Xulio Kortasar. Aksolotl

07
Аксолотллар тўғрисида обдон ўйлаган вақтларим кўп бўлган. Ботаника боғидаги аквариумга борар ва уларнинг сезилар-сезилмас ҳаракатларидан, қотиб туришидан кўз узмай, соатлаб тикилиб турардим. Энди ўзим ҳам аксолотлман.

001
Хулио Кортасар
АКСОЛОТЛЬ
Рус тилидан Неъмат Арслон таржимаси
001

004Хулио Кортасар (исп. Julio Cortázar; асл исми: Хулес Флоренсио Корта́сар) 1914 йилнинг 20 августида Брюсселда Аргентина савдо ваколатхонаси ходимининг оиласида туғилди. Болалик ва ёшлиги Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган. Буэнос-Айрес университетини молиявий танқислик туфайли тугатолмаган Хулио 7 йил давомида қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. 1944 йилдан Мендоса университетида, 1946 йилдан Китоб палатасида ишлади. 1951 йили адабиёт бўйича степендияга сазовор бўлган Кортасар Европага йўл олади ва ўшандан бошлаб қолган бутун умри Парижда ўтди.
«Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди.

001

Аксолотллар тўғрисида обдон ўйлаган вақтларим кўп бўлган. Ботаника боғидаги аквариумга борар ва уларнинг сезилар-сезилмас ҳаракатларидан, қотиб туришидан кўз узмай, соатлаб тикилиб турардим. Энди ўзим ҳам аксолотлман.

Уларни учратиб қолишим бир тасодиф билан боғлиқ бўлиб, узоқ чўзилган қишдан кейин Парижнинг бамисоли товусдек товлана бошлаган пайтига тўғри келди. Мен Пор-Рояль булваридан ўтиб, Сен-Марсель ва Л’Опти-маль булварларини ортда қолдирарканман, кулранг текисликлар ўртасидаги яшилликка кўзим тушди ва хаёлимга арслонлар келди. Менга арслонлар ва сиртлонлар ёқар, аммо шу пайтгача ҳали бирор марта ҳам аквариумнинг зах ва намчил биносига қадам босмагандим. Велосипедимни четан тўсиққа суяб қўйиб лолаларни томоша қила бошладим. Арслонлар тасқара ва ғамгин, менинг сиртлоним эса уйқуда. Аквариумга киришга қарор қилдим. Росмана балиқларга шунчаки кўз қиримни ташлар эканман, кутилмаганда аксолотлларга тўқнаш келдим. Бир соат давомида уларни кузатиб далага чиққанимда аллақачон аксолотл­лардан бошқа ҳеч нарсани ўйлашга қодир эмасдим.

Илоҳий Женевьев кутубхонасида луғат варақлаб ўтириб англадимки, аксолотллар – амблистомлар турига мансуб бўлган жабрали йўлбарс амблистомлари экан. Уларнинг Мексикага мансублигини эса кичкинагина қизғиш башараларидан ҳамда аквариум тепасидаги ёзувдан билиб олдим. Африкадан уларнинг қурғоқчилик бўлганда қуруқликда ва ёмғирлар мавсумида сувда яшай оладиган тури ҳам топилганлигини луғатдан ўқидим. Уларнинг испанча номини ҳам топдим, «охолоте» экан, луғатда эслатилишича бу жониворлар истеъмолга яроқли ва уларнинг ёғидан балиқ мойи ўрнида (менимча ҳозир ишлатилмаса керак) фойдаланиларкан.

Бошқа мақолаларни ўқигим келмади, шундай бўлса-да, эртаси кун яна Ботаника боғига йўл олдим. У ерга ҳар куни эрталаб, баъзида ҳам эрталаб, ҳам кечқурун борадиган бўлдим. Аквариум фарроши энсаси қотган куйи илжайиб йиртарди менинг паттамни. Мен эса шиша деворларни муҳофаза этиб турган темир тўсиққа суянганча уларга қарардим. Бунинг ҳеч қандай ажабланадиган жойи бўлмаса-да, уларга илк дафъа кўзим тушгандаёқ англадимки, биз бир-биримизга боғлиқмиз, қандайдир чексиз узоқларда қолган ва унутилган бир нарса ҳамон бизни туташтириб туришда давом этарди. Буни англаш учун ўша куни эрталаб шиша девор олдида бир дам тўхташ ва сув бўйлаб юқорига кўтарилаётган пуфакларга бир қарашнинг ўзи етарли бўлганди. Аквариумнинг жирканч ва диққинафас (фақат мен билардим у қанчалар хунук ва диққинафаслигини) таглигида қотиб ётган шиламшиқ тошлар орасида тўпланиб туришарди аксолотллар. Улар жами тўққиз дона бўлиб, ҳаммаси тумшуқларини шиша деворга тираганча, олтинранг кўзлари билан томошабинларни кузатардилар. Сукут сақлаётган ва аквариум тубида тартибсиз тарзда қотиб қолган бу жонзотлар олдида кеккайиб турганимдан хижолат чекар ва ўсал ҳолатга тушиб қолгандим. Хаёлан улардан бирини, бироз ўнгда, бошқаларидан ажралиброқ турганини танлаб олдим-да, диққат билан ўрганишга киришдим. Унинг қизғиш ва шаффоф танасида (худди сутранг шишадан ясалган Хитой ҳайкалчаларига ўхшаш) биз – аксолотлларнинг энг сезгир қисмимиз бўлган, балиқларникига монанд, аммо айни пайтда ўн беш сантиметрли калтакесакникидай мурт думи бор эди.

