Xurshid Davron. Amir Temur bog’lari & Temur bog’lari. «Temurnoma» videofilmidan 9-qism

Ashampoo_Snap_2018.03.19_20h35m53s_002_.png Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги олдидан

Соҳибқирон фахр билан айтар эканки: “Менинг бир боғим борки, у Бухородан Самарқандгачадир”. Яна айтар эканларки: “Шоҳ бўлсанг-да, боғ ярат, гадо бўлсанг-да боғ ярат, бир куни мевасидан тотарсан”.

Хуршид Даврон
АМИР ТЕМУР БОҒЛАРИ
«Соҳибқирон набираси» қиссасидан боб
01

istoriya_razvitiya_landshaftnogo_dizayna_na_drevnem_vostoke_predlagaem_priobresti_kamni_dlya_oformleniya_sada_1403050076.jpgБоғ яратиш, боғдорчилик амали инсоният тараққиёти тарихидаги энг улуғ кашфиётлардан биридир. Инсон ибтидоий замонлардан боғни ҳаёт ва тўкинчилик рамзи санайди. Барча қадимий диний асотирларда жаннат мангу яшнаб турган боғга қиёс этилади. Шу сабабдан Шарқ шоирлари гўзал боғларни ва яшил-кўкаламзор шаҳарларни “жаннатмонанд”, “фирдавсмонанд” дея таъриф этадилар.

Энг қадимий Шумер салтанатидан бошлаб инсоният суғориш тармоқларини такомиллаштириб борган. Бу эса ўз навбатида боғдорчиликни ривожлантиришга туртки берган. Олис юлдузлар сирини кашф этишга иштиёқманд қадим донишмандлар табиатни гўзаллик тимсоли деб билиб, ундан руҳий завқ олишга интилганлар, охир-оқибатда нафис табиат ижодидан қиёс олиб боғлар яратишга тутинганлар. Мелоддан аввалги 811-781 йилларда Ашшура (Ассирия) маликаси Шамурамат – Семирамада яратган осма боғлар, Миср подшоси Шаддод бунёд этган Боғи Эрам ҳақидаги афсоналар ҳануз-ҳанузгача кўнгилларни ҳаяжонга солади.

Боғдорчилик халқ тарихи, унинг маданияти, илм-фани, адабиёти ва санъати, деҳқончилиги тарихи ва тажрибаси билан чамбарчас боғлиқ. Муайян халқ яшаган жўғрофий ҳудуд, унинг маданий-илмий равнақи, адабиёти ва санъати, деҳқончилик ва суҳориш тармоқлари даражаси ўтмишда яратилган боғу-роғларда ўз аксини топган.

Буюк бобомиз Амир Темур бунёд этган боғлар жаҳон боғдорчилик тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Соҳибқирон тарихини ўрганиш билан шуғулланган барча муарриху-олимлар Турон Султонининг боғдорчилик санъатидаги салоҳиятини эътироф этиб, ўз асарларида у иншо этган боғларни таърифу-тасниф айлайдилар.

Фирдавсмонанд деб мадҳ этилган Самарқанд тупроғи азал-азалдан боғлар мамлакати саналган. Минг йилча бурун бу тупроққа келган Истаҳрий шундай маълумот ёзиб қолдирган эди: “Бирон тепаликка чиқиб, атрофга назар ташлайдиган бўлсангиз, Самарқанд Сўғдида, шунингдек, Самарқанднинг ўзида ҳам нигоҳингиз кўкаламзорга ва ёқимли жойларга тушади. Унинг яқинида дов-дарахтсиз тоғлар ва чанги фиғон ураётган даштлар йўқ. Самарқанд Сўғди биз тилга олган уч жой орасида энг гўзалидир, чунки у Бухоро чегарасига қадар Сўғд (Зарафшон) дарёси бўйлаб ўнг ва чап томондан узилмай давом этиб келади. Унинг катталиги шунчаки, кўкаламзор ва боғлар орасидан саккиз кун юрасан. Бу доимо сув оқиб турадиган ариқлар билан ўраб олинган яхлит боғлардир, ўтлоқлар ва далалар ўртасида эса ҳовузлар бор. Дарёнинг ҳар икки ёқаси кўм-кўк дарахтлар ва экинзорлар билан қопланган. Яшил дарахтлар экинларни ҳимоя қилади, экинзорлардан кейин эса чорва моллари учун яйловлар ястанган. Бу ердаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқда қўрғон бўлиб, у кўкаламзорлар орасида бамисоли сув ўзанлари билан тўқилган ва қасрларнинг жилваси билан безатилган яшил парча либосдек ярқираб туради. Сўғд, Аллоҳ мамлакатларининг энг унумдор еридир, унда энг яхши дарахтлар ва мевалар, одамлар яшайдиган барча масканда боғлар, ҳовузлар ва оқар сувлар бор. Оқар сувли ариғи бўлмаган кўча ёки уй камдан-кам учрайди”.

Амир Темур замонида Зарафшон воҳаси Истаҳрий таърифлаган гўзаллигини сақлаб қолган эди. Соҳибқирон фахр билан айтар эканки: “Менинг бир боғим борки, у Бухородан Самарқандгачадир”. Яна айтар эканларки: “Шоҳ бўлсанг-да, боғ ярат, гадо бўлсанг-да боғ ярат, бир куни мевасидан тотарсан”. Қудратли салтанат пойтахти теварагида Амир Темур томонида бунёд этилган боғлар хусусида муаррих Абу Тоҳирхўжа Самарқандий шундай ёзади: “Самарқандда Амир Темур Кўрагон солдирган боғларким, Эрам гулистони рашк қилар даражада, еттита экан:

Биринчиси – Боғи Шимол – Самарқанд шимолида. Девори Қиёмат ичида. Иккинчиси – Боғи Баланд. Учинчиси – Боғи Беҳишт. Тўртинчиси – Боғи Чинор. Бу икки боғ шаҳарнинг кунчиқар томонида. Бешинчиси – Боғи Дилкушо бўлиб, Конигилнинг жануб томонида. Конигил Кўҳак дарёсининг ёқасида, Самарқанднинг энг гўзал ва чиройлик еридир. Олтинчиси – Боғи Зоғон – Шовдор туманининг шимол томонида воқедир. Еттинчиси – Боғи Жаҳоннамо – Анҳор туманида бўлиб, тоғ этагига яқин ерда, Самарқанднинг жанубида бунёд қилингандир”.

Биз Абу Тоҳирхўжа ҳазрат Соҳибқирон тиклаган боғларнинг ҳаммасини санамагани учун саноқда давом этамиз: Саккизинчи боғнинг номи Боғи Нав. Тўққизинчиси – Боғи Бўлду. Бу боғ тахминан Боғи Дилкушога яқин ерда жойлашган. Ўнинчиси – Боғи Нақшижаҳон – Чўпонота тепалигининг жанубий этакларида бўлган. Тадқиқотчилар бу боғни Амир Темур бино этган дастлабки боғлардан биридир деб ҳисоблайдилар. Бобур мирзонинг ёзишича, боғ Оби Раҳмат ариғи ёқасида жойлашган. Ўн биринчиси Боғи Давлатободдир. У Самарқанднинг жанубида, Термизга кетиш йўлининг чап томонида, Боғи Дилкушо билан Боғи Жаҳоннамо оралиғида барпо этилган. Яна бир ҳужжатга кўра, Дарғом ариғи ёқасида бўлган. Ўн иккинчи боғ Соҳибқирон замонида амирзода Шоҳруҳ шарафига ёки мирзонинг ўзи томонидан тикланган боғ бўлиб, у китобларда “Боғи амирзодайи Шоҳруҳ” номи билан тилга олинади. Ўн учинчиси – Боғи Майдон. Ўн тўртинчиси – Боғча. Ўн бешинчиси – Гулбоғ ёхуд Тахтиқорача боғи.
Биз мазкур боғлар хусусида мухтасар маълумот беришни мақсад қилдик, токи мозий муаррихларидан бири айтганидек, “ҳар эзгу ишдан ибрат олингиз, эй ақли солим эгалари!”

1. БОҒИ ШИМОЛ. Бу боғ халқ орасида Боғишамол номи билан машҳур бўлган. У 1397 йили иншо этилган. Муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг қайд этишича, бу манзил боғ асос бўлмасдан олдин ҳа кўкаламзор жой бўлган. Муаррих ёзади: “Ҳазрати Соҳибқирон обод Самарқанднинг шимолий томонида барпо этгани Боғи Шимол номи билан машҳур боққа кўчиб ўтиб, жаҳон аҳли сиғгудек улкан саропарда (шоҳона чодир) қурдирди. Унинг дарвозаси олдидаги чодир (кўндалон) ҳамда подшоҳ қабулхонаси (боргоҳ) базмлар учун тикилган катта ва кичик чодирлар кўкка бўй чўзиб, ойга теккудек туюларди. Бу боғи Эрам янглиғ ором маскани жаннатнинг базм саройи ҳасад қиладиган даражада ораста ва салобатли қилиб безатдилар. Қазодек кескин фармон содир бўлдики, ул фирдавсмонанд боғда амирзода Мироншоҳнинг қизи, олий иффат соҳибаси Бека Султон номига атаб дилни ром этувчи баланд қаср ва гўзал бир ишратгоҳ қурсинлар. Форс ўлкасининг барча вилоятлари, Ироқ, Озарбайжон, Доруссалом (Бағдод) ва бошқа мамлакатлардан жамъ бўлган моҳир муҳандислар, равшан фикрли меъморлар қасрнинг тарҳини теран фаросат қалами билан маҳорат лавҳасига чиздилар. Уни ҳазрати Соҳибқирон маъқуллагач, ёрқин раъйли мунажжимлар қаср қурилишини бошлаш учун муносиб вақтни белгилашда ҳушёрлик ва эҳтиёткорликнинг барча шартларига риоя қилган ҳолда 799 сана жумодул охир ойининг (1397 йил, март) қувончли бир соати ва бахтли бир толеъида иншосини бошладилар.

