Orziqul Ergash. Onamning ertaklari & Olis yulduzlar. Radiospektakl

09    Мана орадан неча замонлар берида туриб, баъзан ўйлаб қоламан. Қийратма уруш борарди ўшанда. Ваҳима, қўрқув, хавотир. Ҳатто уруш бошларида кечалари уйимизда чироқ ёқишга ҳам қўйишмас, деразаларга қора парда тутишни буюришарди. Хуллас, шунақа бир серҳадик, нотинч замонларда ҳам биз бийдай дала-даштларда ҳалигидақа ўйин-кулгулар, ҳангомалар қилардик.Тавба, дейман, ёшлик экан-да. Ёшликда одам маст бўларкан-да, дард-алам ҳам, ҳасрату ташвиш ҳам ёшликни буколмас экан-да… Яна ким билсин, бу ҳам Оллоҳнинг иродасидир. Тоғдай ғам берса, тоғдай бардош ҳам берар экан-да. Балки, ғамзада кўнгилларимиз ўзига таскин-тасалли излаган ва уни ўйин-кулгудан, самимий давралардан олгандир-да…..

Орзмқул ЭРГАШ
ОНАМНИНГ ЭРТАКЛАРИ
Туркум
095

Онажоним Мастура Ширинхўжа қизи хотирасига ва барча фронти орти фидойиларига бағишлайман.

“Шотутли”га келган подшо

Ўшанда ҳали ўнга ҳам кирмаган жимитдайгина қизчаман. Ғайратим ичимга сиғмайди. Аямнинг ёнларида чипиллаб пахта териб юраман. Теримга чиқишим ҳавасга. Ҳеч ким чиққин, деб далага судрамайди. Қайтага дарсингни қил, қўғирчоғингни ўйна, деб қайтариб туришади. Айниқса, аям. “Кўп ичикма, болам, ҳамма меҳнат ҳали олдингда”, деб турадилар икки гапларининг бирида.

Энди ўйлаб қарасам, аям раҳматли ҳаммасини олдиндан кўриб турган эканлар-да…

08У пайтларда пахта-пахта лўппи-лўппи бўлиб очилар, биттасига дўппи тўларди. Ростданам шунақамиди ё менга шунақа туюлганми, ҳалигача билмайман. Лекин бошқа бир нарса яхши эсимда: ғўзанинг бўйи жуда баланд бўларди, эгатга кирсам бошимгача кўмиб юборарди. Айрим жойларида ҳатто катталар ҳам кўринмай кетишарди…

Ўша куни “Шотутли” далада эдик. Теримчилар тушликдан қайтиб, энди эгатларбошига тизилишаётган эди бригадир от йўрттириб кеп қолди. Отиям, ўзиям қора терга тушган.
– Болаларни кўздан бекитинг, кўринишмасин! Тез бўлинглар! – деди ҳовлиқиб.

Ортиқча ажабланиб ўтирмадик, чопиб, чопқиллаб дала ичкарисига кириб кетдик. Ўрмондай бир ерида тўхтаб, этакларимизни ечиб ташлаб, ўғилу қиз аралаш бекинмачоқ ўйнай бошладик. Ўйин ёқмадими, қизиқишим устун чиқдими, ортимга қайтдим. Қарасам, уватда тўрт-беш киши: раис, бригадир, ҳосилот, қолгани нотаниш одамлар. Аямнинг орқасига бекиниб, разм солдим. Ҳалиги нотаниш одамлардан биттаси нималардир деяпти. Бошқалари бош ирғаб, “хўп-хўп”лаб туришибди. Ҳалиги одам, кўринишидан ҳаммасидан ёш, озғингина. Шапкасини қўлига олиб олган. Узун-узун қоп-қора сочлари дамба дам пешонасига тушади, у бош силкиб қўяди-да, жон куйдириб сўзида давом этади. Шерикларига бир нарсаларни уқтиради.

Аямнинг енгидан тортдим.
– У киши ким, ая?

– Пошшомиз шу киши, Файзулла Хўжаев, – дедилар аям негадир шивирлаб.
– Ая, пошшомиз бизларди ёмон кўрадими?

– Нимага унақа дейсан, қизим?
– Бекининглар, дейишди-ку?

Аям кулдилар.
– Майли, кейин тушунтираман. Ҳозир гапирмай тур, хўпми…

Меҳмонлар кетишгач, аям тушунтирдилар. Бу гаплар ҳалигача қулоғимдан кетмайди.

– Пошшомиз ёмон кўрадими, дейсан. Асти унақа эмас-а! Пошшомизни ҳамишаги айтар гапи: болангни ўйла, болангни эҳтиётла. Ўзингни бўлганинг бўлди, болангни эзиб қўймагин, дейдилар. Ҳалиям Худо обрў берди, сени кўриб қолмадилар. Эмаса, мени роса изза қилардилар. Энди эртадан чиқмайсан, хўпми, болам. Ўқишингни қил, ўйнагин. Сен ҳали ўйин боласисан. Ҳаммасиниям мавриди бор…

Аямнинг айтишларича, Файзулла Хўжаев шотутни мақтабди. Уни дала ўртасида қолдириб яхши қипсизлар. У кони шифо дарахт, дебди. Ҳатто, насиб қилса, кейинги йил ёзда тутхўрликка келаман, деб ваъда берибди. Шу гапи яхши бўлганмиш. Чунки, анови ҳовлиқма бригадир укки кўзини шотутга тикиб юрган экан, энди қўл теккизолмас эмиш. Кечагидай эсимда: аям бу гапларни ёш қизчалардай қувониб, кўзлари ёшланиб айтиб берганди. Кейин бағирларига босиб, Файзулло бобонгни дуо қил, пошшомизнинг боши тошдан бўлсин, дегин қизим, сенинг дуонг ижобат бўлади, тишларинг бутун, дегандилар…

Аямнинг бу гаплари мағзини кўп ўтмай фаҳлаб етдим. Сабаби – тез улғайдим. Аяжонимнинг ўлими мени тез улғайтирди. Бешинчимизни дунёга келтираётиб, дунёдан ўтдилар. Ўгай она қўлида қолдик. Кўп ўтмай икки амманг, бир тоғанг ҳам кетма-кет етаклашиб, аямнинг олдига кетишди. Кичик тоғанг иккимиз бу серғалва дунёда мунғайиб қолавердик. Худди ўша кунларда Файзулла Хўжаев ҳақида ҳам шум хабар тарқалди.

Аям, укаларимни туйқус йўқотиб қўйганимдан гангиб қолиб, фожеа маънисини унчалик англаб етмагандим. Файзулла Хўжаев қисматини эшитиб эса муштдай қизча уввос тортиб йиғлаганман. Дунё кўзимга тангу тор кўриниб кетган. Ўзимни бу дунёда ғарибу бенаво бўлиб қолганимни энди чинакамига тушуниб қолганман.

Эсимда: ўшанда қишлоқда ваҳимали миш-мишлар ўрмалаб қолди. Айниқса, Қурбонхўжа деган ҳосилотимизни қўлларини кишанлаб, ҳайдаб кетишгач, ваҳималар баттар кучайди: Файзулла Хўжанинг думи эмиш, ҳали кўпчиликни ёстиғини қуритишармиш, деган гаплар чиқди.

Ўшанда Файзулла Хўжаев келиб кетганидан сўнг Қурбонхўжа амаки болаларни даладан қувлайдиган, ота-оналарига дакки берадиган бўлганди. Уни болалар жуда яхши кўрар, лекин катталар, айниқса, менинг ойбийим1. га ўхшаганлар отгани ўқ топиша олмасдилар.

Ҳосилот дала бошига келиши билан дағдаға қиларди:
– Қани, болаларни ҳайда. Кўзимга кўринмасинки, қамчи ейди. Агар бекитиб қолсанг, ўзинг ейсан. Инсофинг қурғурлар, неччи марта айтишим керак, улар ҳали гўдак, майиб қиласанлар, деб!..

Ойбийим ундан ўлардай қўрқарди-ю, лекин билганидан қолмасди.
– Э, овозинг гўрдан чиқсин, – деб қарғанарди-да, мени бошимдан босарди. – Бўйингни ер ютгур, ўтир! – дерди. Бир пас ўтиб, яна бақирарди: – Ҳой, ўлиб қолдингми, тур энди!

Ўрнимдан турганимда ҳозиргина чопиқ қилиб юрган тенгқурларим қишлоқ йўлини чангитиб кетиб боришаётган бўларди. Қарама қарши томонга йўл олган ҳалиги халоскор амакининг оти эса кўринмас, унинг туёқлари кўтарган чанг аллақачон босилган бўларди. Не бўлгандаям ёлғиз отнинг чанги эди-да…

Ҳамма ўз ташвишию ваҳимаси билан, мен шотутни ўйлайман. Файзулла Хўжаевнинг назари тушган эди, ҳали униям кесиб ташлашмаса эди, дейман қўрқувга тушиб. Айтишларича, Қурбонхўжа ҳосилот укки кўз бригадирнинг чақуви билан қамалган эмиш. Файзулла Хўжа билан яқин эди, деганмиш. Шотутниям шунақа деб кестириб юборса-я!.. Йўқ, бригадирнинг эсига келмадими, бошқа сабабданми, шотут омон қолди…

(Даланинг қоқ ўртасидаги бу улкан шотут бизнинг болалик давримиздан ҳам ягона эсдалик бўлиб яқин йилларгача сақланиб келган эди).

Шу тахлит, болалигим, бутун умрим “Шотутли”да, унинг атрофидаги далаларда ўтди. Аввал ўгай онам ишлатди. Кейин уруш бошланиб, замон ўгайлашиб кетди. Биров-бировга боқмай қўйди.

Кейинчалик бориб хиёл юмшагандай бўлди. Хуллас, шу ёшимгача қанча пошшо алмашди, каттакон алмашди. Савлат тўкиб “Шотутли” уватига келганлари ҳам бўлди. Лекин, эслолмайманки, лоақал бирортаси Файзулла Хўжаевдай ёки Қурбонхўжадай болаларни даладан қувлаган бўлсин!..

 

Зарбуви

Авжи саратон. Иш дегани қайнаган. Ғўза чопиқ, суғориш, бир ёқда арпа, буғдой бош тортиб, ўроққа келиб турибди. Устига устак дарё тошиб, бир-икки даъфа дамба босишгаям опкетишди…
Ҳозир эса дала чеккасида ғуж бўлганимизча ғўза чопиқ қиляпмиз. Ғуж бўлиб олганимиз сабаби — бир оз нишаб бўлганидан бу ерларни сув босган. Қотган. Чарчин бўлиб ётибди. Агар бир эгатдан тегадими, икки эгатданми, кўплашиб чопмасак, кимнинг чекига тушса, ёлғиз ўзи чопиқ қилиб чиққунча бўлари бўлади.

Ҳеч бировимиз чурқ этмаймиз. Фақат кетмонларимиз тарақ-туруғи эшитилади. Офтоб тиккага келиб, забтига оляпти. Бир маҳал орқамиздан Анзират опа деганимизнинг овози қаттиқ-қаттиқ эшитила бошлади.

— Ҳой, Роҳат, бу нима қилиқ, нимага ҳаккалатиб кетмон уриб кетяпсан?! Кап-катта хотин. Қайт, орқанга. Вой-бўй, Ҳанифа, сенга нима бало бўлди?! Ҳай, уятсиз-а, ҳаннот-а!..
Анзират опанинг саннаб кетганидан биламизки, дала бошида бригадирми, бошқа бир каттами кўринган. Шундан опамизнинг ҳам “катталиги” тутган. Анзират опамизнинг бунақа куйди-пишдилиги катталарга хуш ёқади. “Ҳа, яшанг, янга, кам бўлманг, — дея мақташади. — Бизга сиздайин патриотлар керак. Чунки, бу ер ҳам фронтдай гап. Фронтдагидай жон олиб, жон бермасак, ҳосил қаёқда!” — дейишади.

