Tal’at Solihov. Qobiqni yorib chiqish saodati & Ulug’bek Hamdam. Yangilanishlar avvalidagi olim

02Талъат Солиҳов бутун бошли адабий йўналиш ёки ёзувчи ижодидан бир-иккита шундай фикрларни суғуриб олардики, кейинча чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, ўша йўналиш ё якка ижодкор асарларининг моҳияти айни ўша “бир-икки фикр”га суяниб турганига амин бўласиз. Бу энди катта масштабдаги тафаккур эгасининг, ҳақиқий адабиётшуноснинггина қўлидан келадиган Буюк Ишдир!

ЯНГИЛАНИШЛАР АВВАЛИДАГИ ОЛИМ
Улуғбек Ҳамдам
01

09Бугун ўзбек адабиётшунослиги авжи янгиланиш палласини бошидан кечираяпти. Кимдир билағон шогирдларни етиштирайин дея, бу хайрли ишга бош қўшаётган бўлса, кимдир ўз тадқиқотлари билан бевосита жараёнда иштирок этмоқда. Хуллас, биров адабиёт тарихию матншуносликда, бошқа биров эса назария ё танқид соҳасида қўлидан келганича уринаётир. Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин яна шундай адабиётшуносларимиз борки, уларнинг ўзлари орқа планда – парда ортида қолиб, саҳнага фикрларинигина қўйиб юборишган. Мен бу ўринда, устоз Талъат Солиҳовни назарда тутаяпман. Унинг жаҳон адабиёти ва, умуман, санъати борасидаги мушоҳадалари дарс ва суҳбат чоғларида хайрихоҳ шогирдлар томонидан ёзиб олинган. (Ёзиб олинмаганининг уволи нима бўлади, дейман гоҳида ўзимга-ўзим…) Бори – шу. Лекин ана шу “бори”га қараб, унинг салмоғини чамалаб кўргандаёқ аён бўлаётирки, истиқлол даври ўзбек адабиётшунослигининг чинакам янгиланиши, айни, Талъат Солиҳовдек заҳматкашу хокисор олимларнинг адабиётга қарашлари зимнида яшириниб ётибди экан. Чунки Талъат Солиҳов ўқиган маърузалар қатида, наинки, ўзбек, балки жаҳон адабиёти ва санъатига сўзнинг том маъносида Янгича Қараш мужассам эди. Бу Қараш ўз вақтидаёқ муайян титроқлару кайфиятни жонимизга солган эди, лекин, барибир, унинг мевалари ларзон-ларзон даври ҳали олдинда, деб ўйлайман. Чунки Талъат Солиҳовдан қолган адабиётшуносликка доир ҳажман кичик, лекин мазмунан ғоят салмоқдор мерос ҳалигача асосан сарғайган дафтарлардагина “кун кўраётир”. Уларни зудлик билан топиш, тўплаш, саралаш, тизимга солиб чоп этиш ва йўсин адабиётшунослигимиз “дастурхонига” тортиқ этиш замони аллақачон келган. (Албатта, домланинг барча қарашларини “мутлақ ҳақиқат” дея таърифлашдан тамоман йироқман.

Адабиётшуносликнинг бугунги даражасидан туриб, унинг айрим мулоҳазалари билан тортишиш мумкин. Ҳатто менинг ўзим Белинский, Толстой ҳақидаги қарашларию шакл ва мазмун борасидаги кескин мулоҳазалари туфайли, хаёлимда устоз билан доимо баҳслашиб юраман. Лекин гап бунда эмас. Гап домла қолдирган мерос зимнида яширинган тафаккур жасоратида, жасоратнинг мазмун-моҳиятида. Устознинг ана шу сиймосида дарсликлару китобларда эътиборимизга тортиқ этилаётган “ҳамма гаплар”ни ягона ва охирги ҳақиқат эмаслигига ишора, уларни ақл ва мантиқ тарозусида тортиб юришга, янада муҳими, инсон ва санъат ҳақидаги катта ва фундаментал илмга таянган ҳолда янги ва мустаҳкам қарашларга эга бўлишга чорлов бор. Яъни, мавжуд ҳақиқатларга бошқача қарашнинг мумкин ва, ҳатто, зарурлиги акс этган унинг адабий нигоҳида.) Шу маънода, мен, аввало, унинг шогирдларига, адабиётимизнинг, адабиёт илмимизнинг чинакам ихлосмандларига, янгиланишу янги фикрнинг толмас ҳимоячиларига, инсофу иймонини энг азиз неъмат янглиғ асраб келаётган издошиларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, агар сизда ҳам ҳассос олим Талъат Солиҳовнинг оғзидан чиқиб, хотирангизда муҳрланган ва ё қаердадир китоблар орасида чанг босиб ётган эски дафтарингизда қолиб кетган “сўзлари” бўлса, жамики савобу, эзгу амал ҳақи ҳурмати – таҳририятимизга етказсангиз. Вақти келиб, журнал саҳифаларида жамланиб-тартибланиб эълон қилинган мерос яхлит бир китоб ҳолида нашр қилинади, деган умид билан биз ҳам ҳаракат қилаверайлик.

Қуйида, эътиборингизга ҳавола этилаётган маъруза парчалари менинг конспект дафтаримда қолган ёзувлардир. Домла шошилмай гапирар эди, шунга кўра нафақат фикрлар, балки жумлаларнинг қурилиши ҳам асосан маърузачининг ўзига тегишли бўлса ажабмас, деб ўйлайман. Фақат айрим фикрларни ё қисқартириб ва ёхуд ихчамлаштириб ёзиб олган бўлишим мумкин. Баъзан фикрни ўз сўзларим билан ёзган ўринлар ҳам мавжуддир, эҳтимол. Ҳаммасини аниқ-тиниқ эслашнинг иложи йўқ. Орадан йигирма икки – йигирма уч йилдан мўлроқ вақт ўтибди, ахир! Шунга кўра, фикр ва жумла ғализликлари бўлса, йигирма бир-йигирма икки ёшли ғўр талабаники, яъни, каминаники, дея билгайсиз. Яна саралаш ҳам бизга тегишли. Яъни, маъруза тўлиқ қоғозга туширилмаган, балки ундаги айрим фикрларгина ёзиб олинган. Қолган ҳаммаси устозники! Албатта, домла айтган кўпгина мулоҳазаларни кейинчалик биз бошқа китоблардан ҳам ўқидик, лекин, барибир, устоз шу фикрларни битта мавзу байроғи остида тўплаб, уларга умумий контекстда ўзгача мазмун, шукуҳ бағишлаган эди. Энг муҳими, Талъат Солиҳов бутун бошли адабий йўналиш ёки ёзувчи ижодидан бир-иккита шундай фикрларни суғуриб олардики, кейинча чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, ўша йўналиш ё якка ижодкор асарларининг моҳияти айни ўша “бир-икки фикр”га суяниб турганига амин бўласиз. Бу энди катта масштабдаги тафаккур эгасининг, ҳақиқий адабиётшуноснинггина қўлидан келадиган Буюк Ишдир! У ёғини суриштирсангиз, илмдаги чинакам янгиликлар тўртта терминни бир-бирига уриштириб, чиққан садосига маҳлиё бўлган олимларнинг жилд-жилд китобларидан эмас, йўқ, балки, кўпинча, ана шундай тафаккур эгалари қолдирган жажжигина мерослардан ибтидо олиши мумкин. Ҳа, бугун ҳеч бир муболағасиз таъкидлаб айтиш жоизки, Талъат Солиҳов янги ўзбек адабиётшунослиги таъмал тошини қўйганлар сафида муносиб ўрин тутади.

Талъат Солиҳов
ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ
01

Шакл, мазмун ва бошқалар ҳақида

Романтизм воқеликни эмас, балки воқелик ҳақидаги идеални акс эттиради. Реализм учун энг муҳим нарса – воқеликнинг ўзи. У воқеликнинг ўзгариши билан ўзгариб боради. Аслида, ҳеч бир метод тоза эмас.

Адабиётда икки хил шакл мавжуд:
1. Воқеликка хос бўлган инъикос шакли;
2. Воқеликка хос бўлмаган инъикос шакли.
Санъат – бу воқеликнинг образлар воситасида инъикос этилиши. Илмда мантиқий тафаккур, санъатда бадиий тафаккур бор. Тафаккурнинг муайян босқичлари қуйидагилар:

1. Мифологик;
2. Романтик;
3. Реалистик.
Булар воқеликнинг характеридан келиб чиққан. Ҳозирги санъат фақат ҳаётни инъикос этмайди, балки борлиқни акс эттиради.

***

20-йилларда Томас Манн ижодида мифдан фойдаланиш бошланди. Бошқа кўпгина ёзувчилар унга эргашдилар. Совет адабиётида узоқ вақт бундай йўл тутилмади. Мустасно бор эди, албатта. Чунончи, Платоновнинг “Котлован” қиссаси.

***

Илья Эренбург шундай деган эди. Агар жаҳонда учта романнавислик оқими бўлса, улар:
1. Кафка;
2. Камю;
3. Жойс.

***

Инсон зоти тафаккур нуқтаи назаридан ўтакетган дангаса.

***

Адабиётнинг олдига талаб қўйиб бўлмайди, уни ўз ҳолига қўйиш зарур.

***

Шакл топилса, бадиий асар яратилиши мумкин, йўқса – йўқ. Камю, Кафка, Фолькнер ижоди кўпроқ Фрейднинг психоанализи билан боғлиқ. Ҳозирги замон адабиётида кўпроқ психоанализ талаб этилади. Чунки илгариги тафсилотли сюжетлар ушбу кун кишиси учун завқ бермай қолди.

***

Инсонни инсон қилиб турган нарса, бошқа бир унсур бор, бу – руҳ!

***

Ҳар қандай мазмун муайян, ўзига хос шаклда рўёбга чиқади. Жаҳондаги ҳар қандай мазмуннинг ўз шакли бор. Агар ижодкор маълум бир шаклни топа олмаса, демак, бадиий асар йўқ. Шакл мавҳум нарса эмас. Шакл моҳияти бу – сўз. Лекин бу оддий сўз эмас, бадиий сўз.

***

Композиция, сюжет, тил – шакл. Унда мазмун нима? Жиддийроқ қарасак, шуларнинг ўзи мазмун. Рўёбга чиққан сюжет, композиция, сўз – мазмун.

***

Инсон тафаккури бор нарса. Табиатда-чи? Унда ҳам муайян тафаккур мавжуд. Чунки оламни ушлаб турган қонунлар – тафаккур меваси. Биз тушунмаган тафаккур оламда ниҳоятда кўп. Уларда ҳам бадиий унсурлар ҳаёт. Кашф этиш – тафаккур қилишнинг биринчи босқичи.

***

Воқеликни инъикос этиш бу – воқеликни қайта яратиш. Бу – воқеликнинг худди ўзи эмас, балки модели.
Воқеликка муайян муносабат ва шу муносабат нуқтаи назаридан воқеликни акс эттиришнинг эстетик тамойиллари
Корнель асарларида ақл бирламчи, ҳиссиёт иккиламчи. Расинда бўлса, аксинча. Ленин: “адабиёт ва санъат мафкуранинг маълум шакли ва унга хизмат қилади”, дейди. Бу нотўғри, аксинча, мафкура адабиёт ва санъатга хизмат қилиши лозим.
Адабиётнинг тарбиявий аҳамияти йўқ! Унинг ягона вазифаси – воқеликни инъикос эттириш. Адабиётнинг таъсири эстетик, психологик бўлади, асло сиёсий, мафкуравий эмас. Адабиётга партиянинг ҳеч қандай раҳнамолиги керак эмас. Мабодо, раҳнамо топилса, адабиётнинг йўналиши фақат битта бўлиб қолади.

***

Навоий воқеликнинг ўзини эмас, балки воқелик ҳақидаги ўз хаёлини тасвирлайди. Навоий – романтик шоир, унинг даҳолиги ҳам шунда. Биз реализм методини энг яхши деб билдик ва Навоийни ҳам шу “яхши” метод намояндаси сифатида кўрсатмоқчи бўлдик. Бу – хато.

***

Меҳнат қилишда эмас, йўқ, балки тафаккур қилишда инсон жуда-жуда дангаса. Биз меҳнатга ўрганиб қолганмиз, фикрлашга эмас.

***

Асарлар “ҳақида” эмас, уларнинг ўзини ўқиш зарур.

***

Асар устида қайта ишлаш мумкин эмас, асарнинг тили устида қайта ишлаш мумкин. Унинг моҳияти, мағзи ўзгармас бўлиб туғилади.

***

Принципиал нуқтаи назардан Бальзак ва Толстой ўртасида фарқ йўқ, лекин жузъий жиҳатдан олсак, улар бошқа-бошқа.

***

Энгельснинг: “адабиётда типик воқеалар типик шароитларда тасвирланади”, деган гапи нотўғри. Чунки бир кишининг ҳаётни, хаёлини акс эттирган асарлар типик эмас, бироқ, бу ҳам бадиий асар – адабиёт. Қаҳрамон типик бўлмаслиги мумкин, бироқ, барибир, у – тип.

***

Социалистик реализм мавжуд, аммо адабиёт сифатида эмас, балки идеология – мафкура сифатида.

Модернизм

Модернистик адабиёт XX асрнинг 30-йилларидан шакллана бошлади. У ўз ичига кўп нарсаларни қамраб олади. Мазкур адабиётнинг Кафка, Камю, Жойс каби оврупалик, Фолькнер, Хемингуэй каби америкалик йирик вакиллари бор. Улар ҳаётда учрамайдиган (мифологик ва бошқа) шаклларда ижод этдилар. Зигмунд Фрейд – модернизмнинг пайғамбари. У: “шуурнинг кўринмас, ботиний тарафлари мавжуд. Инсондаги кўп ҳолатлар шу ботиний шуур меваси”, дейди. Жойс ўз асарларида шуларни таҳлил қилади, чунки у Фрейд билан таниш эди.

***

Маркс: “буржуазияда инсон яккаланиб қолади, чунки бу система ва хусусий мулк билан боғлиқ”, дейди. Бу – янглиш фикр. Инсоннинг яккаланиши фақат капитализмга хос эмас. У жамиятга ва инсоннинг табиатига боғлиқ. Инсоннинг яккаланиши барча жамиятларга, жумладан, социализмга ҳам хос хусусиятдир. Жамият қанчалик мураккаблашиб боргани сайин, танҳолик шунчалик кучаяди. Масалан, ибтидоий жамоа тузумидаги билан ҳозирги давр инсон танҳолигини олиб кўрсак, сезамиз.

Экзистенциализм

Экзистенциализмга асос солган одам Жан Поль Сартрдир. Экзистенциализм “ҳаётнинг маъноси унинг бемаънилигида”, дейди. Лекин инсоннинг бунга алоқаси йўқ. Ҳаётнинг маъноси фожиадир, тўғрироғи, ўша фожиани енгишда. Хемингуэй ва Айтматовлар шундай тушунадилар. Экзистенция – маънонинг бемаънилиги, бу – буюк фожиа!