Қасрнинг тўрт рукнини амирлар ўртасида тақсимлаб, ҳар бир ишбоши ихтиёрига бирор мамлакатдан келтирилган ҳунармандларни тайин қилдилар… мустаҳкам рукнларини бағоят маҳкам ва пухта қилиб кўтардилар. Ҳар бир рукнига биттадан Табриздан келтирилган мармар тошдан ишланган устун ўрнатдилар. Деворлари сатҳини ложувард ва олтин билан шундай ажойиб ва ҳайратомуз даражада гўзал этиб нақшладиларки, уларнинг тароватидан Моний расмлари ва Чин нигорхонасини уяту-хижолат ғубори қоплади. Қасрнинг саҳнига мармар тошлардан ва Кўҳи Нур (Нурота)дан келтирилган тошлардан чиройли қилиб ётқиздилар… Ташқи деворининг ич тарафидаги изорасини кошин билан зийнатладилар”.

Бу сарой ҳақида машҳур можор олими Армений Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида шундай ёзади: “Мазкур сарой тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар томони бир ярим минг қадам келарди. Унинг мармар нақшлари ажойиб, ҳайратли эди. Замини қайрағоч ва фил тишидан ишланган кошинли эди…”

Бир қанча тарихий манбаларда боғ шаҳарнинг “Девори Қиёмат” деб аталган қадимий девори чегарасида, Дамашқ (Димишқ) қишлоғи яқинида бўлган, деб кўрсатилади. Ўша ерда боғ номи билан аталган ариқ оқиб ўтган. Самарқандликлар Амир Темур шарафига шаҳар туманларидан бирини Боғишамол деб аташган.

2. БОҒИ БЕҲИШТ – Самарқанднинг ғарбий тарафида малика Туман оғо шарафига 1378 йилда иншо этилган. Бу боғ Боғи Шимолнинг жануби-ғарбида жойлашган. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, боғдаги сарой атрофини сув билан тўлдирилган хандақ ўраган бўлиб, бир неча кўприк сарой билан боғни ўзаро боғлаб турган. Ғоят кўркам боғ саройи атайлаб кўтарилган дасти тепалик устида Табриздан келтирилган оқ мармардан тикланган.

Боғи Беҳиштнинг бир томонида ҳайвонот боғчаси – қўриқхона бўлиб, ундаги жониворлар қафасларда эмас, атрофи ўралган майдончаларда эркин ҳолда сақланган. Шунинг учун бир қатор Ғарб тадқиқотчилари Амир Темурни илк қўриқхона асосчиси деб ҳисоблайдилар.

Боғ манзили ҳақида турли фикрлар мавжуд. Агар “Самария” муаллифи уни Самарқанднинг шарқида жойлашган деб ёзса, Бобур мирзо “Бобурнома”да: “шаҳарнинг қуйи ёнида Боғи Шимол ва Боғи Беҳишттур”, дея қайд этади. Қадимшунос М.Массон ўз текширишларида бу боғнинг ўрнини Боғи Шамолдан жануби-ғарбда бўлган, деб кўрсатади. Ўзбек олими Ў.Алимов эса “Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда боғдорчилик хўжалиги тарихи” китобида олиб борган изланишлари натижасида боғдан бирор из топилмагани ҳақида ёзади. Биз бу ўринда кўпроқ Бобур мирзо гувоҳлиги ҳақиқатга молик деб ҳисоблаймиз.

3. БОҒИ БАЛАНД – шаҳарнинг шимолидаги Чўпонота тепалиги ёнбағрида барпо этилган боғ. У Амир Темурнинг энг гўзал боғларидан саналиб, боғни яратишда Эрон, Ироқ, Озарбайжон ва бошқа забт этилган ўлкалардан келтирилган уста меъморлар қатнашган. Боғдаги Табриз мармари билан тикланган сарой биноси учта катта хонадон иборат бўлиб, унда қимматбаҳо буюмлар, нодир санъат асарлари сақланган. Бу боғ Соҳибқироннинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оғабегимга атаб қурилган. Пойтахт шимолидаги тепаликда барпо этилгани сабаб, Боғи Баланд номини олган. Боғнинг асосий қисми узумзор, олмазор ва анжирзордан иборат бўлган. Ҳозиргача Боғи Баланд деб аталувчи бу манзил ўзининг тўкин анжирзорлари билан машҳур.

4. БОҒИ ДУЛКУШО – Самарқанд шарқидаги боғ. Шаҳардан тахминан олти чақирим масофада, Панжакент йўлининг ўнг томонида бўлган. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Боғи Дилкушони бино қилиш давомида олдиндан мавжуд бўлган ўн иккита боғ бирлаштирилиб мукаммалаштирилган. Боғ қурилиши 1396 йилда бошланган. Боғда гумбаз шаклида тикланган қаср ва унинг уч томонида миноралар юксалиб турган. 1398 йил баҳорида – Ҳинд юриши арафасида Амир Темур шу янги боғда мислсиз тантаналар ўтказиб, амир Хизрхўжа қизи – Тўкалхонимга уйланган ва боғдаги қасрни ёш маликага атаган.

“Зафарнома” муаллифи ёзади: “Боғ ниҳоятда дилкушо ва гўзал тарзда барпо этилгач, безавол иқбол тили унинг исми-жисмига монанд бўлсин учун “Боғи Дилкушо” деб атади”.

Боғи Дилкушо тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар бир томони бир ярим минг газга эн берган. Тўрт томонда тоқи рангли кошинлару-нақши нигорлар билан зийнатланган дарвозалари бўлган. Шаҳарга қараган дарвоза тоқида “Дарвозайи Феруза” деб ҳал билан жуда чиройли ёзилган. Бобур мирзо ёзишича, “Андин (боғдан) Феруза дарвозасигача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктирибтур”.

Боғнинг тўрт бурчагида, муаррихлар таърифлаганидек, ат-Тоир юлдузига етгудек баланд миноралар қад кўтарган. Боғ саҳни ҳандаса услубида тўртбурчак шаклидаги йўлаклар ва олтибурчагу-учбурчак шаклидаги чаманзорларга бўлинган. Йўлаклар четида оқтераклар, олти ва учбурчакли чаманзорлар атрофида мевали дарахтлар, гулбуталар яшнаган.

Боя айтганимиздек, боғ ўртасида тикланган юксак гумбазли қасрнинг уч пештоғи ва уч минораси бўлган. Оқ мармардан тикланган мазкур сарой ой нурида товланиб турган. Узоқдан ҳам саройнинг кенг, катта, осмон ва юлдузлар акс этган кошинлар билан безатилган пештоқлари яққол кўринган. Пештоқларда осмону-юлдузларнинг акс эттирилиши, Соҳибқироннинг илми-фалакиётга қизиққани хусусидаги олдинги сўзларимизни тасдиқлайди.

Мелодий 1399 йилда қаср деворларида Амир Темурнинг Ҳиндистон юриши воқеалари рангин тасвирланган – “Бобурнома”дан: “…Кўшкта Темурбекнинг Ҳиндистон урушини тасвир қилибтур”. Ўша пайтда саройдаги наққош ва мусаввирларнинг раҳбари Абдулҳайй ал-Бағдодий бўлган. Абдулҳайй қўл остида ишлаган санъатчилардан айримларининг, жумладан, уста Абдуллоҳ ва Заҳириддин Азҳор кабиларнинг номлари ҳам маълум. Агар Абдулҳайй ал-Бағдодий Самарқандга 1393 йили келтирилганини, Ҳиндистон юриши эса 1398-1399 йилларда бўлганини инобатга олсак, Боғи Дилкушо деворларидаги жанг манзараларини Абдулҳайй ва унинг тасарруфидаги усталар ижод қилгани айни ҳақиқатдир.

Турон султони 1404 йилнинг 8 сентябрида Кастилия қироли элчиси Руи Ҳонсалес де Клавихони Боғи Дилкушода қабул қилган. Элчи боғдаги фавворадан отилиб турган сувнинг тепадаги олтиндан ясалган олмаларга урилиб сочилишини кўриб, бу гўзал ва ғаройиб манзарадан бениҳоя ҳайратга тушганини ёзади.

Муҳташам Боғи Дилкушо таърифида Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Абу Тоғирхўжа Самарқандий каби муаррихлар ҳа қалам тебратганлар. Ҳазрат Алишер Навоий боғ хусусида шундай сатрларни битганлар:

Гоҳ бўстони Дилкушо ичра,
Касру айвоне жонфизо ичра,
Қилса не ранг ичига наққоше
Таши ҳам бўлғай ул сифат коше…

Кейинчалик боғ ўрни Хончорбоғ деб аталган. Рус ҳарбий экспедицияси иштирокчиси Абдурраҳмон Мустажир қаламига мансуб “Искандаркўл сафари кундалиги”да бу ҳақда шундай сатрларни ўқидик: “У ердан ўтиб, бир жойга етдикки, Хончорбоғ дейдилар, айтишларича бу жойлар Амир Темур Кўрагон чорбоғи бўлган. Йўлнинг ҳар икки четида ҳозир ҳам ўша чорбоғ деворлари нишонаси сақланиб қолган. Ҳозир ҳам девор ўртасидаги чорбоғ Амир Темурнинг вақфи саналади”.

5. БОҒИ ЧИНОР – Самарқанд жанубида, Дарғом ариғи ёқасида бино этилган боғ. У ерда чинорлар ҳаддан зиёд кўп бўлгани сабабидан “Бо0и Чинор” деб аталган. Бу боғ ўрни бўлган ва кейинчалик Хожа Кафшар номини олган манзилда ҳозир ҳам чинорлар кўп. (“Самария”дан: “Хожа Кафшар шаҳарнинг жанубий томонида, бир тошнинг учдан бир улуши (тўрт минг қадам) чамаси олдиндадир”).

Муаррих Ғиёсиддин Али бу боғ ҳақида маълумот бериб, у шарқ томонда бўлган деб ёзади. Шарафиддин Али Яздий эса боғ Кеш шаҳридан келаверишда (шаҳарга яқин турган) биринчи боғдир деб хабар беради. Бошқа маълумотлар Яздийнинг маълумотини тасдиқлайди. Масалан, Бобур мирзо ёзадиким: Яна Самарқанднинг жанубида Боғи Чинордур, қалъани ёвуқтур”. Клавихо ўз сафарномасида “Боғи Чинор янги қурилган ҳашаматли сарой жойлашган боғ эди” деб қайд этади. Мазкур маълумотга кўра, боғ 1400 йилдан кейин тикланган бўлиши эҳтимоли бор.

