлаб бўлмайди. Биз юқорида зикр этган ва қизғин эҳтиром ифодаланган фикрлар бундай изоҳ билан кифояланмайди. Бу фикрлардаги ўзига хослик, мустақиллик ва жасоратнинг меъёрини аниқламоқчи бўлсак, энг камида, шоирнинг замондошларига Ислом қай даражада мақбул бўлгани ҳақида тасаввурга эга бўлмоғимиз шарт. Биз кўз олдимизга аниқ келтиришимиз шартки, Гётенинг тушунчалари тарихан қанча чуқур илдизлардан озиқланади ва қачондан эътиборан шахсий ҳис-туйғулар ва фикрлар ибтидо топа бошлайди.
Ғарб дунёси, умуман олганда, Исломга нисбатан деярли сўнгги минг йиллик давомида, яъни 7-асрдан то 17-асргача душманлик мақомида бўлган. Бу даврдаги сон-саноқсиз ҳарбий тўқнашувлар Ислом ва насоролик ўртасида беандишалик ва хурофий ақидаларсиз рўй берганини эслаш қийин. Фақат сўнгги, яъни 1683 йилда, турклар томонидан Вена шаҳри қамалини эслаш кифоя. Исломга муносабатлар жабҳасидаги ўзгариш 17-аср ниҳоясида рўй берди: 1698 йилда италян роҳиби Патер Лудовико Мараччи[2] томонидан Қуръоннинг лотинча таржимаси нашр этилди. 1705 йили утрехтлик шарқшунос Хадриан Рееланд[3] (протестант олими) «De religione Mohammadica»-»Муҳаммад дини» номли китоби билан Исломга нисбатан дастлабки эҳтиром изҳорини бажо қилди. Табиийки, бунда айрим чекловлар йўқ эмас эди. Георг Саленинг[4] таржимасида 1734 йили инглиз тилида Қуръоннинг босилиб чиқиши муҳим воқеа бўлди. Бундан кўп ўтмай у олмон, голланд ва фаранг тилларига ўгирилди. Бу таржима нашри Европада бир аср давомида Қуръон билан алоқадор барча масалалар учун асосий манба бўлиб хизмат қилди. Сале маърифатпарварлик руҳига монанд иш тутди ва Исломнинг бирмунча афзалликларига ишора қилди ҳамда Исломнинг насоролик дини билан турли мувофиқликлари мавжуд эканини ҳам таъкидлаб ўтди.
Францияда Б.Ж.Хербелот 1697 йили нашр эттирган «Bibliotheguc orientаle» — «Шарқ кутубхонаси» номли машҳур лексикографик асари Ислом тўғрисида дурустроқ тушунча олиш учун асосий манба бўлди.
1720 йили граф А. Буланвилье[5] муаллифлигида Муҳаммаднинг ҳаётини тасвирловчи асар эълон қилинди. Бу билан фаранг исломшунос олими Исломга нисбатан муқаддам ҳукм сурган беписандликларга қарама-қарши Ислом таълимотини ёқлаб, уни ҳақ деб ёзиб берди. Буланвилье талқинида Муҳаммад ақлга мувофиқ келувчи диннинг асосчисидир ва шунинг учун ҳам у Ғарб дунёсида ҳурматга сазовор бўлмоғи лозим. Муаллифнинг ўлимидан сўнг Лондонда нашр этилган ушбу асар ҳатто Волтернинг[6] диний қарашларига ҳам ижобий таъсир ўтказган эди. Зеро, Волтер 1765 йилда ёзган «Essai sur les moers» номли лавҳаларида Исломни, Қуръонни ва айниқса, Муҳаммад шахсини мадҳ этиб ёзди. Волтер Муҳаммадни Конфуций ва Зароастр билан бир хил даражада баҳолаб «дунёнинг уч буюк қонуншуносидан бири» деб атайди. Албатта, Волтернинг аввалроқ битган асарларида мазкур мақтовларга тамомила зид талқинлар ҳам бўлганини эсдан чиқармаслик лозим. «Le Fanatizme on Mohamet le Prорhete»-»Муҳаммад пайғамбар фанатизми»– номли драмасида Волтер Муҳаммад пайғамбарни хоин, мунофиқ, ҳиссий лаззатланишга муккасидан кетган, ўта золим каби сифатларда тасвирлаганлиги маълум. Бироқ, масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам борки, Волтернинг мазкур драмаси, аслида, унинг католик черковига қарши юришларининг бир қисми эди деб баҳолаш лозим. Волтер шарқнинг буюк динининг асословчиси қиёфасини бир ниқоб сифатида фойдаланиш билан диний фанатизм асл қиёфасини фош этиш учун қулай ҳужум воситаси ўрнида фойдаланмоқни кўзлаган эди. Ўрни келганда, Гётенинг ушбу асарга муносабати ҳақида сўз юритармиз, чунки у мазкур асарни, гарчанд инкор этган бўлса-да, олмон тилига таржима қилган эди.
Ва ниҳоят, эътиборни Германияга қаратамиз. Бунда, авваламбор, Лайбниц[7] («Teodisee»-»Теодизее» асарида), Лессинг ва Ҳердерларнинг[8] номи тилга олинмоғи жоиздир, чунки булар Исломга инсонпарвар ва маърифатли таълимот тарзида ёндашмоққа ва бу билан унга ҳолисона баҳо беришга ҳаракат қилган зотлардир. Айниқса, Лессинг[9] ўзининг «Natan der Weise»-»Донишманд Натан» асари туфайли бизлар учун диний бағрикенгликнинг ибратли намояндаси саналади. Зеро, Лессинг «Kardanus»-»Карданус» асарида ўзи таъкидлаганидек, «Қуръонда» табиий бир диний эътиқодга тегишли барча қонун-қоидалар мужассамлигининг инкишофини қайд этиб берди. Ҳердер эса янада кўпроқ иш қилди. У ўзининг «Ideen zur Geschichte der Philosophie der Menschcheit»-»Инсоният тарихининг фалсафасига доир ғоялар» асарида Муҳаммадга «Якка Худо ҳақидаги илҳомбахш таълимоти учун» ҳамда покизалик, садоқат ва яхши ишлар билан хизмат қилмоқни тарғиботи учун баланд баҳо беради. Яҳудийлик ва насороликнинг айниган анъаналари, Муҳаммад мансуб бўлган қабиланинг шеваси ва унинг шахсий қобилиятлари — Ҳердернинг ишонч билдиришига мувофиқ, бундай баланд парвозга кўтарган қўш қанот бўлди ва уни ўзи кўзлаган мақомлардан ҳам юқори даражага юксалтирди. Ва давомига Ҳердер мусулмонлар гўёки мушарраф бўлган маданий даражани кўкларга кўтариб мақтайдики, бу маданий даража насороларнинг ўзбошимчалик ва бузуқликлари ҳамда уларнинг ёввойилашиб кетган ахлоқидан гўё фақат нафратланиш сабоғини таъкидлайди. Шаробни ва ҳаром таомларнинг тақиқ этиш, судхўрликни ман этиш, қиморбозликни тақиқлаш Ҳердер тамонидан таъкидланган ҳалоллик амаллари бўлиб, мусулмонлар Яратган эгаларига, Тангри таолога, Ҳукмдорга ва бутун оламнинг ҳукамосига мазкур амаллари орқали хизмат қилишга интиладилар. Ҳалолликка бундай мукаммал интилиш, кундалик мунтазам ибодат, сийлаи раҳм ва Худонинг иродасига бўйсуниш (буларни Қуръон тавсия этади) кабилар мусулмонлар руҳий сакинати ва феъл-атворининг бирлигини таъминлайди. Ҳердернинг Қуръонга бундай юқори баҳо беришининг хос белгиси унинг қуйидаги таъкидидан келиб чиқади: «Мабодо, Европани забт этган германларда арабларнинг «Қуръони» каби ўз мумтоз она тилида битилган китоблари бўлганида эди, лотин лаҳжаси улар тилидан устувор келмаган ва кўплаб герман қабилалари залолатда ниҳоя топмаган бўлардилар».
Биз гувоҳи бўляпмизки, Гёте замонасида Исломни беғараз ва эркин тафаккурлаш йўлида ўрганишга интилишлар пайдо бўлган эди. Бунгача юзлаб йиллар давомида эса бундан бошқача кайфият ҳукм суриб келди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, айрим илғор кишиларгина бундай беғараз нуқтаи назарда собит қола билдилар, замонасининг фақат энг пешқадам шахсларигина маҳдудларча фикрлашдан қутулиб ўз юртдошлари руҳониятига маърифат нурини таратиб, улар ҳис-туйғуси ва фикрлаш тарзларини поклашга жидду жахд қилдилар. Қолган аҳли донишларнинг барчаси Ислом ҳақида фикр юритганида яна узоқ вақтлар мобайнида кўпинча ғаразгўйлик ва бағри торлик йўлидан қайтмадилар.
Гёте ҳақида сўз юритганда, унинг Исломга муносабати аввал бошданоқ мудом ва фақат илғор маърифатпарварликнинг бағрикенгликларию ўтмиш хурофотидан қутулиш сари интилишлардангина иборат бўлганини қайд этиш зарурдир. Муҳаммад ва унинг динига нисбатан Гёте кўпроқ ўз шахсияти нуқтаи назарида турди. Шунинг натижасида Ислом ҳақида у билдирган фикрлар бунгача Олмонияда мавжуд бўлган барча ғайри одатий ва гиж-гижловчи фикр ва қарашлардан ўзиб кетди. Исломга ҳақиқий ижобий муносабатини Гёте ўзининг шахсий эътиқоди ва тафаккури асосий диний таълимотлар билан мос бўлиб кўринган пайтда кашф этди. Бундай ҳолат унда чуқур асосланган ҳайрихоҳликни уйғотди ва бундай ҳайрихоҳлик самараси ўлароқ эркин ва ошкора жасорат оҳангида тан олиш изҳор этилдики, юқорида бундай мисоллардан айримларининг гувоҳи бўлдик.
Мен ўз тадқиқотларимда Гётега бунчалар жозиба билан таъсир этган исломий эътиқоднинг асосий нуқталари қаерда ва қайсилари асосий эканини баён қилиб бермоққа ҳаракат қилдим. Зеро, шу хусусда кўпчилик ҳозиргача аниқ тасаввурга эга эмаслар. Гётенинг Исломга муносабатидаги ўзига хослик фақат шундагина тушунарли бўладики, агар қуйидаги саволга жавоб топилса. «Ислом дини нимаси билан Гётенинг эътиборини шу даражада ўзига тортди, нимаси унга мафтункор бўлиб туюлди?»
Юқорида таъкидлаганимиздек, болаликдаёқ Гётеда Шарқ оламига нисбатан жўшқин муҳаббат уйғонган эди. Имкон туғилди дегунча у Шарқ тўғрисида маълумот олишга ҳаракат қиларди.
