РЕГИСТОН АНСАМБЛИ — Самарқанднинг Регистон майдонида 3 Мадраса (Улуғбек мадрасаси, Тиллакори Мадраса, Шердор Мадраса) дан иборат меъморий мажмуа. Дастлаб Улуғбек мадрасаси (1417—20) бунёд этилиб, кейинчалик қаршисига — майдон шарқига Улуғбек хонақоҳи (1424), шим.га Мирзойи карвонсаройи, жан.га Алика Кўкалдош Жума масжиди (1430) курдирган, ёнида эса ёғочдан хотамкори услубида маcжиди Муқатта ва Абусаид мадрасаси қурилган. 15-а.нинг 20—40-й.ларида Регистон ҳашаматли меъморий ансамблга айланган. 17-а.да Самарканд ҳокими Ялангтўш Баҳодир вайрона ҳолатдаги Улуғбек хонақоҳи ўрнига Шердор Мадраса (1619—1635/36)ни, Мирзойи карвонсаройи ўрнига Тиллакори мадраса-масжиди (1646/47— 1659/ 60)ни қурдирган. Регистон ансамбли ўзининг ранг-баранг кошинкори безаклари; нақшинкори пештоқлари, улкан гумбазлари б-н Ўрта Осиё меъморлигининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан:
УЛУҒБЕК МАДРАСАСИ — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (1417— 22). Регистон ансамблининг ғарбида жойлашган. 2 қаватли, тўғри тўртбурчак тархли (56×81 м). Бош тарзи майдонга қараган, маҳобатли пештоқ мужассамотида кенг тоқили равоқ (бал. 16,5 м), унинг 2 ёнида гулдасталар (бал. 32 м) бор. Равоқ тепасидаги юлдузли осмон акс этган қанос безаклари ўзига хосдир. Гулдаста тепаси муқарнас, шарафалар б-н якунланган. Пештоқ равоғи чети морпеч шаклида, токчасидаги намоёнлар ўзига хос услубда пардозланган. Пештоғи, гулдастаси ва ташқи деворларида гириҳ нақшининг турли бетакрор намуналари акс этган. Ганчкори панжаралар орқали хонага ёруғлик тушиб туради. Мовий ва кўк кошин ҳамда сопол гиштлар воситасида
геометрик нақшлар б-н безатилган девор сатқи ёзувлар б-н ўзаро уйғунлашиб, кўзга яққол ташланиб туради. Пештоқ орқали чорси ҳовли (30×30 м)га ўтилади. Ҳовли атрофи 2 қаватли ҳужралар (48 та) б-н ўралган, ҳар бир қужра қазноқ, ётоқхона, умумий хонадан иборат. Мадрасанинг шим. ва жан. тарзлари ўртасида ташқи томондан алоҳида пештоқлар бор. Мадрасанинг 4 томонини дарсхона ва айвон эгаллаган. Масжид (22×8 м) жан.-шарқий томонга чўзилган. Ташқи тўрт бурчагида 4 та баланд минора бор. Хонақоҳ ва баъзи ҳужралар ичкариси нақшин безаклар б-н пардозланган. Безаклари орасида куфий ва сулс ёзувлари учрайди. Вайрон бўлган 2-қавати, қийшайган гулдастаси, деворларидаги кўчиб кетган безаклар қайта тикланган (1936), В. Шухов ва М. Мауэрлар лойиҳаси асосида шим.-шарқий минораси таъмирланган (1932). Э. Гендель қийшайган минорани ўз қолига келтирган (1965). Таъмирлашда А. Умаров, Ш. Ғафуров, К,. Жалилов, И. Шермуҳамедов, А. Қулиев каби усталар қатнашган. Улуғбек мадрасаси меъморий шакли, тузилиши жиҳатидан Ўрта Осиё меъморлигида шу турдаги бинолар орасида энг мукаммал юксак санъат намунаси хисобланади.
Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
Мирзо Улуғбек ибн Мирзо Шоҳрух мадрасаси ва масжиди жомеи. Улуғбек Амир Темурнинг набираси, Шоҳрух мирзонинг тўнғич ўғлидир. 796 ҳижрий, якшанба куни жумоди алаввал ойининг 19-да [милодий 1394 йили, 23 мартда] туғилгандир. Шоҳрух мирзо отаси Амир Темур кўрагоннинг ўлимидан беш йил кейин Ҳиротдан Самарқандга келиб, Мироншоҳнинг ўғли ўз биродарзодаси Султон Халилни Самарқанд тахтидан тушириб, ўз ўғли Улуғбекни [тахтга] ўтқазди. Улуғбек хонлигидан 16 йил сўнг ҳижрий 823 [милодий 1420-21]да ушбу мадрасани солдирди. Ушбу Мадраса шаҳар ўртасида [арки олийга яқин бир ўриндадир]. [Мадрасанинг] тоғ шукуҳли ҳайъати устухонбанд мустаҳкамлигидан фалак биносидан тинчликни олган, юксаклик жиҳати бўлмиш азаматнишон пештоқи оғирлигидан ерга зилзила келтирган, унинг олий даражали кунгираларини қудрат устаси фалак айвонининг муқарнаскорлиги билан бир хилда ясаган, ложувард кошинларини қазо наққоши фалакнинг чароғон юлдузлари билан бир тартибда нақш қилиб, уларга дахлдор қилган қуёшдек жилваси, зарнигор нақшлари, гўзал фалак гунбази билан ҳамвазн эди. Бу буюк Мадраса икки қаватли бўлиб, ҳар бир равоқда бир ҳужрада талабадан икки киши турар экан. Самарқанднинг бузуқчилик чоғларида ўзбек хонларидан бирови подшоҳлик ўрдасига саркўб [қўрғон ичидаги ёвни тўпга тутнш учун кўриладиган юксак ўрин] бўлмасин, деб устги қаватини буздирган. Ҳозирда [у] бир қаватликдир. Мадрасанинг иморати битгандан кейин Улуғбек мирзо у ерда Қозизода Румийни мударрисликга белгилади. Баъзи вақт ўзи ҳам дарс айтмоққа киришар эди.