***

Сартр: “ҳар битта одам қонида экзистенция (фожиа ва беъманилик, кўнгилни беҳузур қиладиган субстанция) мавжуд”, дейди.

***

Ҳаётда яратувчилик билан бир қаторда йўқ қилувчилик ҳам бор. Йўқса, инсоният ақлини танигандан буён урушиб келмас эди.

***

Инсон заиф, у фожиадан қўрқади. Бунинг ўзи ҳам фожиа.

***

Ҳаётнинг устидан чиқарган ҳукмимиз бизнинг ўзимизга ҳам тегишли.

***

Оламдаги жониворларнинг биттаси – биз ва бизнинг ҳеч қандай улардан устунлигимиз йўқ.

***

Ҳаётнинг ўзи кучли фожиаларни мужассам қилади. Камюда ҳеч қандай ҳайратга туширадиган қаҳрамон йўқ, лекин уларнинг тақдири кишини қийнайди, азоблайди.
Яхши асарни ўқигач, киши поклангандай бўлади. Адабиёт бундан ортиқ нима берсин?

***

Буларнинг ҳаммаси тафаккур қилишнинг битта йўли, холос.

Эмиль Золя

Инқилоб – бир гуруҳнинг иккинчи бир гуруҳ устидан ғалабасидир. Флобер Париж коммунасини инкор этган. Аммо у Бальзакни инкор этмаган, фақат Бальзак изидан бормаган.

***

Шу кунги ҳаётни – фақат сўкиш, инкор этиш, қарғаш мумкин бўлган ҳаётни тасвирлашга реализм керак. Шундай реализм Золяда мавжуд. Унда эксперимент кучли. Адабиётда баъзан мувафаққиятсиз эксперимент одатдаги асарлардан қимматлироқ бўлади.

***

Классик адабиётда воқеликни тасвирлаш етарли эди. Ҳозир етарли ва муҳим эмас. Бу – жўнлик.
Воқеликни тасвирлаш – синтез, тушунтириш – анализ.

***

Навоийдаги савқитабиий (интуиция) ҳозир йўқ. У минг йилда бир марта дунёга келади.

***

Белинскийнинг: “санъат воқеликни бадиий сиймолар асосида акс эттиради”, дегани бугун етарли эмас. Чунки воқеликни бадиий тадқиқ қилиш асосида бадиий сиймоларни яратиш – бугунги кун шиори.

***

Эмиль Золя – реалист. У: “илм билан бадиий асар бир хил. Фақат уларнинг танлаган объектлари, методлари бошқача, мақсадлари эса битта”, дейди.

***

Инсонни ген (ирсият) программалаштиради. Ген авлоддан-авлодга ўтади. Инсон сажиясини белгиловчи нарса атроф-муҳит эмас, балки субъект, ирсий программа. Инсон – бетакрор, йўқса, ота-онаси ким бўлса, у ҳам ўша бўларди.

***

Золя қаҳрамонлари ноанъанавийдир.

***

Инсоннинг генига таъсир қилиш (яъни, ўзгартириш) жиноят.

***

Импрессионизм – бир лаҳзада кечган муайян нарса-ҳодисани тасдиқлаш, рўёбга чиқариш, акс эттириш. Масалан, рассом маълум бир тасвирнинг қайси жилваси кўринса, ана шуни акс эттиради. Реалликда эса типиклаштирилади ва, натижада, нимадир йўқотилади. Импрессионизм ўша ниманидир олади.

***

Бир тасвирни ҳар хил рассом ўзича (турлича) кўради.

***

Импрессионизм буюк санъат. У улкан санъатларни келтириб чиқаради. Золяда ҳам шу нарса бор. Золянинг баъзи асарлари ниҳоятда зерикарли бўлиши мумкин, лекин у бор нарсани ёзади. Муҳими ҳам шу – бор нарсани ёзиш. Хемингуэй: “ёзувчи нимани яхши билса, шуни ёзиши керак”, дейди.

***

Ҳар қандай истеъдод конкрет, аниқ-муайян бўлади. Истеъдоднинг ўзи нима? У – эҳтироснинг энг юқори даражада намоён бўлиши. “Умуман истеъдод” деган нарса йўқ. Ҳар бир ёзувчининг ўз истеъдоди мавжуд.

***

Романтизмнинг “ожизлиги” шундаки, унда олдин программа (дастур) тузилади ва шу асосида асар ёзилади. Бунга сиғмай қолган жойлари эса қирқиб ташланади.

***

Золядаги фавқулоддалик ирсият билан боғлиқ.

***

Толстойда ўз-ўзини инкор қиладиган қарама-қаршилик бор. Буни Ленин ёзувчи дунёқарашининг чекланганлиги билан изоҳлайди. Аслида-чи? Аслида, бу нарса Толстойда “ёмонликка яхшилик орқали жавоб бер”, кўринишида мавжуд ва буни шундай тушуниш лозим.

***

Ҳаётда ҳамма ҳам шахс даражасига кўтарилавермаслиги мумкин, лекин ҳар битта инсон битта индивид.

***

Золя марксизмни қабул қилган эмас, бироқ социализмни – бошқача социализмни қабул қилган. Унинг энг катта асари “Ругон – Маккарлар”дир. Асар йигирма жилддан иборат ва ундаги воқеалар йигирма йилда кечади. Қизиғи шундаки, ёзувчи бу асарни йигирма йилда ёзиб тугатган.

***

Романни Белинский жанр деб атайди. Ҳозир роман жанр эмас, балки тур. Унинг жанрлари мавжуд. Масалан, роман, роман-эпопея. Воқеликка муносабат, бадиий тамойил романни эпопея қилиши мумкин. Аммо ҳамма кўп жилдли романлар ҳам эпопея бўлавермайди.

***

Одамлар бошига кулфат тушгандагина бирлашади. Бошқа пайтларда эса бирлашмайди.

***

Қаҳрамон тақдирининг тарихи – сажия (характер).

***

Асарнинг ният-ғоясини аввалдан билиб бўлмайди. Агар билиб бўлса, бу романтизмдир.

***

Бизда яратилган асарларда фақат шарт-шароит одамни одам қилади, дейилади. Индивид, шахс, ирсият эсдан чиқарилган. Ирсиятнинг шахсда намоён бўлиши Золяда қонуний тарзда кечади. Толстойда бу жиҳат ўткинчи.

***

Ёзувчи бошқа миллат вакилини акс эттирганда ҳам, барибир, унда ўз миллати хусусиятини сезиш мумкин. Бу камчилик эмас – ўзига хос жиҳат.

***

Совет адабиёти йўқ. Чунки совет деган халқ йўқ. Рус адабиёти бор, ўзбек, грузин адабиёти бор. Совет маданияти ҳам, музикаси ҳам йўқ.

***

Адабиётга сиёсатни суқиш керак эмас, бадииятнинг ўзи сиёсат.

***

Аҳамияти жиҳатидан ёзувчи (шоир) умумжаҳон бўлиши мумкин, лекин поэтикаси, бадиияти жиҳатидан фақат ўз миллатининг одами бўла олади, холос.

***

Жамият индивидни яратади, деган фикр нотўғри, балки индивид жамиятни яратади. Ҳатто Навоийда кўп қаҳрамонлар шароит маҳсули. Мавжуд индивидлар эса романтик хусусиятга эга.

***

Ёзувчининг хаёли чексиз бўлганда ҳам объектив хаёлот (борлиқ)дан шубҳасиз тордир.

***

Золя ўз хаёлотини чеклайди. Бу – ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмас. Масалан, у адабиётни илм дейди.
Золя индивиди Бальзакникидан кенгроқ. Фрейд кашфиётлари Золя кашфиётлари устига қурилган. Бу – табиий ҳол. Уларда фавқулодда ҳодисалар, индивидлар текширилади.

***

Қолиплар – стереотиплар дастлаб пайдо бўлганда ижобийдир. Улар қайтарилганда, сийқаси чиқади.

***

Сўз ташбеҳга айланганда бадиийлик юзага чиқади. Идеализмсиз бадиият йўқ. Идеализм бу – бор нарсани ҳар хил тушуниш.

***

Асар вақт ўтиши билан бошқа (асар)га айланади. Чунки уни тушуниш ҳар хил.

***

Истеъдод – туғма ҳодиса. Уни аямай сарфлаш керак. Сарфлашнинг орқасидан яна сарфлаш келиб чиқади. Бироқ истеъдодга эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш лозим.

***

Ҳақиқий санъаткор ҳар доим ношукур бўлиши керак. Ҳақиқий ёзувчи учун яшаш бу – ижод. Хемингуэй ёзолмаганини тушунгач, ўзини ўлдиради. Гоголь ва Мопассан жинни бўлиб ўлган.

***

Орқа мияда биз билмаган бўлим бор ва у анормал психологияни пайдо қилади. Жиннилар ҳаракатини ботиний шуур бошқариб туради. Фрейд буни сексология билан боғлаб аниқлаб берган.
Секс бу – эҳтирос. У қудратнинг энг юқори даражада рўёбга чиқишидир. Секс бу – кўпроқ руҳий яқинлик. Леонардо да Винчи суратидаги сеҳр бу – қониқмаган секснинг кўриниши.

***

Ёзувчида жасорат бўлиши зарур. Кўпчиликда шу етишмайди.

***

Табиатнинг бутун фожиасини тўлалигича акс эттириб, қабул қилиб бўлмайди. Бунга инсон чидай олмайди. Золя буюк жасорат чегарасида фожиани акс эттирган. Ушбу ҳаддан четга чиқиш мумкин эмас. Ундан четга чиққан Золя мутлақо ҳалок бўлади.

***

Инсоннинг қиммати, даставвал, унинг омма эканлигида эмас, балки инсоннинг якка ўзида. Сталинизм “Оммада!” дегани учун вужудга келди, яъни, у якка одамларда қимматни кўрмади, ўлдираверди.

***

Сизифнинг бахти – унинг бахтсизлигида, шуни ҳис қилганида.

***

Севги – бу фожиа. Чунки унда ўзликдан кечишга тўғри келади, яъни, ўзингни кимгадир бағишлайсан. Ўзингдан кечиш эса – бахтсизлик.

***

Бахт балки ўткинчиликни тушунишдадир.

***

Инсон тафаккури чексиз эмас. Инсонни инсон қиладиган нарса бу – маънавият.

***

Инсон фожиани тан олиши ва уни енгишга ҳаракат қилмоғи керак. Хемингуэй учун ёзиш – ҳаёт, фожиани енгиш эса – яшаш эди. У жисмонан ёзолмай қолди ва ўзини-ўзи отиб ўлдирди.

***

Руҳият – ёзилмаган, айнимаган дин! Одам қанча буюк бўлмасин, унинг руҳиятида яшириниб ётган ўз манфаати бор. Бусиз мумкин эмас. Бусиз одам – одам эмас. Унинг бошқаларга хизмат қилишида ўз манфаати бўлади.

Томас Манн

Томас Манн Толстой ва Бальзаклар даражасида, лекин уларга нисбатан анча мураккаб. Унинг Толстой ва Бальзак сингари оммавий эмаслигининг сабаби ҳам шунда.

***

Фақат образ орқали воқеликни тўла акс эттириб бўлмайди.

***

Адабиёт истеъдоддан ташқари (ёзиш) техника(си)ни ҳам талаб қилади.

***

Чернишевский ўта тенденциоз ёзувчи. У халқни қўлга болта олишга биринчи бўлиб чақирган. У ёзувчи эмас, “Нима қилмоқ керак?” деган асари ҳам асар эмас. “Нима қилиш керак?” деган саволга “Воқеликни акс эттириш керак”, деб жавоб бериш лозим.

***

Адабиётга ҳикоя мифларни дастлаб Томас Манн олиб кирган. Фашизм саксон миллион одамни йўқ қилди. Лекин мазкур қабоҳатга нима мажбур қилди? Буни ҳеч нарса тушунтириб беролмайди. Фақат озгина яқин борадигани бу – МИФ.

***

Ҳар битта бадиий асар дастлаб миллийдир. Миллий бўлмаган адабиёт, адабиёт эмас.

Хорижий ўзбек адабиёти

Америкалик ўзбек ёзувчиси Булоқбоши Чўлпонни Шекспирга қиёс қилади. Кейин ёзади: “Йўқ, чуқурроқ ўйлаб кўрсам, Чўлпон Шекспир эмас экан. Чўлпон бу Чўлпондир”.

***

Сўзни ўлдирсангиз – тил ўлади. Тил ўлса, миллат ўлади. Миллат бу – ўзбек, француз, турк, инглиз…

***

Балки Пушкин, Лермонтовнинг аслини, тўла муқобилини ўзбек тилида ўқиш мумкин.

***

Адабиёт ўз сиёсатини ўзи намойиш қилсин. Унга тиқиштириш шарт эмас. Ҳозир ҳар бир ҳаракатимиз, сўзимиз – сиёсат. Ҳатто тушларимизда ҳам сиёсат мавжуд. Лекин булар сиёсатлаштириш эмас. Ҳозирги ўзбек адабиётида сиёсатлаштириш йўқ.

***

Бобурга келиб ўзбек адабиёти иккита йўлга ажралиб кетган. Назаримда, ўзбек классик адабиёти Машрабгача давом этади.

***

Навоий ва Фурқатлар маърифатчи эмас. Рус маданиятини сўқигани учун Фурқатни маърифатчи деб бўлмайди. Ахир, бу – туркий халқлар маданияти эвазига бошқа маданиятни киритиш-ку!

***

Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” деган шеърида миллатчилик бор. Миллатчилик – буюк ҳодиса. Шовинизм – бир миллатни иккинчи миллатдан устун қўйиш. Миллатчилик эса ҳар ким ўз миллатини ҳимоя қилиш, демакдир.

***

Жаҳонда майда ёки катта халқ йўқ. Чунки миллатлар бир жонзотнинг аъзоларига ўхшайди. Жонзот учун унинг ҳар бир аъзолари бирдек қимматли. Битта аъзо ишдан чиқдими, демак, бутун танада емирилиш бошланади.

***

Аллоҳни тан олиш ёки инкор қилиш унчалик муҳим эмас. Асосийси – унинг даражасига руҳиятда чиқиш.

***

Руҳ – нурланиш оқими, моддий.

***

Йўқ нарсага ҳам “бўлиши мумкин” деб қараш лозим. Бу ерда инсон ўзига чексиз эрк бермоқда. Инсон туғилгандан бери эркни орзу қилади. Балки инсоннинг асл моҳияти шундадир.

***

Маркс: “Эрк бу – англанган зарурият”, дейди. Аслида, эрк ва зарурият бир-бирига қарши. Марксдаги эрк сохта. Эркнинг чегараси йўқ. Руҳиятга эрк бериш лозим.

