Luije Pirandello. Ikki o’rtoq

044    Тасодиф ва атрофдаги бутун ўлкаларга ёйилган ҳасад, ғаламислик туйғуси сабаб Жильоне ва Буттиче воқеаси юз бердики, улар ўн бир йилдан буён Ла Газенадаги эски хўжаликни ўзаро шерикликда бошқариб келишаётганди. Бегоналарни-ку қўятуринг, ота-бола ёки ака-укаларнинг ҳам ижара ерга устидаги бундай шерикчилиги ҳеч вақт бунчалик узоқ давом этмаган. Бироқ шу ўн бир йиллик ҳамкорлик давомида бу икковлоннинг ўртасида на манфаат юзасидан, на бошқа нарса важидан заррача низо чиққан эмас.

Луижи ПИРАНДЕЛЛО,
ИККИ ЎРТОҚ
034

 099  Италиялик машҳур драматург, романнавис Луижи Пиранделло (Luigi Pirandello; 1867-1936) Италияга қарашли Ситсилия оролидаги Жиржити шаҳарчасида дунёга келган. Бонн университетининг филология факультетида таҳсил олган. 1889 йили илк шеърий тўплами «Қувончли оғриқ» (Mal Giocondo) нашр этилган. 1894 йилда биринчи новеллалар китоби «Севгисиз севги» (Amori senza amore), 1901 йилда эса илк романи «Хўрланганлар» (L’esclusa) чоп этилади. Унинг ижодида драматургия етакчи ўрин эгаллайди. “Марҳум Маттиа Паскал”, “Олти персонаж муаллиф қидирувида”, “Генрих IV”, “Оператор Серафино Губбионинг кундаликлари” сингари драматик асарлари адибга катта шуҳрат олиб келган. 1934 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган.

034

Тасодиф ва атрофдаги бутун ўлкаларга ёйилган ҳасад, ғаламислик туйғуси сабаб Жильоне ва Буттиче воқеаси юз бердики, улар ўн бир йилдан буён Ла Газенадаги эски хўжаликни ўзаро шерикликда бошқариб келишаётганди. Бегоналарни-ку қўятуринг, ота-бола ёки ака-укаларнинг ҳам ижара ерга устидаги бундай шерикчилиги ҳеч вақт бунчалик узоқ давом этмаган. Бироқ шу ўн бир йиллик ҳамкорлик давомида бу икковлоннинг ўртасида на манфаат юзасидан, на бошқа нарса важидан заррача низо чиққан эмас.

Икковининг ҳам бола-чақаси ферма ҳовлисида, эски хўжайинлар замонида мўл-кўл ҳосил бериб турган ердаги ҳайҳотдай кенг уйларда ёнма-ён ўсиб-улғайди. Ҳар икки уйнинг ҳам ташқи деразаси йўқ эди. Ичкарига фақат ҳовлидаги эшик орқалигина ёруғлик тушар, ҳовлининг ўзи эса каттагина бўлиб, ўртасида ҳо­вузи бор тошйўлдан иборат эди. Унинг чор тарафини қуёшда товланувчи шиша синиқларидан ясалган қалин тож тасвири туширилиб безалган баланд девор ўраб олганди. Ҳовли тепасидаги осмон гумбазининг ёрқин, оловдай ял-ял ёнгувчи зангори туси кўзни олар даражадаги бу оппоқ девор олдида хира тортиб қолгандек туюларди. Гарчи ертўладаги қўй­лар қўтони кўпдан бери бўшаб қолган, ўтхона ортидаги бостирма остида эса сигир ўрнига бор-йўғи икки хачиру бир хўтик турган бўлса-да, бу ерларда ҳали ҳам кўҳна ҳамда бой хўжаликнинг анча-мунча товуқ ва куркалар, ахта хўрозу чўчқа болаларидан тўйинган ҳавоси анқирди.

Офтоб қақратган ерлардан теварак-атрофга бир неча йилдан буён ялангликда сочилиб, қуриб ётган талайгина экин-тикиннинг эски ҳидлари пардек таралиб, илиқ гўнг тафти, ғалланинг қуруқ бадбўй иси-ю ўтхонадаги намиққан ку­йинди похолнинг димоғни ёрувчи бўйи билан қоришиб кетганди… Узоқдаги хирмон томонлардан келаётган хўроз қичқириғи эса дала сукунатини бузиб турар, унга ҳовлидаги хўрозлар ҳам олдинма-кетин ёки баъзан биргаликда жўровоз бўлиб жавоб қайтарарди. Пашшаларнинг ғувиллаши, хўрозлар хонишию дарахтлар шитир-шитири бир зум ҳам тинмас, балки аксинча, мароми одамлар, турмуш юмушларию қорамоллар билан ўлчангувчи одатдан ташқари, у қадар сокин кечмайдиган, омонат эврилишларга қарамай, табиат тароватига тароват қўшарди.

