Erkin A’zam. Bir badiha, uch suhbat

77    Китоб сиздан нон-ош сўрамайди. Уни ҳар қайдан топса бўлади. Беминнат суҳбатдош, беминнат маслаҳатгўй. Ёқмаса, ёпиб қўйишингиз мумкин, бир четга ташлаб қўйишингиз мумкин. Аммо мутолаа завқини татиб кўрган инсон кейин бир умр китобдан ажралолмайди, бир умр хумори бўлиб қолади. Турмуш ташвишлари ёки бошқа сабаб билан ҳадеганда қўлига китоб ололмас, бироқ ундан буткул кўнгил узмайди, имкон топилди дегунча яна мутолаага қайтаверади…

07Эркин Аъзам
БИР БАДИҲА ВА УЧ СУҲБАТ
021

ТЎЙМАС

     Бир одам чет элдан кўп пул билан келди. Аввал бир нечта хонадон — квартира сотиб олди, кейин шаҳарнинг эгасизроқ манзилидан зўр жой қилиб, иморат қурди. Битта эмас, албатта — қўша-қўша. Таърифлаш шарт бўлмаса керак. Дарвоқе, шу орада бир талай қўшмаю хусусий корхона ҳам барпо этди. Махсулот чиқарди, фойда олди, дуо ҳам олгандир. Қабул бўлсин.

Лекин ўзи тиним билмади. Одамга ўхшаб бемалол, баҳузур яшамади ҳисоб. Ва ана шу банда бир кечада оёқ узатди-қўйди. Ажал.

Бу умрдан саволлар қолди: ўлибгина кетар экансан, шунча даҳмаза нимага керак эди? Одамзод бир бурда нон билан ҳам тўяди-ку! Яшайман деганга одмироқ бир бошпана ҳам кифоя-ку! «Ўзингизнинг еган-ичганингизу кўнгилдан чиқариб бировга берганингизгина — сизники, қолгани бекор!» Аждодларнинг ҳаёт хулосаси шундай. Унда бунча дўкон-дастгоҳ не даркор эди?

Кўз тўймайди, кўз! Битта ҳовлим иккита бўлсин дейди, иккита мошинаси тўртта бўлишини хоҳлайди. Орзу-ҳавас эса чек-чегарасиз — Саҳройи Кабир! Жон-чи? Бир мартагина ато этиладиган умр-чи? Йўқ, бошқалар ўлса ўлар, мен ҳали-вери ўлмасам керак, деб ўйлайди. Муқаррар ажал билан шартнома тузмоқ бўлади. Беҳуда хаёл! Майли, ўлсам, орқамдаги бола-чақамга қолар-ку, деб юҳолигига таскин ҳам излайди ўзича. Тўғри, йиққани қолади. Солиҳ меросхўрлар бирини икки қилиб, асраб-авайлаб, номини эслаб-хотирлаб турса-ку, ҳарна, акс ҳолда — не-не азобу машаққатлар эвазига тўпланган мол-давлат исқот, сабил, садқаи сар!

Замон одамлари нафс балосига гирифтор бўлгани аён. Хўш, замон айбдорми ё замон берган эркинликни биргина нафс эркинлиги деб билган одамзодми? Умр деганлари, ҳаётнинг мазмуни деганлари шугинами? Бу ёруғ оламга мол-дунё йиғиш илинжидагина келган экансан-да, эй банда? Бўлмаса, бебаҳо умрни бебақо дунёга шу тариқа сарфлашда яна қандай мантиқ бор?

Кўз фақат кўрмоқ, тўймоқ учунгина эмас, билмоқ, англамоқ, демакки, оқибатни, охиратни ўйламоқ учун ҳам берилмаганми одамзодга?!

Лекин, ажабки, Иқбол Мирзо таажжуб ва таассуф ила айтганидек:

Қарасам, бешикдан тобутга қадар
Биров умр сўрар, яна биров — зар.
Берганга биттаси кўпдир, биродар,
Олганга мингтаси кам кўринади.

Умр ато этдинг, дунё неъматларини аямадинг, шукр. Энди бандангга инсоф ҳам бергил, ё Оллоҳ!

«КИТОБ ДУНЁСИ»ГА ЖАВОБЛАР
021

– Одамнинг хулқ-атвори ўзгармайди, дейдилар. Ҳадисларда ҳам шу ҳақда гап бор. Демак, инсон табиатан қандай бўлса шундайлигича қолаверади. Инсонни тарбиялаш эса бир умр давом этади… Албатта, тарбия тўғри ёки нотўғри бўлиши мумкин. Шу фикрларни назарда тутсак, инсонни тарбиялашнинг, хусусан, китоб ўқишга ундашнинг моҳият-мантиғини қандай изоҳлайсиз?

– “Инсон қандай бўлса шундайлигича қолавер”са, тарбиянинг нима кераги бор? Уни бир умр (!) тарбияламоққа на ҳожат?.. Чалкашроқ фикрми дейман-да.

Мутолаа масаласига келсак, қўлига китоб олиб кўрмаган одам ҳам бемалол бахтли, фаровон яшайвериши мумкинлиги маълум. Атрофни қаранг, сон-саноғи бормикан унақаларнинг! Тирикчилик ғамидан ўзгасини билмайдиган авомни-ку қўятурайлик, улусга пешволик даъвосида юрган казо-казоларимиз-чи? Китоб ўқийдими улар? “Шу, кутубхона қуриб нима фойда? Масалан, мен мактабда ўқиб, институтда ўқиб, бирор марта кутубхонага кирмаганман!” дея керилиб гапирган шаҳар бекларини ҳам биламиз. Демак, умрида бирор марта одамга ўхшаб ҳаётнинг асл маъно-моҳияти тўғрисида бош қотирмаган, одамга ўхшаб мутолаа лаззатидан баҳра олмаган, дили яйрамаган банда экан-да, ўзидан кўрсин!

Китоб сиздан нон-ош сўрамайди. Уни ҳар қайдан топса бўлади. Беминнат суҳбатдош, беминнат маслаҳатгўй. Ёқмаса, ёпиб қўйишингиз мумкин, бир четга ташлаб қўйишингиз мумкин. Аммо мутолаа завқини татиб кўрган инсон кейин бир умр китобдан ажралолмайди, бир умр хумори бўлиб қолади. Турмуш ташвишлари ёки бошқа сабаб билан ҳадеганда қўлига китоб ололмас, бироқ ундан буткул кўнгил узмайди, имкон топилди дегунча яна мутолаага қайтаверади.

Китоб ана шундай оҳанрабо!

Хўш, китоб инсонни фавқулодда ўзгартириб, дейлик, уни эзгу фазилатлар жамулжамига айлантириб қўя оладими? Билмадим, билмадим. Агар шуниси нақд бўлганида бутун дунё, бутун жамиятлар китобхонликни мажбурий машғулот деб эълон қиларди! Мажбурийлик эса, аёнки, акс таъсир уйғотади – китобдан ҳамма безиб кетади, қочадиган бўлади. Келинг, унинг ихтиёрий, кўнгил иши бўлиб қолгани ҳам маъқул. Чунки мутолаага чинакам меҳр қўйган одам, ҳар қанча тақиқламанг, барибир китобдан бош кўтармайди, китоббезорининг эса бошига минг муштлаганингизда ҳам натижа йўқ. Худо кўрсатмасин, бирон бало сабаб китоб ўқиш бахтидан жудо бўлмоқни тасаввур қилинг. Мутолаасиз яшаёлмайдиган киши учун бориб турган фожиа-ку бу, тўғрими?

Эсласангиз, бир вақтлар “Ўқиган – ўзар!” деган шиор бўларди. Ибратли, яхши шиор эди. Қуруқ даъват бўлиб қолмай, амалда ҳам шундай – ўқиганнинг ошиғи олчи эди-да. Замон ўзгариб, кўп нарса чалкашиб кетди. “Ўзган” деб биз бугун, афсуски, бошқа одамни биламиз. Ишонинг, машҳур олим отасининг кутубхонасига харидор қидириб юрган бадавлат ўғилни кўрганман…

Ҳамонки, жамият ўз қавмининг китоб ўқишидан манфаатдор экан, китобхонлик ҳавасини ҳар йўл билан рағбатлантирмоғи лозим. Яъни – китоб ўқийдиган, уни англаб-тушуниб хатм қиладиган маълумотли одам амалда ўзсин, ўссин, эл буни кўрсин! Ана шунда ишонч пайдо бўлади, ана шунда китобга, китобхонликка чинакам ҳавас, рағбат уйғонади. Жамият эса бундан фақат ва фақат ютади.

Тўғри, китоб ўқиган одам бирдан олижаноб инсонга айланиб қолмас, лекин унча-мунча ёвузликдан тийилиши тайин. Кишини у ҳечқурса инсоф сари йўллайди, уни кўнгилчанроқ бўлишга, маънолироқ яшашга даъват қилади, ибратлантиради. Демак, муайян даражада тарбиялар ҳам экан-да, шундайми? Шундай. Лекин бунга мойил, муносиб одамнигина, албатта!

– Ги де Мопассаннинг “Дўндиқ” новелласида ватанпарварлик туйғуси нозик бир тарзда улуғланади. Асардаги “унинг дунёқарашини ўзгартириш керак” деган сўз аслида ўз жонини сақлаш пайидаги кимсаларнинг чинакам ватанпарвар қизга нисбатан, таъбир жоиз бўлса, мафкуравий хуружи, ўз ватанига хиёнати эди. Инсонни унинг дунёқараши бошқаради. Табиатан қандай одам хиёнат қилади деб ўйлайсиз?

– Хиёнаткорнинг, умуман, бу ишга мойил одамнинг пешонасида тегишли тамғаси бўлмайди. У бениҳоя марҳаматли, олижаноб мардум кўриниши, эл ичида ҳурмат-эътибор қозонган бўлиши ҳам мумкин. Аммо, донолар айтганидек, коса кўзага текканда бари ошкор бўлади-қолади.

Хўш, нималар йўл очади бу иллатга? Менимча: нафс, ҳасад, эътиқодсизлик, туғма ожизлик, қалтис вазиятда ночор қолиш… Кўпайиб кетди-я? Бир сўз билан кифоялансак – охиратдан, демакки, худодан қўрқмаслик!

Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Ҳаётда ким ночор қолмайди? Қалтис ҳаёт-мамот вазиятига тушганда бебурдликка ёки андак бўлса-да, муросасозликка бормайдиган кимсани топиб бўлармикан? Хиёнатнинг катта-кичиги йўқ, деган гап бор. Лекин шуни мардона бўйинга олиш, пушаймонлик, виждон азобида қоврилиб юриш деган амаллар ҳам бор…
Асло кечириб бўлмайдиган хиёнатлардан худо ўзи асрасин денг!

– Китоб қайси тилда бўлса, уни ўқиган киши шу тилни ҳам яхшироқ ўргана боради. Тил – миллатнинг муҳим белгиларидан бири, у миллатни бошқаларга танитади. Эътибор берсангиз, ишбилармонлар, жаҳондаги турли корхоналарнинг эгалари турфа маҳсулотларни тарқатиш асносида қайсидир маънода ўз тилини ҳам тарғиб қилади. Назаримда, бу нафақат бизнес, балки улардаги миллий ғурурнинг бир кўринишига ўхшайди. Бундан аслида тил учун ҳамма масъуллигини англаш мумкин, худди ҳар бир юртда Ватан учун барча бирдек масъул бўлганидай. Шундай эмасми?
Боланинг дунёқараши, ота-онага, жамиятга муносабати шаклланишида, юртга меҳр қўйишида она тилининг қанчалик аҳамияти бор, шу ҳақда ҳам фикр билдирсангиз.

– Чет эл компаниялари, хориж ишбилармонлари фаолиятида бу каби фазилатлар бўлса бордир. Аммо шуни ҳам унутмангки, бизнес деганлари шафқатсиз соҳа, унинг ўзига хос қонун-қоидалари бўлади. Бунда ҳар қандай робита, муносабатдан биринчи навбатда моддий манфаат, фойда кўзланади. Агар шу баробари сиз айтган мақсадлар ҳам юзага чиқса, ўша азаматларга қуллуқ қилиш керак – юртпарвару миллатпарварлиги учун!

Кузатишимча, бизда манзара бошқачароқ. Мисол санаб ўтирмайлиг-у, кўчаларимиздаги турли-туман дўкон ва офисларнинг пештоқига бир назар солинг – бамисоли хорижпарастлик пойгаси дейсиз! Гўёки ўзимизнинг Тўйтепада тайёрланган матоҳга “бренд” аталмиш бирор ажнабий ёрлиғ ёпиштирилса, у дарҳол Ҳолландия ёки Британияда ишлаб чиқарилган маҳсулотга айланиб қоладигандек! Ишбилармон акахонларимиз она тилларини қўйиб, бировларнинг тилини тарғиб этмоққа қасам ичганми, нима бало?

Начора, миллатимизни, она тилимизни дунё бўйлаб тарғиб қилиб юрган бизнес аҳлини шахсан мен камроқ кўрганга ўхшайман. Бошқачалари учрагани рост. Яқинда Анапа шаҳрида ўтган халқаро “Киношок” фестивалида бир юртдошимизни учратдим. Қисқагина суҳбатдан билдимки, у бизнесчи экан, аллақайси фильмга продюссерлик ҳам қилганмиш. Қаранг, биздан ҳам чиқар экан-а! Нотавон кўнгилнинг илинжи – фестиваль танлов дастурида қатнашаётган бизнинг фильмимизга ҳайбаракачилик қилмоққа боргандек ҳам туюлди у менга. Гап-сўзларида шунга ишора бордек эди-да. Ҳарқалай, қаторингда норинг бўлса!.. Худо ёрлақаб ўзбек фильми фестивалнинг Бош совринига сазовор кўрилди денг! (Дарвоқе, бу хушхабарни газетангиз ҳам ёритиб бизни чандон хурсанд қилди, қуллуқ!) Аммо ўша юртдошимиз худди қўшнининг товуғи тухум қилганини эшитгандек, анчайин “Ие, зўр-ку”, деб қўйди, холос. Маълум бўлдики, биз хомтамалар хаёл қилганидек эмас, у одам бошқа дардда борган экан, пляждан бери келмади…

Ана шундай, биродар, миллату она тили тўғрисида астойдил қайғурадиган бизнесчиларимиз чиқишига ҳали талай қовун пишиғи борга ўхшайди. Ҳозирча улар бошқа нарсанинг пайида шекилли…

Саволингизнинг давомига келсак, дарҳақиқат, инсоннинг эл-юртга содиқ, меҳрли бўлиб ўсишида она тилининг ўрни, аҳамияти беқиёс. Бироқ бегона тил муҳитида тарбия топган одам ватанини, халқини унчалик қадрламайди, деган гап мунозаралироқ. Чунки бу тоифа орасида, дейлик, шахсан ўзимдан-да миллатпарастроқ, куйинчакроқ кишиларни кўп учратганман. Унақалар ўзбек тилида дуруст сўзлашолмаслигидан гоҳо астойдил хижолат чекади. Шунисига ҳам раҳмат.