Қирорқаси бўйлаб ўтган шаффоф сузгичи думига туташиб кетган бўлиб, нозик, бежирим кичкинагина панжалари, инсонларникидай тирноқчаларидан тамом ҳайратда эдим. Шунда унинг кўзи ва юзи эътиборимни тортди. Олтин каби ялтироқ, аммо ҳар қандай маънодан мосуво, шундай бўлса-да, кўришга қобил игна тўғнагич бошидай келадиган бир жуфт тиллоранг нуқтадан сизиб ўтган нигоҳим сирли ва ҳарир бўшлиқ ичра жо бўлди. Кўзлар теграсини ўраб турган жуда нафис қора нур гардиш унинг гулоби гавдаси ва шу рангдаги учбурчак, суйрисимон ва вақтлар ўтиши билан емирила бошлаган бошига жуда монанд эди. Учбурчак оғзи юз қисмининг тугаган жойида, яъни нақ иягида жойлашган, ён томондан қараганда бир нав кўринса-да, олдидан жонсиз тош устига тортилган ингичка чизиқдай туюларди. Бошининг ҳар иккала томонида қулоқлари ўрнида – жабраси бўлса керак – сувости маржонларига ўхшаш уч донадан қизил бутоқча ўсиб чиққан эди.

Ҳар ўн-ўн беш сонияда бутоқчалар кескин бир силкиниб кўтарилар ва яна ётар, фақат ана шуларга қарабгина унинг тирик мавжудот эканлигини англаш мумкин эди.

Вақти-вақти билан оёқчаларидан бири билинар-билинмас ҳаракатга келарди, мен унинг мўъжазгина панжалари сувости ўтлари устига оҳистагина босилганини кўрдим. Биз умуман тепса тебранмас махлуқлармиз, кўп ҳаракат қилишни ёқтирмаймиз, бунинг устига аквариум ҳам жуда тор, ўрнингдан қўзғалишинг билан кимнингдир думига ёки бошига тегиб кетасан, бу эса норозиликлар ва жанжалларга сабаб бўлади, пировардида – толиқасан. Ҳаракатсиз турсанг вақт ўтганини сезмайсан.

Мен илк марта аквариумга қараганимда айнан ана шу ҳаракатсизликдан сеҳрланиб қолгандим. Назаримда, унинг чексизликни ва вақтни ана шундай бефарқ ҳаракатсизлик билан сувга ғарқ қилишдек сирли истаги борлигини ғира-шира пайқаб қолгандим. Кейин мен тушундим: жабралар ҳаракати, нозик оёқчаларнинг тошга оҳиста босилиши, тўсатдан бўладиган силкинишлар (улардан айримлари гавдасини тўлқинсимон ҳаракатлантирганча суза олардилар) шуни англатардики, улар гоҳида соатлаб жонсиздек қотиб туриш ҳолатидан уйғона олишлари ҳам мумкин эди. Ҳаммасидан кўра уларнинг кўзлари мени кўпроқ ҳаяжонга солди. Улар билан бақамти турган бошқа аквариумлардаги балиқларнинг бизникига монанд кўзларида маъносизликдан бошқа ҳеч нарса зуҳур этмасди. Аксолотлларнинг кўзлари эса менга бу ҳаётдан бошқа ҳаёт ҳам борлигини, дунёга бошқачароқ назар солиш ҳам мумкинлигини англатиб турарди.

Юзимни шишага маҳкам босиб (гоҳида фаррош хавфсираб йўталиб қўярди) чексиз сокинликка ва поёни йўқ дунёга олиб кирувчи кичкина олтинранг соққачаларга тикилардим. Улар юзини тақаб турган шишани бармоқ билан чертиш фойда бермас, бари бир ҳеч қандай ҳаракат сезилмасди. Олтинранг кўзлар ўзидан гўёки нафис ва қўрқинчли нурлар таратиб менга тикилиб туришар ва бу ҳудудсиз чуқурликдан бошим айланарди.

