Куни-кеча туғилган кунини нишонлаган Абдумажид Азимни чин юрагимиздан қутлаб, шоирнинг бир даста шеърини сизга тақдим этмоқдамиз.
Абдумажид АЗИМ
ШЕЪРЛАР
Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. Шу пайтгача қадар “Ўтаётган йиллар”, “Қалбимнинг ватани”, “Қуёш боласи”, “Ёруғлик одами”, “Руҳи равоним”, “Умид беланчаги”, “Ошиқ дилим”, “Қадр кечаси” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.
х х х
Ўйлар сурдинг кечалар танҳо,
Фалакларга кўзингни тутиб.
Тугарми сен қилганинг хато,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
Сўнарми сен ёнганинг олов,
Юрарми ел — кулингни титиб.
Эгалларми ўрнингни биров,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
Тугамайди юрганинг йўллар,
Тўрт тарафинг бепоён қутб.
Йиғлармикан қучганинг гуллар,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
Не сирларга тўла бу дунё,
Ҳеч бирига бўлолмас етиб.
Туғилмаган сингари гўё,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
Тўхтамайди кўзингда жоланг,
Кетаяпти соянг ҳам йитиб.
Йиғлайдими отам деб, боланг,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
Тақдир азал келмоғу , кетмоқ,
Ажал лаҳза турмайди кутиб.
Алам қилар яшамасдан, оҳ,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
БОШ ВА ТОШ
Ҳаёт бу синовдир , аслида кўрсанг,
ҳар касу нокасга бўларсан дучор.
Гоҳо бир эшикка бошингни урсанг,
минг эшик очилар сенга баробар.
Тириклик бўйнингга тишвишлар илар,
ҳаммасидан тўйиб, тугар бардошинг.
Яшасанг бошингдан ўтмайди нелар
ҳатто кўтаролмай қоларсан лошинг.
Умрнинг паст-баланд йўлакларидан,
ўтиб бораркансан дилгир, фаромуш.
Бошинг олиб кетгинг келар баридан
осмонларга учиб, худди дайди қуш.
Учишга йўл бўлсин, қанотларинг йўқ,
минг-минг муаммолар тўзони бошда.
Ҳатто кўчадаги майна қилар дўқ,
парво ҳам қилмасдан қўлингда тошга.
Мўъмин бир бандасан ночор, ноилож,
кўнарсан бошингга келган савдога.
Юзма-юз турарсан бешафқат ва оч,
дийдаси тош қотган ғаддор дунёга.
Чирпираб айланар тегирмон тошинг,
бошингни уришни билмайсан қайга.
Тангрининг тошидир аслида, бошинг,
қаёққа ирғитса, тушар шу жойга.
х х х
Катман қирларида гулханлар,
осмонларга ўрлар тутуни.
Ҳисларимни тургандай англаб,
имлар кўкда юлдузлар мени.
Айрилиқлар кўмилган қўрга,
нохос тушар юракка титроқ.
энам кулча ёпар тандирга,
хамир қориб меҳрдан қайноқ.
Кузатади кўнгли бузилиб,
энам мени не бир аҳволда.
дастурхонда турар тизилиб,
кулчалар-чи, мунғайган ҳолда.
Китобларга тўлар жомадон,
сиғмас энам ёпган кулчалар.
очилади темиртан вагон,
йўллар “Чўли Ироқ”ни чалар.
Йўл юришдан йўл эринмайди,
тоғ ўтамиз, дарё ўтамиз.
Манзил эса ҳеч кўринмайди,
нафасимиз ичга ютамиз.
Худо билар қанча масофа,
Сурхон билан Тошкент ораси.
йўллар сўқар узоқ фалсафа,
ўртада соғинчлар дараси.
Умрим оқиб кетган дарадан,
ўтиш оғир менга бунчалар.
Кечса ҳамки қирқ йил орадан,
дастурхонда йиғлар кулчалар.
ИҚТИДО
Мастона ва лайливаш бу кечаларда,
Умид-ла чоғ этаяпман далли кўнглим.
Ўргимчакнинг тўридай бу кўчаларда,
Кетаяпман —дилда орзу-ният лим-лим.
Юрагимнинг сарҳадлари туташ кўкка,
Йўртадурман хаёлотнинг тевасида.
Ҳаёт —камон,
Отди мени гўё ўқдай,
Учишим шарт шамолларнинг шевасида.
Мастона ва лайливаш бу кечаларда,
Сукут ила сабр мени қўллагайдир.
Бош айланиб, адашсам гоҳ кўчаларда,
Имон мени мақсадимга йўллагайдир.
Нуҳдан қолган кемадайин сузаяпман,
Ҳаёт отлиқ чўнг уммоннинг юзасида.
Бир илоҳий
тажаллийни сезаяпман,
“Ё Аллоҳ” деб урган юрак ҳар сасида.
Суза-суза ҳаётнинг чўнг уммонида,
Гоҳи-гоҳи гирдобларда йитиб кетдим.
Яшаётган кунларимнинг ҳар онида,
Илоҳий бир мўъжизани интиқ кутдим.
Содда,гўлнинг доим Худо ёри экан,
Адашишу алдовлардан ғаш бўлмайман.
Чалпак кутиб осмонларга кўзин тиккан,
Афандидан сира-сира фарқ қилмайман.
Нима бўпти,
туя думи ерга тегса,
Оту эшак кўпкарида қилса пойга,
Ишонаман, бу замонда чигит экса,
Уддабурон хитойликлар чиқиб Ойга.
Кемирарди юрагимни озору ранж –
Жўраларим мени лақма аташганда.
Таскин берар
Фақат менга битта юпанч,
Худо ўзи йўл кўрсатар адашганга.
МИЖОЗ
Ўнгга юрсам тортасан чапга,
Тоғдан келсам, боғдан келасан.
Гапларимиз қовушмас гапга,
Нима десам инкор қиласан.
Мен гўл-содда,сен эса қувсан,
Бало десам, деядирсан дард.