Гёте Ислом билан шуғуллангани ҳақида гувоҳлик берувчи ва бизгача етиб келган ҳужжатларнинг биринчиси 1772 йил июнига тегишлидир ва у Гётенинг Ҳердерга ёзган машҳур мактубидан жой олган. Мазкур хатда Гётенинг иқрор бўлиб ёзишига мувофиқ у ҳақиқий маҳорат ва санъатга элтувчи йўларни зўр эҳтирос ила қидираётгани маълум қилинади. Бу жабҳада унга фақат Пиндар[10] раҳнамолик қила олиши ҳам мазкур мактубда тан олинган. Пиндарга таъзим бажо қилинган ўша мактуб хотимасида қуйидаги жумла битилган: «Мен Мусонинг Қуръонда келтирилган ибодатидек ибодат қилмоқчиман: Парвардигорим, менинг тор қалбимни кенгроқ қилгин». Бунда Гёте Қуръоннинг 20-сурасидан иқтибос келтирган. Бундай иқтибосдан қандай мақсад-муддао қилингани мазкур суранинг давоми ўқилса, тушунарлироқ бўлади. Зеро, Гёте айни ўша пайтда кўчириб олган Қуръон иқтибослари орасида қуйидагича давоми битилган (бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз): «О, Парвардигорим, қалбимни кенг қилгин. Ишимни осон қилгин. Тилимдан тугунни (дудуқликни) ечиб юборгин». Аниқ-равшан маълум бўладики: Ҳердерга йўлланган мактубда Қуръондан иқтибосан келтирилган калималар айни ўша маҳоратга етишмоқ орзусини, мушкулларининг осон бўлиш илтижоларини, тилидаги тугунни ечиб юбориш тилагини ифодалайди. Бошқача айтганда, ижодий қувватларга ҳақ йўл билан ниҳоят эркинлик ато этишни сўрайди. Шу муносабат билан Гётенинг Пиндар билан бир вақтда Қуръонни ёнма-ён тилга олиши ушбу китобга йигитлик чоғидаёқ қанчалик аҳамият бергани масаласини ярқ этган нур каби равшан қилади-қўяди.
Бизга ўша даврда 23 ёшли Гёте қандай қилиб Қуръон билан ошно бўлиб қолгани маълум. 1772 йили унинг она шаҳри Франкфуртда Қуръоннинг олмонча таржимаси нашр этилган эди ва бу таржима шу ерлик профессор Мегерлин қаламига мансуб эди. Китоб ҳали кузги ярмаркада пайдо бўлмасданоқ, Гёте унинг нашриёт тўпламини олишга муяссар бўлган эди. Балки, ношир уни тақриз учун адибга тақдим этган бўлса ажаб эмас, чунки Гёте ўша «Frankfurter Gelehrten anzeigen»-»Франкфуртер гелертен анцайген» нашрининг ходими эди ва бу муассаса нуқул тақризлар билан шуғулланар эди.
Мегерлин Қуръонни асл манба матнидан бизнинг тилимизга (олмон тилига – таржимонлар) ўгирган биринчи олмон олими бўлиб, бу билан у замон талаб-эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилди. Ўз эътиқодига кўра Мегерлин замонавий бўлиш у ёқда турсин, ҳатто бетараф ва холисона фикр билдиришдан йироқ эди. Унинг учун Исломнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръон «уйдирмалар тўплами», Муҳаммад эса ёлғончи элчи, антихрист эди.
Гёте Мегерлиннинг таржима асаридан жуда ҳам хафсаласи пир бўлди. Франкфурт ойномасида чоп этилган ва Гётега тегишли экани тахмин қилинган бир тақриздан аён бўлади-ки, кичик бу тақриз ҳар ҳолда аёвсиз танқиддан бошқа нарса эмас. Тақриз муаллифи равшан ифодалаб ёзадики, таржима муаллифига зид ўлароқ тақризчи Қуръон хусусида ўзгача ва юксакроқ тасаввурга эгадир, бундай тасаввурни эса Мегерлин таржимасидан ҳосил қилиш амри маҳолдир. Мазкур тақризда шундай истак изҳор этилган: «Қани энди бир олмон фуқароси Шарқ осмони остида ўзга бир таржимани тайёрлаб берганда эди ва бу таржимон барча шоирлик ва башорат этиш маҳоратининг соҳиби савияси билан ўз чодирида Қуръон тиловат қилганда ва етарлича башорат қилиш қуввати билан Қуръонни яхлитлигида қамраб ола билганда эди». Шу тақризда Саленинг Қуръонни инглизчага таржимаси тилга олинади. Бу таржима ўз йўналишига кўра Гётега маъқулроқ тушган бўлса керак, аммо бу таржима ҳам Гётега анча эскирган бўлиб туюлгани аниқ. Ўша вақтда мавжуд бўлган таржималарнинг бирортаси Гётенинг талабларига тўлароқ жавоб бера олмади. Шоир Қуръоннинг лисоний жозибасига бутунлай мафтун бўлган эди. Ҳатто умрининг кексайган палласида ҳам бундай лисоний жозибани «Ғарбу Шарқ девони»га ёзган шарҳлар ва муҳокамаларида у шундай баҳолайди: Қуръоннинг услубияти қатъий, буюк, қўрқинчли, айрим жойларда эса асл самовий». Гётенинг фикр баён этиш услуби билан таниш бўлганлар биладилар: «самовий» ибораси билан шоир асарларнинг лисоний ёдгорлик сифатларига оид энг юксак ҳукмларини ифодалар эди. Навқирон Гёте ўша кезларда Қуръонни жиддий ўрганганлигини исботловчи ва шоир ўз қўли билан таълиф этган бир қанча араб тили ва ёзувига дахлдор саҳифалар бизнинг ихтиёримиздадир. Бу саҳифаларда Мегерлин таржимаси ҳамда Мараччининг лотинча таржимасидан кўчирилган парчалар келтирилгандир. Парчалар ўн сурадан кўчириб олинган. Булардан биз Гётенинг ўз тафаккурига мувофиқ тарзда Ислом таълимотининг айрим жиҳатларини тахминан ўрганганлигини билиб олишимиз мумкин. Авваламбор қайд этмоқ лозим: Гётенинг асос эътиборли ишончи шундаки, Худо табиатда ўзини намоён этади. Шубҳасиз ана шу ишонч-эътиқод асосида Гёте қуйидаги Қуръон оятларини ёзиб олган: «Қуёшнинг чиқиши ва ботиши Худоникидир, қаерга назар ташласангиз, Худонинг юзи шундадир». Бунинг белгиларини Унинг ўзи етарлича бериб қўйган: «осмонлар ва ернинг яратилишида, кун билан туннинг алмашинувида в.ҳ.к. Буларнинг барчасида Унинг биру борлиги ва саҳоватининг белгилари мавжуд халойиқ учунки, булар диққат бериб қараб билмоқлари зарур» (2-сура).
Сўнгги калималарда Худонинг ваҳдонияти тўғрисидаги таълимот акс этган бўлиб, бу, авваламбор, Гётенинг ёзувларида ифода топган эди, деб тахмин қилишга баҳона бўлмайди, чунки айни мазкур ваҳдоният таълимотининг қатъият билан тарғиб этилишини шоир Муҳаммад пайғамбарнинг алоҳида хизмати деб баҳолайди. Бу ҳақда кези келганда яна сўз юритиш зарур бўлади.
Қуръондан Гёте кўчириб олган бошқа оят-калималар алоҳида бир мавзуга даҳлдор, яъни бу мавзу ёш Гётени кўп машғул этган Худонинг одамзотга нафақат бир хабарчи, воситачилигида, балки кўплаб воситачи-элчилар орқали мурожаат этганлиги ва бундай мурожаатни давом эттираётгани ҳақидаги мавзудир (3-сура). «Шундай қилиб, Муҳаммад сизлар орангизда бор-йўғи элчиларимдан биридир. Мабодо, у вафот этса, сизлар у бошлаган йўлдан қайтасизларми?»
«Худо сир ҳисобланган нарсани барчангизга маълум қилишга майл кўрсатмайди, балки ўзи хоҳлаган элчиларидан баъзиларини тайинлайдики, кишилар Худога ва унинг элчиларига ишонишлари учун».
Маълум бўладики, навқирон Гёте Лафатер[11] билан бир масалада кўп баҳслашган кўринади, яъни ёлғиз бизнинг Исоимиз Худонинг хабарчиси деб ҳисобланиши мумкинми ёки бу рутбага бошқалар ҳам муносиб кўрилмоғи мумкин деб ҳисоблаш лозимми? Бу масала кўплаб мунозарали нуқталардан бирига айланган ва ниҳоят Лафатер билан алоқани узишга олиб келган. Зеро, Гёте цюрихлик башоратчининг қатъий насоролик дунёқарашини қабул қила олмасди. Мабодо, Лафатернинг кундалик дафтаридаги қайдлар синчиклаб ўрганилса маълум бўладики, Қуръон ҳам Гёте ва Лафатер ўртасида ўша кезлардаёқ мунозара мавзуси бўлган. Юқоридаги фикримизнинг тасодифий эмаслиги шундандир. Муҳаммадга ишора қилиш билан Гёте Лафатерга тушунтирмоқчики, тарих насоролик дунёсидан ташқарида ҳам улкан дин тарғиботчиларини тан олади.
Гётенинг Қуръондан ёзиб олган парчалари, шоирнинг Муҳаммаднинг фаолият тарзига ҳамда унинг маълум бир халқ орасида тутган мавқеига тааллуқли алоҳида қизиқишларини очиб беради. Мана Гётенинг Қуръондан келтирилган парчаси (29-сурадан): «Белгилар Худо ихтиёридадир, мен эса фақатгина хабар етказувчиман». Ва 13-сурадан: «Унинг парвардигори унга воситачилигидан белги қилиб каромат кўрсатиш қобилиятини ҳам берганми? Аммо, сен бор-йўғи тарғиботчи экансан ва ҳар бир халққа унга таълим берувчи муаллим тайин қилинганми? – деб айрим динсизлар сендан сўрашда давом этадилар».
Мазкур Қуръон парчасига Гёте бутун умри давомида алоҳида меҳр билан қарагани исботланган. Буни шоир ҳатто 1819 йилда ёш олимлардан бирига йўллаган мактубида ҳам иқтибосан келтирган: «Айни ҳақиқатдирки, Худо Қуръонда айтгани»: «Биз ҳеч бир ҳалққа уни тилида сўзлай олмайдиган пайғамбар жўнатмаймиз».
Яна 1827 йили Карлилияга ёзган мактубида мазкур иқтибос келтирилади: Қуръонда айтилган: Худо ҳар бир халққа унинг тилида сўзловчи пайғамбарни берди». Айни шу сўзларни Гёте 1828 йилда ёзган бир мақоласида ҳам такрорлаган эди.
Мен Гётенинг Қуръондан ёзиб олган парчалардан келтирган энг сўнггиси динсизларнинг Муҳаммаддан пайғамбарлик нишонаси кўрсатишини талаб қилганликларини баён қилади. Бу парча ҳам Гётени узоқ вақт мобайнида қаттиқ таъсирлантирган. «Ғарбу Шарқ девони» яратилгандан анча кейинги даврларда бу парчага қўшимча тарзда ёзилган қуйидаги сатрлар ўшанга ишора қилади:
«Мўъжиза намойиш қилолмам, бироқ,
Борлиғим ўзи зўр мўъжиза-ку!»-деб,
Ҳалойиққа пайғамбар берди жавоб.
1772 йили Қуръон билан ўтказилган машғулотлар фавқулодда жиддий самаралар келтирди. Булар Гётени алоҳида бир фожеа асар яратишга илҳомлантирди ва шоир унга «Муҳаммад» деб ном ҳам танлаб қўйган эди. Гарчанд бу режалаштирилган асар яратилмай қолган эса-да, унга тегишли асос деб битилган парчалар бугун бизгача етиб келган. Ана шу бир неча парчаларга асосланиб айтиш мумкинки, буларда Олмония тарихида Ислом асосчисига нисбатан шоирлар изҳор этган мақтовларнинг барчасидан афзали битилган. Биз амалга оширган тадқиқотларимиз жараёнида мазкур фожеа асарнинг парчалари жуда катта аҳамият касб этадики, бу парчаларда шахсан Гётени Исломда бу қадар қизиқтирган муҳим нарса амалда очиқ-ойдин намоён бўлади. Бунда икки жиҳат аниқ кўзга ташланади. Биринчидан, Муҳамаднинг шахси бўлса, иккинчидан, у берган таълимот Гётеда ёшлигиданоқ ҳайрихоҳлик уйғотган эди.
