Ramiz Ravshan she’rlaridan yangi tarjimalar.

рамиз равшан

Рамиз Равшан (Ramiz Rövşən Məmmədəli oğlu) таниқли озарбайжон шоири. У 1946 йилнинг 16 декабрида Бокуда туғилган. Озарбайжон Давлат Университетининг филология факультетида, Москвада Олий сценарийнавислар курсида таълим олган. Унинг сценарийлари асосида ўнлаб бадиий фильмлар тасвирга олинган.
Рамиз Равшан йигирмадан ортиқ шеърий китоблар муаллифи,унинг шеърлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
Тўрт кунча аввал саҳифамизда Рамиз Равшаннинг шеърларидан қилинган таржималарни эълон қилган эдик. Куни-кеча истеъдодли шоир Карим Баҳриев (Абдулкарим Баҳриддин) Рамиз Равшаннинг «Кўк юзи тош сақламас» шеърий китобини ва «Сут тишининг оғриғи» достонини таржима қилганидан хабар топдик. Достон «Шарк юлдузи» журналида чоп этилган экан. Аммо,шеърлар таржимаси ҳали ўқувчи эътиборига берилмаганини билиб,биз таржимонга мурожаат қилдик ва у Рамиз Равшан китобига кирган шеърларни бирин-кетин юборишга ваъда берди. Бугун дастлабки олган таржималарни сизнинг диққатингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Мело, мело по всей земле во все пределы  свеча горела на столе, свеча горела

Ш А М
Абдулкарим Баҳриддин таржималари

БИРОЗ УЗУН БЎЛДИ УМРИМ, ШЕКИЛЛИ…

Бироз узун бўлди умрим, шекилли,
Эҳтимол, дўстлар ҳам ториқди бироз…

Мени едирмоқдан чарчади дунё,
сувлари чарчади, нони чарчади.
Мени кездирмоқдан безди йўллари,
кўзимга боқмоқдан осмони чарчади.
Излаганлар истаб чарчади,
Бадгумон ёмонлаб чарчади –
бироз узун бўлди умрим, шекилли.

Йўллар товонимнинг остидан қочар.
Дейдилар туш бошқа,
бунақа бўлмас,
Шоирда иштаҳа бунақа бўлмас –
дўстлар ҳам ўзгача боқар юзимга.
Қанчалар дўстим бор,
шаҳар тўладир,
Кўпининг кўнглида кадар тўладир.
Жўрадан,
қардошдан,
ўзгадан ўксиб,
Бахтидан, ўзидан, кўзгудан ўксиб,
кўпи йиғламоққа баҳона излар.
Оз қолди, оз қолди, чиданг, дегайман,
Дўстлар, чиданг, мен кетажак кун етар.

Ҳеч нарсага кучим етмаса-да,
қора кийим кийдирмоққа,
дўстларни йиғлатмоққа
кучим етар…

Лекин кучим етмас, на қилай, ахир,
на қилай, ахир, мен шўрлик,
кучим етмаяпти бу дунёдан кетмоққа.
Бу дунё Дарбанд қалъаси,
На йўли бор, на йўлкаси,
Қардошим, одам боласи,
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Яшил-яшил майсалари
чирмашар қўл-оёғимга,
Рангпар булутлари босар бошимдан,
Сойлари сув олар кўзим ёшидан,
игнала гўр қаза-қаза,
тиззам-ла ер кеза-кеза
Ўтдим бу умримнинг ўттиз ёшидан –
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Кетимдан оғир бурганлар,
Шоирларнинг эҳсонини еганлар,
Шоир одам ёш ўлади, деганлар,
Менинг шоир бўлмоққа кучим етмас,
Ўлдиринглар мени, ўлмоққа кучим етмас –
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа…

ҚАДРИМНИ БИЛМАДИ БУ ОДАМ МЕНИНГ…

Кўзгудаги аксим қаршисида

Билмадим, бу қайдан топди умримни,
Бир асов от каби чопди умримни,
Тоғларга, тошларга отди умримни.
Бу одам қадримни билмади менинг –
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Кошкийди, умримни бу ер юзида
Бир ўзга одамга дуч айласайдинг,
Мени одам эмас, қуш айласайдинг
Ёки бир қоп-қора тош айласайдинг.
Мени бу одамга сен нега қўйдинг,
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Ол мени, бер мени, ўзгаларга бер,
Синиқ ойналарга, кўзгуларга бер,
Бўлинай, юз бурда, минг бурда бўлай.
Бу одам юзимга боқа олмасин,
Мени ойналарнинг синиқларидан
тўплай олмасин ҳеч, йиға олмасин –
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Бўлинсам, дардим ҳам бўлинар, балким,
ҳар дардим юз бурда, минг бурда бўлди.
Бир дардим қолмади ўзимдан улкан,
барча дардларимдан мен улкан бўлдим.