Мен олову, сен гўё сувсан,
Ловулласам, ўчирасан шарт.
Турфа-турфа бўлса-да мижоз,
Ҳаёт бизни ҳамхона қилмиш.
Во ажабо, тақдири азал,
Устимиздан мириқиб кулмиш.
ЖУМА ДЕВОНА
Элбоёнда тарқалди миш-миш:
“Ойга ошиқ Жума девона,
кечалари томда юрармиш,
ой ишқида ёниб урёна”.
Энасига айтади сирин,
учрашганин ой билан сойда:
“Эна ойни менга оберинг,
тўй қилайлик келаси ойда”.
Энасига айтар дил ёзиб,
кеча ойдан олганин бўса:
“фақат ойдир менга муносиб,
юрагимни ёндирган ўша”.
Эна эса бир сўз деёлмас,
ич-ичидан қовурилади.
Зир югуриб қидиради қиз,
калишлари едирилади.
Бораяпти ёши ҳам қирққа,
Болалар-ла ўйнайди чиллак.
қизлар тегмас телба ошиққа,
ўсмирларга Жумабой эрмак.
Атайлабдан отишади гап,
девонага қувгина қизлар.
Энасини қўймайди тезлаб:
“Қачон совчи жўнатасизлар?”
Эна эса кўксини ушлар,
қадалгандай заҳарли бир ўқ.
Ошиқ Жума гўдакдай йиғлар:
“Ойдан ўзга менга тенгим йўқ.”
Элбоёнда тарқалди миш-миш:
“Томдан учиб кетганмиш Жума,
осмонларда сузиб юрармиш,
юрагини қилиб у кема”.
ШОИР
Гўдак каби ўжар, бир сўзли,
Жаҳон билан келмас муросанг.
Ҳамроҳингдир— тахайюл гизли,
Тер тўксангда оқармас косанг.
Умид билан келиб дунёга,
Эгилсада қадларинг ногоҳ.
Жавобгарсан ҳамма балога,
Ер юзида қўпса не гуноҳ.
Шарбат эмас, ичганинг оғу,
Машраб бўлиб осилдинг дорга.
Кўкда Чўлпон бўлсангда гоҳи,
Отдилар-ку тираб деворга.
Эътирофу хўрлик ёнма-ён,
Битта бошинг сиғмас Ватанга.
Фурқатида чекдингу фиғон,
Ҳижрат этдинг мулки Хўтанга.
Аламларим сиғмайди дилга,
Сукутда Нодири давронлар.
Қайтармикан минг йилда элга,
Навоийдек буюк инсонлар ?
Ишинг фақат кўксингни тилмоқ,
Халлождайин ёниб гулханда.
Кутилмаган бир онда ўлмоқ,
Яшамоқдир мангу— ўлганда.
х х х
Муҳаббатдан бир садо келса,
Энг бахтиёр инсонсан, инон.
У бир гўзал келинчак бўлса,
Уйинг бўлар еттинчи осмон.
Оқ либосда келса муҳаббат,
Тонгда турсанг, чойлар узатса.
Тасаввур эт. Бу нақадар бахт,
Табассум-ла ишга кузатса.
Ҳаёт —синов узундан узоқ,
Кўзда ёшу, қўлингда бода.
Бахтлидирсан гар гадо,қашшоқ,
Ишқ элида бўлсанг шаҳзода.
Бегоналар минган бедовни,
Миниб кўксинг кера олмайсан.
Бахтсиз этиб асло бировни,
Ўз бахтингни қура олмайсан.
Яхши кунинг ўтади ғиз-ғиз,
Дўст- ёр таянч мусибат, ғамда.
Муҳаббатга чўколмасдан тиз,
Яшаш қандай оғир одамга.
Инсон кўнгли илоҳий қаср,
Писанд этмас мансабу-тахтни.
Тиллога ҳам бозордан ахир,
Ололмассан бу муҳаббатни.
БОБО СЎЗ
Эшқобил Шукурга
Авайлаб асрайлик кўҳна сўзларни,
Аждодлар руҳини шодлантирайлик.
Эрта қизармасин десак юзларни,
Сўзларни ҳаётга отлантирайлик.
Сўзлар мисли гўдак— беғубор, сабий,
Эркалатсак кулар, қувониб шодон.
Оловда куймаган Самандар каби,
Асрлар қаъридан келар соғ-омон.
Сўзлар келажакнинг мангу баҳори,—
Қирларни бўяган оловли туғён.
Сўзлар—Кошғарийнинг номуси, ори,
Машрабни дорларга йўллаган исён.
Ёмондир, юлдузсиз зулматли тунда,
Карвонлар саҳрода изсиз йўқолса.
Ундан ёмонроқдир, жумла очунда,
Одамзот тилидан мосуво бўлса.
Сўзлар онамиздай бир куни ногоҳ,
Ҳасратда қолдириб кетмасин бизни.
Жажжи боламизни этгандек ардоқ,
Кўзу қароқларда асрайлик сўзни.
Қадрини англамай бобо сўзларни,
Бичсак баҳосини арзон-гаровга.
Яссавий кечирмас асло бизларни,
Солсак ўзимизни чулчут-соқовга.
Онам алласидан қонимга кирган,
Сўзлар қудратидан узундир тилим.
Навоийни билмай ўзбекман деган,
Касларга узатгим келмайди қўлим.
РАҲМАТ
Иззату эҳтиром халқимга хосдир,
Бир-бирин уйига чорлайди, албат.
Иддао қилмасдан қишми ё ёздир,
Меҳмонга садаға мезбонга раҳмат.
Дастурхон мўллиги эмас тасодиф,
Бу нақ ўн икки ой чекилган заҳмат.
Саҳарда қуёшни юрган уйғотиб,
Тупроққа эгилган деҳқонга раҳмат.
Инсон ойга етди тафаккур ила,
Зуҳал билан кўкда қурмоқда суҳбат.
Фақат яхшиликни ўтирган ўйлаб,
Нияти покиза инсонга раҳмат.
