Abdulla Oripov. She’rlar & Muhammad Ochil. Abdulla Oripov saboqlari.

Ashampoo_Snap_2018.03.20_17h52m14s_001_.pngЯширишнинг кераги йўқ, ҳатто баъзи катта адибларимиз асарларида ҳам она тилимизнинг руҳи синиқ. Аксарият сўзларимиз луғатлар “қабрига” кўмилиб қолмоқда. Луғатимиздан ўз ўрнини топган арабча, форсча сўзларни тобора камроқ қўллаяпмиз. Менимча улардан, албатта, фойдаланиш зарур, лекин меъёри билан. Шуни билингки, қайси тилда синоним кўп бўлса, ўша тил бой ҳисобланди. Тилимизда эса синонимлар беҳисоб.

АБДУЛЛА ОРИПОВ САБОҚЛАРИ
Муҳаммад Очил
022

Бугунги истиқлол шароитида мамлакатимизда янгича руҳда ўсиб-улғаяётган ёш авлод онгу шуурида бадиий тафаккурни ривожлантириш, маънавий оламини бойитиш, адабиётга меҳр-муҳаббат уйғотиш, бир сўз билан айтганда, уларни баркамол инсон сифатида тарбиялашда ижод аҳлининг хизматлари катта бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ҳам мана бир неча йилдирки, Қарши Давлат университети тил-адабиёт факултети талабаларига вақти-вақти билан ижод сиру-синоатларидан сабоқ бериб келади.

Эътироф этиш жоизки, жойларда ўтказилаётган ва йилдан-йилга анъана тусини олаёт­ган бу тарздаги “Ёзувчи дарслари”нинг ўзига хос жиҳатлари бир талай. Авваламбор, мазкур йўналишдаги адабий машғулотларда нафақат ўқувчи-талабалар, балки шу баробарида, кенг китобхонлар оммаси, профессор-ўқитувчилар, касби ва ёшидан қатъи назар, барча тоифадаги адабиёт ихлосмандлари иштирок этишлари мумкин. Қолаверса, ҳар қандай таниқли адиб ёки шоир билан учрашув ўзига хос тарздаги “Адабиёт байрами”га айланиши шубҳасиз. Энг муҳими, бундай “сабоқлар”да тинг­ловчилар одатий дарслик ва қўлланмаларда учрамайдиган, ўқувчи ақл-заковатини чархлаб, мушоҳадага чорлайдиган фикр-мулоҳазалар, тафаккур дурдоналаридан баҳраманд бўладилар.

Ушбу мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, мазкур сабоқлар иштирокчиси сифатида, дарс жараёнларида ён дафтаримда қайд этиб борганларим — устоз шоиримизнинг ўзига хос ташбеҳлардан таркиб топган, бой ҳаётий фалсафага йўғрилган айрим фикр-мулоҳазаларини муштарийлар эътиборига ҳавола этишни лозим топдим.

022

0991 … Ижодкорлар маънавият дунёсининг доимо ҳушёр, кўзи очиқ аскарларидир.

0991  Ҳазрат Алишер Навоий Самарқандда яшаган кезлари бир гадойнинг бозорларда куйлаб юрадиган “шоҳ байти”га харидор бўлади. Бу ҳақда ўқигансиз ва биласиз. Гадонинг ёқимли ижросидаги матлаъ ҳам ёдингиздадир:

Кўкрагимдир субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкилган сабзидин намроқроқ.

Хуллас, бу истак Навоийни тинч қўймайди ва қариянинг барча айтганларини амалга ошириб, “шоҳ байт”ни ўзининг шахсий харид мулки қилиб олгач, ушбу икки мисрани мукаммал ғазал ҳолига келтиради.

Хўш, ана энди айтинг, бир “бегона” байтга ошуфта бўлиш, ундан кўнгил узолмаслик ва орадан шунча йиллар ўтса-да, орзусини амалга оширган ҳолда соҳиби айтган “баҳо”га сотиб олишнинг “ғазал мулкининг султони” бўлган улуғ шоирга нима зарурияти бор эди?!

Бу ўринда, Ҳазрат Навоийнинг мақсад-муддаоси шундан иборат эдики, халқ томонидан яратилган, икки қаторгина бўлса-да, ноёб шеърий мисраларни йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолиш, уни мукаммаллаштирган ҳолда, элнинг мулкини яна ўзига қайтариш эди.