Бу ернинг устида, осмон остида
бўлинсам, ҳар бурдам ҳар ёнга тушса….
Қачондир, дилингнинг шод соатида,
Аллоҳим, қайтадан ёдингга тушсам,
Янгидан тўпласанг синиқларимни,
Синиқ қўлларимни, оёқларимни,
Оғзимни, бурним ва қулоқларимни,
Аллоҳим, янгидан яратсанг мени,
дунёда энг гўзал кўзгу бўламан.

Янгидан дунёга йўлласанг мени,
бу одам бўлмайман, ўзга бўламан –
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!..

ҚОРА КИЙГАН АЁЛ

Кишилар бир бўлмас, отам боласи,
қўрқоғи бор,
марди бор.
Аммо ҳар кимнинг ўлганидан сўнг
қабри узра йиғлагувчи
Бир қора кийинган гўзал аёлдан
умиди бор.

Сен ўлганда
ким бўлади кўзларингни боғлаган?
Дўстингми бўлади?
Ётми бўлади?
Бу дунёда, балким, сен деб энг кўп йиғлаган
Сен энг кўп йиғлатган хотин бўлади.

Кўз ёшлари ювар қабртошингни,
Қабрингда тўлғониб
дейсан, худойим,
Йиллар бўйи мен йиғлатган бу аёл
қайда яна асрагандир
бу қадар кўз ёшини?!

Бирор марта
на сочини силадим,
на-да кўз ёшин артдим,
Қорачиғимга ботар энди
сочининг ҳар толаси,
Йиллар бўйи
бу аёлга мен, ахир, дард етказдим.
Нега энди чекар дардимни?!

Бу аёл қабр тошимни
ўпиб силагунча,
Мушти билан урса, урса яхши эди,
Қабримнинг устида қон йиғлагунча,
Қарғаб, қақшаб турса, яхши эди.

Кет, кета қол,
қора кийган аёл,
Йиғингни тўхтата қол, қора кийган аёл.
Бу қабр ҳам минг қабрнинг биридир,
етар, қабртошни босма бағрингга,
Барча мен деб йиғлаганлар тинчиди,
бас, гўр ичига томаётир, йиғлама…

ШАҲАРНИНГ ЁҒДУЛАРИ

Бу шаҳарнинг ёғдулари
Менга жим қўнишар, синглим.
Кўзларимдан ўтиб-ўтиб,
Юрагимга тушар, синглим.

Ёғду тушар уст-бошимга,
Усту бошим ёруғланар.
Ёғду тушар кўз ёшимга,
Кўзда ёшим ёруғланар.

Ёруғ тушар кунларга-да,
Ойларга-да, йилларга-да,
Мендан бироз илгарида
Ўттиз ёшим ёруғланар.

…Узоқлашар, узоқлашар
Қишлоғимиз қоронғуси.
Яна ҳам қоп-қоралашар
Қишлоғимиз қоронғуси.

Оҳ чекарман, оҳим кетар,
Борим кетар, йўғим кетар,
Кечалари уйқум кетар
Қишлоғим қоронғусига.

Янги кўйлагинг эгнингда,
Янги рўмолинг елкангда,
Қайга кетарсан, эй момо?!
-Қишлоғим қоронғусига…

Кесдилар, яна битдингиз,
Умримни яшил этдингиз,
Дарахтлар, қайга кетдингиз?
-Қишлоқнинг қоронғусига….

Бу шаҳарнинг ёғдулари
Ўрнимдан қўпорди мени,
Тирик қўймайин, қўймайин
Ёғдулар оборди мени.

Кўп турдим, тура билмадим,
Бунга не чора – билмадим,
Тош отиб ура билмадим
Шаҳарнинг ёғдуларини.

Кўндим охири, ярашдим,
Дардимни айтдим, танишдим.
Қоришдим, мен ҳам қоришдим
Шаҳарнинг ёғдуларига.

