Korrado Alvaro. Kuz bo’roni

004      Ёмғирнинг дарахт япроқларига шиддат билан урилиб, шошганча тоғ ёнбағирлари сари ўрлагани эшитилар, йўловчилар салт отларини силтаб, ниқтаган кўйи ҳали ҳам ярқираб турган яланг чўққи томон қараб қўйишарди. Дарахтлар бағрида эса фурсат пойлаётган кишилар издиҳомининг шовур-шувури ичра барглар ҳилпираб, титрарди. Шу он чақмоқ чақди-ю, шаффоф сув заррасидаги ғира-шира қуёш аксини чилпарчин қилиб юборди…

Коррадо АЛЬВАРО
КУЗ БЎРОНИ
Итальянчадан Рустам Ибрагимов таржимаси
001

003     Коррадо Альваро ((итал. Corrado Alvaro; 15. 04. 1895, Сан-Лука — 11. 06.1956, Рим) ) — италиялик таниқли адиб, шоир, драматург, журналист ва киносценарист. Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси. Муссолинининг фашист ғояларига асосланган ҳкумати пайтида Италияни тарк этишга мажбур бўлган, фақат иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин ватанига қайтган. Алваро Коррадонинг биринчи китоби —  «Тупроқ рангли шеърият» шеърий тўпламидир (1917). Алваронинг энг яхши асари ‒ « Аспромонтдаги одамлар» қиссаси (1930) бўлиб, асарда Калабриядаги деҳқонларнинг фашизм йилларидаги ҳаёти тасвирланган. «Қисқа ёшлик» (1946) романи руҳият манзараларидан иборат. «Деярли бутун умр» китоби (1954) ёзувчининг 1927‒47 йиллардаги кундаликларидан иборат. Шунингдек, “Денгиз”,  “Қисқа умр”, “Ороллик хоним”, “Мастранжелина” сингари қисса ва романлари, «75 ҳикоя», «Рашк» номли ҳикоялар тўпламлари машҳур. Унинг бир қатор асарлари Пиранделло ва Жойс изланишлари руҳи билан йўғрилган.

001

022Ёмғирнинг дарахт япроқларига шиддат билан урилиб, шошганча тоғ ёнбағирлари сари ўрлагани эшитилар, йўловчилар салт отларини силтаб, ниқтаган кўйи ҳали ҳам ярқираб турган яланг чўққи томон қараб қўйишарди. Дарахтлар бағрида эса фурсат пойлаётган кишилар издиҳомининг шовур-шувури ичра барглар ҳилпираб, титрарди. Шу он чақмоқ чақди-ю, шаффоф сув заррасидаги ғира-шира қуёш аксини чилпарчин қилиб юборди. Бунинг кетидан кўм-кўк қирққулоқлару қай бир дарахтларнинг қўнғир-қизғиш танаси ялт этиб ёришди.  Куртак ёзган қорақарағайлар ҳам манзарали дарахтлар янглиғ ёрқин тусга кирди. Ўша чоғ водийдан пастда ёнбағирлар бўйлаб ошиқаётган кишиларни, тумшуғига кўз илғамас юган урилган қорамтир тус жониворларни кўриш мумкин эди. Бироқ сал ўтмай қуёш юзини туман қоплаб, ҳар турли ўнқир-чўнқирлардан лойқа сув оқимининг шовуллаб қуйилиши асносида тоғни қалдироқ тутиб кетди. Ўз навбатида сув ҳам муттасил равишда ҳайқириб оқа бошладики, оқибат заминнинг яшин урган ўйдим-чуқур ерлари сувдан тўлиб-тошди. Тоғ устини ўраган баҳайбат булут ваҳшат ичра теварак-атрофга чўмичлаб сув пуркар, денгиз томон ошиққан бетизгин оқимни кузатмоқ учун узанган эди. Чақиндан, булутларнинг туйқус емирилишидан пайдобўлаётган  алдамчи манзаралар киши ўнгида олис ҳамда тубсиз маконларни намоён этарди. Тепаликка чиқиш тадоригидаги сайёҳлар ҳам, аллақайси байрамдан кўплашиб қайтаётган йўлчилар ҳам энди ортиқ кўзга ташланмасди. Хайриятки, тоғда кўчманчи чўпонлардан қолган мағораю кулбалар бор. Йўқса…

Шундай пайтда тоғ камарида, аланга ёлқини бурқсиган томондан кучли ёмғир остида хачирини етовга олган бир йўловчи кўринди. У осмонга қараб чўзиқ тумшуғи билан тепасида ёйилган булутлар тўпини искашга тутинган жониворни дарахтга боғлади. Шундан кейин судралганча  ташландиқ кулбага кирди. Айни дамда  ёмғир тўхтаб, тина ёзганини ҳам сезди.

У қирққулоқнинг қалин япроқли новдалари чирмаган эшикни ёпди-ю ўша замон қоронғи хонада одам шарпасига кўзи тушди.