Опамиз шишинқираб ғайратга минади. Ҳар қулочкашлаб кетмон уришга тушиб кетадики, қўяверасиз. Катталар кетишгач, тенгқурлари уни: “Э, ўл кўтарма бўлмай! Бунча саннадинг, ярим коса атала ортиқча олмоқчимисан?” дея турткилашга тушишади. У сиртига юқтирмайди. “Вой, кўтарма бўп нима қипман, яхши ишлайлик десам ёмонми? У ёқдагиларга фойдамиз тегсин, тезроқ келишсин, дейман-да”. Бу гапи ўрин ўтавермаса, яна важ топишга уринади: “Хўп, мен саннадиму, улар сизларга индашмади. Агар шу алдам-қалдам ишларингни ўзлари кўришса нима бўларди, отанг қолмай, энанг қолмай ҳалоллаб кетишарди, тўғрими?!”.

Ҳар ҳолда бу гапи жўялироқ туюлади. Лекин нафсиламирини айтганда, ҳаммамиз сидқидилдан ишлаймиз. Анзират опага ўхшаган тафтишчиларга ҳожат йўқ.

Зарбуви деган опамиз бор. Анзират опа, айниқса, уни куткилаб юради. “Зарбуви айёр, Зарбуви ичидан пишган. Оғирди устидан, енгилнинг остидан юради”, дегани-деган. Бизнинг ғашимиз келади. Ғашимиз келади-ю, аксига олиб Анзират опанинг гапини тасдиқлагандай, ишлаб турган еримизда Зарбуви опа ўз-ўзидан йўқолиб қолади. Анзират опага эса худо беради: “Ана айтмадимми, Зарбуви яна гум бўлди. Баҳонаси — бузоқча. Шўранинг поясига авайлабгина боғлаб қўйган бузоқчаси ечилиб кетган бўлади…”.

Чинданам ишимиз енгиллашиб, бир чеккага чиқишимиз билан, ҳов нарида бузоқчасини етаклаб Зарбуви опамиз кўринади. Боз устига биздан кечирим сўрагандай, гапириниб келаверади: “Ҳа, қурмагур, бежоғим мол. Мудом орқангдан сарсонман…” Ҳаммамиз кулиб юборамиз. Зарбуви опа бўлса тушунмай аланглайди…

Мана ҳозир ҳам кўринмай турибди. Ҳалигина юрганди ғимирлаб. Анзират опанинг саннай бошлаганидан билдикки, кимдир келяпти. Бош кўтариб қарасак, бригадир Жаббор амаки. У кўкламда урушдан қайтган. Бир қўли белбоғи билан бўйнига осилган. Бемажол ҳолидаям тиним билмайди. Ҳали дала бошида, ҳали қишлоқда. Бизга ишни тақсимлаб бериб, ўзи қабул қилиб олади. Ҳеч кимга қаттиқ гапирмайди. Айниқса, биз ёшларни доим олқаб, эркалаб юради. У кишини кўраверсак, негадир бизнинг ҳам эркалик қилгимиз, соғинган оталаримизнинг меҳрини ундан олгимиз келаверади.

Жаббор амакига Анзират опа пешвоз чиқиб, эркакчасига қўш-қўллаб кўришди. Жаббор амаки ҳам ўртоғи билан гаплашгандай ҳазиллашди.

— Менга қара, нега қизларимни қийнаб қўйдинг?
— Нима қипман, қийнаб, ҳар кунги ишимиз-ку, Жаббор ака!
— Пешин бўпти-ку, оч қолмадиларингми?

Ростдан ҳам ҳеч бировимизнинг эсимизга келмабди овқатга чиқиш. Овқат деганим мош аталами, садақаси кетай, гўжами, ишқилиб бир нарса бўлар. Кейин ҳар биримиз уйдан келтирган битта, яримта қотган-қутган нонларни ўртага ташлаймиз. Ҳа, ўртага ташлаб баҳам кўрамиз.

Кўрдикки, Жаббор амакининг биз билан ўтиргиси бор. Шу баҳонада чақчақлашиб кўнглини ёзади ёки бирор иш чиқиб қолган бўлса, ўртага маслаҳатга ташлайди.

Хуллас, дала чеккасига, яккатол соясига чиқдик. Бўй қизлар алоҳида, қолган-қутган Анзират опа тенггилар алоҳида давра олиб ўтирдик. Жаббор амакини Анзират опа ўз даврасига, ҳатто ўз ёнига ўтқазди.

— Зарбуви кўринмайди? — деб қолди бир маҳал Жаббор амаки.
— Ҳали юрувди тимирскиланиб, — деди Анзират опа беписанд, — бузоғи ечилиб кетганми…

Ёнидаги бир-иккиталар кулиб қўйишди. Жаббор амаки нари беридан гап бериб, яхшигина чойхўрлик қилиб турганимиз устига қишлоқ йўлида қора кўринди. Биринчи бўлиб Анзират опа таниди.

— Жаббор ака, ана Зарбувингиз… Товба, қишлоққа кетиб қопти-я писмиқой. Ҳаммамизни лақиллатиб юради. Бузоғи кўринмайди, қаерда қолган экан?!

Анзират опа Зарбуви етиб келгунча бир дунё гапни гапириб ташлади-ю, Жаббор амаки бўлса, эшитмагандай жимгина ўтираверди.

Зарбуви опа бригадирни кўриб эсанкиради. Нима қиларини билмай тўғри унинг бошига борди.
— Ассалом… Жаббор ака…

— Ҳм, нима қилиб юрибсан, — деди бригадир қовоқ уюб.
— Нон ёпдим, Жаббор ака, кечирасиз…

— Кечаси нима иш қилдинг?
— Кечаси кир ювдим, Жаббор ака, кир ювдим, кечиринг. Айтмоқчи, — жонланиб кетди Зарбуви опа, — сизга нон опкелдим. Мана, иссиққина. Еб олинг.

Зарбуви опа қўлтиғидан нон олди-да, тўп этказиб дастурхонга ташлади.
— Олинг, иссиққина.

Анзират опа негадир “Вой, ўлай!” деб юборди. Бригадир бир зум дастурхонга тикилиб қолди-да, Зарбувига қаради.

— Нонни бунча куйдирдинг, Зарбуви, қоп-қора-ку?! — деди.
— Йўғ-е!

Зарбуви опа дастурхонга бўйлаб қаради. Кейин “Вой, ман ўлай!” деб бақириб юборди-да, юзини қўллари билан тўсганча ўтириб олди. Даврадагилар гур кулгу кўтарди. Бизнинг даврадагилар ҳам бўйлаб қарашиб, нима гаплигини билишгач, кулгуга қўшилишди. Айрим шайтони зўрлар кулавериб, чўзилиб қолди. Шўрлик Зарбуви опамиз шошгани ё қўрққани шунчаликки, нон ўрнига нон ёпувчи рапидани қўлтиғига қистириб келаверган экан. Ҳамманинг ичагини узгудай кулдириб қўйди-да, ўзи бир чеккага чиқиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушди.

Буни кўрган Жаббор амаки ҳангоматалаб хотинларни “Бас қилинглар!” деб жеркиб берди. Кейин ўрнидан туриб қишлоққа жўнади. Кўнгли бузилиб кетди-да, шекилли…

Зарбуви опанинг эри урушда. Уч-тўрт ёшлардаги ўғилчаси билан қолган. Бунинг устига акасининг беваси ташлаб кетган гўдакни ҳам боқиб олган. Шу икки гўдакни устидан тонгда қулфлаб келаркан-да, чошгоҳда ўғринча бориб овқатлантириб қайтаркан… Унинг орқасидан эса бизлар ҳар хил гап-сўз қилиб, айёрдан олиб ялқовга солиб ётарканмиз… Э, у замонлар…

Янгам

… Бизлар-ку, ҳаммамиз оқимиз оққа, қизилимиз қизилга ажралиб дегандай бўй кўрсатиб келаётган навниҳоллар эдик. Лекин, Анзират опа тенггилар ҳам биздан унчалик катта эмасди, кейин улар ҳам бир-бири билан ҳусн талашиб-тортишса арзийдиган кўркам, сулув жувонлар эди. Лекин барибир менинг Ҳулкар янгажонимга тенг келадигани йўқ эди. Янгам сулувларнинг сулуви эди. Амаким армияда. Янгам доим мени ёнбошида олиб юради. Баъзан кечқурунлари уйига ҳам олиб кетади… Э, унинг ширинсўзлигини…

Янгам дарёнинг нарёғидан келин бўлиб тушганлар. Қишлоқларини соғинадилар. “Шу сабил, олисга тушган келинчакка қишлоғининг кучуклари вовулласаям булбулнинг чаҳ-чаҳидай ёқимли эшитиларкан”, деб ҳазил қилади. Чинми, ҳазилми, тўй бўлиб келганидан кейин қишлоғига биринчи боришида кўчасидаги теракларни бир-бир қучоқлаб йиғлаган экан.

Ҳали айтганимдай амаким урушда. Янгамга қулоч-қулоч хат ёзади. Мен ўн беш ёшли қизча амакимнинг “сулувим, шакарим, асалим”, деб эркалаб ёзган хатларини ўқиб бераман. Мен ўқийвераман, янгам лов-лов ёниб ўтираверади. Шунақаям чиройли бўлиб кетадики, …ўзиям келинмисан, келин эди-да!.. Бўйчан, навниҳолдай нозик, эгилма қошлари қоп-қора…

Хатни ўқийверсам хиёл мовийтоб кўзлари чақнаб, нурланиб бораверади. Ва охирида худди амакимнинг олдида тургандай уялиб, бошини эгиб олади. Хатни ўқиб тугатганимдан кейин ҳам кўтармайди. Хаёлга чўмиб кетади-да, бир маҳаллар: “Ҳа, қиз пошша, ўқимайсизми?” дейди. “Бўлдим-ку!” дея бўйнимни қисаман. Шунда янгам овқатдан тўймай қолган боладай хафа бўлиб кетади. Хатни қўлимдан олиб, нимчаси чўнтагига солади-да, кетмонини олиб кесак майдалашга тушиб кетади. Энди жаҳл билан қулочкашлаб кетмон уради, кетмон тошга теккандай даранглайди, кесаклар ушалиб, ҳар ёққа учади, оппоқ чанг кўтарилиб, янгамни ўраб-чирмайди. Яна бир маҳаллар қарасам, янгам катта бир кесак устидами, уватдами, бош солиб ўтирган бўлади. Астагина ёнларига бориб ўтираман. Қўлларида ҳалиги мактуб, кўзларида милт-милт ёш…

Амакимдан мана шунақа хат келган кунлари билардимки, янгам кечқурун мени уйига олиб кетади. Не маҳалгача ўтириб жавоб хати ёзамиз. Бечора янгам шунча шўх, бийрон бўлишига қарамай хат ёзиш пайтимизда гунг бўлади, қолади.

— Янга, айтинг, нима ёзай, десам, ўзингиздан қолар гап йўқ, қизпошша, ёзаверинг билганингизни, дейди. Ёким мендан уялармиди, билмадим…

Бир куни хат ёзиб ўтирган эдик. Салом-аликдан бошлаб, ҳар хил қишлоқ янгиликларидан ёздиму янгамдан сўрадим.
— Янга, энди гапингиз бўлса, айтинг, нимани ёзай?..

Қўлидаги боласини эмизиб, унинг юзига термулиб ўтирарди у. Чўчиб бошини кўтарди, мудраб қолган экан.
— Айтинг, нима ёзай?..

Шунда янгам бечора:
— Анови токчада пиёла бор. Пиёлада ажриқ бор. Шу ажриқни ёзинг, — деса бўладими. Аввалига ҳайрон бўлдим-да, кейин шарақлаб кулиб юбордим.
— Янга, нима деяпсиз, ажриқ далада қолган!..

У чўчиб бошини кўтарди.

— Вой мен ўлай, нима деб валдирадим?! Унақа ёзманг, — деди. — Қуриб кетсин ажриғи, кечасиям тинчлик бермайди!..

Ўша кунлар бир ҳафтадан бери ажриқ териб, дала тозалаётган эдик… Ҳа, пахтани экиб олгунимизчаям бир азоб эди…

034

Соғинганим

Кўксой бўйида тушлик қиляпмиз.

Бўй қизлар алоҳида давра олган, хотин-халаж алоҳида.

Топган-тутганларимизни ўртага ташлаб, аллақачон еб-ичиб битирганмизу лекин ҳеч биримизнинг тургимиз йўқ. Худди қозонда бир нарса пишяпти-ю, биз шунинг илинжида ўтиргандаймиз…

Ҳар тугул бу нарса Анзират опамизнинг ёдига тушиб қолди.
– Ҳой, ўтиришимизни қаранглар!..