***

Етти рақами муқаддас. У космогониянинг белгиси. Космогония – етти иқлим, етти олам, етти само. Биз ҳаммамиз ўз юлдузларимиз таъсирида бўламиз. Чунки биз туғилганимизда муайян юлдузлар ўз таъсирларини ўтказганлар.

***

“Пантуркизм”, “панисломизм” деган гаплар ғирт ёлғон. Чунки бор бўлганида эди, сўз ҳам ўзбекча бўларди.

***

Жадидчилик – энг аввало, адабий-бадиий ҳаракат. У жаҳоннинг ярмини қамраб олган. Жадидчилик худди бугунги кундагидек янги бадиий тафаккур. У илгариги маориф тизимини, яъни, мадрасалардаги ўқитиш тизимини тиклашга интилишдан бошланган. Бунинг учун адабиёт орқали йўл тутишган. Туркияда бошланган. У – тараққийпарвар умумтурк ҳаракати. Жадидчиликка француз маърифатчилиги таъсир қилган. Масалан, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт” номли асаридаги фоҳиша аёл тасвири. Француз маърифатчилиги эса, ўз навбатида, Шарқ маданиятидан илҳом олган.

***

“Инқилобий”, “прогрессив”, “реакцион” адабиёт деган тушунчалар бўлмағур гаплар. Чунки адабиётнинг мағзи – инсон. Шундай экан, у қандай қилиб реакцион бўлади? Кўринадики, жадидчилик адабиёти ҳам на прогрессивдир ва на реакцион.

Адабиётда иккита руҳ бор:
1. Қуллик;
2. Озодлик.
Шахснинг озодлигини миллатнинг озодлиги таъмин этади. Мен аввал ўзбекман, кейин озодман.

Лотин Америкаси адабиёти

Жаҳон адабиётида Лотин Америкаси адабиётини феномен дейишади. Бу адабиётда роман бўлган эмас, демакки, анъана ҳам бўлмаган. Биринчи роман 1931 йилда ёзилган ва “Премия” деб аталган. Навоийнинг “Садди Искандарий”сини роман дейиш мумкин. Чунки у мифга асосланган (қолган достонлари роман даражасига кўтарилган эмас). Шунга кўра ўзбек адабиётида инқилобдан кейин роман пайдо бўлди, дейиш нотўғри.

***

Маркесдаги “думли бола” қадимги ҳиндулар мифологиясидан олинган. Миф ҳар доим фожиа билан якунланади.

***

Бошқа халқ психологиясини инкор этиб бўлмайди. У айтаётган гапларни “шундай бўлади”, деёлмасак, “шундай бўлиши мумкин экан”, деб фараз қилайлик.

***

Ёзувчининг борлиги унинг бутун асарлари билан белгиланади. Унинг буюк асарлари (ижодкорнинг) фақат бир томонини кўрсатади, холос. Ёзувчининг буюклиги унинг ожиз асарларида ҳам кўринади. Ижод бу – система. Хуллас, санъаткорнинг улуғлиги унинг битта-иккита асарлари билан ўлчанмайди.

***

Биз табиат қўйнидан чиққанмиз. Фожиамиз ҳам шуки – чиққанмиз. Инсон – табиат унсури. У – абадий. Табиатда эврилиш бор, лекин йўқолиш йўқ, бўлмайди.

***

Адабиётнинг бирдан-бир вазифаси – ҳаётни ошкора кўрсатиш, унинг фожиасини кўрсатиш.

***

Чақалоқ туғилиши билан қаттиқ йиғлар экан, у дунёга келганини интуитив равишда ҳис қилиб, даҳшатдан йиғлайди. Менингча, унинг тафаккури катта бўлгандаги тафаккурига тенг. Фақат у улғайгандагина мазкур тафаккур намоён бўлади.

***

Инсон туғилганда ифлос ва ёлғиз бўлади. Ўлаётганда яна ифлосланади. Инсоннинг моҳияти ана шу икки нуқтадан иборат. Унинг оралиғи субстанция – моҳиятнинг ҳаракати.

***

Яшашнинг ўзи – фожиа. Ибтидо фожиа бўлсаю интиҳо фожиа эса, демак, ўртаси ҳам фожиа. Биз ана шу фожиани, даҳшатни енгсаккина уни тушунамиз. Йўқса, унинг қулига айланиб қоламиз. Ўз фожиасига камдан-кам одам чидайди. Фожиага бардош бериб, уни кўзгуда акс эттира билган ёзувчи оз, жуда ҳам оз.

***

Ҳар ёзувчининг ўз виждони олдидаги жавобгарликдан ташқари бошқалар олдидаги жавобгарлиги ҳам бор. Ҳатто бу муҳимроқдир. Ҳақиқий ёзувчи ўз шахсий ҳаётида бир талай номаъқулчиликлар қилган бўлиши мумкин, бироқ бошқаларга нисбатан ҳеч қачон қабиҳлик қилмайди.

***

Ҳар қандай мард одам ҳам ўзидан ва бировдан ниманидир яширади.

***

Адабиётшуносликда профессионализмнинг икки томони бор. Биринчиси – асарни англаш. Бу жараёнда ўзликдан воз кечиш керак. Ўзлик, албатта, таъсир кўрсатади, лекин мазкур жиҳат йўналишини белгилаб бермаслиги лозим. Мен асарни белгилаб бермайин, балки асар мени белгилаб берсин. Иккинчидан, профессионалда асарни ўқиётгандаги лаззатланиш ҳиссиёти сийқаланиб боради.

***

Энг қийин нарса – болаликни ўзида сақлаб қолиш. Болаларда қолип бўлмайди. Адабиётшунос ана шундай бола бўлиб фикр қилса, кўп нарса ютади.

***

Достоевскийда Мишкин – телба, қолганлар соғ. Аслида, Мишкин соғ-у, бошқалар телба.

***

Ҳаётда ёлғон гапириш ёмон нарса. Лекин ҳаёт ўз йўлида кетаверади, адабиётда эса умуман ёлғон ишлатиш мумкин эмас.

***

“Улисс”ни ўқиш учун мифология ва “Одиссея” каби достонлар билан танишиб чиқиш лозим.

***

Ҳалокат бу – қутулишнинг йўли эмас. Ўлим – зиддиятни ҳал қилмайди. Иложсизлик ва иложнинг мавжудлиги “Юз йил танҳоликда” бирлашади.

***

Одиссей ёлғиз эмас, уни ҳатто ҳалок бўлганларнинг руҳлари қўллаб турибди. Аммо бу – биздаги коллектив ҳақидаги тушунчадан тамоман бошқадир. Маркесда танҳолик бор. Буни таҳлиллаш учун ақл бовар қилмас истеъдод керак. Бу ҳатто Фолькнерда ҳам йўқ.
“Улисс”да танҳолик шу бугуннинг хусусияти тарзида очилади. Маркесда танҳоликни келтириб чиқарган – кечаги танҳолик. Бу ўринда яккаланишдан ташқари яккалаш ҳам мавжуд. Бу фақат одамга эмас, балки оламга ҳам хос хусусиятдир. Танҳолик юз йил аввалги гражданлик урушидан келиб чиқади. Бу – шартли. Аслида, ёлғизлик башарий қирғиндан келиб чиқади.
Жазонинг оқибати тазарру бўлмоғи керак. Жазонинг ўзи яна қирғинга сабаб бўлади. Буэндиоларнинг бошига тушган кулфатлар жазонинг бир кўриниши. Инсон табиатида тазарруга қараганда ёвузлик кучлироқ.

***

“Қори ишкамба” – Гобсекнинг кўчирмаси. Қаранг, Қори ишканбага раҳмингиз келмайди, Гобсекка эса келади.

***

Агар истеъдод бўлса, қачондир, нимадир намоён бўлади. Бу – муқаррар.

***

“Улисс”ни узлуксиз ўқиш керак. Чунки ҳаётнинг ўзи шунақа – узлуксиз. Ҳаёт субстанция эмас, балки ҳодиса. Танҳолик ҳам шундай. “Юз йил танҳоликда”ги юз йилнинг ўзи чексиз.

Кафка

Хемингуэй, Маркес, Диккенс каби адиблар: “асар бошқа, мен бошқа”, деган гапни айтишган. Менингча, бу нотўғри. Чунки ёзувчи ким бўлса, асар ҳам ўшандай бўлади. Одам ўзидан нур таратади. Худди шундай, асар ҳам ёзувчининг бир кўринишидир.
Кафкадек даҳшатли ёзувчи дунёда йўқ. Кафка маънавий жиҳатдан эзилиб, майдаланиб кетган. Яҳудийларда одам қаторига кириш учун ҳар нарсадан воз кечиш одати бўлган. Улар ҳатто диндан-да кечишган. Лекин, аслида, қалбда, шуурда ҳеч қачон кечмайдилар. Даҳшат шу ердан вужудга келади. Чунки аросат бошланади. Кафка яҳудийликдан чиқиб кетган ва немис тили унинг учун она тилига айланади. Шунинг ўзи танҳоланишдир. У жамиятга киришга ҳаракат қилди, лекин жамият уни ўзидан итарди.
Кафкани биров реалист деса, бошқа биров модернист дейди. Кафкани ўқиганда, шу заминдан келиб чиқиб қараш керак эмас, шуурда заминдан бир оз кўтарилиш лозим. Хаёл ҳам реаллик эканини тушуниш керак.

***

Болалигимизда эртакдаги барча нарсаларга ишонар эдик ва ишониб тўғри қилганмиз. Ақлимиз расо бўлган сари табиийликдан узоқлашиб борамиз.

***

Кафка ўз асарларининг асосий қисмини чоп этишларини ман қилган. Чунки асар таъсирида ўқувчини даҳшатга тушиб, асар асири бўлиб қолишини истамаган. У бундай асарларини ҳатто ёқиб юборишларини илтимос қилган.

***

Гоголь ва Кафка ўртасида ўхшашлик бор. У ҳам Кафка даражасидаги даҳо. Масалан, унинг “Вий” асарини ўқиб кўринг. Гоголь “Ўлик жонлар”нинг иккинчи қисмини ёқиб юборган. Эмишки, у мазкур бўлимда помешчиклардан бирини ижобий қилиб тасвирлаган ва кейин тушуниб қолиб ундан воз кечган. Бу – хато фикр. Аслида, Гоголь ўз асаридан ўзи даҳшатга тушган. Биз Гоголни Белинскийнинг таҳлилидан келиб чиқиб баҳолаймиз. Гоголь покланишга чақирган. Буни Белинский тушуниб етмаган ва танқид қилган. Аслида, Гоголь воқелик қандай бўлса, ўшандай акс эттирган.
Гоголь ҳам рус бўлиб рус эмас, украин бўлиб украин эмас. Аросатда қолган шахс.

***

Ҳаётнинг ўзи трагикомедия.

***

Нусха кўчириш – санъат эмас.

***

Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен уяламан.

***

Қачонгача ҳамма одамларни буюк, табиатнинг энг олий тожи, деб юрамиз.

***

Аввало, ўзликдан воз кечишга рози бўлиш керак. Аввало, киши ўзидан қўрқмаслиги лозим. Бундай қўрқув ҳиссини енгиш зарур.

***

Кафка 41 ёшида вафот этди. Уни асарларида акс этган ҳақиқат ўлдирди. Кафканинг улуғлиги ўша даҳшатни кўра олганлигида.

***

Лирик қаҳрамон ва шоир деган гап бор. Бу – ғирт бемаънилик. Фақат шоир бор. Лирик қаҳрамон ҳам шоир, шоир ҳам шоир.

***

Пушкин Байроннинг “Шарқ поэмаси” деган асари тўғрисида: “Байрон ҳар бир қаҳрамонга ўз хусусиятидан битта-биттадан берган. Бу – унинг заиф томони”, деган. Ушбу фикрларида Пушкин ҳақсиздир.

***

Воқеликни акс эттиришда ўзини қурбон қилиш Жойс, Камю, Кафкада жуда яққол кўринади.

***

Ёзувчининг аросатлиги! Ўйлаб қарасак, ҳаётнинг ўзи шунақа – на у ёқлик, на бу ёқлик.

***

Турғунлик даври бир тийинга қиммат давр. Аслида, унинг ўзига хос аҳамияти мавжуд: Кафка, Жойс, Камю сингари ёзувчилар юзага келади.

***

Кўздан ёш чиқиши – бу жуда осон йўл. Биз даҳшатга тушишни билмаймиз, тушунмаймиз.

***

Жамият тараққиётида ягона йўл бор – эволюцион, революция билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Революция бу – табиатга нисбатан тазйиқ.
Дарахтнинг қадри қанча бўлса, инсоннинг қадри ҳам шунча.

Утопик асарлар

Хаёлни илмга айлантирмоқчи бўлдилар ва айлантирдилар, лекин амалга ошмади.

***

Романларни ўқиётганда даҳшатга тушамиз, бироқ ҳаётдан қўрқмаймиз. Аслида, романдагилар ҳаётда бўлган.

***

Инсон тафаккурда юз фоиз эркин бўлмоғи керак.

***

Мафкура санъатда ҳокимлик талаб қилар экан, бадиият бузилади, сўз бузилади.

***

Адабиёт ҳаётнинг худди ўзи эмас ва бўлмаслиги керак. Адабиёт иллюзияга айланиши лозим, яъни, гўё худди шунақа.

***

Кўриниб турган нарсани фақат сўз билан ифода қилинса, бунинг нимаси санъат?

***

Навоий асарлари ҳаётнинг худди ўзи эмас, балки гўё худди ўзи.

***

Уран сайёрасини Гёте башорат қилган. Яъни, ҳар қандай сиймо бу – ахбор (информация).

***

Фарҳодга Ширин кўзгуда жонли бўлиб кўринади. Бу ҳозирги кибернетикага мос тушади.

***

Ҳар қандай асар, одатда, бир сўз учун ёки бир сатр, бир фикр учун ёзилади.

***

“Қутлуғ қон”да романнинг асосий ғояси Мирзакаримбойда мужассам бўлган. “Ер сотган эр бўлмас, эр ер сотмас” деган фикр учун мен ушбу романни буюк асар деб атайман. Бинобарин, “Қутлуғ қон”нинг асосий қаҳрамони Мирзакаримбойдир.

***

Мана биз нисбатан озодмиз . Лекин нега жим турибмиз? Чунки руҳимиз қулфлоқ. У даҳшатдан халос бўлмоғи лозим. Балки бу даҳшат ирсиятга айланиб қолгандир.

***

Ҳар қандай асарда нисбатан камчилик бўлади, уни ўйлаб чиқаришнинг ҳожати йўқ.

***

Санъатнинг энг зўр устунларидан бири – шартлилик.

***

Инсоннинг ҳамма соҳадаги ишлари бир хил принцип (тамойил)га асосланади.

***

Шундай ҳодисалар борки, улар моҳиятнинг ўзида мужассам бўлади.

***

Бадиий асар бу – модел. Истеъдоднинг қудрати ана шу моделлаштириш процессида намоён бўлади.