– Қандай ажойиб саёҳат, шундай эмасми?

Ўз навбатида бунга жавобан аёл кишининг “Ҳа, шундай” деган заиф овози эшитилди. Кулба ичида аллақандай ҳид димоққа урилди.

– Бу қанақаси, тоғда ёлғиз ўзингиз… Тағин шундай ҳавода-я?

– Мен ёлғизмасман. Отам иккаламиз миниб келган отлар қочиб кетди. Ҳозир уларни излашяпти. Билмадим, шундай пайтда уларни қайтиб топа  олишармикан… ё жониворларни бошқа ёққа ҳайдаб кетишдими. Тоғда бунақа ёмғир ёққан маҳал нимаям қўлингдан келарди.

Аёл бу сўзларни бошини қуйи солганча тутилиб-тутилиб айтаркан, унинг вужудини кучли титроқ чулғагани билиниб турарди. Кирган одам дарҳол елкасидаги ёпинчиғиини ечди-да, унга узатди. Аёл қўлини чўзиб, ёпинчиқни олди ва елкасига ташлади. Эркак эса камзулининг қайтарма ёқасини тузатиб қўйди.

– Умид қиламизки, кўпга чўзилмайди. Қолаверса, буни куз бўрони дейдилар. Икки йил аввал байрамдан кейин ҳам худди мана шунақа бўлганди. Ўтган йили-ку, бир аёл бола-чақасига қўшилиб жувонмарг кетди.
– Вой, шўрлик…

Бу вақтда ёмғирнинг яна зўрайиб забтига олгани, томчиларнинг тупроққа урилиб,  оҳангини шиддатона ўзгартиргани сезилар, гўё борлиқ қотиб қолгану, дунёда халқоб сувдан бўлак ҳеч нарса йўқдек эди. Бу рутубатга дош беролмагандай, чақмоғу момагулдурак ҳам ошиғич қаёқларгадир чекинди. Аёл ёпинчиқдан ҳароратли кўзларини ташқаридан узмас эди. Кўз очиб юмгунча қош қорайиб, қоронғи тушди. ёмғирли бўроннинг шовқини ўй-хаёлини банд этиб, икковиям жим қолганди. Ушбу ҳол ягона ва доимий маром тусини олгачгина сўз айтишга имкон топилди. Аммо эркак “Тунни шу ерда ўтказишимизга тўғри келади” дея оғиз очган заҳоти тишлари совуқдан такиллади. “Анови бояқиш жонивор  ташқарида!”, қўшиб қўйди у. Бу сўзлар худдики юриб кетаётган ғилдиракни тўхтатмоққа чоғи келмаётгандек, тишлари орасидан чўзилиб, ёйилиб чиқарди. Айни пайтда аёл сим-сиёҳ, иссиққина кунжакдан боққан кўйи сўз қотди:

– Афсус, мени деб жонингиз азобда қолди.

Афтидан, у яна нимадир демоқчи эди-ю, бироқ индамади. Шу топда аёл шеригининг кўз ўнгида зим-зиё тун ичра илиқлик акс этган ёрқин нур мисол гавдаланди. Сўнг эркак кўзларини юмди-да, бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Ўзини баайни дарё юзасига қалқиб чиққандек ҳис қилди. У ҳар қанча уринмасин кўзини очишгаям ҳоли келмай, оғир уйқу аралаш тишларини ғижирлатарди. Бир вақт ўзига-ўзи қоп-қоронғи бир зиндонда гандираклаб юргандай туюлди: оёғига челаклаб сув қуйишармиш, уни қуршаб олиб, калака қилишармиш, тирқишдан ташқарига қараса, янгитдан байрамга тўпланган халойиқ куй чалиб, ўйинга тушармиш… Сал ўтмай у зиндондан қутулиб чиққанмиш. Калисодамиш. Оломоннинг ҳовуридан вужудига мадор эниб, исириқ исини туярак дадилланганмиш…

Айқаш-уйқаш бу ўй-хаёллар ўтга тушган муз парчаси каби унинг чала-ярим уйқусини ўчириб юборди. Кўзини очиб билдики, у ростдан ҳам исиб кетибди. Ёпинчиғининг бир учини устида кўраркан, бирдан ҳалиги аёл эсига тушдию, қўлини чўзиб, ўша заҳоти унинг илкини туйди. Назарида аёл жойидан силжимасликка астойдил уринар, ўзини ухлаганга соларди. Қўл бўғими, қўлию кўкси туташ ўрни қуёш оташи тоблагандай қизигачгина аёл ўрнидан қўзғалди. Ёмғир эса эндиликда тинган, тоғнинг ҳар ургури, пана-пастқам ери бўйлаб шамол увлар, одам шаклини эслатувчи харсангу қоятошлар ўзларини ёлғиз сезаётгани ана шу тун бағрида жўровоз фиғон чекарди гўё.