Шу ўн бир йил мобайнида ер ҳам тортган машаққатларига яраша икки шерикни ҳеч бир истисносиз тақдирлаб келди. Ва ҳатто рафиқалари ҳам худди ер билан ҳосилдорлик борасида беллашгандек, кетма-кет фарзанд кўришар, ҳар икки эрнинг-да фикри-ёди ўғилли бўлишда эдики, дала ишлари учун улар айнан эркак кучига муҳтожлик сезишарди. Ҳар сафар кўз ёриш чоғида бунақанги нарсаларга ажратиш учун ортиқча вақти бўлмаган эрларини ташвишга қўймаслик, безовта қилмаслик учун хотинларнинг ўзлари бир-бирига меҳрибонлик билан ёрдам беришардики, охири иккаловининг ҳам турмуш ўртоқларига туҳфа этган фарзандлари сони беш нафарга етди. Эрлари эса тушлик қилгани ё бўлмаса кечлик овқат егани қайтиб келишаркан, ўғил фарзанд илинжида дарҳол “Ўғил­ми?” деб сўрашарди. Аёллар бўлса бунга жавобан бир сўз демай, бош силкиб қўя қолишарди.

Бу икки ўртоқдан Жильоне дегани одатда ҳеч нарса демас, лозим топса ер эгаси ёки шаҳарлик савдогарлар билан мулоқот чоғи ҳам музокарани шеригининг ўзига қўйиб берарди. Хотиржам, оғир-босиқ, қуёшда қорайган, сип-силлиқ кулча юз бу одам сўл қулоғи солинчагини ушлаган кўйи уларнинг гапини тинглаганча ўйланиб турарди. Сўнг, лозим топса, ўзи ҳам икки оғизгина сўз қотиб қўярди ё йўқ. Сочлари потила, тиниб-тинчимас Буттиче эса жонсарак, қувлик, айёрлик акс этган мовий кўзларидан адоқсиз равишда ёғилиб тургувчи ёниқ бир табассум билан, такаллуфу кўз қисишлар билан ўртоғидаги бу жиддиятни юмшатишга уринар, аммо хўжайин ёки савдогар дамдуз бир одамнинг бефарқ, ҳиссиз кўзларига тикилганча унинг шериги Буттиче бу тариқа хушомадомуз муомаладан нимани кўзлаганини тушунолмас, ҳатто уларнинг бундан андак ғаши ҳам келарди.

Жильоне мисоли чуқур илдиз отган, мустаҳкам бир дарахт эди. Ўз навбатида Буттиче шу дарахтнинг шохлари бўйлаб париллаб учиб юрган сайроқи қушга ўхшарди. Ўша қушнинг хонишию жонсараклиги дарахтга маъқулми ё йўқ, буни тушуниб бўлмас, агар биров Жильонедан “Ўзи бунга нима дейсиз?” деб сўраса, бош бармоғини солинчагига, кўрсаткич бармоғини эса қулоқ супрасига теккизган кўйи қулоғига ишора қилардики, бу унинг мени тинглашга чиқарган, гаплашиш бўлса ўртоғимнинг иши, дегани эди.

Уларнинг ўзаро аҳил эканлиги сири ҳеч қачон бир-биридан ўзиб кетишга уринмаслик борасида келишилган аҳдномада эди. Посёлкадаги бошқа ёшларга ўхшаб Америкага кетиб қолмаслиги учун оталари уларни ҳарбий хизматдан қайтишган заҳотиёқ уйлантириб қўйган кунга қадар Монтаперто ортидаги Галлоттиларнинг олис тепаликларида бирга туғилиб ўсган бу йигитлар бир-бирига ашаддий рақиб эди. Эгачи опа-сингил бўлмиш хотинлари боис ярашиб олган бу кишилар ўртасида бир-бирларига зиён етмаслиги учун оила қурган дақиқаларидан эътиборан эски рақобат ўрнини шунчаки бир мусобақа эгалладики, шу сабаб улар орасида ўзаро яқинлик пайдо бўлди. Ҳар қандай қийинчиликка ҳамиша тайёр тургувчи бу йигитларнинг иккаласи ҳам ўз шеригига мадад беришга ошиқар, бунинг ажру мукофоти эса бир-бирингга муносиб эканлигингни туйишдан келиб чиққувчи мамнуният ҳиссида эди.

Яқинда Буттиченинг хотини олтинчи боласига бош­қоронғи бўлган, энди кунлар бу ёғига туғилажак чақалоқни кутиш-ла ўтаётганди. Икки ойча аввал эса Жильоне қиз кўрганди. Кунлардан бир кун кечқурун ҳовлида иккала аёл мой чироқ ёруғида ўғиллари шўрва ичиб қолдирган одмигина сопол косаларни йиғиштириб олаётган маҳал шу Жильоне бирров нариги аёлнинг дўппайган қорнига шубҳа аралаш ўғринча назар ташладики, эҳтимол, айнан шу нарса икки эгиз қисмат ўртасидаги мувозанатга дахл этган бўлиши мумкин.

Ниҳоят, бир куни эрта саҳар ҳали кўкдан шафақ аримасдан аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Шунда Буттиче рўпарадаги эшикка қараб чопди. Доя – ошнасининг хотиниям бунга тайёр турган эканми, ўша заҳоти ёрдамга ошиқди. Ана шундан кейингина ҳали юлдузи ўчмаган осмон остида икки оғайни елкаларига чоп­қиларини қўйганча одатдагидай соҳил томон йўлга тушиб, кўзланган манзилга ҳам етиб боришди.