Армений Вамбери ёзади: “Боғи Чинор ҳам шаҳарнинг шу (жанубий) қисмида эди, гўзал йўлаклари, йўлларни безаган кўркам чинорлари бор эди. Бу ерда, брғ ичида, дасти тепаликда салб шаклидаги қаср қад кўтарган. Унинг ташқариси Шом наққошининг (Абдулҳайй ал-Бағдодийнинг – муаллиф) моҳирона ижоди билан ичкариси гўзал суврат ва лавҳалар билан зийнатланган, қимматбаҳо буюмлар билан лиқ тўла эди. Масалан, оғир кумуш қуббилар, тахтлар ва бошқа нодир буюмлар эртаклардаги ажойиботларни эслатарди”.

Тарихдан маълумки, кейинчалик Мовароуннаҳр ҳокими бўлган Мирзо Улуғбек даврида ҳам боғ обод бўлган. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, 1420 йил баҳорида ҳукмдор пойтахт Ҳиротдан келган онаси, салтанат маҳди улёси Гавҳаршод оғо шарафига Боғи Чинорда “подшоҳона тўй ва хусравона зиёфат” берган.

6. БОҒИ ЗОҒОН – Самарқанднинг шарқий томонида, шаҳардан тахминан 20 чақирим масофада, Кўчайи Хиёбон, яъни шаҳарнинг Хиёбон мавзесига олиб борадиган йўл устида, “Самария” муаллифи ёзганидек, “Шовдор туманининг шимол томонида” бўлган. Бу боғ ўрнида ҳозир Боғи Зоғон қишлоғи мавжуд.

7. БОҒИ НАВ – Самарқанд жанубида Лолазор қишлоғи яқинида 1404 йил барпо этилган боғ. Боғ Амир Темурнинг барча боғлари каби тўртбурчак шаклида бўлиб, баланд девор билан ўралган. Боғнинг ҳар бурчагида миноралар қад тиклаган. Ўртасидаги гумбазнамо қаср қурилган, унинг олдида катта ҳовуз ҳам бўлган. Қаср хоналари қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Шарафиддин Али Яздий ёзишича, боғи Нав билан Боғи Дилкушонинг ҳар томони бир ярим газ, яъни томонлари мингга минг метрлие шаклда – квадратдан иборат бўлган. Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон “Меҳмонномайи Бухоро” асарида XVI аср воқеалари баёнида Боғи Навни Самарқанднинг Чорраҳа дарвозаси яқинида деб ёзади. Шунга асосланган айрим тадқиқотчилар, жумладан, М.Массон бу боғ ўрни ҳозирги шаҳар истироҳат боғида бўлган бўлса керак, дея тахмин қилади. Клавихо саёҳатномасида Боғи Нав ҳақида ёзади: “Боғнинг тўрт томони баланд девор билан ўралган, ҳар бир бурчида баланд, юмалоқ минора қад кўтарган. Девор ҳам минора каби зийнатланган эди. Боғ ўртасида эса хоч шаклида муаззам бино қад ростлаган, унинг олдида катта ҳовуз бор. Бу бино биз олтин ва ложувард билан зийнатланган. Бу боғ ва саройлар шаҳардан ташқарида, у масканни Багина (Боғи Навнинг испанча айтилиши) деб атайдилар” (Муаллифдан: 5 синфда ўқиганимда, совуқ декабрь ойида Боғи Зоғонда пахта терган эдим.) .

8. БОҒИ ЖАҲОННАМО – Самарқанд жанубидаги Тахтиқорача девонига яқин, шаҳардан 24-25 чақирим узоқдаги Қоратета қишлоғида бино қилинган боғ. Боғнинг ёнида катта қалъа ҳам бўлган. Боғ ва қалъа Амир Темур ҳарбий юришлар арафасида ва жангдан қайтишда ҳордиқ оладиган маскан ҳисобланган. Айрим тадқиқотчиларнинг ёзишича, Соҳибқирон барпо қилган боғлардан ёлғиз Боғи Жаҳоннамо йўқдан бор этилган, қолган боғлар эса асосан мавжудлари ўрнида таъмир ва кенгайтириш йўсунида бунёд этилган. “Зафарнома” муаллифи боғдаги сарой 1398 йил қурилган деб маълумот беради. Муаррихларнинг муболағасига кўра, боғ шу қадар улкан эканки, у ерда бир от йўқолиб қолиб, олти ойдан кейин топилган экан.

9. ГУЛБОҒ – Самарқанднинг жануб томонида, Тахти Қорача довони яқинидаги боғ. Боғ ўртасида наср жойлашган ва унинг ёнидан тоғдан тушган жилға оққан. Шарафиддин Али Яздийнинг маълумотига кўра боғ 1398 йилда барпо қилинган. Муаррих ёзади: “Ҳазрати Соҳибқирон бир неча кундан сўнг (Самарқанддан кўтарилиб), азимат жиловини Кеш томон жўнатди. Бу йўлда бир тоғ борки, ундан Самарқандгача қарийиб етти фарсаҳ келади. Унинг бошланишида бир анҳор оқади. Дарёдек сахий ва осмондек шавкатли подшоҳона ташриф шуъласи у тоққа тушди. Оламни тартибга келтириб равнақ бериш борасида ҳимматининг зўрлиги туфайли иморат қуришга яроқли ҳар бир жойнинг зое кетишини раво кўрмайдиган, мамлакатларга оро берувчи раъй бу мавзеда бир боққа асос солишга фармон берди, токи бу чучук сувли анҳор у жаннат асарли бўстонда “унинг тагида анҳор жорийдир” деган ояти каримани эслатиб турсин. Боғ ўртасида воқе бўлган кўпҳора устида эса бир қаср қуришни буюрди. Бажарилиши вожиб бўлган бу амр ижро этилиб, қаср қурилиши битгач, унга “Тахти Қорача” деб ном берилди”.

Дарҳақиқат, боғни ўз кўзи билан кўрган Клавихо боғни шундай тасвирлайди: “Боғнинг атрофи пахса девор билан ўралган бўлиб, девор айланаси тўла бир лига (лига – испанча узуник ўлчови бўлиб, 5572 метрга тўғри келади) келар эди. Боғда пўртаҳол (апельсин) ва лимудан тортиб, ҳар хил мевали дарахтлар бор эди. Боғда олтита ҳовуз бўлишига қарамай, боғни кесиб ўтган анҳор оқиб туради. Ҳовузларнинг биридан иккинчисига баланд ва катта сояли дарахтлардан бамисоли йўл солинган. Бу яшил йўллар ўртасидан баландликка томон кўтарилган худди шундай сўқмоқлар бутун боғ бўйлаб ўтган. Бу йўлдан яна қиялаб бошқа бутун боғ бўйлаб ўтган. Бу йўлдан яна қиялаб бошқа йўллар ўтказилган. Ундан яна бошқалари тармоқлаб кетган. Хуллас, бу йўллардан юриб, бутун боғни томоша қилиш мумкин эди. Боғда атрофи ёғоч қозиқлар билан ўралган сунъий барпо қилинган усти текис тепалик бор. Тепалик устида ажойиб сарой қад кўтарган. Сарой олтин, ложувард ва ялтироқ кошинлар билан тўкис зийнатланган. Сарой жойлашган мазкур тепалик сувга тўла ҳандақ билан ўралган. Ҳандаққа доимий равишда катта сув оқими тушиб туради. Тепалик устидаги саройнинг икки қарама-қарши томонида унга кириладиган иккита кўприк қурилган. Ҳар бир кўприкнинг олдида дарвоза бор, ундан кейин тепалик устида кўтариладиган зинапоя. Хуллас, мазкур сарой мустаҳкам қўрғон эди. Боғда шоҳ (Темур) топшириғи билан эркин қўйилган кийиклар ва тустовуқлар (товуслар ҳам) мавжуд. Боғдан катта узумзорга чиқадиган дарвоза бор. Боғ каби катта ва кенг узумзор атрофидаги тепалик бўйлаб ўстирилган баланд дарахтлар жуда чиройли кўринади. Мазкур боғ ва сарой “Талисия”, уларнинг тилида эса Кальбет (Гулбоғ) деб аталади”. Ҳозир бу боғнинг ўрнида Гулбоғ қишлоғи мавжуд.

10. БОҒИ БЎЛДУ – Самарқанд шарқида барпо бўлган боғ. Бобур мирзо ёзадики: “(Темурбек) Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи (яқинроғи) Боғи Дилкушодир”. В.Вяткин қадимий Самарқанд топографиясига оид мақоласида Боғу Бўлдуни Боғи Дилкушога яқин ердаги Қўрғонча қишлоғида бўлган, деб маълумот беради. Ў.Алимовнинг текширишлари натижасида боғнинг Панжакентга кетадиган йўлнинг ўнг томонида, Боғи Дилкушодан бир ярим километрча нарида жойлашганлиги аниқланган.

Боғ номи хусусида фикр юритганда айтиш жоизки, “Бўлду” калимасини айримлар “камолотга етган, етук, кам-кўстсиз”, бошқалар эса “фаровонлик, мўлчилик” маъносига эга деб кўрсатадилар. В.Радловнинг турк шевалари луғатида бу сўз “бадавлат” маъносини билдиради деб қайд этилган. Шунга кўра, Боғи Бўлду “тўкин боғ” маъносига эгадир.

Афсоналарнинг бирида айтилишича, Боғи Бўлду дарвозалари пештоғига ўрнатилган мармартош кечаси ўзидан ёғду таратиб, атрофни ёритиб турар экан. Халқ тўқиган бу афсонада жон бор. Чунки сарой дарвозаси пештоқидаги зарҳал нақшлар ой ёруғида шуълаланиб турган. Биз бу боғни Боғи Дилкушодан кейин, 1398-1400 йилларда барпо этилган бўлса керак, деб тахмин қиламиз.