– Китоб ўқиш вақт билан боғлиқ машғулот. Овруполиклар “вақт бу – пул” деса, бизда “вақт – олтиндан қиммат” дейишади. Китоб ва Вақт ҳақида нималар деган бўлардингиз?

– Мутолаа ҳам меҳнат. Меҳнат эса маълум вақт сарфини тақозо этади. “Иш кўп, китоб ўқишга вақт йўқ” дейдиганлар ана шу меҳнатдан қочадиган ишёқмаслардир, холос.

Китобга қизиққан, унга чинакам меҳр боғлаган одам ҳар қандай шароитда ҳам мутолаага вақт топади. Бошқаси – баҳона.

– Кейинги пайтларда буюк шахслар, донишмандларнинг тафаккур дурдоналарини жамлаган кўплаб китоблар нашр қилинмоқда. Неча асрлар синовидан ўтган бундай ҳикматларга маънавий эҳтиёж оз эмас.

Ҳикматларда фикр қисқа ва лўнда ифодаланади, доим нишонга бехато тегади. Фикр эргаштириш хусусиятига эга. “Гапингни ўйлаб гапир” дейилганда ана шу хусусият ҳам назарда тутилади. Ҳикматлар, содда қилиб айтганда, бизга ақл ўргатади. Юз йилларки, уларнинг ақл ўргатиши барчага бирдай ёқаверади. Демак, улар ўқишга, эргашишга арзийдиган фикрлардир. Дейлик, “Ёмон одамнинг яхшилигида ҳам хатар бор”, – қаранг, нақадар катта ва фойдали ўгит, ҳеч қачон ўлмайдиган гап! Буюк ҳикматларнинг яшовчанлик сири нимада деб ўйлайсиз?

– “Доно халқимиз” деган ибора бежиз эмас. Кўчада учраган ҳар бир одам доно бўлавермаслиги мумкин, лекин халқни мудом билгич, доно атаймиз. Нега шундай? Ҳамма бир жойга тўпланиб олиб, халққа айланиб, ҳикмату мақол-матал тўқиб ўтирмайди-ку, тўғрими? Демак, дастлаб шу фикрни кимдир бир киши айтган, кимдир бир киши уни тасдиқлаб такрорлаган, кейин шу тариқа кўпчиликка маъқул тушиб, тилдан-тилга ўтиш жараёнида у мазмунан бойиб, мукаммаллашиб борган ва оқибатда халқ даҳосининг дурдонаси бўлиб қолган. Эртаклар ҳам шундай, ўгиту топишмоқлар ҳам. Кўпчиликнинг тафаккур чиғириғида чийралгачгина у халқники, халқ ижоди, халқ мақоллари деб юритилади. Шунчаки оддий, жўн бир гапни мақол деявермаймиз-ку. Йиллар, асрлар тажрибасидан ўтиб, кишиликка ибрат ўлароқ яшаб келаётган эскирмас фикрлар қаймоғигина ҳикмат, мақол аталишга ҳақли.

Булар энди барчага маълум гаплар, ўзимдан сўзлай. Билмайман, ҳозир ҳам шундаймикан, мактабда бизга кўпдан-кўп мақоллар, маталлар ёдлатиларди. Ўта содда туюлганигами ёки катталарнинг муттасил панд-насиҳатларини эслатгани учунми, менинг бу каби ёдкашликка ҳам, мақол-маталга ҳам хушим йўқроқ эди. Энди ўйласам, болаликда одам ана шу ҳикматлар асқатадиган ҳолатларга камроқ дуч келар экан. Негаки, бола кўзига дунё ҳам ўзидек содда, икки карра икки дегандек гап! Бора-бора кўзингиз очилади, ҳаёт синовларига рўбарў бўласиз, мураккаб вазиятларда йўл кўрсатадиган оқил бир маслаҳатгўйга эҳтиёж сезасиз. Ана шунда доно халқ тажрибаси ёрдамга келади, у ёмондан йироқ юришга чорлаб, яхшига ёндашишдан дарс беради.

Бугун камина учун ҳар бир мақол – бир роман, ҳар бир ҳикматли сўз эса – устоз!

Хуллас, мақол-матални яхши билган, шуларга риоя қилиб яшайдиган одамни бемалол донишманд, халқ академиги деб атайверсангиз бўлади.

– Нима одамни китобдан совитади?

– Ҳаётдан йироқ, на кўнгилга, на шуурга бир нарса берадиган, сафсатадан иборат матоҳлар (китоб демоққа тил бормади, узр) кишини мутоладан бездирса керак-да. Лекин танлов имкони беадад-ку – қўлингиздагини бир ёққа улоқтириб, бошқасини олиб ўқинг. Яхши-яхшисини топиб-танлаб ўқинг, ютқазмайсиз!

Чинакам китобхон умуман китоблардан эмас, бирон бир бемаза асардангина совиши мумкин.

– “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, кўпчилик қизиқиб ўқийдиган китоблар ичида романлар ҳамон пешқадам экани кузатилган. Бу, “одамлар катта нарсаларни ўқишга қизиқмайди, қисқароқ, кичикроқ бўлса тезда ўқийди” деган каби мулоҳазалар унчалик тўғри эмаслигини кўрсатади. Масалан, 2010 йилда қайта нашр қилинган “Граф Монте-Кристо” романи ҳозирга қадар бир неча бор қайта-қайта чоп этилган, ноширларнинг фикрича, бунга яна талаб ортмоқда. “Ўткан кунлар” романи ҳам такрор-такрор нашр қилиняпти. (Ушбу шоҳ асарларнинг муаллифлари агар ҳаёт бўлганида ўз китобини сотиш ташвишини қилмай бемалол фақат ижод билан машғул бўлаверишармиди…) Сизнингча, бу ҳол талаб ва таклифдан келиб чиқдими, бошқача айтганда, китоб (ёки ноширлар) китобхонга эргашдими ёхуд китобхонни эргаштирдими? Айтинг-чи, бадиий адабиётда тадрижий ўсиш кузатиляптими?

– Униси ҳам, буниси ҳам бўлса керак. Дейлик, айрим китоблар ёки уларнинг сезгиру сасгир муаллифлари муайян замон талабларига, аниқроғи, ҳар қандай мафкурага “лаббай” дея пешвоз чиқароқ, номлари ҳадеб такрорланавериб, тиқиштирилавериб маълум давр, таъбир жоиз бўлса, “мода”га айланиши мумкин. Масалан, биз ўқувчилик давримизда “Она” романи ана шундай асарлардан саналарди. Уни ўқимаган, эшитмаган, ундан иншо ё баён ёзмаган ўқувчи йўқ эди ҳисоб. Бунда М.Горькийдек улкан адибнинг ўзинигина айблаш қийиндир, албатта. Чунки “Клим Самгиннинг ҳаёти”, “Тубанликда”, “Бемаврид мулоҳазалар” каби дурдоналар шу одамнинг қаламидан чиққан. Сунъий бир воқелик асос қилиниб соцреализмга бешик ясаган “Она”ни эса ҳозир унча-мунча китобхон қўлга олмаса керак.

Бунақа “ўлик сармоя”лар ўзимизнинг кечаги адабиётдан ҳам исталганча топилади. Бугунгисидан-чи демайсизми!..

Сиз номини тилга олган икки китоб бундан мустасно, албатта. Улар, шак-шубҳасиз, дурдона асарлар. Лекин ноширларнинг нуқул фойда кетидан қувиб, юҳолик қилиши ҳам тўғри эмас. Нашр сиёсатида ўзга жиҳатларни-да ҳисобга олиш даркор, чунончи, китобхонни ранг-баранг асарлар билан мунтазам таништириб бориш, адабиётнинг тўлароқ манзарасини акс эттириш дегандек. Харидоргир экан деб нуқул бир хил ашёни кўз-кўзлайвериш эса, жонга тегмаган тақдирда ҳам, фетишчиликка олиб келади, дидни якранглаштиради, қолаверса, бора-бора ўша нарсадан кўнгил қолади. Бугун китоб дўконларида қалашиб ётган саф-саф томликларни олинг. Ваҳоланки, аксарияти шоҳ асарлар, нодир китоблар! “Фалончи классикники, зўр кетади!” деб, орқа-олдимизга қарамай босиб чиқараверганмиз-да. Бошқаларнинг асарини ҳам шундай кенгроқ дастурхонга қўйиб кўрайлик-чи, билиб ўтирибсизми, балки…

Моҳиятан чандон ўзгармаган бўлса-да, адабиётни бугун хийла ўсган дейиш мумкин; тасвирий ва талқиний жиҳатлари сезиларли бойиди, воқеликнинг сиртқи баёнидан қаҳрамонлар ички дунёсидаги зиддият, мураккаблик, турфа тебранишлар ифодасига ўтилди… Ҳали мазасини татиб улгурмаган, билмаган китобхонга бу тур асарлар бирмунча эришроқ, зерикарлироқ туюлиши мумкин. Қоработирни енгиб, мурод-мақсадига етадиган рисолавий қаҳрамонларга ўрганиб кетганмиз-да. Ҳадеб эртак ўқийверган одам болага ўхшаб қолганидек…

– Китоб билан боғлиқ ёдингизда қолган воқеалардан бирини айтиб берсангиз.

– Мактабимизда китобхон болалар таниқли эди. Шулар орасида зимдан мусобақа борарди. Ким кўп ўқиса, ўша зўр! Тўғри, хўжакўрсинга кутубхонадан тўп-тўп китоб қўлтиқлаб чиқиб, тахини бузмай қайтариб келадиганлари ҳам топиларди. Ўзимни зинҳор улар сафига қўшолмайман… Бир даста китоб танладим-у, сарғиш тўлқинсимон муқовали юпқагина “брошюра” қизиқ туюлиб (кўриниши эмас, номи – “Жамила”), “беш минутда ўқиб ташлайман” деган хаёлда шуни ҳам қўшиб олибман. Шу кеча менда уйқу бўлмади – китобчанинг охирги саҳифалари йиртилган экан. Эртаси эрталаб, дарсга ҳам бормай, кутубхонага чопганим эсимда…

– “Китоб дунёси” газетасига тилакларингиз.

– “Китоб дунёси” оммавийлик касб этиб, расмона адабиёт газетасига айланганини кўпчилик эътироф этаётир. Даъвоси камтароналиги учунми, ёки “масъулияти чекланган”роқлигигами (аслида масъулияти бениҳоя зўр – китобни, адабиётни тарғиб этиш!), эҳтимол, сара-сара асарларни эмин-эркин босиб чиқараётганию узоқ-яқиндаги машҳур ижодкорларни дадил жалб қила билаётганига кўрами, ишқилиб, у энг ўқишли, мароқбахш нашрларимиздан бири бўлиб қолгани бор гап. Бу ёғига ҳам фаолияти шундай давом этишидан умидвормиз.

Камтарин мулоҳазамиз шуки, китоб шаклида кўринган ҳамма нарсага албатта ўрин бериш, манзаравий қамров баҳона, уларнинг ҳаммасини тарғиб қилиш тўғримикан? Унақа матоҳлар азза-базза муқова остида чиқиб, китоб аталганининг ўзигаёқ раҳмат десин! Сизу бизнинг вазифамиз газетхонни асл асарлар билан таништириш, шуларни кенгроқ тавсифлаш, таърифлаш эмасми?

Яна бир таклиф. “Китоб дунёси” расмий-партиявий нашрлар сингари ҳайбатли мақомда чоп этилиши шартмикан? Бизнингча, асосий мақсади маъруза босиш эмас, китоб ҳақида баҳс юритиш бўлган газетимиз китобга яқинроқ, яъни ихчамроқ бичимда чиқса асло ютқазмайди. Аксинча – ҳам ўқимоққа ўнғай, ҳам қўлга олганда салмоқлигина. Гап бир қулоч ҳайбатда эмасдир…

Сўрадингиз, мана – дилда борини айтдик. Хафагарчилик бўлмас…

ДУНЁНИНГ ЎЗИ ШУНДАЙ – САВОЛ
021

– Эркин ака, бир гурунгда “Кўнглимдаги дунём билан реал дунё ўртасида номувофиқлик сезаман”, деган эдингиз. Қийин эмасми “икки жаҳон овораси” бўлиб яшаш?

– Бундай туйғу фақат ёзадиган одамда эмас, бошқаларда ҳам бўлса керак. Ҳамма ўз кўнглида подшо, кўнгилнинг кўчаси кўп, у нималарни тусамайди, нималарни орзу қилмайди дейсиз! Яратганнинг олти миллиарддан зиёд кўнгил билан бирма-бир ҳисоблашмоқдан ўзга ташвишлари ҳам бордир… Баъзида яқин кишингиз ҳам кўнглингизга қарамаган ҳоллар бўлади-ку. Чунки унинг-да ўз кўнгли, ўз майл-хоҳишлари бор. Кўнгил бир одамга – эгасига оғирлик қиладиган матоҳ. Ўзаро меҳр-муҳаббат, мурувват деган инсоний хислатлар шу туфайли туғилмаганмикан?..

Бу жиҳатдан ёзувчи мардум бир имтиёзга эга. У жами дардини қоғозга тўкади, аламини қоғоздан олади. Бу оламдаги ўзи кўрган, ўзи билган норасоликларни хаёлида (бўлажак асарида) саралаб, ижодий ниятига мослаб, айрича бир дунё яратади ва шундан масрур, мағрур… токи кўнгли янги дард-изтиробларга тўлгунча!

Бировга дардини ёрган одам енгил тортади-ку, ўшанга ўхшаш ҳолат бу ҳам. Шунга кўра, адабиётни бир кўнгилнинг бошқа кўнгилга, кўнгилларга арзи ҳоли, ҳасрати деса ҳам бўлар.

