Sofokl. «Dunyo adabiyoti» turkumidan & Sofokl. Shoh Edip. Filmspektakl

045Софоклнинг ижоди чўққиси бўлган бу асар ўтган 2500 йиллик вақт мобайнида жаҳон театри саҳнасидан тушмай келмоқда. У ҳамиша долзарб, ҳамиша замонавий, барча тузум ва замонларга хос. Ҳали инсоният бадиий тафаккури тарихида «Шоҳ Эдип» каби фожиали қисмат қаламга олинмаган.

Назар Эшонқул
СОФОКЛ


090Мана, орадан 2500 йилга яқин вақт ўтдики, қадимги юнон фожианависи, инсон оғриқлари, изтироблари, ғалаён ва ожизликларининг буюк тасвирчиси Софокл қаламига мансуб асарлар ҳали-ҳануз ўз қийматини йўқотмай, ёзилган пайтларда қандай ҳаяжон қўзғаган бўлса, ҳозир ҳам шундай ҳайратларга сабаб бўлмоқда, ўша даврда мазкур асарлар нечоғлик аҳамиятли бўлса, бугунги кунда ҳам шундай бўлиб қолмоқда.

Софокл асарлари вақт енголмайдиган, вақт супуриб ташлолмайдиган асарлар сирасига киради. Аксинча, вақт, асрлар, даврлар қанчалик олишса, бу асарлар шунчалик улуғворлашадики, бундай хусусиятга жаҳон адабиётида камдан-кам асарлар сазовор.

Томошабинлар, албатта, Софоклнинг «Шоҳ Эдип» асаридан ва унинг телевариантидан хабардор. Бу машҳур трагедиядаги Эдип ролини улуғ санъаткор Ш.Бурҳонов ўйнаганди. Улуғвор асарлар улуғ истеъдодларни дунёга келтиради, улуғ саҳна асарлари улуғ актёрларни яратади. Софоклнинг улуғлиги ўзбек саҳнасида яна ҳам улуғвор қиёфага кирди.

Софоклнинг ижоди чўққиси бўлган бу асар ўтган 2500 йиллик вақт мобайнида жаҳон театри саҳнасидан тушмай келмоқда. У ҳамиша долзарб, ҳамиша замонавий, барча тузум ва замонларга хос. Ҳали инсоният бадиий тафаккури тарихида «Шоҳ Эдип» каби фожиали қисмат қаламга олинмаган. Бу фожиа инсониятга кимлигини, унинг елкасида қандай маъсулият борлигини, нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини бот-бот эслатиб туради: гўё асардаги фожиа инсон боши келиб уриладиган девору, мазкур деворнинг мавжудлигини бани башарга ибрат қилиш учун Софокл гўё инсониятнинг бадиий тафаккури тарихига абадий осиб қўйгандек. Одам ҳамиша ўзини фожиадан олиб қочади. У фожиадан узоқроқ юришни истайди, фожиадан четлаб ўтади. Бироқ фожиалар бўлмаса эди, инсон саодатнинг фарқига бормасди, қадрига етмасди.

Фожиа уйғотувчи куч. У тафаккурни уйғотади, теранлаштиради. Фожиа эскирган давомийлик, эскирган узвийликнинг сўнги, охири, янги давомийликнинг бошланиши, чунки фожиа англанган жойдан уни тузатишга интилиш, кураш бошланади. Шу сабабли фожиа курашнинг дарвозасидир. «Шоҳ Эдип» асарида ҳам фожианинг илдизи аниқлангач узоқ муддатли қурбонли кураш бошланади.