Орадан бир соат ҳам вақт ўтмаган эдики, Жильонега ҳовли тарафдан тўнғичининг овози келаётгандек туюлди. Сал нарида ишлаётган Буттиче ҳам бир зум тўхтаб, “Эшитдинг­ми, чақиришяпти?”, деб сўради. Жильоне бунга жавобан “Эшитдим” дедию қўлларини кувача қилганча “Ҳе-ҳе-ҳе-ҳей” дея қичқирди. Буттиче бўлса қўлидаги кетмонини ташладию қиялик бўйлаб жон ҳолатда югура кетди. Жильоне ҳам унинг ортидан чопаркан, шеригига аранг етишиб борарди.

Улар ҳовлига қайтишганда каттагина ур-сурнинг устидан чиқишди: Буттичеларнинг қия ёпиқ эшиги ортида болалар ғижим чойшабу дастурхон, юбкаю кўйлак аралаш ҳар турли латта-путта уюмини зўр бериб тортиб, ерда судраганча уймалашиб юришарди. Бу нарсаларни тўзғиган соч­ларию қонга беланган, қалтироқ қўллари кўзга ташланиб турган Жильоненинг хотини талваса ичида юлқиб-йиртиб ташлаганди.

Бунгача бола туғилганди. Ўғил бола! Аммо она кўп қон йўқотган, йўқотганда ҳам даҳшатли даражада кўп қон йўқотгандики, энди уни сақлаб қолишнинг деярли имкони йўқ эди. Бирон табиб топиб келиш учун дарҳол Фавара қишлоғига қараб оёқни қўлга олиб югуриш керак эди.

Буттиче афтодаҳол хотинига боқаркан, маҳзун қиёфадан ҳам кўра кўпроқ тажанг алпозда тўхтаб қолди. Жильоне уни ташқарига судраб, қўлида даст кўтарганча хачирга миндириб қўйдию ўртоғининг қўлига жиловни тутқизаркан, ваҳшат-ла “Жў­на!” дея бақирди. Бунга жавобан Буттиче жойидан жилмай, бўзарган рафтори-ла “Ўзинг борсанг-чи?” деб сўради. Шунда Жильоне “Бу нима деганинг, худо ҳаққи, кета қолсанг-чи!” деди ва хачирни иккала қўли билан ушлаб, шартта орқага тортди-да, ўхшатиб бир тепди…

Уч соатдан кейин Буттиче бир табибни эргаштирган ҳолда қайтиб келди. Ҳовлига қадам қўяр экан, уни кута-кута тилдан қолган, ғамдан чўкиб кетган ўртоғию янгасининг, бола-бақраларнинг ўша сиёқига боқа туриб масала ҳал бўлганини тушунди. Бу нарса унинг онгу шуурида айнан шундай шаклда гавдаланган, у шу ҳолни – ўзининг қайтиш саҳнасини олдиндан айнан шундай тасаввур қилганди. Буттиче хўрлигу ўкинч аралаш аччиқ бир ғазабни туяркан, кўзлари телбаларча чақнади. Сўнгра “Турқингизга бир қаранг, нима жин урди сизларни!” деди-да, хачирдан сакраб тушиб, серрайганча уйи остонасида тўхтаб қолди. Каравотда эса ранги докадай оқариб, тарашадек қотиб қолган хотини ётар, унинг бу рафторидан вужудида бир томчи ҳам қон қолмаган эди гўё. Аёл шунчалар чўзилиб, шунчалар бўзариб кетган эдики, бир боқишда эри уни ҳатто таниёлмадиям. Сўнг Буттиче остона ҳатлаб, жасадга яқин келди-да, унга қарата истеҳзо аралаш бир оҳангда “Нима қилиб қўйдинг-а?!” деди. Хотинию шифокор билан хонага сассизгина кирган Жильоне ҳамдардлик изҳори сифатида қўлини ўртоғининг елкасига қўйган эди, бироқ вужудида ҳайвоний бир титроқ уйғонган Буттиче талваса ичида “Тегма менга!” дея бўкирди-ю, силтанганча ташқарига отилиб чиқди.

Чиққан заҳоти ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаётган ўғиллари қуршовига тушиб қолган ота эгилган кўйи уларни бирров бағрига босди-ю, туйқус барини қучоғидан силтаб ташлади-да, “Бу ерда нима қилиб ўтирибсанлар, ҳалиям тирикмисанлар?” дея алжиради. Остонада турган Жильоне бўлса ошнасини юпатаркан, шундай сўз қотди:

– Буларни ўйлаб ташвиш тортма. Энди хотинимнинг олти эмас, нақ ўн икки боласи бор. Кичкинтойингни ҳам у эмизади. Сенгаям ғамхўрлик қилади.