Ёруғландим, ёруғландим ,
Кимман — билинмайман энди.
Ёруғландим, ёруғландим,
Қаранг – кўринмайман энди…

ЗЕРИКИШ

Бу қандайин чарчоқдир,
Ахир, бундоқ ким зерикар?!
Чўнтакда қўлим зерикар,
Оғзимда тилим зерикар.

Зерикар қошим-қовоғим,
Зерикар кўрпам-тўшагим,
Уйга кирсам — уй-эшигим,
Йўл юрсам, йўлим зерикар.

Йўлимга қизлар чиқсалар,
Кулиб юзимга боқсалар,
Ёқамга бир гул тақсалар,
Ёқамда гулим зерикар.

Қайга отай бу қайғуни?!
На боши бор, на якуни…
Биламан, жим пойлаб мени
Қайдадир ўлим зерикар.

ШАМ

Фузулий ёдига
Юз йиллардир бир шам ёнар,
Шамоллар сўндира билмас
Минг-минглаб қўллар чўзилар,
Шуъласини тера билмас.

Қоронғудир сўлу соғи,
Ёнган шамнинг не гуноҳи?!
Эрийди, тўкилар ёғи,
Ўлар,
ўлар,
ўла билмас.

Томчи-томчи, зарра-зарра,
Кундан-кун узилган жон-ла,
Йиғлайди ҳар йиғлаган-ла,
Ҳар кулган-ла кула билмас.

Исинтирар шўрликларни,
Қўрқитади бўриларни.
Ёритади нариларни,
Ўз тубини кўра билмас.

КЕТГАНЛАР ҚАЙТАР УЗОҚДАН

Кетганлар қайтар узоқдан,
Чўпонлар қайтар овлоқдан,
Ўпичлар қайтмас ёноқдан,
Сўз қулоқдан қайтган эмас.

Худонинг берган кечаси,
Ёнар, ўт олар нечаси,
Парвоналар насл-насл
Шамчироқдан қайтган эмас.

Шоир одам кундуз-кеча
Ўз қонини симириб ичар.
Бўйига бичган оқ кафан –
Оқ вароқдан қайтган эмас…

ҚОРНИДА ТЎҚҚИЗ ОЙ КЎТАРГАН АЁЛ

Кеча-кечагача ёш боланг эдим,
бир ўйноқ, телбароқ ўғил эдим, она.
Кундуздан, кечадан,
чўлдан, кўчадан,
Душман таънасидан,
дўст гинасидан,
Неча қиз кўзидан, қиз юрагидан
узилдим, сигрилдим, суғрилдим, она.
Қайтадан қайтдим мен ўз аввалимга,
бир аёл ичига йиғилдим, она –
тўққиз ой қорнида кўтарган аёл.

Бу хира кўзларим тиниқди бирдан,
бирдан юрагимнинг туби кўринди.
Дунёнинг йўллари узилди бирдан,
бўйнимда толенинг ипи кўринди.
Умрим коса каби тушди қўлимдан,
синмаган нарсалар синувчи бўлди.
Бутун йўлларимни олдинг қўлимдан,
бутун йўлларимнинг сўнги сен бўлдинг –
тўққиз ой қорнидла кўтарган аёл.

Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,
бошимни тиззангга қўйиб йиғларман,
Бу ўтган умримнинг гуноҳларини
кўзимнинг ёши-ла ювиб йиғларман.
Юрагим минг ердан минг бир дард чекар,
дардиму ғамимни бўға билсайдинг.
Бу ўтган умримнинг устидан чизиб,
кошкийди, қайтадан туға билсайдинг –
тўққиз ой қорнида кўтарган аёл.

Балким, бошқа одам бўлардим шунда,
бу ғамни ўзимдан қува олардим.
Балким, севинардим, кулардим шунда,
балким, сени ҳам хуш сева олардим.

… Бир йўл бор
чўзилар то ўлимгача:
Бу йўл сабримдир менинг.
Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,
Қорнинг қабримдир менинг…

ДУНЁ МЕНГА ЖУДА ТАНИШ

Юрсам, изим улканлашар,
Жимсам – сўзим улканлашар.
Боқсам, кўзим улканлашар –
Дунё менга жуда таниш.

Унинг тоғи-дашти таниш,
Ёзи таниш, қиши таниш.
Кўзларимнинг ёши таниш,
Дунё менга жуда таниш.

Аввал ҳам келганманми ё?
Келгану кўрганманми ё?
Яшаган, ўлганманми ё –
Дунё менга жуда таниш.