Барибир улар бизга нақадар ўхшаш! Шундайлигини мен анча аввал, ҳали аксолотлга айланиб улгурмасимдан пайқаган эдим. Мен буни ўша куни, уларнинг олдига яқинлашган онимда билгандим. Маймунларнинг одамларга ўхшаб кетиши тўғрисидаги фикрлар қай даражада кенг тарқалган бўлмасин, уларни биздан жуда узоқ масофалар ажратиб туради. Инсон билан аксолотл ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик йўқлиги менинг фикрим тўғрилигини, мен оддий таҳлилга асосланиш билан чекланмаганимни кўрсатди. Фақат кафтлари, қўллари… лекин калтакесакнинг панжалари ҳам шундай, аммо улар бизникига ҳеч ҳам ўхшамайди. Ўйлайманки, ҳамма гап аксолотлларнинг олтин кўз­ли учбурчак шаклидаги ниқобдор бошларида. Бу англатиб, кўрсатиб турарди. Бу даъват этиб туради. Улар ҳайвон эмаслар.

Бу ҳолатда афсоналарга мурожаат этиш маъқул ва ўнғай. Мен аксолотлларнинг кескин ўзгаришга дучор этилгани, аммо улардаги сирли инсоний моҳиятни маҳв этиш имкони бўлмаганини англадим.
Менинг назаримда, ўз вужудларининг қўллари бўлган – бу жонзотлар сувости сукунатига ва ададсиз мулоҳазага ҳамда иложсиз тушкунликка мангу ҳукм қилингандирлар. Уларнинг шабкўр нигоҳи ҳеч қандай маъно англатмайдиган, айни пайтда юракка ҳарорат солишга қодир ақлли олтин соққасимон кўзлари менинг қалбимга чуқур ботиб борар ва мана бундай даъват этарди: «Қутқар бизни, бизни қутқар».

Ногоҳ уларга қараб умидбахш сўзларни шивирлаётганимни ва болаларча орзуларга ишонтирмоқчи бўлаётганимни пайқаб қолдим. Улар қилт этмай менга қараб туришаркан, жабраларининг пуштиранг новдалари ҳаракатга келди. Шу лаҳзада мавҳум бир оғриқ вужудимни сирқиратиб ўтди, улар мени кўришди, ўзларининг англаб бўлмас ҳаётларига кириб олишга уринаётганимни балки тушунишди. Шубҳасиз улар инсон зотига мансуб эмасдилар, лекин мен бошқа бирорта жонзотда ўзимга бу қадар яқинликни кўрган эмасман. Аксолотллар гўё нимадандир хабардордай, гоҳида ваҳимали ҳакамдай туришарди. Ўзимни гуноҳкор ҳис этдим, уларнинг тиниқ кўзларида этни жунжиктириб юборадиган беғуборлик намоён. Улар ғумбак эдилар, лекин ғумбак, бу ниқобни англатади, шу билан бирга шарпани билдиради. Бу ниқоб серифода ва айни пайтда қатъиятли. Унинг ортида қандай башара ўзини намоён этаркин?

Мен улардан қўрқардим. Ўйлайманки, агар атрофимда томошабинлар ва фаррош бўлмаса, улар билан ёлғиз қололмасдим. «Сиз уларга еб қўйгудек тикиляпсиз» деди фаррош кулиб, афтидан мени бироз телбатабиат ҳисоблаб. Аксинча, улар ўзларининг олтинранг одамхўр кўзлари билан мени еётганларини тушунмасди у.

Аквариум олдидан қанча узоққа кетмай, бари бир улар тўғрисида ўйлардим, гўё улар узоқ масофадан туриб ҳам менга таъсир ўтказмоқда эдилар. Мен у ерга ҳар кун борадиган бўлдим, кечалари уларнинг қоронғуликда қилт этмай муаллақ туришларини тасаввур қилар, бир-бирларига шошилмасдан қўл узатаётганларини ва дабдурустдан ўзга қўлни тутиб олаётганларини гўёки кўриб турардим. Балки уларнинг кўзлари қоронғуликда ҳам илғар, шундай бўлгач аксолотлларнинг қовоқдан маҳрум кўзлари учун ҳамиша кундуз.

Энди менга маълум, бу ерда ҳеч қандай ғай­ритабиийлик йўқ, ўзи шундай бўлиши керак эди. Ҳар кун эрталаб аквариум устига энгашарканман, уларни кўпроқ англай бошладим. Улар изтиробда – ва мен вужудимнинг ҳар бир ҳужайраси билан уларнинг тилсиз изтиробларини, сув қаватларида қотиб қолган азобларини ҳис этдим. Улар гўёки қандайдир бой берилган озодликка, дунё аксолотлларга мансуб бўлган замонларга тикилиб қолган эдилар. Бундай ваҳимангиз нигоҳларнинг тош қотган юзлардаги мажбурий ҳаракатсизликни мадҳ этиши ишончсиздай кўринар, бу қайғули хабарни англатишга, улар яшаётган суюқ дўзахнинг гувоҳи бўла олишига ишониб бўлмасди. Ҳиссиётларим шу қадар ўткирлашиб кетгандики, мен аксолотлларнинг ақли бор деб ўзимни ишонтирмоқчи бўлардим. Буни улар ҳам, мен ҳам билардик. Ҳеч қандай ғайритабиий воқеа юз бермаганлиги ҳам шуни англатарди. Менинг юзларим аквариум шишасига тақалиб турар, нигоҳим рангдор пардалардан мосуво олтинсимон қорачўғсиз кўзларга тикилиб уларнинг сирини англашга интиларди.