Эркак бирон сирни ўсмоқчилаб билиб олмоқчидек сўради:
– Ухлаяпсизми?

Йўқ деган жавоб бўлди.
– Қаерликсиз?

Аёл аллақайси қишлоқни айтди.

– Мен ҳам ўша ерликман. Унда сизни танисам керак. Исмингиз нима эди?
– Иммаколата.
– Қайси Иммаколата?

Аёл дона-дона қилиб деди:
– Иммаколата Страно.

– Э, ўша сизмисиз! Сизни кичкиналигингизда кўрганман. Фақат энди танидим, ҳатто тун бўйи бирга ўтирган эсак-да… Билсангиз, сизнинг оилангиз билан биз душманмиз. Мен Филиппо Лиго бўламан.

Аёл индамади.

– Йигирма йилдан буён оилаларимиз ўртасида гап-сўз қочган. Ўшанда ҳали бола эдик. Бир қишлоқдан бўлган, бир-бирига қариндошлигиям бор кишиларнинг бунчалик адоватга бориши қанчалар ёмон, шундай эмасми?

– Мен буни қайдан билай? Ахир, аёл кишиман…
– Сиз тўғрингизда кўп эшитганман…

– Отам қаёқларда юрганийкин-а?..
– Бунақанги шамолда йўл юриш маҳол.

– Мабодо, мендан хавотирланмаяпсизми?

– Мен ҳеч кимдан хавотирланмаяпман. Қачонки ғаниминг бўлса, – давом этди эркак, – нуқул у ҳақда ўйлайсан, тўғрими? Шунда ўзингни бошқа бир дунёга, боши берк кўчага кириб қолгандек сезасан.

Шу он сезгисида  аёлнинг қўлидан тутганию, унинг тафти, ҳароратини ҳис этгани  уйғониб, нима бўлгани акс-садо мисол  ёдига тушди.

– Ёпинчиғимнинг этагини устимга ёпиб қўйиб, катта илтифот кўрсатибсиз. Йўқса, совуқдан нобуд бўларканман-а… Анча вақт ухлабман, шекилли… Раҳмат.

Аёл ҳеч бир гап-сўзсиз унга ёпинчиқни узатди. Ўз навбатида эркак қўлларида қандайдир жонли, ҳаётбахш нарсани туйдики, ундан ҳали аёл ҳарорати, уйқу нафаси уфуриб турарди. Ёпинчиқни қайтармоқчи бўлди, аммо бир зум унга бурканиб олди-да, сўнг иссиқ ҳаммомдан чиққандай жунжикиб, елкасидан ёпинчиқни итқитиб ташлади.

– Нега бундай қиляпсиз, душманлигимиз сабабми? Ушланг буни.

У қўлига тутқазилган бежиримгина туфлига истар-истамас қаради. Ниманидир кутиш, муштоқлик бу одамни жунбишга келтиргандай бўлар, фикру хаёли эса муқаррар денгиз сари интилгувчи дарёлардек ўша аёл томон ошиқарди.

– Ҳар ҳолда, – дея гап қистирди у. – бу дунёда нималар бўлмайди дейсиз!

Афтидан, тузалмоғи учун нима қилиши лозим бўлса, шу нарсага уриниб кўргувчи беморларда кўрилганидек, дафъатан унинг нафаси бўғзига тиқилаёзган эди. Юрагининг туб-тубига қадар сандонга тушган болға суръати-ла гупуриб қон тепар, ва бундан анчайин кучли бир садо чиқарди. Эндиликда туннинг замин қаъри сингари ҳар турли унсурлардан тўлиб-тошгани сезилиб турарди. Шунда эркак “Қўлингиздан ушлаганим яхши бўлмади, буни ўзим ҳам хоҳламагандим”, деди. Аёл сирли бир сукутга чўмган эди. Ўзини босиб олиш учун бўлса керак, эркак бетоқат гугурт ахтариб, намиққан гугуртчўплардан бирини ёқишга тутинди. Охири бунга эришдиям. Сўзлаётган чоғида эса назарида, овози тун қўйнига чўкиб бораётганга, бирон тирик жон билан эмас, қандайдир кўлка билан гаплашиб турганга ўхшарди. Шу пайт у чақилган ўша гугурт ёруғида ич-ичигача ботиб кетган, сўлғин кўзларга боқаркан, дали хаёлига аёл кийими ичига ханжар яширмаганмикин, деган фикр ҳам келди. Лекин нигоҳи унинг юзига қадалгач, кўнгли осойиш топди. Шамол бўлса айни дам ҳилвираган елкандай пасайиб борар, икковининг-да хаёлидан бир ўй кечарди: “Ҳадемай тонг отади”…

Аёл уриниб-суриниб эшикни очганида тоза бир нурга ташна борлиқ кунчиқар ёққа қараб ястанган дарахтларнинг маҳзун рафтори аро кулранг тусда зоҳир бўлди.