– Табиатингизда максимализм кучли, шундай эмасми? Албатта, ёзувчи ўзидан қониқмагани дуруст, лекин ҳаддан зиёд талабчанлик сабаб, биппа-бинойи асарлар ҳузурини чиқинди савати кўриши ҳам мумкин-ку…

– Унақа саватлардан неча-нечасини тўлдирганмиз… “Шу дилтанглигинг бор экан, сендан шоир чиқишини билмадим-ов” деб куйинардилар онам болалигимда. Ҳозир ҳам бирор нима қоралаётганимда шу гап ёдимга тушаверади. Туққан боласининг феълу аъмолини она билмай ким билсин?! Лекин феълим чатоқ экан деб, қўл қовуштириб ўтиравериш керакми? Сираси, менинг ёзганларим, чиқармаларим – ана шу бемаза феълнинг устидан ғалабамдир деса бўлади. Қоғоздаги жумласи ўхшайвермаса, кўнглидагидек чиқмаса, диққати ошганидан буюк Флобер ўтириб олиб кўзёши қилар экан. Мен-ку йиғлаганимни билмайман, аммо ўзимни ношуд, ночор, истеъдоддан йироқ кимса санаб азоб чекишларим бор гап. Унча-мунча китоб ёзганимга, муҳаррирликда тажриба орттирганимга қарамай ҳамон шундай – гоҳо биргина жумлани чайнайвериб хуноб бўлиб ўтираман. Ҳолбуки, бир жумла-икки жумлангиз ғализроқ чиққани билан дунёнинг томи ўпирилиб тушмайди. Ана, бошдан-адоқ телба-тескари гаплардан иборат ёстиқдек-ёстиқдек китоблар болалаб ётибди, ўқийдигани ўқияпти, биров бориб муаллифнинг ёқасидан олаётгани ҳам йўқ!

Лекин адиблик шаънини қадрлайдиган одам эплаб ёзади-да. Шунда – ҳам ўзининг кўнгли хотиржам, ҳам китобхон миннатдор!

Сиз айтган саватни эса улоқтирганимга анча бўлди. Аниқроғи, уни энди кўнгилга кўчирганман – арзимайдиган майда-чуйдалар шунга “ташлаб” юборилаверади, яъни саватбопи ёзилмайди-қўйилади, вассалом.

– Соф ўзбекча фикрлайдиган, сўзлайдиган адабий қаҳрамонларни соғинганда беихтиёр китобларингизни қидириб қоламан. Нафис мажлисларда Сизни “сўз заргари” деб аташлари бежиз эмас: ҳар бир калимани аяб-ўйлаб ишлатасиз, “сўз бўтқаси”га-ку сира тоқатингиз йўқ. Асар матнини такрор-такрор ишласангиз керак?

– Хабарингиз бор, умр бўйи муҳаррирлик билан машғулман. Кўз унча-мунча пишиб қолганми, матн энди қоғозга хийла тўкис, равон тушади. Устидан бир-икки сидра кўрилади, албатта, аммо сиз ўйлаганчалик қоп-қора қилиб бўяб ташланмайди. Қоғозга кўчишдан аввал каллада обдон чийратиб олинади-да. Устоз Қаҳҳорга ўхшаб қайта-қайта кўчириб ёзиш йўқ, тоқат етишмайди. Бунинг учун Абдулла Қаҳҳор бўлмоқ керак.

– Латифанамо ривоят эшитганим бор. Ўтмиш подшоҳлардан бири таги кўриниб қолган хазинани тўлдириш масаласида аркони давлатни кенгашга чақирибди. Вазири аъзам ақл солиғи жорий этиш таклифини ўртага ташлабди, шундай амр берилса, ғазнани кўз очиб юмгунча тўлдиришга ваъда берибди (бориб турган оми ҳам зеҳнидан нолимай, жарақ-жарақ ақча тўлайди-да). Подшоҳ одилроқ экан, “Кўп яша, доно маслаҳатинг учун энг аввал ўзингни ақл солиғидан озод этаман” дея лутф кўрсатибди аъёнига… Хушомадгўй мулозимнинг таклифида яхшигина мантиқ бор. Ҳаётда уччига чиққан бенаво ҳам ўзини камида тан олинмаган даҳо чоғлайди. Бугунги адабиёт, умуман, санъатга бозор тутумларининг кириб келгани, одамларга хашаки маҳсулот олий нав дея тақдим этилаётганини қандай баҳолайсиз? Ё, бу табиий ҳолми – ҳамма замонда ҳам танбурнинг ноласини ноғоранинг шовқини босиб кетганми?

– “Чархи кажрафторнинг шу шеваси”га мен ҳам куяман-да. Бозор замонида ҳамма нарса пулга чақилади, адабиёту санъат асарлари ҳам олди-соттига қўйилади, деган гаплар чиққанда кўпчилик гангиб-довдираб қолгани рост. Қўл қаламга бормай, орзулар барбод бўлгандек… Биз тенги авлод бошқа муҳитда, бошқача тутумлар билан суягимиз қотган эди-да. Қаранг, эски қайдларим орасида шундай аччиқ бир ёзув бор экан: “Умримдаги энг катта фожиа – адабиётнинг қадрсизланганию ёзувчининг назардан қолгани! Бундай бўлишини билганимда, Тошкент деб юрмай Бойсунимга кетавермасмидим…”

“Дод деманглар, бутун дунёда аҳвол шунақа!” деган ҳукм пайдо бўлди кейин. Баттар саросима! Яна эшитдикки, бозорчилар тўқиган чала ҳақиқат эмиш бу, “бутун дунё”нинг ўзи ҳам мавжуд ҳолдан унчалик рози эмас, боз денг, адабиёт қаровсиз қолиб кетмаган юртлар ҳам бор экан оламда. Бундан чиқади, дунёдаги кўпчилик бир ҳовуч корчалоннинг ҳукм-қарорига лаққа тушиб, шуларнинг мафкураси, шуларнинг манфаатига хизматда юрибди!.. Айтишларича, кечаги Коллайдер васвасасига неча юз миллиард доллар сарфланганмиш. Ер юзидаги барча оч-яланғоч яшаётган болаларни кийинтириш-тўйдиришга эса бир йилда 9 млрд керак бўлар экан. Биттагина само кемасини учириш учун неча млрд харажат зарур, биласизми? Лекин одамзоднинг ёстиғини қуритаётган баъзи бир хасталикларга чора топмоққа келганда мудом маблағ етишмай қолади. Бояги бир тўп сармоядор йиғилиб олиб инсониятни чалғитиш, сарсон қилишдан завқ топмаётибдимикан деган хаёлларга ҳам борасиз гоҳо. Агар чиндан ҳам шундай ёвуз ниятли тўда бор бўлса, унинг бош мақсади аён – нафс, манфаат, ҳукмронлик! Қаранг, бугунга келиб энди эркин бозор барини жой-жойига қўяди деган башоратлар чиппакка чиқиб турибди! Хўш, бозор шунчалик мўъжизакор куч экан, унда давлатнинг касби нима, давлат нима иш қилади, тўғрими?!

Чалғиброқ кетдиг-а? Ҳали ўзингиз айтгандек, бу бозор дунёда ҳеч ким ўзини нодон санамайди, ҳеч ким молини ёмон демайди. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай ноғоранинг саси бир куни бориб босилиши муқаррар – акс ҳолда мувозанат тарозисининг шайини ишдан чиқиб, жаҳон айвонини қорин ғамидаги тўрт оёқлилар жамияти эгаллаб олади… Алҳазар! Одам боласи абадиян васваса гирдобида тўлғаниб яшамас!..

– Фалакнинг гардиши билан мутасадди идорага раҳбар этиб тайинлансангиз ва мўл-кўл ваколат берилса, санъат оламида қандай ўзгаришлар қилардингиз?

– Гапим тўғри англанса, эркинликдан бошқа нарса керак эмас – адабиётга ҳам, санъатга ҳам. Хусусан, адабиётнинг ривож топиши учун нималар даркор дейсиз? Аввало, “уни ёз, буни ёз, ана шунда ҳамма ишинг яхши бўлади” деб ёзувчини чалғитмаслик керак; кейин – ёзилган асарга муносиб ҳақ тўлаш лозим (ҳозир баъзи нашриётлар эллик-юз нусха китоб “ҳадя” этиб муаллифдан қутулмоқда); ва ниҳоят, нашр этилган китоб фақат “Шарқ зиёкори” ёки шунга ўхшаш тўрт-бештагина дўконга чиқарилмай, ҳув бир вақтлардаги каби мамлакатнинг барча кенту қишлоғига етказиб берилмоғи зарур. Бор-йўғи беш минг дона чиқадиган китоб ана шунда ҳам тарқалмаса, ўқилмай қолса, муаллифи ўзидан кўрсин – унинг асарини қайтиб чоп этманг, вассалом!

Жуда оддий шартлар-а, тўғрими? Лекин шуниёқ амалга оширсангиз аҳвол нақадар ўзгаришини кўрасиз. Камина Москвадаги китоб дўконларида бўлганман – Ипподром бозорингиздан ҳам гавжум!

Кино ёки театрга ўтсак, бунда манзара бирмунча бошқачароқ. Бу соҳалар баайни томошабиннинг таъбига қул бўлиб қолган. Асарнинг сифат-савияси билан уч-тўртта мутахассисдан бўлак ҳеч кимнинг иши йўқ. “Ие, бу нимаси?” десангиз, жавоб тайёр – “Ана, томошабин келяпти, кўряпти, бўлди-да!” Нимани кўраётир, кўрган нарсасидан нима баҳра олаётир – охирги, энг охирги масала!

Хуллас, серғалва соҳа бу. Қўйинг, фалакнинг гардиши унақа идораларга йўлатмасин денг.

– Сизнингча, ёзувчи-шоирнинг сиёсат билан машғуллигидан ўзи ва жамият қандай наф (зарар) кўради? Мансаб дегани ижод кишисини чалғитиб-чеклаб қўймайдими?

– Шу кўчаларда улоқиб кўрган акангизнинг гапига ишонаверинг – ҳар ким қўлидан келган ишни қилгани маъқул! Шеърини эсдан чиқариб бошқа муқомларга йўрғалай бошладими, билингки, у аслида шоир бўлмаган ёинки “воситаи жоҳ”

– бир нималарга эришмоқ учунгина сатр тизиб юрган қофиякаш, холос. У ёқни ҳам обод қилолмай бир куни юксак пиллапоялардан думалаб тушиб келгач, ноилож тағин назмбозликка киришади, қатор-қатор қилиб китоб чиқара бошлайди, аммо энди уларнинг ичидан шеърга ўхшаганини тополмайсиз – кўнгил ўзга илинжларда юра-юра қуриб адо бўлган!

Шу саволингизни ўйлайтуриб негадир раҳматли Муҳаммад Юсуфнинг “Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр” деган ажиб шеъри ёдимга тушди. Бир боғлиқлиги бўлса керак-да…

– “Адабиёт – халоскор!” деб хитоб қиламиз мислсиз ҳаяжон билан. “Адабиётсиз миллатнинг эртанги куни йўқ!” деб айюҳаннос соламиз. Лекин очиқ кўз билан атрофимизга қарайлик, ақалли битта китобни ёлчитиб ўқимаган замондошимиз “икки оёқли китоб”ларнинг тушига кирмайдиган шароитда ҳаёт кечиряпти (зинҳор кўролмаслик эмас бу, агар ростдан ҳам ҳалолдан топаётган бўлса, қандини урсин!). Бу ёқда зафарларига қаноат қилмаган “оммавий маданият” тиш-тирноғигача қуролланган лак-лак лашкари билан жадал бостириб келаётир. Шундай вазиятда адабиётнинг нажоткор кучига ишончингиз қолганми?

– Баландпарвоз хитоблару шиорларга хушим йўқроқ, укам… Тўғри, бари тўғри, мазмунан бенуқсон гаплар, олижаноб даъватлар. Лекин ҳадеб шуларни чайнайвермасдан, кишини ишонтирадиган амалий бир нималар ҳам қилмоғимиз керак-да энди. Буниси азза-базза қалам ушлаган сиз билан бизга боғлиқ.

Китоб ўқимаса-да, ошиғи олчи бўлиб юрган замондошлар масаласига келганда эса, шуни унутмангки, жамият ёппасига адабиёт шайдосига айланолмайди. Ҳеч қачон, ҳеч бир тузумда. Адабиётга ишқибозлик ҳам, ёзиб-чизиш машғулоти ҳам – кўнгил майли. Сиртдан қилинадиган зуғумни кўтармайди у. Менга қолса, шоир-ёзувчилик бир далли-девонанинг иши деган бўлардим. Айниқса, бугунги замонда. Тўғри-да, не-не ҳаётий ишларни қўйиб, ҳали биров ўқийдими-йўқми, номаълум, бир ўзингиз бир хилватда алланималарни ёзиб ўтирсангиз!.. Лекин каминага таскин берадигани – бу иш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди! “Ўгай эрсак не тонг соғлар орасида!” дейди-ку Абдулла акамиз (Орипов). Диққат қилсангиз, бу гапнинг замирида мискинликдан фахр, саралик даъвоси ҳам бор. Нафсиламри, одам яхши ҳаёт кечириш мақсадида китоб ўқимайди ёки қўлига қалам тутмайди.

Ёш, бўз-бўйдоқ кезларимиз эди денг. Икки дўст, икки навқалам собиқ Инқилоб хиёбонидаги қаҳвахонада ўтирибмиз. Атрофда ўйин-кулги. Усти-бошимиз хароброқ эканми, бирорта қиз биз томонга ўгирилиб қарамайди, бари пўрим йигитчаларга маҳлиё. Шунда дўстимнинг алам билан столга муштлаб айтган сўзлари эсимда: “Булар ҳикоя ёзолмайди барибир!..” Зўр-а? Ҳали-ҳамон шу ҳунаримиз билан марсиниб-мағрурланиб юрибмиз-да, иним.

“…Тиш-тирноғигача қуролланган лак-лак лашкари билан бостириб…” Қўрқитманг-да одамни! Аммо хавотирингизда жон бор. Атрофга қаранг, китоб ёзгичи шу қадар кўпайдики, қаламингизни синдириб отгингиз келади. Қўлбола киносозларни айтмайсизми! Шу соҳага алоқадорлигингиздан орланиблар кетасиз… Майли, шошилмайлик, бозингарлик қилавериб буларингиз ҳам бир кун ҳолдан тояр ахир, мухлислари ҳам безиб бўлар. Халқ анойи эмас, оқу қоранинг фарқига боради. Бир куни қарабсизки… Келинг, шунисига умид боғлаб турайлик. Чунки бошқа чора йўқ. Бўлса ҳам, соч-соқоли оқарган бу мўйсафидингиз билмайди…

– Эркин ака, саволим кескинроқ бўлса, маъзур тутасиз. Сиз мансуб авлод Ғарб салафларини алоҳида меҳр билан мутолаа қилди, шунга яраша катта адабиётга залворли даъволар билан кириб келди. Лекин… мактаб кўрган бу авлод ҳам ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқолмади. Бунинг учун сизларга нима етишмади?