Муҳаммаднинг шахси шуниси билан эътибор тортар эдики, унинг тимсолида дин асословчисининг намунавий типи ва тақдири намоён бўларди. Бундаги бошловчи ўзи тарғиб қилаётган диний таълимотни нафақат сўз кучи билан (худди Исо каби), балки жанговар дунёвий қурол-қилич билан тарқатган эди. Волтернинг Муҳаммадга бағишланган фожеа асарида айни шу жиҳати қаҳрамон тавсифида ноҳақ салбий чизги даражасига айланиб қолган эди. Гётенинг режасида эса яратилажак қаҳрамон қиёфасини кўпроқ ижобий бўёқларда бермоқ турарди, гарчанд бу қиёфада баъзи танқидий нисбатлар берилиши зарур бўлганда ҳам.
Бизгача сақланиб қолган парчалар орасида энг машҳури ва алоҳида диққатга молик «Муҳаммад қўшиғи»дир (дастлаб Али ва Фотима дуэти шаклида ёзилган): бу қўшиқ шоирнинг Муҳаммад образига қизғин муносабатини ифодалайди. Гёте бу шеърни имкон қадар Муҳаммад ҳақида қўлга киритиб бўлган барча адабиётни ўқиб ўргангач, 1773 йилнинг баҳорида ёзган эди. Бу мадҳия-қўшиқда Гёте башариятнинг руҳий йўлбошчиси ва дин-диёнат асосчисининг моҳиятини буюк оқим суратида акс эттирган эди. Бундай ташбиҳ шоирга ўз қаҳрамонини кичик ирмоқлардан бошланиб, улкан дарёлар билан қўшилиб буюклашгач, уммонлар каби улкан ва қудратли зот, рамзий маънода ифода топган Худога томон интилаётган тимсолда тасвирлашга хизмат қилади. Шу билан бирга сурат шундай тасаввурга асосланади: диний йўлбошчи-даҳо ўзи билан бошқа инсонларни биродари каби бирга олиб кетади, гўё улкан баҳр ўзига кичик булоқларни ва жилғаларни йўлдош қилиб, денгиз сари бошлагани каби. Айнан ушбу мотив алоҳида урғу билан таъкидлангани аниқ. Мен буюк уммон ҳақида айтилган машҳур ушбу сатрларни ёдимда сақлайман:
Мана у намоён бўлмоқда текислик узра
Кумушдек товланиб кўз ўнгимизда.
Текисликда дарёлар унга жўр-овоз
Тоғлар орасида ирмоқлар, сойлар.
«Биродар!» деб чиқмоқда пешвоз
Биродарларинг сен бирга ола кет,
Ва табаррук падаринг ҳузурига ет!
Абадий уммон бағрига сен бор!
Сени, биродарларингни бағри кенг Уммон
Қулочларин очиб кутар интизор.
Бироз кейинроқ эса шоир юқоридаги суратни бироз ўзгартириб қуйидаги сатрларда ифодалади:
Текисликдан олгин биродарингни,
Тоғлар орасидан ҳам танла уларни.
Эгам ҳузурига бошла буларни.
Гёте битган Муҳаммад мадҳияси шундай ниҳояланади:
Шундай қилиб, у элтаркан биродарларин
Ўз бойлигин, фарзандларин-дилбандларини,
Яратганнинг ҳузури, бузрукворига.
Қалбдан қувонч фавворадек сочилиб борар…
Айни шу сатрларда Гёте бутун мадҳия давомида ўзига ҳам ишора қила бораётгани кўриниб турибди. Ўзининг шоирлик мақоми унга барча инсонларни ўз биродари деб қараш вазифасини юклаганини Гёте шу тарзда талқин қилдики, шоир буларни юксакроқ хаёт тарзларига етаклаб бормоғи лозим. Диний жиҳатдан қараганда, Гётенинг бутун ижоди шахсан унинг ўзига ҳам шундай вазифани ўташга даъват этгандек туюлар эди. Дарвоқе, Гёте ҳақиқатан ҳам кўп кишилар учун маънавий йўлбошчи ва ҳатто пайғамбар бўлиб қолган эди.
Шу каби маънода сақланиб қолган фожеа парчаларидан бўй кўрсатувчи Муҳаммад шамойили навқирон Гёте чизгиларига эгадир. Ўша даврларда ёш шоир бир қанча драматик асарлар сирасини яратиш режалари билан юрарди-ки, бу асарлардан ҳар бирида у буюк тарихий образларни ёки афсонаю- ривоятларни асарнинг марказига қўймоқчи бўлар эди. Буларнинг бариси шоирга ёшлигида ўзига ҳос ходиса деб ҳис этган нарсаларнинг тимсоллаштириб беришга имкон яратиш мумкиндек бўлиб кўринар эди, чунки ёш Гёте ўзида буюк ва қудратли ижодкор қувват бор деб баҳолар ва бунинг устига бундай вазифани Худо тақдиран унга ато этгандек кўринар эди.
Мен айтганимдек, Гёте «Муҳаммад» фожеасидан кўчириб ёзган парчаларидаёқ Исломнинг асосий таълимотларидан бирига махсус қизиқиш билан қарагани кўриниб турарди. Бу билан гап яна Худонинг ваҳдонияти хусусида айланади. Қатъий урғу билан ушбу таълимот, «Муҳаммад» драмасининг бошланишида юлдузли осмон остида ёлғиз ўзи куйлаган қуйидаги мадҳияда таъкидлаб ўтилади:
Ушбу руҳим туйғуларин қилолмайман ошкор,
Борингизни эса бирдек ҳис қилмоғим амри маҳол.
Ким, айтинг-чи, ким илтижога берар эътибор?
Ва илтижоли кўзларга бемалол ташлар назар?
Қара, менга дўстона ташлар назар у, юлдузлар осмони,
Менга тангри бўлгин, менинг Худойим. Раҳмдил ташлар назар.
Шундай қол! Қолавер, кўзинг мендан узмагин!!
Қандай дейсанми? Севармидим уники, қолаверса яширин?
Тангри ёрлақасин сени эй ой, юлдузлар йўлбошчиси.
Менинг тангрим бўл сен, эй Худойим, йўлларим ёритувчи,
Мени қўйма ёлғиз бу зулматлар қўйнида
Ёлғиз қўйма адашган халқ ичра бир саргардон кўйида.
Эй қуёш, куйганлар ичра порлайди сенинг қалбинг
Менинг қалбим бўл эй, менинг Худойим!
Бошла мени Ҳидоят йўлидан, сен кўргувчироқсен.
Ёки сен ҳам нуринг пастроқ сочасанми?
Унда зулмат ичра қолмоғим аён.
Эй ошиқ қалб, юксалгин Яратган томон!
Менинг тангрим бўл сен эй, Худойим.
Сенсан ўша нозил этган юлдузлар, ойу қуёш
Осмону, замин ва мен нечун сенга эгмайин бош?!
Гётенинг исломий тасаввурлар билан алоқадор бўлган табиатга нисбатан эъзоз-эҳтироми яна ва яна намоён бўлади. Муҳими шундаки, шоир қаҳрамонларини ўз нигоҳини табиат ҳодисаларининг турли-туманликлари оша, гарчи бу ҳодисаларнинг ўзи илоҳий бўлиб кўринса ҳам, уларни яратган Ёлғиз тангрисига қаратишга интилаётган ҳолда тасвирлайди. «Dichtung und Wahrheit»-»Шеърият ва ҳақиқат»да Гёте ўзи мазкур мадҳияни «Муҳаммад» драмаси учун битилган парчаларни таҳлил қилиш баробарида шундай шарҳлайди: «Асар Муҳаммад ёлғиз ўзи тунги осмон остида хиргойи қила бошлайдиган бир мадҳия ила бошланарди. Аввалига у беҳисоб юлдузларга кўплаб маъбудлар сифатида таъзим қилади, кейин самода Юпитер кўтарилади ва энди унга юлдузлар подшоси каби юксак ҳурмат кўрсатилади. Кўп ўтмай Ой чиқиб келади ва ибодат қилувчи кўзи ва қалбини асир қилади, шу заҳотиёқ ибодат қилувчи аста кўтарилиб келаётган Қуёш томонидан илҳомбахш ва мафтункор даъватга рўбарў бўлади, бунинг баҳоси бутунлай янги-ўзгача. Аммо, бундай бирин-сирин ўзгаришлар қанчалик кўзни зийнатлантирса ҳам, барибир руҳий хотиржамлик келтирмайди, ибодат қилувчи ички туйғуси ила сезиб турибдики, яна бир ўзгариш рўй бермоғи шарт ва буниси барча олдингилардан сарбаланд турмоғи шарт: унинг нигоҳи Худога томон, Ёлғиз ўзига, Абадийга, Чексизга, яъни барча чеки-адоғи мавжуд ғаройиб ҳодисаларнинг Яратувчисига томон қаратилмоғи лозим. Бу мадҳияни мен чуқур муҳаббат билан ёзган эдим, у йўқолиб қолди, бирор кантата баҳонаси билан қайта яратилса ҳам ажаб эмас ва шундай бўлса бирор мусиқачига ифодасининг ранг-баранглиги билан манзур бўлиши эҳтимолдан нари эмас. Ўшанда ният қилинганидек, кўз олдига карвонбоши ва унинг оиласи ва бутун қабиласи келтирилганда овозлар алмашинуви ва жўровоз хорнинг салобати таъминланган бўлармиди?».
Асл арабий – бадавий муҳитига ишора қилувчи «Карвон» сўзи иштирок этган сўнгги жумла Гётенинг қай даражада «Муҳаммад» лойиҳаси билан шиддат ва ғайрат билан Ислом оламига шўнғиб кетганини кўрсатиб турибди. Гарчи асар парчаларининг лойиҳаси қўлёзма ҳолида муаллиф томонидан бой берилганига узоқ вақт бўлган бўлса ҳам бунчалик шиддат билан ва аниқ хотирлаш ҳақиқатан ҳайратланарлидир. (Асар лойиҳаси шоирнинг ўлимидан сўнг яна пайдо бўлиб қолган). Бу орада қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтгач шоир асарида шундай деб ёзган эди: «Мен ҳали ҳам асар айрим жойларининг мақсад-режаларини эслаб тураман, бироқ уларни рўёбга чиқариш мендан жуда узоқ вақт банд бўлишини талаб этади».
Аммо, ваҳдоният ҳақидаги таълимотга шоир ҳамиша зўр эътибор бериб келган ва биз шоирнинг Исломга муносабати хусусида сўз юритар эканмиз, бунда биз ана шу ягоналик таълимотини асосий деб билмоғимиз зарурдир, шу таълимот асосида унинг Исломга ҳайрихоҳлиги қад ростлаган. «Шеърият ва ҳақиқат» асарида тилга олинмаган аҳамиятли жиҳат шундаки, Гёте юлдузлар ва сайёраларга аталган мазкур мадҳияни Қуръоннинг бир сурасига тақлидан яратди ва бунда айни шоирнинг Исломнинг муқаддас китоби билан шунчалик яқин алоқада экани маълум бўлади. Қуръон 6-сурасининг тегишли қисми Гётенинг мазкур мадҳиясига ибрат-андоза бўлиб хизмат қилган ва у ёзиб олган парчалар орасидан ўрин олган, уларни шоир 1772 йилдаёқ тайёрлаб қўйган эди. Гёте бу парчанинг лотинча таржимаси асосида матнни қуйидагича ўгирp style=»text-align: justify;»ган: «Иброҳим отаси Озарга қараб сўзлади: «Бутларга Худо деб эҳтиром кўрсатяпсанми? Мен сени ва сенинг қавминг ошкора залолатда эканини биламан». Шунда биз Иброҳимга осмонлар ва ер дунёсини кўрсатдикки, ҳақиқий ишонувчилардан бўлиб қолар деб ва буни ўзи учун бир тасдиқловчи ҳужжат қилиб олсин деб. Ва тун уни атрофдан ўраб олган пайтда у юлдузлар кўрди ва деди: «Бу менинг парвардигорим». Улар сўниб кетгач, у деди: «Сўниб кетаётганларни севмайман». Чиқиб келаётган ойни кўргач деди: «Мана бу менинг парвардигорим». Шундан сўнг унинг ҳам ботиб кетганини кўргач деди: «Агар парвардигорим мени ҳидоят сари бошламаса, мен ҳам адашган ушбу қавмдан бўлиб қоламан». Қуёшнинг чиқиб келишини кўргач эса деди: «Мана бу менинг парвардигоримдир. У барчасидан каттароқ». Аммо, у ҳам ботиб кетгач деди: «Эй қавмим, энди мен сенинг ширкингдан покландим. Мен юзимни ер ва осмонларни яратган Зотга қаратдим».