Юлдузлар ўчаёзган аланганинг сўнгги чўғлари каби ҳали ёниб турарди. Аёл  ташқарига чиқишга чоғланган эди, аммо эркак “Кетманг, яна озгина кутинг” дея ўтингач, ҳўл кокилини бурадию бошини эгиб, остонага ўтириб қолди. Эркак унга ёндашаркан, “Эшитдингизми…” деди, ва ўша он иккови ҳам бир-бирига яқинлашиб, бир-бирининг кўзига термилганча бошқа ҳеч нарсани кўришмади. Бўрондан кейин томлардан оқиб тушаётган ёмғир томчиларининг шов-шуви остида лаблар аста лабларга туташди. Бироқ иккови тезда кўзини очдию, маъюс, умидсиз нигоҳлар яна тўқнашди. Бирдан аёл шеригининг кўксига муштлаб, юзини тимдалай бошлади,  эркак эса тентакларча кулар эди… Салдан кейин  аёлнинг тутам сочлари елкасига ёйилган кўйи ташқарига девонавор югурганию осмон баробар баландлаб, ёнбағирликка етганда тўхтагани ҳамда ўзи томон қарагани кўз ўнгида зуҳур бўлди. Сўнгра аёл аста-секин пастга қайтиб тушаркан, “Нима қилай, ахир, нима қилай?.. Яхшиси, қўйинг, кетаман”, дерди.

Энди у ювош тортиб, мўмин-қобил, итоаткор бўлиб қолганди. Айни шу лаҳзаларда бир-бирига кўзга кўринмас ришта билан боғланган, биргаликда бу ерлардан бош олиб кетишни ихтиёр этиб, бир-бирига ёвуқ келган эдилар. Мана улар – бири иккинчисига юзма-юз турган, бўй-басти ўзаро уйғун, мутаносиб икки киши, дунёдаги энг оддий, энг биринчи туйғу сабабчилари – эркак ва аёл – ўзга ҳеч бир киши эмас, балки ўзаро ниманидир йўқотиб қўйгандек бири иккинчисига диққат билан тикилган икки киши…

Ана шунда аёл титроқ ичида “Агар отам бизни кўриб қолсами…” деган заҳоти эркак қўлларини ёзганча сўз қотди: “Кетмоқчимисан? Ҳалиям вақтинг бор. Кет”.

Ҳайтовур аёл кетмадию, “Тақдир экан” дея қўлини букди, сўнг “Хўш, қаёққа борамиз?” деб сўради. Шериги бўлса хачирга минаётиб, унинг ҳам чиқишига кўмаклашиш учун қўл узатаркан, “Чиқа қол” деди…

…Жонивор тоғ оралаб аранг кўтариларди. Офтоб хуш таъм шаробдай қайноқ нур пуркади. Уларнинг баҳайбат қизғиш сояси тонг ёғдусида тобора қисқариб, кичрайиб борар, икковлон қумда шошқин из қолдириб кетишардики, бу ҳол кишида аёлни ҳалиги эркак олиб қочаяпти деган тасаввур уйғотарди. Яйдоқ жонивор эса беланчакнинг тебранишидек бир маромда йўрғалар эди.

– Маҳкамроқ ушла, пастга қарама, ҳозир тик жарлик чиқади.

Дарҳақиқат, ранг-баранг қоятошлар орасида ўша жарлик кўринди, ва яна пастга қараб тармоқланганча шовуллаб оқаётган жилға…

…Аёлни маҳкам ушларкан, эркак дастпанжаси билан уни тасмасидан тортиб, суриб қўярди.

– Қаёққа кетяпмиз? Қишлоққа бўлмаса керак, албатта?
– Йўқ, бошқа узоқроқ жойни излаб кўрамиз.

Иккови бир-биридан айрилиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Бахт деганлари алалоқибат шу бўлдимики, номаълум бир мусибат қаршисида гўё кимдир орқаларидан таъқиб этиб, уларни маъмур бир ўлкадан қувғин қилгандек эди. Шу нарсага аҳамият бергандай, аёл таъкидлади:

– Агар отам бизни топса, ўлдиради…

054Таржимон ҳақида: Рустам Ибрагимов (Иброҳимов) 1988 йилда Ғиждувон туманида туғилганман. Бухоро давлат университетининг филология факультети (бакалавр ва магистратура)ни тамомлаганман. Бухоро шаҳрида яшайман. Оилалиман. Айни пайтда “Бухоронома” газетаси мухбириман. Бир неча йил олдин “Akademnashr” томонидан ҳаммуаллифликда “Чингиз Айтматов ва XXI аср” номли монографиям чоп этилган. Итальян адиблари асарларидан қилган таржималарим, шунингдек, қатор илмий мақолаларим “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Бухоро мавжлари” сингари нашрларда чиққан.