Оламни йўқликдан бунёд айлаган,
Еру осмонларни тахлаган қат-қат,
Бизни бандаликка суйиб сайлаган,
Алқисса, Раббимиз Раҳмонга раҳмат!
ЭСЛАШ
Улоққан шамолдек қочяпти тағин,
шабнамдек бокира, тоза кунларим.
Юракда чақмоқлар чақади чақин,
бўғзимга тиқилар унсиз унларим.
Ниятлар кўнглимга ёқдию чироқ,
орзулар кафтида учдим кўкларга.
Бир ҳамдард қидириб ўзимга бироқ,
учрадим бефаҳм бурундуқларга.
Қайтмагай у гўзал дамлар ортига,
овута олмайман инжиқ кечани.
Олис болаликнинг беғам юртида,
бир бола…чангитиб ўйнар кўчани.
Болалик хаёллар … учқур лочиндай,
титаман жимгина кунлар қатини.
излайман минг йилки, чексиз очунда,
беғубор Сусамбил мамлакатини…
Бир бола…Эсласам юрак зирқирар,
терларга ботаман, нафасим қайтиб.
Олисда… эҳтимол отам чақирар,
шамоллар ортидан исмимни айтиб.
Билмам, не ўйларда юрибди бугун,
узоқларда отам… букилиб икки?
Унинг кўзларида бунча алам, мунг,
найнов биргадирдан эшитиб дакки.
Тақдир такбирини этолмай таҳрир,
йилларим ўтмоқда элас ва элас.
Мени олисларга бошлаган тақдир,
изига қайтишга аммо шошилмас.
Отам ҳам кетди-ку, учар қушлардай
Кўпларга қўшилиб олис-олисга.
Отам сиймосини кўрсам тушларда,
Чанг йўлдаги бола… тушади эсга.
ДОСТОНДАН СЎНГ
Йиллар кечар гўё дақиқа,
дақиқалар йилга айланмиш.
Араз қилиб мендан ҳақиқат,
Ҳайём билан май этади нўш.
Ўтмишларда садоқат, вафо—
паривашлар сочи қирқ қулоч.
Бугун бир сўз демасдан ҳатто
ташлаб кетди гўзалларни соч.
Эзгуликлар достонда қолмиш,
имон-инсоф кечанинг гапи.
Хафа бўлма иним, Кунтуғмиш,
ҳотамтойлар анқога шафе.
Тугамайди кўнгил ноласи,
қайда Чилбир, қайда Сарқамиш.
Майдалашди одам боласи
Россияда юрар Алпомиш.
Алп ботирим омон бўлса, бас,
Қайтиб келар охири бир кун.
Бахшим, шошма, ростлагин нафас,
достон ҳали топмади якун.
х х х
Кўчада бир одам айтарди қўшиқ,
овозини баланд қўйиб борича.
атроф-теваракка ҳеч парвоси йўқ,
тинглар қўшиғини ёп-ёруғ кўча.
Тинглар қўшиғини оғочлар, гуллар,
ором олганича оқшом қўйнида.
билмадим,бу одам не учун куйлар,
не қувонч, не ҳасрат фикру ўйида.
Куйлаб бораётир кўчада одам,
тинглар қўшиғини ҳорғин йўлаклар.
чақалоқ сингари мудрайди олам,
Қўлчасини сўриб ухлар гўдаклар.
Балки у куйларди қувонч баҳрида,
шодланиб-шодланиб отаркан қулоч.
эҳтимол бир ўзи соғинч шаҳрида,
ҳасратин ёзмоқда ночор, ноилож.
Эҳтимол,ўша кун олгандир маош,
дўстлар учрашгандир дийдор баҳона.
балки тўй қилгандир қавму-қариндош,
базму зиёфатдан қайтар шоҳона.
Балки куйламоқда дилгир, ғамзада,
ёзиларми дея, ҳасрат-ғуссаси.
қимтир лабларини ўшал аснода,
хаёлида тотли жонон бўсаси.
Кетиб бораётир ярим кечада
Дунёга сиғмаган битта девона.
овози борича катта кўчада,
қўшиқ куйлаганча ёна ва ёна.
ПАРАДОКС
Мингта ҳақиқатнинг бир гумонида,
Хамирдан зувола қораяпмиз-ку.
Умрнинг саҳрою биёбонида,
Судралиб ризқимиз тераяпмиз-ку.
Қўли калтароққа қараймиз кулиб,
Ожизнинг нонини оламиз юлиб,
Икки оёқли бир махлуқот бўлиб,
Кўксимиз осмонга кераяпмиз-ку.
Улфатлар пуфакдек шиширса гоҳо,
Ўзимиз санаймиз оқилу доно,
Иблис қутқусига алданиб аммо,
Дўзахга юзимиз бураяпмиз-ку.
Фанонингомонат юкин орқалаб,
Жужуқлар ўрнига кучук эркалаб,
Бири-биримизни шоқолдек талаб,
Бегуноҳ бошларни ёраяпмиз-ку.
Билмаймиз не савоб, нимадир гуноҳ,
Тириклик ташвиши ичмоғу емоқ,
Ўлимдан оғирдир ростини демоқ,
Ёлғонни опичлаб бораяпмиз-ку.
Қақшар кўчаларда оч, юпун кўнгил,
Уни юпатмоқлик мушкулдан мушкул,
Борар йўлимиздан улоқиб буткул,
Шайтонга қўлимиз бераяпмиз-ку.
Дунё омонатдир.Сафар қиляпмиз,
Имон мулкини зер-забар қиляпмиз,
Эртамиз бугундан баттар қиляпмиз,
Амаллаб кунимиз кўраяпмиз-ку.
Болалар кўзида ҳайратлар ўлган,
Тоқат шокосаси тўлиқиб, тўлган,
Телбамиз,бизларни асли жин чалган
Оёқлар осмонда юраяпмиз-ку.