ФАҚАТ СЕНИНГ ЮЗИНГ КУЛСИН

Менинг юзим кулган эмас,
Фақат сенинг юзинг кулсин.
Мени кўрса: “Амаки!” – деб,
Ўғлинг кулсин,
қизинг кулсин.

Мен-ку сенга ярашмадим,
Сўз демадим, талошмадим.
Юлдузимиз ёнишмади,
Кел,
сенинг юлдузинг кулсин.

Юз йил ғам кўрма, қарима,
Бир саҳар чиқиб йўлимга,
Туз сепсанг эски ярамга,
Ярам кулсин,
тузинг кулсин…

ЗУЛФЛАРИНГНИ ЕЛ БОСАДИР

Сочларинг тебранар тинмай,
Рўмолингни ел босадир.
Талпиниб, тута олмайман,
Ушла, мени тер босадир.

Ювиндим, терда ювиндим,
Охир чарчадим, тойиндим.
Қайтдим, кўрдимки, тўйингдир –
Кўрдим, сени эр босадир.

Сочингга гуллар тақарсан,
Бармоққа хино юқарсан.
Сен унда кўкка боқарсан,
Бунда мени ер босадир…

ҚЎЙ БЎЛМОҚЛИК ҚИЙИН ИШДИР

Бу дунёнинг азоби кўп,
Ҳаққидан ҳам ҳисоби кўп.
Қўйидан ҳам қассоби кўп –
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Бўйнингда арқон солланиб,
Бир тутам ўтга алданиб,
Еб, семириб, лаззатланиб
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Кундалар қорайган юртда,
Пичоқлар жон олган юртда,
Чўпонлар оч бўлган юртда
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Ит бўлиб ҳурмадик ойга,
Енгди бизни истиҳола,
Қўзи бўлмай туриб аввал
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

ҚУРБОНЛИҚҚА ОЛИНГАН ҚЎЗИ

Бу ҳовлида ётган қўзи,
Уйқуда кўрганинг недур?
Нафасларинг тотли, узун,
Ўт каби терганинг недур?

Тотланиб, вақтинг чоғланиб,
Қизил бўйинбоғ боғланиб,
Туморланиб, безакланиб,
Бу уйга келганинг недур?

Севинарсан, ҳозир тўқсан,
Яшил ўтдир қайга боқсанг…
Мен биламан – қурбонлиқсан,
Бас, сенинг билганинг недур?!

БЎРИ

Воқиф Самадўғлига

Балким, мен ҳам бўри эдим
Дунёнинг азал вақтида,
Ҳали тузук тили чиқмай,
Ҳар жоннинг cассиз вақтида.

Ҳар дарахти, гули номсиз,
Чумолиси, фили номсиз,
Кўп нарсалар ҳали номсиз
Айланиб, кезар вақтида.

Бир эди ҳамманинг бахти,
Йўқдир хушбахти, бадбахти,
Балиқларнинг учган вақти,
Қушларнинг сузар вақтида.

Балким, сўз ҳам бекор эди,
Ҳамма нарса дилбар эди,
Бўрилар ҳам емас эди
Дунёнинг гўзал вақтида.

НОЗИК КАПАЛАК МУРДАСИНИ ТАЛАШАЁТГАН
ҚОРА-ҚОРА ЧУМОЛИЛАР

Қора-қора чумолилар,
капалакни найладингиз?!
Тўпландингиз, тўп бўлдингиз,
Қанот-қанот қўпордингиз,
Ташидингиз, обордингиз,
капалакни найладингиз?

Айрилди кун ёруғидан,
Кўкнинг камалак туғидан,
Қулоғим битди, том битди
Гулларнинг қичқириғидан,
капалакни найладингиз?

Дарди тушар оғизларга,
Дод айлар, чақирар сизни.
На едирар, на тўйдирар,
На қишдан чиқарар сизни,
капалакни найладингиз?!

ОДАМ

Дўстим Нотиқ Сафаровга

Энди мени ким овутар,
Эй, мени овутган одам?!
Ўзга дардин кўрган вақти
Ўз дардин унутган одам.

Хуш сўзини, қилиғини,
Гўдакдай соф йўриғини,
Дастурхонин бор-йўғини
Еру кўкка тутган одам.

Дунёда на сув, на ўт бор,
Дунёда на дўст, на ёт бор,
Аллоҳдан кейин бир от бор:
Одам,
Одам,
Одам,
Одам!..