002

Korrado ALVARO
KUZ BO’RONI
Italyanchadan Rustam Ibragimov tarjimasi
001

 054Korrado Alvaro ((ital. Corrado Alvaro; 15. 04. 1895, San-Luka — 11. 06.1956, Rim) ) — italiyalik taniqli adib, shoir, dramaturg, jurnalist va kinostsenarist. Birinchi jahon urushi qatnashchisi. Mussolinining fashist g’oyalariga asoslangan hkumati paytida Italiyani tark etishga majbur bo’lgan, faqat ikkinchi jahon urushi tugagandan keyin vataniga qaytgan. Alvaro Korradoning birinchi kitobi —  «Tuproq rangli she’riyat» she’riy to’plamidir (1917). Alvaroning eng yaxshi asari ? « Aspromontdagi odamlar» qissasi (1930) bo’lib, asarda Kalabriyadagi dehqonlarning fashizm yillaridagi hayoti tasvirlangan. «Qisqa yoshlik» (1946) romani ruhiyat manzaralaridan iborat. «Deyarli butun umr» kitobi (1954) yozuvchining 1927?47 yillardagi kundaliklaridan iborat. Shuningdek, “Dengiz”,  “Qisqa umr”, “Orollik xonim”, “Mastranjelina” singari qissa va romanlari, «75 hikoya», «Rashk» nomli hikoyalar to’plamlari mashhur. Uning bir qator asarlari Pirandello va Joys izlanishlari ruhi bilan yo’g’rilgan.

001

Yomg’irning daraxt yaproqlariga shiddat bilan urilib, shoshgancha tog’ yonbag’irlari sari o’rlagani eshitilar, yo’lovchilar salt otlarini siltab, niqtagan ko’yi hali ham yarqirab turgan yalang cho’qqi tomon qarab qo’yishardi. Daraxtlar bag’rida esa fursat poylayotgan kishilar izdihomining shovur-shuvuri ichra barglar hilpirab, titrardi. Shu on chaqmoq chaqdi-yu, shaffof suv zarrasidagi g’ira-shira quyosh aksini chilparchin qilib yubordi. Buning ketidan ko’m-ko’k qirqquloqlaru qay bir daraxtlarning qo’ng’ir-qizg’ish tanasi yalt etib yorishdi. Kurtak yozgan qoraqarag’aylar ham manzarali daraxtlar yanglig’ yorqin tusga kirdi. O’sha chog’ vodiydan pastda yonbag’irlar bo’ylab oshiqayotgan kishilarni, tumshug’iga ko’z ilg’amas yugan urilgan qoramtir tus jonivorlarni ko’rish mumkin edi. Biroq sal o’tmay quyosh yuzini tuman qoplab, har turli o’nqir-cho’nqirlardan loyqa suv oqimining shovullab quyilishi asnosida tog’ni qaldiroq tutib ketdi. O’z navbatida suv ham muttasil ravishda hayqirib oqa boshladiki, oqibat zaminning yashin urgan o’ydim-chuqur yerlari suvdan to’lib-toshdi. Tog’ ustini o’ragan bahaybat bulut vahshat ichra tevarak-atrofga cho’michlab suv purkar, dengiz tomon oshiqqan betizgin oqimni kuzatmoq uchun uzangan edi. Chaqindan, bulutlarning tuyqus yemirilishidan paydobo’layotgan aldamchi manzaralar kishi o’ngida olis hamda tubsiz makonlarni namoyon etardi. Tepalikka chiqish tadorigidagi sayyohlar ham, allaqaysi bayramdan ko’plashib qaytayotgan yo’lchilar ham endi ortiq ko’zga tashlanmasdi. Xayriyatki, tog’da ko’chmanchi cho’ponlardan qolgan mag’orayu kulbalar bor. Yo’qsa…

Shunday paytda tog’ kamarida, alanga yolqini burqsigan tomondan kuchli yomg’ir ostida xachirini yetovga olgan bir yo’lovchi ko’rindi. U osmonga qarab cho’ziq tumshug’i bilan tepasida yoyilgan bulutlar to’pini iskashga tutingan jonivorni daraxtga bog’ladi. Shundan keyin sudralgancha tashlandiq kulbaga kirdi. Ayni damda yomg’ir to’xtab, tina yozganini ham sezdi.

U qirqquloqning qalin yaproqli novdalari chirmagan eshikni yopdi-yu o’sha zamon qorong’i xonada odam sharpasiga ko’zi tushdi.

– Qanday ajoyib sayohat, shunday emasmi?

O’z navbatida bunga javoban ayol kishining “Ha, shunday” degan zaif ovozi eshitildi. Kulba ichida allaqanday hid dimoqqa urildi.

– Bu qanaqasi, tog’da yolg’iz o’zingiz… Tag’in shunday havoda-ya?