Сафар ОМОН
ВАҚТНИ ЕНГАЁТГАН ОДАМ
ёки шоир Абдумажид Азим ҳаёти ва ижодига бир нигоҳ
Вақтнинг кескир қиличи олдида инсон ҳаёти ва фаолияти лаҳзадек. Ёшлик, йигитлик бир пастда баҳорда очилган қизғалдоқдек ўтиб кетаркан. Алалоқибат, ҳақиқий ижодкор вақтни-да, асрларни-да доғда қолдира олади.
Буни исботлашга ҳожат йўқ. Чунки эзгулик, маърифат, адабиёт ва шеърият, ижод таназзулга учраган куни ВАҚТнинг мазмун-моҳияти йўқолади. Кечагидек ёдимда, 1982 йил Абдумажиднинг бир туркум шеърлари “Ёшлик” журналида Абдулла Ориповнинг “оқ йўл”и билан чоп этилганда, ТошДУда ўқийдиган барча курсдошларимиз ўзига йўқ қувонишиб, бўлажак шоирни муборакбод этишганди. Ўшанга ҳам 35 йил бўлибди. Бу орада қанча қорлар, ёмғирлар ёғди, қанча сувлар оқиб ўтди.
Дорилфунунни тугатгач, талабалар лочин боласидек турли томонларга учиб кетишди. Аммо Абдумажид уйи, иши, жойи бўлмасада, ижодни деб пойтахтда қолди. Турғун бошпана топгунча бошидан не кунларни ўтказмади. “Тошкент ҳақиқати”, ЎзА, Ўзбекистон телевидениесида хизмат қилди. Фақат юртимиз мустақилликка эришгач, унинг ҳам елкасига офтоб тегди. “Туркистон пресс” ахборот агентлигида бош муҳаррир, “Моҳият” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган пайтларида ижодкор нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди, десам муболаға бўлмайди. “Моҳият” газетаси республикада энг етакчи нашрлардан бирига айланди.
Унинг камтарона меҳнатлари мустақилликнинг 15, 20,25 йиллиги эсдалик нишонлари, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Журналист ва шоир Абдумажид Азимов 2015 йилда “Ватан учун яшайлик” республика танловида иккинчи ўрин, 2016 йилда “Энг улуғ, энг азиз” танловида биринчи ўринни олганлиги ҳам ўз соҳасининг фидойиси ва билимдони эканлигидан далолат беради. Демак, юртим деб, элим деб изланган, фидойилик қилган кишилар ҳамиша Ватаннинг, халқнинг, ҳукуматнинг нигоҳида бўларкан.
Журналистик фаолияти билан бирга бирин-кетин шоирнинг “Ўтаётган йиллар”, “Қалбимнинг Ватани”, “Қуёш боласи”, “Ёруғлик олами”, “Руҳи равоним”, “Ошиқ дилим”, “Умид беланчаги” каби шеърий китоб- лари чоп этилди. Эътироф этиш керакки, шеъриятда ўз йўли ва услубига эга бўлган шоирнинг китоблари ўқувчиларни беэътибор қолдирмади. Ижодий фаолияти давомида кўплаб ёшларни эзгулик йўлига чорлади, билим ва тажрибасини баҳоли қудрат ўргатди, том маънодаги устоз мақомига эришди, десам муболаға қилмаган бўламан.
Талабалик давримизда Мирзачўлда пахта терардик. Ўша кезлар “ХХ аср армони” деб номланган туркум шеърлар ёзганман. Ҳафтада бир-икки марта адабий кеча ўтказиб, талабалар гулхан атрофида шеърхонлик қилардик. Шунда бир шеъриятни унча хушламайдиган курсдошимиз менинг “Заминнинг устида тик яшаш оғир, заминнинг устида тик туриш оғир”, деган сатрларимни ўзича танқид қилганди. Орадан чорак аср ўтиб учрашганимизда, “Ака ўша сатрларни мен шунчаки баландпарвоз, ёки бехосдан келиб қолган фикр деб тушунгандим. Аслида сиз ҳақ экансиз”, деди. Чунки ўша танишим чархпалак аталмиш ҳаётнинг кўп чиғириқларидан ўтишига тўғри келганди.
Ҳар гал Тошкентга борганимда вақт топиб, юрагимга яқин курсдошларимни оёқ устида бўлса ҳам кўриб қайтишга ҳаракат қиламан. Абдумажиднинг ишхонасига борганда эса, негадир ўзимни Мирзачўлда пахта териб юргандек ёки талабалар шаҳарчасида кезаётган талабадек ҳис қиламан. Чунки бизнинг кўпгина яхши-ёмон кунларимиз бирга кечган. Тўғриси, республика “Ҳуррият” мустақил газетаси таҳририятига масъул котиб бўлиб ишлаётган Абдумажидни деб бораман. У ҳам бир паст дунёни унутиб, ёшлигига қайтади. Дилдан суҳбат бўлади. Суҳбатимиз қанчалик чўғли бошланса, шунчалик тез тугагандек кўринади. Чунки мен йўлга шошаётган бўламан.
Мана шундай вақт етишмаслиги, орзу умид, соғинч ва изтироб билан умрнинг 60 йили ўтиб кетибди. Буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Бундан шунча йил аввал Қумқўрғон тумани, аниқроғи Элбаянда туғилган дўстимиз 10-синфни қишлоқ мактабида хатм қилганди. Ундан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)ни тугаллагандан буён газетачилик, журналистика ва ижод билан банд. Бу тоифадаги инсонлар вақтнинг ўтганлигини англамай қолишади. Буни ўзи ҳам тан олади.
Пойтахтда самарали ижод қилаётган воҳадош дўстимни қутлуғ сана билан курсдошларим, шеърият ихлосмандлари ва барча Сурхон аҳли номидан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, улкан ижодий зафарлар тилаб қоламан.
2017
Kuni-kecha tug’ilgan kunini nishonlagan Abdumajid Azimni chin yuragimizdan qutlab, shoirning bir dasta she’rini sizga taqdim etmoqdamiz.