***

Асар – модел. Лекин бу унинг қадрини туширмайди, балки оширади. Чунки моделда чек йўқ, чегара йўқ.

***

Ҳар қандай асарда санъаткор ўзини намоён қилади. Шу – модел.

***

Бизникидан бошқа галактикаларда ҳам инсонлар бор. Улар бошқача, лекин моҳият битта. Буни тушунмасдан туриб санъатни талқин қилиш мумкин эмас. Санъатни олам моҳиятидан ажратиб олиш керак эмас.

***

Биз ўз қобиғимиз ичидан чиқа олишимиз лозим. Биз ҳали тухумни ёриб чиқмаганмиз.

***

Санъатда ниманидир тушуниш инсонга ҳузур бахш этиши керак.

***

Ёзувчи ёзмаслик мумкин бўлса, ёзмайди.

***

Ўзликни намоён қилиб бўлгандан сўнг ҳақиқий санъаткор учун ҳаётнинг қизиғи йўқ.

***

Яшаш бу – ижод!

***

Ҳақиқий санъаткор қанчалик буюк бўлса, шунчалик нозик бўлади.

***

Яшаш нима? Бу ўзликни намоён қилиш. Еб-ичиш, сайр қилиш – булар восита, холос.

***

Ўзликнинг ўз маъноси, моҳияти бор. У бемаъни эмас. Шу моҳиятни тушунсаккина ундан қўрқмаймиз.

***

Толстой баъзан қолипга тушади, лекин Достоевский учун ўлчов йўқ. Достоевскийнинг тафаккур ва истеъдоди тенг. Толстойда истеъдод пастроқ.

***

Руҳий ҳолат Стендалда системага айланган. Бу ҳатто Толстойда ҳам системага айланмаган.

***

Руҳият кўп жиҳатдан онг ва тафаккур билан боғланмаган. Унинг илдизлари бошқа жойда.

***

Истеъдод бу – меҳнат эмас, у туғма хусусият.

***

Сексология – эркак ва аёл ўртасидаги руҳий муносабат. У илоҳият даражасига кўтарилган нарса. Инсонни юксакликка чорлайдиган куч.

***

Истеъдод – инсон сексологик имкониятларининг энг юқори даражага кўтарилиши.

***

Шеърга ошиқ бўлмаган шоир шоирми? Аллоҳга, борлиққа ошиқлик ҳам шеърга ошиқликда намоён бўлади.

***

Ёзувчи кўзга кўринмас ипларни савқитабиий орқали топади. Чунончи, Бетховен ўзининг жаҳонга машҳур 9-симфониясини кар бўлиб қолганда ёзган.

***

Бўғилган эҳтирос (секс) тафаккурга таъсир қилади. Ҳатто фожиага айланиши мумкин.

***

Буюк асарларнинг ҳаммасида системали руҳий ҳолат мавжуд.

***

Инсоннинг руҳияти ўзи мустақил, кўпинча, ташқи шароитдан, воқеа- ҳодисалардан келиб чиқмайди, улар фақат туртки бўлиши мумкин. Ташқи шароит билан тўқнаш келинганда яшириниб ётган руҳий ҳолат уйғониб кетади.

***

Роман, аслида, инсонни кашф қилиш.

***

Биз одамнинг қадрини билмаймиз, гўё халқнинг қадрини билмаймиз. Ахир, халқнинг ўзи нимадан иборат?

***

Бир-бирини севишиб турмуш қурганларда сексологик муносабат гўзаллик туғдиради.

***

Ҳар қандай олий ишқий муносабатларнинг манбаи ўша – ибтидоий инстинкт.

***

Идеал қаҳрамонларнинг ҳаммаси – фожиа. Чунки улар хаёл, амалга ошмайдиган хаёл ва ёзувчи буни савқитабиий орқали сезиб туради.

***

Кафка: “абсурдда абсурд”, деса, Камю: “ҳаёт абсурд, лекин унинг ўзи қадрият”, дейди. Яъни, туғилиш ва ўлимнинг ўзи қадрли. Шу икки нуқтанинг ораси абсурд, бироқ қадрли абсурд.

***

Борган сари асар ҳажми қисқаряпти, лекин мазмун кенгайяпти.

***

Китоб ўқиш учун китобхон ўша давр руҳига кириши, ўша давр одамлари нуқтаи назаридан туриб ёндашиши лозим. Бўлмаса, ўқиб бўлмайди.

***

Ёзувчининг қалби оламга очиқ бўлиши керак.
Қуръон қалби – оламга очиқ ҳодиса.

***

Шаклда қайтарилмагандан кейин, демак, мазмун ҳам бошқача бўлади.

Модернизм

Натурализм – XX аср бошидаги модернизм. Натурализм система даражасига кўтарилмайди. У икки хил даврни бошидан кечиради.
Горький натурализмни нотўғри тушунган. Натурализмда кўпроқ модернизмни тушунганлар. Белинский модернизмни тушуниш даражасига етиб келмаган. Унда ўтакетган субъектизм бор. Толстой уни ҳеч қачон қабул қилган эмас. Ҳатто Некрасов – деҳқон шоири ҳам. Белинский Пушкинни бир ёқлама талқин қилади. Унингча, Пушкин подшоҳга қарши, революционер. Натурализмни нотўғри тушуниш Белинскийдан бошланган.

***

Эҳтимол, Гоголь интуитив равишда модернизм йўналишида ёзгандир.

***

Чернишевский эстетикасининг мазмуни: гўзаллик – меҳнатда.

***

Садриддин Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” – деярли очерк. Унда воқеликни инъикос эттириш йўқ, балки фақат тасвир бор. Бунда Ғарб модернизмидан таъсирланган ўринлар мавжуд. Козимийда шундай асар “Қўрқинчли Теҳрон”дир. Агар Шарқдаги мана шу 20-30 йиллик натурализм бўлмаганда, ҳозир ҳам классик анъана давом этаётган бўлурди.

***

Жаҳон прозаси Золя романларидан бошланади, дейишади.

***

Энгельс Бальзакни ўрнак қилади. Лекин реализмнинг ўзига хослигини бир ёзувчи орқали бериб бўлмайди.
Золя ҳам эстетик, ҳам бадиий система яратган. Ҳозирги замон реализми классик замон реализми билан Золя даври реализмининг қўшилувидир. Балки, реализмдан, натурализмдан ажратиб олишнинг ўзи нотўғридир.
Натурализмнинг моҳияти нимадан иборат? Фақат Золянинг экспериментал романидан келиб чиқсаккина, натурализмга тўғри баҳо берамиз.

***

Марксизм: “базис бирламчи, устқурма иккиламчи”, дейди. Хўш, марксизмнинг ўзи нима? Устқурма ва у дунёни ўзгартирди. Демак, базис бирламчи эмас.

***

Энгельс: “Бальзак ўтмишдаги ва ҳозирги барча Золялардан устун”, дейди. Золяга берилган баҳо натурализмга берилган баҳо эди ва шундан кейин унга (натурализмга) эътибор сусайди.

***

Инсоннинг нафақат ижтимоий, балки биологик – энг муҳим томони ҳам ҳисобга олиниши зарур. Натурализмнинг устунликларидан бири, инсонни биологик мавжудот деб кашф қилиш билан боғлиқ. Бальзак эса инсонга кўпроқ ижтимоий мавжудот сифатида ёндашади. Бальзак даврида бу табиий ҳодиса эди, бироқ ўша пайтдаёқ бунга қарши бўлган Стендаль дунёси бор эдики, буни ҳам инкор қилмаслик лозим.

***

Стендаль – психологик таҳлил. Вақтида уни ҳеч ким тушунмади, қизиғи шундаки, уни Бальзак тушунди. Бальзак Стендалга айтади: “Нега сиз ҳолатларни тасвир этаётганингизда атрофни ҳам чизмайсиз? ” Кўринадики, Бальзак ҳамма ҳақиқатни ўзида мужассам этолмайди.

***

“Менингча, типик деган тушунчадан умуман воз кечиш керак. Чунки ҳозирги замон реализми учун бу ўзини оқламайди”, деган эди Роже Городи. Ушбу француз адабиётшуносининг “Реализм без берегов” деган асари мавжуд. У Кафкани биринчи бўлиб социалистик реалист, деб атайди.
Роже коммунист бўлган. Қизиқ, илгари улуғ руҳонийлардан даҳрийлар чиққан, энди эса даҳрийлардан Рожелар чиқяпти.

***

Эҳтимол, Кафкани система деб эмас, балки модернизмнинг бир кўриниши, деб тушунмоқ керакдир.

***

Бергсон инсонни, асосан, биологик мавжудот сифатидаги руҳиятини ўрганади (ирсият назарияси).

***

Инсон ўзини кашф қилишда ҳам табиатга тақлид қилади. Бу – биринчи кашфиёт. Яна бир кашфиёт ирсий кашфиёт ҳисобланади. Яъни, инсон бир-биридан ўзининг биологик характери билан фарқ қилади. Бўлмаса, нега бир хил шароитдаги ўнта одам ўн хил бўлади? Ташқи шароитдан кучлироқ нимадир бор экан, ахир. Буни кашф қилмоқчи бўлган Сегенов жинни бўлиб ўлган.

***

Инсонни кашф қилиш табиат билан боғлиқ.

***

Адабиёт – инсонни кашф қилиш.

***

Ирсият назарияси керак эди. Шундан кейин Бальзак ҳам, Достоевский ҳам, Толстой ҳам жавоб беролмай қолди. Шунга қарамай, натурализмда юқоридагилар бутунлай инкор этилмади.

***

Шарқда етти авлодни билиш бор, етти авлод ичида қиз бериб, қиз олиш йўқ. Чунки ирсият бузилади.

***

Бальзак воқеликнинг яширин механизмини ҳатто математик шаклларга солиб кўрмоқчи бўлган. У математика ва социологияни мутахассисларидан ҳам яхши билган.

***

Шароит қандай бўлса, характер шундай бўлади, деган гапни исботлаб келишади. Аслида, бу унча тўғри эмас. Ҳар битта одамга, албатта, муҳит таъсир қилади, бироқ уни йўлга солиб турган табиати ҳам бор.

***

Характер индивидуаллик ва объективликнинг тўқнашувидан келиб чиқади, дейишади-ю, негадир унинг индивидуаллиги (табиати)га эътибор беришади.

***

Инсон туғилмасидан олдин биологик жиҳатдан программалаштирилган бўлади. Бироқ буни умумий қонуниятга айлантирмаслик лозим, яъни, ўғрининг ўғли ўғри бўлади, дейиш керак эмас. Шунга қарамай, буни-да, эътиборга олиш лозим.

***

Золяда натурализм ва реализм қўшилиб кетади.

***

Натурализмда ҳаракат – динамика йўқ. Буни ҳам биз нотўғри тушунамиз, яъни, динамика бўлмаса, ёмон деймиз. Аммо динамикасиз антик дунё асарларини кўкка кўтарамиз. Масалан, трагедиялар уч хил шароитда ўтади.

***

Адабиётдаги ҳодисаларга таъриф бериш керак эмас, муҳими, уни тушуниш.

***

Толстой: “бир лаҳзани акс эттириш мумкин”, дейди ва тахминан беш юз бетлик бир асарини шунга бағишлайди.

***

Шунақа ҳодисалар борки, умрнинг моҳиятини динамикасидан келтириб чиқариб бўлмайди. Чунки бунда бир ҳаракат иккинчи, навбатдаги ҳаракатга қарши бўлиб чиқади. Буларни фақат лаҳзани инъикос эттириш орқалигина моҳиятини тушуниш мумкин. Шу жиҳатдан олганда, кўпчилик тан олмаса-да, фотография ҳам санъатдир.

***

Адабиётнинг яна бир чексиз таъсирларидан бири – раҳм-шафқат туйғусини уйғотиш бўлса керак.

***

Бергсон фалсафасига кўра, борлиқнинг кечмиши эволюцион ҳаракатга асосланган ва у ҳар доим ҳам жўнликдан мураккабликка томон боравермайди, ҳамма нарса қайтарилади.

***

Бугун интиҳо бўлган нарса эрта учун ибтидо.

***

Натурализм ҳам эволюцион руҳда акс этади.

***

Инсоннинг ўзи ҳам, унинг санъати ҳам табиатга қанча яқин бўлса, шунча кучли бўлади.
Руссо табиатга восита сифатида қараган. Табиат унинг учун моҳият бўлмаган. Натурализм Руссо ожизлигини ҳам маълум маънода енга олган.

***

Индустрия табиатни (инсонни ҳам) қулга айлантиради.

***

Натурализмда табиатга қайтишга интилиш бор.

Томас Манн

Бадиий асардан хулоса чиқариш керак эмас. Ҳаётнинг хулосаси бўлади.

***

Томас Маннда оламга нисбатан олам яратишга интилиш бор.

***

Аристотель: “Асар табиатга тақлидан яратилган “нарса”дир”, дейди. Мен буни андак ривожлантириб: “Асар табиатга тақлидан яратилган табиат, бошқа табиат, табиатга мувозий (параллел) табиат”, дейман.

***

Тақлид ўхшаш эмас, нусха бўлса ўхшаш бўлади.

***

Бу бошқа табиатнинг ўз одамлари – тирик одамлари бор.

***

Типиклаштиришни поэтиканинг бир қонуни, дейиш гуноҳ.

***

Бадиий асарнинг ўзи воқелик.

***

Моделлаштириш дегани бу – бироз аввалги ва бироз кейинги воқеликни табиатга тақлидан яратиш демак. Бироқ, ўн йил-ўн беш йилдан кейинини моделлаштириш қийин ва ҳатто мумкин эмас. Чунончи, Томас Маннинг “Сеҳрли тоғ”ида фашизм моделлаштирилади. Роман ёзилганда фашизм ҳали бўлган эмас.

***

Ҳар қандай бадиий асарнинг ўз атмосфераси (ҳавоси) бор.

***

Томас Манн бевосита табиатнинг ўзига тақлид қилмайди, миф орқали тақлид қилади.

***

Даҳо истеъдодларни қўлидан ушлаб юрадиган нарса кўпинча – интуиция. Гёте интуиция орқали Уран сайёрасини айтиб берган. Фақат йигирма йил сўнггина бошқа математик олим буни исбот қилиб беради.

***

Ҳаёт кўпинча кулфатдан иборат. Ёруғ томонлари баъзан бўлади, баъзан бўлмайди.

***

Томас Маннинг роман структураси миф асосига қурилган. Демак, роман-миф жанрининг бошланиши у билан боғлиқ.

***

Бадиий танқид эмас, бадиий таҳлил бўлиши керак.

***

Олам мифологиясидан ҳамма нарсага жавоб топиш мумкин. Мифология – универсал нарса. У инсониятнинг бутун тарихи, тажрибаси.