– Men yolg’izmasman. Otam ikkalamiz minib kelgan otlar qochib ketdi. Hozir ularni izlashyapti. Bilmadim, shunday paytda ularni qaytib topa olisharmikan… yo jonivorlarni boshqa yoqqa haydab ketishdimi. Tog’da bunaqa yomg’ir yoqqan mahal nimayam qo’lingdan kelardi.

Ayol bu so’zlarni boshini quyi solgancha tutilib-tutilib aytarkan, uning vujudini kuchli titroq chulg’agani bilinib turardi. Kirgan odam darhol yelkasidagi yopinchig’iini yechdi-da, unga uzatdi. Ayol qo’lini cho’zib, yopinchiqni oldi va yelkasiga tashladi. Erkak esa kamzulining qaytarma yoqasini tuzatib qo’ydi.

– Umid qilamizki, ko’pga cho’zilmaydi. Qolaversa, buni kuz bo’roni deydilar. Ikki yil avval bayramdan keyin ham xuddi mana shunaqa bo’lgandi. O’tgan yili-ku, bir ayol bola-chaqasiga qo’shilib juvonmarg ketdi.
– Voy, sho’rlik…

Bu vaqtda yomg’irning yana zo’rayib zabtiga olgani, tomchilarning tuproqqa urilib, ohangini shiddatona o’zgartirgani sezilar, go’yo borliq qotib qolganu, dunyoda xalqob suvdan bo’lak hech narsa yo’qdek edi. Bu rutubatga dosh berolmaganday, chaqmog’u momaguldurak ham oshig’ich qayoqlargadir chekindi. Ayol yopinchiqdan haroratli ko’zlarini tashqaridan uzmas edi. Ko’z ochib yumguncha qosh qorayib, qorong’i tushdi. yomg’irli bo’ronning shovqini o’y-xayolini band etib, ikkoviyam jim qolgandi. Ushbu hol yagona va doimiy marom tusini olgachgina so’z aytishga imkon topildi. Ammo erkak “Tunni shu yerda o’tkazishimizga to’g’ri keladi” deya og’iz ochgan zahoti tishlari sovuqdan takilladi. “Anovi boyaqish jonivor tashqarida!”, qo’shib qo’ydi u. Bu so’zlar xuddiki yurib ketayotgan g’ildirakni to’xtatmoqqa chog’i kelmayotgandek, tishlari orasidan cho’zilib, yoyilib chiqardi. Ayni paytda ayol sim-siyoh, issiqqina kunjakdan boqqan ko’yi so’z qotdi:

– Afsus, meni deb joningiz azobda qoldi.

Aftidan, u yana nimadir demoqchi edi-yu, biroq indamadi. Shu topda ayol sherigining ko’z o’ngida zim-ziyo tun ichra iliqlik aks etgan yorqin nur misol gavdalandi. So’ng erkak ko’zlarini yumdi-da, boshqa hech narsani ko’rmadi. O’zini baayni daryo yuzasiga qalqib chiqqandek his qildi. U har qancha urinmasin ko’zini ochishgayam holi kelmay, og’ir uyqu aralash tishlarini g’ijirlatardi. Bir vaqt o’ziga-o’zi qop-qorong’i bir zindonda gandiraklab yurganday tuyuldi: oyog’iga chelaklab suv quyisharmish, uni qurshab olib, kalaka qilisharmish, tirqishdan tashqariga qarasa, yangitdan bayramga to’plangan xaloyiq kuy chalib, o’yinga tusharmish… Sal o’tmay u zindondan qutulib chiqqanmish. Kalisodamish. Olomonning hovuridan vujudiga mador enib, isiriq isini tuyarak dadillanganmish…

Ayqash-uyqash bu o’y-xayollar o’tga tushgan muz parchasi kabi uning chala-yarim uyqusini o’chirib yubordi. Ko’zini ochib bildiki, u rostdan ham isib ketibdi. Yopinchig’ining bir uchini ustida ko’rarkan, birdan haligi ayol esiga tushdiyu, qo’lini cho’zib, o’sha zahoti uning ilkini tuydi. Nazarida ayol joyidan siljimaslikka astoydil urinar, o’zini uxlaganga solardi. Qo’l bo’g’imi, qo’liyu ko’ksi tutash o’rni quyosh otashi toblaganday qizigachgina ayol o’rnidan qo’zg’aldi. Yomg’ir esa endilikda tingan, tog’ning har urguri, pana-pastqam yeri bo’ylab shamol uvlar, odam shaklini eslatuvchi xarsangu qoyatoshlar o’zlarini yolg’iz sezayotgani ana shu tun bag’rida jo’rovoz fig’on chekardi go’yo.

Erkak biron sirni o’smoqchilab bilib olmoqchidek so’radi:
– Uxlayapsizmi?

Yo’q degan javob bo’ldi.
– Qaerliksiz?

Ayol allaqaysi qishloqni aytdi.