Мен шиша девор орқали аксолотлнинг ҳаракатсиз юзини жуда яқиндан кўриб турардим. Ундан нигоҳимни олмасдан, ажабланмасдан шиша ортида ўз юзимни кўрдим, аксолотлнинг юзи ўрнида меники турарди. Аквариумнинг ичида эмас, аквариум шишасининг бошқа томонида турарди. Кейин менинг юзим ўрнидан қўзғалди ва мен гап нимадалигини тушундим.

Фақат бир нарса ажаблантирарди: ўйлашни аввалгидай давом эттириш керак. Буни англаш ногаҳонда ўзига келиб ўзининг тириклай кўмилганлигини англашдек вужудни музлатиб юборарди. Мен яна юзимни шишанинг ташқи томонига босдим, лаблардан иборат ўз оғзимга қарадим. Аксолотлларни англаб олиш мақсадида маҳкам жуфтлашиб турган лаблардангина иборат ўз оғзимга қарадим. Мен аксолотллигимни анг­ладим ва шу лаҳзанинг ўзида тушундимки, бошқа ҳеч нарсага идроким етмайди.

Аксолотл аквариумдан ташқарида ва унинг уйлари ҳам аквариум ичида эмасди. Буни била туриб ва айнан аксолотл эканимни англай туриб, мен энди ўз оламимда зоҳирлигимни ҳис этдим. Қўрқиб кетдим, ўзимни аксолотлнинг вужудига қамаб қўйилганлигимни, тирик­лай аксолотл ичига ўз инсоний шуурим билан кўчиб ўтганлигимни, унинг ичига тириклай кўмилганимни, онгсиз жониворлар орасида ўз онгим билан яшашга маҳкумлигимни бирдан англаб қолдим ва баттар қўрқиб кетдим. Лекин бу ҳолат чекинди, ўзимни бирозгина ён томонга оларканман, кимнингдир панжаси юзимга тегди, менга тикилиб турган аксолотлни кўрдим, у ҳам ҳаммасини тушунар, ҳаммасини аниқ-равшан билиб турар, аммо буни сўз билан ифодалай олмасди.

Ёки мен унинг ичида эдим ёки биз ҳаммамиз олтинранг кўзларимиз ёғдусини, аквариум шишасига босиб турган кишига тикиб турганимиз сабабли ўз фикрини сўз билан ифодалашга ожиз одамларга ўхшардик.

У кўп марта олдимизга келди, аниқроғи камнамо. Гоҳида ҳафталаб ўзини кўрсатмайди. Бир гал уни кўрдим. Мендан узоқ кўз узмади, кейин ортга кес­кин бурилди-да, кетворди. Назаримда, энди унинг бизга қизиқиши сўнган, шунчаки одатланиб қолгани учунгина келади. Модомики шундай экан, қўлимдан келадигани фақат ўйлаш, мен уни ҳар кун ўйлайман. Бошимга шундай бир фикр келди, назаримда, биз авваллари бир тану бир жон эдик ва у ўзининг муқаррар бир сир билан боғлиқлигини ҳис этарди. Энди унинг аксолотлга айланиши ва инсонларга бегона бўлиб қолиши натижасида юз берган тошқин туфайли уларни боғлаб турган кўприк бузилди. Дастлаб мен маълум даражада аксолотлларга айланиб қолишим мумкинлигини, аҳ, маълум даражада, ва бизни яхшироқ англаш учун унга мададкор бўлиб туришни ўйлардим. Энди бўлса, тамоман аксолотлга айланганман. Ва агар инсонлардек фикрлаётган бўлсам бунинг сабаби шундаки, барча аксолотллар ўзларининг пуштиранг тош ғумбаклари ичида ётиб худди инсонлардек фикрлай оладилар. Назаримда бор қилган ишим ўша дастлабки кунлар, ҳали инсонлик пайтимда, унга айрим нарсалар тўғрисида хабар етказганим бўлди. Ва энди бу танҳоликда – модомики у қайтиб келмас экан – балки у биз тўғримизда бирор нарса ёзар, аксолотллар ҳақида ҳикоя ўйлаб топар деган фикргина менга тасалли берарди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.