– Жаҳонга чиқиш деганда нимани назарда тутяпсиз? Ўзбек адабиётининг чет тилларга таржима этилишиними? Кечаги замонда, “тенглик ақидаси”га биноан, айрим оқсоқол адибларнинг асарлари рус тили орқали турли хориж тилларига таржима қилингани маълум. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш тажриба бор, тўрт-бешта шеъримиз ёки тарихий мавзудаги ул-бу китобимиз четда кўринса, адабиёт газетамизда мамнуният билан бонг уриб турибмиз. Лекин уни ким ўқияпти, ўқиб нима деяпти – у ёғи номаълум. Дарвоқе, ўзимизнинг кўнглимиз тўлмаган нимарсалар “Тўйтепадан нари” ўтиб бирон шараф келтиришига ишонч ҳам йўқ.

Тўғри, биз тенгилар жаҳон адабиётини унча-мунча ўқидик, ўргандик, ҳайратларга тушдик, аммо бўйлашиб бир нималар қилмоққа қолганда жўн-жайдари қарашу андишалардан юксала олмадик. Аввало, соцреализм ақидалари тушов бўлди (оқаваси ҳамон сезилади), қолаверса, ҳаёт материали билан иш кўришда зеҳниятимизга хос баъзи бир сипогарчиликлар қўлимиздан тутди. Тил билишу таржима масалалари ўз йўлига. Бу борада ҳам истеъдодлиларимизда уддабуронлик етишмади, чаққонроқларимизда – истеъдод.

Яна бир сабаби – сиз айтган авлод чинакам адабиётга юзлашиб келганда сўз санъатига бўлган ялпи рағбат сусайди, сўнди. Бозор бошланди! Бу тўполонда калавамизни йўқотиб қўйганимизни ҳали қистириб ўтдим.

У эмас, бу эмас, катта майдонга чиқиб бормоққа, афсуски, бизда етарли шижоат ҳам, жасорат ҳам йўқ экан. Асл бадиий кашфиёт дунёга келса, ҳар қандай тўсиғу ғовларни енгиб, бугун бўлмаса, эртага ўша сиз орзу қилган марраларга етиб боражак. Катта элмиз, ниятни яхши қилайлик, нима дедингиз?

Жаҳонга чиқиш деганда, анови бразилиялик “сеҳргар” Пауло Коэльога ўхшашларни назарда тутган бўлсангиз, каминангизнинг у хил адабиётга ихлоси зўр эмас…

– Зиёли аҳли ўзини нималар деб кўкка кўтармайди! Миллат виждони, жамият устуни, маънавий иллатларга даво улашувчи ҳозиқ табиб… Сирасини айтганда, жамият қандайлигини билиш учун зиёли ҳолига ҳам боқиш керак. Бугунги ўзбек зиёлисини миллат виждони деб алқашга журъатингиз етадими?

– Кўнглида не бир даъволари бўлса бордир, аммо “мен миллат виждониман, жамият устуниман” дея кўкрагига уриб чиққан одамни учратганим йўқ. Жамият зиёлиларни шундай деб билади, улардан шундай бўлмоқни кутади десангиз, бу энди бошқа гап. Лекин бунинг учун жамият ҳам зиёли томон юз буриши, унга қулоқ тутиши, уни эъзозлаши лозим эмасми? Таассуфки, бугун кўпчилик асосан дунё матоҳларига маҳлиё, бўш қолганида эса шоу-бизнес шоввозларининг оғзига тикилиб тўймаяпти…

Бугунги зиёлиларимизни ёппасига виждонсиз десак… виждонсизлик бўлар. Бироқ бу туйғу худбинлик ва лоқайдликка ўрин бўшатиб, хийла карахтланиб қолгани бор гап.

Сираси, бу ачинарли таносуҳ зиёлининг ўзигагина боғлиқ бўлмаса керак.

– Ёзувчилик ортидан қозон қайнатиш – профессионалликнинг бир белгиси. Бу жиҳатдан ўзингизни ким деб атайсиз: профессионалми ё ҳаваскор? Бир йигитга қирқ ҳунар оз, ёзувчиликдан бошқа недир иш қўлингиздан келадими?

– Муҳаррирлик-чи? Билсангиз, қирқ йилдан буён матбуотда шу ҳунар билан юрибман, шунинг устидан нон еб келаман. Бир вақтлар йўриғи бошқа эди, аммо бугунги кунда фақат ёзувчилик билан кун кўраётган кишини топиб беринг-чи! Профессионаллик – қўлингиздаги ишга муносабат, маҳоратнинг муайян даражаси дегани, еб-ичиш ё ҳаёт тарзи эмас!

Каминага келсак, қилаётган ишимизга қараб баҳо бераверасиз-да: профессионал дейсизми, чала профессионалми – у ёғи ихтиёрингизга ҳавола.

– Эркин Аъзам “оғир вазнли” режиссёрлар орасида сценарийлари талаш кинодраматург ҳам саналади. Асарларингиз асосида “Чантриморэ”, “Пиёда”, “Эркак”, “Дилхирож”, “Забаржад”, “Жаннат қайдадир”, “Сув ёқалаб”… фильмлари олинди. Сиз учун кино нима: шунчаки ҳавасми ё анчайин даромад истаги? Балки насрда айтолмаган дардларингизни сўйлаш учун “қудуқ”дир?..

– Ҳавас бўлса кераг-ов. Чунки, ишонсангиз, сиз тилга олган фильмларнинг айримларидан бир тийин ҳам кўрганим йўқ (сўраб бормоққа тортинганман) ёки қалам ҳақидан ихтиёран воз кечганман (ижодий сабабларга кўра, билганлар билади, тарихи бор).

Дастлабки насрий машқларимданоқ ўқиган баъзилар кино санъатига яқинлигимни айтиб башорат қиларди, ўзим эса унга йўламоққа журъат этолмай юрардим. Мана, бугун ўнтача фильмга дахлдорман, лекин деярли ҳар сафар қониқмай, бу соҳадан кўнгил узиб кетгим келган. Кейин эса яна… Кино менга суюкли, аммо бирга яшаш мушкул бўлган жафокор аёлга ўхшайди.

– Габриэль Гарсиа Маркес “Агар худо умримни узайтирса эди, бошқалар ухлаганда мен бедор бўлардим, ўзгалар гапирганда мен соме бўлардим”, деб ёзади васият-мактубида. Агар вақт ғилдираги ортга айланиб, 18 ёшли йигитча бўлиб қолсангиз (бу бола бориб турган анойи экан-ку, дейишингиз турган гап, лекин барибир фикрингизни билиш қизиқ-да), ҳаётда нималарни ўзгартирган бўлардингиз?

– Ўйлаб кўрсам, гоҳ ул-бул дардни баҳона қилиб, гоҳо дангасалигу кераксиз даҳмазалар орқасида, нари-бери, ўн беш йилдан ортиқ умр бекор ўтибди. Шуни камайтириш пайидан бўлардим шекилли. Яна ким билади дейсиз, гапириш осон… Насиб қилгани экан-да.

– Ижодкор аҳли ҳис-ҳаяжонга берилувчан келади. Ўзи эгнида жанда, лекин бутун дунё гўзаллари бошидан зар сочгудек шаҳд билан ашъор битади. Ана, Шероз жононининг нуқтадек қаро холига ўйлаб-нетиб ўтирмай, бирваракайига Самарқанду Бухорони нисор этишга шай Ҳофизнинг ҳотамтойлигини эсланг! Жиддиятга кўчадиган бўлсак, ижодкор учун муносиб умр йўлдоши довоту қаламдек зарур, менимча. Билмадим, олдин бу савол Сизга берилганми-йўқми, айтинг-чи, фарзандларингизнинг онаси ижодингизда қандай ўрин тутади?

– Ижод-пижодни (шу сўзга негадир тоқатим йўқ) қўятурайлиг-у, лекин ҳаётимда… бошқасини тасаввур қилолмайман. Тўғри, кўп қатори, жаҳл устида майда-чуйда можароларга борилгандир, кўнгилдан гоҳо ўкинч-пушаймонлар кечгани ҳам рост. Кейин, ўзимга келгач эса, ҳар гал иқрор бўлганман: йўқ, менинг расво феълимга шундан ўзгаси чидаёлмас эди, пешонага битилгани шу, нолимоққа асос йўқ! Аёлим бошқа соҳанинг одами (ҳозир уйда ўтиради, албатта, невараларга бош бўлиб), ажабланманг, у менинг нечта китоб ёзганиму айни кунда нима ёзаётганимни билмаслиги, қизиқмаслиги мумкин – шуниси ҳам каминага маъқул. Бироқ столда иш бошладим дегунча, фавқулодда меҳрибон, гирдикапалак бўлиб қолади. Воқеан, кейинги вақтларда “камроқ ёзинг” дейдиган бўлган, “камроқ чекинг” дегани. Ишга ўтирганда кўпайиб кетади-да савил.

– Хонаси келиб қолди, оилавий тарбия тутумингиз ҳақида ҳам айтиб беринг. Болаларни қандай таомилда тарбиялагансиз? Рисоладаги оталарданмисиз? Дарвоқе, фарзандларингиз Сизни ўқийдими?

– Хонаси келган экан, мен ҳам айтай: болаларимнинг тарбияси билан бевосита шуғулланмаганман, бу ишга вақтим ҳам, уқувим ҳам бўлмаган. Ҳаммаси онасига эргашиб ўсди, балки шунинг учундир, учаласи ҳам (бири қиз) бамаъни, батартиб, улардан норозиман деёлмайман. Албатта, отадан ҳам нималардир ўтган бўлса керак: тўғрисўзликми, тиришқоқликми, ҳаром-ҳаришдан ҳазар дегандай.

Киноларимни кўришган, кўнглимга борибми, “яхши, яхши” деб қўйишади. Баъзи китобларимни ҳам ўқиган чиқар, сўраёлмайман, мажбур ҳам қилмайман: ўқиб, “отамиз бунча хароб ёзар экан-а” дейишмасин, қўйинг, сирли бўлиб юрганим тузук. Умуман, бировга китоб ёки қўлёзма берсам, токи ўзи сўз очмагунча сўрамоққа ботинолмайман. Сиртдан унча-мунча дадил кўринганим билан – аҳвол шу.

– Ўзингизни кимдандир қарздор ҳис қиласизми?

– Ота-онадан ташқари… Худо кўрсатмасин, кўнгилга яқин одамларимдан бирортаси оламдан ўтгудек бўлса, “воҳ!” деб қоламан доим, кўп замонлар ўша кишининг руҳи олдида ўзимни қарздор сезиб, ўкинчу пушаймонликда ўртаниб юраман. Унутилмас Асқад Мухтор, Озод Шарафиддинов, Неъмат Аминов, Машраб Бобоев каби устозлар, акаларим мени ана шундай қарздор этиб кетган. Оллоҳ рози қилсин.

– “Шеър ёзишдан нафратланган пайтларим бўлган. Дунёда шоирлар кўп, катта-катта кутубхоналар бор, шуларни ўқиб бемалол яшаса бўлади-ку. Нега мен шеър ёзишим керак?” Бу ринднафас шоиримиз Рауф Парфининг бўялмаган, бежалмаган иқрори. Сизда ҳам “Ёзмасам нима қиларди” деган кайфият бўлганми ҳеч?

– Ҳаммада ҳам бўлса керак бундай ҳолат, бундай кайфият. Ҳадеб жумла ясайвериш баъзида жонга тегиб кетади, “Шуни ёзиб нима қилдим-а, кимга керак, нима фойда?” деган шубҳа-гумонларга борасиз. Озроқ ташлаб қўйиб, руҳан янгиланиб, ёзишни соғиниб, кейин яна бошлайсиз. Ё, қўлингиздан бошқа иш келадими? Келса – қўйинг, ёзишни бас қилиб ўшанга уннаганингиз маъқул.

– Ҳаётда жавобини тополмаган саволларингиз бордир – шуни ҳам билсак…

– Ҳаётнинг ўзи шундай савол-ку… Фозил Искандар деган ажиб бир ёзувчи бор, биласиз. Келинг, гапнинг қолганини шу одамдан эшитайлик:

“Нимасини айтай, биз туғилмасимизданоқ хомталаш бўлган бу дунёда яна туғилишни орзу қилмоққа арзийдиган ҳеч нарсани кўрмадим. Ўлат тарқалган заминни безаб турадиган бирдан-бир нарса – эркаклар ўртасидаги беғараз биродарлик… Бу оламда сотилмайдиган ва сотиб олинмайдиган нарса ҳам бўлиши керак-ку, ахир!”

Собиржон ЁҚУБОВ суҳбатлашди

Манбаъ: «JannatMakon» журнали (2012, май)

Kitob sizdan non-osh so‘ramaydi. Uni har qaydan topsa bo‘ladi. Beminnat suhbatdosh, beminnat maslahatgo‘y. Yoqmasa, yopib qo‘yishingiz mumkin, bir chetga tashlab qo‘yishingiz mumkin. Ammo mutolaa zavqini tatib ko‘rgan inson keyin bir umr kitobdan ajralolmaydi, bir umr xumori bo‘lib qoladi. Turmush tashvishlari yoki boshqa sabab bilan hadeganda qo‘liga kitob ololmas, biroq undan butkul ko‘ngil uzmaydi, imkon topildi deguncha yana mutolaaga qaytaveradi…

04Erkin A’zam
BIR BADIHA VA UCH SUHBAT
021

TO‘YMAS

Bir odam chet eldan ko‘p pul bilan keldi. Avval bir nechta xonadon — kvartira sotib oldi, keyin shaharning egasizroq manzilidan zo‘r joy qilib, imorat qurdi. Bitta emas, albatta — qo‘sha-qo‘sha. Ta’riflash shart bo‘lmasa kerak. Darvoqe, shu orada bir talay qo‘shmayu xususiy korxona ham barpo etdi. Maxsulot chiqardi, foyda oldi, duo ham olgandir. Qabul bo‘lsin.