Буттиче эса яна жужуқлари томон эгиларкан, пичоқ тиғи мисол ялт этган бир нигоҳ-ла уларга бошдан то оёқ кўз югуртириб чиқди. Қисматнинг бу янглиғ ҳақсиз ҳукми остида қолган ана шу лаҳзада Буттичега ўртоғи гўё уни ўз марҳамати орқасида хўрламоқчидай, эзиб-топтамоқчидай туюлди. Шунда у марҳума билан видолашиб ҳам ўтирмай, бола-чақасини ташлаб, умуман, ҳаммани ташлаб, қишлоқ ёқалаб пастга томон ўқдек отилди. У шу кетганича ўлар даражада яраланган йиртқичга ўхшаб йироқ бир ерга, цератония дарахти ортига бекинди…

Орадан икки кечаю икки кундуз ўтди. Иккинчи кун тун қоронғисида ўртоғининг узоқдан, тепадан келган чақириғи алламаҳалгача эшитилиб турди. Ке­йин эса бу овоз сўқмоқ йўллар бўйлаб, дарахтлар оралаб тобора ёвуқлашиб келаверди. У ошнасининг қа­дамини ҳам, шунингдек, ўзга қадам товушларини (Болаларининг одим товуши бўлса керак!) ҳам эшитди. Буттиче дамини ичига ютди-ю, қадамлар сасию кишилар овози узоқлаша бораркан, яширинишга ортиқ чоғланмади. У дарахт япроқлари ора­сидан кўк юзида муаллақ турган ойни ғира-шира пайқади. Дилига дарди-дунёсини остин-устун қилар даражада сим-сиёҳлик тушган кўйи шу топда ой ҳам ўзи томон боқиб турганини ранж-аламу таҳлика ичида туйди.

Шунда у қўрғонга қайтишни ўйлаб қолди. Албатта, бу пайтга келиб аёлининг жасади чиқарилган бўлади. Ошнаси эса ўз рафиқаси чақалоққа кўк­рак тутганию қолган етимчаларга қандай оналик қилаётганини Буттичега кўрсатиш пайида юради (Буни меҳр-оқибат дейдилар). Сўнг, ҳар оқшом ҳов­лида мой чироқ нури остида шўрва ичишгач, “Соғ бўл, ўртоқ, биз ухлагани кетдик” деганча хотини ва бус-бутун оиласи билан уйига кириб кетади. Буттиче бўлса онадан айрилган болалари қуршовида кўчада бир ўзи, ёлғиз ўзи қолаверади. Э, йўқ! Худо ҳаққи, у эски рақибига бундай ҳузур-ҳаловатни асло раво кўрмайди!

Каллаи саҳарлаб Буттиче уйга қайтиб келди-ю, ўша заҳоти ич-ичига ботиб кетган юзлари, мурданикидек кўкарган кўз косаси, жиннинамо кўзлари бир бўлиб дағал бир алпозда ўғилларини уйғотди. Каттароқ болаларига буюмларни тўплаб, хачирга юклашга ёрдамлашишни буюрди.

Бу шовқинни эшитиб, рўпарадаги уйдан чиққан Жильоне анчагача қараб турди-да, ундан сўради
– Нима қиляпсан?

Шу пайтда матоларни қалин тугун қилиб боғлаётган Буттиче оёққа қалқди. Шеригининг юзига кўзларини тикканча жавоб қайтарди:
– Мен кетяпман.
– Қаёққа кетмоқчисан? Нима, ақлдан оздингми?

Буттиче индамай, ерга ўтирди-да, тугун тугишда давом этди. Жильоне эса гапиришдан тўхтамасди:
– Нима учун, ахир? Биламан, қийналиб кетдинг, ҳеч ким сенга буни тиламасди ҳам. Лекин, қолаверса,… сен ва ўғилларинг бу ерда…

Буттиче қайтиб ўрнидан турди ва бармоғини лабига босиб деди:
– Жим. Мен кетишим керак.
– Лекин нима сабаб?
– Сабаби йўқ. Кетишим керак, вассалом.
– Шу туриш-а? Ҳисоб-китоб қилмасдан-а?
– Буни-ку қиламиз. Ҳозир эса кетишим керак.

Бор бисотини ўзига тегишли хачир ва эшакка юклагач, Буттиче шеригига сўз қотди:
– Бориб чақалоқни олиб кел.

Ўз навбатида Жильоне қўлларини жуфт қилганча деди:
– Наҳотки, шунчалар ақлдан озган бўлсанг? Болангни хотиним эмизяпти. Унинг ўлишини истайсанми, нима бало?
– У барибир ўлади. Мен бу ердан кетишим керак.

Ана шунда Жильоне югуриб бориб яқиндагина туғилган чақалоқни олиб келди-да, юзини терс бурган ҳолда уни эгасига тут­қазди.
– Ушла. Энди эса қо­рангни ўчир! Қайтиб сени кўришни хоҳламайман!

– Сен-а? – деди заҳархандалик билан Буттиче. – Ҳе, ўргилдим сендан!

У шундай деди-ю жониворларни олдинга ниқтади ҳамда орқасидан бешов боласини эргаштирган кўйи кенжатойини бағрига босганча йўлга тушдики, бу вақтда ҳали чақалоқнинг тўқ қизил оғизчасида бир томчи сут ялтирар эди.