021

Xulio Kortasar
AKSOLOTL
Rus tilidan Ne’mat Arslon tarjimasi
001

Xulio Kortasar (isp. Julio Cortazar; asl ismi: Xules Florensio Korta?sar) 1914 yilning 20 avgustida Bryusselda Argentina savdo vakolatxonasi xodimining oilasida tug’ildi. Bolalik va yoshligi Buenos-Ayres shahrida o’tgan. Buenos-Ayres universitetini moliyaviy tanqislik tufayli tugatolmagan Xulio 7 yil davomida qishloq o’qituvchisi bo’lib ishlashga majbur bo’ldi. 1944 yildan Mendosa universitetida, 1946 yildan Kitob palatasida ishladi. 1951 yili adabiyot bo’yicha stependiyaga sazovor bo’lgan Kortasar Yevropaga yo’l oladi va o’shandan boshlab qolgan butun umri Parijda o’tdi.
«Argentinaning birinchi raqamli adibi» — XX asrning 60-70 yillari jahonning nufuzli tanqidchilari mashhur yozuvchi Xulio Kortasarga shunday ta’rif bergan edilar. Bu baho hozir ham o’z qimmatini yo’qotgani yo’q. Yozuvchining «Imtihon», «Yutuq» kabi romanlari, «Ta’qibchi», «Manuelning kitobi» kabi qissalari, «Boshqa bir osmon», «Janubiy shosse», «Avtobus», «Iblis so’lagi», «Istilo qilingan uy» kabi hikoyalari jahon adabiyotiga munosib ulush bo’lib qo’shildi.

001

Aksolotllar to’g’risida obdon o’ylagan vaqtlarim ko’p bo’lgan. Botanika bog’idagi akvariumga borar va ularning sezilar-sezilmas harakatlaridan, qotib turishidan ko’z uzmay, soatlab tikilib turardim. Endi o’zim ham aksolotlman.

Ularni uchratib qolishim bir tasodif bilan bog’liq bo’lib, uzoq cho’zilgan qishdan keyin Parijning bamisoli tovusdek tovlana boshlagan paytiga to’g’ri keldi. Men Por-Royal` bulvaridan o’tib, Sen-Marsel` va L’Opti-mal` bulvarlarini ortda qoldirarkanman, kulrang tekisliklar o’rtasidagi yashillikka ko’zim tushdi va xayolimga arslonlar keldi. Menga arslonlar va sirtlonlar yoqar, ammo shu paytgacha hali biror marta ham akvariumning zax va namchil binosiga qadam bosmagandim. Velosipedimni chetan to’siqqa suyab qo’yib lolalarni tomosha qila boshladim. Arslonlar tasqara va g’amgin, mening sirtlonim esa uyquda. Akvariumga kirishga qaror qildim. Rosmana baliqlarga shunchaki ko’z qirimni tashlar ekanman, kutilmaganda aksolotllarga to’qnash keldim. Bir soat davomida ularni kuzatib dalaga chiqqanimda allaqachon aksolotl­lardan boshqa hech narsani o’ylashga qodir emasdim.

Ilohiy Jenev`ev kutubxonasida lug’at varaqlab o’tirib angladimki, aksolotllar – amblistomlar turiga mansub bo’lgan jabrali yo’lbars amblistomlari ekan. Ularning Meksikaga mansubligini esa kichkinagina qizg’ish basharalaridan hamda akvarium tepasidagi yozuvdan bilib oldim. Afrikadan ularning qurg’oqchilik bo’lganda quruqlikda va yomg’irlar mavsumida suvda yashay oladigan turi ham topilganligini lug’atdan o’qidim. Ularning ispancha nomini ham topdim, «oxolote» ekan, lug’atda eslatilishicha bu jonivorlar iste’molga yaroqli va ularning yog’idan baliq moyi o’rnida (menimcha hozir ishlatilmasa kerak) foydalanilarkan.

Boshqa maqolalarni o’qigim kelmadi, shunday bo’lsa-da, ertasi kun yana Botanika bog’iga yo’l oldim. U yerga har kuni ertalab, ba’zida ham ertalab, ham kechqurun boradigan bo’ldim. Akvarium farroshi ensasi qotgan kuyi iljayib yirtardi mening pattamni. Men esa shisha devorlarni muhofaza etib turgan temir to’siqqa suyangancha ularga qarardim. Buning hech qanday ajablanadigan joyi bo’lmasa-da, ularga ilk daf’a ko’zim tushgandayoq angladimki, biz bir-birimizga bog’liqmiz, qandaydir cheksiz uzoqlarda qolgan va unutilgan bir narsa hamon bizni tutashtirib turishda davom etardi. Buni anglash uchun o’sha kuni ertalab shisha devor oldida bir dam to’xtash va suv bo’ylab yuqoriga ko’tarilayotgan pufaklarga bir qarashning o’zi yetarli bo’lgandi. Akvariumning jirkanch va diqqinafas (faqat men bilardim u qanchalar xunuk va diqqinafasligini) tagligida qotib yotgan shilamshiq toshlar orasida to’planib turishardi aksolotllar. Ular jami to’qqiz dona bo’lib, hammasi tumshuqlarini shisha devorga tiragancha, oltinrang ko’zlari bilan tomoshabinlarni kuzatardilar. Sukut saqlayotgan va akvarium tubida tartibsiz tarzda qotib qolgan bu jonzotlar oldida kekkayib turganimdan xijolat chekar va o’sal holatga tushib qolgandim. Xayolan ulardan birini, biroz o’ngda, boshqalaridan ajralibroq turganini tanlab oldim-da, diqqat bilan o’rganishga kirishdim. Uning qizg’ish va shaffof tanasida (xuddi sutrang shishadan yasalgan Xitoy haykalchalariga o’xshash) biz – aksolotllarning eng sezgir qismimiz bo’lgan, baliqlarnikiga monand, ammo ayni paytda o’n besh santimetrli kaltakesaknikiday murt dumi bor edi.

