Chingiz Aytmatov. Oq kema (Kiril va lotinda) & Shoxdor ona bug’u rivoyati & Rivoyat asosida ikki multfilm

056     10 июнь — Чингиз Айтматов вафот этганига 10 йил тўлди

  Ҳозир эса сенга Шохдор она буғу ҳақидаги эртакни худди бобомдан эшитганимдек сўзма-сўз ўзим айтиб бераман. Шундай секин сўзлайман- ки, бошқа ҳеч ким эшитмайди, сен эса эшитгин. Мен ҳамма нарсани кинодагидай сўзлашни ва кўришни севаман. Мана шундай. Бобом бунинг ҳаммаси бўлган воқеа, дейди. Шундай бўлган экан…» («Оқ кема» қиссасидан)

Чингиз АЙТМАТОВ
ШОХДОР ОНА БУҒУ РИВОЯТИ
Асил Рашидов таржимаси
056

09Бу жуда қадимда ўтган. Замонларнинг замонида, ер юзида майсалардан кўра дов-дарахтлар кўп бўлган, қурғоқ ерлардан кўра ўлкамизда оби ҳаёт мўл бўлган даврларда бир қирғиз қабиласи улкан ва муздай дарё бўйида яшарди. Бу дарёни Энасой деб аташарди. У бу ерлардан узоқда, Сибирдан бошланади. У ерларга отда уч йилу уч ойда етиб бориш мумкин. Бу дарёни ҳозир Енисей дейишади, илгарилари Энасой деб юритишган. У ҳақда шундай қўшиқ ҳам тўқилган:

Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.

Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.

Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.

Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.

Мана шунақа эди, бу Энасой дарёси.

Энасой бўйида турли хил элат яшарди. Улар ғоят оғир ҳаёт кечирарди, чунки улар бир-бирларига доимо адоват кўзи билан қарар эдилар. Қирғиз қабиласини душманлар турли томондан қуршаб олганди. Гоҳ улар, гоҳ булар ҳужум қилишар, гоҳо қирғизларнинг ўзи ҳам бошқаларга човут солиб, молларни ҳайдаб кетишар, уйларига ўт қўйишар, одамларни ўлдиришарди. Қулай келиб қолганда бир томон иккинчи томон одамларини ўлдириб юборар эди. Замон шунақа эди. Одамнинг одамга ичи ачимасди. Одам одамни ғажирди. Шу даражага борилдики, ҳеч кимнинг деҳқончилик қилгиси, мол боққиси, ов қилгиси келмай қолди.

Қароқчилик билан кун кечириш осон туйиларди; қўққисдан босасан, ўлдирасан, оласан-кетасан. Бир қотилликка қасдма-қасд ўн қотиллик билан жавоб беришга ҳаракат қилишарди. Шу зайлда кун ўтган сайин кўпроқ қон тўкиларди. Одамларда ақл ўтмаслашиб борарди. Душманларни яраштирадиган, инсофга келтирадиган одам йўқ эди. Душманга қирон келтириб, ўзга қабиланинг сўнгги одамигача қонини оқизган, молу мулкини қўлга киритган одам энг ақлли ва уддабурон саналарди.

Ўрмонда бир ғаройиб қуш пайдо бўлиб қолди. Инсон овозига ўхшаш аянчли овоз билан тундан тонггача сайрар ва йиғлар, шохдан-шохга сакраб сўйларди; «Катта бахтсизлик бўлади! Катта бахтсизлик бўлади». Шундай бўлди ҳам, ўша қора кун келди.

Ўша куни қирғиз қабиласи Энасой бўйида ўзининг буюк оқсоқолидан жудо бўлди. Ботир Қулчи кўп йиллар йўлбошчилик қилди, кўпгина юришларда, жанг-жадалларда қатнашди. Жангларда омон қолди, лекин ажали етди. Қабиладошлар икки кун катта ғам-аламда ўртандилар, учинчи куни эса ботирнинг жасадини ерга топширгани йиғилдилар. Эски одатга кўра, буюк оқсоқолни Энасойнинг ўнқир-чўнқирли қирғоғи бўйлаб сўнгги йўлга кузатиш лозим эди, токи марҳумнинг руҳи Энасой дарёси билан юксакликда жудолашсин, ахир «Эна» — бу она демак, «сой» эса — бу дарёнинг  ўзани-ку. Унинг қалби Энасой ҳақидаги қўшиқни сўнгги бор куйласин.

Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.

Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.

Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.

Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.

Дафн этиш лозим бўлган тепаликда ёруғ жаҳоннинг тўрт томонини кўрсатмоқ учун ботирнинг қабри бош узра кўтарилди: «Мана сенинг дарёнг. Мана сенинг осмонинг. Мана сенинг еринг. Сен биз билан, ҳаммамиз бир уруғ одамларимиз. Осуда ухла. Биз ҳаммамиз сени кузатгани келдик». Келажак авлод хотираси учун ботирнинг қабри устига мармар тош қўйилди.

Ботирнинг жасадини дафн этишга олиб ўтишганда ҳар бир оила ўз остонаси олдида у билан видолашишади, оқ мотам яловини эгиб, ув тортиб йиғлашади, кейин бошқалар билан бирга қўшилиб яна оқ мотам яловларини эгилтирган ҳолда, айтиб йиғлашаётган келгуси ўтов томон илгарилаб боришади ва шу зайлда сўнгги манзилга, то қабристонгача етиб бориш учун мотам кунларида барча қабиладошлар ўтовларини дарё ёқасига қатор тикишди.

Ўша куни ҳамма тайёргарлик кўриб бўлинганда қуёш уйқудан бош кўтарганди, учига отнинг думи боғланган туғ ва ботирнинг уруш аслаҳалари — найза ва қалқони олиб чиқилди. Унинг оти дафн этиш ёпиқлари билан буркалган эди. Карнайчилар жанговар куй чалишга, барабанчилар барабанга таёқни жон-жаҳдлари билан уришга шай эдиларки, токи ўрмон ларзага келсин, қушлар булут янглиғ осмонга кўтарилиб, шовқин-сурон ва нола солсинлар. Йиртқич ҳайвонлар бўкириб-ҳайқириб чакалакзорларга чопиб қолсин, майсалар ерга қапишиб кетсин, садолар жаранглаб, тоғларни ларзага келтирсин. Мотамсаро аёллар сочларини ёйиб, ботир Қулчига аза очишга шай туришарди. Йигитлар забардаст елкаларида ботирнинг катта, оғир жасадини безовта қилмай кўтариш учун тиз чўккан эдилар. Ҳамма нарса ботирни охирги йўлга кузатиб қўйишга тайёр эди. Ўрмон этагида эса тўққизта бия, тўққизта ҳўкиз, тўққизта тўққизлик қўй қурбонлик учун ҳозирлаб қўйилганди. Шунда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Энасойликлар бир-бирига ҳар қанча душман бўлмасин, оқсоқолларнинг дафн маросими кунларида бир-бири билан уруш қилишни расм қилмаганди. Мана ҳозир эса бир тўда душман ғам-андуҳга ботган қирғоқдагиларни тонг чоғи тўрт томондан сездирмай ўраб келиб, пистирмалардан баробарига отилиб чиқиб, ҳамлага ўтдиларки, оқибатда ҳеч ким отга ҳам минолмади, қўлига қурол ҳам ола олмади. Шу тариқа кўз кўрмаган қирғин уруш бошланди. Ҳаммани бир чеккадан ўлдира бошлашди. Енгилмас қирғиз қабиласини бир ҳамла билан қириб ташлаш — душман режаси ана шундай эди. Ҳаммани бир бошдан қилич дамидан ўтказишди, токи бу ёвузликни эслаб ҳеч ким ёдга олмасин, қасоскор қолмасин, вақт эса ўтмиш изларини қумлар билан кўмиб юборсин. Туя кўрдингми — йўқ.

Инсонни туғиш ва ўстириш қанчалар қийин, ўлдириш эса — ҳаммасидан осон. Баъзи бировлар ўзи қонига ботиб қиймаланиб ётишар, бировлар эса қилич ва найзадан қутулиб қолмоқучун ўзини дарёга отар, Энасой тўлқинлари орасида чўкиб кетарди. Дарё ёқалаб жарликлару тикка кесиб тушган қирғоқлар бўйлаб бутун бир чақирим йўлда оловга қопланган  ўтовлар ловуллаб ёнарди. Ҳеч ким қочиб қутула олмади, ҳеч ким омон қолмади. Ҳаммаси ўлдирилди ва куйдирилди. Ўлиб ётганларнинг жасадини қирғоқдан Энасойга улоқтирдилар. Душманлар: «Энди бу ерлар бизники! Энди бу ўрмонлар бизники! Энди бу моллар бизники!» — деб қувонишарди.