Lekin o‘zi tinim bilmadi. Odamga o‘xshab bemalol, bahuzur yashamadi hisob. Va ana shu banda bir kechada oyoq uzatdi-qo‘ydi. Ajal.

Bu umrdan savollar qoldi: o‘libgina ketar ekansan, shuncha dahmaza nimaga kerak edi? Odamzod bir burda non bilan ham to‘yadi-ku! Yashayman deganga odmiroq bir boshpana ham kifoya-ku! “O‘zingizning yegan-ichganingizu ko‘ngildan chiqarib birovga berganingizgina — sizniki, qolgani bekor!” Ajdodlarning hayot xulosasi shunday. Unda buncha do‘kon-dastgoh ne darkor edi?

Ko‘z to‘ymaydi, ko‘z! Bitta hovlim ikkita bo‘lsin deydi, ikkita moshinasi to‘rtta bo‘lishini xohlaydi. Orzu-havas esa chek-chegarasiz — Sahroyi Kabir! Jon-chi? Bir martagina ato etiladigan umr-chi? Yo‘q, boshqalar o‘lsa o‘lar, men hali-veri o‘lmasam kerak, deb o‘ylaydi. Muqarrar ajal bilan shartnoma tuzmoq bo‘ladi. Behuda xayol! Mayli, o‘lsam, orqamdagi bola-chaqamga qolar-ku, deb yuholigiga taskin ham izlaydi o‘zicha. To‘g‘ri, yiqqani qoladi. Solih merosxo‘rlar birini ikki qilib, asrab-avaylab, nomini eslab-xotirlab tursa-ku, harna, aks holda — ne-ne azobu mashaqqatlar evaziga to‘plangan mol-davlat isqot, sabil, sadqai sar!

Zamon odamlari nafs balosiga giriftor bo‘lgani ayon. Xo‘sh, zamon aybdormi yo zamon bergan erkinlikni birgina nafs erkinligi deb bilgan odamzodmi? Umr deganlari, hayotning mazmuni deganlari shuginami? Bu yorug‘ olamga mol-dunyo yig‘ish ilinjidagina kelgan ekansan-da, ey banda? Bo‘lmasa, bebaho umrni bebaqo dunyoga shu tariqa sarflashda yana qanday mantiq bor?

Ko‘z faqat ko‘rmoq, to‘ymoq uchungina emas, bilmoq, anglamoq, demakki, oqibatni, oxiratni o‘ylamoq uchun ham berilmaganmi odamzodga?!

Lekin, ajabki, Iqbol Mirzo taajjub va taassuf ila aytganidek:

Qarasam, beshikdan tobutga qadar
Birov umr so‘rar, yana birov — zar.
Berganga bittasi ko‘pdir, birodar,
Olganga mingtasi kam ko‘rinadi.

Umr ato etding, dunyo ne’matlarini ayamading, shukr. Endi bandangga insof ham bergil, yo Olloh!

“KITOB DUNYOSI”GA JAVOBLAR
021

– Odamning xulq-atvori o‘zgarmaydi, deydilar. Hadislarda ham shu haqda gap bor. Demak, inson tabiatan qanday bo‘lsa shundayligicha qolaveradi. Insonni tarbiyalash esa bir umr davom etadi… Albatta, tarbiya to‘g‘ri yoki noto‘g‘ri bo‘lishi mumkin. Shu fikrlarni nazarda tutsak, insonni tarbiyalashning, xususan, kitob o‘qishga undashning mohiyat-mantig‘ini qanday izohlaysiz?

– “Inson qanday bo‘lsa shundayligicha qolaver”sa, tarbiyaning nima keragi bor? Uni bir umr (!) tarbiyalamoqqa na hojat?.. Chalkashroq fikrmi deyman-da.

Mutolaa masalasiga kelsak, qo‘liga kitob olib ko‘rmagan odam ham bemalol baxtli, farovon yashayverishi mumkinligi ma’lum. Atrofni qarang, son-sanog‘i bormikan unaqalarning! Tirikchilik g‘amidan o‘zgasini bilmaydigan avomni-ku qo‘yaturaylik, ulusga peshvolik da’vosida yurgan kazo-kazolarimiz-chi? Kitob o‘qiydimi ular? “Shu, kutubxona qurib nima foyda? Masalan, men maktabda o‘qib, institutda o‘qib, biror marta kutubxonaga kirmaganman!” deya kerilib gapirgan shahar beklarini ham bilamiz. Demak, umrida biror marta odamga o‘xshab hayotning asl ma’no-mohiyati to‘g‘risida bosh qotirmagan, odamga o‘xshab mutolaa lazzatidan bahra olmagan, dili yayramagan banda ekan-da, o‘zidan ko‘rsin!

Kitob sizdan non-osh so‘ramaydi. Uni har qaydan topsa bo‘ladi. Beminnat suhbatdosh, beminnat maslahatgo‘y. Yoqmasa, yopib qo‘yishingiz mumkin, bir chetga tashlab qo‘yishingiz mumkin. Ammo mutolaa zavqini tatib ko‘rgan inson keyin bir umr kitobdan ajralolmaydi, bir umr xumori bo‘lib qoladi. Turmush tashvishlari yoki boshqa sabab bilan hadeganda qo‘liga kitob ololmas, biroq undan butkul ko‘ngil uzmaydi, imkon topildi deguncha yana mutolaaga qaytaveradi.

Kitob ana shunday ohanrabo!

Xo‘sh, kitob insonni favqulodda o‘zgartirib, deylik, uni ezgu fazilatlar jamuljamiga aylantirib qo‘ya oladimi? Bilmadim, bilmadim. Agar shunisi naqd bo‘lganida butun dunyo, butun jamiyatlar kitobxonlikni majburiy mashg‘ulot deb e’lon qilardi! Majburiylik esa, ayonki, aks ta’sir uyg‘otadi – kitobdan hamma bezib ketadi, qochadigan bo‘ladi. Keling, uning ixtiyoriy, ko‘ngil ishi bo‘lib qolgani ham ma’qul. Chunki mutolaaga chinakam mehr qo‘ygan odam, har qancha taqiqlamang, baribir kitobdan bosh ko‘tarmaydi, kitobbezorining esa boshiga ming mushtlaganingizda ham natija yo‘q. Xudo ko‘rsatmasin, biron balo sabab kitob o‘qish baxtidan judo bo‘lmoqni tasavvur qiling. Mutolaasiz yashayolmaydigan kishi uchun borib turgan fojia-ku bu, to‘g‘rimi?

Eslasangiz, bir vaqtlar “O‘qigan – o‘zar!” degan shior bo‘lardi. Ibratli, yaxshi shior edi. Quruq da’vat bo‘lib qolmay, amalda ham shunday – o‘qiganning oshig‘i olchi edi-da. Zamon o‘zgarib, ko‘p narsa chalkashib ketdi. “O‘zgan” deb biz bugun, afsuski, boshqa odamni bilamiz. Ishoning, mashhur olim otasining kutubxonasiga xaridor qidirib yurgan badavlat o‘g‘ilni ko‘rganman…

Hamonki, jamiyat o‘z qavmining kitob o‘qishidan manfaatdor ekan, kitobxonlik havasini har yo‘l bilan rag‘batlantirmog‘i lozim. Ya’ni – kitob o‘qiydigan, uni anglab-tushunib xatm qiladigan ma’lumotli odam amalda o‘zsin, o‘ssin, el buni ko‘rsin! Ana shunda ishonch paydo bo‘ladi, ana shunda kitobga, kitobxonlikka chinakam havas, rag‘bat uyg‘onadi. Jamiyat esa bundan faqat va faqat yutadi.

To‘g‘ri, kitob o‘qigan odam birdan olijanob insonga aylanib qolmas, lekin uncha-muncha yovuzlikdan tiyilishi tayin. Kishini u hechqursa insof sari yo‘llaydi, uni ko‘ngilchanroq bo‘lishga, ma’noliroq yashashga da’vat qiladi, ibratlantiradi. Demak, muayyan darajada tarbiyalar ham ekan-da, shundaymi? Shunday. Lekin bunga moyil, munosib odamnigina, albatta!

– Gi de Mopassanning “Do‘ndiq” novellasida vatanparvarlik tuyg‘usi nozik bir tarzda ulug‘lanadi. Asardagi “uning dunyoqarashini o‘zgartirish kerak” degan so‘z aslida o‘z jonini saqlash payidagi kimsalarning chinakam vatanparvar qizga nisbatan, ta’bir joiz bo‘lsa, mafkuraviy xuruji, o‘z vataniga xiyonati edi. Insonni uning dunyoqarashi boshqaradi. Tabiatan qanday odam xiyonat qiladi deb o‘ylaysiz?

– Xiyonatkorning, umuman, bu ishga moyil odamning peshonasida tegishli tamg‘asi bo‘lmaydi. U benihoya marhamatli, olijanob mardum ko‘rinishi, el ichida hurmat-e’tibor qozongan bo‘lishi ham mumkin. Ammo, donolar aytganidek, kosa ko‘zaga tekkanda bari oshkor bo‘ladi-qoladi.

Xo‘sh, nimalar yo‘l ochadi bu illatga? Menimcha: nafs, hasad, e’tiqodsizlik, tug‘ma ojizlik, qaltis vaziyatda nochor qolish… Ko‘payib ketdi-ya? Bir so‘z bilan kifoyalansak – oxiratdan, demakki, xudodan qo‘rqmaslik!

Hammamiz ham xom sut emgan bandamiz. Hayotda kim nochor qolmaydi? Qaltis hayot-mamot vaziyatiga tushganda beburdlikka yoki andak bo‘lsa-da, murosasozlikka bormaydigan kimsani topib bo‘larmikan? Xiyonatning katta-kichigi yo‘q, degan gap bor. Lekin shuni mardona bo‘yinga olish, pushaymonlik, vijdon azobida qovrilib yurish degan amallar ham bor…
Aslo kechirib bo‘lmaydigan xiyonatlardan xudo o‘zi asrasin deng!

– Kitob qaysi tilda bo‘lsa, uni o‘qigan kishi shu tilni ham yaxshiroq o‘rgana boradi. Til – millatning muhim belgilaridan biri, u millatni boshqalarga tanitadi. E’tibor bersangiz, ishbilarmonlar, jahondagi turli korxonalarning egalari turfa mahsulotlarni tarqatish asnosida qaysidir ma’noda o‘z tilini ham targ‘ib qiladi. Nazarimda, bu nafaqat biznes, balki ulardagi milliy g‘ururning bir ko‘rinishiga o‘xshaydi. Bundan aslida til uchun hamma mas’ulligini anglash mumkin, xuddi har bir yurtda Vatan uchun barcha birdek mas’ul bo‘lganiday. Shunday emasmi?
Bolaning dunyoqarashi, ota-onaga, jamiyatga munosabati shakllanishida, yurtga mehr qo‘yishida ona tilining qanchalik ahamiyati bor, shu haqda ham fikr bildirsangiz.

– Chet el kompaniyalari, xorij ishbilarmonlari faoliyatida bu kabi fazilatlar bo‘lsa bordir. Ammo shuni ham unutmangki, biznes deganlari shafqatsiz soha, uning o‘ziga xos qonun-qoidalari bo‘ladi. Bunda har qanday robita, munosabatdan birinchi navbatda moddiy manfaat, foyda ko‘zlanadi. Agar shu barobari siz aytgan maqsadlar ham yuzaga chiqsa, o‘sha azamatlarga qulluq qilish kerak – yurtparvaru millatparvarligi uchun!

Kuzatishimcha, bizda manzara boshqacharoq. Misol sanab o‘tirmaylig-u, ko‘chalarimizdagi turli-tuman do‘kon va ofislarning peshtoqiga bir nazar soling – bamisoli xorijparastlik poygasi deysiz! Go‘yoki o‘zimizning To‘ytepada tayyorlangan matohga “brend” atalmish biror ajnabiy yorlig‘ yopishtirilsa, u darhol Hollandiya yoki Britaniyada ishlab chiqarilgan mahsulotga aylanib qoladigandek! Ishbilarmon akaxonlarimiz ona tillarini qo‘yib, birovlarning tilini targ‘ib etmoqqa qasam ichganmi, nima balo?

Nachora, millatimizni, ona tilimizni dunyo bo‘ylab targ‘ib qilib yurgan biznes ahlini shaxsan men kamroq ko‘rganga o‘xshayman. Boshqachalari uchragani rost. Yaqinda Anapa shahrida o‘tgan xalqaro “Kinoshok” festivalida bir yurtdoshimizni uchratdim. Qisqagina suhbatdan bildimki, u bizneschi ekan, allaqaysi filmga prodyusserlik ham qilganmish. Qarang, bizdan ham chiqar ekan-a! Notavon ko‘ngilning ilinji – festival tanlov dasturida qatnashayotgan bizning filmimizga haybarakachilik qilmoqqa borgandek ham tuyuldi u menga. Gap-so‘zlarida shunga ishora bordek edi-da. Harqalay, qatoringda noring bo‘lsa!.. Xudo yorlaqab o‘zbek filmi festivalning Bosh sovriniga sazovor ko‘rildi deng! (Darvoqe, bu xushxabarni gazetangiz ham yoritib bizni chandon xursand qildi, qulluq!) Ammo o‘sha yurtdoshimiz xuddi qo‘shnining tovug‘i tuxum qilganini eshitgandek, anchayin “Ie, zo‘r-ku”, deb qo‘ydi, xolos. Ma’lum bo‘ldiki, biz xomtamalar xayol qilganidek emas, u odam boshqa dardda borgan ekan, plyajdan beri kelmadi…

Ana shunday, birodar, millatu ona tili to‘g‘risida astoydil qayg‘uradigan bizneschilarimiz chiqishiga hali talay qovun pishig‘i borga o‘xshaydi. Hozircha ular boshqa narsaning payida shekilli…

Savolingizning davomiga kelsak, darhaqiqat, insonning el-yurtga sodiq, mehrli bo‘lib o‘sishida ona tilining o‘rni, ahamiyati beqiyos. Biroq begona til muhitida tarbiya topgan odam vatanini, xalqini unchalik qadrlamaydi, degan gap munozaraliroq. Chunki bu toifa orasida, deylik, shaxsan o‘zimdan-da millatparastroq, kuyinchakroq kishilarni ko‘p uchratganman. Unaqalar o‘zbek tilida durust so‘zlasholmasligidan goho astoydil xijolat chekadi. Shunisiga ham rahmat.

– Kitob o‘qish vaqt bilan bog‘liq mashg‘ulot. Ovrupoliklar “vaqt bu – pul” desa, bizda “vaqt – oltindan qimmat” deyishadi. Kitob va Vaqt haqida nimalar degan bo‘lardingiz?