11. БОҒИ НАҚШИ ЖАҲОН – Чўпонота тепалигининг жанубий этакларида бунёд этилган боғ. Айрим тадқиқотчилар Боғи Нақши Жаҳон Амир Темур қурдирган дастлабки боғларнинг бири, деб ҳисоблайдилар. “Нақши Жаҳон” сўзи “дунё безаги” маъносини билдиради. Мирзо Бобур ёзади: “(Темурбек) яна Пуштаи Кўҳак доманасида, Конигилнинг қора суйининг устидиким, бу сувни Оби Раҳмат дерлар, бир боғ солибтур, Нақши Жаҳонға мавсум. Мен кўрган маҳалда бу боғ бузулуб эрди, оти беш қолмайдур эди” (яъни номидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган эди).

12. БОҒИ ДАВЛАТОБОД – Самарқанд жанубида, Термиз йўлининг ёқасида, Боғи Дилкушо билан Боғи Жаҳоннамо оралиғида барпо этилган боғ. Темурийлар даврига оид вақф ҳужжатларига кўра, боғ Дарғом ариғи билан Шовдор ариғи яқинида бўлган. Ҳарбий юришлардан қайтган жаҳонгир шу боғда тантанали маросимлар ўтказган, элчиларни қабул қилган. Хусусан, Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур 1399 йили Ҳиндистон юришидан қайтаётиб, Боғи Жаҳонномада ором олгандан сўнг Давлатобод боғига, у ердан Боғи Дилкушога келганини ҳикоя қилади. Ў.Алимовнинг ёзишича, боғдаги сарой баланд тепалик устида қурилган бўлиб, шимол тарафдан Дарғом ариғи ҳамда Самарқанднинг гўзал манзаралари, жануб тарафидан эса Қоратепа тоғлари кўриниб турган. Шарқ тарафидан қишлоқлар, ғарб томондан эса бепоён далалар ўраб турган.

13. БОҒЧА – Самарқанд шаҳрининг ичида, амирзода Муҳаммад Султон мадрасаси ва даҳмаси (бу ер Гўри Мир деб аталади) ёнида барпо этилган кичик боғ. Шарафиддин Али Яздий ёзади: “Оламни забт этувчи Соҳибқирон Жаҳоннамо қасридан саодат билан отга миниб, 807 йил муҳаррам ойида (1404 йил июлида) Самарқандда Боғи Чинорга келиб қўнди, у ердан шаҳар ичига кирди ва (марҳум) бахтли шаҳзода Муҳаммад Султон мадрасасини келиб кўриб, (қабрни) зиёрат қилиш расмини адо этди… Бу ерда фармон чиқдики, шаҳзоданиг нурли қабри учун унинг ҳиммат меъмори томонидан қурилган мадрасага улаб бир гумбаз кўтарсинлар. Фармонга мувофиқ хонақоҳ майдонининг олд томонидан (мадрасанинг) жанубий суффасига улаб, фалак янглиғ бир қубба бунёд эттилар, унинг изорасини тилло ва ложувард билан нақшланган мармар тошлардан ишладилар ҳамда мағрифатга чўмилгур мурдани қўйиш учун бир сардоба ковладилар. Сўнгра хатми Қуръон қилиб, ожизу-эҳтиёжмандларга садақалар улашиб, барча расм-русумларга риоя қилинган ҳолда марҳум шаҳзода жасадини хонақоҳнинг гумбази остидан шу сардобага кўчирдилар. Мадраса атрофида бўлган бир нечта уйни бузиб, жаннат мисол бир боғча яратдилар…”

14. БОҒИ МАЙДОН – Самарқанд шимолида, Афросиёб билан Чўпонота (Кўҳак) тепаликлари оралиғида барпо этилган боғ. Бобур мирзо бу боғни Улуғбек мирзо барпо этган деб ёзса-да, бошқа бир қатор асарлар боғ Амир Темур замонасидан қолгани ва Соҳибқирон набираси уни таъмирлагани, у ерда кўшк тиклагани ҳақида ёзадилар. “Бобурнома”дан: “Яна пуштаи Кўҳакнинг доманасида ғарб сари боғе сролибтур, Боғи Майдонға мавсум. Бу боғнинг ўртасида бир олий иморат қилибтур, Чилсутун дерлар, ду ошёна (икки қаватли), сутунлари тамом тошдин. Бу иморатнинг тўрт бурчида тўрт манордек буржлар қўпорибтурларким, юққориға чиқар йўллар бу тўрт бурждиндур. Ўзга тамом ерларда тошдин сутунлардир. Баъзини морпеч хиёра қилибтурлар, Юққориғи ошёнининг тўрт тарафи айвондур, сутунлари тошдин. Ўртаси чордара уйдур. Иморат курсисини тамом тошдин фарш қилибтурлар”…

Бу боғни Улуғбек мирзо тиклаган сарой номи билан Боғи Чилсутун деб ҳам аташган.

Тарихий манбаъларга кўра, Амир Темур замонида боғда чиройли айвон қурилиб, унда қимматбаҳо тошдан ясалган тахт сақланган.

Шунингдек, Амир Темур замонида Соҳибқирон фарзандлари, набиралари ва салтанатнинг нуфузли амирлари томонидан бунёд этилган боғлар ҳам мавжуд бўлгани бир қатор тарихий солномаларда қайд этилган. Кейинчалик буюк боғбон – Амир Темурнинг авлод ўз оталари ва боболаридан ибрат олиб, Самарқанддагина эмас, Ҳиротда (Шоҳруҳ, Ҳусайн Бойқаро), Ҳиндистонда (Бобур мирзо ва бобурийлар) кўплаб ажойиб ва беқиёс боғлар яратдилар. Бу анъана бугун ҳам ўлгани йўқ. Самарқандда Амир Темур боғларининг тикланаётгани, Тошкентда Миллий боғ ва бошқа яшил чаманзорларнинг, Андижонда Бобур боғининг бунёд этилгани фикримиз далилидир.

Бу ҳикоямизни ўн бешинчи боғ билан боғлиқ ривоят билан якунлаймиз.

Ривоят қиладиларки, Соҳибқироннинг кенжа ўғли, Улуғбек мирзоинг отаси бўлмиш Шоҳруҳ мирзо ҳам Амир Темурга эргашиб, бир боғ барппо қилибди. Боғ битгач, отаси билан ўғлининг шарафига ўша яшил гўшада зиёфат ва мажлис тузибди. Зиёфатдан сўнг Шоҳруҳ мирзо отасидан:

— Падари бузруквор, менинг бу боғим ҳақида нима дейсиз, сизга маъқул бўлдими? – деб сўрабди.

Амир Темур шундай жавоб қилибди:
— Эй кўзимнинг нури ўғлим, сенинг боғинг жуда ҳам зебо ва дилкушо боғ бўлибди. Аммо давлати, бойлиги бор ҳар бир киши бундай боғни барпо эта олади. Лекин дунёда шундай беназир икки боғ мавжуддирким, уларнинг бирини бунёд этишга сен ҳам, мен ҳам мудом интилишимиз керак, аммо иккинчисини барпо этмоққа ёлғиз Улуғбек мирзогина муяссар бўлажакдур!

Шоҳруҳ мирзо:
— Биринчи боғ қандай боғ экан? – деб сўраган экан, Соҳибқирон жавоб берибди:

— У боғ олимлар, фозиллар, шоирлар, донишмандлар ва бошқа аҳлоқли, тарбияли улуғ инсонлар суҳбатидур. Шу улуғ зотлардан тарбия топиб, яхши ва ибратли ишларни зуҳурга келтириш бу боғнинг дарахти бўлиб, меваси яхши номга эга бўлишдир.

Шоҳруҳ мирзо:
— Улуғбек бунёд этишга қодир иккинчи боғ қандай боғ экан? – деб сўраган экан, Амир Темур шундай жавоб берибди:

— Салтанатимнинг гавҳари бўлмиш Улуғбек барпо этадиган боғнинг номи илму-маърифат боғидур, тафаккур боғидур. Бу боғнинг дарахтлари китоблару, мевалари ҳикматлардур. Қалам ва Ақл ёдгорлиги ўлмасдур, абадийдур. Мен ҳам, сен ҳам кун келиб бир ҳовуч тупроққа айланажакмиз, лекин Улуғбек яратган илм китоблари абадиян одамларга ҳамнафас бўлажаклар.

Ҳа, кўзимнинг нури ўғлим, мудом ёдингда бўлсинким, китоблар бунёдкорлик, ақл-идрок ва илму-донишнинг асоси, ҳаётни ўргатувчи мураббийдур!

SOHIBQIRON AMIR TEMUR TAVALLUDINING 682 YILLIGI OLDIDAN

Sohibqiron faxr bilan aytar ekanki: “Mening bir bog‘im borki, u Buxorodan Samarqandgachadir”. Yana aytar ekanlarki: “Shoh bo‘lsang-da, bog‘ yarat, gado bo‘lsang-da bog‘ yarat, bir kuni mevasidan totarsan”.

Xurshid Davron
AMIR TЕMUR BOG‘LARI
“Sohibqiron nabirasi” qissasidan bob
01

сады.jpgBog‘ yaratish, bog‘dorchilik amali insoniyat taraqqiyoti tarixidagi eng ulug‘ kashfiyotlardan biridir. Inson ibtidoiy zamonlardan bog‘ni hayot va to‘kinchilik ramzi sanaydi. Barcha qadimiy diniy asotirlarda jannat mangu yashnab turgan bog‘ga qiyos etiladi. Shu sababdan Sharq shoirlari go‘zal bog‘larni va yashil-ko‘kalamzor shaharlarni “jannatmonand”, “firdavsmonand” deya ta’rif etadilar.

Eng qadimiy Shumer saltanatidan boshlab insoniyat sug‘orish tarmoqlarini takomillashtirib borgan. Bu esa o‘z navbatida bog‘dorchilikni rivojlantirishga turtki bergan. Olis yulduzlar sirini kashf etishga ishtiyoqmand qadim donishmandlar tabiatni go‘zallik timsoli deb bilib, undan ruhiy zavq olishga intilganlar, oxir-oqibatda nafis tabiat ijodidan qiyos olib bog‘lar yaratishga tutinganlar. Meloddan avvalgi 811-781 yillarda Ashshura (Assiriya) malikasi Shamuramat – Semiramada yaratgan osma bog‘lar, Misr podshosi Shaddod bunyod etgan Bog‘i Eram haqidagi afsonalar hanuz-hanuzgacha ko‘ngillarni hayajonga soladi.