06Улар бой ўлжа билан қайтишар экан, ўрмондан икки бола — бир ўғил ва бир қизнинг қандай чиқиб келганини пайқашмади. Бу ўзбошимча ва шўх болалар ота-оналаридан яширинча эрталабоқ яқин ўрмонга қўлсават учун пўстлоқ шилгани кетишганди. Улар ўйнаб юришиб, ўрмоннинг анча ичкарисига кириб кетишганини сезмай қолишди. Жанг суронини эшитиб орқага қайтган гўдаклар на отасини, на онасини, на акасини, на опасини тирик топа олдилар. Гўдаклар ота-онасидан ва элатидан жудо бўлиб қолди. Улар бўзлаб култепадан култепага чопишар, лекин биронта тирик жонни топиб бўлмасди. Бир зум ичида етим бўлиб қолишди. Ёруғ жаҳонда яккаю ёлғиз қолдилар. Узоқларда эса жанг тўзони кўкка уриларди, душманлар қонли кураш натижасида қўлга киритган мол ва қўйларини ҳайдаб кетишарди.

Болалар туёқлар остидан кўтарилган чангни кўриб, ўша томонга югуришди. Улар қонхўр душман изидан йиғлаб, қичқириб чопишарди. Фақат боланинг қалбигина шундай соддадил бўлади. Жаллодлардан яшириниш ўрнига уларга етиб олишга шошилишарди. Ҳар нима бўлса ҳам ёлғиз қолишмаса, бу вайронадан, лаънати жойдан нари кетишса бас. Бир-бирининг қўлидан ушлаб олишган бола ва қизча кетаётганлар орқасидан  қувиб жиндаккина кутишни, ўзлари билан бирга олиб кетишларини ёлвориб сўрашарди. Бироқ қий-чув ва туёқларнинг дупур-дупури-ю, ҳайдовчиларнинг ҳайқириғида бу ожиз овозларни ким эшитарди.

Болалар жон-жаҳди билан узоқ чопишди. Лекин барибир, етиб олишолмади. Кейин эса йиқилиб қолишди. Атрофга боқишга, қимирлашга қўрқишарди. Ҳамма ёқ ваҳимали эди. Шу зайлда бир-бирининг пинжига кириб кўзлари юмилганини билмай қолишди.

Етимча етти кўча, деб бекорга айтмаганлар. Тун бехатар ўтди. Ҳайвон уларга тегмади, ўрмон махлуқлари кўтариб кетмади. Улар уйғонишганда тонг отганди. Қуёш нур сочиб, қушлар сайрарди. Болалар ўринларидан туриб яна мол ҳайдовчиларнинг изидан йўлга тушишди.

Йўлма-йўл мева ва илдиз еб жон сақлашди. Йўл юра-юра учинчи куни бир тоғ тепасида тўхташди. Пастга қарашса — кенг, ям-яшил майсазорда катта тантана бўлаётибди. Бу ерда тикилган ўтовларнинг, гуриллаб ёнаётган гулханларнинг, гулхан атрофида ўтирган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Қизлар ҳалинчак учиб хиргойи қилишмоқда. Давра тортган одамлар ўртасида полвонлар худди бургутдай гир айланиб, бир-бирини итқитиб отишяпти. Душманлар ўзларининг  ғалабасини нишонлашарди.

Бола билан қиз яқин боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай тоғ тепасида туришарди. Лекин гўшт қовурдоқ нон, саримсоқнинг ёқимли ҳиди уфуриб турган гулхан атрофида пайдо бўлиб қолишни исташарди.

Болалар чидаб туришолмади, тоғдан туша бошлашди. Тантана эгалари ҳайрон бўлишди, уларни тўда бўлиб ўраб олишди.

— Кимсанлар? Қаёқдан келдиларинг?
— Биз очмиз, — жавоб берди бола билан қизча, — бизга ейдиган бир нима берсангиз.

Улар болаларнинг тилидан ким эканлигини дарров пайқаб қолишди. Бақириб-чақириб, шовқин солишди. Тугатилмаган душман оиласининг омон қолган аъзоларини ҳозир ўлдириш керакми ёки хоннинг олдига олиб бориш керакми? — деб баҳсга тушиб кетишди. Улар баҳслашиб турганда раҳмдилгина бир аёл болаларга жиндек пишган от гўшти узатди. Болаларни хон ҳузурига судраб боришар экан, улар қўлларидаги овқатни ютоқиб еяверишди. Уларни остонада ой- болта ушлаб турган ясовуллар хоннинг баланд қизил ўтовига олиб келишди. Бутун қароргоҳ бўйлаб эса аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган қирғиз зотлари ҳақидаги ташвишли хабар тарқалди. Бу нимадан дарак бериши мумкин? Ҳамма ўз ўйини ва тантанани тарк этиб, ур-тўполон билан хоннинг ўтови томон чопиб кетди. Бу пайт хон машҳур лашкарлари билан қордай оппоқ намат тўрида савлат тўкиб ўтирарди. У асал қўшилган қимизни симириб, мақтов қўшиқларини сел бўлиб тинглаб ўтирарди. Хон одамлар нима учун тўпланишганини билгач, ғазабдан қутуриб кетди:

— Мени безовта қилишга қандай журъат этдиларинг? Биз ахир қирғиз зотини бутунлай қириб ташламаган эдикми? Мен сенларни Энасойнинг абадий ҳукмрони қилиб қўймадимми? Намунча ўпкаларингни қўлтиқлаб югуриб келмасаларинг, қўрқоқлар? Қаранглар, олдиларингда ким турибди! Эй, чўтир юзли Баймоқ кампир, — қичқирди хон. Кампир оломон орасидан ажралиб чиққанда эса унга деди: — Мана буларни ўрмонга обориб шундай қилгинки, шу билан қирғиз зоти тугасин, хаёлда ҳам қолмасин, номи абадий ўчсин. Бошла, Чўтир Баймоқ кампир, айтганимни дарҳол бажо келтир…

Чўтир Баймоқ кампир жимгина итоат қилиб, бола билан қизни қўлидан ушлади-да, олиб кетди. Улар ўрмон оралаб узоқ юргач, Энасой қирғоғидаги баланд жарликка етиб келишди. Чўтир Баймоқ кампир болаларни шу ерда тўхтатиб, уларни жар ёқасига олиб келди. Сўнг, уларни жарликка итариб юбориш олдидан шундай деди:

— О, муаззам Энасой дарёси! Сенинг қаърингга тоғни қулатса, у бир харсангдай жо бўлади. Агар юз йиллик қарағайни ташласа, уни чўпдай оқизиб кетасан. Кел энди, икки қум заррасини — икки инсон боласини ўз бағрингга олгин. Уларга ер юзида жой йўқ. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Агар юлдузлар одамга айланиб қолса борми, осмон уларга тор- лик қилиб қолади. Агар балиқлар одамга айланиб қолса борми, уларга дарё ва денгизлар торлик қилиб қолади. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Ол, бу болаларни, улоқтириб кет. Қўй, улар бу манфур дунёмизни гўдакликда, тоза қалб билан, болалик ҳаёси билан, ёвуз ният ва ёвуз ишлар билан ўз номига иснод келтиришга улгурмасданоқ тарк этишсин, токи, инсон азоб-уқубатини кўриш ва бошқаларнинг ҳам ғам-аламига сабабчи бўлиш уларга насиб қилмасин. Ол буларни, ола қол буларни, қудратли Энасой…

Болалар зор қақшаб, ҳўнграб йиғларди. Тик қирғоқдан пастга қараш қанчалик даҳшатли эканини кўриб турган болаларнинг қулоғига кампирнинг сўзи кирмасди. Пастда эса қутурган тўлқинлар сапчийди.

— Қучоқлашинглар, болалар, охирги марта хайрлашиб олинглар, — деди Чўтир Баймоқ кампир. Ўзи эса уларни жарга ирғитиш қулай бўлсин учун енгларини шимарди. Кейин шундай деди: Энди мени кечиринглар, болалар. Пешанангизга ёзгани шу экан. Бу ишимни ҳозир ўз ихтиёрим билан қилмаётган бўлсам ҳам, лекин сизларнинг бахтингизга…

У гапини тугатмаган ҳам эдики, ёнгинасидан бир овоз келди:
— Тўхта, доно, оқила кампир, гуноҳсиз болаларни жувонмарг қилма.

Чўтир Баймоқ кампир қайрилиб қаради-ю, ҳайратда қолди: қаршисида ғаройиб она буғу турарди. Унинг йирик-йирик кўзлари таънали ва ғамгин боқарди. У сутдек оқ, қорни бўталоқнинг юнгидек қўнғир юнг билан қопланган. Шохлари бўлса гўзаллик тимсоли: сербутоқ, гўё кузги дарахтнинг бир бўлак шохи. Елини эмизикли аёлнинг кўкрагидек топ-тоза ва силлиқ.