Ҳа, Ҳазрат Навоийнинг асло тўзим билмас, абадий уйғоқ ижоди қаторида серқирра ҳаётий фаолияти ҳам зиёга интиқ, маърифатга интилган кўнгиллар учун андоза бўларликдир…

0991  Ҳар қандай жанр, хусусан, шеърият образлилик билан тирик. Бу борада мисол келтирилса, айтайлик, бирор-бир шоирнинг қаҳрамони севгилисига ўз муҳаббатини изҳор қилмоқчи дейлик.. Бундай пайтда кўпинча: “Эй, ёр, мен сени севаман!” қабилида сўз айтилади ёки шунга ўхшаш…
Аммо ана шу гапни Мирзо Ғолиб: “Эй, ёр, остонангда ётган тошни нима қилардинг, нарига суриб қўйиб. Ахир у менинг пешонамга урилавериб, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетарди-ку!”, дея ифодалашида жуда кучли образлилик барқ уриб туради.

Шу маънода ёш ижодкорлардан ўтинчим мумтоз ада­биё­тимиз, классикларимизнинг асарларидан доимий тарзда мадад олиб туриш зарур. Афсуски, ҳозирда айрим асарларни ўқиганингда тил гўзаллигини, ипакдек майин бўлиб жилоланиб туришини камдан-кам учратамиз.

Яширишнинг кераги йўқ, ҳатто баъзи катта адибларимиз асарларида ҳам она тилимизнинг руҳи синиқ. Аксарият сўзларимиз луғатлар “қабрига” кўмилиб қолмоқда. Луғатимиздан ўз ўрнини топган арабча, форсча сўзларни тобора камроқ қўллаяпмиз. Менимча улардан, албатта, фойдаланиш зарур, лекин меъёри билан. Шуни билингки, қайси тилда синоним кўп бўлса, ўша тил бой ҳисобланди. Тилимизда эса синонимлар беҳисоб.

Мисол тариқасида, Навоий бобомиз биргина “йиғлаш” сўзининг “бўзламоқ”, “ўкирмоқ”, “инграмоқ”, “синграмоқ”, “инчкирмоқ” каби ўнлаб синонимларини ишлатган. Тилимиз туркий тиллар орасида энг бой, нафис, мусиқий эканини, Дантени таржима этиш жараё­нида яна бир карра ишонч ҳосил қилганман. Яна бир истагим, мактаб, олий ўқув юртларимизда ҳам тилни ўрганиш ва ўргатишни янада такомиллаштиришимиз даркор.

0991   Ўрни келганда бир гапни айтиб ўтай. Зинҳор битта шеърни бир ўтиришда ёздим деб мақтаниб юрманг. Боиси, шеър, яъни сўз айрим унли ва ундошларига қадар тинимсиз сайқал топгандагина ва айни чоқда, биринчи ёзилишдаги руҳий қуввати ва сеҳрини йўқотмаган тақдирдагина мукаммал асарга айланиши мумкин.

Узоқ йиллик ижодий тажрибамдан яна бир хулоса шуки, ижодкор истеъдодининг даражасидан қатъи назар, иложи борича ўзини ёлғон-яшиқдан олиб қочсин.

0991    Ижодда — ҳалоллик бош мезонингиз бўлсин.

0991  Катта ва кичик ҳаётий ҳақиқатларни фарқлай билинг. Шахсий кечинмаларингизни бутун бир халқнинг кечинмалари деб эълон қилишдан ўзингизни тийинг. Шахсий дардингизни халқники деб эмас, аксинча, халқнинг дардини ўзингизники деб билинг…

0991  Ижод китобхон савияси билан ҳам боғлиқ жараён саналади. Шундай экан, баъзи-баъзида ёзувчи сифатидагина эмас, балки китобхон сифатида ҳам “адабий дид” ва савияни назорат қилиб бориш талаб этилади.

0991  Шеър-қалб ва ақл жанги. Шеърнинг қай даражада маъно ва мазмун касб этиши уларнинг қай бири ғолиб чиқишига боғлиқ.

