Ibrohim Haqqul. Ma’rifat-la boqiy so’z (Fuzuliy)

fuzuli

«Фузулий ватандан узоқда дунёга келди. Ватанни ватаннинг сўзларидан топди. Тилда ватан топиб, бутун умри бўйи ватандан ватанга боқа-боқа кун кечирди», дейди озарбойжонлик олим Комил Валиев. Бу оғир қисмат, эҳтимолки Фузулийнинг шоир бўлиб туғилиши ва сўнгги нафасигача шоир бўлиб яшашини таъминлаган дард ва ҳасратдир.

055

Иброҳим Ҳаққул
МАЪРИФАТ-ЛА БОҚИЙ СЎЗ

Ҳақ бир кўнгул берди бана,
Ҳо» демасдин ҳайрон бўлур,
Бир дам келур шоде ўлур,
Бир дам келур гирён бўлур.
Юнус Эмро

I

Адабиёт – кенг даргоҳ. Даҳоларнинг ўрни ва хизмати унда нечоғлик белгили бўлмасин, ўртамиёна ёки истеъдоди суст қаламкашларнинг ҳам ўзларига яраша уриниш ва улушлари бўлади. Бундан адабиётга балки унча катта наф етмас, лекин катта зарари ҳам тегмайди. Зеро, адабиёт бамисоли ортиқча ва кераксиз «ашё»лардан осонлик билан фориғ бўла оладиган сайёҳга ўхшайди. Адабиётда фақат ғоя, мавзу, нуқтаи назар ва муносабатгина эмас, балки рамз, тимсол ва ташбеҳлар ҳам эскиради. Ана шунда янгилик ва янгиланиш адабиёт учун биринчи даражали заруриятга айланади. Буни эса фақат улкан истеъдод соҳиблари теран англайди. Ва бадиий ижодда янги йўллар очади. Адабиёт янги ҳаёт, янги фаолият босқичига кўтарилади. Кўпчиликнинг қўлидан келмаган ва келмайдиган иш кўпинча биргина санъаткор томонидан амалга оширилиши ниҳоятда ҳайратланарли. «Франсуа Рабле – яккаю ягона, — дейди Густав Флобер. – Зеро, унинг ўзи бутун бошли бир аср ва даврни ифодалайди. Унинг мавқеи ҳам адабий, ҳам сиёсий, ҳам ахлоқий, ҳам диний аҳамиятга эга. Янги адабиёт яратадиган ёки адабиётни янгилайдиган бундай даҳолар камдан-кам дунёга келади ва улардан ҳар бири ўзининг ва замонасининг сўзини ифодалаб кетади».
Ҳофиз, Румий, Жомий, Яссавий, Навоий, Насимий, Бобур Шарқнинг худди шундай улуғ санъаткорларидир. Ана шу буюклар даврасидан ўрин олган яна бир беназир шоир – бу туркий шеърият даҳоларидан бири, озарбойжон халқининг довруғдор фарзанди Муҳаммад Сулаймон ўғли Фузулий эди.