02YANGILANISHLAR AVVALIDAGI OLIM
Ulug’bek Hamdam
01

Bugun o’zbek adabiyotshunosligi avji yangilanish pallasini boshidan kechirayapti. Kimdir bilag’on shogirdlarni yetishtirayin deya, bu xayrli ishga bosh qo’shayotgan bo’lsa, kimdir o’z tadqiqotlari bilan bevosita jarayonda ishtirok etmoqda. Xullas, birov adabiyot tarixiyu matnshunoslikda, boshqa birov esa nazariya yo tanqid sohasida qo’lidan kelganicha urinayotir. Bularning hammasi yaxshi. Lekin yana shunday adabiyotshunoslarimiz borki, ularning o’zlari orqa planda – parda ortida qolib, sahnaga fikrlarinigina qo’yib yuborishgan. Men bu o’rinda, ustoz Tal’at Solihovni nazarda tutayapman. Uning jahon adabiyoti va, umuman, san’ati borasidagi mushohadalari dars va suhbat chog’larida xayrixoh shogirdlar tomonidan yozib olingan. (Yozib olinmaganining uvoli nima bo’ladi, deyman gohida o’zimga-o’zim…) Bori – shu. Lekin ana shu “bori”ga qarab, uning salmog’ini chamalab ko’rgandayoq ayon bo’layotirki, istiqlol davri o’zbek adabiyotshunosligining chinakam yangilanishi, ayni, Tal’at Solihovdek zahmatkashu xokisor olimlarning adabiyotga qarashlari zimnida yashirinib yotibdi ekan. Chunki Tal’at Solihov o’qigan ma’ruzalar qatida, nainki, o’zbek, balki jahon adabiyoti va san’atiga so’zning tom ma’nosida Yangicha Qarash mujassam edi. Bu Qarash o’z vaqtidayoq muayyan titroqlaru kayfiyatni jonimizga solgan edi, lekin, baribir, uning mevalari larzon-larzon davri hali oldinda, deb o’ylayman. Chunki Tal’at Solihovdan qolgan adabiyotshunoslikka doir hajman kichik, lekin mazmunan g’oyat salmoqdor meros haligacha asosan sarg’aygan daftarlardagina “kun ko’rayotir”. Ularni zudlik bilan topish, to’plash, saralash, tizimga solib chop etish va yo’sin adabiyotshunosligimiz “dasturxoniga” tortiq etish zamoni allaqachon kelgan. (Albatta, domlaning barcha qarashlarini “mutlaq haqiqat” deya ta’riflashdan tamoman yiroqman.

Adabiyotshunoslikning bugungi darajasidan turib, uning ayrim mulohazalari bilan tortishish mumkin. Hatto mening o’zim Belinskiy, Tolstoy haqidagi qarashlariyu shakl va mazmun borasidagi keskin mulohazalari tufayli, xayolimda ustoz bilan doimo bahslashib yuraman. Lekin gap bunda emas. Gap domla qoldirgan meros zimnida yashiringan tafakkur jasoratida, jasoratning mazmun-mohiyatida. Ustozning ana shu siymosida darsliklaru kitoblarda e’tiborimizga tortiq etilayotgan “hamma gaplar”ni yagona va oxirgi haqiqat emasligiga ishora, ularni aql va mantiq tarozusida tortib yurishga, yanada muhimi, inson va san’at haqidagi katta va fundamental ilmga tayangan holda yangi va mustahkam qarashlarga ega bo’lishga chorlov bor. Ya’ni, mavjud haqiqatlarga boshqacha qarashning mumkin va, hatto, zarurligi aks etgan uning adabiy nigohida.) Shu ma’noda, men, avvalo, uning shogirdlariga, adabiyotimizning, adabiyot ilmimizning chinakam ixlosmandlariga, yangilanishu yangi fikrning tolmas himoyachilariga, insofu iymonini eng aziz ne’mat yanglig’ asrab kelayotgan izdoshilarga murojaat qilib aytmoqchimanki, agar sizda ham hassos olim Tal’at Solihovning og’zidan chiqib, xotirangizda muhrlangan va yo qaerdadir kitoblar orasida chang bosib yotgan eski daftaringizda qolib ketgan “so’zlari” bo’lsa, jamiki savobu, ezgu amal haqi hurmati – tahririyatimizga yetkazsangiz. Vaqti kelib, jurnal sahifalarida jamlanib-tartiblanib e’lon qilingan meros yaxlit bir kitob holida nashr qilinadi, degan umid bilan biz ham harakat qilaveraylik.

Quyida, e’tiboringizga havola etilayotgan ma’ruza parchalari mening konspekt daftarimda qolgan yozuvlardir. Domla shoshilmay gapirar edi, shunga ko’ra nafaqat fikrlar, balki jumlalarning qurilishi ham asosan ma’ruzachining o’ziga tegishli bo’lsa ajabmas, deb o’ylayman. Faqat ayrim fikrlarni yo qisqartirib va yoxud ixchamlashtirib yozib olgan bo’lishim mumkin. Ba’zan fikrni o’z so’zlarim bilan yozgan o’rinlar ham mavjuddir, ehtimol. Hammasini aniq-tiniq eslashning iloji yo’q. Oradan yigirma ikki – yigirma uch yildan mo’lroq vaqt o’tibdi, axir! Shunga ko’ra, fikr va jumla g’alizliklari bo’lsa, yigirma bir-yigirma ikki yoshli g’o’r talabaniki, ya’ni, kaminaniki, deya bilgaysiz. Yana saralash ham bizga tegishli. Ya’ni, ma’ruza to’liq qog’ozga tushirilmagan, balki undagi ayrim fikrlargina yozib olingan. Qolgan hammasi ustozniki! Albatta, domla aytgan ko’pgina mulohazalarni keyinchalik biz boshqa kitoblardan ham o’qidik, lekin, baribir, ustoz shu fikrlarni bitta mavzu bayrog’i ostida to’plab, ularga umumiy kontekstda o’zgacha mazmun, shukuh bag’ishlagan edi. Eng muhimi, Tal’at Solihov butun boshli adabiy yo’nalish yoki yozuvchi ijodidan bir-ikkita shunday fikrlarni sug’urib olardiki, keyincha chuqurroq mulohaza qilib ko’rsangiz, o’sha yo’nalish yo yakka ijodkor asarlarining mohiyati ayni o’sha “bir-ikki fikr”ga suyanib turganiga amin bo’lasiz. Bu endi katta masshtabdagi tafakkur egasining, haqiqiy adabiyotshunosninggina qo’lidan keladigan Buyuk Ishdir! U yog’ini surishtirsangiz, ilmdagi chinakam yangiliklar to’rtta terminni bir-biriga urishtirib, chiqqan sadosiga mahliyo bo’lgan olimlarning jild-jild kitoblaridan emas, yo’q, balki, ko’pincha, ana shunday tafakkur egalari qoldirgan jajjigina meroslardan ibtido olishi mumkin. Ha, bugun hech bir mubolag’asiz ta’kidlab aytish joizki, Tal’at Solihov yangi o’zbek adabiyotshunosligi ta’mal toshini qo’yganlar safida munosib o’rin tutadi.

Tal’at Solihov
QOBIQNI YORIB CHIQISH SAODATI
01

Shakl, mazmun va boshqalar haqida

Romantizm voqelikni emas, balki voqelik haqidagi idealni aks ettiradi. Realizm uchun eng muhim narsa – voqelikning o’zi. U voqelikning o’zgarishi bilan o’zgarib boradi. Aslida, hech bir metod toza emas.

Adabiyotda ikki xil shakl mavjud:
1. Voqelikka xos bo’lgan in’ikos shakli;
2. Voqelikka xos bo’lmagan in’ikos shakli.
San’at – bu voqelikning obrazlar vositasida in’ikos etilishi. Ilmda mantiqiy tafakkur, san’atda badiiy tafakkur bor. Tafakkurning muayyan bosqichlari quyidagilar:

1. Mifologik;
2. Romantik;
3. Realistik.
Bular voqelikning xarakteridan kelib chiqqan. Hozirgi san’at faqat hayotni in’ikos etmaydi, balki borliqni aks ettiradi.

***

20-yillarda Tomas Mann ijodida mifdan foydalanish boshlandi. Boshqa ko’pgina yozuvchilar unga ergashdilar. Sovet adabiyotida uzoq vaqt bunday yo’l tutilmadi. Mustasno bor edi, albatta. Chunonchi, Platonovning “Kotlovan” qissasi.

***

Il`ya Erenburg shunday degan edi. Agar jahonda uchta romannavislik oqimi bo’lsa, ular:
1. Kafka;
2. Kamyu;
3. Joys.

***

Inson zoti tafakkur nuqtai nazaridan o’taketgan dangasa.

***

Adabiyotning oldiga talab qo’yib bo’lmaydi, uni o’z holiga qo’yish zarur.

***

Shakl topilsa, badiiy asar yaratilishi mumkin, yo’qsa – yo’q. Kamyu, Kafka, Fol`kner ijodi ko’proq Freydning psixoanalizi bilan bog’liq. Hozirgi zamon adabiyotida ko’proq psixoanaliz talab etiladi. Chunki ilgarigi tafsilotli syujetlar ushbu kun kishisi uchun zavq bermay qoldi.

***

Insonni inson qilib turgan narsa, boshqa bir unsur bor, bu – ruh!

***

Har qanday mazmun muayyan, o’ziga xos shaklda ro’yobga chiqadi. Jahondagi har qanday mazmunning o’z shakli bor. Agar ijodkor ma’lum bir shaklni topa olmasa, demak, badiiy asar yo’q. Shakl mavhum narsa emas. Shakl mohiyati bu – so’z. Lekin bu oddiy so’z emas, badiiy so’z.

***

Kompozitsiya, syujet, til – shakl. Unda mazmun nima? Jiddiyroq qarasak, shularning o’zi mazmun. Ro’yobga chiqqan syujet, kompozitsiya, so’z – mazmun.

***

Inson tafakkuri bor narsa. Tabiatda-chi? Unda ham muayyan tafakkur mavjud. Chunki olamni ushlab turgan qonunlar – tafakkur mevasi. Biz tushunmagan tafakkur olamda nihoyatda ko’p. Ularda ham badiiy unsurlar hayot. Kashf etish – tafakkur qilishning birinchi bosqichi.

***

Voqelikni in’ikos etish bu – voqelikni qayta yaratish. Bu – voqelikning xuddi o’zi emas, balki modeli.
Voqelikka muayyan munosabat va shu munosabat nuqtai nazaridan voqelikni aks ettirishning estetik tamoyillari
Kornel` asarlarida aql birlamchi, hissiyot ikkilamchi. Rasinda bo’lsa, aksincha. Lenin: “adabiyot va san’at mafkuraning ma’lum shakli va unga xizmat qiladi”, deydi. Bu noto’g’ri, aksincha, mafkura adabiyot va san’atga xizmat qilishi lozim.
Adabiyotning tarbiyaviy ahamiyati yo’q! Uning yagona vazifasi – voqelikni in’ikos ettirish. Adabiyotning ta’siri estetik, psixologik bo’ladi, aslo siyosiy, mafkuraviy emas. Adabiyotga partiyaning hech qanday rahnamoligi kerak emas. Mabodo, rahnamo topilsa, adabiyotning yo’nalishi faqat bitta bo’lib qoladi.

***

Navoiy voqelikning o’zini emas, balki voqelik haqidagi o’z xayolini tasvirlaydi. Navoiy – romantik shoir, uning daholigi ham shunda. Biz realizm metodini eng yaxshi deb bildik va Navoiyni ham shu “yaxshi” metod namoyandasi sifatida ko’rsatmoqchi bo’ldik. Bu – xato.

***

Mehnat qilishda emas, yo’q, balki tafakkur qilishda inson juda-juda dangasa. Biz mehnatga o’rganib qolganmiz, fikrlashga emas.

***

Asarlar “haqida” emas, ularning o’zini o’qish zarur.

***

Asar ustida qayta ishlash mumkin emas, asarning tili ustida qayta ishlash mumkin. Uning mohiyati, mag’zi o’zgarmas bo’lib tug’iladi.

***

Printsipial nuqtai nazardan Bal`zak va Tolstoy o’rtasida farq yo’q, lekin juz’iy jihatdan olsak, ular boshqa-boshqa.

***

Engel`sning: “adabiyotda tipik voqealar tipik sharoitlarda tasvirlanadi”, degan gapi noto’g’ri. Chunki bir kishining hayotni, xayolini aks ettirgan asarlar tipik emas, biroq, bu ham badiiy asar – adabiyot. Qahramon tipik bo’lmasligi mumkin, biroq, baribir, u – tip.

***

Sotsialistik realizm mavjud, ammo adabiyot sifatida emas, balki ideologiya – mafkura sifatida.

Modernizm

Modernistik adabiyot XX asrning 30-yillaridan shakllana boshladi. U o’z ichiga ko’p narsalarni qamrab oladi. Mazkur adabiyotning Kafka, Kamyu, Joys kabi ovrupalik, Fol`kner, Xeminguey kabi amerikalik yirik vakillari bor. Ular hayotda uchramaydigan (mifologik va boshqa) shakllarda ijod etdilar. Zigmund Freyd – modernizmning payg’ambari. U: “shuurning ko’rinmas, botiniy taraflari mavjud. Insondagi ko’p holatlar shu botiniy shuur mevasi”, deydi. Joys o’z asarlarida shularni tahlil qiladi, chunki u Freyd bilan tanish edi.

***

Marks: “burjuaziyada inson yakkalanib qoladi, chunki bu sistema va xususiy mulk bilan bog’liq”, deydi. Bu – yanglish fikr. Insonning yakkalanishi faqat kapitalizmga xos emas. U jamiyatga va insonning tabiatiga bog’liq. Insonning yakkalanishi barcha jamiyatlarga, jumladan, sotsializmga ham xos xususiyatdir. Jamiyat qanchalik murakkablashib borgani sayin, tanholik shunchalik kuchayadi. Masalan, ibtidoiy jamoa tuzumidagi bilan hozirgi davr inson tanholigini olib ko’rsak, sezamiz.

Ekzistentsializm

Ekzistentsializmga asos solgan odam Jan Pol` Sartrdir. Ekzistentsializm “hayotning ma’nosi uning bema’niligida”, deydi. Lekin insonning bunga aloqasi yo’q. Hayotning ma’nosi fojiadir, to’g’rirog’i, o’sha fojiani yengishda. Xeminguey va Aytmatovlar shunday tushunadilar. Ekzistentsiya – ma’noning bema’niligi, bu – buyuk fojia!

***

Sartr: “har bitta odam qonida ekzistentsiya (fojia va be’manilik, ko’ngilni behuzur qiladigan substantsiya) mavjud”, deydi.

***

Hayotda yaratuvchilik bilan bir qatorda yo’q qiluvchilik ham bor. Yo’qsa, insoniyat aqlini tanigandan buyon urushib kelmas edi.

***

Inson zaif, u fojiadan qo’rqadi. Buning o’zi ham fojia.