Bog‘dorchilik xalq tarixi, uning madaniyati, ilm-fani, adabiyoti va san’ati, dehqonchiligi tarixi va tajribasi bilan chambarchas bog‘liq. Muayyan xalq yashagan jo‘g‘rofiy hudud, uning madaniy-ilmiy ravnaqi, adabiyoti va san’ati, dehqonchilik va suhorish tarmoqlari darajasi o‘tmishda yaratilgan bog‘u-rog‘larda o‘z aksini topgan.

Buyuk bobomiz Amir Temur bunyod etgan bog‘lar jahon bog‘dorchilik tarixida alohida o‘rin egallaydi. Sohibqiron tarixini o‘rganish bilan shug‘ullangan barcha muarrixu-olimlar Turon Sultonining bog‘dorchilik san’atidagi salohiyatini e’tirof etib, o‘z asarlarida u insho etgan bog‘larni ta’rifu-tasnif aylaydilar.

Firdavsmonand deb madh etilgan Samarqand tuprog‘i azal-azaldan bog‘lar mamlakati sanalgan. Ming yilcha burun bu tuproqqa kelgan Istahriy shunday ma’lumot yozib qoldirgan edi: “Biron tepalikka chiqib, atrofga nazar tashlaydigan bo‘lsangiz, Samarqand So‘g‘dida, shuningdek, Samarqandning o‘zida ham nigohingiz ko‘kalamzorga va yoqimli joylarga tushadi. Uning yaqinida dov-daraxtsiz tog‘lar va changi fig‘on urayotgan dashtlar yo‘q. Samarqand So‘g‘di biz tilga olgan uch joy orasida eng go‘zalidir, chunki u Buxoro chegarasiga qadar So‘g‘d (Zarafshon) daryosi bo‘ylab o‘ng va chap tomondan uzilmay davom etib keladi. Uning kattaligi shunchaki, ko‘kalamzor va bog‘lar orasidan sakkiz kun yurasan. Bu doimo suv oqib turadigan ariqlar bilan o‘rab olingan yaxlit bog‘lardir, o‘tloqlar va dalalar o‘rtasida esa hovuzlar bor. Daryoning har ikki yoqasi ko‘m-ko‘k daraxtlar va ekinzorlar bilan qoplangan. Yashil daraxtlar ekinlarni himoya qiladi, ekinzorlardan keyin esa chorva mollari uchun yaylovlar yastangan. Bu yerdagi har bir shahar va qishloqda qo‘rg‘on bo‘lib, u ko‘kalamzorlar orasida bamisoli suv o‘zanlari bilan to‘qilgan va qasrlarning jilvasi bilan bezatilgan yashil parcha libosdek yarqirab turadi. So‘g‘d, Alloh mamlakatlarining eng unumdor yeridir, unda eng yaxshi daraxtlar va mevalar, odamlar yashaydigan barcha maskanda bog‘lar, hovuzlar va oqar suvlar bor. Oqar suvli arig‘i bo‘lmagan ko‘cha yoki uy kamdan-kam uchraydi”.

Amir Temur zamonida Zarafshon vohasi Istahriy ta’riflagan go‘zalligini saqlab qolgan edi. Sohibqiron faxr bilan aytar ekanki: “Mening bir bog‘im borki, u Buxorodan Samarqandgachadir”. Yana aytar ekanlarki: “Shoh bo‘lsang-da, bog‘ yarat, gado bo‘lsang-da bog‘ yarat, bir kuni mevasidan totarsan”. Qudratli saltanat poytaxti tevaragida Amir Temur tomonida bunyod etilgan bog‘lar xususida muarrix Abu Tohirxo‘ja Samarqandiy shunday yozadi: “Samarqandda Amir Temur Ko‘ragon soldirgan bog‘larkim, Eram gulistoni rashk qilar darajada, yettita ekan:

Birinchisi – Bog‘i Shimol – Samarqand shimolida. Devori Qiyomat ichida. Ikkinchisi – Bog‘i Baland. Uchinchisi – Bog‘i Behisht. To‘rtinchisi – Bog‘i Chinor. Bu ikki bog‘ shaharning kunchiqar tomonida. Beshinchisi – Bog‘i Dilkusho bo‘lib, Konigilning janub tomonida. Konigil Ko‘hak daryosining yoqasida, Samarqandning eng go‘zal va chiroylik yeridir. Oltinchisi – Bog‘i Zog‘on – Shovdor tumanining shimol tomonida voqedir. Yettinchisi – Bog‘i Jahonnamo – Anhor tumanida bo‘lib, tog‘ etagiga yaqin yerda, Samarqandning janubida bunyod qilingandir”.

Biz Abu Tohirxo‘ja hazrat Sohibqiron tiklagan bog‘larning hammasini sanamagani uchun sanoqda davom etamiz: Sakkizinchi bog‘ning nomi Bog‘i Nav. To‘qqizinchisi – Bog‘i Bo‘ldu. Bu bog‘ taxminan Bog‘i Dilkushoga yaqin yerda joylashgan. O‘ninchisi – Bog‘i Naqshijahon – Cho‘ponota tepaligining janubiy etaklarida bo‘lgan. Tadqiqotchilar bu bog‘ni Amir Temur bino etgan dastlabki bog‘lardan biridir deb hisoblaydilar. Bobur mirzoning yozishicha, bog‘ Obi Rahmat arig‘i yoqasida joylashgan. O‘n birinchisi Bog‘i Davlatoboddir. U Samarqandning janubida, Termizga ketish yo‘lining chap tomonida, Bog‘i Dilkusho bilan Bog‘i Jahonnamo oralig‘ida barpo etilgan. Yana bir hujjatga ko‘ra, Darg‘om arig‘i yoqasida bo‘lgan. O‘n ikkinchi bog‘ Sohibqiron zamonida amirzoda Shohruh sharafiga yoki mirzoning o‘zi tomonidan tiklangan bog‘ bo‘lib, u kitoblarda “Bog‘i amirzodayi Shohruh” nomi bilan tilga olinadi. O‘n uchinchisi – Bog‘i Maydon. O‘n to‘rtinchisi – Bog‘cha. O‘n beshinchisi – Gulbog‘ yoxud Taxtiqoracha bog‘i.
Biz mazkur bog‘lar xususida muxtasar ma’lumot berishni maqsad qildik, toki moziy muarrixlaridan biri aytganidek, “har ezgu ishdan ibrat olingiz, ey aqli solim egalari!”

1. BOG‘I SHIMOL. Bu bog‘ xalq orasida Bog‘ishamol nomi bilan mashhur bo‘lgan. U 1397 yili insho etilgan. Muarrix Sharafiddin Ali Yazdiyning qayd etishicha, bu manzil bog‘ asos bo‘lmasdan oldin ha ko‘kalamzor joy bo‘lgan. Muarrix yozadi: “Hazrati Sohibqiron obod Samarqandning shimoliy tomonida barpo etgani Bog‘i Shimol nomi bilan mashhur boqqa ko‘chib o‘tib, jahon ahli sig‘gudek ulkan saroparda (shohona chodir) qurdirdi. Uning darvozasi oldidagi chodir (ko‘ndalon) hamda podshoh qabulxonasi (borgoh) bazmlar uchun tikilgan katta va kichik chodirlar ko‘kka bo‘y cho‘zib, oyga tekkudek tuyulardi. Bu bog‘i Eram yanglig‘ orom maskani jannatning bazm saroyi hasad qiladigan darajada orasta va salobatli qilib bezatdilar. Qazodek keskin farmon sodir bo‘ldiki, ul firdavsmonand bog‘da amirzoda Mironshohning qizi, oliy iffat sohibasi Beka Sulton nomiga atab dilni rom etuvchi baland qasr va go‘zal bir ishratgoh qursinlar. Fors o‘lkasining barcha viloyatlari, Iroq, Ozarbayjon, Dorussalom (Bag‘dod) va boshqa mamlakatlardan jam’ bo‘lgan mohir muhandislar, ravshan fikrli me’morlar qasrning tarhini teran farosat qalami bilan mahorat lavhasiga chizdilar. Uni hazrati Sohibqiron ma’qullagach, yorqin ra’yli munajjimlar qasr qurilishini boshlash uchun munosib vaqtni belgilashda hushyorlik va ehtiyotkorlikning barcha shartlariga rioya qilgan holda 799 sana jumodul oxir oyining (1397 yil, mart) quvonchli bir soati va baxtli bir tole’ida inshosini boshladilar.

Qasrning to‘rt ruknini amirlar o‘rtasida taqsimlab, har bir ishboshi ixtiyoriga biror mamlakatdan keltirilgan hunarmandlarni tayin qildilar… mustahkam ruknlarini bag‘oyat mahkam va puxta qilib ko‘tardilar. Har bir rukniga bittadan Tabrizdan keltirilgan marmar toshdan ishlangan ustun o‘rnatdilar. Devorlari sathini lojuvard va oltin bilan shunday ajoyib va hayratomuz darajada go‘zal etib naqshladilarki, ularning tarovatidan Moniy rasmlari va Chin nigorxonasini uyatu-xijolat g‘ubori qopladi. Qasrning sahniga marmar toshlardan va Ko‘hi Nur (Nurota)dan keltirilgan toshlardan chiroyli qilib yotqizdilar… Tashqi devorining ich tarafidagi izorasini koshin bilan ziynatladilar”.

Bu saroy haqida mashhur mojor olimi Armeniy Vamberi “Buxoro yoxud Movarounnahr tarixi” asarida shunday yozadi: “Mazkur saroy to‘g‘ri to‘rtburchak shaklida bo‘lib, har tomoni bir yarim ming qadam kelardi. Uning marmar naqshlari ajoyib, hayratli edi. Zamini qayrag‘och va fil tishidan ishlangan koshinli edi…”

Bir qancha tarixiy manbalarda bog‘ shaharning “Devori Qiyomat” deb atalgan qadimiy devori chegarasida, Damashq (Dimishq) qishlog‘i yaqinida bo‘lgan, deb ko‘rsatiladi. O‘sha yerda bog‘ nomi bilan atalgan ariq oqib o‘tgan. Samarqandliklar Amir Temur sharafiga shahar tumanlaridan birini Bog‘ishamol deb atashgan.