Ялт этиб унга қарадик.
– Яна ками борми?! Еяримизни еб, ичаримизни ичиб бўлдик. Турайлик энди. Қани, ҳар ким турсин, гуноҳи тўкилсин. Омин, облоҳу акбар!

Бу гап айниқса бизнинг даврадагиларга, ёш-ялангларга малол келди. Бунча ишсираб қолмаса бу опай! Мудом шу: турайлик, ишлайлик, ғайрат қилайлик… Лекин ҳаддимиз сиғиб бир нарса деёлмаймиз. Ўзи тенггилар гапирса бошқа гап.

Анзират опанинг “Облоҳу акбар”ига қўшилиб, беихтиёр омин қилдигу барибир қўзғала қолмадик. Жонимизга Меҳри опамиз ора кирди.
– Анзират, нима бўлди? – Меҳри опа ўрнидан туриб, қўлини қоши устида соябон қилганча тўрт томонга аланглаб олди. – Ҳеч ким йўқ-ку!.. – деди-да, жойига қайтиб ўтирди.

Ҳаммамиз кулдик. Қачонки, Анзират опанинг ғайрати тутиб, бизни тергай бошладими, ёки ўз-ўзидан ишимизни тафтиш қилиб, овози қаттиқ-қаттиқ чиқавердими, биламизки, уватда бирорта каттанинг қораси кўринган бўлади. Дугоналари унинг қилиқларига бирда кулишса, бирда жеркиб беришади. “Э, кўтарма бўлмай ўл! Ярим коса гўжа кўпроқ ичмоқчимисан?” дейишади. Опа тилини бермайди.

– Ҳалол ишлайлик дейман-да, дугон. Биз яхши ишласак, эрларимизга нафи тегади. Урушдан тезроқ қайтишади, дейди. Опа ҳозир ҳам ўзини оқлаган бўлди. “Меҳри, ишласак ўзимиз учун ишлаймиз-да, дугон. Биргад ё ҳосилот учун эмас-ку!..” деди-да, лекин гап оҳангидан анча бўшашгани сезилиб турарди.

Демак, опаларимизнинг ҳам иштиёқлари бўлмай турибди. Рост-да, осмон кўм-кўк бўлса, ҳаво илиққина, майингина бўлса, баланд-баландларда қалдирғочлар вижирлаб юрган бўлса, манови Кўксой суви тип-тиниқ бўлиб, буралиб-буралиб оқиб ётган бўлса…-да, биз ҳаммасини қўйиб, шудгорнинг қоқ ўртасида туриб олиб, сандалдай-сандалдай кесакларни чангга ботиб, чангга беланиб майдалаб юрсак!..
Пайтдан фойдаланиш керак!..

– Меҳри янга, жон янгажон! – дедим мен ялинчоқ кўйда.
– Жони янга, – деди у бизнинг даврамизга бўйлаб қараб.
– Битта Хидир сарсон бўлиб беринг, кейин турамиз. Анзират опа, майлими?..

Сўнгги гапим мўлжалга тегди.

– Анзират опа, майлими эмиш! – деб қолди Роҳат опа деганимиз жаҳлланиб. – Анзират ким бўпти?! Ҳосилотми, биргатми!.. Меҳри ойти Хидир сарсонам бўлиб беради, бошқаям!.. Гап тамом! Анзират бир нарса деб кўрсин-чи, нима қиларкинман!

– Нима қиласиз, опа? – деди кимдир пиқ этиб кулиб.
– Ўзи билади нима қилишимни!

Тушунганлар кулди, биз тушунмасак-да, қийқириб Роҳат опани қувватладик.

– Э, яшанг, опа, яхшиям сиз борсиз!..
– Меҳри ойти, сингилчаларди сазаси ўлмасин, битта Хидир сарсон бўлиб беринг, – деди Роҳат опа деярли буйруқ йўсинида. – Бир яйрашсин…

Ниҳолдай хушсуврат Меҳри опа туппа-тузук Хидир сарсон подачи қиёфасига кирди-қолди. Лаб-лунжи осилиб, сочлари мажнунваш тўзғиганча, бир оёғини судраб босиб, давра айлана бошлади…

“Подачи” дудуқланиб, “ош ҳалол” сўрайди. Нон берганлардан ёғлиқ патир сўраса, мошхўрда, мастава берганларни “нега қозонингдаги ош-паловни яширасан, оп чиқмайсан?!” деб изза қилади. Яна шунақа антиқа егуликлар, ширинликлар отини тутадики, унақа нарсаларни аллақачонлар унутиб юборганмиз, таъмию тусини ҳам эслолмаймиз. Қишлоқнинг эрка “подачи”си эса сархил-сархил неъматларни ёдимизга тушириб, оғизларимизни сув очтириб, қоринларимизни қулдиратиб-қулдиратиб, охирида яна Меҳри опамизга айланиб, жойига келиб ўтирди. Уни яна қистадик.

– Меҳри ойти, энди битта Зарбуви бўлиб беринг, жон ойтижон, йўқ деманг!..

Бадани хийла қизиб олган Меҳри опамиз энди кўпам ялинтирмайди.
– Зарбуви бўлайми. Ҳозир. Зарбуви, ўзингам қараб тур, ўхшайманми, йўқми…

Зарбуви опамиз беозор илжайиб қўяди.

Меҳри опа ўрнидан туриб, буталар орқасига ўтиб кетади-да, у ёқдан Зарбуви бўлиб чиқиб келади: рўмоли қийшайган, лозимининг бир почаси шимарилган, кўйлагининг ҳам бир енги ҳимарилиб, биттаси ҳалпиллаган, қўлтиғига нимадир қистирилган… Давра олдига ҳовлиқиб келади-да, бирдан таққа тўхтайди. Тек қотади.

– Вой, Жаббор акам-ку! – дейди ваҳимага тушиб. – Энди нима қиламан?.. Мени сўяди-ку! Йўқ, сўймайди, бечора, чумчуқниям сўёлмайдию… лекин ўлдиради-да барибир!..

Биз унинг ҳар бир гапига гур-гур куламиз.

“Зарбуви” ўзини тартибга солмоқчи бўлади: почасига кўзи тушади. “Вой, ўлай!” деб энгашади-да, ҳимарилган почасини тушириб, иккинчисини ҳимаради. Яна кулгу. Рўмолини тузатган бўлиб, иккинчи томонга қийшайтириб юборади. Кейин даврамизга яқин келади. Ўзи ҳали туриб кетган бўш ўрин тепасида туриб олади.
– Ассалом, Жаббор ака!.. Яхшимисиз, эсонмисиз?..

“Жаббор ака” жаҳл қилиб алик олмайди, шекилли, қайтадан саломлашиб, сўраша бошлайди.

– Ассалом, Жаббор ака, ассалом!.. Ҳа, эшитдингизми, хайрият. Яхшимисиз, эсонмисиз?.. А?.. Қай гўрда журибсан, дейсизми? Журибман-да, эски гўр, янги гўр қилиб, айланиб… Вой, ўлай, йўқ, нан япдим, кир жувдим, сийир совдим, бузоқ ийдирдим, чўмилдим… Э, ман ўлай, болаларни чўмилтирдим, кейин ўзимам… А? Кечаси нима қилдинг, дейсизми? Кечаси қилдим-да шу ишларни! Саҳар туриб, нан япдим. Ҳа, айтмоқчи, эсгинам қурсин, сизга нан апкелдим. Мана. Сал бўлмаса қўлтиғимда қоп кетайкан!..

“Зарбуви” қўлтиғидаги нарсани – буклоғлиқ қора нимчасини тўп этказиб дастурхонга ташлайди.

– Олинг, Жаббор ака, сизга апкелдим. Энди камроқ урушинг. Олинг, иссиққина, қизларга берманг, ўзингиз маз-за қилиб жеволинг… Вой, нима? Куйиб кетибди, дейсизми? Ҳе, йўқ, сал қизариб пишган, синггагина. Ўзимгинага ўхшаб қизариб пишган. Яна нима деяпсиз? Қоп-қора-ку, дейсизми? Қани, қани, кўрай-чи… – эгилиб, нимчасини олиб қарайди. – Вой, ман ўлай, рапида-ку!.. Ман тентаккинани кечиринг, жон биргад ака, бир сапар кечиринг! Ҳа, буни еб туринг, кейинги сапар, албатта куймаганидан апкеламан. Манави ебтўймасларга ҳам беринг, ҳа, еб олинглар!..

Бошида илжайиб, қимтинибгина ўтирган Зарбуви опанинг ўзи ҳам гур-гур кулгига қўшила бошлади. Сўлғин юзлари ёришиб, яшарибгина борарди. Шўрлик опамиз ҳар эрта икки гўдагини устидан қулфлаб келади-да, чошгоҳда ўғринча бориб, овқатлантириб қайтади. Пешинда имкон топса яна бориб келади. Шундай қилиб, иш орасида ҳаллослаб, ҳалиқиб икки-уч қишлоққа бориб-қайтади. Яна соғин сигирини бузоғи билан етаклаб юради. Уларга ҳар куни ўт ўриб бориши керак. Шунинг учун ҳам ёлғиз боши билан баъзан довдираб, ноқулай аҳволларга ҳам тушиб туради. Нон ўрнига нон ёпадиган рапидани кўтариб келадимией…

Кула-кула ниҳоят тинчиймиз. Шунда ҳам у ер, бу ердан бирови ўзини босолмай пиқ этиб кулиб юборади-да, яна бутун давра бўйлаб кулгу кўтарилади. Ажаб, Меҳри опанинг ўзи сира кулмайди. Ҳаяжонланган, ҳовлиққан, хижолат чеккан “Зарбуви” суратида ўтираверади. Рўмоли бир толмонга қийшайиб, ўзи ҳам бутун гавдаси билан шу томонга оғиб кетаверади. Унга кўзингиз тушганнинг ўзидаёқ, кулгингиз қистайди.

Роҳат опа чидаёлмади.
– Э, бўлди-е, ҳозир ичагим узилиб кетади, – деди. – Бўлди, дедим.

Шундагина Меҳри опа ўзини қўйиб юбориб, илжайди.

Озгина фурсат ўтиб, Меҳри опани яна қистай бошладик.
– Бунисига раҳмат, опажон, энди битта Шакар чеча бўп берасиз, кейин бас…

Шакар чечамиз ҳам даврада. Бизнинг қистовимиздан аввалига аланг-жаланг бўлиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Кейин нуқул илжайиб, Меҳри опага қарай бошлади. Меҳри опа унга қараб:
– Чеча, нима деяпти буларингиз, – дея бош ирғади-да, кейин бизга ўгирилиб, – Чеча бўлишим учун бир-икки коса туршакоб ичиб олишим керак эди-ку, – деди.

Ҳаммамиз кулиб юбордик. Шакар чечамиз уялганидан кичкина қўлчалари билан юзларини бекитди.

– Яхшиси, ўзлари айтиб берсинлар, тўғрими қизлар? – деди Меҳри опа.

“Тўғри, тўғри”, деб чуғурладик бараварига.

– Э, ўлсин, нимасини айтади, айтгулиги йўқ, – деди Шакар чеча қўл силтаб. Аммо, сезиб турибмиз, чечанинг ҳам қулфи дили очилиб боряпти. Меҳри опа бўлса билинтирмасдан уни гапга солиб юбориш пайида.

– Чеча, шунчалик кўп ичиб юборганмидингиз туршакобни?..
– Нафси бад койиши жон-да, Меҳрижон. Оғзимга ёқиб қоп, ичаверибман, ичаверибман…

– Ҳа-ҳа, кейин нима бўлди?
– Кейин ўша билганингиз-да.

– Битта менмас, ҳаммамиз билиб бўлганмиз. Ўзингиз айтиб берганингиз тузук-да.
– Ўлманг сиз… Майли, айтаман-ку, фақат ҳар ерда гапириб юрманглар-да…

Бараварига “гапирмаймиз”, дедик-да, янги ҳангома эшитишга чоғландик.