II

У 1498 йилда она тупроғидан йироқда, Ироқнинг Карбало шаҳрида таваллуд топган. «Фузулий ватандан узоқда дунёга келди. Ватанни ватаннинг сўзларидан топди. Тилда ватан топиб, бутун умри бўйи ватандан ватанга боқа-боқа кун кечирди», дейди озарбойжонлик олим Комил Валиев. Бу оғир қисмат, эҳтимолки Фузулийнинг шоир бўлиб туғилиши ва сўнгги нафасигача шоир бўлиб яшашини таъминлаган дард ва ҳасратдир. Лекин ватан фарзандини қандай суйса ва камолига эрк берса, Фузулийни ҳам она тили худди шундай суйган ва истеъдодини тарбиялаган. Фузулий учун ватан севгиси ва тил ишқи айни бир ҳақиқат эди. У она тилига яқинлашган сайин ватаннинг қалби, тарихи, маънавияти ва қадриятларига яқинлашаётганига қатъий ишонарди. Фузулий бегона юртларда ақлига, кўнглига ва энг асосийси руҳига жондош сўзларга боғланган ва сўздан кўп умидвор эди. Чунки сўз ноумид айламас, аксинча, шахсни парчалаб ташлайдиган ноумидликлардан халос этарди. Шунинг учун у ғазалларидан бирида «Эй Фузулий шоми ғам анжомина йўқдур умид, Бир тасаллидир сана ул сўзки, дерлар бор субҳ» деб ёзган.
Шоир фироқу жудолик «шом»ларини сўз ила мунаввар этган. У тилидан ажралмаган одам она юртидан, халқидан, эътиқод ва садоқатидан ажаралмаслигини амалда исботлай олган. Албатта, Низомийсиз, Насимийсиз, Навоийсиз Фузулийнинг Фузулий бўлиши қийин эди. Ижод қийинчиликларини енгиш, шеърият сирларини теран ўзлаштиришда ҳам бу шоирлар Фузулийнинг йўлбошчилари ва устозлари бўлди. Зеро, Фузулий Шарқда шеър ёзиш, шоирликнинг энг баланд довонларидан ошиш «анъана тилида сўзлашиш» эканини биларди.
Агар Насимийнинг «Бевафодур чун бу олам, кимдан истарсан вафо, Бевафо оламда сен ёри вафодор истама», деган шеърий ўгитлари Фузулийнинг кўнглидан чуқур ўрин топмаганида, балки у «Вафо ҳар кимсаданким истадим, ондин жафо кўрдим, Кими ким бевафо дунёда кўрдим, бевафо кўрдим» деб ёзмаган бўлурмиди?! Ёки мана бу байтлар ўртасидаги фикр, ифода ва поэтик таъкид яқинлигига эътибор қилинг: Насимий «Чун Насимий оламнинг султонидур, давр анинг, даврон анинг давронидур» деб айтган бўлса, Фузулий «Ул паривашким, малоҳат мулкининг султонидур, Ҳукм анинг ҳукмидур, фармон анинг фармонидур» деб ёзади.
Лутфий, Навоий, Бобур шеърлари таъсирида ҳам Фузулий шакл, тасвир, маъно, туйғу яқинлиги яққол кўзга ташланиб турувчи байтлар яратган. Шоир туркий девонининг дебочасида «Илмсиз шеър асоси йўқ девор ўлур ва асоссиз девор ғоятда беэътибор ўлур», дейди. Фузулий шеъриятининг тамали – тафаккур ва илм. Унинг фикрича, шоирлик эҳтироси олимлик истеъдоди билан бирлашмагунча ҳақиқий шеър дунёга келмайди. Шеърнинг мукаммаллиги учун унинг илму маърифат билан уйғунлиги зарур. Фузулийшунос Собир Алиев шу маслалада баҳс юритиб, «Шоир Фузулий шеъриятда олимдир, олим Фузулий илмий мулоҳазаларида шоирдир», деган хулосага келади. Бу жуда тўғри хулосаки, тадқиқотчининг ҳақлигини шоир шеърлари, «Лайли ва Мажнун» достонигина эмас, «Бангу бода», «Суҳбатул асмор», «Ҳафт жом», «Ринд ва зоҳид» каби асарлари ҳам тўла тасдиқлайди.