Италян тилидан Рустам Иброҳимов таржимаси

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

012Tasodif va atrofdagi butun oʻlkalarga yoyilgan hasad, gʻalamislik tuygʻusi sabab Jilone va Buttiche voqeasi yuz berdiki, ular oʻn bir yildan buyon La Gazenadagi eski xoʻjalikni oʻzaro sheriklikda boshqarib kelishayotgandi. Begonalarni-ku qoʻyaturing, ota-bola yoki aka-ukalarning ham ijara yerga ustidagi bunday sherikchiligi hech vaqt bunchalik uzoq davom etmagan. Biroq shu oʻn bir yillik hamkorlik davomida bu ikkovlonning oʻrtasida na manfaat yuzasidan, na boshqa narsa vajidan zarracha nizo chiqqan emas (Yuqoridagi suratda hikoya asosidagi filmdan fotokadr aks etgan).

Luiji PIRANDELLO,
IKKI O’RTOQ
034

07 Italiyalik mashhur dramaturg, romannavis Luiji Pirandello (Luigi Pirandello; 1867-1936) Italiyaga qarashli Sitsiliya orolidagi Jirjiti shaharchasida dunyoga kelgan. Bonn universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. 1889 yili ilk she’riy to’plami «Quvonchli og’riq» (Mal Giocondo) nashr etilgan. 1894 yilda birinchi novellalar kitobi «Sevgisiz sevgi» (Amori senza amore), 1901 yilda esa ilk romani «Xo’rlanganlar» (L’esclusa) chop etiladi. Uning ijodida dramaturgiya yetakchi o’rin egallaydi. “Marhum Mattia Paskal”, “Olti personaj muallif qidiruvida”, “Genrix IV”, “Operator Serafino Gubbioning kundaliklari” singari dramatik asarlari adibga katta shuhrat olib kelgan. 1934 yilda Nobel mukofotiga sazovor bo’lgan.

034

Tasodif va atrofdagi butun o’lkalarga yoyilgan hasad, g’alamislik tuyg’usi sabab Jil`one va Buttiche voqeasi yuz berdiki, ular o’n bir yildan buyon La Gazenadagi eski xo’jalikni o’zaro sheriklikda boshqarib kelishayotgandi. Begonalarni-ku qo’yaturing, ota-bola yoki aka-ukalarning ham ijara yerga ustidagi bunday sherikchiligi hech vaqt bunchalik uzoq davom etmagan. Biroq shu o’n bir yillik hamkorlik davomida bu ikkovlonning o’rtasida na manfaat yuzasidan, na boshqa narsa vajidan zarracha nizo chiqqan emas.

Ikkovining ham bola-chaqasi ferma hovlisida, eski xo’jayinlar zamonida mo’l-ko’l hosil berib turgan yerdagi hayhotday keng uylarda yonma-yon o’sib-ulg’aydi. Har ikki uyning ham tashqi derazasi yo’q edi. Ichkariga faqat hovlidagi eshik orqaligina yorug’lik tushar, hovlining o’zi esa kattagina bo’lib, o’rtasida ho­vuzi bor toshyo’ldan iborat edi. Uning chor tarafini quyoshda tovlanuvchi shisha siniqlaridan yasalgan qalin toj tasviri tushirilib bezalgan baland devor o’rab olgandi. Hovli tepasidagi osmon gumbazining yorqin, olovday yal-yal yonguvchi zangori tusi ko’zni olar darajadagi bu oppoq devor oldida xira tortib qolgandek tuyulardi. Garchi yerto’ladagi qo’y­lar qo’toni ko’pdan beri bo’shab qolgan, o’txona ortidagi bostirma ostida esa sigir o’rniga bor-yo’g’i ikki xachiru bir xo’tik turgan bo’lsa-da, bu yerlarda hali ham ko’hna hamda boy xo’jalikning ancha-muncha tovuq va kurkalar, axta xo’rozu cho’chqa bolalaridan to’yingan havosi anqirdi.

Oftob qaqratgan yerlardan tevarak-atrofga bir necha yildan buyon yalanglikda sochilib, qurib yotgan talaygina ekin-tikinning eski hidlari pardek taralib, iliq go’ng tafti, g’allaning quruq badbo’y isi-yu o’txonadagi namiqqan ku­yindi poxolning dimog’ni yoruvchi bo’yi bilan qorishib ketgandi… Uzoqdagi xirmon tomonlardan kelayotgan xo’roz qichqirig’i esa dala sukunatini buzib turar, unga hovlidagi xo’rozlar ham oldinma-ketin yoki ba’zan birgalikda jo’rovoz bo’lib javob qaytarardi. Pashshalarning g’uvillashi, xo’rozlar xonishiyu daraxtlar shitir-shitiri bir zum ham tinmas, balki aksincha, maromi odamlar, turmush yumushlariyu qoramollar bilan o’lchanguvchi odatdan tashqari, u qadar sokin kechmaydigan, omonat evrilishlarga qaramay, tabiat tarovatiga tarovat qo’shardi.