2. BOG‘I BЕHISHT – Samarqandning g‘arbiy tarafida malika Tuman og‘o sharafiga 1378 yilda insho etilgan. Bu bog‘ Bog‘i Shimolning janubi-g‘arbida joylashgan. Sharafiddin Ali Yazdiyning yozishicha, bog‘dagi saroy atrofini suv bilan to‘ldirilgan xandaq o‘ragan bo‘lib, bir necha ko‘prik saroy bilan bog‘ni o‘zaro bog‘lab turgan. G‘oyat ko‘rkam bog‘ saroyi ataylab ko‘tarilgan dasti tepalik ustida Tabrizdan keltirilgan oq marmardan tiklangan.

Bog‘i Behishtning bir tomonida hayvonot bog‘chasi – qo‘riqxona bo‘lib, undagi jonivorlar qafaslarda emas, atrofi o‘ralgan maydonchalarda erkin holda saqlangan. Shuning uchun bir qator G‘arb tadqiqotchilari Amir Temurni ilk qo‘riqxona asoschisi deb hisoblaydilar.

Bog‘ manzili haqida turli fikrlar mavjud. Agar “Samariya” muallifi uni Samarqandning sharqida joylashgan deb yozsa, Bobur mirzo “Boburnoma”da: “shaharning quyi yonida Bog‘i Shimol va Bog‘i Behishttur”, deya qayd etadi. Qadimshunos M.Masson o‘z tekshirishlarida bu bog‘ning o‘rnini Bog‘i Shamoldan janubi-g‘arbda bo‘lgan, deb ko‘rsatadi. O‘zbek olimi O‘.Alimov esa “O‘rta asrlarda Movarounnahrda bog‘dorchilik xo‘jaligi tarixi” kitobida olib borgan izlanishlari natijasida bog‘dan biror iz topilmagani haqida yozadi. Biz bu o‘rinda ko‘proq Bobur mirzo guvohligi haqiqatga molik deb hisoblaymiz.

3. BOG‘I BALAND – shaharning shimolidagi Cho‘ponota tepaligi yonbag‘rida barpo etilgan bog‘. U Amir Temurning eng go‘zal bog‘laridan sanalib, bog‘ni yaratishda Eron, Iroq, Ozarbayjon va boshqa zabt etilgan o‘lkalardan keltirilgan usta me’morlar qatnashgan. Bog‘dagi Tabriz marmari bilan tiklangan saroy binosi uchta katta xonadon iborat bo‘lib, unda qimmatbaho buyumlar, nodir san’at asarlari saqlangan. Bu bog‘ Sohibqironning suyukli nabirasi, Mironshohning qizi Og‘abegimga atab qurilgan. Poytaxt shimolidagi tepalikda barpo etilgani sabab, Bog‘i Baland nomini olgan. Bog‘ning asosiy qismi uzumzor, olmazor va anjirzordan iborat bo‘lgan. Hozirgacha Bog‘i Baland deb ataluvchi bu manzil o‘zining to‘kin anjirzorlari bilan mashhur.

4. BOG‘I DULKUSHO – Samarqand sharqidagi bog‘. Shahardan taxminan olti chaqirim masofada, Panjakent yo‘lining o‘ng tomonida bo‘lgan. Sharafiddin Ali Yazdiyning yozishicha, Bog‘i Dilkushoni bino qilish davomida oldindan mavjud bo‘lgan o‘n ikkita bog‘ birlashtirilib mukammalashtirilgan. Bog‘ qurilishi 1396 yilda boshlangan. Bog‘da gumbaz shaklida tiklangan qasr va uning uch tomonida minoralar yuksalib turgan. 1398 yil bahorida – Hind yurishi arafasida Amir Temur shu yangi bog‘da mislsiz tantanalar o‘tkazib, amir Xizrxo‘ja qizi – To‘kalxonimga uylangan va bog‘dagi qasrni yosh malikaga atagan.

“Zafarnoma” muallifi yozadi: “Bog‘ nihoyatda dilkusho va go‘zal tarzda barpo etilgach, bezavol iqbol tili uning ismi-jismiga monand bo‘lsin uchun “Bog‘i Dilkusho” deb atadi”.

Bog‘i Dilkusho to‘rtburchak shaklida bo‘lib, har bir tomoni bir yarim ming gazga en bergan. To‘rt tomonda toqi rangli koshinlaru-naqshi nigorlar bilan ziynatlangan darvozalari bo‘lgan. Shaharga qaragan darvoza toqida “Darvozayi Feruza” deb hal bilan juda chiroyli yozilgan. Bobur mirzo yozishicha, “Andin (bog‘dan) Feruza darvozasigacha xiyobon qilib, ikki tarafida terak yig‘ochlari ektiribtur”.

Bog‘ning to‘rt burchagida, muarrixlar ta’riflaganidek, at-Toir yulduziga yetgudek baland minoralar qad ko‘targan. Bog‘ sahni handasa uslubida to‘rtburchak shaklidagi yo‘laklar va oltiburchagu-uchburchak shaklidagi chamanzorlarga bo‘lingan. Yo‘laklar chetida oqteraklar, olti va uchburchakli chamanzorlar atrofida mevali daraxtlar, gulbutalar yashnagan.

Boya aytganimizdek, bog‘ o‘rtasida tiklangan yuksak gumbazli qasrning uch peshtog‘i va uch minorasi bo‘lgan. Oq marmardan tiklangan mazkur saroy oy nurida tovlanib turgan. Uzoqdan ham saroyning keng, katta, osmon va yulduzlar aks etgan koshinlar bilan bezatilgan peshtoqlari yaqqol ko‘ringan. Peshtoqlarda osmonu-yulduzlarning aks ettirilishi, Sohibqironning ilmi-falakiyotga qiziqqani xususidagi oldingi so‘zlarimizni tasdiqlaydi.

Melodiy 1399 yilda qasr devorlarida Amir Temurning Hindiston yurishi voqealari rangin tasvirlangan – “Boburnoma”dan: “…Ko‘shkta Temurbekning Hindiston urushini tasvir qilibtur”. O‘sha paytda saroydagi naqqosh va musavvirlarning rahbari Abdulhayy al-Bag‘dodiy bo‘lgan. Abdulhayy qo‘l ostida ishlagan san’atchilardan ayrimlarining, jumladan, usta Abdulloh va Zahiriddin Azhor kabilarning nomlari ham ma’lum. Agar Abdulhayy al-Bag‘dodiy Samarqandga 1393 yili keltirilganini, Hindiston yurishi esa 1398-1399 yillarda bo‘lganini inobatga olsak, Bog‘i Dilkusho devorlaridagi jang manzaralarini Abdulhayy va uning tasarrufidagi ustalar ijod qilgani ayni haqiqatdir.

Turon sultoni 1404 yilning 8 sentyabrida Kastiliya qiroli elchisi Rui Honsales de Klavixoni Bog‘i Dilkushoda qabul qilgan. Elchi bog‘dagi favvoradan otilib turgan suvning tepadagi oltindan yasalgan olmalarga urilib sochilishini ko‘rib, bu go‘zal va g‘aroyib manzaradan benihoya hayratga tushganini yozadi.

Muhtasham Bog‘i Dilkusho ta’rifida Sharafiddin Ali Yazdiy, Ibn Arabshoh, Abu Tog‘irxo‘ja Samarqandiy kabi muarrixlar ha qalam tebratganlar. Hazrat Alisher Navoiy bog‘ xususida shunday satrlarni bitganlar:

Goh bo‘stoni Dilkusho ichra,
Kasru ayvone jonfizo ichra,
Qilsa ne rang ichiga naqqoshe
Tashi ham bo‘lg‘ay ul sifat koshe…

Keyinchalik bog‘ o‘rni Xonchorbog‘ deb atalgan. Rus harbiy ekspeditsiyasi ishtirokchisi Abdurrahmon Mustajir qalamiga mansub “Iskandarko‘l safari kundaligi”da bu haqda shunday satrlarni o‘qidik: “U yerdan o‘tib, bir joyga yetdikki, Xonchorbog‘ deydilar, aytishlaricha bu joylar Amir Temur Ko‘ragon chorbog‘i bo‘lgan. Yo‘lning har ikki chetida hozir ham o‘sha chorbog‘ devorlari nishonasi saqlanib qolgan. Hozir ham devor o‘rtasidagi chorbog‘ Amir Temurning vaqfi sanaladi”.

5. BOG‘I CHINOR – Samarqand janubida, Darg‘om arig‘i yoqasida bino etilgan bog‘. U yerda chinorlar haddan ziyod ko‘p bo‘lgani sababidan “Bo0i Chinor” deb atalgan. Bu bog‘ o‘rni bo‘lgan va keyinchalik Xoja Kafshar nomini olgan manzilda hozir ham chinorlar ko‘p. (“Samariya”dan: “Xoja Kafshar shaharning janubiy tomonida, bir toshning uchdan bir ulushi (to‘rt ming qadam) chamasi oldindadir”).

Muarrix G‘iyosiddin Ali bu bog‘ haqida ma’lumot berib, u sharq tomonda bo‘lgan deb yozadi. Sharafiddin Ali Yazdiy esa bog‘ Kesh shahridan kelaverishda (shaharga yaqin turgan) birinchi bog‘dir deb xabar beradi. Boshqa ma’lumotlar Yazdiyning ma’lumotini tasdiqlaydi. Masalan, Bobur mirzo yozadikim: Yana Samarqandning janubida Bog‘i Chinordur, qal’ani yovuqtur”. Klavixo o‘z safarnomasida “Bog‘i Chinor yangi qurilgan hashamatli saroy joylashgan bog‘ edi” deb qayd etadi. Mazkur ma’lumotga ko‘ra, bog‘ 1400 yildan keyin tiklangan bo‘lishi ehtimoli bor.