– Қурғур, нафси бадлик қилиб, туршакобдан тўйиб-тўйиб ичиб опман. Аввалига билинмади. Кейин сигирни етаклаб, йўлга тушишим билан қорин дамлайверди, десангиз. Бийдай дала, зоғ кўринмайди. Ҳеч ким йўқ-ку, деб, ўзимни хиёл бўш қўйибман, десангиз… – Бу ёғини айтмайди. Сукут қилади. Ҳар ер, ҳар ердан пиқ-пиқ кула бошлаймиз. Чеча илжайиб, қизариниб давом этади. – Шуйтиб, ўлгур чечаларингиз йўлда кетиб боряпти, дунёнинг ҳисоб-китобига етмай. Бир тарафда отасидан хат келмай қўйган. Эс-ҳушим ўзимда эмас, нима бўлди, нима қўйди, деб… Етиб келдим-да, сигирни боғлаб қўяй деб ҳов анови терак тагига бордим. Бундай қарасам, етовимдаги сигир йўқ-да, қуруқ арқонни судраб кепман. Сал нарида от минган Жаббор ака турибдилар. “Ассалом, Жаббор ака, сигирим қани?” дебман. “Сигирми? Ҳа, аллақачонлар ечилиб қолган эди. Билмадим, ўттиз тўққизми, қирқ бирида эдими”, десалар бўладими!.. “Вой, шарманда!” деб ўтириб қопман. Қарасам, Жаббор ака кула-кула ўтиб кетяптилар. Орқаларидан чопиб бориб, узангиларига ёпишдим. “Жон акажон, биров билмасин. Эмасам, ўзимни Оқдарёга ташлайман!” деб туриб олдим. Биргадирни-ку, дарёга ташлайман деб қўрқитиб, сўзини олдим. Лекин оғзимнинг жилови йўқ мен ўлгир, тўғри келиб Меҳри ойтиларингизга ёрилибман. “Шунақа айб иш қип қўйдим, биров билмасин, сийнижон”, дебман. Кейин қарасам, биттаси Шакар чеча, туршакобдан яна борми, дейди. Биттаси, сигирингизни топдингизми, дейди. Яна биттаси пиқир-пиқир кулади. Ҳа, ўлдим энди, дедим. Мана шундан бу ёғига отим туршакоб. Билмадим, қачон қутиламан?..
– Энди қутилиб бўпсиз, – деди Роҳатой опамиз, – эшитмаганмисиз, битта йигит чойхонада гаштакхўрликда ўтириб, сиздақа айб қип қўйибди-да, номусига чидолмай қишлоқдан бош олиб чиқиб кетибди. Шу кетганича, қирқ йил деганда қайтибди. Секин ўша чойхонага бориб мўралабди. Қараса, уч-тўртта бобой ошхўрлик қилиб ўтиришган экан. Биттаси айтармишки, фалончи ошнамиз битта айб қип қўйиб, бадар кетди-я, дермиш. “Оббо, қирқ йилдан кейин ҳам ўшанинг гапи экан-да!” деб ҳалиги одам пешонасига бир уриб, қишлоқдан яна чиқиб кетган экан. Ана шунақа, Шакар чеча!..

… Меҳри опа ўрнидан туриб, Роҳат дугонасининг бошига келди.

– Ҳой, Роҳатмусан, қизим, – деди талаффузини ўзартириб.
– Ҳа, Роҳатман, почча, – деди ҳушёр Роҳат опамиз дарров тушуниб. – Яхшимисиз?

– Ҳа, ман яхши. Лекин сани саломинг қани, еб қўйдингму?
– Поччажон, ассалом. Кечиринг.

– Хай, безарал, безарал… Хай, эринг яхшими?
– Яхши бўлсалар керак, почча. Хат кеп турибди.

– Э, ҳа, кетганди-я. Хай, боши тошдан бўсун. Бачаларинг яхшими? Отлари нима эди, ҳа, Козим, Нозим. Нажмиддин… Ҳаммаси яхшими?
– Яхши, шукур, шукур…

– Катта бўлобтулар?
– Катта бўлишяпти, шукур.

– Хай, манга қара, ҳам-ма яхшими?
– Ҳа, ҳам-ма яхши, ҳаам-ма!..

Гур кулгу кўтарилади. Гап шундпки, почча деганимиз шаҳарда туради. У кишининг икки хотини бўлиб, бирови Роҳат опанинг аммаси экан. Гап чиқибтики, кимда ким икки, уч хотинли бўлса, биттадан ортиғига талоқ бермаса, қамалармиш, деган. Шунда ҳалиги поччамиз катта хотинининг жавобини беролмайди-да, суюкли кичик хотини – Роҳат опанинг аммасига бир оғиз шаъма қилади. Аммаси ҳам Роҳат опанинг ўзи сингари чўрткесар экан, орияти қўзиб, шартта чиқиб кетибди-да, Роҳат опаларнинг уйига келиб ўтирибди…

Шундай қилиб, ҳангома давом этади. Меҳри опамиз почча суратида турганча сўрашиш билан машғул: ўзинг яхшими, эринг яхшими, бачаларинг деб, номма-ном айтиб, кейин қозон-товоқ, эчки-улоққача суриштиргач, чуқур нафас олиб, хай, ҳамма яхшими ишқилиб, дейди. Ҳар галги “ҳамма яхшими”да гур кулгу кўтарилади. Охири хотинлардан бирининг “почча”га раҳми келиб:
– Роҳат ўлгур, бечора поччамизни эзиб юбординг-ку! Аммажоним ҳам яхши юрибдилар. Сизга салом айтдилар, демайсанми!.. – деди шарақлаб кулиб.

“Почча” бу гапларга эътиборсиз яна бошидан тушиб, сўрашишда давом этди. У яхшими, бу яхшими, ҳамма яхшими…

Шу тахлит ҳангома, ўйин-кулгу билан бўлиб, вақт ўтганини сезмаймиз. Лекин, кўнглимизнинг бир чеккасида барибир бир ўй ғимирлаб туради: бу завқли дақиқалар ҳадемай тугайди. Яна шудгор, чанг-тупроқ, сандалдай кесаклар… Меҳнатдан-ку, чўчимаймиз. Лекин хавотирли ўй-хаёллар ўровида қолишдан қўрқамиз.

Анзират опага разм соламан, ич-этини еб бораётгани афтидан кўриниб турибди. Айни шу тобда бригадирми, бошқасими кеп қолса, унга таъна қиладигандек, унга ишончи йўқоладигандек. Нима қилсин, табиати шунақа экан-да. Ҳар қанча ичини ит таталамасин, чидашга мажбур. Энди фақат ё Меҳри ё Роҳат опагина нуқта қўйиши мумкин ҳангомага…

Ниҳоят “поччамиз” зерикди шекилли, сўрашишни бас қилди.

– Ҳой, Роҳат қизим, бу қип-қизил шудгорда нима қип юрибсан? – деди.
– Иш, почча, иш…
– Қаноқа иш?

– Кесак майдалаймиз. Ана қаранг, ҳув ўша кесакларни бир бошидан майдалаб, ундай қиламиз.
– Иби, нимага керак майдалаб?
– Чигит экамиз, арпа-буғдой экамиз. Шоли экамиз.

– Э, шуноқами, ман ўйлабман иш йўқлигидан кесак парчинлаб юрибсизлар, деб. Иби, қизим, қаноқа парчинлайсизлар, жудо катта-ку. Сандолдай-сандолдай бўп ётибди-ку?!. Хай, майли… (атрофга аланглаб) ишқилиб ҳамма чиққанми далага?
– Ҳамма чиққан, почча.

– Тағин алдаёпсан-а!.. Аммангга ўхшаб, санам мани қон қилдинг, қизим. Ҳамма яхшими, дейман, яхши дейсан. Биламан ўзимам, ўша аммангни яхшилигини. Лекин яхшилигидан манга нима наф, опчиқмайсанми хумпарни кесак майдалашга, мундоқ салом-алик қилиб кетардук.
– Ҳо, ёқмай қолсин!. Ҳа, майли, айтиб кўрарман… Энди гап муннай поччажон: сизгаям битта кетмон берамиз. Биз билан кесак парчинлайсиз.

– Майли, қизим, майли…ку-я, ўлсун бел чидамайди-да.
– Чидайди. Бир гап бўп қолса, аммажонимиз бор!
– Ҳой, бошидан шуноқа демайсанми, духтаржон! Тилингга шакар!..

“Почча” бошини сараклатиб, танглайини такиллатиб, даврани шодмон айланаркан, гур-гур кулгу кўтарардик. Тинчиганимиздан кейин Роҳатой опамиз “поччаси”ни ёнига ўтқазди.

– Энди поччажоним, дастурхонга дуо қилсангиз!..
– Хай, майли, қизим, – “почча” фотиҳага қўл очди. – Омин, қасд қилганлар паст бўлсун. Урушга юрган бачаларни ҳаммаси чопиб-чопқиллаб қайтиб келсун. Ҳаммангни бағригинанг тўлуб қолсун. Анови бўй қизгиналар ҳаммаси эгалик бўлсун, хўжалик бўлсун…

– Аммажонимиз… – луқма қўшди қақажонлардан бири.
– Аммажонларингам қайда бўлса, омон бўлсун… – Роҳатга қараб кулди. – Хай, ҳамма яхшими, ишқилиб.

– Яхши, яхши, поччажон. Омин қилинг.
– Хай, ҳамма яхши бўлсун. Омин. Оллоҳу акбар!

Ҳаммамиз беихтиёр, сира оғринмай омин қилдик-да, гурра қўзғалдик. Бошқаларни билмадиму мен қушдай енгил эдим. Дала бўйлаб тарқалдик. Ҳар ким ўзига ажратилган бўлакларга қараб кетди. Бировлар ёлғиз ўзи, бировлар уч-тўрттадан бўлиб олишган.

Атрофда баҳор. Осмон кўм-кўк. Дала четларидаги тол-терак хивчинларида қуш тилидаккина бўлиб япроқчалар кўрина бошлаган. Кўксой суви тип-тиниқ, илон изи бўлиб, жимгина оқиб ётибди. Баланд-баландларда янгигина учиб келган қалдирғочлар чарх уради. Ҳаво бирам ёқимлики…

Биз, эндигина бўйга етиб, оқи оққа, қизили қизилга ажралиб келаётган қизлар ҳам, турмуш кўрган, бола-чақа орттирган, лекин ҳали бокиралик даврларидан олислаб улгурмаган сулув-сулув опаларимиз ҳам атроф-жонибга беэътибормиз. Қулочкашлаб кетмон урамиз. Кесак майдалаймиз. Чангга беланиб, юз-бошларимиз бўғриқиб, нозик белларимиз майишиб, қўлларимиз қавариб ер текислаймиз. Лекин оҳ-воҳ қилмаймиз, чарчадик, толдик демаймиз. Гўёки бу ишлар азал-азалдан манглайимизга битиб қўйилгандай…

Мана орадан неча замонлар берида туриб, баъзан ўйлаб қоламан. Қийратма уруш борарди ўшанда. Ваҳима, қўрқув, хавотир. Ҳатто уруш бошларида кечалари уйимизда чироқ ёқишга ҳам қўйишмас, деразаларга қора парда тутишни буюришарди. Хуллас, шунақа бир серҳадик, нотинч замонларда ҳам биз бийдай дала-даштларда ҳалигидақа ўйин-кулгулар, ҳангомалар қилардик.Тавба, дейман, ёшлик экан-да. Ёшликда одам маст бўларкан-да, дард-алам ҳам, ҳасрату ташвиш ҳам ёшликни буколмас экан-да… Яна ким билсин, бу ҳам Оллоҳнинг иродасидир. Тоғдай ғам берса, тоғдай бардош ҳам берар экан-да. Балки, ғамзада кўнгилларимиз ўзига таскин-тасалли излаган ва уни ўйин-кулгудан, самимий давралардан олгандир-да…

Гулдай пайтларимизни нотинч замонлар елга учирди, деб баъзан ўксиб қўяман. Аммо барибир ўша даврларни қўмсайман, ўша дилкаш, ўша дилсўз давраларимизни соғинаман. Бот-бот ўша даврларга, ўша давраларга қайтгим келиб қолади…

Mana oradan necha zamonlar berida turib, ba’zan o‘ylab qolaman. Qiyratma urush borardi o‘shanda. Vahima, qo‘rquv, xavotir. Hatto urush boshlarida kechalari uyimizda chiroq yoqishga ham qo‘yishmas, derazalarga qora parda tutishni buyurishardi. Xullas, shunaqa bir serhadik, notinch zamonlarda ham biz biyday dala-dashtlarda haligidaqa o‘yin-kulgular, hangomalar qilardik.Tavba, deyman, yoshlik ekan-da. Yoshlikda odam mast bo‘larkan-da, dard-alam ham, hasratu tashvish ham yoshlikni bukolmas ekan-da… Yana kim bilsin, bu ham Ollohning irodasidir. Tog‘day g‘am bersa, tog‘day bardosh ham berar ekan-da. Balki, g‘amzada ko‘ngillarimiz o‘ziga taskin-tasalli izlagan va uni o‘yin-kulgudan, samimiy davralardan olgandir-da…..