— Кимсан? Нега одамга ўхшаб гапиряпсан? — сўради Чўтир Баймоқ кампир.
— Мен она буғуман, — жавоб берди у. — Шунинг учун одамга ўхшаб гапирдимки, бўлмаса сен тушунмайсан, қулоқ ҳам солмайсан.
— Нима истайсан, она буғу!
— Қўйиб юбор болаларни, доноларнинг доноси. Сендан илтимос қиламан, уларни менга бер.

— Нима қиласан уларни?
— Одамлар менинг икки эгизимни, икки буғу боласини ўлдиришди. Мен ўзимга бола излаб юрибман.
— Сен буларни боқмоқчимисан?
— Ҳа, доноларнинг доно аёли.

— Сен яхшилаб ўйнаб кўрдингми, она буғу? — масхараомуз кулди Чўтир Баймоқ кампир. — Булар ахир одам боласи-ку. Булар катта бўлишади, кейин сенинг болаларингни ўлдиришади.

— Улар катта бўлишса, менинг болаларимни ўлдиришмайди, — жавоб қилди унга буғулар онаси. — Мен уларга она бўламан, улар эса менинг болаларим. Ахир улар ўз ака-укаларини ўлдиришадими?

— Эҳ, нимасини айтасан, она буғу, сен одамларни билмайсан, — бош тебратди Чўтир Баймоқ кампир, — улар ўрмон ҳайвонларигагина эмас, ҳатто ўз-ўзларига ҳам раҳм-шафқат қилишмайди. Бу етимчаларни сенга  берардим, шунда менинг сўзларим қанчалик ростлигига ўзинг гувоҳ бўлардинг, лекин одамлар барибир қўлингдан тортиб олиб бу болаларни ўлдиришади. Бунча ғамнинг сенга нима кераги бор?

— Мен болаларни узоқ ўлкаларга олиб кетаман, у ердан болаларни ҳеч ким қидириб тополмайди. Болаларга раҳм қил, доноларнинг доноси, озод қил уларни. Мен уларга садоқатли она бўлайин. Елинларим тўлиб турибди. Сутим болаларни орзиқиб кутяпти. У болаларга интизор.

— Ҳа, майли, шундай бўладиган бўлса, — деди охири Чўтир Баймоқ кампир ўйлаб туриб, — буларни тезроқ олиб жўна. Етимларни ўзингнинг узоқ юртингга олиб кет. Агар улар узоқ йўл юриб толиқиб ҳалок бўлса ёки дуч келган қароқчилар ўлдириб кетса, ёки бўлмаса бу одам болалари сенинг яхшилигингга ёмонлик билан жавоб қайтаришса — ўзингдан кўр.

Она буғу Чўтир Баймоқ кампирга миннатдорчилик билдирди. Бола билан қизга эса:
— Энди мен сизларнинг оналарингман, сизлар эса менинг болаларимсизлар, — деди. — Сенларни узоқ юртга, қорли тоғ ва дарахтзорлар қўйнида жойлашган илиқ денгиз — Иссиқкўлга олиб кетаман.

Бола ва қизча шодланиб, Шохдор она буғу ортидан чопқиллаб кетишди. Лекин аста-секин чарчаб, ҳолдан тойишди, йўл эса олис — дунёнинг бу четидан у четига чўзилган. Она буғу болаларни ўз сути билан боқиб, кечалари бағрига босиб иситмаганда улар ҳеч қаерга ҳам етишолмас эди. Улар узоқ юришди. Она юрт бўлмиш Энасой тобора ортга чекиниб борар, лекин янги ватан бўлмиш Иссиқкўлга ҳали жуда узоқ эди. Йўл юришди, йўл юришса ҳам мўл юришди. Ёзу қиш, кўкламу ёз ва куз, яна ёзу қиш, яна баҳору, яна ёз ва қуз қалин ўрмонлардан, жазирама чўллардан, кўчма қум  саҳролардан, баланд тоғлардан ва ҳайқириб оққан дарёлардан не машаққат билан ўтишди. Уларнинг изидан бўрилар галаси қувди, Шохдор она буғу эса болаларни устига миндириб ёвуз йиртқичлардан қутқариб кетди. Уларнинг изидан тушган отлиқ овчилар ўқ узиб, қичқиришарди: «Буғу одам боласини ўғирлаб кетяпти! Ушла! Тут!» ва кетма-кет ўқузишарди. Шохдор она буғу болаларни опичиб, ғизиллаб учаётган ўқларга, чақирилмаган қутқарувчиларга етказмай борарди. У ўқдан кўра тезроқ чопар ва шивирларди:

— Маҳкамроқ  ушланглар, болаларим, босқинчилар!

Охири Шохдор она буғу ўз болаларини Иссиқкўлга етказиб келди. Улар тоғ тепасида туриб, ҳайратланишарди. Чор атроф қорли тоғлар билан қопланган, тоғлар ўртасида кўм-кўк ўрмон, кўз илгаган ҳамма жойда денгиз чайқалиб шовуллаб турарди. Кўм-кўк сув юзида оппоқ тўлқинлар югурар, шамол уларни узоқлардан ҳайдаб келиб, яна йироқларга ҳайдаб кетарди. Иссиқкўл қайдан бошланиб, қайда тугайди  билиб бўлмасди. Бир чеккасида қуёш бош кўтарса, иккинчисида ҳали тун пардасини йиғиштиролмасди. Иссиқкўлнинг чор атрофини қанча тоғ қуршаб олган  санаб бўлмасди, у тоғлар ортида яна шунга ўхшаш қанчадан-қанча қорли тоғлар бўй чўзиб турибди.

— Мана шу янги ватанингиз бўлади, — деди Шохдор она буғу. — Мана шу ерда яшайсизлар, ер ҳайдайсизлар, балиқ тутасизлар, молу хол қиласизлар. Минг йиллар тинч-тотув яшанглар. Ҳа, сизларнинг авлодингиз яшайди, кўпаяди. Сизлар келтирган тилни авлодлар унутишмайди. Уларга ўз она тилларида сўзлаш ва куйлаш ёқимли бўлади. Инсонларга қандай яшаш лозим бўлса шундай яшанглар. Мен эса сизлар ва сизларнинг болаларингизнинг болалари билан ҳамиша бирга бўлай…

Мана шундай қилиб, бола ва қизча қирғиз авлодининг аждодлари сифатида мангу жаннатмакон Иссиқкўлда ўзларига янги макон топдилар.

Вақт тез ўтиб бораверди. Бола бақувват йигит бўлди, қиз бўйга етди. Шунда улар қовушиб, эр-хотин бўлдилар. Шохдор она буғу эса Иссиқкўлни тарк этмасдан, яқин ўртадаги ўрмонда яшай бошлади.

Бир кун тонг маҳали Иссиқкўл қўққисдан нотинчланиб, шовуллай бошлади. Қизни тўлғоқ тутиб, азобланмоқда эди. Эр эса чўчиб кетди. Қоя устига чопиб чиқди-да, овозининг борича чақира бошлади:

— Қаердасан, Шохдор она буғу? Иссиқкўл қандай шовқин соляпти, эшитяпсанми? Қизинг туғяпти. Тезроқ кел, Шохдор она буғу, бизга ёрдам қил…

Шунда узоқдан худди карвонларнинг қўнғироғидай жарангдор товуш эшитилди. Бу товуш тобора яқинлашиб келаверди. Шохдор она буғу етиб келди!

У шохларида бешик келтирди. Бешик оппоқ қайиндан ясалган бўлиб, бандида кумуш қўнғироқча жаранглаб турарди. Бу қўнғироқ Иссиқкўл бешикларида ҳозиргача ҳам янграб турибди. Оналар бешикларни тебратар, кумуш қўнғироқ жаранглар, гўё Шохдор она буғу узоқлардан чопиб, шошиб, шохларида қайин бешик кўтариб келаётгандай туйилади…

Шохдор она буғу етиб келди-ю, шу пайт қизнинг ҳам кўзи ёриди.

— Бу бешик сизларнинг тўнғичларингиз учун, — деди Шохдор она буғу. — Ҳали кўп фарзанд кўрасизлар. Етти ўғил, етти қиз!