0991  Шеър осон ёзила бошладими, шубҳага тушаман. Айтмоқчи бўлганим, илҳом келган дақиқаларда ҳаққоний шеър туғилади. Бундай кезларда сўз — юрагинг туб-тубидан отилиб чиқади. Илҳом туфайли туғилган қийноқ азоби эса, ўта лаззатли. Ана шу қийноқ, изтироб, фикр теранлигига туйғун ҳолатда шеърда ҳарорат ҳосил қилади. Шеърхон шеър ўқиганда ушбу ҳароратни ҳис қилмоғи лозим…

Абдулла ОРИПОВ
ШЕЪРЛАР
09

Сен баҳорни соғинмадингми?

Сен баҳорни соғинмадингми?
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

1963

* * *

Қани, най бер менга, дўстгинам,
Бергил, майли, рубоб бўлса ҳам.
Бер, бир нафас бўшатиб олай
Тўлиб кетган юрагимни ман.
Қаламимнинг кучи етмади
Ҳисларимни буткул тўкмоққа.
Дўстим, тингла, япроқчаларнинг
Шивирлаши эшитилмоқда…
Гўзал, сокин оқшом чўкмоқда,
Тебранади елда чироқлар.
Дарахтзор ҳам сокин солланар…
Қандай маъсум, эрка бу чоқлар?..
Қандай ширин дамлар… менинг ҳам
Юрагимда бир ҳис тошмоқда,
Юрагим ҳам дарахтзор каби
Ниманидир олқишламоқда.
Кўзларимга бу ёруғ олам
Кўринмоқда бирам суюмли.
Қани, най бер менга, дўстгинам,
Тўкай тўлиб кетган кўнглимни.

1964

Булбул
Раҳматжонга

Сен – булбулсан, булбулларни маст қилақол, булбулим,
Менинг учун сайрашингни бас қилақол, булбулим.
Шому саҳар тиним билмай шарҳ айладинг дилингни,
Қани, айт-чи, булбулгинам, ким тушунди тилингни?
Биров сени нола деди, биров деди оҳ-фиғон,
Булбул тилин булбул билар, мен билмасман, булбулжон.
Англарми деб беҳудага роз сўйлама, қушим, ҳай,
Сен – булбулсан, булбулгинам, сени булбул тушунгай.

1965

* * *

Кўпдан кутган эдим орзиқиб, мана,
Булутлар тарқалди тўкишиб кўзёш.
Хаёлим осмондай ёришди яна,
Ёруғ кунларимдай порлади қуёш.
Шошқин дарёларнинг зангордир лаби,
Шамоллар ўйнайди йироқ-йироқда.
Юргил, сайр этайлик, юргил, малагим,
Дунё ташвишлари қолсин узоқда.
Кўряпсанми, қандай яшармиш олам,
Бепарво гўдакдай жилмаяди жим.
Гўдагим, бу чирой қайтмайди ҳечам,
Қайтмагани каби менинг ёшлигим.
Бугун бош устингда яшнаган япроқ
Шовуллаб тўкилар эрта пойингга.
Бу учқур йўловчи солмайди қулоқ
Сенинг илтимосинг, сенинг раъйингга.
Хазонли августнинг бирор оқшоми
Уни кўрарсанми тушингда такрор?!
Майлига, ўзгадир кузнинг илҳоми,
Бугун-чи кўз ташла, атрофда баҳор!
Қани, қўлгинангни бергин жимгина,
Шу маъсум йўлчига қўяйлик ихлос.
Шоирлар алдайди бизни, жонгинам,
Баҳор доим эмас, уч ойдир, холос…

1965

* * *

Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси,
Танимни жунжитар оқшомги шамол.
Нега мунча ғамгин найнинг навоси,
Нега қалбим тўла ўкинч ва малол?
Барглар орасига тинмасдан сира
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.
Мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол
Маъюс эгилади терак учлари,
Барглар соясида ўйнайди беҳол
Уйқудаги қизнинг бедор тушлари.
Атрофимда ётар ғариб бир виқор,
Билмам, нега ўчди қалбим сафоси?
Нима ҳам қилардим, на иложим бор,
Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси.

1967

Руҳим

Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.
Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужуднинг ғамини ема.
Юксак фазоларда айлагил парвоз,
Сенда на оҳанг бор ва на бор овоз.
Сенга на бўронлар кор қила олур,
Сени на йўқотиб, бор қила олур.
Сен мисли камалак – юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас.