– Mutolaa ham mehnat. Mehnat esa ma’lum vaqt sarfini taqozo etadi. “Ish ko‘p, kitob o‘qishga vaqt yo‘q” deydiganlar ana shu mehnatdan qochadigan ishyoqmaslardir, xolos.

Kitobga qiziqqan, unga chinakam mehr bog‘lagan odam har qanday sharoitda ham mutolaaga vaqt topadi. Boshqasi – bahona.

– Keyingi paytlarda buyuk shaxslar, donishmandlarning tafakkur durdonalarini jamlagan ko‘plab kitoblar nashr qilinmoqda. Necha asrlar sinovidan o‘tgan bunday hikmatlarga ma’naviy ehtiyoj oz emas.

Hikmatlarda fikr qisqa va lo‘nda ifodalanadi, doim nishonga bexato tegadi. Fikr ergashtirish xususiyatiga ega. “Gapingni o‘ylab gapir” deyilganda ana shu xususiyat ham nazarda tutiladi. Hikmatlar, sodda qilib aytganda, bizga aql o‘rgatadi. Yuz yillarki, ularning aql o‘rgatishi barchaga birday yoqaveradi. Demak, ular o‘qishga, ergashishga arziydigan fikrlardir. Deylik, “Yomon odamning yaxshiligida ham xatar bor”, – qarang, naqadar katta va foydali o‘git, hech qachon o‘lmaydigan gap! Buyuk hikmatlarning yashovchanlik siri nimada deb o‘ylaysiz?

– “Dono xalqimiz” degan ibora bejiz emas. Ko‘chada uchragan har bir odam dono bo‘lavermasligi mumkin, lekin xalqni mudom bilgich, dono ataymiz. Nega shunday? Hamma bir joyga to‘planib olib, xalqqa aylanib, hikmatu maqol-matal to‘qib o‘tirmaydi-ku, to‘g‘rimi? Demak, dastlab shu fikrni kimdir bir kishi aytgan, kimdir bir kishi uni tasdiqlab takrorlagan, keyin shu tariqa ko‘pchilikka ma’qul tushib, tildan-tilga o‘tish jarayonida u mazmunan boyib, mukammallashib borgan va oqibatda xalq dahosining durdonasi bo‘lib qolgan. Ertaklar ham shunday, o‘gitu topishmoqlar ham. Ko‘pchilikning tafakkur chig‘irig‘ida chiyralgachgina u xalqniki, xalq ijodi, xalq maqollari deb yuritiladi. Shunchaki oddiy, jo‘n bir gapni maqol deyavermaymiz-ku. Yillar, asrlar tajribasidan o‘tib, kishilikka ibrat o‘laroq yashab kelayotgan eskirmas fikrlar qaymog‘igina hikmat, maqol atalishga haqli.

Bular endi barchaga ma’lum gaplar, o‘zimdan so‘zlay. Bilmayman, hozir ham shundaymikan, maktabda bizga ko‘pdan-ko‘p maqollar, matallar yodlatilardi. O‘ta sodda tuyulganigami yoki kattalarning muttasil pand-nasihatlarini eslatgani uchunmi, mening bu kabi yodkashlikka ham, maqol-matalga ham xushim yo‘qroq edi. Endi o‘ylasam, bolalikda odam ana shu hikmatlar asqatadigan holatlarga kamroq duch kelar ekan. Negaki, bola ko‘ziga dunyo ham o‘zidek sodda, ikki karra ikki degandek gap! Bora-bora ko‘zingiz ochiladi, hayot sinovlariga ro‘baro‘ bo‘lasiz, murakkab vaziyatlarda yo‘l ko‘rsatadigan oqil bir maslahatgo‘yga ehtiyoj sezasiz. Ana shunda dono xalq tajribasi yordamga keladi, u yomondan yiroq yurishga chorlab, yaxshiga yondashishdan dars beradi.

Bugun kamina uchun har bir maqol – bir roman, har bir hikmatli so‘z esa – ustoz!

Xullas, maqol-matalni yaxshi bilgan, shularga rioya qilib yashaydigan odamni bemalol donishmand, xalq akademigi deb atayversangiz bo‘ladi.

– Nima odamni kitobdan sovitadi?

– Hayotdan yiroq, na ko‘ngilga, na shuurga bir narsa beradigan, safsatadan iborat matohlar (kitob demoqqa til bormadi, uzr) kishini mutoladan bezdirsa kerak-da. Lekin tanlov imkoni beadad-ku – qo‘lingizdagini bir yoqqa uloqtirib, boshqasini olib o‘qing. Yaxshi-yaxshisini topib-tanlab o‘qing, yutqazmaysiz!

Chinakam kitobxon umuman kitoblardan emas, biron bir bemaza asardangina sovishi mumkin.

– “Ijtimoiy fikr” jamoatchilik fikrini o‘rganish markazi o‘tkazgan so‘rov natijalariga ko‘ra, ko‘pchilik qiziqib o‘qiydigan kitoblar ichida romanlar hamon peshqadam ekani kuzatilgan. Bu, “odamlar katta narsalarni o‘qishga qiziqmaydi, qisqaroq, kichikroq bo‘lsa tezda o‘qiydi” degan kabi mulohazalar unchalik to‘g‘ri emasligini ko‘rsatadi. Masalan, 2010 yilda qayta nashr qilingan “Graf Monte-Kristo” romani hozirga qadar bir necha bor qayta-qayta chop etilgan, noshirlarning fikricha, bunga yana talab ortmoqda. “O‘tkan kunlar” romani ham takror-takror nashr qilinyapti. (Ushbu shoh asarlarning mualliflari agar hayot bo‘lganida o‘z kitobini sotish tashvishini qilmay bemalol faqat ijod bilan mashg‘ul bo‘laverisharmidi…) Sizningcha, bu hol talab va taklifdan kelib chiqdimi, boshqacha aytganda, kitob (yoki noshirlar) kitobxonga ergashdimi yoxud kitobxonni ergashtirdimi? Ayting-chi, badiiy adabiyotda tadrijiy o‘sish kuzatilyaptimi?

– Unisi ham, bunisi ham bo‘lsa kerak. Deylik, ayrim kitoblar yoki ularning sezgiru sasgir mualliflari muayyan zamon talablariga, aniqrog‘i, har qanday mafkuraga “labbay” deya peshvoz chiqaroq, nomlari hadeb takrorlanaverib, tiqishtirilaverib ma’lum davr, ta’bir joiz bo‘lsa, “moda”ga aylanishi mumkin. Masalan, biz o‘quvchilik davrimizda “Ona” romani ana shunday asarlardan sanalardi. Uni o‘qimagan, eshitmagan, undan insho yo bayon yozmagan o‘quvchi yo‘q edi hisob. Bunda M.Gorkiydek ulkan adibning o‘zinigina ayblash qiyindir, albatta. Chunki “Klim Samginning hayoti”, “Tubanlikda”, “Bemavrid mulohazalar” kabi durdonalar shu odamning qalamidan chiqqan. Sun’iy bir voqelik asos qilinib sosrealizmga beshik yasagan “Ona”ni esa hozir uncha-muncha kitobxon qo‘lga olmasa kerak.

Bunaqa “o‘lik sarmoya”lar o‘zimizning kechagi adabiyotdan ham istalgancha topiladi. Bugungisidan-chi demaysizmi!..

Siz nomini tilga olgan ikki kitob bundan mustasno, albatta. Ular, shak-shubhasiz, durdona asarlar. Lekin noshirlarning nuqul foyda ketidan quvib, yuholik qilishi ham to‘g‘ri emas. Nashr siyosatida o‘zga jihatlarni-da hisobga olish darkor, chunonchi, kitobxonni rang-barang asarlar bilan muntazam tanishtirib borish, adabiyotning to‘laroq manzarasini aks ettirish degandek. Xaridorgir ekan deb nuqul bir xil ashyoni ko‘z-ko‘zlayverish esa, jonga tegmagan taqdirda ham, fetishchilikka olib keladi, didni yakranglashtiradi, qolaversa, bora-bora o‘sha narsadan ko‘ngil qoladi. Bugun kitob do‘konlarida qalashib yotgan saf-saf tomliklarni oling. Vaholanki, aksariyati shoh asarlar, nodir kitoblar! “Falonchi klassikniki, zo‘r ketadi!” deb, orqa-oldimizga qaramay bosib chiqaraverganmiz-da. Boshqalarning asarini ham shunday kengroq dasturxonga qo‘yib ko‘raylik-chi, bilib o‘tiribsizmi, balki…

Mohiyatan chandon o‘zgarmagan bo‘lsa-da, adabiyotni bugun xiyla o‘sgan deyish mumkin; tasviriy va talqiniy jihatlari sezilarli boyidi, voqelikning sirtqi bayonidan qahramonlar ichki dunyosidagi ziddiyat, murakkablik, turfa tebranishlar ifodasiga o‘tildi… Hali mazasini tatib ulgurmagan, bilmagan kitobxonga bu tur asarlar birmuncha erishroq, zerikarliroq tuyulishi mumkin. Qorabotirni yengib, murod-maqsadiga yetadigan risolaviy qahramonlarga o‘rganib ketganmiz-da. Hadeb ertak o‘qiyvergan odam bolaga o‘xshab qolganidek…

– Kitob bilan bog‘liq yodingizda qolgan voqealardan birini aytib bersangiz.

– Maktabimizda kitobxon bolalar taniqli edi. Shular orasida zimdan musobaqa borardi. Kim ko‘p o‘qisa, o‘sha zo‘r! To‘g‘ri, xo‘jako‘rsinga kutubxonadan to‘p-to‘p kitob qo‘ltiqlab chiqib, taxini buzmay qaytarib keladiganlari ham topilardi. O‘zimni zinhor ular safiga qo‘sholmayman… Bir dasta kitob tanladim-u, sarg‘ish to‘lqinsimon muqovali yupqagina “broshyura” qiziq tuyulib (ko‘rinishi emas, nomi – “Jamila”), “besh minutda o‘qib tashlayman” degan xayolda shuni ham qo‘shib olibman. Shu kecha menda uyqu bo‘lmadi – kitobchaning oxirgi sahifalari yirtilgan ekan. Ertasi ertalab, darsga ham bormay, kutubxonaga chopganim esimda…

– “Kitob dunyosi” gazetasiga tilaklaringiz.

– “Kitob dunyosi” ommaviylik kasb etib, rasmona adabiyot gazetasiga aylanganini ko‘pchilik e’tirof etayotir. Da’vosi kamtaronaligi uchunmi, yoki “mas’uliyati cheklangan”roqligigami (aslida mas’uliyati benihoya zo‘r – kitobni, adabiyotni targ‘ib etish!), ehtimol, sara-sara asarlarni emin-erkin bosib chiqarayotganiyu uzoq-yaqindagi mashhur ijodkorlarni dadil jalb qila bilayotganiga ko‘rami, ishqilib, u eng o‘qishli, maroqbaxsh nashrlarimizdan biri bo‘lib qolgani bor gap. Bu yog‘iga ham faoliyati shunday davom etishidan umidvormiz.

Kamtarin mulohazamiz shuki, kitob shaklida ko‘ringan hamma narsaga albatta o‘rin berish, manzaraviy qamrov bahona, ularning hammasini targ‘ib qilish to‘g‘rimikan? Unaqa matohlar azza-bazza muqova ostida chiqib, kitob atalganining o‘zigayoq rahmat desin! Sizu bizning vazifamiz gazetxonni asl asarlar bilan tanishtirish, shularni kengroq tavsiflash, ta’riflash emasmi?

Yana bir taklif. “Kitob dunyosi” rasmiy-partiyaviy nashrlar singari haybatli maqomda chop etilishi shartmikan? Bizningcha, asosiy maqsadi ma’ruza bosish emas, kitob haqida bahs yuritish bo‘lgan gazetimiz kitobga yaqinroq, ya’ni ixchamroq bichimda chiqsa aslo yutqazmaydi. Aksincha – ham o‘qimoqqa o‘ng‘ay, ham qo‘lga olganda salmoqligina. Gap bir quloch haybatda emasdir…

So‘radingiz, mana – dilda borini aytdik. Xafagarchilik bo‘lmas…

DUNYONING O‘ZI SHUNDAY – SAVOL
021

– Erkin aka, bir gurungda “Ko‘nglimdagi dunyom bilan real dunyo o‘rtasida nomuvofiqlik sezaman”, degan edingiz. Qiyin emasmi “ikki jahon ovorasi” bo‘lib yashash?

– Bunday tuyg‘u faqat yozadigan odamda emas, boshqalarda ham bo‘lsa kerak. Hamma o‘z ko‘nglida podsho, ko‘ngilning ko‘chasi ko‘p, u nimalarni tusamaydi, nimalarni orzu qilmaydi deysiz! Yaratganning olti milliarddan ziyod ko‘ngil bilan birma-bir hisoblashmoqdan o‘zga tashvishlari ham bordir… Ba’zida yaqin kishingiz ham ko‘nglingizga qaramagan hollar bo‘ladi-ku. Chunki uning-da o‘z ko‘ngli, o‘z mayl-xohishlari bor. Ko‘ngil bir odamga – egasiga og‘irlik qiladigan matoh. O‘zaro mehr-muhabbat, muruvvat degan insoniy xislatlar shu tufayli tug‘ilmaganmikan?..

Bu jihatdan yozuvchi mardum bir imtiyozga ega. U jami dardini qog‘ozga to‘kadi, alamini qog‘ozdan oladi. Bu olamdagi o‘zi ko‘rgan, o‘zi bilgan norasoliklarni xayolida (bo‘lajak asarida) saralab, ijodiy niyatiga moslab, ayricha bir dunyo yaratadi va shundan masrur, mag‘rur… toki ko‘ngli yangi dard-iztiroblarga to‘lguncha!

Birovga dardini yorgan odam yengil tortadi-ku, o‘shanga o‘xshash holat bu ham. Shunga ko‘ra, adabiyotni bir ko‘ngilning boshqa ko‘ngilga, ko‘ngillarga arzi holi, hasrati desa ham bo‘lar.