АЙРИЛИҚ

Яна бир шаҳарда юзма-юз келдик,
Начора, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Эўтимол, биз бахтли бўла олардик,
Эҳтимол, бахтлимиз,
хабаримиз йўқ.

Орадан шунча йил ўтиб кўрганда –
Таний олмадим мен,
мени кечиргин.
Ўйлардимки, сенсиз ўлиб қоларман,
Мен ўлмадим сенсиз,
мени кечиргин!

“Ўлмадим…” – деяпман, не билай, ахир,
Эҳтимол, мен сенсиз ўлиб қолганман,
Қабрсиз, кафансиз ўлиб қолганман.
Эҳтимол, биз унда айрилмасайдик,
На мен эндигийдим,
на сен эндиги –
Айрилдик, шайтонни кулдирдик унда:
Бу йилнинг,
бу ойнинг,
бу куннидаги
Мана шу кўчанинг шу бурчидаги
мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик унда.
Сўлимиз, соғимиз одамга тўла,
Қўл ушлашиб эрлар, хотинлар ўтар.
Ўзидан хабарсиз,
умрида минг бор
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар,
Ўтар ўз қонига ботган одамлар.
Дарвоқе, қон қани?
Қон, ахир, йўқдир…
Ҳамма гуноҳкордир дунёда,
аммо
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.

Бизсиз битилмишдир бу толе, бу бахт,
Палаҳмондан учган бир жуфт тошмиз биз.
Балким, бу дунёда
ўн-ўн беш йилмас,
Бундан минг йил аввал айрилмишмиз биз.

Ҳалол йўлимизни қўйиб,
не учун
Адашдик, бир ўзга йўлдан кетдик биз.
Балким, минг йил аввал саҳв тушиб недир,
Минг йиллик хатога қурбон кетдик биз.

Алмашди ўрнини, балким, қиш-баҳор,
Қоришди дунёнинг шаҳари, кенти.
Балким, ўз ичида ўгай оналар
Ўгай болаларни кўтарар энди.

Умрим бошдан оёқ ёлғондир, балким,
Толеим ўзгадир ростдан ҳам менинг.
Ҳув йўлдан ўтган қиз
онамдир, балким,
Эҳтимол, ўғлимдир бу ўғлон менинг.

Бу ёлғон умримда
сен ўзинг несан?
Балким, ҳеч севгилим эмассан менинг.
Онамсан,
синглимсан,
момомсан,
кимсан?!
Фақат Аллоҳ билар, кимимсан менинг.

Бизни ким айирар бу айрилиқдан,
Етмас додимизга на йўл, на кўприк.
Ўликсан, тириксан, ҳар несан, тўхта!
Тўхта, ҳеч бўлмаса, қўлингдан ўпай…

Дегайсан: “Ўлганман мен, ўликни ўпма…”
Қўлимнинг кафтида
қўлинг увушар.
Дегайсан: “Хайрингни берсин, қўлимни ўпма,
қарагин, қўлимдан қон иси келар…”

ЙЎҚЛОВ

Расул муаллим* ва Нигорхоним хотирасига

Золим дунё – ўз ишида,
Келишида-кетишида,
Кел, йиғлайлик, етмишида
Севгилидек ўлганларга.

Юраги минг хил дард кўриб,
Кўзи минг хил сифат кўриб,
Гўзал-дилбар умр суриб,
Гўзал-дилбар ўлганларга.

Ўтиб бутазор тўсиндан,
Тиконларнинг орасиндан,
Қон сизса ҳам ярасиндан,
Қўлда чечак ўлганларга…

БУ ДЕРАЗА СЕНИКИДИР

Сеникидир бу дераза,
Ипак пардаси қалқадир.
Деразангда бегонанинг
Қора кўлкаси қалқадир.

Ўтиб сўлу соғдан энди,
Боқарман узоқдан энди.
Мен чеккан бу оҳдан энди
Бу ернинг юзи қалқадир.

Тебранар майса, япроғи,
Тебранар тошу тупроғи.
Ердан кўкка чиқар оҳим –
Ойу юлдузи қалқадир.

Қалқадир эшик-деразанг,
Хўрсиниб, йўлга боқарсан.
Зилзиладир, йўқса нега –
Деразанг ўзи қалқадир?!

*Расул муаллим — машҳур шоир Расул Ризо

(Tashriflar: umumiy 462, bugungi 1)

Izoh qoldiring