1969

Чорлаш

Дўсти ғариб, кел, қўлингни тут,
Юрагингда ёқай аланга.
Кел, бир зумга дунёни унут,
Кўтарайин сени баландга.
Пастда қолсин нобакор хилқат,
Пастда қолсин танбал булутлар.
Юрагингда чақнасин фақат
Ёруғ хаёл, самовий ўтлар.
Юксакларда чарх уриб айлан,
Руҳинг мангу турсин ёришиб,
Ўлганда ҳам вужудинг билан
Кетмагайсан ерга қоришиб.

1971

Соғинч

Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғиз оёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайтгим келаётир қошингга буткул.
Қисмат майин ичдим – аччиқ ва тахир,
Туйдим эҳтироснинг самовий кучин.
Дунёда одамзод яшамас, ахир,
Фақат иродасин синамоқ учун.
Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғиз оёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайта олсам эди қошингга буткул.

1972

29386673_1813893805336318_2514682830454259712_n.jpgYashirishning keragi yo‘q, hatto ba’zi katta adiblarimiz asarlarida ham ona tilimizning ruhi siniq. Aksariyat so‘zlarimiz lug‘atlar “qabriga” ko‘milib qolmoqda. Lug‘atimizdan o‘z o‘rnini topgan arabcha, forscha so‘zlarni tobora kamroq qo‘llayapmiz. Menimcha ulardan, albatta, foydalanish zarur, lekin me’yori bilan. Shuni bilingki, qaysi tilda sinonim ko‘p bo‘lsa, o‘sha til boy hisoblandi. Tilimizda esa sinonimlar behisob.

ABDULLA ORIPOV SABOQLARI
Muhammad Ochil
022

Bugungi istiqlol sharoitida mamlakatimizda yangicha ruhda o‘sib-ulg‘ayayotgan yosh avlod ongu shuurida badiiy tafakkurni rivojlantirish, ma’naviy olamini boyitish, adabiyotga mehr-muhabbat uyg‘otish, bir so‘z bilan aytganda, ularni barkamol inson sifatida tarbiyalashda ijod ahlining xizmatlari katta bo‘lmoqda.

Shu nuqtai nazardan O‘zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri Abdulla Oripov ham mana bir necha yildirki, Qarshi Davlat universiteti til-adabiyot fakulteti talabalariga vaqti-vaqti bilan ijod siru-sinoatlaridan saboq berib keladi.

E’tirof etish joizki, joylarda o‘tkazilayotgan va yildan-yilga an’ana tusini olayot­gan bu tarzdagi “Yozuvchi darslari”ning o‘ziga xos jihatlari bir talay. Avvalambor, mazkur yo‘nalishdagi adabiy mashg‘ulotlarda nafaqat o‘quvchi-talabalar, balki shu barobarida, keng kitobxonlar ommasi, professor-o‘qituvchilar, kasbi va yoshidan qat’i nazar, barcha toifadagi adabiyot ixlosmandlari ishtirok etishlari mumkin. Qolaversa, har qanday taniqli adib yoki shoir bilan uchrashuv o‘ziga xos tarzdagi “Adabiyot bayrami”ga aylanishi shubhasiz. Eng muhimi, bunday “saboqlar”da ting­lovchilar odatiy darslik va qo‘llanmalarda uchramaydigan, o‘quvchi aql-zakovatini charxlab, mushohadaga chorlaydigan fikr-mulohazalar, tafakkur durdonalaridan bahramand bo‘ladilar.

Ushbu mulohazalardan kelib chiqqan holda, mazkur saboqlar ishtirokchisi sifatida, dars jarayonlarida yon daftarimda qayd etib borganlarim — ustoz shoirimizning o‘ziga xos tashbehlardan tarkib topgan, boy hayotiy falsafaga yo‘g‘rilgan ayrim fikr-mulohazalarini mushtariylar e’tiboriga havola etishni lozim topdim.

022

0991 … Ijodkorlar ma’naviyat dunyosining doimo hushyor, ko‘zi ochiq askarlaridir.

0991 Hazrat Alisher Navoiy Samarqandda yashagan kezlari bir gadoyning bozorlarda kuylab yuradigan “shoh bayti”ga xaridor bo‘ladi. Bu haqda o‘qigansiz va bilasiz. Gadoning yoqimli ijrosidagi matla’ ham yodingizdadir:

Ko‘kragimdir subhning pirohanidin chokroq,
Kiprigim shabnam to‘kilgan sabzidin namroqroq.