Ота-она хурсанд бўлишди. Тўнғич фарзандларини Шохдор она буғу шарафига — Буғубой деб аташди. Буғубой ўсиб-улғайди, қипчоқлар авлодидан бўлган гўзал қизга уйланди, шу билан Буғубой авлоди — Шохдор она буғу авлоди кўпая бошлади. Буғубой авлодлари Иссиқкўлда кўп ва қудратли бўлиб қолди. Бу авлод Шохдор она буғуни муқаддас деб билишарди. Буғубой авлодларининг ўтовида эшик тепасига буғу шохи осиб қўйилар, бу эса узоқ-узоқлардан ҳам ўтовнинг Буғубойлар авлодига мансуб эканлигидан дарак бериб турарди. Босқинчи душманларни даф этганда ёки пойга мусобақаларида Буғубой авлодларини «Буғу» деган битта лақабнинг ўзиданоқ англаб олишар, улар эса ҳар доим ғолиб чиқишарди. Ўша кезлар Иссиқкўл ўрмонларида оппоқ шохдор буғулар бўларди, гўзалликда ҳатто кўкдаги юлдузлар ҳам уларга рашк қиларди. Улар шохдор она буғунинг болалари эди. Уларга ҳеч ким тегмасди, ҳеч ким ҳуркитмас эди. Буғубой авлодлари буғуга дуч келган жойда отдан тушиб, унга йўл берарди. Ошиқлар суйган қизларини сулувликда гўзал оқ буғуга қиёс қилишарди…

Буғубой авлодининг ошиб-тошиб кетган машҳур бир бойи то ўлгунига қадар шу одат сақланиб қолди. Унинг минг-минглаб қўйлари, минг-минглаб йилқилари бўлиб, молларига қарайдиган қанча-қанча чўпонлар ҳам унинг измида эди. Ўғиллари унга катта маърака қилишди. Улар бу маъракага ер юзининг ҳамма маълум ва машҳур кишиларини чақиришди. Меҳмонлар учун Иссиқкўл қирғоғига бир минг бир юзта ўтов тикдилар. Қанча мол сўйилди, қанча қимиз ичилди, қанчалаб қашқарча ноз-неъматлар берилди, саноғига етиб бўлмасди. Бойнинг ўғиллари гердайиб юришарди: Ахир отадан битмас-туганмас мерос қолганлигини, фарзандлар отани ҳурматлаб, унинг хотирасини қандай эъзозлашларини одамлар кўриб қўйсин-да… («Э бўтам, одамлар ақл ўрнига бойлигини кўз-кўз қилишса, бу қандай ярамаслик».)

Марсия айтувчилар эса марҳумнинг ўғиллари тақдим этган арғумоқларда елиб, совғага берилган сувсар телпак ва шойи тўнларга ўралиб, марҳумни ва унинг меросхўрларини кўкларга кўтариб мақташарди.

— Бу оламда бундай бахтли ҳаёт ва шукуҳли маъракани кўрган борми? — деб куйларди бири.
— Дунё бино бўлгандан бери бунақаси ҳали бўлмаган! — дерди иккинчиси.
— Ҳеч қаерда бўлмаган! Фақат биздагина ота-оналарни шундай ҳурматлашади, ота-она шон-шарафини юксак тутишади, уларнинг муқаддас номини улуғлашади, — куйларди учинчиси.
— Эй, қақилдоқ марсиячилар, нима деб валдираяпсиз! Оламда бу ҳотамтойликнинг таърифига лойиқ сўз, марҳумнинг шон-шуҳратига тенг келадиган шуҳрат бор эканми? — куйларди тўртинчиси…

Улар шу зайлда кеча-кундуз ким ўзарга баҳслашарди. («Э-э, бўтам, ҳофизлар ҳамду сано ўқишда баҳслашса, қандай ярамаслик, улар қўшиқчидан қўшиқ кушандасига айланишади».)

Довруқ солган маърака кўп кунлик байрамдай ўтди. Бойнинг мақтанчоқ  ўғиллари бошқаларни лол қолдиришни, шуҳратлари оламга ёйилишини орзу қилишди. Яна бунинг устига мангу уйқуга кетган шавкатли оталари Шохдор она буғу авлодидан эканлигини ҳамма билиш учун унинг қабрига буғу шохини ўрнатишни ўйлаб топишди. («Э бўтам, қадимги одамлардан қолган гап бор: бойлик — такаббурликни, такаббурлик эса телбаликни туғдиради».)

Бойнинг ўғилларни ота хотирасига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёдгорлик ўрнатишни исташгани учун ҳам ҳеч нима уларга тўсқинлик қила олмади. Айтилган сўз — отилган ўқ.  Овчиларни йўллашди. Овчилар буғу отиб, шохини танасидан айиришди. Буғу шохларининг тепага таралиб туриши кўкда парвоз қилаётган бургутнинг қанотларига ўхшарди. Буғу шохлари ўғилларга ёқиб тушди: уларнинг ҳар бири ўн саккиз бутоққа бўлинган — демак, ўн саккиз ёшда экан. Яхши! Улар шохни қабр устига ўрнатиш учун усталарга фармон беришди.

Қариялар ҳайратда қолишди:
— Буғуни ўлдиришга қандай ҳаддингиз сиғди? Шохдор она буғу авлодига қўл кўтаришга ким журъат этди?

Бойнинг меросхўрлари уларга жавобан:

— Биз ўз еримиздаги буғуни ўлдирдик. Бизнинг салтанатимиз остидаги ерларда нимаики қимирлаган, учган тирик жонзот бўлса, пашшадан тортиб туягача — ҳаммаси бизники. Ўзимизга қарашли жамики нарсаларни нима қилиш-қилмасликни ўзимиз яхши биламиз. Йўқолинглар! — дейишди.

Хизматкорлар қарияларни қамчи билан савалаб, отга тескари миндиришди-да, сазойи қилиб ҳайдашди.

Ҳамма бало шундан бошланди. Шохдор она буғу авлодларининг бошига катта бахтсизлик тушди. Деярли ҳар бир киши ўрмонларда оқ буғуларни овлашга тушиб кетди. Буғубой авлодидан бўлган ҳар бир киши ўз аждодлари қабрига буғушох ўрнатишни бурч деб билар эди. Бу иш энди марҳумлар хотирасига бўлган муқаддас вазифа, алоҳида ҳурматга айланди. Кимки буғу шохларини тополмас экан, энди уни одам ўрнида санамай қўйишди. Буғу шохлари билан савдо қилиш, уларни олдиндан ғамлаб қўйиш одат тусига кириб қолди. Шохдор она буғу авлодлари орасида шундай кишилар пайдо бўлдики, улар буғу шохларидан ўлжа йиғишни ва пуллашни ҳунар қилиб олдилар. («Э бўтам, пул ҳукмрон бўлган жойда эзгу сўзга ўрин йўқ. Гўзалликка ўрин йўқ».)

Иссиқкўл ўрмонларида буғуларга қирғин келди. Уларга шафқатсиз бўлишди. Буғулар қадам етмаган жойларга қочди, лекин у ерда ҳам қўйишмади. Овчилар тозиларни қўйиб пистирма томон ҳайдашар, ўзлари эса пистирмаларда беркиниб ётиб, яқинлашган буғуларни бехато отиб олишарди. Буғуларни тўда-тўдаси билан қиришди, шох бутоқлари энг кўп бўлган буғуни ким отарга гаровга боғлашарди.

Буғулар ғойиб бўлди. Тоғларни тарк этди. На тунда, на тонгда буғу овози эшитиларди. На ўрмонда, на яйловда унинг қандай ирғишлаб, қандай сапчишларини, шохларини елкаси устига ташлаб, парвоздаги қушдай жарликлардан қандай сакраб ўтишларини энди ҳеч ким кўрмасди. Бутун умри бўйи буғу нима эканлигини кўрмаган янги инсонлар туғилди. Фақат у ҳақидаги эртакларни эшитиб, қабрлар устидаги шохларни кўришди, холос.

Шохдор она буғуга нима бўлди?

У одамлардан ранжиди, жуда қаттиқ ранжиди. Айтишларича, сон-саноқсиз ўқлар ва тозилар дастидан буғуларга кун қолмаган, уларнинг энг сўнгги авлоди бармоқ билан санарли даражада оз қолган чоғда Шохдор она буғу энг баланд чўққига кўтарилиб, Иссиқкўл билан видолашибди ва сўнгги болаларини улкан довон ортига, бошқа юртларга, бошқа тоғларга бошлаб кетибди.

Мана, оламда қандай ишлар бўлади. Мана, эртак ҳам тугади. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма.

Шохдор она буғу эса кетиши олдидан, «Бундан буён бу ерларга асло қадам босмайман», дебди…

10 iyun — Chingiz Aytmatov vafot etganiga 10 yil to‘ldi

  Hozir esa senga Shoxdor ona bug‘u haqidagi ertakni xuddi bobomdan eshitganimdek so‘zma-so‘z o‘zim aytib beraman. Shunday sekin so‘zlayman- ki, boshqa hech kim eshitmaydi, sen esa eshitgin. Men hamma narsani kinodagiday so‘zlashni va ko‘rishni sevaman. Mana shunday. Bobom buning hammasi bo‘lgan voqea, deydi. Shunday bo‘lgan ekan…» (“Oq kema” qissasidan)

Chingiz AYTMATOV
SHOXDOR ONA BUG’U RIVOYATI
Asil Rashidov tarjimasi
056

09Bu juda qadimda o’tgan. Zamonlarning zamonida, yer yuzida maysalardan ko’ra dov-daraxtlar ko’p bo’lgan, qurg’oq yerlardan ko’ra o’lkamizda obi hayot mo’l bo’lgan davrlarda bir qirg’iz qabilasi ulkan va muzday daryo bo’yida yashardi. Bu daryoni Enasoy deb atashardi. U bu yerlardan uzoqda, Sibirdan boshlanadi. U yerlarga otda uch yilu uch oyda yetib borish mumkin. Bu daryoni hozir Yenisey deyishadi, ilgarilari Enasoy deb yuritishgan. U haqda shunday qo’shiq ham to’qilgan:

Sendan ulkan daryo bormi, Enasoy,
Sendan aziz tuproq bormi, Enasoy.