Orzmqul ERGASH
ONAMNING ERTAKLARI
Turkum
095

Onajonim Mastura Shirinxo’ja qizi xotirasiga va barcha fronti orti fidoyilariga bag’ishlayman.

“Shotutli”ga kelgan podsho

O’shanda hali o’nga ham kirmagan jimitdaygina qizchaman. G’ayratim ichimga sig’maydi. Ayamning yonlarida chipillab paxta terib yuraman. Terimga chiqishim havasga. Hech kim chiqqin, deb dalaga sudramaydi. Qaytaga darsingni qil, qo’g’irchog’ingni o’yna, deb qaytarib turishadi. Ayniqsa, ayam. “Ko’p ichikma, bolam, hamma mehnat hali oldingda”, deb turadilar ikki gaplarining birida.

02Endi o’ylab qarasam, ayam rahmatli hammasini oldindan ko’rib turgan ekanlar-da…

U paytlarda paxta-paxta lo’ppi-lo’ppi bo’lib ochilar, bittasiga do’ppi to’lardi. Rostdanam shunaqamidi yo menga shunaqa tuyulganmi, haligacha bilmayman. Lekin boshqa bir narsa yaxshi esimda: g’o’zaning bo’yi juda baland bo’lardi, egatga kirsam boshimgacha ko’mib yuborardi. Ayrim joylarida hatto kattalar ham ko’rinmay ketishardi…

O’sha kuni “Shotutli” dalada edik. Terimchilar tushlikdan qaytib, endi egatlarboshiga tizilishayotgan edi brigadir ot yo’rttirib kep qoldi. Otiyam, o’ziyam qora terga tushgan.
– Bolalarni ko’zdan bekiting, ko’rinishmasin! Tez bo’linglar! – dedi hovliqib.

Ortiqcha ajablanib o’tirmadik, chopib, chopqillab dala ichkarisiga kirib ketdik. O’rmonday bir yerida to’xtab, etaklarimizni yechib tashlab, o’g’ilu qiz aralash bekinmachoq o’ynay boshladik. O’yin yoqmadimi, qiziqishim ustun chiqdimi, ortimga qaytdim. Qarasam, uvatda to’rt-besh kishi: rais, brigadir, hosilot, qolgani notanish odamlar. Ayamning orqasiga bekinib, razm soldim. Haligi notanish odamlardan bittasi nimalardir deyapti. Boshqalari bosh irg’ab, “xo’p-xo’p”lab turishibdi. Haligi odam, ko’rinishidan hammasidan yosh, ozg’ingina. Shapkasini qo’liga olib olgan. Uzun-uzun qop-qora sochlari damba dam peshonasiga tushadi, u bosh silkib qo’yadi-da, jon kuydirib so’zida davom etadi. Sheriklariga bir narsalarni uqtiradi.

Ayamning yengidan tortdim.
– U kishi kim, aya?

– Poshshomiz shu kishi, Fayzulla Xo’jaev, – dedilar ayam negadir shivirlab.
– Aya, poshshomiz bizlardi yomon ko’radimi?

– Nimaga unaqa deysan, qizim?
– Bekininglar, deyishdi-ku?

Ayam kuldilar.
– Mayli, keyin tushuntiraman. Hozir gapirmay tur, xo’pmi…

Mehmonlar ketishgach, ayam tushuntirdilar. Bu gaplar haligacha qulog’imdan ketmaydi.

– Poshshomiz yomon ko’radimi, deysan. Asti unaqa emas-a! Poshshomizni hamishagi aytar gapi: bolangni o’yla, bolangni ehtiyotla. O’zingni bo’lganing bo’ldi, bolangni ezib qo’ymagin, deydilar. Haliyam Xudo obro’ berdi, seni ko’rib qolmadilar. Emasa, meni rosa izza qilardilar. Endi ertadan chiqmaysan, xo’pmi, bolam. O’qishingni qil, o’ynagin. Sen hali o’yin bolasisan. Hammasiniyam mavridi bor…

Ayamning aytishlaricha, Fayzulla Xo’jaev shotutni maqtabdi. Uni dala o’rtasida qoldirib yaxshi qipsizlar. U koni shifo daraxt, debdi. Hatto, nasib qilsa, keyingi yil yozda tutxo’rlikka kelaman, deb va’da beribdi. Shu gapi yaxshi bo’lganmish. Chunki, anovi hovliqma brigadir ukki ko’zini shotutga tikib yurgan ekan, endi qo’l tekkizolmas emish. Kechagiday esimda: ayam bu gaplarni yosh qizchalarday quvonib, ko’zlari yoshlanib aytib bergandi. Keyin bag’irlariga bosib, Fayzullo bobongni duo qil, poshshomizning boshi toshdan bo’lsin, degin qizim, sening duong ijobat bo’ladi, tishlaring butun, degandilar…

Ayamning bu gaplari mag’zini ko’p o’tmay fahlab yetdim. Sababi – tez ulg’aydim. Ayajonimning o’limi meni tez ulg’aytirdi. Beshinchimizni dunyoga keltirayotib, dunyodan o’tdilar. O’gay ona qo’lida qoldik. Ko’p o’tmay ikki ammang, bir tog’ang ham ketma-ket yetaklashib, ayamning oldiga ketishdi. Kichik tog’ang ikkimiz bu serg’alva dunyoda mung’ayib qolaverdik. Xuddi o’sha kunlarda Fayzulla Xo’jaev haqida ham shum xabar tarqaldi.

Ayam, ukalarimni tuyqus yo’qotib qo’yganimdan gangib qolib, fojea ma’nisini unchalik anglab yetmagandim. Fayzulla Xo’jaev qismatini eshitib esa mushtday qizcha uvvos tortib yig’laganman. Dunyo ko’zimga tangu tor ko’rinib ketgan. O’zimni bu dunyoda g’aribu benavo bo’lib qolganimni endi chinakamiga tushunib qolganman.

Esimda: o’shanda qishloqda vahimali mish-mishlar o’rmalab qoldi. Ayniqsa, Qurbonxo’ja degan hosilotimizni qo’llarini kishanlab, haydab ketishgach, vahimalar battar kuchaydi: Fayzulla Xo’janing dumi emish, hali ko’pchilikni yostig’ini quritisharmish, degan gaplar chiqdi.

O’shanda Fayzulla Xo’jaev kelib ketganidan so’ng Qurbonxo’ja amaki bolalarni daladan quvlaydigan, ota-onalariga dakki beradigan bo’lgandi. Uni bolalar juda yaxshi ko’rar, lekin kattalar, ayniqsa, mening oybiyim1. ga o’xshaganlar otgani o’q topisha olmasdilar.

Hosilot dala boshiga kelishi bilan dag’dag’a qilardi:
– Qani, bolalarni hayda. Ko’zimga ko’rinmasinki, qamchi yeydi. Agar bekitib qolsang, o’zing yeysan. Insofing qurg’urlar, nechchi marta aytishim kerak, ular hali go’dak, mayib qilasanlar, deb!..

Oybiyim undan o’larday qo’rqardi-yu, lekin bilganidan qolmasdi.
– E, ovozing go’rdan chiqsin, – deb qarg’anardi-da, meni boshimdan bosardi. – Bo’yingni yer yutgur, o’tir! – derdi. Bir pas o’tib, yana baqirardi: – Hoy, o’lib qoldingmi, tur endi!

O’rnimdan turganimda hozirgina chopiq qilib yurgan tengqurlarim qishloq yo’lini changitib ketib borishayotgan bo’lardi. Qarama qarshi tomonga yo’l olgan haligi xaloskor amakining oti esa ko’rinmas, uning tuyoqlari ko’targan chang allaqachon bosilgan bo’lardi. Ne bo’lgandayam yolg’iz otning changi edi-da…

Hamma o’z tashvishiyu vahimasi bilan, men shotutni o’ylayman. Fayzulla Xo’jaevning nazari tushgan edi, hali uniyam kesib tashlashmasa edi, deyman qo’rquvga tushib. Aytishlaricha, Qurbonxo’ja hosilot ukki ko’z brigadirning chaquvi bilan qamalgan emish. Fayzulla Xo’ja bilan yaqin edi, deganmish. Shotutniyam shunaqa deb kestirib yuborsa-ya!.. Yo’q, brigadirning esiga kelmadimi, boshqa sababdanmi, shotut omon qoldi…

(Dalaning qoq o’rtasidagi bu ulkan shotut bizning bolalik davrimizdan ham yagona esdalik bo’lib yaqin yillargacha saqlanib kelgan edi).

Shu taxlit, bolaligim, butun umrim “Shotutli”da, uning atrofidagi dalalarda o’tdi. Avval o’gay onam ishlatdi. Keyin urush boshlanib, zamon o’gaylashib ketdi. Birov-birovga boqmay qo’ydi.

Keyinchalik borib xiyol yumshaganday bo’ldi. Xullas, shu yoshimgacha qancha poshsho almashdi, kattakon almashdi. Savlat to’kib “Shotutli” uvatiga kelganlari ham bo’ldi. Lekin, eslolmaymanki, loaqal birortasi Fayzulla Xo’jaevday yoki Qurbonxo’jaday bolalarni daladan quvlagan bo’lsin!..

Zarbuvi

054Avji saraton. Ish degani qaynagan. G’o’za chopiq, sug’orish, bir yoqda arpa, bug’doy bosh tortib, o’roqqa kelib turibdi. Ustiga ustak daryo toshib, bir-ikki da’fa damba bosishgayam opketishdi…
Hozir esa dala chekkasida g’uj bo’lganimizcha g’o’za chopiq qilyapmiz. G’uj bo’lib olganimiz sababi — bir oz nishab bo’lganidan bu yerlarni suv bosgan. Qotgan. Charchin bo’lib yotibdi. Agar bir egatdan tegadimi, ikki egatdanmi, ko’plashib chopmasak, kimning chekiga tushsa, yolg’iz o’zi chopiq qilib chiqquncha bo’lari bo’ladi.

Hech birovimiz churq etmaymiz. Faqat ketmonlarimiz taraq-turug’i eshitiladi. Oftob tikkaga kelib, zabtiga olyapti. Bir mahal orqamizdan Anzirat opa deganimizning ovozi qattiq-qattiq eshitila boshladi.

— Hoy, Rohat, bu nima qiliq, nimaga hakkalatib ketmon urib ketyapsan?! Kap-katta xotin. Qayt, orqanga. Voy-bo’y, Hanifa, senga nima balo bo’ldi?! Hay, uyatsiz-a, hannot-a!..
Anzirat opaning sannab ketganidan bilamizki, dala boshida brigadirmi, boshqa bir kattami ko’ringan. Shundan opamizning ham “kattaligi” tutgan. Anzirat opamizning bunaqa kuydi-pishdiligi kattalarga xush yoqadi. “Ha, yashang, yanga, kam bo’lmang, — deya maqtashadi. — Bizga sizdayin patriotlar kerak. Chunki, bu yer ham frontday gap. Frontdagiday jon olib, jon bermasak, hosil qayoqda!” — deyishadi.

Opamiz shishinqirab g’ayratga minadi. Har qulochkashlab ketmon urishga tushib ketadiki, qo’yaverasiz. Kattalar ketishgach, tengqurlari uni: “E, o’l ko’tarma bo’lmay! Buncha sannading, yarim kosa atala ortiqcha olmoqchimisan?” deya turtkilashga tushishadi. U sirtiga yuqtirmaydi. “Voy, ko’tarma bo’p nima qipman, yaxshi ishlaylik desam yomonmi? U yoqdagilarga foydamiz tegsin, tezroq kelishsin, deyman-da”. Bu gapi o’rin o’tavermasa, yana vaj topishga urinadi: “Xo’p, men sannadimu, ular sizlarga indashmadi. Agar shu aldam-qaldam ishlaringni o’zlari ko’rishsa nima bo’lardi, otang qolmay, enang qolmay halollab ketishardi, to’g’rimi?!”.