Тадқиқотларда қайд этиладики, Гёте ўзининг мазкур мадҳиясини яратишда бирваракайига Мегерлин ҳамда Мараччи таржималарига таянган. Уларнинг бирида «юлдузлар олами» ва политеистик фикрлаш бор бўлса, бошқасида «ёлғиз чарақлаган юлдуз» тилга олинади. Шу туфайли Муҳаммадга бағишланган мадҳия кўп босқичдан иборат ва чўзиқроқ шакл олган. Шуни қайд этиш жоизки, ўша пайтларда Гёте Исломнинг муқаддас китобидан зўр бериб ўзи муносиб кўрган руҳонийликни излаган: бундай руҳонийлик ўшандаёқ ва ундан кейинроқ давргача пантеистик[12] ва политеистик[13] тасаввурларни қўшиб юборар эди ва бу руҳонийлик Худонинг яккаю ягоналигини энг олий тамойил сифатида алоҳида таъкидлар эди.
«Муҳаммад» трагедияси учун мўлжаллаб ёзилган парчаларда битилган қисқача диалогик саҳна ҳам ваҳдоният мавзусини яна бир карра марказий масала қилиб қўяди-ю, аммо ўзига хос тарзда буни табиатга «сажда» қилиш билан «туташтириб» юборади. Бу диалогда Муҳаммад дейди: «Худо унга (яъни, Муҳаммадга — таъкид таржимонларники) ҳар бир сокин булоқда ва гуллаётган ҳар бир дарахт остида илиқ муҳаббати ила рўбарў келади». Ва шу билан бир вақтда Худонинг хабарчиси ўз қавми гирифтор бўлган залолатга қарши курашни бартараф этишга ҳаракат қилади ва бу залолат оқибатида кўплаб маъбудлар худди кичик князлар каби эҳтиромга сазовор этиладилар. «Сенинг Худойингда мусоҳиблар йўқми?» деган саволга Муҳаммад шундай жавоб қайтаради: «Мусоҳиблари бўлса, унинг Худо бўлишига имкони қолармиди?»
Қатъий таъкидлаймиз: бир томондан пайғамбарнинг яхлит қиёфаси ва иккинчи томондан Исломнинг ваҳдоният таълимоти Гётенинг Исломга қизиқишини туғдирган эди ва бу қизиқиш ёшлигидаёқ унинг Муҳаммад ҳақида трагедия яратиш режаси асносида пайдо бўлган эди. Муҳаммад қиёфаси хусусида гап кетса, Гёте бу қиёфадаги айрим сифатларга маҳлиё бўлар эди ва мазкур сифатлар Гётега ўз-ўзидан шубҳали ҳам бўлиб туюлар эди. «Шеърият ва ҳақиқат» асарининг йигитлик палласи ижодига боғлиқ бобида юқоридаги масала хусусида батафсил хабар берилган. Унга мувофиқ сўз юритилса, аввалига бу асар Муҳаммадни ҳам жанговар лашкарбоши сифатида тасвирламоғи лозим эди. Бундай лашкарбошиларнинг ҳар бири ўзларининг ҳарбий юришларида яхши мақсадга эришмоқ йўлида турли ёмон воситалардан фойдаланар эди. Трагедия воқеалари оқимида заминий вазиятлар кўпайиб, самовий-илоҳий ҳолатлар ортга сурилиб, кейингилари олдингиларнинг соясида қолиб кетади. Трагедия хотимасида режага мувофиқ пайғамбарни яна такроран нурафшон ҳолатда тақдим этмоғи лозим эди. Бу саҳнада Муҳаммад, Гётенинг маълум қилишича, ҳайратлантирарли даражада, ўз таълимотини покизалиги ҳақида қайғурувчи қиёфада ва ўз салтанатини мустаҳкамлаш ташвиши ила ёруғ дунё билан видолашаётган ҳолда тасвирланмоғи лозим эди.
«Шеърият ва ҳақиқат» асаридан Гёте нима сабабдан Муҳаммад қиёфасининг ҳатто ижобий бўлмаган жиҳатларига ҳам маҳлиё бўлганини билиб оламиз. Адиб ўша пайтда ўзига замондош бўлган машҳур шахсларнинг диний йўлбошчи ролида чиқиб тургани ҳолда баъзи хатолар ва нуқсонлардан ҳоли бўла олмаётганларини кузатиб ва пайқаб ола билган эди. Уларнинг барчаси ўз диний муддаоларига етиш йўлида ҳатто турли дунёвий воситаларни истифода этишдан ҳам тоймаётган эдилар. Гёте кузатган бундай сифатли шахсларнинг биринчиси, албатта, Лафатер эди. Шу аснода Гётеда ҳатто диний йўлбошчилар сирасига умуман шубҳали нарсалар хос бўлса керак деган тахмин ҳам пайдо бўла бошлади. Бунда у мудом ўхшаш ҳодисага дуч келар, яъни улуғлик жуда осонликча тубанликка қурбон берилар эди. Диний йўлбошчи ўз фаолияти даврида мутлақо покиза сақланиши ғоятда душвор эди. Оқибатда эса мутлоқ кўпчилик ҳолатда мазкур йўлбошчининг йўли «муқаддас рутба қолиб, бузилиш сари элтар эди» (бу ҳақда «Шеърият ва ҳақиқат»да шундай маънода сўз юритилган). Шунга биноан, Гёте адиб сифатида ўзи кашф этган бу типни Муҳаммад тимсолида драма шаклида тақдим этишга азм этди. Иккинчи томондан Гёте ҳеч қачон Муҳаммадни ёлғончи қиёфасида тасаввур қила олмаган эканини эътироф этади ва бундан бирмунча вақт олдин шарқлик бу пайғамбарнинг ҳаётини зўр қизиқиш билан ўқиб ўрганганини маълум қилади. Унинг тан олишига кўра, бундай ўрганиш туфайли адиб мазкур трагедиянинг режалаштиришга рағбатланган ва бу фожеа асарда умуман «қандай қилиб Даҳо ўзининг табиати ва руҳияти воситасида инсонлар устидан ғолиб чиқишини» тасвирлаб бермоқчи бўлган эди. «Инсонлар устидан Даҳонинг ғолиб келиши учун зарур бўлган барча нарсалар» бу — сўзлар инсонларга жиддий таъсир ўтказувчи диний йўлбошчининг ва уларни руҳан тарбияловчи шахснинг борлиғи Гёте учун Муҳаммаднинг шамойили билан нақадар чамбарчас боғлиқ эканини яна бир бор ифодалаб турибди. «Шеърият ва ҳақиқат» асарида «Муҳаммад» трагедияси режалаштирилгани ҳақидаги мазкур маълумотнинг берилгани хусусида заррача шубҳа қилишга арзигудек сабаб йўқ. Ҳатто гўё 1774 йилгача ҳам, яъни «Муҳаммад» трагедияси учун тайёрлаб қўйилган парчалар ёзиб тугатилгандан бир йил кейингина Гёте Лафатер билан танишган деб қилинган иддаолар ҳам ўринсиз эътироздан иборат. Чунки, Гёте 1773 йилдаёқ мазкур цюрихлик даҳо (яъни Лафатер — изоҳ таржимонларники) билан ўзининг «Götz von Berlichingen»-»Гётц фон Берлихинген» асари баҳонасида қизғин мактуб алоқаси ўрнатиб улгурган эди. Гётенинг 1772 йилдан бошлаб Йоханн Георг Шлоссер ва Лойхзенринг каби воситачилар кўмаги билан Лафатер ҳақида етарли ахборотга эга бўлиб келгани ҳам ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди.
Айни мазкур маълумотлар адибни Лафатер билан алоқада бўлишига ундаган бўлиб чиқиши табиий. Шу тарзда ҳақиқатан ҳам Лафатер шахсига қизиқиш Гётенинг Муҳаммад хусусидаги материаллар сари етаклаганлиги ойдинлашади. Шундай қилиб, «Шеърият ва ҳақиқат» асарида келтирилган маълумот асосий нуқталарда шубҳа туғдирмайди дейиш мумкин. Айни шу муносабат билан Гёте Эккерман билан суҳбатлардан бирида шундай деган эди: «Бунда инсон ҳаётининг баъзи тимсоллари яширин жой топган деб ўйлайман (1831 йил 30 март)». Ушбу фикрни, албатта, инобатга олмоқ зарур, чунки бу сўзлар Муҳаммад Гёте учун мудом кучли рамзий аҳамиятга эга бўлиб келганига ишора қилади. Шуниси аёнки, навқирон адиб режалаштирган асар ҳар ҳолда ҳам ёзиб битказилса, Волтернинг «Муҳаммад» трагедиясидан бутунлай ва, албатта, ижобий маънода фарқ қилган бўлар эди дейиш мумкин. Шоирнинг анча вақт ўтгач, Волтернинг мазкур асарини таржима қилгани ва Ваймарда саҳналаштиргани эса, унинг қарашларида бирор-бир силжиш рўй берганини англатмаслиги керак, буни таъкидламоқ зарурати аниқдир. Зеро, ўша таржимага қўл уриш адибга улкан ички зиддиятларни енгиб ўтиши эвазига содир бўлган эдики, Гёте Муҳаммад пайғамбарнинг шамойилини Волтер томонидан ўзбошимча бузиб тасвирланишга асло рози бўлолмаган эди. Таржима эса буюк Ҳерцог Карл Август[14] махсус хоҳиши туфайли дунёга келган бўлиб, Гёте бу хоҳишни рад эта олмас эди.