– Tabiatingizda maksimalizm kuchli, shunday emasmi? Albatta, yozuvchi o‘zidan qoniqmagani durust, lekin haddan ziyod talabchanlik sabab, bippa-binoyi asarlar huzurini chiqindi savati ko‘rishi ham mumkin-ku…

– Unaqa savatlardan necha-nechasini to‘ldirganmiz… “Shu diltangliging bor ekan, sendan shoir chiqishini bilmadim-ov” deb kuyinardilar onam bolaligimda. Hozir ham biror nima qoralayotganimda shu gap yodimga tushaveradi. Tuqqan bolasining fe’lu a’molini ona bilmay kim bilsin?! Lekin fe’lim chatoq ekan deb, qo‘l qovushtirib o‘tiraverish kerakmi? Sirasi, mening yozganlarim, chiqarmalarim – ana shu bemaza fe’lning ustidan g‘alabamdir desa bo‘ladi. Qog‘ozdagi jumlasi o‘xshayvermasa, ko‘nglidagidek chiqmasa, diqqati oshganidan buyuk Flober o‘tirib olib ko‘zyoshi qilar ekan. Men-ku yig‘laganimni bilmayman, ammo o‘zimni noshud, nochor, iste’doddan yiroq kimsa sanab azob chekishlarim bor gap. Uncha-muncha kitob yozganimga, muharrirlikda tajriba orttirganimga qaramay hamon shunday – goho birgina jumlani chaynayverib xunob bo‘lib o‘tiraman. Holbuki, bir jumla-ikki jumlangiz g‘alizroq chiqqani bilan dunyoning tomi o‘pirilib tushmaydi. Ana, boshdan-adoq telba-teskari gaplardan iborat yostiqdek-yostiqdek kitoblar bolalab yotibdi, o‘qiydigani o‘qiyapti, birov borib muallifning yoqasidan olayotgani ham yo‘q!

Lekin adiblik sha’nini qadrlaydigan odam eplab yozadi-da. Shunda – ham o‘zining ko‘ngli xotirjam, ham kitobxon minnatdor!

Siz aytgan savatni esa uloqtirganimga ancha bo‘ldi. Aniqrog‘i, uni endi ko‘ngilga ko‘chirganman – arzimaydigan mayda-chuydalar shunga “tashlab” yuborilaveradi, ya’ni savatbopi yozilmaydi-qo‘yiladi, vassalom.

– Sof o‘zbekcha fikrlaydigan, so‘zlaydigan adabiy qahramonlarni sog‘inganda beixtiyor kitoblaringizni qidirib qolaman. Nafis majlislarda Sizni “so‘z zargari” deb atashlari bejiz emas: har bir kalimani ayab-o‘ylab ishlatasiz, “so‘z bo‘tqasi”ga-ku sira toqatingiz yo‘q. Asar matnini takror-takror ishlasangiz kerak?

– Xabaringiz bor, umr bo‘yi muharrirlik bilan mashg‘ulman. Ko‘z uncha-muncha pishib qolganmi, matn endi qog‘ozga xiyla to‘kis, ravon tushadi. Ustidan bir-ikki sidra ko‘riladi, albatta, ammo siz o‘ylaganchalik qop-qora qilib bo‘yab tashlanmaydi. Qog‘ozga ko‘chishdan avval kallada obdon chiyratib olinadi-da. Ustoz Qahhorga o‘xshab qayta-qayta ko‘chirib yozish yo‘q, toqat yetishmaydi. Buning uchun Abdulla Qahhor bo‘lmoq kerak.

– Latifanamo rivoyat eshitganim bor. O‘tmish podshohlardan biri tagi ko‘rinib qolgan xazinani to‘ldirish masalasida arkoni davlatni kengashga chaqiribdi. Vaziri a’zam aql solig‘i joriy etish taklifini o‘rtaga tashlabdi, shunday amr berilsa, g‘aznani ko‘z ochib yumguncha to‘ldirishga va’da beribdi (borib turgan omi ham zehnidan nolimay, jaraq-jaraq aqcha to‘laydi-da). Podshoh odilroq ekan, “Ko‘p yasha, dono maslahating uchun eng avval o‘zingni aql solig‘idan ozod etaman” deya lutf ko‘rsatibdi ayoniga… Xushomadgo‘y mulozimning taklifida yaxshigina mantiq bor. Hayotda uchchiga chiqqan benavo ham o‘zini kamida tan olinmagan daho chog‘laydi. Bugungi adabiyot, umuman, san’atga bozor tutumlarining kirib kelgani, odamlarga xashaki mahsulot oliy nav deya taqdim etilayotganini qanday baholaysiz? Yo, bu tabiiy holmi – hamma zamonda ham tanburning nolasini nog‘oraning shovqini bosib ketganmi?

– “Charxi kajraftorning shu shevasi”ga men ham kuyaman-da. Bozor zamonida hamma narsa pulga chaqiladi, adabiyotu san’at asarlari ham oldi-sottiga qo‘yiladi, degan gaplar chiqqanda ko‘pchilik gangib-dovdirab qolgani rost. Qo‘l qalamga bormay, orzular barbod bo‘lgandek… Biz tengi avlod boshqa muhitda, boshqacha tutumlar bilan suyagimiz qotgan edi-da. Qarang, eski qaydlarim orasida shunday achchiq bir yozuv bor ekan: “Umrimdagi eng katta fojia – adabiyotning qadrsizlanganiyu yozuvchining nazardan qolgani! Bunday bo‘lishini bilganimda, Toshkent deb yurmay Boysunimga ketavermasmidim…”

“Dod demanglar, butun dunyoda ahvol shunaqa!” degan hukm paydo bo‘ldi keyin. Battar sarosima! Yana eshitdikki, bozorchilar to‘qigan chala haqiqat emish bu, “butun dunyo”ning o‘zi ham mavjud holdan unchalik rozi emas, boz deng, adabiyot qarovsiz qolib ketmagan yurtlar ham bor ekan olamda. Bundan chiqadi, dunyodagi ko‘pchilik bir hovuch korchalonning hukm-qaroriga laqqa tushib, shularning mafkurasi, shularning manfaatiga xizmatda yuribdi!.. Aytishlaricha, kechagi Kollayder vasvasasiga necha yuz milliard dollar sarflanganmish. Yer yuzidagi barcha och-yalang‘och yashayotgan bolalarni kiyintirish-to‘ydirishga esa bir yilda 9 mlrd kerak bo‘lar ekan. Bittagina samo kemasini uchirish uchun necha mlrd xarajat zarur, bilasizmi? Lekin odamzodning yostig‘ini quritayotgan ba’zi bir xastaliklarga chora topmoqqa kelganda mudom mablag‘ yetishmay qoladi. Boyagi bir to‘p sarmoyador yig‘ilib olib insoniyatni chalg‘itish, sarson qilishdan zavq topmayotibdimikan degan xayollarga ham borasiz goho. Agar chindan ham shunday yovuz niyatli to‘da bor bo‘lsa, uning bosh maqsadi ayon – nafs, manfaat, hukmronlik! Qarang, bugunga kelib endi erkin bozor barini joy-joyiga qo‘yadi degan bashoratlar chippakka chiqib turibdi! Xo‘sh, bozor shunchalik mo‘jizakor kuch ekan, unda davlatning kasbi nima, davlat nima ish qiladi, to‘g‘rimi?!

Chalg‘ibroq ketdig-a? Hali o‘zingiz aytgandek, bu bozor dunyoda hech kim o‘zini nodon sanamaydi, hech kim molini yomon demaydi. Biroq shuni unutmaslik kerakki, har qanday nog‘oraning sasi bir kuni borib bosilishi muqarrar – aks holda muvozanat tarozisining shayini ishdan chiqib, jahon ayvonini qorin g‘amidagi to‘rt oyoqlilar jamiyati egallab oladi… Alhazar! Odam bolasi abadiyan vasvasa girdobida to‘lg‘anib yashamas!..

– Falakning gardishi bilan mutasaddi idoraga rahbar etib tayinlansangiz va mo‘l-ko‘l vakolat berilsa, san’at olamida qanday o‘zgarishlar qilardingiz?

– Gapim to‘g‘ri anglansa, erkinlikdan boshqa narsa kerak emas – adabiyotga ham, san’atga ham. Xususan, adabiyotning rivoj topishi uchun nimalar darkor deysiz? Avvalo, “uni yoz, buni yoz, ana shunda hamma ishing yaxshi bo‘ladi” deb yozuvchini chalg‘itmaslik kerak; keyin – yozilgan asarga munosib haq to‘lash lozim (hozir ba’zi nashriyotlar ellik-yuz nusxa kitob “hadya” etib muallifdan qutulmoqda); va nihoyat, nashr etilgan kitob faqat “Sharq ziyokori” yoki shunga o‘xshash to‘rt-beshtagina do‘konga chiqarilmay, huv bir vaqtlardagi kabi mamlakatning barcha kentu qishlog‘iga yetkazib berilmog‘i zarur. Bor-yo‘g‘i besh ming dona chiqadigan kitob ana shunda ham tarqalmasa, o‘qilmay qolsa, muallifi o‘zidan ko‘rsin – uning asarini qaytib chop etmang, vassalom!

Juda oddiy shartlar-a, to‘g‘rimi? Lekin shuniyoq amalga oshirsangiz ahvol naqadar o‘zgarishini ko‘rasiz. Kamina Moskvadagi kitob do‘konlarida bo‘lganman – Ippodrom bozoringizdan ham gavjum!

Kino yoki teatrga o‘tsak, bunda manzara birmuncha boshqacharoq. Bu sohalar baayni tomoshabinning ta’biga qul bo‘lib qolgan. Asarning sifat-saviyasi bilan uch-to‘rtta mutaxassisdan bo‘lak hech kimning ishi yo‘q. “Ie, bu nimasi?” desangiz, javob tayyor – “Ana, tomoshabin kelyapti, ko‘ryapti, bo‘ldi-da!” Nimani ko‘rayotir, ko‘rgan narsasidan nima bahra olayotir – oxirgi, eng oxirgi masala!

Xullas, serg‘alva soha bu. Qo‘ying, falakning gardishi unaqa idoralarga yo‘latmasin deng.

– Sizningcha, yozuvchi-shoirning siyosat bilan mashg‘ulligidan o‘zi va jamiyat qanday naf (zarar) ko‘radi? Mansab degani ijod kishisini chalg‘itib-cheklab qo‘ymaydimi?

– Shu ko‘chalarda uloqib ko‘rgan akangizning gapiga ishonavering – har kim qo‘lidan kelgan ishni qilgani ma’qul! She’rini esdan chiqarib boshqa muqomlarga yo‘rg‘alay boshladimi, bilingki, u aslida shoir bo‘lmagan yoinki “vositai joh”

– bir nimalarga erishmoq uchungina satr tizib yurgan qofiyakash, xolos. U yoqni ham obod qilolmay bir kuni yuksak pillapoyalardan dumalab tushib kelgach, noiloj tag‘in nazmbozlikka kirishadi, qator-qator qilib kitob chiqara boshlaydi, ammo endi ularning ichidan she’rga o‘xshaganini topolmaysiz – ko‘ngil o‘zga ilinjlarda yura-yura qurib ado bo‘lgan!

Shu savolingizni o‘ylayturib negadir rahmatli Muhammad Yusufning “Ko‘nglimda bir yoru qo‘ynimda bir yor” degan ajib she’ri yodimga tushdi. Bir bog‘liqligi bo‘lsa kerak-da…

– “Adabiyot – xaloskor!” deb xitob qilamiz mislsiz hayajon bilan. “Adabiyotsiz millatning ertangi kuni yo‘q!” deb ayyuhannos solamiz. Lekin ochiq ko‘z bilan atrofimizga qaraylik, aqalli bitta kitobni yolchitib o‘qimagan zamondoshimiz “ikki oyoqli kitob”larning tushiga kirmaydigan sharoitda hayot kechiryapti (zinhor ko‘rolmaslik emas bu, agar rostdan ham haloldan topayotgan bo‘lsa, qandini ursin!). Bu yoqda zafarlariga qanoat qilmagan “ommaviy madaniyat” tish-tirnog‘igacha qurollangan lak-lak lashkari bilan jadal bostirib kelayotir. Shunday vaziyatda adabiyotning najotkor kuchiga ishonchingiz qolganmi?

– Balandparvoz xitoblaru shiorlarga xushim yo‘qroq, ukam… To‘g‘ri, bari to‘g‘ri, mazmunan benuqson gaplar, olijanob da’vatlar. Lekin hadeb shularni chaynayvermasdan, kishini ishontiradigan amaliy bir nimalar ham qilmog‘imiz kerak-da endi. Bunisi azza-bazza qalam ushlagan siz bilan bizga bog‘liq.

Kitob o‘qimasa-da, oshig‘i olchi bo‘lib yurgan zamondoshlar masalasiga kelganda esa, shuni unutmangki, jamiyat yoppasiga adabiyot shaydosiga aylanolmaydi. Hech qachon, hech bir tuzumda. Adabiyotga ishqibozlik ham, yozib-chizish mashg‘uloti ham – ko‘ngil mayli. Sirtdan qilinadigan zug‘umni ko‘tarmaydi u. Menga qolsa, shoir-yozuvchilik bir dalli-devonaning ishi degan bo‘lardim. Ayniqsa, bugungi zamonda. To‘g‘ri-da, ne-ne hayotiy ishlarni qo‘yib, hali birov o‘qiydimi-yo‘qmi, noma’lum, bir o‘zingiz bir xilvatda allanimalarni yozib o‘tirsangiz!.. Lekin kaminaga taskin beradigani – bu ish har kimning ham qo‘lidan kelavermaydi! “O‘gay ersak ne tong sog‘lar orasida!” deydi-ku Abdulla akamiz (Oripov). Diqqat qilsangiz, bu gapning zamirida miskinlikdan faxr, saralik da’vosi ham bor. Nafsilamri, odam yaxshi hayot kechirish maqsadida kitob o‘qimaydi yoki qo‘liga qalam tutmaydi.

Yosh, bo‘z-bo‘ydoq kezlarimiz edi deng. Ikki do‘st, ikki navqalam sobiq Inqilob xiyobonidagi qahvaxonada o‘tiribmiz. Atrofda o‘yin-kulgi. Usti-boshimiz xarobroq ekanmi, birorta qiz biz tomonga o‘girilib qaramaydi, bari po‘rim yigitchalarga mahliyo. Shunda do‘stimning alam bilan stolga mushtlab aytgan so‘zlari esimda: “Bular hikoya yozolmaydi baribir!..” Zo‘r-a? Hali-hamon shu hunarimiz bilan marsinib-mag‘rurlanib yuribmiz-da, inim.