Abdumajid AZIM
SHE’RLAR
Abdumajid Azim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyati Qumqo’rg’on tumanida tug’ilgan. Shu paytgacha qadar “O’tayotgan yillar”, “Qalbimning vatani”, “Quyosh bolasi”, “Yorug’lik odami”, “Ruhi ravonim”, “Umid belanchagi”, “Oshiq dilim”, “Qadr kechasi” nomli she’riy to’plamlari chop etilgan.
x x x
O’ylar surding kechalar tanho,
Falaklarga ko’zingni tutib.
Tugarmi sen qilganing xato,
Ketganingda dunyodan o’tib.
So’narmi sen yonganing olov,
Yurarmi yel — kulingni titib.
Egallarmi o’rningni birov,
Ketganingda dunyodan o’tib.
Tugamaydi yurganing yo’llar,
To’rt tarafing bepoyon qutb.
Yig’larmikan quchganing gullar,
Ketganingda dunyodan o’tib.
Ne sirlarga to’la bu dunyo,
Hech biriga bo’lolmas yetib.
Tug’ilmagan singari go’yo,
Ketganingda dunyodan o’tib.
To’xtamaydi ko’zingda jolang,
Ketayapti soyang ham yitib.
Yig’laydimi otam deb, bolang,
Ketganingda dunyodan o’tib.
Taqdir azal kelmog’u , ketmoq,
Ajal lahza turmaydi kutib.
Alam qilar yashamasdan, oh,
Ketganingda dunyodan o’tib.
BOSH VA TOSH
Hayot bu sinovdir , aslida ko’rsang,
har kasu nokasga bo’larsan duchor.
Goho bir eshikka boshingni ursang,
ming eshik ochilar senga barobar.
Tiriklik bo’yningga tishvishlar ilar,
hammasidan to’yib, tugar bardoshing.
Yashasang boshingdan o’tmaydi nelar
hatto ko’tarolmay qolarsan loshing.
Umrning past-baland yo’laklaridan,
o’tib borarkansan dilgir, faromush.
Boshing olib ketging kelar baridan
osmonlarga uchib, xuddi daydi qush.
Uchishga yo’l bo’lsin, qanotlaring yo’q,
ming-ming muammolar to’zoni boshda.
Hatto ko’chadagi mayna qilar do’q,
parvo ham qilmasdan qo’lingda toshga.
Mo»min bir bandasan nochor, noiloj,
ko’narsan boshingga kelgan savdoga.
Yuzma-yuz turarsan beshafqat va och,
diydasi tosh qotgan g’addor dunyoga.
Chirpirab aylanar tegirmon toshing,
boshingni urishni bilmaysan qayga.
Tangrining toshidir aslida, boshing,
qayoqqa irg’itsa, tushar shu joyga.
x x x
Katman qirlarida gulxanlar,
osmonlarga o’rlar tutuni.
Hislarimni turganday anglab,
imlar ko’kda yulduzlar meni.
Ayriliqlar ko’milgan qo’rga,
noxos tushar yurakka titroq.
enam kulcha yopar tandirga,
xamir qorib mehrdan qaynoq.
Kuzatadi ko’ngli buzilib,
enam meni ne bir ahvolda.
dasturxonda turar tizilib,
kulchalar-chi, mung’aygan holda.
Kitoblarga to’lar jomadon,
sig’mas enam yopgan kulchalar.
ochiladi temirtan vagon,
yo’llar “Cho’li Iroq”ni chalar.
Yo’l yurishdan yo’l erinmaydi,
tog’ o’tamiz, daryo o’tamiz.
Manzil esa hech ko’rinmaydi,
nafasimiz ichga yutamiz.
Xudo bilar qancha masofa,
Surxon bilan Toshkent orasi.
yo’llar so’qar uzoq falsafa,
o’rtada sog’inchlar darasi.
Umrim oqib ketgan daradan,
o’tish og’ir menga bunchalar.
Kechsa hamki qirq yil oradan,
dasturxonda yig’lar kulchalar.
IQTIDO
Mastona va laylivash bu kechalarda,
Umid-la chog’ etayapman dalli ko’nglim.
O’rgimchakning to’riday bu ko’chalarda,
Ketayapman —dilda orzu-niyat lim-lim.
Yuragimning sarhadlari tutash ko’kka,
Yo’rtadurman xayolotning tevasida.
Hayot —kamon,
Otdi meni go’yo o’qday,
Uchishim shart shamollarning shevasida.
Mastona va laylivash bu kechalarda,
Sukut ila sabr meni qo’llagaydir.
Bosh aylanib, adashsam goh ko’chalarda,
Imon meni maqsadimga yo’llagaydir.
Nuhdan qolgan kemadayin suzayapman,
Hayot otliq cho’ng ummonning yuzasida.
Bir ilohiy
tajalliyni sezayapman,
“Yo Alloh” deb urgan yurak har sasida.
Suza-suza hayotning cho’ng ummonida,
Gohi-gohi girdoblarda yitib ketdim.
Yashayotgan kunlarimning har onida,
Ilohiy bir mo»jizani
intiq kutdim.
Sodda,go’lning doim Xudo yori ekan,
Adashishu aldovlardan g’ash bo’lmayman.
Chalpak kutib osmonlarga ko’zin tikkan,
Afandidan sira-sira farq qilmayman.
Nima bo’pti,
tuya dumi yerga tegsa,
Otu eshak ko’pkarida qilsa poyga,
Ishonaman, bu zamonda chigit eksa,
Uddaburon xitoyliklar chiqib Oyga.
Kemirardi yuragimni ozoru ranj –
Jo’ralarim meni laqma atashganda.
Taskin berar
Faqat menga bitta yupanch,
Xudo o’zi yo’l ko’rsatar adashganga.
MIJOZ
O’ngga yursam tortasan chapga,
Tog’dan kelsam, bog’dan kelasan.
Gaplarimiz qovushmas gapga,
Nima desam inkor qilasan.
Men go’l-sodda,sen esa quvsan,
Balo desam, deyadirsan dard.
Men olovu, sen go’yo suvsan,
Lovullasam, o’chirasan shart.