Sendan chuqur dard ham bormi, Enasoy,
Sendan ozod quchoq bormi, Enasoy.

Sendan ulkan daryo yo’qdir, Enasoy,
Sendan aziz tuproq yo’qdir, Enasoy.

Sendan chuqur dard ham yo’qdir, Enasoy,
Sendan ozod quchoq yo’qdir, Enasoy.

Mana shunaqa edi, bu Enasoy daryosi.

Enasoy bo’yida turli xil elat yashardi. Ular g’oyat og’ir hayot kechirardi, chunki ular bir-birlariga doimo adovat ko’zi bilan qarar edilar. Qirg’iz qabilasini dushmanlar turli tomondan qurshab olgandi. Goh ular, goh bular hujum qilishar, goho qirg’izlarning o’zi ham boshqalarga chovut solib, mollarni haydab ketishar, uylariga o’t qo’yishar, odamlarni o’ldirishardi. Qulay kelib qolganda bir tomon ikkinchi tomon odamlarini o’ldirib yuborar edi. Zamon shunaqa edi. Odamning odamga ichi achimasdi. Odam odamni g’ajirdi. Shu darajaga borildiki, hech kimning dehqonchilik qilgisi, mol boqqisi, ov qilgisi kelmay qoldi.

Qaroqchilik bilan kun kechirish oson tuyilardi; qo’qqisdan bosasan, o’ldirasan, olasan-ketasan. Bir qotillikka qasdma-qasd o’n qotillik bilan javob berishga harakat qilishardi. Shu zaylda kun o’tgan sayin ko’proq qon to’kilardi. Odamlarda aql o’tmaslashib borardi. Dushmanlarni yarashtiradigan, insofga keltiradigan odam yo’q edi. Dushmanga qiron keltirib, o’zga qabilaning so’nggi odamigacha qonini oqizgan, molu mulkini qo’lga kiritgan odam eng aqlli va uddaburon sanalardi.

O’rmonda bir g’aroyib qush paydo bo’lib qoldi. Inson ovoziga o’xshash ayanchli ovoz bilan tundan tonggacha sayrar va yig’lar, shoxdan-shoxga sakrab so’ylardi; «Katta baxtsizlik bo’ladi! Katta baxtsizlik bo’ladi». Shunday bo’ldi ham, o’sha qora kun keldi.

O’sha kuni qirg’iz qabilasi Enasoy bo’yida o’zining buyuk oqsoqolidan judo bo’ldi. Botir Qulchi ko’p yillar yo’lboshchilik qildi, ko’pgina yurishlarda, jang-jadallarda qatnashdi. Janglarda omon qoldi, lekin ajali yetdi. Qabiladoshlar ikki kun katta g’am-alamda o’rtandilar, uchinchi kuni esa botirning jasadini yerga topshirgani yig’ildilar. Eski odatga ko’ra, buyuk oqsoqolni Enasoyning o’nqir-cho’nqirli qirg’og’i bo’ylab so’nggi yo’lga kuzatish lozim edi, toki marhumning ruhi Enasoy daryosi bilan yuksaklikda judolashsin, axir «Ena» — bu ona demak, «soy» esa — bu daryoning o’zani-ku. Uning qalbi Enasoy haqidagi qo’shiqni so’nggi bor kuylasin.

Sendan ulkan daryo bormi, Enasoy,
Sendan aziz tuproq bormi, Enasoy.

Sendan chuqur dard ham bormi, Enasoy,
Sendan ozod quchoq bormi, Enasoy.

Sendan ulkan daryo yo’qdir, Enasoy,
Sendan aziz tuproq yo’qdir, Enasoy.

Sendan chuqur dard ham yo’qdir, Enasoy,
Sendan ozod quchoq yo’qdir, Enasoy.

Dafn etish lozim bo’lgan tepalikda yorug’ jahonning to’rt tomonini ko’rsatmoq uchun botirning qabri bosh uzra ko’tarildi: «Mana sening daryong. Mana sening osmoning. Mana sening yering. Sen biz bilan, hammamiz bir urug’ odamlarimiz. Osuda uxla. Biz hammamiz seni kuzatgani keldik». Kelajak avlod xotirasi uchun botirning qabri ustiga marmar tosh qo’yildi.

Botirning jasadini dafn etishga olib o’tishganda har bir oila o’z ostonasi oldida u bilan vidolashishadi, oq motam yalovini egib, uv tortib yig’lashadi, keyin boshqalar bilan birga qo’shilib yana oq motam yalovlarini egiltirgan holda, aytib yig’lashayotgan kelgusi o’tov tomon ilgarilab borishadi va shu zaylda so’nggi manzilga, to qabristongacha yetib borish uchun motam kunlarida barcha qabiladoshlar o’tovlarini daryo yoqasiga qator tikishdi.

O’sha kuni hamma tayyorgarlik ko’rib bo’linganda quyosh uyqudan bosh ko’targandi, uchiga otning dumi bog’langan tug’ va botirning urush aslahalari — nayza va qalqoni olib chiqildi. Uning oti dafn etish yopiqlari bilan burkalgan edi. Karnaychilar jangovar kuy chalishga, barabanchilar barabanga tayoqni jon-jahdlari bilan urishga shay edilarki, toki o’rmon larzaga kelsin, qushlar bulut yanglig’ osmonga ko’tarilib, shovqin-suron va nola solsinlar. Yirtqich hayvonlar bo’kirib-hayqirib chakalakzorlarga chopib qolsin, maysalar yerga qapishib ketsin, sadolar jaranglab, tog’larni larzaga keltirsin. Motamsaro ayollar sochlarini yoyib, botir Qulchiga aza ochishga shay turishardi. Yigitlar zabardast yelkalarida botirning katta, og’ir jasadini bezovta qilmay ko’tarish uchun tiz cho’kkan edilar. Hamma narsa botirni oxirgi yo’lga kuzatib qo’yishga tayyor edi. O’rmon etagida esa to’qqizta biya, to’qqizta ho’kiz, to’qqizta to’qqizlik qo’y qurbonlik uchun hozirlab qo’yilgandi. Shunda kutilmagan hodisa ro’y berdi. Enasoyliklar bir-biriga har qancha dushman bo’lmasin, oqsoqollarning dafn marosimi kunlarida bir-biri bilan urush qilishni rasm qilmagandi. Mana hozir esa bir to’da dushman g’am-anduhga botgan qirg’oqdagilarni tong chog’i to’rt tomondan sezdirmay o’rab kelib, pistirmalardan barobariga otilib chiqib, hamlaga o’tdilarki, oqibatda hech kim otga ham minolmadi, qo’liga qurol ham ola olmadi. Shu tariqa ko’z ko’rmagan qirg’in urush boshlandi. Hammani bir chekkadan o’ldira boshlashdi. Yengilmas qirg’iz qabilasini bir hamla bilan qirib tashlash — dushman rejasi ana shunday edi. Hammani bir boshdan qilich damidan o’tkazishdi, toki bu yovuzlikni eslab hech kim yodga olmasin, qasoskor qolmasin, vaqt esa o’tmish izlarini qumlar bilan ko’mib yuborsin. Tuya ko’rdingmi — yo’q.

Insonni tug’ish va o’stirish qanchalar qiyin, o’ldirish esa — hammasidan oson. Ba’zi birovlar o’zi qoniga botib qiymalanib yotishar, birovlar esa qilich va nayzadan qutulib qolmoquchun o’zini daryoga otar, Enasoy to’lqinlari orasida cho’kib ketardi. Daryo yoqalab jarliklaru tikka kesib tushgan qirg’oqlar bo’ylab butun bir chaqirim yo’lda olovga qoplangan o’tovlar lovullab yonardi. Hech kim qochib qutula olmadi, hech kim omon qolmadi. Hammasi o’ldirildi va kuydirildi. O’lib yotganlarning jasadini qirg’oqdan Enasoyga uloqtirdilar. Dushmanlar: «Endi bu yerlar bizniki! Endi bu o’rmonlar bizniki! Endi bu mollar bizniki!» — deb quvonishardi.