Академик Ҳамид Арасли шоирнинг беш жилдлик асрлари охирги жилдига ёзган сўзбошисида «Фузулий сўфий тариқатларининг ҳеч бирига мансуб эмас эди», дейди. Лекин Шарқда Фузулий қадар тасаввуф илмидан яхши хабардор ва тасаввуфий шеърият тажрибаларини мукаммал ўрганган шоир кам учрайди. Масалан, унинг уч юз йигирма етти байтлик «Ҳафт жом» деб номланган маснавийси тамомила сўфиёна моҳиятга эгадир. Тасаввуфни билмасдан мазкур асарни тушуниш ҳам, талқин қилиш ҳам мумкин эмас.
Фузулийнинг илми ва илм ҳақидаги қарашлари, бизнинг назаримизда, энг аввало инсон моҳиятини ҳар жиҳатдан теран англашга – инсоншуносликка асосланади. Фузулий инсоннинг фақат ақли, ахлоқи ва дунёқараши билан эмас, руҳи, қалби, ҳиссиёт олами билан ҳам кенг миқёсда қизиққан. Шу маънода шоир динлар, мазҳаблар, тариқатлар, фалсафий таълимотлардаги умумий ва хусусий томонларни фавқулодда билимдонлик билан фарқлайди ва талқин қилади. Фузулий эътиқод маҳдудлигига ҳушёр ва сезгир нигоҳ билан қараган, ўзини бу ноқисликдан доимо муҳофаза эта олган. Унинг эътироф айлашига кўра, «Эътиқодлар мухталифдур ва масалаларнинг ҳақиқати кўпинча ақлнинг назаридан яширин қолур. Шу боис ҳар қайси бир эътиқод соҳиби масаланинг моҳиятини билмасдан ўз эътиқоди ила маҳдудлашур».
Эътиқод маҳдудлашар экан, тафаккур қаноти қирқилади, қалб саҳнида қаҳр, ғазаб, нафрат, жаҳолат белгилари кўзга ташалана бошлайди. Ва охир-оқибатда инсон маҳдудлик, калтабинлик, манманликнинг қулига, ўз қобиғидан нарига чиқа олмайдиган бир махлуққа айланади. Фузулийнинг эътирофи бўйича, «гуноҳ этмак инсоннинг ўз қобиғида қолишдан иборат эрур».
Тасаввуфдаги айрим тариқатларда руҳни вужудга қарши қўйиш, руҳ камоли учун вужудни қийнаш қоида сифатида қабул қилинган. Фузулий эса руҳ билан вужудга «бир кўз» билан қарайди. Унингча, «руҳ ила баданнинг алоқаси ошиқ ила маъшуқнинг алоқаси кабидур. Уларнинг орасидаги унсият замон ўтган сайин шиддатланур… Умуман, руҳ учун бадансиз тўла тарзда лаззат бўла билмас». Бу фикр Фузулийнинг комил инсон ҳақидаги тушунчасининг энг муҳим қиррасини акс эттиради, дейиш мумкин.
Фузулийнинг дунёқараши, маслаги, тасаввуфга қизиқиш даражаси ва шеъриятининг сарбон ғоясини англашда «Ринд ва Зоҳид» асаридаги мана бу сўзларни эсда сақлаш фойдадан холи бўлмайди: «Эвланмак файзики, дунёнинг низом ва интизомига сабабдур, уни мусибатга нисбат берма. Эвланмак шарафики, бани одам наслининг тўрамаси учундир, уни инсоннинг азиятига боис билма. Шуни билгилки, гўзал қиз-ла яшамоқ, пок ахлоқли қизларга шариат қонуни бўйича яқинлашмоқ икки дунё саодатига етишмоқдур. Бундан ҳам инсон насли давом топар, ҳам уларнинг ташвишини чекмак-ла эв-эшик соҳиби бўлурсан. Бу – ҳам нафсни чиркин ишлардан ҳифз этар, ҳам фаолият кўрсатмоқ учун инсоннинг ғайратини ҳаракатга келтирар».