***

Hayotning ustidan chiqargan hukmimiz bizning o’zimizga ham tegishli.

***

Olamdagi jonivorlarning bittasi – biz va bizning hech qanday ulardan ustunligimiz yo’q.

***

Hayotning o’zi kuchli fojialarni mujassam qiladi. Kamyuda hech qanday hayratga tushiradigan qahramon yo’q, lekin ularning taqdiri kishini qiynaydi, azoblaydi.
Yaxshi asarni o’qigach, kishi poklanganday bo’ladi. Adabiyot bundan ortiq nima bersin?

***

Bularning hammasi tafakkur qilishning bitta yo’li, xolos.

Emil` Zolya

Inqilob – bir guruhning ikkinchi bir guruh ustidan g’alabasidir. Flober Parij kommunasini inkor etgan. Ammo u Bal`zakni inkor etmagan, faqat Bal`zak izidan bormagan.

***

Shu kungi hayotni – faqat so’kish, inkor etish, qarg’ash mumkin bo’lgan hayotni tasvirlashga realizm kerak. Shunday realizm Zolyada mavjud. Unda eksperiment kuchli. Adabiyotda ba’zan muvafaqqiyatsiz eksperiment odatdagi asarlardan qimmatliroq bo’ladi.

***

Klassik adabiyotda voqelikni tasvirlash yetarli edi. Hozir yetarli va muhim emas. Bu – jo’nlik.
Voqelikni tasvirlash – sintez, tushuntirish – analiz.

***

Navoiydagi savqitabiiy (intuitsiya) hozir yo’q. U ming yilda bir marta dunyoga keladi.

***

Belinskiyning: “san’at voqelikni badiiy siymolar asosida aks ettiradi”, degani bugun yetarli emas. Chunki voqelikni badiiy tadqiq qilish asosida badiiy siymolarni yaratish – bugungi kun shiori.

***

Emil` Zolya – realist. U: “ilm bilan badiiy asar bir xil. Faqat ularning tanlagan ob’ektlari, metodlari boshqacha, maqsadlari esa bitta”, deydi.

***

Insonni gen (irsiyat) programmalashtiradi. Gen avloddan-avlodga o’tadi. Inson sajiyasini belgilovchi narsa atrof-muhit emas, balki sub’ekt, irsiy programma. Inson – betakror, yo’qsa, ota-onasi kim bo’lsa, u ham o’sha bo’lardi.

***

Zolya qahramonlari noan’anaviydir.

***

Insonning geniga ta’sir qilish (ya’ni, o’zgartirish) jinoyat.

***

Impressionizm – bir lahzada kechgan muayyan narsa-hodisani tasdiqlash, ro’yobga chiqarish, aks ettirish. Masalan, rassom ma’lum bir tasvirning qaysi jilvasi ko’rinsa, ana shuni aks ettiradi. Reallikda esa tipiklashtiriladi va, natijada, nimadir yo’qotiladi. Impressionizm o’sha nimanidir oladi.

***

Bir tasvirni har xil rassom o’zicha (turlicha) ko’radi.

***

Impressionizm buyuk san’at. U ulkan san’atlarni keltirib chiqaradi. Zolyada ham shu narsa bor. Zolyaning ba’zi asarlari nihoyatda zerikarli bo’lishi mumkin, lekin u bor narsani yozadi. Muhimi ham shu – bor narsani yozish. Xeminguey: “yozuvchi nimani yaxshi bilsa, shuni yozishi kerak”, deydi.

***

Har qanday iste’dod konkret, aniq-muayyan bo’ladi. Iste’dodning o’zi nima? U – ehtirosning eng yuqori darajada namoyon bo’lishi. “Umuman iste’dod” degan narsa yo’q. Har bir yozuvchining o’z iste’dodi mavjud.

***

Romantizmning “ojizligi” shundaki, unda oldin programma (dastur) tuziladi va shu asosida asar yoziladi. Bunga sig’may qolgan joylari esa qirqib tashlanadi.

***

Zolyadagi favquloddalik irsiyat bilan bog’liq.

***

Tolstoyda o’z-o’zini inkor qiladigan qarama-qarshilik bor. Buni Lenin yozuvchi dunyoqarashining cheklanganligi bilan izohlaydi. Aslida-chi? Aslida, bu narsa Tolstoyda “yomonlikka yaxshilik orqali javob ber”, ko’rinishida mavjud va buni shunday tushunish lozim.

***

Hayotda hamma ham shaxs darajasiga ko’tarilavermasligi mumkin, lekin har bitta inson bitta individ.

***

Zolya marksizmni qabul qilgan emas, biroq sotsializmni – boshqacha sotsializmni qabul qilgan. Uning eng katta asari “Rugon – Makkarlar”dir. Asar yigirma jilddan iborat va undagi voqealar yigirma yilda kechadi. Qizig’i shundaki, yozuvchi bu asarni yigirma yilda yozib tugatgan.

***

Romanni Belinskiy janr deb ataydi. Hozir roman janr emas, balki tur. Uning janrlari mavjud. Masalan, roman, roman-epopeya. Voqelikka munosabat, badiiy tamoyil romanni epopeya qilishi mumkin. Ammo hamma ko’p jildli romanlar ham epopeya bo’lavermaydi.

***

Odamlar boshiga kulfat tushgandagina birlashadi. Boshqa paytlarda esa birlashmaydi.

***

Qahramon taqdirining tarixi – sajiya (xarakter).

***

Asarning niyat-g’oyasini avvaldan bilib bo’lmaydi. Agar bilib bo’lsa, bu romantizmdir.

***

Bizda yaratilgan asarlarda faqat shart-sharoit odamni odam qiladi, deyiladi. Individ, shaxs, irsiyat esdan chiqarilgan. Irsiyatning shaxsda namoyon bo’lishi Zolyada qonuniy tarzda kechadi. Tolstoyda bu jihat o’tkinchi.

***

Yozuvchi boshqa millat vakilini aks ettirganda ham, baribir, unda o’z millati xususiyatini sezish mumkin. Bu kamchilik emas – o’ziga xos jihat.

***

Sovet adabiyoti yo’q. Chunki sovet degan xalq yo’q. Rus adabiyoti bor, o’zbek, gruzin adabiyoti bor. Sovet madaniyati ham, muzikasi ham yo’q.

***

Adabiyotga siyosatni suqish kerak emas, badiiyatning o’zi siyosat.

***

Ahamiyati jihatidan yozuvchi (shoir) umumjahon bo’lishi mumkin, lekin poetikasi, badiiyati jihatidan faqat o’z millatining odami bo’la oladi, xolos.

***

Jamiyat individni yaratadi, degan fikr noto’g’ri, balki individ jamiyatni yaratadi. Hatto Navoiyda ko’p qahramonlar sharoit mahsuli. Mavjud individlar esa romantik xususiyatga ega.

***

Yozuvchining xayoli cheksiz bo’lganda ham ob’ektiv xayolot (borliq)dan shubhasiz tordir.

***

Zolya o’z xayolotini cheklaydi. Bu – hammaning qo’lidan keladigan ish emas. Masalan, u adabiyotni ilm deydi.
Zolya individi Bal`zaknikidan kengroq. Freyd kashfiyotlari Zolya kashfiyotlari ustiga qurilgan. Bu – tabiiy hol. Ularda favqulodda hodisalar, individlar tekshiriladi.

***

Qoliplar – stereotiplar dastlab paydo bo’lganda ijobiydir. Ular qaytarilganda, siyqasi chiqadi.

***

So’z tashbehga aylanganda badiiylik yuzaga chiqadi. Idealizmsiz badiiyat yo’q. Idealizm bu – bor narsani har xil tushunish.

***

Asar vaqt o’tishi bilan boshqa (asar)ga aylanadi. Chunki uni tushunish har xil.

***

Iste’dod – tug’ma hodisa. Uni ayamay sarflash kerak. Sarflashning orqasidan yana sarflash kelib chiqadi. Biroq iste’dodga ehtiyot bo’lib munosabatda bo’lish lozim.

***

Haqiqiy san’atkor har doim noshukur bo’lishi kerak. Haqiqiy yozuvchi uchun yashash bu – ijod. Xeminguey yozolmaganini tushungach, o’zini o’ldiradi. Gogol` va Mopassan jinni bo’lib o’lgan.

***

Orqa miyada biz bilmagan bo’lim bor va u anormal psixologiyani paydo qiladi. Jinnilar harakatini botiniy shuur boshqarib turadi. Freyd buni seksologiya bilan bog’lab aniqlab bergan.
Seks bu – ehtiros. U qudratning eng yuqori darajada ro’yobga chiqishidir. Seks bu – ko’proq ruhiy yaqinlik. Leonardo da Vinchi suratidagi sehr bu – qoniqmagan seksning ko’rinishi.

***

Yozuvchida jasorat bo’lishi zarur. Ko’pchilikda shu yetishmaydi.

***

Tabiatning butun fojiasini to’laligicha aks ettirib, qabul qilib bo’lmaydi. Bunga inson chiday olmaydi. Zolya buyuk jasorat chegarasida fojiani aks ettirgan. Ushbu haddan chetga chiqish mumkin emas. Undan chetga chiqqan Zolya mutlaqo halok bo’ladi.

***

Insonning qimmati, dastavval, uning omma ekanligida emas, balki insonning yakka o’zida. Stalinizm “Ommada!” degani uchun vujudga keldi, ya’ni, u yakka odamlarda qimmatni ko’rmadi, o’ldiraverdi.

***

Sizifning baxti – uning baxtsizligida, shuni his qilganida.

***

Sevgi – bu fojia. Chunki unda o’zlikdan kechishga to’g’ri keladi, ya’ni, o’zingni kimgadir bag’ishlaysan. O’zingdan kechish esa – baxtsizlik.

***

Baxt balki o’tkinchilikni tushunishdadir.

***

Inson tafakkuri cheksiz emas. Insonni inson qiladigan narsa bu – ma’naviyat.

***

Inson fojiani tan olishi va uni yengishga harakat qilmog’i kerak. Xeminguey uchun yozish – hayot, fojiani yengish esa – yashash edi. U jismonan yozolmay qoldi va o’zini-o’zi otib o’ldirdi.

***

Ruhiyat – yozilmagan, aynimagan din! Odam qancha buyuk bo’lmasin, uning ruhiyatida yashirinib yotgan o’z manfaati bor. Busiz mumkin emas. Busiz odam – odam emas. Uning boshqalarga xizmat qilishida o’z manfaati bo’ladi.

Tomas Mann

Tomas Mann Tolstoy va Balzaklar darajasida, lekin ularga nisbatan ancha murakkab. Uning Tolstoy va Balzak singari ommaviy emasligining sababi ham shunda.

***

Faqat obraz orqali voqelikni to’la aks ettirib bo’lmaydi.

***

Adabiyot iste’doddan tashqari (yozish) texnika(si)ni ham talab qiladi.

***

Chernishevskiy o’ta tendentsioz yozuvchi. U xalqni qo’lga bolta olishga birinchi bo’lib chaqirgan. U yozuvchi emas, “Nima qilmoq kerak?” degan asari ham asar emas. “Nima qilish kerak?” degan savolga “Voqelikni aks ettirish kerak”, deb javob berish lozim.

***

Adabiyotga hikoya miflarni dastlab Tomas Mann olib kirgan. Fashizm sakson million odamni yo’q qildi. Lekin mazkur qabohatga nima majbur qildi? Buni hech narsa tushuntirib berolmaydi. Faqat ozgina yaqin boradigani bu – MIF.

***

Har bitta badiiy asar dastlab milliydir. Milliy bo’lmagan adabiyot, adabiyot emas.

Xorijiy o’zbek adabiyoti

Amerikalik o’zbek yozuvchisi Buloqboshi Cho’lponni Shekspirga qiyos qiladi. Keyin yozadi: “Yo’q, chuqurroq o’ylab ko’rsam, Cho’lpon Shekspir emas ekan. Cho’lpon bu Cho’lpondir”.

***

So’zni o’ldirsangiz – til o’ladi. Til o’lsa, millat o’ladi. Millat bu – o’zbek, frantsuz, turk, ingliz…

***

Balki Pushkin, Lermontovning aslini, to’la muqobilini o’zbek tilida o’qish mumkin.

***

Adabiyot o’z siyosatini o’zi namoyish qilsin. Unga tiqishtirish shart emas. Hozir har bir harakatimiz, so’zimiz – siyosat. Hatto tushlarimizda ham siyosat mavjud. Lekin bular siyosatlashtirish emas. Hozirgi o’zbek adabiyotida siyosatlashtirish yo’q.

***

Boburga kelib o’zbek adabiyoti ikkita yo’lga ajralib ketgan. Nazarimda, o’zbek klassik adabiyoti Mashrabgacha davom etadi.

***

Navoiy va Furqatlar ma’rifatchi emas. Rus madaniyatini so’qigani uchun Furqatni ma’rifatchi deb bo’lmaydi. Axir, bu – turkiy xalqlar madaniyati evaziga boshqa madaniyatni kiritish-ku!

***

Cho’lponning “Buzilgan o’lkaga” degan she’rida millatchilik bor. Millatchilik – buyuk hodisa. Shovinizm – bir millatni ikkinchi millatdan ustun qo’yish. Millatchilik esa har kim o’z millatini himoya qilish, demakdir.

***

Jahonda mayda yoki katta xalq yo’q. Chunki millatlar bir jonzotning a’zolariga o’xshaydi. Jonzot uchun uning har bir a’zolari birdek qimmatli. Bitta a’zo ishdan chiqdimi, demak, butun tanada yemirilish boshlanadi.

***

Allohni tan olish yoki inkor qilish unchalik muhim emas. Asosiysi – uning darajasiga ruhiyatda chiqish.

***

Ruh – nurlanish oqimi, moddiy.

***

Yo’q narsaga ham “bo’lishi mumkin” deb qarash lozim. Bu yerda inson o’ziga cheksiz erk bermoqda. Inson tug’ilgandan beri erkni orzu qiladi. Balki insonning asl mohiyati shundadir.

***

Marks: “Erk bu – anglangan zaruriyat”, deydi. Aslida, erk va zaruriyat bir-biriga qarshi. Marksdagi erk soxta. Erkning chegarasi yo’q. Ruhiyatga erk berish lozim.

***

Yetti raqami muqaddas. U kosmogoniyaning belgisi. Kosmogoniya – yetti iqlim, yetti olam, yetti samo. Biz
hammamiz o’z yulduzlarimiz ta’sirida bo’lamiz. Chunki biz tug’ilganimizda muayyan yulduzlar o’z ta’sirlarini o’tkazganlar.

***

“Panturkizm”, “panislomizm” degan gaplar g’irt yolg’on. Chunki bor bo’lganida edi, so’z ham o’zbekcha bo’lardi.