Ular boy o’lja bilan qaytishar ekan, o’rmondan ikki bola — bir o’g’il va bir qizning qanday chiqib kelganini payqashmadi. Bu o’zboshimcha va sho’x bolalar ota-onalaridan yashirincha ertalaboq yaqin o’rmonga qo’lsavat uchun po’stloq shilgani ketishgandi. Ular o’ynab yurishib, o’rmonning ancha ichkarisiga kirib ketishganini sezmay qolishdi. Jang suronini eshitib orqaga qaytgan go’daklar na otasini, na onasini, na akasini, na opasini tirik topa oldilar. Go’daklar ota-onasidan va elatidan judo bo’lib qoldi. Ular bo’zlab kultepadan kultepaga chopishar, lekin bironta tirik jonni topib bo’lmasdi. Bir zum ichida yetim bo’lib qolishdi. Yorug’ jahonda yakkayu yolg’iz qoldilar. Uzoqlarda esa jang to’zoni ko’kka urilardi, dushmanlar qonli kurash natijasida qo’lga kiritgan mol va qo’ylarini haydab ketishardi.

Bolalar tuyoqlar ostidan ko’tarilgan changni ko’rib, o’sha tomonga yugurishdi. Ular qonxo’r dushman izidan yig’lab, qichqirib chopishardi. Faqat bolaning qalbigina shunday soddadil bo’ladi. Jallodlardan yashirinish o’rniga ularga yetib olishga shoshilishardi. Har nima bo’lsa ham yolg’iz qolishmasa, bu vayronadan, la’nati joydan nari ketishsa bas. Bir-birining qo’lidan ushlab olishgan bola va qizcha ketayotganlar orqasidan quvib jindakkina kutishni, o’zlari bilan birga olib ketishlarini yolvorib so’rashardi. Biroq qiy-chuv va tuyoqlarning dupur-dupuri-yu, haydovchilarning hayqirig’ida bu ojiz ovozlarni kim eshitardi.

Bolalar jon-jahdi bilan uzoq chopishdi. Lekin baribir, yetib olisholmadi. Keyin esa yiqilib qolishdi. Atrofga boqishga, qimirlashga qo’rqishardi. Hamma yoq vahimali edi. Shu zaylda bir-birining pinjiga kirib ko’zlari yumilganini bilmay qolishdi.

Yetimcha yetti ko’cha, deb bekorga aytmaganlar. Tun bexatar o’tdi. Hayvon ularga tegmadi, o’rmon maxluqlari ko’tarib ketmadi. Ular uyg’onishganda tong otgandi. Quyosh nur sochib, qushlar sayrardi. Bolalar o’rinlaridan turib yana mol haydovchilarning izidan yo’lga tushishdi.

Yo’lma-yo’l meva va ildiz yeb jon saqlashdi. Yo’l yura-yura uchinchi kuni bir tog’ tepasida to’xtashdi. Pastga qarashsa — keng, yam-yashil maysazorda katta tantana bo’layotibdi. Bu yerda tikilgan o’tovlarning, gurillab yonayotgan gulxanlarning, gulxan atrofida o’tirgan odamlarning son-sanog’i yo’q. Qizlar halinchak uchib xirgoyi qilishmoqda. Davra tortgan odamlar o’rtasida polvonlar xuddi burgutday gir aylanib, bir-birini itqitib otishyapti. Dushmanlar o’zlarining g’alabasini nishonlashardi.

Bola bilan qiz yaqin borishni ham, bormaslikni ham bilmay tog’ tepasida turishardi. Lekin go’sht qovurdoq non, sarimsoqning yoqimli hidi ufurib turgan gulxan atrofida paydo bo’lib qolishni istashardi.

Bolalar chidab turisholmadi, tog’dan tusha boshlashdi. Tantana egalari hayron bo’lishdi, ularni to’da bo’lib o’rab olishdi.

— Kimsanlar? Qayoqdan keldilaring?
— Biz ochmiz, — javob berdi bola bilan qizcha, — bizga yeydigan bir nima bersangiz.

Ular bolalarning tilidan kim ekanligini darrov payqab qolishdi. Baqirib-chaqirib, shovqin solishdi. Tugatilmagan dushman oilasining omon qolgan a’zolarini hozir o’ldirish kerakmi yoki xonning oldiga olib borish kerakmi? — deb bahsga tushib ketishdi. Ular bahslashib turganda rahmdilgina bir ayol bolalarga jindek pishgan ot go’shti uzatdi. Bolalarni xon huzuriga sudrab borishar ekan, ular qo’llaridagi ovqatni yutoqib yeyaverishdi. Ularni ostonada oy- bolta ushlab turgan yasovullar xonning baland qizil o’toviga olib kelishdi. Butun qarorgoh bo’ylab esa allaqayoqdan paydo bo’lib qolgan qirg’iz zotlari haqidagi tashvishli xabar tarqaldi. Bu nimadan darak berishi mumkin? Hamma o’z o’yini va tantanani tark etib, ur-to’polon bilan xonning o’tovi tomon chopib ketdi. Bu payt xon mashhur lashkarlari bilan qorday oppoq namat to’rida savlat to’kib o’tirardi. U asal qo’shilgan qimizni simirib, maqtov qo’shiqlarini sel bo’lib tinglab o’tirardi. Xon odamlar nima uchun to’planishganini bilgach, g’azabdan quturib ketdi:

— Meni bezovta qilishga qanday jur’at etdilaring? Biz axir qirg’iz zotini butunlay qirib tashlamagan edikmi? Men senlarni Enasoyning abadiy hukmroni qilib qo’ymadimmi? Namuncha o’pkalaringni qo’ltiqlab yugurib kelmasalaring, qo’rqoqlar? Qaranglar, oldilaringda kim turibdi! Ey, cho’tir yuzli Baymoq kampir, — qichqirdi xon. Kampir olomon orasidan ajralib chiqqanda esa unga dedi: — Mana bularni o’rmonga oborib shunday qilginki, shu bilan qirg’iz zoti tugasin, xayolda ham qolmasin, nomi abadiy o’chsin. Boshla, Cho’tir Baymoq kampir, aytganimni darhol bajo keltir…

Cho’tir Baymoq kampir jimgina itoat qilib, bola bilan qizni qo’lidan ushladi-da, olib ketdi. Ular o’rmon oralab uzoq yurgach, Enasoy qirg’og’idagi baland jarlikka yetib kelishdi. Cho’tir Baymoq kampir bolalarni shu yerda to’xtatib, ularni jar yoqasiga olib keldi. So’ng, ularni jarlikka itarib yuborish oldidan shunday dedi:

— O, muazzam Enasoy daryosi! Sening qa’ringga tog’ni qulatsa, u bir xarsangday jo bo’ladi. Agar yuz yillik qarag’ayni tashlasa, uni cho’pday oqizib ketasan. Kel endi, ikki qum zarrasini — ikki inson bolasini o’z bag’ringga olgin. Ularga yer yuzida joy yo’q. Senga men aytib o’tirishim kerakmi, Enasoy? Agar yulduzlar odamga aylanib qolsa bormi, osmon ularga tor- lik qilib qoladi. Agar baliqlar odamga aylanib qolsa bormi, ularga daryo va dengizlar torlik qilib qoladi. Senga men aytib o’tirishim kerakmi, Enasoy? Ol, bu bolalarni, uloqtirib ket. Qo’y, ular bu manfur dunyomizni go’daklikda, toza qalb bilan, bolalik hayosi bilan, yovuz niyat va yovuz ishlar bilan o’z nomiga isnod keltirishga ulgurmasdanoq tark etishsin, toki, inson azob-uqubatini ko’rish va boshqalarning ham g’am-alamiga sababchi bo’lish ularga nasib qilmasin. Ol bularni, ola qol bularni, qudratli Enasoy…

Bolalar zor qaqshab, ho’ngrab yig’lardi. Tik qirg’oqdan pastga qarash qanchalik dahshatli ekanini ko’rib turgan bolalarning qulog’iga kampirning so’zi kirmasdi. Pastda esa quturgan to’lqinlar sapchiydi.

— Quchoqlashinglar, bolalar, oxirgi marta xayrlashib olinglar, — dedi Cho’tir Baymoq kampir. O’zi esa ularni jarga irg’itish qulay bo’lsin uchun yenglarini shimardi. Keyin shunday dedi:
— Endi meni kechiringlar, bolalar. Peshanangizga yozgani shu ekan. Bu ishimni hozir o’z ixtiyorim bilan qilmayotgan bo’lsam ham, lekin sizlarning baxtingizga…

U gapini tugatmagan ham ediki, yonginasidan bir ovoz keldi:
— To’xta, dono, oqila kampir, gunohsiz bolalarni juvonmarg qilma.

Cho’tir Baymoq kampir qayrilib qaradi-yu, hayratda qoldi: qarshisida g’aroyib ona bug’u turardi. Uning yirik-yirik ko’zlari ta’nali va g’amgin boqardi. U sutdek oq, qorni bo’taloqning yungidek qo’ng’ir yung bilan qoplangan. Shoxlari bo’lsa go’zallik timsoli: serbutoq, go’yo kuzgi daraxtning bir bo’lak shoxi. Yelini emizikli ayolning ko’kragidek top-toza va silliq.