Мен яна бошқа бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Бу жиҳатда Гётенинг ўзига хос дунёқараши ва Ислом орасидаги жуда яқин алоқадорлик ўз ифодасини топган. Тақдири азал таълимотига Гётенинг кучли эътиқоди мавжудлиги маълум. Шу туфайли адиб Ислом динининг асосий рукнларидан бири, яъни асл Ислом дини моҳиятини англатувчи «Худонинг хоҳиш-иродасига бўйсуниш» тўғрисидаги таълимотига фикрдош эди. Ҳар бир мусулмон ўз тақдирини Худо томонидан олдиндан белгилаб қўйилганига ишонади ва буни художўйликнинг талабларидан бири деб эътироф этади. Бу талабга кўра мусулмон Худо иродасига қарши чиқмаслиги зарурдир. Шунга ўхшаш детерминистик эътиқодга Гёте Спинозанинг[15] фалсафаси таъсирида бир вақтлар ошно бўлган эди. Ўша вақтларда адиб айнан мазкур «Муҳаммад» трагедияси учун аталган парчаларни ижод этиш билан ҳам машғул бўлганлиги бизга энди маълумдир. Тақдири азал таълимотини тан олиш ҳоллари Гёте асарида тез-тез учраб туради. Айниқса, унинг шеъриятида. Мен «Egmont» («Эгмонт»), «Die Tochter der Natur» («Табиат қизи»), («Шеърият ва ҳақиқат») ёки «Ғарбу Шарқ девони» кабиларни эслатиш билан чекланаман. Гётега хос хусусиятлардан яна бири шунда эдики, у тақдирнинг унга берган оғир зарбаларидан мазкур таълимотга суяниб қаддини ростлаб олар эди. Масалан, Ҳерцог Карл Август тўсатдан вафот этганда, ҳамсуҳбати Эккерманнга[16] чуқур хўрсиниб туриб ва барча тассаллиларни рад этган ҳолда деган эди: «Нимани мақбул этиш Худога хосдир, биз бандаларга эса у бошимизга солган нарсани тортишдан бошқа чора йўқдир». Умуман олганда, Гёте «Махсус тақдир белгиси»га, айниқса, ўлим ҳодисаларида ишонар эди. Канцлер Фон Мюллерга 1827 йил 18 августида деган сўзи: «Биз Худо белгилаб берганча умр кўрамиз». Албрехт Дюрернинг ҳикматли сўзларидан бирига таяниб, адиб тақдирга тан бериш эътиқодига нисбатан қуйидагиларни ёзиб қолдирган эди: «Тақдири азал нимадир?» Жавоб: «Худо қудратлироқдир ва биздан кўра донороқдир». Шу боисдан, биз билан у ўз ихтиёрига мувофиқ иш кўраверади. («Maximen und Notizen» («Максимлар ва қайдлар»)). «Italienreise» («Италияга саёҳат») туркумидаги хатларининг биридан олинган ушбу жумла мазкур маънода янада таъсирлироқ туюлади: «Ҳеч ким тақдирини қайта иншо қилолмайди ва тақдиридан айро йўл тута олмайди». (Рим, 1787 йил, 11 август).
Гёте, айниқса, ҳаётининг кейинги даврларида Исломга иқтибосан тақдирга тан бериш хусусида кўп ва хўб сўзлаганини кузатиш мумкин. Бунга бир неча мисол келтирамиз.
1792 йил Францияга юрт ҳукмдори хоҳишига биноан ҳарбий юришда иштирок этган Гёте дам-бадам хавф-хатарга дуч келаверди. «Die Kompanie in Frankreich» («Франция юриши») асарида адиб юқоридаги каби вазиятларда содир этган кайфияти ҳақида ёзган эди: «Хавф-хатар кучайди дегунча менда сўзсиз тақдирга тан бериш ҳисси пайдо бўлар эди ва кишилар ўта хавфли фаолиятда бўлган паллада мазкур ишонч-эътиқод билан тобланиб ва қўшимча қувватланиб қолгандек ҳис қилардилар. Муҳаммад дини бунга энг яхши далилларни беради».
1820 йили Гётенинг келини оғир бетоб бўлиб қолганда, шоир ўз дўстларидан бирига ёзган мактубида мазкур нуқтаи назарда туриб ёзган эди: «Исломдан нажот излашдан бошқа бирон нарса дейишга мен ожизман». Шунга монанд фикрни Гёте 1831 йили вабо қутурган бир паллада изҳор этган эди. Маслаҳат сўраб мурожаат этган яқин бир аёлга шундай жавоб берган эди: «Бунда ҳеч ким бошқа бировга маслаҳат бера олмайди. Ҳар ким нима қилмоқ лозимлигини ўзи ҳал этмоғи зарур. Қандай шаклда журъат этмайлик, биз ҳаммамиз Исломда ҳаёт кечирамиз».
Вафотидан тўрт ҳафта аввал 82 ёшли адиб вабо яна ҳам одамларни эсанкиратиб қўйган бир паллада ёзган эди: «Бизнинг шаҳар ва қишлоқларимизда одамлар ҳар балога рози бўлиб қолдилар чамаси, чунки вабо офатини бартараф этишнинг иложи йўқ ҳисобида. Барча эҳтиёт чораларни бекор деб англадилар. Мудхиш ваҳимадан халос бўлмоқ учун одамлар ўзларини Ислом бағрига отмоқдалар ва ундан шифобахш енгиллик умидвор бўлмоқдалар, Худонинг инсон англаб етолмайдиган мўъжизаларига ишонмоқдалар».
Бу ерда биз Гётенинг Ислом динининг асосий таълимотига ихтиёран амал қилиб яшаганлигини билиб оламиз. Бунда, албатта, Гёте ўз дўст-ёрларини очиқ-ошкора бу таълимотга ундаганлигининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, у калвинизм мазҳабида ҳам илоҳий тақдирга урғу берилганини юқори баҳолар эди. Канцлер Фон Мюллер билан 1819 йилда бўлган суҳбатда Гёте Ислом ва ислоҳ этилган бу дин (яъни, насоролик — изоҳ таржимонларники) орасида айни тақдири илоҳий масаласида ўхшашлик мавжудлиги ҳақида қуйидаги фикрни баён этган эди: «Ишонч ва садоқат ҳар бир маъқул кўрилган диннинг асосидир, борлиқни тартибга солиб турувчи ва бизлар тушуниб ета олмайдиган илоҳий ирода борки, бизлар уни ақлимиз бовар этмайдиган бўлгани учун ҳам тушуна олмаймиз. Ислом ва ислоҳ этилган дин бир-бирига айни шу нуқтада жуда ўхшашдир».
Эккерманнинг суҳбатлар тўпламида биз Исломнинг энг самарали ва мукаммал мақтовларини учратамиз. Бу ерда Гёте яна бир карра тақдири илоҳий таълимотига урғу беради ва айни ўзи учун энг муҳими ҳисоблайди. Шундан кейин у (ажабланарли ҳол ҳам шундаки) муслималарга диалектикадан сабоқ беришга киришиб кетади, чунки Гёте бунда ҳам Исломнинг афзаллигини етарли даражада юқори баҳосини беришини хоҳлайди. Гёте бундай дейди: «Сизлар буларнинг барчасини ўзаро боғлиқлигини тушунмоғингиз учун менинг каби 50 йил мобайнида динлар тарихини ўрганган бўлишингиз шарт. Шуниси ниҳоятда эътиборлики, Муҳаммад динидагилар ўз тарбия жараёнида қайси сабоқларни беришдан бошлашни биладилар. Диннинг пойдевори сифатида улар ўз ёш авлодига, авваламбор, шундай эътиқодни сингдирадиларки, унга кўра ҳар бир инсонга барча воқеа-ҳодисаларни бошқариб турувчи Тангри белгилаб қўйганлардан бошқа ҳеч нарса учрамайди, шу тарзда ёшлар бутун умри давомида хотиржам ва зарур нарсаларнинг ҳаммаси билан таъминланган бўладилар ва бошқа бирор нарсага эҳтиёж сезмайдилар ҳам». Гёте давом этиб ёзади: «Ушбу тақдири илоҳий таълимотини тафтиш этиш ва ёки унинг нимаси тўғрию нимаси фойдали ва нимаси зарарли эканини текшириб кўриш истаги менда йўқ; асос эътибори билан бу эътиқод рукнининг нимасидир бизнинг барчамизда бор; гарчанд бундан бизга сабоқ берилмаган бўлса ҳам. Сатҳида менинг номим зикр этилмаган ўқ менга тегмайди дейди жангчи жанг мобайнида ва қандоқ қилиб бундай ишончга эга бўлмаган жангчи бевосита раҳна солаётган хавф-хатарда жанговарликни йўқотмай туради». Насоролик динидаги «Яратгувчи Отахоннинг иродаси бўлмаса, томдан чумчуқ ҳам тушмайди» деган таълимот ҳам ҳудди ўша манбадан келиб чиққандир ва олдиндан белгилаб берувчи тақдирга ишора қилади ҳамда ҳатто кичик заррачани ҳам ўз назорати остида ушлаб туради. Унинг хоҳиш-иродасидан ташқари ва изнидан ҳоли ҳеч бир нарса содир бўлмайди. Муҳаммадга эътиқод қилувчилар шундан кейин фалсафа соҳасида ўз таълимини шундай бошлайдилар: нарса йўқки, унинг зидди тўғрисида гапирмаслик мумкин бўлса. Шу тарзда мусулмонлар ёшларнинг руҳини машқ эттирадилар. Бу билан мусулмонлар ёшларнинг вазифасини шундай деб белгилаб қўядиларки, ҳар бир зикр этилган ҳукмга зид бўлган фикрни топмоқ ва изҳор этмоқ зарур бўлади: бундай қилмоқдан чуқур тафаккурлашда ва мантиқий сўзлашда маҳорат пайдо бўлади.
Энди эса, давом этади Гёте, – ҳар бир жумланинг зидди топилгач, шубҳа туғилади: изҳор этилган икки фикрдан қай бири рост бўлди экан? Шубҳа-гумонда қатъият йўқ, шунинг учун у руҳни, фикрни яқинроқ синаб кўриш ва имтиҳон қилишга ундайди, нега деганда шундай қилинса ва бу ҳаракатлар тўла бажарилса, ишонч пайдо бўлади. Бу эса мақсаднинг ўзи эди, мақсадга восил бўлган инсон эса хотиржамликка муяссар бўлади. Кўряпсизки, деб Гёте ўша суҳбатга хулоса ясайди, бу таълимотда камчилик йўқ ва биз барча тизимларимиз билан узоққа бора олмабмиз ва ҳеч кимса узоққа бора олмайди ҳам … Мусулмонларнинг ўша фалсафий тизими шундай буюк андозадирки, бу андозани ҳар ким ўзига ва бошқаларга татбиқ этмоғи лозим. Бундан эса ҳар ким аслида ўзига руҳий камолотнинг қайси босқичида эканидан хабардор бўлиш имкониятини беради. Шундай қилиб, Исломнинг ҳайратомуз мақтови ниҳояланади. Бу мақтов 77 ёшида Гётенинг Исломдан ҳайратланишлари ҳеч ҳам сусайган эмас, балки янада қувват олганини кўрсатади (бундай кекса пайтда биз ўша жойдамиз).
Мен яна бир жиҳатга ишора қилган бўлардим, чунки бу жиҳат ҳам менга муҳим бўлиб туюлади. Биз Гётенинг башоратга ишониши қатъий ва узоқ давом этган даврни қамраб олади деб ўйлаймиз. Бу давр уни Ислом билан учраштирган, яқинлаштирган эди. Тарихан мазкур ҳолат Гётенинг Спиноза фалсафасига эҳтиромидан туғилган эди ва унда детерминатция хусусидаги таълимот айни замонда марказий роль ўйнар эди. Қайд этиш жоизки, ҳозиргина биз эшитган Исломнинг шаънига мақтов сўзлари Гёте Спиноза фалсафаси билан машғулотларини ҳали сусайтирмаган кунларнинг бирида лафзга олинган эди. Гёте кундаликларидан маълумки, ўша 1827 йилнинг 11 апрелида шоир Спиноза ҳақида бир китобни ўқиб тугатган эди. Бу китоб 18-аср бошида таъқибга дучор этилган файласуфни ҳимоя этиши учун таълиф этилган оз сонли асарлардан бири эди ва бу китоб Йоҳанн Кристиан Эделманнинг ноёб асари бўлмиш «Moses mit aufgedecktem Gesicht» («Очиқ чеҳрали Мусо») номли асари каби машҳур ҳам эди. Спиноза фалсафаси билан машғул бўлиш ўша кунларда Гётенинг фикрларини Ислом сари буриб юборгани ҳеч қандай шубҳа туғдирмаслиги керак. Ҳар икки таълимот ҳам Гёте учун муҳим бўлган тақдири илоҳий масаласида ўзаро мувофиқ келгани сабабли буларнинг бири билан машғул бўлиш буларнинг иккинчисини хотирга келтиргани тушунарли ҳолдир (худди қуйида тилга олинажак 1831 йил февраль-мартда бўлиб ўтган Эккерман билан суҳбатлар каби).