Har holda bu gapi jo’yaliroq tuyuladi. Lekin nafsilamirini aytganda, hammamiz sidqidildan ishlaymiz. Anzirat opaga o’xshagan taftishchilarga hojat yo’q.

Zarbuvi degan opamiz bor. Anzirat opa, ayniqsa, uni kutkilab yuradi. “Zarbuvi ayyor, Zarbuvi ichidan pishgan. Og’irdi ustidan, yengilning ostidan yuradi”, degani-degan. Bizning g’ashimiz keladi. G’ashimiz keladi-yu, aksiga olib Anzirat opaning gapini tasdiqlaganday, ishlab turgan yerimizda Zarbuvi opa o’z-o’zidan yo’qolib qoladi. Anzirat opaga esa xudo beradi: “Ana aytmadimmi, Zarbuvi yana gum bo’ldi. Bahonasi — buzoqcha. Sho’raning poyasiga avaylabgina bog’lab qo’ygan buzoqchasi yechilib ketgan bo’ladi…”.

Chindanam ishimiz yengillashib, bir chekkaga chiqishimiz bilan, hov narida buzoqchasini yetaklab Zarbuvi opamiz ko’rinadi. Boz ustiga bizdan kechirim so’raganday, gapirinib kelaveradi: “Ha, qurmagur, bejog’im mol. Mudom orqangdan sarsonman…” Hammamiz kulib yuboramiz. Zarbuvi opa bo’lsa tushunmay alanglaydi…

Mana hozir ham ko’rinmay turibdi. Haligina yurgandi g’imirlab. Anzirat opaning sannay boshlaganidan bildikki, kimdir kelyapti. Bosh ko’tarib qarasak, brigadir Jabbor amaki. U ko’klamda urushdan qaytgan. Bir qo’li belbog’i bilan bo’yniga osilgan. Bemajol holidayam tinim bilmaydi. Hali dala boshida, hali qishloqda. Bizga ishni taqsimlab berib, o’zi qabul qilib oladi. Hech kimga qattiq gapirmaydi. Ayniqsa, biz yoshlarni doim olqab, erkalab yuradi. U kishini ko’raversak, negadir bizning ham erkalik qilgimiz, sog’ingan otalarimizning mehrini undan olgimiz kelaveradi.

Jabbor amakiga Anzirat opa peshvoz chiqib, erkakchasiga qo’sh-qo’llab ko’rishdi. Jabbor amaki ham o’rtog’i bilan gaplashganday hazillashdi.

— Menga qara, nega qizlarimni qiynab qo’yding?
— Nima qipman, qiynab, har kungi ishimiz-ku, Jabbor aka!
— Peshin bo’pti-ku, och qolmadilaringmi?

Rostdan ham hech birovimizning esimizga kelmabdi ovqatga chiqish. Ovqat deganim mosh atalami, sadaqasi ketay, go’jami, ishqilib bir narsa bo’lar. Keyin har birimiz uydan keltirgan bitta, yarimta qotgan-qutgan nonlarni o’rtaga tashlaymiz. Ha, o’rtaga tashlab baham ko’ramiz.

Ko’rdikki, Jabbor amakining biz bilan o’tirgisi bor. Shu bahonada chaqchaqlashib ko’nglini yozadi yoki biror ish chiqib qolgan bo’lsa, o’rtaga maslahatga tashlaydi.

Xullas, dala chekkasiga, yakkatol soyasiga chiqdik. Bo’y qizlar alohida, qolgan-qutgan Anzirat opa tenggilar alohida davra olib o’tirdik. Jabbor amakini Anzirat opa o’z davrasiga, hatto o’z yoniga o’tqazdi.

— Zarbuvi ko’rinmaydi? — deb qoldi bir mahal Jabbor amaki.
— Hali yuruvdi timirskilanib, — dedi Anzirat opa bepisand, — buzog’i yechilib ketganmi…

Yonidagi bir-ikkitalar kulib qo’yishdi. Jabbor amaki nari beridan gap berib, yaxshigina choyxo’rlik qilib turganimiz ustiga qishloq yo’lida qora ko’rindi. Birinchi bo’lib Anzirat opa tanidi.

— Jabbor aka, ana Zarbuvingiz… Tovba, qishloqqa ketib qopti-ya pismiqoy. Hammamizni laqillatib yuradi. Buzog’i ko’rinmaydi, qaerda qolgan ekan?!

Anzirat opa Zarbuvi yetib kelguncha bir dunyo gapni gapirib tashladi-yu, Jabbor amaki bo’lsa, eshitmaganday jimgina o’tiraverdi.

Zarbuvi opa brigadirni ko’rib esankiradi. Nima qilarini bilmay to’g’ri uning boshiga bordi.
— Assalom… Jabbor aka…

— Hm, nima qilib yuribsan, — dedi brigadir qovoq uyub.
— Non yopdim, Jabbor aka, kechirasiz…

— Kechasi nima ish qilding?
— Kechasi kir yuvdim, Jabbor aka, kir yuvdim, kechiring. Aytmoqchi, — jonlanib ketdi Zarbuvi opa, — sizga non opkeldim. Mana, issiqqina. Yeb oling.

Zarbuvi opa qo’ltig’idan non oldi-da, to’p etkazib dasturxonga tashladi.
— Oling, issiqqina.

Anzirat opa negadir “Voy, o’lay!” deb yubordi. Brigadir bir zum dasturxonga tikilib qoldi-da, Zarbuviga qaradi.

— Nonni buncha kuydirding, Zarbuvi, qop-qora-ku?! — dedi.
— Yo’g’-ye!

Zarbuvi opa dasturxonga bo’ylab qaradi. Keyin “Voy, man o’lay!” deb baqirib yubordi-da, yuzini qo’llari bilan to’sgancha o’tirib oldi. Davradagilar gur kulgu ko’tardi. Bizning davradagilar ham bo’ylab qarashib, nima gapligini bilishgach, kulguga qo’shilishdi. Ayrim shaytoni zo’rlar kulaverib, cho’zilib qoldi. Sho’rlik Zarbuvi opamiz shoshgani yo qo’rqqani shunchalikki, non o’rniga non yopuvchi rapidani qo’ltig’iga qistirib kelavergan ekan. Hammaning ichagini uzguday kuldirib qo’ydi-da, o’zi bir chekkaga chiqib, ho’ng-ho’ng yig’lashga tushdi.

Buni ko’rgan Jabbor amaki hangomatalab xotinlarni “Bas qilinglar!” deb jerkib berdi. Keyin o’rnidan turib qishloqqa jo’nadi. Ko’ngli buzilib ketdi-da, shekilli…

Zarbuvi opaning eri urushda. Uch-to’rt yoshlardagi o’g’ilchasi bilan qolgan. Buning ustiga akasining bevasi tashlab ketgan go’dakni ham boqib olgan. Shu ikki go’dakni ustidan tongda qulflab kelarkan-da, choshgohda o’g’rincha borib ovqatlantirib qaytarkan… Uning orqasidan esa bizlar har xil gap-so’z qilib, ayyordan olib yalqovga solib yotarkanmiz… E, u zamonlar…

Yangam

… Bizlar-ku, hammamiz oqimiz oqqa, qizilimiz qizilga ajralib deganday bo’y ko’rsatib kelayotgan navnihollar edik. Lekin, Anzirat opa tenggilar ham bizdan unchalik katta emasdi, keyin ular ham bir-biri bilan husn talashib-tortishsa arziydigan ko’rkam, suluv juvonlar edi. Lekin baribir mening Hulkar yangajonimga teng keladigani yo’q edi. Yangam suluvlarning suluvi edi. Amakim armiyada. Yangam doim meni yonboshida olib yuradi. Ba’zan kechqurunlari uyiga ham olib ketadi… E, uning shirinso’zligini…

Yangam daryoning naryog’idan kelin bo’lib tushganlar. Qishloqlarini sog’inadilar. “Shu sabil, olisga tushgan kelinchakka qishlog’ining kuchuklari vovullasayam bulbulning chah-chahiday yoqimli
eshitilarkan”, deb hazil qiladi. Chinmi, hazilmi, to’y bo’lib kelganidan keyin qishlog’iga birinchi borishida ko’chasidagi teraklarni bir-bir quchoqlab yig’lagan ekan.

Hali aytganimday amakim urushda. Yangamga quloch-quloch xat yozadi. Men o’n besh yoshli qizcha amakimning “suluvim, shakarim, asalim”, deb erkalab yozgan xatlarini o’qib beraman. Men
o’qiyveraman, yangam lov-lov yonib o’tiraveradi. Shunaqayam chiroyli bo’lib ketadiki, …o’ziyam kelinmisan, kelin edi-da!.. Bo’ychan, navniholday nozik, egilma qoshlari qop-qora…

Xatni o’qiyversam xiyol moviytob ko’zlari chaqnab, nurlanib boraveradi. Va oxirida xuddi amakimning oldida turganday uyalib, boshini egib oladi. Xatni o’qib tugatganimdan keyin ham ko’tarmaydi. Xayolga cho’mib ketadi-da, bir mahallar: “Ha, qiz poshsha, o’qimaysizmi?” deydi. “Bo’ldim-ku!” deya bo’ynimni qisaman. Shunda yangam ovqatdan to’ymay qolgan boladay xafa bo’lib ketadi. Xatni qo’limdan olib, nimchasi cho’ntagiga soladi-da, ketmonini olib kesak maydalashga tushib ketadi. Endi jahl bilan qulochkashlab ketmon uradi, ketmon toshga tekkanday daranglaydi, kesaklar ushalib, har yoqqa uchadi, oppoq chang ko’tarilib, yangamni o’rab-chirmaydi. Yana bir mahallar qarasam, yangam katta bir kesak ustidami, uvatdami, bosh solib o’tirgan bo’ladi. Astagina yonlariga borib o’tiraman. Qo’llarida haligi maktub, ko’zlarida milt-milt yosh…

Amakimdan mana shunaqa xat kelgan kunlari bilardimki, yangam kechqurun meni uyiga olib ketadi. Ne mahalgacha o’tirib javob xati yozamiz. Bechora yangam shuncha sho’x, biyron bo’lishiga qaramay xat yozish paytimizda gung bo’ladi, qoladi.

— Yanga, ayting, nima yozay, desam, o’zingizdan qolar gap yo’q, qizposhsha, yozavering bilganingizni, deydi. Yokim mendan uyalarmidi, bilmadim…

Bir kuni xat yozib o’tirgan edik. Salom-alikdan boshlab, har xil qishloq yangiliklaridan yozdimu yangamdan so’radim.
— Yanga, endi gapingiz bo’lsa, ayting, nimani yozay?..

Qo’lidagi bolasini emizib, uning yuziga termulib o’tirardi u. Cho’chib boshini ko’tardi, mudrab qolgan ekan.
— Ayting, nima yozay?..

Shunda yangam bechora:
— Anovi tokchada piyola bor. Piyolada ajriq bor. Shu ajriqni yozing, — desa bo’ladimi. Avvaliga hayron bo’ldim-da, keyin sharaqlab kulib yubordim.
— Yanga, nima deyapsiz, ajriq dalada qolgan!..

U cho’chib boshini ko’tardi.

— Voy men o’lay, nima deb valdiradim?! Unaqa yozmang, — dedi. — Qurib ketsin ajrig’i, kechasiyam tinchlik bermaydi!..

O’sha kunlar bir haftadan beri ajriq terib, dala tozalayotgan edik… Ha, paxtani ekib olgunimizchayam bir azob edi…

Sog’inganim

Ko’ksoy bo’yida tushlik qilyapmiz.

Bo’y qizlar alohida davra olgan, xotin-xalaj alohida.

Topgan-tutganlarimizni o’rtaga tashlab, allaqachon yeb-ichib bitirganmizu lekin hech birimizning turgimiz yo’q. Xuddi qozonda bir narsa pishyapti-yu, biz shuning ilinjida o’tirgandaymiz…

Har tugul bu narsa Anzirat opamizning yodiga tushib qoldi.
– Hoy, o’tirishimizni qaranglar!..