— Kimsan? Nega odamga o’xshab gapiryapsan? — so’radi Cho’tir Baymoq kampir.
— Men ona bug’uman, — javob berdi u. — Shuning uchun odamga o’xshab gapirdimki, bo’lmasa sen tushunmaysan, quloq ham solmaysan.
— Nima istaysan, ona bug’u!
— Qo’yib yubor bolalarni, donolarning donosi. Sendan iltimos qilaman, ularni menga ber.

— Nima qilasan ularni?
— Odamlar mening ikki egizimni, ikki bug’u bolasini o’ldirishdi. Men o’zimga bola izlab yuribman.
— Sen bularni boqmoqchimisan?
— Ha, donolarning dono ayoli.

— Sen yaxshilab o’ynab ko’rdingmi, ona bug’u? — masxaraomuz kuldi Cho’tir Baymoq kampir. — Bular axir odam bolasi-ku. Bular katta bo’lishadi, keyin sening bolalaringni o’ldirishadi.

— Ular katta bo’lishsa, mening bolalarimni o’ldirishmaydi, — javob qildi unga bug’ular onasi. — Men ularga ona bo’laman, ular esa mening bolalarim. Axir ular o’z aka-ukalarini o’ldirishadimi?

— Eh, nimasini aytasan, ona bug’u, sen odamlarni bilmaysan, — bosh tebratdi Cho’tir Baymoq kampir, — ular o’rmon hayvonlarigagina emas, hatto o’z-o’zlariga ham rahm-shafqat qilishmaydi. Bu yetimchalarni senga berardim, shunda mening so’zlarim qanchalik rostligiga o’zing guvoh bo’larding, lekin odamlar baribir qo’lingdan tortib olib bu bolalarni o’ldirishadi. Buncha g’amning senga nima keragi bor?

— Men bolalarni uzoq o’lkalarga olib ketaman, u yerdan bolalarni hech kim qidirib topolmaydi. Bolalarga rahm qil, donolarning donosi, ozod qil ularni. Men ularga sadoqatli ona bo’layin. Yelinlarim to’lib turibdi. Sutim bolalarni orziqib kutyapti. U bolalarga intizor.

— Ha, mayli, shunday bo’ladigan bo’lsa, — dedi oxiri Cho’tir Baymoq kampir o’ylab turib, — bularni tezroq olib jo’na. Yetimlarni o’zingning uzoq yurtingga olib ket. Agar ular uzoq yo’l yurib toliqib halok bo’lsa yoki duch kelgan qaroqchilar o’ldirib ketsa, yoki bo’lmasa bu odam bolalari sening yaxshiligingga yomonlik bilan javob qaytarishsa — o’zingdan ko’r.

Ona bug’u Cho’tir Baymoq kampirga minnatdorchilik bildirdi. Bola bilan qizga esa:
— Endi men sizlarning onalaringman, sizlar esa mening bolalarimsizlar, — dedi. — Senlarni uzoq yurtga, qorli tog’ va daraxtzorlar qo’ynida joylashgan iliq dengiz — Issiqko’lga olib ketaman.

07Bola va qizcha shodlanib, Shoxdor ona bug’u ortidan chopqillab ketishdi. Lekin asta-sekin charchab, holdan toyishdi, yo’l esa olis — dunyoning bu chetidan u chetiga cho’zilgan. Ona bug’u bolalarni o’z suti bilan boqib, kechalari bag’riga bosib isitmaganda ular hech qaerga ham yetisholmas edi. Ular uzoq yurishdi. Ona yurt bo’lmish Enasoy tobora ortga chekinib borar, lekin yangi vatan bo’lmish Issiqko’lga hali juda uzoq edi. Yo’l yurishdi, yo’l yurishsa ham mo’l yurishdi. Yozu qish, ko’klamu yoz va kuz, yana yozu qish, yana bahoru, yana yoz va quz qalin o’rmonlardan, jazirama cho’llardan, ko’chma qum sahrolardan, baland tog’lardan va hayqirib oqqan daryolardan ne mashaqqat bilan o’tishdi. Ularning izidan bo’rilar galasi quvdi, Shoxdor ona bug’u esa bolalarni ustiga mindirib yovuz yirtqichlardan qutqarib ketdi. Ularning izidan tushgan otliq ovchilar o’q uzib, qichqirishardi: «Bug’u odam bolasini o’g’irlab ketyapti! Ushla! Tut!» va ketma-ket o’quzishardi. Shoxdor ona bug’u bolalarni opichib, g’izillab uchayotgan o’qlarga, chaqirilmagan qutqaruvchilarga yetkazmay borardi. U o’qdan ko’ra tezroq chopar va shivirlardi:

— Mahkamroq ushlanglar, bolalarim, bosqinchilar!

Oxiri Shoxdor ona bug’u o’z bolalarini Issiqko’lga yetkazib keldi. Ular tog’ tepasida turib, hayratlanishardi. Chor atrof qorli tog’lar bilan qoplangan, tog’lar o’rtasida ko’m-ko’k o’rmon, ko’z ilgagan hamma joyda dengiz chayqalib shovullab turardi. Ko’m-ko’k suv yuzida oppoq to’lqinlar yugurar, shamol ularni uzoqlardan haydab kelib, yana yiroqlarga haydab ketardi. Issiqko’l qaydan boshlanib, qayda tugaydi bilib bo’lmasdi. Bir chekkasida quyosh bosh ko’tarsa, ikkinchisida hali tun pardasini yig’ishtirolmasdi. Issiqko’lning chor atrofini qancha tog’ qurshab olgan sanab bo’lmasdi, u tog’lar ortida yana shunga o’xshash qanchadan-qancha qorli tog’lar bo’y cho’zib turibdi.

— Mana shu yangi vataningiz bo’ladi, — dedi Shoxdor ona bug’u. — Mana shu yerda yashaysizlar, yer haydaysizlar, baliq tutasizlar, molu xol qilasizlar. Ming yillar tinch-totuv yashanglar. Ha, sizlarning avlodingiz yashaydi, ko’payadi. Sizlar keltirgan tilni avlodlar unutishmaydi. Ularga o’z ona tillarida so’zlash va kuylash yoqimli bo’ladi. Insonlarga qanday yashash lozim bo’lsa shunday yashanglar. Men esa sizlar va sizlarning bolalaringizning bolalari bilan hamisha birga bo’lay…

Mana shunday qilib, bola va qizcha qirg’iz avlodining ajdodlari sifatida mangu jannatmakon Issiqko’lda o’zlariga yangi makon topdilar.

Vaqt tez o’tib boraverdi. Bola baquvvat yigit bo’ldi, qiz bo’yga yetdi. Shunda ular qovushib, er-xotin bo’ldilar. Shoxdor ona bug’u esa Issiqko’lni tark etmasdan, yaqin o’rtadagi o’rmonda yashay boshladi.

Bir kun tong mahali Issiqko’l qo’qqisdan notinchlanib, shovullay boshladi. Qizni to’lg’oq tutib, azoblanmoqda edi. Er esa cho’chib ketdi. Qoya ustiga chopib chiqdi-da, ovozining boricha chaqira boshladi:

— Qaerdasan, Shoxdor ona bug’u? Issiqko’l qanday shovqin solyapti, eshityapsanmi? Qizing tug’yapti. Tezroq kel, Shoxdor ona bug’u, bizga yordam qil…

Shunda uzoqdan xuddi karvonlarning qo’ng’irog’iday jarangdor tovush eshitildi. Bu tovush tobora yaqinlashib kelaverdi. Shoxdor ona bug’u yetib keldi!

U shoxlarida beshik keltirdi. Beshik oppoq qayindan yasalgan bo’lib, bandida kumush qo’ng’iroqcha jaranglab turardi. Bu qo’ng’iroq Issiqko’l beshiklarida hozirgacha ham yangrab turibdi. Onalar beshiklarni tebratar, kumush qo’ng’iroq jaranglar, go’yo Shoxdor ona bug’u uzoqlardan chopib, shoshib, shoxlarida qayin beshik ko’tarib kelayotganday tuyiladi…

Shoxdor ona bug’u yetib keldi-yu, shu payt qizning ham ko’zi yoridi.

— Bu beshik sizlarning to’ng’ichlaringiz uchun, — dedi Shoxdor ona bug’u. — Hali ko’p farzand ko’rasizlar. Yetti o’g’il, yetti qiz!