Исломга нисбатан Гётенинг ижобий қараши мавжуд бўлгани туфайли шоирнинг турли динларнинг муқояса этишини ихтиёр этганини ғаройиб воқеа деб баҳолаш ҳам тўғри бўлмас. Дарвоқе, шоир 8-аср бошларида Византия томонидан уч монотеистик динни, яъни Ислом, иудаизм ва насороликни бирлаштириш йўлидаги уринишларга хайрихоҳлик билан қараган эди, гарчи у санъатпарвар сифатида насороларнинг тасвирий асарларини ҳар қандай таҳқирлашни маъқуллай олмаса ҳам (бу хусусда «Kunst und Antik» («Санъат ва қадимги дунё») номли асарига 1814 йилда берилган иловада тўла тушунча беради).
Наполеонга қарши озодлик урушлардан олинган жонли таассуротлар Гётега ўзининг мусулмонларга нисбатан эҳтиромини мустаҳкамлаб олишга ва динларни яқинлаштириш имкониятлари бобидаги ўз фикрларини тартибга келтириб олишга кўп жиҳатдан кўмаклашдилар. Ўша пайтларда иттифоқчилар бўлмиш рус лашкарлари сафида мусулмон аскар ва зобитлари ҳам Ваймарга келган эдилар. Гёте улар билан бўлган учрашувда шахсий алоқалар ўрнатди. Дўсти Требрага ёзган мактубида ёзишича, Гёте уларнинг маслакдош бўлишларидан мамнун эди. Бунда совғалар алмашиндилар ва шоирнинг кундалиги унинг уйида мусулмон меҳмонлар такрор-такрор ҳозир бўлганини қайд этган эди. Ушбу шахсий алоқалар ҳамда ҳокимиятни зўрлаб қўлга олган умумий душманга қарши насоро ва Ислом лашкарининг биргаликда курашидан олинган таассурот (1813 йилда Лайпцих яқинидаги «Ҳалқлар жанги»дан сўнг) туфайли Гёте 31 октябрь протестантлар ўзларининг протестантлик байрамларини алоҳида нишонлашларини муносиб деб баҳоламади. Ушбуни 1816 йилда ёзилган ва адиб томонидан эълон қилинмаган бир мақола тасдиқлайди: бу мақола 1817 йили Реформациянинг 300 йиллигини нишонлаш муносабати билан алоқадор эди. – Бундай бир ёқлама диний байрамда – деб ёзилади унда – пок ниятли инсон руҳи мукаммал қувонч топа олмайди, чунки у «юзлаб йил аввал содир бўлган бўлиниш ва можароларни, мудҳиш бадбахтликларни ёдга солади». Ҳаммадан аввал айтиш керак (шуниси жуда мудҳишлиги таъкидланади), бунақа байрам одамларни бошқалардан ажратади, ўша «бошқалар билан бор-йўғи 14 кун аввал 18 октябрда Лайпцих атрофидаги зафарли жангни биргаликда байрам қилинган эди».
Яқиндагина ўзларини чинакамига ва маҳкам қон-қариндошлик ришталари билан боғланган деб ҳис қилган кишиларнинг эндига келиб бу каби айирмачилик туфайли дилларига озор етказиладиган бўлди. Гётенинг ўзи бунга қарши билдирган таклифида шундай бир байрам бўлмоғи лозим эдики, у барча дин ва мазҳабларни бирлаштирмоғи лозим эди; яъни, соф инсонпарварлик байрами деб атаган эди уни Гёте. У давом этиб ёзади: «Ҳамма биргалашиб ибодатхона сари йўл олади ва ҳеч ким бошқалардан қайси дин ва мазҳабга мансуб эканини сўрамайди ва ягона ибодатни адо этади. Барчалари олов атрофида давра қурадилар ва ягона олов уларни нурафшон айлайди. Ҳамманинг руҳи ўз улуғворлигини нафақат насороларга, балки яҳудийлар, мусулмонлар ва турли маъбудларга сиғинувчиларга ҳам баравар баҳраманд этган ўша кунни ҳотирлаш билан кўтаринки кайфиятда бўлади». Гётенинг орзулари армонлигича қолди. Уни бундай ғояга келишга туртки бўлган воқеа, балки унинг Ваймарда мусулмонлар томонидан адо этилган бир ибодатдан олган таассуроти бўлса ажаб эмаски, бу ибодатда ўзи ҳам иштирок этган эди. Бу ибодат нафақат шоирга, балки унинг қуршовида бўлган кўплаб кишиларга ҳам кучли таъсир этган эди. Гётенинг маълум этишига кўра, ибодат тугагач, кўплаб диндор хонимлар кутубхонадан Қуръон сўраб олиш билан банд бўлди. Айни мазкур воқеа хусусида Гёте 1814 йилда дўсти Требрага шуларни ёзган эди: «Мен донишмандлик тўғрисида сўзлар эканман, ушбуларни қайд этишни лозим топдим: бизнинг замонада шундай нарсалар содир бўлмоқдаки, ҳеч бир пайғамбарга бунақасини башорат этиш изни берилмаган эди. Ким ҳам бир неча йил аввал бизнинг протестант гимназиямиз залида мусулмонлар ибодати адо этилишини маълум қилишга бировга рухсат берилади деб ўйлай олар, ёки Қуръон сураларининг ҳазин қироатини тинглаш насиб этишига ишонар эди?! Бироқ, бундай воқеалар амалда содир бўлди: биз бошқирдлар хотира маросимида қатнашдик, уларнинг мулласини томоша қилдик ва уларнинг шаҳзодасини театрда кутиб олдик».
Бундан бир неча йил аввал Гёте яна бир карра Қуръон билан машғул бўлган ва бундан бироз олдинроқ ваймарлик аскарлар Испаниядаги урушдан қайтишида бир арабий мажмуанинг қўлёзма варағини келтириб берган эдилар. Шоир Йена университетининг шарқшуноси Лорсбахдан буни ўзи учун таржима қилишини буюрди. Қўлёзма Қуръоннинг сўнгги, 114-сураси эди. Шоир бу нафис варақдан кўчирма нусха олишга ҳаракат қилди. Бу уринишлар туфайли унинг дастхатидан нусхалар сақланиб қолган.
Шундан кўп ўтмай «Ғарбу Шарқ девони»нинг дастлабки шеърлари яратилди: бу асарнинг бутун борлиғи Ислом муҳити ва фикрлари олами билан йўғрилгандир. Эндиликда бизга шу нарса аён бўлмоғи тайинки, бу асар Гётенинг Исломга нисбатан ёшлик йилларидан бошлаб шаклланиб келган ижобий муносабатисиз дунёга келмаган бўларди. Шарқнинг диний тасаввурлари бўлган барча яқинликнинг ва бу жабҳада эркин ҳаракат қилишларининг барчасини қандай изоҳлаб бўлар эди, мабодо девон муаллифи бунчалик чуқур ишонч ва етарли билим билан сўзламаса? Фақат шунчалик дахлдорликкина Гётега диний мавзуларни муҳокама этишда бу даражада мустақиллик билан, жиддият ва ҳазил-мутойибалараро ҳаракат этиш имкони берган. Бу дахлдорлик унинг шеъриятига «хафсаласизларча ҳаракатчанлик» хусусиятини омухталаш имкониятини бахш этди, бу эса унга форсийда ибрат бўлган Ҳофизнинг бош тавсифномаси бўлиб туюлган эди. Бу даврда ҳам, Ҳофиз шеъриятида бўлгани каби на бир ноўрин сўз ва на бирор нораво оҳангнинг учрамаслиги Гётенинг Исломга берган кафолатли юксак баҳосининг исботидир. Гёте пайғамбарнинг ўзи сўзлагандек қилиб таълиф этган шеърларни эсга олайлик-да! Ёки ушбу ибораларни ёдга туширайлик: «Муқаддас Қуръон», «Қуръоннинг муқаддас даъвати» ёки қуйидаги шеърий сатрларни ёдга тушириш ҳам кифоя қилади:
Қуръон абадийми? Сўрайсиз, нечун?!
Бундоқ савол асли йўқдир мен учун …
У – китоблар китоби экани аниқ
«Муслима бурчлари» бешак, мен учун.
Умуман олганда, «Ғарбу Шарқ девони» Гётенинг Қуръон ва Муҳаммад таржимаи ҳоли билан яна кўплаб машғул бўлганининг бевосита ва кучли таъсири остида ижод қилинган. Шарқшуносликнинг бошқа манбалари қаторида ва, албатта, биринчи ўринда Қуръон, пайғамбар суннати, яъни пайғамбар сўзларини оғзаки манбалар асосида одамларга етказиш ва Муҳаммаднинг турли таржимаи ҳоллари шунга хизмат қилган. Бунга айрим мисоллар келтиришни ўринли ҳисобладик. Ушбу машҳур тўртлик Қуръоннинг 2-сурасидан бир парча асосида яратилганини кўриш мумкин:
Машриқ Худодандир, Мағриб ҳам Ундан,
Шимол ҳам, жануб ҳам тайиндир шундан.
Барча мамоликлар ўнгу сўлида,
Сакинат топажак Унинг қўлидан.
Ушбу шеър «Amulett» («Тумор») туркумидаги шеърларнинг кириш қисмидир, бу туркум эса «Das Buch des Sänger» («Қўшиқчи китоби»)га мансубдир. Шу туркумдаги яна бир тўртлик ҳам Қуръондан бўлиб, у 1-сура асосида яратилган:
Куфр чиқармоқчи бўлар йўлимдан,
Тўғри йўл бошламоқ, Тангрим, қўлингда.
Не қилсам ва қандоқ бўлсам ҳам сенинг,
Йўлчи юлдуз бўлсин ҳидоя сўзинг.
«Қўшиқчи китоби»га мансуб яна бир тўртлик ҳам Қуръоннинг 16-сураси оятларидан бирига назира тарзида битилган:
Сизлар чун яратдик осмону юлдуз,
Адашмай юрсин деб еру денгизда.
Мазкур шеърларда озми-кўпми шу нарса ойдинлашадики, мавзу қилиб олинган тақдирнинг бошқаруви Худонинг иродаси ила содир бўлади. Бу ҳолат Гёте учун катта аҳамиятли бўлиб келганининг гувоҳи бўлдик. Мазкур диний эътиқодга «Ғарбу Шарқ девони»да мудом ҳаволалар мавжуддир, масалан «Buch der Sprüche» («Ҳикматлар китоби»)дан олинган ушбу шеърий парчада ҳам:
Ҳаммасин ҳал қилди Яратувчи Зот,
Тақдиринг битилди, унга қил амал,
Йўл бошланди, сафар бўлади тугал.
Ёки шу каби мисрани «Buch der Betrachtungen» («Кузатувлар китоби»)дан ҳам топамиз:
Сен сафардасан, унинг ҳаддини,
Тақдир белгилайди бешубҳа, бешак.
Худонинг иродаси мавжудлигимиз йўлини ва тарзини белгилаши шулардан маълум бўлади. Айни шу нарса «Buch der Faulheit» («Танбаллик китоби»)да жаҳонгир Темурнинг истеҳзо ила ҳайқирганини Гёте ўз сатрларида келтириб ифодалайди:
Аллоҳ агар қилса ирода-хоҳиш
Мени қурт шаклида қилар намойиш.