Зайниддин Восифийнинг «Бадоиъул вақоиъ» асаридан:
«Улуғбек мадрасаси битгач, анинг саҳнинда катта йиғин бўлди. Йиғинда Улуғбек Мирзодан сўрадилар:
«Мадрасанинг биринчи муддарриси ким бўлғай?» Улуғбек Мирзо: «Барча илмларнинг саромади бўлғон киши ушбу мадрасага мударрис этиб тайинлангай», деб жавоб қилдилар. Ушбу йиғинда ҳозир бўлган ва ғишт уюми устида ўлтурган бир шахс ўрнидан дафъатан туриб, Мирзога таъзим қилди ва: «Ушбу мартабага мен муносибдурмен», деди. Улуғбек Мирзо ани имтиҳон қилди, илму камолотига ишонч ҳосил этгач, ани ҳаммомга олиб бориб, ювиб-тараб кийинтиришни буюрдилар. Ул зот Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад эди. Мадраса очилғон
кунни Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад мударрис ўрнида биринчи дарсни ўқидилар. Дарсда олимлардан тўқсон нафари ҳозир эрди, лекин дарсни Улуғбек Мирзо билан Қозизода Румийдан бошқа ҳеч ким тушунмади».
Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан:
ШЕРДОР МАДРАСА — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (1619—36). Регистон ансамбли таркибида. Мирзо Улуғбек хонақоҳи ўрнига Ялангтўш Баҳодир қурдирган. Улуғбек мадрасасининг рўпарасида жойлашган. Мадраса тарҳи тўртбурчак, 2 қаватли. Бош тарзининг 2 қанотида қовурғали гумбаз ва миноралар жойлашган. Пештоқ равоғи ичкарисидаги кошинкори безак орасида қора заминли кошинга оқ ҳарфлар б-н меъмор Абдужаббор номи ёзилган. Қаносларидаги қизғиш зарҳал тусли шер оқ оҳуни қувмоқца. Қуёш бодомқовоқ, қийиқ кўзли қилиб тасвирланиб, юзи зарҳал тусли ёғду б-н ҳошияланган. Мадраса номи шу тасвирдан келиб чиққан. Бинонинг серҳашамлиги шу пештоғида. Пештоқнинг 2 томонида гумбазли дарсхона ва масжид жойлашган. Ҳовли атрофидаги 2 қаватли ҳужралар (54 та)нинг олди равоқди айвон. Айвонлар ёзда дарсхона вазифасини ўтаган. 1960—64 й.ларда пештоқдаги кошинкори нақшлар қайта тикланган.
Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
style=»text-align: justify;»>Шердор мадрасаси. Бу Мадраса [Самарқанд Регистонида] Улуғбек мадрасасининг қаршисида, унинг кунчиқар томонидадир. Бу Мадраса вилоятпаноҳ Ялангтўшбий оталиқ томонидан солинган. Ялангтўшбий олчин аймоқиндандир. 1028 [1618-19]да ушбу Мадраса солинди. [У] шундай мадрасаким, буюкликдан хаёл идиши ичига сиғмас, катталикдан тавсиф айтишга тўғри келмас, баланд тоқи фалак равоқидек, чунончи офтоб шаклини асад буржиға яқин қилиб, пештоқига сурат солиб, ҳар икки шерни оҳу оладиган тарзда кўрсатилган. Офтоб панжасини далир шерлар пешонасига қўйиб турган ва ҳар икки равоқ биқинига ранглик зийнатланган, нақши нигорлик икки гумбаз қилинган ва ҳар икки гумбаз тепасига гулдаста бино қилинганки, барчани ҳайратда қолдиради. Қизиқи шундаким, мадрасанинг солиниши тарихи «Ялангтўш баҳодир» топилибдир.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан:
ТИЛЛАКОРИ МАДРАСА — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик. Регистон ансамбли Улуғбек даврида бунёд этилган Мирзойи карвонсаройи (15-а.) ўрнида Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир мадраса ва жоме масжид қурдирган (1641—46). Карвонсарой асоси устига Мадраса (шим. шарқий қис-мида), ҳужралар ўрнида пештоқ гумбазли масжид (ғарбида) жойлашган. Дастлаб «Ялангтўшбий кичик мадрасаси» деб номланган. Кейинчалик масжид безагида бошқа бир обида қурилишига етадиган миқдорда олтин сарфлангани учун «тиллакори» (тилладан ишлов берилган) деб юритила бошлаган. Тиллакори мадрасадан шаҳар жоме масжиди ва Мадраса сифатида фойдаланилган. Шунинг учун масжиди (63×22 м) катта ва серҳашамлиги б-н бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадраса (70×70 м) га ғарбий пештоқ орқали кирилади. Пештоқ чуқур равоқли, 2 қанотининг олди равоқли, 2 қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг ҳажмдаги гулдаста-мезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳи (10,8×10,8 м)нинг пойгумбази баланд, узоқдан кўзга ташланиб туради. Унинг гумбази ниҳоясига етказилмаган. Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган. Ўз даврида зарҳал нақшлар б-н жозибадор безатилган хонақоҳнинг 2 ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвон (йўлак)лар эгаллаган. Пештоқ равоғидаги мармар тахтачада безак ишлари 1659—60 й.ларда бажарилганлиги ёзилган.
Тиллакори мадраса бир неча бор таъмир қилинган. 1817 й.да амир Ҳайдар буйруғи б-н зилзиладан зарар кўрган пештоғи қайта тикланиши жараёнида шакли бузилган. 1885 й.даги таъмир вақтида зарҳал нақшлар оддий бўёклар б-н алмаштирилган. Тиллакори мадрасада Самарканд таъмирлаш устахонаси ташкил этилиб (1930), кошинларнинг қад. рангини топиш йўлида тадқиқот ишлари олиб борилган. Тиллакори мадрасадаги йўқолиб кетаёзган ноёб зарҳал нақшларни усталар илмий ўрганиб, қайта тиклади (1970). Бинокорлар мадрасанинг Регистонга қараган пештоғини Шердор Мадраса ва Улуғбек мадрасаси б-н мослаштириб қайта қурди. Пештоқ равоғи ва равоқ ичидаги қалқонсимон бағали, гулдастаси ҳамда хонақоҳ гумбази, ичидаги тилла ҳалли бўртма нақшлари қайта жилоланди (1974). Баланд гюйгумбази устига феру-за ранг кошин б-н қопланган гумбаз ўрнатилди. Бош тарзидаги безак мавзуларининг бойлиги, ички ва ташқи нақшларнинг серхашамлиги, пештоқ қаноси ва токчасидаги ироқи каштани эслатувчи безаклар, бўртма ёзувлар ўзига хосдир. Равоқ бурчаклари, безакли тоқиларни тўлдиришда кошинпаз усталар турли усулларни қўллашган (ғиштларнинг майда нақшлари ко-шинларнинг ҳандасий ва ислимий нақшлари б-н мослаштирилган). Кошинкори равокларда яшил тангачалар, сарғиш япроқлар ва феруза поялар акс эттирилган. Хонақоҳ изораси кошиннамоён, девори, гумбази ва бағали кундал услубидаги серҳашам нақшларга бой. Меҳроб равоғи ва ба-ғали муқарнас косачалар б-н тўлдири-либ, зарҳал берилган ҳамда Қуръон оятларидан олинган бўртма ёзувлар б-н ҳошияланган.
Эшиклар мураккаб нақш ва ёзувлар б-н ёғоч ўймакорлигида пардозланган. Ҳовли сахни (50х50 м)га мармар ётқизилган. Атрофидаги ҳужраларга эшик, тобадонига панжаралар ишланган. Ҳужралар ёз кунлари ҳам салқин бўлади. Тиллакори мадрасада музей ташкил этилган бўлиб, унда мадрасани таъмирлашга оид нарсалар сакланган.
Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
Тиллокорий жомеъи мадрасаси. Ушбу Мадраса Улуғбек ва Шердор мадрасаларининг шимолида, иккаласининг ёнидадир. Жумъа намозини Амир Темур курагон жомеъи хароб бўлганидан кейин, шаҳар халки [ҳозирга қадар] Тиллокорий мадрасайи жомиъида ўқийдилар. Унинг солдиргувчиси ҳам мир Ялангтўшбий оталиқдир. Шердор мадрасасидан ўн йил кейин 1051 ҳижрий [милодий 1641 -42] йилда солинди78. 1234 ҳижрий [милодий 1818-19] йилда пештоқи зилзиладан ўрнидан қўпорилиб тушиб эди. Ҳазрати хилофот макон ҳазрати сайид, мўминлар амири Амир Саъид унинг қабри мунаввар бўлсин — яъни амир Ҳайдарнинг буйруғи билан янгидан тузатилди.
Manba’: http://samarkand.uz
Zor okajon