Armeniy Vamberi yozadi: “Bog‘i Chinor ham shaharning shu (janubiy) qismida edi, go‘zal yo‘laklari, yo‘llarni bezagan ko‘rkam chinorlari bor edi. Bu yerda, brg‘ ichida, dasti tepalikda salb shaklidagi qasr qad ko‘targan. Uning tashqarisi Shom naqqoshining (Abdulhayy al-Bag‘dodiyning – muallif) mohirona ijodi bilan ichkarisi go‘zal suvrat va lavhalar bilan ziynatlangan, qimmatbaho buyumlar bilan liq to‘la edi. Masalan, og‘ir kumush qubbilar, taxtlar va boshqa nodir buyumlar ertaklardagi ajoyibotlarni eslatardi”.

Tarixdan ma’lumki, keyinchalik Movarounnahr hokimi bo‘lgan Mirzo Ulug‘bek davrida ham bog‘ obod bo‘lgan. Abdurazzoq Samarqandiyning yozishicha, 1420 yil bahorida hukmdor poytaxt Hirotdan kelgan onasi, saltanat mahdi ulyosi Gavharshod og‘o sharafiga Bog‘i Chinorda “podshohona to‘y va xusravona ziyofat” bergan.

6. BOG‘I ZOG‘ON – Samarqandning sharqiy tomonida, shahardan taxminan 20 chaqirim masofada, Ko‘chayi Xiyobon, ya’ni shaharning Xiyobon mavzesiga olib boradigan yo‘l ustida, “Samariya” muallifi yozganidek, “Shovdor tumanining shimol tomonida” bo‘lgan. Bu bog‘ o‘rnida hozir Bog‘i Zog‘on qishlog‘i mavjud.

7. BOG‘I NAV – Samarqand janubida Lolazor qishlog‘i yaqinida 1404 yil barpo etilgan bog‘. Bog‘ Amir Temurning barcha bog‘lari kabi to‘rtburchak shaklida bo‘lib, baland devor bilan o‘ralgan. Bog‘ning har burchagida minoralar qad tiklagan. O‘rtasidagi gumbaznamo qasr qurilgan, uning oldida katta hovuz ham bo‘lgan. Qasr xonalari qimmatbaho toshlar bilan bezatilgan. Sharafiddin Ali Yazdiy yozishicha, bog‘i Nav bilan Bog‘i Dilkushoning har tomoni bir yarim gaz, ya’ni tomonlari mingga ming metrliye shaklda – kvadratdan iborat bo‘lgan. Fazlulloh ibn Ro‘zbehon “Mehmonnomayi Buxoro” asarida XVI asr voqealari bayonida Bog‘i Navni Samarqandning Chorraha darvozasi yaqinida deb yozadi. Shunga asoslangan ayrim tadqiqotchilar, jumladan, M.Masson bu bog‘ o‘rni hozirgi shahar istirohat bog‘ida bo‘lgan bo‘lsa kerak, deya taxmin qiladi. Klavixo sayohatnomasida Bog‘i Nav haqida yozadi: “Bog‘ning to‘rt tomoni baland devor bilan o‘ralgan, har bir burchida baland, yumaloq minora qad ko‘targan. Devor ham minora kabi ziynatlangan edi. Bog‘ o‘rtasida esa xoch shaklida muazzam bino qad rostlagan, uning oldida katta hovuz bor. Bu bino biz oltin va lojuvard bilan ziynatlangan. Bu bog‘ va saroylar shahardan tashqarida, u maskanni Bagina (Bog‘i Navning ispancha aytilishi) deb ataydilar” (Muallifdan: 5 sinfda o‘qiganimda, sovuq dekabr oyida Bog‘i Zog‘onda paxta tergan edim.) .

8. BOG‘I JAHONNAMO – Samarqand janubidagi Taxtiqoracha devoniga yaqin, shahardan 24-25 chaqirim uzoqdagi Qorateta qishlog‘ida bino qilingan bog‘. Bog‘ning yonida katta qal’a ham bo‘lgan. Bog‘ va qal’a Amir Temur harbiy yurishlar arafasida va jangdan qaytishda hordiq oladigan maskan hisoblangan. Ayrim tadqiqotchilarning yozishicha, Sohibqiron barpo qilgan bog‘lardan yolg‘iz Bog‘i Jahonnamo yo‘qdan bor etilgan, qolgan bog‘lar esa asosan mavjudlari o‘rnida ta’mir va kengaytirish yo‘sunida bunyod etilgan. “Zafarnoma” muallifi bog‘dagi saroy 1398 yil qurilgan deb ma’lumot beradi. Muarrixlarning mubolag‘asiga ko‘ra, bog‘ shu qadar ulkan ekanki, u yerda bir ot yo‘qolib qolib, olti oydan keyin topilgan ekan.

9. GULBOG‘ – Samarqandning janub tomonida, Taxti Qoracha dovoni yaqinidagi bog‘. Bog‘ o‘rtasida nasr joylashgan va uning yonidan tog‘dan tushgan jilg‘a oqqan. Sharafiddin Ali Yazdiyning ma’lumotiga ko‘ra bog‘ 1398 yilda barpo qilingan. Muarrix yozadi: “Hazrati Sohibqiron bir necha kundan so‘ng (Samarqanddan ko‘tarilib), azimat jilovini Kesh tomon jo‘natdi. Bu yo‘lda bir tog‘ borki, undan Samarqandgacha qariyib yetti farsah keladi. Uning boshlanishida bir anhor oqadi. Daryodek saxiy va osmondek shavkatli podshohona tashrif shu’lasi u toqqa tushdi. Olamni tartibga keltirib ravnaq berish borasida himmatining zo‘rligi tufayli imorat qurishga yaroqli har bir joyning zoye ketishini ravo ko‘rmaydigan, mamlakatlarga oro beruvchi ra’y bu mavzeda bir boqqa asos solishga farmon berdi, toki bu chuchuk suvli anhor u jannat asarli bo‘stonda “uning tagida anhor joriydir” degan oyati karimani eslatib tursin. Bog‘ o‘rtasida voqe bo‘lgan ko‘phora ustida esa bir qasr qurishni buyurdi. Bajarilishi vojib bo‘lgan bu amr ijro etilib, qasr qurilishi bitgach, unga “Taxti Qoracha” deb nom berildi”.

Darhaqiqat, bog‘ni o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan Klavixo bog‘ni shunday tasvirlaydi: “Bog‘ning atrofi paxsa devor bilan o‘ralgan bo‘lib, devor aylanasi to‘la bir liga (liga – ispancha uzunik o‘lchovi bo‘lib, 5572 metrga to‘g‘ri keladi) kelar edi. Bog‘da po‘rtahol (apelsin) va limudan tortib, har xil mevali daraxtlar bor edi. Bog‘da oltita hovuz bo‘lishiga qaramay, bog‘ni kesib o‘tgan anhor oqib turadi. Hovuzlarning biridan ikkinchisiga baland va katta soyali daraxtlardan bamisoli yo‘l solingan. Bu yashil yo‘llar o‘rtasidan balandlikka tomon ko‘tarilgan xuddi shunday so‘qmoqlar butun bog‘ bo‘ylab o‘tgan. Bu yo‘ldan yana qiyalab boshqa butun bog‘ bo‘ylab o‘tgan. Bu yo‘ldan yana qiyalab boshqa yo‘llar o‘tkazilgan. Undan yana boshqalari tarmoqlab ketgan. Xullas, bu yo‘llardan yurib, butun bog‘ni tomosha qilish mumkin edi. Bog‘da atrofi yog‘och qoziqlar bilan o‘ralgan sun’iy barpo qilingan usti tekis tepalik bor. Tepalik ustida ajoyib saroy qad ko‘targan. Saroy oltin, lojuvard va yaltiroq koshinlar bilan to‘kis ziynatlangan. Saroy joylashgan mazkur tepalik suvga to‘la handaq bilan o‘ralgan. Handaqqa doimiy ravishda katta suv oqimi tushib turadi. Tepalik ustidagi saroyning ikki qarama-qarshi tomonida unga kiriladigan ikkita ko‘prik qurilgan. Har bir ko‘prikning oldida darvoza bor, undan keyin tepalik ustida ko‘tariladigan zinapoya. Xullas, mazkur saroy mustahkam qo‘rg‘on edi. Bog‘da shoh (Temur) topshirig‘i bilan erkin qo‘yilgan kiyiklar va tustovuqlar (tovuslar ham) mavjud. Bog‘dan katta uzumzorga chiqadigan darvoza bor. Bog‘ kabi katta va keng uzumzor atrofidagi tepalik bo‘ylab o‘stirilgan baland daraxtlar juda chiroyli ko‘rinadi. Mazkur bog‘ va saroy “Talisiya”, ularning tilida esa Kalbet (Gulbog‘) deb ataladi”. Hozir bu bog‘ning o‘rnida Gulbog‘ qishlog‘i mavjud.

10. BOG‘I BO‘LDU – Samarqand sharqida barpo bo‘lgan bog‘. Bobur mirzo yozadiki: “(Temurbek) Samarqandning sharqida ikki bog‘ solibtur, birikim yiroqroqtur, Bog‘i Bo‘ldudur, yovuqrog‘i (yaqinrog‘i) Bog‘i Dilkushodir”. V.Vyatkin qadimiy Samarqand topografiyasiga oid maqolasida Bog‘u Bo‘lduni Bog‘i Dilkushoga yaqin yerdagi Qo‘rg‘oncha qishlog‘ida bo‘lgan, deb ma’lumot beradi. O‘.Alimovning tekshirishlari natijasida bog‘ning Panjakentga ketadigan yo‘lning o‘ng tomonida, Bog‘i Dilkushodan bir yarim kilometrcha narida joylashganligi aniqlangan.

Bog‘ nomi xususida fikr yuritganda aytish joizki, “Bo‘ldu” kalimasini ayrimlar “kamolotga yetgan, yetuk, kam-ko‘stsiz”, boshqalar esa “farovonlik, mo‘lchilik” ma’nosiga ega deb ko‘rsatadilar. V.Radlovning turk shevalari lug‘atida bu so‘z “badavlat” ma’nosini bildiradi deb qayd etilgan. Shunga ko‘ra, Bog‘i Bo‘ldu “to‘kin bog‘” ma’nosiga egadir.