Turfa-turfa bo’lsa-da mijoz,
Hayot bizni hamxona qilmish.
Vo ajabo, taqdiri azal,
Ustimizdan miriqib kulmish.
JUMA DEVONA
Elboyonda tarqaldi mish-mish:
“Oyga oshiq Juma devona,
kechalari tomda yurarmish,
oy ishqida yonib uryona”.
Enasiga aytadi sirin,
uchrashganin oy bilan soyda:
“Ena oyni menga obering,
to’y qilaylik kelasi oyda”.
Enasiga aytar dil yozib,
kecha oydan olganin bo’sa:
“faqat oydir menga munosib,
yuragimni yondirgan o’sha”.
Ena esa bir so’z deyolmas,
ich-ichidan qovuriladi.
Zir yugurib qidiradi qiz,
kalishlari yediriladi.
Borayapti yoshi ham qirqqa,
Bolalar-la o’ynaydi chillak.
qizlar tegmas telba oshiqqa,
o’smirlarga Jumaboy ermak.
Ataylabdan otishadi gap,
devonaga quvgina qizlar.
Enasini qo’ymaydi tezlab:
“Qachon sovchi jo’natasizlar?”
Ena esa ko’ksini ushlar,
qadalganday zaharli bir o’q.
Oshiq Juma go’dakday yig’lar:
“Oydan o’zga menga tengim yo’q.”
Elboyonda tarqaldi mish-mish:
“Tomdan uchib ketganmish Juma,
osmonlarda suzib yurarmish,
yuragini qilib u kema”.
SHOIR
Go’dak kabi o’jar, bir so’zli,
Jahon bilan kelmas murosang.
Hamrohingdir— taxayyul gizli,
Ter to’ksangda oqarmas kosang.
Umid bilan kelib dunyoga,
Egilsada qadlaring nogoh.
Javobgarsan hamma baloga,
Yer yuzida qo’psa ne gunoh.
Sharbat emas, ichganing og’u,
Mashrab bo’lib osilding dorga.
Ko’kda Cho’lpon bo’lsangda gohi,
Otdilar-ku tirab devorga.
E’tirofu xo’rlik yonma-yon,
Bitta boshing sig’mas Vatanga.
Furqatida chekdingu fig’on,
Hijrat etding mulki Xo’tanga.
Alamlarim sig’maydi dilga,
Sukutda Nodiri davronlar.
Qaytarmikan ming yilda elga,
Navoiydek buyuk insonlar ?
Ishing faqat ko’ksingni tilmoq,
Xallojdayin yonib gulxanda.
Kutilmagan bir onda o’lmoq,
Yashamoqdir mangu— o’lganda.
x x x
Muhabbatdan bir sado kelsa,
Eng baxtiyor insonsan, inon.
U bir go’zal kelinchak bo’lsa,
Uying bo’lar yettinchi osmon.
Oq libosda kelsa muhabbat,
Tongda tursang, choylar uzatsa.
Tasavvur et. Bu naqadar baxt,
Tabassum-la ishga kuzatsa.
Hayot —sinov uzundan uzoq,
Ko’zda yoshu, qo’lingda boda.
Baxtlidirsan gar gado,qashshoq,
Ishq elida bo’lsang shahzoda.
Begonalar mingan bedovni,
Minib ko’ksing kera olmaysan.
Baxtsiz etib aslo birovni,
O’z baxtingni qura olmaysan.
Yaxshi kuning o’tadi g’iz-g’iz,
Do’st- yor tayanch musibat, g’amda.
Muhabbatga cho’kolmasdan tiz,
Yashash qanday og’ir odamga.
Inson ko’ngli ilohiy qasr,
Pisand etmas mansabu-taxtni.
Tilloga ham bozordan axir,
Ololmassan bu muhabbatni.
BOBO SO’Z
Eshqobil Shukurga
Avaylab asraylik ko’hna so’zlarni,
Ajdodlar ruhini shodlantiraylik.
Erta qizarmasin desak yuzlarni,
So’zlarni hayotga otlantiraylik.
So’zlar misli go’dak— beg’ubor, sabiy,
Erkalatsak kular, quvonib shodon.
Olovda kuymagan Samandar kabi,
Asrlar qa’ridan kelar sog’-omon.
So’zlar kelajakning mangu bahori,—
Qirlarni bo’yagan olovli tug’yon.
So’zlar—Koshg’ariyning nomusi, ori,
Mashrabni dorlarga yo’llagan isyon.
Yomondir, yulduzsiz zulmatli tunda,
Karvonlar sahroda izsiz yo’qolsa.
Undan yomonroqdir, jumla ochunda,
Odamzot tilidan mosuvo bo’lsa.
So’zlar onamizday bir kuni nogoh,
Hasratda qoldirib ketmasin bizni.
Jajji bolamizni etgandek ardoq,
Ko’zu qaroqlarda asraylik so’zni.
Qadrini anglamay bobo so’zlarni,
Bichsak bahosini arzon-garovga.
Yassaviy kechirmas aslo bizlarni,
Solsak o’zimizni chulchut-soqovga.
Onam allasidan qonimga kirgan,
So’zlar qudratidan uzundir tilim.
Navoiyni bilmay o’zbekman degan,
Kaslarga uzatgim kelmaydi qo’lim.
RAHMAT
Izzatu ehtirom xalqimga xosdir,
Bir-birin uyiga chorlaydi, albat.
Iddao qilmasdan qishmi yo yozdir,
Mehmonga sadag’a mezbonga rahmat.
Dasturxon mo’lligi emas tasodif,
Bu naq o’n ikki oy chekilgan zahmat.
Saharda quyoshni yurgan uyg’otib,
Tuproqqa egilgan dehqonga rahmat.
Inson oyga yetdi tafakkur ila,
Zuhal bilan ko’kda qurmoqda suhbat.
Faqat yaxshilikni o’tirgan o’ylab,
Niyati pokiza insonga rahmat.
Olamni yo’qlikdan bunyod aylagan,
Yeru osmonlarni taxlagan qat-qat,
Bizni bandalikka suyib saylagan,
Alqissa, Rabbimiz Rahmonga rahmat!