III

Дунёда энг қийин ва машаққатли иш фикр, туйғу ва тушунчаларнинг табиий ифодасини топмоқ, инсон ботинида мавжуд минг бир кайфият, ҳолат ва ҳисларни моддийлаштирмоқдир. Ҳисни сўзга айлантириш нечоғлик қийин бўлса, руҳий ҳаёт манзараларини фикрда гавдалантириб бериш ундан ҳам мушкул.
Поль Валерининг айтишича, ҳақиқий бадиий асар муаллифнинг ҳаётидан эмас, балки руҳидан яралади. Фузулий шеъриятининг илҳом қайноғи ҳам руҳдир. Руҳни завқлантирмаган, руҳ ҳақиқатини қанотлантирмаган, қайси бир даражада руҳиятнинг самовий эҳтиёжи сезилмайдиган шеърни у шеър деб билмаган. Тўғри, ҳар қандай фикрга ўхшаб шеърий фикр ҳам ё хотирадан, ё тажрибадан, ёки билимдан туғилади. Шунинг учун баъзи шоирлар хотира имтиёзи ва хотира армонларидан кенгроқ фойдаланса, айримлари билимга таянади. Лекин чинакам шеър руҳоний тажриба заминида туғилади. Ана шу тажрибага қараб шоирнинг маънавий қиёфаси, эстетик завқи, руҳий имконияти, дид ва савияси ҳақида ҳақиқий тасаввур ҳосил қилса бўлади. Бундан ташқари, руҳ, завқ, изтироб амалиёти – фикр ва ифода самимияти демак. Бу самимият шоирни баландпарвозликдан ва саёз чечанликдан муҳофаза этади; нафсоний ҳиссиётлар ифодаси ила шеърхонни ўзига ром этиш даъвосидан сақлайди. Энг муҳими, шеъриятнинг софлиги ва теранлигини таъминлайди.
Фузулий истеъдодининг кучли ва такрорланмас хусусиятини ажратиб кўрсатиш лозим бўлганда, мен ҳеч иккиланмасдан, гўзаллик завқининг мукаммаллиги, руҳ фазосининг беҳад кенг ва юксаклигини айтар эдим. Бундай завқ, бу қадар кенглик ва юксаклик камдан-кам санъаткорга насиб этади. Фузулий қалам тебратганда руҳоний завқ қудратига суянади. Сўзнинг завқи билан завқнинг сўзини уйғунлаштиради. Завқ Фузулий шеърларига шундай ёруғлик ва мусаффолик ато этадики, беихтиёр шоир шеъриятининг тонги – завқ, қуёши – завқ, ҳавоси – завқ, илоҳий йўли эса ишқ завқи, дегинг келади. Фузулий завқининг илдизлари тангри завқи томон узанадики, «Матла ул-эътиқод» асаридаги мана бу фикрлар ушбу ҳақиқатни билишга яқиндан ёрдам беради: «Тангри ўз зотини идрок этгандир ва ўз зотини идрок этмоқ энг буюк лаззатдир, лекин бу лаззатдан ортиқ бошқа бир завқдир. Фарқ шундаки, завқ домий, лаззат эса ўткинчидир».
Буюк шоир «Эй Фузулий, ишқ завқин завқи ишқи вор ўландин сўр», деганида завқнинг умри узоқлиги, фақат ишқ завқигина одам ва олам сирларини кашф этишга қодирлигини ҳам назарда тутган.
Машҳур шоир ва ҳукмдор Убайдий шавқ ҳақида махсус манзума битиб, унда «Шавқдек раҳбаре бўлмасдур», дейди. Агар ишқ завқи Фузулий қалбининг раҳбар ва раҳнамоси бўлса, шавқ унинг ҳамнафас ва ҳамсафари эди. Фузулий шеърларини ўқийсиз – кўп сўзлар, поэтик иборалар ва тимсолу ташбеҳлар сизга таниш. Чунки бошқа шоирлар ҳам ишлатган уларни. Бироқ бу сўз, ибора, ташбеҳ ва тимсоллар айнан Фузулий кўнглидаги интиҳосиз завқни кутгандай, Фузулий шеъриятидаги шавқ ёлқинлари ва гўзаллик илоҳасини намойиш қилиш учун дунёга келгандай туюлади сизга. Шоир кўп шеърларида зуҳд ва зоҳидликни қоралайди. У қуруқ зуҳд ва тақводаги сўниқлик ва қоронғуликни шавқ нури ила ошкор этадики, бу ишқ ва маърифат шавқи олдида зоҳидлик, чала диндорлик ақидалари олов тафтига дош беролмайдиган муз янглиғ эриб кетади. Фузулий шеърларининг ҳаётбахш нафаси ҳар қандай идроки карахт, кўнгли тош кимсага ҳам таъсир ўтказа олишининг бир сабаби ана шунда.
Имом Ғаззолийга кўра, севги турлари қуйидагичадир: борлиқни севиш, борлиққа боғлиқ нарсани севиш, бошқани иззат-икром этганни севиш, биззот гўзал бўлган нарсага муҳаббат боғлаш, ошиқ ва маъшуққа хайрихоҳ бўлганни севиш. Бу севгиларнинг камоли ҳам, истиқболи ҳам охир-оқибатда Оллоҳ ишқига асосланади. Чунки, қул борлиқни севса, унга шу борлиқни инъом айлаган Оллоҳни ҳам севган бўлур. Бундан ташқари, гўзаллик севгиси инсонни Оллоҳга ва унинг расулига боғлайдиган бир воситадир. Зеро, гўзаллик Оллоҳнинг сифати эрур. Шу боис ҳазрати пайғамбар бир ҳадиси шарифларида «Оллоҳ гўзалдир, гўзалликни севар», деганлар. Оллоҳ гўзал бўлгани ва гўзалликни беҳад юксак қадрлагани туфайли ҳам у Одамни гўзал суратда яратмиш. Демак, гўзалликни идрок айлаш ва гўзаллик муҳаббати ила яшаш инсон қисматидаги илоҳий эҳтиёж. Бу эҳтиёж унинг зиммасига кўп масъулият юклайди. Негаки, мавжуд оламнинг меҳвари ҳам, мажмуи ҳам инсондир. Шайхи Акбар Муҳйиддин ибн Арабий бу хусусда шундай қимматли мулоҳазаларни баён этган: «Оллоҳнинг бу олам-ла боғлиқ илми ўзи ила дахлдор илмдан бошқа бир нарса эмасдир. Чунки мавжудот ичида фақат У бордир. Шу сабабли инсон оламда Унинг гўзаллигин кўрар ва у гўзалликни севар. Олам эса Оллоҳнинг гўзаллигидир, мутлақ гўзал бўлган ҳам Оллоҳдир… Агар Оллоҳни ким айни шу нуқтаи назардан севса, оламни Оллоҳ севгиси ила севган бўлур».
Шарқда бу ҳақиқатни билган ва теран англаган ижодкорлар кўп бўлган, албатта. Лекин Оллоҳ ва олам гўзаллигини уйғунликда мушоҳада этган, олам ва одамни Оллоҳ севгиси ила севган санъаткорлар бармоқ билан санарли. Фузулий худди шундай севгига соҳиб, ишқни гўзал бир тил ила айни шундай моҳиятда талқин этган шоирдир. У нима ахтарса, севги ва ишқдан ахтарган; нимага умид кўзини тикса, унга ишқ нигоҳи ила қараган; нимани топган бўлса, шу ишқ шарафидан топган. Ва барча фикрий изланишлари, руҳий шодлик ва изтиробларининг якуни ўлароқ ёзган:

Сарманзили ҳар мурода раҳбардур ишқ,
Кайфияти ҳар камола мазҳардур ишқ.

Ганжинаи коинота гавҳардур ишқ,
Ҳар зоҳир ўлан нашъая масҳардур ишқ.

Ана шу кайфият, ана шу «гавҳар» ва ана шу нашъа Фузулийни жаҳон шеъриятининг энг баланд минбарига юксалтирган эди, десак муболаға бўлмайди. «Баъзилар Оллоҳни Оллоҳ учун севарлар. Айримлар эса Оллоҳни ҳам ўзлари учун, ҳам Оллоҳ учун севарлар», дейди Ибн Арабий. Фузулий ғазалиётидаги лирик қаҳрамон Оллоҳни Оллоҳ учун қанчалик севса, Оллоҳни ўзи учун, инсон ҳақиқатларининг теран мушоҳадаси учун ҳам ўшанча севади. Бу ҳар қанча ибрат олса арзирли маслак.
Хуллас, Фузулий тўла маънода ишқ шоири. Ишқ шоирлиги шундаки, у ҳатто дунёнинг яралиши билан боғлиқ энг мураккаб фалсафий жумбоқларни ҳам ишқ ва ошиқ воситаси ила ниҳоятда осонлик билан ҳал этиб беради. Сиз буни кўпинча ҳатто сезмайсиз ҳам. Мана, бир мисол:

Мажнун ўда ёнди шуълаи оҳи-ла пок,
Вомиқ суя ботди – ашкдан ўлди ҳалок,

Фарҳод ҳавас-ла ела верди умрин,
Хок ўлдилар алар, манам эмди ул хок.

Бу рубоийни ўқиб, беихтиёр унда номлари тилга олинган ошиқларнинг ҳолати ва қисматини ўйлаб қоламиз. Улардан бири ишқ ўтида ёнган. Иккинчиси кўзёши тўка-тўка сувга ботган. Учинчиси, ҳавасдан умрини елга берган. Ҳолбуки, шеърда кўзланган ҳақиқат ботинда яшириниб ётибди. Маълумки, қадимги тасаввурларга кўра, оламнинг моддий асоси тўрт унсурдан таркиб топган: тупроқ, сув, ҳаво ва ўт. Низомий Ганжавий буларни тўрт гавҳар деб атайди, чунки бутун хилқатнинг таркибини шулар ташкил қилади. Фузулий эса бу фалсафий тушунчани образга «ўраб» талқин этади. Шоирнинг

«Лавҳи оламдан юдим ашк ила Мажнун отини,
Эй Фузулий, бан дағи оламда бир от айларам»,

деган сўзлари эътиборга олинса, ўзини «ошиқларнинг тупроғи» деб билгани дарров равшанлашади. Фузулий – дард, ғам ва армон «тупроғи»да гул ўстирувчи шоир. Бу гуллар кўзёшлар билан суғорилган. Фузулий – ҳаёт ва ҳақиқат шоири. У тирикликни, домий ҳаракатни, порлоқ орзуларни севади. Самад Вурғуннинг:

Маънисиз гўзаллик хотирда қолмас,
Сенга сарбон бўлсин буюк орзулар, —

деган фикри менинг назаримда, Фузулий санъати таъсирида юзага келгандир.