***

Jadidchilik – eng avvalo, adabiy-badiiy harakat. U jahonning yarmini qamrab olgan. Jadidchilik xuddi bugungi kundagidek yangi badiiy tafakkur. U ilgarigi maorif tizimini, ya’ni, madrasalardagi o’qitish tizimini tiklashga intilishdan boshlangan. Buning uchun adabiyot orqali yo’l tutishgan. Turkiyada boshlangan. U – taraqqiyparvar umumturk harakati. Jadidchilikka frantsuz ma’rifatchiligi ta’sir qilgan. Masalan, Hamzaning “Zaharli hayot” nomli asaridagi fohisha ayol tasviri. Frantsuz ma’rifatchiligi esa, o’z navbatida, Sharq madaniyatidan ilhom olgan.

***

“Inqilobiy”, “progressiv”, “reaktsion” adabiyot degan tushunchalar bo’lmag’ur gaplar. Chunki adabiyotning mag’zi – inson. Shunday ekan, u qanday qilib reaktsion bo’ladi? Ko’rinadiki, jadidchilik adabiyoti ham na progressivdir va na reaktsion.

Adabiyotda ikkita ruh bor:
1. Qullik;
2. Ozodlik.
Shaxsning ozodligini millatning ozodligi ta’min etadi. Men avval o’zbekman, keyin ozodman.

Lotin Amerikasi adabiyoti

Jahon adabiyotida Lotin Amerikasi adabiyotini fenomen deyishadi. Bu adabiyotda roman bo’lgan emas, demakki, an’ana ham bo’lmagan. Birinchi roman 1931 yilda yozilgan va “Premiya” deb atalgan. Navoiyning “Saddi Iskandariy”sini roman deyish mumkin. Chunki u mifga asoslangan (qolgan dostonlari roman darajasiga ko’tarilgan emas). Shunga ko’ra o’zbek adabiyotida inqilobdan keyin roman paydo bo’ldi, deyish noto’g’ri.

***

Markesdagi “dumli bola” qadimgi hindular mifologiyasidan olingan. Mif har doim fojia bilan yakunlanadi.

***

Boshqa xalq psixologiyasini inkor etib bo’lmaydi. U aytayotgan gaplarni “shunday bo’ladi”, deyolmasak, “shunday bo’lishi mumkin ekan”, deb faraz qilaylik.

***

Yozuvchining borligi uning butun asarlari bilan belgilanadi. Uning buyuk asarlari (ijodkorning) faqat bir tomonini ko’rsatadi, xolos. Yozuvchining buyukligi uning ojiz asarlarida ham ko’rinadi. Ijod bu – sistema. Xullas, san’atkorning ulug’ligi uning bitta-ikkita asarlari bilan o’lchanmaydi.

***

Biz tabiat qo’ynidan chiqqanmiz. Fojiamiz ham shuki – chiqqanmiz. Inson – tabiat unsuri. U – abadiy. Tabiatda evrilish bor, lekin yo’qolish yo’q, bo’lmaydi.

***

Adabiyotning birdan-bir vazifasi – hayotni oshkora ko’rsatish, uning fojiasini ko’rsatish.

***

Chaqaloq tug’ilishi bilan qattiq yig’lar ekan, u dunyoga kelganini intuitiv ravishda his qilib, dahshatdan yig’laydi. Meningcha, uning tafakkuri katta bo’lgandagi tafakkuriga teng. Faqat u ulg’aygandagina mazkur tafakkur namoyon bo’ladi.

***

Inson tug’ilganda iflos va yolg’iz bo’ladi. O’layotganda yana ifloslanadi. Insonning mohiyati ana shu ikki
nuqtadan iborat. Uning oralig’i substantsiya – mohiyatning harakati.

***

Yashashning o’zi – fojia. Ibtido fojia bo’lsayu intiho fojia esa, demak, o’rtasi ham fojia. Biz ana shu fojiani, dahshatni yengsakkina uni tushunamiz. Yo’qsa, uning quliga aylanib qolamiz. O’z fojiasiga kamdan-kam odam chidaydi. Fojiaga bardosh berib, uni ko’zguda aks ettira bilgan yozuvchi oz, juda ham oz.

***

Har yozuvchining o’z vijdoni oldidagi javobgarlikdan tashqari boshqalar oldidagi javobgarligi ham bor. Hatto bu muhimroqdir. Haqiqiy yozuvchi o’z shaxsiy hayotida bir talay noma’qulchiliklar qilgan bo’lishi mumkin, biroq boshqalarga nisbatan hech qachon qabihlik qilmaydi.

***

Har qanday mard odam ham o’zidan va birovdan nimanidir yashiradi.

***

Adabiyotshunoslikda professionalizmning ikki tomoni bor. Birinchisi – asarni anglash. Bu jarayonda o’zlikdan voz kechish kerak. O’zlik, albatta, ta’sir ko’rsatadi, lekin mazkur jihat yo’nalishini belgilab bermasligi lozim. Men asarni belgilab bermayin, balki asar meni belgilab bersin. Ikkinchidan, professionalda asarni o’qiyotgandagi lazzatlanish hissiyoti siyqalanib boradi.

***

Eng qiyin narsa – bolalikni o’zida saqlab qolish. Bolalarda qolip bo’lmaydi. Adabiyotshunos ana shunday bola bo’lib fikr qilsa, ko’p narsa yutadi.

***

Dostoevskiyda Mishkin – telba, qolganlar sog’. Aslida, Mishkin sog’-u, boshqalar telba.

***

Hayotda yolg’on gapirish yomon narsa. Lekin hayot o’z yo’lida ketaveradi, adabiyotda esa umuman yolg’on ishlatish mumkin emas.

***

“Uliss”ni o’qish uchun mifologiya va “Odisseya” kabi dostonlar bilan tanishib chiqish lozim.

***

Halokat bu – qutulishning yo’li emas. O’lim – ziddiyatni hal qilmaydi. Ilojsizlik va ilojning mavjudligi “Yuz yil tanholikda” birlashadi.

***

Odissey yolg’iz emas, uni hatto halok bo’lganlarning ruhlari qo’llab turibdi. Ammo bu – bizdagi kollektiv haqidagi tushunchadan tamoman boshqadir. Markesda tanholik bor. Buni tahlillash uchun aql bovar qilmas iste’dod kerak. Bu hatto Fol`knerda ham yo’q.
“Uliss”da tanholik shu bugunning xususiyati tarzida ochiladi. Markesda tanholikni keltirib chiqargan – kechagi tanholik. Bu o’rinda yakkalanishdan tashqari yakkalash ham mavjud. Bu faqat odamga emas, balki olamga ham xos xususiyatdir. Tanholik yuz yil avvalgi grajdanlik urushidan kelib chiqadi. Bu – shartli. Aslida, yolg’izlik bashariy qirg’indan kelib chiqadi.
Jazoning oqibati tazarru bo’lmog’i kerak. Jazoning o’zi yana qirg’inga sabab bo’ladi. Buendiolarning boshiga tushgan kulfatlar jazoning bir ko’rinishi. Inson tabiatida tazarruga qaraganda yovuzlik kuchliroq.

***

“Qori ishkamba” – Gobsekning ko’chirmasi. Qarang, Qori ishkanbaga rahmingiz kelmaydi, Gobsekka esa keladi.

***

Agar iste’dod bo’lsa, qachondir, nimadir namoyon bo’ladi. Bu – muqarrar.

***

“Uliss”ni uzluksiz o’qish kerak. Chunki hayotning o’zi shunaqa – uzluksiz. Hayot substantsiya emas, balki hodisa. Tanholik ham shunday. “Yuz yil tanholikda”gi yuz yilning o’zi cheksiz.

Kafka

Xeminguey, Markes, Dikkens kabi adiblar: “asar boshqa, men boshqa”, degan gapni aytishgan. Meningcha, bu noto’g’ri. Chunki yozuvchi kim bo’lsa, asar ham o’shanday bo’ladi. Odam o’zidan nur taratadi. Xuddi shunday, asar ham yozuvchining bir ko’rinishidir.
Kafkadek dahshatli yozuvchi dunyoda yo’q. Kafka ma’naviy jihatdan ezilib, maydalanib ketgan. Yahudiylarda odam qatoriga kirish uchun har narsadan voz kechish odati bo’lgan. Ular hatto dindan-da kechishgan. Lekin, aslida, qalbda, shuurda hech qachon kechmaydilar. Dahshat shu yerdan vujudga keladi. Chunki arosat boshlanadi. Kafka yahudiylikdan chiqib ketgan va nemis tili uning uchun ona tiliga aylanadi. Shuning o’zi tanholanishdir. U jamiyatga kirishga harakat qildi, lekin jamiyat uni o’zidan itardi.
Kafkani birov realist desa, boshqa birov modernist deydi. Kafkani o’qiganda, shu zamindan kelib chiqib qarash kerak emas, shuurda zamindan bir oz ko’tarilish lozim. Xayol ham reallik ekanini tushunish kerak.

***

Bolaligimizda ertakdagi barcha narsalarga ishonar edik va ishonib to’g’ri qilganmiz. Aqlimiz raso bo’lgan sari tabiiylikdan uzoqlashib boramiz.

***

Kafka o’z asarlarining asosiy qismini chop etishlarini man qilgan. Chunki asar ta’sirida o’quvchini dahshatga tushib, asar asiri bo’lib qolishini istamagan. U bunday asarlarini hatto yoqib yuborishlarini iltimos qilgan.

***

Gogol` va Kafka o’rtasida o’xshashlik bor. U ham Kafka darajasidagi daho. Masalan, uning “Viy” asarini o’qib ko’ring. Gogol` “O’lik jonlar”ning ikkinchi qismini yoqib yuborgan. Emishki, u mazkur bo’limda pomeshchiklardan birini ijobiy qilib tasvirlagan va keyin tushunib qolib undan voz kechgan. Bu – xato fikr. Aslida, Gogol` o’z asaridan o’zi dahshatga tushgan. Biz Gogolni Belinskiyning tahlilidan kelib chiqib baholaymiz. Gogol` poklanishga chaqirgan. Buni Belinskiy tushunib yetmagan va tanqid qilgan. Aslida, Gogol` voqelik qanday bo’lsa, o’shanday aks ettirgan.
Gogol` ham rus bo’lib rus emas, ukrain bo’lib ukrain emas. Arosatda qolgan shaxs.

***

Hayotning o’zi tragikomediya.

***

Nusxa ko’chirish – san’at emas.

***

O’z nonimizdan bir burdasini berganga qulluq qiladigan xalq vakili bo’lishdan men uyalaman.

***

Qachongacha hamma odamlarni buyuk, tabiatning eng oliy toji, deb yuramiz.

***

Avvalo, o’zlikdan voz kechishga rozi bo’lish kerak. Avvalo, kishi o’zidan qo’rqmasligi lozim. Bunday qo’rquv hissini yengish zarur.

***

Kafka 41 yoshida vafot etdi. Uni asarlarida aks etgan haqiqat o’ldirdi. Kafkaning ulug’ligi o’sha dahshatni ko’ra olganligida.

***

Lirik qahramon va shoir degan gap bor. Bu – g’irt bema’nilik. Faqat shoir bor. Lirik qahramon ham shoir, shoir ham shoir.

***

Pushkin Bayronning “Sharq poemasi” degan asari to’g’risida: “Bayron har bir qahramonga o’z xususiyatidan bitta-bittadan bergan. Bu – uning zaif tomoni”, degan. Ushbu fikrlarida Pushkin haqsizdir.

***

Voqelikni aks ettirishda o’zini qurbon qilish Joys, Kamyu, Kafkada juda yaqqol ko’rinadi.

***

Yozuvchining arosatligi! O’ylab qarasak, hayotning o’zi shunaqa – na u yoqlik, na bu yoqlik.

***

Turg’unlik davri bir tiyinga qimmat davr. Aslida, uning o’ziga xos ahamiyati mavjud: Kafka, Joys, Kamyu singari yozuvchilar yuzaga keladi.

***

Ko’zdan yosh chiqishi – bu juda oson yo’l. Biz dahshatga tushishni bilmaymiz, tushunmaymiz.

***

Jamiyat taraqqiyotida yagona yo’l bor – evolyutsion, revolyutsiya bilan hech narsaga erishib bo’lmaydi. Revolyutsiya bu – tabiatga nisbatan tazyiq.
Daraxtning qadri qancha bo’lsa, insonning qadri ham shuncha.

Utopik asarlar

Xayolni ilmga aylantirmoqchi bo’ldilar va aylantirdilar, lekin amalga oshmadi.

***

Romanlarni o’qiyotganda dahshatga tushamiz, biroq hayotdan qo’rqmaymiz. Aslida, romandagilar hayotda bo’lgan.

***

Inson tafakkurda yuz foiz erkin bo’lmog’i kerak.

***

Mafkura san’atda hokimlik talab qilar ekan, badiiyat buziladi, so’z buziladi.

***

Adabiyot hayotning xuddi o’zi emas va bo’lmasligi kerak. Adabiyot illyuziyaga aylanishi lozim, ya’ni, go’yo
xuddi shunaqa.

***

Ko’rinib turgan narsani faqat so’z bilan ifoda qilinsa, buning nimasi san’at?

***

Navoiy asarlari hayotning xuddi o’zi emas, balki go’yo xuddi o’zi.

***

Uran sayyorasini Gyote bashorat qilgan. Ya’ni, har qanday siymo bu – axbor (informatsiya).

***

Farhodga Shirin ko’zguda jonli bo’lib ko’rinadi. Bu hozirgi kibernetikaga mos tushadi.

***

Har qanday asar, odatda, bir so’z uchun yoki bir satr, bir fikr uchun yoziladi.

***

“Qutlug’ qon”da romanning asosiy g’oyasi Mirzakarimboyda mujassam bo’lgan. “Er sotgan er bo’lmas, er yer sotmas” degan fikr uchun men ushbu romanni buyuk asar deb atayman. Binobarin, “Qutlug’ qon”ning asosiy qahramoni Mirzakarimboydir.

***

Mana biz nisbatan ozodmiz . Lekin nega jim turibmiz? Chunki ruhimiz qulfloq. U dahshatdan xalos bo’lmog’i lozim. Balki bu dahshat irsiyatga aylanib qolgandir.

***

Har qanday asarda nisbatan kamchilik bo’ladi, uni o’ylab chiqarishning hojati yo’q.

***

San’atning eng zo’r ustunlaridan biri – shartlilik.

***

Insonning hamma sohadagi ishlari bir xil printsip (tamoyil)ga asoslanadi.

***

Shunday hodisalar borki, ular mohiyatning o’zida mujassam bo’ladi.

***

Badiiy asar bu – model. Iste’dodning qudrati ana shu modellashtirish protsessida namoyon bo’ladi.

***

Asar – model. Lekin bu uning qadrini tushirmaydi, balki oshiradi. Chunki modelda chek yo’q, chegara yo’q.

***

Har qanday asarda san’atkor o’zini namoyon qiladi. Shu – model.