Шу ерда биз айни «Ғарбу Шарқ девони» ижод этилган даврда машҳур «Орфий қадимий калималари» ҳудди юқоридаги каби услубда тақдири азал хусусида сўз юритганини эсга оламиз:
Сенга агар насиб этса равнақ топиш,
Тақдирнинг қонунига мувофиқ бу иш,
Шундай кечар йўлинг, ундан қочолмассан ҳеч.
Аммо, қуйидаги ҳазиломуз оҳангда битилган ва Ҳотам билан Зулайҳо муносабатларидан ривоят этувчи ифода ҳам Гётенинг тақдирга ишончи нуқтаи назарига кўра жиддий тагмаъно касб этади:
Ўйлаб кўр Зулайҳо кечмишин бунча,
Узоқ муддат тақдир ҳал этганини.
Бу сўзлардан Гётега «Тақдир билан қўшилган жуфтлик» тўғрисидаги тасаввур маълум эканини рўй-рост кўз олдига келтирилган деб тўғри англаб олиниши мумкин. Бу масала хусусида «Муносиб қариндошлар танлаш», «Ўхшаш айбдорлар» ҳамда ишора тарзида «Шеърият ва ҳақиқат» каби асарларида фикрлар изҳор этилган. «Ғарбу Шарқ девони»да Зулайҳонинг тақдир билан белгиланган кечмиши, албатта, Ислом эътиқодига кўра, Худонинг бошқаруви билан боғлиқ ҳолда деб талқин этилган. Бунда ушбу оҳанг бир йўла шарқона ифода этилган. Худонинг иродаси қаршисида фақат тақдирга бўйсунган кайфиятгина муносиб эканига ишонч Гётенинг девонида ҳам ўз ифодасини топган. «Ҳикматлар китоби»дан олинган тўртлик юмор билан ва шўх тарзда бизни мазкур таълимот асосида ҳар томонлама бағри кенглик қилишга даъват этади:
Нақ телбалик эрур ҳар бир ҳолатда,
Ўз фикрин бошқасидан қўймоқлик устун,
Бизга фарз этди бўйсунмоқликни,
Шундай яшаб ўтмоқ фарздир биз учун.
Муслима учун Худонинг англаб етиш тушунчасига нисбатан Гётенинг хайрихоҳлиги турли кўринишларда ўз ифодасини топган. Шундай бир тарзда биз ваҳдоният таълимотининг юксак баҳоланиши қуйидаги мисраларда гувоҳи бўламизки, улар Қуръоннинг 2-сурасига дахлдордир (мерос қолган «Ширин фарзанд, марварид шодаси» шеъридан парча):
Исо расо ҳис этди, айлаб тафаккур:
Ёлғиз Худо мавжуддир азал ва абад.
Кимки унинг ўзин тангрига йўйди,
Муқаддас иродани ранжитди-қўйди.
Шундан сўнг кўринди нурафшон бир йўл,
Бу йўл Муҳаммадга этмишдир насиб.
Фақат Биру-Борни ҳақиқат билиб,
Бутун бир дунёни солди У йўлга.
Шунинг каби 2-сурадан илҳом олиб битилган қуйидаги мисралар тағин бир марта Гётенинг севимли фикрларини ифода этади, яъни Худо гўё табиат ҳодисаларида акс этади, уларда ўзини танитади ва намоён этади:
Менга мақбул қиёсни танлаш не даркор,
Ҳаётнинг ўзида қиёслар гавжум.
Чунки ҳаёт миқёсини яратгувчи зот,
Чивин тимсолида айлади мавжуд.
Бунинг бошқача тараннуми ҳам шу ерда берилган:
Менга на ташбеҳу на қиёслов ҳавас,
Қайси бири менинг кўнглимга маъқул?
Чунки Худо севгувчи кўзида,
Қиёс имконини бериб қўйган, бас.
«Қўшиқчи китоби»дан келтирилган тўртликда Худо такроран Якка ва Ягона деб таърифланадики, У худди тақдир белгиловчининг ўзгинасидир. Шундан сўнг яна бир карра Гёте учун муҳим бир жиҳат пайдо бўлади:
У ёлғиз эрур ҳам адолатпарвар,
Барчага баробар, холис ва одил.
Юзлаб исмлардан энг сўнгги номин,
Обрўси сарбаланд бўлсин! Омин!
«Девон»нинг билимдонларига маълумки, «Зулайҳо» туркумидаги катта шеърлардан бири Аллоҳнинг мазкур юз исмларга ишора билан тугайди:
Аллоҳнинг юз исмин зикр этсам агар,
Ҳар бирин садосида Ўзи акс этар.
«Худонинг сон-саноқсиз хислатлари ва исмлари борлиги ҳақидаги тасаввур нимаси билан Гёте учун жозибали туюлди экан?» деган саволга унинг Эккерманн билан қурган бир суҳбати равшанлик киритади. Бу суҳбатда шоир қайта-қайта Аллоҳнинг юз исми ҳақида сўз юрита бошлайди. Шу сафар ҳам у Ислом билан ўз руҳонияти ўртасида бир қадар ўхшашлик топганини тан олган эди. 1831 йил 8 мартида, яъни ўлимидан роса бир йил олдин Гёте Эккерманнга шундай дейди: «Болажоним, илоҳиёт ғояси тўғрисида биз ўзи нимани биламиз ва бизнинг маҳдудона тушунчаларимиз юксак У зот хусусида нималарни англата олади? У зотни оддий бир турк мисоли 100 исм билан атамоқни истаганимда эди, таассуфки, жуда қисқа ўйлаган бўлиб чиқардим ва бунчалик чексиз фазилатлар билан қиёслаб кўрилса, яна ҳам хеч нарса айтолмаган бўлардим». Суҳбат муҳитидан келиб чиқиб тахмин қилмоқ зарурки, Исломнинг Аллоҳнинг юз исми ҳақидаги тасаввури Гётенинг ёдига Спинозанинг Худо тушунчасини солди. Бу тушунчани Гёте чуқур ва кенгайтиб ўзлаштирган эди: Ёлғиз Ўзи, Хен Кай Ран кўплаб фазилатга, сифат ва хислатга эгаки, бу ҳақида инсон фақат чекланган тасаввур ва билимга эга бўлмоғи мумкин. Ҳар қандай сифат ва исмни бир ёқлама таъкидлаш беҳад чекловни англатган бўларди, бу ҳақида «Девон»да шундай сатрлар мавжуд:
Номларинг таъмидан олганда лаззат,
Руҳим сокинликда ором топади,
Яхшиликлар ҳамда муҳаббат ила,
Тангрининг ўзини намойиш этар.
Эккерманн билан 1831 йил феврали охиридан март ойи бошларигача содир бўлган суҳбатларда Аллоҳнинг юз исми тўғрисида билдирилган фикрлар Гётенинг демоник (яъни, ғайри инсоний — изоҳ таржимонларники) қувват хусусидаги тасаввурлари билан уйқаш тарзда ифода этилгандир. Бу суҳбатларда нафақат Худонинг борлиқ-моҳияти ва «Тақдири азал» ғояси ҳақида ҳамда «Тақдирнинг яширинча таъсир ўтказувчи қудратли ҳукми» ҳақида, балки Худои Таолонинг бизга қувонч ва ғам-ташвиш етказишида восита бўлиб хизмат қилувчи «абадият қонунлари» ҳақида ҳам етарлича тафсилотлари билан сўз юритилади. Шунинг учун ҳам тасодиф эмаски, Гётенинг диндорлиги масаласи каби масалалар муҳокама этилаётган ушбу ўринда мўйсафид шоирнинг Спинозага нисбатан ўзи тан олган муносабатига ҳам дуч келинади. Яна бир карра Спиноза ёдга олиниши баробарида Исломга муносабат ҳам хотирга олинади. Бунда кексайиб қолган Гёте учун унга маълум бўлган мувофиқликлари туфайли ёшликдан қадрдон бўлиб қолган файласуфнинг таълимотига қадар чинакам ва буюк аҳамият касб этганини кўрамиз. Шу туфайли ҳам шоир сифатида Гётега Ислом динининг бир қанча соҳаларида бунчалик дадиллик билан иш кўрмоқ осон кечган бўлса ажаб эмас.
Гётенинг қизғин иштиёқ билан ёндашган масалалари: биринчидан, бу тақдири азал, иккинчидан Исломда Худо ҳақида бериладиган маълумот-тасаввурдан ташқари, учинчидан, Муҳаммад пайғамбарнинг шахсияти ҳам бўлганини қайд этдик. Мазкур масалаларда ҳам «Ғарбу Шарқ девони» етарлича далилларни келтиради. Бу ерда авваламбор «Buch des Paradis» («Жаннат китоби»)ни тилга олишни жоиз ҳисобламоқ зарур, зеро бунда пайғамбар сиймоси турлича нурафшонликда ёритиб берилган.
Бунинг устига Гёте «Ғарбу Шарқ девони»нинг мукаммалроқ тушуниб олинмоғи учун «Изоҳ ва шарҳлар»да вақт ва саҳифа аямай маълумотлар киритади. Худди ёшлик палласида бўлгани каби қайта-қайта пайғамбар сифатида Ислом асосчисининг борлиқ-моҳияти унинг фикру зикри билан машғул бўлади. Бу икки даврда олган тасаввурлари ҳам ўхшаш, ҳам тамомила ўзгачадир. Агар навқирон Гёте ўзининг шоирлик масъулияти билан пайғамбарликнинг мажбуриятларини муқояса қилиб кўрса ва агар бунда ўз ниҳоясини ушбу икки умумийликка, яъни қалбларни йўлга солиш ва қабиладошларни жалб эта билишга қаратиш баробарида қиёслашга арзигудек нарсаларни идрок эта билган бўлса, қарилик палласида энди у совуққон ва эҳтиёткорона танқид қилиш асносида шоирнинг ижоди ва пайғамбарнинг фаолияти ўртасида мавжуд бўлган кескин фарқларга ишора қилади. «Девон»га илова тарзида берилган «Шарҳ ва изоҳлар»нинг «Муҳаммад» деб номланган бутун бир боби шу масаланинг муҳокамасига бағишлангандир. Ислом дини асосчисининг тимсолини Гёте юқорида зикр этилган муҳим мавзу хусусида тайинли фикрлар баён қилиш учун айни ошкора бир туртки сифатида фойдаланади, чунки Муҳаммад Қуръоннинг ижодкори сифатида мутлақо шундай фаолиятда намоён бўладики, киши бунда беихтиёр бирон шоирни кўз олдига келтириши мумкин.
(Аслида Қуръонга бугунги кунда ҳам кўплаб мусулмонлар Жаброил фаришта воситасида ваҳий этилган Худонинг Каломи деб эҳтиром кўрсатадилар ёки шеъриятга дахлдор бирор мажмуа деб баҳолайдилар).
Бунга қарама-қарши ўлароқ Гёте ўзида улар орасидаги чегараларни аниқроқ белгилаш масъулиятини ҳис этади. «Гарчанд ҳар иккаласи – шоир ва пайғамбар – Ёлғиз Худо томонидан ҳаяжонланувчи ва ҳайратланувчилардир» деб таъкидлайди яна у. Шоир, энг аввало, санъаткордир. Ҳар қандай санъат каби унинг асари ҳам дастлаб «ҳузурбахш бўлмоғи» зарур; умуман олганда унинг ижоди мақсадга эришишда эркин, у ўз фикрлари ва тасвирлари билан ранг-баранглик сари, яъни «чегарасизлик» томон интилади. Пайғамбар эса бунга зид тарзда фақат аниқ бир мақсад томон нигоҳини йўналтиради. У маълум бир таълимотни тарғиб этади, ишонч-эътиқод уйғотади ва бу мақсад йўлида энг содда воситалардан фойдаланади. Айни оддийлик, бошқача ифодаланганда бир хил оҳангда бўлиш эътиқодлиларни жамлаш учун зарурдир, чунки Гётенинг таъкидлашича, «ранг-баранглик ишонч туғдирмайди, балки ўрганиб, билиб олиниши мумкин, холос».