Мифлар, айниқса, Софокл асарлари, ХIХ-ХХ асрга келиб яна ҳам кенгроқ ўрганила бошланди. Гегель «Шоҳ Эдип» асарини инсониятнинг матриархатдан патриархатга ўтиш жараёнининг ўзига хос рамзи деб баҳолади. ХIХ аср мифшуноси Бахофен ҳам шу фикрни давом эттириб, Эдипнинг фожиаси унинг онасига – матриархатга бўлган муҳаббатидадир деган. Бахофен фикрига кўра, Эдипнинг отасини ўлдиришини ва онасига уйланишини тўғридан-тўғри тушунмаслик керак, бу падарқушлик ва ўз онасига уйланиш воқеаси – бор-йўғи матриархат ва патриархат ўртасидаги курашни акс эттиради. Эдипнинг фожиаси падаркушлик ва онасига уйланишидамас, балки эркак бўла туриб матриархат тузум тарафдори бўлганидадир. Уни айнан шунинг учун жазолашди. Эдип фикридаги уч асарда шу нарса кўринадики, Эдип матрирхат тарафдори, Креонт эса патриархат тимсоли сифатида гавдаланади. Шу сабабли Креонт кўзлари ожиз бўлгач ҳам Эдипни Фивадан бадарға қилади.

ХХ асрнинг йирик файласуфи, руҳшуноси Фрейд эса Софокл асарларидан ўз фалсафий қарашлари концепциясини топди. У ҳатто психоаналитика фанига «Эдип комплекси», «Эдипокомплекс» деган атамалар киритди. «Эдип комплеки» Фрейд таълимотининг асосини ташкил қилади, бу таълимотга кўра, Эдипнинг онасига уйланиши онг ости ҳисларининг намоён бўлишидир, чунки Фрейд фикрича, ҳар бир жинс ўзга жинсга нисбатан, ҳатто ўз онасига бўлган муносабатда ғам шаҳвоний майл билан муносабатда бўлади ва она-бола муносабатида онг ости жинсий майллари устуворлик қилади.

Шоҳ Эдип асари ҳақида Фрейд шундай ёзади: «Шоҳ Эдип» асари антик дунё юнон томошабинини қандай ларзага солишининг асосий сабаби, эътироф этилаётгандек, тақдири азал билан инсон иродаси ўртасидаги тўқнашувдир… Эдип каби бизнинг ичимизда ҳам ахлоққа қарши майл-истаклар мавжуд ва бу истак пайти келиши билан асосий истакка айланиши мумкин».

Фрейд «Шоҳ Эдип» асарини ХХ аср кишиси психологияси билан муқояса қиларкан, шундай хулосага келади: мифларни, ахлоқни, динни фақат онг ости кечинмалари, рамзлари нуқтаи назаридан баҳолаш мумкин. Фрейдга кўра, Эдипнинг отасини ўлдириши, онасига уйланиши болаликдаги инсон миясида қолган майлларининг инъикосидир. Фрейд: «Агар биз ҳам болалигимиздаги онамизга ва отамизга бўлган миямизда лип этиб пайдо бўлган, кейин ўчган майлимизни хотирлай олсак, ўзимиздан ўзимиз жирканиб кетардик»,– дейди.

«Шу сабабли, – дейди Фрейд, – Эдипнинг тақдири – бу илоҳий ҳукм ҳодисаси эмас, патологик ҳодисалар ва бундай фожиа ҳар бир инсонда содир бўлиши мумкин».

ХХ асрдаги бошқа файласуфлар ҳам «Шоҳ Эдип» ва Софоклнинг қолган асарлари ҳақида турли қарама-қарши фикрларни баён қилдилар. Софоклнинг бошқа асарлари ҳамда файласуфларнинг мунозараларига кейинги кўрсатувимизда батафсил тўхталамиз.

ХХ асрнинг машҳур файласуфи Эрих Фромм ҳам ўз фалсафий концепциясини асослаш учун кўплаб устоз файласуфлар каби «Шоҳ Эдип» асарига мурожаат этди. Фромм «Шоҳ Эдип» қисматида инсоният тақдирини, туғилиши, юксалиши ва инқирози рамзини кўрди ҳамда асардаги тақдири азал ҳукми Шоҳ Эдипнинг отасини ўлдириб, билмасдан онасига уйланиши воқеасида эмас, балки Шоҳ Эдипнинг ўзида яшириндир деди. Яъни Шоҳ Эдип яшаш учун курашаётган инсон образидир.