Afsonalarning birida aytilishicha, Bog‘i Bo‘ldu darvozalari peshtog‘iga o‘rnatilgan marmartosh kechasi o‘zidan yog‘du taratib, atrofni yoritib turar ekan. Xalq to‘qigan bu afsonada jon bor. Chunki saroy darvozasi peshtoqidagi zarhal naqshlar oy yorug‘ida shu’lalanib turgan. Biz bu bog‘ni Bog‘i Dilkushodan keyin, 1398-1400 yillarda barpo etilgan bo‘lsa kerak, deb taxmin qilamiz.

11. BOG‘I NAQSHI JAHON – Cho‘ponota tepaligining janubiy etaklarida bunyod etilgan bog‘. Ayrim tadqiqotchilar Bog‘i Naqshi Jahon Amir Temur qurdirgan dastlabki bog‘larning biri, deb hisoblaydilar. “Naqshi Jahon” so‘zi “dunyo bezagi” ma’nosini bildiradi. Mirzo Bobur yozadi: “(Temurbek) yana Pushtai Ko‘hak domanasida, Konigilning qora suyining ustidikim, bu suvni Obi Rahmat derlar, bir bog‘ solibtur, Naqshi Jahong‘a mavsum. Men ko‘rgan mahalda bu bog‘ buzulub erdi, oti besh qolmaydur edi” (ya’ni nomidan boshqa hech narsasi qolmagan edi).

12. BOG‘I DAVLATOBOD – Samarqand janubida, Termiz yo‘lining yoqasida, Bog‘i Dilkusho bilan Bog‘i Jahonnamo oralig‘ida barpo etilgan bog‘. Temuriylar davriga oid vaqf hujjatlariga ko‘ra, bog‘ Darg‘om arig‘i bilan Shovdor arig‘i yaqinida bo‘lgan. Harbiy yurishlardan qaytgan jahongir shu bog‘da tantanali marosimlar o‘tkazgan, elchilarni qabul qilgan. Xususan, Sharafiddin Ali Yazdiy “Zafarnoma” asarida Amir Temur 1399 yili Hindiston yurishidan qaytayotib, Bog‘i Jahonnomada orom olgandan so‘ng Davlatobod bog‘iga, u yerdan Bog‘i Dilkushoga kelganini hikoya qiladi. O‘.Alimovning yozishicha, bog‘dagi saroy baland tepalik ustida qurilgan bo‘lib, shimol tarafdan Darg‘om arig‘i hamda Samarqandning go‘zal manzaralari, janub tarafidan esa Qoratepa tog‘lari ko‘rinib turgan. Sharq tarafidan qishloqlar, g‘arb tomondan esa bepoyon dalalar o‘rab turgan.

13. BOG‘CHA – Samarqand shahrining ichida, amirzoda Muhammad Sulton madrasasi va dahmasi (bu yer Go‘ri Mir deb ataladi) yonida barpo etilgan kichik bog‘. Sharafiddin Ali Yazdiy yozadi: “Olamni zabt etuvchi Sohibqiron Jahonnamo qasridan saodat bilan otga minib, 807 yil muharram oyida (1404 yil iyulida) Samarqandda Bog‘i Chinorga kelib qo‘ndi, u yerdan shahar ichiga kirdi va (marhum) baxtli shahzoda Muhammad Sulton madrasasini kelib ko‘rib, (qabrni) ziyorat qilish rasmini ado etdi… Bu yerda farmon chiqdiki, shahzodanig nurli qabri uchun uning himmat me’mori tomonidan qurilgan madrasaga ulab bir gumbaz ko‘tarsinlar. Farmonga muvofiq xonaqoh maydonining old tomonidan (madrasaning) janubiy suffasiga ulab, falak yanglig‘ bir qubba bunyod ettilar, uning izorasini tillo va lojuvard bilan naqshlangan marmar toshlardan ishladilar hamda mag‘rifatga cho‘milgur murdani qo‘yish uchun bir sardoba kovladilar. So‘ngra xatmi Qur’on qilib, ojizu-ehtiyojmandlarga sadaqalar ulashib, barcha rasm-rusumlarga rioya qilingan holda marhum shahzoda jasadini xonaqohning gumbazi ostidan shu sardobaga ko‘chirdilar. Madrasa atrofida bo‘lgan bir nechta uyni buzib, jannat misol bir bog‘cha yaratdilar…”

14. BOG‘I MAYDON – Samarqand shimolida, Afrosiyob bilan Cho‘ponota (Ko‘hak) tepaliklari oralig‘ida barpo etilgan bog‘. Bobur mirzo bu bog‘ni Ulug‘bek mirzo barpo etgan deb yozsa-da, boshqa bir qator asarlar bog‘ Amir Temur zamonasidan qolgani va Sohibqiron nabirasi uni ta’mirlagani, u yerda ko‘shk tiklagani haqida yozadilar. “Boburnoma”dan: “Yana pushtai Ko‘hakning domanasida g‘arb sari bog‘ye srolibtur, Bog‘i Maydong‘a mavsum. Bu bog‘ning o‘rtasida bir oliy imorat qilibtur, Chilsutun derlar, du oshyona (ikki qavatli), sutunlari tamom toshdin. Bu imoratning to‘rt burchida to‘rt manordek burjlar qo‘poribturlarkim, yuqqorig‘a chiqar yo‘llar bu to‘rt burjdindur. O‘zga tamom yerlarda toshdin sutunlardir. Ba’zini morpech xiyora qilibturlar, Yuqqorig‘i oshyonining to‘rt tarafi ayvondur, sutunlari toshdin. O‘rtasi chordara uydur. Imorat kursisini tamom toshdin farsh qilibturlar”…

Bu bog‘ni Ulug‘bek mirzo tiklagan saroy nomi bilan Bog‘i Chilsutun deb ham atashgan.

Tarixiy manba’larga ko‘ra, Amir Temur zamonida bog‘da chiroyli ayvon qurilib, unda qimmatbaho toshdan yasalgan taxt saqlangan.

Shuningdek, Amir Temur zamonida Sohibqiron farzandlari, nabiralari va saltanatning nufuzli amirlari tomonidan bunyod etilgan bog‘lar ham mavjud bo‘lgani bir qator tarixiy solnomalarda qayd etilgan. Keyinchalik buyuk bog‘bon – Amir Temurning avlod o‘z otalari va bobolaridan ibrat olib, Samarqanddagina emas, Hirotda (Shohruh, Husayn Boyqaro), Hindistonda (Bobur mirzo va boburiylar) ko‘plab ajoyib va beqiyos bog‘lar yaratdilar. Bu an’ana bugun ham o‘lgani yo‘q. Samarqandda Amir Temur bog‘larining tiklanayotgani, Toshkentda Milliy bog‘ va boshqa yashil chamanzorlarning, Andijonda Bobur bog‘ining bunyod etilgani fikrimiz dalilidir.

Bu hikoyamizni o‘n beshinchi bog‘ bilan bog‘liq rivoyat bilan yakunlaymiz.

Rivoyat qiladilarki, Sohibqironning kenja o‘g‘li, Ulug‘bek mirzoing otasi bo‘lmish Shohruh mirzo ham Amir Temurga ergashib, bir bog‘ barppo qilibdi. Bog‘ bitgach, otasi bilan o‘g‘lining sharafiga o‘sha yashil go‘shada ziyofat va majlis tuzibdi. Ziyofatdan so‘ng Shohruh mirzo otasidan:

— Padari buzrukvor, mening bu bog‘im haqida nima deysiz, sizga ma’qul bo‘ldimi? – deb so‘rabdi.

Amir Temur shunday javob qilibdi:
— Ey ko‘zimning nuri o‘g‘lim, sening bog‘ing juda ham zebo va dilkusho bog‘ bo‘libdi. Ammo davlati, boyligi bor har bir kishi bunday bog‘ni barpo eta oladi. Lekin dunyoda shunday benazir ikki bog‘ mavjuddirkim, ularning birini bunyod etishga sen ham, men ham mudom intilishimiz kerak, ammo ikkinchisini barpo etmoqqa yolg‘iz Ulug‘bek mirzogina muyassar bo‘lajakdur!

Shohruh mirzo:
— Birinchi bog‘ qanday bog‘ ekan? – deb so‘ragan ekan, Sohibqiron javob beribdi:

— U bog‘ olimlar, fozillar, shoirlar, donishmandlar va boshqa ahloqli, tarbiyali ulug‘ insonlar suhbatidur. Shu ulug‘ zotlardan tarbiya topib, yaxshi va ibratli ishlarni zuhurga keltirish bu bog‘ning daraxti bo‘lib, mevasi yaxshi nomga ega bo‘lishdir.

Shohruh mirzo:
— Ulug‘bek bunyod etishga qodir ikkinchi bog‘ qanday bog‘ ekan? – deb so‘ragan ekan, Amir Temur shunday javob beribdi:

— Saltanatimning gavhari bo‘lmish Ulug‘bek barpo etadigan bog‘ning nomi ilmu-ma’rifat bog‘idur, tafakkur bog‘idur. Bu bog‘ning daraxtlari kitoblaru, mevalari hikmatlardur. Qalam va Aql yodgorligi o‘lmasdur, abadiydur. Men ham, sen ham kun kelib bir hovuch tuproqqa aylanajakmiz, lekin Ulug‘bek yaratgan ilm kitoblari abadiyan odamlarga hamnafas bo‘lajaklar.

Ha, ko‘zimning nuri o‘g‘lim, mudom yodingda bo‘lsinkim, kitoblar bunyodkorlik, aql-idrok va ilmu-donishning asosi, hayotni o‘rgatuvchi murabbiydur!

04

(Tashriflar: umumiy 3 844, bugungi 1)

1 izoh

  1. pastdarg’om tumanidagi xonchorbog’ 19 gektar bo’lgan 1936-yilda I.A.Suxarev o’rgangan. ushbu xonchorbog’ni kim qurgan.shunga oid manbalar bormi.

Izoh qoldiring