Shu o’n bir yil mobaynida yer ham tortgan mashaqqatlariga yarasha ikki sherikni hech bir istisnosiz taqdirlab keldi. Va hatto rafiqalari ham xuddi yer bilan hosildorlik borasida bellashgandek, ketma-ket farzand ko’rishar, har ikki erning-da fikri-yodi o’g’illi bo’lishda ediki, dala ishlari uchun ular aynan erkak kuchiga muhtojlik sezishardi. Har safar ko’z yorish chog’ida bunaqangi narsalarga ajratish uchun ortiqcha vaqti bo’lmagan erlarini tashvishga qo’ymaslik, bezovta qilmaslik uchun xotinlarning o’zlari bir-biriga mehribonlik bilan yordam berishardiki, oxiri ikkalovining ham turmush o’rtoqlariga tuhfa etgan farzandlari soni besh nafarga yetdi. Erlari esa tushlik qilgani yo bo’lmasa kechlik ovqat yegani qaytib kelisharkan, o’g’il farzand ilinjida darhol “O’g’il­mi?” deb so’rashardi. Ayollar bo’lsa bunga javoban bir so’z demay, bosh silkib qo’ya qolishardi.

Bu ikki o’rtoqdan Jil`one degani odatda hech narsa demas, lozim topsa yer egasi yoki shaharlik savdogarlar bilan muloqot chog’i ham muzokarani sherigining o’ziga qo’yib berardi. Xotirjam, og’ir-bosiq, quyoshda qoraygan, sip-silliq kulcha yuz bu odam so’l qulog’i solinchagini ushlagan ko’yi ularning gapini tinglagancha o’ylanib turardi. So’ng, lozim topsa, o’zi ham ikki og’izgina so’z qotib qo’yardi yo yo’q. Sochlari potila, tinib-tinchimas Buttiche esa jonsarak, quvlik, ayyorlik aks etgan moviy ko’zlaridan adoqsiz ravishda yog’ilib turguvchi yoniq bir tabassum bilan, takallufu ko’z qisishlar bilan o’rtog’idagi bu jiddiyatni yumshatishga urinar, ammo xo’jayin yoki savdogar damduz bir odamning befarq, hissiz ko’zlariga tikilgancha uning sherigi Buttiche bu tariqa xushomadomuz muomaladan nimani ko’zlaganini tushunolmas, hatto ularning bundan andak g’ashi ham kelardi.

Jil`one misoli chuqur ildiz otgan, mustahkam bir daraxt edi. O’z navbatida Buttiche shu daraxtning shoxlari bo’ylab parillab uchib yurgan sayroqi qushga o’xshardi. O’sha qushning xonishiyu jonsarakligi daraxtga ma’qulmi yo yo’q, buni tushunib bo’lmas, agar birov Jil`onedan “O’zi bunga nima deysiz?” deb so’rasa, bosh barmog’ini solinchagiga, ko’rsatkich barmog’ini esa quloq suprasiga tekkizgan ko’yi qulog’iga ishora qilardiki, bu uning meni tinglashga chiqargan, gaplashish bo’lsa o’rtog’imning ishi, degani edi.

Ularning o’zaro ahil ekanligi siri hech qachon bir-biridan o’zib ketishga urinmaslik borasida kelishilgan ahdnomada edi. Posyolkadagi boshqa yoshlarga o’xshab Amerikaga ketib qolmasligi uchun otalari ularni harbiy xizmatdan qaytishgan zahotiyoq uylantirib qo’ygan kunga qadar Montaperto ortidagi Gallottilarning olis tepaliklarida birga tug’ilib o’sgan bu yigitlar bir-biriga ashaddiy raqib edi. Egachi opa-singil bo’lmish xotinlari bois yarashib olgan bu kishilar o’rtasida bir-birlariga ziyon yetmasligi uchun oila qurgan daqiqalaridan e’tiboran eski raqobat o’rnini shunchaki bir musobaqa egalladiki, shu sabab ular orasida o’zaro yaqinlik paydo bo’ldi. Har qanday qiyinchilikka hamisha tayyor turguvchi bu yigitlarning ikkalasi ham o’z sherigiga madad berishga oshiqar, buning ajru mukofoti esa bir-biringga munosib ekanligingni tuyishdan kelib chiqquvchi mamnuniyat hissida edi.

Yaqinda Buttichening xotini oltinchi bolasiga bosh­qorong’i bo’lgan, endi kunlar bu yog’iga tug’ilajak chaqaloqni kutish-la o’tayotgandi. Ikki oycha avval esa Jil`one qiz ko’rgandi. Kunlardan bir kun kechqurun hovlida ikkala ayol moy chiroq yorug’ida o’g’illari sho’rva ichib qoldirgan odmigina sopol kosalarni yig’ishtirib olayotgan mahal shu Jil`one birrov narigi ayolning do’ppaygan qorniga shubha aralash o’g’rincha nazar tashladiki, ehtimol, aynan shu narsa ikki egiz qismat o’rtasidagi muvozanatga daxl etgan bo’lishi mumkin.

Nihoyat, bir kuni erta sahar hali ko’kdan shafaq arimasdan ayolni to’lg’oq tutib qoldi. Shunda Buttiche ro’paradagi eshikka qarab chopdi. Doya – oshnasining xotiniyam bunga tayyor turgan ekanmi, o’sha zahoti yordamga oshiqdi. Ana shundan keyingina hali yulduzi o’chmagan osmon ostida ikki og’ayni yelkalariga chop­qilarini qo’ygancha odatdagiday sohil tomon yo’lga tushib, ko’zlangan manzilga ham yetib borishdi.