«Бу миф, – деб ёзади Фромм, – онасига уйланишнинг тимсоли эмас, балки ўғилнинг патриархат отага ва унинг тартибларига муносабати тимсолидир. Эдипнинг онасига уйланиши тақдири азални эмас, балки болаликда онасига муҳаббати кучли бўлган боланинг табиат ҳукмига кўра эр бўлиб етишгач худди отаси каби патрархал тартиб тарафдорига айланганидадир. Яъни бу асар инсон эволюциясини ўзида тимсоллаштиради».

Фромм Шоҳ Эдипнинг отасини ўлдириши ва онасига уйланишини шундай таҳлил қилади. Эдип ва отаси ўртасидаги қарама-қаршилик оқибатида ўғил отани ўлдириш воқеасини тўғридан-тўғри тушунмай, тимсоллар назариясига кўра баҳолаш керак. Бу дегани Эдип онасига – матрархатга бўлган муҳаббати туфайли отасини инкор қилди. Инкор эса ўлимдир. Онасига уйланишини ҳам тўғридан-тўғри тушунмаслик лозим. Онага уйланиш яратувчи кучга, яратишга ўзни бағишлашдир. Софокл отасига исён қилган Эдип тимсолида она маъбудлар ўрнини эгаллаган ота маъбудларга ва уларнинг мустабид тузуми, тартибларига, умуман, патриархал тузум қиёфасида кириб келаётган инсонни қул қилиш анъанасига қарши курашган озод инсон образини яратди. Озод инсон Эдип отасини енггач, оналик билан бирлашгач, маълум давр ўтиб унинг ўзи деспотга айланди, оқибатда хилват ва номаълум ибодатхонада ўлим топди, яъни унинг ҳаёти ҳам барча мустабидлар каби йўқликка айланди. Бундай талқинлар ХХ аср файласуфлари орасида кўплаб топилади. Софокл эса барча талқинларга дош бера олади. Унинг буюклиги шунда. 2500 йилдан бери театрлар саҳнасидан тушмай келаётганининг сабаби ҳам шунда.


Sofoklning ijodi cho’qqisi bo’lgan bu asar o’tgan 2500 yillik vaqt mobaynida jahon teatri sahnasidan tushmay kelmoqda. U hamisha dolzarb, hamisha zamonaviy, barcha tuzum va zamonlarga xos. Hali insoniyat badiiy tafakkuri tarixida «Shoh Edip» kabi fojiali qismat qalamga olinmagan.

Nazar Eshonqul
SOFOKL


090Mana, oradan 2500 yilga yaqin vaqt o’tdiki, qadimgi yunon fojianavisi, inson og’riqlari, iztiroblari, g’alayon va ojizliklarining buyuk tasvirchisi Sofokl qalamiga mansub asarlar hali-hanuz o’z qiymatini yo’qotmay, yozilgan paytlarda qanday hayajon qo’zg’agan bo’lsa, hozir ham shunday hayratlarga sabab bo’lmoqda, o’sha davrda mazkur asarlar nechog’lik ahamiyatli bo’lsa, bugungi kunda ham shunday bo’lib qolmoqda.

Sofokl asarlari vaqt yengolmaydigan, vaqt supurib tashlolmaydigan asarlar sirasiga kiradi. Aksincha, vaqt, asrlar, davrlar qanchalik olishsa, bu asarlar shunchalik ulug’vorlashadiki, bunday xususiyatga jahon adabiyotida kamdan-kam asarlar sazovor.

Tomoshabinlar, albatta, Sofoklning «Shoh Edip» asaridan va uning televariantidan xabardor. Bu mashhur tragediyadagi Edip rolini ulug’ san’atkor Sh.Burhonov o’ynagandi. Ulug’vor asarlar ulug’ iste’dodlarni dunyoga keltiradi, ulug’ sahna asarlari ulug’ aktyorlarni yaratadi. Sofoklning ulug’ligi o’zbek sahnasida yana ham ulug’vor qiyofaga kirdi.