ESLASH
Uloqqan shamoldek qochyapti tag’in,
shabnamdek bokira, toza kunlarim.
Yurakda chaqmoqlar chaqadi chaqin,
bo’g’zimga tiqilar unsiz unlarim.
Niyatlar ko’nglimga yoqdiyu chiroq,
orzular kaftida uchdim ko’klarga.
Bir hamdard qidirib o’zimga biroq,
uchradim befahm burunduqlarga.
Qaytmagay u go’zal damlar ortiga,
ovuta olmayman injiq kechani.
Olis bolalikning beg’am yurtida,
bir bola…changitib o’ynar ko’chani.
Bolalik xayollar … uchqur lochinday,
titaman jimgina kunlar qatini.
izlayman ming yilki, cheksiz ochunda,
beg’ubor Susambil mamlakatini…
Bir bola…Eslasam yurak zirqirar,
terlarga botaman, nafasim qaytib.
Olisda… ehtimol otam chaqirar,
shamollar ortidan ismimni aytib.
Bilmam, ne o’ylarda yuribdi bugun,
uzoqlarda otam… bukilib ikki?
Uning ko’zlarida buncha alam, mung,
naynov birgadirdan eshitib dakki.
Taqdir takbirini etolmay tahrir,
yillarim o’tmoqda elas va elas.
Meni olislarga boshlagan taqdir,
iziga qaytishga ammo shoshilmas.
Otam ham ketdi-ku, uchar qushlarday
Ko’plarga qo’shilib olis-olisga.
Otam siymosini ko’rsam tushlarda,
Chang yo’ldagi bola… tushadi esga.
DOSTONDAN SO’NG
Yillar kechar go’yo daqiqa,
daqiqalar yilga aylanmish.
Araz qilib mendan haqiqat,
Hayyom bilan may etadi no’sh.
O’tmishlarda sadoqat, vafo—
parivashlar sochi qirq quloch.
Bugun bir so’z demasdan hatto
tashlab ketdi go’zallarni soch.
Ezguliklar dostonda qolmish,
imon-insof kechaning gapi.
Xafa bo’lma inim, Kuntug’mish,
hotamtoylar anqoga shafe.
Tugamaydi ko’ngil nolasi,
qayda Chilbir, qayda Sarqamish.
Maydalashdi odam bolasi
Rossiyada yurar Alpomish.
Alp botirim omon bo’lsa, bas,
Qaytib kelar oxiri bir kun.
Baxshim, shoshma, rostlagin nafas,
doston hali topmadi yakun.
x x x
Ko’chada bir odam aytardi qo’shiq,
ovozini baland qo’yib boricha.
atrof-tevarakka hech parvosi yo’q,
tinglar qo’shig’ini yop-yorug’ ko’cha.
Tinglar qo’shig’ini og’ochlar, gullar,
orom olganicha oqshom qo’ynida.
bilmadim,bu odam ne uchun kuylar,
ne quvonch, ne hasrat fikru o’yida.
Kuylab borayotir ko’chada odam,
tinglar qo’shig’ini horg’in yo’laklar.
chaqaloq singari mudraydi olam,
Qo’lchasini so’rib uxlar go’daklar.
Balki u kuylardi quvonch bahrida,
shodlanib-shodlanib otarkan quloch.
ehtimol bir o’zi sog’inch shahrida,
hasratin yozmoqda nochor, noiloj.
Ehtimol,o’sha kun olgandir maosh,
do’stlar uchrashgandir diydor bahona.
balki to’y qilgandir qavmu-qarindosh,
bazmu ziyofatdan qaytar shohona.
Balki kuylamoqda dilgir, g’amzada,
yozilarmi deya, hasrat-g’ussasi.
qimtir lablarini o’shal asnoda,
xayolida totli jonon bo’sasi.
Ketib borayotir yarim kechada
Dunyoga sig’magan bitta devona.
ovozi boricha katta ko’chada,
qo’shiq kuylagancha yona va yona.
PARADOKS
Mingta haqiqatning bir gumonida,
Xamirdan zuvola qorayapmiz-ku.
Umrning sahroyu biyobonida,
Sudralib rizqimiz terayapmiz-ku.
Qo’li kaltaroqqa qaraymiz kulib,
Ojizning nonini olamiz yulib,
Ikki oyoqli bir maxluqot bo’lib,
Ko’ksimiz osmonga kerayapmiz-ku.
Ulfatlar pufakdek shishirsa goho,
O’zimiz sanaymiz oqilu dono,
Iblis qutqusiga aldanib ammo,
Do’zaxga yuzimiz burayapmiz-ku.
Fanoningomonat yukin orqalab,
Jujuqlar o’rniga kuchuk erkalab,
Biri-birimizni shoqoldek talab,
Begunoh boshlarni yorayapmiz-ku.
Bilmaymiz ne savob, nimadir gunoh,
Tiriklik tashvishi ichmog’u yemoq,
O’limdan og’irdir rostini demoq,
Yolg’onni opichlab borayapmiz-ku.
Qaqshar ko’chalarda och, yupun ko’ngil,
Uni yupatmoqlik mushkuldan mushkul,
Borar yo’limizdan uloqib butkul,
Shaytonga qo’limiz berayapmiz-ku.
Dunyo omonatdir.Safar qilyapmiz,
Imon mulkini zer-zabar qilyapmiz,
Ertamiz bugundan battar qilyapmiz,
Amallab kunimiz ko’rayapmiz-ku.
Bolalar ko’zida hayratlar o’lgan,
Toqat shokosasi to’liqib, to’lgan,
Telbamiz,bizlarni asli jin chalgan
Oyoqlar osmonda yurayapmiz-ku.
Safar OMON
VAQTNI YENGAYOTGAN ODAM
yoki shoir Abdumajid Azim hayoti va ijodiga bir nigoh
Vaqtning keskir qilichi oldida inson hayoti va faoliyati lahzadek. Yoshlik, yigitlik bir pastda bahorda ochilgan qizg’aldoqdek o’tib ketarkan. Alaloqibat, haqiqiy ijodkor vaqtni-da, asrlarni-da dog’da qoldira oladi.