Oradan bir soat ham vaqt o’tmagan ediki, Jil`onega hovli tarafdan to’ng’ichining ovozi kelayotgandek tuyuldi. Sal narida ishlayotgan Buttiche ham bir zum to’xtab, “Eshitding­mi, chaqirishyapti?”, deb so’radi. Jil`one bunga javoban “Eshitdim” dediyu qo’llarini kuvacha qilgancha “He-he-he-hey” deya qichqirdi. Buttiche bo’lsa qo’lidagi ketmonini tashladiyu qiyalik bo’ylab jon holatda yugura ketdi. Jil`one ham uning ortidan choparkan, sherigiga arang yetishib borardi.

Ular hovliga qaytishganda kattagina ur-surning ustidan chiqishdi: Buttichelarning qiya yopiq eshigi ortida bolalar g’ijim choyshabu dasturxon, yubkayu ko’ylak aralash har turli latta-putta uyumini zo’r berib tortib, yerda sudragancha uymalashib yurishardi. Bu narsalarni to’zg’igan soch­lariyu qonga belangan, qaltiroq qo’llari ko’zga tashlanib turgan Jil`onening xotini talvasa ichida yulqib-yirtib tashlagandi.

Bungacha bola tug’ilgandi. O’g’il bola! Ammo ona ko’p qon yo’qotgan, yo’qotganda ham dahshatli darajada ko’p qon yo’qotgandiki, endi uni saqlab qolishning deyarli imkoni yo’q edi. Biron tabib topib kelish uchun darhol Favara qishlog’iga qarab oyoqni qo’lga olib yugurish kerak edi.

Buttiche aftodahol xotiniga boqarkan, mahzun qiyofadan ham ko’ra ko’proq tajang alpozda to’xtab qoldi. Jil`one uni tashqariga sudrab, qo’lida dast ko’targancha xachirga mindirib qo’ydiyu o’rtog’ining qo’liga jilovni tutqizarkan, vahshat-la “Jo’­na!” deya baqirdi. Bunga javoban Buttiche joyidan jilmay, bo’zargan raftori-la “O’zing borsang-chi?” deb so’radi. Shunda Jil`one “Bu nima deganing, xudo haqqi, keta qolsang-chi!” dedi va xachirni ikkala qo’li bilan ushlab, shartta orqaga tortdi-da, o’xshatib bir tepdi…

Uch soatdan keyin Buttiche bir tabibni ergashtirgan holda qaytib keldi. Hovliga qadam qo’yar ekan, uni kuta-kuta tildan qolgan, g’amdan cho’kib ketgan o’rtog’iyu yangasining, bola-baqralarning o’sha siyoqiga boqa turib masala hal bo’lganini tushundi. Bu narsa uning ongu shuurida aynan shunday shaklda gavdalangan, u shu holni – o’zining qaytish sahnasini oldindan aynan shunday tasavvur qilgandi. Buttiche xo’rligu o’kinch aralash achchiq bir g’azabni tuyarkan, ko’zlari telbalarcha chaqnadi. So’ngra “Turqingizga bir qarang, nima jin urdi sizlarni!” dedi-da, xachirdan sakrab tushib, serraygancha uyi ostonasida to’xtab qoldi. Karavotda esa rangi dokaday oqarib, tarashadek qotib qolgan xotini yotar, uning bu raftoridan vujudida bir tomchi ham qon qolmagan edi go’yo. Ayol shunchalar cho’zilib, shunchalar bo’zarib ketgan ediki, bir boqishda eri uni hatto taniyolmadiyam. So’ng Buttiche ostona hatlab, jasadga yaqin keldi-da, unga qarata istehzo aralash bir ohangda “Nima qilib qo’yding-a?!” dedi. Xotiniyu shifokor bilan xonaga sassizgina kirgan Jil`one hamdardlik izhori sifatida qo’lini o’rtog’ining yelkasiga qo’ygan edi, biroq vujudida hayvoniy bir titroq uyg’ongan Buttiche talvasa ichida “Tegma menga!” deya bo’kirdi-yu, siltangancha tashqariga otilib chiqdi.

Chiqqan zahoti ho’ngir-ho’ngir yig’layotgan o’g’illari qurshoviga tushib qolgan ota egilgan ko’yi ularni birrov bag’riga bosdi-yu, tuyqus barini quchog’idan siltab tashladi-da, “Bu yerda nima qilib o’tiribsanlar, haliyam tirikmisanlar?” deya aljiradi. Ostonada turgan Jil`one bo’lsa oshnasini yupatarkan, shunday so’z qotdi:

– Bularni o’ylab tashvish tortma. Endi xotinimning olti emas, naq o’n ikki bolasi bor. Kichkintoyingni ham u emizadi. Sengayam g’amxo’rlik qiladi.