Sofoklning ijodi cho’qqisi bo’lgan bu asar o’tgan 2500 yillik vaqt mobaynida jahon teatri sahnasidan tushmay kelmoqda. U hamisha dolzarb, hamisha zamonaviy, barcha tuzum va zamonlarga xos. Hali insoniyat badiiy tafakkuri tarixida «Shoh Edip» kabi fojiali qismat qalamga olinmagan. Bu fojia insoniyatga kimligini, uning yelkasida qanday ma’suliyat borligini, nima mumkin-u, nima mumkin emasligini bot-bot eslatib turadi: go’yo asardagi fojia inson boshi kelib uriladigan devoru, mazkur devorning mavjudligini bani basharga ibrat qilish uchun Sofokl go’yo insoniyatning badiiy tafakkuri tarixiga abadiy osib qo’ygandek. Odam hamisha o’zini fojiadan olib qochadi. U fojiadan uzoqroq yurishni istaydi, fojiadan chetlab o’tadi. Biroq fojialar bo’lmasa edi, inson saodatning farqiga bormasdi, qadriga yetmasdi.

Fojia uyg’otuvchi kuch. U tafakkurni uyg’otadi, teranlashtiradi. Fojia eskirgan davomiylik, eskirgan uzviylikning so’ngi, oxiri, yangi davomiylikning boshlanishi, chunki fojia anglangan joydan uni tuzatishga intilish, kurash boshlanadi. Shu sababli fojia kurashning darvozasidir. «Shoh Edip» asarida ham fojianing ildizi aniqlangach uzoq muddatli qurbonli kurash boshlanadi.

Miflar, ayniqsa, Sofokl asarlari, XIX-XX asrga kelib yana ham kengroq o’rganila boshlandi. Gegelь «Shoh Edip» asarini insoniyatning matriarxatdan patriarxatga o’tish jarayonining o’ziga xos ramzi deb baholadi. XIX asr mifshunosi Baxofen ham shu fikrni davom ettirib, Edipning fojiasi uning onasiga – matriarxatga bo’lgan muhabbatidadir degan. Baxofen fikriga ko’ra, Edipning otasini o’ldirishini va onasiga uylanishini to’g’ridan-to’g’ri tushunmaslik kerak, bu padarqushlik va o’z onasiga uylanish voqeasi – bor-yo’g’i matriarxat va patriarxat o’rtasidagi kurashni aks ettiradi. Edipning fojiasi padarkushlik va onasiga uylanishidamas, balki erkak bo’la turib matriarxat tuzum tarafdori bo’lganidadir. Uni aynan shuning uchun jazolashdi. Edip fikridagi uch asarda shu narsa ko’rinadiki, Edip matrirxat tarafdori, Kreont esa patriarxat timsoli sifatida gavdalanadi. Shu sababli Kreont ko’zlari ojiz bo’lgach ham Edipni Fivadan badarg’a qiladi.

XX asrning yirik faylasufi, ruhshunosi Freyd esa Sofokl asarlaridan o’z falsafiy qarashlari kontseptsiyasini topdi. U hatto psixoanalitika faniga «Edip kompleksi», «Edipokompleks» degan atamalar kiritdi. «Edip kompleki» Freyd ta’limotining asosini tashkil qiladi, bu ta’limotga ko’ra, Edipning onasiga uylanishi ong osti hislarining namoyon bo’lishidir, chunki Freyd fikricha, har bir jins o’zga jinsga nisbatan, hatto o’z onasiga bo’lgan munosabatda g’am shahvoniy mayl bilan munosabatda bo’ladi va ona-bola munosabatida ong osti jinsiy mayllari ustuvorlik qiladi.

Shoh Edip asari haqida Freyd shunday yozadi: «Shoh Edip» asari antik dunyo yunon tomoshabinini qanday larzaga solishining asosiy sababi, e’tirof etilayotgandek, taqdiri azal bilan inson irodasi o’rtasidagi to’qnashuvdir… Edip kabi bizning ichimizda ham axloqqa qarshi mayl-istaklar mavjud va bu istak payti kelishi bilan asosiy istakka aylanishi mumkin».