Buni isbotlashga hojat yo’q. Chunki ezgulik, ma’rifat, adabiyot va she’riyat, ijod tanazzulga uchragan kuni VAQTning mazmun-mohiyati yo’qoladi. Kechagidek yodimda, 1982 yil Abdumajidning bir turkum she’rlari “Yoshlik” jurnalida Abdulla Oripovning “oq yo’l”i bilan chop etilganda, ToshDUda o’qiydigan barcha kursdoshlarimiz o’ziga yo’q quvonishib, bo’lajak shoirni muborakbod etishgandi. O’shanga ham 35 yil bo’libdi. Bu orada qancha qorlar, yomg’irlar yog’di, qancha suvlar oqib o’tdi.
Dorilfununni tugatgach, talabalar lochin bolasidek turli tomonlarga uchib ketishdi. Ammo Abdumajid uyi, ishi, joyi bo’lmasada, ijodni deb poytaxtda qoldi. Turg’un boshpana topguncha boshidan ne kunlarni o’tkazmadi. “Toshkent haqiqati”, O’zA, O’zbekiston televideniyesida xizmat qildi. Faqat yurtimiz mustaqillikka erishgach, uning ham yelkasiga oftob tegdi. “Turkiston press” axborot agentligida bosh muharrir, “Mohiyat” gazetasida bosh muharrir bo’lib ishlagan paytlarida ijodkor nimalarga qodir ekanligini amalda ko’rsata oldi, desam mubolag’a bo’lmaydi. “Mohiyat” gazetasi respublikada eng yetakchi nashrlardan biriga aylandi.
Uning kamtarona mehnatlari mustaqillikning 15, 20,25 yilligi esdalik nishonlari, “Shuhrat” medali, “Do’stlik” ordeni bilan taqdirlandi. Jurnalist va shoir Abdumajid Azimov 2015 yilda “Vatan uchun yashaylik” respublika tanlovida ikkinchi o’rin, 2016 yilda “Eng ulug’, eng aziz” tanlovida birinchi o’rinni olganligi ham o’z sohasining fidoyisi va bilimdoni ekanligidan dalolat beradi. Demak, yurtim deb, elim deb izlangan, fidoyilik qilgan kishilar hamisha Vatanning, xalqning, hukumatning nigohida bo’larkan.
Jurnalistik faoliyati bilan birga birin-ketin shoirning “O’tayotgan yillar”, “Qalbimning Vatani”, “Quyosh bolasi”, “Yorug’lik olami”, “Ruhi ravonim”, “Oshiq dilim”, “Umid belanchagi” kabi she’riy kitob- lari chop etildi. E’tirof etish kerakki, she’riyatda o’z yo’li va uslubiga ega bo’lgan shoirning kitoblari o’quvchilarni bee’tibor qoldirmadi. Ijodiy faoliyati davomida ko’plab yoshlarni ezgulik yo’liga chorladi, bilim va tajribasini baholi qudrat o’rgatdi, tom ma’nodagi ustoz maqomiga erishdi, desam mubolag’a qilmagan bo’laman.
Talabalik davrimizda Mirzacho’lda paxta terardik. O’sha kezlar “XX asr armoni” deb nomlangan turkum she’rlar yozganman. Haftada bir-ikki marta adabiy kecha o’tkazib, talabalar gulxan atrofida she’rxonlik qilardik. Shunda bir she’riyatni uncha xushlamaydigan kursdoshimiz mening “Zaminning ustida tik yashash og’ir, zaminning ustida tik turish og’ir”, degan satrlarimni o’zicha tanqid qilgandi. Oradan chorak asr o’tib uchrashganimizda, “Aka o’sha satrlarni men shunchaki balandparvoz, yoki bexosdan kelib qolgan fikr deb tushungandim. Aslida siz haq ekansiz”, dedi. Chunki o’sha tanishim charxpalak atalmish hayotning ko’p chig’iriqlaridan o’tishiga to’g’ri kelgandi.
Har gal Toshkentga borganimda vaqt topib, yuragimga yaqin kursdoshlarimni oyoq ustida bo’lsa ham ko’rib qaytishga harakat qilaman. Abdumajidning ishxonasiga borganda esa, negadir o’zimni Mirzacho’lda paxta terib yurgandek yoki talabalar shaharchasida kezayotgan talabadek his qilaman. Chunki bizning ko’pgina yaxshi-yomon kunlarimiz birga kechgan. To’g’risi, respublika “Hurriyat” mustaqil gazetasi tahririyatiga mas’ul kotib bo’lib ishlayotgan Abdumajidni deb boraman. U ham bir past dunyoni unutib, yoshligiga qaytadi. Dildan suhbat bo’ladi. Suhbatimiz qanchalik cho’g’li boshlansa, shunchalik tez tugagandek ko’rinadi. Chunki men yo’lga shoshayotgan bo’laman.
Mana shunday vaqt yetishmasligi, orzu umid, sog’inch va iztirob bilan umrning 60 yili o’tib ketibdi. Buni tan olmaslikning iloji yo’q. Bundan shuncha yil avval Qumqo’rg’on tumani, aniqrog’i Elbayanda tug’ilgan do’stimiz 10-sinfni qishloq maktabida xatm qilgandi. Undan so’ng Toshkent davlat universiteti (hozirgi Milliy universitet)ni tugallagandan buyon gazetachilik, jurnalistika va ijod bilan band. Bu toifadagi insonlar vaqtning o’tganligini anglamay qolishadi. Buni o’zi ham tan oladi.
Poytaxtda samarali ijod qilayotgan vohadosh do’stimni qutlug’ sana bilan kursdoshlarim, she’riyat ixlosmandlari va barcha Surxon ahli nomidan samimiy tabriklab, mustahkam sog’lik, ulkan ijodiy zafarlar tilab qolaman.