Buttiche esa yana jujuqlari tomon egilarkan, pichoq tig’i misol yalt etgan bir nigoh-la ularga boshdan to oyoq ko’z yugurtirib chiqdi. Qismatning bu yanglig’ haqsiz hukmi ostida qolgan ana shu lahzada Buttichega o’rtog’i go’yo uni o’z marhamati orqasida xo’rlamoqchiday, ezib-toptamoqchiday tuyuldi. Shunda u marhuma bilan vidolashib ham o’tirmay, bola-chaqasini tashlab, umuman, hammani tashlab, qishloq yoqalab pastga tomon o’qdek otildi. U shu ketganicha o’lar darajada yaralangan yirtqichga o’xshab yiroq bir yerga, seratoniya daraxti ortiga bekindi…

Oradan ikki kechayu ikki kunduz o’tdi. Ikkinchi kun tun qorong’isida o’rtog’ining uzoqdan, tepadan kelgan chaqirig’i allamahalgacha eshitilib turdi. Ke­yin esa bu ovoz so’qmoq yo’llar bo’ylab, daraxtlar oralab tobora yovuqlashib kelaverdi. U oshnasining qa­damini ham, shuningdek, o’zga qadam tovushlarini (Bolalarining odim tovushi bo’lsa kerak!) ham eshitdi. Buttiche damini ichiga yutdi-yu, qadamlar sasiyu kishilar ovozi uzoqlasha borarkan, yashirinishga ortiq chog’lanmadi. U daraxt yaproqlari ora­sidan ko’k yuzida muallaq turgan oyni g’ira-shira payqadi. Diliga dardi-dunyosini ostin-ustun qilar darajada sim-siyohlik tushgan ko’yi shu topda oy ham o’zi tomon boqib turganini ranj-alamu tahlika ichida tuydi.

Shunda u qo’rg’onga qaytishni o’ylab qoldi. Albatta, bu paytga kelib ayolining jasadi chiqarilgan bo’ladi. Oshnasi esa o’z rafiqasi chaqaloqqa ko’k­rak tutganiyu qolgan yetimchalarga qanday onalik qilayotganini Buttichega ko’rsatish payida yuradi (Buni mehr-oqibat deydilar). So’ng, har oqshom hov­lida moy chiroq nuri ostida sho’rva ichishgach, “Sog’ bo’l, o’rtoq, biz uxlagani ketdik” degancha xotini va bus-butun oilasi bilan uyiga kirib ketadi. Buttiche bo’lsa onadan ayrilgan bolalari qurshovida ko’chada bir o’zi, yolg’iz o’zi qolaveradi. E, yo’q! Xudo haqqi, u eski raqibiga bunday huzur-halovatni aslo ravo ko’rmaydi!

Kallai saharlab Buttiche uyga qaytib keldi-yu, o’sha zahoti ich-ichiga botib ketgan yuzlari, murdanikidek ko’kargan ko’z kosasi, jinninamo ko’zlari bir bo’lib dag’al bir alpozda o’g’illarini uyg’otdi. Kattaroq bolalariga buyumlarni to’plab, xachirga yuklashga yordamlashishni buyurdi.

Bu shovqinni eshitib, ro’paradagi uydan chiqqan Jil`one anchagacha qarab turdi-da, undan so’radi
– Nima qilyapsan?

Shu paytda matolarni qalin tugun qilib bog’layotgan Buttiche oyoqqa qalqdi. Sherigining yuziga ko’zlarini tikkancha javob qaytardi:
– Men ketyapman.
– Qayoqqa ketmoqchisan? Nima, aqldan ozdingmi?

Buttiche indamay, yerga o’tirdi-da, tugun tugishda davom etdi. Jil`one esa gapirishdan to’xtamasdi:
– Nima uchun, axir? Bilaman, qiynalib ketding, hech kim senga buni tilamasdi ham. Lekin, qolaversa,… sen va o’g’illaring bu yerda…

Buttiche qaytib o’rnidan turdi va barmog’ini labiga bosib dedi:
– Jim. Men ketishim kerak.
– Lekin nima sabab?
– Sababi yo’q. Ketishim kerak, vassalom.
– Shu turish-a? Hisob-kitob qilmasdan-a?
– Buni-ku qilamiz. Hozir esa ketishim kerak.

Bor bisotini o’ziga tegishli xachir va eshakka yuklagach, Buttiche sherigiga so’z qotdi:
– Borib chaqaloqni olib kel.

O’z navbatida Jil`one qo’llarini juft qilgancha dedi:
– Nahotki, shunchalar aqldan ozgan bo’lsang? Bolangni xotinim emizyapti. Uning o’lishini istaysanmi, nima balo?
– U baribir o’ladi. Men bu yerdan ketishim kerak.

Ana shunda Jil`one yugurib borib yaqindagina tug’ilgan chaqaloqni olib keldi-da, yuzini ters burgan holda uni egasiga tut­qazdi.
– Ushla. Endi esa qo­rangni o’chir! Qaytib seni ko’rishni xohlamayman!

– Sen-a? – dedi zaharxandalik bilan Buttiche. – He, o’rgildim sendan!

U shunday dedi-yu jonivorlarni oldinga niqtadi hamda orqasidan beshov bolasini ergashtirgan ko’yi kenjatoyini bag’riga bosgancha yo’lga tushdiki, bu vaqtda hali chaqaloqning to’q qizil og’izchasida bir tomchi sut yaltirar edi.

Italyan tilidan Rustam Ibrohimov tarjimasi

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi

012

(Tashriflar: umumiy 344, bugungi 1)

Izoh qoldiring