Xullas, bu istak Navoiyni tinch qo‘ymaydi va qariyaning barcha aytganlarini amalga oshirib, “shoh bayt”ni o‘zining shaxsiy xarid mulki qilib olgach, ushbu ikki misrani mukammal g‘azal holiga keltiradi.

Xo‘sh, ana endi ayting, bir “begona” baytga oshufta bo‘lish, undan ko‘ngil uzolmaslik va oradan shuncha yillar o‘tsa-da, orzusini amalga oshirgan holda sohibi aytgan “baho”ga sotib olishning “g‘azal mulkining sultoni” bo‘lgan ulug‘ shoirga nima zaruriyati bor edi?!

Bu o‘rinda, Hazrat Navoiyning maqsad-muddaosi shundan iborat ediki, xalq tomonidan yaratilgan, ikki qatorgina bo‘lsa-da, noyob she’riy misralarni yo‘q bo‘lib ketishdan saqlab qolish, uni mukammallashtirgan holda, elning mulkini yana o‘ziga qaytarish edi.

Ha, Hazrat Navoiyning aslo to‘zim bilmas, abadiy uyg‘oq ijodi qatorida serqirra hayotiy faoliyati ham ziyoga intiq, ma’rifatga intilgan ko‘ngillar uchun andoza bo‘larlikdir…

0991 Har qanday janr, xususan, she’riyat obrazlilik bilan tirik. Bu borada misol keltirilsa, aytaylik, biror-bir shoirning qahramoni sevgilisiga o‘z muhabbatini izhor qilmoqchi deylik.. Bunday paytda ko‘pincha: “Ey, yor, men seni sevaman!” qabilida so‘z aytiladi yoki shunga o‘xshash…
Ammo ana shu gapni Mirzo G‘olib: “Ey, yor, ostonangda yotgan toshni nima qilarding, nariga surib qo‘yib. Axir u mening peshonamga urilaverib, o‘z-o‘zidan yo‘q bo‘lib ketardi-ku!”, deya ifodalashida juda kuchli obrazlilik barq urib turadi.

Shu ma’noda yosh ijodkorlardan o‘tinchim mumtoz ada­biyo­timiz, klassiklarimizning asarlaridan doimiy tarzda madad olib turish zarur. Afsuski, hozirda ayrim asarlarni o‘qiganingda til go‘zalligini, ipakdek mayin bo‘lib jilolanib turishini kamdan-kam uchratamiz.

Yashirishning keragi yo‘q, hatto ba’zi katta adiblarimiz asarlarida ham ona tilimizning ruhi siniq. Aksariyat so‘zlarimiz lug‘atlar “qabriga” ko‘milib qolmoqda. Lug‘atimizdan o‘z o‘rnini topgan arabcha, forscha so‘zlarni tobora kamroq qo‘llayapmiz. Menimcha ulardan, albatta, foydalanish zarur, lekin me’yori bilan. Shuni bilingki, qaysi tilda sinonim ko‘p bo‘lsa, o‘sha til boy hisoblandi. Tilimizda esa sinonimlar behisob.

Misol tariqasida, Navoiy bobomiz birgina “yig‘lash” so‘zining “bo‘zlamoq”, “o‘kirmoq”, “ingramoq”, “singramoq”, “inchkirmoq” kabi o‘nlab sinonimlarini ishlatgan. Tilimiz turkiy tillar orasida eng boy, nafis, musiqiy ekanini, Danteni tarjima etish jarayo­nida yana bir karra ishonch hosil qilganman. Yana bir istagim, maktab, oliy o‘quv yurtlarimizda ham tilni o‘rganish va o‘rgatishni yanada takomillashtirishimiz darkor.

0991 O‘rni kelganda bir gapni aytib o‘tay. Zinhor bitta she’rni bir o‘tirishda yozdim deb maqtanib yurmang. Boisi, she’r, ya’ni so‘z ayrim unli va undoshlariga qadar tinimsiz sayqal topgandagina va ayni choqda, birinchi yozilishdagi ruhiy quvvati va sehrini yo‘qotmagan taqdirdagina mukammal asarga aylanishi mumkin.