– Men ham o’sha yerlikman. Unda sizni tanisam kerak. Ismingiz nima edi?
– Immakolata.
– Qaysi Immakolata?

Ayol dona-dona qilib dedi:
– Immakolata Strano.

– E, o’sha sizmisiz! Sizni kichkinaligingizda ko’rganman. Faqat endi tanidim, hatto tun bo’yi birga o’tirgan esak-da… Bilsangiz, sizning oilangiz bilan biz dushmanmiz. Men Filippo Ligo bo’laman.

Ayol indamadi.

– Yigirma yildan buyon oilalarimiz o’rtasida gap-so’z qochgan. O’shanda hali bola edik. Bir qishloqdan bo’lgan, bir-biriga qarindoshligiyam bor kishilarning bunchalik adovatga borishi qanchalar yomon, shunday emasmi?

– Men buni qaydan bilay? Axir, ayol kishiman…
– Siz to’g’ringizda ko’p eshitganman…

– Otam qayoqlarda yurganiykin-a?..
– Bunaqangi shamolda yo’l yurish mahol.

– Mabodo, mendan xavotirlanmayapsizmi?

– Men hech kimdan xavotirlanmayapman. Qachonki g’animing bo’lsa, – davom etdi erkak, – nuqul u haqda o’ylaysan, to’g’rimi? Shunda o’zingni boshqa bir dunyoga, boshi berk ko’chaga kirib qolgandek sezasan.

Shu on sezgisida ayolning qo’lidan tutganiyu, uning tafti, haroratini his etgani uyg’onib, nima bo’lgani aks-sado misol yodiga tushdi.

– Yopinchig’imning etagini ustimga yopib qo’yib, katta iltifot ko’rsatibsiz. Yo’qsa, sovuqdan nobud bo’larkanman-a… Ancha vaqt uxlabman, shekilli… Rahmat.

Ayol hech bir gap-so’zsiz unga yopinchiqni uzatdi. O’z navbatida erkak qo’llarida qandaydir jonli, hayotbaxsh narsani tuydiki, undan hali ayol harorati, uyqu nafasi ufurib turardi. Yopinchiqni qaytarmoqchi bo’ldi, ammo bir zum unga burkanib oldi-da, so’ng issiq hammomdan chiqqanday junjikib, yelkasidan yopinchiqni itqitib tashladi.

– Nega bunday qilyapsiz, dushmanligimiz sababmi? Ushlang buni.

U qo’liga tutqazilgan bejirimgina tufliga istar-istamas qaradi. Nimanidir kutish, mushtoqlik bu odamni junbishga keltirganday bo’lar, fikru xayoli esa muqarrar dengiz sari intilguvchi daryolardek o’sha ayol tomon oshiqardi.

– Har holda, – deya gap qistirdi u. – bu dunyoda nimalar bo’lmaydi deysiz!

Aftidan, tuzalmog’i uchun nima qilishi lozim bo’lsa, shu narsaga urinib ko’rguvchi bemorlarda ko’rilganidek, daf’atan uning nafasi bo’g’ziga tiqilayozgan edi. Yuragining tub-tubiga qadar sandonga tushgan bolg’a sur’ati-la gupurib qon tepar, va bundan anchayin kuchli bir sado chiqardi. Endilikda tunning zamin qa’ri singari har turli unsurlardan to’lib-toshgani sezilib turardi. Shunda erkak “Qo’lingizdan ushlaganim yaxshi bo’lmadi, buni o’zim ham xohlamagandim”, dedi. Ayol sirli bir sukutga cho’mgan edi. O’zini bosib olish uchun bo’lsa kerak, erkak betoqat gugurt axtarib, namiqqan gugurtcho’plardan birini yoqishga tutindi. Oxiri bunga erishdiyam. So’zlayotgan chog’ida esa nazarida, ovozi tun qo’yniga cho’kib borayotganga, biron tirik jon bilan emas, qandaydir ko’lka bilan gaplashib turganga o’xshardi. Shu payt u chaqilgan o’sha gugurt yorug’ida ich-ichigacha botib ketgan, so’lg’in ko’zlarga boqarkan, dali xayoliga ayol kiyimi ichiga xanjar yashirmaganmikin, degan fikr ham keldi. Lekin nigohi uning yuziga qadalgach, ko’ngli osoyish topdi. Shamol bo’lsa ayni dam hilviragan yelkanday pasayib borar, ikkovining-da xayolidan bir o’y kechardi: “Hademay tong otadi”…

Ayol urinib-surinib eshikni ochganida toza bir nurga tashna borliq kunchiqar yoqqa qarab yastangan daraxtlarning mahzun raftori aro kulrang tusda zohir bo’ldi.