***

Biznikidan boshqa galaktikalarda ham insonlar bor. Ular boshqacha, lekin mohiyat bitta. Buni tushunmasdan turib san’atni talqin qilish mumkin emas. San’atni olam mohiyatidan ajratib olish kerak emas.

***

Biz o’z qobig’imiz ichidan chiqa olishimiz lozim. Biz hali tuxumni yorib chiqmaganmiz.

***

San’atda nimanidir tushunish insonga huzur baxsh etishi kerak.

***

Yozuvchi yozmaslik mumkin bo’lsa, yozmaydi.

***

O’zlikni namoyon qilib bo’lgandan so’ng haqiqiy san’atkor uchun hayotning qizig’i yo’q.

***

Yashash bu – ijod!

***

Haqiqiy san’atkor qanchalik buyuk bo’lsa, shunchalik nozik bo’ladi.

***

Yashash nima? Bu o’zlikni namoyon qilish. Yeb-ichish, sayr qilish – bular vosita, xolos.

***

O’zlikning o’z ma’nosi, mohiyati bor. U bema’ni emas. Shu mohiyatni tushunsakkina undan qo’rqmaymiz.

***

Tolstoy ba’zan qolipga tushadi, lekin Dostoevskiy uchun o’lchov yo’q. Dostoevskiyning tafakkur va iste’dodi teng. Tolstoyda iste’dod pastroq.

***

Ruhiy holat Stendalda sistemaga aylangan. Bu hatto Tolstoyda ham sistemaga aylanmagan.

***

Ruhiyat ko’p jihatdan ong va tafakkur bilan bog’lanmagan. Uning ildizlari boshqa joyda.

***

Iste’dod bu – mehnat emas, u tug’ma xususiyat.

***

Seksologiya – erkak va ayol o’rtasidagi ruhiy munosabat. U ilohiyat darajasiga ko’tarilgan narsa. Insonni yuksaklikka chorlaydigan kuch.

***

Iste’dod – inson seksologik imkoniyatlarining eng yuqori darajaga ko’tarilishi.

***

She’rga oshiq bo’lmagan shoir shoirmi? Allohga, borliqqa oshiqlik ham she’rga oshiqlikda namoyon bo’ladi.

***

Yozuvchi ko’zga ko’rinmas iplarni savqitabiiy orqali topadi. Chunonchi, Betxoven o’zining jahonga mashhur 9-simfoniyasini kar bo’lib qolganda yozgan.

***

Bo’g’ilgan ehtiros (seks) tafakkurga ta’sir qiladi. Hatto fojiaga aylanishi mumkin.

***

Buyuk asarlarning hammasida sistemali ruhiy holat mavjud.

***

Insonning ruhiyati o’zi mustaqil, ko’pincha, tashqi sharoitdan, voqea- hodisalardan kelib chiqmaydi, ular faqat turtki bo’lishi mumkin. Tashqi sharoit bilan to’qnash kelinganda yashirinib yotgan ruhiy holat uyg’onib ketadi.

***

Roman, aslida, insonni kashf qilish.

***

Biz odamning qadrini bilmaymiz, go’yo xalqning qadrini bilmaymiz. Axir, xalqning o’zi nimadan iborat?

***

Bir-birini sevishib turmush qurganlarda seksologik munosabat go’zallik tug’diradi.

***

Har qanday oliy ishqiy munosabatlarning manbai o’sha – ibtidoiy instinkt.

***

Ideal qahramonlarning hammasi – fojia. Chunki ular xayol, amalga oshmaydigan xayol va yozuvchi buni
savqitabiiy orqali sezib turadi.

***

Kafka: “absurdda absurd”, desa, Kamyu: “hayot absurd, lekin uning o’zi qadriyat”, deydi. Ya’ni, tug’ilish va
o’limning o’zi qadrli. Shu ikki nuqtaning orasi absurd, biroq qadrli absurd.

***

Borgan sari asar hajmi qisqaryapti, lekin mazmun kengayyapti.

***

Kitob o’qish uchun kitobxon o’sha davr ruhiga kirishi, o’sha davr odamlari nuqtai nazaridan turib yondashishi lozim. Bo’lmasa, o’qib bo’lmaydi.

***

Yozuvchining qalbi olamga ochiq bo’lishi kerak.
Qur’on qalbi – olamga ochiq hodisa.

***

Shaklda qaytarilmagandan keyin, demak, mazmun ham boshqacha bo’ladi.

Modernizm

Naturalizm – XX asr boshidagi modernizm. Naturalizm sistema darajasiga ko’tarilmaydi. U ikki xil davrni boshidan kechiradi.
Gor`kiy naturalizmni noto’g’ri tushungan. Naturalizmda ko’proq modernizmni tushunganlar. Belinskiy modernizmni tushunish darajasiga yetib kelmagan. Unda o’taketgan sub’ektizm bor. Tolstoy uni hech qachon qabul qilgan emas. Hatto Nekrasov – dehqon shoiri ham. Belinskiy Pushkinni bir yoqlama talqin qiladi. Uningcha, Pushkin podshohga qarshi, revolyutsioner. Naturalizmni noto’g’ri tushunish Belinskiydan boshlangan.

***

Ehtimol, Gogol` intuitiv ravishda modernizm yo’nalishida yozgandir.

***

Chernishevskiy estetikasining mazmuni: go’zallik – mehnatda.

***

Sadriddin Ayniyning “Buxoro jallodlari” – deyarli ocherk. Unda voqelikni in’ikos ettirish yo’q, balki faqat tasvir bor. Bunda G’arb modernizmidan ta’sirlangan o’rinlar mavjud. Kozimiyda shunday asar “Qo’rqinchli Tehron”dir. Agar Sharqdagi mana shu 20-30 yillik naturalizm bo’lmaganda, hozir ham klassik an’ana davom etayotgan bo’lurdi.

***

Jahon prozasi Zolya romanlaridan boshlanadi, deyishadi.

***

Engel`s Bal`zakni o’rnak qiladi. Lekin realizmning o’ziga xosligini bir yozuvchi orqali berib bo’lmaydi.
Zolya ham estetik, ham badiiy sistema yaratgan. Hozirgi zamon realizmi klassik zamon realizmi bilan Zolya davri realizmining qo’shiluvidir. Balki, realizmdan, naturalizmdan ajratib olishning o’zi noto’g’ridir.
Naturalizmning mohiyati nimadan iborat? Faqat Zolyaning eksperimental romanidan kelib chiqsakkina, naturalizmga to’g’ri baho beramiz.

***

Marksizm: “bazis birlamchi, ustqurma ikkilamchi”, deydi. Xo’sh, marksizmning o’zi nima? Ustqurma va u dunyoni o’zgartirdi. Demak, bazis birlamchi emas.

***

Engel`s: “Bal`zak o’tmishdagi va hozirgi barcha Zolyalardan ustun”, deydi. Zolyaga berilgan baho naturalizmga berilgan baho edi va shundan keyin unga (naturalizmga) e’tibor susaydi.

***

Insonning nafaqat ijtimoiy, balki biologik – eng muhim tomoni ham hisobga olinishi zarur. Naturalizmning ustunliklaridan biri, insonni biologik mavjudot deb kashf qilish bilan bog’liq. Bal`zak esa insonga ko’proq ijtimoiy mavjudot sifatida yondashadi. Bal`zak davrida bu tabiiy hodisa edi, biroq o’sha paytdayoq bunga qarshi bo’lgan Stendal` dunyosi bor ediki, buni ham inkor qilmaslik lozim.

***

Stendal` – psixologik tahlil. Vaqtida uni hech kim tushunmadi, qizig’i shundaki, uni Bal`zak tushundi. Balzak Stendalga aytadi: “Nega siz holatlarni tasvir etayotganingizda atrofni ham chizmaysiz? ” Ko’rinadiki, Bal`zak hamma haqiqatni o’zida mujassam etolmaydi.

***

“Meningcha, tipik degan tushunchadan umuman voz kechish kerak. Chunki hozirgi zamon realizmi uchun bu o’zini oqlamaydi”, degan edi Roje Gorodi. Ushbu frantsuz adabiyotshunosining “Realizm bez beregov” degan asari mavjud. U Kafkani birinchi bo’lib sotsialistik realist, deb ataydi.
Roje kommunist bo’lgan. Qiziq, ilgari ulug’ ruhoniylardan dahriylar chiqqan, endi esa dahriylardan Rojelar chiqyapti.

***

Ehtimol, Kafkani sistema deb emas, balki modernizmning bir ko’rinishi, deb tushunmoq kerakdir.

***

Bergson insonni, asosan, biologik mavjudot sifatidagi ruhiyatini o’rganadi (irsiyat nazariyasi).

***

Inson o’zini kashf qilishda ham tabiatga taqlid qiladi. Bu – birinchi kashfiyot. Yana bir kashfiyot irsiy kashfiyot hisoblanadi. Ya’ni, inson bir-biridan o’zining biologik xarakteri bilan farq qiladi. Bo’lmasa, nega bir xil sharoitdagi o’nta odam o’n xil bo’ladi? Tashqi sharoitdan kuchliroq nimadir bor ekan, axir. Buni kashf qilmoqchi bo’lgan Segenov jinni bo’lib o’lgan.

***

Insonni kashf qilish tabiat bilan bog’liq.

***

Adabiyot – insonni kashf qilish.

***

Irsiyat nazariyasi kerak edi. Shundan keyin Bal`zak ham, Dostoevskiy ham, Tolstoy ham javob berolmay qoldi. Shunga qaramay, naturalizmda yuqoridagilar butunlay inkor etilmadi.

***

Sharqda yetti avlodni bilish bor, yetti avlod ichida qiz berib, qiz olish yo’q. Chunki irsiyat buziladi.

***

Bal`zak voqelikning yashirin mexanizmini hatto matematik shakllarga solib ko’rmoqchi bo’lgan. U matematika va sotsiologiyani mutaxassislaridan ham yaxshi bilgan.

***

Sharoit qanday bo’lsa, xarakter shunday bo’ladi, degan gapni isbotlab kelishadi. Aslida, bu uncha to’g’ri
emas. Har bitta odamga, albatta, muhit ta’sir qiladi, biroq uni yo’lga solib turgan tabiati ham bor.

***

Xarakter individuallik va ob’ektivlikning to’qnashuvidan kelib chiqadi, deyishadi-yu, negadir uning individualligi (tabiati)ga e’tibor berishadi.

***

Inson tug’ilmasidan oldin biologik jihatdan programmalashtirilgan bo’ladi. Biroq buni umumiy qonuniyatga aylantirmaslik lozim, ya’ni, o’g’rining o’g’li o’g’ri bo’ladi, deyish kerak emas. Shunga qaramay, buni-da, e’tiborga olish lozim.

***

Zolyada naturalizm va realizm qo’shilib ketadi.

***

Naturalizmda harakat – dinamika yo’q. Buni ham biz noto’g’ri tushunamiz, ya’ni, dinamika bo’lmasa, yomon deymiz. Ammo dinamikasiz antik dunyo asarlarini ko’kka ko’taramiz. Masalan, tragediyalar uch xil sharoitda o’tadi.

***

Adabiyotdagi hodisalarga ta’rif berish kerak emas, muhimi, uni tushunish.

***

Tolstoy: “bir lahzani aks ettirish mumkin”, deydi va taxminan besh yuz betlik bir asarini shunga bag’ishlaydi.

***

Shunaqa hodisalar borki, umrning mohiyatini dinamikasidan keltirib chiqarib bo’lmaydi. Chunki bunda bir harakat ikkinchi, navbatdagi harakatga qarshi bo’lib chiqadi. Bularni faqat lahzani in’ikos ettirish orqaligina mohiyatini tushunish mumkin. Shu jihatdan olganda, ko’pchilik tan olmasa-da, fotografiya ham san’atdir.

***

Adabiyotning yana bir cheksiz ta’sirlaridan biri – rahm-shafqat tuyg’usini uyg’otish bo’lsa kerak.

***

Bergson falsafasiga ko’ra, borliqning kechmishi evolyutsion harakatga asoslangan va u har doim ham jo’nlikdan murakkablikka tomon boravermaydi, hamma narsa qaytariladi.

***

Bugun intiho bo’lgan narsa erta uchun ibtido.

***

Naturalizm ham evolyutsion ruhda aks etadi.

***

Insonning o’zi ham, uning san’ati ham tabiatga qancha yaqin bo’lsa, shuncha kuchli bo’ladi.
Russo tabiatga vosita sifatida qaragan. Tabiat uning uchun mohiyat bo’lmagan. Naturalizm Russo ojizligini ham ma’lum ma’noda yenga olgan.

***

Industriya tabiatni (insonni ham) qulga aylantiradi.

***

Naturalizmda tabiatga qaytishga intilish bor.

Tomas Mann

Badiiy asardan xulosa chiqarish kerak emas. Hayotning xulosasi bo’ladi.

***

Tomas Mannda olamga nisbatan olam yaratishga intilish bor.

***

Aristotel`: “Asar tabiatga taqlidan yaratilgan “narsa”dir”, deydi. Men buni andak rivojlantirib: “Asar tabiatga taqlidan yaratilgan tabiat, boshqa tabiat, tabiatga muvoziy (parallel) tabiat”, deyman.

***

Taqlid o’xshash emas, nusxa bo’lsa o’xshash bo’ladi.

***

Bu boshqa tabiatning o’z odamlari – tirik odamlari bor.

***

Tipiklashtirishni poetikaning bir qonuni, deyish gunoh.

***

Badiiy asarning o’zi voqelik.

***

Modellashtirish degani bu – biroz avvalgi va biroz keyingi voqelikni tabiatga taqlidan yaratish demak. Biroq, o’n yil-o’n besh yildan keyinini modellashtirish qiyin va hatto mumkin emas. Chunonchi, Tomas Manning “Sehrli tog’”ida fashizm modellashtiriladi. Roman yozilganda fashizm hali bo’lgan emas.

***

Har qanday badiiy asarning o’z atmosferasi (havosi) bor.

***

Tomas Mann bevosita tabiatning o’ziga taqlid qilmaydi, mif orqali taqlid qiladi.

***

Daho iste’dodlarni qo’lidan ushlab yuradigan narsa ko’pincha – intuitsiya. Gyote intuitsiya orqali Uran sayyorasini aytib bergan. Faqat yigirma yil so’nggina boshqa matematik olim buni isbot qilib beradi.

***

Hayot ko’pincha kulfatdan iborat. Yorug’ tomonlari ba’zan bo’ladi, ba’zan bo’lmaydi.

***

Tomas Manning roman strukturasi mif asosiga qurilgan. Demak, roman-mif janrining boshlanishi u bilan bog’liq.

***

Badiiy tanqid emas, badiiy tahlil bo’lishi kerak.

***

Olam mifologiyasidan hamma narsaga javob topish mumkin. Mifologiya – universal narsa. U insoniyatning butun tarixi, tajribasi.

02

(Tashriflar: umumiy 1 098, bugungi 3)

Izoh qoldiring