Freyd «Shoh Edip» asarini XX asr kishisi psixologiyasi bilan muqoyasa qilarkan, shunday xulosaga keladi: miflarni, axloqni, dinni faqat ong osti kechinmalari, ramzlari nuqtai nazaridan baholash mumkin. Freydga ko’ra, Edipning otasini o’ldirishi, onasiga uylanishi bolalikdagi inson miyasida qolgan mayllarining in’ikosidir. Freyd: «Agar biz ham bolaligimizdagi onamizga va otamizga bo’lgan miyamizda lip etib paydo bo’lgan, keyin o’chgan maylimizni xotirlay olsak, o’zimizdan o’zimiz jirkanib ketardik»,– deydi.

«Shu sababli, – deydi Freyd, – Edipning taqdiri – bu ilohiy hukm hodisasi emas, patologik hodisalar va bunday fojia har bir insonda sodir bo’lishi mumkin».

XX asrdagi boshqa faylasuflar ham «Shoh Edip» va Sofoklning qolgan asarlari haqida turli qarama-qarshi fikrlarni bayon qildilar. Sofoklning boshqa asarlari hamda faylasuflarning munozaralariga keyingi ko’rsatuvimizda batafsil to’xtalamiz.

XX asrning mashhur faylasufi Erix Fromm ham o’z falsafiy kontseptsiyasini asoslash uchun ko’plab ustoz faylasuflar kabi «Shoh Edip» asariga murojaat etdi. Fromm «Shoh Edip» qismatida insoniyat taqdirini, tug’ilishi, yuksalishi va inqirozi ramzini ko’rdi hamda asardagi taqdiri azal hukmi Shoh Edipning otasini o’ldirib, bilmasdan onasiga uylanishi voqeasida emas, balki Shoh Edipning o’zida yashirindir dedi. Ya’ni Shoh Edip yashash uchun kurashayotgan inson obrazidir.

«Bu mif, – deb yozadi Fromm, – onasiga uylanishning timsoli emas, balki o’g’ilning patriarxat otaga va uning tartiblariga munosabati timsolidir. Edipning onasiga uylanishi taqdiri azalni emas, balki bolalikda onasiga muhabbati kuchli bo’lgan bolaning tabiat hukmiga ko’ra er bo’lib yetishgach xuddi otasi kabi patrarxal tartib tarafdoriga aylanganidadir. Ya’ni bu asar inson evolyutsiyasini o’zida timsollashtiradi».

Fromm Shoh Edipning otasini o’ldirishi va onasiga uylanishini shunday tahlil qiladi. Edip va otasi o’rtasidagi qarama-qarshilik oqibatida o’g’il otani o’ldirish voqeasini to’g’ridan-to’g’ri tushunmay, timsollar nazariyasiga ko’ra baholash kerak. Bu degani Edip onasiga – matrarxatga bo’lgan muhabbati tufayli otasini inkor qildi. Inkor esa o’limdir. Onasiga uylanishini ham to’g’ridan-to’g’ri tushunmaslik lozim. Onaga uylanish yaratuvchi kuchga, yaratishga o’zni bag’ishlashdir. Sofokl otasiga isyon qilgan Edip timsolida ona ma’budlar o’rnini egallagan ota ma’budlarga va ularning mustabid tuzumi, tartiblariga, umuman, patriarxal tuzum qiyofasida kirib kelayotgan insonni qul qilish an’anasiga qarshi kurashgan ozod inson obrazini yaratdi. Ozod inson Edip otasini yenggach, onalik bilan birlashgach, ma’lum davr o’tib uning o’zi despotga aylandi, oqibatda xilvat va noma’lum ibodatxonada o’lim topdi, ya’ni uning hayoti ham barcha mustabidlar kabi yo’qlikka aylandi. Bunday talqinlar XX asr faylasuflari orasida ko’plab topiladi. Sofokl esa barcha talqinlarga dosh bera oladi. Uning buyukligi shunda. 2500 yildan beri teatrlar sahnasidan tushmay kelayotganining sababi ham shunda.

01

(Tashriflar: umumiy 16 305, bugungi 1)

Izoh qoldiring