Uzoq yillik ijodiy tajribamdan yana bir xulosa shuki, ijodkor iste’dodining darajasidan qat’i nazar, iloji boricha o‘zini yolg‘on-yashiqdan olib qochsin.

0991 Ijodda — halollik bosh mezoningiz bo‘lsin.

0991 Katta va kichik hayotiy haqiqatlarni farqlay biling. Shaxsiy kechinmalaringizni butun bir xalqning kechinmalari deb e’lon qilishdan o‘zingizni tiying. Shaxsiy dardingizni xalqniki deb emas, aksincha, xalqning dardini o‘zingizniki deb biling…

0991 Ijod kitobxon saviyasi bilan ham bog‘liq jarayon sanaladi. Shunday ekan, ba’zi-ba’zida yozuvchi sifatidagina emas, balki kitobxon sifatida ham “adabiy did” va saviyani nazorat qilib borish talab etiladi.

0991 She’r-qalb va aql jangi. She’rning qay darajada ma’no va mazmun kasb etishi ularning qay biri g‘olib chiqishiga bog‘liq.

0991 She’r oson yozila boshladimi, shubhaga tushaman. Aytmoqchi bo‘lganim, ilhom kelgan daqiqalarda haqqoniy she’r tug‘iladi. Bunday kezlarda so‘z — yuraging tub-tubidan otilib chiqadi. Ilhom tufayli tug‘ilgan qiynoq azobi esa, o‘ta lazzatli. Ana shu qiynoq, iztirob, fikr teranligiga tuyg‘un holatda she’rda harorat hosil qiladi. She’rxon she’r o‘qiganda ushbu haroratni his qilmog‘i lozim…

Abdulla ORIPOV
SHE’RLAR
09

Sen bahorni sog‘inmadingmi?

Sen bahorni sog‘inmadingmi?
Uyg‘onguvchi bog‘larni kezdim,
Topay dedim qirdan izingni.
Yonog‘ingdan rang olgan dedim –
Lolazorga burdim yuzimni,
Uchratmadim ammo o‘zingni,
– Sen bahorni sog‘inmadingmi?
Uzoqlarda zalvorli tog‘lar
Xayolimni keldilar bosib.
Kechdi qancha intizor chog‘lar,
Vasling menga bo‘lmadi nasib,
Sensiz men ham, bahor ham g‘arib,
– Sen bahorni sog‘inmadingmi?
O‘ngirlarda sakraydi ohu,
Na’matakda sa’va mittijon.
Qorliklardan sipqarilgan suv,
Daralarda uradi javlon.
Nigohimdan faqat sen pinhon,
– Sen bahorni sog‘inmadingmi?
Mana, bugun navro‘zi olam,
Do‘stlarimga gullar tutarman.
Qaylardasan, sevgili erkam…
Qo‘limda gul, seni kutarman,
Umrim bo‘yi chorlab o‘tarman,
– Sen bahorni sog‘inmadingmi?

1963

* * *

Qani, nay ber menga, do‘stginam,
Bergil, mayli, rubob bo‘lsa ham.
Ber, bir nafas bo‘shatib olay
To‘lib ketgan yuragimni man.
Qalamimning kuchi yetmadi
Hislarimni butkul to‘kmoqqa.
Do‘stim, tingla, yaproqchalarning
Shivirlashi eshitilmoqda…
Go‘zal, sokin oqshom cho‘kmoqda,
Tebranadi yelda chiroqlar.
Daraxtzor ham sokin sollanar…
Qanday ma’sum, erka bu choqlar?..
Qanday shirin damlar… mening ham
Yuragimda bir his toshmoqda,
Yuragim ham daraxtzor kabi
Nimanidir olqishlamoqda.
Ko‘zlarimga bu yorug‘ olam
Ko‘rinmoqda biram suyumli.
Qani, nay ber menga, do‘stginam,
To‘kay to‘lib ketgan ko‘nglimni.

1964

Bulbul
Rahmatjonga

Sen – bulbulsan, bulbullarni mast qilaqol, bulbulim,
Mening uchun sayrashingni bas qilaqol, bulbulim.
Shomu sahar tinim bilmay sharh aylading dilingni,
Qani, ayt-chi, bulbulginam, kim tushundi tilingni?
Birov seni nola dedi, birov dedi oh-fig‘on,
Bulbul tilin bulbul bilar, men bilmasman, bulbuljon.
Anglarmi deb behudaga roz so‘ylama, qushim, hay,
Sen – bulbulsan, bulbulginam, seni bulbul tushungay.