Qirorqasi bo’ylab o’tgan shaffof suzgichi dumiga tutashib ketgan bo’lib, nozik, bejirim kichkinagina panjalari, insonlarnikiday tirnoqchalaridan tamom hayratda edim. Shunda uning ko’zi va yuzi e’tiborimni tortdi. Oltin kabi yaltiroq, ammo har qanday ma’nodan mosuvo, shunday bo’lsa-da, ko’rishga qobil igna to’g’nagich boshiday keladigan bir juft tillorang nuqtadan sizib o’tgan nigohim sirli va harir bo’shliq ichra jo bo’ldi. Ko’zlar tegrasini o’rab turgan juda nafis qora nur gardish uning gulobi gavdasi va shu rangdagi uchburchak, suyrisimon va vaqtlar o’tishi bilan yemirila boshlagan boshiga juda monand edi. Uchburchak og’zi yuz qismining tugagan joyida, ya’ni naq iyagida joylashgan, yon tomondan qaraganda bir nav ko’rinsa-da, oldidan jonsiz tosh ustiga tortilgan ingichka chiziqday tuyulardi. Boshining har ikkala tomonida quloqlari o’rnida – jabrasi bo’lsa kerak – suvosti marjonlariga o’xshash uch donadan qizil butoqcha o’sib chiqqan edi.

Har o’n-o’n besh soniyada butoqchalar keskin bir silkinib ko’tarilar va yana yotar, faqat ana shularga qarabgina uning tirik mavjudot ekanligini anglash mumkin edi.

Vaqti-vaqti bilan oyoqchalaridan biri bilinar-bilinmas harakatga kelardi, men uning mo»jazgina panjalari suvosti o’tlari ustiga ohistagina bosilganini ko’rdim. Biz umuman tepsa tebranmas maxluqlarmiz, ko’p harakat qilishni yoqtirmaymiz, buning ustiga akvarium ham juda tor, o’rningdan qo’zg’alishing bilan kimningdir dumiga yoki boshiga tegib ketasan, bu esa noroziliklar va janjallarga sabab bo’ladi, pirovardida – toliqasan. Harakatsiz tursang vaqt o’tganini sezmaysan.

Men ilk marta akvariumga qaraganimda aynan ana shu harakatsizlikdan sehrlanib qolgandim. Nazarimda, uning cheksizlikni va vaqtni ana shunday befarq harakatsizlik bilan suvga g’arq qilishdek sirli istagi borligini g’ira-shira payqab qolgandim. Keyin men tushundim: jabralar harakati, nozik oyoqchalarning toshga ohista bosilishi, to’satdan bo’ladigan silkinishlar (ulardan ayrimlari gavdasini to’lqinsimon harakatlantirgancha suza olardilar) shuni anglatardiki, ular gohida soatlab jonsizdek qotib turish holatidan uyg’ona olishlari ham mumkin edi. Hammasidan ko’ra ularning ko’zlari meni ko’proq hayajonga soldi. Ular bilan baqamti turgan boshqa akvariumlardagi baliqlarning biznikiga monand ko’zlarida ma’nosizlikdan boshqa hech narsa zuhur etmasdi. Aksolotllarning ko’zlari esa menga bu hayotdan boshqa hayot ham borligini, dunyoga boshqacharoq nazar solish ham mumkinligini anglatib turardi.

Yuzimni shishaga mahkam bosib (gohida farrosh xavfsirab yo’talib qo’yardi) cheksiz sokinlikka va poyoni yo’q dunyoga olib kiruvchi kichkina oltinrang soqqachalarga tikilardim. Ular yuzini taqab turgan shishani barmoq bilan chertish foyda bermas, bari bir hech qanday harakat sezilmasdi. Oltinrang ko’zlar o’zidan go’yoki nafis va qo’rqinchli nurlar taratib menga tikilib turishar va bu hududsiz chuqurlikdan boshim aylanardi.