Yalt etib unga qaradik.
– Yana kami bormi?! Yeyarimizni yeb, icharimizni ichib bo’ldik. Turaylik endi. Qani, har kim tursin, gunohi to’kilsin. Omin, oblohu akbar!

Bu gap ayniqsa bizning davradagilarga, yosh-yalanglarga malol keldi. Buncha ishsirab qolmasa bu opay! Mudom shu: turaylik, ishlaylik, g’ayrat qilaylik… Lekin haddimiz sig’ib bir narsa deyolmaymiz. O’zi tenggilar gapirsa boshqa gap.

Anzirat opaning “Oblohu akbar”iga qo’shilib, beixtiyor omin qildigu baribir qo’zg’ala qolmadik. Jonimizga Mehri opamiz ora kirdi.
– Anzirat, nima bo’ldi? – Mehri opa o’rnidan turib, qo’lini qoshi ustida soyabon qilgancha to’rt tomonga alanglab oldi. – Hech kim yo’q-ku!.. – dedi-da, joyiga qaytib o’tirdi.

Hammamiz kuldik. Qachonki, Anzirat opaning g’ayrati tutib, bizni tergay boshladimi, yoki o’z-o’zidan ishimizni taftish qilib, ovozi qattiq-qattiq chiqaverdimi, bilamizki, uvatda birorta kattaning qorasi ko’ringan bo’ladi. Dugonalari uning qiliqlariga birda kulishsa, birda jerkib berishadi. “E, ko’tarma bo’lmay o’l! Yarim kosa go’ja ko’proq ichmoqchimisan?” deyishadi. Opa tilini bermaydi.

– Halol ishlaylik deyman-da, dugon. Biz yaxshi ishlasak, erlarimizga nafi tegadi. Urushdan tezroq qaytishadi, deydi. Opa hozir ham o’zini oqlagan bo’ldi. “Mehri, ishlasak o’zimiz uchun ishlaymiz-da, dugon. Birgad yo hosilot uchun emas-ku!..” dedi-da, lekin gap ohangidan ancha bo’shashgani sezilib turardi.

Demak, opalarimizning ham ishtiyoqlari bo’lmay turibdi. Rost-da, osmon ko’m-ko’k bo’lsa, havo iliqqina, mayingina bo’lsa, baland-balandlarda qaldirg’ochlar vijirlab yurgan bo’lsa, manovi Ko’ksoy suvi tip-tiniq bo’lib, buralib-buralib oqib yotgan bo’lsa…-da, biz hammasini qo’yib, shudgorning qoq o’rtasida turib olib, sandalday-sandalday kesaklarni changga botib, changga belanib maydalab yursak!..
Paytdan foydalanish kerak!..

– Mehri yanga, jon yangajon! – dedim men yalinchoq ko’yda.
– Joni yanga, – dedi u bizning davramizga bo’ylab qarab.
– Bitta Xidir sarson bo’lib bering, keyin turamiz. Anzirat opa, maylimi?..

So’nggi gapim mo’ljalga tegdi.

– Anzirat opa, maylimi emish! – deb qoldi Rohat opa deganimiz jahllanib. – Anzirat kim bo’pti?! Hosilotmi, birgatmi!.. Mehri oyti Xidir sarsonam bo’lib beradi, boshqayam!.. Gap tamom! Anzirat bir narsa deb ko’rsin-chi, nima qilarkinman!

– Nima qilasiz, opa? – dedi kimdir piq etib kulib.
– O’zi biladi nima qilishimni!

Tushunganlar kuldi, biz tushunmasak-da, qiyqirib Rohat opani quvvatladik.

– E, yashang, opa, yaxshiyam siz borsiz!..
– Mehri oyti, singilchalardi sazasi o’lmasin, bitta Xidir sarson bo’lib bering, – dedi Rohat opa deyarli buyruq yo’sinida. – Bir yayrashsin…

Niholday xushsuvrat Mehri opa tuppa-tuzuk Xidir sarson podachi qiyofasiga kirdi-qoldi. Lab-lunji osilib, sochlari majnunvash to’zg’igancha, bir oyog’ini sudrab bosib, davra aylana boshladi…

“Podachi” duduqlanib, “osh halol” so’raydi. Non berganlardan yog’liq patir so’rasa, moshxo’rda, mastava berganlarni “nega qozoningdagi osh-palovni yashirasan, op chiqmaysan?!” deb izza qiladi. Yana shunaqa antiqa yeguliklar, shirinliklar otini tutadiki, unaqa narsalarni allaqachonlar unutib yuborganmiz, ta’miyu tusini ham eslolmaymiz. Qishloqning erka “podachi”si esa sarxil-sarxil ne’matlarni yodimizga tushirib, og’izlarimizni suv ochtirib, qorinlarimizni quldiratib-quldiratib, oxirida yana Mehri opamizga aylanib, joyiga kelib o’tirdi. Uni yana qistadik.

– Mehri oyti, endi bitta Zarbuvi bo’lib bering, jon oytijon, yo’q demang!..

Badani xiyla qizib olgan Mehri opamiz endi ko’pam yalintirmaydi.
– Zarbuvi bo’laymi. Hozir. Zarbuvi, o’zingam qarab tur, o’xshaymanmi, yo’qmi…

Zarbuvi opamiz beozor iljayib qo’yadi.

Mehri opa o’rnidan turib, butalar orqasiga o’tib ketadi-da, u yoqdan Zarbuvi bo’lib chiqib keladi: ro’moli qiyshaygan, lozimining bir pochasi shimarilgan, ko’ylagining ham bir yengi himarilib, bittasi halpillagan, qo’ltig’iga nimadir qistirilgan… Davra oldiga hovliqib keladi-da, birdan taqqa to’xtaydi. Tek qotadi.

– Voy, Jabbor akam-ku! – deydi vahimaga tushib. – Endi nima qilaman?.. Meni so’yadi-ku! Yo’q, so’ymaydi, bechora, chumchuqniyam so’yolmaydiyu… lekin o’ldiradi-da baribir!..

Biz uning har bir gapiga gur-gur kulamiz.

“Zarbuvi” o’zini tartibga solmoqchi bo’ladi: pochasiga ko’zi tushadi. “Voy, o’lay!” deb engashadi-da, himarilgan pochasini tushirib, ikkinchisini himaradi. Yana kulgu. Ro’molini tuzatgan bo’lib, ikkinchi tomonga qiyshaytirib yuboradi. Keyin davramizga yaqin keladi. O’zi hali turib ketgan bo’sh o’rin tepasida turib oladi.
– Assalom, Jabbor aka!.. Yaxshimisiz, esonmisiz?..

“Jabbor aka” jahl qilib alik olmaydi, shekilli, qaytadan salomlashib, so’rasha boshlaydi.

– Assalom, Jabbor aka, assalom!.. Ha, eshitdingizmi, xayriyat. Yaxshimisiz, esonmisiz?.. A?.. Qay go’rda juribsan, deysizmi? Juribman-da, eski go’r, yangi go’r qilib, aylanib… Voy, o’lay, yo’q, nan yapdim, kir juvdim, siyir sovdim, buzoq iydirdim, cho’mildim… E, man o’lay, bolalarni cho’miltirdim, keyin o’zimam… A? Kechasi nima qilding, deysizmi? Kechasi qildim-da shu ishlarni! Sahar turib, nan yapdim. Ha, aytmoqchi, esginam qursin, sizga nan apkeldim. Mana. Sal bo’lmasa qo’ltig’imda qop ketaykan!..

“Zarbuvi” qo’ltig’idagi narsani – buklog’liq qora nimchasini to’p etkazib dasturxonga tashlaydi.

– Oling, Jabbor aka, sizga apkeldim. Endi kamroq urushing. Oling, issiqqina, qizlarga bermang, o’zingiz maz-za qilib jevoling… Voy, nima? Kuyib ketibdi, deysizmi? He, yo’q, sal qizarib pishgan, singgagina. O’zimginaga o’xshab qizarib pishgan. Yana nima deyapsiz? Qop-qora-ku, deysizmi? Qani, qani, ko’ray-chi… – egilib, nimchasini olib qaraydi. – Voy, man o’lay, rapida-ku!.. Man tentakkinani kechiring, jon birgad aka, bir sapar kechiring! Ha, buni yeb turing, keyingi sapar, albatta kuymaganidan apkelaman. Manavi yebto’ymaslarga ham bering, ha, yeb olinglar!..

Boshida iljayib, qimtinibgina o’tirgan Zarbuvi opaning o’zi ham gur-gur kulgiga qo’shila boshladi. So’lg’in yuzlari yorishib, yasharibgina borardi. Sho’rlik opamiz har erta ikki go’dagini ustidan qulflab keladi-da, choshgohda o’g’rincha borib, ovqatlantirib qaytadi. Peshinda imkon topsa yana borib keladi. Shunday qilib, ish orasida halloslab, haliqib ikki-uch qishloqqa borib-qaytadi. Yana sog’in sigirini buzog’i bilan yetaklab yuradi. Ularga har kuni o’t o’rib borishi kerak. Shuning uchun ham yolg’iz boshi bilan ba’zan dovdirab, noqulay ahvollarga ham tushib turadi. Non o’rniga non yopadigan rapidani ko’tarib keladimiey…

Kula-kula nihoyat tinchiymiz. Shunda ham u yer, bu yerdan birovi o’zini bosolmay piq etib kulib yuboradi-da, yana butun davra bo’ylab kulgu ko’tariladi. Ajab, Mehri opaning o’zi sira kulmaydi. Hayajonlangan, hovliqqan, xijolat chekkan “Zarbuvi” suratida o’tiraveradi. Ro’moli bir tolmonga qiyshayib, o’zi ham butun gavdasi bilan shu tomonga og’ib ketaveradi. Unga ko’zingiz tushganning o’zidayoq, kulgingiz qistaydi.

Rohat opa chidayolmadi.
– E, bo’ldi-ye, hozir ichagim uzilib ketadi, – dedi. – Bo’ldi, dedim.

Shundagina Mehri opa o’zini qo’yib yuborib, iljaydi.

Ozgina fursat o’tib, Mehri opani yana qistay boshladik.
– Bunisiga rahmat, opajon, endi bitta Shakar checha bo’p berasiz, keyin bas…

Shakar chechamiz ham davrada. Bizning qistovimizdan avvaliga alang-jalang bo’lib, o’zini qo’yarga joy topolmay qoldi. Keyin nuqul iljayib, Mehri opaga qaray boshladi. Mehri opa unga qarab:
– Checha, nima deyapti bularingiz, – deya bosh irg’adi-da, keyin bizga o’girilib, – Checha bo’lishim uchun bir-ikki kosa turshakob ichib olishim kerak edi-ku, – dedi.

Hammamiz kulib yubordik. Shakar chechamiz uyalganidan kichkina qo’lchalari bilan yuzlarini bekitdi.

– Yaxshisi, o’zlari aytib bersinlar, to’g’rimi qizlar? – dedi Mehri opa.

“To’g’ri, to’g’ri”, deb chug’urladik baravariga.

– E, o’lsin, nimasini aytadi, aytguligi yo’q, – dedi Shakar checha qo’l siltab. Ammo, sezib turibmiz, chechaning ham qulfi dili ochilib boryapti. Mehri opa bo’lsa bilintirmasdan uni gapga solib yuborish payida.

– Checha, shunchalik ko’p ichib yuborganmidingiz turshakobni?..
– Nafsi bad koyishi jon-da, Mehrijon. Og’zimga yoqib qop, ichaveribman, ichaveribman…

– Ha-ha, keyin nima bo’ldi?
– Keyin o’sha bilganingiz-da.

– Bitta menmas, hammamiz bilib bo’lganmiz. O’zingiz aytib berganingiz tuzuk-da.
– O’lmang siz… Mayli, aytaman-ku, faqat har yerda gapirib yurmanglar-da…

Baravariga “gapirmaymiz”, dedik-da, yangi hangoma eshitishga chog’landik.