IV

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ида бир лавҳа бор: Отабек хуфтон намозидан сўнг турмуш ташвишларидан фориғ бўлиш кайфиятида мойчироғ ёнига ўтириб, Фузулий девонини қўлига олади. Нима сабабдандир унда «бирор фожиага тушкувчининг ҳолати бор эди. Киши изтиробга тушган кезларида тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир ишларга уринадир». Шунингдек, у ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди… «Фузулийни яхшилаб ўқиш керак!» дейди Отабек. «Шеърлардан бошини кўтармайдир, гўёки китобга михланган… Нигоҳи китобга қадалган Отабек қушлар каби латиф, товуш чиқармаслик қилиб гилам устида одимлаган малакнинг хонага кириб келганини ҳам сезмайди. – Фузулий яхши китоб, — дейди Кумуш, — мен ҳам ёлғиз қолган кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим…»
Мен бу лавҳа билан илк дафъа танишган чоғларимда Фузулий қандай шоир эканини ҳам, шеърларининг «таъм»ини ҳам билмас эдим. Шуни айтиш керакки, «Ўткан кунлар» романини ўқиганимда Отабек икки ўлмас асарга қизиқишимга сабаб бўлган. Биринчиси – Фузулий девони, иккинчиси – «Бобурнома». Ҳозиргача шу китобларни қўлимга олсам, беихтиёр Отабекни эслайман. Унинг «Фузулийни яхшилаб ўқиш керак» деган таъкиди замирида нималар яширинганини чуқурроқ тушунаётгандай бўламан. Баъзан «Бобурнома»ни Отабекка ўхшаб мутолла қила олгувчи ва англагувчи йигитларимиз борми, деган сўроқ кўнгилдан кечади. Кумушни айтмайсизми? Унинг «Фузулий яхши китоб…» деган самимий эътирофи ўшандаёқ хотирамда ўрнашиб қолган. Мен гоҳо «Отабек Фузулийнинг қайси шеърларидан шарҳи ҳолини топган? Фузулийнинг қайси байтлари Отабек жонига ўт ёққан? Ёки Кумушни Фузулийнинг қайси ғазаллари ўзига мафтун айлаган?» деган саволларга жавоб излагандай бўламан. Эҳтимол, Отабек Фузулийнинг шеърларидан кўра ҳам «Лайли ва Мажнун» достонини кўнглига яқин олгандир. Масалан:

Фузулий ҳар замон бир таън ила бағрим қилурсан қон,
Ажаб билмасмисанким, ишқдин кечмак эмас осон.
Билурсан душмишам бир дарда ким, йўқтур анга дармон,
Бу етмасмики, бир дард орттирарсан дардима сен ҳам,

сатрларини ўқиб, Фузулий билан дардлашгандир.
Атоқли адабиётшунос, адиб ва моҳир таржимон Тўхтасин Жалилов «Фузулий девони»га сўзбошисида ёзади: «Менинг назаримда, Фузулийнинг ақл-идроки, мушоҳада кучи, нафосат ҳисси, шоирлик истеъдоди бениҳоя зўр бўлиб, ундаги бу фазлатларни тўғри талқин қилиш учун яна бир Фузулий керак». Ҳақ гап! Барча даҳо санъаткорларга ўхшаб, Фузулийни англаш, у яратган нафосат ва гўзаллик оламига кириш осон иш эмас. Бунинг учун ўткир идрок ва қобилият, алоҳида қунт ва меҳнат зарур. Бунга эса ҳар кимнинг ҳам руҳоний қуввати, мушоҳада имконияти етавермаган. Айни шу ҳолат Фузулийнинг ўзи томонидан ҳам кузатилган. Шоир шеърларидан бирида киноя ила:

Бу диёр ичра халқдан ҳаргиз
Мана бир шафқату иноят йўқ.