Ota-ona xursand bo’lishdi. To’ng’ich farzandlarini Shoxdor ona bug’u sharafiga — Bug’uboy deb atashdi. Bug’uboy o’sib-ulg’aydi, qipchoqlar avlodidan bo’lgan go’zal qizga uylandi, shu bilan Bug’uboy avlodi — Shoxdor ona bug’u avlodi ko’paya boshladi. Bug’uboy avlodlari Issiqko’lda ko’p va qudratli bo’lib qoldi. Bu avlod Shoxdor ona bug’uni muqaddas deb bilishardi. Bug’uboy avlodlarining o’tovida eshik tepasiga bug’u shoxi osib qo’yilar, bu esa uzoq-uzoqlardan ham o’tovning Bug’uboylar avlodiga mansub ekanligidan darak berib turardi. Bosqinchi dushmanlarni daf etganda yoki poyga musobaqalarida Bug’uboy avlodlarini «Bug’u» degan bitta laqabning o’zidanoq anglab olishar, ular esa har doim g’olib chiqishardi. O’sha kezlar Issiqko’l o’rmonlarida oppoq shoxdor bug’ular bo’lardi, go’zallikda hatto ko’kdagi yulduzlar ham ularga rashk qilardi. Ular shoxdor ona bug’uning bolalari edi. Ularga hech kim tegmasdi, hech kim hurkitmas edi. Bug’uboy avlodlari bug’uga duch kelgan joyda otdan tushib, unga yo’l berardi. Oshiqlar suygan qizlarini suluvlikda go’zal oq bug’uga qiyos qilishardi…

Bug’uboy avlodining oshib-toshib ketgan mashhur bir boyi to o’lguniga qadar shu odat saqlanib qoldi. Uning ming-minglab qo’ylari, ming-minglab yilqilari bo’lib, mollariga qaraydigan qancha-qancha cho’ponlar ham uning izmida edi. O’g’illari unga katta ma’raka qilishdi. Ular bu ma’rakaga yer yuzining hamma ma’lum va mashhur kishilarini chaqirishdi. Mehmonlar uchun Issiqko’l qirg’og’iga bir ming bir yuzta o’tov tikdilar. Qancha mol so’yildi, qancha qimiz ichildi, qanchalab qashqarcha noz-ne’matlar berildi, sanog’iga yetib bo’lmasdi. Boyning o’g’illari gerdayib yurishardi: Axir otadan bitmas-tuganmas meros qolganligini, farzandlar otani hurmatlab, uning xotirasini qanday e’zozlashlarini odamlar ko’rib qo’ysin-da… («E bo’tam, odamlar aql o’rniga boyligini ko’z-ko’z qilishsa, bu qanday yaramaslik».)

Marsiya aytuvchilar esa marhumning o’g’illari taqdim etgan arg’umoqlarda yelib, sovg’aga berilgan suvsar telpak va shoyi to’nlarga o’ralib, marhumni va
uning merosxo’rlarini ko’klarga ko’tarib maqtashardi.

— Bu olamda bunday baxtli hayot va shukuhli ma’rakani ko’rgan bormi? — deb kuylardi biri.
— Dunyo bino bo’lgandan beri bunaqasi hali bo’lmagan! — derdi ikkinchisi.
— Hech qaerda bo’lmagan! Faqat bizdagina ota-onalarni shunday hurmatlashadi, ota-ona shon-sharafini yuksak tutishadi, ularning muqaddas nomini ulug’lashadi, — kuylardi uchinchisi.
— Ey, qaqildoq marsiyachilar, nima deb valdirayapsiz! Olamda bu hotamtoylikning ta’rifiga loyiq so’z, marhumning shon-shuhratiga teng keladigan shuhrat bor ekanmi? — kuylardi to’rtinchisi…

Ular shu zaylda kecha-kunduz kim o’zarga bahslashardi. («E-e, bo’tam, hofizlar hamdu sano o’qishda bahslashsa, qanday yaramaslik, ular qo’shiqchidan qo’shiq kushandasiga aylanishadi».)

Dovruq solgan ma’raka ko’p kunlik bayramday o’tdi. Boyning maqtanchoq o’g’illari boshqalarni lol qoldirishni, shuhratlari olamga yoyilishini orzu qilishdi. Yana buning ustiga mangu uyquga ketgan shavkatli otalari Shoxdor ona bug’u avlodidan ekanligini hamma bilish uchun uning qabriga bug’u shoxini o’rnatishni o’ylab topishdi. («E bo’tam, qadimgi odamlardan qolgan gap bor: boylik — takabburlikni, takabburlik esa telbalikni tug’diradi».)

Boyning o’g’illarni ota xotirasiga ko’z ko’rib, quloq eshitmagan yodgorlik o’rnatishni istashgani uchun ham hech nima ularga to’sqinlik qila olmadi. Aytilgan so’z — otilgan o’q. Ovchilarni yo’llashdi. Ovchilar bug’u otib, shoxini tanasidan ayirishdi. Bug’u shoxlarining tepaga taralib turishi ko’kda parvoz qilayotgan burgutning qanotlariga o’xshardi. Bug’u shoxlari o’g’illarga yoqib tushdi: ularning har biri o’n sakkiz butoqqa bo’lingan — demak, o’n sakkiz yoshda ekan. Yaxshi! Ular shoxni qabr ustiga o’rnatish uchun ustalarga farmon berishdi.

Qariyalar hayratda qolishdi:
— Bug’uni o’ldirishga qanday haddingiz sig’di? Shoxdor ona bug’u avlodiga qo’l ko’tarishga kim jur’at etdi?

Boyning merosxo’rlari ularga javoban:

— Biz o’z yerimizdagi bug’uni o’ldirdik. Bizning saltanatimiz ostidagi yerlarda nimaiki qimirlagan, uchgan tirik jonzot bo’lsa, pashshadan tortib tuyagacha — hammasi bizniki. O’zimizga qarashli jamiki narsalarni nima qilish-qilmaslikni o’zimiz yaxshi bilamiz. Yo’qolinglar! — deyishdi.

Xizmatkorlar qariyalarni qamchi bilan savalab, otga teskari mindirishdi-da, sazoyi qilib haydashdi.

Hamma balo shundan boshlandi. Shoxdor ona bug’u avlodlarining boshiga katta baxtsizlik tushdi. Deyarli har bir kishi o’rmonlarda oq bug’ularni ovlashga tushib ketdi. Bug’uboy avlodidan bo’lgan har bir kishi o’z ajdodlari qabriga bug’ushox o’rnatishni burch deb bilar edi. Bu ish endi marhumlar xotirasiga bo’lgan muqaddas vazifa, alohida hurmatga aylandi. Kimki bug’u shoxlarini topolmas ekan, endi uni odam o’rnida sanamay qo’yishdi. Bug’u shoxlari bilan savdo qilish, ularni oldindan g’amlab qo’yish odat tusiga kirib qoldi. Shoxdor ona bug’u avlodlari orasida shunday kishilar paydo bo’ldiki, ular bug’u shoxlaridan o’lja yig’ishni va pullashni hunar qilib oldilar. («E bo’tam, pul hukmron bo’lgan joyda ezgu so’zga o’rin yo’q. Go’zallikka o’rin yo’q».)

Issiqko’l o’rmonlarida bug’ularga qirg’in keldi. Ularga shafqatsiz bo’lishdi. Bug’ular qadam yetmagan joylarga qochdi, lekin u yerda ham qo’yishmadi. Ovchilar tozilarni qo’yib pistirma tomon haydashar, o’zlari esa pistirmalarda berkinib yotib, yaqinlashgan bug’ularni bexato otib olishardi. Bug’ularni to’da-to’dasi bilan qirishdi, shox butoqlari eng ko’p bo’lgan bug’uni kim otarga garovga bog’lashardi.

Bug’ular g’oyib bo’ldi. Tog’larni tark etdi. Na tunda, na tongda bug’u ovozi eshitilardi. Na o’rmonda, na yaylovda uning qanday irg’ishlab, qanday sapchishlarini, shoxlarini yelkasi ustiga tashlab, parvozdagi qushday jarliklardan qanday sakrab o’tishlarini endi hech kim ko’rmasdi. Butun umri bo’yi bug’u nima ekanligini ko’rmagan yangi insonlar tug’ildi. Faqat u haqidagi ertaklarni eshitib, qabrlar ustidagi shoxlarni ko’rishdi, xolos.

Shoxdor ona bug’uga nima bo’ldi?

U odamlardan ranjidi, juda qattiq ranjidi. Aytishlaricha, son-sanoqsiz o’qlar va tozilar dastidan bug’ularga kun qolmagan, ularning eng so’nggi avlodi barmoq bilan sanarli darajada oz qolgan chog’da Shoxdor ona bug’u eng baland cho’qqiga ko’tarilib, Issiqko’l bilan vidolashibdi va so’nggi bolalarini ulkan dovon ortiga, boshqa yurtlarga, boshqa tog’larga boshlab ketibdi.

Mana, olamda qanday ishlar bo’ladi. Mana, ertak ham tugadi. Xoh ishon, xoh ishonma.

Shoxdor ona bug’u esa ketishi oldidan, «Bundan buyon bu yerlarga aslo qadam bosmayman», debdi…

096

(Tashriflar: umumiy 11 162, bugungi 2)

Izoh qoldiring