Baribir ular bizga naqadar o’xshash! Shundayligini men ancha avval, hali aksolotlga aylanib ulgurmasimdan payqagan edim. Men buni o’sha kuni, ularning oldiga yaqinlashgan onimda bilgandim. Maymunlarning odamlarga o’xshab ketishi to’g’risidagi fikrlar qay darajada keng tarqalgan bo’lmasin, ularni bizdan juda uzoq masofalar ajratib turadi. Inson bilan aksolotl o’rtasida hech qanday o’xshashlik yo’qligi mening fikrim to’g’riligini, men oddiy tahlilga asoslanish bilan cheklanmaganimni ko’rsatdi. Faqat kaftlari, qo’llari… lekin kaltakesakning panjalari ham shunday, ammo ular biznikiga hech ham o’xshamaydi. O’ylaymanki, hamma gap aksolotllarning oltin ko’z­li uchburchak shaklidagi niqobdor boshlarida. Bu anglatib, ko’rsatib turardi. Bu da’vat etib turadi. Ular hayvon emaslar.

Bu holatda afsonalarga murojaat etish ma’qul va o’ng’ay. Men aksolotllarning keskin o’zgarishga duchor etilgani, ammo ulardagi sirli insoniy mohiyatni mahv etish imkoni bo’lmaganini angladim.  Mening nazarimda, o’z vujudlarining qo’llari bo’lgan – bu jonzotlar suvosti sukunatiga va adadsiz mulohazaga hamda ilojsiz tushkunlikka mangu hukm qilingandirlar. Ularning shabko’r nigohi hech qanday ma’no anglatmaydigan, ayni paytda yurakka harorat solishga qodir aqlli oltin soqqasimon ko’zlari mening qalbimga chuqur botib borar va mana bunday da’vat etardi: «Qutqar bizni, bizni qutqar».

Nogoh ularga qarab umidbaxsh so’zlarni shivirlayotganimni va bolalarcha orzularga ishontirmoqchi bo’layotganimni payqab qoldim. Ular qilt etmay menga qarab turisharkan, jabralarining pushtirang novdalari harakatga keldi. Shu lahzada mavhum bir og’riq vujudimni sirqiratib o’tdi, ular meni ko’rishdi, o’zlarining anglab bo’lmas hayotlariga kirib olishga urinayotganimni balki tushunishdi. Shubhasiz ular inson zotiga mansub emasdilar, lekin men boshqa birorta jonzotda o’zimga bu qadar yaqinlikni ko’rgan emasman. Aksolotllar go’yo nimadandir xabardorday, gohida vahimali hakamday turishardi. O’zimni gunohkor his etdim, ularning tiniq ko’zlarida etni junjiktirib yuboradigan beg’uborlik namoyon. Ular g’umbak edilar, lekin g’umbak, bu niqobni anglatadi, shu bilan birga sharpani bildiradi. Bu niqob serifoda va ayni paytda qat’iyatli. Uning ortida qanday bashara o’zini namoyon etarkin?

Men ulardan qo’rqardim. O’ylaymanki, agar atrofimda tomoshabinlar va farrosh bo’lmasa, ular bilan yolg’iz qololmasdim. «Siz ularga yeb qo’ygudek tikilyapsiz» dedi farrosh kulib, aftidan meni biroz telbatabiat hisoblab. Aksincha, ular o’zlarining oltinrang odamxo’r ko’zlari bilan meni yeyotganlarini tushunmasdi u.

Akvarium oldidan qancha uzoqqa ketmay, bari bir ular to’g’risida o’ylardim, go’yo ular uzoq masofadan turib ham menga ta’sir o’tkazmoqda edilar. Men u yerga har kun boradigan bo’ldim, kechalari ularning qorong’ulikda qilt etmay muallaq turishlarini tasavvur qilar, bir-birlariga shoshilmasdan qo’l uzatayotganlarini va dabdurustdan o’zga qo’lni tutib olayotganlarini go’yoki ko’rib turardim. Balki ularning ko’zlari qorong’ulikda ham ilg’ar, shunday bo’lgach aksolotllarning qovoqdan mahrum ko’zlari uchun hamisha kunduz.

Endi menga ma’lum, bu yerda hech qanday g’ay­ritabiiylik yo’q, o’zi shunday bo’lishi kerak edi. Har kun ertalab akvarium ustiga engasharkanman, ularni ko’proq anglay boshladim. Ular iztirobda – va men vujudimning har bir hujayrasi bilan ularning tilsiz iztiroblarini, suv qavatlarida qotib qolgan azoblarini his etdim. Ular go’yoki qandaydir boy berilgan ozodlikka, dunyo aksolotllarga mansub bo’lgan zamonlarga tikilib qolgan edilar. Bunday vahimangiz nigohlarning tosh qotgan yuzlardagi majburiy harakatsizlikni madh etishi ishonchsizday ko’rinar, bu qayg’uli xabarni anglatishga, ular yashayotgan suyuq do’zaxning guvohi bo’la olishiga ishonib bo’lmasdi. Hissiyotlarim shu qadar o’tkirlashib ketgandiki, men aksolotllarning aqli bor deb o’zimni ishontirmoqchi bo’lardim. Buni ular ham, men ham bilardik. Hech qanday g’ayritabiiy voqea yuz bermaganligi ham shuni anglatardi. Mening yuzlarim akvarium shishasiga taqalib turar, nigohim rangdor pardalardan mosuvo oltinsimon qoracho’g’siz ko’zlarga tikilib ularning sirini anglashga intilardi.