Yulduzlar o’chayozgan alanganing so’nggi cho’g’lari kabi hali yonib turardi. Ayol tashqariga chiqishga chog’langan edi, ammo erkak “Ketmang, yana ozgina kuting” deya o’tingach, ho’l kokilini buradiyu boshini egib, ostonaga o’tirib qoldi. Erkak unga yondasharkan, “Eshitdingizmi…” dedi, va o’sha on ikkovi ham bir-biriga yaqinlashib, bir-birining ko’ziga termilgancha boshqa hech narsani ko’rishmadi. Bo’rondan keyin tomlardan oqib tushayotgan yomg’ir tomchilarining shov-shuvi ostida lablar asta lablarga tutashdi. Biroq ikkovi tezda ko’zini ochdiyu, ma’yus, umidsiz nigohlar yana to’qnashdi. Birdan ayol sherigining ko’ksiga mushtlab, yuzini timdalay boshladi, erkak esa tentaklarcha kular edi… Saldan keyin ayolning tutam sochlari yelkasiga yoyilgan ko’yi tashqariga devonavor yugurganiyu osmon barobar balandlab, yonbag’irlikka yetganda to’xtagani hamda o’zi tomon qaragani ko’z o’ngida zuhur bo’ldi. So’ngra ayol asta-sekin pastga qaytib tusharkan, “Nima qilay, axir, nima qilay?.. Yaxshisi, qo’ying, ketaman”, derdi.

Endi u yuvosh tortib, mo’min-qobil, itoatkor bo’lib qolgandi. Ayni shu lahzalarda bir-biriga ko’zga ko’rinmas rishta bilan bog’langan, birgalikda bu yerlardan bosh olib ketishni ixtiyor etib, bir-biriga yovuq kelgan edilar. Mana ular – biri ikkinchisiga yuzma-yuz turgan, bo’y-basti o’zaro uyg’un, mutanosib ikki kishi, dunyodagi eng oddiy, eng birinchi tuyg’u sababchilari – erkak va ayol – o’zga hech bir kishi emas, balki o’zaro nimanidir yo’qotib qo’ygandek biri ikkinchisiga diqqat bilan tikilgan ikki kishi…

Ana shunda ayol titroq ichida “Agar otam bizni ko’rib qolsami…” degan zahoti erkak qo’llarini yozgancha so’z qotdi: “Ketmoqchimisan? Haliyam vaqting bor. Ket”.

Haytovur ayol ketmadiyu, “Taqdir ekan” deya qo’lini bukdi, so’ng “Xo’sh, qayoqqa boramiz?” deb so’radi. Sherigi bo’lsa xachirga minayotib, uning ham chiqishiga ko’maklashish uchun qo’l uzatarkan, “Chiqa qol” dedi…

…Jonivor tog’ oralab arang ko’tarilardi. Oftob xush ta’m sharobday qaynoq nur purkadi. Ularning bahaybat qizg’ish soyasi tong yog’dusida tobora qisqarib, kichrayib borar, ikkovlon qumda shoshqin iz qoldirib ketishardiki, bu hol kishida ayolni haligi erkak olib qochayapti degan tasavvur uyg’otardi. Yaydoq jonivor esa belanchakning tebranishidek bir maromda yo’rg’alar edi.

– Mahkamroq ushla, pastga qarama, hozir tik jarlik chiqadi.

Darhaqiqat, rang-barang qoyatoshlar orasida o’sha jarlik ko’rindi, va yana pastga qarab tarmoqlangancha shovullab oqayotgan jilg’a…

…Ayolni mahkam ushlarkan, erkak dastpanjasi bilan uni tasmasidan tortib, surib qo’yardi.

– Qayoqqa ketyapmiz? Qishloqqa bo’lmasa kerak, albatta?
– Yo’q, boshqa uzoqroq joyni izlab ko’ramiz.

Ikkovi bir-biridan ayrilishi mumkinligini xayollariga ham keltirishmasdi. Baxt deganlari alaloqibat shu bo’ldimiki, noma’lum bir musibat qarshisida go’yo kimdir orqalaridan ta’qib etib, ularni ma’mur bir o’lkadan quvg’in qilgandek edi. Shu narsaga ahamiyat berganday, ayol ta’kidladi:

– Agar otam bizni topsa, o’ldiradi…

Tarjimon haqida: Rustam Ibragimov (Ibrohimov) 1988 yilda G’ijduvon tumanida tug’ilganman. Buxoro davlat universitetining filologiya fakul`teti (bakalavr va magistratura)ni tamomlaganman. Buxoro shahrida yashayman. Oilaliman. Ayni paytda “Buxoronoma” gazetasi muxbiriman. Bir necha yil oldin “Akademnashr” tomonidan hammualliflikda “Chingiz Aytmatov va XXI asr” nomli monografiyam chop etilgan. Ital`yan adiblari asarlaridan qilgan tarjimalarim, shuningdek, qator ilmiy maqolalarim “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi”, “O’zbekiston matbuoti”, “Buxoro mavjlari” singari nashrlarda chiqqan.

033

(Tashriflar: umumiy 162, bugungi 1)

Izoh qoldiring