– Qurg’ur, nafsi badlik qilib, turshakobdan to’yib-to’yib ichib opman. Avvaliga bilinmadi. Keyin sigirni yetaklab, yo’lga tushishim bilan qorin damlayverdi, desangiz. Biyday dala, zog’ ko’rinmaydi. Hech kim yo’q-ku, deb, o’zimni xiyol bo’sh qo’yibman, desangiz… – Bu yog’ini aytmaydi. Sukut qiladi. Har yer, har yerdan piq-piq kula boshlaymiz. Checha iljayib, qizarinib davom etadi. – Shuytib, o’lgur chechalaringiz yo’lda ketib boryapti, dunyoning hisob-kitobiga yetmay. Bir tarafda otasidan xat kelmay qo’ygan. Es-hushim o’zimda emas, nima bo’ldi, nima qo’ydi, deb… Yetib keldim-da, sigirni bog’lab qo’yay deb hov anovi terak tagiga bordim. Bunday qarasam, yetovimdagi sigir yo’q-da, quruq arqonni sudrab kepman. Sal narida ot mingan Jabbor aka turibdilar. “Assalom, Jabbor aka, sigirim qani?” debman. “Sigirmi? Ha, allaqachonlar yechilib qolgan edi. Bilmadim, o’ttiz to’qqizmi, qirq birida edimi”, desalar bo’ladimi!.. “Voy, sharmanda!” deb o’tirib qopman. Qarasam, Jabbor aka kula-kula o’tib ketyaptilar. Orqalaridan chopib borib, uzangilariga yopishdim. “Jon akajon, birov bilmasin. Emasam, o’zimni Oqdaryoga tashlayman!” deb turib oldim. Birgadirni-ku, daryoga tashlayman deb qo’rqitib, so’zini oldim. Lekin og’zimning jilovi yo’q men o’lgir, to’g’ri kelib Mehri oytilaringizga yorilibman. “Shunaqa ayb ish qip qo’ydim, birov bilmasin, siynijon”, debman. Keyin qarasam, bittasi Shakar checha, turshakobdan yana bormi, deydi. Bittasi, sigiringizni topdingizmi, deydi. Yana bittasi piqir-piqir kuladi. Ha, o’ldim endi, dedim. Mana shundan bu yog’iga otim turshakob. Bilmadim, qachon qutilaman?..
– Endi qutilib bo’psiz, – dedi Rohatoy opamiz, – eshitmaganmisiz, bitta yigit choyxonada gashtakxo’rlikda o’tirib, sizdaqa ayb qip qo’yibdi-da, nomusiga chidolmay qishloqdan bosh olib chiqib ketibdi. Shu ketganicha, qirq yil deganda qaytibdi. Sekin o’sha choyxonaga borib mo’ralabdi. Qarasa, uch-to’rtta boboy oshxo’rlik qilib o’tirishgan ekan. Bittasi aytarmishki, falonchi oshnamiz bitta ayb qip qo’yib, badar ketdi-ya, dermish. “Obbo, qirq yildan keyin ham o’shaning gapi ekan-da!” deb haligi odam peshonasiga bir urib, qishloqdan yana chiqib ketgan ekan. Ana shunaqa, Shakar checha!..

… Mehri opa o’rnidan turib, Rohat dugonasining boshiga keldi.

– Hoy, Rohatmusan, qizim, – dedi talaffuzini o’zartirib.
– Ha, Rohatman, pochcha, – dedi hushyor Rohat opamiz darrov tushunib. – Yaxshimisiz?

– Ha, man yaxshi. Lekin sani saloming qani, yeb qo’ydingmu?
– Pochchajon, assalom. Kechiring.

– Xay, bezaral, bezaral… Xay, ering yaxshimi?
– Yaxshi bo’lsalar kerak, pochcha. Xat kep turibdi.

– E, ha, ketgandi-ya. Xay, boshi toshdan bo’sun. Bachalaring yaxshimi? Otlari nima edi, ha, Kozim, Nozim. Najmiddin… Hammasi yaxshimi?
– Yaxshi, shukur, shukur…

– Katta bo’lobtular?
– Katta bo’lishyapti, shukur.

– Xay, manga qara, ham-ma yaxshimi?
– Ha, ham-ma yaxshi, haam-ma!..

Gur kulgu ko’tariladi. Gap shundpki, pochcha deganimiz shaharda turadi. U kishining ikki xotini bo’lib, birovi Rohat opaning ammasi ekan. Gap chiqibtiki, kimda kim ikki, uch xotinli bo’lsa, bittadan ortig’iga taloq bermasa, qamalarmish, degan. Shunda haligi pochchamiz katta xotinining javobini berolmaydi-da, suyukli kichik xotini – Rohat opaning ammasiga bir og’iz sha’ma qiladi. Ammasi ham Rohat opaning o’zi singari cho’rtkesar ekan, oriyati qo’zib, shartta chiqib ketibdi-da, Rohat opalarning uyiga kelib o’tiribdi…

Shunday qilib, hangoma davom etadi. Mehri opamiz pochcha suratida turgancha so’rashish bilan mashg’ul: o’zing yaxshimi, ering yaxshimi, bachalaring deb, nomma-nom aytib, keyin qozon-tovoq, echki-uloqqacha surishtirgach, chuqur nafas olib, xay, hamma yaxshimi ishqilib, deydi. Har galgi “hamma yaxshimi”da gur kulgu ko’tariladi. Oxiri xotinlardan birining “pochcha”ga rahmi kelib:
– Rohat o’lgur, bechora pochchamizni ezib yubording-ku! Ammajonim ham yaxshi yuribdilar. Sizga salom aytdilar, demaysanmi!.. – dedi sharaqlab kulib.

“Pochcha” bu gaplarga e’tiborsiz yana boshidan tushib, so’rashishda davom etdi. U yaxshimi, bu yaxshimi, hamma yaxshimi…

Shu taxlit hangoma, o’yin-kulgu bilan bo’lib, vaqt o’tganini sezmaymiz. Lekin, ko’nglimizning bir chekkasida baribir bir o’y g’imirlab turadi: bu zavqli daqiqalar hademay tugaydi. Yana shudgor, chang-tuproq, sandalday kesaklar… Mehnatdan-ku, cho’chimaymiz. Lekin xavotirli o’y-xayollar o’rovida qolishdan qo’rqamiz.

Anzirat opaga razm solaman, ich-etini yeb borayotgani aftidan ko’rinib turibdi. Ayni shu tobda brigadirmi, boshqasimi kep qolsa, unga ta’na qiladigandek, unga ishonchi yo’qoladigandek. Nima qilsin, tabiati shunaqa ekan-da. Har qancha ichini it tatalamasin, chidashga majbur. Endi faqat yo Mehri yo Rohat opagina nuqta qo’yishi mumkin hangomaga…

Nihoyat “pochchamiz” zerikdi shekilli, so’rashishni bas qildi.

– Hoy, Rohat qizim, bu qip-qizil shudgorda nima qip yuribsan? – dedi.
– Ish, pochcha, ish…
– Qanoqa ish?

– Kesak maydalaymiz. Ana qarang, huv o’sha kesaklarni bir boshidan maydalab, unday qilamiz.
– Ibi, nimaga kerak maydalab?
– Chigit ekamiz, arpa-bug’doy ekamiz. Sholi ekamiz.

– E, shunoqami, man o’ylabman ish yo’qligidan kesak parchinlab yuribsizlar, deb. Ibi, qizim, qanoqa parchinlaysizlar, judo katta-ku. Sandolday-sandolday bo’p yotibdi-ku?!. Xay, mayli… (atrofga alanglab) ishqilib hamma chiqqanmi dalaga?
– Hamma chiqqan, pochcha.

– Tag’in aldayopsan-a!.. Ammangga o’xshab, sanam mani qon qilding, qizim. Hamma yaxshimi, deyman, yaxshi deysan. Bilaman o’zimam, o’sha ammangni yaxshiligini. Lekin yaxshiligidan manga nima naf, opchiqmaysanmi xumparni kesak maydalashga, mundoq salom-alik qilib ketarduk.
– Ho, yoqmay qolsin!. Ha, mayli, aytib ko’rarman… Endi gap munnay pochchajon: sizgayam bitta ketmon beramiz. Biz bilan kesak parchinlaysiz.

– Mayli, qizim, mayli…ku-ya, o’lsun bel chidamaydi-da.
– Chidaydi. Bir gap bo’p qolsa, ammajonimiz bor!
– Hoy, boshidan shunoqa demaysanmi, duxtarjon! Tilingga shakar!..

“Pochcha” boshini saraklatib, tanglayini takillatib, davrani shodmon aylanarkan, gur-gur kulgu ko’tarardik. Tinchiganimizdan keyin Rohatoy opamiz “pochchasi”ni yoniga o’tqazdi.

– Endi pochchajonim, dasturxonga duo qilsangiz!..
– Xay, mayli, qizim, – “pochcha” fotihaga qo’l ochdi. – Omin, qasd qilganlar past bo’lsun. Urushga yurgan bachalarni hammasi chopib-chopqillab qaytib kelsun. Hammangni bag’riginang to’lub qolsun. Anovi bo’y qizginalar hammasi egalik bo’lsun, xo’jalik bo’lsun…

– Ammajonimiz… – luqma qo’shdi qaqajonlardan biri.
– Ammajonlaringam qayda bo’lsa, omon bo’lsun… – Rohatga qarab kuldi. – Xay, hamma yaxshimi, ishqilib.

– Yaxshi, yaxshi, pochchajon. Omin qiling.
– Xay, hamma yaxshi bo’lsun. Omin. Ollohu akbar!

Hammamiz beixtiyor, sira og’rinmay omin qildik-da, gurra qo’zg’aldik. Boshqalarni bilmadimu men qushday yengil edim. Dala bo’ylab tarqaldik. Har kim o’ziga ajratilgan bo’laklarga qarab ketdi. Birovlar yolg’iz o’zi, birovlar uch-to’rttadan bo’lib olishgan.

Atrofda bahor. Osmon ko’m-ko’k. Dala chetlaridagi tol-terak xivchinlarida qush tilidakkina bo’lib yaproqchalar ko’rina boshlagan. Ko’ksoy suvi tip-tiniq, ilon izi bo’lib, jimgina oqib yotibdi. Baland-balandlarda yangigina uchib kelgan qaldirg’ochlar charx uradi. Havo biram yoqimliki…

Biz, endigina bo’yga yetib, oqi oqqa, qizili qizilga ajralib kelayotgan qizlar ham, turmush ko’rgan, bola-chaqa orttirgan, lekin hali bokiralik davrlaridan olislab ulgurmagan suluv-suluv opalarimiz ham atrof-jonibga bee’tibormiz. Qulochkashlab ketmon uramiz. Kesak maydalaymiz. Changga belanib, yuz-boshlarimiz bo’g’riqib, nozik bellarimiz mayishib, qo’llarimiz qavarib yer tekislaymiz. Lekin oh-voh qilmaymiz, charchadik, toldik demaymiz. Go’yoki bu ishlar azal-azaldan manglayimizga bitib qo’yilganday…

Mana oradan necha zamonlar berida turib, ba’zan o’ylab qolaman. Qiyratma urush borardi o’shanda. Vahima, qo’rquv, xavotir. Hatto urush boshlarida kechalari uyimizda chiroq yoqishga ham qo’yishmas, derazalarga qora parda tutishni buyurishardi. Xullas, shunaqa bir serhadik, notinch zamonlarda ham biz biyday dala-dashtlarda haligidaqa o’yin-kulgular, hangomalar qilardik.Tavba, deyman, yoshlik ekan-da. Yoshlikda odam mast bo’larkan-da, dard-alam ham, hasratu tashvish ham yoshlikni bukolmas ekan-da… Yana kim bilsin, bu ham Ollohning irodasidir. Tog’day g’am bersa, tog’day bardosh ham berar ekan-da. Balki, g’amzada ko’ngillarimiz o’ziga taskin-tasalli izlagan va uni o’yin-kulgudan, samimiy davralardan olgandir-da…

Gulday paytlarimizni notinch zamonlar yelga uchirdi, deb ba’zan o’ksib qo’yaman. Ammo baribir o’sha davrlarni qo’msayman, o’sha dilkash, o’sha dilso’z davralarimizni sog’inaman. Bot-bot o’sha davrlarga, o’sha davralarga qaytgim kelib qoladi…

034

(Tashriflar: umumiy 631, bugungi 1)

Izoh qoldiring