1965

* * *

Ko‘pdan kutgan edim orziqib, mana,
Bulutlar tarqaldi to‘kishib ko‘zyosh.
Xayolim osmonday yorishdi yana,
Yorug‘ kunlarimday porladi quyosh.
Shoshqin daryolarning zangordir labi,
Shamollar o‘ynaydi yiroq-yiroqda.
Yurgil, sayr etaylik, yurgil, malagim,
Dunyo tashvishlari qolsin uzoqda.
Ko‘ryapsanmi, qanday yasharmish olam,
Beparvo go‘dakday jilmayadi jim.
Go‘dagim, bu chiroy qaytmaydi hecham,
Qaytmagani kabi mening yoshligim.
Bugun bosh ustingda yashnagan yaproq
Shovullab to‘kilar erta poyingga.
Bu uchqur yo‘lovchi solmaydi quloq
Sening iltimosing, sening ra’yingga.
Xazonli avgustning biror oqshomi
Uni ko‘rarsanmi tushingda takror?!
Mayliga, o‘zgadir kuzning ilhomi,
Bugun-chi ko‘z tashla, atrofda bahor!
Qani, qo‘lginangni bergin jimgina,
Shu ma’sum yo‘lchiga qo‘yaylik ixlos.
Shoirlar aldaydi bizni, jonginam,
Bahor doim emas, uch oydir, xolos…

1965

* * *

Bahor kunlarida kuzning havosi,
Tanimni junjitar oqshomgi shamol.
Nega muncha g‘amgin nayning navosi,
Nega qalbim to‘la o‘kinch va malol?
Barglar orasiga tinmasdan sira
Oshno yulduzlardan to‘kiladi nur.
Bilmayman, qiynaydi qaysi xotira,
Titroq yulduz kabi muzlagan shuur.
Mag‘lub bahodirning nayzasi misol
Ma’yus egiladi terak uchlari,
Barglar soyasida o‘ynaydi behol
Uyqudagi qizning bedor tushlari.
Atrofimda yotar g‘arib bir viqor,
Bilmam, nega o‘chdi qalbim safosi?
Nima ham qilardim, na ilojim bor,
Bahor kunlarida kuzning havosi.

1967

Ruhim

Vujud deganlari asli nimadir?
Dayr dengizida yurgan kemadir.
Bir kun bir qoyaga urilgay kema,
Ruhim, sen vujudning g‘amini yema.
Yuksak fazolarda aylagil parvoz,
Senda na ohang bor va na bor ovoz.
Senga na bo‘ronlar kor qila olur,
Seni na yo‘qotib, bor qila olur.
Sen misli kamalak – yuksak va so‘lmas,
Kamalakni esa parchalab bo‘lmas.

1969

Chorlash

Do‘sti g‘arib, kel, qo‘lingni tut,
Yuragingda yoqay alanga.
Kel, bir zumga dunyoni unut,
Ko‘tarayin seni balandga.
Pastda qolsin nobakor xilqat,
Pastda qolsin tanbal bulutlar.
Yuragingda chaqnasin faqat
Yorug‘ xayol, samoviy o‘tlar.
Yuksaklarda charx urib aylan,
Ruhing mangu tursin yorishib,
O‘lganda ham vujuding bilan
Ketmagaysan yerga qorishib.

1971

Sog‘inch

Parchagina bulut,
Cheksiz osmon,
Adir ortidagi yolg‘iz oyoq yo‘l.
Barcha tashvishlarni unutib, shodon,
Qaytgim kelayotir qoshingga butkul.
Qismat mayin ichdim – achchiq va taxir,
Tuydim ehtirosning samoviy kuchin.
Dunyoda odamzod yashamas, axir,
Faqat irodasin sinamoq uchun.
Parchagina bulut,
Cheksiz osmon,
Adir ortidagi yolg‘iz oyoq yo‘l.
Barcha tashvishlarni unutib, shodon,
Qayta olsam edi qoshingga butkul.

1972

04

(Tashriflar: umumiy 1 952, bugungi 2)

Izoh qoldiring