Men shisha devor orqali aksolotlning harakatsiz yuzini juda yaqindan ko’rib turardim. Undan nigohimni olmasdan, ajablanmasdan shisha ortida o’z yuzimni ko’rdim, aksolotlning yuzi o’rnida meniki turardi. Akvariumning ichida emas, akvarium shishasining boshqa tomonida turardi. Keyin mening yuzim o’rnidan qo’zg’aldi va men gap nimadaligini tushundim.

Faqat bir narsa ajablantirardi: o’ylashni avvalgiday davom ettirish kerak. Buni anglash nogahonda o’ziga kelib o’zining tiriklay ko’milganligini anglashdek vujudni muzlatib yuborardi. Men yana yuzimni shishaning tashqi tomoniga bosdim, lablardan iborat o’z og’zimga qaradim. Aksolotllarni anglab olish maqsadida mahkam juftlashib turgan lablardangina iborat o’z og’zimga qaradim. Men aksolotlligimni ang­ladim va shu lahzaning o’zida tushundimki, boshqa hech narsaga idrokim yetmaydi.

Aksolotl akvariumdan tashqarida va uning uylari ham akvarium ichida emasdi. Buni bila turib va aynan aksolotl ekanimni anglay turib, men endi o’z olamimda zohirligimni his etdim. Qo’rqib ketdim, o’zimni aksolotlning vujudiga qamab qo’yilganligimni, tirik­lay aksolotl ichiga o’z insoniy shuurim bilan ko’chib o’tganligimni, uning ichiga tiriklay ko’milganimni, ongsiz jonivorlar orasida o’z ongim bilan yashashga mahkumligimni birdan anglab qoldim va battar qo’rqib ketdim. Lekin bu holat chekindi, o’zimni birozgina yon tomonga olarkanman, kimningdir panjasi yuzimga tegdi, menga tikilib turgan aksolotlni ko’rdim, u ham hammasini tushunar, hammasini aniq-ravshan bilib turar, ammo buni so’z bilan ifodalay olmasdi.

Yoki men uning ichida edim yoki biz hammamiz oltinrang ko’zlarimiz yog’dusini, akvarium shishasiga bosib turgan kishiga tikib turganimiz sababli o’z fikrini so’z bilan ifodalashga ojiz odamlarga o’xshardik.

U ko’p marta oldimizga keldi, aniqrog’i kamnamo. Gohida haftalab o’zini ko’rsatmaydi. Bir gal uni ko’rdim. Mendan uzoq ko’z uzmadi, keyin ortga kes­kin burildi-da, ketvordi. Nazarimda, endi uning bizga qiziqishi so’ngan, shunchaki odatlanib qolgani uchungina keladi. Modomiki shunday ekan, qo’limdan keladigani faqat o’ylash, men uni har kun o’ylayman. Boshimga shunday bir fikr keldi, nazarimda, biz avvallari bir tanu bir jon edik va u o’zining muqarrar bir sir bilan bog’liqligini his etardi. Endi uning aksolotlga aylanishi va insonlarga begona bo’lib qolishi natijasida yuz bergan toshqin tufayli ularni bog’lab turgan ko’prik buzildi. Dastlab men ma’lum darajada aksolotllarga aylanib qolishim mumkinligini, ah, ma’lum darajada, va bizni yaxshiroq anglash uchun unga madadkor bo’lib turishni o’ylardim. Endi bo’lsa, tamoman aksolotlga aylanganman. Va agar insonlardek fikrlayotgan bo’lsam buning sababi shundaki, barcha aksolotllar o’zlarining pushtirang tosh g’umbaklari ichida yotib xuddi insonlardek fikrlay oladilar. Nazarimda bor qilgan ishim o’sha dastlabki kunlar, hali insonlik paytimda, unga ayrim narsalar to’g’risida xabar yetkazganim bo’ldi. Va endi bu tanholikda – modomiki u qaytib kelmas ekan – balki u biz to’g’rimizda biror narsa yozar, aksolotllar haqida hikoya o’ylab topar degan fikrgina menga tasalli berardi.

“Yoshlik” jurnali, 2013 yil, 10-son.

021

(Tashriflar: umumiy 417, bugungi 1)

Izoh qoldiring