“…Tish-tirnog‘igacha qurollangan lak-lak lashkari bilan bostirib…” Qo‘rqitmang-da odamni! Ammo xavotiringizda jon bor. Atrofga qarang, kitob yozgichi shu qadar ko‘paydiki, qalamingizni sindirib otgingiz keladi. Qo‘lbola kinosozlarni aytmaysizmi! Shu sohaga aloqadorligingizdan orlaniblar ketasiz… Mayli, shoshilmaylik, bozingarlik qilaverib bularingiz ham bir kun holdan toyar axir, muxlislari ham bezib bo‘lar. Xalq anoyi emas, oqu qoraning farqiga boradi. Bir kuni qarabsizki… Keling, shunisiga umid bog‘lab turaylik. Chunki boshqa chora yo‘q. Bo‘lsa ham, soch-soqoli oqargan bu mo‘ysafidingiz bilmaydi…

– Erkin aka, savolim keskinroq bo‘lsa, ma’zur tutasiz. Siz mansub avlod G‘arb salaflarini alohida mehr bilan mutolaa qildi, shunga yarasha katta adabiyotga zalvorli da’volar bilan kirib keldi. Lekin… maktab ko‘rgan bu avlod ham o‘zbek adabiyotini jahonga olib chiqolmadi. Buning uchun sizlarga nima yetishmadi?

– Jahonga chiqish deganda nimani nazarda tutyapsiz? O‘zbek adabiyotining chet tillarga tarjima etilishinimi? Kechagi zamonda, “tenglik aqidasi”ga binoan, ayrim oqsoqol adiblarning asarlari rus tili orqali turli xorij tillariga tarjima qilingani ma’lum. Hozir ham shunga o‘xshash tajriba bor, to‘rt-beshta she’rimiz yoki tarixiy mavzudagi ul-bu kitobimiz chetda ko‘rinsa, adabiyot gazetamizda mamnuniyat bilan bong urib turibmiz. Lekin uni kim o‘qiyapti, o‘qib nima deyapti – u yog‘i noma’lum. Darvoqe, o‘zimizning ko‘nglimiz to‘lmagan nimarsalar “To‘ytepadan nari” o‘tib biron sharaf keltirishiga ishonch ham yo‘q.

To‘g‘ri, biz tengilar jahon adabiyotini uncha-muncha o‘qidik, o‘rgandik, hayratlarga tushdik, ammo bo‘ylashib bir nimalar qilmoqqa qolganda jo‘n-jaydari qarashu andishalardan yuksala olmadik. Avvalo, sosrealizm aqidalari tushov bo‘ldi (oqavasi hamon seziladi), qolaversa, hayot materiali bilan ish ko‘rishda zehniyatimizga xos ba’zi bir sipogarchiliklar qo‘limizdan tutdi. Til bilishu tarjima masalalari o‘z yo‘liga. Bu borada ham iste’dodlilarimizda uddaburonlik yetishmadi, chaqqonroqlarimizda – iste’dod.

Yana bir sababi – siz aytgan avlod chinakam adabiyotga yuzlashib kelganda so‘z san’atiga bo‘lgan yalpi rag‘bat susaydi, so‘ndi. Bozor boshlandi! Bu to‘polonda kalavamizni yo‘qotib qo‘yganimizni hali qistirib o‘tdim.

U emas, bu emas, katta maydonga chiqib bormoqqa, afsuski, bizda yetarli shijoat ham, jasorat ham yo‘q ekan. Asl badiiy kashfiyot dunyoga kelsa, har qanday to‘sig‘u g‘ovlarni yengib, bugun bo‘lmasa, ertaga o‘sha siz orzu qilgan marralarga yetib borajak. Katta elmiz, niyatni yaxshi qilaylik, nima dedingiz?

Jahonga chiqish deganda, anovi braziliyalik “sehrgar” Paulo Koeloga o‘xshashlarni nazarda tutgan bo‘lsangiz, kaminangizning u xil adabiyotga ixlosi zo‘r emas…

– Ziyoli ahli o‘zini nimalar deb ko‘kka ko‘tarmaydi! Millat vijdoni, jamiyat ustuni, ma’naviy illatlarga davo ulashuvchi hoziq tabib… Sirasini aytganda, jamiyat qandayligini bilish uchun ziyoli holiga ham boqish kerak. Bugungi o‘zbek ziyolisini millat vijdoni deb alqashga jur’atingiz yetadimi?

– Ko‘nglida ne bir da’volari bo‘lsa bordir, ammo “men millat vijdoniman, jamiyat ustuniman” deya ko‘kragiga urib chiqqan odamni uchratganim yo‘q. Jamiyat ziyolilarni shunday deb biladi, ulardan shunday bo‘lmoqni kutadi desangiz, bu endi boshqa gap. Lekin buning uchun jamiyat ham ziyoli tomon yuz burishi, unga quloq tutishi, uni e’zozlashi lozim emasmi? Taassufki, bugun ko‘pchilik asosan dunyo matohlariga mahliyo, bo‘sh qolganida esa shou-biznes shovvozlarining og‘ziga tikilib to‘ymayapti…

Bugungi ziyolilarimizni yoppasiga vijdonsiz desak… vijdonsizlik bo‘lar. Biroq bu tuyg‘u xudbinlik va loqaydlikka o‘rin bo‘shatib, xiyla karaxtlanib qolgani bor gap.

Sirasi, bu achinarli tanosuh ziyolining o‘zigagina bog‘liq bo‘lmasa kerak.

– Yozuvchilik ortidan qozon qaynatish – professionallikning bir belgisi. Bu jihatdan o‘zingizni kim deb ataysiz: professionalmi yo havaskor? Bir yigitga qirq hunar oz, yozuvchilikdan boshqa nedir ish qo‘lingizdan keladimi?

– Muharrirlik-chi? Bilsangiz, qirq yildan buyon matbuotda shu hunar bilan yuribman, shuning ustidan non yeb kelaman. Bir vaqtlar yo‘rig‘i boshqa edi, ammo bugungi kunda faqat yozuvchilik bilan kun ko‘rayotgan kishini topib bering-chi! Professionallik – qo‘lingizdagi ishga munosabat, mahoratning muayyan darajasi degani, yeb-ichish yo hayot tarzi emas!

Kaminaga kelsak, qilayotgan ishimizga qarab baho beraverasiz-da: professional deysizmi, chala professionalmi – u yog‘i ixtiyoringizga havola.

– Erkin A’zam “og‘ir vaznli” rejissyorlar orasida ssenariylari talash kinodramaturg ham sanaladi. Asarlaringiz asosida “Chantrimore”, “Piyoda”, “Erkak”, “Dilxiroj”, “Zabarjad”, “Jannat qaydadir”, “Suv yoqalab”… filmlari olindi. Siz uchun kino nima: shunchaki havasmi yo anchayin daromad istagi? Balki nasrda aytolmagan dardlaringizni so‘ylash uchun “quduq”dir?..

– Havas bo‘lsa kerag-ov. Chunki, ishonsangiz, siz tilga olgan filmlarning ayrimlaridan bir tiyin ham ko‘rganim yo‘q (so‘rab bormoqqa tortinganman) yoki qalam haqidan ixtiyoran voz kechganman (ijodiy sabablarga ko‘ra, bilganlar biladi, tarixi bor).

Dastlabki nasriy mashqlarimdanoq o‘qigan ba’zilar kino san’atiga yaqinligimni aytib bashorat qilardi, o‘zim esa unga yo‘lamoqqa jur’at etolmay yurardim. Mana, bugun o‘ntacha filmga daxldorman, lekin deyarli har safar qoniqmay, bu sohadan ko‘ngil uzib ketgim kelgan. Keyin esa yana… Kino menga suyukli, ammo birga yashash mushkul bo‘lgan jafokor ayolga o‘xshaydi.

– Gabriel Garsia Markes “Agar xudo umrimni uzaytirsa edi, boshqalar uxlaganda men bedor bo‘lardim, o‘zgalar gapirganda men some bo‘lardim”, deb yozadi vasiyat-maktubida. Agar vaqt g‘ildiragi ortga aylanib, 18 yoshli yigitcha bo‘lib qolsangiz (bu bola borib turgan anoyi ekan-ku, deyishingiz turgan gap, lekin baribir fikringizni bilish qiziq-da), hayotda nimalarni o‘zgartirgan bo‘lardingiz?

– O‘ylab ko‘rsam, goh ul-bul dardni bahona qilib, goho dangasaligu keraksiz dahmazalar orqasida, nari-beri, o‘n besh yildan ortiq umr bekor o‘tibdi. Shuni kamaytirish payidan bo‘lardim shekilli. Yana kim biladi deysiz, gapirish oson… Nasib qilgani ekan-da.

– Ijodkor ahli his-hayajonga beriluvchan keladi. O‘zi egnida janda, lekin butun dunyo go‘zallari boshidan zar sochgudek shahd bilan ash’or bitadi. Ana, Sheroz jononining nuqtadek qaro xoliga o‘ylab-netib o‘tirmay, birvarakayiga Samarqandu Buxoroni nisor etishga shay Hofizning hotamtoyligini eslang! Jiddiyatga ko‘chadigan bo‘lsak, ijodkor uchun munosib umr yo‘ldoshi dovotu qalamdek zarur, menimcha. Bilmadim, oldin bu savol Sizga berilganmi-yo‘qmi, ayting-chi, farzandlaringizning onasi ijodingizda qanday o‘rin tutadi?

– Ijod-pijodni (shu so‘zga negadir toqatim yo‘q) qo‘yaturaylig-u, lekin hayotimda… boshqasini tasavvur qilolmayman. To‘g‘ri, ko‘p qatori, jahl ustida mayda-chuyda mojarolarga borilgandir, ko‘ngildan goho o‘kinch-pushaymonlar kechgani ham rost. Keyin, o‘zimga kelgach esa, har gal iqror bo‘lganman: yo‘q, mening rasvo fe’limga shundan o‘zgasi chidayolmas edi, peshonaga bitilgani shu, nolimoqqa asos yo‘q! Ayolim boshqa sohaning odami (hozir uyda o‘tiradi, albatta, nevaralarga bosh bo‘lib), ajablanmang, u mening nechta kitob yozganimu ayni kunda nima yozayotganimni bilmasligi, qiziqmasligi mumkin – shunisi ham kaminaga ma’qul. Biroq stolda ish boshladim deguncha, favqulodda mehribon, girdikapalak bo‘lib qoladi. Voqean, keyingi vaqtlarda “kamroq yozing” deydigan bo‘lgan, “kamroq cheking” degani. Ishga o‘tirganda ko‘payib ketadi-da savil.

– Xonasi kelib qoldi, oilaviy tarbiya tutumingiz haqida ham aytib bering. Bolalarni qanday taomilda tarbiyalagansiz? Risoladagi otalardanmisiz? Darvoqe, farzandlaringiz Sizni o‘qiydimi?

– Xonasi kelgan ekan, men ham aytay: bolalarimning tarbiyasi bilan bevosita shug‘ullanmaganman, bu ishga vaqtim ham, uquvim ham bo‘lmagan. Hammasi onasiga ergashib o‘sdi, balki shuning uchundir, uchalasi ham (biri qiz) bama’ni, batartib, ulardan noroziman deyolmayman. Albatta, otadan ham nimalardir o‘tgan bo‘lsa kerak: to‘g‘riso‘zlikmi, tirishqoqlikmi, harom-harishdan hazar deganday.

Kinolarimni ko‘rishgan, ko‘nglimga boribmi, “yaxshi, yaxshi” deb qo‘yishadi. Ba’zi kitoblarimni ham o‘qigan chiqar, so‘rayolmayman, majbur ham qilmayman: o‘qib, “otamiz buncha xarob yozar ekan-a” deyishmasin, qo‘ying, sirli bo‘lib yurganim tuzuk. Umuman, birovga kitob yoki qo‘lyozma bersam, toki o‘zi so‘z ochmaguncha so‘ramoqqa botinolmayman. Sirtdan uncha-muncha dadil ko‘ringanim bilan – ahvol shu.

– O‘zingizni kimdandir qarzdor his qilasizmi?

– Ota-onadan tashqari… Xudo ko‘rsatmasin, ko‘ngilga yaqin odamlarimdan birortasi olamdan o‘tgudek bo‘lsa, “voh!” deb qolaman doim, ko‘p zamonlar o‘sha kishining ruhi oldida o‘zimni qarzdor sezib, o‘kinchu pushaymonlikda o‘rtanib yuraman. Unutilmas Asqad Muxtor, Ozod Sharafiddinov, Ne’mat Aminov, Mashrab Boboyev kabi ustozlar, akalarim meni ana shunday qarzdor etib ketgan. Olloh rozi qilsin.

– “She’r yozishdan nafratlangan paytlarim bo‘lgan. Dunyoda shoirlar ko‘p, katta-katta kutubxonalar bor, shularni o‘qib bemalol yashasa bo‘ladi-ku. Nega men she’r yozishim kerak?” Bu rindnafas shoirimiz Rauf Parfining bo‘yalmagan, bejalmagan iqrori. Sizda ham “Yozmasam nima qilardi” degan kayfiyat bo‘lganmi hech?

– Hammada ham bo‘lsa kerak bunday holat, bunday kayfiyat. Hadeb jumla yasayverish ba’zida jonga tegib ketadi, “Shuni yozib nima qildim-a, kimga kerak, nima foyda?” degan shubha-gumonlarga borasiz. Ozroq tashlab qo‘yib, ruhan yangilanib, yozishni sog‘inib, keyin yana boshlaysiz. Yo, qo‘lingizdan boshqa ish keladimi? Kelsa – qo‘ying, yozishni bas qilib o‘shanga unnaganingiz ma’qul.

– Hayotda javobini topolmagan savollaringiz bordir – shuni ham bilsak…

– Hayotning o‘zi shunday savol-ku… Fozil Iskandar degan ajib bir yozuvchi bor, bilasiz. Keling, gapning qolganini shu odamdan eshitaylik:

“Nimasini aytay, biz tug‘ilmasimizdanoq xomtalash bo‘lgan bu dunyoda yana tug‘ilishni orzu qilmoqqa arziydigan hech narsani ko‘rmadim. O‘lat tarqalgan zaminni bezab turadigan birdan-bir narsa – erkaklar o‘rtasidagi beg‘araz birodarlik… Bu olamda sotilmaydigan va sotib olinmaydigan narsa ham bo‘lishi kerak-ku, axir!”

Sobirjon YOQUBOV suhbatlashdi

Manba’: “JannatMakon” jurnali (2012, may)

07

(Tashriflar: umumiy 364, bugungi 1)

Izoh qoldiring