«Муҳаммад» бобида айни шу маънода Гёте Қуръонни ҳам батафсил тавсифлайди ва унинг беқиёс афзалликларини кўрсатиб ўтади ҳамда шоир сифатида ўзига камчилик бўлиб кўринган баъзи бир ўринларни изоҳлаб ўтади ва бунга юқорида мазкур бўлган ўзгача мақсад аниқлиги сабаб эканига ишора қилади.
Шоир ва пайғамбар орасида мавжуд деб қайд этган фарқларга Гётенинг урғу бериши бундай улуғ ёшга етганда шоирнинг масъулияти масаласида йигитлик давридаги жўшқин фикрларига нисбатан асос эътибори билан сустроқ нуқтаи назарга ўтиб олганини англатмаслигини қайд этмоқ зарур. Биз бу ҳақда аввал ҳам сўз юритдик. У пайтларда шоир ўзини одамларнинг ғоявий-руҳий йўлбошчиси ўрнида хаёлан тасаввур қила олар эди. Энди, бу улуғ ёшда туриб шоир умрининг ёшлик фаслидагидан кўра ижод турлариаро фарқни янада қатъийроқ ажрата билар эди, зероки, пайғамбар бевосита таълим берар, шоир эса билвосита таъсир ўтказар экан. Шоир ўз таъсир воситасини ривоят ва муқоясалар «кийимига» ўраб тақдим этади ва фақат гапни айлантириш йўли билан наф етказади деган фикр «Шеърият ва ҳақиқат» асарининг 15-китобида ифодаланган.
Кекса ёшга етган Гёте шериятнинг айни юксак вазифаларини ошкор ифода этгандан кўра уларни пардалаб кетишни афзал билгани маълум бўлади дейиш мумкин. Шунга мувофиқ «Ғарбу Шарқ девони»нинг деярли хилват бир ўрнида «Муҳаммад» бобининг энг муҳим иловаси сифатида қўшиб қўйилмоғи лозим топилган бир жумла бор: шеъриятда «инсониятнинг муқаддас нарсалари авайлаб сақлаб қолинади!» («Янгироқ ва энг янги сайёҳ» боби). «Муҳаммад» бобида Ислом асосчисига нисбатан Гётенинг шу улуғ ёшда ҳам ҳеч бир жиҳатдан сусаймаган асос эътибори билан юксак эҳтиром билан пешвоз турганини кўриш мумкин. Ислом динининг Гёте хайрихоҳлик кўрсатган асосий рукнлари ҳақида гап юритганда «Девон»нинг насрий қисмида ҳам юқоридаги каби фикрлар мавжудлиги қайд этилмоғи зарур. Масалан, Худонинг ваҳдонияти ҳақидаги таълимотнинг баҳоси қайта ва қайта кучлироқ урғулар воситасида ўз ифодасини топади. Кўп худолиликни бартараф этишда исломий эътиқоднинг буюк хизматига катта баҳо беради. «Ёлғиз Худога ишониш руҳиятга уни доимо юксалтирувчи таъсир ўтказади, чунки бундай ишонч инсонга ўз ички дунёсининг бирлигини инкор этишни ўргатади». Бу унутилмас жумла, «Маҳмуд Ғазнавий» бобидан жой олган. Бу бобнинг ниҳоя қисмида Ҳиндистон динларининг ниҳоятда дағал танқиди ҳам қўшиб қўйилган ва бу динлар «Ҳиндларнинг маъбудларга сиғиниши» деб аталган. Бу тахлит ўткир баҳс-мунозарани Гётенинг Ҳиндистон ҳақидаги маълумотлари ўша пайтда бирмунча етарли эмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Шунинг оқибатида Гётега хос бўлган диний бағрикенглик шу ерга келганда «оқсаб» қолгандек кўринади.
Бироқ бошқа бир таълимот, яъни Худонинг иродасига бўйсуниш масаласига Гёте қайта-қайта эътиборини қаратади. Масалан, «Келажак девони» бобида шоир писанда қиладики, унинг ўзига ҳали «номукаммал бўлиб туюлаётган» ушбу асарни кенгайтириш нияти ҳам бор. Бундай сифатларга эга бўлган ва ижод қилинажак шеърлар туркумини эса шоир қуйидаги ибораларда тавсифлайди: бундай шеърлар сеҳрли ва Худонинг ўрганиб тагига етиб бўлмайдиган ҳамда ақл бовар этмайдиган ҳоҳиш-иродаларидан келиб чиқадиган ғаройиб йўл-йўриқларию ибораларни намоён этмоқлари даркор. Балки улар «асл Исломни тасдиқласа ва уни ўргатса ажаб эмас ва Худонинг иродасига сўзсиз бўйсунишдан таълим берса, ҳамда ҳеч ким қачонлардир белгилаб қўйилган ўз тақдиридан қочаолмаслигини тарғиб ва ташвиқ қилса не ажаб». Шоирга ўзи учун севимли бўлган «асл Ислом» мавзусига оид жуда оз фикрлар баён этгандек бўлиб туюлганини яққол кўрмоқдамиз. Бу соҳада унинг ўзи ҳеч қачон етарли мамнун бўларли даражада ишлар қилмоғини мумкин деб билмаганлиги аён.
«Ғарбу Шарқ девони» босилиб чиққандан бир йил ўтгач, Гёте Селтерга оз-оздан тўпланиб бораётган янги шарқона шеърларни назарда тутиб қуйидаги сатрларни ёзган эди: «Муҳаммаднинг бу дини, ривоятлари, ахлоқи шундай бир шеъриятга макон берадики, шеъриятнинг бунақаси худди мен учун аталгандайдир». Бунинг кетидан шоир исломий фикрлар оламида энг муҳим нарсалар нима эканини санаб ўтади ва бу ўринда ҳам яна бир марта қуйидагиларни тилга олиб ўтади: «Худонинг изоҳлаб бўлмайдиган иродасига бўйсуниш». Ғайри одатий кўтаринки руҳда изоҳ ва мунозараларга бағишланган қисмнинг «Келажак девони» номли боби ушбу жиҳат хусусида сўз юритади. Бунда қайд этилишича, шарқда барча нарса кузатиш ва тафаккурдан иборат. Бундайин тафаккурлаш «ўзига хос тарзда» мавжуд, чунки бу тафаккурлаш дарҳол бизни олдимизга ердаги ҳаёт кечиришнинг шундай ғаройиб муаммолари мавжуд нуқталари сари бешафқат элтади ҳамда бизни шундай вазиятга дучор қиладиларки, олдиндан белгиланган тақдирга ва унинг тушуниб бўлмас қарор ва йўриқлари олдида тиз чўкишга ва тақдирга тан бермоқни олий даражадаги сиёсий, ахлоқий, диний қонун деб сўзламоққа мажбур бўламиз.
Сўзимнинг охирида «Девон»нинг насрий қисмидан яна бир жумлани иқтибос этмоққа ижозат этинг, демоқчиман. Бу жумла мен ўз тадқиқотларимда нимани баён қилмоқчи бўлганимни оддийгина ва тушунарли хулосалаб беради. Бу уч асосий нуқта Гётенинг Исломга барча қизиқишлари марказида бўлиб келган. Бунда Гёте Ислом динига нисбатан қуйидагиларни изҳор этади: «Худонинг Ягоналиги, Унинг иродасига бўйсуниш, пайғамбар орқали хабар бериш экани буларнинг барчаси бизнинг эътиқодимиз ва тасаввурлаш тарзимизга мос тушади». («Изоҳ ва тадқиқотлар», «Шубҳа» боби). Даъват этувчи оҳангда тақдим этилган барча мазкур қоидалар Гёте то ҳануз ўзига муносиб баҳо берилмаган Ислом динининг асл қадрини элга англатишга нақадар зўр иштиёқманд бўлганини равшан ифодалаб беради. Шунда биз баёнимиз бошида «Девон» муаллифидан аввал келтирилган қуйидаги мардонавор сўзларни янада яхшироқ англаймиз: «Девон» муаллифи «ўзи мусулмон эмасмикан» деган шубҳага рад жавоби бермаган эди.
[1] Йохан Волфганг Гёте 1749 йил 28 августда Германиянинг Франкфурт (Майн) шаҳрида туғилган, 1832 йил 23 мартда Ваймар шаҳрида вафот этган. Кўп қиррали буюк шоир, санъат назарияси, табиат илмини тараннум этган ёзувчи, давлат арбоби, немис классик адабиётининг йирик намояндаси. Асарлари кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган. Жумладан, ўзбек тилига «Фауст», «Ёш Вертернинг изтироблари» ва бошқалар. (таржимонлар).
[2] Лудовико Мараччи – машҳур Италян шарқшуноси. Қуръонни лотин тилига илк бора таржима қилган.
( Барча иқтибослар таржимонлар томонидан ҳавола қилинмоқда)
[3] Хадриан Реланд – Голландиялик протестант шарқшуноси, 1705 йилда Утрехт шаҳрида «De relegione Mohammedica» китобини нашр эттирди.
[4] Георг Сале – инглиз шарқшуноси, 1734 йилда Қуръонни биринчи марта инглиз тилига таржима қилган.
[5] А.Буланвиле – Француз исломшуноси, француз тилида у ёзган Муҳаммад пайғамбарнинг таржимаи ҳоли бир қатор маърифатпарварларга ижобий таъсир ўтказган.
[6] Волтер – Франсуа Мари Аруэ 18-аср француз маърифатчилигининг намояндаси. Адиб ва файласуф. Муҳаммад пайғамбарга бағишланган трагедия муаллифи.
[7] Лайбниц Готтфрид Вилхелм – Германияда 17-18 асрларда бир қатор илм соҳаларида қалам тебратган қомусий олим,файласуф, математик ва давлат арбоби
[8] Ҳердер Йоҳан Готфрид – 18-аср олмон маърифатчи адиби, ислом динини покизалик ва хушхулқлиликни тарғиб қилувчи илғор эътиқод деб алқайди.
[9] Лессинг Готхолд Эфраим – 18-аср олмон маърифатпарвари, олмон мумтоз адабиёти асосчиси «Донишманд Натан» драмасида диний бағрикенгликни тарғиб қилди.
[10] Пиндар (лотинча Pindarus) – эрамиздан аввалги 522-466 йилларда яшаб, ижод қилган машҳур кадимги грек лирик шоири
[11] Лафатер – Гётенинг замондоши, ўзини пайғамбарона тутган шахслардан.
[12] Пантеистик – якка Худолик
[13] Политеистик – кўп Худолик
[14] Ҳерцог Карл Август – Саксония ва Ваймар буюк Князи, маданият, адабиёт, савдо-саноат тараққиётининг ташаббускори ва ҳомийси.
[15] Спиноза Барух (Бенедикт) – 17-аср Нидерланд файласуфи. Диний ҳур фикрлиликни тарғиб қилгани учун диндан ташқари деб эълон қилинган. Европа маърифатчиларини ғоявий озиқлантирган таълимот асосчиси.
[16] Эккерманн Йохан Петер – И.В.Гёте ҳаётининг сўнги ўн йилида узлуксиз ҳамсуҳбат бўлган ва унинг таржимаи ҳолини батафсил яратган адабиётшунос ва танқидчи.
Олмон тилидан бевосита ўзбек тилига ўгирилди.