Ёки бу қавм маърифатсиздир,
Ёки ҳеч манда қобилият йўқ, —

дея бежиз ёзмаган.
Юқорида қайд этилганидек, Фузулий том маъноси ила руҳоният шоири. Унинг дарду аламлари аслида руҳнинг шавқ ва шодликларидир. Фузулий шеърларида руҳ билан кўнгил гўё Сирнинг «ҳаммоли»дир. Бу икки унсур – ишқ ва гўзалликнинг жавҳари. Улар барча олий хусусиятларни ўзида мужассамлантирган бир Сирдан сизга хабар етказади. Аммо маъно томонидан бу Сирнинг сирларини очмайди. Сир бор жойда сеҳр ва сеҳркорлик ҳам бўлади. Шунинг учун Фузулийнинг санъаткорлигини баҳолашда оддий шеърхон эмас, олим ва тадқиқотчилар ҳам «сеҳркор» сўзини қайта-қайта тилга олишга мажбур бўлган. Ҳолбуки, С.Ализода тўғри эътироз билдирганидек, Фузулий сеҳркор эмас. У шеърларини қалб қони, юксак закоси, кўз нури, туғма истеъдоди билан яратган. Буни муносиб тарзда баҳолай олмай, чорасизликдан «сеҳр» сўзига ёпишиб, шоирнинг ўзини эса «ажойиб услуб соҳиби» деб таърифлаган замондошларидан у норози бўлганлиги табиий».
Шу сабабдан шоир гўё масаланинг моҳиятига аниқлик киритади:

Қадрсиздир бизим вилоятда
Руҳа шодлик веран гўзал ашъор.

Инжадур шеъримиз, не фойда?
Ҳарза сўйлар уна бу аҳли диёр.

Хуллас, Фузулий шеърлари «руҳа шодлик веран гўзал ашъор»дир. Шу боис ўзбек халқи Фузулийни ўз шоири сифатида эъзозлаб келади. Кўпдан-кўп шоирларимиз унинг ижодидан сабоқ олиб, ғазалларига назира ва мухаммаслар битган. Туркий тилнинг равнақи ва шу тилда сўзлашувчи халқларнинг маънавий-руҳий бирлигини таъминлашда Фузулийнинг хизмати беқиёс.
Фузулий «Келинг, эй аҳли ҳақиқат, кетайлик дунёдан» деган мазмундаги мисра билан бошланадиган форсий шеърида шеърхонни ҳақиқат оламига чорлайди. Бизнинг бу дунёда кўрганларимиз, ҳаётда билганларимиз ҳақиқат эмас, унинг сояси – кичик ва қусурли парчалари, холос. Ҳақиқат шунчалик муҳташам, шунчалик салобатлики, дунё уни бутун борлиғи билан на сиғдира, на акс эттира олади. Шунинг учун ҳам у қусурли. Шунинг учун ҳам аҳли дунё алдоқчи ва ҳаддан ташқари турланиб тусланишга мойил – унда ноқислик кўп. Ҳақиқат олами эса ўзга бир дунё. Унда камчиликка ўрин бўлмагани учун ёвузлик ҳам йўқ. Инсон ана шу оламга етиша олса, барча азоб ва изтироблардан халос бўлади, абадий саодатга эришади. Фузулий худди шу олам ҳақида сўзлаётир. Бу фикрни ўлимга ёки дунёдан воз кечишга чорлаш дея тушуниш тўғри эмас. Инсон бу дунёда яшаб ҳам олий ҳақиқат нуридан баҳраманд бўла олади.
Фузулий шеърияти – дунёнинг муваққат ва фоний «ҳақиқат»ларидан холи соф санъат. Бу софликка шоир энг маънили ва хаёлий фикрларни, нозик ҳис ва латиф туйғуларни пайванд қилиш, ҳаёт ва инсон ҳақидаги теран фалсафий хулосаларни самимий эҳтирос ила тасвирлаш орқали эришган. У «Анисул қалб» қасидасида «Сен эй, сўз дилбарина зевар веран инсон, либоси маърифатдин қилмағил маҳрум у жононни», дейди. «Сўз дилбарига маърифат либоси» ила зийнат берган Фузулий шеърияти боқийдир.

(Tashriflar: umumiy 344, bugungi 1)

Izoh qoldiring